Текст книги "Хотинимнинг уруғидан ўргулай"
Автор книги: Хайдар Мухаммад
Жанр: Юмор: прочее, Юмор
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]
Ҳайдар Муҳаммадни
Хотинимнинг уруғидан ўргулай: (Ҳажвиялар, латифалар, интермедиялар)
ХУШОМАД
Телефон дегани ишлаб турса ёмон нарса эмас. Олисингни яқин қилади. Мушкулингни осон, вақтингни тежайди. Баъзан менинг дилимни хушнуд, кайфиятимни чоғ ҳам қилади. Одам баъзан чарчаганда хушомадни ҳам ёқтириб қолар экан. Хушомад қиладиган одамларнинг 99 фоизи сенга бир нарсадан иши тушадиган одамлар бўлади. Мана, менга иши тушадиганлардан бири. Унинг хушомади менга ёқади, илтимосини, билмай бажаравераман.
Телефон номерини тердим. Трубкани хушомадгўйимнинг ўзи олди. Унинг майин овози трубкадан қулоғимга оқа бошлади: «Оҳ, оҳ, қадрдоним, дўстим, жигарим ҳозиргина Сизни ўйлаб, қўнғироқ қилсаммикан деб турувдим. Ҳизирни йўқласам бўларкан. Ўзингизнинг ширингина, ёқимли қўнғироғингиз жаранглаб қолди. Шундай олиб қулоғимга тутаманми денг, нафасингиз гупиллаб димоғимга урилиб турибди-да, ёқимли, қадрдон нафас, хурсандлигимдан ўзимни қўярга жой тополмадим. Қайнанангиз суйган йигит экансиз. Қайси қайнанам дейсизми? Ҳаммаси, ўнта бўлса, юзта бўлса қайнанайиз сизни бошиздан сув ўгириб ичади. Сизга ўхшаган дуру якдона бораканми? Тўғрисини айтсам ҳақиқий ўғилбола йигитга учта қайнана етмайди. Ҳа. Етмайди. Сиз қаҳрамонлик қилиб, битта қайнана билан юрибсиз. Офарин. Орден бериш керак. Қизил китобга ёзиш керак. Ҳа, айтгандай, гапнинг ўғил боласи эсдан чиқай депти-ю. Шу десангиз, келинингиз эрталабдан сомсага уннаган. Свежий сўйилган гўшт обкелгандим. Келинингиз, кўз тегмасин, ҳусни жамолига яраша пазандаям-да, сомсани илик қилиб юборади. Оҳ, оҳ, оғзингизга солсангиз ўзи эриб кетади. Мен ҳеч нарсани билмайман, ҳозир келасиз, вассалом, бир сомсахўрлик қиламиз. Сервантнинг бурчагида беш юлдузли, уч-тўртта арман коняклари зерикиб ётипти. Келинг, юлдузларни бенарвон урамиз. Ростини айтайми, роса соғиндим. Ё сомсани тоғорага тугиб, тагига грелка қўйиб машинада ғирр этиб олиб борайми? йўқ, деманг, жон ака, бир тушган иш, хўп денг… Барибир бораман. Уйдан жилмай турасиз. Хафа бўламан. Майлими? Яшанг. Энди кейинги дам олиш кунлари бир четроққа чиқиб салқин сувларнинг бўйида бир ош-пош қилайлик. Қимиз опкеламиз. Шопириб-шопириб ичамиз. Оҳ, оҳ, тортинманг. Машина бор. Бу омонат дунёда ҳадеб ишлайвериш керакми? Нима ишлашга туғилганмисиз? Гапни тўғрисини айтайми, энди «йўқ, йўғи» нгизга қарамай ошши ҳаражатини қилиб, қўрани олиб, сизни машинага босиб олиб кетаман. Ҳа, айтиб қўяй, шунақа резкийроқ одатим ҳам бор. Қани, йўқ деб кўринг-чи, жононларга арз қиламан. Раҳмонберди Каримбердиевич олдидан табассум билан эмас, ҳўмрайиб ўтасанлар. Саккизинчи мартда гул совға қилса, олмайсанлар, дейман. Ҳа, биз арз қилиш йўллариниям биламиз. Гап тамом, вассалом. Сомса билан йўлга чиқяпмиз.
Бирпас роҳат қилдим. Келади қурғур, бир ишни ундириб ҳам кетади. Ундан кейин емаган сомсагаям иш ундиради.
Телефон шунақа…
ТАНИШ ЯХШИ-ДА
Мен чой қўйиш учун човгум кўтариб эркаклар ҳожатхонасига кириб умивальникдан сув тўлдираётган эдим, орқамдан биров дағдағали ҳукмрон овозда:
– Плита борми деймам?– деди.
Мен билдим, янги келган пожарний команданинг ходими. Ҳа, бор десам, «Хонада чой қайнатиш мумкин эмас», деб шартта човгумни қўлимдан олиб 25 сўм штраф қилиши мумкин. Олдингиси шунақа қилган. Шунинг учун ярим тушунмайдиган овозда: «Йўқ,– дедим. У ҳақиқатдан тушунмади, шекилли. Овозини бир парда баландлатиб, «кипитильний борми, девоман?»деди менсимай ғолибона. Индамадим. У сукут аломати ризо дегандек, кипитильник борлигига ишонч ҳосил қилди шекилли. «Бўлмаса…» деб гап бошлади-да, бирдан бир поғона паст тушиб:
– Ака, шу ходимларимизга айтинг, шамани туалетга тўкишмасин,– деди.
– Хўп ходимларим йўғу лекин ҳар замонда бир пиёла чой ичиб турмасам, бошим оғриб, томоғим қақрайди. Лекин хотиржам бўлинг, шамани туалетга тўкмайман. Идиш бор,– дедим.
Аввал менинг савлатимдан раҳбар деб ўйлаган экан, шекилли. Гапимдан кейин қўрсроқ гапира бошлади.
– Укам, бир огоҳлантираман, иккинчи марта кўрсам, шартта қўлиздан тортиб олиб, 50 сўм штраф қиламан. Кейин худога бориб ялинсангиз ҳам тўғри келмайди. Мени феълим шунақа, оловни орасида юрган одамман,– деди човгумни ҳозир тортиб оладигандек зарда билан.
Бу гап менинг ҳам бир оз асабимга тегди-да:
– Хўп пажарний ака… мунча дўқ қиласиз. Чой ичмасак, хонага ароқ олиб келиб ичиб турармиз. Вой-бу, шунга ҳам ота гўри қозихонами?—дедим беписандроқ келиб, ярим ҳазил.
– Ҳа, мулла йигит, ота гўри қозихона, ўт тушириб юборсангиз миллион сўмлар ёниб кетади. Ким жавоб беради? Сизни қақраган томоғизми, ёки оғриган бошизми? Унда кўплар панжарада бўлади. Ароқ ичсангиз, биргина ўзингизга жавоб берасиз, – деди жиддий. «Икки марта хонада ароқ ичинг, думингизга челак боғлаб юборишади» деган мазмунда.
– Пияниста бўлиб қолсам ким жавоб беради?
– Майнавозчилик қилманг. Сиз билан пожариий команда ипспектори Мирбадалов гаплашяпти. Сиз ортиқча яна битта гапирсангиз тегишли жойда гаплашиб қўяман. Ҳа, мен ўз номимга яраша ўтдан-сувдан тоймайман.
Бу Мирбадалов дегани ким экан, деб орқамга қарасам, олдинги маҳалламиздаги Мирсолаканинг ўғли Мирҳоди экан. Мендан уч-тўрт ёш катта, элликлардан сағал ошган. Танидим. У ҳам таниди.
– Ия, Аптикариммисан?—деди қадрдонлар овозида.
– Ҳа, ўша, ёнғоқ ўйнаб юрадиган Аптикаримман,дедим мен, пожарний ака таниш чиқиб қолганидан қувониб.
– Анча йилдан бери ишлайсанми бу ерда?
– Ҳа, 17 йил бўлди.
– Мен бир ҳафта бўлди, бу ёққа ўтганимга. Хафа бўлма мени гапимга.
– Йўқ… вазифангиз…– дедим ён босиб.
– Майли, чойни қайнатиб ичавер лекин, кипитильнийни ичиб бўлганингдан кейин тортмангга бекитиб қўй. Ҳеч ким кўрмасин. Қолганларникини ҳаммасини битта қўймай олиб (Қўяман,– деди ўзини қаттиққўллигини билдириш учун.
Сўнг чой қайнатиб ичдим. Ҳузур қилдим. Хаёлимдан «таниш яхши-да» деган фикр айланаверди. «Бўлмаса пияниста бўлиб қолармидим» деган ҳазилга ўхшаш гап ҳам ўтди. Лекин янги бинода бакда доим сув қайнаб турармиш, чой дамлаб ичиш мумкин бўлади, деган гаплар ҳам эсимга келди. Лекин мана янги бинога уч йил ҳам ўтяпти. Ҳали бак бирон марта қайнагани йўқ.
«ДЕЗДИМОНА»НИНГТУҒИЛГАНКУНИ
Артистлар… артистлар… ноёб таланг саҳна учун, ҳаётда ўз манфаати учун «артист» бўлиш ёмон. Театр инстнтутининг студентлари бўлажак артистлар. Аслида зўрроқ артистлар шулар. Ролга кирса қийиб қўяди. Нақ ўзи бўб кетади. Гапириб беришларига қараганда бир куни қаттиққўл домланинг икки пара дарси Ойҳожи – Дездемонанинг тугилган кунига тўғри келиб қолади. Курсдошлари кесатибми, ёки ҳақиқатан Дездемона ролини ўзини тайёрлаб юргани учунми, ёки баланд бўйли, қора, сочи жингалак йигит Отелломан деб шилқимлик қилиб юргани учунми, ҳарқалай Дездемона дейишарди. Ким бу лақабни тарқатгани ҳозир ҳеч кимнинг эсида йўқ. Дездемона, Дездемона бўб кетган. Ўзиям бу лақабни ғурур билан қабул қилган. Театр институти студентларига бу масалада худо беради. Лақаб қўйиш, тақлид қилиш, устидан кулишда рекорд қўйишади. Нима балоларни ўйлаб топишмайди дейсиз.
Тарас Булба – асли оти Қобилжон. Ўзига унча ярашмасди, ўстириб тақа мўйлов қўйгани учун юзи ялпоқ, калласи катта бўлганлиги Тарас Булбанинг сувратига қаеридир ўхшаб кетади. Шунинг учун Тарас Булба деб юборишган. Тарас Булба курсдошларига:
– Йигитлар, қизлар! Бугун туғилган кунга эртароқ кетамиз. «Ана шундоқ, ана шундоқ» домлани касалга чиқарамиз. Келишдикми ?
Ҳамма баравар, «келишдик» дейишди. Кираверишда, аудиторияда, коридорда иккита-иккитадан, учтадан турадиган бўлишди. Улар домлани кўриш билан: «Вуй, домла нима бўлди рангингиз ўзгариб кетибди» дейишга келишишди. Ҳаммаси келишган жойларига жўнашди.
Ана, домла сариқ портфелини гўё оғир юк кўтаргандай бир ёққа қийшайтириб кўтариб кела бошлади. Кўринишидан яхши ухлаб дам олган, отдай гижинглаб, мамнун саломлашиб келаверди. Биринчи учлик олдига пешвоз чиқиб, бирин-кетин:
– Ассалому алайкум, домла! Вой, нима бўлди?—Мазайз йўқми? Рангингиз оқариб кетибди,– дейишди.
– Салом, салом… Яхшиман, отдайман,—домла бепарво илгарилаб юрди. Фоэдаги иккилик домлани қаршисига ўтди.
Новча гап бошлади:
– Яхши келяпсизми, домла? – иккинчиси келиб илиб кетди:
– Вуй домла, тобингиз йўқми? Кўзларингиз ичига ботиб турибди. Яхши ухламадингизми?—деди ачингандай бўлиб образга кириб.
– Йўқ, нега? Ҳа, кечаси бироз ўйқум қочгандай бўлувдими,– деб домла хаёлан тунини эслади.
– Вой, домлажон, бепарво бўлманг, дўхтирга қаратинг, ҳа, бепарво бўлманг, қўшнимиз шунақа бепарво юравериб…
– Худо кўрсатмасин, пақ этиб…– деди иккиликнинг ўрта бўйлиси ачиниброқ.
– Қаратамиз… Жа унчаликмас.
Коридорда турган жингалак соч йигит келиб, қўлини чўзиб, юзига тикилиб:
– Ассалому алайкум, домла…– деди. Домлани алик олишига ҳам қўймасдан «давомини» тўкиб солди.– Шу ҳолда ишга келавердизми, фидойилик ҳам эви биланда, домлажон. Қаранг, рангингизни, – ёнидан ойнача олиб юзига тутди. Оқ деворнинг яқинида турганлиги, унинг устига неон чироғи ўчирилмаганлиги туфайли юзи оқариб, рангпар бўлиб кўринди.
– Дарвоқе, юзим сағал ўзимга ҳам ёқинқирамай турибди. Уйдан чиқаётганда яхшийдим, шекилли…—Домланинг ўзига шубҳаси ортди.
– Сағалмас, домлажон, росмана рангингиз бўзариб кетган. Бепарво бўлманг. Домлажон, сиз бизга кераксиз.
Ҳа… Домлани юрагига росмана шубҳа тушди. Бирдан юраги санчгандай бўлди. Лекин эътибор бермагандай деканатга кириб, шошилинч пальтосини ечиб чиқди. Аудитория эшиги олдида кўзларини пириллатиб турган «Дездемона» саволга тутди:
– Домлажон, ассалому алайкум, ҳамма студентлар жам, дарсни бошлаймизми?
– Бошлаймиз,– деди домла, лекин овози хастароқ чиққандай бўлди.
– Домлажон, кўзимга сағал мазайз йўғроқ кўриняптими?.. Нима бўлди?.. Рангингизда қон қолмаптию… Вуй, қўйинг, бугун дам олинг, ўзимиз тайёрланиб келақоламиз.
Бирдан домланннг юраги санчди. Тер қуйди. Студентлар бир-бирига маъноли қарашиб стул беришди. Домла беҳол ўтирди. Кимдир «тез ёрдам»га югуриб чиқиб кетди. Йигит-қизлар домлани елпиган, қоровулдан қанд чой топиб келган. Бир вақт бўйнига плендаскоп осган ёшгина «тез ёрдам» врачи кириб келди. Орқасидан дори-дармон кўтарган семиз ҳамшира кирди.
Врач домланинг юрагини эшитар экан;
– Инфаркт, касалхонага…—деди. Домлани медицина замбилида машинага олиб чиқиб кетишди. Студентлар қиқирлашиб «Дездемона»нинг туғилган кунига жўнашди. Йўлда Тарас Булба:
– Келаси ҳафта Отеллонинг туғилган куни,– деди.
ЯША, ШУНАҚА ВОҚЕАЛАРДАН ЁЗИ Б ТУР!
Икки дўст – Тўлаган билан Раҳимжон армияда бир взводда хизмат қилишарди. Бир куни Тўлаганга хат келди. Тўлаган постда эди. Раҳимжон «хат билан Тўлаганни бир хурсанд қиламан» деб хатни олди. «Кимдан экан» деб қараса, «О. Маҳкамова» деб ёзилган. «Ия, бу қайси жонондан экан, писмиқ, айтмайдиям» деб секин пичоқнинг юзи билан конвертни қопқоғини очаётган эди, қирқворди. «Майли, нима бўлса бўлди», деб хатни олиб ўқиди. Қараса, жонондан эмас, шоир дўсти Маҳкамовдан экан. Русчасига «от Маҳкамова» деганини тушунган экан. «Энди очилган хатни бериш одобдан эмас, яхшиси йиртиб ташлайман, билиб ўтирибдими? —деди-да, йиртиб, ахлат яшикка ташлади, Лекин дўстига хиёнат қилганидан кўнгли ғаш бўлаверди. Юрса ҳам, турса ҳам хаёлидан кетмасди. Уч кун чидади. Тўртинчи куни «Яхшиси кечирим сўрайман» деб қатъий фикрга келди. Тўлаган «Красный уголок»да газета ўқирди. Раҳимжон олдига бориб ялипчоқ оҳангда.
– Яхшимисан?– деди.
– Ҳа, маъюссан, тинчликми?– деди Тўлаган.
– Тинчликка, тинчлигу лекин бир хижолатлик иш қилиб қўйиб, узр сўрагани келдим,– деди елкасига қўлини қўйиб.
– Ҳар қандай дарёдан кечиртирвораман, нима гуноҳ қилдинг?—деди ҳазил аралаш Тўлаган.
– Гуноҳим шуки, дўстим, сенга келган хатни очиб ўқигандим, «от Маҳкамова» деганига бирон жонондан бўлса керак деб ўйласам, оғайнингдан экан, сўнг очиқ хатни беришдан ҳижолат тортиб йиртиб ташладим. Гуноҳим шу, кечир, дўстим.
– Шуми?
– Шу.
– Ташвиш тортма, нима ёзган экан?—деб тантилик қилди.
– Охиригача ўқимадим. Шеъри ҳам бормиди-ей,дудмал қилди Раҳим.
– Зарари йўқ. Жавоб ёзиб юбораман, – деб Тўлаган Раҳимжонни хижолатдан қутқарди. Раҳимжон енгил тортди. Оғайнисини бағри кенглигидан хурсанд бўлди.
Тўлаган кечқурун гўё хатни олиб ўқиганидан хурсанд бўлиб Маҳкамовга хат ёзди:
«Обиджон хатингни олиб чексиз хурсанд бўлдим. Шеъринг ҳам зўр чиқибди. Ёзган янгилигинг мени беҳад қувонтирди. Ана шунақанги мени шодлантирадиган воқеалардан ёзиб тур. Сенга бир дунё илҳом тилаб дўстинг, Тўлаган». Хатни конвертга солиб тезда жўнатиб юборди.
Тўлаган билан Раҳимжон хизматни бажо қилиб юраверишди. Орадан 17 кун ўтгандан кенин Обиджондан жавоб хати келди. Тўлаган дўстининг дарров жавоб ёзганлигидан хурсанд бўлиб, конвертни ёнини қиймалаб очиб, қисқа, ярим бетча ёзилган хатни ўқидию қулоғигача қизариб кетди.
Хатда бундай ёзилган эди: «Дўстим, Тўлаган, наҳотки сен отамнинг вафотидан чексиз хурсанд бўлган бўлсанг. Яна шунақа воқеалардан ёзиб тур дебсан, онам ўлишиниям кутаётувдинггми? Бу гал сени албатта, шодлантира олмайман. Дўстлигимизни бунчалик мўрт, сени шунчалик енгилтак деб ўйламаган эдим. Балли… Обиджон».
Тўлаганнинг боши айланиб кетди.
ХОТИНИМНИНГ УРУҒИДАН ЎРГИЛАЙ
Хотинимнинг қизиқ одати бор, бошқа хотинларда ҳам шунақа одат борми? Йўқми?.. Билмадим. Агар бошқа хотинларда ҳам шунақа одат бўлса унда ҳамма хотинларнинг уруғи бир деса бўлаверади.
Мана, унинг одатидан бир шингил. Мен уйга ичиб келган куни кўзлари олайнб сўрайди:
– Яна, ким билан топиша қолдингиз?—деб.
– Ҳа, оғайним билан учрашиб қолувдим…– десам, тамом магнитафон айланиб кетади:
– Ҳа, нима кўп, итти божасн кўп дегандек, сизнииг оғайниз кўп. Ҳали институтда бирга ўқиган, ҳали бирга ишлайдиган, ҳали биттасини ўғил тўйи, биттасини қиз тўйи, ойлик олган кунингиз, ҳали пахтада танишган дўстиз, ҳали касалхонада бирга ётган оғайниз. Ҳали бир нарсадан хунобсиз. Бунинг чеки бўлади-ми? Йўқми? Ичкилик балоси бир кун бошиззи ейди. Бир кун кўчада гандираклаб, сўлакайиз оқиб, кўзиз жиннини кўзидай бемаъно боқиб кетвотганизда, бир ўпкасини қўлтиғлаган машина қоқади кетади, ундан кейин, кўзиз мошдай очилади. Йўқ кўзиз юмилади. Ана ундан кейин худо кўрсатмасин мана бу арзандалариз… айтишга тилим бормайди… деб узоқ жаврайди. Ичган бир стакан ароғим, еган яримта шўр бодрингим ичимга заҳар бўлиб киради. Ҳа, ишонаверинг.
Агар хотиним:
– Яна ким билан тотина қолдингиз?—деб сўраганда:
– Аканг Абдуллони кўрувдим. Қўймай ресторанга олиб кирдим. Шунга ичишдик…– десам, магнитафоннинг лентаси ағдариб қўйилади.
– Акмал акам яхши юрганканлами? Болалари тинчканми? Ойимла нега уч-тўрт кундан бери келмаётганаканла, соғлиқлари яхши эканми? Адамла курортдан кептилами?—деб юмшоқ оҳангда саволларга кўмиб ташлайди. Ҳаммасига «ҳа», ё «йўқ» жавобини олгач: «Адаси, ана калавотга жой тайёрлаб қўйдим. Кириб ётақолинг, бир ухлаб турсангиз, тиниқиб турасиз», дейди. Камина дўмбиллаб кириб кетиб ётадилар. Кайфим ва кайфиятим яна юз чандон кўтарилади.
Ахир «яхши гапга илон инидан чиқади…» деб бекорга айтишмаганда.
Бу гаплардан кейин қайната-қайномамнинг уйини олдидан дўкон очдим. Бундан хотин ҳам хурсанд «яхши бўпти, вақти-бевақт хабар олиб турасиз», деб. Ҳозир деярлик ҳар куни ичиб келаман. Хотин магнитафоннинг яхши записи билан қарши олади. Ахир билади-да, йўқ акаси, йўқ укаси, йўқ поччаси, йўқ амакиси билан ичишимни. Бегона билан ичсам ҳам яхшилаб суриштираман, хотинимга уруғ чиқиб қолармикан, – деб. Чиқади, албатта чиқади.
Ахир ҳамма одамлар бир ота бир онанинг боласи дейишади-ку, чиқмасаям чиқазворамиз.
Хотиним минг уруғ.
Хотинимнинг уруғидан ўргилай.
ҚИЙШИҚ ДЕВОР
Каминалари туя ҳаммомни орзу қилгандек, иморат солишни ихтиёр қилиб қолдилар. Цементдан пойдевор қурдириб бўлгандан сўнг, хом ғишт тердиргани ремонт идорасидан уста чақирдим.
Уста хом ғиштни уч кунда иккита лойкаш билан тўсинга олиб чиқди. Бундоқ қарасам, бир ёқ девор қийшиқ чиқибди.
– Устака, девор қийшиқроқ бўлиб қолибдими-а?дедим.
– Ҳа, сағал қийшиқроқ, ғиштлари ўзи бир текис эмас экан. Ҳеч нарса қилмайди. Чопиғда тўғри бўлиб кетади,– деди.
Хотиржам бўлдим. Бир ҳафта ўтгач, болтани чархлатиб, қийшиқ деворни чоптириш учун иккита одам чақирдим. Улар тушликдан сўнг бир соат-бир соат ухлаб олиш шарти билан келишди. Кечқурун чопиқдан кейин ҳам девор тўғри бўлмабди.
– Эй устакалар, тўғри бўлмабди-ку,—десам:
– Ташвиш тортманг, муллака, сувоғида тўғри бўлиб кетади,– деди. Бу гапида ҳам жон бўлса керак деб хотиржам бўлдим. Орадан бир ҳафта ўтгандан сўнг, бир сувоқчига бердим. Сувоқдан кейин қарасам девор ҳалиям тўғри бўлмабди.
– Устака, деворимнинг қийшиғи тўғри бўлмабди-ку, дедим.
– Мен 40 йилдан бери сувоқчилик қиламан. Бу қийшиғи ҳеч гап эмас, алебастер сувоқ қилдирганингизда кафтдек текис бўлиб чиқади. Ана унинг устига чертеж қўйиб чизсангиз ҳам бўлади,– деди.
– Ҳа, майли—дедим ноилож.
Икки ҳафтадан сўнг алибастер сувоқчига бердим. Ўша қийшиқ девор тўғри чиқмади. Яна устага:
– Бу девор тўғри чиқмабди-ку,– дедим.
– Ҳечқиси йўқ, бўёқда билинмай кетади, – деди.
Ннма дейман, бўёқчини кутдим. Буни қарангки бўёқдан ҳам қийшиқлиги сезилиб чиқди. Мен бўёқчига:
– Рипат ака, девор қийшиқ чиқибди-ку,– десам.
– Ўзи шунақа экан, акаси, нима қилай, – деди.
МЕН ЧИҚМАГАН КУН
Қўшним ер қимирлагандан кейин Бешқайроғоч массивидан участка қилиб борди. Менга ҳам ўша ердан участка беришди. Уч-тўрт йилда қўшним уйини яхшилаб битириб олди-ю, кейин ичкиликка берилиб кетди. Унинг ҳар куни бир баҳонаси бор.
Бир куни уйига тасодифан кириб қолсам, улфатчилик авжида:
– Ҳа, ноқобил, Мирзақобил? – деб ҳазиллашдим. Сўнг:
– Бизни туғилган кунинг билан огоҳлантирмабсан, ахир кучимиз етганича бир совға кўтариб келардик,деб гинахонлик қилдим.
– Дўстим, айбга буюрмайсан, бугун менинг учун байрам: Ана шу кўриб турган олмага бугун экканимдан кейин биринчи марта чумчуқ қўнган кун. Шуни нишонлаяпман. Эртага марҳамат қил! Эртага кир ўрага биринчи марта сув тушган кун. Индинга ғишт қуядиган киши алдаб кетган кун. Уни индинига алибастер қотиб қолган кун. Хуллас, ҳар куни бир куним бор. Ишқилиб ҳаммасини яхшиям дафтаримга ёзиб юрган эканман. Хотиним бир куни «Қачон куниз битади? Жонга тегди-ку», дейди. Мен айтдим: «Э, ўзингни кунинг битсин, битта кесак қўймагансанда, билмайсан. Лой деб, гувала тупурганингда билардинг. Энди ишлаб, пул топаётганингни пеш қилаяпсанми?! Ишлаган вақтимда мен ҳам ишлаганман, овозингни ўчир, лунжингга тушираман». дедим, хотин киши-да! Эртага чиқинг, дўстим. Бир отамлашамиз. Иложи бўлса, бир «новча беақл»дан қўйинга уриб чиқинг. Мен дафтаримга: «Эртага сизнинг чиққан кунингиз бўлади» деб ёзиб қўяман. Шу билан, ҳар йили «сиз чиққан кунни» нишонлаймиз. Хўп дедиму, лекин унинг уйида бир бемаза куп туғдиришдан воз кечиб чиқмадим. Орадан бир йил ўтгандан кейин уйига чиқсам бурнини шолғомдай қилиб, қип-қизариб, тиржайиб ўтирибди. Ҳа, десам, Мана бугун «Сиз чиқмаган кун», шуни нишонлаяпман, дейди.
Во ажаб!..
ДИРЕКТОРНИНГ ҚАРАШИ
Заводга янги директор келди. Дарвозага киргандан кейин чап тарафда симёғоч бор эди. Биринчи кирган одамнинг кўзи ўшанга тушарди. Янги директорнинг ҳам диққатини тортди. Бирдан нима бало уриб қоқилдию папкаси қўлидан учиб кетиб, ўзи симёғочга суяниб қолди. «Хайрият, чил-парчин бўлиб йиқилмадим. Худо ўзи бир асради, яхшиям шу столба бор экан. Бўлмаса оёғим осмондан бўлиб шармандаю шармисор бўлишим ҳеч гап эмас эди» деган гапни хаёлидан ўтқазди. Шу пайт месткомнинг эпчил йигитларидан бири осмондан тушгандай пайдо бўлиб, папкани йиғиштириб, енги билан артиб, хонасига олиб бориб қўйди. Директор биринчи галда симёғочга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлди. Лекин ўйлади: «унга ташаккурнома эълон қилиб бўлмаса, сувратини «ҳурмат тахта»га илиб қўйиб бўлмаса, мукофот бериб бўлмаса. Нима қилиш керак? Лекин симёғочдан қиёмат қарз бўлиб қолиш ҳам яхишмас…» Эсига бир нарса келиб қолди, жамоатчи мухбирлардан бирига мақтаттириб газетага чиқармоқчи бўлди. Ва шу қарорда тўхтади. Ўз-ўзича мийиғида кулиб қўйди, қани азаматлар симёғочни қанақа қилиб мақтар экан-а. Кнопкани босди. Сузилиб, буралиб секретар қиз кириб, нима буюрасиз дегандек сўзсиз директорнинг кўзларига қаради. Директорнинг демоқчи бўлган гапи эсдан чиқаёзди, секретар қизнинг онгли таманносини ўзича таҳлил қилиб. Сўнг фикрини жамлаб:
– Элмира, жамоатчи мухбирни чақиринг,– деди.
– Қайси бирини?—Элмира нозланди.
– Яхшисини.
– Ҳа, топдик,– деди директор калавани учини топгандай.
Зум ўтмай Қиличев кабинетда пайдо бўлди. Директор бўлган гапни тушунтирди ва охирида, «мақола чиқса, мукофот биздан» деб гапини якунлади.
Мухбир директорнинг олдидан учиб чиқди. Шу заҳоти ёзишга ўтирди. Мақола эмас, шеър ёзилди. Бунга мухбирни ўзиям ҳайрон қолди. «Вой, тавбангдан кетай, ширин гап яхши-да, илҳом қайнайди-я, ё тавба» деди.
Мана бу мисраларни қайта-қайта ўқиди:
Заводимиз симёғочи
Елка тутар симларга.
Баҳор чоғи қалдирғоч
Завқ бермайди кимларга.
Симёғочнинг бахти кулган
Ўрнатилган тўғри ерга.
Ҳатто суянчиғ бўлган
Қосимжонов – директорга.
Директорнинг олдига завқ билан кириб келди. Қўлига «мана, мақола эмас шеър, сизнинг ширин гапингиз илҳом берди», деб тутқазди. Директор ўқиб мийиғида кулди. Шеърга фамилияси сиғдирилганидан номи хутбага қўшиб ўқилган шаҳзодадай ўзини бахтиёр ҳис қилди. Тарихга айлантирганини, абадиятга юз тутганини ўйлаб ичидан офтоб чиқди. Шу заҳоти қудаси – газета редакторига телефон қилди. Уч кундан сўнг Қиличевиинг сурати билан шеър «Ишчи шоирлар» рубрикаси остида босилди. Шеърнинг чиқиши Қиличевдан кўра директорга кўпроқ шуҳрат келтирди. Бир ҳафта телефон бўлди. «Қосимжонов, табриклаймиз, номиз шеърга чиқибди, шоирам зўр экан», Қосимжонов қойил…», «Қосимжонов, камтарсиз…» деган мазмунда телеграммадан бир папка келди. Директор умр бино бўлиб бунақа маза қилмаганди. Вой, маза қилди. Мазаям гапми, рохат қилди. Қиличевга ҳам қаловини топиб каттакон мукофот бериб юборди. Қиличевнинг кийимлари, юриш-туришлариям ўзгарди. Қиличев халқ контролига сайланди. Судга маслаҳатчи бўлди. Район депутатлигига номзоди кўрсатилди. Суврати «Ҳурмат тахга»га илинди. Қиличев столбани баъзан бориб силаб-силаб келадиган бўлиб қолди.
Орадан бир йил ўтгандан кейин нимаям бўлдию заводга меҳмонлар – ревизорлар келди. Улар билан хонада кичкина дастурхонча ёзишиб ичишди. Меҳмонларни кузатиб қўяётганда тасодифни қарангки, директор яна столбани олдига келганда йиқилиб, столбага боши урилиб ёрилди. Ёмғир ёғиб ўтгани учун ҳўл асфалтда кийимлари иркит бўлди. Сменадан чиққан ишчилар бир-бирига «Хўжайин бўкиб ичибдилар-да, уларга топилади. Тағин ичкиликка, прогулга қарши натация ўқийдилар, деб эшиттириб ўтиб кетишди. Директорнинг товонидаги жони миясига чиқиб кетди. Симёғочни ҳозироқ арралатиб ташламоқчи бўлди. Амаллаб хонасига бориб олди. Месткомнинг эпчилларидан бугун негадир топилмади. Элмира дастрўмолига атр суриб директорнинг ёрилган жойига босди. Кийимларини тозалаб, эпақага келтирди. Директор ўзини креслога ташлаб «Қиличев» деди. 15 минутда Қиличев ҳозир бўлди.
– Шу муттаҳам столба ҳақида энди фельетон ёзасиз. Мукофот биздан, – деди. Воқеани йўлакай эшитгани учун Қиличев бошқа бир оғиз сўз демасдан фақат «хўп» деб эгилиб чиқиб кетди. Ярим соатда шеърий фелъетон билан директор олдига кирди. Директор ўша ҳолатда ўтирган эди.
– Ўқинг!– деди.
Мухбир ўқиб кетди:
Заводимиз симёғочи,
Кеккайиб кетди жуда.
Кенг ёйилди эрк қулочи
Ҳам ўзидан ўтди жуда.
Не сабаб денг кеккайишга,
Чет элга у тортганмиш сим.
Шу сабабдан ҳар бир ишга
Аралашмай турармиш жим.
Шунинг учун симёғочни
Тезда керак олиб ташлаш.
Қосимжонов рухсат этинг,
Керак ўтга ёқиб ташлаш.
Директор қувонди. Чеҳраси ёришди. «Кенг ёйилди эрк қулочи» гапига эътироз ҳам қилди. Мухбир шеърий фелъетонда озгина муболаға ҳам бўлади, дегандан кейиин тушунмаган бўлса ҳам маъноли қилиб «ҳааа!» деб қўйди ва қудасининг телефон номерини терди.
Эртасига «ҳажв дафтаридан» рубрикаси остида Қиличев портрети билан шеърий фелъетон чиқди.
Директор хонасида яна бир ҳафта ёқимли қўнғироқлар жаранглади. Хат, телеграмма, откриткалар ёғилди. Салафанга ўралган ноёб гулдасталар «табрик» номи билан келиб қабулхонани безади. Газетадаги шеърий фелъетон муҳокамасининг қарорига биноан симёғоч арраланди. Мардикор бозоридан меҳнат шартномаси билан таклиф қилинган арракашлар симёғоч теппасида электр сими борлигига қарамай арралаворган экан, симёғоч қулаётганда замекани бўлиб ўт чиқиб кетди. Мухбирни ток уриб олибди. Ҳозир касалхонада экан. Месткомдан бориб келганлар, «одам бўлиши қийин» деб келишди. Заводни комиссия текшираётган эмиш.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?