Текст книги "Қадр"
Автор книги: Хуршид Рузикулов
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 5 страниц)
Алам
Дилим яра, бутун эмасман,
Қизил чўғман тутун эмасман,
Оҳ, кетарман кимни йиғлатиб,
Мен дардимдан устун эмасман.
Кимлар учун дўстман, яқинман,
Лекин менга ишонгувчи йўқ.
Яна кимга ўтман, чақинман,
Лек дардимни йўқотгувчи йўқ.
Пешонамга битилган тақдир,
Неки бўлса таслимдир танам.
Тан олган хақ, ўлим ҳам ҳақдир,
Яхшиларнинг кетгани алам.
Кўп яшашга шеър керак бўлса,
Ҳар нафасда шеърлар битардим.
Ёзганимдан бировлар кулса,
Эртагаёқ кетган бўлардим.
Мен ўлимга шеър битганим йўқ,
Бугундан эртага қолгувчи сатр.
Мен ҳеч кимдан ранжиганим йўқ,
Мен шунчаки ҳақликка асир.
Мени ёмон дебди…
Муҳаббат боғида юрганим кўриб,
Севгимни алдамчи ҳисларга йўйиб,
Мендан совутишга минг бор уриниб,
Мени ёмон дебди, сенга яхшилар.
Севиб қолгунимча мен яхши эдим,
Бошга ишқ тушгунча мен яхши эдим,
Қўлингдан тутгунча мен яхши эдим,
Мени ёмон дебди, сенга яхшилар.
Ошиқ Мажнун ҳоли аён не кечган,
Балки қийноқлардан саҳрога кетган,
Соф севги доимо мардона ютган,
Мени ёмон дебди, сенга яхшилар.
Ишонма, севгилим, юргин тоғларга,
Майли-да, кирмайлик гулзор-боғларга,
Тағин биз қолмайлик бўҳтон-доғларга,
Мени ёмон дебди, сенга яхшилар.
Ким яхши, ким ёмон, ҳақ қайси томон,
Сўзлари ўқ бўлса, ўзлари камон,
Билмадим, севилиш наҳотки ёмон,
Мени ёмон дебди, сенга яхшилар.
Яхшилар бир пайтлар севмаганмикан,
Севгилисин яхши демаганмикан,
Илк бўса соғинчин сезмаганмикан,
Мени ёмон дебди, сенга яхшилар.
Кўнглим эшигини бир очиб кўрсанг,
Чап кўксим зарбини бош қўйиб билсанг,
Хуршидни яхши деб, эркалаб суйсанг,
Уни ёмон дебди, сенга яхшилар.
Ўткинчи замон бу
Гар булбул бўлмасанг сайрама,
Душманни дўстингга қайрама,
Паст кетиб баландда яйрама,
Ҳаммадан қолгувчи даврон бу.
Айб қўйма замоннинг зайлига,
Эришмай қайтганлар Лайлига,
Буюк зот бўлмагин майлига,
Ҳаммадан қолгувчи даврон бу.
Ўзингни ўзгадан тутма зўр,
Мақтанчоқ зоғларга бўлма жўр,
Шошилма барини ўйлаб кўр,
Ҳаммадан қолгучи замон бу.
Шайтонга номусни сотмагин,
Кечиргин, ёмонни отмагин,
Юкингни бировга ортмагин,
Ҳаммадан қолгувчи карвон бу.
Илонга тегмасанг чақмайди,
Очкўзга диёнат ёқмайди,
Дастурхон бўш бўлса, боқмайди,
Ҳаммадан қолгувчи хирмон бу.
Севмаса суйкалиб нетарсан,
Ўзингни қадрсиз этарсан,
Ахийри алданиб кетарсан,
Ҳаммадан қолгувчи жонон бу.
Қалбимни ўртайди наволар,
Бўғзимга етмайди ҳаволар,
Дардимга топмадим даволар,
Ҳаммадан қолгувчи дармон бу.
Абадий яшамоқ эртакдир,
Беш кунлик умримиз эрмакдир,
Орзулар кун келиб тупроқдир,
Ҳаммадан қолгувчи армон бу.
Лолазор
Ҳеч кимга ўхшамас бу алвон ранглар,
Менинг юрагимга ўхшар лолазор.
Шамолда тебранар шунчалар нафис,
Бергим келмас сира қўл чўзиб озор.
Қип-қизил сиёҳлар тўкилган мисол,
Гўзаллик бахш этар бепоён қирга.
Ўша ажиб ҳис, муҳаббат, висол,
Мен келдим, рақсга тушақол бирга.
Ёнбошлаб ётайин бағрингда бир пас,
Тебрангин ёнимда томоша қилай.
Бўғзимдан чиқмоқда соғинчли нафас,
Соғинчни сенга ҳам ўзим ўргатай.
Олдингга келарди мафтункор бир қиз,
Лолалар термади не учун қайтиб.
Соянгга кўмилган ундан қолган из,
Ё хафа қилдимми, севгимни айтиб.
Сўнгги бор келгани шу онлар эди,
Уч фаслга ташлаб кетарсан мени.
Юринг лолазорга борайлик, – дерди,
У кетди, мен фақат кутарман сени.
Дардимни биласан, дардкаш лолазор,
Кимга ҳам айтайин муҳаббат дардим.
Гўзаллик аслида дилни этар зор,
Сендан бўлак ҳеч ким эшитмас арзим.
Лолазор, Лолазор, чекмагин афсус,
Балки мен севишни билмагандирман.
Йўқса, кетармиди орзуим менсиз,
Изҳор қилишга сўз топмагандирман.
Чеккангда очилмай қолган ғунчалар,
Қалбимда чирмашган ўхшар тугунча.
Вужудим тор, гўё юрак шунчалар,
Сиғмайин урмоқда армонли кунга.
Кўксимга бош қўйиб, эркалаб малак,
Ташлаб кетган билан кетмади доғи.
Ҳеч чорам қолмади куйишдан бўлак,
Уятдан қизарма мен келган чоғи.
Бағримга босайин қучоқлаб, ўпиб,
Мени қуч, эркала, сила сочимни.
Сен борсан, бўлмаса кетардим кўчиб,
Тиз чўкиб пойингга қўяй бошимни.
Ёрим қўлларини соғинса лоланг,
Баҳор келганида қўлларимдан тут.
Барибир бевафо эшитмас ноланг,
Мен-ку унутмайман, сен уни унут.
Ҳар йили бир бора келаверасан,
Нечта баҳорларни кўраман билмам.
Йўлимга кўз тикиб кутаверасан,
Қачондир олдингга мен бошқа келмам.
Бағрингда шеър ёздим дилдан пинҳона,
Севганим ҳаққига кўксингни кергин.
Мен кетган чоғимда қирдан нишона,
Лолангдан қабримга бир дона бергин.
Фарзандсиз аёл
Бухоролик Зебо Фармоновага
Бола йиғисини соғингани рост,
Аллалар айтолмай оғрингани рост,
Беланчак бойлашга чоғлангани рост,
Бир тирноқ қўмсайди фарзандсиз аёл.
Тарқоқ, хаёлидан ўтмайди нелар,
Эркам деб эркалаб, суйгиси келар,
Баъзи ғийбатчилар ёмон ҳам дерлар,
Беркиниб йиғлайди фарзандсиз аёл.
Ёлғизлик ўртайди жимлик қаърида,
Армони қалашиб ётар бағрида,
Қўғирчоқлар турар уйин тўрида,
Ўйинчоқ силайди фарзандсиз аёл.
Ташлаб ҳам кетибди ёнидан ошиқ,
Ортиқ кўринади жонидан бешик,
Болалар уйида қоқаркан эшик,
Қора кўз истайди фарзандсиз аёл.
Тоқати тоқ бўлиб синдирар сабрин,
Қачонгача юрак кўтарар жабрин,
Она бўлмай билар, онасин қадрин,
Онам деб яшайди фарзандсиз аёл.
Ҳаваси келади қалдирғочларга,
Айвонда сайрашган овунчоқларга,
Исмлар ёзганча тол ёғочларга,
Қўлларин тиғлайди фарзандсиз аёл.
Ёстиққа бош қўйгач оқар кўз ёши,
Эрталаб уйғонса топмас сўз боши,
Ортиб қолар ҳар кун пиширган оши,
Ширин нон емайди фарзандсиз аёл.
Болалар боғчасин четдан кузатар,
Олисдан уларга қўлин узатар,
Бу бир кам дунёни қачон тузатар,
Кетгиси келмайди фарзандсиз аёл.
Биринчи июнни этолмайди ёд,
Бугун кўтармоқда армонлардан дод,
Ёлғиз аёл фақат чекаркан фарёд,
Сочлари оқарган фарзандсиз аёл.
Оллоҳдан ўзга ҳеч илинж топмаган,
Кўзмунчоқ кутишдан асло толмаган,
Боласичун Зебо кулча ёпмаган,
Тирноққа зор бўлган фарзандсиз аёл.
Равшан Эрматовга
Ўзбек ФИФА ҳакамига бағишланади.
Қойил сизга Равшан акам,
Бугун бизни дунё кўрди.
ФИФАга сиз аъзо ҳакам,
Майдонга ўзбегим чиқди.
Катта футболни бошқариб,
Қилмадингиз сира хато.
Ўзингизга ҳақ ишониб,
– Ўйна, дейсиз, ҳеч бехато.
Тик боқишиб кўзингизга,
Ноҳақ голни гол дейишди.
Тан беришиб сўзингизга,
Охир ўзи панд ейишди.
Ҳақ ҳакамсиз айтиш жоиз,
Шаштингизда йўқ таҳлика.
“Офсайд”, “Аут” сизга ожиз,
Қойил қолди-ку Африка.
Кутар сизни футбол акам,
Чексиз омад, зафар акам.
Бухородан Хуршид мухлис,
Ўзбегимдан чиққан ҳакам.
Менимча
Эй, гўзал қиз, кимнинг қизисан?
Қайси бойнинг маликасисан?
Қайси сойнинг шаршарасисан?
Бугун куним битди менимча.
Қора сочинг тундан олдингми,
Ойдан юзга ҳусн солдингми,
Нега жимсан, ёлғиз қолдингми?
Бугун куним битди менимча.
Оҳ, лабларинг қоним рангидай,
Хумо кўзинг баҳор тонгидай,
Мадорим йўқ ҳаста жонидай,
Бугун куним битди менимча.
Оқ кўйлакда билагинг ҳам оқ
Ҳеч бўлмаса бир бор қиё боқ.
Киприкларинг найзадай бироқ
Бугун куним битди менимча.
Хаёлларим шунчалар тарқоқ,
Сенсиз балки яшардим узоқ,
Ажал эмас, сен қўйдинг тузоқ,
Бугун куним битди менимча.
Ҳисоб
Ҳар тонг шеър битаман, шабнам қўйнида,
Мен билан баралла куйлайди офтоб.
Яшаш учун кураш бошланади-да,
Кечагидай яна кимларда ниқоб.
Ҳасратим сабримга тошларин отди,
Қалбимнинг сўзлари бўлмоқда китоб.
Кўкдаги қуёшим чиқди-ю ботди,
Умримдан бир куним олинди ҳисоб.
Бир кўришда-ёқ…
Кўркам фасли баҳор, ҳамма ёқ гўзал,
Аста қадам ила кетардим шу тоб.
Қаршимда кўринди сочлари ўжар,
Юрагим жиз этди, танамда офтоб.
Ассалом, деди-ю ўтди ёнимдан,
Ўша сарвиқомат, ўша сулув қиз.
Сал қолди кетардим сўзсиз ҳушимдан,
Ортидан қарашга мажбурлар бир ҳис.
Оҳ, менга нимадир бўлди билмадим,
Ҳаяжон ғарқ қилди ширин каломга.
Сайроқи тилгинам сайролмасди жим,
Ҳатто алик олмас битта саломга.
Бир зумда кўзимдан ғойиб бўлди у,
Гўёки ўзимни йўқотдим мен ҳам.
Бу қанақа ҳис, қандайин туйғу,
Ҳатто борлигимни ўзим ҳам билмам.
Бош айланиб зўрға бордим уйимга,
Ким-у, қиз бунчалар таъсирлантирди.
Ўйлайвериб тунгача етмам ўйимга,
Гўё мен-ла кетиб, соям қолдирди.
Кўзгунинг олдида ўтирдим узоқ,
Илк бор кўзларимга тик қиё боқдим.
Мени сеҳрлади, қўйди ё тузоқ,
Кўзларимдан ўша қизни изладим.
Бир сония боқдим шунчалар ҳам оз,
Аммо ундан қолган хотиралар кўп.
Агарда бўлсайди имконим бироз,
Уни бўсалар-ла этардим таъқиб.
Вақт алламаҳал, тунларим бедор,
Адо бўлдим ахир гўзал ҳуснига.
Унинг рухсорини исташиб кўзлар,
Кута-кута толиб кетди уйқуга.
Уф, нечун қийнайди уйқуда мени,
Э, воҳ, тинч қўймайди тушимга кириб.
Лекин мен бахтлиман, тушим-да уни,
Гулзорлар ичида олибман юриб.
Тонг отди. Азизам, уйғондим базўр,
Билмадим тушимда ҳам маъно йўқ сенсиз.
Гарчи куй-қўшиқдан топсамда ҳузур,
Тушиб кўр-чи ҳолимга бир ўзинг менсиз.
Қизил кўйлак ичра кўзим олдидан,
Кетмади титраган жисм-у қоматинг.
Эсласам, ёнаман гўё қасдидан,
Сени кўз-кўз қилди узун кўйлагинг.
Фақатгина эркам, бўлмагин армон,
Эшигингдан ўзга кутмагин ёрни.
Мени ром айлади биргина салом,
Йўлингга зор қилма кўзи хуморни.
Энди сенсиз яшаш менга ҳам мушкул,
Бир сенмас, ҳаттоки, тушлар тинч қўймас.
Меники бўлсанг бас, меники буткул,
Келин саломингдан бўлайин сармаст.
Мен сенга асирман, тутқинликдаман,
Сенсиз ўтган ҳар бир кундан нолибман.
Сенга бир гапим бор, фурсат кутаман,
Оҳ, бир кўришда-ёқ севиб қолибман.
Жавобсиз савол
Узоқ сузгим келар вақт дарёсида,
Шу оқим шашқалоқ, борлиқ эса жим,
Саволларга кўмар не истар билмам,
Бунча қизиқувчан менинг юрагим.
Нега чўл сувсизлик қаърига ботар?
Наҳот чанқамайди унда ётган қум?
Раҳмим келиб ногоҳ ёмғир мисоли,
Ёшимдан қонинг, деб келар йиғлагим.
Қуёшни қизғонар не учун фалак ?
Нурларни ютади қибла томоним.
Қанча савол бердим, лекин жавобсиз,
Гўё бошқаларга йўқдек керагим.
Оллоҳга тиз чўкиб, ишонганим рост,
Ундан ҳам кучли зот борми, айтинг, ким?
Тунда ялтираган юлдузлар не деб?
Тонгга қадар ойдан келар сўрагим.
Майлида, саволлар қолсин жавобсиз,
Индамай турганим шудир жавобим.
Неки қилган бўлсак шунга яраша,
Жавоби худодан қайтсин, тилагим.
Севмасам бўларкан
Минг ўргилсам арзир бўйи бастингдан,
Юракка ўт қўйдинг кўзингни сузиб.
Эс-ҳушдан айрилдим сенинг дастингдан,
Севмасам бўларкан тинчимни бузиб.
Бир йигит эдим-ки, елдай шўх шодон,
Севиб қолдим сени қайданам кўриб.
Энди сендан кечмоқ эмас-му осон,
Севмасам бўларкан тинчимни бузиб.
Зарб берар танамдан чиққудай юрак,
Елкангга тушибди сочларинг тўзиб.
Силашга қўлларим етмаса керак,
Севмасам бўларкан тинчимни бузиб.
Гулни хушламасдим тикани бор деб,
Қўлимдан қон оқди атиргул узиб.
Эшитдим, бошқа бир севганинг бор деб,
Севмасам бўларкан тинчимни бузиб.
Тан олдим, миш-мишлар бари рост бўлди,
Ошиқлар юрибди режалар тузиб.
Шароб кутган қадаҳ саробга тўлди,
Севмасам бўларкан тинчимни бузиб.
Тинчгина турганим ўн бор яхшийди,
Ўзгани кўрганим юз бор яхшийди.
Севмайин юрганим минг бор яхшийди,
Севмасам бўларкан тинчимни бузиб.
Қўлгамас, юракка санчилди тикан,
Мадҳингни куйлайман тунлар шеър ёзиб.
Кеч қолдинг Хуршидбек, суйкалма экан,
Севмасам бўларкан тинчимни бузиб.
Мардлар
Кун ботиб, осмонда чақнар юлдузлар,
Ортда қолди бугун чекилган дардлар.
Нодонлар нафсни деб чалишди кўпни,
Лекин қоқилса-да, йиқилмас мардлар.
Ор-номус, дўстликни назарга илмай,
Барчасин сотаркан сотқин номардлар.
Буларнинг қадрлари қоқилмай қулар,
Ҳатто қоқилса ҳам йиқилмас мардлар.
Шундайлар бор эрур ўзича танҳо,
Сура, оят, эмас қасамлар ёдлар.
Инсонга раббимдан берилган баҳо,
Қоқилсанг ҳам майли, йиқилма мардлар.
Юртдошим
Жангларда шаҳид кетган мард ўғлонларга бағишланади.
Онанг бағридан кетиб, курашдинглар ватан деб,
Ёринг васлидан кечиб, курашдинглар ватан деб,
Фарзандларинг кутганди, жон бердинглар ватан деб,
Озод қилиб ватанни, шаҳид кетган юртдошим.
Қурол тутган қўлларинг, кўкка етган қўлимиз,
Душманни хор қилганинг, равон бўлган йўлимиз,
Ғалабангни кўрмадинг, ёруғ бўлди кунимиз,
Обод қилиб ватанни, шаҳид кетган юртдошим.
Мустақиллик, эрк учун қизғанмадинг қонингни,
Ўзбек учун, юрт учун асрамадинг жонингни,
Мардлик қилиб беркитдинг танангдаги қонингни,
Хумо қушни рамз қилиб, шаҳид кетган юртдошим.
Мустақиллик майдони асли сенинг майдонинг,
Гуллаган шу диёрда барҳаёт яшар номинг,
Минг таъзимда ўзбегим, қадрлайди юртбошим,
Ватан учун ёвларга жони фидо юртдошим.
Севгисидан кечганлар
Тунлар секин йиғлайди,
Юрак бағрин тиғлайди,
Ёр суратин силайди,
Севгисидан кечганлар.
Доим хаёл паришон,
Татимайди шуҳрат-шон,
Асрдайин ҳар бир он,
Севгисидан кечганлар.
Гўё кундуз қоронғу,
Соғинч ичирар оғу,
Овутар тунги ёғду,
Севгисидан кечганлар.
Гулга булбул ярашар,
Севги дилларда яшар,
Хуршиддан шеър сўрашар,
Севгисидан кечганлар.
Уммон қалби
Ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган “Титаник” фильмига
Сокин уммон узра сузар бир кема,
Чироқдан маржонлар таққандек гўё.
“Титаник” йўлидан чиққан муз қоя,
Қани бўлса эди туш каби рўё.
Унда яралганди ажойиб севги,
Икки дил қувониб, яйрашди, кулди.
Лекин мудҳиш тунда кўркам “Титаник”,
Сув мисол оққандек кўз ёшга тўлди.
Қурбон қилди қанча-қанча юракни,
Сон мингта тақдирга ягона ажал.
Ўша душман номи Муз тоғи эди,
Энг аввал қўрқитиб, айлади беҳол.
Ҳавони қизғониб ҳар тирик жондан,
Улкан бой кемани сувга тўлдирди.
Ажалга пора деб пулин тутқазган,
Ҳар касу нокасни сўзсиз ўлдирди.
Даҳшатли қанчалар ўлимни кутмоқ,
Соатга термулиб, кутганлари бор.
Кимдир ўз-ўзига қуролин ўқтаб,
Бевақт ўлим билан кўришди дийдор.
Фақат икки юрак курашди роса,
Кема бўлинса-да, бўлдилар бирга.
Далда беришди-ю ошиқлар тинмай,
Қуруқлик исташиб етмади ерга.
Босқинчи либосда бешафқат уммон,
Оҳ, ўзи куйлабон, ўзи сўзлади.
Бир қизнинг ҳаётин асраган йигит,
Совуқ сув бағрида буткул музлади.
…Ҳайратда қолдирди санъат асари,
Дилларда хотира бўлди “Титаник”.
Қанча миллат, элат вакили билан,
Афсус, сув қаърига чўкди “Титаник”.
Шеърларим
Юракка бўйсуниб гоҳ қалам тутсам,
Титрайди қоғозга тушган сўзларим.
Ўйласам қалбим ҳам бироз аламда,
Шеърга кўча бошлар босган изларим.
Илҳомим келганда қочмоқчи бўлсам,
Занжирбанд айлашар қоғоз ва қалам.
Гўё мен асирман, қулман уларга,
Ҳаётдан ранжисам кўпаяр алам.
Қоғозни ўхшатдим кўкдаги ойга,
Ундаги қора доғ менинг шеърларим,
Мисоли бир сирман барчага пинҳон,
Ердан олисларда кўкда сирларим.
Буларнинг барини ёзмоқда юрак,
Жаннатга элтгудай қўлимдан тутар.
Қочишга уринсам дилдан йироққа,
Билмам қандай қилиб домига ютар.
Шеъримга оҳиста дедим пичирлаб,
Бу дунё ёлғончи, ишонманг менга.
Агар ташлаб кетсам чала қолдириб,
Шоҳ сатр битинг деб айтаман кимга?
Шеърларим –ҳаётим, биламан сизлар,
Мендан ҳам зиёда яшарсиз узоқ.
Дунёнинг бешинчи куни келганда,
Хуршидбек қочолмас, муқаррар тузоқ.
Шеърларим мендан ҳам зиёда яшар…
Бошқа сўзим йўқ
Эрка гулим сени деб бедор ўтар тунларим,
Ҳар сония эслайман, баҳор-у ёз кунларим,
Ўзга ёрнинг бағрига мендан кечиб кетдинг-а,
Боримни ҳам йўқотди, жоним сени севганим.
Севиб кўзим кўр бўлди, дўстдан кечдим билмадинг,
Бу дунёнинг завқидан, шавқдан кечдим, билмадинг,
Аммо санда на меҳр, на бир вафо топмадим,
Мана бугун ёлғизман, бағритошим келмади.
Севдим-у– севилмадим, ёрим менинг чорам йўқ,
Борай десам соғиниб, дийдорингга йўлим йўқ,
Ёр-ёрларни бахтим деб, мендан кечдинг йиғлама,
Йиғламагин азизам, сенга бошқа сўзим йўқ.
Васлинг учун боримдан кечганларим рост бугун,
Вафоси йўқ сўзингга учганларим рост бугун,
Ҳеч ишонгим келмайди, келин бўлдинг бевафо,
Дилда алам қолдириб, тўй қилаяпсан ёр бугун.
Бекатдаги қиз
Фариштадай бир қиз турар бекатда,
Нозик атиргулни эслатиб гўзал.
Таърифлаб ўтайин кичик бир хатда,
Ёзгим келиб кетди у ҳақда ғазал.
Тундайин қоп-қора узун сочлари,
Соч эмас ўйноқи мисли шаршара.
Кетолмай қолдим мен бекатдан нари,
Термулиб тўймасдим ажиб, манзара.
Ёйга ҳавас қилиб терилган қоши,
Узукнинг қошидай сўзсиз ярашар.
Ўн саккизга тўлган менимча ёши,
Биламан, ортидан кўплар қарашар.
Киприкларига сўз топмоғим мушкул,
Товуснинг патидай ялтирар тинмай.
Маҳв этди сўз демай мўъжиза буткул,
Гулларни гўзал деб юрибман билмай.
Ёнидан қарарман лек қудратим йўқ,
Мовий кўзларига тик боқмоқ учун.
Гўё оҳу унга қилгандай тортиқ,
Оҳуни кўргандай бўлдим мен бугун.
Ширин сўз бўсага яралган аниқ,
Қип-қизил бўялган ғунча лаблари.
Ранглар жилосидай кўринар тиниқ,
Болни шу лаблардан тер асалари.
Қаймоқдай юзидан ой ҳам ҳижолат,
Чунки йўқ экан-да ҳеч битта доғи.
Ҳароратим ошди, бу қандай ҳолат,
Шунга шунча бўлсам, ёқар қучоғи.
Янада безабди лабларини хол,
Хол эмас шубҳам йўқ, энг яқин сирдош.
Ичимдан айтаяпман, жонон мен-ла қол,
Кўзим етмаяпти бермоққа бардош.
Нафис қўл-бармоғи қай қўлдан ушлар,
Бир томчи қонимдай тирноғида ранг.
Кимнинг сочин силар, оҳ, кимни хушлар,
Бас, шоир қарама, сенинг ҳолинг танг.
Билакларин айтай, билакларини,
Калта енг кўйлакда кўз-кўз қилгандай.
Сўрасам айтар-му тилакларини,
Унга зорлигимни билиб тургандай.
Арк минорасидай қаддин кўтариб,
Турибди сийна-ю сурати шу дам.
Қурбон бўлсам камдир мен ундан ғариб,
Дунё гўзаллиги бари унда жам.
Хипчадай бели-ку ўзидан нозик,
Оҳ, рақс тушсайдим оҳиста ушлаб.
Сезмасдим у билан ҳеч дарддан оғриқ,
Бекатдан кетмоқда, эҳ, мени ташлаб.
Нотўғри тушунманг моҳитобонлар,
Ҳавас билан бир зум ҳурмат-ла боқдим.
Нигоҳ ташламасин асло ёмонлар,
Гўзаллик – яхшилик экан-ку, уқдим.
Қўлимда бўлсайди унвон бермоқлик,
Дунё маликаси дер эдим албат.
Насиб қилди менга шеър ёзмоқлик,
Тилагим бахтли бўл, тилай муҳаббат.
Муштоқлик
Ерда ётган хасга ўхшаймиз,
Шароб кутган мастга ўхшаймиз,
Қаноти йўқ қушга ўхшаймиз,
Сен менга зор, мен сенга муштоқ.
Бир келиб кет ошиғинг томон,
Борай десам аҳволим ёмон,
Соғинганинг қилмайман гумон,
Сен менга зор, мен сенга муштоқ.
Кўз ёшингни сўнгги бор артиб,
Боролмадим ёнингга қайтиб,
Юр кетайлик олисга қайтиб,
Сен менга зор, мен сенга муштоқ.
Қанча ёмонлар сотдилар бизни
Ўқли камон отдилар бизга
Тузоқ қўйиб кутдилар бизни
Сен менга зор, мен сенга муштоқ
Балки мени тушда кўрарсан,
Атиргулдан нажот сўрарсан,
Сен қиз бола йиғлаб кўнарсан,
Сен менга зор, мен сенга муштоқ.
Мен ухлолмай қандай туш кўрай,
Шам мисоли ёнайми, сўнай,
Энди айтчи, мен қандай кўнай,
Сен менга зор, мен сенга муштоқ.
Ота-онанг бойлик танлашди,
Мен томоним қизлар сайлашди,
Биз қафасда, улар яйрашди,
Сен менга зор, мен сенга муштоқ.
Қўй, қийналма, бўлма менга зор,
Йиғлайвериб бермагин озор,
Эссиз, билсак муҳаббат бозор,
Сен менга зор, мен сенга муштоқ.
Эй яхшилар, тушунинг бизни,
Зарга сотманг мен севган қизни,
Такрорлайман шу битта сўзни,
У менга зор, мен унга зорман.
Қизғаниш
Сен ўзгани, мен-чи сени танладим,
Орзуим боғларида гуллади ҳасрат.
Аламга бўйсуниб, девор муштладим,
Бир нарса юракдан кетмайди фақат.
Ўчмади, кўчмади ҳеч қачон рашким,
Жаҳлим олгим келар ҳамма-ҳаммадан.
Бошга бало бўлди биргина ишқим,
Ёрга узган гуллар ранжиди мендан.
Қизғаниб яшашдан умидим синар,
Тўрт девор ичида вужудим тиғлаб.
Ўзга дил, ўзга қўл сочингни силар,
Мен эса пинҳона кўняпман йиғлаб.
Рашк қоғозда, шунчаки жонсиз битта сўз,
Балки шунга мендан жон талаб этар.
Мени эзган сайин ёш ташлайди кўз,
Жонимни олақол, танамда нетар.
Ҳа, албат, не этар, не қилдим ўзим,
Бир ишни қилдим-ки, тан бердим холос.
Кўмиб ташлаганман қалбимга сўзим,
Сўнгги дийдор қадар чиқмайди овоз.
Қадрим синиб битди, тўкилдим бугун,
Хазон бўлаётган баргга айланиб.
Олдингга қадам йўқ, эртага тугул,
Бир бора бормадим минг бор шайланиб.
Ичимдаги рашк, сўнгги сўзимни,
Адо қил, ёр кетсин буткул ҳаёлдан.
Йўл пойлаб чарчатдим маҳзун кўзимни,
Барибир келмайди мен кутган йўлдан.
Қадаҳни тўлдирдим, ичдим тўлғаниб,
Шаробдан нолидим, кўнглим эмас тўқ.
Қизғаниш азоблар менга чулғаниб,
Аслида шаробда зиғирча айб йўқ…
Аёлим
Дўст дўстликдан тонган кун,
Кўзим ёшга тўлган кун,
Оға-иним кечган кун,
Ёнимдадир аёлим.
Яхшиларим сўкса-да,
Ўксик кўнглим чўкса-да,
Бошим тупроқ ўпса-да,
Ёнимдадир аёлим.
Бор-йўғимга чидаган,
Сочларимни силаган,
Менга омад тилаган,
Ёнимдадир аёлим.
Доим қадрим тоғ тутган,
Гар оғринсам оҳ ютган,
Йўлларимни зор кутган,
Ёнимдадир аёлим.
Кимда омад жамулжам,
Кимни кўзи мендай нам,
Аҳли дунё кечса ҳам,
Ёнимдадир аёлим.
Ранжитганман хато қилиб,
Пушаймондан ўзим тилиб,
Остонамни сажда билиб,
Ёнимдадир аёлим.
Қани дўст
Меҳр бериб ишонсанг нодон дўстингга,
Сомон қалаб юрар зимдан пўстингга,
Кўзи тушса агар кам-у кўстингга,
Аста-секин кетар ёнда турганлар.
Омадли чоғингда олқишлар бисёр,
Сени шарафингга айтишар алёр,
Лойга ботганингда танқидлар тайёр,
Хатонгни куйлашар қарсак урганлар.
Замонинг ўтдими, не кўйга тушдинг,
Олқиш-у ёрлиқлар конига учдинг,
Биллур қадаҳ тўла аламлар ичдинг,
Мақтаб ичиришди даврин сурганлар.
Ким эдинг, ким бўлдинг, ҳолингга қара,
Оҳ-о кимлар учун эдинг-ку сара,
Қалбингни ҳуфёна қилишди яра,
Сенга ҳамроҳ бўлмас сенла юрганлар.
Ҳаммадан ўтгувчи, қолгувчи замон,
Беш кунлик дунёда бўлманглар ёмон,
Дўстликнинг қадрига етинглар ҳар он,
Меҳр –муҳаббатни арзон сотганлар.
Балки тилло безар инсон савлатин,
Лек аниқ ёритмас борар хилватин,
Олиб кетолмади мана давлатин,
Тупроқнинг ичида сингиб ётганлар.
Кўзларимга боқ
Бир гўзал қалбимда, унутмоқ мушкул,
Мени ўша сулув қиз ўйлар-му бугун.
Юзимни тупроқлар босмасдан буткул,
Кетмасдан муҳаббат, кўзларимга боқ.
Менчи, фақат уни яшайман ўйлаб,
Ўзимни ўзимга тинглайман сўйлаб,
Шоир эмасману, шоирдай куйлаб,
Ўтмасдан муҳаббат, кўзларимга боқ.
Қоғозгамас кўзимга ёзилган сўзим,
Қайлардан топайин яшашга тўзим,
Қўл силтаб ахийри ўзимдан-ўзим,
Кечмасдан муҳаббат, кўзларимга боқ.
Сен борсан юракка ўчмас умидман,
Битта нигоҳингдан бахтли хушнудман,
Армон қувлаяпти қочоқ Хуршидман,
Етмасдан муҳаббат, кўзларимга боқ.
Шу оқшом севгилим келин либосда,
Ўзга қўлдан ушлар, менчи, бир хаста,
Ҳижронга ғарқ бўлдим қуёшим аста,
Ботмасдан муҳаббат, кўзларимга боқ.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.