Текст книги "Сойиб Хўжаев ҳангомалари"
Автор книги: Хайдар Мухаммад
Жанр: Юмор: прочее, Юмор
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 3 страниц)
СОЙИБ ХЎЖАЕВ – ТАБИБ
Сирдарёда гастролда юришганда жуда озиб кетган бир бемор одам артистлар олдига келиб, дардини айтиб, маслаҳат сўрайди. Кимдир ҳазиллашиб, “Сойиб Хўжаев асли катта табиб, лекин ҳеч кимга билдирмай юради. Сиз бориб, ялиниб илтимос қилсангиз, ўзи раҳмдил одам, раҳми келиб дардингиз давосини топади, дорисини айтади. Пул берсангиз олмайди. Худо шифо бериб, тузук бўлиб кетсангиз, яна қайтиб келганимизда бир зиёфат сиздан, – дейди.
– Эй, ака, тузук бўлиб кетсам, сизлардан битта эмас, ўнта зиёфат айлансин, – деб Сойиб Хўжаевнинг олдига бориб, дардини айтиб роса ялинади.
– Эй, биродар, мен авлиё эмасман, ҳазилкаш ўртоғларим сизга тандир кийдиришибди, – дейди Сойиб Хўжаев. Бемор одам роса йиғлаб ялинибди:
– Ака, табиб бўлмасанғиз ҳам бир нарса денг, – деб туриб олибди. Шунда ноилож қолган Соййб Хўжаев:
– Қўймадингиз, қўймадингиз, бўлмаса ҳовлининг этагидан бир қудуқ қаздирасиз. Ундан чиққан сувдан кунига уч маҳал овқатдан олдин бир косадан ичасиз, – дейди.
Орадан икки йил ўтгач, муқимийчилар яна ўша қишлоққа гастролга боришади. Ўша одам семирган, соғлом бўлиб кетган экан. Сойиб Хўжаевни сўраб келиб, қучоқлаб, энг зўр табиб эканлигига тасанно айтиб, артистларни спектаклдан сўнг зиёфатга таклиф этган экан.
БОШ ҲИСОБЧИ ВАЗИРДАН ЗЎР ЭКАН
Сойиб Хўжаев ўғилларидан бирини уйлантираётганда 70– йиллар пулида 400 сўмга зориқиб қолади. Маданият вазирининг олдига кириб, ёрдам беришини сўрайди. Вазир сира иложи йўқлигини айтиб кузатиб қўяди. Вазирнинг олдидан чиқиб, Санъат бошқармаси бошлиғидан 400 сўм қарз тўғрилаб беришини сўрайди. У ердан ҳам илож йўқлиги ҳақида жавоб олиб чиқади. Муқимий театрига, ишхонасига келиб, хомуш юрганида директор кўринади. Директорга ҳам дардини айтади. Ундан ҳам рад жавобини олади. Бойвачча қўшнисидан сўрайди. У ёши олтмишдан ошган одамга қарз бериб бўлмайди, деб ҳазил аралаш кўнглини синдиради. Хуллас, эртаси, репетицияга ярим соат олдин келиб хомуш ўтирса, театрнинг бош ҳисобчиси ўрис чол олдига келиб: ”Сойибжон, сен ёрдам бер, бир дори тополмаяпман, сени ҳамма танийди”,– деб мурожаат қилади.
– Рецепти борми? – сўрайди Сойиб Хўжаев.
– Бор, мана, – деб чўнтагидан рецептни олиб беради. Сойиб Хўжаев тўғри ўзи аъзо бўлган ҳукумат дорихонасига бориб, дорини олиб келиб беради. Бош ҳисобчи хурсанд бўлиб олади. Сойиб Хўжаев чиқиб кетаётганда:
–Сойибжон, агар сенга пул-мул зарур бўлиб қолса, менга айтсанг тўғрилаб бераман. Кейин ойлигингдан суришаверамиз, – дейди.
Бирдан тўйга 400 сўм зарурлиги эсига тушиб қолиб, ҳисобчига дардини айтади. “Шуни менга олдинроқ айтсанг бўларди-ку”, – деб кассирга 500 сўмга қоғоз ёзиб беради. Бориб кассирдан 500 сўмни санаб олади, иши битиб, тўйи жаранглаб ўтади. Шунда менинг қулоғимга:
– Қойил, буғолтир, министрдан зўр экан, – деганлари эсимда.
ТУҒИЛГАН КУНИГА ДУМЛИ ҚЎЙ СОВҒА
Айтишларига қараганда, Наманган театрида Раззоқ Ҳамроев ишлаганда Сойиб Хўжаев ҳам ишлаган эканлар. Театр Марғилон шаҳрига гастролга борганда Сойиб Хўжаев билан Дилбар Қосимова (ҳозир Аброр Ҳидоятов театри артисти) эр-хотин интермедиясини ўйнаши керак бўлган. Шунда Раззоқ ака Дилбарга:
– Ўйин вақтида, эр, сизнинг туғилган кунингизга думли қўй олиб келишган экан, шу ростми? – деб сўрагин, – дейди.
– Вой, Раззоқ ака, мен қўрқаман, поччам хафа бўлиб қоладилар, думли қўйни халқ ёқтирмайди. Отаси чўчқа, онаси қўй, – деб, – унинг устига, Сойибжон ака холамнинг эри бўлса, – дейди чўчиб.
– Қўрқма, айтавер, мен борман, – дейди Раззоқ ака. Хуллас, режиссёрнинг гапини қайтариб бўлмаслигини билган Дилбар Қосимова кўнади. Томоша давомида:
– Ҳой эр, Сизнинг туғилган кунингизга Сизга думли қўй олиб келишган экан, тўғрими? – деб сўрайди.
– Аҳмоқ, падар лаънати ким айтди. Раззоқ айтдими? Думли қўй олиб келишмаган. Бирдан оғзидан ясама тиш пақ этиб саҳна полига тушади. Ўзининг тишлари бутун бўлса ҳам кулдириш учун ясама тиш солиб олган бўлади. Саҳнада танглай тишининг иржайиб туриши залнинг гулдурос қарсагига сабабчи бўлади. Хотинининг олдига келиб, чўнтагидан оппоқ дастрўмолча олиб:
– Жоним, оғзимдан новвотим тушиб кетди, олиб беринг, – дейди.
Зал яна гулдирайди.
АРТИСТЛАРИНГИЗ КУЛМАСИН
“Зафар” номли спектакль Ўзбекистон ва Украина дўстлигига бағишланган бўлиб, сюжет мазмунига кўра Украина делегатлари Ўзбекистонга, Ўзбекистон делегатлари Украина далаларига боришар экан, шунда ўзбек делегатлари бир қудуқнинг олдига келишади. Қудуқдан чиғириқни айлантириб сув тортишади. Пақирни сувга туширишганда чиғириқ чир айланиб кетади. Уни бурайдиган темир дастаси бировга тегса майиб қилиши мумкин. Шуни ҳис қилган Сойиб Хўжаев ҳеч кимга билдирмай қўлининг кафтига қизил грим суриб чиқади. Секин қудуқнинг ёнига келиб ўтиради. Қудуққа пақир ташлашади. Чиғириқ чир айланади. Тўхташ олдидан Сойиб Хўжаев “воҳ” деб кафтидаги қизил гримни пешонага босиб, юзини сидириб тушади. Юзи қип-қизил қон бўлиб кўринади. Бу ҳолатдан томошабинлар у ёқда турсин, актёрлар ҳам аввал ачиниб, кейин кулишади. Ҳатто ролларни ўйнолмай қолишади. Спектаклдан сўнг Сойиб Хўжаев яна муҳокама бўлади. Режиссёр қаттиқ ҳайфсан беради. Эртаси бу спектакль яна ўйналади. Сойиб Хўжаев бу гал қизил гримсиз кафтини қўлига олиб бориши билан, актёрлар яна кулиб юборишади. Спектаклдан сўнг яна муҳокама бўлади. Режиссёр:
– Нега, яна актёрларни кулдирдингиз? – деб уришади.
– Мен кулдирганим йўқ. Кафтимга грим ҳам сурганим йўқ. Актёрларингиз ўзи кулди. Кулмаслиги керак, – дейди ва ўзини оқлашни давом этди. – Мана, сиз театр институтида дарс берасиз. Йигирма тўрт талаба бир талабани ўртага олиб, уни кулдириш учун турли қилиқ қилиб, сўз айтиши керак. У талаба кулмаслиги керак, у кулса зачёткасига “қониқарсиз” баҳо қўясиз. Нима учун таниқли артистлар ўзини тутолмай кулворса мен айбдор бўламан. Шунинг учун бу гал сизга ёғлиқ “ҳайфсан”, деб ҳазиллашиб чиқиб кетади.
БОР-Е, СЕНЛАР ҲАМ РАДУННИЁЗ, МОРГУННИЁЗ БЎЛДИЛАРИНГ
Бир йили Хоразм ҳаётидан “Икки билагузук” спектакли қўйилибди. Спектаклдаги кўпчилик қаҳрамонларни исмларига Хоразм одатига кўра “ниёз” қўшилиб аталар экан. Масалан Матниёз, Бекниёз, Жуманиёз, Қурбонниёз ва ҳоказо каби. Спектакль режиссёри Иосиф Радун экан. Театрнинг директор муовини Моргунов экан. Улар спектаклни тайёрлаш жараёнида ёнма-ён туришган экан. Сойиб Хўжаев ролни ўйнаётганда кулдириш учун “Бор-е, сенлар ҳам Радунниёз, Моргунниёз бўлдиларинг бугундан бошлаб!” – деган экан. Шу-шу уларни театрда Радунниёз, Моргунниёз деб аташадиган бўлишибди. Уларнинг ўзлари ҳам хурсанд бўлишиб, “Мен Радунниёзман! Мен Моргунниёзман!” деб кўришадиган бўлишипти театрда.
ҒАФУР ҒУЛОМ БИЛАН СЎЗ ТАЛАШИШ
Ҳозирги Абдулла Қодирий боғи мустақилликкача Пушкин номи билан аталган, иккинчи номи Жангоб эди. Аслида шу ерлар октябрь тўнтаришигача А.Қодирийнинг отасига қарашли боғ бўлгани учун А.Қодирийнинг юз йиллигида Қодирий ҳайкали ўрнатилиб, боққа А.Қодирий номи берилган. Бу боғда катта ариқнинг бўйида чойхона бўларди. Уни “Анвар ака чойхонаси” дейишарди. Шу боғда Ғафур Ғулом кўпинча ўзи севган улфатлари билан ошхўрлик қилиб ўтирганлигини айтишади. Сойиб Хўжаевни хуш кўрган Ғафур Ғулом уни ошхўрликка таклиф этиб, у билан кўп ҳазил-мутойиба қилишган. Бир куни Ғафур Ғулом аччиқ қорачой ичиб ўтирганда Сойиб Хўжаев келиб қолади. Унга бир пиёла чой қуйиб узатади. Сойиб Хўжаев одатига кўра ҳазил қилиб:
–Ғафур ака, мен зиғир мойга ўхшаган аччиқ қора – памил чой ичмайман. Мен “95“ деган мазали кўк чой ичаман, – деганда Ғафур Ғуломнинг жаҳли чиқиб:
– Памил чойни, пойтахт, бутун Тошкент ичса, палон миллионли Ҳиндистон ичса, Англия, Русия қора чой ичса, ҳаммаси бўлиб арзимаган юз мингга етмаган андижонлик ичмаса-ичмабди-да. Шунга ҳам Ғафур Ғулом хафа бўлсинми, – депти.
Сойиб Хўжаев ҳам бўш келмай:
– Шунинг учун ҳам Бобур Англияю Русияни қўяверинг, Тошкенту Ҳиндистонда туғилмай Андижонда туғилган-да, – депти.
– Бобур Тошкент билан Ҳиндистонда туғилмаган бўлса ҳам онаси Қутлуғнигор Султонбегим Тошкентда туғилган. Бобур Самарқанду Андижондан қувғин бўлгандан сўнг Тошкентга келиб, Тошкент памил чойини ичиб, ўзини тиклаб, Ҳиндистонга подшо бўлган, – дейди Ғафур Ғулом.
Гап тополмай қолган Сойиб Хўжаев.
– Ундай бўлса, Ғафур ака, қуйинг зиғир мойдан. Зиғир мойдан асал палов қилинади. Ғафур Ғуломнинг қўлидан памил чой ичсак ичибмиз-да, – деб Ғафур Ғуломни қўлидан чойни олади-ю, бир ҳўплаб:
– Бай-бай, сариқ мойдай кетаяпти-я, – дейди.
ҚИЗИЛ ПОХОРОННИЙ БЮРОМИ?
Бир спектаклда Сойиб Хўжаев “Қизил кетмон” артелининг раиси бўлади. У вақтда қизил империя вақти бўлгани учун ҳамма нарсани қизил қўшиб аташган. Масалан “Қизил чойхона”, “Қизил тўй”, “Қизил бурчак”, “Қизил кўприк”, “Қизил қўшин”,”Қизил шағал артели” ва ҳоказо. Сойиб Хўжаев жонга теккан қизилликни ҳажв қилиб, спектаклларда образлар яратган. Масалан, “Қизил кетмон” артелининг раиси сифатида ўғлини уйлантириш учун телефон симини узун қилдириб, қизил телефондан қўнғироқ қилган. У вақтлар телефоннинг симини узайтириш хаёлга келмаган бир давр эди. Унинг сўзларига эътибор берсангиз, қизилликни ўзбек халқи ҳаётида нақадар кулгилигини тасаввур қиласиз.
– Алиё, бу қип-қизил похоронний бюроми?
– Ҳа, ким ўлган дейсизми?
–Йўқ, ҳеч ким ўлмаган. “Қизил кетмон” артелининг раиси мен Қизилбоев ўғлимнинг қизил тўйига таклиф қиляпман.
–Раис, қизил похоронний митингга кетганлар дейсанми? Майли, айтиб қўй. “Қизил кетмон” артелининг раиси Қизилбоев “Қизил арава” кўчасида турадиган ўғлини уйлаяпти. “Қизил тўй” қиляпти, дегин, хўпми? Ёзиб олдингми? Яхши.
Яна рақам теради:
– Алё, бу “Қизил турмами?” Котибамисан? Яхши. Начайлигингга айтиб қўй. Йўқ, ҳеч ким қамалмаган, нафасингни қизил шамол учирсин. “Қизил кетмон” артелининг раиси Қизилбоев бўламан. Ўғлини “Қизил тўй” қилиб уйлаяпган экан, дегин. Начайлигинг келса менга телефон қилсин. Мени танийди. Хўп.
Трубкани қўйиб, энди “Қизил сув колхози”, “Қизил жамоа” артелига қўнғироқ қилишим керак, дейди.
ХУРРАКНИ АРСЛОН ОТАДИ
Сойиб Хўжаевнинг сафарда амалдор киши билан бир хонада тунашига тўғри келади. Сойиб Хўжаев хуррак тортганда деворни тешиб юборгудек бўлар экан. Эрталаб амалдор киши ҳамма йиғилиб турганда Сойиб акага ҳазил қилибди:
Сойибжон, кечаси сиз хуррак отдингизми? Ёки бирон қассоб ҳўкиз бўғизладими?
– Ҳа, амалдор ака, хурракни мен отдим. Аслида хурракни арслонлар отади. Тулкилар ухлаёлмай чиқади, – деганда бирдан гур кулги кўтарилибди. Амалдор айтган гапидан мулзам бўлипти.
ҚАБУЛДА ОЛИМ ХЎЖАЕВ ЎТИРИБДИ
Машҳур артист Олим Хўжаев Муқимий театрнинг янги спектаклларини канда қилмай кўриб турар экан. Шундай спектакллардан бирига бориб, биринчи қаторда ўтиради. Спектакль бошланади. Асар воқеаси бўйича Сойиб Хўжаев қозининг хизматкори ролини ўйнар экан. Хизматкор қозининг олдига кирганда:
– Ҳой, яна ким қолди, арза билан келган? – деб сўраса, Сойиб Хўжаев биринчи қаторда ўтирган Олим Хўжаевни кўриб қолиб:
– Тақсир, қабулда Олим Хўжаев ҳам ўтирибди. Унинг ишини ҳам тез ҳал қилиб берсангиз бўлди, – дейди.
Олим Хўжаевни кўрган ва таниган одамлар гур этиб кулиб, гулдурос қарсак чалиб юборишади.
ЮРАК МЕНДАН, ПУЛ ТЎЛАШ СЕНДАН, ХОНИМ
Тошкентдаги марказий универсал магазини янги очилган вақти экан. Ўғилларидан бирини уйлантириш учун Файзихон ойим ҳар куни “у кам”, “бу кам” деб хархаша қилар эканлар. Артистлардан бири ЦУМда ҳамма нарса бор экан, – депти. Сойиб Хўжаев тезда уйга бориб, хоним, юринг, тўйингизга ҳамма нарсасини олиб бераман, ЦУМда ҳамма нарса бор дейишди, депти. Эр-хотин хурсанд ЦУМга келишипти. Пойафзал бўлимига кириб, Сойиб Хўжаев – энг яхши аёллар туфлисидан бир жуфт, бир жуфт эркаклар туфлисидан, икки жуфт ковуш олдириб четга қўйибди-да, пальто, костюм, газмол, чинни асбоблар, гиламлар бўлимига кириб, керагича ўратиб қўйибди. Буларни чамалаб ҳисоблаб кўрган Файзихон ойим:
–Ҳой, Хўжаев, нима қиляпсиз, олган молларизни кўриб юрагим чиқиб кетяпти. Бунча пулни қаердан оласиз?
–Хоним, ташвиш тортманг, юрагингиз чиқиб кетса, менинг юрагимга келиб тушади. Юрак биздан, пул сиздан, – депти ҳазил қилиб. Бу гапни эшитган Файзихон ойим: ”Эй, ҳазилингиз қурсин, шарманда бўлмай юринг, кетдик”, – деган экан. Орқада кузатиб турган ЦУМнинг директори:
– Тошболта ака, парийни кўп қийнаманг, ҳамма молларни олинглар, пули мендан тўяна, юрак сиздан, – деган экан.
ПЎРДОҚ, ТУР, ЎЛИБ ҚОЛДИНГМИ?
1963 йили ноябрь байрами олдидан Муқимий театрига катта раҳбарлар келади деган гап тарқалиб, югур-югур тараддуд бўлиб қолади. Кундузги спектакль репетициясидан чарчаган актёрларнинг уйи яқинлари уйига кетишган, уйи узоқлар шу ерда қолишиб дам олишган. Ўша вақтда анча машҳур бўлган Шерали Пўлатов театрнинг олдидаги гўшт дўконда ишлайдиган Яҳёнинг олдига боради. У санъаткорларни ҳурмат билан сийлаб турадиган киши бўлган. Шерали Пўлатов унинг олдида қуруқ нон билан ароқ ичиб маст бўлиб қолади.
Кутилган катта-катта меҳмонлар келиб, биринчи қаторга ўтиришади. Спектакль бошланади. Шерали Пўлатов спектаклда маст бўлиб келиб ухлаб қоладиган, тур деса сакраб туриб кетадиган ролни ўйнаган. Бу гал ростмана маст бўлиб келиб, ухлаб қотиб қолган. Сойиб Хўжаев уни семизроқлиги учун Пўрдоқ деб атар экан.
Сойиб Хўжаев:
– Пўрдоқ, тур! – деган, турмаган. Ўлиб қолдингми, казо-казо хўжайинлар келишган, тур! – деган, хуррак отиб ётаверган. Кейин, тикка-тик туриб супурадиган супургининг дастаси билан урган, турмаган! Сойиб Хўжаев қараса, ростмана, ғирт маст бўлиб ётибди. Нима қилишини билмай дарров йўлини топган. Эй, хўжайинларнинг ҳурматини билмаган алкаш, ўлганинг рост бўлсин, деб юзига костюмини ечиб ёпиб, антракт деган. Пардани ёпишган. Хўжайинлар чиқиб, ҳукумат хонасида чой-пой ичиб тургунча Шерали Пўлатовнинг дублёрини топтириб келиб ўйнатишган. Раҳбарлар кетаётганда “мастни жуда табиий ўйнади”, деб кетишган экан.
МУХЛИСНИНГ ЧУЧВАРАСИ
Бир куни Сойиб Хўжаев билан ўн олтинчи трамвайда гаплашиб борар эдик. Шу пайт бир ўрта ёшлардаги киши келиб, Сойиб ака билан эски қадрдонлардек қуюқ сўрашди. Сойиб ака гарчанд танимаса ҳам, мухлиси эканлигини билиб, ҳурмат билан гаплашди. У киши ўзи оддий ишчи эканлигини айтди, хотини яхши чучвара қилишини, бирров меҳмон бўлиб кетишларини самимий ўтиниб сўрайди. У шундай илтифот билан сўрадики, санъаткорни дил-дилидан севиши шундай билиниб турарди. Сойиб Хўжаев яна икки соатдан кейин спектаклга боришини айтиб, узр сўради ва уйига яқин бекатда тушиб қолди. Мухлиси энди мендан илтимос қила бошлади:
–Биродар, қуюқ гаплашиб келишингиздан сиз у кишининг яқин одамига ўхшайсиз, жа бўлмаса сиз меҳмон бўлиб кетинг. Қарангки, у кишининг ҳурмати туфайли, мен ҳам бир истеъдод мухлисининг илтифотига мушарраф бўлдим.
Ҳа, Сойиб Хўжаевнинг миллионлаб мухлислари бор эди. Ҳар бирига бир кундан меҳмон бўлса, миллионлаб кунлар керак бўлар эди. Шунинг учун Сойиб Хўжаев руҳи авлодлар қалбига мангу меҳмон бўлаверади.
СОЙИБ ХЎЖАЕВ РУҲИ
Сойиб Хўжаевнинг 85 йиллик юбилейини нишонлаш учун туғилган жойи – Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳрига бир неча енгил машинада кетаётган эдик. Ўзбекистондан Тожикистонга ўтиш чегарасига келганда тожик биродарлар тўхтатишиб, синчиклаб текшира бошлашди. Тожикистонда ўзаро уруш авжига чиққан вақт. Сойиб Хўжаевнинг ўғли, телефильм режиссёри Шуҳрат Хўжаев ҳужжатларини текширишиб, камерани ўтказмаймиз, – деди. Улар узоқ тортишишди. Кейин мен бориб:
–Биродар, ўзбекчани биласизми? – деб сўрадим чегарачи милиционердан.
–Биламан. Тошкент телевидениесида постда турганман. Лекин бу одамни кўрмаганман, – деди.
– Бу йигитни билмасангиз, Ўзбекистон халқ артисти, қизиқчи Сойиб Хўжаевни эшитганмисиз? – деб сўрадим.
– Тошболтами, Парий? “Қуралай қўз, қуралай”, – деди.
– Ҳа, ўша.
–У кишини ҳамма билади. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Тожикистон ҳам билади, нима бўпти? – деди.
–Яшанг. Шуҳрат Хўжаев – Сойиб Хўжаевнинг кинорежиссёр ўғли, у отасининг юбилейини суратга олгани кетяпти, – дедим.
–Эй, шунақами, ундай бўлса узр, ўтираверинглар, – деди. Биз ўтиб кетдик. Мен, улуғ инсонлар руҳи ҳам халқларни бирлаштирар экан, деб дилимдан ўтказдим.
ТРАМВАЙДА ОЁҒИНГНИ БОСИБ ЎЙНАТАМАН
Муқимий театрининг оркестридаги Шукрулло деган ғижжакчи Сойиб Хўжаев билан ҳазиллашиб юрар, унинг кураги тагида қитиғи борлигини билар экан. Бир куни Сойиб Хўжаев кундузги репетиция вақтида дирижёр турадиган жойда саҳна қиррасига суюнганича залга қараб, хаёл суриб турган экан. Ямада ўтирган Шукрулло ғирр этиб келиб, дирижёрнинг супачасига чиқиб, Сойиб Хўжаевнинг кураги тагидаги қитиғига тегиб, секин жойига бориб ўтириб олибди. Буни Шукрулло қилганини билган Сойиб Хўжаев ямага қараб ўйнаб, кифтларини учириб: ”Ҳа, оёғи “запорожец”, ҳали спектаклдан кейин, трамвайда мен билан бирга кетасану, ўшанда маймоқ оёғингни бир босиб, трамвайда кўпчиликнинг орасида хўп ўйнатаман”, – дептилар беғубор ҳазил билан. Репетициядан дам олаётган ҳамкасблари маза қилиб кулишибди.
СУВДАН КЎПРОҚ СОЛИБ, ТУРЛИ ТАОМЛАР ПИШИРИБ ТУРИНГ
Сойиб Хўжаев бир куни уйига телефон қилиб:
– Хоним, нима овқат қиляпсиз? – депти.
Хотинлари Файзихон ойим:
– Овқат қилмаяпман, – дептилар.
– Нега? – Сойиб Хўжаев ҳайрон бўлиб сўрапти.
– Хўжаев, биласиз, уйда гўшт йўқ, ун, гуруч тугаган, – депти.
– Ундай бўлса, мен уйга боргунча сув-ҳаводан кўпроқ солиб, турли таомлар тайёрлаб туринг, мен тезда етиб бориб, бирга сўрида ёнбошлаб овқатланамиз, – депти Сойиб Хўжаев.
КУЧУГИНИНГ ОТИ МАРЖОН ЭКАН
Бир куни театрда ўйинчи қиз:
– Мен гастролга бормайман, ойлигим кам, ойлиги кўплар борсин, – депти.
Сойиб Хўжаевнинг жаҳли чиқиб:
– Уйида ейишга нони йўғу, кучугини оти Маржонмуш. Порогсердца, айт, санъаткорнинг ойлиги халққа танилгандан кейин ошади-да, санъаткорда ном бўлса нон бўлади. Ундан кейин ўғлининг отини Нон қўйса ҳам бўлаверади, – деган экан.
САЛОҲИДДИНДАН АЙРИЛИБ ҚОЛАМИЗ
Тўхтасин Жалолов Муқимий театрига бадиий раҳбарлик қилиб турган вақтида ўғли ғижжакчи Тўхтасинов ҳам ишлар экан. Бир куни “Нурхон” спектаклидаги Нурхоннинг севгилиси Ҳайдарнинг чиройлик этиги йўқолиб қолади. Тўхтасин ака жамоани йиғиб:
– Чопон билан этикни ким олди? Айтсин! Айтмаса, билиб қолсам, оҳ-войига қарамай, милтиқни олиб чиқиб шартта отаман, – депти. Шунда Сойиб Хўжаев ялиниб:
– Илтимос, уста, отманг, – депти йиғламсираб, ҳамма Сойиб Хўжаев олган экан, деб ўйлаб, ялт этиб унга ачиниб қарашибди.
– Айтмасанг, барибир отаман, – дейди Тўхтасин ака жаҳлдан тушмай.
Сойиб Хўжаев:
– Уста, отмай қўя қолинг, – дейди.
– Йўқ, отаман.
– Унда зўр ёш ғижжакчимиз Салоҳиддин Тўхтасиновдан ажралиб қоладиган бўлдик, – дейди.
Шу пайт Салоҳиддин Тўхтасинов ўша тўн ва этикда кириб келади. Ҳамма хурсанд бўлади. Энди нима бўлади деб Тўхтасин акага қарашади. Тўхтасин ака лол бўлиб қолади. Вазиятдан чиқиш учун Сойиб Хўжаев:
– Уста, юринг, йўқолган нарса топилди. Иккаламиз милтиқ эмас, яримта отамиз. Мен олиб бераман, – дейди.
БЕЗ БЎЛИБ ЎТИРИШ СИЗГА ЯРАШАДИ
Бир куни Сойиб Хўжаев барак уйларда турганида гап берипти. Ҳамма ичкарига кириб кетганда кимдир бор оёқ кийимларни ўғирлаб кетипти. Қиш вақти экан. Ҳамма питирлаб қолипти. Раззоқ Ҳамроевдан:
– Энди нима қиламан-а? – деб сўрапти Сойиб Хўжаев.
– Нима қилардинг, без бўлиб ўтираверасан, – депти Раззоқ ака.
– Йўқ. Без бўлиб ўтириш Сизга ярашади, менга ярашмайди. Яхшиси, битта машина топиб, ҳаммаларини уйуйларига олиб бориб қўяман, – деб меҳмонларни уйуйларига машинада ташлаб келган эканлар.
ҲАЗИЛГА ҲАМ ФАРИШТА ОМИН ДЕРКАН
Мукаррама Турғунбоева вафот этганда Чиғатой қабристонидаги дафн маросимига Муқимий театридан Раззоқ Ҳамроев, Лутфихон ая, Сойиб Хўжаев, Фароғат Раҳматова ва бошқалар борган экан. Мукаррама опани қабрга қўйиб, устига тупроқ тортишаётганда Сойиб Хўжаев Раззоқ Ҳамроевга:
– Домла, ҳаракатингизни қилаверинг. Мукаррам хонимдан сўнг театрдан биринчи сиз, иккинчи мен келаман, – депти. Нега биринчи мен, сен эмас? – сўрайди Раззоқ ака.
– Домла, сизни ҳурматиз бор-да, – дейди ҳазил лутф қилиб.
Худди айтгандек, Мукаррама опадан сўнг Муқимий театридан олдин Раззоқ ака, кейин Сойиб Хўжаев вафот этиб, “Чиғатой”га сўнгги манзилга келишади. Халқнинг: “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир. Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришта омин дейди”, – дейиши шу бўлса керак-да.
НУҚУЛ ГЎШТ ЕГАН АРТИСТЛАР
Урушдан кейинги қимматчилик, гўшт танқис вақтида бир гуруҳ артистлар қишлоққа бориб келишибди. Сойиб Хўжаев:
– Қалай ўтди, виездлар, – деб сўрапти.
Улар Сойиб Хўжаев ҳавасини келтириш учун ёлғондан бири олиб, бири қўйиб мақтанишибди:
– Уста, бормай кўп нарса ютқаздингиз.
– Ҳа, нима бўлди?
– Денг, овқатлар ниҳоятда зўр бўлди. Эрталаб гўшт, пешинда биринчисига гўшт, иккинчисига тандир кабоб, учинчисига қийма кабоб, тўртинчисига табака.
– Бешинчисига-чи?
– Бешинчисига жигар кабоб. Оҳ-оҳ, сели билан.
– Эҳ-ҳе, шунча гўштли овқат еб тирик келдиларингми?
– Ҳа, тирикмиз.
– Ундай бўлса бир-бирларингни гўштларингни ебсан-да!
Ҳамма артистлар бараварига кулиб юборишипти.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.