Электронная библиотека » Хуршид Рузикулов » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Қадр"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 04:00


Автор книги: Хуршид Рузикулов


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 5 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ёмон бўлдим

 
Сабр қилиб, боссам ўзим,
Эгилганча қолса юзим,
Ёшга тўлган қора кўзим,
Қанча бўҳтон, туҳмат кўрди.
 
 
Ориятни девор қилсам,
Чидолмайин ўзим тилсам,
Кимларнидир яқин билсам,
Оёғимга ханжар урди.
 
 
Совуқ сўзга муз бўлганман,
Узрни ҳам мен сўрганман,
Номардларни кўп кўрганман,
Остонамда миннат турди.
 
 
Ёмонлардан узоқ қочсам,
Мен уларга қўрқоқ бўлдим,
Яхшиларга ҳамроҳ бўлсам,
Ёмонларга ёмон бўлдим.
 

Шеърларим эзар

 
Илҳом келса қалбимда сўзларим кезар,
Гўё дардли мисралар шеъримни эзар,
Ашъорим сездирмай етказиб озор,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Чидолмайман дардни юракка солиб,
Беихтиёр қўлимга қаламни олиб,
Тўрт сатр аслида азобга қолиб,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Айро тақдирларни ёзгим келмайди,
Бераҳм фироқда шафқат бўлмайди,
Ёлғончи дунёдан кўнгил тўлмайди,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Баъзида армондир муҳаббат, висол,
Баъзида бўй чўзмай сўларкан ниҳол,
Гоҳида ўзим ҳам бўламан беҳол,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Баҳорнинг ёмғири дардимни ювмас,
Чангимни ювса ҳам ғуборим қувмас,
Мен куйсам куяман, ашъорим куймас,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Жазирама ёзга ҳам тортдим қаламни,
Гўё олмоқ эдим ундан аламни,
Номард фаслларим бермас малҳамни,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Кузнинг хазонини айладим баён,
Қалбим тубидаги ўзимга аён,
Энди қийнашмоқда қочай мен қаён,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Достон қилдим қишни совуқ ҳавода,
Яна қўшиқ бўлар ғамгин навода,
Бўлолмадим устун шеърдан зиёда,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Фасллар, фасллар, экан бағри тош,
Шеър билан бирлашиб отар менга тош,
Қўлимда қалам-у, қалбимда оташ,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 
 
Мен шоир эмасман, балки девона,
Тунлари ёқилган шаъмлар парвона,
Дил сўзим қоғозга тўксам пинҳона,
Ўзимни эзмоқда ёзган шеърларим.
 

Хато

 
 Ярим тун.
 Ой кўкда,
 Қарадим,
 Йўқдек ҳаловат,
 Бироз хижолат.
 Сўрадим:
 Нега эгикдир бошинг,
 Айт, мен сирдошинг.
 
 
 Ой секин нурини сочди,
 Менга ишонгудай сирини очди:
 – Эй инсон, қулоқ сол, менинг сўзимга,
 Нима кўраяпсан, қара юзимга?
 Кўрдингми?
 Кўрақол,
 Юзимда доғ бор,
 Мен шундан уялиб,
 Қилаяпман ор.
 Шу сабаб, мен фақат тунда чиқаман,
 Дардимни кундузи ичга ютаман,
 Кундузи доғимни ҳеч ким кўрмайди,
 Тунда эса ёлғизман, биров сўрмайди.
 Булутни чақирдим, келгин мен томон,
 Сенсиз менинг энди ҳолимдир ёмон,
 Тезроқ кел, инсонлар қилмасин гумон,
 Яшир, яшир менинг қора доғимни.
 
 
 Уялиб, булутлар ортига киргум,
 Кундузи умуман келмайди юргим,
 Шу сабаб тунлари чиқаман аста,
 Доғим борлигидан, оҳ, дилим ҳаста.
 
 
Ой бироз менга қилгандай зарда,
Юзига тортганди булутдан парда.
Узоқ ўйлаб қолдим,
Қўлга қаламни олдим.
 
 
Наҳот, ой хатодан уялар бунча,
Наҳот, орияти кучлидир шунча,
Бизчи, биз инсонлар хатомиз қанча,
Ой шаъма қилганди менга шу кеча.
 

Регистон

 
Турли миллат, элат бирлашар,
Самарқанднинг Регистонида.
Миллий қўшиқ, наво бирлашар,
Самарқанднинг Регистонида.
 
 
Бунда бўлар “Шарқ таронаси”,
Жўш урмоқда санъат қонида.
Завқли ўтар ҳар бир саҳнаси,
Самарқанднинг Регистонида.
Ўзлигимиз акс этар бутун,
Ўзбекистон “Шашмақом”ида.
Жонли ижро янграйди бугун,
Самарқанднинг Регистонида.
 
 
Кўркига кўрк қўшар сокин тун,
Ўзгача бир файз бор тонгида.
Хуршидбек ҳам куйлайди бир кун,
Самарқанднинг Регистонида.
 

Ҳаёт деб айтинг

 
 Яхшига кун йўқмиш, ёмонга ўлим,
 Ўнг ёним қувончдир, ташвишдир сўлим,
 Баъзида ҳеч ишга бормайди қўлим,
 Бешафқат ким десам, ҳаёт деб айтинг.
 
 
 Баъзилар дунёда ҳаста, ногирон,
 Баъзилар доимо негадир гирён,
 Қачон бахтга тўлар, ҳамма ёқ, ҳар ён,
 Бешафқат ким десам, ҳаёт деб айтинг.
 
 
 Орзу-умидларга тўлсада қучоқ,
 Қониқмай янада елишар узоқ,
 Поёни бор, бир кун қўйишар тузоқ,
 Бешафқат ким десам, ҳаёт деб айтинг.
 
 
 Кимнингдир ўз оши ўтмас томоқдан,
 Гоҳ кимлар либоси ортмас ямоқдан,
 Яна ким ўтолмас кичик сўқмоқдан,
 Бешафқат ким десам, ҳаёт деб айтинг.
 
 
 Кимларда дард тўла, кимлар соппа-соғ,
 Ким эса чорасиз, йўқ суянган тоғ,
 Яна ким хазондир, айни ёшлик чоғ,
 Бешафқат ким десам, ҳаёт деб айтинг.
 
 
 Умрнинг беш куни бунча тез ўтар,
 Кимлардир келганда, кимлардир кетар,
 Кимдир ўз жонига ўзи қасд этар,
 Бешафқат ким десам, ҳаёт деб айтинг.
 
 
Бировлар ўғлидан, биров қизидан,
Гоҳо хафа бўлар ҳатто ўзидан,
Аччиқ ёш тўкилар инсон кўзидан,
Бешафқат ким десам, ҳаёт деб айтинг.
 
 
Ғам-алам дастидан оқарса сочинг,
Қалбингни тушунган сирдошга очгин,
Нолимай энг аввал худога қочгин,
Меҳрибон ким десам, худо деб айтинг.
 

Умр

 
Дунё, дунё – деди, дунё кўрмаган,
Дунёни кўрди-ю, ўгрилди кетди.
Тириклик чоғида ҳолин сўрмаган,
Фироқда фарёди кўкларга етди.
 
 
Ота-ю онага фурсат топмаган,
Дўст-у ёрларига умрини берди.
Ватан тупроғини бир бор ўпмаган,
Ўзга юрт бағрида пинҳона елди.
 
 
Қондош-у ночорга савоб қилмаган,
Базм-у жамшидларга молидан кечди.
Рўзадор сувини саҳар ичмаган,
Ўткинчи дунёга қасамлар ичди.
 
 
Ҳар ким умр йўлида елиб югурса
Оллоҳ ёзганига борича етди.
Оппоқ поёндозга чизиқ доғ берса,
Қоғоз ҳам қаламдан ўгрилди, кетди.
 

Фахрланма

 
Сен ердаги тирик жондан,
Фарқли бўлиб туғилгансан.
Агар кечсанг ор-иймондан,
Инсонман, деб фахрланма.
 
 
Ўғлинг сенга қарши чиқса,
Номинг билан қасам ичса,
Қаддинг букиб ерга йиқса,
Отаман, деб фахрланма.
 
 
Чегарадан ошса қизинг,
Лойга булғаб босса изинг,
Қора қилса аёл юзинг,
Онаман, деб фахрланма.
 
 
Хоинликка тайёр турсанг,
Қондошингга тузоқ қурсанг,
Ўз акангни ўзинг урсанг,
Укаман, деб фахрланма.
 
 
Иззатингни четга илиб,
Сен укангни тиғиз тилиб,
Гар воз кечсанг хато қилиб,
Акаман, деб фахрланма.
 
 
Йўқолса ор, диёнатинг,
Ярашмайди хушомадинг,
Кечирилмас, хиёнатинг,
Сингилман, деб фахрланма.
 
 
Аёл қалбин билолмасанг,
Кўнглини шод қилолмасанг,
Ожизангни севолмасанг,
Эркакман, деб фахрланма.
 
 
Яратганмиш Одам Ато,
Сен иймондан кечма асло,
Киёлмасанг парча мато,
Бандаман, деб фахрланма.
 
 
Хуршидбек, сен танла йўлинг,
Қаламингдан узма қўлинг,
Сендан кейин ўчса сўзинг,
Шоирман, деб фахрланма.
 

Айбдор эмас

 
Қувноқ бир шамолдай сочилиб елдинг,
Атиргул мисоли очилиб келдинг,
Ёмғирни кўзимга ёш қилиб илдинг,
Баҳор айбдор эмас йиғлатганингга.
 
 
Соғинч саҳросида офтобга тўйдим,
Юракни ёндириб, азобга қўйдим,
Саратон тафтингда чўғ бўлиб куйдим,
Ёз ҳам айбдор эмас куйдирганингга.
 
 
Дилимдан отилган нола дарбадар,
Йўлингга тўкилдим, барглар бехабар,
Ишқингга мубтало бўлдим шу қадар,
Куз ҳам айбдор эмас суйдирганингга.
 
 
Вужудим қалтирар, исимас кўнглим,
Ҳаммаёқ оппоқ қор лек қора кўнглим,
Ҳатто дунёлардан совиди кўнглим,
Қиш ҳам айбдор эмас совутганингга.
 
 
Тўрт фасл гувоҳдир, чеккан жабримга,
Бардошим етмаса тўлган сабримга,
Қачондир соғиниб келсанг қабримга,
Ажал айбдор эмас ўлдирганингга.
 

Атиргулим

 
Қалбим очиб севганимга,
Ҳадя қилдим атиргулим.
Гувоҳ эдинг дил розимга,
Аммо бугун кўрдинг зулм.
 
 
Тортиб олди ёмонларим,
Кимдан қилай гумонларим,
Энди севги армонларим,
Дардим ютма атиргулим.
 
 
Муҳаббатга ҳеч тўймадинг,
Дилим сўлди, сен сўлмадинг,
Ёр йўқ десам, оҳ, кўнмадинг,
Ортиқ кутма атиргулим.
 
 
Бирга юргин гулзорларга,
Оддий бир гул бўлсин кўнглим.
Чидолмайман ёр-ёрларга,
Олиб кетгин атиргулим.
 
 
Майли, ҳамроҳ қилма мени,
Ташлаб кетгин топай йўлим.
Балки бевақт уздим сени,
Кечир мени атиргулим.
 
 
Ёр сўрама мендан фақат,
Топгин мени мендан гулим.
Етмас эди сабр-тоқат,
Йиғлаяпман атиргулим.
 
 
Кимман ахир шуни сўра,
Ёрни қайдан топай гулим?
Тиконинг санч ундан кўра,
Азоблангин атиргулим.
 
 
Ёритгин деб йўлларимни,
Узатгандим сенга қўлим.
Шу гуноҳкор қўлларимни,
Ўзинг кечир атиргулим.
 

Кўнглим садолари

 
Кўнглим садолари тингланди кеча,
Кимгадир ёқди бу, кимга ёқмади.
Шеърларимда илтижо қилганман қанча,
Аммо бағритошлар менга боқмади.
 
 
Дил изҳорим гўё саҳро-ю кабир,
Қалам изларидан аланга чиқар.
Ортиқ чидамоққа йўқ менда сабр,
Юрагим сўзимни қоғозга битар.
 
 
Баён қилдим она Ватан меҳрини,
Балки ярашмасдир менга шеър ёзиш.
Ҳис қилдим айтилган сўзнинг сеҳрини,
Биламан, бу кимга арзимаган иш.
 
 
Қизил бўлса эди қалам ранги ҳам,
Ўхшарди тиғ еган қонли юракка.
Ашъорим қалбимга бераяпти малҳам,
Бўлмаса овозим етарди кўкка.
 
 
Панд-у насиҳатга етмасдир ёшим,
Не қилай юракнинг айтгани холос.
Кўзим кўрганидан хижолат қошим,
Қимтиниб чеккада қилаяпман роз.
 
 
Шеър ёзсам, паришон бўлар хаёлим,
Онамдан беркиниб, отамдан қочиб.
Бас қилинг, дер менга баъзан аёлим,
Қочолмай қоламан эшикни очиб.
 
 
Айтинг, ахир, нега қочишим керак,
Унда қочоқ номин олишим тайин.
Бўйним дор бўлиб осилса фалак,
Дор ҳижолат, ҳатто бўғмоқда майин.
 
 
Мени тинглаганда йиғлайди онам,
Қалбим жолалари сиғмас сатрга.
Совуқ сўз қаҳридан музласа танам,
Бош олиб кетайин қай олис ерга.
 
 
Яқин дўстим сўрар, кимсан ўзи айт,
Мен шоир эмасман, бор бироз алам.
Аламли хотирга яна бир бор қайт,
Айтилмаган сўзни айттирди қалам.
 
 
Менинг кимлигимни сўрама мендан,
Ҳув ана, қоғознинг доғидан сўра.
Ортиқ савол берма илтимос сендан,
Сабр афзал менга қочишдан кўра.
 
 
Майли сўроқ қилинг шеър ёзсам агар,
Зарб беринг, розиман, ҳаёт зарбига.
Тополмай сирдошни бўлсам дарбадар,
Тўрт сатр даводир Хуршид дардига.
 

Қадри йўқ

 
Ғанимнинг бошини солиб жудога,
Жавоби келмасдан чалмагин созни.
Гарчи ишонмасанг ёлғиз худога,
Беҳуда ёзмагин сен жойнамозни,
Тоат-иймонингни қадри йўқ, дўстим.
 
 
 Худонинг қаҳрини ҳам четга сурганча,
 Қасам ичар бўлдинг қиблага қараб.
 Рўёдан ҳақиқат ясаб қургунча,
 Дилинг покламасанг оллоҳдан сўраб,
 Қибла томонингни қадри йўқ, дўстим.
 
 
 Шубҳа қилсанг мол-дунё деб дўстингдан,
 Нафс балоси уйғотаркан саҳарда.
 Шошилмагин ҳамма кулар устингдан,
 Етти ўлчаб бир кесмасанг агарда,
 Қилган гумонингни қадри йўқ, дўстим.
 
 
 Кўчадан бир гадо сув сўраб келса,
 Яширсанг ўзингнинг шуҳрат, шонингни.
 Қорни тўқ дўстларинг шод бўлиб кетса,
 Ночордан қизғаниб ош-у нонингни,
 Йиққан хирмонингни қадри йўқ, дўстим.
 
 
 Ширин сўз сеҳрига маст бўлар осон,
 Ҳар қандай қаламқош, ҳар қандай раъно.
 Минг бора уринма, тингламас инсон,
 Хуршидбек сўзингда бўлмаса маъно,
 Тил-у бийронингни қадри йўқ, дўстим.
 

Бухоро

 
Кечалари тунги чироқлар,
Ялтираса беради оро.
Ҳуснига кўрк қўшар кўчалар,
Азим шаҳар, қўҳна Бухоро.
 
 
Олтин унар тупроқларингда,
Жавлон урса бободеҳқоним.
Сенинг номинг гар олсам тилга,
Қайнаб тошар, жўш урар қоним.
 
 
Зар либосли ранг-баранг, сенда,
Дўппиларда юрар “духтаро”.
Ўзгача бир ҳис бўлар менда,
Гўзалларинг кўпдир Бухоро.
 
 
Зардўз, кулол, темирчиларинг,
Тонг саҳардан ишга оввора.
Рингни забт этар зўр полвонларинг,
Сенга бўлсин шараф Бухоро.
 
 
Баҳовуддин, Нақшбандийлар,
Ётган тупроқ саждагоҳдирсан.
Тарихлардан сўйлар аркимиз,
Илм-фанга бешик даргоҳсан.
 
 
Бобур Бобомурод сўзласа кеча,
Бугун элда қўшиқ Бухоро.
Хуршид ўғлинг куйлар шаънингни,
Шоирларнинг юрти Бухоро.
 

Алдама фақат

 
Ёлғончига доим ҳақиқат айёр,
Кутиш ҳам мен учун балки бахт, эй ёр,
Келсанг бас, Хуршидбек кутишга тайёр,
Тунда келаман, деб алдама фақат.
 
 
 Дилда тўзимоқда соғинч шамолинг,
 Менда қолиб кетган қизил рўмолинг,
 Бари ошкор бўлар, не кечар ҳолинг,
 Рўмол керакмас деб алдама фақат.
 
 
 Сенга бахшидаман ол шу жонимни,
 Майли ёқиб кетгин хонумонимни,
 Розиман, бошим кес, тўккин қонимни,
 Сизсиз ўламан деб алдама фақат.
 
 
 Боқиб тўймас кўзим киприк остингдан,
 Вафо тополмадим ёлғон-ростингдан,
 Ўзимни йўқотдим ёзган хатингдан,
 Сизни севаман деб алдама фақат.
 

Бир кун

 
Тонг отди,
борлиққа
                      қуёшнинг нурлари тушди,
Заминга берилган
ёрлиққа ўхшаб,
                      қанот қоқиб
                                               қушлар кўкларга учди.
 
 
Одамлар оқими,
Ҳаракат оқими,
Ким ишга,
кимдир ўқишга,
                      шошар кимдир,
                                               барвақт боришга.
 
 
Яна кимда
фойдаси йўқ иш.
Янги кунда
Бемақсад юриш
 
 
Биров кўкда учар,
биров кемада,
        кимлар дунё қучар,
                                 яна кимлар жим.
Оёқ остида,
кимдир тепада,
        юрар бежирим.
 
 
Сал ўтиб
салқин тонгга
        бергандай барҳам,
Осмоннинг қоқ ўртасида
турар хотиржам
        қуёш.
Тушлик.
Хотиржамдай
бироз инсон ҳам.
 
 
Сўнгра
давом этар
        ҳаёт қўшиғи.
Жиловланар
Яна
Инсон қадами.
Ана,
кимни кутар
        севган ошиғи.
 
 
Биров тўйда,
Биров азада,
Садақа сўраб,
кимдир кўчада.
Рўмол ўраб
кимдир
                      шифохона эшигин
                                               очар,
Кимдир уйда,
кимлар бозорда,
                      ҳаққин олган,
                                               индамай қочар,
                                                                        зерикканлар,
                                                                                      кўча-ю куйда.
 
 
Фақат,
куннинг қироли –
                      жим турар
                                               қуёш.
Яна кимнинг
қўлда қуроли,
                      ярадорнинг
                                               кўзларида ёш.
Кимдир хурсанд,
ўзича танҳо
                      юрар қаламқош.
 
 
Биров бормоқда,
биров қайтмоқда,
                      қолганлари
                                               маҳзун кетмоқда.
 
 
Тинимсиз оқим
оқмоқда.
        кимнинг дарди
                                 ичида
Кимдир айтмоқда.
 
 
Боғбон –
кўркам боғида,
Чўпон –
адир тоғида.
Ҳатто табиатни
тинч қўймас инсон.
Беихтиёр
эргашар – кўклам бўлиб
        кўкарган кўклам.
Бунга гувоҳ
қуёшли осмон.
Кимда гуноҳ,
Кимларда нуқсон.
Турли хил туюлар
ҳар кимга олам.
 
 
Биров –
қўшиқ айтар.
Кимдир тинглар,
кимлар тингламас.
Ночор эса –
кўз ёшин артар.
Қўшиқ нелигини,
ҳайрон турар,
        ҳатто англамас.
 
 
Аста-секин
кун бота бошлар.
Барча уй-уйига
ошиёнига шошар.
Ўша жўшқин
тонгги ҳаракат
                      бефойда кимгадир,
                                               кимга баракат.
 
 
Бўйин эгиб,
оҳиста.
Борлиқни зулмат қоплаб,
гўё қора шойиста.
Келди сокин тун.
Кимни хушлаб,
кимнидур боплаб,
                      ортда қолди кун,
                                               ортдадир бугун.
Осмонда ялтираб
кўринар юлдуз.
Тарихга айланди
бугунги кундуз.
 
 
Бир кунлик ҳаракат
бўлар сарҳисоб.
Қанча фойда,
қанча зарар,
                      қанча камомат,
                                               лек,
                                                                        хатолар
                                                                              қилинмас ҳисоб.
 
 
Шундай қилиб дўстим,
тўлмас
        кам кўстинг.
Ўтди бир кун,
        ўтмоқда ҳам тун.
Йигирма тўрт соат кетмоқда
        бугун.
Бу дегани
Умрингдан олинди бир кун.
 
 
Алламаҳал вақт.
Олам – сукунат.
Чарчаган ҳамма
ёнбошлар беҳол.
Уйқуда ҳамма
олам уйқуда.
Тун ичра
табиат
        тин олар бироз.
Чала уйқуда,
        яна тонгни кутиб
                                 мудрарди хўроз.
 
 
Янги тонг,
янги кун,
        келиши аниқ,
                                 келар муқаррар.
Буни тунда
бедор
        шоир
                                 яхшироқ билур
                                                          шуни ҳис қилур.
 
 
Хуллас,
эй дўст,
                      ҳаёт узун,
                                               тўлмайди кам-кўст.
Ҳаёт учун
                      курашлар билан
оқмоқда,
                 кетмоқда,
                                                  ўтмоқда Умр!
 

Қалб уйи

 
Қалб эшиги оҳиста очилди бир кун,
Қад кўтариб қаршимда турар нозлигим.
Гуё йиғлаб қарайди ўша сокин тун,
Қўлга олиб дастрўмол кетди ошиғим.
 
 
Яна қадаҳ, яна мен бўлармиз хароб,
Ўзим бахтли сезаман, маст қилса шароб.
 
 
Дардлар чеккан кўнглимга келди тоғу тош,
Ҳатто эриб борарди юрак куйига.
Қум каби тўкилиб, беролмай бардош,
Мендан хафа бўлди-ю, кетди уйига.
 
 
Яна қадаҳ, яна мен бўлармиз хароб,
Ўзим бахтли сезаман, маст қилса шароб.
 
 
Тонг саҳарда кўргани келиб девона,
“Мендан ҳолинг ҳароб-ку”– , кулди ҳолимга,
Сўнг боши оққан томон бўлди равона,
Мен телбага ўхшардим, телба золимга.
 
 
Яна қадаҳ, яна мен бўлармиз хароб,
Ўзим бахтли сезаман, маст қилса шароб.
 
 
Маст бўлиб турардим, ёғарди ёмғир,
Шу баҳона яна қалб унга сўз очди.
Ёғаркан деб ўйласам, йиғларкан оғир,
Менга бир тегиниб, сўз демай қочди.
 
 
Яна қадаҳ, яна мен бўлармиз хароб,
Ўзим бахтли сезаман, маст қилса шароб.
 
 
Ўша изланган дардкаш топилди бугун,
Шеър мени тинглади, дардимни олди.
Ҳеч ким бардош бермаган тугун ечилди,
Қалбимни ювиб қаламда қоғозга солдим
 
 
Энди шеър, энди мен бўлмаймиз ҳароб
Билдим, бахтли қилолмас шоирни шароб.
 

Ноз қилма

 
Шаршарадай узун сочлари,
Қоматига турар ярашиб.
Узун киприк, қора қошлари,
Кўзим тушса кетар қамашиб.
 
 
Дук-дук урар ишқдан юрагим,
Мен томонга бир қиё боққин.
Агар бўлса сенга керагим,
Бўлмаса гар ўтларда ёққин.
 
 
Эй жонона, бунча ноз қилма,
Мен ҳам отам ёлғиз эркаси.
Сен юракни ханжарсиз тилма,
Бўлгин ёрим, бахтим бекаси.
 
 
Вой-дод сенинг қадамларингдан,
Ўлар бўлдим кўзи хуморим.
Ғарқ бўлдим-а, аламларингдан,
Сен ноз қилсанг, қолмас мадорим.
 
 
Бормайман деб, келарсан бир кун,
Чиқиб қолсанг агар йўлимдан.
Айтиб қўяй, айтай ўша кун,
Қочолмайсан менинг қўлимдан.
 

Ажиб дунё

 
Аввал бағрига чорлаб,
Кейин йўлингни пойлаб,
Мажбур қилар гоҳ зўрлаб,
Сирли ажиб дунё бу.
 
 
Ўз куйига ўйнатиб,
Не-не кўкка бўйлатиб,
Афсус ила ўйлатиб,
Сирли ажиб дунё бу.
 
 
Кимни кимга зор қилган,
Тиғ урмай дилинг тилган,
Кимларгадир дор илган,
Сирли ажиб дунё бу.
 
 
Доғ туширар юзингга,
Қулоқ солмас сўзингга,
Қайтолмайсан изингга,
Сирли ажиб дунё бу.
 
 
Узун равон йўл эмас,
Кам-кўстингни тўлдирмас,
Фурсат келмай ўлдирмас,
Сирли ажиб дунё бу.
 

Опажон

 
Қўлларимдан оҳиста ушлаб,
Илк қадамни ташлатинг менга.
Сўз ўргатдинг ҳарфлардан бошлаб,
Минг ташаккур, опажон, сенга.
 
 
Болаликда айтганинг қилмай,
Ранжитганман гоҳида сени.
Шўхлик қилиб йиғлатдим билмай,
Кечирақол опажон мени.
 

Вақт дарёси

 
Гуллаган чаманлар бўлмайди охир,
Баҳор келгач яна гуллайверади.
Вақт дарёси тинмай оқмоқда ахир,
Умринг ҳам шу билан ўтаверади.
 
 
Дунёдан қидирдинг дур, гавҳар, маржон,
Бу йўлда кўринмас нуқсонлар хато.
Вақт етиб топгани, кўргани ҳар жон,
Дурлар эмас, балки бир парча мато.
 
 
Ном олдинг гоҳ яхши, гоҳида ёмон,
Гоҳида панд бердинг, иймон ғурурга.
Ва бир кун сургунсан ер ости томон,
Ҳақиқат ном олиб, чексиз умрга.
 
 
Қанчалар бешафқат умр дарёси,
Ортига қарамай шошилиб оқар.
Бунча яқин икки дунё ораси,
Кўз очиб юмгунча манзил муқаррар.
 

Майхона

 
Топмадингми биронта сирдош,
Излаяпсан, эй дил, майхона.
Гўё ювар дардингни шароб,
Майли, боргин кутар майхона.
 
 
Тонг отганин, кун ботганини,
Сезмаяпсан ичганда шароб.
Майхонадан май кетар холос,
Сендан кетар соғлигинг хароб.
 
 
Наҳот раҳминг келмас ўзингга,
Осмон олис, майхона яқин.
Наҳот қадаҳ асир сўзингга,
Унда дарди борларни чақир.
 
 
Шароб ичиб бўшатдинг қалбни,
Бўшаб қолди сирдош қадаҳ ҳам.
Хуршидбекка дардкаш майхона,
Чил-чил синди биллур қадаҳ ҳам.
 

Янги йил

 
Яна кунлар совуқ, қорлар ёғади,
Кумуш қиш фаслини бизга эслатиб.
Дўст-у биродарга кулиб боқади,
Янги йил ўзгача дилни яшнатиб.
 
 
Хайрлашар энди эски йилимиз,
Тарихга айланган йиллар муштарак.
Кириб келаётир янги йилимиз,
Барчага бу айём бўлсин муборак.
 

Висол

 
Кўнглим сархуш, хаёл паришон,
Соғинтирдинг қучақол мени.
Қаролмайман йўқдек ном-нишон,
Бедор кўнглим кутмоқда сени.
 
 
Севдим ёниб, ёндирган ўзинг,
Ёнсам ҳамки, севдим қучмайин.
Менга тиксанг ёр қора кўзинг,
Севгим айтдим қўлинг тутмайин.
 
 
Севдим,–дебман, лаб дудоғингдан
Бирон марта бўса олмайин.
Келақолгин бахтга айланиб
Энди жоним, сенсиз қолмайин.
 

Нолалар уйи

 
Онасан, дунёга келтирдинг ниҳол,
Аммо бағрингдамас бегона уйда.
Наҳот ташлаб кетиб, айлабон беҳол,
Ўзинг шод юрарсан кўча-ю кўйда.
 
 
Ота-ю онадан йироқда бола,
Кимга айтар ахир юрак дардини.
Болалар уйида қилмоқда нола,
Онанг қайдан билсин фарзанд қадрини.
 
 
Отангга мол-дунё сендан қимматли,
Сенинг тақдирингдан афзал ўз иши.
Сенсиз юрса онанг гўё иффатли,
Тағин бахтли ўтар баҳор, ёз, қиши.
 
 
Ўйлаб кўрмасмикан не қилар болам,
Келиб кўр бағритош ўғил-қизингни.
Фарзанд билан гўзал бу ёруғ олам,
Чироғинг ўчмасди босса изингни.
 
 
Улар билан ёруғ бўларди юзинг,
Эҳ, қора юзингга ким ҳам боқмоқда.
Ортингга қарагин ўчмоқда изинг,
Лабинг кулмоқда-ю, ёшинг оқмоқда.
 
 
Ўз боланг она– деб, илк сўз айтмоқда,
Ширин забонини тинглар бегона.
Ўйлайди – шу билан онам қайтмоқда,
Афсус, ношуд она ёрга парвона.
 
 
Оҳиста қадамлар босганда илк бор,
Дадам келсайди, – деб зорланиб кутар.
Ота боласидан қилмоқдамиш ор,
Буни гўдак билмай соғинчин ютар.
 
 
Кўчага қараса ойна дарчадан,
Термулар меҳрибон ота-онага.
Ҳеч кими келмагач унинг ортидан,
Кўз ёш билан ёлғиз қайтар хонага.
 
 
Болалар уйида мард туриб яна,
Ота-она ҳақда шеърлар ёдлайди.
Тингловчи йўқ эрур, айтувчи мана,
Фалак эшитсин деб кўкка додлайди…
 
 
Сенинг бу ҳолингни ҳис қилмас отанг,
Чунки бобонг уни ташлаб кетмаган.
Синовдан қўрқмагин, қўрқоқлик хатонг,
Улар қўрқар кунлар ҳали келмаган.
 
 
Гуноҳингга боланг савоб тақяпти,
Яна онам яхши, дер отам яхши.
Чунки вужудида қонинг оқаяпти.
Ярашмайди сенга болангни нақши.
 
 
Ҳатто қалдирғоч ҳам асрар боласин,
Отанг инсон эди, онанг ҳам инсон.
Асрай олишмади сочинг толасин,
Дарс берсин қалдирғоч уларга ҳар он.
 
 
Бир қара кўзига, қора қошига,
Шу ширин болага торму қучоғинг.
 
 
Ё қурбинг етмасми риз-қу ошига,
Дўст ёрга қайнайди уйда ўчоғинг.
 
 
Зор йиғлаб яшарсан тўрт девор ичра,
Бир худо билади, бир ўзинг гувоҳ.
Ота-онанг яйраб бу олам узра,
Зор бўлар қўлингдан тупроққа э воҳ.
 
 
Болангда не гуноҳ, кетарсан ташлаб,
Ташлаб кетиш учун туғдинг-ми она?
Тинмай йиғлар бугун чап кўксин тиғлаб,
Кўзига дастрўмол бўлар парвона.
 
 
Биринчи июнь, оҳ, болалар куни,
Шу куни кутишар она меҳрини.
Гўё улар учун нолалар куни,
Кундуз ҳам кутармиш қуёш нурини.
 
 
Ёмғир ёққанида кўз ёши ёғар,
Йиғлаб қутулгандай кўнгил куйидан.
Кўз ёши қолмаса кўзида агар,
Қочишга уринар нола уйидан.
 
 
Лекин қочишмайди ёлғиз макондан,
Отамнинг қочгани етар дейишар.
Онам ҳам қочганмиш кетган иймондан,
Ўзига сабр деб, далда беришар.
 
 
Ўғлим деган сўзни истар тинглашни,
Қизим деган сўзни қўмсар тинглашни.
Шу сўзни айтолмай қочган она деб,
Истамай дод солиб эплар йиғлашни.
 
 
Ўксима қора кўз, бордир юртбошинг,
Сен ўғил-қизисан, меҳрибон отанг.
Сенга бошпанадир ҳам ҳалол ошинг,
Ҳур обод Ватанинг – фаришта онанг.
 
 
Гуноҳинг оғирдир энг мудҳиш хато,
Юракни эзмоқда гўдакнинг куйи.
Қулоқ сол эй она, тингла эй ота,
Болалар уйимас, нолалар уйи.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации