Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Ока, билганларимни айтдим, яна мендан нима хоҳлайсиз? Билдим дедим – тутилдим, билмадим дедим – қутилдим. Сизларга бир нарсани айтиб ҳам бўлмайди-я, тавба қилдим!

– Майли, мана бу менинг телефон рақамим, – деди Санжарбек бир парча қоғозни узата туриб, – бирор нарса ёдингизга тушса ёки виждонингиз…

– Йўқ, йўқ, ока, менинг виждоним тоза, қийналмайди! – ишшайди гувоҳ. – Хотирам ҳам жойида, билганларимни айтдим. Мени бу касофатларга аралаштириб юрманг! Бу шайтон ҳақида гапиришни ҳам, эслашни ҳам истамайман.

– Ҳар эҳтимолга қарши айтдим-қўйдим-да! – деди терговчи узоқни ўйлаб. – Луқмон ҳақида гапиргингиз келмаса, ўзимиз бир отамлашиб, анави тозасидан «қиттай-қиттай»…

– Нима, ҳазиллашяпсизми ёки мени алкаш, деб ўйлаяпсизми? – Осимнинг башараси тиришди. – Мен умуман…

– Сиз ичмасангиз, мана биз ичамиз! – терговчи ҳамон қаршисидаги кишининг дил қулфини очишни ўйларди. – Сиздан жонона суҳбат бўлса бас.

– Ҳазрат Алишер Навоий: «Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас, мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас», деган эканлар. Сиз терговчи бўлсангиз, биз бир бекорчи…

– Эй, Осим ака, гўзал суҳбат учун на касбнинг, на ёшнинг ва на ижтимоий ҳолатнинг аҳамияти бор. Паловхонтўра биздан…

– Яхши, сиз нима десангиз шу!

Осим терговчи томонидан тақдим этилган сўроқ баённомасини ўқиб ҳам ўтирмасдан ўнг қўлида имзо чекиб, кўтаринки кайфиятда хонадан чиқди.

Сал ўтмай хонага Жасимни олиб киришди. Қирқ беш ёшларни қоралаган бу йигитнинг келбати акасиникига ўхшаса-да, анчагина чайир ва чаққон кўринди. Қорайиб кемтиклашиб кетган тиши, ўйдим-чуқур башараси, билагидаги игна изларини ҳисобга олмаганда, бошқалардан фарқ қилмайдиган бу кимсанинг ўзини қандайдир бошқача тутиши, довдираши терговчида шубҳа уйғотди.

– Ока, тинчликми? Нимага чақирдингиз? – деди у томдан тараша тушгандай.

– Нимага чақирганимизни билишга сизда муддат етарли бўлади, ўтиринг! – терговчи ҳам «салом»га лойиқ «жавоб» олиб.

– Ока, тинчликми? Нимага чақирдингиз? Нима гуноҳ қилдик? – тоқатсизланди Жасим. – Анави масалада бўлса… ташлаганимизга анча бўлди.

– Ростдан ҳам ташлаганмисиз? – деди Санжарбек гувоҳга бошдан оёқ разм солиб. – Негадир ўхшамаяти…

– Ока, ишонмайсиз-да, ҳозир умуман истеъмол қилмаяпмиз, олишга пул ҳам йўқ…

– Меҳмон қилишса-чи?

– Меҳмон қиладиганлар ҳам йўқ бўлиб кетган.

– Чапақаймисиз?

– Ҳа, чапақайман. Нимайди?

– Жасим ака, сизни жиянингиз Луқмон масаласида чақиртирганмиз, – жиддийлашди Санжарбек. – Биринчи август куни қаерда эдингиз?

– Шунақа демайсизми? Уф-ф, нимаймиш деп қўрқиб кетибман, – чуқур хўрсинди гувоҳ. – Эй, бу жиян бўлмай кетсин, ўлибам қутилмасканмиз-да ундан. Адамни бошини айлантириб, бизга тескари қилиб қўйгани етмагандай, давлатига ҳам эгалик қилди.

– Биринчи август куни қаерда эканингизни айтмадингиз, – саволни такрорлади терговчи.

– Биринчи август… биринчи… ока, тўғриси, ёдимда йўқ. Бугун эрталаб нима еганим эсда турмайди-ку, – тўнғиллади гувоҳ чимирилиб.

– Эслаб кўринг, ўша куни Луқмон жиянингиз ўлдириб кетилган.

– Э-э-э, гап бу ёқда денг, – деди Жасим капалаги учиб. – Менга қотилликни ёпиштирмоқчимисиз? Бу номерингиз ўтмайди! Да, ҳар замонда бояги зормандадан урганмиз, лекин бунақа иш бизга эмас. Чучварани хом санабсиз!

– Ўзингизни босиб олинг! – терговчи овозини сал баландлатишга мажбур бўлди. – Ҳеч ким сизга қотилликни осмоқчи эмас. Бизнинг ишимиз сўраб-суриштириш. Маҳмодоначилик қилмасдан берилган саволларга жавоб беришни маслаҳат бераман.

– Хўп, хўп. Мендан нима истайсиз? – деди гувоҳ попуги пасайиб.

– Саволни бошқачароқ қўяман: Луқмоннинг ўлдирилганини қачон ва кимдан эшитдингиз?

– Шу куни улфатлар билан тоққа – Чорвоққа чиққандик. Кеч бўлганда Осим акам қўнғироқ қилиб, Луқмон жиянни кимдир ўлдириб кетгани, жаноза эртага пешинга эканини айтди. Ҳайрон бўлдим. Эртаси куни тоғдан қайтиб, жанозада қатнашдик.

– Тоққа кимлар билан чиққандингиз? – майдалаб сўрашга ўтди терговчи.

– Ока, шу шартми? Ўзим ростини айтиб турибман-ку! Энди уларниям чақириб… Мени сўкиб юришмасин, дейман-да.

– Нима, сизга давлатнинг иши майнавозчиликми? – атайлаб «ҳужум»га ўтди терговчи. – Сизнинг беайблигингизни текшириб кўришимиз лозим. Марҳамат, улфатларингизни исмини, уй манзилини айтинг.

– Жуда уятли иш бўлди-да, сотқинга ўхшаб қоласан киши, – Жасим қисина-қисина улфатларини ошкор қилди.

– Улар сизнинг ўша куни тоғда бўлганингизни тасдиқласа, тамом-вассалом – гумондан ҳоли бўласиз, – терговчи бир нималарни ўйлаб, бироз «юмшади». – Ўзи Луқмон билан ёвлашиб юришларингизнинг асл сабаби нимада? Жондай тоға-жиян бўлсаларинг, боз устига, отангизнинг энг яхши кўрган шогирди.

– Ока, айтсам ишонмайсиз, бунақа қариндошдан ғирт бегона яхши. – Жасимнинг чакаги очилди. – Ўлганлар ҳақида ёмон гапириш гуноҳ-у, аммо яхши гапиришга тил бормаса нима қилиш керак. Раҳматли нақд хамелеоннинг ўзи эди-да! Бизни адамга, адамни бизга ёмонлаб, ўртамизга совуқлик туширди. Мақсади шу йўл билан отамизнинг давлатига эга чиқиш экан. Биз буни кейин тушиниб қолдик. Илондай авраб, бизни ўз отамизнинг олдига яқинлаштирмай қўйди. Қари одам ёш боладай бўлиб қоларкан. Ким нима деса, ишонавераркан.

– Адангиз давлатининг катта қисмини сизларга қолдирибди-ку! – терговчи суҳбатдошини «қитиқлаб» қўйди.

– Отам аҳмоқ одам эмасди, унинг «провакация»ларига учмади, лекин ўзи ишлаб турган дорихонани унга қолдирди.

– Шу каталакдай дорихона учун шунча ваҳимами? Сизларга бола-чақангизга ҳам етадиган мол-мулк қолдирган экан-ку!

– Каталакдай бўлгани билан бу дорихона… – гувоҳ нимадир демоқчи бўлди-ю лекин негадир гапни бошқа ёққа бурди, – баракали жой эди-да!

– Биз текшириб кўрдик, – Санжарбек гап овлаш мақсадида сўзига бир чимдим ёлғон қўшди, – дорихонанинг савдоси ҳам унча яхши эмас экан. Ака-укалар намунча шу жойга ёпишиб олдинглар, тушунмайман.

– Ока, савдоси қанчалигини билмайман, лекин айрим жойлар кичкина, кўримсиз бўлса-да, шунақа Худо юқтирган қутли, баракали бўлади. Қолаверса, падаримиз суйган табаррук маскан.

– Луқмонни охирги марта қачон кўргандингиз? – терговчи гапни бошқа ёққа бурди.

– Ҳозир ёдимда йўқ, анча бўлди-ёв. Тахминан икки-уч ой.

– Қаерда учрашгандинглар?

– Дорихонага боргандим, – деди Жасим қизариб. – Баъзида анави дори зарур бўлиб қолган пайтларда пул тополмай қолсам унинг олдига борардим.

– Нима унинг сиздан қарзи бормиди? – сўради терговчи ўзини соддаликка олиб.

– Қарз эмас, отамизнинг дорихонасига… шерикчилик… дегандай…

– Пул бериб турардими?

– Бошида арзимас бўлса-да бериб турарди. Кейинчалик бермай қўйди, қурумсоқ.

– Луқмон аканинг ўғли Дониёр сизни адасидан доимий равишда пул талаб қилиб келганингизни кўрсатган, бунга нима дейсиз?

– Доимий эмас, айтдим-ку ҳар замонда… анов дори қурғур керак бўлиб қолганда «ломка»да иложсизликдан… Бошқа пайти қадамимни ҳам босмаганман.

– Луқмоннинг сизни нима сабабдан ҳайдаб солмаганига ёки милиция хабар қилмаганига ҳайронман?

– Нима деб хабар қилади, ўзининг орқаси… – гувоҳ ўзининг нотўғри сўзлаб қўйганини сезиб, дарров гапини тўғрилашга ҳаракат қилди, – дорихона бизларники бўлса.

– Демак, сиз унинг бирор бир сири ёки нозик жойини билгансиз, шундайми?

– Йўғ-э, нима деяпсиз? Савдо ходими бўлгандан кейин ёзув-чизувдан қўрқади-да!

Санжарбек сўроқни якунлаб, ҳужжатларга имзо чектираркан, Жасимнинг чапақай эканига эътибор қаратди. Гувоҳ вайсай-вайсай чиқиб кетгач, хонада танҳо қолган терговчи ўз-ўзига «Ака-укаларда бир гап борга ўхшайди», деб шивирлаб қўйди.

* * *

Иш бўйича тайинланган барча экспертиза мутахассислари билан суҳбатлашган Санжарбек хаёлида қотиллик тафсилотларини жонлантиришга уриниб кўрди: Луқмон билан Дониёр соат ўн бешларда дорихонага қайтиб келишган. Соат ўн саккизларда Дониёр уйига кетган. Луқмон дорихонада ёлғиз қолган… Экспертлар қотиллик кеч соат саккиз билан тўққиз оралиғида содир бўлганини таъкидлашяпти. Самиғ дорихонага кеч соат ўн тўққиздан эллик олти дақиқа ўтганда кириб келган. Буни қўшни дўкондаги видеокузатув камераси тасдиқлаяпти. У ўн, борингки, ўн беш дақиқа ўртоғини залида кутиб турган. Саккиздан ўн дақиқа ўтганда лабораторияга кирган ва Луқмонни кўксига пичоқ қадалган ҳолда кўрган. Бундан чиқди, қотиллик содир этилган вақтни янада аниқлаштириб, жиноят саккиз билан саккиздан ўн беш дақиқа оралиғида содир этилган, деган қатъий хулосага келиш мумкин. Бу нимани англатади? Самиғ дорихонага қотиллик юз бергандан кейин кириб борган. Бу пайтда қотил ҳали ўша ерда бўлган. Демак, қотил Самиғдан сал олдинроқ дорихонага кириб келган ва залда ҳеч ким йўқлиги туфайли лабораторияга ўтган. Тўғри бориб, креслода ўтирган Луқмоннинг кўксига пичоқ санчган. Луқмон нима сабабдан қаршилик кўрсатмаган? Жавоби оддий: қотил унга таниш бўлган ёки нотаниш бўлса-да ундан бунақа хатти-ҳаракатни кутмаган, онгда қолган. Воқеа жойида жабрланувчининг қаршилик кўрсатиш, тепалашиш аломатлари топилмаган. Ҳамма нарса ўз ўрнида, стол-стуллар ва бошқа жиҳозлар жойидан жилмаган, ҳеч қаёққа сурилиб кетмаган, отилган, сочилган, синган ашёлар топилмаган. Пичоқ санчилиш траекторияси экспертларга қотил чапақай бўлган, деган хулосага келишига асос бўлган. У олд томондан қўққисдан ҳамла қилган. Қуролни ўзи билан олиб келган. Пичоқ тўғри юракка қадалган. Ҳеч қаерда из қолдирмаган, қўлқоп билан иш қилган. Генетик-дактилоскопия (ДНК) экспертизаси учун воқеа жойида одам тана тўқималаридан олинган яроқли объект топилмаган. Демак, қотил анчагина тажрибали ва эпчил инсон экани аниқ. Ишни хамирдан қил суғургандай уддалаган қотил лабораториядан чиқиб кетишга улгурмай қолган. Залда Самиғнинг пайдо бўлгани унга халақит берган. Қулай фурсатни кутиб, яшириниб турган. Кутилмаганда лабораторияга Самиғ кириб келган. Жиноятчи яширинган жойидан жилмай кузатиб турган. Самиғ довдираб чиқиб кетгач, қотил ҳам секин унинг изидан чиққан ва кўздан ғойиб бўлган…

Эшик оҳиста тақиллаб, Умид кириб келди:

– Санжар ака, яхшимисиз?

– Умиджон келдингизми? Нима бўлди?

– Мерос билан боғлиқ ҳужжатларни нотариусдан олдим, – Умид сумкасидан бир даста қоғоз чиқариб, стол устига қўйди. – Шубҳали ҳеч нарса йўқ. Ҳаммаси қонун доирасида расмийлаштирилган. Нотариус билан ҳам гаплашдим. Ака-укалар Луқмон адаларини қарилигидан фойдаланиб, алдаб ҳужжатларга қўл қўйдирган, деб ҳисоблаб келишган. Ўша пайтда бу масалада бир неча марта прокуратурага ҳам шикоят қилишган.

– Ҳужжатни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида судга мурожаат қилмаган эканми?

– Йўқ, судга даъво беришмаган.

– Ака-укаларнинг иддаолари бўйича прокуратура қандай жавоб берган?

– Фактлар тасдиқланмаган. Иккинчи шикоятда ака-укалар Луқмонга отасидан унга мерос ўтган дорихонани Чилонзор савдо марказидаги «Билол А» дорихонаси билан алмаштириш талабини қўйган. Мен у дорихонани биламан. Марказда жойлашган, Луқмоннинг дорихонасидан икки-уч баробар катта. Нима сабабдан шундай катта дорихонани каталакдай кичкина жойга алмаштиришни талаб қилганига ҳайронман.

– Балки савдоси каттадир?

– Мен ҳам бошида шундай деб ўйлагандим, – раҳбарнинг диққат билан тинглаб тургани ёш терговчини руҳлантириб юборди, – лекин тезда давлат солиқ инспекциясидан ҳар иккала дорихонанинг ўтган йилги ва жорий йилнинг олти ойлик савдо айланмаси юзасидан ҳисоботларини олиб, таҳлил қилиб чиқдим. Натижа мен кутгандай чиқмади. «Билол А»нинг савдо айланмаси қарийб икки баробар катта чиқди.

– Шунақа денг… – Санжарбек бир нуқтага тикилгунча бир муддат ўйланиб қолди, – Осим ва Жасимни сўроқ қилдим. Улар ҳам шуни айтишди. Отасининг Луқмонга айнан шу дорихонани мерос қолдирганини ҳамон ҳазм қилолмай юришибди. Ораларидаги нифоққа ҳам сабаб шу. «Нега бу товуқнинг инидай кичкина дорихонага бунчалик ёпишиб қолдинглар?» десам «Бу савдо нуқтаси кичкина бўлгани билан қандайдир қут-баракали, «шоколад» жой, отамиз ҳам шунча савдо нуқтаси бўлса-да шу жойда ўтирган, табаррук макон», деган жавобни беришди. Дорихонада бизга маълум бўлмаган бирор сир бормикан, деб ўйланиб қолдим.

– Қандай сир бўлиши мумкин? Бу йигитлар савдогар халқ, фойда-зиённи ҳамма нарсадан устун қўйишади. Менимча, дорихона дори-дармон савдосидан ташқари, қандайдир бир бошқа яширин фаолият тури билан шуғулланса керак-да!

– Менинг хаёлимга ҳам шу фикр келганди. Дори сотиш улар учун «конспирация». Аммо дорихона бизга номаълум бўлган даромадбоп фаолият тури билан шуғулланиб келган бўлса ажабмас! Рақобат бозори эса ҳамиша қурбонларни талаб қилади. Бу бозорда қонуний ғолиб бўлишни уддалай олмайдиган шаввозлар ғирром йўлни танлаб, бизнес рақибни жисмонан йўқ қилиш йўлини танлайдилар.

– Демак, ишда яна бир тахмин…

– Тўғри айтасиз, – Санжарбек мантиқни ишга солди, – ишимизда яна бир тахмин пайдо бўлди. «Навбатчи» ёки чорасизлик тахмини эмас, эҳтимоллиги анчагина юқори бўлган асосий тахмин. Энди сиз билан бизнинг вазифамиз – дорихонанинг қандай яширин фаолият билан шуғулланганини аниқлаш! Бу эса бизга Луқмоннинг рақобатчиларини топиш ва шу йўл билан гумондорлар доирасини анчагина қисқартиришга асос бўлади.

– Санжар ака, сиз бу ишга кечагина киришдингиз, – раҳбарнинг самимий ва сермулоҳазалиги Умидни ҳам фикрини эркин ифодалашга ундади, – биз шунча кундан бери дорихонанинг бирор бир ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келганини сезмадик. Дорихонада ўтказилган тафтиш, гувоҳларнинг кўрсатмалари, дорихона ва унинг атрофидаги корхоналарда ўрнатилган видеокузатув тасвирлари бу жойда одам гавжум бўлгани, гиёҳвандлик моддалари сотилгани ёки ўзгача шаклда яширин «цех» мавжудлигини истисно қилмоқда.

– «Истина рождается в споре», дейишади, – Санжарбек ёш терговчига яқин келди, – мана, кўрдингизми, мунозара, мушоҳадада гап кўп. Шу тобда Осимнинг бир гапи ёдимга тушди. У «Отам шунча точкаси бўлишига қарамай шу дорихонада ўтирарди, бекорга эмасдир. Олдида катта шифохона, оғир касалнинг бари шу ерда. Одамлар яқинларини асраб қолиш учун пулнинг бетига қараб ўтирармиди. Қанча дори бўлса ортмайди, конвейрдай айланиб ётади», деганди. Ўша пайтда бу гапларга унчалик аҳамият бермагандим. Ҳозир ўйлаб қарасам у нимагадир шаъма қилгандай туюляпти. Балки дорихона азалдан солиқ тўловларидан қочиш мақсадида савдо айланмасини яшириб келганмикан?

– Бўлиши мумкин, – қувватлади Умид. – Негаки, дорихона, асосан, ёнидаги нейрохирургия шифохонаси даъволанувчиларига хизмат қилади. Луқмон шифохона шифокорлари билан тил бириктириб, яширин савдони йўлга қўйган бўлиши мумкин.

– Фармацевтлар билан шифокорлар келишган ҳолда… бўлиши мумкин.

Эшик қаттиқ тақиллаб, хонага узун-калта бўлиб Маъмур билан Мухтор, кетидан Жўрабой кириб келди.

– Шерлок Холмсларга алангалик саломлар! – Маъмурнинг кайфияти чоғлиги кўриниб турарди.

– Доктор Ватсонларга саломларимиз! – Санжарбек бошидаги йўқ «шляпаси»ни олиб, яна «жойига қўйди» европаларикларга хос саломлашган киши бўлиб. – Жанобларининг оғзи қулоғида, бир хушхабар эшитамиз-ов!

– Албатта! – ҳазилни давом қилди Маъмур. – Жўрабой укамиздан жанобларининг устозидан ўтган бир нақлларини эшитиб, рухсатлари билан ўзимизга ҳам шиор қилдик: натижа чиқмаслигининг ўзи ҳам – натижа! Шунга таяниб, ишимиздан натижа бўлмаса-да, катта ишни дўндиргандай оғзимиз қулоғимизда ҳузурларига чопқилаб келаётирмиз.

– Жўрабой ҳақ гапни айтибдур. Муҳтарам устозимиздан мерос бу ҳикмат шиоримизга айлангани чин. Уни ўз ўрнида ишлатиб юрганимиз ҳам рост. Аммо ҳар қандай муваффақиятсизликни натижа сифатида баҳолаш ва ўз-ўзига таскин бериб, хотиржамликка берилиш бизнинг тарзимизга хилоф ишдур. Қолаверса, элда ҳар ким ўзига мослаб мақол тўқийди, деган гаплар ҳам бор.

– Ҳа, Санжарбек оласиз-да! Сизга тенглашиб бўлармиди? – Маъмур кулимсираб, икки қўлини кўтарди. – Таслим бўлдик, таслим!

– Хўш, Маъмур ака, нима гаплар? – жиддийлашди гуруҳ раҳбари.

– Луқмоннинг барча яқинларини чиғириқдан ўтказиб, Самиғнинг ўғлини ўқишга киритишда унга ҳамкор бўлиши мумкин бўлган икки шахсни аниқладик. Биринчиси, фармацевтика институти декани, профессор Қодир Эсонов. Луқмон у билан тез-тез учрашиб, қўнғироқлашиб турган. Жумладан, Самиғ Луқмонни ёнига келиб, пулини қайтаришни талаб қилиб кетган кунлар ҳам икковлари телефонлашган. Профессор билан гаплашдик, лекин у шогирди билан бирор-бир пулли иш қилганликларини рад этди. Ўзиям бунақа қиладиган одамга ўхшамайди, оддий олим одам-да! Чақиртирганман, ҳали замон келиб, қолса ўзингиз гаплашиб кўришингиз мумкин.

– Кейингиси ким экан? – тоқатсизланди Санжарбек.

– Иккинчи гумондоримиз – Охунжон Парпиев – тиббиёт академияси ректори ёрдамчиси. Кейинги пайтда телефонда кўп гаплашишган. Ўша куни ҳам икки марта қўнғироқлашиб, жами ўн дақиқа сўзлашишган. Бундан ташқари, айнан Самиғ пулини сўраб, олдига келган кунлари у чиқиб кетиши билан Луқмон ўша йигитга телефон қилган. Биз Жўрабой билан керакли одамни топдик, деб ўйлагандик. Охунни топиб, сўроқ қилдик. Қўйнинг оғзидан чўп олмайдиган, халимдек ювош йигит экан. Луқмон билан узоқ йиллардан буён ака-ука эканликларини, учрашиб, гаплашиб туришларини, хуллас, ҳаммасини тан олди. Окахонининг Самиғ деган синфдошидан 25 минг АҚШ доллар қарзи борлигини ҳам биларкан. Фақат Луқмон унга бир таниш домла ўқишга киритиб бераман, деб алдаб 25 мингга «кийдириб» кетганини айтиб, синфдошига қайтариб бериш учун ҳеч бўлмаса 10-15 минг доллар қарз бериб туришни илтимос қилган экан. Шунинг учун Самиғ ҳар гал келиб тўполон кўтарганда, Луқмон Охунга қўнғироқ қилган. Эртага пешиндан кейин уни ҳам чақирганмиз.

– Жўрабой, сизнинг фикрингиз қандай? – гуруҳ раҳбари нимадир дейишга «шефи»дан истихола қилиб, турган талабага юзланди.

– Сўзлари ишончли чиқди, ўзини инсофли, имонли йигитдек кўрсатишга ҳаракат қилди, – Жўрабой «шериги»нинг гапини тасдиқлаган бўлди. – Лекин барибир текшириб кўриш лозим.

– Нимани текширасан, – ўқрайди Маъмур, – мен одамларни бир кўришда биламан. Шу боланинг қўлидан бировни чув тушириш келмайди.

– Одамни сиртига қараб хулоса қилиш қийин, – «шериги»нинг дилини оғритмаслик учун эҳтиёткорлик билан фикр билдирди Жўрабой. – Одамнинг оласи ичида дейдилар. Артистлик қилаётган бўлмасин тағин. Ўзиям жуда анвинақа… нима десам экан, бошқача киши экан.

– Қанақа киши экан? – ҳайратланди Санжарбек.

– Аёл мижозми-эй, ишқилиб қилиқлари, юриш-туриши, гап-сўзи хотинларникига ўхшаб кетадими-эй…

– Хезалак сифат йигит экан-да! – изоҳ берди Маъмур. – Шуни айтаёлмай қийналиб кетди, бола фақир.

– Демак, бошқа гумондор топилмади, шундайми? – гуруҳ раҳбари Маъмурга юзланди.

– Йўқ, Луқмоннинг яқинлари, таниш-билишлари орасида биз излаётган одам топилмади. Бу иккови ҳам бошқа гапни айтиб турибди. Шу сабабли буларнинг ҳаммаси Самиғ қурғур тўқиган афсонамикан, деб ўйлаб қолдим.

– Нима демоқчи бўляпсиз? – Санжарбек изоҳ талаб қилди.

– Демоқчиманки, Самиғ билан Луқмон ўртасида ҳеч қандай олди-берди бўлмаган. Бу қотилликни содир этгандан сўнг Самиғ жазодан қутилиб қолиш учун ўйлаб топган чўпчакдан бошқа нарса эмас. Маккор шу йўл билан сувдан қуруқ чиқишни ўйлаган.

– Маъмуржон, яна эски ашулани бошладингизми? – кулимсиради гуруҳ раҳбари. – Самиғни ёддан чиқариб туришга келишмаганмидик?

– Лекин бу томонда натижа чиқмаса, вақтни йўқотиб нима қилдик!

– Майли, – Санжарбек мунозарага чек қўймоқчи бўлди, – Мухторжон, сизда нима гаплар?

– Луқмоннинг телефон пеленгацияси, сўзлашувлари, ёзишмалари таҳлили бўйича кейинги пайтда у билан яқин алоқада бўлган шахслар доираси аниқланди, – Мухтор ёндафтарига қараб ахборот беришга киришди. – Мулоқатлар, асосан, оила аъзолари, касбдошлари, дорихона мижозлари билан бўлган. Чеккадан анави икки домла билан мулоқат қилган. Яна Чилонзордаги поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайдиган Назокат исмли аёл билан кўп гаплашган. Ўрталарида ишқий саргузашт бўлган шекилли, бир кунда уч-тўрт марта сўзлашган, «ўлдим-қолдим» деган маънодаги «sms»лар ёзишган.

– Яна кимлар билан кўпроқ гаплашган?

– Яна нейрохирургия шифохонасида ишлайдиган шифокорлар билан деярли ҳар куни мулоқотда бўлган. Бу энди тушунарли, шифокорлар керакли дорилар бор-йўқлигини сўраб туришган. Телефон пеленгацияси бўйича Луқмоннинг қаерларда бўлганини ўрганиш давом этмоқда. Ҳозирча бирорта шубҳали «ташриф» аниқланганича йўқ. У, асосан, вақтини ишхонасида, ҳовлисида, бояги айтган Назокатхонимнинг хонадонида ўтказган.

Шундан сўнг Санжарбек гуруҳ аъзоларига ўзи ва Умид томонидан бугун амалга оширилган тергов ҳаракатлари тўғрисида ахборот берди… Тергов гуруҳи анча пайтгача бир-бири билан маълумот алмашиб, қизғин мунозарага киришдилар, қотиллик ва уни содир этилиш тафсилотларига ойдинлик киритишга ҳаракат қилдилар.

Кечга яқин профессор Қодир Эсонов сўроқ қилинди. Олтмишлардан ошган бўлса-да, кўринишидан анчагина чаққон ва тийрак бу инсоннинг олимларга хос салоҳияти сезилиб турарди.

– Домла, безовтачилик учун узр, – эҳтиёткорлик билан гап бошлади Санжарбек. – Сизни марҳум Луқмон Шарипов иши бўйича чақиртиргандик.

– Тушунаман, тушунаман, – деди профессор босиқлик билан. – Хизматчилик укажон, хизматчилик. Сизлар ҳам ўз бурчларингизни бажаряпсизлар.

– Бизни тўғри тушунганингиз учун раҳмат, домлажон. Луқмон ака хусусида… Қандай танишгансизлар? Муносабатларингиз қанақа бўлган?

– Луқмон бизда ўқишни битирган, менинг қўлимда диплом ҳимоя қилган, – гапни узоқдан бошлади домла. Шундан устоз, деб ҳурматлаб юрарди. Ишлари чакки эмасди. Билмайман, кимга зарур бўлди… эшитиб, жуда хафа бўлдим. Бировга ёмонлик соғинганини эслолмайман. Шу ишни синфдош дўсти қилганмиш-а? Дўстингдан топ, деб шуни айтадилар-да!

– Устоз, сиз ўша синфдош дўсти – Самиғни танирмидингиз? – пайтдан фойдаланиб сўради терговчи.

– Йўқ, мен у болани шахсан танимайман. Лекин Луқмон менга у ҳақда гапирганди.

– Ия, отахон буёғи қандоқ бўлди? – Маъмур ўрнидан туриб кетди. – Боягина биз сўраганда ҳеч қанақа Самиғ-памиғни танимайман, деб тургандингиз-ку…

– Тўғри, шундай дегандим, – деди профессор уят иш қилиб қўйган ёш боладай қизариб, – бошимни ғурбатга тиқиб нима қиламан, деб ўйлагандим. Хато қилганимни кейин англаб етдим. Агар биз олимлар шунақа йўл тутсак, бошқалар нима қилади… Виждон, бурч деган нарсалар…

– Ҳа, омон бўлинг, домлажон, омон бўлинг! – Маъмур гапни илиб кетди. – Балки виждонингиз қийналиб, қандай қилиб Самиғнинг ўғлини ўқишга киритиш учун Луқмондан кўкида 25 минг олганингизни ҳам айтиб берарсиз! А лаббай?

Санжарбек ҳамкасбига ёвқараш қилди.

– Эй, укажон, бу нима деганингиз? – деди профессор кўзлари косасидан чиққидай бўлиб. – Тўғри гап туққанингга ёқмайди. Мен сизларга билганимни айтиб, ёрдам қилмоқчи бўлсам… хе, сизни қаранг-э! Одамлар шунинг учун ҳам гувоҳ бўлишдан қочишади-да! Кўрдим деса, ўзлари балога қолади. Жиноятчи четда қолиб, у бечорага ёпишиб кетасизлар. Э, омонг бўлинг-э!

– Домлажон, хафа бўлманг, Маъмуржон ҳазиллашаяпти, – гуруҳ раҳбари вазиятни юмшатишга уринди. – Сиз билганларингизни айтаверинг.

– Қаерда қолгандик? – профессор Маъмурга кўз қирини ташлаб, давом этди: – Луқмон Самиғ ҳақида гапирганди. Ўғлини ўқишга киритиш учун унча-мунча пул берган экан. Лекин бола ўқишга киролмади. Ваъда қилган одами эрта, индин, ана, мана, деб бир йилдан буён пулни қайтармай, сарсон қилаётганини айтганди. Синфдоши эса пулни қайтар, деб уни сиқувга олган, тегишли жойга ёзиб бермоқчи бўлган. Шу сабабли Луқмон мендан қарз сўраганди. Каттагина сумма экан. Менда ундай пул йўқ эди. Узримни айтдим, лекин пулни қандай бўлмасин қайтариш лозимлигини маслаҳат бердим. Айтишича, синфдоши камбағал йигит экан. Мол аччиғи – жон аччиғи, бирор касофатни бошлаб ўтирмасин, дегандим. Мана, оқибати нима бўлди, кўнглим сезган экан. Шу арзимаган пулни деб, айни қирчиллама ёшида бир йигитнинг умри хазон бўлди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

– Сиздан қанча қарз сўраганди?

– 20-25 минг АҚШ доллари.

– Луқмон анчагина пулдор йигит бўлган, – гуруҳ раҳбари савол беришда давом этди: – нима сабабдан, шу пулни ўзидан бериб, ўртоғидан қутила қолмаган. Кейин ўзи қачон бўлса берган одамидан пулни олиб, жойига қўйиши мумкин эди-ку. Шунча кўнгил хиралик шартмиди?

– Мен ҳам шу гапни айтгандим-да, – дадилланди домла, – ҳамма маблағим «оборот»да, ортиқча пулим йўқ, деганди. Мен ичимда балки берган одамидан пулни қайтариб олишга ўзининг ҳам кўзи етмаяптими, синфдошини вазиятдан чиқараман деб, ўзи куйиб қолишдан қўрқяптими, деган ўйга боргандим.

– Пулни кимга берганини айтганмиди?

– Йўқ, айтмаганди, лекин бир гапидан… ўзимча…

– Хўш, хўш қанақа гап экан, – сергакланди терговчи.

– «Даюсни ректорга айтмасам бўлмайди, шекилли», деганди. Гап-сўзидан Луқмон олдин ҳам уни ректорга айтиб бериш билан қўрқитган. Ўша одам: «Илтимос шефнинг олдида шарманда қилма, билса, ишдан ҳайдаб юборади, пулингни эрта-индин тахлаб бераман», деб ваъданинг каттасини берган. Шунга қараганда бу одам ректорга яқин шахс бўлса керак, деган хаёлга боргандим.

– Шогирдингиз нима сабабдан анави ошнасини «даюс» деган, бу жуда ҳақоратли сўз эмасми? – «ақллилик» қилди Жўрабой.

– Тўғри, «даюс» дегани йигит кишига ярашиқлик иш эмас, – деди профессор дона-дона қилиб, – лекин нуқул хезалак, даюс, хотинчалиш, деб сўкканини эшитганман. Балки жаҳли чиққанидан шундай… балки ўша йигит ростдан ҳам шунақа мижоз… кишидир…

Гуруҳ аъзолари бир-бирига маъноли қараб, кулиб қўйишди.

– Луқмон аканинг оиласини ҳам яхши биласизми? – Санжарбек навбатдаги масалага ўтди. – Аёли билан муносабати қандай эди?

– Оилавий бориш-келиш қилиб турардик. Келин – Азизахон тилла хотин, у ҳам бизда ўқиган. Уйим-жойим дейдиган, босиқ ва оқила аёл. Анави опа-сингил касофатлар шўрликни роса қийнади. Бошқа хотин бўлганда аллақачон кўч-кўронини йиғиштириб, кетиб қолган бўларди.

– Опа-сингиллар деганингиз кимлар? – эҳтиёткорлик билан сўради Санжарбек.

– Нозима деган аёл билан дон олишиб юрарди. Келин бечора эрини у бетамиздан ажратиб олиш учун роса ҳаракат қилди. Ўртада қаёқдандир унинг синглиси Назокат пайдо бўлиб қолди… Ҳозирги замоннинг аёлларига ҳам ҳайронсан, опа-сингил бир эркакка суйкалишдан ҳам тойишмайди-я! Луқмон менга фарзандимдай бўлиб қолганди, «Ҳой бола кўзингга қара, гулдай хотининг, ҳавас қилса арзигулик оиланг, бўй етган болаларинг бор», деб кўп гапирдим, фойдаси бўлмади. Нимаймиш – севармиш! Раҳматли шу масалада суяги йўқроқ эди-да. Бу майда-чуйда гапларни сизларга айтиб, ўзимни бозорчи хотинлардай ҳис қиляпман… Лекин айтмасам ҳам бўлмасди-да! Шогирднинг ўлдириб кетилганини эшитиб, миямга шу опа-сингиллар келди. Аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади, деганларидай, шулардан кўрдим. Ҳар ҳолда кейинчалик қотил қўлга олинганини эшитиб, кўнглим бироз таскин топди.

Санжарбек яна айрим масалаларга ойдинлик киритгач, профессорга жавоб берди. У чиқиб кетгач, хонада бироз сукут хукмронлик қилди.

– Хўш, жаноб изқуварлар бу ёғига нима дейсизлар, – сукунатни гуруҳ раҳбари бузди, – профессорнинг гапларига ишонса бўладими?

– Ғирт муттаҳамлиги кўриниб турибди-ку, – Маъмурнинг алами босилмаганди, – ҳамма шубҳани ўзидан соқит қилиш учун бировларнинг томорқасига роса тош отди, бу мулойимхунук. Болани ўқишга киритаман, деб пулини олиб, Луқмонни сандироқлатиб юрган балки ўзидир. Сир ошкор бўлса, пора билан жиноий жавобгарликка тортилишини яхши билади. Ўшакчи хотинлардай қаердаги опа-сингилларни бизга тиқиштирганига ўлайми?! Луқмоннинг ўлдириб кетилганини эшитиб, ўша ойимчалардан гумон қилганмиш. Тулкилик қилишини қаранг!

– Маъмуржон ака, – Санжарбек кулимсираб, майорга юзланди, – бу тахминларингизга бирор бир асос борми? Ёки шунчаки ички «интуиция» дегандай…

– Санжаржон, бизларнинг кўзимиз пишиб кетган, бир кўришда ренгендай ичидаги бор-будини кўриб қўямиз, – деди Маъмур қуюқ қошларини ўйнатиб. – Мана, мени айтди дерсизлар, Луқмонни чув туширган шу профессорнинг ўзи бўлиб чиқади! Тағин уялмай фарзандимдай бўлиб қолганди, дейди-я! «Фарзанди»ни бор сирини сотиб, «хотинбоз»га чиқариб қўйгани бир сар! Олим киши ҳам шунақа бетайин, майда гап бўладими?

– Маъмур ака, сал ошириб юбормадингизми? – журъатсизроқ мунозарага қўшилди Умид. – Менимча, домла ёлғон гапирмади, сўзлари самимийдек туюлди. Шогирдига куюнганидан бор ҳақиқатни айтди. Индамай мум тишлаб туриши ҳам мумкин эди-ку! Қолаверса, анави аёллар, ректорнинг «яқини» хусусидаги гаплари чинлиги бизга ҳам аён-ку!

– Эҳ, Умиджон, Умиджон, – Маъмур кулимсираб ёш терговчига яқин келди, – ҳали ёшсиз-да, одамнинг қанчалик мураккаб мавжудот эканини билмайсиз. Сал яхши гапирган одамнинг сўзига ишониб кетаверасиз.

– Тўғри, сиздан анча ёшмиз, тажрибамиз ҳам етарли эмас, – гуруҳ раҳбарининг мунозарани диққат билан тинглаб турганини кўриб, дадилланди ёш терговчи, – лекин, менимча, профессорнинг қандай одам эканини билиш, гаплари чинлигига ишониш учун катта тажриба шарт эмас. Унинг самимийлигига заррача шубҳам йўқ.

– Жўрабойжон, сиз нима деб ўйлайсиз? – гуруҳ раҳбари бир сўз дейишга тортиниб турган талабага юзланди.

– Менимча, Умид акам ҳақ.

– Эй бола, – Маъмур бир кунлик «шериги»дан бошқача жавоб кутган шекилли, билса чин, билмаса ҳазил қабилада оғзига урди: – сиз ҳали нонни «нанна» деб юрган бола бўлсангиз, ким ҳақ, ким ноҳақ қайдан билардингиз! Ақлингиз етмаган нарсаларга аралашиб нима қиласиз!

– Маъмур ака, бизнинг ёш болалигимиз қолдими? Бу йил институтни битирамиз Худо хоҳласа, – ўпкалаган бўлди Жўрабой. – Одамни ундай уялтирманг, ёнларингизда юриб, шуйтиб-шуйтиб пишамиз-да, ака.

– Маъмур ака, сиз ҳали бу йигитни яхши билмайсиз-да, – Санжарбек орага қўшилди, – унда терговчиликка қандайдир ўзгача истеъдод бор. Фавқулодда креатив фикрлаш ва қарор қабул қилиш қобилиятига эга. Ҳали кўрасиз, кўп нарсада бизга фойдаси тегади.

– Йўғ-э, устоз жуда ошириб юбордингиз-ку, – деди талаба қулоғигача қизариб.

– Омон бўлсак, кўраверамиз-да! – пичинг қилди Маъмур.

– Майли, бугунча етар, – мунозарани якунлашга тушди гуруҳ раҳбари соатига бир қараб, – ҳар ким ўз фикрида қолгани маъқул. Ким ҳақ – вақт кўрсатади. Биласизларми, терговчининг энг муҳим сифати нимада? – деди у йиғилганларга бир-бир кўз қирини ташлаб. – Биринчиси, ҳамиша ўз мустақил фикрига эга бўлиши, иккинчиси, ўзгаларнинг муқобил фикрларини ҳам эшита билиши ва ҳурмат қилишидир. Шу икки сифатсиз терговчи мукаммал бўлолмайди. Афсуски, бизда терговчилар тайёрлайдиган махсус институт йўқ. Хаёлимда шундай институтни ташкил этиш мавриди келди…

* * *

Санжарбек «опа-сингил»ларни сўроқ қилишдан олдин Луқмоннинг турмуш ўртоғи Азиза билан гаплашиб, кеча профессор айтган масалага ойдинлик киритиб олишни маъқул кўрди. Негаки, мабодо домланинг гаплари тўғри чиқадиган бўлса, «опа-сингил»лар ёрқин гумондорга айланиб қолиш эҳтимоли юқори эди.

– Опа, сизни яна безовта қилишга тўғри келди, – гуруҳ раҳбари мулойимлик билан аёлни суҳбатга чорлади. – Бизни турмуш ўртоғингизнинг анави опа-сингиллар билан муносабати қизиқтиряпти, нима дейсиз?

– У ер ютгурларнинг довруғи сизларга ҳам етиб келдими? – хоҳлар-хоҳламас жавоб берди гувоҳ. – Нимасини айтай, шунақа бузуқларни ер қандай кўтариб юрганига ҳайронман. Мана, охири нима бўлди, бошига етишди. Эслашниям хоҳламайман шу суюқ оёқларни.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации