Текст книги "Қадр"
Автор книги: Хуршид Рузикулов
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 5 страниц)
Хуршид Рўзиқулов
ҚАДР
АНЖИР ГУЛИН КИМ КЎРГАН?
Қанчалар самимий, бетакрор мисра. Ҳар бир инсон кўнглини жунбушга келтиради. Мана шундай мисралар эгаси, адабиёт дунёсига янги бир қадам билан кириб бораётган Хуршиджоннинг ижодида ёрқин табиийликни сезиш мумкин. Она, Ватан мавзуларини ёритиб бера олган, ҳеч кимникига ўхшамаган топилмалар топа олган, муҳаббатни мадҳ эта олган Хуршиджонда улкан истеъдод бор:
Онамнинг бошида оқ ҳарир рўмол,
Отамда Марғилон, Чуст дўппилари.
Улар елкасига тегди ҳур шамол,
Ўзлигига қайтди ўз тилаклари…
дейди шоир “Ватан ишқи” шеърида. Хуршиднинг шеърларини ўқиган одамнинг кўнглига ўзгача нафас киради. Энг муҳими унинг шеърларида ўзлик бор. Унинг ҳар бир мисраси яшашга қодир:
Ҳеч кимга ўхшамас бу алвон ранглар,
Менинг юрагимга ўхшар лолазор…
Нақадар оддий, гўзал ифода. Баҳорда алвон рангга кирган далаларни ўз юрагига ўхшатиш… Шоирнинг мана шундай мисралари, ўхшатишлари адабиётимиз тарихида ўчмас из бўлиб қолади, десам адашмайман.
Хуршиджон! Адабиётнинг сеҳрли оламига хуш келибсан. Энди унинг машаққатли йўлларидан юриб бориш ўзингга ҳавола.
Салим АШУР
Она
Меҳрибоним айтгин, нега дол қаддинг,
Балки оғригандир ўртаниб қалбинг?
Бўй етгач улғайиб, билдим-ку қадринг,
Она, сочларингга оқлар тушибди.
Ўзинг емай туриб, едирдинг менга,
Топганингни фақат кийдирдинг менга,
Янги либос менга-ю, эскиси сенга
Она, сочларингга оқлар тушибди.
Қарзимга етмайди умримнинг вақти,
Мева фарзанд бўлса она дарахти.
Шу эрур билмадим оналик бахти
Она сочларингга оқлар тушибди.
Ҳар қачон
Шу кунгача фақат сенга зорландим,
Билмай кўпроқ кўча-кўйга чоғландим,
Бўйим етиб дўст– у ёрга боғландим,
Энди дардинг олмасам мен ҳар қачон,
Ўғлим дема асло мени онажон.
Тўйлар қилиб, дединг кўрай келинчак,
Олай дебсан, набирангга қўғирчоқ,
Кечагина менга эди беланчак,
Энди ҳаддинг сиғмаса гар ҳар қачон,
Ўғлим дема асло мени онажон.
Оилам деб тўрт томонга югурдим,
Сенга етмай, ўз боламга улгурдим,
Билиб-билмай сенга гоҳо дўқ урдим,
Энди қаддинг буксам тағин ҳар қачон,
Ўғлим дема асло мени онажон.
Сен туфайли ҳар нарсага қодирман,
Сен туфайли давраларда бордирман,
Сен туфайли бир аёлга ёрдирман,
Энди бахтли қилмасам мен ҳар қачон,
Ўғлим дема асло мени онажон.
Оҳ, ўзинг учун ҳам яша бир нафас,
Ниҳолинг улғайди, ўзингни ўйла.
Қўй мени, синовлар қийнасин бир пас,
Гоҳ ўғлинг ўйлайсан, гоҳи оила.
Она десам номинг дарёдай тошқин,
Меҳринг уммонида кўринмас қирғоқ.
Мени деб кетдими кўзингдан чақин,
Юзингда ажин-у, сочларингда оқ.
Онажон
Жим турма, буюр, айт,
Қарзимни узайин, узайин қандоқ…?!
Ўргатинг ота
Яна тонг отади, шўнғийман ишга,
Орзуим ушалсин айланмай тушга,
Гоҳида ўз ризқим етмайди тишга,
Тўкис яшамоқни ўргатинг ота.
Айтинг-чи, дунёда борми ҳақиқат,
Сабабсиз кўз ёшлар тўкилмас албат,
Интилсанг толе ёр, дейсиз-у фақат,
Тўкис яшамоқни ўргатинг ота.
Ҳар куйга соларкан ҳаётнинг изми,
Худо синовларга дуч қилди бизни,
Сизга хос босайин сиз босган изни,
Тўкис яшамоқни ўргатинг ота.
Сабрингиздан сабр, беринг бардошни,
Ҳалол меҳнатимдан тик тутай бошни,
Ўғлингиз топмади сиздай сирдошни,
Тўкис яшамоқни ўргатинг ота.
Она мадҳи
Меҳрингиз бепоён кенг бу оламдан,
Қарздорман сизга боғлиқ ҳар дамдан.
Дунёга келтириб, интиқ отамдан
Суюнчи олганим, сизсиз онажон.
Она куйинманг, бас, энди мен учун,
Дилингиздан кетсин хавотир, тугун.
“Ўзингизни ўйланг” – деб айтсам бугун,
“Улғайиб қолдингми?” –дерсиз онажон.
Бешик тебратгансиз, қалам тебратай,
Алладай сеҳрли қўшиқ яратай,
Изн беринг шу он, шундай деб айтай,
Кўнглимда ёзилган шеърсиз онажон.
Ўзбекистон
Ватан қадри билинаркан ўсса онгинг,
Файзли отар ўз юртингда ҳар бир тонгинг,
Ҳеч битта ёв бузолмайди соябонинг,
Суянгани ўзинг тоғсан Ўзбекистон.
Сендан олис кетмоқ менга оғирдир,
Соянг керак, меванг бунча тотлидир,
Миллат, элат бари сенда аҳилдир,
Яшнагани ўзинг боғсан Ўзбекистон.
Бешигингда аллалаган ёлғиз ўзинг,
Мард ўғлонинг икки қилмас ҳеч бир сўзинг,
Буюк тарих бордур доим ёруғ юзинг,
Жонлар ичра ўзинг жонсан Ўзбекистон.
12 юлдуз
Нон шаҳридир гўзал макон пойтахтимиз,
Тунлари ҳам чароғондир ойтахтимиз,
Мустақиллик майдонидир Тошкентимиз,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир .
Сирдарёнинг дарёлари жўшиб оқар,
Сулувлари мажнунтолдан чечак тақар,
Олма, анор, шафтолиси дилга ёқар,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Баланд-баланд нақшинкорли айвони бор,
“Жонлими”-, деб сўрашгани каломи бор,
Хоразмнинг шўх ягона, лазгиси бор,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Тенги йўқдир Сурхондарё полвонлари,
Гўзалликда қолишмайди жононлари,
Қир-у адир кезишади чўпонлари,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Тож Маҳалга муҳрланди Бобур номи,
Андижондир асли унинг шуҳрат-шони,
Бутун дунё китобида халқ достони,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Аскияга ёш-у қари бирдай кулар,
Белбоғли чин курашни ҳам қойил қилар,
Айтмасам ҳам Фарғонани ҳамма билар,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир .
Олислардан кўринади минораси,
Регистонда жаранглайди куй-навоси,
Самарқандда бошқачадир тўй садоси,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Тупроғида бордир қанча тиллолари,
Саҳросида унар гиёҳ лолалари,
Навоийнинг аҳил амма-холалари,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Қарич ердан боғ яратар боғбон мисол,
Қовунлари жуда ширин асал мисол,
Жиззах шаҳри ўзгача бир жаннат мисол,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Қашқадарё чавандози чапдаст бўлар,
Эл-юрт учун хизмат қилса кўнгли тўлар,
Кексалари эл-юртига тинчлик тилар,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Гуллар шаҳрин гуллатади дурадгори,
Мудом илғор, чарчамайди пахтакори,
Наманганча сўзлашади санъаткори,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Мен туғилиб ўсган диёр бешигим шу,
Сайёҳларга ҳар он очиқ эшигим шу,
Етти пирлар юрти бўлган Бухоро шу,
Ўн иккита юлдузларнинг биттасидир.
Байроғимиз ҳилпирасин дунё бўйлаб,
Юлдузларим қанот бўлинг ватанимга,
Хуршидбек ҳам қалам тортар сизни куйлаб,
Озод, обод юрт ярашар Ўзбегимга.
Юрт тинч-да…!
Йўллар равон,
Йўллар равон.
Йўлга чиқди,
Йўлга чиқдик.
Ўзлик деган,
Ўзбек деган
Буюк карвон,
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Наврўз қайтди,
Асли Наврўз.
Йигирма ёш
Мустақиллик
Ўз сўзини
Барибир айтди.
Ўзбегойга ярашибди.
Гули қизил
Рўмолининг.
Бузилмайди,
Бузилмайди,
Ҳатто ини чумолининг…
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Акаларим,
Укаларим
Илм излаб
Ватан қурган
Даргоҳларда.
Кексаларга тилин сизлаб
Қувнашади,
Яйрашади.
Миллат эккан
боғ-роғларда
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Бекитгандир
бобожоним
эгнидаги чопонни.
Ҳафсаласи пир бўлгандир
Кийолмайин дўппини.
Қўрқитгандир
Ёмонлар.
Замонлари
тор пайти.
Бугун – дўппи бошда
Ечилмайди чопони.
Миллий руҳ
бизга қайтди.
Энди келиб сўзлат ёв
Чўлда юрган
чўпонни…
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Она тилим
қувнар дилим.
Туш эдинг сен
ўзбекка,
Мана бугун –
ғурур билан
Хуш келдинг сен
ўзбекка.
Осойишта эл ярашар
ҳар султон-у
ҳар бекка,
Кўриб қўйсин
тилшунослар,
билиб қўйсин
Чўлпонни.
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Эрталабдан бошланар
саҳар ош,
Падар оши.
Тўй кетидан
Тўйлар келар.
Қутлуғ бўлсин
Йигитларга
қаламқоши.
Шодон кеча
Ноз-неъмати
Эли билан ошланар.
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Байроғимиз ҳилпирайди
Дунёларнинг тўрида,
Шундай элнинг
келажаги
Биз ёшларнинг қўлида.
Момом
дуо қилар бўлди
Шукрона деб
сўрида.
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Ел сочимни силайди,
Эл бошимни
силайди.
Бундан ортиқ
фахр йўқ,
Бундан ортиқ
меҳр йўқ,
Бундан ортиқ
сеҳр йўқ,
Шу бир ҳаста
ўғилгинам
Шоир бўлсин, -
дея онам тилайди,
Юрт тинч-да,
юрт тинч.
Ўзбек
Ота-бобом кўрган қанчалар заҳмат,
Ўтмишда яшаган топмай ҳаловат,
Минг бора шукрлар айтаман, раҳмат
Давлат қура олган мардона Ўзбек.
Бепоён далада олтин толалар,
Дастурхонга тўлди ширмой кулчалар,
Аслида бирдамлик, иймон куй чалар,
Яйраб яшнамоқда дунёда Ўзбек.
Ёвлар билмабди-да кимлигимизни,
Аҳилликда бизнинг зичлигимизни,
Бир кўриб қўйишсин қувончимизни,
Миллатлар ичида бир дона Ўзбек.
Онажон
Ҳаттоки номинг ҳам дарёдай тошқин,
Меҳринг уммонида кўринмас қирғоқ.
Дуоларинг софдир, оллоҳга яқин,
Қалбимда шуурингни асрайман узоқ.
Қўлимга бехосдан санчилди тикан,
Оҳ тортдинг ғам чекиб, тикан заҳрига.
Яра менда, аммо синоат экан,
Қийноғи бораркан она бағрига.
Танаси бошқалар дард билмас эмиш,
Лек ёлғон бу сўзлар, билаяпсан-ку.
Онаси борларга бу мақол тушмиш,
Кўнглимни кўтариб, кулаяпсан-ку.
Қаддингни, ҳаддингни кўкларга тенг тут,
Оёғинг остига эмаклаб борай.
Дардли онларингни барини унут,
Не десанг бажарай, кўнглингга қарай.
Ватан
Агар жўшқин дарё бўлсанг, мен битта томчингман Ватан,
Бағрингдаман тарки дунё олисда оқмайман Ватан.
Менга бешик бўлдинг ўзинг, ёғоч бешигинг олдида,
Қад кўтарган Эйфелга-да бир зумга боқмайман Ватан.
Юрагимни эзса дардим, ёқсам агар ўз-ўзимни,
Сенга бўлган қалбимдаги ишончни ёқмайман Ватан.
Сен борсанки қўлим узун, фарзандингни имкони кўп,
Қалқон бўлай, эшигингни душманга очмайман Ватан.
Менга берган ноз-неъматинг асли қадри тоғдан баланд,
Бир сиқим тариғингни ҳам беҳуда сочмайман Ватан.
Очаяпсан тун-кун чирой, деворингга бир ғишт қўяй,
Қад кўтар, бас, хизматингдан ҳеч қачон қочмайман Ватан.
Бағрингда мен гадо бўлай, бахтим хотиржам юрганим,
Сендан олис ўзга юртда йўқ подшоҳ бўлмайман Ватан.
Гар қуш бўлсам чаманимсан, меҳрибон бошпанам
менинг,
Ҳар куни соянгда юрсам таҳлика сезмайман Ватан.
Эй, Хуршид ғазал битибсан она юртинг шарафига,
Ашъоримга амал қилмай асло шеър ёзмайман Ватан.
Ўтмиш
Беш кунлик дунёнинг ёлғонларига,
Ким бас кела олар, нуқта қўяр ким.
Беш кунлик дунёнинг ёмонларига,
Ким чидай олади, ким туради жим
Чаёндек чаққанлар менга аёндир,
Шубҳа-гумонлардан йироқда юрак.
Онамга дардларим узун баёндек,
Кўз ёшим дарёдек туюлса керак.
Ёлғон ва ёмоннинг фарқи нимада,
Иккиси ҳам бир ўқ, мўлжали битта.
Сувда қалқсам агар ожиз кемада,
Чўкишимни кутган дўст сони мингта.
Ёмонга қилмишин қилмоқчи эдим,
На қилай, худодан тортиндим ота.
Сиз борсиз, дедиму, кўксимни кердим,
Сочингиз оқига ўртандим ота.
Ўртандим, ўргандим, ўтмиш – кечмишга,
Ёғиб ўтган дўлдай дилимга сингди.
Ғийбатчилар солди бизни миш-мишга,
Боз устига калтак бошимда синди.
Ёлғонга жавоби қайтмоқда секин,
Кўкдаги тожимдан, парвардигордан.
Ёмонга товонин тўлатмоқда чин,
Мен кечирдим, дил кечмас гуноҳларидан.
Бахт қуши ҳам келди қанотин қоқиб,
Куйлагим келаяпти, куйлайман бугун.
Сиз хурсанд кечада мен бир шам ёқиб,
Онажон шеър ёзиб тўймайман шу тун.
Онажон, отажон кетмангиз йироқ,
Сизлар керак менга сеҳри борларим.
Шу кунгача қанча шам ёқдим бироқ,
Шоир бўлолмадим, меҳрибонларим.
Ким кўрган…
Иймонсиздан ор топган,
Ажалга ҳақ фол очган,
Терак экиб тол чопган,
Бандани ким кўрганмиш ?!
Молин берган ўғрига,
Ўргимчакнинг тўрига,
Юриб борган гўрига,
Бандани ким кўрганмиш ?!
Етим оғзи мой бўлган,
Ерда юриб ой бўлган,
Қизин сотиб бой бўлган,
Бандани ким кўрганмиш ?!
Дилда армон қолмаган,
Айрода дод солмаган,
Умрин қарзга олмаган,
Бандани ким кўрганмиш ?!
Ота, она, эл, ватан,
Ҳаққига шеър битмаган,
Ҳаётида севмаган,
Шоирни ким кўрганмиш?!
Анжир гулин ким кўрган…
Топмадим
Қалблардаги кечинмани кўрмас кўз,
Белни букиб, қад йиқитар кам-у кўст,
Елкам қўйдим, панд беришди яқин дўст,
Суянгани отамдай тоғ топмадим.
Мен дунёнинг ишларидан куймадим,
Куйган билан дунёлардан тўймадим,
Дардкаш излаб онамни тинч қўймадим,
Онам каби бағри кенг боғ топмадим.
Ҳурриятдан ўзбегим тик осмон ўпди,
Буюк бўлмиш келажакдан армон кўчди,
Қонли тарих қолдирган доғ, буткул ўчди,
Бундан ортиқ қувончли чоғ топмадим.
Ҳатто ерни талашмоқни бошладилар
Ҳатто эрни талашмоқни бошладилар.
Ҳатто ойни талашмоқни бошладилар
Кўкка учиб кўкарган зоғ топмадим.
Илҳом келиб юрагимга солса ҳужра,
Ярашмасмиш қўлларимда қалам турса,
Мени телба деб айтган давра узра,
Ҳақ сўзимни айтай десам соғ топмадим.
Бахт
Бахт…
нимадир ўзи?!
Қандай ҳиссиёт.
Ойми,
Қуёшми?
Ё ор диёнат,
Ё мардлар сўзи?
Ой кўкда,
Қуёш ҳам кўкда.
Диёнатчи,
ҳалол юракда.
Демак бундай
диллар
Бахтли…
Кўкдагилардай,
бирдай керакли
кўплар кутгандай.
Хиёнат –
барибир омонат.
Йўли тузоқда.
Бахт томон юр,
Яхши бўл инсон.
Барчага бир
Макон.
Навбат кутиб тур.
Эмас узоқда,
Эмасдир ҳазил,
Борар жойингни,
Товон босмоқда.
Яхши сўз –
бахт,
Яхшилик яхши.
Эзгулик кутар кўз,
Кутилганни,
Куйлагин бахши,
Чалгин торингни,
Ёмон қочмоқда.
Тутилганни
Қувмагин,
Талар борингни.
Эй дил,
Неларни ўйларсан
бугун.
Қоғозга ташлайсан
бир талай
тугун.
Дардингни айт,
Давоси шеърлар…
Ёнимга қайт.
Балки,
китоби йўқ шоирни
девона дерлар.
Айтақол,
омонат сирлар,
омонат кунлар,
Омонат бизлар.
Майли ёз,
ярашмаса ҳам.
Сен ғариб –
улар соз,
қарашмаса ҳам,
юрагингда ўт,
чақинларинг бор.
Сев,
севавер.
Ўша сулув сочинг
тарамаса ҳам.
Мана бахт,
шулардан гуллаган
шеърларинг дарахт.
Қалам ол,
Оққа сол,
Майли
бир кунингга
ярамаса ҳам…
Устоз изладим
Сўз сеҳрини ҳатто кўради сўқир,
Беркиниб қаламим тўртликлар тўқир,
Онам топиб олиб шеъримни ўқир,
Мен обрўни эмас, устоз изладим.
Қалбимнинг боғида ундим майсадай,
Ўгит кутган эдим, санчди найзадай,
Шеъримни асрадим, ўзим асрамай,
Мен обрўни эмас, устоз изладим.
Шеърларим кўрсатсам, қўйиб кет, деди,
Малолдир, қабоғин уйиб, кет, деди,
Кузатмай, эшикни ёпиб, кет, деди,
Мен обрўни эмас, устоз изладим.
Бевафо
Севмай юриб севдирган,
Мени ўтда куйдирган,
Юзим ёшга тўлдирган,
Бевафодан кечаман.
Урар ишқсиз юраги,
Ёлғон унинг кераги,
Қачон бўлар дараги,
Юрагидан кетаман.
Бўлмам энди оввора,
Қош-у кўзи ойпора,
Севган гулим маккора,
Чиройини нетаман.
Ҳали қўмсар сўзимни,
Ёшга тўлган кўзимни,
Тушда кўрар ўзимни,
Ўзимга зор этаман.
Оловга ташлар
Тор кўчада пойлаб йўлингни,
Сенга ҳадя қилсам гулимни,
Ҳали бир бор тутмай қўлингни,
Бир боқишинг оловга ташлар.
Силамасдан узун сочингни,
Орзу қилдим қора қошингни,
Кўрмай туриб кўзинг ёшини,
Бир боқишинг оловга ташлар.
Қучмасимдан аланга бўлдим,
Ақл-у ҳушдан бегона бўлдим,
Қиё боқсанг девона бўлдим,
Бир боқишинг оловга ташлар.
Муҳаббатим кўкарган майса,
Бир боқишга юрагим куйса,
Билмадим ёр эркалаб суйса,
Хуршидбекни оловга ташлар.
Қишлоғим
Остонадан бошланар Ватан,
Остонамдир менга Кесакли.
Боғларига кўрк қўшар мудом,
Очилган гул– лолалар шакли.
Полвонларнинг юрти қишлоғим,
Номинг билар ҳатто Сидней ҳам.
Рустам ака, Фарҳод Тўрани,
Зарварақда кўрар дунё ҳам.
Ҳалол ишлаб пахта ва буғдой,
Етиштирар бободеҳқонинг.
Ўз илмини Малайзияга,
Танитмоқда Шерзод ўғлонинг.
Меҳмондўстлик қилар барчага,
Қишлоғимнинг аҳли инсони.
Остонани хор айласа ким,
Ватангадо тупроқ сарсони.
Ҳар соҳада ташлаймиз қадам,
Биз ёшлардан кўнглинг тўқ бўлсин.
Остонани қишлоқ, Ватан деб,
Айтмаганлар бари йўқ бўлсин!
Ватан ишқи
Ҳалолдир ўзбекнинг ҳар луқма оши,
Ҳурлик неъматидан татиб яшар.
Ватан узук бўлса, тинчликдир қоши,
Ахир узукка кўз сўзсиз ярашар.
Онамнинг бошида оқ ҳарир рўмол,
Отамда Марғилон, Чуст дўппилари.
Улар елкасига тегди ҳур шамол,
Ўзлигига қайтди ўз тилаклари.
Орим отам…
Оиламиз интизоми сизда тайин,
Дуоингиз жўш уради, дилда майин,
Бўйлар чўзиб мен улғайиб ўсган сайин,
Юзингизга ажин тушган, боғбон отам.
Қиз узатиб ёшга тўлди кўзларингиз,
Бизлар учун қадоқ бўлди қўлларингиз,
Не синовлар кесиб ўтди йўлларингиз,
Сочингизга оқлар тушган сарбон отам.
Сиз борсиз-ки кўнглим доим, чоғ бўлади,
Кулсангиз гар кичик ҳовлим боғ бўлади,
Яхши фарзанд отасига тоғ бўлади,
Қўлингизга асо тушган, шодон отам.
Хато қилсам кечиргувчи, тузатувчи,
Бор меҳрини кафтларида узатувчи,
Сафарларга кетсам агар кузатувчи,
Хавотирда йўлим кутган, ҳайрон отам.
Отажоним кўзингизга нур бўлойин,
Қадоқ бўлган қўлингизга, дур бўлойин,
Ишончингиз оқлолмасам, кўр бўлойин,
Мени дарддан фориғ этган, дармон отам.
Ота бўлиб қадрингизга етаяпман,
Сизнинг босган изингиздан кетаяпман,
Сизга атаб ушбу шеърни битаяпман,
Суянганим, меҳрибоним, борим отам.
Қалби тоза, иймони бут, орим отам!
Келажак соғинчи
Санъатни гуллатган Охунжон эди,
“Беш кунлик дунё” деб Муҳриддин кетди,
Эҳ фалак, уларга нималар берди,
Келажак уларни соғинади кўп.
Юлдузга айланган Эргаш Каримлар,
Уларсиз қолдик-ми кўнгли яримлар,
Энди хотира-ми миниатюралар,
Келажак уларни соғинади кўп.
Мийиғида кулганча кетди Ҳожибой,
Наҳот қайтаролмас аламли дод– вой,
Муҳаммад Юсуфнинг шеърларидир бой,
Келажак уларни соғинади кўп.
Энг сўнгги ролини чала қолдириб,
Мухлислар қалбига ҳижрон солдириб,
Қани Равшан Солиҳ, топинг қидириб,
Келажак уларни соғинади кўп.
Собит Асомовни кўрмадик бугун,
Дилнуранинг кетгани ечимсиз тугун,
Улар умри бевақт топдими якун,
Келажак уларни соғинади кўп.
Қўшиқлари тирик, Лайло барҳаёт,
Нуриддиннинг ажали қилмади тоқат,
Мўминсиз “Божалар” не қилар ҳайҳот,
Келажак уларни соғинади кўп.
Юртим фахрлари сира ўлмагай,
Улар эккан гуллар энди сўлмагай,
Санъатнинг меҳрига миллат тўймагай,
Келажак сизларни доим соғинар,
Ўзбегим уларни мангу соғинар.
Рашким келади
Гул юзлигим ором олар уйқуда,
Ширин тушлар кўриб, қушдай елади.
Уйқу оғушида оромин кўриб,
Ёрнинг уйқусига рашким келади.
Тонг отди, уйқудан, уйғонди ул ёр,
Оҳу кўзларига қора кўзим зор.
Табиат қўйнида тонг билан дийдор,
Ҳатто шу тонгларга рашким келади.
Ёрим сочларини шамол тўзғитар,
Оҳ, бебош шамолга рашким келади.
Куйлагин этаги майса тебратар,
Яна майсаларга рашким келади.
Юрак севса агар ҳеч рашксиз бўлмас,
Кучли муҳаббатда рашк нечун ўлмас.
Билмам, қалбим бунча қизғаниб тўймас,
Севдим, ўз-ўзимга рашким келади.
Шоирнинг гуноҳи недур
Тарихни қалам-ла қоғозга солар,
Келажакни севиб шам мисол ёнар,
Тунлари ухламай оромдан қолар,
Айтинглар, шоирнинг гуноҳи недур.
Қоғозга тўкилар кўнглим ашъори,
Юлдуз бўлиш эмас, ниятдир ори,
“Юрак – бу хониш” – шудир шиори,
Айтинглар, шоирнинг гуноҳи недур.
Тилга олар ёз-у баҳор, кузини,
Кўкларга кўтарар мардлар сўзини,
Шеър учун тунлари юммас кўзини,
Айтинглар, шоирнинг гуноҳи недур.
Дилдаги ҳасрати эзгандир балки,
Ўн саккиз ёшида севгандир балки,
Қаламдан бир юпанч сезгандир балки,
Айтинглар, шоирнинг гуноҳи недур.
Шеъриятдан яралган ҳар битта наво,
Илҳом парилари дардига даво,
Хуршидбек қалами бир умр фидо,
Айтинглар, шоирнинг гуноҳи йўқдир.
Куз
Куз келди,
начора,
тўкилар хазон.
Илгари кўм-кўк эди,
мақтанишарди.
Энди бугун ерда,
қанчалар арзон.
Майли, деб тасалли беришди барглар,
Ҳар қалай дарахтнинг соясидамиз.
Шуни ҳам кўп кўрди бераҳм фасл,
Шамолин чақириб бирма бир қувлар.
Бардоши етмагач куз шамолига,
Ерда учаётиб ҳар ён қарайди.
Дарахтлар ачинар ўз жамолига,
Қуёш нурларидан куйиб сарғайди.
Қушлар келиб қўнди,
кўзларида нам,
нималардир кам,
нигоҳида ғам.
Сўрашар,
сайрашар,
қани соям,
қани бошпанам?
Кун қизариб,
қуёш ҳам сўнди.
Кузнинг қарорига
қушлар ҳам кўнди.
Тонг отди,
эсди
майин шабада.
Қарашди барглари
йўқдир тепада.
Бевафо, дедилар дарахтга қараб,
Қушлар патларини оҳиста тараб.
Жаҳл қилиб олисга кетдилар учиб,
Куз кириб келганди хазонлар қучиб.
Дунёда айб йўқ
Энг яқин дўстларинг арзон сотсалар,
Ҳолингни вой қилиб тошлар отсалар,
Қўл чўзмай бекиниб сендан қочсалар,
Нолима, эй инсон, дунёда айб йўқ.
Эртага унутса берган ошингни,
Хам қилиб қўйишса ёлғиз бошингни,
Оқизиб кетсалар кўздан ёшингни,
Нолима, эй инсон, дунёда айб йўқ.
Пайтин пойлаб сени кутсалар узоқ,
Оёғингдан чалиб, қўйсалар тузоқ,
Билолмай қолсанг гар не қора, не оқ,
Нолима, эй инсон, дунёда айб йўқ.
Мардман, деб ёнингда номард турсалар,
Ортингдан ғийбатинг қилиб юрсалар,
Тафт тортмай бетингга қарсак урсалар,
Нолима, эй инсон, дунёда айб йўқ.
Ҳаммага етгани бир парча мато,
Индама, номардлар қилишсин хато,
Қайтар дунёдир бу, бу қайтар дунё,
Нолима, эй инсон, дунёда айб йўқ.
Бу ҳаёт шунақа, қаддингни тик тут,
Сени унутганни ҳаққинг бор, унут,
Ёруғ кун келади, сен ҳам уни кут,
Нолима, эй инсон, дунёда айб йўқ.
Тингламади
Дунёни ёлғончи демоқчи бўлдим,
Айтсам юракдан ҳапқириб тўлдим,
Кейин ўз-ўзимга йиғладим, кулдим,
Нега мени ҳеч ким тингламади – деб.
Ғам чексам, кимгадир нолалар қилдим,
Сукунат жимлигин қулоққа илдим,
Ёлғиз сирдошим менлигим билдим,
Нега мени ҳеч ким тингламади, – деб
Йўқми мендан бошқа ўзимга сирдош,
Сирдошсиз қай юрак бераркан бардош,
Кўзимдан соясин қизғанмоқда қош,
Нега мени ҳеч ким тингламади,– деб.
Кўп бора уриндим розим айтишга,
Мажбур бўлар сўзим ортга қайтишга,
Дастрўмол ноз қилар ёшим артишга,
Нега мени ҳеч ким тингламади,– деб.
Дунё қўшиғини тингладим ўзим,
Қалбим ошиғини тингладим ўзим,
Тақдирга тан бериб сўзласам ўзим,
Нега мени ҳеч ким тингламади, – деб.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.