Текст книги "Қадр"
Автор книги: Хуршид Рузикулов
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 5 страниц)
Нидо
Кеча кўрганларим бўлмоқда тарих,
Қўшиқ қилар бўлсам тингламас ҳеч ким.
Нелар кўрдим ёлғиз худодир гувоҳ,
Елкамда бор билмам қанчалар юким.
Қалбимнинг калитин топдим қаламдан,
Беихтиёр ёзардим келган ашъорни.
Йўлларим нотекис ёндим аламдан,
Кўрдим қанча-қанча сотилган орни.
Отам бепарводир индамайди ҳеч,
Қалбимни очишга сўрасам изн.
Умрим баҳорида шеър ёзмоққа кеч,
Наҳот кеч бўлса-я, баҳор изғирин.
Балки ёмондирман, яхшилар ҳақдир,
Гуноҳим нелигин билмайман ўзим.
Майли азоблагин илонга чақдир,
Не бўлса бўлардир тик боқар кўзим.
Тўрт девор ичида туғён дилгинам,
Онам ёнимда-ю, отам ёнимда.
Улардан йироқда ётар шеъргинам,
Ҳатто тинч қўймайди эрта тонгимда.
Гуноҳкор тўрт сатр ёзган қўлларим,
Баъзида рашк қилар аёлим тинмай.
Не қилай, қоғозга тушса йўлларим,
Ва бир кун тўхтарман мадорим етмай.
Кўм-кўк майсаларга айтдим сўзимни,
Сувсиз қолган мисол сўлар дастидан.
Кимнидир тўлғатиб, ёқар кимларни,
Гоҳ қалам бош тортар гўё қасдидан.
Қишнинг вазифаси кунни совутмоқ,
У келмаса ахир баҳор ҳам келмас.
Тўртлик каромати мени овутмоқ,
Мени юпатганни севмасам бўлмас.
Бу дунё шунақа, яқин кел ўғлим,
Ҳар бир гўзалликни бераркан ўлчаб.
Шу сабаб тўлмайди, кўнмайди кўнглим,
Ҳаёт бир шоҳ эрур, қўяркан талаб.
Шоирликка шеърим этмасдир даъво,
Юрагим буюрса ожизман унга.
Шифо истаб гўё топгандай даво,
Ҳаттоки уйқумни бермайман тунга.
Ярадор қалбимни бирма-бир тиғлаб,
Кўришди, эй фалак, яқин инсонлар.
Ярамни бетимга айтишса йиғлаб,
Йиғлаб дедим, майли, кичик нуқсонлар.
Баъзан ҳеч кимсага ишонгим келмас,
Йўқ, йўқ, дегим келар далда сўзларга.
Баъзида кимлигим шеърларим билмас,
Билмайин термулар қора кўзларга.
Ўша ўтган кунлар ранжитди бироқ,
Сохта кулишларни ўргатди менга.
Бу кулгу эмасдир, кўз ёш аниқроқ,
Айтгим келмас тағин онажон сенга.
Ранжиган юрагим шеърга дўстлашиб,
Сирлашсам гоҳ ҳалал берарди кимдир.
Қалам билан тинмай, тинмай муштлашиб,
Балки шоирларнинг гуноҳи шудир.
Кўзойнак ҳам кўзга бўлармиш соя,
Оҳ, куйган, куйдирган беркитсам қалбни.
Ҳатто соя бўлмас улкан бир қоя,
Қимирлатгим келмас жим, дея лабни.
Чеккада юрсам-да таъна тошлари,
Эзғилаб тушмоқда менинг устимга.
Чимирилиб ўқталар сўзсиз қошлари,
Дўст бўлиб кирганлар кўпдир ичимга.
Кўпайиб бормоқда ниқоб таққанлар,
Кимлигин ким айтар менга уларни.
Ўт қўймай қалбимни ўтда ёққанлар,
Бу қайтар дунёда қайтар кунлари.
Майли-да, не бўлса чидар шу жуссам,
Ҳар бир сўз бордирки, бордир нуқтаси.
Мен билан ашъорим ютгайдир ғуссам,
Англадим, шеърларим қалбим устаси.
Ўз-ўзидан гоҳо кетаман ранжиб,
Минг бора уриндим шеър ёзмасликка.
Бу дунё қанақа ё сирли ажиб,
Буйруқ берар, билмам, сокин юракка.
Юмуш ташвиш ила ўтказиб кунни,
Чарчаган қўлларим қалам ахтарар.
Тинч қўймасдан бедор айлайди тунни,
Отам, онам шеърдан, мендан бехабар.
Сокин тунда кўкка термулиб бироз,
Осмон-у фалакдан ширин сўз кутдим.
Қўмсаганим бир сўз айлашмади роз,
Кўз ёш билан кулиб дардимни ютдим.
Ёзган шеърларим ҳам отам қўлида,
Билмадим эътибор, меҳр истайди.
Шунчаки бир назар ташлаб кўзида,
–Ёзмагин, кел, болам, бас-, деб қистайди.
Онамда ҳам баъзан билмам шу аҳвол,
Шеъримдан қизғанар жуфти ҳалолим.
Қалбнинг кўзгуси мана кўриб ол,
Аксим кўринмасдир, лек баён ҳолим.
Дўстдан нолисам гар шеърга қочайму,
Ҳеч ким тингламаса шеърга қочайму.
Осмонни баланд, деб, ерни қаттиқ деб,
Улар ўртасида шеърга қочайму.
Ҳатто кўкка сиғмас юрак сўзларим,
Ҳеч нажот топмайин қайтдим уйимга.
Уйқуга асира ёрим кўзлари,
Фурсат ҳадя этар шеърим ўйимга.
Шеърга афсус этиб туғдингми онам,
Баъзан менга зордек кутар дийдорим.
Билмадим, ё менинг шўрми пешонам,
Зўрим бир чеккада, ёнимда зорим.
Ёмонлик барҳамдир яхшилик омон,
Қалбдаги дардларга сабр давоси.
Беш кунлик дунёда бўлмайлик ёмон,
Дўстим мана шудир Хуршид нидоси.
Мажнунтол
Сой бўйида мажнунтол,
Қад кўтариб турибди.
Ҳолимни айлаб беҳол,
Ёрим кечиб юрибди.
Мажнунтолга термулсам,
Ёрим тушар ёдимга.
Кеча-кундуз зор кутсам,
Озор берар жонимга.
Эҳ, ёримнинг, ёримнинг,
Бордир қанча жафоси.
Ҳадя қилсам боримни,
Ваъдага йўқ вафоси.
Мажнунтолнинг торлари,
Ўхшар ёрим сочига.
Кўпдир қанча зорлари,
Унинг қора қошига.
Тўлди сабрим косаси,
Гулюзлигим келақол.
Узун сочим мен каби,
Кутар сени мажнунтол.
Оила
Оиладир муқаддас даргоҳ,
Икки ёшнинг бахт остонаси.
Билинг шудир у ҳам саждагоҳ,
Меҳру оқибат кошонаси.
Ташлаб келсанг оҳиста қадам,
Кутиб олар уйда аёлинг.
Янада ҳам гўзал бу олам,
Ширин ҳисга тўлар хаёлинг.
Бу даргоҳни ким севса агар,
Уни севар шунда Ватан ҳам.
Бўлмай десанг асло дарбадар,
Оилангни ардоқла ҳар дам.
Оила бир олтин тож бўлса,
Шу тожга сен қўли гул заргар.
Парвариш қил, жило бағишла,
Сен бахтлисан, яшнаса агар.
Икки дилга қўшиқ – оила,
Муҳаббатга ошиқ – оила.
Ўғил қизга бешик – оила,
Яна шудир, бахт остонаси.
Ўзингга яхши
Аёлинг умрингга маъно бермаса,
Ўз ўғил қизларинг сўзинг олмаса,
Ака-укаларинг йўқлаб келмаса,
Тоғларга бир ўзинг кўчганинг яхши.
Ўн саккиз ёшингда севгилинг кечса,
Аввал севиб юриб сўнг қасам ичса,
Сен йиғлаб турсанг-у, у кулиб юрса,
Севги-муҳаббатдан кечганинг яхши.
Энг яқин дўстларинг тиғсиз тилсалар,
Элга тўй берса – ю, эҳсон билсалар,
Еган ошингни ҳам миннат қилсалар,
Илоннинг заҳрини ичганинг яхши.
Она юрт, Ватанга нафинг тегмаса,
Дўстларинг сафида ўрнинг қолмаса,
Ўз қадринг ўзингга керак бўлмаса,
Бутунлай дунёдан кетганинг яхши.
Бу ҳаёт синаса тўлган сабримни,
Куй-қўшиқ олмаса чеккан дардимни,
Ҳеч ким тингламаса очсам қалбимни,
Тинчгина шеър ёзиб юрганим яхши.
Ёшлик
Баҳор каби гуллаган фурсат,
Бунча нафис бўлар бебошлигимиз.
Кўм-кўк боғу роғлар қайтади аммо,
Қайтиб келмас экан шўх ёшлигимиз.
Болалик, ўсмирлик тафтини бизга,
Ҳадялар қилади ёшлик онлари.
Беғубор боқиб қора кўзларга,
Жилодор, мафтункор отар тонглари.
Бунда ярашади барча шўхликлар,
Ҳусни малоҳати, қора қошлиги.
Алп қоматли йигитнинг шаҳдам қадами,
Чиройли қизларнинг узун сочлиги.
Севги суруридан маст бўлар кимдир,
Девона, мастона айлади ўзин.
Юракка ишқини бир умр кўмиб,
Пинҳона севади айтолмай сўзин.
Умр ҳам бир марта, ёшлик бир марта,
Берилган оллоҳдан туҳфа инсонга.
Бу фурсат ўтгувчи, яхши ном қолдир,
Адашиб йўл қўйма хато, нуқсонга.
Қирғоқдан дарёга термулиб турсам,
Ўша фасли баҳор кунни эслатар.
Оққан дарё каби ортга ҳам йўл йўқ,
Фалакдай чексиз соғинч йиғлатар.
Ўтган ёшлигингни қўмсасанг агар,
Ширин хотирадан хаёлан ахтар.
У дамлар қайтмайди кутма сония,
Ёшлигинг фарзандлар юзида қайтар.
Армоним
Ногоҳ ўзим ҳақимда ўйладим узоқ,
Юрган йўлларимдан топмадим маъно.
Муҳаббатга эришдим, эришганим шу,
Оллоҳнинг ёзгани тақдир пешона.
Тун узра сукунат, ҳамма уйқуда,
Юлдузга боқаман кўкка термулиб.
Менга қулоқ тутинг тунги чироқлар,
Сирлашгим келяпти кетманг ўгрилиб.
Фақат сизлар гувоҳ мендаги ҳисга,
Самога сочилган сомон йўлдирман.
Тонг тафтини ҳадя қилгунингизча,
Сўзга асирдурман, шеърга қулдирман.
Орзуим кўп эди, энди армоним,
Қалбимда бир талай чулғаниб ётар.
Шуларни кимларга айлайман баён,
Афсусни ўқ қилиб кўксимга отар.
Кўксимга қадалган армон ўқлари,
Кошкийди ёшликни ортга қайтарса.
Умид учқунидан, орзу қўйнидан,
Кўкка чорлаш учун мени ахтарса.
Юрагим ўзимни эзар баъзида,
Гўзал бир тақдирга қилгандим ҳавас.
Инсоният ўзингдан кўнглинг тўлмаса,
Ёраб, олгинг келмас ҳаттоки нафас.
Йўқ асло тақдирдан нолимайман ҳеч,
Шаккоклик қилганим биламан, гуноҳ.
Худонинг измидан чиқмаган кимлар,
Юрак сўзларимга юлдузлар гувоҳ.
Оҳ, қалбим барибир бўйсунмаса-да,
Оллоҳ ёзганига тобе пешонам.
Маҳзун ҳолатимни сезгандай бироз,
Ҳаёт шунақа, деб куйинар онам.
Ўзим ухласамда, ухламас қалбим,
Тушларимга кирар ўша армоним.
Уйғониб кетсам гар туннинг қўйнидан,
Тўрт сатр дилимга бўлар дармоним.
Талаба бўлгандим кечдим истамай,
Қарши бўлди онам, гоҳида отам.
Бир кам дунё экан, шу бир камликни,
Тан олганим менинг биринчи хатом.
Билганим, аслида пушаймон қилсанг,
Душманим шу экан қуролсиз душман.
Учгим келар кўкка, баланд тоғларга,
Қанотлар–армоним, учмас бир қушман.
Ҳавасим келади талабаларга,
Йўллар равон, олға баркамол ёшлар.
Тиниб тинчимангиз, илм-у фан билан,
Юртбошим, миллатим сизга ишонар.
Вақт ортга қайтмайди афсуслар билан,
Ҳаёт синовидан синмасин сабр.
Изланиб, интилиб яшамоқ керак,
Орзу, умид бўлса, кўп бўлар қадр.
Биргина армоним қийнайди мени,
Тунни қўмсаганим сезмас кундузлар.
Хуршидбек юраги туғён урганда,
Фақат тонг отгунча тинглар юлдузлар.
Касалхонада…
Сокинлик қамраган касалхонада,
Атрофга дарчадан термулдим аста.
Ҳовлида барглари сарғайган дарахт,
Беморлар мисоли бўлгандай ҳаста.
Дарчадан урилар юзимга шамол,
Менга ҳадя қилиб бир талай нафас.
Олий неъмат экан инсон соғлиги,
Беҳол бўлсанг агар дунё ҳам қафас.
Оллоҳга шукрона айтаман минг бор,
Иссиқ жон баъзида бўлсам-да бетоб.
Яна менга бермиш илоҳий неъмат,
Қалбдаги шеърларим гўёки офтоб.
Ҳа, ҳа. Ўша қуёш ёритар мени,
Ашъорни бекитсам куйдирар дарҳол.
Мени кутган мана, касалхонада,
Илҳом парилари сўрашади ҳол.
Бу масканга шифо истаб келганлар,
Тингланг мени асло ранжиманг жондан.
Ахир тирикмиз-ку худодан шифо,
Сўрашга мадор бор эртанги тонгдан.
Айтилмаган севги
Ғунча баргидаги шабнам мисоли,
Севгим кўзларингдан оқаётир ёш.
Армон бўлди сенга ёрнинг висоли,
Кечир мени, агар беролсанг бардош.
Сен энди қалбимда бир умр мезбон,
Сени айтмоқликка уриндим ҳар он.
Ёр кўнглида эса иккимиз меҳмон,
Юрак тубида сен яшамоқдасан.
Илк туғён урганда дилимда ўзинг,
Ошкор қилолмадим ҳеч битта сўзнинг.
Етар бас қийнама, ёшлама кўзинг,
Айтилмаган севгим унутгин мени.
Яхши одамлар
Ҳаёт бунчалар ҳам гўзал тус олар,
Дилларга дилларнинг меҳрини солар,
Оқибат диёнат абадий қолар,
Кўпайса самимий, яхши одамлар.
Гул каби очилар умрнинг боғи,
Инсонни қадрланг тириклик чоғи,
Ҳар кимнинг иймони, суянган тоғи,
Бор бўлсин дунёда яхши одамлар.
Яхши ният қилмоқ яримта давлат,
Қўлдан келгунча қилинг каромат,
Ярашар бизларга ор-у саловат,
Кўп бўлса меҳрибон, яхши одамлар.
Яхши кун фарзанднинг камолин кўрмоқ,
Кексалар ҳолини минг бора сўрмоқ,
Хуршидбек нияти шеър ёзиб турмоқ,
Эзгулик сочишса яхши одамлар.
Аёл
Ҳовлию уйини қилар саришта,
Улар билан гўзал ҳар битта ришта,
Оллоҳ мўъжизаси мисли фаришта,
Умримиз чиройли аёл бор учун.
Меҳрини гоҳ узоқ қиламиз хаёл,
Ранжитиб қўямиз баъзида нечун,
Зимистон бўларди бўлмаса аёл,
Дунё чароғондир аёл бор учун.
Сизларга аталсин куй, наво,базм,
Сиз билан доимо кўнглимиз бутун,
Минг бора айладик, айлаймиз таъзим,
Биз бормиз дунёда аёл бор учун.
Дардхона
Ғам бошин эгар экан йигит зўрини,
Ғурури эзаркан кўнгил тўрини,
Бировга айтолмас қалби қўрини,
Йигитнинг юраги дардхонасидир.
Ошсиз қозон суяр не-не таёққа,
Гоҳида етмайди кўрпа оёққа,
Ўхшаб қолар нурсиз, сўнган маёққа,
Йигитнинг юраги дардхонасидир.
Дарз кетса ишончи дўст-у ёридан,
Кўнгли оқармайди қишнинг қоридан,
Ҳаёт қийнаса ҳам кечмас оридан,
Йигитнинг юраги дардхонасидир.
Қочарсан
Севдим дейсан такрор ва такрор,
Жоним дея, қалбинг очарсан,
Омад мени гар қилса инкор,
Эй ошиғим, мендан қочарсан
Дўст бўламан дерсан тўйимда,
Тўёнангни тинмай сочарсан.
Даврон кетса жўшқин уйимдан,
Дўстим шу кун сен ҳам қочарсан.
Дилимга тобе тунда қўлларим,
Шам нурида тўртлик ёзарсан.
Нурсиз қолса билмам кўзларим,
Қалам балки сен ҳам қочарсан.
Биттадир
Гўзалдирсан адоларинг кўп,
Узун сочинг гадолари кўп,
Ёлғон ошиқ садолари кўп,
Сени дилдан севган биттадир.
Улар бир кун сендан қайтишар,
Кўз ёшингни кулиб артишар,
Кўз-кўз қилиб элга айтишар,
Сени дилга айтган биттадир.
Қучоғингда кезяпти чаён,
Маст кунингни азоби аён,
Кимларгадир эртаксан баён,
Сени дардинг ютган биттадир.
Эриб кетма, сен улардан қоч,
Ёмонларга очмагин қулоч,
Ишонмасанг манга на илож,
Сени ҳар он кутган биттадир.
Ёринг бўлиш армоним энди,
Хаёлларим дармоним энди,
Рақиблардан гумоним энди,
Сенга бўлган ишонч биттадир.
Яхшим менинг деявераман
Ич–этимни еявераман.
Севмасанг ҳам севавераман
Сени танҳо билган биттадир.
Соат миллари
Соат миллари ҳам юрар чиқиллаб,
Шаҳдам қадам босар ортга қарамай.
Дилга тарих бўлган кунларни қалаб,
Бунча шошар биздан изн сўрамай.
Олтмиш сонияда айланса бир бор,
Келар қанча тақдир, қанчаси кетар.
Қарилик чоғини ўйламай лобар,
Гул ёшлик бағрига ўзин бахш этар.
Соатнинг ҳар битта босган изидан,
Бир соат, бир ҳафта, бир йил кетмоқда.
Гўёки сўз берган қайтмас сўзидан,
Йўлида тўхтамай давом этмоқда.
Ярим асрликда ўтган сония,
Қарилик чизиғин тортибди юзга.
Ажин тўла, энди оқсоч қария,
Ташнадир вақтгамас бир ширин сўзга.
Қолажак мерос
Меҳр-оқибатинг сингган ҳовлини,
Нафсингга эрк бериб сен талаш этсанг.
Отангдан қолган бу дунё молини,
Олиб кетолмайсан, бутунлай кетсанг.
Онанг аллалари янграган уйда,
Йўқотмагин нафс деб иззат, орингни.
Гадо ҳам жим юрар кўча-ю кўйда,
Сенда-ку макон бор, сотма борингни.
Беш бармоқ баробар эмасдир тўғри,
Бармоққа ўхшашни қилдингми ҳавас.
Отанг мард, онанг пок, эмассан ўғри,
Улар берган тузни фикр қил бир пас.
Аразлама укам, талашма акам,
Кун келиб қолади уй-жою молинг.
Барча ҳисга билгин вақт олий ҳакам,
Беҳуда қийнама жусса-ю жонинг.
Бу ҳовлини отанг болам деб қурган,
Онанг изларида бор меҳр тафти.
Яхшингни ошириб, ёмонинг ютган,
Отангга назар сол, қадоқдир кафти.
Йигит моли ерда, меросда эмас,
Меҳнат қил, ҳаттоки отанг ишлаган.
Бекор юрган билан худодан келмас,
Нокаслар мерос деб кафтин муштлаган.
Дейишади хом сут эмганмиш банда,
Остона талаган ўтмас савоби.
Соғлом ақл бўлса, соғ бўлган танда,
Шу хом сутнинг майли қани жавоби.
Онанг алласи-ю , меҳридир мерос,
Отанг айтган сўзи, дуоси мерос.
Шу кунгача кўрган кунлари мерос,
Бойлигинг кўп экан эътироз қилма.
Кимлардан қолмаган бу қора ерлар,
Мерос ҳам ўткинчи, дунё ўткинчи,
Шеър ёзса Хуршидни девона дерлар,
Телба қилмас кимни юрак ўкинчи.
Илк муаллимам
Биринчи ўқитувчим Қурбонгул опа Муродовага бағишланади.
Ҳамон ёдимдадир қалам тутганим,
Ҳарфлардан сўз тузиб баҳо кутганим,
Устозлар кунига гуллар йиққаним,
Хотирамда муҳр илк муаллимам.
Синфга кирсангиз қўрқардим бироз,
Ёд олган шеъримни эслолмай қолиб.
Сиз эса беғубор этардингиз роз,
Энди кам эмасман сўзингиз олиб.
Салом-алик нима, сўрардим сиздан,
Таълим-тарбияни ўргандим сиздан,
Чексиз нур-зиёни кўргандим сиздан,
Таъзим айлай бугун илк муаллимам.
Мени ўқитгансиз, энди устозим,
Ўғлимга ўзингиз тутқазинг қалам.
Бор эзгу ниятим, сизгадир сўзим,
Мен каби сизга ҳам устоз дер болам.
Севганим қолди
Кўрган куним эмасди эртак,
Муҳаббатни айладинг эрмак,
Ёшларимдан уялар кўлмак,
Дарё бўлган кўзларим қолди.
Севдим десанг юрдим ишониб,
Гўё сенинг меҳрингдан қониб,
Бугун кетдинг сен мендан тониб,
Бироқ сени севганим қолди.
Сой бўйида кутинг мени деб,
Келмадинг ҳеч бутунлай алдаб,
Ўтирардим йўлингга қараб,
Фақат менинг кутганим қолди.
Сўйлагандинг дилда розингни,
Ваъда қилиб ишқ шаробингни.
Олиб қочдинг лаб-дудоғингни,
Ишқ заҳрини ичганим қолди.
Соғинч ила қучардинг маҳкам,
Ҳар бўсангга берардинг рақам,
Шу эканда вақт олий ҳакам,
Вақт ҳасратин ютганим қолди.
Қайтар дунё, қайтади кутгил,
Пушаймондан бир нафас ютгил,
Умидинг уз Хуршиддан буткул,
Энди сендан кечганим қолди.
Унутмайман узун сочлигинг,
Ром айлаган қора қошлигинг,
Шоир қилди бағри тошлигинг,
Тўрт мисра шеър ёзганим қолди.
Ёлғиз аёлга…
Ранжима тақдирдан ожиза аёл,
Лабингни ювмасдан кўзингни ёши.
Биламан, зимистон бўларди олам,
Агарда кўкдаги ботса қуёши.
Оила устунинг кетдими қулаб,
Бардош бер бу ҳам бир оллоҳнинг иши.
Тан бергин, тан бердинг, тан олишади,
Ҳаётнинг инсонни синагани шу.
Аслида, бир қадам икки дунё ҳам,
Шу қисқа қадамни тез босар инсон.
Бу дунё рўёдир, афсона эртак,
Шоҳни ҳам гадони кутар бир макон.
Бошга тушганини кўз кўрар албат,
Беҳуда барчаси кўз ёш, нолалар.
Ажал навбат берса, кечмагай асло,
Бу навбатга ечим топмас донолар.
Билармикан ёр
Муҳаббат менга озор,
Тунларим ўтар бедор,
Орзулар мендан безор,
Келармикан ёр.
Кўзимдан ёшим оқар,
Армоним чечак тақар,
Танамни ўтда ёқар,
Ёнармикан ёр.
бунча билмай,
Зор қилар бир бор келмай,
Соғинсам уни тинмай,
Қучармикан ёр.
Кулгуси дардга дармон,
Севгим не учун арзон.
Бир куни бўлсам хазон,
Кўнармикан ёр.
Ўзимга ўзим кулсам,
Охири телба бўлсам,
Аламни йиғлаб олсам,
Кулармикан ёр.
Боримни унга атай,
Севмаса билмам нетай,
Бош олиб қайга кетай,
Кутармикан ёр.
Гоҳ ошкор жўшиб севдим,
Гоҳ пинҳон ёниб севдим,
Дарёдай тошиб севдим,
Билармикан ёр.
Меҳрини истар кўнглим,
Етмаса унга қўлим,
Чорласа мени ўлим,
Йиғлармикан ёр.
Қалдирғочлар
Не синоат ерга яқин елишади,
Жуфти билан доим бирга келишади,
Баҳор келса айвонимга қўнишади,
Айвонимдан паноҳ топган қалдирғочлар.
Икки қанот бир жуссангга ташвишинг бор,
Кўзларингда нимагадир таҳликанг бор,
Айвонимда учиб юрсанг бараканг бор,
Ошёнимда ватан қурган қалдирғочлар.
Сен тинчликнинг рамзи бўлган гўзал қушсан,
Совуқ қишда ер заминга ширин тушсан,
Ин қурай деб хаслар териб кўкка учсанг,
Айвонимдан умидворим қалдирғочлар.
Чинқирашиб полапонлар чуғурлашар,
Ота-онам келсайди деб йўл қарашар,
Гоҳи менинг эътиборим ўғирлашар,
Айвонимда аҳил, иноқ қалдирғочлар.
Соғинай сени
Соғингин деб айт менга эркам,
Шошма бунча қайт менга эркам,
Соғиниш ҳам бахт менга эркам,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Нима қилай, сен мендан йироқ,
Орзуларим сўнган бир чироқ,
Майли севма, севмагин бироқ,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Ўт ёнса ҳам кул сира ёнмас,
Танам чарчар, юрагим толмас,
Ишқ тафтига зор кўнглим қонмас,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Сени ўйлаб оламан нафас,
Севмасанг дил қулфланган қафас,
Суратингга термулиб бир пас,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Мени қийнар муҳаббат, армон,
Қўлим етмас кўкдаги маржон,
Рухсат бергин илтимос, эй жон,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Кутавериб бўлдим-ку гирён,
Тор кўринар ҳамма ёқ, ҳар ён,
Мен соғинсам сенга на зиён,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Қани бўлсанг ёнимда шу чоқ,
Фалак мисол очардим қучоқ,
Кўзларингга мўлтираб узоқ,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Девонадир соғинса кимки,
Кўзларим ҳам шунчалар намки,
Ўчиради ўт ёнса ҳамки,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Сочинг тўзса айбдори шамол,
Бир гап айтай келмасин малол,
Хафа бўлиб бермагин ҳалал,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Мажнун каби саҳро кезмадим,
Соғинганим асло айтмадим,
Сендан бошқа қизни севмадим,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Севмай туриб севдирдинг майли,
Олов каби куйдирдинг қалбни,
Сарвиқомат офатим Лайли,
Ҳеч бўлмаса соғинай сени.
Қўлларингдан хаёлан тутсам,
Кўзим юмиб, тушимда ўпсам,
Шу туш билан уйқуда ўлсам,
Ҳатто руҳим соғинар сени.
Қоғоз ва қалам
Ёзганим тўрт сатр, тўрт мингта дарднинг,
Домига тушгандай оҳ тортар бироз.
Оппоқ қоғозларга чизиқ доғ берса,
Сўзларим янчилар, қалбим қилар ноз.
Шоир йиғласа гар дастрўмол қоғоз,
Тинмай унга артар кўзин ёшини.
Қоғоз ивиб кетса шоир ёшидан,
Қалам ханжар бўлиб олар бошини.
Муҳаммад Юсуфнинг шеърин ўқисам,
Кўксимга санчилиб бир ўқдай тегар.
Варақласам Бобур ёзган китобни,
Ҳимолай тоғлари сўзсиз бўй эгар.
Қалам ушламоқлик осондир аммо,
Уни хушламоқлик илоҳий неъмат.
Ёзганим қалбига бориб етмаса,
Билмадим, қай инсон айтаркан раҳмат.
Шеър битмоқ иш эмас, касб ёки ҳунар,
Кўнгилнинг ишидир уни яратмоқ.
Хуршидбек мақсади кичик бўлса ҳам,
Дилдаги розини элга англатмоқ.
Болалик
Ёмғир мисол бир ёғиб ўтган,
Анҳордайин тез оқиб кетган,
Чақмоқ бўлиб ўт чақиб кетган,
Болалик онлари қани беғубор.
Болам билан ўйнасам, кулсам,
Эсга тушар шўх болалигим.
Шўхлик қилиб тоғ-адир қучсам,
Соғинтирар гул лолалигим.
Майли, боғлар берманг мевадан.
Бир кун яна баҳор келади.
Сўрар бўлдим қўшиқ-наводан,
Шўх болалик қачон келади.
Ундан кўра қара отам сочига,
Бир тола қора соч тополасанму?
Оқ рўмол ўраган онам қошига,
Болалик, сен бир зум қайтоласанму?
Менга ўхшаб қўмсар улар ҳам бир оз,
Уларга қайт майли, менга шарт эмас.
Мисли сим устидан қулаган дорбоз,
Наҳотки болалик ҳеч қачон қайтмас…?!
Қўрқоқ эмасман
Хаста бўлсам хасталигимдан,
Қўрқмагайман, эй қўҳна олам.
Бирон наф йўқ қўрқоқлигимдан,
Чунки бордир дўст, ёр-у оғам.
Қўрққаним шу инсон дўстидан,
Қўлин силтаб кетган онидир.
Қўрқмагайман дунё кўстидан,
Тўкислигим дўстим шонидир.
Қўрққаним йўқ қишнинг қоридан,
Айлангуси барглар хазонга.
Мен қўрқаман дўстим оридан,
Кечиб мени сотса арзонга.
Оҳ, қўрқаман мен тарозида,
Дўстим менга тортганида тош.
Яна даҳшат : вақт адоғида,
Яқинларим кўрсатмаса бош.
Шамол
Кўринмас жисмдай, ё бирон кучдай,
Гоҳида қўяркан бизни гангитиб.
Ўша куч шамолдир, бебош шамоллар,
Ғубор кўтаради ерни чангитиб.
У келгач дарахтлар силкитишар қўл,
Шивир-шивир қилар елга қўшилиб.
Гўёки силкитиб, тўкиб баргини,
Яна шўх-шодон учади елиб.
Дарё сувларини чайқар, тўлғатар,
Тўлқин пайдо қилар буйруқ бергандай.
Боғ-у роғ, дарёда, кўча-кўйларда,
Макон истаб гўё дайдиб юргандай.
Мафтункор бир қизнинг сочларини ҳам,
Ҳилпиратиб ҳуснига қўшади жамол.
Ўзи кўринмайди, овоз бор холос,
Созсиз куй чалади созанда шамол.
Муҳаббат
Соғинчлари азоб, дийдори ширин,
Дарёдек тўлдириб тоширар бизни.
Муҳаббатсиз яшамоқ нақадар қийин,
Гоҳ ерга қаратар уятдан юзни.
Бир гўзал ишқида девона бўлсанг,
Аммо севилмасанг юрагинг абгор.
Ҳижрон саҳросида гул мисол сўлсанг,
Севгидан қоларкан қалбингда ғубор.
Ошиқлар учрашса туннинг қўйнида,
Булутлар ортидан ой қилар ҳавас.
Ўзин ёлғиз сезиб қилгандай нидо,
Юлдузларга қарар соғинчдан бир пас.
Хаёли паришон бўлса гар сархуш,
Демак-ки, йигит-қиз ишққа мубтало.
Ҳатто тинч қўймайди уйқусида туш,
Бўйсунган юраги дилга ҳавола.
Муҳаббатга қанча байтлар битилган,
Чунки шуни истар илоҳий бир ҳис.
Кимдир ишқсиз бари шаксиз ютилган,
Севиб – севилганда бу туйғу нафис.
Фасллар ўткинчи, ўткинчи ҳар дам,
Юзга ажин, доғлар, сочга оқ тушар.
Ишқий хотирада гоҳ кўзларда нам,
Севган ҳар вужудда муҳаббат яшар.
Ким эсламайди илк севгисини,
Ҳеч битта кўнгил ҳам бунга қодирмас.
Наҳот эсламайди илк бўсасини,
Йўқ, буни унутиб яшаш осонмас.
Севгининг кўзи кўр дейишар, аммо,
Аслида ошиқлар кўр бўлиб қолар.
Севдими, вассалом, танҳо муаммо,
Ширин дийдор қадар кўзлари толар.
Муҳаббат шунақа дийдорлашсанг ҳам,
Сал ўтиб боқарсан ёр суратига.
Фақат соғинч, соғинч не бўлар малҳам,
Беихтиёр кўнарсан кўнгил шартига.
Ой каби бетакрор, қуёшдай нурли,
Асир айламасдан қўймайди албат.
Оҳ, бунчалар ажиб, бунчалар сирли,
Хуршидбекни ҳар куйга солган муҳаббат.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.