Текст книги "Сойиб Хўжаев ҳангомалари"
Автор книги: Хайдар Мухаммад
Жанр: Юмор: прочее, Юмор
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 3 страниц)
УЧГАН КАЛИШ
Бир куни “Тошболта ошиқ” спектаклида Сойиб Хўжаев киядиган калиш қолиб, унга катта калиш бериб юборишади. Шу куни бир одам уйланганига йигирма йил бўлгани муносабати билан хотинини “Тошболта ошиқ”қа олиб тушган бўлади. Тошболта тепаман деганда катта калиш учиб келиб, ҳалиги хотиннинг бошига тушади. Хотини хафа бўлиб:
– Йигирма йилда бир марта театрга олиб тушиб, яна бошимга калиш билан урганиз нимаси, – деб эри билан жанжаллашади.
Шунда Сойиб Хўжаев саҳнанинг четига келиб:
– Ҳой, биродарлар, жанжални уйга бориб қилсангизлар ҳам бўлади. Калишни менга узатиб юборинглар. Бўлмаса, сизларни деб мен маҳсичан спектакль ўйнайми? – дейди.
Залда гур кулги кўтарилади. Эр-хотин ҳам кулиб, чапак чалишади.
УЧТА ҚАРЗ
Ўзбекистон халқ артисти Машраб Юнусов “Тошболта”да домла ролини ўйнаган. Спектаклда Сойиб Хўжаев домлага:
– Сени учта қарзинг бор, – дейди.
– Қанақа қарзим?
– Бирламчи, қизингни ўғлимга берасан, иккиламчи, синглингни ўзимга берасан, учламчи, гўштга олган пулни чўзасан.
– Қанақа гўштга пул?
– Театрда берган гўштга 10 сўм олганинг эсингдами? – дейди.
Машраб Юнусов довдираб қолади. Кулги кўтарилади.
ЗИКИРЖОН “СИРТМОҚ” СОЛИБ ОЛИБ КЕЛДИ
Сойиб Хўжаев ҳаётда содда кийинар, бўйнига галстук боғлаб юришни ҳам унча эп кўрмас экан. Бир куни халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов билан бирга ижодий учрашувга борадиган бўлишади. Зикир ака унга қўярдақўймай галстук тақдиради. Учрашувда ҳаммани таништираётганда Сойиб Хўжаев қизиқчилик қилиб, галстукни халққа кўрсатиб:
– Зикиржон, мени бўйнимга мана бу “сиртмоқ”ни солиб, ҳузурингизга судраб олиб келди. Мана, сиз билан дийдор кўришиб турибмиз. Сиз билан дийдорлаштирган Зикиржонга раҳмат, – деб зални роса кулдирган экан.
ЛУТФИХОН АЯ “ПАРИЙ”БЎЛГАНДА
Бир куни Сойиб Хўжаев, Лутфихон ая, Зикир Муҳаммаджоновлар Наманган вилоятининг Чуст туманига боришади. Уларга алоҳида саҳна қилиб жой тайёрлаб қўйишади, одамлар ёпирилиб келавериб, тайёрланган жойга сиғмай қолишади. Кейин катта майдонга кўчиришади. Битта юк машинасини келтириб, бортларини уч томонини очиб юбориб, саҳна қилишади. Одамлар Сойиб Хўжаевни қўлларида кўтариб “саҳна”га чиқазишади. Шунда Сойиб Хўжаев:
– Жоним мурабболар, бугун бу ерга менинг парийим Турсунхон Жаъфарова келмаган. Усиз мен сизга “Тошболта ошиқ”дан томоша кўрсатолмайман, – дейди.
Шунда Лутфихон ая:
– Сойибжон, бугун Сизга мен парийлик қиламан, – дейди.
Майдон қарсакдан гувиллайди.
Сойиб Хўжаев:
– Сиздай Парийдан ҳам ўргилай, – деб “Қуралай кўз, қўралай” ини бошлаб юборади. Майдондагилар қўшилиб айтиб, ўйинга тушиб кетишади. Тугагач, узоқ вақт қарсак чалишади.
СЕВГИ БИЛАН БОҒЛАСА
Муқимий театрига ишга келган ёш артист қизлардан бири Сойиб Хўжаевга:
– Сойиб дада, шу бошим қаттиқ оғрияпти, нима қилай? – депти.
– Бугун кечгача чида, кечқурун уйингга совчи келиб, бошингни боғлаб кетади. Бошингни оғриши шунда таққа тўхтайди, – дейди.
– Эй, қўйинг, – деб уялиб кетибди қиз.
Эртасига қиз ишга хурсанд келиб:
– Сойибжон дада, сиз авлиё экансиз. Совчи келиб, бошимни боғлаб кетди. Тузалиб қолдим, – деган экан.
ШУ ЁРИҚ БОШИМ БИЛАН
Бир куни журналист Аҳмаджон Мелибоев Сойиб Хўжаевнинг ҳузурига Муқимий театрига борибди. Ўшанда “Тошболта ошиқ” спектакли ур-йиқит қўйилаётган вақт экан. Ҳамманинг тилида Сойиб Хўжаев спектаклда айтадиган:
Қуралай кўз, қуралай,
Туйнугингдан мўралай,
Сен ялло айтганингда
Оҳанингга йўрғалай,
қўшиғи жаранглаб кетган давр экан.
А.Мелибоев савол берипти:
–Мана, сиз саҳнада ҳаммани кулдирасиз, ўзингизнинг ҳаётингизда ҳам шундай завқли кулгилар, хурсандчиликлар мўлми?
Сойиб Хўжаев бошини қашиб:
– Эй, бола, роса ичимдаги саволни бердинг-ку. Саҳна бошқа, ҳаёт бошқа. Мана, мен роса қирқ йилдан бери одамларни кулдираман. Ўтган куни тунда спектаклдан уйга қайтаётсам, безори болалар тош отиб, бошимни ёришди. Шу ёриқ бошим билан Тошболта бўлиб кулдириб ётибман. Уйдан чакка ўтиб ётибди, мурожаат қилсам, ижроқўмдагилар парво ҳам қилмайди, – деган экан.
ШЎР ПЕШОНАМДАН ЎПИБ ҚЎЙ
Бир қиз Сойиб Хўжаевнинг уйига келиб:
– Амаки, бир чимдим тузиздан беринг, – депти.
– Тузни нима қиласан, қизим, – депти Сойиб Хўжаев.
– Кеча бир йигит: ”Синглим, гапизни тузи йўқ экан”, деди.
– Бу тузни қаердан олишим мумкин, десам, Сойиб Хўжаевдан топасиз, деди, шунга келдим.
– Ундай бўлса, қизим, бу шўр пешонамдан ўпиб қўй.
Гапинг тузлик бўлади, – деган экан.
ОЁҒИ ЗАҲАРЛАНГАН
Бир спектаклда Сойиб Хўжаев батрак, Ҳамза Умаров босмачи бўлиб чиқар экан. Асарда ёзилганидай, босмачи келиб, батракни отиб ўлдирар, ўлигини икки киши кўтариб чиқиб кетар экан. Нима ҳам бўлипти-ю, босмачининг тўппончаси отилмай қолипти. Шунда Сойиб Хўжаев топқирлик қилиб:
– Сен босмачи, заҳарланган этигинг билан тепсанг ҳам мен ўлмайман, – деб, артист Ҳамза Умаровга “учқун”илҳом турткисини беради. Шунда зийрак Ҳамза Умаров батракни этиги билан тепади. Батрак чайқалиб йиқилиб “ўлади”. Саҳнадан олиб чиқиб кетишади. Шу билан спектакль бузилмай қолади.
АЗРОИЛДАН ҚОЧИБ
Сойиб Хўжаев Марғилонга борганда Юсуфжон қизиқ оғир ётибди, деб эшитади-ю, бир кўриб чиқай деб, уйига боради. Борса, уйда йўқ. Уйдагилардан: “Устоз қаердалар?” – деб сўраса, “Чойхонага чиқиб кетдилар”, деб жавоб беришади. Сойиб Хўжаевнинг кўнгли ёришади. “Худога шукр, чойхонага кетган бўлсалар, демак тузук бўлиб қолибдилар”, – деб, шу хаёл билан чойхонага борадилар. Юсуфжон қизиқ сўрида чордона қуриб ўтирган эканлар.
Сойиб Хўжаев одатдагидек ҳазиллашиб:
– Уста, касал одам маза қилиб ётмайдими? Чойхонада нима қилади? – дейди.
– Азроилдан қочиб чиқдим, Сойибжон, – дейди Юсуфжон қизиқ.
– Уста, ўша Азроил деганиз менман-да, шундай Азроилманки, мен жонизни олмайман. Икки оғиз ширин сўз, бир пиёла кўк чой билан жонизни киритаман, – деб юзларини тавоф қилиб, кайфиятларини кўтарган экан.
ОИЛАДА ХОТИН КИШИ СУДЬЯ БЎЛИБ ИШЛАСА
Бир мухбир Сойиб Хўжаевга савол берипти:
– Сойибжон ака, оилада хотин киши судья бўлиб ишлашига қандай қарайсиз? – деб.
– Жуда яхши қарайман, – депти Сойиб Хўжаев.
– Нима учун? – мухбир яна сўрапти.
– Нима учун дейми, шунинг учунки, хотин киши судья бўлиб ишласа-ишламаса, уйда тушгача судья, тушдан кейин прокурор. Шунинг учун оила тартибли, – деб жавоб берган экан.
АНА ЭНДИ ТЎЛИҚ ҲАҚҚИМНИ ОЛДИМ
Сойиб Хўжаевга радио ва телевидениедан грампластинкага ёзилгани учун ва бошқа жойлардан ижро ҳақи – гонорар келар экан. Муқимий театрига почта орқали келган бу пулқоғозларни Сойиб Хўжаевнинг қизиқчи шогирдлари хатлар турадиган жойдан олиб, устозни хурсанд қилиш учун олиб боришар экан. Устоз ҳам уларнинг меҳнатини тақдирлаш учун:
–Агар қоғозда ёзилган пул 100 сўмдан ошиқ бўлса сенларга мендан бир зиёфат, – дер экан. Ва бир неча марта театр ёнидаги Бешёғоч бозорида шогирдларини кабобу палов, мантию сомса, лағмону манпар, олмаю анор ва бошқа тансиқ таомлар билан сийлаган экан. Аммо кейинги вақтда негадир пуллари 100 сўмдан кам келадиган бўлииб қолибди. Томоғи яхши таомга ўрганиб қолган учарроқ шогирдларидан бири келган 75 сўмнинг олдига “1” рақамини қўйиб, 175 сўм қилиб олиб борибди. Устоз уларни пулни почтадан олмай меҳмон қилибдилар. Кейин 40 сўм келибди. Унинг олдига “2” ни қўйиб, 240 сўм қилиб олиб борибди. Устоз яна ҳам хурсанд бўлиб, сийлабдилар. Яна 25 сўм келибди, унга “3” ни қўшиб ёзиб, 325 қилиб олиб борибди-ю, ўйланиб қолибди.
Устоз пулни олган бўлсалар, тағин миси чиқиб қолмасин деб, сўрабди:
– Устоз, олдинги пулларни одцингизми?
– Олдим, – деб жавоб берибди устоз.
– Ҳаммаси қанча бўлибди? – деб сўрабди яна ўсмоқчилаб шогирд.
– Билмадим, нуқул бир сўмликлар ва анча тангалар берди, санашга тоқатим бўлмай, келинойизга олиб бордим, – депти.
– Ҳа, устоз хитланмабдилар, бу ёғи хамирдан қил суғургандай бўлипти, 325 ҳам силлиқ ўтиб кетади, зиёфатни еймиз, деб ичидан келган қийқириқни босиб:
– Уста, мен сизни янада хурсанд қиламан, – деб 325 ёзилган пул қоғозини узатипти. Уста қоғозни қўлга олиб:
– Энди, Безовта11
Безовта – С.Хўжаев ўша шогирдини шундай деб эркалаб атар экан.
[Закрыть], менинг сағал мазам бўлмай турибди, мен сенга ишонч қоғози ёзиб бераман, шу 325 сўмни почтадан олиб, уйимга олиб бориб берасан, хўпми? – депти. Безовта бу кутилмаган таклифдан довдираб қолибди. Бир оз ўтгач, ўзига келиб:
– Бўпти, сиз айтасиз-у, биз йўқ деймизми, – деб кетибди.
Почтага бориб 25 сўмни олиб, кеча тўйга борганида ўзига қистирилган пуллардан 300 сўм қўшиб, 325 сўм қилиб олиб борибди.
– Мана, уста, 325 сўм пулингиз, санаб олинг, – деб берибди жонидан суғургандай бўлиб. Шунда Сойиб Хўжаев:
– Мулла Безовта, ана энди олдига “1”, “2” қўйиб ёзиб, мендан зиёфат пулларингни олиб келибсан, раҳмат, – депти.
УНДОҚ БЎЛСА ТЕЗРОҚ ҲАЙДА
Бир куни спектакль бошланишга оз вақт қолганда кўчадан ўтаётган машиналарга кўл кўтарса тўхтамай ўтаверибди. Сўнгра у кўчанинг ўртасига тушиб, аллақандай ногирон ҳолатига кириб қалтираб туради. Сойиб Хўжаевнинг бу ҳолатда туришини қўрган бир шофёр машинасини тўхтатиб:
– Ҳа, Сойибжон ака, тинчликми? – деб сўрайди.
– Мени машинангда олиб кет, – дейди.
– Қаёққа?
– Муқимий театрига.
– Бўпти, ўтиринг, – деб машинага ўтқазиб кетаётганда Сойиб Хўжаев:
– Менга ҳали 5-6 сўм пул ҳам берарсан, – дейди ҳазиллашиб.
– Олиб бориб қўяман, лекин пул бермайман, – дейди шофёр ҳам кулиб.
– Унда мендан 5-6 сўм оларсан? – дейди Сойиб Хўжаев сўз ўйини қилиб.
– Йўқ, сиздан севимли инсондан пул олиб, ўлибманми, – дейди.
– Пул олмасанг, пул бермасанг, унда машинангни тезроқ ҳайда, бир “Тошболта ошиқни” кўриб кетасан, – дейди ва спекталга қўймай олиб қолади. Шу-шу, ўша йигит билан дўст тутиниб қолади.
ОТ ЭШАКДАН ЯХШИ-ДА
Сойиб Хўжаев ким ҳол-ахвол сўраса:
– Отдайман! – дер экан.
Бир куни шогирдлари сўрабди:
– Уста, ким сўраса отдайман деяверасиз, – деб.
– От эшакдан яхши-да, шунинг учун, – деб жавоб берибди.
ФАРИШТАЛАР ЎРИСЧАНИ БИЛМАЙДИ
Сойиб Хўжаев ҳазиллашиб, шогирдларини ўрисчалаб сўкар экан. Бир куни шогирди Безовта мот қилиш учун:
– Уста, нега шогирдларизни ўрисчалаб сўкасиз, бу ахир гуноҳ бўлади-ку? – деб қолади.
– Одамнинг гуноҳларини фаришталар ёзиб боради, дейишади, тўғрими, Безовта? – дейди устоз.
– Тўғри, – дейди шогирди.
– Мен ўрисчалаб сўксам гуноҳ бўлмайди, чунки фаришталар ўрисчани билмайди, – деб ҳазиллашиб жавоб беради устоз.
“ТОШБОЛТА ОШИҚ”
“Тошболта ошиқ” спектакли Муқимий номли театрнинг кўп йиллар ўйналган даврий асарларидан бири. Бу асарнинг яратилишида, айтишларича, Сойиб Хўжаевнинг роли ниҳоятда катта бўлган. Тошболта образини гавдалантиришда у драматург ёзиб келган сўзларни тўлдириб, қўшиб, баъзи ўринда тўқиб саҳнага олиб чиққан дейишади. Бунга ишониш мумкин, чунки Сойиб Хўжаев юқорида айтганимиздек, ҳар бир сўзнинг таъсир кучини, жарангини топмагунча изларди. Халқ тили ва дилини яхши билгани учун осон топарди.
СОЙИБ ХЎЖАЕВ ҚАЕРДА ВАФОТ ЭТГАН
Қизиқ бир ҳолат ҳамиша мени ўйлантириб юради. Туғилган жойидан узоқда 40-50 йил яшаган айрим инсонлар умрининг сўнгги кунлари ўз туғилган масканига боришга қаттиқ жазм қилади ва ўша ерга бориб вафот этади. Бу нима? Тупроқ тортишими? Ё илоҳий кучми? Ёки тасодифми? Масалан, шоир Чустий умрининг охирида Чустга бориб, ўзига қабр учун мозордан жой танлайди ва эртаси вафот этганлигини ҳикоя қилиб беришган. Худди шунингдек, Сойиб Хўжаев ҳам умр йўлдошлари Файзихон ойимнинг ҳикоя қилиб беришларича, ўлимларидан бир неча кун олдин бетоб бўлганлар. Шунда: “Тез мени Андижонга олиб боринг, ўша ерда тузук бўламан!” – деган қўярда-қўймай. Шундан сўнг Андижонга, қариндош-уруғлариникига олиб боришган. У кишининг бетоблигидан хабар топган вилоят раҳбарлари дарров вилоят стационарига ётқизишган. Лекин санъаткор Сойиб Хўжаев умри 72 ёшида поёнига етган экан: 1982 йил 2 майда вафот этади. Сўнгра жасадлари Тошкентга олиб келиниб, Муқимий театрида мотам митинги қилинади. Пойтахтнинг санъат аҳли, театр мухлислари, жамоат вакиллари сўнгги манзил – Чиғатой қабристонига кўзда ёш, дилда қайғу билан Сойиб Хўжаевни кузатишади. Мана шундан бери Сойибжон қизиқ халқимиз орасида юксак иқтидор билан ўйнаган роллари, қизиқчиликлари, ҳикматомуз сўзлари билан мангулик пиллапоясидан юқорига кўтарилмоқдалар.
Сойиб Хўжаев кўп йил Тошкентда яшаб, 9 нафар фарзандларини вояга етказдилар. Улар бугун мустақил Ўзбекистонимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилмоқдалар. Улардан олимлари, кинорежиссёр ва кинооператорлари бор бўлиб, фан ва санъатимизнинг ривожига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Муқимий театрида ўйнаган юзлаб роллари ўзбек мусиқали драма жанридаги характерли қиёфалар хазинасининг дурдоналари бўлиб қолган. Сойиб Хўжаев театр билан бир қаторда “Табассум” радиожурналида ҳам кўп йиллар иштирок этиб, эшиттиришга жон киритган. Халқ сайиллари у кишисиз ўтмас эди.
Айниқса, ”Ўзбекфильм” студиясида суратга олинган “Ватанга совға”, “Стадионда учрашамиз”, ”Ёр-ёр”, “Лайлак келди – ёз бўлди”, ”Фарғона қизи”, “Насриддиннинг саргузашти” каби кинофильмларда ўйнаган роллари ҳозир ҳам телевизор орқали кўрсатилиб, халқнинг олқишига сазовор бўлмоқда.
ХОНОБОДДА ҚИЗИҚЧИЛАР ТАНЛОВИ
Айтишларига қараганда, Сойиб Хўжаевнинг оталари Андижон шаҳрининг ҳозирга вилоят театри яқинида туғилиб ўсган. Кейинчалик хизмат учун Андижон вилоятининг баланд тоғ-тепаликлари бағридаги Хонобод шаҳрига келиб, шу ерда муқим яшаб қолган. Шу ерда 1910 йилда санъаткор Сойиб Хўжаев таваллуд топган. Уруғ-аймоқлари ҳозирга кунда ҳам Хонободда истиқомат қилишади. Тошкентдан борган меҳмонларни ўтқазгани жой топмай бошларига кўтаришади. Мен ўзим бир неча маротаба бориб меҳмон бўлганман. Хонободликлар жуда санъатсевар инсонлар. Айниқса, ўзларининг санъаткор фарзандларини юксак қадрлайдилар.
Ҳозирги Хонобод шаҳар ҳокими Маҳсум Мусаев ташаббуси билан 1995 йилдан бери ҳар йили баҳорда Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланган қизиқчилар танловлари ўтказилади. Катта халқ сайлига айланиб кетади. Пойтахтдан, албатта Муқимий театри артистлари, ўғил-қизлари, умр йўлдоши Файзихон ойим, театршунослар, қизиқчилар иштирок этгани келишади. Ниҳоятда озода ва саришта курорт-шаҳар Хонобод ўзининг гўзал тоғ ёнбағриларига, сўлим гўшаларига меҳмонларни чорлайди. Халқи ниҳоятда ширинсўз, меҳмоннавозлик билан келувчиларни кутиб олиб, ғоят хушфеъллик билан кузатиб қўяди. Салқин боғларнинг саҳналарида турли қўшиқчиларнинг хонишлари янграйди, аскиячи ва қизиқчиларнинг ичакузди латифалари, ҳангомалари дилларни хушнуд этади.
Бир сўз билан айтганда, хонободликлар ўзбек халқининг ардоқли фарзанди ёди-ҳурматини жойига қўйиб қўйишади.
БИР ЎЗИМ ИЧГИМ КЕЛМАДИ-ДА
Бир куни Сойиб Хўжаев спектаклдан ҳорғин чиқиб келса, уйда ҳеч ким йўқ. Файзихон ойим паловни дамлаб, тоғорага сузиб, дастурхонга ўраб, столнинг устига қўйиб, тузланган бодринглар тўғраб, турупларни майда қилиб сувга солиб кетиптилар. Сойиб Хўжаев дастурхонни ёзиб, бодрингу турупларни, кесилган анорларни ликопчаларга солиб, паловни лаганга сузиб қараса бешолти киши тўядиган миқдорда экан. Шу пайт ичкилари келипти. Музлатгични очсалар ароқ, коньякларнинг очилмаганлари бор экан. Олиб столга қўйиптилар. Лекин одатлари бўйича ҳеч қачон бир ўзлари ичмас эканлар. Соатга қарасалар 11 дан ошипти. Қўни-қўшнини чақириш ноқулай, кеч бўлиб қолган. Малол келиши мумкин. Малол келмайдигани фақат “Тез ёрдам” ё милиция. “Тез ёрдам” қурғур икки соатда келади, милиция тез келади, деб телефондан “02” рақамни териб “Томда ўғри юрипти” дептилар. Милиция беш дақиқага қолмай келипти. “Ўғри қани?” – депти капитани.
Сойиб Хўжаев:
–Ўғри уйда, – деб уйга бошлаб кирипти-да, ҳақиқатга кўчиб: – Полковниклар, ўғри йўқ, шунча паловни бир ўзим емай, мана бу “оқ” ва “қизил” лар билан ўзим “отишма” қилмай деб сизларни чақирдим, – депти.
Сойиб Хўжаевни яхши таниган посбонлар тоза кулишиб, еб-ичишиб, хурсанд бўлиб кетишибди.
“СУВОРА” НИНГ НЕВАРАСИ “ҚУРАЛАЙ КЎЗ”
Сойиб Хўжаев театр билан Хоразмга борганда колхоз клубида концерт беришади. Шунда концертни олиб борувчи:
–Навбат машҳур комик артистимиз, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаевга, – деб тантанавор эълон қилади. Шунда олдинги қаторда ўтирган гавдали, оёғига керза этик кийган, эгнида пахталик, бошига телпак кийган бир киши:
– Шашма, сен Хоразмни кулдираман деб келдингми, Ташкандан, кетмайди, сен ҳақиқий халқ артисти бўлсанг бир “Сувора” айтиб берасан, деб саҳнага чиқиб келибди.
Айтишларича, Хоразмда “Сувора” айтолмаган артистни артист ҳисоблашмас экан у вақтда.
Сойиб Хўжаев:
– Эй, биродар, “Сувора” ни Комилжон Отаниёзов ўхшатиб айтган. Мен ундан ўтказиб айтолмайман, шунинг учун сизга мен “Сувора” нинг набираси “Қуралай кўз” ни айтиб бераман, – депти.
–И, манглайи қара, “Сувора” нинг набирасиям бар эканми, айт! – депти саҳнадан туриб.
Сойиб Хўжаев “Қуралай кўз, қуралай, туйнугингдан мўралай…” деб бошлаган экан, ҳалиги гавдали одам лапанглаб ўйнаб, саҳнадан тушиб кетган экан.
ЎРИСЧАНИ ЯХШИ БИЛМАГАНИ УЧУН
Бир куни Муқимий театрининг директор ўринбосари Ярашевскийнинг хотини ўлган экан. Унга театр номидан ҳамдардлик билдириш учун Раззоқ Ҳамроев бошчилигидаги вакиллар гулчамбар олиб йўлга тушади. Йўлда Сойиб Хўжаев Раззоқ Ҳамроевдан:
– Раззоқжон, ўзбекчада ўлганнинг қариндош-уруғларига “Бандалик-да, худо раҳмат қилсин, сизга худо сабр берсин!” – дейишади, Ўрисчада нима дейишади, – деб сўрапти. Раззоқ Ҳамроев:
– Я ваше горе разделяю, дейишади, – депти.
Сойиб Хўжаев бора-боргунча “я ваше горе разделяю”, – деб ёд олиб кетаверипти. Марҳумнинг уйига бориб, ҳамма ҳамдардлик билдирипти. Сойиб Хўжаев бориб, Ярашевскийни бағрига босиб: “Я ваше горе разделяю”, – дейиш эсидан чиқиб қолиб, “Я ваше горе поздравляю”, – деб юборипти. Таъзияга борганлар тескари қараб пиқ-пиқ кулишибди.
ЎРТОҚ ПОЛКОВНИК
Бир куни Муқимий театри санъаткорлари театрнинг автобусида гастролга кетаётган экан. Чорраҳадан ўтгач, ДАН ходимлари автобусни тўхтатишади. Ҳайдовчи билан ниманидир тортишиб, анча тўхтаб қолишибди. Шунда аритстлар:
– Сойибжон ака, сиз тушинг, нимага тихирлик қиляпти? Сизни танийди. Бу туришда кечгача турадиганга ўхшаймиз. Спектаклга кечга қоламиз, – дейишади.
Сойиб Хўжаев тушиб, ДАН ходимлари олдига бориб, гапираётган капитанга:
–Ўртоқ полковник, нима гап ўзи? – депти, форма кийган милиция бўлса бўлди, “полковник” дер экан.
–Ассалому алайкум, Сойибжон ака, мен полковник эмас, бор йўғи капитанман, – депти.
– Капитан бўлсанг ўзингга, менга полковник бўлиб кўринаяпсан. Бўлмасанг яқинда полковник бўласан. Менга қўнғироқ қиласан. Энди, ўғлим, шўпир бола нима хато қилипти?
– Сойибжон ака, ана кўча белгиси осиб қўйилган. Кўчани айланиб ўтиши керак. Бў тўғри ўтиб келаверди. Нарушения шу.
– Вой-бўй, шунга шунчами? Мен спектаклда қанча сўзларни ташлаб кетиб, қанчасини қўшвораман. Тўғри, режиссёрим уришади, лекин томошабинни қантариб қўймайди. Сиз шўпирлар режиссёрисиз. Бизни кўпчилик томошабинлар кутиб турибди. Хатосини тузатиш учун шу майдонни ўн марта айланиб репетиция қилсин. Кейин кетайлик, – депти Сойиб Хўжаев.
– Сойиб ака. Сизнинг ҳурматингиз, айланмай тўғри кетаверинглар, шўпирингиз энди йўл белгиларига қараб юрсин, – деб ҳужжатларини қайтиб берибди. Кетишибди.
Орадан анча вақт ўтгач, Сойиб Хўжаевга телефон бўлипти:
– Сойибжон ака, мен полковник бўлдим, – депти ДАН ходими.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.