Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Ўғилларингизнинг ёшлари нечада? – терговчи худди ҳеч нарса билмайдигандай савол беришда давом этди.

– Каттаси Омонжон йигирмага чиқди, кичкинаси Валижон саккизинчи синфда ўқийди, яқинда ўн тўртга тўлди.

– Ота-онангиз, ака-укаларингиз борми?

– Тўрт укам, икки синглим бор. Ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетишган. Мен оилада тўнғич фарзанд эдим, – терговчининг берилиб тинглаб туриши Самиғни руҳлантириб юборди. – Ўн тўрт ёшга кирганимда отамиз оғир хасталикдан вафот этди. Нашриётда оддийгина ишчи бўлсалар-да, отам ҳаёт пайтида қийинчилик билмай яшаган эканмиз. Бир ўзи ишлаб, жўжа бирдай жон – шунчамизни қийналмасдан боқиб келган эканлар… Оила юки мен билан онамнинг гарданига тушди. Онам амаллаб қўшни маҳалладаги мактабга фаррош бўлиб ишга кирди. Ука-сингилларим ёш бўлгани сабабли мен ишлашга мажбур бўлдим. Ўқишларим ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди. Кўчамизнинг бошидаги новвойга шогирд тушдим, нон ёпдим, кўчама-кўча изғиб, нон сотдим… Ҳали мени – тўнғичини уйлантиришга ҳам улгурмай онам шўрлик ҳам бандаликни бажо келтирди… Катта рўзғор менга қолди. Саккизинчи синфгача аъло баҳоларга ўқигандим. Орзуларим бисёр эди. Мактабни тамомлаб институтга ўқишга кирмоқчи, олим бўлмоқчи эдим. Ҳаммаси саробга айланди… Умримнинг кўп қисми ҳам ота, ҳам она ўрнида ука-сингилларимни оёққа турғизиш, уйлантириш, турмушга беришга кетди. Сал улғайгач, укаларим ёнимга киришди. Топганимиз қора қозонга зўрға етарди. Шу сабабли на укаларимни, на сингилларимни ўқитиш имкони бўлди. Биласизми, мен қашшоқлик билимсизликнинг ҳосиласи, деб ҳисоблайман. Илмсиз кишини сўқирга ўхшатаман. Умр бўйи адашиб, борар манзилини тополмай юраверади. Бобом саводсиз бўлган, отам ўқимаган, мен ва укаларим ҳам таассуфки, ўқий олмадик. Оқибати маълум, бир умр қўл учида кун кўришга маҳкум бўлдик. Шу ёқимсиз анъанани бузишга ҳаракат қилдим. Бўлмади. Шароит тўғри келмади. Қўл калталик қилди. Бундай бахт укаларимга ҳам насиб қилмади. Ягона умид фарзандларимдан эди.

Айбланувчи бироз жимиб қолди. Сўнг фикрларини жамлаб олди, шекилли, «гапираверайми?» дегандай терговчига тикилди.

– Марҳамат, гапираверинг, эшитяпман, – деди терговчи.

– Йигирма саккиз ёшда уйланиш насиб қилди. Аллоҳ икки қиз, кетидан икки ўғил берди. Қизлар мактабни битиргач, амал-тақал қилиб узатиб юбордик. Бор умидим тўнғич ўғилим Собирдан эди. У мактабда аъло баҳоларга ўқирди. Бундан ташқари, уч йил пулли қўшимча дарсларга қатнади. Унинг ота-боболаридан мерос келаётган илмсизлик, қашшоқлик занжирини узишига, авлодимизни илмнинг нурли чўққиларига олиб чиқишига, сулоламизни камбағаллик сиртмоғидан озод этишига ишонардим… Кимдир бу ишни қилиши лозим эди-ку! Лекин камбағални эшакнинг устида ҳам ит қопади, деганлари рост экан. Собиржон қаторасига икки йил тиббиёт академиясига ўқишга топшириб, кира олмади. Тест деганлари ҳам аҳмоқона нарса экан. Биринчи йил тўрт балл, иккинчи йил уч балл етмай қолди. Бошида бола яхши тайёргарлик кўрмаган экан-да, деган ўйга бориб, унчалик аҳамият бермадим, бу йил бўлмаса, келаси йил яхшилаб тайёргарлик кўриб, ўқишга киришига умид қилдим. Кейинчалик Собирнинг мактабни зўрға «уч»га битирган икки бойвачча синфдоши айнан шу тиббиёт академиясига ўқишга кириб кетганини эшитиб, хунобим ошди, ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Бу қандай адолатсизлик! Билимли ўқишга киролмаса! Талабалар сафи илмсиз, аммо пулдор йигит-қизлар билан тўлдирилса! Келажакда инсонлар ҳаётини кимларга ишониб топширамиз! Алам устида мен ҳам «танка» қидира бошладим. Шу баҳонада Луқмоннинг олдига бориб қолгандим. Бу томонда ишлар чаппа айланиб кетди… Қош қўяман деб, кўз чиқариб ўтирибмиз.

Самиғ «Қолган гаплар сизларга аён» дегандай жимиб қолди.

– Давом этинг, давом этинг! – терговчи ҳаммасини ўз қулоғи билан эшитиш учун ҳамсуҳбатини гапиришга ундади.

– Одам қуриб кетгандай ўртоғим, деб дардимни Луқмонга айтибман, – Самиғ терговчи узатган сувдан томоғини ҳўллаб, гап бошлади. – Марҳумлар ҳақида ёмон гапириш гуноҳ бўлсаям айтмасам бўлмайди, ўртоғим аллақачон одамгарчиликдан чиқиб кетганини билмаган эканман. Бошида у роса устимдан кулди. «Пул бермасанг болангни қора кўзига қараб ўқишга олишадими?» дея мени зиқналикда айблади. «Олдинроқ мени топганингда, ҳозир боланг иккинчи «курс»ни битирган бўларди», деб ичимни куйдирди. Гап сўнгида «Майли, ҳечдан кўра кеч, бу йил ўғлинг биринчилар қаторида ўқишга киради», деб қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирди. «Жон ўртоқ, гаплаш, уйимни сотсам ҳам пулини қилиб бераман», дедим қувончдан юрагим ёрилиб. «Бошқалардан кўкида 30 минг оламиз, сен 25 минг берсанг бўлди, болангни ўқишга кирди, деб ҳисоблайвер», деди у катта кетиб. Суммани эшитиб, ичимдан зил кетдим. Менда бунақа пул йўқ эди. Бундай катта маблағни қаердан топишни ҳам билмасдим. Аммо ўғлимни ўқишга киритиш хоҳишим шунчалик баланд эдики, Луқмоннинг айниб қолишидан хавфсираб «Бўлди, мен ўша пулни сенга топиб бераман», деб юборганимни ҳам сезмай қолдим. Қўл беришдик. Ваъда беришга бериб, уйга келиб, дўппини бошдан олиб, чамалаб қарасам шунча пулни топишнинг сира ҳам имкони йўқ. Лекин лафз қилиб қўйдим, ер қазиб бўлса-да, пул топишим шарт эди. Излаган имкон топади деганларидек, укаларим билан кенгашиб, бисотимизда қўлга илинадиган нарсаларни сотишга қарор қилдик. Тўрт-беш кун ичида ўртанча укамнинг эскироқ машинасини, мен ва кичик укам ишлаб турган новвойхонани сотиб, устига катта укам ўғлини уйлантириш учун тўйга йиғиб қўйган пулини қўшиб ҳисоблаганда 20 минг АҚШ доллари тўпладик. Етмаган қисмига маҳалламиздаги Сабина тиллачидан яхшигина фоизли қарз кўтаришга тўғри келди. Хуллас, лафз қилинган пулни Луқмонга етказдим. У пулни қуртдай санаб олиб, «Ҳаммаси жойида, Собиржонни талаба бўлди, деб ҳисоблайвер», деди. Мен нафақат ўзим, бутун оилам, балки жигарларимни ҳам бор-будидан ажратиб ўтирганимдан қанчалик кўнглим ғаш бўлмасин, ишим битгани, ўғлим ўқишга кираётганидан мамнун эдим. Топадиганимни йўқотганимдан пеш билдим. Тўғри-да, нимадандир кечмасанг нимагадир эришиб бўладими? Кўп ўтмай тест синовлари бошланди. Бошқалар қатори Собиржон ҳам тест топшириб чиқди. Аммо у ҳамма саволларни ўз билганича белгилагани, четдан ҳеч қанақа ёрдам бўлмаганини айтиб, таъбимни тирриқ қилди. Аксинча, улар тест топширган гуруҳдан назоратчилар уч-тўрт кишини хонадан олиб чиқиб кетиб, ёрдам қилганини, беш-олти кишига ўқитувчилар тайёр жавобларни киритиб берганини, яна кимларгадир бошқа абитуриентлар ечиб берганини, хуллас, имтиҳон роса от ўйини бўлганини айтди. Югуриб дўстимнинг олдига бордим, бўлган воқеани тушунтирдим. У эса пинагини ҳам бузмасдан «Хавотир олма, ҳаммаси назоратда, бу ёқда ёрдам беролмаган бўлса, тест марказида тўғрилашади», дея мени тинчлантирди. Кўнглим бироз таскин топиб, ортга қайтдим. Орадан бир ҳафта ўтиб, тест натижалари эълон қилинди. Надоматлар бўлсинки, ўқишга қабул қилинган талабалар сафида ўғлимнинг исми чиқмади. Собиржон бу гал ҳар сафаргидан ҳам катта балл олган бўлса-да, тўлов шартномаси асосида ўқишга кириши учун 9 балл етишмай қолганди. Негаки, кириш балли жуда юқори бўлиб, ҳатто тест саволларига 80 фоиздан зиёд тўғри жавоб берган абитуриентлар ҳам ўқишга киролмаганди. Ўғлим тест топшириб чиққандан сўнг айтган «от ўйинлари» ёдимга тушиб, ғазабим қайнади, юрагим эзилди. Оёғимни қўлга олиб, дарғазаб ҳолатда Луқмоннинг олдига бордим. У: «Оғайни, бунча ичинг тор бўлмаса, сал англашмовчилик бўлса бўлгандир, пулини жиғилдонига сингдирганларнинг ўзи ҳаммасини тўғрилайди, намунча ташвиш чекмасанг!» деб кўнглимни кўтармоқчи бўлди. Гапларига ишонқирамай «Жавоблар чиққан, энди қандай қилиб тўғрлайди?» дея унга ёпишдим. «Эй, сен қишлоқи, ўқимаган, «қўшимча қабул» деган нарсалар бор, ҳозир бир йўналишга юз киши олган бўлса, «қўшимча»га камида тағин шунча абитуриент ўқишга қабул қилинади. «Тем более» ўғлинг рўйхатнинг тепасида турибди, биринчилар қаторида ўқишга ўтади, сенга ўқишга кирса бўлдими?» деди у ҳазиломуз. Кўндим. Кўнмасдан иложим ҳам йўқ эди! Менга қандай қилиб бўлмасин ўғлим ўқишга кириши керак эди-да! Шу сабабли оғайнимга қаттиқ гапирмадим, нега ундай, нега бундай, дея таъна қилмадим. Луқмон қўшимча қабул бир ойлар ичида ҳал бўлади, деганди. Сентябрь ойи бошида яна дўстимнинг эшигини қоқдим. Ҳали вақти келмади, кутамиз, деди. Тағин бир ой кутдик. Натижа бўлмади. Шу тахлит йил охирлади. Мен чориғимни судраб қатнашдан, оғайним эса турфа баҳоналар билан мени алдаб-сулдаб, тинчлантиришдан, авраб-алқаб умидлантиришдан чарчамади. Қуриб кетсин! Йил алмашиб, январь ҳам адоғига етди. Қўшимча қабулдан эса дарак бўлмади. Мен бир-иккита тушунадиган одамлардан сўраб-суриштирдим. Улар биринчи «сместр» тугади, энди ҳеч қандай қўшимча қабул бўлмайди, дейишди. Луқмонга айтсам, шу пайтгача «Ўғлинг шу йил талаба бўлади», деб юрган одам кўзини лўқ қилиб: «Нима ўқиш қочиб кетяптими, бу йил бўлмаса, келаси йил бўлар!» деса бўладими? «Унда бор-будимни сотиб, қулоғимгача қарзга ботиб, оиламни, укаларимнинг оиласини азобга қўйиб нима қилиб аҳмоқ бўлиб юрибман!» дея бақириб кетдим. Луқмон менинг важоҳатимни кўриб яна тулкиликка ўтди. «Ўртоқ, бунақа бўлишини қаердан билай, мен ҳам «окахон»ларнинг гапига ишониб қолдим. Қўй хафа бўлма, икки-уч ойдан сўнг ўқишга қабул бошланади, ўғлингни биринчилар қаторида ўтказамиз», деди безрайиб. «Оғайни, ростини айтсам, одам-подам эмас экансан, пулни қайтар!» дедим ҳафсалам пир бўлиб. Луқмон эса «Бўлди, «окахон»лардан олган заҳоти сенга қўнғироқ қиламан, олиб кетасан», деди елкамга қўлини қўйиб. Бир ҳафта кутдим, қўнғироқ бўлмади. Ўзим телефон қилдим. «Окахон» хизмат сафарига кетганди, келиши билан ҳал қиламан», деб мени тинчлантирди. Шу тариқа тағин икки-уч ой ўтиб кетди. Мен бўзчининг мокисидай қатнашдан, Луқмон эса баҳоналар тўқишдан чарчамади. Бақириб-чақирсам «Нима, сен шунча пулни еб кетади, деб ўйлаяпсанми?» дея зарда қиладиган, яхши гапирсам у ёқдаман, бу ёқдаман, ҳали у, ҳали бу, деб ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Сабр-бардошим тугаб, бир-икки марта ғиппа бўғзидан олиб ҳам кўрдим. «Эртага пул қўлингда бўлади», деб қасам ичиб қутилиб қолди.

Хом сут эмган банда эканмиз-да! Қўлим билан бериб, оёғим билан ололмай юрганимдан хўрлигим келиб кетарди. Пулинг ошиб-тошиб ётган бўлса-куя, майли, қачон берса берар, деб арқонни узун ташлаб юраверсанг. Бир эмас, бир неча оиланинг ризқини қийиб, бору йўғингни сотиб, бир муттаҳамнинг қўлига берсанг-у, у бемаза, бетофиқ ишингни битирмагани етмагандай пулингни ҳам қайтармай, ойлаб сарсон қилиб юрса, жинни бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас экан… Бу томонда жигарларимнинг оилаларида ҳам муоммолар сизиб чиқа бошлади. Укаларим дарди ичларида – жим юрганлари билан келинлар минг бир ниятда, не-не азобда йиққан маблағларидан ажралиб қолганларидан қаттиқ изтиробга тушиб қолишганди… Хуллас, янги ўқув йили ҳам яқинлашиб қолди. Собиржон яна тиббиёт академиясига ўқишга ҳужжат топширди. Пулни қайтариб олсам, бирорта ишончли одам билан гаплашишни кўнглимга туйгандим. Қаерда дейсиз, Луқмондан пулни қайтаришнинг иложи бўлмади. Сўнгги пайтларда у мендан ўзини олиб қочадиган, қўнғироқларимга жавоб бермайдиган бўлиб қолди. Уни кута-кута уйидан ёки дорихонадан топиб олардим. «Нега бунақа қиласан, нега мендан қочасан?» деб жаҳл қилсам, «Мен ҳам қараб турганим йўқ, ўша пулни қайтариб олиш илинжида чопиб юрибман», дерди. Яхши гапириб, муомала қилиб ҳам кўрдим, фойдаси бўлмади. Тўполон ҳам кўтардим. Наф қилмади. Сабр косам тўлди, пичоқ суякка қадалди… Нима қилишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Тегишли жойга ёзиб берай десам, бу ёғи ўзбекчилик… Бир томондан синфдошим: қамалиб-нетиб кетса, уволига қоламан. Ўша воқеадан икки кун олдин борганимда қанчалик босиқ бўлишга ҳаракат қилмайин жаҳлимни жиловлай олмадим, «Пулни қайтармайдиган бўлсанг, чавақлаб ташлайман», деганим ҳам рост. У ҳам ўшқирди! Менинг ўрнимда ким бўлсаям шундай қилган бўларди. Лекин Луқмонни ўлдириш хаёлимнинг бир четига ҳам келмаган. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, уни ўлдирсам менга пулимни ким қайтаради?

– Ўша куни нима бўлганини батафсилроқ айтиб берсангиз, – терговчи мақсадга яқин келди.

– Нимасини айтай… – Самиғ бошини қашлади, – ўша куни қандай фалокат босиб, дорихонага келиб қолдим, билмайман… Бўлмаса, икки кун олдин жанжаллашиб кетгандим. Келишга, учрашишга юрагим безиллаб қолганди. Лекин уйда ҳам тинчлик йўқ эди. Келмасам ҳам бўлмасди-да! Келишдан мақсад вазиятни юмшатиб, ҳеч бўлмаса, пулни қачон қайтаришини оғзидан эшитиш эди. Бахтимга ҳаммаси тескари кетди. Ўша куни соат саккизлар атрофида дорихонага кирдим. Сотув залида ҳеч ким кўринмади. Ичкарига кириб кетган бўлса керак, деган хаёлда бироз кутдим. Шу орада дорихонага бир неча харидор кириб, бир муддат кутиб чиқиб кетди. Тахминан ўн дақиқалар кутгач, лабораторияда бўлса керак, деган ўйда ичкарига кирдим… Не кўз билан кўрайки, Луқмон кўкрагига пичоқ санчилган ҳолда креслода чўзилиб ётарди… Жон-поним чиқиб кетди… Югуриб бориб, пичоқни мурданинг кўксидан суғуриб олмоқчи бўлдим… Шу пайт миямга яшиндай «Аҳмоқ, нима қиляпсан, бу тузоқ-ку!» деган ўй келди. Негаки, ўртоғим жонсиз ётарди, ўлгани аниқ эди. Балки унда ҳаёт белгилари кўринганда ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай ёрдам беришга шошилган бўлардим. Тирик қолса, нима бўлганини ўзи айтиб берарди. Ўликлар эса гапирмайди… Менинг бу тузоқдан чиқиб кетишим қийин бўларди! Бу тарафдан уришганмиз, ўртада пул муаммоси бор… Шартта ортимга бурилиб, қочиб қолдим. Яхшиямки, залда ҳеч ким йўқ экан. Уйга келиб роса сиқилдим. Бир ёқдан жондай дўстим, бир ёқдан шунча пулга куйиб ўтирганим…

– Сиз дорихонага кираётганингизда бирор шубҳали одамга кўзингиз тушмадими?

– Йўқ, дорихонага киришда ҳеч кимни кўрмадим.

– Дорихонада кутиб ўтирган пайтингизда ичкаридан ҳеч қанақа овоз эшитилмадими?

– Ичкарида нимадир тарақлагандай бўлди. Шундан Луқмон лабораторияда нимадар қилаётган экан-да деган ўйга бордим.

– Балки сиз кирган пайти қотил лабораторияда яшириниб тургандир? Эътибор қилмадингизми?

– Йўғ-э, мен савдо залида кутиб турганимда лабораторияга ҳеч ким кирмади…

– Нима сабабдан сиз турлича кўрсатмалар бериб, терговни чалғитиб келдингиз? – деди Санжарбек жиддий оҳангда.

– Сиз менинг ўрнимда бўлганингизда нима қилардингиз? – саволга савол билан жавоб қайтарди Самиғ мўлтираб.

– Кечирасиз, ҳамманинг ўз ўрни бор, саволга жавоб беринг!

– Нима қилай? Ҳамма дорихоналарда видеокузатув камераси бўлишини билардим. Уйга қайтиб келгач, камерани кўришса, мени лабораторияга кирганимни билишади, деган ташвишда «Ана келди, мана келди!» қилиб, эшик қараб чиқдим. Лекин ўша куни ҳам, ундан кейинги кун ҳам излаб келишмагач, дорихонада видеокузатув камераси бўлмаган экан, деган хулосага келдим. Терговда барибир менинг исмим чиқиб келишини билардим. Пул сабаб жанжаллашиб юрганимизни кўпчилик биларди. Кимдир айтса, терговчиларнинг менга тармашиши аниқ эди. Устига-устак, ўша куни дорихонага борганимни билишса, ҳеч иккиланмай мени «крайни» қилади, деб ўйладим. Шунинг учун бошида дорихонага борганимни яширишга мажбур бўлдим. Кейин терговчилар қайси гўрдан анави қўшни дўкон камерасига тасвирим тушиб қолганини аниқлашди. Тасвирни ўзимгаям кўрсатишди. Нима қилай, тан олишга мажбур бўлдим. Лекин лабораторияга кирганимни айтмагандим. Қўл изим қолишини қаердан билай! Ўша пайтда қўрққанимдан эшикни артиб қўйиш ҳам хаёлимга келмаганини қаранг. Бўлмаса, киноларда кўрганман… Қўрққанга қўш кўринар деганларидай қочиб қолибман. Мана, оқибати! Қуриб кетсин!

– Чапақаймисиз?

– Йўғ-э, ўнг қўлда ёзаман. Ўнг қўлда ишлайман, овқатланаман…

– Жаҳлдормисиз?

– Бу нима деганингиз? – анқайди Самиғ.

– Сизга берилган тавсифномада феъли юмшоқ, аммо жаҳли чиқса, ҳеч кимни аяб ўтирмайди, дейилган экан, – терговчи синаш учун жўрттага «илмоқли» савол беришга ўтди. – Балки Луқмон нафсониятингизга тегадиган гап айтиб, жаҳлингизни чиқаргандир. Балки сизга биринчи бўлиб ташлангандир. Ёки ўзингизни ҳимоя қилиш учун… Тўғрисини айтаверинг!

– Ўша куними?

– Ҳа, ўша куни.

– Қуриб кетсин, неча марта айтиш мумкин, – Самиғнинг афти тундлашди. – Мурдалар гапирадими? Мен келганда Луқмон аллақачон нариги дунёга кетган бўлса, қандай жаҳлимни чиқаради… Ҳазиллашяпсизми? Нима, сиз ҳам мени қотил, деб ўйлаяпсизми?

– Келинг, очиқчасига гаплашайлик, – терговчи ўрнидан туриб, айбланувчининг қаршисига ўтирди. – Ҳозирча қотил сиз эмассиз, деб айтолмайман. Ҳамма фактлар сизга қарши. Энг ёмони кераксиз пайтда, кераксиз жойда ҳозир бўлгансиз. Сизда Луқмонни ўлдириш учун асос ҳам етарли, камига сал олдин унга ўлим билан таҳдид ҳам қилгансиз. Ундан ҳам ачинарлиси, ёлғон устига ёлғон тўқиб, терговни чалғитгансиз, ишончдан чиққансиз! Экспертизанинг катта эҳтимоллик билан Луқмоннинг кўксига пичоқ чапақай томонидан санчилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулосасини ҳисобга олмаганда, айбингиз деярли исботланиб бўлган.

– Лекин… Луқмонни, – дудуқланди Самиғ, – мен ўлдирганим йўқ-ку! Қасам ичаман… Каломулло урсин…

– Биласизми, деярли саксон фоиз ҳолларда айбланувчилар гуноҳларини бўйнига олишмайди, – деди терговчи суҳбатдошидан кўз узмай. – Ҳатто, айблари ишончли далиллар билан исботланганда ҳам аксарият жиноятчилар жазодан қутилиб қолиш мақсадида айбни рад этишади. Ваҳоланки, айбни бўйнига олиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиш судга жазони енгиллаштиришга асос бўлади. Бу ҳақда ўйлаб кўришни маслаҳат берган бўлардим.

– Нима қилай, енгил жазо бераркан деб, қилмаган жиноятни бўйнимга олайми? – Самиғнинг қошлари чимирилди. – Шунча пулга куйиб турганим етмагандай кимдир қилган қотиллик учун ўзимни қурбон қилайми? Емаган сомсага… Шуни хоҳлайсизми?

– Ҳеч ким сиздан емаган сомса учун пул тўлашни талаб қилмайди! Қилган бўлсангиз, бўйнингизга олганингиз маъқул. Қотилликни содир этмаган бўлсангиз, ҳеч ким сизга айбдорликни мажбурлаб тиқиштиролмайди… Тергов барибир охирига етади, эртами-кечми ҳақиқатни аниқлайди. Ўша пайти уялиб қолмасангиз бўлгани! Аммо унда кеч бўлади, суд жазо белгилашда терговни чалғитишга уринганингизни инобатга олиб, оғирроқ жазо белгилашини айтиб қўйишим шарт.

– Лекин… нима қилай ука, Луқмонни ростдан ҳам мен ўлдирмаган бўлсам… Тушунтирганингиз, мен билан одамдай муомала қилаётганингиз учун раҳмат. Сизниям тушуниб турибман. Укажон, самимий, инсофли ва ҳалол инсон эканингиз билиниб турибди. Келинг, виждонан айтинг, терговчи эмас, одам сифатида менинг шу ишни қилишимга ишонасизми?

– Эҳ, Самиғ ака, бизнинг ишимизда қарор қабул қилиш учун фақат ишончнинг ўзи камлик қилади-да! – деди Санжарбек таассуф билан. – Менинг ички ишончим сизни қўйиб юборишга асос бўлолмайди-да! Ҳақиқий қотилни топиш лозим.

Четдан қараган инсон суҳбатдошларни терговчи ва айбланувчи эмас, балки ҳимоячи ва унинг мижози, янаям тўғрироғи, икки маслакдош дўст, деб ҳисоблашлари ҳеч гап эмасди.

– Шунисигаям раҳмат, укажон! – Самиғнинг кўзларида миннатдорлик аломатлари зоҳир бўлди. – Мени қўйиб юборолмасангиз-да, сизнинг ички ишончингизни қозониш мен учун катта ютуқ. Олдинги ҳамкасбларингизни ишонтиролмадим, тўғрироғи, улар мени тушунишни хоҳлашмади. Қотилга айлантириб қўйишди, ҳақиқий қотилни қидиришни хаёлларига ҳам келтиришмади. Майли, бу ёғи пешона. Тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди. Луқмон ўзи билан сўнгги илинжимизни ҳам гўрга олиб кетди. Қариндошларим олдида юзим шувут бўлди. Уларнинг не азобда томчилаб йиққан пулларини кўкка совурдим, оиламни, жигарларимни оғир аҳволга қўйдим, орзу-умидларим чил-парчин бўлиб кетди, ўғлимни ўқишга киритолмадим… Тўғриси, ҳозир уйга шу аҳволда боргандан кўра, қамалиб кетганим ҳам дурустроқ. Балки булар оилам, укаларим олдида ўйламасдан қилган ишим, гуноҳларим учун Аллоҳдан менга берилган жазодир. Кўз қўяман деб, қош чиқариб ўтирибман…

Узоқ давом этган сўроқ натижаси ўлароқ Санжарбек «Самиғ қотил эмас», деган узул-кесил қарорга келди. Энди унинг олдида ҳақиқий қотилни топиш ва жазога тортишдек мураккаб ва сермашаққат вазифа турарди.

* * *

Ишга одатдагидан барвақтроқ келган Санжарбек прокурор қабулхонаси эшиги очиқ турганини кўриб, ичкарига мўралади.

– Э-э, Раҳмонов, келинг, келинг, – прокурор телевизор тизгинини стулга қўйиб, меҳмонга пешвоз чиқди.

– Ассалому алайкум, Азамат Жўраевич, яхши дам олдингизми?

– Ваалайкум ассалом, ўзингиз омонми? – прокурор меҳмонни ёнига чорлаб, ўтиришга жой кўрсатди. – Одам кексайган сари уйқуси камайиб кетаркан. Каллаи саҳарлаб ишга келишимиз боиси шунда. Бу ёғи манави қотиллик… Санжарбек, нима бўлди, иш билан танишдингизми?

– Жиноят ишини батафсил ўрганиб чиқдим, Самиғ билан гаплашдим.

– Хўш, хўш, қандай хулосага келдингиз, – қизиқсинди прокурор.

– Шубҳангиз ўринли кўринади, Самиғ қотил эмас.

– Бу терговчининг «интуицияси»ми ёки бундай қарорга келиш учун етарлича асосингиз борми? – терговчининг қатъий хулосаси прокурорга маъқул тушмагани юз-кўзидан сезилиб турарди.

– Ҳозирча «интуиция», тўғрироғи, фактлар ва мантиққа асосланган «интуиция»!

– Ўҳў, шунақами? – кулди прокурор. – Бир хулосага келишга сал шошмадингизми?

– Нега ҳайрон бўляпсиз? Ўзингиз ҳам бошиданоқ шунақа шубҳага боргандингиз-ку!

– Тўғри, менда ҳам шубҳа бўлган. Шунинг учун ишга тажрибали терговчини жалб қилишга мажбур бўлдик. Лекин терговчининг бир кун ичида шубҳани қатъий хулосага айлантира олгани мени таассуфга соляпти-да!

– Хавотирингиз ўринли, – деди Санжарбек мулойимлик билан. – Самиғ билан узоқ гаплашдим, ичига киришга ҳаракат қилдим, сўзларига ишонгим келди.

– Балки у учига чиққан ёлғончи, лўттивоздир, артистлик қилаётгандир. Биласиз, бунақа тоифа инсонлар ҳар қандай одамнинг ишончига кириб олишга устаси фаранг бўлишади. Алданиб қолган бўлманг тағин.

– Йўқ, Самиғ содда, тўғрисўз ва ҳалол йигит. Бунақа иш унинг қўлидан келмайди. Ўғлини ўқитиш ниятида шу касофатга аралашиб қолган. Иш бўйича у жабрланувчи…

– Ички ишонч яхши! Лекин бу билан йигитни қамоқдан чиқариб бўладими?

– Тўғри, ҳозирча менда Самиғни қамоқдан чиқариш, унга нисбатан жиноят ишини тугатиш учун асос йўқ. Шу сабабли уни қамоқдан бўшатишга шошилмай турганимиз маъқул.

– Э, отангизга раҳмат, – прокурорнинг чеҳраси ёришди. – Ана бу – тўғри қарор! Мен Самиғни қамоқдан бўшатишни талаб қиласизми, деб қўрқиб тургандим. Телба-тескари саволлар бериб, жаҳл қилганимнинг сабаби ҳам шунда. Самиғни қамоққа олишга санкция беришга етарлича асос бўлган. Ҳозир уни бекор қилишга қўлимизда ҳеч вақо йўқ. Бунга ҳали эрта, деб ҳисоблайман. Фикримиз бир жойдан чиққанидан хурсандман!

– Раҳмат.

– Энди нима қилмоқчисиз?

– Жиноятни очишга киришамиз! Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади.

– Жуда яхши! Омад! – прокурор мамнун ўрнидан қўзғалди. – Биздан нима ёрдам лозим бўлса, тортинмай айтаверасиз. Йигитларимиз измингизда бўлади.

Санжарбек прокурор билан илиқ хайрлашиб, хонасига кўтарилди. Жойига ўтириб, хизмат телефонидан таниш рақамларни терар экан соатига бир қараб қўйди. Хаёлидан «Қария ишга келдимикан?» деган ўй ўтди. Гўшакни Бош прокурор ўринбосарининг ўзи кўтарди. Қисқа сўрашувдан сўнг Санжарбек ахборот беришга киришди:

– Тоҳир Ғафурович, иш билан танишиб чиқдим, айбланувчи сифатида қўлга олинган шахсни батафсил сўроқ қилдим. Прокурорнинг шубҳаси бекорга эмас экан. Менимча, бу одам қотил эмас.

– Э, шунақами? Буёғи қандоқ бўлди? Бундай қатъий қарорга келишингиз учун асослар етарлими?

– Тоҳир ака, ҳозирча қўлимда ҳеч қандай асос йўқ, – терговчининг овози негадир суст чиқди, – лекин Самиғнинг қотил эмаслиги кундай равшан. Бу инсон одам ўлдирмаган, тўғрироғи, унинг қўлидан қотиллик келмайди.

– Балки қотилликни содир этган шахснинг изидан тушишга улгургандирсиз?

– Йўқ, қотилнинг кимлиги ноъмалум, терговда тузукроқ тахминнинг ўзи ҳам мавжуд эмас.

– Тушунарли! – раҳбар овозига расмий тус берди. – Энди нима қилмоқчисиз?

– Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади. Қотилни излаймиз.

– Қамоқда ётган йигитни нима қилмоқчисиз?

– Ҳозирча унга тегмай турганимиз маъқулмикан, – ғудурланди Санжарбек.

– Нима, айбсиз одамни қамоқда ушлаб турмоқчимисиз? – раҳбар шогирдини синаш учун атайлаб нозик жойидан тутди.

– Ҳар эҳтимолга қарши… Ҳақиқий қотилни топмасдан уни қўйиб юборсак гап-сўзлардан бошимиз маломатга қоладими, деб қўрқаман. Туман прокурори ҳам шу фикрда.

– Гап кимнингдир таъна қилишида ҳам, туман прокурори қандай фикрда эканида ҳам эмас, – босиқлик билан тушунтирди раҳбар, – гап ҳамма далиллар Самиғга қаршилигида! Уни бу маломатдан қутқаришнинг ягона йўли – ҳақиқий қотилни топиш.

– Албатта, бор эътиборимизни шунга қаратамиз.

– Қотилни тезроқ топиш керак! – раҳбар терговчининг жавобидан қониқди шекилли, мулоқатни якунлашга шошилди. – Фақат шундан кейингина Самиғ масаласига қайтишингиз мумкин. Вақтингиз анча чегараланганини ёддан чиқармасангиз бўлди! Тағин «ошна»ларингизга баҳона топилмасин!

Терговчи раҳбарнинг нимага шаъма қилаётганини тушунди…

* * *

Санжарбек ўз хулосасини гуруҳ аъзоларига айтганда янгиликни кўпчилик ваҳима билан қарши олди.

– Шу ёлғончи, муттаҳамнинг гапига ишониб ўтирибсизми? – Маъмур ўрнидан туриб кетди. – Бошидан терговни чалғитиб, нағма қилиб келяпти. Унга ишониб бўладими? Энди «мулла» қилай дегандим-а, эсиз шунча уриниш, шунча меҳнат…

– Маъмуржон, шошилманг! – Санжарбек ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди. – Мен сизларга терговчи сифатидаги хулосамни айтдим. Самиғ ҳамон қамоқда. Ҳеч ким уни қўйиб юбораётгани йўқ, тергов давом этади. Агар унинг айбини исботлай олсангиз, марҳамат, мени қойил қилган бўлардингиз.

– Сиз гуруҳ раҳбарисиз, ким ҳам бизга қулоқ соларди.

– Сизлар ҳам гуруҳнинг тўлақонли аъзосисизлар, тергов жараёнида иштирок этасизлар, ҳеч ким сизларнинг қўлингизни боғлаб қўйгани йўқ. Марҳамат, Самиғнинг қотиллигини исботланг, далиллар тақдим қилинг! Лекин ҳозирги ҳолатда у одамнинг гарданига қотилликни осиб бўлмайди. Иш суддан ўтмайди.

– Нега ўтмас экан? – Мухтор мунозарага қўшилди. – Ҳаммаси аниқ-ку! Мен сизга ишни суддан ўтказиб берсам бўлдими?

– Мухторжон, иш суддан ҳам ўтиши мумкин, аммо айбсиз одамни қамоққа тиқиб, аксинча, қотилни очиқда қолдирсак сизу биз ким деган одам бўламиз? Бир умр виждон азобида қолмаймизми? Бу ҳам майли, эрта бир кун ҳақиқий қотил қўлга тушса, ҳолимиз не кечади? Оқибатини ўйлаяпсизми?

– Санжар ака, бундай фикрлайдиган, иш тутадиган бўлсак бирорта жиноятни очишимиз даргумон. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Нимадан қўрқамиз, Самиғ қотил. У билан яна салгина ишланса, ҳаммасини бўйнига олади. Энди сизнинг юмшоқлигингиздан фойдаланиб, ўзини фаришта қилиб кўрсатишга уриняпти. Бу ит эмган каззобларни бир-икки кўришда билиб бўладими? Улар нақ хамелеоннинг ўзгинаси, вазиятга қараб турланишни яхши билишади. Бунақаларнинг кўпини кўрганмиз.

– Умиджон, сиз ҳам шу фикрдамисиз? – гуруҳ раҳбари сўз навбатини кутиб турган кичик лейтинантга юзланди.

– Дўппини бошдан олиб, ўйлаб қарайдиган бўлсак, – босиқлик билан гап бошлади Умид, – Маъмур ва Мухтор акаларнинг жон куйдиришлари бежиз эмас. Терговда Самиғдан гумонсираш учун юз фоиз асос бор. Унинг қамоққа олингани ҳам тўғри. Унга тағин озгина руҳий босим ўтказилса, айбни бўйнига ҳам олиши мумкин. Иш силлиққина суддан ҳам ўтиб кетар. Лекин Санжар ака айтганларидай кунларнинг бирида ҳақиқий қотил қўлга тушиб қолса нима бўлади? Оқибати нима билан тугаши ҳаммага аён бўлса керак. Шу сабабли шошмаганимиз, етти ўлчаб бир кесганимиз маъқул.

– Жуда тўғри, – Санжарбек ҳамкасбини қувватлади. – Гап инсон тақдири ҳақида борар экан, ақл билан иш тутмоғимиз лозим. Шу пайтгача ўтказилган барча тергов ҳаракатлари Самиғ атрофида ўралашиб қолган. Келинглар, бир муддат Самиғни ёддан чиқариб, асл қотилни қидиришга тушайлик. Балки омадимиз чопиб, қотилликни фош қилсак, Самиғнинг иши ўз-ўзидан барҳам топади. Қотилни топа олмасак, Самиғ билан астойдил шуғулланишга тўғри келади.

– Унда нимани таклиф қиласиз? – изқувар тоқатсизланди. – Самиғни қўйиб юбормасангиз бўлгани! Аммо жуфтакни ростлаб қолса, балога қолишимиз аниқ.

– Тўғри, Самиғни қўйиб юборишга қўлимизда ҳеч қандай асос йўқ. Ўйлаб кўрсам, унинг айбсизлигини исботлашнинг фақат битта йўли бор: ҳақиқий қотилни топиш. Шу сабабли Самиғ қамоқда бир муддат «дам» олиб турса, биз эса асосий кучни бошқа тахминлар устида ишлашга йўналтирсак. Кечадан буён миямда пишиб етилган тахминларни уч гуруҳга ажратдим: биринчи гуруҳ – қотиллик шахсий адоват орқасида юз берган. Бу гуруҳга марҳум оилавий келишмовчиликлар оқибатида яқин қариндошлари томонидан ўлдирилган ёки у рашк қурбони бўлган, деган тахминларни киритиш мумкин. Иккинчи гуруҳ – қотиллик марҳумнинг касбий фаолияти билан боғлиқ. Бу гуруҳга марҳум ноқонуний наркотик моддалар савдоси қурбонига айланган ёки жиноят жабрланувчининг ўз мажбуриятларини бажармаслик оқибатида содир этилган каби тахминларни киритиш мумкин. Ва ниҳоят, учинчи гуруҳ – қотиллик ҳеч қандай мотивсиз руҳий хаста шахс томонидан содир этилган деган тахминни ўз ичига олиши мумкин. Сизларда бошқача фикр, мулоҳазалар борми?

– Самиғ қўлга олинганга қадар бу тахминлардан айримлари хусусида иш олиб боргандик, – деди Мухтор ёндафтарини қўлга олиб. – Хусусан, қотилликнинг наркотик моддаларга алоқадорлиги масаласини текширгандик. Дорихонада ҳеч қачон наркотик моддалар, психотроп дорилар ва бошқа гиёҳвандлик воситалари сотилмаган. Дорихонада ўтказилган тафтишда ҳам бундай моддалар рўйхатга олинмаган.

– Бу яхши, – деди гуруҳ раҳбари қўлидаги қаламни ўйнатиб, – аммо бу борада ҳали жиддий текширишлар олиб боришга тўғри келади. Хўш, ишни нимадан бошлаймиз? Кимда қандай таклиф бор?

– Самиғни…

– Ака, ҳозирча Самиғни бир четга суриб, ёддан чиқариб турайлик, – гуруҳ раҳбари Маъмурнинг «оғзига урди». – Ишни нимадан бошлаймиз, шундан гапиринг!

– Менимча, ишни Луқмоннинг ўзидан бошлаганимиз маъқулмикан, – журъатсизлик билан гап бошлади Умид.

– Ҳа, балли! Яшанг! – ҳамкасбини рағбатлантирган бўлди Санжарбек. – Ишни марҳумнинг шахсини пухта ўрганишдан бошлаганимиз маъқул. Луқмон деганлари ким бўлган, нима билан шуғулланган, яқинлари киму ғанимлари ким, инсонларнинг дардига малҳам бўлишдек савобли касб эгасини ўлдириш кимга, нимага керак бўлган каби кўпдан-кўп саволларга жавоб топишимиз лозим. Тўғри, дастлабки кунларда бу борада айрим ишлар амалга оширилган, бироқ кейинчалик, тўғрироғи, Самиғ қўлга олингандан сўнг ҳаммаси тўхтаб қолган. Анчагина вақт бой берилган. Шитоб билан ишлашимизга тўғри келади. Терговни пайсалга сололмаслигимизнинг яна бир сабаби Самиғ билан боғлиқлиги ҳам сизларга кундай равшан.

– Гуруҳ раҳбари сизсиз, – пичинг қилди Маъмур, – нима қилиш зарурлигини айтинг – бажарамиз!

– Мухторжон, сиз бугун Луқмоннинг телефон сўзлашувлари ва пеленгацияси таҳлили билан шуғуллансангиз, – Санжарбек вазифаларни тақсимлашга тушди. – Кейинги бир ой давомида кимлар билан сўзлашган, қаерларга борган, кимларга «sms» хабар юборган, кимлардан хабар қабул қилган – барчасига аниқлик киритасиз, улар орасидан энг кўп мулоқатга киришганлар, шубҳали шахслар доирасини аниқлайсиз!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации