Электронная библиотека » Марк Мэнсон » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Марк Мэнсон


Жанр: Зарубежная психология, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 13 страниц) [доступный отрывок для чтения: 4 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Ҳар нарсанинг поёни бор

Эрталаб соат тўққизда қўлларимни жағимга тираганча, биология ўқитувчисининг хромосома ва митоз ҳақидаги бир маромли шовқинига мос ҳаракатланаётган соат милларига термилиб ўтирар эдим. Синфдаги аксарият ўн уч ёшли ўсмирлар сингари мен ҳам жуда зерикардим.

Шу дам кимдир эшикни тақиллатди ва мактабимизнинг директор ўринбосари жаноб Прайс мўралади: “Халақит берганим учун узр, – деди у. – Марк, бир дақиқага мумкинми сени? Нарсаларингни ҳам ўзинг билан ол.”

Ичимда ўйлаяпман: “Одатда, болалар директор ўринбосарини хонага чақирарди, бу гал унинг ўзи мени чорлаяпти. Ғалати-ку!” Лаш-лушларимни йиғиб, ташқарига чиқдим.

Дахлиз бўм-бўш. Қаршимда юзлаб шкаф бўлмалари қад ростлаган. “Марк, менга бўлмачангни кўрсата оласанми?”

“Ҳа, албатта, – дедим ва қопдай жинси шим, катта ўлчамли “Panterа” майкасини кийган ҳолимда даҳлизга қараб одимладим.

Бўлмачага етиб келдик. “Илтимос, уни оч,” – деди жаноб Прайс. Бўлмачамни очдим. У мени четга суриб, бир нечта қайд дафтари ва қаламлардан ташқари менга тегишли бўлган бошқа буюмлар: куртка, спорт формаси солинган сумка ва йўлхалтамни у ердан олди. Сўнг аста қадам ташлаб, жиддий оҳангда ортига қарамай: “Юр мен билан,” – деди. Ўзимни ноқулай ҳис қилишни бошладим.

Унинг хонасига кирганимиздан кейин стулга ўтиришимни сўрагач, эшикни ёпиб, қулфлади. Кейин деразага яқинлашиб, ташқаридан ҳеч кимнинг назари тушмаслиги учун пардани тортди. Кафтим терлаб кетди. Бу одатий чақирув эмаслигини кўнглим сезди.

Жаноб Прайс ўтирган ҳолда нарсаларимни тита бошлади: чўнтакларни текширди, спорт формасини силкитиб, полга қўйди.

Менга нигоҳини тикмасдан деди: “Марк, нимани излаётганимни биласанми?”

“Йўқ”, – деб таажжубландим.

“Гиёҳванд моддани.”

Бу сўз мени бир муддат лол қолдириб, асабимни бузди. “Ни-маа?” Бироз тутилиб ундан: “Қанақа гиёҳванд модда?” деб сўрадим.

У менга кескин нигоҳини қадади. “Мен билмасам, сенда қанақаси бор?” Шундай дея сумкадаги бўлмалардан бирини очиб, ручкаларга мўлжалланган чўнтаклардан бирини текширишга киришди.

Ҳаяжондан аъзойи баданимни тер босди. Талмовсирашни бошладим. Юзим қирмизи олмадек қизариб кетди. Гиёҳванд модда сақлашда айбланган бошқа ўсмирлар сингари менинг ҳам бу мактабдан қочгим ва яширингим келди.

“Нима ҳақида гапираётганингизни тушунмадим,” – дедим норози оҳангда, бироқ овозим ўзим кутгандан заифроқ жаранглади. Шу вазиятда кучли ишонч билан сўз қотмаганим учун ўзимни ичимда койиб қўйдим. Аммо яшин тезлигида фикримни ўзгартириб, балки чўчиган қиёфада бўлиш яхшимикан деб ўйлаб қолдим. Қизиқ, ёлғончилар кўпроқ қандай қиёфада бўларкан? Қўрққан суратдами ёки ҳеч нарса бўлмагандай тутадами? Буни билганимда шундай кўринишга ҳаракат қилармидим… Саросималик менга қарши ишлаяпти, сўзларимдаги қатъиятсизлик эса ўзимга бўлган ишончни парча-парча қилиб кесаётгандай гўё. Жин урсин!

“Ҳозир биламиз,” – деди у ва диққатини яна саноқсиз чўнтакчалару йўлхалтамга қаратди. Йўлхалтанинг ичи рангли қаламлар, тўқсонинчи йиллар бошида урф бўлган ғилофли CD дисклар, қуриган маркерлар, ярим саҳифаси йўқ альбомлар, шунингдек, ҳар бир ўсмирнинг сумкасидан топиладиган ҳар хил лаш-луш ва чанг билан тўлганди.

Пешонамдаги тер ёруғлик тезлигида шовуллаб оқарди десам, муболаға қилмаган бўламан. Биология хонасидаги соат миллари тош асрида қолиб кетгандай туюлди. Мен эса хар дақиқа ўлиб-тирилардим. Бу маконда фақат мен, жаноб Прайс ва тубсиз йўлхалта қолгандек эди.

Тахминан, Мезолит даврида директор ўринбосари текширувни якунлади. Ҳеч нарса тополмагач, у гангиб қолди ва жаҳл устида йўлхалтанинг оёғини осмондан қилганди ичидаги ҳамма буюмлар ерга тўкилди. Энди ўринбосарни ҳам тер қоплади. Фарқли жиҳати, мен саросимадан, у ғазабдан терлаётганди.

“Балки, ҳеч қандай гиёҳванд модда йўқдир?” У доимгидек сўзлашга тиришди.

“Йўқ.” Мен ҳам хотиржам жавоб беришга ҳаракат қилдим.

Жаноб Прайс ердаги нарсаларни бирин-кетин ёйиб, спорт формам ёнига терди. Куртка ва йўлхалтам ҳаёт билан видолашгандай унинг оёқлари остида жонсиз ётарди. У бир хўрсиниб олиб, деворга тикилди. Менинг эса жаҳлдор эркак билан бир хонага қулфланган бошқа ўсмирларга ўхшаб йиғлагим келди.

Жаноб Прайс полдаги буюмларни кўздан кечирди. Ноқонуний ҳеч нарса йўқ, халта ва кийимлардан гиёҳванд модда ёки мактаб қоидаларига мос келмайдиган буюм чиқмади. Бироздан кейин у оғир тин олиб, куртка билан йўлхалтани ҳам полга улоқтирди, қўллари билан тиззасига таяниб, пастга эгилди ва кўзларимга нигоҳини қадади.

“Марк, менга рост сўзлашинг учун сўнгги имконият бераман. Агар бор гапни айтсанг, ўзингга фойда. Агар алдасанг, ўзингдан ўпкала.”

Қўл-оёғим титраб, ҳаяжонимни босиш учун оғзимни тўлдириб нафас олдим.

“Энди гапир!” – деб талаб қўйди ўринбосар. “Бугун мактабга гиёҳванд модда олиб келдингми?”

Ўзимни йиғидан аранг тўхтатиб, томоғимга тиқилган бир нарсани зўрға ушлаб, ўтинган оҳангдаги овоз билан унга қарадим: “Йўқ, менда сиз айтган нарса йўқ. Сиз нима ҳақида гапираётганингизни тушунмадим.”

“Яхши,” – деди у енгилганини тан олгандек. “Буюмларингни йиғиштириб кетишинг мумкин.”

У бажарилмаган ваъда сингари полда ётган бўш йўлхалтамга охирги бор узоқ назар солди. Беихтиёр бир оёғини унинг устига қўйиб, сўнгги уриниш сифатида енгил ҳаракат билан эзғилади. Менинг тоқатим тоқ бўлди. Имкони бўлса, тезроқ шу хонадан чиқсам-у, яна ўша бир маромдаги ҳаётимга қайтиб, бу қўрқинчли тушни бутунлай унутсам…

Шу пайт унинг оёғи нимагадир тегди.

“Бу нима?” деб сўради у мендан оёғи билан оҳиста босиб.

“Нима нима?” – дедим саволга савол билан.

“Бунинг ичида яна нимадир бор!” Жаноб Прайс сумкани кўтариб, тагини пайпаслашни бошлади.

Мен ўтирган хона назаримда алғов-далғов бўлаётгандек гўё. Ўсмирлик пайтимда фаросатли ва самимий йигит бўлганман. Шу билан бирга, шумтакалигим ҳам бор эди… Қулоқсиз, алдоқчи шумтака. Айёр ва ҳаётдан хафа шумтака. Ўн икки ёшимда хавфсизлик тизимини совутгич магнити билан ишдан чиқариб, ярим тунда уйдан қочгандим. Мен ва дўстим унинг онасига тегишли машинани нейтрал узатмага қўйиб, ташқарига итариб чиқарардик ва бемалол ҳайдардик. Яна инглиз тили муаллимамиз консерватив христиан аёл эканлигини билган ҳолда абортлар ҳақида иншо ёзардим. Яна бир дўстим иккимиз онасининг тамакисини ўғирлаб, мактаб биноси ортида болаларга сотганмиз.

Бундан ташқари, марихуанани яшириш учун йўлхалтамнинг остига яширин чўнтакча ясаганман.

Жаноб Прайснинг оёғи шу махфий чўнтакдаги марихуана халтачасига тегиб кетганди. Бу гал аниқ қўлга тушгандим. Жаноб Прайс айтганини қилиб, жуда қаттиқ таъзиримни берди. Бир неча соатдан кейин қўлимга кишан тақилган ҳолда полиция машинасининг орқа ўриндиғида ўтирар эканман, ҳаётим поёнига етди деб ўйладим.

Қайсидир маънода ҳақ бўлиб чиқдим. Ота-онам мени уй қамоғига ҳукм этди. Узоқ вақт дўстларимдан айро қолдим. Мактабдан ҳайдалгач йилнинг қолган пайти уйда ўқишга мажбурландим. Онам сочимни калта олдириб, Мерилин Мэнсон ва “Metallica” тасвири туширилган барча футболкаларимни (бу ҳаракат 1998 йилдаги ўсмир учун оғир қийноқлардан кейин олий жазога ҳукм қилингандек эди) улоқтириб ташлади. Отам эса ҳар тонг мени ўзи билан ишга олиб борар ва тўхтовсиз ҳар хил қоғозларни жилдларга жойлашга мажбурларди. Уйда таълим олиш муддати ниҳоясига етгач, мени кичикроқ христиан мактабига қабул қилишди. Топганингиздек, у ерда ўзимни соҳилга отилган балиқдай ҳис этардим.

Эндигина ўзимга тегишли хулоса чиқариб, масъулиятни ҳис қила бошлаган пайтимда ота-онам ажрашишга қарор қилди.

Мен буларни ўсмирлик чоғларим қанчалик суронли, ўзим жуда безори бўлганимга урғу бериш мақсадида айтмоқдаман. Тўққиз ой ичида яқин ўртоқларимни, ўзимга тегишли қонуний ҳуқуқлар ва оиламни йўқотишга улгурдим. Балоғат давримда шифокорим ўсмирликда юз берган воқеаларни “чинакам жароҳатли таъсир” деб номлади. Бу таъсирдан чиқиш, ўзимни тиклаш учун оз эмас, кўп эмас, ўн йилдан ортиқ вақт керак бўлди.

Оиламдаги муаммо айтилган ёки қилинган даҳшатли ишларда эмас, балки даҳшатли ишларнинг айтилмагани ва қилинмаганида эди. Уоррен Баффет бойлик манбаини ёки Женна Жеймсон ишқий алоқаларини беркитгандек, ота-онам ҳам оилавий сирларини қалин парда ортига яширарди. Бу жиҳатдан бизга етадигани йўқ эди. Ҳатто ўтирган уйимиз ёниб кулга айланса-да, ота-онам: “Ҳаммаси яхши, эҳтимол, сал қизиб кетгандирмиз, аммо чидаса бўлади,” деб тураверарди.

Ота-онам ажрашганда уларнинг ҳеч бири идиштовоқни полга уриб синдирмади, эшикни тарақлатиб ёпмади ёки хиёнатлар туфайли жанжал қилмади. Бир куни улар укам иккимизни ажримда айбимиз йўқлигига ишонтириб, саволларимизга жавоб беришини билдирди.

Ҳа, тўғри ўқидингиз, гап бундай буён турмушимиз қандай бўлиши ҳақида эди. Кўзлардан бир томчи бўлсин ёш тўкилмади. Ҳеч ким овозини баландлатмади. Мен билан укам отам-онамнинг суҳбатига нохос қулоқ тутдик: “Ҳеч ким ҳеч кимга хиёнат қилмади. Қандай яхши! Эҳтимол, сал қизиб кетгандирмиз, аммо чидаса бўлади.”

Тўғри тушунишингизни истардим: ота-онам яхши инсон бўлган. Мен уларни ҳеч нимада айбламайман (ҳар ҳолда, ортиқ айбламайман). Ва уларни жуда яхши кўраман. Барча ота-оналар қатори уларнинг ҳам ўз ҳикояси, ўз ҳаёт йўли, ўз муаммоси бўлган. Бошқа отаоналар сингари менинг ота-онам ҳам муаммоларининг бир қисмини яхши ниятлар билан менга учирма қилди. Мен ҳам фарзандларим билан шундай қилсам керак.

Ҳаётимизда шундай “чинакам жароҳатли таъсир” юз берганда қаршимизда деярли ҳал этиб бўлмас муаммолар тургандек туюлади. Ушбу муаммоларни еча олмаслигимизни англаб, ўзимизни бахтсиз ва ночор ҳис қиламиз.

Афсуски, иш шу билан тугамайди. Агар бизда ечиб бўлмас муаммолар мавжуд бўлса, онгостимиз бизга ё ўзгача иқтидорли ёки ўзгача нуқсонлисан, дея баҳо беради: сен ҳаммага ўхшамайсан. Қоидалар сен учун бошқача ишлаши керак.

Шу тариқа биз такаббурга айланамиз.

Ўсмирликдаги мусибатлар мени такаббурлик йўлига бошлади ва анча муддат ундан чиқа олмадим. Жиммининг такаббурлиги бизнесга йўналиб, у ўзини беҳад муваффақиятлидек тутган бўлса, мендаги кибр бошқалар билан муносабатларда, аниқроғи, аёллар борасида юзага чиқарди. Жароҳат оиламда яқинлик етишмагани ва мени ажратиб қўйишгани туфайли келиб чиққанди. Шу боис мен мудом бу нарсаларга жиддий эҳтиёж сезардим, барча мени ёқтириши ва қабул қилишини ўзимга-ўзим исботлашга интилардим. Натижада, аёлларга канадай ёпишиб оладиган одат чиқардим. Мен севги уммонига шу қадар шўнғидимки, қайтиб чиқиш амримахол эди.

Ўзим билмаган ҳолда мен ўйинчига, ҳа-ҳа, ғўр, худбин ва келишган ўйинчига айландим. Шу тахлит умримнинг гуллаган даврлари носоғлом ва юзаки муносабатларга ўралашган тарзда ўтиб борди.

Ҳа, аёллар билан ишрат қилиш менга ёқарди, аммо ундан ҳам кўпроқ бошқаларга кераклигимни ўзим учун исботлашни истардим. Мени хоҳлашарди, мени севишарди, ақлимни таниганимдан бери биринчи марта ўзимни қадрли сезардим. Қадр чанқоғи бора-бора ақлий кўникмага айланиб, кибр-ҳавога берилдим. Мен ўзимни ҳар нарсани гапириш ва қилишга ҳақли инсондай ҳис қилардим. Одамлар ишончини синдириш, уларнинг туйғуларига беписанд боқиш ва шундан кейин куракда турмас баҳоналар билан ўзимни оқлаш мен учун одатий ишга айланганди.

Инкор этмайман, бу даврнинг ўзига яраша ҳаяжонли ва роҳатбахш томонлари бўлган. Мен бир нечта ажойиб аёл билан танишдим. Ҳаётим тўфонда сузаётган кемага ўхшарди. Кўпинча ишсиз юрардим, дўстларим ёки онамнинг уйида яшаб, керагидан ортиқ ичардим. Шу алфоз менга яхши муносабатда бўлган кўплаб дўстларимни ўзимдан бездирдим. Ўзимга чиндан ҳам маъқул келган аёлни учратганда эса худбинлигим ҳаммасини кунпаякун қиларди.

Оғриқ кучайган сари ўзимизни муаммолар қаршисида ночор ҳис қиламиз. Муаммоларга чап бериш учун такаббурликка эрк берамиз. Такаббурлик икки хил тарзда намоён бўлади:

1. Мен зўрман, қолганлар эса омадсиз. Демак, менга ўзгача муомала қилиниши керак.

2. Мен омадсизман, қолганлар эса зўр. Демак, менга ўзгача муомала қилиниши керак.

Ташқаридан ҳар хил кўринса-да, бу икки тушунчанинг хамиртуруши битта жойдан. Ўзини ўзгача ҳисобловчилар одатда юқоридаги иккита ҳолат ўртасида юради: кайфиятига қараб баъзан дунё чўққисида, баъзан Ер қаърида.

Одамлар Жиммини ўзига бино қўйган нарцисс ва сўтаклигини тез илғайди. Чунки унинг ўзи ҳақидаги уйдирмалари чегарасиз. Лекин кўпчилик ўзини жабрдийда ва яшашга нолойиқ сановчилардаги такаббурликни пайқамайди.

Ўзини ҳаётдаги ҳар бир ҳодисанинг қурбони сифатида тушуниши кишидан анча-мунча худбинлик талаб қилади. Бинобарин, “менда бир дунё муаммолар тахланиб ётибди, бошқаларда эса умуман муаммо йўқ,” деган фикрга келиш учун жуда катта қувват ва кибр зарур.

Асл ҳақиқат шуки, ҳаётда ўзгача муаммолар бўлмайди. Сиздаги муаммолар билан миллионлаб инсонлар олдин яшаган, ҳозир яшамоқда ва кейин ҳам яшашда давом этади. Худди сиз билган инсонлар сингари. Муаммоларингизни ўзгача кўриш уларни камайтирмайди ёки ўзингизни жабрдийда ҳис этишга ҳуқуқ бермайди.

Бу шунчаки ўзгача инсон эмаслигингизни англатади, холос.

Одатда, шу факт, яъни сиздаги муаммолар ўзгача ва жиддий эмаслигини тан олиш уларни ҳал этиш йўлидаги биринчи қадамдир.

Бироқ айрим сабабларга кўра, кўп инсонлар, айниқса, ёшлар бу ҳақида унутиб қўяди. Бир қатор профессор ва педагоглар замонавий ёшларда ҳиссий чидам етишмаслиги ва худбинона талаблар кўпайгани ҳақида фикр билдирган. Кимгадир ёқмагани учун баъзи китобларни ўқув дастуридан олиб ташлаш ҳолатлари кўп юз беради. Нотиқ ва ўқитувчиларга арзимас сабаблар (масалан, қандайдир кийимларни Хеллоуин байрамига кийишнинг ҳақоратли тарафи йўқ, деган фикр учун) туфайли дағдаға қилинади, ишдан ҳайдашди. Руҳшунослар қайд этишича, ҳозирги ўсмирлар мактабдаги энг оддий муаммолар: синфдошлар билан гап талашгани ёки ёмон баҳо олгани учун оғир психологик стрессни бошдан кечиради.

Шуниси қизиқки, мулоқот ҳар қачонгидан-да ривожланган бир даврда, инсонлардаги такаббурлик ўз чўққисига етмоқда. Замонавий технологиялардаги айрим жиҳатлар комплексларимизни аввалгидан анча тез тарқатиб юбормоқда. Бизга қанча кўп фикр билдириш эркинлиги тақдим қилинса, шунча тез қарашларимизга қўшилмайдиган инсонлардан узоқлашишни истаймиз, қарама-қарши нуқтаи назарга дуч келсак, уларнинг мавжудлиги таъбимизни хира қилади. Ҳаётимиз муаммолардан халос бўлса, қолган муаммоларни ўзгача ҳисоблай бошлаймиз.

Шубҳасиз, интернет ва ижтимоий тармоқлар мўъжизанинг ўзгинаси. Ҳозир тарихдаги энг яхши даврда яшаяпмиз. Аммо, фикримча, бундай технологиялар ижтимоий томондан ўзининг акс таъсирини кўрсатмоқда. Жуда кўп одамларни эркинлик ва ахборот билан таъминлаган технологиялар уларга такаббурлик ҳиссини доимгидан кўпроқ сингдираётган бўлса не ажаб.

Мустаснолик балоси

Кўпчилигимиз аксарият ишларни ўртача бажарамиз. Бирор ишда қобилиятли бўлсак, бошқа нарсаларда ўртача ёки ўртачадан пастлигимиз сир эмас. Бу шунчаки ҳаётнинг қонуни. Бирор нарсада чинакамига уста бўлиш учун жуда кўп вақт ва қувват сарфлаш керак. Бироқ вақтимиз ва кучимиз чегаралангани боис орамиздан деярли ҳеч ким бир нечта соҳада юксак чўққиларни забт этолмайди.

Статистик нуқтаи назардан битта одам барча жабҳаларда мислсиз натижаларга эришиши ақлга сиғмаслиги мумкин. Дейлик, жуда муваффақиятли бизнесменлар гоҳида оилавий ҳаётни йўлга қўя олмайди. Машҳур спортчилар кесилган дарахтдан қолган тўнкага ўхшайдиган ҳолатлар ҳам талайгина. Ёки жуда кўп машҳури замон бўлган шахслар яхши ва хотиржам яшаш борасида уларга ҳавас ва тақлид қилувчиларга қараганда нўноқроқ чиқиб қолади.

Жуда кўпчилигимиз аксарият ҳолларда ўртамиёна одамлармиз. Бироқ чегарадан бу ҳақида жуда кам гапирамиз ёки бош қотирамиз. Боз устига, бунинг муаммога айланиши ҳақида ҳеч қачон ўйлаб ўтирмаймиз.

Ҳа, Интернет, Google, Facebook, YouTube ва юзлаб каналли телевидениега эга бўлиш жуда яхши. Бироқ унутмаслигимиз керакки, эътиборимизнинг чек-чегараси бор. Устимизга қулаётган ахборот кўчкисини таҳлил қилишга қурбимиз ва имкониятимиз етмайди. Шу сабаб идрокимизга чиндан-да таъсирли ва ноодатий бир неча томчи ахборот етиб боради, холос.

Лекин кундан-кунга таъсирли ва ноодатий ахборотлар ҳам кўпаймоқда. Яхшиларнинг яхшиси, ёмонларнинг ёмони, энг буюк спорт рекордлари, энг қизиқ ҳазиллар, энг қайғули хабарлар, энг қўрқинчли таҳдидлар – буларнинг ниҳояси кўринмайди.

Ҳаётимиз айни вақтда муваффақиятли кишиларнинг тажрибалари ҳақидаги ахборотларга тўлиб кетган. Бунга сабаб шундай руҳдаги хабарлар омма эътиборини жалб қилишидир. Айнан улар медиабизнесга миллионлаб доллар даромад келтиради. Бироқ жуда кўп одам ўртамиёна умр кечиради. Ҳаётимизнинг аксар қисми ўртамиёналикдан ташкил топган. Ўз ўзанида сокин оқади.

Ҳаддан ортиқ ахборотлар тошқини бизни мустаснолик, бошқалардан ажралиб туриш одатий ҳол эканига ишонтирмоқчи бўлади. Айни пайтда ҳаётимиз сокин, бир маромда давом этгани туфайли бундай ахборотлар ўзимизни бир қадар тушкун ва кучсиз ҳис қилишга туртки беради. Алалоқибат, ичимиздаги кибр ва қарамликни кучайтиришга интиламиз. Афсуски, бу вазиятда ўзимиз билган яна ўша эски усуллар, аниқроғи, ўзимиз ва бошқаларни мадҳ этишга ҳаракат қиламиз.

Бунинг учун кимдир тез бойиб кетиш йўлларини излашни бошласа, бошқа бири Африкада очликдан азият чекаётган болаларни қутқариш учун дунёнинг нариги тарафига равона бўлади. Яна кимдир боши билан ўқишга шўнғиб, барча мавжуд соврину мукофотларни қўлга киритишга чоғланади. Кимлардир, минг таассуфки, мактабда отишма уюштириш билан зўрлигини ўзи ва бошқаларга исботламоқчи бўлади. Яна кимдир аламини муттасил ва тартибсиз маишатлардан олади.

Буларнинг бари одамнинг ўз ноёблигини исботлаш қутқуси билан боғланган. Кўпчилик ушбу маданий ўзгаришда йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида туғилганларни айбламоқчи бўлади. Аммо бу авлод шунчаки кўзга кўринган ва доим диққат марказида бўлгани туфайлидир. Аслида, ўзини алоҳида ва ноёб ҳис қилиш эҳтиёжи барча авлодларда кузатиладиган ҳодиса. Менга қолса, бунинг асосий сабабчиси ва айбдори сифатида ОАВ томонидан сингдирилаётган мустаснолик орзусини кўрсатган бўлардим.

Муаммо шундаки, қамрови кенг технологиялар ва оммавий маркетинг жуда кўп одамларнинг ўзларидан кутган умидларини яксон қилади. Мустасноликни тарғиб қилаётган манбалар таъсирида одамлар ўзини бахтсиз, деб ҳисоблайди ва бошқалар уларга эътибор қаратиши учун янада ноодатий, янада радикал ва янада виқорли бўлишга уринади.

Ёшлигимда жинсий ҳаёт билан боғлиқ камчиликларим ўша давр поп-маданиятида илгари сурилган эркакликка оид кулгили мезонлар билан янада бўрттирилган. Бундай мезонларни ҳозир ҳар қадамда учратасиз: келишган йигит худди рок юлдузидай вақтини ўтказади, унга кўрсатиладиган ҳурмат даражаси эса уни севадиган ва уни деб ақлини йўқотадиган аёллар билан ўлчанади. Эркак учун жинсий маишатдан бўлак муҳим масала йўқ. Гўё айримлар бунга эришиш учун ўз обрўсидан воз кечишга тайёр.

Оммавий ахборот воситалари онгимизга сингдирадиган реал ҳаётдан йироқ бу каби ақидалар ўзимизга бўлган ишончни чилпарчин қилади. Биз бу каби стандартларга мос эмаслигимизни англагач, ўзимизни еб битиришда давом этамиз. Ҳал этиб бўлмас муаммолар қаршисида ожиз ҳис қилаётганимиз етмагандай, ўлганнинг устига тепган қилиб Google тизимидаги оддий қидирув минглаб инсонлар бу каби муаммоларсиз яшаётганини кўрсатади.

Технологиялар бизга янги руҳий муаммоларни яратиб, эски иқтисодий муаммоларни ечиб берди. Интернет нафақат очиқ манбадаги маълумотлар кони, балки очиқ манбадаги шубҳа, хатар ва иснод демакдир.

Алоҳида ва ўзгача бўлмасам, нима қилишим керак?

Бизнинг маданиятда ҳаммамиз қандайдир ноодатий нарсага боғлиқ эканимиз таъкидланади. Буни машҳурлар таъкидлайди. Олигархлар шундай дейди. Сиёсатчилар айтади. Ҳатто Опра Уинфри фикрга қўшилади (демак, рост бўлса керак-да). Ҳар биримиз ноёб истеъдод эгаси бўлишимиз мумкин. Ҳар биримиз буюкликка лойиқмиз.

Бироқ кўплаб одамлар мазкур тезисдаги ички зиддиятни илғамайди: агар ҳамма бошқалардан ўзгача ва мустасно бўлса, демак, таъриф бўйича ҳеч ким ўзгача ва мустасно бўлолмайди. Ва аслида, биз нимага лойиқлигимиз ёки лойиқ эмаслигимиз ҳақида ўйланиш ўрнига биз бу чўпчакни иштаҳа билан тановул қиламиз ва яна тортиқ қилишларини сўраймиз.

“Ўртамиёна” бўлиш тушунчаси омадсизликнинг янги мезонига айланиб улгурди. Ҳаётда ўртамиёна яшашданда ёмонроқ нарса йўқ гўё. Муваффақият “бошқалардан фарқли бўлиш” ва “мустаснолик” билан ўлчанувчи маданиятда ўртада бўлгандан кўра энг пастда бўлган афзал. Нега дейсизми? Шунда ҳар ҳолда одамлар сизни пайқай бошлайди, эътиборга тушасиз. Кўпчилик шу стратегияни танлайди: атрофдагиларга ўзининг энг мазлум, бахтсиз ва ночор кишилигини исботлашга уринади.

Кўп кишилар ўртамиёналикни қабул қилишдан қўрқади. Чунки буни қабул қилса, ҳаётда ҳеч нимага эриша олмаслиги, муваффақият қозонмаслиги ва эътибордан бебаҳра ўтиб кетишига ишонади.

Бундай фикрлаш жуда хавфли. Чинакам буюк ва шонли ҳаёт – муносиб ҳаёт деган фикрни тан олиб, сиз сайёрамиздаги миллионлаб инсонлар умрини (шу жумладан, ўзингизни ҳам) фойдасиз ва кераксизга чиқарасиз. Бу фикр сиз ва бошқалар учун хатарли тус олади.

Айрим шахсларнинг у ёки бу йўналишда юксак марраларни забт этишига сабаб ўзини мустасно, бошқалардан фарқли санашида эмас. Аксинча, улар жонжаҳди билан ривожланишга берилгани туфайли юқори даражага кўтарилади. Жон-жаҳди билан ривожланишга берилиш эса ҳамма қатори оддий инсон эканлигига ишонишидан илдиз отади. Бу такаббурликнинг тамоман аксидир. Бирор соҳада муваффақият қозонган инсонлар буюк эмаслигини англайди – улар ўртамиёна, улар ҳеч кимдан фарқ қилмайди – демак, улар ҳозиргидан баланд чўққиларга етиши мумкин.

“Ҳар бир одам бошқалардан фарқли бўлишга ва буюкликка эришишга қодир!” каби жумлалар, аслида, иззат-нафсингизга зарба беради. Бундай баландпарвоз гаплар қулоққа ёқимли эшитилса-да, мия ва идрок учун навбатдаги калориясиз емишдан ўзга нарса бўлмай, бесўнақай семиришга ёрдам беради, холос.

Ҳиссий саломатликка йўл, жисмоний саломатликда бўлганидек, сабзавотли парҳездан, яъни ҳаётдаги чин ҳақиқатларни англашдан бошланади. Дейлик, “Ходисалар занжирида сенинг ҳаракатинг катта рол ўйнамайди” ва “Умрнинг кўп қисми зерикарли ва аҳамиятсиз ўтиши одатий ҳол” сингари ҳақиқатларни ўзимизга вақти-вақти билан такрорлаб туришимиз лозим. Эҳтимол, ушбу парҳезнинг мазаси дастлаб расво туйилар. Ҳа, жудаям расво. Уни тўхтатиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрарсиз.

Бироқ ҳақиқат ҳазм қилингач ўзингизни жуда енгил ва соғлом сеза бошлайсиз. Охир-оқибатда елкангиздан тоғ ағдарилади. Сиз доим бошқалардан ажралиб туриш керак деган фикрдан қутуласиз. Мустаснолигингизни исботлашга интилиш ортидан келган стресс ва таҳлика қалбингизни тарк этади. Ўзингизнинг ўртамиёна ва оддий инсонлигингизни тан олиш сизни, ҳақиқатан, ортиқча умидларсиз бажаришни истайдиган ишларингизга имкон беради.

Ҳаётдаги оддий ҳақиқатлардан завқланишни ўрганасиз: дўстлик, яратувчанлик, кўмак, мутолаа, қимматли инсон билан биргаликда кулиш роҳатидан баҳраманд бўласиз.

Зерикарли эшитилади, шундайми? Чунки булар оддий нарсадир. Балки, бу оддийлик бежиз эмасдир. Одатда, оддий нарсалар жуда муҳим ҳисобланади.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации