Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Биласиз, гап қотиллик ҳақида кетяпти, биз жиноятни фош этиш учун ҳамма нарсани ипидан игнасигача билишимиз шарт, – заруриятни англатишга ҳаракат қилди терговчи. – Бир бошидан айтиб берсангиз.

– Эй, қуриб кетсин… Бу шармандаликнинг қай бирини айтай? – оғриниб гап бошлади Азиза. – Билмайман, бу мегажинларни онаси менинг шўрим учун туққанми, бири қўйиб бири бошимга бало бўлди. Ноинфлосларнинг иккови ҳам эрдан ажрашган, ғирт… Дастлаб Нозима деган каттаси илакишди. Эримнинг айтишига қараганда, унинг қизи нейрология марказида бошидан операция ўтказган экан. Бошнинг дорилари жуда қиммат туради. Ойимча қоши-кўзини сузиб, хўжайинимдан қарзга дори олаверган… Хуллас, у беномус хўжайинимга илакишиб олди. Бўлмаса отаси тенги одам, қарийб йигирма ёш катта. Билмадим, бунақа хотинларнинг ирим-сирими кўп бўлади, бирор нарса едирганми, ичирганми, ўқитганми? Эримнинг жинни бўлишига бир бахя қолди. Топганини ўшанга ташиди. Машина, уй олиб берди. На мен, на болалари кўзига кўринди. Оиламни сақлаб қолиш учун курашдим. Қилмаган амалим қолмади. Яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам кор қилмади. Оиламиз ажралиш ёқасига келиб қолди. Эсли-хушли, ор-номусли, бамаъни аёл бўлсаям майли эди. Менда йўқ сифатлар билан эримни ўзига оғдириб олган, десам… У ҳолда бунчалик алам ҳам қилмасди. Бу ланъати хотин ўзи ғирт манжалақи бўлса-да, кечирасизлар уни бошқача атай олмайман, эримга ўзини фариштадай кўрсатишга уста экан. Олдида тозидай жилпанглаб, ортида билган номаъқулчиликни қилиб юрарди. Хўжайинимнинг эса кўзлари кўр, қулоқлари кар эди. Кўча-кўйдан эшитганларимни айтсам, ишонмасди, нуқул жеркиб берарди. Бир куни очиқчасига гаплашиб олиш учун олдига бордим. Қилган ишидан уялар, тортинар, ёлғондакам бўлса-да надомат чекар, деб ўйлагандим. Қаёқда дейсиз, бети билан кети бир бўлиб кетган экан. Шаллақилиқ қилиб, оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлаб ташлади. Ҳаммасидан ҳам ёмони, беҳаёларча «Яхши хотинни эри ташлаб кетмайди, эринг сенда топмаганини менда топганки, ёнимдан кетолмай қолди. Эр дегани мушукдай гап, бошини силасанг қўйнингдан чиқмай қолади», дегани бўлди. Ёқамни ушлаб қолдим. Бу алвасти билан учрашиб, жанжаллашиб, ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниб, ёнига келганимга пушаймон бўлиб қайтдим. Кетиш асносида устимдан кулгандай «Аслида, эринг мен учун бир соғин сигир, менга унинг пулидан бошқа ҳеч нарсаси керакмас, билсанг, бу чол мени эркак сифатида сира ҳам қизиқтирмайди. Қўлингдан келса, йиғиштириб ол», дегани ҳамон қулоғимдан кетмайди. Ана сурбетлик-у ана нонкўрлик! Эрим бечора уни еру кўкка ишонмай, бошига кўтариб юрса, ҳамма шароитини муҳайё қилиб берган бўлса-ю, у бетофиқ устидан мағзава ағдариб ўтирса! Эримга ачиниб кетдим. Шу кетишда бу жодугар хўжайинимни тириклай гўрга тиқиши аниқ эди. Минг қилса ҳам кўз очиб кўрганим, болаларимнинг отаси. Мени «пуф сассиқ»қа чиқариб ўтирган бўлса-да, унинг шу касофатнинг қўлида бадном бўлишига жимгина қараб туролмасдим. Бўлган воқеани, «муҳаббати»нинг ҳамма гапларини унга оқизмай-томизмай айтиб бердим. Сўзларимга ишонади, шунча ҳақоратлар учун у ялмоғизнинг башарасига ҳам қарамай кетар, деб ўйлагандим. Чучварани хом санаган эканман. Қайтанга раҳматли мени жеркиб берди, ғирт аҳмоқ ва туҳматчига чиқарди. Суюклисига гард юқтиргиси келмади. «У мени бошқача яхши кўради, ҳеч қачон мен ҳақимда унақа гап айтмайди, бу гаплардан сенинг ҳидинг келиб турибди, бунақа найрангинг менга ўтмайди», дея оғзимга урди.

Азиза бир муддат жимиб қолди. Унинг яраси янгиланиб, хотиралар тиғи қалбини тимдалаётгани сезилиб турарди.

– Тақдирга тан беришдан бошқа иложим қолмаганди, – Азиза терговчи узатган сувдан ҳўплаб, ҳикоясини давом қилди. – Очимдан ўлмасман, икки болани амаллаб оёққа турғизиб оларман, деб ўйлай бошладим. Укам – Темуржон бир ўртоғининг ресторанида иш юритувчи бўлиб ишлайди. У ҳам Нозимани танирди. Бир куни укам унинг бегона эркак билан ресторанга кириб келгани ва алоҳида хонасига жойлашганини кўриб қолибди. Ўзларига сездирмасдан телефонига расмга олишга ҳам улгурибди. Укам менинг сиқилиб юрганимни билгани учун бир фойдаси тегар, деган ўйда расмларни менга кўрсатди. Бекорга эр бермоқ – жон бермоқ, дейишмас экан. Тилимда кечганим билан, дилимда ҳамон хўжайинимни уйга қайтариш ниятидан кечмагандим. Не умидларда расмни раҳматлининг олдига ташладим. Арзандасининг хиёнатини кўриб нақ портлаб кетса керак, деб ўйлагандим… Аввалига расмлар монтаж қилинган, дея ўзига ўзи таскин берди. Ишонмаганидан мутахассисга бориб, текширтирди. Расмларнинг ҳақиқий эканини билгач, «Ким билан дон олишиб юрибсан», деб ўйнашига ёпишган. Нозима: «Бу йигит узоқ қариндошимиз, кўчада учрашиб қолдик, тушликка таклиф қилди, бирга овқатландик», деб ёлғонни тўқиб, сувдан қуруқ чиқиб кетди. Бунда ҳам у оқ, мен юзи қора бўлиб қолдим. Тушундимки, бу «муҳаббат» қўрғонини бузадиган куч қолмаган. Кўникишдан бошқа чорам йўқ.

Кутилмаганда нажот бошқа жойдан чиқиб қолди. Нозима уйли бўлгач, болаларига қарашиш, уй ишларига ёрдамлашиш мақсадида Назокат деган синглисини ҳам уйига олиб келганди. Ўша пайтда қўйнида илон сақлаётганини билмаган шўрлик. Сингил опасидан ҳам ўтиб тушган маккор, шармсиз бўлиб чиқди. У бадбахт ўз туғишган опасига ҳасад қилиб юраркан. Пайт пойлаб, қандай бўлмасин «соғин сигир» «почча»ни ўзиники қилиб олишни дилига тугиб қўйган экан. Бўлмаса, бир қориндан талашиб тушган жигарлар! Бир куни опа-сингил уч-тўрт пулдор йигитлар билан Чорвоққа «дам» олишга отланишган. Хўжайиним шўрликнинг қулоғига лағмон осиб, Самарқандга зиёратга борамиз, дейишган. «Эр» бечора ҳам синглиси билан кетяпти-ку, деб жавоб берган. Хуллас, опа-сингил бойвачалар билан тоғдаги дачада икки кун билганини қилиб, роса маза қилишган. Ғараз ниятини қандай амалга оширишни билмай юрган сингил опасининг энг нозик ишқий лаҳзаларини сездирмасдан телефонда расмга тушириб олаверган. Икки кундан сўнг опа-сингиллар «зиёрат»дан ҳориб-чарчаб қайтиб келишган. Ҳеч нарсадан бехабар, кўзини ёғ босган «эр» ойимчасини маликалардай қаршилаб, «зиёрати» қабул бўлишини тилаган. Орадан бир неча кун ўтиб, хўжайинимнинг ишхонасига каттагина конверт ташлаб кетишган. Конвертни очиб, суюклисининг тоғдаги шармандали лаҳзаларини кўриб, раҳматлининг кўзи чиқиб кетган. Шу-шу раҳматли бу манжалақидан юз ўгирди. Ялиниб олдимга келди. Болаларини ўртага қўйиб, қасам ичди. Нима қилай, кўз очиб кўрганим, болаларимнинг отаси. Кечирдим. Нозима шундан кейин ҳам тинчимади. «Соғин сигир»дан ажралиб қолмаслик учун кўп «шантаж» уюштирди. Эримнинг иш жойига, уйга келиб бир неча бор тўполон кўтарди. Оғзига келган сўзлар билан эримни, мени, болаларимни ҳақорат қилди, «Мени совунимга кир ювмабсанлар, ҳали ҳаммангни ўтда куйдираман, ўлигингни итларга ем қиламан», деган таҳдидлар қилди. Бир марта милиция чақиришга ҳам тўғри келди. Яхшиям, эримни унга қўл кўтаришга йўл бермадим. Йўқса, бошини деворга уриб, бизларни қаматиб юборишдан ҳам тоймасди. У беномус бошида тоғдаги расмларни уюштиришда мени айблади.

Опасини осонгина орадан олиб ташлашга эришган сингил энди қандай бўлмасин манфур режасининг иккинчи қисми – «соғин сигир»ни ўзига оғдириб олиш йўлларини қидира бошлаган. Сизларни чарчатиб қўймадимми? Ёки сал қисқароқ қилайми? – Азиза ҳар эҳтимолга қарши ўзини берилиб тинглаб турган йигитларга кўз қирини ташлади.

– Йўқ, йўқ, бемалол гапираверинг, – гуруҳ раҳбари ҳамма учун жавоб берди, – иш учун ҳар бир деталь муҳим аҳамият касб этади.

– Бир куни Назокат хўжайинимга қўнғироқ қилиб, «Опам сизга нисбатан ёвуз ниятда юрибди, учрашиб, гаплашиб олишимиз керак», деган. Учрашишган. Нозиманинг бор кирдикорлари, хиёнатларини очиб ташлаган. Ҳар доим опасининг тузлиғига тупириб, унга отаси қилмаган яхшиликларни қилган одамнинг устидан кулиб, шармандачилик кўчасини танлаган опасининг қилиқларидан «виждони қийналиб» юрганини, бу хиёнатга жимгина қараб туролмаганини, шу боис Чорвоқдаги расмларни яширинча олиб, унга юборганини тан олган. Ўзини ор-номусли, виждонли, меҳрибон ва жафокаш қилиб кўрсатган. Эрим аламидан, Назокат эса мақсад сари дадил бораётганидан масрур қадах кўтарган. Шу куни хўжайин уйга келмади… Ўша кеча «ғунажин» кўзини сузган, «буқа» ипини изган… Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилдим. Энди буниси жилпанглаб, эримни бўйнидан ип ўтказиб олди. Олдингидай уйдан кетмаган бўлса-да, эримнинг бўлар-бўлмас «юмушлари», «хизмат сафарлари», баҳоналари кўпайиб қолди. Ўшанда эримнинг кимнидир топганини кўнглим сезса-да, яна келиб-келиб шу ғарларга бориб ёпишганини тасаввур ҳам қилмагандим. Буларни кейинчалик ҳаммаси ошкор бўлгандан сўнг хўжайиннинг ўзи айтиб берганди. Хуллас, ошимизга оғу тушиб, оиладан барака ариди. Бошида ўзини меҳрибон, камсуқум, виждонли кўрсатган маккор аёл хўжайиннинг содда, қўли очиқ ва ишонувчан эканидан фойдаланиб, асл башарасини кўрсата бошлаган. «Қазисан, қартасан асли зотингга тортасан», деб бекорга айтишмаган экан. Қизларнинг онаси ҳам уч қизи билан ёшлай эридан ажралиб, гоҳ у, гоҳ бу эркакка ёпишиб, вақти замонида «ном чиқарган» экан. Сал ўтмай «соғин сигир»нинг шарофати билан буниси ҳам икки хонали уй сотиб олди. «Баровский»га ўқишга кирди. Машина олдирди. Кунларнинг бирида Нозима синглисининг кирдикорларидан хабар топган ва уни сочидан тортқилаб, ўласи қилиб урган. Катта жанжал бўлган. Шушу улар юз кўрмас бўлиб кетишган. Эримнинг Назокат билан дон олишиб юрганини ҳам менга Нозиманинг ўзи айтди. Унинг бу ишни менга ачинганидан ёки яхшилик истаганидан эмас, балки мени ўз ёғимга қовуриш, синглиси ва уни ташлаб кетган «номард»дан қасос олиш, ўртадаги адоватни кучайтириб, бошимизни балога қўйиш ниятида қилаётгани кундай равшан эди. Шу сабабли мен у айтган гапларни олдиндан биладигандай ўзимни бепарво тутиб, «Нима қилибди, эрим шунақа дўлоп одам, қанча «боғ« бўлса барисини «суғориб», яна қозиғини топиб келаверади», дедим шақшайиб. Мендан бунақа гапни кутмаган шекилли, дами ичига тушиб кетди. «Ҳамманг бир гўрсан, капейкасан, менга деса қўшмазор бўлиб ўлиб кетмайсанми!» дея болохонадор қилиб сўкина-сўкина ортига қайтиб кетди. Қолган гапларни уйга келгандан сўнг эримдан алдаб-сулдаб ўзим «суғириб» олдим. Жанжал қилмадим, тўполон кўтармадим. Яхшиликча ажралиш талабини қўйдим. «Боринг, ўша манжалақиларнинг хоҳласангиз опаси, хоҳласангиз синглиси билан, унга ҳам кўнглингиз тўлмаса иккиси билан ҳам яшаверинг», дедим юрагига тегадиган қилиб. Эрим чопонини елкасига ташлаб, уйдан чиқиб кетди. Бир ҳисобга ҳаммасидан қутулганимга Худога шукр қилдим. Бошқа томондан болаларим бўй етганда эримни бошқаларга қўш қўллаб топшириб, бутун бошли оиламни барбод қилганимдан ўзимни койидим: эркак зотининг бари бир гўр бўлса! Айланиб-айланиб, қозиғини топиб келса бўпти-да, яшайвермайсанми, ўзингни гўлликка солиб! Сен қувдинг, бошқаси қучоқ очади. Анча пайтгача қилган ишимдан пушаймон бўлиб, ўзимни кечиролмай юрдим. Аммо юрагимнинг туб-тубида онаси, опаси шу бўлса, синглиси гул бўлармиди, олманинг тагига олма тушади, бир кун бу ойимчанинг ҳам кети очилиб, болаларнинг дадаси сўппайиб тағин уйга қайтиб келади, деган умид ҳам йўқ эмасди. Орадан олти ой ўтар-ўтмас Назокатнинг ҳам «миси» чиқиб қолди. Айёрликка қарши маккорлик, деганларидай бу гал унинг хиёнатини опаси Назокат устомонлик билан фош қилиб ташлади. Кейин маълум бўлишича, Назокат «соғин сигир»дан қониқмай бир синфдоши билан яширинча дон олишиб юрган экан. Опасидан хавфсираб, ишқий саргузаштларини жуда эҳтиёткорлик билан пинхона йўлга қўйиб олган экан. Нозима қандай бўлмасин синглисидан ўч олиш учун ортидан роса пойлаган. Аммо уни қўлга туширолмаган. Сўнг пул бериб, Лобар деган қизни ёллаган ва уни синглисининг ёнига ишга киритиб қўйган. Лобар Назокат билан танишиб, нима деса чизиғидан чиқмай, роса кўнглидан чиққан. Тез кунда унинг сирдошига айланган ва барча маълумотларни Нозимага етказиб турган. Оқибатда Назокат ҳам «консператив» хонадонда синфдоши билан айш-ишрат қилаётган маҳалда Луқмон акамнинг қўлига тушиб қолган. Турмуш ўртоғим яна мушукдай шалпайиб уйга қайтиб келди. Тағин кечирдим. Ичимда Нозимадан миннатдор ҳам бўлиб қўйдим. Бироқ шу пайтга қадар унинг синглисини нима мақсадда фош қилганига тушунолмайман. Шу йўл билан хўжайинни Назокатдан қайтариб олмоқчи бўлганми ёки хиёнати учун синглисидан қасос олишни кўнглига тукканми, менга қоронғи. Агар у шунча ишлардан кейин ҳам эримнинг марҳаматидан умидвор бўлган бўлса, буни ғирт аҳмоқлик, деган бўлардим. Хўжайиним ғирт хотинбоз бўлса ҳам, барча ориятли эркаклар сингари хиёнатни кечирадиганлар хилидан эмас. Бу ҳақиқатни Нозимага ўхшаган суюқоёқлар тушунармикан? Луқмон акам ўлдириб кетилганини эшитганимда кўз олдимга Нозима келди. У синглисини хиёнатини фош қилгач, ўзини эримнинг олдида оқлангандай ҳис этиб, уни тағин ўзига оғдиришни кўнгли тусаб қолган бўлиши ҳам мумкин-ку! Хўжайинимнинг рад жавоби эса унинг кўзини қонга тўлдирган. Кундошлар орасида менга бўлмаса, сенга ҳам ширвоқа, деган гап бор. Ана шунақа гаплар.

Тергов гуруҳи аъзолари бир муддат қизиқарли фильм воқеалари ичига тушиб қолгандай анқайиб қолдилар.

– Эй, қойил-э, келинойи бизга иш қолдирмадингиз, жиноятни шартта очиб ташладингиз-ку, – биринчи бўлиб Маъмур тилга кирди.

– Рост айтяпман, бу хотиннинг қўлидан ҳар бало келади, – деди Азиза кўзларини катта-катта қилиб, – текшириб кўришларингиз лозим.

– Албатта текширамиз, – деди гуруҳ раҳбари қўлидаги қаламни ўйнатиб. – Бу сизнинг бўлиб ўтган воқеалар асносида чиқарган тахминингизми ёки яна бирорта қўшимча асосингиз борми?

– Қанақа асос, тушунмадим? – ҳайрон бўлди гувоҳ.

– Нозиманинг шу ишни қилгани ёки бирортаси орқали қилдирганини тасдиқловчи бирор далилингиз ёхуд бу ҳақда бировдан эшитганингиз борми?

– Қанақа дилил, қаердан оламан уни? Сизга кўнглимга келган гапни айтдим-да!

– Биз терговчиларда бир аксиома бор, – деди Маъмур аёлга синчковлик билан тикилиб, – гумондорлардан бири иккинчисини айблашга уринса, шубҳа аввалло, унинг ўзига тушади, дейишади.

– Бу одам нима деяпти? Тушунмадим… Нима, мен гумондорманми?

– Афсуски, қотил топилгунга қадар сиз ҳам ўша опа-сингиллар билан бирдай гумондор саналасиз, – гуруҳ раҳбарининг имлашига қарамасдан Маъмур гапдан қолмади. – Ҳа нима, эрингизнинг хиёнатлари жонингизга теккан, у ҳам етмагандай, оиланинг бор давлатини кўчага сарфлаётгани ғазабингизни қўзғаган, индамасангиз дорихона ҳам қўлдан кетиб, болаларингиз билан ҳеч вақосиз қолишдан чўчиб, бунақа эрнинг боридан йўғи, деганларидай…

– Ё тавба, ўйлаб гапиряпсизми? – деди Азиза нима дейишини билмай. – Қандай қилиб одам шунча йиллик ёстиқдошини, болаларининг отасини шунақа қилиши мумкин? Мени ким деб ўйлаяпсиз? Кўзингизга ким бўлиб кўриняпман? Вой ўлмасам! Биров эшитса, нима деган одам бўламан?!

– Опа, сиз ташвиш чекманг, – гуруҳ раҳбари вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди. – Аслида, тартиб шунақа, одатда жабрланувчининг яқинлари, шу жумладан, хотини гумондор сифатида тахмин қилинади. Лекин бизда сизга нисбатан ҳеч нарса йўқ. Ҳақиқатни гапириб турибсиз, терговга ёрдам қилпясиз.

Сўроқ узоқ давом этди. Пешиндан сўнг терговчилар ишни Назокатни сўроқ қилишдан бошлашди. Йигирма уч-йигирма тўрт ёшлардаги, қотмадан келган, ташқи кўринишдан кўхликкина аёл нима мақсадда прокуратурага чақирилганини сезиб турса-да, ўзини ҳеч нарсадан бехабардай тутишга ҳаракат қилди:

– Чақирган экансизлар, тинчликми? – деди у сохта карашма билан. – Ўзи бу ерда ким бошлиқ?

– Мен тергов гуруҳи раҳбари Раҳмоновман, бу кишилар гуруҳ аъзолари, – шерикларини таништирган бўлди Санжарбек. – Сизни нимага чақирганимизни биласизми?

– Қаердан билай? Нима айб қилибмиз? – беярашиқ нозланди аёл.

– Луқмон Шарипов сизга ким бўлади? – гуруҳ раҳбари мақсадга кўчди.

– Луқмон ака… танишим… Аллоҳ раҳмат қилсин, – аёл дуога қўл очиб, юз силаган бўлди. – Айрим масалаларда… маслаҳат сўраб турардим. Ўлдириб кетишганини эшитиб, роса сиқилдим, яхши инсон эдилар… раҳматли…

– Шунчаки танишингизми ёки ўйнашингизми? – Маъмур чидаб туролмади. – Нима қиласиз ёлғон гапириб?

– Оғзингизга қараб гапиринг! – қалин қошларини чимириб, ўдағайлади Назокат. – Нима, сиз мени бирортасининг остидан тортиб олганмисиз?!

– Ҳа, тўғри гап ёқмадими? Оилали, бола-чақали бегона эркак билан дон олишиб юрган хотин ўйнаш бўлмай ким бўлади!? – гуруҳ раҳбарининг «қўй-қўйи»га қарамай Маъмур нафратини яширолмади. – Яна опа-сингилнинг бир одамга суйкалганига ўлайми?

– Манга қаранг, ҳой ока, нималар деяпсиз? – аёлнинг овози сал пастлагандай бўлди. – Бу нима деганингиз? Тўғри, Луқмон ака билан учрашиб турганмиз, уйимга келиб турган, ёрдам берган. Бунинг нимаси ёмон! Бировнинг дардини биров тушинармиди? Арзимаган мояна билан яшашнинг ўзи бўладими? Ўзингдан қарийб йигирма ёш катта киши билан юриш… Ҳеч ким яхши кунидан бундай қилмайди? Тўғри тушининглар…

– Назокатхон, биз ҳаммасидан хабардормиз, – Санжарбек картани салгина очиб, гувоҳни рост гапиришга ундамоқчи бўлди. – Луқмоннинг муқаддам опангиз билан юргани, хиёнат устида қўлга тушгани, кейин унинг сиз билан кечган ишқий муносабатлари – ҳамма-ҳаммаси бизга маълум. Бўлиб ўтган воқеаларни барча тафсилотлари билан ўз оғзингиздан эшитмоқчийдик, марҳамат.

Аёл бошини хам қилганча бир нафас ўйланиб қолди. Ўзини у ёқдан бу ёққа ташлаб, аравани қуруқ олиб қочишдан наф йўқлигини ҳис қилди, шекилли, оғриниб гап бошлади:

– Биз ота тарбиясини кўрмадик. Тўғрироғи, уни эслай олмаймиз. Ота-онамиз ажрашиб кетганда мен бир ёшда, опам уч ёшда бўлганмиз. Айтишларича, падаримиз анча баъмани инсон бўлган экан. Тиббиёт институтини аъло баҳоларга тамомлагач, оиласини ота-онаси ёнида қолдириб, Москвага аспирантурага ўқишга кетган экан. Бир йил ўтмай онамизнинг биргина нотўғри қадами туфайли ажрашиб кетишган. Энг ёмони, ўша биргина хиёнат туфайли отамиз бизнинг халол зурриёт эканимизга шубҳа билан қарай бошлаган. Адамиз ўзи врач эмасми кейинчалик Москвада бизнинг мансублимизни «ДНК» қилдирган ва афсуслар бўлсинки, шубҳаси тўғри чиққан – мен унинг қизи эмаслигим маълум бўлган. Шунгача онам билан мутлақо алоқани узган бўлсада, аҳён-аҳёнда бизни йўқлаб, ёрдамлашиб турадиган адамиз умуман қорасини ўчирган. Бошқа бизни йўқламаган. Онамиз бизга унинг кимлигини ҳам айтмаган. Айтишларича, падаримиз ўқишдан қайтгач, бошқага уйланган, катта олим бўлиб етишган. Биз хору зорликда яшадик. Онамиз қайта-қайта эрга теккан бўлса-да, бирортасидан ёлчимади. Биз сал бўй етган пайтларимизда онамизга уйланиб, бизга кўз сузган «ота»ларни кўрдик. Ҳаром-ҳаришнинг ичида яшадик. Меҳр нималигини билмай ўсдик. Олманинг тагига олма тушади, дейишади. Рост экан. Худбинлигимиз, ҳатто ўз жигарига ҳам ҳасад қиладиган даражада аҳмоқлигимиз қондан ўтган бўлса ажабмас. Онамизни навбатдги эри маст ҳолатда уриб ўлдириб қўйгач, опам билан кўчада қолдик. Бундан буёғига у менга ота ўрнида ота, она ўрнида она, опа ўрнида опа бўлди. Эрга текканда ҳам мени ўзи билан олиб кетди. Бахтга қарши уч йилга бормай, у икки боласи билан эридан ажралишга мажбур бўлди. Яна кўчага ҳайдалдик. Ижарага туришга мажбур бўлдик. Ит азобида кун кечирдик. Шундай кунларнинг бирида опам болаларига дори олишга бориб, Луқмон ака билан танишиб қолган.

Воқеаларнинг кейинги тафсилоти муҳтарам китобхонга таниш бўлгани сабабли улар хусусида тўхталиб ўтирмадик. Айрим жузъий тафовутларни ҳисобга олмаганда Назокат Азизанинг айтганларини тўла тасдиқлади:

– Худбинлигимни қаранг, келиб-келиб бир қориндан талашиб тушган опамга ҳасад билан қарабман-а! – деди у сўзининг адоғида. – Аллоҳ ҳаммасини кўриб, билиб турган экан. Опамга қазиган чоҳга ўзим йиқилдим. Ёшлигимда Пушкиннинг «Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак» деган асарини ўқиб, жодугар кампирга шунақа нафрат кўзи билан қарагандимки, ҳатто уни бўғиб, ўлдириб қўйгим келганди. Катта бўлгач, ўзим ундан баттар бўлганимни айтинг! Мана энди нонкўрликнинг, худбинликнинг хиёнатнинг жафосини тортиб, кетимизни захга босиб ётибмиз.

– Опангиз сизни фош қилгандан кейин Луқмон ака билан алоқасини тиклашга уринган экан, шу ростми? – гуруҳ раҳбари савол-жавобга ўтди.

– Унинг мақсади ҳам шу бўлган-да ўзи. Луқмон ака қувиб солгандан сўнг у нечтаси билан «юриб» кўрди, лекин ўхшамади. Ҳозирги замонда бунақа содда, қўли очиқ йигитлар камайиб кетган. Нози шу сабабли шунча ишлардан кейин ҳам бу одамни қўлдан чиқаргиси келмади. Аммо раҳматли «молодец» – бошқа ишни кечирса кечираркан, аммо хиёнатни ўлсаям кечирмайдиган хилидан экан. Шу томонига беш кетдим. Бўлмаса опам ғирт артист, ҳар қандай муз одамни ҳам ёлғон-ёшиқ гаплари билан эритиб ташлайди. Чорвоқдаги «гаштак»ниям менинг бўйнимга қўймоқчи бўлган.

Гуруҳ аъзолари ҳозиргина ўзини гуноҳларидан тавба қилган кишидай хокисор кўрсатишга ҳаракат қилиб турган аёлнинг ўз холига қайтиб, асл жирканч башарасини намоён этаётганидан ханг-манг эдилар.

– Опангиз хиёнатни кечиролмаган инсонни, яъни Луқмонни жазолаш, ўч олиш режаси ҳақида сизга айтганмиди?

– Опам мени ўзига душман, деб биларди, – деди Назокат оғзини тўлдириб. – Ким душманга сир айтади? Лекин уни яхши биламан, ҳеч нарсадан тоймайди, ўзи бўлмаса, «шипона шайка»лари орқали…

– Демак, сиз Луқмонни ўлдирилишида Нозиманинг қўли бўлиши мумкин, деб ҳисоблайсиз, шундайми?

– Мен гапнинг индолласини айтдим, қўйдим. Бу ёғи сизларга ҳавола. Ҳар ҳолда Луқмон ака менга ҳам бегона эмасди, ичим куяди.

– Ўзи бўлмаса, бошқалар орқали бу ишни қилган бўлиши мумкин, деяпсиз, ўша «шипона»лар кимлар? Сиз уларни танийсизми?

– Нозининг қизлардан дугонаси йўқ, йигитлар билан яхши чиқишади. Кейинги пайтда Алик деган чечен йигит билан ош-қатиқ бўлиб юрарди.

«Чечен» сўзини эшитиб, атрофдагилар бир қалқиб тушди.

– Ким бўлди у, Чечендан келганми? – Мухтор ўрнидан туриб кетди.

– Йўғ-э, ўзимизнинг чеченлардан. Сирдарёликми ё жиззахликми, асли исми Ахмед шекилли.

– Нозима анча пайтдан бери у билан… қачон танишган?

– Қачон, қандай танишгани менга қоронғи. Билганим: Алик қамоқдан чиққандан кейин тўғри Нозманинг уйига келган. Буни қаранг, Алик қамалишидан олдин шу уйда яшаган экан. Кейинчалик уйни Луқмон сотиб олиб, Нозига совға қилган. Кўр-кўрни қоронғида топади, деганларидай икки ёрти топишиб олган. Бу такасалтанг учун одам ўлдириш…

Аликнинг қони қайноқ, жангари миллатга мансублиги, боз устига қамалиб чиққани терговчиларнинг қалбида умид шамини ёққандай бўлди: барчанинг кўнглидан қотил шу чечендан бошқа ит ҳам эмас, деган ўй ўтди. Мухтор ўзича чеченни қўлга олиш режасини туза бошлади… Бунақа вазиятларга кўп тушаверганидан «пишиб» кетган Санжарбекка шундай сирли, мудҳиш қотилликнинг бунақа осонгина очилиб кетиши шубҳалидай, мумкин эмасдай туюлди.

– Ўша чечен йигитнинг манзилини биласизми? – шошилди Маъмур.

– Опам билан бирга турган бўлса керак-да!

– Ўртоқ бошлиқ, – милиция ходимларига хос гуруҳ раҳбарига мурожаат қилди майор, – рухсатингиз билан биз Умиджон иккимиз Аликни топиб келсак.

Санжарбек «хўп» ишорасини қилгач, йигитлар хонадан отилиб чиқиб кетишди. Гуруҳ раҳбари Нозимани сўроқ қилишда давом этди:

– Демак, Нозима Алик билан тил бириктириб, Луқмонни ўлдирган, деб ҳисоблайсиз, шундайми?

– Шундай.

– Бу шунчаки тахминми ёки бирор асосингиз борми?

– Қанақа асос? – аёлнинг қошлари чимирилди, – Уларни билганим учун айтяпман. Опам бировларга ўзини хафа қилдириб қўядиган аёллардан эмас. У бошқача. Ўч олмагунча тинчимайди. Мен ундан қўрқаман.

– Қанақа қасос ҳақида гапиряпсиз? Луқмон опангизга шунча яхшиликлар қилган. Ташлаб кетишига ҳам ўзининг хиёнати сабаб бўлган. Бундай ҳолда Луқмоннинг айби нимада? Ундан нима учун ўч олиши мумкин?

– Тўғри, Луқмон ака унга отаси қилмаган яхшиликни қилган. Ҳамма айб Нозининг ўзида. Лекин у ҳар доим «Ёш умримни шу қари чолга бағишлаганман, у эса мени ора йўлда ташлаб кетди», дея ғазабнок бўлиб юрарди. Ўзининг харом ишларини ўйлаб ҳам ўтирмасди.

– Савол берсам майлими? – боядан бери жимгина эшитиб ўтирган Жўрабой гуруҳ раҳбарига мурожаат қилди.

– Бемалол! – деди Санжарбек кулимсираб, – сиздан ноёб фикрлар эшитмай қўйганимизга ҳам анча бўлди.

– Назокат опа, нима деб ўйлайсиз, ҳозир опангизни олиб келишса, у кишининг ҳамма айбни сизнинг гарданингизга тўнкамаслигига кафолат бера оласизми?

– Тушунмадим, нима демоқчисиз? – аёлнинг энсаси қотди. – Ўзи бу бола ким? Терговчигаям ўхшамайди.

– Бу киши Жўрабой, – изоҳ берди Санжарбек, – бўлажак терговчи, ҳозир бизда амалиёт ўтаяпти. Гуруҳнинг қобилиятли аъзоларидан. Сизга жуда ўринли, мантиқий савол берди, ўйлаб жавоб беришингизга тўғри келади.

– Тўғри, Нози ҳам менинг юзимга лой чаплаши аниқ, – аёл очиғини айтишга мажбур бўлди. – Ким ҳақ, ким ноҳақ ўзларингга ҳавола, қараб кўрасизлар-да.

– Демак, опангиз қотилликни сизга ёпиштирига ҳаракат қилади, шунақами? – талаба сўроқ қилишда давом этди.

– Шундай… – Назокатнинг овози бироз ишончсизроқ чиқди.

– У ҳолда опангиз қотилликни содир этишда сизга кимни «шерик» қилиши мумкин?

– Бу нима деганингиз? Ақли жойидами бу боланинг, – Назокат лабини буриб, гуруҳ раҳбарига юзланди. – Сизларга ёрдам қилиш учун билганимни айтдим. Бу бола мендан яна нима истайди?

Аёл Жўрабойнинг гапларига ҳақиқатда тушунмаяптими ёки гапни айлантиряптими англаб бўлмасди.

– Сизнинг ким билан ётиб, ким билан туришингизни опангиз биладими? – гуруҳ раҳбари тушунтиришга ҳаракат қилди.

– Қаердан билай! У чаён ернинг остида илон қимирласа билади.

– Уни сўроқ қилсак, «Мен оппоқман, бу ишни Назокат ўзининг фалонча шотири билан қилган», деса нима дейсиз? Сизда шерикликка ярайдиган шунақа одам борми ўзи? – Жўрабой «оғзига чайнаб солди».

– Мениям ўзимга яраша танишларим бор. Лекин унинг нима дейишини туш кўрибманми?

Санжарбек шундагина аёлнинг ҳамма нарсани тушунтиб турган ҳолда «ўйин» қилиб ўтирганини англади.

– Майли, ҳозирча сизга жавоб, ҳали яна учрашамиз, – деди Санжарбек сўроқ баённомасига қўл қўйдиргач. – Опангиз билан юзлаштиришга тўғри келиши мумкин…

Сал ўтмай изқуварлар йигирма олти-йигирма етти ёшлардаги сатанггина аёлни бошлаб келишди. Келишган келбати, тип-тиниқ чеҳраси, порлаб турган кўзларидан Назокатнинг опаси – Нозима эканини англаш қийин эмасди. Ўзини тетик ва бехавотир тутишга уринаётган бўлса-да, аёлнинг ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Гуруҳ раҳбари «меҳмон»га жой кўрсатиб, суҳбатнинг узоқ давом этишини ҳисобга олган ҳолда унга ўзини бироз босиб олиши учун имкон берди – бир пиёла чой узатиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Сўнг одатий расмиятчиликни ўринлатиб, сўроққа тайёрланди.

– Тинчликми, ока, чақиртирибсиз? – аёлнинг сабри чидамади.

– Сизни Луқмон Шариповнинг иши бўйича чақиртирганмиз, – деди гуруҳ раҳбари босиқлик билан.

– Менинг нима даҳлим бор? Мени у билан давно алоқам йўқ! Қай гўрданам шу хезалак билан танишган эканман, ўлсаям ундан қутилолмас эканман-да! – аёлнинг асл башараси очила бошлади.

– Нозимахон, биз ҳаммасидан хабардормиз, – гуруҳ раҳбари аёлнинг аравани қуруқ опқочмаслигининг олдини олиш учун огоҳлантирган бўлди. – Марҳамат қилиб, Луқмон Шарипов ҳақида билганларингизни шошилмасдан батафсил гапириб берсангиз. Гап қотиллик ҳақида бораётганини унутманг!

Нозима бироз ўйланиб қолди. Терговчининг огоҳлантиришидан сўнг унинг «пластинка»ни алмаштиришга чоғлангани аниқ эди.

– Нимани гапирай? Сизларни нима қизиқтиради?

– Бир бошидан айтаверинг, қачон, қандай танишгансиз? Синглингиз Назокат билан муносабатларингиз, жанжалларингиз…

– Аҳа… Қойил, бундан ҳам хабардормисизлар? У алвасти роса устимга мағзава тўккан кўринади!

– Хотиржам бўлинг, – гуруҳ раҳбари жиддийлашди, – синглингиз бор ҳақиқатни гапириб берди. Сизга ҳам борини оширмай-тоширмай айтишингизни маслаҳат берамиз.

Нозима бироз шармсиз тўнда бўлса-да, кечинмаларини бир бошидан гапириб берди. Терговчилар ора-орада саволга тутиб, воқеаларга ойдинлик киритиб бордилар. Опа-сингилларнинг кўрсатмалари манфаатлар тўқнашувидаги субъектив тафовутларни, лозим жойларда ўзини хокисор, фаришта ва айбсиз қилиб кўрсатишга уринишларларни ҳисобга олмаганда мос тушди.

– Назокатнинг хиёнати фош бўлгач, сиз Луқмон билан муносабатларингизни тиклашга ҳаракат қилган экансиз, шу ростми?

– Ким айтди? Менга унинг кераги йўқ. Тўғри, керак пайти поддержка берди, қўллади. Айтмасам кўзим кўр бўлади. Мени не за что айблаб, синглим билан юриб кетгандан кейин, менга нима кераги бор!

– Унда нега синглингизнинг хиёнатини фош этиш учун шунчалик ҳаракат қилгансиз? – Жўрабой гуруҳ раҳбарининг ижозати билан савол берди. – Кимнидир ёллаш, пул сарфлаш – сизнинг Луқмонни қайтариб олиш умидидан воз кечмаганингизни англатмайдими?

– Тўғри, у кўрнамакни «жойини солиш» учун ҳеч нарсадан тоймадим. Мақсадим – оқпадар, нонкўр сингилни жазолаш бўлган. Луқмоннинг этагига осилиш хаёлимнинг бир чеккасигаям келмаган.

– Алик билан қандай танишгансиз? – Санжарбек набатдаги «зарба»ни берди.

– Алик ҳақидаям шу ялмоғиз айтдими? – деди аёл бошини сарак-сарак қилиб. – Айтдим-ку у одам эмас, ҳайвондан ҳам баттар. У чўчқани муштдайлигидан кўтариб катта қилиб, емай-едириб, киймай-кийдириб олган мукофотим шу бўлди. Эс-ҳуши оёғимдан уриш, жарга итариш, жигар дегани ҳам шунақа бемеҳр, ваҳший бўладими?!

– Алик билан қаерда танишганингизни айтмоқчийдингиз, – Маъмур гувоҳни «йўл»га солмоқчи бўлди.

– Аликнинг бу ишга нима алоқаси бор? У бечора при чём?

– Ҳай-ҳай-хай, жа-а унақа бечора эмасдир? Эшитиб, хафа бўлиб юрмасин, чечен йигитлари ориятли бўлишади-я, – пичинг қилди Маъмур.

– Мен ҳозир турган уй бир пайтлар Аликники бўлган экан, истар-истамас гап бошлади гувоҳ. – Кейин нимадир бўлиб, у Тошкентдан қаергадир кетиб қолган экан…

– Қамалиб кетган экан, деб тўғрисини айтаверинг! – Маъмурнинг тили қичиди.

– Қамалганми, сургун бўлганми, менга нима қизиғи бор! – зарда қилди Нозима. – Ишқилиб, «Уйимда ким турган экан, рози бўлса, қайтариб, сотиб оламан», деган ўйда меникига келиб қолди. Шунда танишиб қолгандик. У менга уйни сотишни илтимос қилди. Мен кўнмадим. «Шу уйда ота-онам яшаган, уларнинг шамини ёқиб ўтиришим керак, сенга бошқа жойдан хоҳлаган уйингни олиб бераман», деб оёқ тираб туриб олди. Шунақа танишиб қолганмиз.

– Кейин-чи, кейин нима бўлди? – сўради гуруҳ раҳбари.

– Ҳозир бирга яшаяпмиз…

– Турмуш қурдингизларми?

– Қанақа турмуш? Просто так…

– Аҳмед Ҳабибов муқаддам гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний ўтказганлик учун судланган экан, хабарингиз борми?

– Йўқ, эшитмаганман… ўтириб чиққанини айтганди, лекин нега қамалганини сўрамаганман.

– Ҳозир Алик қаерда? Телефони ҳам ўчирилган.

– Эрталаб чиқиб кетганди, қаёққа боришини айтмаганди. Телефонида пули қолмагандир-да. Ҳар доим шунақа…

– Яхшилаб эслаб кўринг, биринчи август куни қаерда эдингиз? Алик ҳам сиз билан биргамиди?

– Не помню, честно непомню… Биринчи август… биринчи август… йўқ, ёдимда йўқ, уйда бўлганмиз наверно…

– Аликка қўнғироқ қилиб кўринг-чи, балки сизникини кўтарар, – деди Санжарбек аёлга синчков тикилиб.

– Телефон қилайми? Марҳамат! – Нозима сумкачасидан қўл телефонини олиб, таниш рақамни топиб, «чақириш» тугмачасини босди. Телефондан қисқа сигнал овози эшитилди: – Телефони ўчирилган …

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации