Текст книги "Сойиб Хўжаев ҳангомалари"
Автор книги: Хайдар Мухаммад
Жанр: Юмор: прочее, Юмор
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц)
Ҳайдар Муҳаммад
Сойиб Хўжаев ҳангомалари
(Сўзбоши ўрнида)
Ўзбек халқининг яқин ўтмишдаги ажойиб қизиқчилари эл орасида катта шуҳрат қозонганликлари ибратли ҳикоя бўлиб юради. Улар ижро этган латифа, интермедия, аския, қизиқчилик ҳолатлари халқимизнинг оғзаки дурдоналарига айланиб кетиб, секин-аста ёзма адабиётга, радио-телевидение кўрсатув ва эшиттиришларига кўчиб, адабий-бадиий тарихга айланиб бораётганлиги қувончли ҳолдир. Уларнинг табаррук номлари ҳурмат билан зикр этилади. Масалан, Юсуфжон қизиқ, Ака Бухор, Сойибжон қизиқ, Муҳиддин Дарвешов, Абдулхай Махсум, Абулқосим ака ва ҳоказо. Ҳақли равишда: ”Нега буларни “палончи қизиқ” деб аташади”, – деган савол туғилади. Бунинг сабаби, менимча, қизиқчилар ўзларининг зукко ва донишмандликлари, ҳозиржавобликлари билан қизиқ воқеаларни ижод қиладилар. Энди: ”Комик актёрлар ҳам қизиқчими?” – деган саволга шундай жавоб бериш мумкин: комик актёрлар ёзувчи ёзиб берган асарни ижро этади. Ўзи тўқимайди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаевни халқимиз Сойибжон қиpиқ деб ҳам билишининг сабабини унга тангри таоло икки томондан иқтидор ато этганлигида кўрамиз. Сойиб Хўжаев комик ролларни ниҳоятда қойилмақом қилиб ижро этган. Шу билан бир қаторда, ҳар бир ўйнаган роли сўзларининг 60-70 фоизини асосан ўзи тўқиб қўшган. Шу боис образлар жонли ва жозибали чиққан.
Энди Сойиб Хўжаев халқ ўртасида қизиқчилик қилиб айтган сўзлари, хатти-ҳаракатлари, ҳазил-мутойибалари ҳамкасблари, дўстлари, мухлислари ва шогирдлари томонидан, телекўрсатув, радиоэшиттириш, матбуот саҳифаларида, байрам сайиллари, тантанали маросимларда ижро этилиб, халқимизга маънавий озуқа бермоқда, маънавиятимизни бойитмоқда. Шунинг ўзи Сойибжон қизиқ нақадар катта истеъдодли ижодкор-санъаткор бўлганлигига далил ҳужжатдир. Президентимиз И.А.Каримов ҳам Сойиб Хўжаевнинг муборак номларини ўз нутқларида эслаб ўтиб, кулгисевар халқимизни беҳад қувонтирган эдилар.
Муҳтарам ўқувчилар, қўлингиздаги “Сойиб Хўжаев ҳангомалари” ни шогирдлари Ҳусан Шарипов, Бахтиёр Ихтиёров, рафиқалари Файзихон ойимдан ва бошқа одамлардан эшитиб, ўз тафаккуримдан қайта ўтказиб ёздим. Бу воқеаларни менга Муқимий театрининг артистлари Фароғат Раҳматова, Суръат Пўлатов, Марям Ихтиёрова, Файзулла Аҳмедов ва бошқалар айтиб беришган. Шунингдек, халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновнинг “Ишонч” газетасида босилган айрим лавҳаларини олдим. Шу билан бир қаторда Ҳамза театри ходимлари Комил Насриддинов, Обид Юнусов (Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов эмас) кабилардан ҳам эшитганимни қоғозга туширдим.
Сойиб Хўжаев ўзбек халқининг Насриддин афандисидек қизиқчи донишманд фарзанди. Насридцин афанди узоқ ўтмишдан келаётган севимли халқ қаҳрамони бўлса, Сойиб Хўжаев 1910 йилда туғилиб, ўзининг 72 йиллик умри давомида юксак санъати билан халқнинг ардоқли фарзандига айланган шахс.
Тўғри, китобчадаги воқеалар ўша ҳодиса устида бўлган кишиларнинг хотираларига айнан тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Бу табиий ҳол. Чунки мен баъзи оғиздан-оғизга ўтганларини ёзганман. Оғиздан-оғизга ўтиш ва қоғозга тушиш вақти воқеалардан қай бир ҳолатлар тушиб қолади ёки қай бирларига қўшиб айтилади. Натижада воқеаларнинг хабардор кишининг ёдидагига менинг ёзганим тўғри келмай қолса, олдиндан узр сўрайман.
Ўн бир ёшида отадан етим қолган Сойибжонни тақдир сўқмоқлари Қўқон болалар уйига олиб келади. 1927 йилда Қўқон театрининг раҳбарлари “Ҳалима” спектакли учун оммавий саҳналарга йигит-қизлар танлаш учун болалар уйига келишади. Бир неча йигит-қизларни таклиф қилишади. Шуларнинг орасида 17 ёшга тўлар-тўлмас шўх, тийрак, қизиқчиликка мойил Сойибжон ҳам бор эди. Бу улуғ санъат арбоби, қизиқчилик юлдузининг туғилиши эди.
Сойибжон Қўқон театрида роллар ўйнаб, тезда халқ назарига тушади. Унинг довруғи Тошкентга етиб келиб, 1937 йилда пойтахтга таклиф қилинади ва Муқимий театри ташкил бўлгач, унга ўтиб, то умрининг охиригача шу санъат даргоҳининг абадий актёри бўлиб қолади.
Сойиб Хўжаев ажойиб инсон, истеъдодли актёр, самимий дўст, меҳрибон устоз бўлганлиги учун борган сари хотира юлдузи чарақлаб, сўзлари халқ ҳикматига айланиб бормоқда.
Олтин соат қолиб кетибди
Бир куни Муқимий театри артистларидан бир гуруҳини машҳур боғбон Ризамат ота боғига бир тадбирда хизмат қилиш учун чақиришади. Катга банкет-базмда қўшиқ айтиб, ўйнаб хизмат қилишади. Лекин ҳеч ким қистир-қистир қилмайди. Охирида совға-салом ҳам беришмай қуруқ хайрлашишади. Улар енгил машинада боришган бўлишади. Машинага чиқиб ўтирамиз дейишса, оёқ қўядиган жойлар узумга тўлиб кетибди. Бу гуруҳга Сойиб Хўжаев бош бўлиб борган экан. Амаллаб ўтириб йўлга тушишибди. Йўлда Сойиб Хўжаев бу узумларни ким келтириб қўйди, деб ўтирганлардан сўрайди. Боя базм қизиган вақтда бир учарроқ артист “Мен чекиб келай”, деб чиқиб кетган экан. У: “Мен тўлдириб қўйдим. Мезбонларнинг муомаласидан қуруқ кетадиганга ўхшаймиз. Боя келаётганда бир шиғил узумли ишкомни кўз остига олиб қўйгандим. Сўрасам, тажриба учун олиб қўйганмиз дейишганди. Бордим-да, ҳаммасини узиб, машинага жойладим”, – деди мақтаниб, қойил қилдимми, дегандек.
– Яхши, энди буни нима қиламиз? – деб Сойиб Хужаев сўрайди.
– Бўлишиб олиб еймиз, – дейди у.
– Сени ҳали бола-чақанг йўқ, шунча узумни яримтага алишиб ичиб, спектаклларга келмай қўясан. Менинг болаларим кўп, мен уйга олиб кетаман, – депти Сойиб Хўжаев. Ҳеч ким индамапти. Машина анча жойга борганда:
– Вой, қўлимдаги олтин соатим қолиб кетибди. Машинани қайтар, ўша ерга бориб келамиз, – депти Сойиб Хўжаев. Артистлар: “Қўйинг энди, Сойибжон ака. Битта соат деб яна шунча жойга қайтиб борамизми?” – дейишипти.
– Эй, биласизларми, у соатни энг каттакон одам совға қилиб, қўлимга тақиб қўйган. Мени чақирганда ёки олдига борганимда соат юряптими деса, йўқотиб қўйганман, дейманми. Эй, эсинг қурсин, демайдими, каттакон одам. Унда мен нима деган одам бўламан. Йўқ, қайтар, – деб туриб олипти. Ниҳоят, машина орқага қайтибди. Боғнинг олдига борганда:
– Энди узумларни туширинглар! У ерга узум билан борсак бўлмайди, – деб туриб олибди. Охири узумни боғнинг олдига туширишибди. Энди кетдик дейишибди. Машинага ўтиришиб, банкет-базм бўлган тарафга кетишаётганда: “Қайтар изингга, олтин соатим чўнтагимда экан. Лекин виждонимизни эсдан чиқариб қолдирган эканмиз. Энди уйга кетдик”, – деган экан Сойиб Хўжаев.
МАШҲУР ҚЎШИҚЧИ АЗИМ МУЛЛАХОНОВ КАСАЛ БЎЛГАНДА
Машҳур эстрада қўшиқчиси Азим Муллахонов Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматованинг ўғли эканлигини кўпчилик билмаса керак. Азимжон гўдаклик вақтида Муқимий театрида ишлайдиган онаси Каттақўрғон шаҳрига гастролга олиб боради. У вақтда оналарга боласи 4 ой бўлгунча тарбия учун вақт бериладиган қонун бор эди. Ҳозиргидек уч йил эмас. Шунда гўдак иситмалаб, қаттиқ касал бўлиб қолади. Кимдир шу ерда Қавс мозори борлиги, унга гўдакни олиб бориб зиёрат қилдирса, дарров тузук бўлишини айтади. Фароғат опа Сойиб Хўжаев билан Қавс мозорига Азимжонни олиб боришади. Фароғат опа болани қабрдан ўнгга қараб айлантириш керак деса, Сойиб ака, йўқ, чапга қараб айлантириш керак дейди. Хуллас, Фароғат опа билганича дуо ўқиб, ихлос билан икки марта ўнгга, икки марта Сойиб Хўжаев айтгандек, чапга айлантиради. Шунда Сойиб ака:
– Порогсердца (Фароғат опани ҳазиллашаб шундай деб чақирар экан), ўғлинг тузук бўлса, эртага чойхонада ош қилиб берасан, келадиган одамларни ўзим айтаман, – дейди.
–Сойибжон ака, ош сиздан айлансин, ўғлим тузук бўлса бўлди, ошдан қочирасизми? – дейди Фароғат опа.
Ўғли тезда тузук бўлади. Эртаси 5-6 кишига чойхонада Фароғат опа ош буюради. Сойиб Хўжаев ўзи таклиф қилган ҳамкасблари келади. Маза қилиб ош еб бўлишгандан кейин улфатларига:
– Бу ошни Порогсердца қилди. Энди беш-бешдан ташлаб қўясанлар. Хотин кишининг ошини текин еб бўлмайди, – дейди. Улар Сойиб Хўжаевнинг айтганини қилишиб, 5 сўмдан ташлашади. Уларни йиғиб Фароғат опага беради.
ШОАБДУРАҲМОНБОЙ, ПУЛ ҚИСТИРМАЙСИЗМИ?
Муқимий театрида турли хўжалик вазифаларида қарийб 60 йилча ишлаб келаётган Кимсанбой ака Шоабдураҳмоновнинг яхши ошпазлик касби ҳам бор, тўйларда ош дамлаганда илик қилиб юборади. Театр ходимларининг деярли ҳаммасининг тўй ва бошқа маросимлари ошини дамлаган, ажойиб, дилкаш инсон бўлганлиги учун театрда уни ҳамма яхши кўради. Кимсанбой ака тўй қилса театр кўчиб боради. Сойиб Хўжаевни Кимсанбой аканинг ота-амакилари алоҳида ҳурмат қилишади. Чунки уларнинг тўй-ҳашамларига бориб, кўп қизиқчиликлар қилиб, уларнинг муҳаббатига сазовор бўлган санъаткор. Кимсанбой бир куни тўй қилиб, театр жамоасини таклиф қиладилар. Сойиб Хўжаев гул бўлиб боради. Кимсанбой аканинг оталари шу вақтда 81 ёшларида бетоб бўлиб ётиб қоладилар. С.Хўжаев ўртада қизиқчилик қилиб турганида бирдан Шоабдураҳмон ака ётган хонага кириб борадилар-да, қизиқчилик қилиб:
–Чол, нега ётибсиз? Ўламан деб ўйламанг. Сизни Шоабдураҳмонбой дейишади. Пулдан борми? – дейди.
Чол заиф овозда:
– Бор,– дейди.
–Унда чўзинг, мен азроил билан гаплашиб, умризни яна етти-саккиз йилга чўзиб бераман,– дейди Сойиб Хўжаев беморнинг кўнглини кўтариш учун. Сойиб Хўжаев орқасида бу ҳазилни эшитиб турган Кимсанбой ака:
–Отамнинг пуллари менда туради, – деб, Сойиб аканинг икки чаккасига юз сўмликдан қистиради.
– Ия, шунақами, ундай бўлса, ота, яна етти-саккиз йил ўйнаб-кулиб юринг, – деб юз-кўзларидан ўпиб, соқолларини силаб чиқиб кетади. Шундан кейин Шоабдураҳмон ака яна 7 йилча умр кўриб, вафот этадилар.
БУРНИНГДАН ОТАМАН
“Малиновкада тўй” спектаклида Марям Ихтиёрова немис аёли ролини ўйнар экан. Бурнига қиррали қўшимча бурун ясаб, грим қилишибди. Яққол кўзга ташланадиган бурун чиқибди. Томошабиннинг ҳам дарров диққатини тортар экан. Немис аёли партизан ролини ўйнаётган Сойиб Хўжаевга қараб:
– Менга отганинг билан мендан барибир ўқ ўтмайди, овора бўласан, – дер экан. Пьесада бошқа сўз йўқ экан. Шунда топқир Сойиб Хўжаев: “Агар ўзингга ўқ ўтмаса, нақ бурнингдан отаман”, – деганда зал қарсакдан гулдираб кетган экан.
ПАЛОВНИ МЕН ҚЎЛИМНИ ЮВМАЙ ЕЙМАН
Бир гуруҳ санъаткорлар билан Сойиб Хўжаев пахта теримига боришибди. “Ҳамма пахтакор” шиори авжига минган вақт экан. Дала ҳашарчилар билан тўла. Тушлик вақти бўлиб қолипти. Икки чиройли қиз келиб Сойиб Хўжаевни бирга тушлик қилиш учун ўз давраларига таклиф қилибди. Сойиб Хўжаев рози бўлиб борибдилар. Борсалар ўн чоғлиқ қиз давраси ўртага катта сопол лаганда палов қўйиб, кутиб ўтиришган экан. Шунда қизлар оққушлардай гур этиб туриб Сойиб аканинг тўрга ўтишини, аввал қўлларини ювиб олишини таклиф қилишибди.
– Қизлар, мен ҳозир паловдан олдин қўлимни ювмайман, – депти Сойиб ака.
– Нега? – ҳайрон бўлиб сўрашибди қизлар.
–Нега дейсизларми? Биринчидан, мен паловга қўлимни урмайман. Иккинчидан, Сизлар менга бир ошамдан ошатасизлар. Қорним тўяди-қолади, – деган эканлар.
ЗИНДОН ЭНАНГНИ УЙИМИДИКИ, ЧИРОҚ ЁҚИБ ҚЎЯДИГАН
Муқимий театрининг “Равшан ва Зулхумор” спектаклида зиндонни тешиб чиқиш саҳнасида Равшан ролини Ҳамза Умаров, Эрсак ролини Сойиб Хўжаев ўйнар экан. Бир куни Сойиб Хўжаев Ҳамза Умаровга:
– Постановка бўйича биласан, зиндонни мен оддин тешиб чиқаман, кейин сен чиқасан, шундайми? – дейди.
– Шундай, —дейди Ҳамза Умаров.
Шунда Сойиб Хўжаев:
– Бугун зиндонни сен олдин тешиб чиқасан, кейин мен чиқаман, – дейди. Спектакль чоғида Ҳамза Умаров зиндонни тешиб чиқиб:
– Вой-бў, бу ер намўнча қоронғу, – дейди.
Сойиб Хўжаев:
– Зиндон энангни уйймидики, чироқ ёқиб қўядиган. Зиндон қоронғу бўлади-да, – дейди.
Залда гулдурос қарсак янграйди.
Шу куни асар муаллифи Комил Яшин келиб, спектакль кўраётган экан. Раззоқ Ҳамроевга: ”Сойибжон топиб айтди, шу сўзни пьесага киритиб қўйинг”, – деган экан.
МОСКВА ҚОЙИЛ ҚОЛГАН РОЛЬ
1959 йили Москвада ўтган декадада Муқимий теадрининг бош режиссёри Раззоқ Ҳамроев Сойиб Хўжаевга қаттиқ танбеқ беради.
– Сойибжон, бу ерда спектаклларга биронта сўз қўшмайсиз. Бу ернинг театршунос олимлари қилни қирк ёради. Ўзбекчани тушунмаса ҳам хатти-ҳаракатдан ортиқча бегона сўзни билади. Келишдикми? – Дейди.
– Эшитдим, ўртоқ Ҳамроев, лекин мен сўз қўшмасам хотиним талоғ бўлади, – дейди Сойиб Хўжаев.
–Бўлмаса, шу ернинг ўзида бўшатаман, дейди Раззоқ Ҳамроев.
Кечқурун ҳаммани йиғиб мажлис ўтказишади. Спектаклга ҳамма чиқиши керак, халқ артистлариям, хизмат кўрсатганлар ҳам оммавий саҳналарда иштирок этиб, спектаклнинг савиясини баланд кўтаришга хизмат қилиши керак, деб Раззоқ Ҳамроев уқтиради ҳамда ҳар бир артист спектакль руҳига қараб, ўзига ҳолат ва кийим топишини тайинлайди. Ҳамма тушунарли, деб тарқалишади. Сойиб Хўжаев ўзидан сўз қўшмаслик ҳақида танбеҳ олган. Сўзсиз ҳолат топишни ўйлайди. Ва, ниҳоят топади. Эртаси спектаклда Сойиб Хўжаев қўлига “А” ҳарфига ўхшаган ер ўлчоғичини олган, қийиқчани пешонабоғ қилиб боғлаб, катта бутафор қизил қаламни қулоғига қистирган, елкага ҳарбий планшет сумкани осган ҳолда спектаклнинг хирмон саҳнасида кўринади. Ва саҳнани у бошидан бу бошига “А” ўлчагич билан ўлчаб, супачага кўкраги билан ётиб олиб, планшетни очиб, қоғоз олиб, қизил қалам билан нимадир ёзади, ўчиради, чизади, яна туриб шу ҳолатни такрорлайди. Бир оғиз ҳам сўз айтмайди. Спектакль баланд қарсаклар билан тугайди. Эртаси спектакль муҳокамаси бўлганда машҳур театршунослар бош ролда ўйнаганлар қолиб, фақат Сойиб Хўжаев ролини мақтаб кетишади. Шунда Сойиб Хўжаев сўз олиб, ўзбекчалаб:
– Мени ишдан ҳайдамоқчи бўлган Ҳамроев, сўз қўшганим йўқ. Мақтовларни эшитдизми? Спасибо, театраведлар, – деб тушиб кетади.
Раззоқ Ҳамроев:
– Зўрсиз, – дейди тан бериб.
ШЛЯПА ОСТИДА БОДОМ
Бир куни Сурхондарёнинг Деновдаги Дендропаркига бир гуруҳ артистларни олиб боришади. У ерда мевали дарахтлар тажриба сифатида ўстирилиб, мевалари териб олинар экан. Бодом пишган вақти бўлгани учун артистлар бодомларни теришиб, чақишиб, чўнтакларига солишибди. Кимдир, бодом ва бошқа мевалардан тўйганча енглару чўнтакка солманглар! – депти. Парк дарвозасининг олдига келганда Наби Раҳимов “Ҳаммангнинг чўнтагингни ўзим текшираман”, деб дарвоза олдига туриб олибди. Сойиб Хўжаевнинг чўнтагида бодом бор экан. Дарров олиб, шляпасининг ичига солиб, бошига кийиб олипти-да, шимининг икки чўнтагини астарини чиқариб, Наби Раҳимовнинг олдига келипти.
– Набижон, чўнтакларим бўш, – депти.
Бодомни шляпасига солаётганини Наби ака кўриб турган экан.
– Сойибжон, шляпанинг тагида бош борми ўзи? – деб шляпани кўтарса, дув этиб бодом тўкилипти. Бу нима? – депти дўқ қилиб Наби ака.
–Набижон, сиз яхши биласиз, мен Тошболта куёвман. Парининг онаси рақматли деновлик бўлган. Бу ерга келганимга бошимдан қайнонам бодом сочди-да, – деб ҳаммани кулдирган экан.
СОЙИБ ХЎЖАЕВ СУВГА ЧЎККАНДА
Бир куни кинорежиссёр Али Ҳамроев бир фильмни суратга олаётганда Сойиб Хўжаев ўйнайдиган қаҳрамон сувга чўкиши керак экан. Шунинг учун Сойиб акани тез оқар сойга олиб бориб, суратга ола бошлашипти. Шунда ҳақиқатан ҳам Сойиб Хўжаев ростмана сувга чўка бошлабди. “Мени қутқаринглар!” – деб бақирипти, Режиссёр билан оператор съёмка табиий чиқаётганлигидан хурсанд: “Яхши! Яхши! Табиий чиқяпти”, – дейишипти.
Сойиб Хўжаев чиндан чувга чўкканда йигитлар сувга тушиб, судраб олиб чиқишади. Али Ҳамроев келиб:” – Табриклаймиз, ниҳоятда кадр зўр чиқди”, дейди.
Шунда Сойиб Хўжаев:
–Сенларга зўр. Менга сағал бўлмаса шўр бўлай деди, – деган экан.
“АВЛИЁ” ДЕМАДИМ, “АВИО” ДЕДИМ
Бир суҳбатда Сойиб Хўжаев бир одамни мақтаб, “авлиёсиз” депти. Ўша вақтда гап етказувчилардан бири бу гапни партия ташкилотига етказибди. Юқорига чақиришиб:
– Сиз “Тошболта”да динни танқид қилиб, дилиздан эса диндор одам экансиз, фалончини “авлиё одамсиз” дебсиз. Сизни энди чорангизни кўрамиз, деса, Сойиб ака дарров сўз топибдилар:
– Эй, нима деяпсиз. Ҳозир авлиё одам бор эканми. Ҳаммаси ўттиз еттинчи йилда халқ душмани бўлиб отилиб кетганини билмай ўлибманми. Мен уни “авлиё эмас, авио одамсиз” дедим, деб қутулиб чиққан экан.
ҚУРТ ЕГАН ОЛМА ЯХШИ
Бир куни Сойиб Хўжаев қишда топ-тоза, яхши сақланган олмалардан харид қилмасдан, қурт тушган олмаларни сотиб олиш учун савдолашиб турса, қурт тушмаган олмани сотаётган йигит Сойиб аканинг мухлиси экан.
– Сойибжон ака, менга келинг, ўша қурт тушган олма баҳосига мен ўзимнинг яхши сақланган олмамдан бераман, – депти.
– Йўқ, сеникидан олмайман, сен уни бир бало дорилар сепиб сақлагансан, мана бу қурт тушган олмадан оламан. Ана, қурти ўрмалаб чиқди. Демак, қурти ўлмаптими? Буни еган одам ҳам ўлмайди, – деган экан.
СОЧГА ҚАРАБ БАҲО БЕРИШАДИ
Сойиб Хўжаевнинг қўшнисининг бир ўғли шўро даврида бир неча йил Москвада ўқиб, сочини ўстириб, “отнинг думи” қилиб келипти. Бўйнида занжир, қулоғининг бир томонига зирак ҳам тақиб олипти. Буни кўрган Сойиб Хўжаев:
–Ия, Дўмбирбой, Москвада ўқиб, ақлинг ўсиш ўрнига сочинг ўсипти-ю, – депти ҳазиллашиб.
–Амаки, Москвада ўқийдиган ўзбек йигитларининг ақлига қарабмас, сочига қараб баҳо беришади. Сочи ўсганни ақли ўсган деб ҳисоблашади, – депти йигит.
–Шунақами, унда сочингни олдириб ташласанг, ўзимизнинг ғирт пўстагимиз бўлиб қолар экансан-да.
“Пўстак” сўзини тушунмаган йигит:
–Амаки, пўстак дегани пустяк деганими? – деб сўрабди.
– Тўғри таржима қилдинг, – депти Сойиб Хўжаев.
НЕГА ДИРЕКТОРЛАР КОТИБАЛАРИНИ СЕВАДИЛАР
Бир учрашувда мухлислардан бири:
– Сойибжон ака, нега баъзи раҳбарлар котибаларини севадилар-у, хотинларига беэътиборлар? – деб сўрайди.
–Бунинг сабаби, менимча, директорлар ақли кирганларида котибаларини ўзлари танлаб, чертиб-чертиб оладилар, хотинларини эса ёшлигида ота-онаси олиб берган бўлади. Ақлли директорлар иккаловини ҳам ҳурмат қиладилар, – деб жавоб берипти.
МОСКВАГА СОТИШГА УЗУМ ОЛИБ БОРИБ, ЗАРАР ҚИЛГАНИМИЗ
Сойиб Хўжаев артист Соат Толипов билан бир куни Москвага бораётиб, кимнингдир маслаҳати билан йўлкирани чиқазиш учун сотишга узум олишади. У вақтда поездда бир ҳафта юрилар экан. Боргунча узум айниб, сасиб, танини ҳам турғизолмай чув тушишади. Бир спектаклда Соат Толипов подшо, Сойиб Хўжаев лашкарбоши ролини ўйнашади. Подшо лашкарбошига:
–Палон юртни бир ҳамлада босиб олганимиз эсингдами? – дейди.
– Эсимда, – дейди Сойиб Хўжаев.
– Бўйсунмаган палон халқни қатли ом қилиб қириб ташлаганимизни эслайсанми?
– Шоҳим, ўлибманми эсимдан чиқариб, ҳаммаси эсимда, – дейди-да, бирдан подшоҳга: – Олампаноҳ. Москвага узум олиб бориб зарар қилганимиз эсиздами? – деб сўрайди.
Залда кулги кўтарилди. Матнда йўқ сўздан подшоҳ довдираб қолади. Эртаси Сойиб Хўжаев режиссёрдан танбеҳ эшитади.
МЕН БИЛАН ЭЙЗЕНХАУРНИНГ ЧЎНТАГИДА ПУЛ БЎЛМАЙДИ
Театр жамоаси бир жойга гастролга боришибди. Ўша вақтда Муқимий театрида партком секретари Ҳакимжон экан. Уни Сойиб Хўжаев Патин дер, унинг чўнтагида пули йўқ, лекин қорни оч турган экан.
Сойиб Хўжаев келиб:
– Патинжон, юринг, чой ичиб келамиз, – депти.
– Менда пул йўқ, – депти Патин.
– Мен, аллақачон сиз раҳбарлик қиладиган партия бошчилигида коммунизмга чиққанман, менда ҳам пул йўқ. Юраверинг, халқимиз омон бўлсин, дейди-да:
– Ассалому алайкум, азизларим, – деб бир ошхонага кириб боришибди.
Ошпазлар Сойиб Хўжаевни таниб қолишиб, бир-бирига кўрсатишиб, қучоқлашиб кўришиб, ичкарига, махсус хонага таклиф қилишади. Турли ширин таомлар, ичимликлар билан тоза сийлашибди. Охири мулозимат билан кузатиб қўйишибди. Кетишаётганда Сойиб Хўжаев ёлғондан чўнтак кавлаб, ҳисоб-китоб қилайлик, деса, ошпазларнинг каттаси:
– Ака, бизни уялтирманг. Сиздай инсонларнинг оёғи тагига қўй сўйсак кам-ку! Қадамларингизга ҳасанот, – депти.
Улар ошхонадан чиқиб анча жойга борганда:
–Ана, Патинжон, кўрдингизми, мен билан Эйзенхаурнинг чўнтагида пул бўлмаган, халқимиз омон бўлса сира оч қолмаймиз, – деган экан.
СОЙИБ ХЎЖАЕВ ИЛТИЖОСИ ИЖОБАТ БЎЛГАН ОҚШОМ
Сойиб Хўжаев бошлиқ бир гуруҳ санъаткорлар Гулистон шаҳрига тўйга боришади. Тўй бошланай деганда бирдан шамол туриб, чақмоқ чақиб, момоқалдироқ бўлиб, ёмғир ёға бошлайди: Шунда Сойиб Хўжаев ўртага тушиб:
– Эй, худо, қудратинг чексиз, саховатинг бисёр, энг яхши ният билан Тошкандан бола-чақамиз ризқи-насибаси деб келганмиз. Бу ердаги бандаларинг ҳам бир тўй қилиб, дил армонини ушатишга ният қилган экан, раҳминг келиб, шамолингни тўхтат, ёмғирингни тиндир,дейди. Бирдан шамол тўхтайди, ёмғир тинади. Ўйин-кулги авжига чиқиб, тўй қизиб кетади. Шаҳарликлар билан қишлоқликлар ўртасида пул қистириш мусобақаси бошланиб кетади. Шаҳарликлар 10 сўмликдан қистирса, қишлоқликлар 25 сўмдан қистиришади. Шаҳарликлар 50 сўмликка ўтишади. Қишлоқликлар 100 сўмликка ўтишади. Шаҳарликлар 2 та 100 сўмликни битта қилиб қистиришади. Қишлоқликлар 100 сўмликдан гулчамбар қилиб Сойиб Хўжаевнинг бўйнига кийгизишади. Шу билан “улоқ” қишлоқ йигитларида кетади. Охири тўй тугаганда, яна Сойиб Хўжаев ўртага тушиб, микрофон олиб:
– Эй, худо, ҳиммату саховатингга ҳамду санолар бўлсин, бизнинг илтижомизни бажо қилдинг. Орзумандларнинг тўйи чиройли ўтди. Биз ҳам ризқинасибамизга лойиғини олдик. Энди шамолингни уйғотиб, ёмғирингни ёғдиравер, – дейиши билан бирдан яна чақмоқ чақиб, шамол туриб, момоқалдироқ бўлиб, ёмғир шаррос қуя бошлайди. Шунда ҳамма: Тавба, Сойиб Хўжаев ҳақиқий эшон-авлиё экан. Илтижолари кўз ўнгимизда ижобат бўлди-я, – дейишган экан.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.