Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Тушунарли, – бош ирғади Мухтор топшириқни ёндафтарига ёза туриб.

– Маъмур ака, сиз Луқмоннинг ўқишга киритиш билан шуғулланадиган «ҳамкори» билан ишлайсиз. Уни топиб, гапиртира олсак Самиғнинг кўрсатмалари тўғри ёки нотўғри эканини аниқлаш имкони бўларди. Бошқа томондан уни асосий гумондорлардан бири сифатида ҳам қараш мумкин. Негаки, Самиғ пулини сўраб, Луқмонга босим ўтказган. Ўз навбатида, Луқмон ҳам шеригидан пулни қайтаришни талаб қила бошлаган. Акс холда, ҳуқуқ тартибот идораларига ариза бериш билан тахдид қилган. Пулни аллақачон жиғилдонига урган «шерик»нинг ҳамкорини йўқ қилишдан бошқа иложи қолмаган.

– Э қойил-э! – кулди Маъмур, – Ўртоқ бошлиқ, ана, жиноятни оғизда осонгина очдингиз, қўйдингиз. Бизга иш қолмади-ку!

– Ҳали у шаввозни топиш, – кулимсиради Санжарбек, – кейин айбини бўйнига қўйиш лозим. Ўртада Луқмон йўқ, марҳумлар эса гапирмайди. Ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадим, деб мункир келиб туриши табиий.

– Топиб олсак бас, гапиртириш биздан, – ёқимсиз илжайди Маъмур.

– Сизга бир талабани қўшиб бераман, – гуруҳ раҳбари ноўрин сўз айтиб қўйишдан чўчиб, гапни бошқа ёққа бурди. – Исми Жўравой, ғиж-ғиж ақл соҳиби! Чинозда юз берган серияли қотилликни тергов қилишда, жиноятчини фош қилишда роса фойдаси текканди.

– Нима, бу билан бизни ақлсизга чиқаряпсизми? – Маъмурнинг қовоғи уюлди. У жиддий гапиряптими ёки ҳазиллашяптими англаш қийин эди. – Шахсан менга яна битта нонхўрнинг кераги йўқ, талабалар билан пачакилашиб ўтиришни ёмон кўраман. Кимга керак бўлса, бераверинг!

– Санжар ака, мумкин бўлса, талабани менга берсангиз, – Мухтор гапга қўшилди. – «Югур-югур»га яраб қолар.

– Яхши, афсус чекмайсиз. Фавқулодда истеъдодли йигит.

Шу пайт эшик тақиллаб, Жўрабой кўринди.

– Келинг, келинг, Жўрабойжон, кираверинг, – Санжарбек қўли билан имлаб, меҳмонни ичкарига таклиф қилди. – Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади, ҳозиргина сиз ҳақингизда гапириб тургандим.

Жўрабой тўпланганлар билан қўл бериб кўришиб, кўрсатилган жойга ўтирди. Санжарбек олдин Жўрабойни, сўнг гуруҳ аъзоларини қисқача таништириб, гапида давом этди:

– Жўрабойжон, сиз ҳозирча Мухтор акангизга ёрдамлашасиз. Зарурият бўлса, бошқаларга ҳам қарашиб кетаверинг.

– Тушунарли, – тезкор ходим меҳмонга қараб кўз қисиб қўйди.

– Биз Умиджон билан бирга ишни Луқмоннинг хотини ва бошқа яқинларини сўроқ қилишдан, экспертлар билан гаплашишдан бошлаймиз. Унга қадар воқеа жойини, атрофини кўздан кечиришга борамиз. Штаб йигирма тўрт соат ишлаб туради. Кимда нима масала бўлса, бемалол қўнғироқ қилишларинг, маслаҳат, ёрдам сўрашларинг мумкин. Агар вазифалар тушунарли бўлса, марҳамат, ишга киришишларингиз мумкин.

Йигитлар бирин-кетин хонани тарк этишди.

– Жўрабой, сиз бир дақиқага қолинг, – гуруҳ раҳбари нима қилишни билмай довдираб, «бошлиғи»нинг ортидан эргашиб кетаётган талабани тўхтатди. – Яхши жойлашиб олдингизми?

– Раҳмат, Санжар ака, ўртоқларим билан ётоқхонага жойлашдик. Ўқиш бошлангунга қадар амаллаб турамиз.

– Яхши, кеча телефонда иш тафсилотлари билан сизни қисман таништиргандим, қолганларини Мухтордан сўраб оласиз. Кечки пайт яна фикрлашамиз.

* * *

Воқеа жойи ва атрофини қайта кўздан кечириш лабораториянинг орқа эшигига терговчилар томонидан қўйилган муҳр бузилганини инобатга олмаганда терговга нафи тегадиган ҳеч нарса бермади.

– Елими кўчиб, муҳр узилиб тушган шекилли, – деди Умиджон ўзини айбдор ҳис қилиб.

– Балки бирортаси атайлаб юлиб олиб, лабораторияга киргандир? – шубҳасини яширолмади Санжарбек. – Эшикнинг калити яна кимда бўлиши мумкин?

– Биттаси Луқмоннинг ёнидан, иккинчиси унинг сейфидан чиққанди, – изоҳ берди Умид.

– Одатда калит учта бўлади, учинчиси кимда бўлиши мумкин?

– Балки йўқолгандир.

– Балки хотинидадир. Балки у…

– Лекин тергов кетаётган пайти хотинининг эшик муҳрини юлиб, лабораторияга киришига нима ҳожат?

– Демак, қандайдир зарурият бўлганки, кимдир ўзини хатарга қўйиб бўлса-да, ичкарига кирган.

– Нима, Луқмоннинг хотинидан гумон қиляпсизми? – деди Умид таажжуби ошиб.

– Уни шубҳадан холи қилишга сизда бирор асос борми? – саволга савол билан жавоб берди гуруҳ раҳбари. – Биласиз, қотилликда гумон биринчи навбатда унинг яқинлари чекига тушади. Айни пайтда терговчилар муҳрлаб қўйган жойга кимнингдир қулфни бузмасдан калит билан очиб киришида шубҳа биринчи навбатда мулк эгасига тушмайдими?

– Тўғри-куя, аммо муҳрнинг кўчиб кетиши елимнинг сифатсизлиги оқибати ҳам бўлиши мумкин.

– Мумкин, бироқ сиз билан биз терговчимиз, ҳар бир масалага шубҳа билан қарашга, яхши тарафидан кўра ёмон тарафини ўйлашга мажбурмиз.

Терговчилар тезда мутахассисларни таклиф қилиб, эшик ва қулфда бармоқ излари мавжуд эмаслигини, мухрнинг бузулиши елимнинг сифатсизлиги билан боғлиқлигини аниқлашди. Шу куни терговчи дорихона атрофидаги хонадон эгалари, дўкон ходимларини қайта сўроқ қилиб чиқди. Дорихонанинг қарама-қарши томонидаги тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватида яшовчи Мастура аянинг кўрсатмаси уларнинг диққатини тортди.

– Ўзим сизларга бориб айтсамми, деб иккиланиб юргандим, – деди у муҳим сирни ошкор қилаётгандай шивирлаб. – Дорим қолмаган экан. Қизим болаларини олиб, синглисининг боласи ўқишга кирганини «ювиш»га кетганди. Кечки пайт хассамни тақиллатиб, ўзим кўчага чиқдим. Дорихонага яқинлашганимда бир малла соч бола ичкаридан шошиб чиқиб кетди. Дорихонага кирсам, ҳеч ким йўқ экан, бироз кутиб чиқиб кетдим. Эртаси куни дорихоначини ўлдириб кетибди, деган гап тарқалди, ҳамма ёқни «милиса» босиб кетди… Шунда бояги малла соч ёдимга тушиб, алланечук бўп кетдим. Бир хаёл «милиса»ларнинг олдига чиқиб, айтсамми-я, деб ўйладим. Қўшнилар «Бошингиз балога қолади, ўзингизни «судра-судра» қилишади», деб қўрқитишди. Раҳматли «аптека»чи яхши бола эди, ичим ачиб қолди, кўпинча дорини ундан олардим.

– Ўшанда соат неча эди, ёдингизда борми?

– Шомни ўқиб, чиққандим… соатини қаердан билай, саккизлар бориди-ёв…

– «Малла соч»нинг юз кўриниши, бўй-басти қанақа эди? Ўзбекмиди? – ҳижжалаб сўради Санжарбек.

– Сап-сариқ бола, ўрис ёки татарга ўхшайди, бўйи ўртача, мана шу боламнинг бўйича бор-ов, – деди кампир Умидни кўрсатиб.

– Ёши тахминан нечаларда эди?

– Ёши… қирқ-қирқ бешларда бўлса керак. Жудаям унақа ёш ҳам, қари ҳам эмас-да, харқалай.

– Дорихонада ҳеч ким йўқ экан, дедингиз. Анча кутдингизми?

– Бирпас кутдим. Ҳеч ким кўринмади, кеч бўлганда бир хизмат билан чиқиб кетгандир-да, деб ўйлаб, қайтиб кетдим.

– Бояги «малла соч» дорихонадан чиққанини аниқ кўрдингизми?

– Кўрмай ўлибманми? Шундоққина эшикнинг олдида тўғрима-тўғри бўлдик-ку, – деди онахон соддалик билан.

– Сиз чиқиб кетгандан сўнг дорихонага яна бирор киши кирдими?

– Кирган бўлса киргандир, қаердан билай! Мен уйга кетдим…

Терговчилар яна айрим масалаларга ойдинлик киритгач, кампирга жавоб беришди.

– Хўш, жаноб изқуварлар, – Санжарбек гуруҳ аъзоларига юзланди, – бунга нима дейсиз? Кампирнинг кўрсатмалари бизга бирор нарса бериши мумкинми?

– Кампир шомдан сўнг кўчага чиқдим деяпти, – дастлаб Маъмур фикр билдирди. – Биринчи август куни шом ўн тўққиздан қирқ дақиқа ўтганда кирган. Шомни ўнта кам саккизларда бошлаган бўлсаям, онахон соат саккиздан ўтиб, кўчага чиққан. Ҳассасини судраб иккинчи қаватдан тушгунча, сўнг дорихонага етиб келгунча камида йигирма дақиқа ўтган. У пайтда, яъни соат саккиздан ўн дақиқа ўтганда Самиғ ҳам, қотил ҳам дорихонадан аллақачон чиқиб кетишган.

– Тўғри, кампир кўрган «малла соч» мижозлардан бўлса керак, – Умид ҳамкасбини қўллаб-қувватлади. – У ҳам кампир қатори дори олишга кирган ва бироз кутиб, чиқиб кетган.

– Майли, ҳозирча шунақа хулосага келиб турайлик, лекин Мухторжон, – деди гуруҳ раҳбари изқуварга қараб, – «мала соч»нинг шахсини аниқлаш, онахоннинг кўрсатмаларини текшириш чораларини кўриш лозим. Чиқмаган жондан умид.

– Есть! – деди Мухтор ён дафтарига нималарнидир қайд қила туриб.

Пешиндан сўнг терговчилар ишни Луқмоннинг хотини – тўладан келган бўлса-да, чаққонгина, хатти-ҳаракати ўзига ярашиқлик, қирқларни қоралаган бўлса-да, оппоқ юзларига зарра ажин тушмаган, бошдан оёқ қора кийиниб олган Азиза Шариповани сўроқ қилишдан бошладилар. Одатий расмиятчиликлардан сўнг Санжарбек аёлга таъзия изҳор қилди, ҳол-аҳвол сўраган бўлди.

– Луқмон ака билан севишиб турмуш қурганмисизлар? – терговчи атайлаб сўроқни ноодатий саволдан бошлади.

Аёл бундай саволни кутмаган шекилли, шошиб қолди, «Бунинг ишга нима алоқаси бор экан?» деган хаёлга бориб, бир муддат нима деб жавоб беришини билмай жим турди.

– Эрингиз билан қандай танишгансиз? – аниқлик киритди терговчи.

– Фармацевтика институтида бирга ўқиганмиз, – ийманибгина гап бошлади Азиза. – У киши учинчи, мен биринчи «курс»да ўқирдим. Кутубхонада танишиб қолганмиз. Бир йилча учрашиб, синашиб юрдик. Кейин совчилар… Луқмон акам институтни битириши билан тўйимиз бўлди. Қайнота-қайнонам узоқ йиллар муқаддам ичкилик туфайли ажрашиб кетишган экан. Қайнонам ёш пайти бир ўғил, бир қиз билан бева қолиб кетган, якка ўзи уларни катта қилиб, оёққа қўйган экан. Қайинсинглим турмушга чиқиб кетгач, эрим онаси билан ёлғиз яшаб келган. Мен келин бўлиб тушгач, учовмиз бирга яшай бошладик. Тез орада эрим тоғаси ёрдамида дорихонага ишга кириб кетди. Қайнонам ёшлигида эридан кўп таёқ егани сабабли анча касалманд, доимий парваришга муҳтож бўлиб қолганди. У кишига қараш учун ўқишни ташлашга мажбур бўлдим. Бир йилга етар-етмай қайнонам Аллоҳнинг даргоҳига кетди. Кейин ўғлим Дониёржон туғилди, кейин Фарангиз қизим… Хуллас, ўқишни давом эттира олмадим. Эрим раҳматли ҳар сафар ўқишдан гап очсам «Ишлаганингда қанча топардинг, ўша ойликни мен сенга бериб тураман, сен болаларга қара», дерди. Бунақа ишлар бўп кетишини билмаган-да…

– Эрингиз дорихонада бир ўзи ишларкан-а? – Санжарбек олдиндан тайёрлаб қўйган саволларни беришни бошлади.

– Ҳа, бир ўзи ишларди. Бўш пайтида Дониёр ёрдам бериб турарди. Ҳар замонда Фарангиз ҳам бориб, қарашиб турарди. «Провизор»ликка Таня деган опани ишга олганди. Лекин у дорихонада иш камлиги учун кўпинча ишга чиқмасди. Эрим ҳаммасини бир ўзи эпларди.

– Луқмон ака дорихонани кимдан, қачон сотиб олганди?

– Дорихона раҳматли тоғаси Билол Сайфиевичники эди. У киши собиқ иттифоқ даврида узоқ йиллар шаҳар дорихоналар бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган. Хўжайиним шу инсоннинг кўмагида ўқишга кирган, ишга жойлашган. У кишининг дорихоналари кўп эди. Ўлимидан олдин шу кичкина дорихонани жиянига берди.

– Тоғанинг фарзандлари йўқмиди?

– Йўғ-э, бор, Билол тоғанинг тўрт ўғил, икки қизи бор.

– Фарзандлари бўла туриб, дорихонани жиянига қолдиришнинг сабаби борми? Ё болалари ноқобил…

– Қизлар яхши жойларга келин бўлиб кетишди. Ўғиллари қандайдир эркатоймиди-эй, ишқилиб куйдирги чиқди. Қариган чоғида тоғани анча қийнашди. Уларнинг ҳар бирига ҳовли-жой, машина, биттадан дорихона қилиб берганди. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан. Дорихоналар сотилиб, жиғилдонга кетди. Ҳозир ҳаммасининг аҳволи абгир. Каттаси – Босимжон хотинидан ажралди, кейинчалик наша билан кўлга тушиб, қамалиб кетди. Ундан кичиги Осим – пиёниста бўлиб қолган. Эс-дарди ароқ! Ундан кейингиси Жасимжон ҳам ишдан бўшаб, бор-будини сотиб, еб бўлди. Кенжаси – Қосимжон акаларига ўхшамади. Ота-онасининг чироғини ёқиб ўтирибди. Дорихонасидан ташқари, бир қанча дўконлари бор.

– Билол Сайфиевичнинг дорихонани жиянига мерос қолдирганига фарзандлари қандай қараганди, – Санжарбек миясида етилиб келаётган шубҳани «пишириш» мақсадида атайлаб сўради.

– Бошида ака-укалар хўжайинимни роса сиқувга олишди: «Сен отамизни алдаб, васиятномага қўл қўйдиргансан», деб жанжал кўтаришди. Аламига чидолмай, судга ҳам беришди. Яхшиямки, катта тоға ҳаммасини қонунлаштириб кетган экан. Суд дорихонани эримга чиқариб берди.

– Кейинчалик тоға-жиянлар ярашиб кетишдими? – сўради терговчи қоғозга нималарнидир қайд эта туриб.

– Қайда ярашади, юз кўрмас бўлиб кетишди. Фақат Қосимжон тўй-маъракада кўриниб туради.

– Эрингизнинг душманлари кўпмиди? – Санжарбек бошқа тарафдан «ёриб кириш»га уринди.

– Бу нима деганингиз, қанақа душман!? – аёлнинг қошлари чимирилди. – Эрим ҳаммага яхшилик қиларди, бировга ёмонлик соғинмаган.

– Душмани бўлмаса, унда ким ўлдирган? – Умид гапга қўшилди.

– Ўлдирган одам аниқ-ку! У ҳам душман эмас, жондай синфдоши. Нима касофат уриб, бу номақулчиликка қўл урди, тушунмайман.

– Эрингизни Самиғ ўлдирган, деб ҳисоблайсизми? – деди гуруҳ раҳбари аёлга зимдан тикилиб.

– Шу ўлгурдан бошқа кимам ўлдирарди… Арзимаган пулни деб бир одамни жувонмарг қилиш шартмиди?

– Лекин биз терговчилар Самиғ қотил эмас, деган фикрга келиб турибмиз, бунга нима дейсиз?

– Бу нима деганингиз? – деди аёл таажжубланиб. – Бекорга қамоққа олмагандирсизлар? Кимдир орага тушиб, дўппи тор келганда у киши оппоқ бўлиб қолдими?

– Сиз бизни нотўғри тушуняпсиз, – деди гуруҳ раҳбари кулимсираб. – Тўғри, терговнинг бошида Самиғ гумондор сифатида қамоққа олинган. Лекин кейинчалик олиб борилган тергов ҳаракатлари унинг қотилликка алоқаси йўқлигини кўрсатмоқда. Самиғнинг ўзи ҳам Луқмонни ўлдирмаганини айтиб турибди.

– Шу бетофиқнинг гапига ишониб ўтирибсизларми? Қилар ишни қилиб, энди ҳар нарсани валдирайверади-да!

– Йўқ, биз унинг гапига ишонаётганмиз йўқ. Унинг айбдорлигини узил-кесил тасдиқловчи далил йўқ. Лекин кўнглингиз тўқ бўлсин, биз ҳақиқий қотилни топамиз. Бунинг учун вақт керак. Сизнинг ёрдамингиз ҳам.

– Нима қилишим лозим? – аёл терговчига нажот кўзини тикди. – Эримнинг қотили жазосини олмаса, мен болаларимнинг кўзига қандай қарайман? Унинг руҳи мени тинч қўядими?

– Эрингизнинг Самиғ билан оралари бузилишига нима сабаб бўлган, хабарингиз борми? – терговчи навбатдаги саволни берди.

– Ўғлини ўқишга киритиш учун хўжайнимга қанчадир пул берган экан, у ҳам кимгадир олиб бориб берган-да, ўзи ректор эмас-ку! Ўша қуриб кетгурдан пулни қайтариб ололмай роса сарсон бўлди. Қўли билан бериб, оёғи билан чопди.

– Пулни кимга берганди?

– Мен қайдан билай? – аёлнинг манглайи тиришди. – Хўжайиним бунақа гапларни менга айтиб ўтирмасди. Самиғ бир неча марта уйга келиб, тўполон кўтарганда сезиб қолгандим.

– Нима деб тўполон кўтарганди?

– Энди жа-а унақа уришиб кетишмаганди… сўз талашиб, қаттиқ-қаттиқ гапиришгани ёдимда. Самиғ «Кўрсат ўша одамингни, ўзим гаплашаман», деб бақирганди. Хўжайиним эса «У катта одам, кўп ишим тушади, нима, сени деб орамиз бузилсинми, шошмай турсанг ўзим олиб бераман», деб зорланганди. Бир неча кундан сўнг тағин ўша гап… Эримга «Нима қиласиз бечорани қийнаб, ўзингиздан бўлсаям пулини бериб юборинг, кейин ўша одам пулни қайтарса, жойига қўйиб қўясиз. Шунча ғавғо сизга шарми?» десам, «Калланг ишлайдими, «катта» пулни қайтармаса нима қиламан, бировнинг ҳожатини чиқараман, деб ўзим «тушиб» қолайми?» дегандилар. Мен эса «Ҳой барака топгур, «катта»нгиз қайтармаса ҳам сиз ўртоғингизга пулни қайтаришга мажбурсиз, нима қиласиз камбағални шўрини қуритиб», деб тушунтиришга ҳаракат қилгандим. Қайда дейсиз, эрим билганидан қолмади… Мана оқибати!

– Опа, тўғрисини айтинг, Самиғ эрингизни ўлдирганига ишонасизми?

– Билмасам, олдин уни қамоққа олдинглар. Биз қотил шу экан, деб ўйладик-да! Энди уни қотил эмас деяпсизлар… Кимга ишонишни ҳам билмай қолдим. Ростини айтсам, Самиғ ака бўшанггина киши экан. Олдин уни танимасдим. Ўз пулини сўрашгаям ийманибгина келарди. Унинг ўрнида бошқа одам бўлганда, тўполон қилиб бор-будимизни олиб кетишдан ҳам тоймасди.

Санжарбек яна бир қанча саволлар бериб, гувоҳдан зарур маълумотларни суғириб олишга ҳаракат қилди. Сўнг марҳумнинг сўнгги пайтда кўпроқ алоқада бўлган дўстлари ва бошқа яқинлари рўйхатини шакллантирди.

– Опа, сиздан яна бир илтимос, – деди гуруҳ раҳбари сўроқни якунлаб, – уйга бориб, Луқмон аканинг кийимларининг чўнтаклари, иш столи тортмалари, сумка ва жомадонларини яхшилаб қараб чиқсангиз. Бирорта қоғоз, ҳужжат ёки ашё топилса, бизга хабар қилсангиз, терговга катта ёрдам қилган бўлардингиз.

Аёл чиқиб кетгач, Санжарбек Умидга юзланди:

– Хўш, жаноб терговчи, опанинг гапларига ишонса бўладими?

– Менимча, самимий гапирди, ёлғонни сезмадим.

– Тўғри, сўзлари чинлигига шубҳа йўқ, – деди Санжарбек бир нуқтага тикилиб. – Ака-ука тоғаваччалар тўғрисида нима дейсиз? Балки улар…

– Мен ҳам шуни ўйлаб тургандим, – Умид фикрини айтишга шошилди. – Аламзада тоғалар ишлари юришмай, ночор аҳволга тушиб қолгач, жияндан отасининг мулкини ёки товон тўлашни талаб қила бошлаган. Ўртада нифоқ келиб чиққан… Гиёҳванд, ароқхўр одам хумори тутганда ўша зормандани топиш учун ҳеч нарсадан тоймаслигини биласиз.

– Мушоҳадаларингиз ёмон эмас, – Санжарбек ҳар доимгидек ҳамкасбини мунозарага чорлади, – аммо, сиз дорихонадан ҳеч нарса йўқолмаганини ёддан чиқаряпсиз. Сиз айтгандек, қотил «тоғалар»дан бири бўладиган бўлса, дорихонада уларнинг излари қолиши, тартибсизлик рўй берган бўлиши лозим эди. Аммо воқеа жойида ҳеч нарсага тегинилмаган, пул ёки бошқа қимматбаҳо буюмлар ҳам изланмаган. Бунга нима дейсиз?

– Балки «тоға» пул турадиган жойни билгандир. Унақа одамларга арзимаган пул ҳам етарли бўлади. Бояги зормандадан заҳрига ютиб олиб, хуморидан чиқса бўлгани! Кейин дунё остин-устин бўлмайдими, уларга қизиқ эмас.

– Гапингизда жон бор, нашаванд, ароқхўр одамнинг хумори тутганда кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Бундан ташқари, «тоға»лар ўзларининг бундай хароб аҳволига «жиян»нинг отаси меросидан ҳаволаниб юрганидан аламзада бўлган.

– Ундан чиқди…

– Ҳозирча хулоса қилишга эрта, – Санжарбек ҳамкасбининг сўзини бўлди. – Умиджон, сиз ўша мерос билан боғлиқ ҳужжатларни кўтарсангиз. Кейин «тоға»лар билан гаплашардик.

Умид чиқиб кетгач, гуруҳ раҳбари навбатдаги гувоҳ – Дониёрни сўроқ қилишга киришди.

– Ўша куни кўрганларингизни бир бошидан айтиб берсангиз?

– Биринчи август куни мен ўқишга кириш учун имтиҳон топширдим, – Дониёр маъюс гап бошлади. – Адам мен билан бирга борганди. «Кетаверинг, тестни тугатиб ўзим ишхонангизга бораман», десам, унамади, ташлаб кетишга кўнгли бўлмади, шекилли. Соат учларга яқин имтиҳондан чиқдим. Кейин адам билан ишхонасига бордик. Бироз ишларига қарашдим. Дорихонада мижоз кўп эмасди. Шу сабабли уйга қайтдим, адам ишда қолди, «Кечироқ бораман, имтиҳон топшириб чиққанингни «ювамиз» деди. Уйга келиб, кеч соат етти-етти яримларгача дам олдим. Ойим ош дамлаган экан. Адамнинг келишини кутиб, ошни сузмай турди. Орада бир-икки марта адамга қўнғироқ қилди, аммо телефонни кўтармади. Соат тўққиздан ошганда ойим мени «Аданг негадир телефонни кўтармаяпти, хабар олиб кел-чи!» деб дорихонага юборди. Тўққиз яримларда дорихонага келсам, эшик очиқ экан. Сотув залида ҳеч ким йўқлиги учун лабораторияга ўтдим. Қарасам, адам… кўкрагига пичоқ санчилган ҳолда креслода жонсиз ётибди. Қўрқиб кетиб, бақириб юбордим… Балки ҳали тирикдир, деган ўйда «03»га қўнғироқ қилдим. Ойимни чақирдим. Сал ўтмай докторлар етиб келиб, адамнинг аллақачон вафот этганини тасдиқлашди.

– Дорихонага келганингизда бирор кишига ёки қандайдир шубҳали нарсага кўзингиз тушмадими?

– Йўқ, дорихонада ҳеч ким йўқ экан. Ҳеч қанақа шубҳали нарсани ҳам кўрмадим.

– Кундуз куни имтиҳондан қайтиб, дорихонада бўлган пайтингизда адангизнинг олдига бирорта таниши келганмиди?

– Мижозлар кириб чиқиб туришди, лекин адамнинг олдига танишларидан бирортаси келганини кўрмадим.

– Мана бу буюм сизга танишми? – терговчи тортмадан салафан халтачага солинган пичоқни чиқариб, стол устига қўйди.

– Йўқ… шу пичоқда адамни…

– Ҳа, адангизни кўкрагига санчилган пичоқ шу, – терговчи далилий ашёни қўлига олди, – ўша куни кўргансиз-ку.

– Кўргандим… аммо ҳаяжон босиб, эътибор қилмаган эканман.

– Бу пичоқни аввал ҳам кўрганмидингиз?

– Тушунмадим… қандай қилиб…

– Дорихонада ишлатиб юрилган пичоқми ёки қотил уни ўзи билан олиб келдимикан, демоқчийдим.

– Ҳа… олдин ишхонада уни кўрмаганман. Бунақаси бизда бўлмаган… ўзи билан олиб келган чоғи…

– Адангизнинг синфдоши Самиғ тўғрисида нима дейсиз? – терговчи атайлаб мавҳумроқ савол берди.

– Самиғ акани олдин танимасдим, – деди Дониёр кўзига тушган сочини тўғрилаб, – аммо кейинги пайтда адамни излаб уйга, ишхонага кўп қатнаб қолди. Адамдан сўрасам, ўғли ўқишга кирмоқчи, ҳал бўлмай турибди, деганди. Бир-икки марта сан-манга ҳам бориб қолишганди. Кейин терговчилар менга қўшни дўконга ўрнатилган видеокузатув камераси ёзувларини кўрсатишди. Ўша куни ҳам келган экан.

– Нима деб ўйлайсиз, Самиғ адангизни ўлдириши мумкинми?

– Билмадим…

– Сиз дўконда адангизга ёрдам бериб юрган пайтларда Самиғдан бошқа бирортаси жанжал қилиб келганини кўрганмисиз?

– Бир-икки марта Осим ва Жасим тоғаларнинг йўқ жойдан жанжал чиқарганини кўрганман, – деди болаларча беғуборлик билан Дониёр. – Улар негадир адамни яхши кўришмасди. Нуқул пул талаб қилишарди. Айниқса, Жасим тоға чотоқ эди. Адам бечора ҳар келганда унга яхшигина пул қилиб берарди. Пул топиб бермаса, шаллақилик қилиб, беобрў қиларди. Адам ҳам жанжал чиқишидан кўрқиб, ундан қочиб юрарди.

– Нега адангиз ёки сиз товламачиларнинг устидан милицияга хабар қилмагансизлар?

– Мен ҳам адамга шуни айтганман. Бироқ адам «Қўй ўғлим, уят бўлади, тоғамнинг руҳини чирқиратиб нима қиламан, қолаверса, уларнинг қўлидан ҳар бало келади», деган.

– Тоға-жиянларнинг ёвлашишига нима сабаб бўлган? – хотиржамлик билан сўради терговчи.

– Билмайман… Адалари – Билол тоға яхши одам эди. Фарзандлари ноқобилроқ чиқди. Каттаси қамалиб кетди, бу иккисининг туриш-турмиши шу бўлди, ичмаган, чекмаган куни йўқ. Оиласида ҳам тинчи йўқ, отасининг давлатини ҳам совуриб бўлишди. Битта Қосим тоға яхши чиқди, эс-хуши жойида. Адам ҳам уни ҳурмат қиларди, фақат у билан борди-келди қиларди.

– Дониёр, адангизни ким ўлдирган бўлиши мумкин?

– Ҳайронман… – йигит бошини қашиди, – Самиғ ака қилган деб юргандик…

Терговчи Дониёрга жавоб бериб, «тоға»ларни сўроқ қилишга ўтди. Тоға-жиянлар ўртасидаги муносабатларга аниқлик киритиб олиш мақсадида сўроқни тоғаларнинг кенжаси Қосимдан бошлашга қарор қилди.

– Қосим ака, сизни тоғангиз Луқмоннинг иши бўйича чақиртирганмиз, – терговчи эҳтиёткорлик билан гап очди.

– Эй, ёмон иш бўлди-да! – деди Қосим куюниб. – Яхши инсон эди. Билмайман нега бунақа бўлди.

– У кишини охирги марта қачон кўргандингиз?

– Бир ойлар бўлди-ёв, – деди гувоҳ мўйловини силаб, – йўл йўлакай ишхонасига киргандим. Бирпас гаплашиб ўтирдик, дорихонада ёлғиз экан.

– Сизга муаммолари ҳақида гапирмаганмиди?

– Йўқ, фақат «Савдо кам, шунинг учун ёрдамчига ҳам жавоб бериб, бир ўзим савдода турибман», деганди.

– Марҳумга тегишли дорихона адангизники бўлган экан-а? – терговчи навбатдаги саволга ўтди.

– Шундай… шундай… – Қосимнинг хаёлидан «Ҳаммасини биларкан-да», деган ўй ўтди. – Раҳматли отам дорихонани шу жиянига мерос қолдирганди.

– Нега ўз фарзандлари туриб, бутун бошли дорихонани синглисининг ўғлига қолдирган? Бунга бирор сабаб борми? – Санжарбек гувоҳни «қитиқлаб» кўрмоқчи бўлди.

– Нима бўпти? – Қосим эътироз қилди. – Адамиз ҳаммамизга етарли мол-давлат қолдирди. Ҳеч кимни хафа қилгани йўқ. Луқмон ака адамга нафақат жиян, балки шогирд ҳам эди. Кўп йиллар хизматида бўлди. Кўнглидан чиқди.

– Лекин акаларингиз адангизнинг бу қарорини маъқулламаган экан-ку! Ҳозиргача Луқмонга кек сақлаб юраркан.

– Тўғри, учала акам ҳам Луқмон жиянни унчалик хушламасди, – гувоҳ гапнинг қаёққа қараб кетаётганини фаҳмлади шекилли, сергакланди. – Нима, акаларимдан кўряпсизми?

– Биласиз, қотил топилгунча марҳумнинг ён-атрофидаги ҳамма одамлардан шубҳаланишга тўғри келади, – терговчи очиғини айтишга мажбур бўлди.

– Майли-куя, лекин акаларим бунақа ишга қодир эмас, – деди Қосим қизариб-бўзариб. – Катта акам қамалиб кетгани сизга маълум бўлса керак. Осим, Жасим акамлар балки мен дунёда кўрган энг омадсиз, шўр пешона одам бўлса ажабмас… Шу оғу ўлгирни деб ҳаётда бор-будидан ажралган, гулдай оиласини чил-парчин қилган, жамиятда ўз ўрнини йўқотган бу бедаъво бандалардан ҳар қандай аҳмоқликни кутиш мумкин, аммо қотилликни эмас. Бировни ўлдириш учун ҳам кишида қандайдир журъат, шижоат бўлиши лозим эмасми? Бизнинг қариндошларда бунақа сифатнинг ўзи йўқ. Шубҳангиз ноўрин – Хулоса қилишга шошилманг, Қосимжон! – деди терговчи кулимсираб. – Акаларингизнинг анчадан бери аламзада бўлиб юргани рост. Вақт-бевақт жиянларининг олдига келиб, жанжал кўтарганлири ҳам ҳақиқат. Гиёҳванд, ароқхўр кимса учун икки дунё бир қадам, нафсини қондириш учун ҳеч нарсадан тоймайди. Ўша пайтда кейин нима бўлиши ҳам уларни қизиқтирмайди.

– Гапингиз тўғри, – эҳтиёткорлик билан фикр билдиришда давом этди гувоҳ, – лекин Осим акам ҳам, Жасим акам ҳам жуда унақа… бировни ўлдирадиган даражада одамгарчиликдан чиқиб кетишмаган. Тўғри, улар омадсиз, йўлдан адашган бандалар аммо уларнинг қотиллик қилишига ишонмайман. Сиз улардан гумонсираб адашаяпсиз.

– Бўлиши мумкин, – тушунтиришга ҳаракат қилди терговчи, – гумонсираш ҳали бу айбдор дегани эмас. Акаларингиз билан муносабатингиз қандай?

– Деярли йўқ, – каловланди Қосим. – Уларга гап-сўз таъсир қилмаса, нима қилай? Бошида уларни тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдим. Ўз билганларидан қолишмади. Ҳамма нарсасини бой беришди. Укам бўлса экан, қулоғининг тагига қўйиб юбориб, айтганимни қилдирсам.

Санжарбек сўроқни тугатиб, гувоҳга жавоб бергач, жойида ўтирганча хаёлга толди, ака-укалардан шубҳаланиб, нотўғри йўлга кириб кетгандай, вақтни бекорга ўтказаётгандай ҳис қилди ўзини. Ҳеч қандай натижа чиқмаса, нима бўлади? Беҳуда ишларга овуниб, тўғри йўлдан чалғиш яхши эмас. Кўп имкониятлар бой берилади…

Тезкор ходимлардан бири ака-ука Сайфиевлар келганлигини хабар қилди. Терговчининг рухсати билан сўроққа олдин Осимни олиб киришди. Остонада уст-боши бир алфозда, сочлари тўзғиган, юзларини ажин босган киши кўриниши билан хонани қандайдир ёқимсиз ҳид қоплади. Санжарбек бу инсон тўғрисида маълумотга эга бўлгани боис ҳеч ажабланмасдан хона четидаги стулга ўтиришга таклиф қилди.

– Осим ака, биринчи август куни қаерда эдингиз? – терговчи мақсадга ўта қолди.

– Тушунмадим, – талмовсиради гувоҳ, – биринчи август… Қаерда бўлардим, уйда бўлсам керак-да. Тўғриси, ҳозир ёдимда йўқ. Нега сўраяпсиз, начальник?

– Бир эслаб кўринг-чи, абитурентлар тест имтиҳонлари топширган кунда қаерда бўлгансиз? – саволни ойдинлаштирди терговчи.

– Ҳа, тест куними, самарқандлик Абдураҳмон деган курсдошимнинг ўғли «нархоз»га имтиҳонга келганди. Тест топшириб чиққандан кейин «Шаршара»да «ҳақ» берганди. Кечаси ўн бир-ўн иккиларгача ўша ерда қолиб кетибмиз. У ердан чиқиб, меҳмонхонага бордик. Кейин таксида уйга кетдик.

– Ким билан? Меҳмонлар ҳам сизникига боришдими?

– Йўғ-э, улар меҳмонхонада…

– Ўзингиз кетдингизми ёки олиб бориб қўйишдими? – деди терговчи гап авзойидан воқеа қандай кечганини тасаввур қилиб.

– Ҳа, энди хурсандчиликдан сал-пал олиб қўйибмизда. Ўзи шу ичкилик ўлгурни ташлаганман… гоҳ-гоҳида бир шунақа бўлиб туради-да, начальник.

– Марҳум Луқмон тоғангиз билан келишмовчилигингизнинг асл сабаби нимада? – терговчи қисқароқ қилишга уринди.

– Ер етказиб бормасин-у, аммо тоғамиз ичидан пишган, илоннинг ёғини ялаган, ғирт тулки одам эди-да! Бизнинг бобойнинг у ёғидан, бу ёғидан ўтиб, чаёндай қўйнига кириб олди. Биз фарзандлар қолиб, бу киши энг «шоколад» жойга эга чиқди. Қандай қилиб бобойни меросга қўл қўйишга кўндирган, билмайман. Адамни касаллигидан фойдаланиб, алдаб имзо чектиргани аниқ. А так бобой ўзиникини бировга бериб қўядиган инсон эмасди.

– Нега бунақа деб ҳисоблайсиз, бунга бирор асосингиз борми? – терговчи ўрнидан туриб, гувоҳга яқин келди.

– Қани айтинг-чи, начальник, сиз ўз мулкингизни фарзандингиз турганда бошқа бировга мерос қилиб қолдирармидингиз?

– Луқмон биров эмас, адангизнинг туғишган жияни-ку. Қолаверса, у падарингизга нафақат жиян, балки фарзанддай қадрли бўлган экан. Халқимизда «Қиз аммага тортади, ўғил – тоғага», деган мақоллар ҳам йўқ эмас.

– Эшитганман, аммо бу нақлнинг бизга алоқаси йўқ. Итим ҳам у шайтонга тортишини хоҳламаган бўлардим. Аслида, у маккорнинг адамга меҳрибончилиги ясама, сохта эди, начальник. Ҳаммаси мол-давлатга эга бўлиш учун қилинган найранг. Луқмон инсон эмас, одам кўринишидаги шайтоннинг урғочиси, десак тўғри бўлади!

– «Шоколад» дорихона деганда нимани назарда тутяпсиз? – терговчи бироз олдин миясига келган саволни берди. – Бошқа дорихоналардан унинг бирор устинлиги борми?

– Ўзи кичкина бўлсаям савдоси яхши. Бобой шунча точкаси бўлишига қарамай кўпинча шу дорихонада ўтирарди. Бекорга эмасдир… Олдида катта шифохона, оғир касалнинг бари шу ерда. Одамлар яқинларини асраб қолиш учун пулнинг бетига қараб ўтирармиди. Қанча дори бўлса ортмайди, конвейрдай айланиб ётади.

– Қанақа конвейр? Бу нима деганингиз? – ҳайрон бўлди терговчи.

– Айтдим қўйдим-да, начальник! Бобой ҳаммасини яхши йўлга қўйиб олганди. Шайтон-жиян тайёрга айёр чиқди! Лекин охири нима бўлди? Бировнинг ҳақи тешиб чиқади, деганлари рост экан.

– Луқмон дорихонани қонуний асосда эгаллаган, бунақа дейишингиз тўғри эмас!

– Айтдим қўйдим-да, начальник! Мўмин-мусулмонлар бир бирларининг молига дахл қилишлари харом бўлади. Мўминнинг моли ҳам, жони ҳам Яратганнинг ҳимояси остида бўлади. Таассуфлар бўлсинки, кейинги пайтларда одамлар бировнинг молини алдов, фириб йўллари билан ейишдан хазар қилмай қўйдилар. Ҳолбуки, муқаддас динимизда бу ишлар харом, ўлиб, сасиб кетган ўлакса гўштини ейишдан ҳам жирканчроқ гуноҳ ҳисобланади. Бугун одамлар харом билан ҳалолнинг фарқига бормай қолдилар. Бекорга ўғри бўл, ғар бўл, аммо инсофли бўл, дейишмайди. Буларга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларини ўқитиш лозим.

– Нима, сиз ҳазратнинг китобларини ўқиганмисиз? – деди Санжарбек атайлаб гувоҳнинг кўнглига йўл топиш мақсадида.

– Деярли ҳаммасини! – деди Осим ўмганини бир кўтариб олиб. – Сиз-чи, бирорта китобини ўқиганмисиз?

– Йўқ, ўқимаган эканман, – терговчи ҳамсуҳбатини «ғолиб» кўрсатиш мақсадида атайлаб ёлғон гапирди.

– Ўқиш керак ука, ҳазратнинг китобларини такрор-такрор мутолаа қилиб туриш лозим! – мағрур тиржайди Осим.

– Албатта, топиб ўқиб чиқаман, – деди терговчи ёлғон гапираётганидан ўзини жиндек ноқулай сезиб. Шу тобда унинг хаёлидан «Ўқиганларга амал қилинмаса, ўқишдан нима наф!» деган ўй ўтди.

– Ҳа, шундай қилинг, ука! Сизларнинг ишларингизда ҳам ҳалол ва ҳаромни ажратиш жуда муҳим. Афсус чекмайсиз!

– «Жиян»нинг фожиасига ҳам шу қусур сабаб демоқчисиз-да?

– Албатта, ҳар ким экканини ўради. Боя айтганимдай харом бир кун тешиб чиқади.

– Нима, Луқмон бирор ҳаром-ҳаришга…

– Буёғи энди ўзларингга ҳавола… Қолганларини ўзларинг суриштириб, билиб олаверасизлар. Ўлган одам ўлди – кетди! Менга нима, бошимни ачитиб ўтираманми?

– Осим ака, нимага шаъма қилаётганингизни тушунмай турибман? Луқмон қандай гуноҳи кабир қилган бўлиши мумкин? – саволни бошқачароқ қўйди терговчи.

– Айтдим қўйдим-да!

– Жиянингиз ҳақида бирор нарсани билсангиз айтинг! – терговчининг хаёлидан «Бу одам ниманидир яшираётгани аниққа ўхшайди», деган ўй кечди. – Терговга катта фойдангиз теккан бўларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации