Электронная библиотека » Кэл Ньюпорт » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Кэл Ньюпорт


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 13 страниц) [доступный отрывок для чтения: 4 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Бандлик самарадорлик мезони сифатида: ўз ишида самарадорлик ва қадрлиликни кўрсатадиган аниқ мезон йўқлиги боис, кўплаб ақлий меҳнат кишилари маҳсулдорликнинг саноатдаги мезонига юзланмоқда: кўзга кўринарли кўп иш қилиш.

Бу ҳолат бошқа кўплаб теранликдан чалғитувчи одатларнинг кенг тарқалгани сабабини изоҳлайди. Соатлаб электрон хатлар қабул қилиб ва жўнатиб ўтирсангиз, доимий равишда учрашувлар уюштириб, уларда фаол қатнашиб турсангиз, худди “Hall”дек тезкор хабарлашувга муккангиздан кетган бўлсангиз ёки учраган одамдан янги ғоя олиш илинжида офис бўйлаб изғисангиз – булар бари омма олдида сизни банд одамдек кўрсатади. Агар бандликни маҳсулдорликнинг мезони деб билсангиз, бундай хатти-ҳаракатлар ишингизни яхши бажараётганингизга ўзингизни ва бошқаларни ишонтиришда жуда асқатади.

Лекин бу қараш ҳам жуда мантиқсиз эмас. Баъзи бировлар учун иш фақат шундан иборатдек туюлади. 2013 йилда “Yahoo”нинг янги раҳбари Марисса Маер ходимларига уйдан ишлашни тақиқлаб қўйди. У “Yahoo” ходимлари компания серверига масофадан туриб кирадиган шахсий виртуал тармоқ журналларини текшириб чиққач шу қарорга келганди. Маернинг дили хира тортди, чунки уйидан ишлаётган ходимлар кун давомида серверга жуда кам кирарди. У ходимларини эмейлларини текширишга (серверга кириш учун асосий сабаб) етарлича вақт сарфламагани учун жазолаётганди. “Агар ишлаётганингиз кўриниб турмаса, сизларни самарасиз ходимлар деб ҳисоблайман” дея таъкидлаган у.

Холисона ёндашсак, бу ғоя эскириб қолганини англаш қийин эмас. Ақлий меҳнат йиғиш конвейери эмас ва маълумотларни саралаб керагини олиш банд бўлиш билан доим ҳам тўғри келавермайди. Аввалги бобда ҳикоя қилинган Уортон университетининг энг ёш профессори Адам Грантни эсланг, у ёзиш учун ташқи дунёдан ўзини имкон қадар иҳоталашга ҳаракат қилади. Бу иш эса омма кўз олдида банд бўлишнинг айни аксидир. Агар Грант “Yahoo”да ишлаганида Марисса Маер уни ишдан бўшатиб юбориши аниқ эди. Лекин Грантнинг стратегияси қанчалик самаралилигига гувоҳ бўлдик.

Банд бўлишга бу қадар эскича иштиёқни унинг салбий таъсирини фош қилиш орқали бартараф этишимиз мумкин, аммо шу онда метрик қора туйнук ўртага чиқиб, бундай аниқликка тўсиқ бўлади. Ишдаги ноаниқлик ва турли иш усулларининг самарасини тарозига солувчи ўлчовлар йўқлиги кундалик юмушимизнинг бетартиб руҳий майдонида, холис қараганда, кулгили бўлган одатларнинг ривожланишига йўл очади.

Кейинги бобларда ҳатто ақлий меҳнатда муваффақиятга эришиш нима эканлигини яхши тушунадиганлар ҳам теранликдан ўзини олиб қочиши ҳақида сўз юритамиз. Сизни соғлом фикрдан айириш учун биргина алдамчи мафкура етарли.

ИНТЕРНЕТ КУЛЬТИ

“New York Times”нинг Париждаги бюроси бошлиғи Алисса Рубинни олайлик. Аввал у Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги бюрога раҳбарлик қилар, урушдан кейин мамлакатдаги қайта қуриш қандай кетаётганини ёритиб борарди. Бу бобни ёзаётганимда эса Рубин француз ҳукуматининг Руанда геноцидига алоқаси борлиги ҳақида жиддий таъсирли мақолалар чиқараётган эди. Рубин жиддий журналист, ўз ишининг устаси. У ҳам “Twitter”да ёзади, бу албатта бошлиғининг талаби бўлса керак, деб тахмин қилишим мумкин.

Рубиннинг профилида ҳар икки ё тўрт кунда бир ҳафсаласизлик билан ёзилгани кўриниб турган (ундаям “Times”нинг ижтимоий тармоқлар идораси қистови билан) қайдлар пайдо бўлади. Баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда, унинг ёзганлари шунчаки ўзи яқинда ўқиган ва ёқтирган мақолалари ҳақида.

Ахир Рубин мухбир‐ку, ижтимоий медиа одами эмас. Унинг газета олдидаги қиймати муҳим манбаларни тўплаб, ўрганиб, фактларни жамлаган ҳолда ёрқин мақолалар ёзишдан иборат. Кликбейтларга мубталолик замонида “Times”га тижорий муваффақият келтираётган нуфуз ва обрў Алисса Рубиндек мухбирлар меҳнати шарофатидандир. Шундай экан, не боис, Алисса теран ишидан чалғиб, Кремний водийсидаги қайсидир бир компания сайтига текинга, саёз контент етказиб беришга ундалмоқда? Энг муҳими, нима учун бу хатти-ҳаракат кўпчиликка маъқул кўринади? Бу саволларга жавоб бера олсак, нега теран иш жуда камёб бўлиб қолганига доир муҳокама қилмоқчи бўлганим охирги трендни яхшироқ тушуниб оласиз.

Бу саволга жавобни Нью‐Йорк университетининг марҳум профессори ва алоқа назариётчиси Нил Постмандан изласак бўлади. 1990‐йиллар бошида, яъни шахсий компьютер инқилоби бошланган дастлабки паллада Постман жамият технологиялар билан таҳликали муносабатга киришаётганини таъкидлаганди. Биз янги технологияларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари, улар берадиган самаранинг келтиражак муаммоларига нисбатини ортиқ муҳокама қилмаяпмиз. Аксинча, у юксак технологиями, демак яхши, дея мавзуни ёпяпмиз, деб таъкидлаган эди профессор.

Бундай маданиятни Постман “технополия” деб атади ва ундан инсонларни дадил огоҳлантирди. Мавзу бўйича 1993 йилги китобида шундай ёзади: “Технополия, Олдос Ҳаксли ўзининг “Янги жасур дунё”сида тасвирлаганидек, ўзига муқобилларни саҳнадан улоқтиради, уларни на ноқонуний, на ахлоққа зид ва на обрўсиз қилиб қўяди, аксинча, кўринмас ва охир-оқибат аҳамиятсиз бир матоҳга айлантиради.”

Постман 2003 йилда вафот этди, лекин ҳозир тирик бўлганида 1990‐йиллардаги хавотири интернетнинг кутилмаган ва шиддатли ўсиши шарофати билан бунча тез содир бўлганидан ҳайратга тушган бўларди. Хайриятки, ҳозирги интернет даврида Постманнинг интеллектуал меросхўри бор. У кўп тилга олинадиган ижтимоий танқидчи Евгений Морозовдир. Ўзининг “Ҳаммасини сақлаш учун, бу ерни босинг” номли 2013 йилдаги китобида Морозов “интернет” (у атай унинг мафкура сифатидаги ролини кўрсатиш учун атамани қўштирноққа олади) аталмиш технополик васвасамиз юзидаги пардани олиб ташлашга уринади: “Интернетни оддий кабеллар ва тармоқ роутерларини жозибадор ва таъсирли мафкурага айлантириш қудратига эга донолик манбаи сифатида кўриш бугунги дунё мафкурасидир”.

Морозов танқидига кўра, биз “интернет”ни бизнес ва ҳукуматнинг инқилобий келажаги билан маънодош кўрамиз. Компаниянгизни интернетпарвар қилиш замонавийлик белгиси, ва аксинча, уни рад этиш ҳозирги машиналар даврида аравакаш қамчиси ясаш билан баробар. Эндиликда интернет воситаларини фойдадан умид қилган сармоядорлар пул тиккан, ишнинг боришини ўз ҳолига ташлаб қўядиган 20 яшарлар бошқарадиган компаниялар чиқарган маҳсулотлар сифатида эмас, балки ривожланиш ва, айтиш мумкинки, “янги жасур дунё”нинг нишонаси сифатида қабул қиламиз.

“Интернет-марказчилик” (Морозов ишлатган яна бир атама) – бу технополиянинг бугунги кўриниши. Ана шу воқеликни англашимиз зарур, чунки у боб аввалидаги саволга ойдинлик киритади. “New York Times” ижтимоий тармоқлар идорасига эга ва Алисса Рубин сингари ёзувчиларини ишдан чалғитувчи одатларга муттасил мажбурлайди, чунки интернет‐марказли технополияда бу муҳокама қилинмайди. Интернетни қабул қилмаган муқобиллар эса Постман айтганидек, “кўринмас ва аҳамиятсиздир”.

Бу кўринмаслик, олдинроқ эслаганимиз Жонатан Франзен ёзувчилар “Twitter”да ёзмаслиги кераклигини даъво қилган кезда кўтарилган шов-шувларнинг сабабини изоҳлайди. Одамлар китоб маркетингини яхши билгани ва Франзеннинг хулосасига қўшилмагани учун эмас, балки жиддий бир киши ижтимоий тармоқнинг аҳамиятсизлигини даъво қила олиши уларни ажаблантирганди. Интернет-марказчилик технополиясида эса бундай баёнот мунозара эмас, балки байроқ ёқиш, шаккокликдир.

Эҳтимол, яқинда ўзим ишлаётган Жоржтаун университетига бораётган пайтим гувоҳ бўлганим воқеа бу ишонч деярли универсал ёндашувга айланганини яхши кўрсатар. Коннектикут йўлига ўтиш учун светофор чироғи ёнишини кутиб, музлатилган озиқ-овқатлар таъминоти логистика компаниясига тегишли юк машинаси ортида тўхтаб турдим. Музлатилган юкларни ташиш – касаба уюшмалари ва маршрут жадвалини бошқаришда керак бўладиган даражадаги маҳоратни талаб қилувчи мураккаб ва рақобат кучли бизнес. Бу саноатнинг эски мактабига дахлдор соҳа бўлиб, истеъмолчиларга мўлжалланган, бугунги кунда катта эътибор қозонаётган замонавий технологик стартапларнинг кўп жиҳатдан аксидир. Шунга қарамай, ўша юк машинаси ортида кутаётганимда, эътиборимни тортган нарса бу компаниянинг кенг миқёсли ва мураккаб ишлари эмас, балки каттагина харажат билан, эҳтимол, буюртма асосида тайёрланиб юк машинасининг орқа томонига ёпиштирилган “‘Facebook’да бизга ‘лайк’ босинг” деган ёзув эди.

Теран иш технополияда бўлмайди, чунки у сифат, ижодкорлик ва маҳорат каби эскича ва нотехнологик қадриятлар асосига қурилган. Боз устига, теран ишни қўллаб-қувватлаш учун кўпинча янги ва юқори технологиялардан воз кечишга тўғри келади. Теран иш ижтимоий медиадан профессионал равишда фойдаланиш каби чалғитувчи илғор технологик одатлар таъсирида суриб чиқарилди, бунинг сабаби эса теран ишнинг амалий жиҳатдан аҳамиятсизлиги эмас. Ҳақиқатан, агар шу хатти-ҳаракатларимизни ишимиз натижасига таъсирини тарозига соладиган қандайдир мезон бўлганида, ҳозирги технополия қулаши мумкин эди. Бироқ метрик қора туйнук бу аниқликнинг олдини олиб, аксинча, ҳамма нарсани интернетга, яъни Морозов қўрққан ашаддий мафкуравийликка йўналтиради. Бундай ҳаёт тарзида, теран иш “твит”лар, “лайк”лар, ёрлиқ расмлар, постлар ва бошқа шу каби “шовқин‐сурон”га қарши туриши осон эмаслигидан ҳайрон қолмасак ҳам бўлади.

БИЗНЕС УЧУН ЁМОН, СИЗ УЧУН ЯХШИ

Бугунги ишбилармонлик муҳитида теран иш устувор бўлиши керак эди, аммо ундай эмас. Бу жумбоққа берилган турли изоҳларни мухтасар баён қилдим. Булар: теран ишнинг оғирлиги ва саёз ишнинг енгиллиги; ишдан кўзланган аниқ мақсаднинг йўқлиги; саёз иш зоҳиран бандлик бўлиб кўриниши; қийматли самара бериш‐бермаслигидан қатьи назар, нимаики интернетга оид бўлса, демак у яхши, деган эътиқод шакллангани. Ушбу трендларнинг барчаси теранликни бевосита баҳолашнинг қийинлиги ёки эътиборга олинмаслиги оқибатида онгимизга сингиб кетган.

Теранликнинг аҳамиятига ишонсангиз, бу ишончингиз бизнес учун нохуш янгилик сифатида қабул қилинади, чунки бу уларни ишлаб чиқаришнинг катта ҳажмдаги ўсишидан мосуво қилиши мумкин. Аммо сиз, яъни алоҳида шахс учун бунда бир фойда яшириндир. Тенгдошларингиз ва иш берувчиларингизнинг калтабинлиги сизга катта шахсий устунлик беради. Агар юқорида баён қилинган трендлар давом этаверса, теранлик тобора камёб ва айни чоғда қимматли бўлиб боради. Теран ишда фундаментал бирор нуқсон йўқлигини ва унинг ўрнини эгаллайдиган саёз ишларнинг мутлақо нокераклигини билган ҳолда, ушбу китобда келтирилган пировард мақсад томон ишонч билан қадам ташлашингиз мумкин: теран меҳнат қилиш маҳоратингизни тизимли равишда такомиллаштириб, мўл мукофотларга эришиш.

Учинчи боб
ТЕРАН ИШДА МАЪНО БОР

Ричард Фаррер темирчи. У “Door County Forgeworks” номли устахонасида енг шимариб қадимий ва ўрта асрлар темирчилик буюмларининг айнан нусхасини ясаш билан шуғулланади. “Барча ишларни қўлда бажараман, ижодкорлигим, хомашё билан бевосита муносабатимни чекламайдиган, ишни енгиллаштирувчи асбоблардан фойдаланаман, – деб тушунтиради у. – Юз марта болғалаб бажарадиган ишимни катта машина бир уринишда дўндиради. Бу менинг мақсадимга зиддир. Барча ишларим уларни икки қўл ясаганига далолат қилиши керак.”

PBSнинг (Public Broadcasting Service) 2012 йилги ҳужжатли фильми Фаррернинг оламига назар ташлайди. У Мичиган кўлининг гўзал Осетр кўрфазидан унча узоқ бўлмаган Висконсин қишлоқ фермасидаги устахонага айлантирилган омборда ишлар экан. Фаррер тез-тез омборхона эшикларини очиқ қолдириб кетарди (металлни совутиш мақсадида бўлиши мумкин) ва унинг тер тўкаётгани ферма далалари бўйлаб уфққача чўзиларди. Манзара ҳаловат беради, аммо иш бир қарашда оғир туюлади. Ҳужжатли фильмда Фаррер викинглар даврига оид шамширни қайта ясаётгани тасвирланган. Ишни бир ярим минг йиллик техникани қўллаган ҳолда пўлатни (ўша давр учун металлнинг жуда соф шакли) эритишдан бошлайди. Натижада эса уч ёки тўртта тахланган смартфон ҳажмига тенг эритма олиниб, унга шакл берилади ва узун, улуғвор қилич тиғи сайқалланади.

“Бошланғич босқич жуда оғир кечади”, дейди Фаррер камера қаршисида пўлатни астойдил қиздириб, уни болғалаб, ағдариб, яна болғалаб, сўнг яна оловга қўяр экан. Фильмда бошловчининг айтишича, болға ёрдамида шакл бериш учун ҳам саккиз соат вақт кетар экан. Фаррернинг ишини кузатаркансиз, сиз учун меҳнатнинг мазмуни ўзгаради, унинг шунчаки болға билан шахтада тош қазишга ўхшамаслиги аён бўлади: ҳар бир зарба, қанчалик залварли бўлмасин, диққат билан бошқарилади. У металга соқоли ва кенг елкалари устига чиқариб қўйилгандек турган ингичка рамкали кўзойнаклари ортидан синчиклаб қараб аниқ урарди. “Металга ниҳоятда эҳтиёткор муносабатда бўлишингиз керак, акс ҳолда уни синдириб қўясиз”, дея тушунтиради у. Яна бир неча болға зарбасидан сўнг у қўшимча қилади: “Унга уриб шакл берасиз, аста-секин ўчгач, ундан завқ ола бошлайсиз.”

Фаррер болғалаб керакли шаклни ясаб олгач, метални эҳтиёткорлик билан ёнаётган кўмирнинг торгина қозонида айлантира бошлайди ва қиличнинг тайёр бўлганини билдирувчи товуш чиққунча кузатади. Иссиқдан қизариб кетган тиғни даст кўтариб авайлаб ушлаганча, совутиш учун ёғ билан тўлдирилган идишга солади. Қиличнинг синиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилгач (бу босқичдаги одатий ҳоллардан бири), уни ёғдан тортиб олади. Металда қолган иссиқлик ёқилғини алангалатади, қилични сариқ олов қуршайди. Фаррер ёнаётган тиғни кучли қўлларида боши узра кўтаради ва оловни ўчиришдан олдин бир зум унга тикилади. Ушбу қисқа танаффус пайтида аланга ёруғида унинг юзидаги қувонч кўринади.

“Ҳаммасини тўғри бажариш – энг мураккаб иш, – дейди Фаррер, – Ана шу қийинчилик мени қизиқтиради. Менга қиличларнинг кераги йўқ, лекин уларни ясашим лозим.”

***

Ричард Фаррер моҳир уста бўлиб, иши тийракликни талаб этади – ҳатто диққатнинг бироз бўлиниши ҳам, ўнлаб соатлик меҳнатини бир зумда ҳавога совуриши мумкин. У, шунингдек, ўз қилаётган ишидан маъно топган одамдир. Ҳунармандлар дунёсида теран меҳнат ва яхши ҳаёт ўртасидаги боғлиқлик яққол кўзга ташланади. “Ўзини қўл меҳнати орқали намойиш этишдан мамнунлик инсонга ором беради”, дейди Кроуфорд ва биз бунга ишонамиз.

Аммо эътиборимизни ақлий меҳнатга қаратсак, бу алоқа мўртлашади. Масаланинг бир томони бу – аниқлик. Фаррер сингари ҳунармандларнинг мақсади аниқ, аммо амалга ошириш қийин. Афсуски, ақлий меҳнатда бу аниқлик ноаниқлик билан алмашади. Ақлий меҳнатда бирор ишчининг нима қилиши ва унинг бошқа ишчиларникидан нимаси билан фарқ қилишини аниқ айтиш қийин: бугунги кунда афтидан ҳамма ақлий меҳнат ишчилари тинка қуритар эмейллар ва “PowerPoint” дастурида ишлайди, фақат слайдлардаги жадваллар мазмуни касбларни фарқлаб туради, холос. Фаррернинг ўзи бу рангсизликни шундай изоҳлайди: “Ахборот дунёсининг катта йўлларию кибер фазосидан кўнглим аллақачон совиб бўлган”.

Ақлий фаолиятдаги теранлик ва маънолилик ўртасидаги боғлиқликни лойқалатувчи яна бир ҳолат – ходимларни саёз ишларга ундаётган овозлар гирдоби. Аввалги бобда айтилганидек, биз интернет билан боғлиқ ҳар нарса инновацион ва зарур деб қабул қилинган даврда яшамоқдамиз. Тезкор электрон хатлар ва ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этиш каби теранликка ғов бўлувчи одатлар мақталмоқда, аксинча, улардан юз ўгирганлар шубҳа остида қолмоқда. Бирор кимса Фаррерни “Facebook”дан фойдаланмагани учун айбламайди, лекин агар ақлий меҳнат кишиси шундай қарорга келса, шахсий тажрибамда гувоҳи бўлганимдек, унга эксцентрик – ғалати одам сифатида қаралади.

Ақлий фаолиятда теранлик ва маъно ўртасидаги боғлиқлик унчалик равшан эмаслиги, бу боғлиқлик амалда йўқлигини англатмайди. Ушбу бобнинг мақсади теран меҳнат ахборот иқтисодиётида ҳам ҳунармандчилик соҳасида бўлгани каби мамнуният ва қониқиш бера олишига сизни ишонтиришдир. Кейинги бўлимларда ушбу фикримнинг тўғрилигини асослаш учун учта аргумент келтираман. Мазкур аргументлар миқёси хусусийдан умумийга томон боради: неврологик нуқтаи назардан бошланиб, психологик кейин фалсафий ёндашувгача ёритилади. Теранлик ва ақлий фаолиятга қай ёндан ҳужум қилишингиздан қатъи назар, теран фаолиятни саёзликдан устун қўя билсангиз, Ричард Фаррер каби ҳунармандларни ҳаяжонга солган маънога сиз ҳам эришасиз. Шундай қилиб, биринчи бўлимнинг охирги бобидан асосий хулоса шуки, теран ҳаёт нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки ҳаётни мазмунли қилади.

ТЕРАНЛИК УЧУН НЕВРОЛОГИК АРГУМЕНТ

Илмий мавзуларда ёзувчи Уинифред Галлагер, кутилмаган ва мудҳиш воқеадан сўнг – унга шунчаки саратон эмас, балки ўта авж олиб кетган жиддий саратон ташхиси қўйилгач, диққат ва бахт ўртасидаги боғлиқликка дуч келди. У ўзининг 2009 йилги “Завқ” номли китобида ёзганидек, ташхисдан кейин касалхонадан чиқаётиб, тўсатдан кучли савқи табиийни ҳис этган: “Бу касаллик менинг бутун диққатимни ўғирламоқчи бўлди, лекин мен бор эътиборимни имконим қадар ҳаётимга қаратдим”. Шундан кейин муолажалар дармонини анча қуритса‐да, Галлагер миясининг нобадиий асарлар ёзиш жараёнида тобланган қисми унинг энг яхши нарсаларга – фильмлар, сайр ва 6:30 мартинига диққатини қаратишга ёрдам берди. Бу вақтда унинг ҳаёти қўрқув ва ачиниш билан ўтган бўларди, аммо роҳатбахш бўлди, деб таъкидлайди унинг ўзи.

Галлагернинг қизиқувчанлиги кучайиб, диққатнинг – нимага эътибор бериш ва нимани эътиборсиз қолдириш – ҳаётимиз сифатини белгилашда қандай аҳамиятга эгалигини яхшироқ тушунди. Беш йил илм‐фан янгиликларини ёзиб, у ақлнинг “кенг қамровли назарияси” гувоҳи бўлганига ишонди:

“Ойга ишора қилаётган бармоқлар сингари, антропологиядан тортиб, таълимгача, феъл-атвор иқтисодидан тортиб, оилавий маслаҳатгача бўлган илмлар бир овоздан диққатни моҳирона бошқариш яхши ҳаёт кечиришнинг тамал тоши ва тажрибангизни ҳар жиҳатдан бойитишнинг ҳақиқий калити эканини таъкидлайди.”

Ушбу тушунча кўпчиликнинг ҳаёт тажрибаси ҳақидаги субъектив тушунчаларини остин‐устун қилади. Биз шароитимизга қаттиқ эътибор берамиз, чунки нима юз берса (ёки юз бермаса), туйғуларимизга таъсир қилади деб ўйлаймиз. Шу нуқтаи назардан, кунингизни қандай ўтказишингизнинг майда тафсилотлари унчалик муҳим эмас, чунки лавозимга кўтарилиш, яхши уйга кўчиб ўтиш ёки ўтмаслигингиз кабилар муҳимроқдир. Галлагернинг фикрича, ўнлаб йиллар мобайнидаги тадқиқотлар бу тушунчанинг аксини кўрсатди. Миямиз дунёқарашимизни нимага эътибор беришимизга асосан шакллантиради. Агар саратон ташхисини ўйлаб юраверсангиз, сиз ва сизнинг ҳаётингиз бахтсиз ва тунд бўлиб қолади, лекин нохуш хаёлларни қувиб, эътиборингизни кечки мартинига қаратсангиз, гарчи иккала сценарийда ҳам вазият бир хил бўлса‐да, ҳаётингиз янада ёқимли бўлади. Галлагер шундай хулосалайди: “Сизнинг кимлигингиз, нимани ўйлаётганингиз, нимани ҳис қилишингизу бажаришингиз, нимани яхши кўришингиз – эътиборингиз қаратилган нарсаларнинг умумий йиғиндиси.”

“Завқ” асарида Галлагер онг ҳақидаги ана шу тушунчани қувватлайдиган тадқиқотларни келтиради. Жумладан, Шимолий Каролина университетидан ҳиссиёт ларнинг ақлий баҳоланишини ўрганган психолог Барбара Фредриксоннинг сўзларини келтиради. Фредриксоннинг изланишлари кўрсатадики, ҳаётингизда нохушлик содир бўлгач, нимага эътибор беришингиз, сизнинг келгусидаги ўй-хаёлларингизни белгилайди. Ушбу оддий танловлар ҳис-туйғуларингизни “қайта тиклаш тугмачаси” бўлиши мумкин. У уй ишларининг нотенг тақсимоти устида жанжаллашаётган эр-хотинни мисол сифатида келтиради. “Жуфтингизнинг худбинлиги ва ялқовлиги ҳақида ўйлашдан кўра, – дейди у, – ҳеч бўлмаганда можарога сабаб бўлган нарсага эътибор қаратсангиз бўларди, чунки бу муаммо ечими ва кайфият яхшиланишига биринчи қадамдир. Бу ҳаётнинг ёруғ томонига қарашга ундовчи жўн насиҳат каби туюлади, лекин Фредриксон ушбу ҳиссий “таъсир кучлари”дан тўғри фойдаланиш нохуш воқеалардан кейин сезиларли ижобий натижалар бериши мумкинлигини аниқлади.

Олимлар ушбу таъсирни неврологик даражагача барча босқичларда кузатиши мумкин. Стэнфорд психологи Лаура Карстенсен салбий ва ижобий тасвирлар кўрсатилган тажриба қатнашчилари миясининг ФМРТ сканерида олинган суратларидан фойдаланган. Психолог ёш қатнашчиларнинг амигдаласи (ҳиссиётлар маркази) ҳар иккала тасвирни кўрганда ҳам фаоллашганига гувоҳ бўлди. Аксинча, кекса одамларни сканердан ўтказганда, уларнинг ҳиссиёт маркази улар фақат ижобий суратларни кўргандагина фаоллашган. Карстенсеннинг тахминича, кексалар салбий суратни кўрганда уларнинг олд бош мияси амигдала фаоллашувини чеклашга ўрганган. Ушбу кекса қатнашчилар ҳаёт шароити ёшларникидан яхшироқ бўлгани учун эмас, балки уларнинг мияси олинган салбий қўзғалишни эътиборсиз қолдириб, ижобийларини қабул қилишга ўргангани учун ўзини бахтлироқ ҳис қилади. Улар ўз диққатини моҳирона бошқариш орқали бирор бир нарсани ўзгартирмасдан ўз дунёсини яхшилай олдилар.

***

Яхши ҳаёт қуришда теран ишнинг аҳамиятини чуқурроқ англаш мақсадида яна Галлагернинг назариясига мурожаат қиламиз. Ушбу назарияга биноан, бизнинг дунёмиз нимага эътибор қаратаётган бўлсак, ўшанинг оқибатидир. Демак, бирор ишга вақт ажратаётиб, у яратган ақлий оламга бир лаҳза назар ташланг. Сиз қилич ўткирлаётган Фаррер бўласизми ёки алгоритм тузаётган компьютер дастурчисими, ўша қилаётган теран меҳнатингизда жозиба ва аҳамиятлилик ҳисси мавжуд. Шу боис, Галлагер назариясида таъкидланадики, шу алфозда етарлича машғул бўлсангиз, ички дунёнгиз мазмун ва аҳамият жиҳатдан қанчалар бой эканлигини англайсиз.

Шунингдек, иш тартибингизда завқли диққатни ривожлантиришнинг яширин, лекин анча аҳамиятли фойдаси ҳам мавжуд: диққатни бу тарзда жамлаш эътибор марказингизни ҳаётимизни қамраб олган ва қутулиб бўлмайдиган ёқимсиз, сон-саноқсиз майда-чуйда нарсалардан йироқлаштиради. (Кейинги бобларда сўз юритадиганимиз психолог Михай Чиксентмихайи бу афзалликка берган батафсил изоҳларидан бирида “Муаммолар ҳақида қайғурмаслик, кераксиз икир‐чикирларни ўйламаслик учун диққатни пухта жамлаш”нинг фойдасини таъкидлайди.) Бу хатар, айниқса, ноўрин электрон мулоқотларга қарамлик кўплаб чалғишларга сабаб бўлувчи ақлий фаолиятда сезилади – агар эътибор билан ёндашилса, ақлий фаолият онгимиз қурган дунёда маъно ва аҳамият яратиши мумкин.

Бу қарашни янада аниқлаштириш учун ўзимни синовдан ўтказаман. Бу бобни ёзишга киришишдан аввал ўзим жўнатган охирги бешта электрон хатни кўриб чиқайлик. Қуйида ўша хатлар мавзуси ва қисқача мазмуни берилган:

Re: ШОШИЛИНЧ колнюпорт Бренднинг рўйхатдан ўтгани. Бу хабар веб‐сайт эгаларига ўз доменларини Хитойда рўйхатдан ўтказишга ёрдам беришни ваъда қилган фирибгар компаниянинг одатий алдамчи таклифига жавоб тарзида ёзилган. Улар кераксиз хабарлар жўнатавериб асабимга тегишганди, шунинг учун вазминлигимни йўқотиб (албатта, фойдасиз), уларга хатда ҳеч бўлмаса “веб‐сайт” сўзини тўғри ёзганда ишончлироқ бўлишини айтиб жавоб ёздим.

Re: С Р. Бу хабар оиламнинг бир аъзоси билан у “Wall Street Journal”да ўқиган мақола юзасидан суҳбат эди.

Re: Муҳим маслаҳат. Бу эмейл энг яхши пенсия сармояси стратегиялари ҳақидаги суҳбатнинг бир қисми.

Re: Fwd: Study Hacks. Бу хат шаҳримизга келган танишим билан учрашишга вақт топишга уринаётган пайтимдаги (чунки унинг вақти тиғиз эди) суҳбатнинг бир парчаси.

Re: Шунчаки қизиқ. Буниси эса бир ҳамкасбим билан бирга офис ички тартибидаги баъзи тиканли масалаларга (илмий бўлимларда тез-тез учрайдиган сийқаси чиққан муаммолар) доир суҳбатимизнинг бир қисми.

Ушбу хатлар ақлий фаолиятда диққат-эътиборингизни банд қилувчи саёз юмушларга яққол мисолдир. Юқоридаги намуналарда келтирилган баъзи масалалар зарарсиз, жумладан, қизиқарли мақолани муҳокама қилиш, баъзилари эса жуда чарчатади, масалан, пенсия жамғармаси стратегияси тўғрисидаги суҳбат (бундай турдаги муҳокама тўғри иш қилмаётганингиз ҳақидаги одатий гаплар билан якунланади), баъзилари жаҳлингизни чиқаради, чунки ўзи шундоғам банд бўлган кун тартибига яна бир йиғилишни тиқишади, баъзилари ғазабнок, жумладан, спамларга ошкора жаҳл билан жавоб қайтарилади, офисдаги муаммолар ҳақида айтилади.

Аксарият ақлий меҳнат ходимлари иш кунининг кўп қисмини шу турдаги саёз ташвишлар билан ўтказиб юборади. Ҳатто улардан ишларини астойдил бажариш талаб этилса ҳам, электрон почталарини тез-тез текшириб туришни канда қилмаслиги уларнинг диққат марказида айнан нима туришини кўрсатади. Галлагер бу иш кунини режалашнинг аҳмоқона усули эканлигини таъкидлайди, чунки онгингиз кундалик стресс, асабийлашиш, жаҳлдорлик ва икир-чикирлар асосида ишдаги ҳаётингизни бошқаради. Электрон почтангиз таъсирида яралган онгингиздаги оламда яшаш ёқимли эмас.

Ҳамкасбларингиз жуда самимий, меҳрибон ва ўзаро муносабатларингиз доимо илиқ бўлса‐да, диққатингизни саёзликнинг алдамчи оқимига қўйиб берсангиз, Галлагер аниқлаган бошқа неврологик тузоққа тушиб қолишингиз эҳтимоли бор: “Диққат бўйича беш йил мобайнида тайёрлаган хабарларим баъзи ҳақиқатларни тасдиқлади. Уларнинг орасида шундай тасаввур бор: эринчоқ онг – иблиснинг устахонаси… Сиз диққатни йўқотганингизда, онгингиз тўғри йўлдан кетиш ўрнига хато йўналишни танлайди”. Неврологик нуқтаи назардан қарасак, диққатингизни тортган аксар саёз ишлар зарарсиз ёки қизиқдек кўринса ҳам, саёз ишлар билан тўлган кунингиз толиқтирадиган, хафа қиладиган кундир.

Ушбу топилмаларнинг маъноси аниқ. Ишда (айниқса ақлий ишда) теран фаолиятга кўпроқ вақт ажратиш инсон миясига мураккаб неврологик механизмлар орқали шундай туртки берадики, оқибатда ишингиздан ҳақиқий маъно ва қониқиш олиш кўпаяди. Галлагер ўз китобини шундай якунлайди: “Саратонни бошимдан кечирарканман, ҳаётимнинг қолган қисмини қандай ўтказишни режалаб олдим. Мақсадларимни эҳтиёткорлик билан танлайман… кейин уларга бутун диққатимни қаратаман. Қисқаси, мен мақсадли ҳаёт кечирмоқчиман, чунки шу энг яхши ҳаётдир”. Унга эргашсак, нақадар оқилона иш бўларди.

ТЕРАНЛИК УЧУН ПСИХОЛОГИК АРГУМЕНТ

Нима сабабдан теранлик маъно яратиши ҳақидаги навбатдаги аргументни дунёнинг энг машҳур (ва фамилиясини ёзишда энг кўп хато қилинадиган) психологларидан бири Михай Чиксентмихайи баён этган. 1980‐йилларнинг бошида Чиксентмихайи Чикаго университетидаги ёш ҳамкасби Рид Ларсон билан биргаликда кундалик одатларнинг психологик таъсирини ўрганишнинг янги усулини ихтиро қилди. Ўша пайтлари турфа ҳаракатларнинг психологик таъсирини баҳолаш қийин эди. Агар лабораторияга бирор кишини олиб келиб, ундан бир неча соат илгари айнан бир муддат давомида ўзини қандай ҳис қилганини сўрасангиз, эслай олмасди. Бунинг ўрнига унга кундалик бериб, кун бўйи ўзини қандай ҳис қилгани ҳақида маълумот киритиб боришни сўраганингизда ҳам, у буни ихлос билан қилиши душвор эди – шунчаки бу жуда кўп иш.

Чиксентмихайи ва Ларсоннинг янгилиги шахсга сўровни керакли вақтда етказиб берадиган янги технологиядан (ўша давр учун) фойдаланиш эди. Янада аниқроқ айтсак, улар тажрибада қатнашаётганларга пейжер (шахсий қўнғироқлар қурилмаси) тарқатди. Бу қурилмалар худди ҳозирги замонавий смартфонлардаги иловалар каби ихтиёрий танланган пайтда овоз чиқарарди. Сигнал бўлганда иштирокчилар худди шу онда нима қилаётгани ва ҳиссиётларини қайд қилиб боради. Баъзан бу маълумотларни ёзиб бориш учун махсус журнал, баъзан эса соҳа ходими боғланиб савол бериши учун телефон рақам бериларди. Сигналлар аҳён-аҳёнда белги берса ҳам, эътибор бермасликнинг иложи йўқ эди ва иштирокчилар тажриба талабларига риоя қиларди. Ўзлари машғул бўлаётган ишни айни ўша пайтда қайд қилиб боришлари сабабли жавоблар аниқ бўларди. Чиксентмихайи ва Ларсон бу ёндашувни намуна асосидаги тажриба методи (НТМ) дея номлади ва у кундалик ҳаётнинг ҳар бир палласида ўзимизни қандай ҳис қилишимизни бемисл шаклда ўрганиш имконини берди.

Бошқа муҳим кашфиётлари қатори, Чиксентмихайининг НТМ асосида ўтказган тадқиқоти ўн йиллар давомида шакллантирган назариясини амалда асослашга шароит яратди: “Энг яхши лаҳзалар инсоннинг танаси ёки онги бирор оғир ва арзирли ишни бажариш учун кўнгилли равишда ўзини мумкин қадар зўриқтирганда бўлади.” Михай Чиксентмихайи бу шуурий ҳолатни “оқим” (flow) деб атади. (Бу атама 1990 йилда чиққан айни шу номдаги китоби орқали оммалашди.) Ўша даврда бу янгилик анъанавий тушунчани рад этди. Кўпчилик ҳордиқ чиқариш уларнинг ўзини бахтли ҳис этишига ёрдам беришига ишонарди (ҳозир ҳам ишонади). Кам ишлаб, кўпроқ дам олишни истаймиз. Бироқ Чиксентмихайининг НТМ тадқиқотлари бунинг хатолигини кўрсатди:

“Ажабки, ишлаш аслида бўш вақтдагидан кўра кўпроқ завқ бераркан, чунки оқим каби фаолиятларнинг ҳам ўзига яраша мақсадлари, қоидалари ва тўсиқлари бор, булар барчаси инсонни ўз ишига янада жалб қилиб, бутун диққат-эътиборини тортади, ўзини унуттиради. Бўш вақтда эса тартиб бўлмайди, завқланиш мумкин бўлган шаклга келгунича анча тер тўкишингиз керак бўлади.”

Эмпирик жиҳатдан баҳоласак, одамлар дам олаётганида эмас, ишлаётганида ўзлари ўйлаганидан кўра бахтлироқдир. НТМ тадқиқотлари тасдиқлаганидек, ҳафтасига одам қанча кўп ўзини “оқим”да ҳис қилса, шахснинг ўз ҳаётидан мамнунлиги шунчалик юқори бўлади. Афтидан, инсонлар бирор катта куч ва саъй-ҳаракат талаб қиладиган ишга теран берилган пайти энг яхши натижа кўрсатади. Албатта, оқим назарияси ва аввалги бобимизда ёритилган Уинифред Галлагер ғоялари ўртасида боғлиқлик бор. Иккиси ҳам теранликнинг саёзликдан устунлигига урғу беради, бироқ улар бу устуворликка икки хил изоҳ берган. Галлагернинг нуқтаи назарига кўра, диққат қаратилаётган нарсанинг мазмуни аҳамиятлироқдир.

Агарда аҳамиятли нарсаларга бутун эътиборимизни қаратсак, ва шу боис, саёз салбий ишларни четга сурсак, ишдаги ҳаётимиз аҳамиятли ва ижобий кўрина бошлайди. Чиксентмихайининг оқим назарияси эса, аксинча, диққатэътиборнинг мазмуни аҳамиятига шубҳа билан қарайди. Гарчи у Галлагер тилга олган тадқиқотни ёқласа ҳам, унинг назариясига кўра, теранликка шўнғиш ҳиссининг ўзи етарли ва ёқимлидир.

***

Теран меҳнат ва “оқим”нинг ўзаро боғлиқлиги аниқ бўлиши лозим: теран иш “оқим” ҳолатини пайдо қилувчи энг мувофиқ фаолиятдир (Чиксентмихайи “оқим”ни юзага келтирувчи омилларни санаганда онгнинг зўриқиб ишлаши, диққатни жамлаш, бор вужуди билан киришишни тилга олганки, булар айнан теран иш учун ҳам хосдир). Ҳозир ўрганганимиздек, “оқим” завқ‐шавқ беради. Мазкур икки ғояни бирлаштирсак, теранликни ёқловчи психологик аргумент чиқади. Чиксентмихайининг НТМ тадқиқотлари шуни яққол кўрсатадики, теранликка шўнғиш онгимизни тартибга солиб, ҳаётимизга қиймат беради. Чиксентмихайи янада чуқурлашиб, “ишлар “оқим”даги фаолиятга иложи борича ўхшаши учун қайта ташкилланиши зарур” дея замонавий компанияларни бу воқеликни қабул қилишга чақиради. Шу билан бирга, у бундай қайта тузишлар мушкул ва кескин кечишини ҳам қистириб ўтади (менинг аввалги бобдаги аргументларимга қаранг). Чиксентмихайи ҳар бир шахс “оқим” ҳолатига кира олиши учун ўзига имкониятни қандай яратишни ўрганиши зарурлигини ҳам изоҳлайди. Пировардида, экспериментал психология оламига қилган қисқа саёҳатимиздан чиқарган сабоғимиз қуйидагича: теран иш маҳсули бўлган “оқим” атрофида ўз касбий фаолиятимизни шакллантиришимиз қониқишга етакловчи ишончли йўлдир.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации