Текст книги "Қадр"
Автор книги: Хуршид Рузикулов
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 5 страниц)
Кетгим келмайди
Мен борман, менга йўқ, тўлмас кам-кўстлар,
Гоҳида алдашди алдамчи кўзлар,
Дардимни тинглашиб сотишди дўстлар,
Лекин мен улардан кечгим келмайди.
Майли бир ғарибга кўрсатсин кучин,
Ёмонни яхшидай кўрганим учун,
Хазон бўлган боғдан азизам нечун,
Бир зумга йироққа кетгим келмайди.
Беминнат беришсин илон заҳрини,
Ичардим ёвузнинг кесиб қаҳрини,
Бировнинг таажжубли сохта меҳрини,
Кўнглимга қул бўлиб ичгим келмайди.
Душманни қиличдан қилмайман жудо,
Керак бўлса агар шу жоним фидо,
Ҳар кимга қилмишин қайтарар худо,
Аламдан асло қасд этгим келмайди.
Бахт
Изҳорларим дилдан отилгани йўқ,
Тонгача шаштимни сақлай оламан.
Ёрни кўрганимда сўзга журъат йўқ,
Гўёки у билан жодуланаман.
Оғир экан ишқни беркитиб яшаш,
Озодлик истаган маҳбус мисоли.
Занжирбанд қилмоқда биргина қараш,
Мендан маҳбуснинг ҳам яхши аҳволи.
Ёр сочин силашга қўлларим кишан,
Мен кимман ошиқми, чекинган қўрқоқ?
Кипригин остидан қолдирди нишон,
Шундан бери менинг ҳаёлим тарқоқ.
Севдим деб айтмоқлик бўлмоқда мушкул,
Елкамга тоғлар ҳам юкин босгандай.
Ич-этим ёнмоқда кўз ёшларим кўл,
Дастрўмол бўйнимга дорлар осгандай.
Севганман, севаман, юракка кўмиб,
Шоҳ бўлсам хаёлим менга буюк тахт.
Начора, онажон, яшайман кўниб,
Севгимни қоғозга ўрамоқлик бахт…
Беғубор қиз
Йўл четида турар ногирон бир қиз,
Кўзларида нурмас маъюслик қалқир.
У ҳам истаяпти қолдирмоқлик из,
Изн бермаяпти унга шум тақдир.
Эй синглим, наҳотки дунё бағри тош,
Михланиб қолдингми кафтингдек жойга.
Кўчага термулиб бўляпсан оташ,
Мен-ла юр, дардингни айтақол сойга.
Тенгқур шўх қизларга боққанинг сайин,
Кўзингдан оқаяпти аламли ёшлар.
Ғамни беркитмоққа кулишинг тайин,
Сохта кулгунг мени сен томон бошлар.
Менда ҳам уйғонди сенга бир ҳавас,
Чунки ҳеч кимсага тегмас озоринг.
Бўғзимдан оҳ уриб чиқмоқда нафас,
Юрагимга тиғдай ботди дийдоринг.
Қўлларингни бергин, оҳиста тутай,
Йиғлама, ёнингда турайин бирпас.
Олдингдан бепарво қандайин ўтай,
Баъзи бир шўх қизлар, эҳ, шунчаки хас.
Қалбинг бунча тоза , бунча беғубор,
Елкангга зулматдек туширма сочинг.
Менга кулиб қўйгин, майли, сўнгги бор,
Қўлим-ла юзингдан артайин ёшинг.
Умидсиз бўлмагин, ноумид шайтон,
Кун келиб қуёшинг порлагай албат.
Дилдан дуоларим қиламан ҳар тонг,
Мен каби қўлингдан тутар муҳаббат.
Ёнимдаги ишқ
Ўзимча муҳаббат гадоси бўлдим,
Билмайин гўзаллик шайдоси бўлдим,
Узоқ ёр узун соч адоси бўлдим,
Олдда оқар сувнинг қадри йўқ экан.
Кўзимни кўр қилган, бойлаган бир ҳис,
Ҳою ҳавасларга минг чўкибман тиз,
Мени ёниб севган ёнимдаги қиз,
Олдда оқар сувнинг қадри йўқ экан.
Оҳ, назар солмабман қишлоқ қизига,
Қора кўз, ғунча лаб, ойдек юзига.
Ишонмай юрибман дўстим сўзига,
Олдда оқар сувнинг қадри йўқ экан.
Кечиккан севгимни олисга кўчир,
Мендайин нодонни қалбингдан ўчир.
Келин бўлгунингча билмадим кечир,
Олдда оқар сувнинг қадри йўқ экан.
Бахт олиб кетдинг сен ўзга бир ёрга,
Афсус йиғлаяпман топталган орга,
Хуршидбек осилган баландроқ дорга,
Олдда оқар сувнинг қадри йўқ экан,
Қадри ўтганида сабри йўқ экан.
Гулхан
Мана шу кечадай дунё қоронғу,
Мен бир бечоранинг оқармас кўнгли.
Ёлғон ваъдаларинг ичирди оғу,
Тўйинг садолари мен учун мунгли.
Ёр-ёрларинг фақат қийнайди жоним,
Сочларингни ўзга силайди жоним.
Қайда қолди бугун аҳд-у паймонлар,
Кўзларим ёмғири тинмайди жоним.
Сенсиз юрак эмас кўксимдаги тош,
Бунча қийнаяпсан куй-қўшиқ билан.
Телбалик сояси кўзимдаги ёш,
Чимилдиқ кўряпсан қай ошиқ билан.
Гулхан атрофида айланяпсан лек,
Менинг дунёлардан айланди бошим.
Бевафо кўрмадим эркам сенингдек,
Чиқмас бўлиб ботди сўнган қуёшим.
Уч бора айландинг гулханга бир бор,
Қарагин ловуллаб ёняпти жисмим.
Гулхан ичидаги менман, эй дилдор,
Кул бўлиб оёғинг остида исмим.
Яхши кўргандирсан топган ёрингни,
Севаман деб унга айтмагин зинҳор.
Шу тун тортиб олдинг йўғу борингни,
Энди Хуршидбекка ёлғиз худо ёр.
Севиш
Асир бўлса ажиб ҳисларга дилинг,
Олис манзилларда яқиндек йўлинг,
Дўстларинг сўрашса муҳаббат сиринг,
Айтолмай тонишинг севишдир севиш.
Соғинсанг сулув қиз, кўзи қарони,
Тополмайсан ундан ўзга аълони,
Сотиб олдинг энди бошга балони,
Пинҳона ёнишинг севишдир севиш.
Жўшқин давраларда камнамо бўлиб,
Сукунат қаърига хаёлан чўмиб,
Юрагинг ҳапқириб ўзингча тўлиб,
Ёш бўлиб оқишинг, севишдир севиш.
Сармаст бўлгинг келар ул ёр бахтидан,
Гоҳ кўнглинг оғрийди елдек шаштидан,
Ёнингдан ўтса гар қараб ортидан,
Жимгина боқишинг, севишдир севиш.
Мажнун ҳам бесабаб телба бўлмаган,
Шу бир кам дунёдан кўнгли тўлмаган,
Ўн саккизга кириб кимлар севмаган,
Аразлаб қолишинг севишдир севиш.
Муҳаббатнинг ҳатто алами ширин,
Соғиниш аччиғу, дийдори ширин,
Баъзида етказган озори ширин,
Дилдан шеър ёзишинг севишдир севиш.
Шукрона
Хотиржам уйғондим, уйғонгум ҳар тонг,
Эркин ўтган бир кун йилга баробар.
Ҳуррият баралла урганида бонг,
Ватанга шукрона айтаман минг бор.
Чаманига кирсам гулларин ҳидлаб,
Дилимда қолмайди ҳеч битта ғубор.
Боғимда кўраман мевамдан тотиб,
Ватанга шукрона айтаман минг бор.
Кўчалар кезсам гар йўлларим равон,
Йўл бўйи оқланган дарахтлар ҳам бор.
Бу йўлдан ўтгайдир не элат карвон,
Ватанга шукрона айтаман минг бор.
Чойхона-гузарлар ёнидан ўтсам,
Миллатим қудратин этолмам инкор.
Бошдаги дўппимдан руҳланиб кетсам,
Ватанга шукрона айтаман минг бор.
Элдан ғурурланиб уйимга қайтсам,
Болаларим уйни қилишар бозор.
Шу қора кўзлардан кулгу эшитсам,
Ватанга шукрона айтаман минг бор.
Улуғ неъматимиз тинчликка шукр,
Ватан қура олган Ўзбекка шукур!
Ватан
Ватаним мадҳингга не айтай бугун,
Мурғак гўдагиндан очайму сўзим.
Озод, қалбимизда қолмади тугун,
Баркамол авлоддан ёруғдир юзинг.
Бағрингда ёшларинг имконлари кўп,
Қайга узатишса етар қўллари.
Умид ниҳоллари боғларингни ўп,
Ким орзу қилмаган бундай кунларни.
Деҳқоннинг кетмони тушмас кифтидан,
Бир дона чигитдан толалар унар.
Элга берганини билдим кафтидан,
Қадоқ қўлларида яшнайди ҳунар.
Дунё тан олмоқда ўзбеклигингни,
Париж, Рим, Сиднейга номинг таралган.
Йигирма йил олдин сен кимлигингни,
ЎЗБЕК деб баралла айтолган, Ватан.
Суянган тоғимсан, боғимсан ўзинг,
Бир сиқим тупроғинг кўзга суртаман.
Герб ва байроғингда битилган сўзинг,
Минг шукр, сендайин обод юртдаман.
Тотлидир тинчликда ҳар луқма ошим,
Шукрона айтмоқни ўзбек яратган.
Нурли истиқболга бошлар юртбошим,
Бир шоир ўғлига ишонган Ватан.
Шеърим…
Балки мен шоирмас, бир парча қоғоз,
Шунчаки қаламга айтганман сирим.
Қалбимдан чиқади бир ҳисли овоз,
Хонтахтам устида ётибди шеърим.
Шоирга хосмасдир дардларим бироз,
Парвозга чиққудай йўқдир қанотим.
Илҳомим айлади тунларимда роз,
Болишим остида ётибди шеърим.
Улғайдим онамнинг эртакларида,
Ким билсин, тўрт мисра жўштирар қоним.
Эски бир кўйлагим чўнтакларида,
Қўл тегмай энтикиб ётибди шеърим.
Ҳолдан тойиб чарчаб келган кунларим,
Қоғозга тушар жим пешона терим.
“Ҳа, ёзгинг келдими?”, сўйлар дўстларим,
Улардан беркиниб ётибди шеърим.
Эй дўст, илҳом келса ёзайин бир пас,
Ҳеч бўлмаса куйлай туғилган ерим.
Ватанни куйлашни қилганман ҳавас,
Лекин бир чеккада ётибди шеърим.
Гўё мен дарёман қирғоқлар узоқ,
Мени тинглагувчи топдим манзилим.
Ўзимга топдим-у мисрага бироқ,
Тополмай жимгина ётибди шеърим.
Эй қалбим, нолиши сўраманг паноҳ,
Бир куни ижобат бўлар ниятим.
Дилдан чиққанларим мендадир гуноҳ,
Яна хонтахтада ётибди шеърим.
Ҳатто телбани ҳам мушкул йиғлатиш,
Қалам ушласам гар оқар кўз ёшим.
Энди менга мушкул телбадай бўлиш,
Осонгина йиғлаб ётибди шеърим.
Иштиёқ кучим бор, армоним ҳам бор,
Қилган хонишимга етмас қудратим.
Уйимда бир талай ғижим қоғоз бор,
Мендан хафа бўлиб ётибди шеърим.
Баҳо сўрамадим бу сўзим айтиб,
Кутмадим ўзгадан ўзгача қадрим.
Гул терсам шеърият боғига қайтиб,
Хазонлар остида ётибди шеърим.
Шеърлар ёздим мана ўқинг онажон,
Аммо китобдамас дафтарда сирим.
Нашр қилолмадим узр онажон,
Не қилай айтингиз, ночорму шеърим?!
Муҳаммад Юсуф
Шеърият боғининг дардли боғбони,
Қолибди кўзларим сизга кечикиб.
Қалам изларингиз бунчалар ўтли?
Вужудим ёнади, юрак ичикиб.
Қанча шоирларни ютган қаро ер,
Юта-юта тўймай чақирди сизни.
“Кетманг бобом”-дея Билолингизнинг,
Фарёди куйдирди эрка уч қизни.
Бухорода яшаб мендай, бошқадай,
Ҳаваскор қаламкаш улуғ шоирлар.
Келажакка бўлиб тарих кўзгуси,
Бухорони сиздай куйлолмадилар.
Андижон кўзлари йиғлаган кеча,
Тупроқ қучоқлади қоматингизни.
Мен эса бехабар янги шеър кутиб,
Варақлар эдим-а китобингизни.
“Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди”,
Деб куйлаб ўтдингиз Чўлпонга доир.
Ҳақиқий шоирлар асло ўлмайди,
Ҳалқим шоирисиз ҳақиқий шоир.
Қаламга сиздайин бормикан сирдош?!
Қаро ер эшитар сирларингизни.
Олиб кетгандирсиз дилга пайваста,
Ёзилмаган қанча шеърларингизни.
Лек абад тириксиз сўзларингизда,
Бўлмасангиз ҳамки эл аҳли аро.
Андижон ўғлидан айрилган лаҳза,
Йиғлади ўғлим деб, йиғлар Бухоро.
Сиздай буюк шоир чинор бўлса гар,
Юз йил шеър ёзсам ҳам япроқ бўламан.
Қулатолмас сизни минг йиллик довул,
Бир кунлик шамолда унут бўламан.
Ватаннинг мадҳига тўймаган шоир,
Қирқ етти баҳорга тўлмаган шоир.
Олис кетган билан ўлмаган шоир,
Қабрдамас қалбда Муҳаммад Юсуф.
Ёмғир
Осмон-у фалакка видолар айтиб,
Сочимдан юмалаб тушяпсан ёмғир.
Бормайсанми энди булутга қайтиб,
Қора ер бағрига сингяпсан ёмғир.
Шаррос қуяяпсан эй кўк томчиси,
Мени тинглаш учун вақтинг йўқ мисол.
Шундай қуй-ки оқсин разил қамчиси,
Қабоҳат йўқолиб, барқ урсин ниҳол.
Соябон тутмадим ранжимагин деб,
Майли ўз ҳолингча ёғгин устимга.
Ҳасратчалик эзмас қуйсанг ҳам ҳа деб,
Дарду изтиробинг кирмас ичимга.
Бир томчинг юзимда, бири қўлимда,
Асраб қол дегандай чирмашиб оқар.
Оҳ, қанча– қанчалар томчинг йўлимда,
Лойга қоришгани дилимни ёқар.
Нечун шивирлайсан айтақол ёмғир,
Тинглашга сабрим бор шошмам сендайин.
Яна булутларга қайтақол ёмғир,
Томчинг қолган кўзим муштоқ мендайин.
Кўздаги ёшларни кўрганинг заҳот,
Ёғмаслик хаёли ўтгандир сендан.
Шунчалар тўкилса инсондан ҳасрат,
Унда булутларинг хижолат мендан.
Сен билан ёғайин, ювилсин дардлар,
Қўнган ғуборларим тополсин барҳам.
Боримча куйлайман, ёзаман шеърлар,
Гарчи китоб қилиб босилмаса ҳам.
Ўпгин Ватан тупроғини
Ватан кимга армон бўлган қайлардадир,
Олдда оқмай кимлар олис сойлардадир,
Ўзга юртда шоҳ бўлмоқлик бефойдадир,
Тиз чўккалаб ўпгин ватан тупроғини.
Ўзбеклигинг тан олишар қайга борсанг,
Бошда дўппи сайр айласанг Амриқони.
Миллатингни кўзгусидай бўлиб қолсанг,
Тиз чўккалаб ўпгин ватан тупроғини.
Битта дўппинг кимлигингни айтиб турса,
Юлиб ташла қалбдан алам ҳижронингни.
Амир Темур изларига кўзинг тушса,
Тиз чўккалаб ўпгин ватан тупроғини.
Мардонавор бободеҳқон субҳидамдан,
Кўчат экиб гуллатгайдир боғларини.
Шифо топсанг чўлда ётган гиёҳидан,
Тиз чўккалаб ўпгин ватан тупроғини.
Ҳар бир қушнинг ўз чамани бўлса зўр-а?!
Сўзлагайман шу чаманнинг довруғини.
Ўз элимда ўзим бекман, ўзим тўра,
Тиз чўккалаб ўпдим ватан тупроғинии.
Қайтар экан
Омад қушинг бошдан учса, барча четдан қарар
экан,
Яхши кунда ошно бўлган дўстларинг ҳам қочар
экан.
Гоҳо қувонч, гоҳо дардли айтсанг сўзингни уларга,
Ерга отган тариқ мисол қалб сирингни сочар экан.
Ҳимматлининг кўринмайди гуноҳларин ҳеч
биттаси,
Ночор сўзи хато, фақат, чаёнлардек чақар экан.
Айёрга дўст бўлсанг агар маломат, ситам кўрганинг,
Айбни сенга қўйиб улар сувдан қуруқ чиқар экан.
Бир майизни қирққа бўлиб берсанг ҳолинг танг
дейдилар,
Базм айлаб шароб тутсанг чегарадан ошар экан.
Оғир кунингда қизғаниб давлатин бермаган дўстинг,
Дил хушлашга жонон учун дур гавҳардан кечар
экан.
Синовлардан дадил ўтиб элга танилсанг кун сари,
Қўл очмаган қариндошинг кулиб эшик очар экан.
Бир қултум сув бермаганлар чанқоғингни
қондирмайин,
Энди фойданг тегар бўлса дарё бўлиб оқар экан.
Разил инсон разилликдан баҳра олар ҳар сония,
Номардлигин бетга айтсанг қўрқмай қасам ичар
экан.
Тирикликда хасдай топтаб, сени ёмон отлиғ қилиб,
Яхшим, дея фарёд уриб қабрингга гул тақар экан.
Эй Хуршидбек, нопок йўлда юрма, турма нодон
билан,
Ҳукм қилса бас, худодан ҳақли жавоб қайтар экан.
Севмоқдаман
Саратон ёз кунларида йўлларингга боқмоқдаман,
Чўғлар устига тортилган кабобдайин куймоқдаман.
Эриб тушган кабоб мойи йиғлашларимга ўхшайди,
Соғинч қўлида қалқиган кўз ёш бўлиб оқмоқдаман.
Кўзларим интизор санга, ранги-рўйим ҳам сап
сариқ,
Гўё тақдир қибъла томон қуёш мисол ботмоқдаман.
Кўрсам дўстларинг базмида нозланиб рақсга
тушганинг,
Мен ёнингга боролмайин ўз-ўзимни ёқмоқдаман.
Тунларимни бедор айлаб жон олар қаро кўзларинг,
Кўргим келса суратингга хўп термулиб ётмоқдаман.
Айт, менга ким ёрдам берар ором топмадим кечада,
Бугундан бўлиб умидвор тонглари кўз очмоқдаман.
Ёзилганман пешонангга таслим бўларсан бир куни,
Минг бора таввакал қилиб ишқ боғига
кирмоқдаман.
Қўлингдан бир пиёла чой, лабларингдан бол
ичмадим,
На қилай, шу борар жойим майхонага қочмоқдаман.
Гулюзлигим шароб эмас, аслида, сен маст айладинг,
Юрагим сиғмас танамга дарёлардек тошмоқдаман.
Истак шунчалар кучли-ки, тўхтатолмас ҳеч ким
мени,
Тўғон бўлса аҳли дунё, тўғонлардан ошмоқдаман.
Ўзингни қўймоқ учун жой тополмайин овворасан,
Ҳар он ўзингда эмассан, бир қарашда сезмоқдаман.
Учрашганда бўса бермай, ғолибсан, мен кета туриб,
Ортимдаги нигоҳингни пинҳон мағлуб этмоқдаман.
“Тўхтанг” дединг, аммо жимсан, жимлик
розиликдан дарак,
Висолингга етмоқликка иқрор бўлиб кетмоқдаман.
Ҳаяжондан жисминг титраб, сўз демасанг
Хуршидбекка,
Бу ҳолингни кўрган сайин, қайта– қайта
севмоқдаман.
Соғинганим ҳаққи
Уч юз олтмиш беш кун ёр сенсиз ўтди,
Кутавериб кўзим тўрт бўлиб кетди,
Яна кутай десам, юрак рад этди,
Энди борсам керак ёрим уйингга,
Пушаймон қиларсан соғинч куйингга.
Соғинчсиз қадримга етмайди дебсан,
Бўлмаса сўзимга кўнмайди дебсан,
Сабрли, уйимга келмайди дебсан,
Барибир борсам керак ёрим уйингга,
Пушаймон қиларсан соғинч куйингга.
Ҳовлингга изларим тушса ўчирма,
Хўп, майли, қаршингда турсам кечирма,
Аразлаб бахт қушинг бошдан учирма,
Ниҳоят боряпман ёрим уйингга,
Пушаймон қиларсан соғинч куйингга.
Қандай таъриф берай, қайсар санамсан,
Бир кунда минг бора сочинг тарайсан,
Энди кўзларимга қандай қарайсан,
Чиқақол Хуршидбек келди уйингга,
Тан бергин азизам соғинч куйингга.
Рашкнинг балоси
Яшарман, малагим, дийдоринг излаб,
Тунлари туш билан уйқумни тиғлаб,
Қачонгача юрай беркиниб йиғлаб,
Ёққан ёмғирдан ҳеч қолмади фарқим.
Берган бўсаларинг қайларга кетди,
Менга аталган кун кимларга етди,
Келинлик либосинг бағрим тош этди,
Қотган тошлардан ҳеч қолмади фарқим.
Танлаш керак бўлса бир шам бўлардим,
Чунки бир кечада ёниб битардим,
Мен учун бахтли бўл, шуни истардим,
Сўзсиз тилаклардан қолмади фарқим.
Кўзларим айт қачон кўзингдан тўяр
Қалбимда бир чўғ бор мажбурлаб суяр,
Кетма деб узатган қўлларим куяр,
Аланга чўғдан ҳеч қолмади фарқим.
Армон бўлган орзу тинч қўймас асло,
Бир кеча, минг кеча ўтар шу асно,
Сен ором оларсан, уйқум йўқ асло,
Хаста девонадан қолмади фарқим.
Чап кўксимда яшар хўрланган юрак,
Оҳ, нафас олишга бўлмоқда ҳалак,
Демак-ки, бу вужуд кимга ҳам керак,
Жонсиз жасаддан ҳеч қолмади фарқим.
Ўзингни кўкдаги ойга ўхшатдинг,
Кўнглингни хушласам, алам хушлатдинг,
Начора, пинҳона қалам ушлатдинг,
Тағин тўрт сатрдан қолмади фарқим.
Бора-бора сени кўряпман ёмон,
Кўзимда ўқ бўлса, ўқлар сен томон,
Бу рашкнинг балоси, қолмайсан омон,
Шунча бўлдим энди, нафратман холос,
Хуршидбек дилида ҳасратман холос.
Кўзларингни яширма
Муҳаббатнинг дардини ютгувчими фақат мен,
Соғинч дарёсидан сув ичгувчими фақат мен,
Ўн икки ой оромдан кечгувчими фақат мен,
Кўзларингни яширма қора сочинг остига.
Имкон бергин бир нафас кўзларингга боқайин,
Пинҳон ёнган юракни мен олдингда ёқайин,
Сўнг розиман, кул бўлиб анҳорларда оқайин,
Кўзларингни яширма қора сочинг остига.
Майли бекит, бекитгин лабингдаги холингни,
Севгимни илк айтганда чимирилган қошингни,
Олиб қўйгин кўзингга тушиб турган сочингни,
Кўзларингни яширма қора сочинг остига.
Бунча ўжар сочларинг, кўзларингга ёпинчиқ,
Ёки мендан рашк қилар наҳот бўлса қизғанчиқ,
Қани шамол, қани ел, менга қилар гоҳ аччиқ,
Кўзларингни яширма қора сочинг остига.
Нега менга боққанда йўқотасан ўзингни,
Титраб турган лаб ила айтолмайсан сўзингни,
Шу сабабли атайин беркитарсан кўзингни,
Кўзларингни яширма қора сочинг остига.
Мунчоқ кўзинг кўрмоққа, сочларингга бўлай ел,
Сабр косам тўлмоқда юзларингга чўзай қўл,
Эй Хуршидбек, чекинма, энди нима бўлсанг бўл,
Кўзларини яширди яна сочин остига.
Менман
Бахтимни ўғирлаб, бахтми ҳар ёнинг,
Ҳатто сохта экан аҳд-у паймонинг,
Яна ким гуноҳкор, менман ёмонинг,
Сен қарорингда хўрланган менман.
Ўзга ёр васлига тўйганинг билан,
Исмимни ўғлингга қўйганинг билан,
Тушингни сувларга айтганинг билан,
Кўзларингда қолган муҳаббат менман.
Менимас ёрингни бедор кутақол,
Мендан тортиб олган қўлдан тутақол,
Юрагимга ҳанжар уриб кетақол,
Жонимни олгин деб, ялинган менман.
Сени ким деб атай, бахтим ўғриси,
Ишқий сатрларим танҳо эгаси,
Ҳали ҳам севаман ишон тўғриси,
Севиб йиғласамда, севинган менман.
Асло йиғлатмасин қўйнингдаги ёр,
Розиман, ўғлингни эркала минг бор,
Фақат севганингни айлама инкор,
Чунки сенга буткул ишонган менман.
Биламан, севасан аён кўнглингга,
Тан олгинг келмайди айтсам ўзингга,
Йўқса қўярмидинг исмим ўғлингга,
Тилингда ҳар куни куйланган менман.
Суратим бир жойда, хаёлим тарқоқ,
Қўй энди, ўзингни кўрсатма қўрқоқ,
Жавоб бергинг келмас, саволим сўроқ,
Арзирли биргина сўз кутган менман.
Не қасдинг бор менда айтгин эй, малак,
Кўнглинмни ёритмас қуёшли фалак,
Нафас олишга ҳам жисм-у жон ҳалак,
Сени ўйлайвериб тўлғонган менман.
Қанча яшай яна ростингни кутиб,
Ишқнинг ҳасратини индамай ютиб,
Тушларимда нозик қўлларинг тутиб,
Тонгларимда сенсиз, уйғонган менман.
Алдандим оҳу кўз, лабинг болига,
Белингда товланган сочинг толига,
Майли, Хуршидбекнинг боқма ҳолига,
Ёлғон кўз ёшингга куйинган менман.
Армонни ёр қилиб босдим қўйнимга,
Баланд дор топмадим излаб бўйнимга,
Ахийри ўзимни осдим шеъримга,
Бўғзимда номинг-ла жон берган менман.
Ваъда қилдим-ку
Ташлаб кетдинг мен бечорани,
Наҳот очиқ қилдинг орани,
Тополмадим ҳеч бир чорани,
Оҳ, ишониб хато қилдим-ку.
Бирга ўтган оқшомлар қани,
Баланд дорга остирдинг мени,
Кечирмайман, билиб қўй сени,
Кечирмоқни адо қилдим-ку.
Керакмиди бойлик, зар ўша,
Кўз ёшингга дастрўмол тўша,
Ҳуввиллаган қалбинг ҳам бўш-а,
Муҳаббатдан жудо қилдим-ку.
Нега севдинг эрмак учунми,
Айро кетган ақл-у ҳушимми,
Ё раб, ўнгим, ёки тушимми,
Осмонларга нидо қилдим-ку.
Дод солганман тўйинг кечаси,
Овутгандир неча-нечаси,
Чангиб кетди кўнглим кўчаси,
Ёр-ёр дея садо қилдим-ку.
Менсизликнинг занжирини еч,
Сенсизликка кўникмадим ҳеч,
Боғлар кездим эрта, саҳар, кеч,
Ўз-ўзимни гадо қилдим-ку.
Севмай қўйдинг сабабини айт,
Алдаб келдинг мени шунча пайт,
Севмас эдим ортга қайтса вақт,
Ёшлигимни фидо қилдим-ку.
Кундан-кунга кетар мадорим,
Ортиқ йўқдир сенга саволим,
Унутмагин тутар уволим,
Сенга шуни жазо қилдим-ку.
Сенда экан аёлнинг макри,
Олдингда паст илоннинг заҳри,
Ўқдан кучли шоирнинг қаҳри,
Ишққа қалам ато қилдим-ку.
Йиғлаб –йиғлаб чарчадим нетай,
Гуноҳингдан қандайин ўтай,
Сен йўқ жойга умрбод кетай,
Ўлмоқликни ваъда қилдим-ку.
Қадр
Мени тинч қўймайди дилнинг шукуҳи,
Навоий, Машрабдан келаётган нур.
Адабиёт қурган ҳақиқат шуки,
Гар шоир ўлмаса бўлолмас машҳур.
Кимдир машҳурликни кутар жонсарак,
Шеърият тожини қилмадим ҳавас.
Қабрда буюклик кимга ҳам керак,
Онамга ўғлидай шеър бўлай, холос.
Оҳ, мени онажон йиғламанг ўқиб,
Ашъорим бўғзидан чиққанда нафас.
Чарчадим мен ёлғон сатрлар тўқиб,
Мунисамнинг ёри шеърим бўлса бас.
Қадр топмаганга не даркор қаср,
Қаср қурмоқлигим осон-ку отам.
Ақлдан озарман, мен буткул асир,
Шеъримга ишониб, юрганим хатом.
Ватандир
Амир Темур шамширини ўйнатган,
Улуғбекни самоларга бўйлатган,
Навоийни мозийлардан сўйлатган,
Бизга барин ўргатувчи Ватандир.
Йигирма ёш муборак давронимизга,
Хумо қуши қўнди майдонимизга,
Буюк йўлдан ошдик довонимизга,
Юртбошимиз карвони ҳам Ватандир.
Ёмонларни мақташмаган ҳеч жойда,
Ҳавас қилма юрмоқликни сен ойда,
Ҳалол яшаб юрсанг ўзи шу фойда,
Яхши бўл деб терговчи ҳам Ватандир.
Озод юртда баланд тоғда турганлар,
Олисларда елиб макон қурганлар,
Ота-она меҳрига зор юрганлар,
Фарзандидай кўргувчи ҳам Ватандир.
Тинч ўлкага ярашмайди урушлар,
Одам эмас, эссиз ватанфурушлар,
Кечирилмас бундай қинғир юришлар,
Эй, нодонлар, поклигимиз Ватандир.
Давринг ўтар, ўтар ҳатто замонлар,
Бир кун келиб яхши бўлар ёмонлар,
Сен кетарсан, кетар қош-у камонлар,
Лек абадий қолгувчи ҳам Ватандир.
Сиз-у бизни кўролмайин аламдан,
Қанча ёвлар юришмади азалдан,
Омонатман, жоним чиқса танамдан,
Менга тупроқ бергувчи ҳам Ватандир.
Келажакка порлоқ умид этгайман,
Куним ёруғ, осуда тун кутгайман,
Ўзбегимга ҳали кўп шеър битгайман,
Мени халққа танитгувчи Ватандир.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.