Текст книги "Мавлоно"
Автор книги: Ўндер Меҳмет
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 12 страниц)
Меҳмет Ўндер
Мавлоно
МАВЛОНО ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
(СЎЗ БОШИ ЎРНИДА)
Сир эмаски, даҳрий шўро тузуми даврида Шарқ дунёсининг кўплаб мутафаккир олиму адиблари ижодига бир томонлама, яъни синфийлик нуқтаи назаридан ёндашилди. Жумладан, Жалолиддин Румий ижоди ҳам бундан мустасно эмас. Фақатгина мустақилликдан сўнг мамлакатимизда мазкур адиб ҳаёти ва ижодига холис баҳо бериш имконияти туғилди. Чунончи, сўнгги йилларда Шарқнинг ушбу буюк даҳо адиби ижоди борасида олимларимиз томонидан қатор тадқиқот ишлари олиб борилди ҳамда Румий мерос қолдирган нодир асарлар аслиятдан ўзбек тилига ўгирилиб, кенг ўқувчилар оммасига тақдим этилди.
Эътиборингизга ҳавола этилаётган турк адиби Меҳмет Ўндернинг “Мавлоно” биографик асари таржимасига ҳам ана шундай эзгу ният илинжида қўл урилди. Бошқача қилиб айтганда, ягона мақсадимиз буюк Мавлононинг “Ё бўлганингдек кўрин, Ё кўринганингдек бўл” ўгитига амал қилиб, Жалолиддин Румий сиймосини имкон қадар бор бўю басти билан ўқувчиларимиз кўз ўнгида гавдалантиришдир.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида ҳали болалик чоғидаёқ валийлик аломатлари зуҳур этган Мавлоно ҳаёти дебочаси хусусида ишорали бир тарзда шундай маълумот беради: “Аларнинг валодати Балхда эрмиш, олти юз тўртда, Раби ул-аввал ойининг олтисида. Дебдурларки, Мавлоно ҳазратлариға беш ёшидин бери ғайбе сувар ва руҳоний ашкол, яъни малойика суфраси ва хавос инсу жин пардасики, қибоби иззат мастурларидур– лар, зоҳир ва мутамассил бўлурлар эрмиш”.
Туркиянинг Қўнё шаҳри Жалолиддин Румий мақбараси қошида ташкил этилган Мавлоно музейи директори лавозимида узоқ йиллар фаолият юритган Меҳмет Ўндер Мавлоно ҳақидаги биографик асарида Жалолиддин Румийнинг “Маънавийи маснавий”, “Девони кабир”, “Фиҳи мо фиҳи” асари ҳамда замондошларига ёзган 147 мактубдан иборат “Мактубот”и қатори Султон ул-уламо Баҳо Валаднинг “Маъориф”, Шамс Табризийнинг “Мақолот”, Мавлононинг ўғли Султон Валаднинг “Ибтидонома”, шунингдек, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” каби асарларидан кенг фойдаланганини кўрамиз. Айниқса, ХV аср мавлавийшунос олим Афлокий Аҳмад Даданинг “Маноқиби орифин” рисоласи “Мавлоно” асари учун асосий манба бўлиб хизмат қилган.
Шуни ҳам айтиш керакки, муаллиф мазкур манбалар билан чекланмай, ўз навбатида, Ғарб тарихчи олимлари Виллай Дурант, Морис Барес, Мариан Хери ва “Маснавийи маънавий”ни инглиз тилига ўгирган Рейнольд А. Никольсонларнинг қарашларига ҳам мурожаат қилган.
Мазкур биографик асарнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, ўзбек ўқувчиларига илк бор Мавлоно Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодининг тадрижий такомили борасида яхлит маълумот беради. Муаллиф жаҳоншумул адибнинг Балхда Султон ул-уламо Баҳо Валад хонадонида таваллуд топиб, Қўнёда вафот этгунга қадар кечган муҳим ҳаётий воқеликларини қаламга оларкан, шу билан бирга, ХII аср бошларидаги сиёсий вазиятга ҳам тўхталиб ўтади. Хусусан, Мовароуннаҳру Хуросонни ўз ичига олган Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳукмдори Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳамда Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар қўшини ўртасида кечган курашнинг салбий оқибатларига эътиборни қаратади.
Шунингдек, ўқувчилар Мавлоно ҳаёти ва ижоди баробарида буюк мутафаккир адибнинг “Маънавийи маснавий” асари, рубоий, ғазаллардан таркиб топган “Девони кабир” (“Улуғ девон”) куллиёти, мутасаввуф олимнинг диний ва дунёвий қарашлари, фалсафий мушоҳадалари суҳбат ҳолида ҳикоя, мисоллар орқали акс эттирилган “Фиҳи мо фиҳи” (Нимаики Ундадир, Ундандир), асари ва ниҳоят, турли даврларда олиб борган ёзишмаларини ўз ичига олган “Мактубот” каби нодир асарларининг битилишига сабаб бўлган ёхуд бевосита кўмаги теккан муршиди комил Шамс Табризий, салжуқийлар саройи амири Сулаймон Парвона, котиб Ҳисомиддин Чалабий, заргар Шайх Салоҳиддин ҳамда ўғли Султон Валад каби тарихий шахслар ҳақида ҳам етарлича маълумотга эга бўлишади.
Бундан ташқари Мавлононинг шахсияти, яшаш тарзи, оила, аҳли аёл ва яқинларига бўлган ибратомуз муносабати ҳам кишини бефарқ қолдирмайди. Айниқса, аёлларга муомала, муносабат масаласида уларга бемаъни зуғум, тазйиқ ўтказишдан кўра аёл зотига яратилиш фитрати ҳамда руҳиятининг инжаликларига хос ва мос равишда ёндашилмоғи лозимлиги ҳақидаги фикрлари яна бир бор унинг ўрта аср муҳитида нақадар илғор дунёқарашга эга бўлганлигидан далолат беради.
Мавлоно нафақат Ислом динидаги турли оқим ёхуд мазҳаблар ўртасидаги тушунча-ю тасаввурларни ягона нуқтага бирлаштира олди, шу билан бирга, ўз давригача мавжуд бўлган мухталиф динлардаги муштарак қарашларни ҳам уйғунлаштириб, асарларида юксак даражада талқин этди. Зеро, унинг буюклиги ҳам, асарларининг якдилликка чорловчи куч-қудрати ҳам шунда.
Шермурод СУБҲОН,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
МАВЛОНО
Хом эдим / Пишдим / Ёндим
I БЎЛИМ
БАЛХ ШАҲРИДА БИР ОЛИМ: ОЛИМЛАР СУЛТОНИ БАҲОУДДИН ВАЛАДБугунги кунда шимоли-ғарбий Афғонистонни ҳам ўз ичига олган Ўрта Осиёнинг Туркистон ҳудудида деярли барча аҳоли туркий тилда гаплашади. Орол денгизига қуйилган Амударёнинг бу қисмида, Эрон чегарасига яқин эски тижорат йўли устида Балх шаҳри қад кўтарган. Хуросоннинг ушбу кекса шаҳри ўзининг неча минг йиллик тарихи давомида озмунча сиёсий ва ижтимоий воқеаларга гувоҳ бўлмаган. Асрлар оша турли истилолар остида эзилган ҳамда турли дин ва маданиятлар таъсирида қолган Балх шаҳри уммавийлар давридан бошлаб Ислом давлатлари назоратига ўтгач, ҳудуддаги бутпараст, маъжусий, шомон, буддавий, насроний ибодатхоналари ўрнига жоме масжидлар қурилиб, шаҳарга “қуббат ул-ислом” (Ислом қуббаси) сифати берилади. Баъзи арабча манбаларда Балхни “ум мул-билод” – “шаҳарлар онаси” деб ҳам аташади.
Маълум бир даврдан сўнг Балх салжуқийлар давлати ҳукмронлиги остида етакчи илм ва урфон марказига айланганини кўрамиз. Салжуқийлар давлати бош вазири Низомулмулк қурдирган мадраса, кутубхона ва расадхоналар Балхда улкан мавқега эга бўлади. Йиллар давомида олиб борилган доимий истилолар халқни қаттиқ ҳолдан тойдирган эди. Бу дунёда ҳузур-ҳаловат топа олмаган омма энди бутун диққат-эътиборини нариги дунё ҳақидаги тушунча ва эътиқодга қаратган эди. Чунончи, турли бўҳрон ва инқирозлар ҳукм сурган мана шундай кунларда тасаввуфий тушунчаларнинг кенг ёйилишига замин яратилади. Балхда тўпланган бир қатор сўфийлар “ваҳдат ул-вужуд” фалсафасининг турли дунёқараш ва тушунчадаги вакиллари сифатида халқ ўртасида кенг эътибор қозона бошлайдилар. Ислом дини доирасида турфа тасаввуфий суҳбатлар ташкил этиларкан, Тангри вуслати йўлида маънавий гўзалликка интилиш тобора кучая боради.
Салжуқийлардан сўнг Хоразмшоҳлар қўлига ўтиб пойтахтга айланган Балхнинг мадрасалари машҳур олимлар, шайхлар ҳамда уларнинг муридлари-ю дунёдан қўлини ювиб, қўлтиғига урган ва таваккулга бўйин эгган дарвешлар, дарбадар сайёҳлар, талабалар билан тўлиб-тошмоқда эди.
Баъзан олимлар, шайхлар ўртасида ҳам дунёқараш ва эътиқод масаласида турли зиддиятлар, низолар ўртага чиқмоқда эди. Ана шундай мураккаб вазият ҳукм сурган Балхда бир олим бор эдики, у жозибали сўзлари ва сабоқлари билан инсонларни ўз эътиқоди атрофига тортмоқда эди. Қолаверса, унинг халқ ўртасидаги мавқеи юксаклиги туфайли мадрасаси нафақат муридлари билан тўлиб-тошмоқда, балки у қайси бир жамоада пайдо бўлмасин, ўша ер маҳшар11
Маҳшар – қиёмат куни барча тўпланадиган майдон маъносида.
[Закрыть]га ўхшарди. Сўзлари дарҳол ёд олинар, қоғозга битилиб, қўлма-қўл бўлиб кетарди. Бир бор тинглаган кимса ойлар давомида унинг таъсирида юрарди. Хуллас, унинг нуфузи ҳатто шайхларни ҳам қизғантирадиган даражада тобора ортиб бормоқда эди.
Шунга қарамай, у тавозе билан Ҳаққа қуллик қилар, инсонларни Ҳақ ва ҳақиқат йўли: тўғрилик, яхшиликка бошларди. Халқ кўрсатган ҳурмат ва эътиборни яна халқнинг ўзига қайтарарди.
Балх шаҳрининг ҳатиб ўғиллари уруғига мансуб, етти авлоди олим, ўзи, сўзи тўғри ушбу таниқли олимга Ҳусайн Ҳатибий ўғли Баҳоуддин Валад дер эдилар. Баъзи манбаларда унинг онаси хоразмшоҳлар хонадонига мансуб, яъни Султон Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи бўлгани қайд этилади.
Баҳоуддин Валад отаси Ҳусайн Жалолиддин Ҳатибийдан жуда эрта айрилиб, ниҳоятда маданиятли аёл ҳисобланган онасининг қўли остида таҳсил ва тарбия олади. У ҳали ёш бўлишига қарамай, кучли ҳофизаси, ноёб истеъдоди ва заковати туфайли Балхдаги нуфузли мадрасалардан бирида мударрисликка тайинланиб, тасаввуф йўлида юксак мартабаларга эришади. Ушбу ёш олимдан файз олиш учун мамлакатнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан оқиб келган муриду талабаларнинг ҳад-ҳисоби йўқ эди. Унинг аждодлари дин йўлида саъй-ҳаракат кўрсатиб, охират салтанатига эришган зотлар эди. Энди у ҳам айни шу йўлдан юриб, инсонларга маънавий олам эҳсонларини сочмоқда эди.
Илми ва кароматига биноан ўз пайтида унга “Султон ул-уламо” – Олимлар султони деган ном берилган эди. Бу унвоннинг берилиши манбаларимизда шундай қайд этилади: бир кеча Балхнинг таниқли уч юз олими бир хил туш кўради. Саҳрода қурилган каттагина чодир ичида Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) саҳобалари билан ўтирган бир пайтда балхлик Баҳо Валад одоб ва ҳурмат билан салом бериб чодирга киради. Шунда пайғамбаримиз Баҳо Валадга илтифот кўрсатиб, унга ўнг томонларидан жой берадилар ва у ерда ҳозир бўлган муфтию имомларга қарата:
– Бугундан эътиборан Баҳо Валадга Султон ул-уламо дея хитоб қилинглар! – деб буюрадилар. Тонг отгач, айни тушни кўрган олимлар тўғри Баҳо Валаднинг мадрасасига йўл олишади. Улар ҳали оғиз очмасданоқ, Баҳо Валад уларнинг кўрган тушларини миридан сиригача айтиб беради. Олимлар:
– Оллоҳ ва Расулуллоҳ шоҳиддир, биз ҳам шоҳидмизки, сен Султон ул-уламосан, бугундан эътиборан худди шу ном билан танилгайсан, – деб айтишади.
Шундай қилиб, у халқ орасида Султон ул-уламо сифати билан кенг танила бошлайди. Дастлаб Фахриддин Розий каби уни хушламаган, шуҳратини қизғанган баъзи олимларнинг эътирозига қарамай, бу унвон абадиятга қадар унинг номи сифатида яшаб қолади.
Баҳо Валад вояга етгач, Балх амири Рукниддиннинг қизи Мўминага уйланади. Бир йил ўтиб, уларнинг оиласида фарзанд дунёга келади. Баҳо Валад болага Аълоиддин Муҳаммад дея исм қўяди. Сўнгра иккинчи фарзанд туғилади. Юзида илоҳий нур порлаган ушбу ўғлига отанинг меҳри бўлакча эди. Эндигина туғилган чақалоқни Мўминанинг қучоғидан олган Султон ул-уламо:
– Муборак бўлсин, Муҳаммад Жалолиддин! Бу бола бошқа болаларга ўхшамайди, уни яхши парвариш қил, Мўмина, – дейди. Шу тариқа болага Муҳаммад Жалолиддин дея исм қўйилади.
Ёш Жалолиддин ана шундай улуғ бир олимнинг иккинчи ўғли ўлароқ, онаси ва етук муридларнинг тарбияси остида улғая бошлайди.
БАЛХДАГИ ФИКРИЙ ТАФОВУТЛАРСултон ул-уламо Баҳо Валаднинг икки яқин дўсти ва муриди бўлмиш самарқандлик Шарафуддин Лоло ва термизлик Сайид Бурҳониддин ёш Жалолиддиннинг тарбиясини ўз зиммаларига олишади. Бола беш ёшга тўлиши биланоқ, унга ўқиш ва ёзишни ўргатишади. Ҳали ёш бўлишига қарамай, ўткир заковати, нодир истеъдоди билан Жалолиддин барчанинг диққатини ўзига жалб эта бошлайди. Баъзан отасининг мадрасасига бориб, одоб билан бир чеккада ўтирар, суҳбат асносида айтилган сўзларни жўшиб тингларди. Бутун борлиғи билан эшитган ҳар сўз борасида мулоҳаза юритиб туриб, баъзан унинг кутилмаганда ўртага ташлаган катталарга хос саволлари ён-атрофдагиларни ҳайратга соларди.
Кунлардан бир кун ёш Жалолиддин ва акаси қўшни болалар билан томда лой ўйнаркан, бир бола Жалолиддинга:
– Кел, бу томдан нариги томга ҳатлаймиз… – дейди. Жалолиддин кулиб:
– Йўқ, бу иш мушук ва итлар осонлик билан қила оладиган жўн иш. Агар кучингиз етса, томдан томга эмас, келинг, кўкларга учайлик, оламларни сайр қилайлик… – дея жавоб беради.
Айтишларига қараганда, ёш Мавлоно бу сўзларни айтгач, ногоҳ кўкка сакраган, қўшни болалар қўрқувдан уввос солиб бақиришган экан. Маълум бўладики, ҳали болалигиданоқ унинг ҳаяжони ичига сиғмаётган эди.
Баҳо Валаднинг ваъз ва сабоқлари ён-атрофга жуда катта таъсир кўрсатиб, тинглаганларни тобора ром этмоқда, бу сабоқлар талабалар томонидан ёзиб олиниб, “Маориф” номи остида уч жилдга тўпланмоқда эди. Айтилган гаплар баъзан асоссиз ва васвасали илмлар билан шуғулланган файласуфларга қаттиқ тегиб, улар халқнинг олдида шафқатсиз танқид остида қолмоқда эдилар. Қолаверса, айни кунларда сўфийлар билан файласуфлар ўртасида дунёқараш борасида анчагина зиддият пайдо бўлганди. Балхнинг Фахриддин Розий ва Султон Муҳаммад Такиш Хоразмшоҳ каби баъзи етакчи файласуфлари юнон фалсафасига асосланган ҳолда, ақлга таянадиган идрок таъсири остида эдилар. Сўфийлар эса ҳақиқатга фақатгина илоҳий жазава билан эришиш мумкинлигини, яъни руҳ риёзат воситасида покланиши, нафс ўлдирилиши лозимлигини илгари сурмоқда эдилар.
Бу икки фарқли идрок, табиийки, Баҳо Валад билан Фахриддин Розийни ўзаро рақибга айлантирганди. Фурсат топилди дегунча, улар бир-бирларига тиғдек ботгувчи сўзлар айтиб қолардилар. Бир ваъзида Баҳо Валад тағин жўшиб бундай дейди:
– Эй Фахри Розий! Эй Хоразмшоҳ! Эй уларнинг тарафдорлари! Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатингизни ўйлаб, қалб ва илоҳий кашфни бир чеккага сурган, зулматда қолган кишиларсиз. Ортидан елиб-югурган хом хаёлларингиз сизни нафснинг қулига айлантирган. Қалб кўзингиз ёпиқ бўлгани сабабли ҳақиқатни кўра олмайсиз. Шунинг учундирки, васваса ва бўш хаёлларингиз бирла ўзингизга ҳамда бошқаларга зиён қилмоқдасиз…
Бу беаёв сўзлар дарҳол бутун Балхга тарқалиб, саройга етиб боради. Фахриддин Розий ва яқинлари Султонга шундай арз қилишади:
– Баҳо Валад Балх халқини бутунлай ўзига тобе қилди. Бизга ва сизга сира назар-эътибор бермаганидек, очиқдан-очиқ ёмонлашга тушди. Қўрқамизки, бир кун салтанат тахтига ҳам қасд қилгай. Чора кўрмоқ лозим…
Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ бу сўзларни эшитиб, ниҳоятда мутаассир бўлди. Унинг Баҳо Валадга нисбатан жуда катта ҳурмати бор эди. Гарчи Баҳо Валаднинг салтанат тахтига кўз тикиш нияти йўқлигини билса-да, бироқ кўнглига қўл солиб кўришни маъқул топди ва содиқ одами орқали унга шундай хабар йўллади:
– Шайхимиз агар Балх ўлкасини қабул қилсалар, бугундан эътиборан подшоҳлик ҳам, ўлкалару аскарлар ҳам У кишиники бўлгай. Менга эса бошқа бир ўлкага кетишга рухсат бергайлар. Чунки бир ўлкада икки подшоҳ бўлиши жоиз эмас.
Ушбу таклифга Баҳо Валад шундай жавоб қайтаради:
– Балх Султонига салом айтинг. Бу дунёнинг фоний ўлкалари, аскарлари, хазиналари, тахтлари подшоҳларга ярашгай. Биз дарвешмиз, бизга мамлакат ва салтанат муносиб эмас. Биз кўнгил хушлиги ила сафар қилайлик-да, Султон ўз яқинлари ва дўстлари бирла юзма-юз қолсин.
Дарҳақиқат, айни дамларда Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари Балх чегараларига қадар етиб келиб, ишғол этган ҳар бир ўлкани шафқатсизларча талон-торож қилмоқда ҳамда ёқиб, кулини кўкка совурмоқда эди.
Мисли кўрилмаган бундай ёвузликларнинг даҳшатли аччиқ хабарлари етиб келган сари Хуросон ўлкаларида ҳузур-ҳаловат йўқолиб, умидсиз халқ тўда-тўда бўлиб, ғарб мамлакатлари: Эрон, Ироқ ҳамда “Диёри Рум” деб аталган Онадўлига кўча бошлаган эди. Баҳо Валад, бир томондан, мамлакатда ҳукм сурган ушбу нотинч вазият тақозоси, иккинчи томондан, Хоразмшоҳлар саройида кейинги пайтларда унинг шуҳрати ва илмига нисбатан ҳасад ва иғвонинг авж олгани туфайли Балхга асло қайтмаслик ниятида ушбу шаҳарни тарк этишга қарор қилганди. Бу қарорини Султоннинг ишорали сўзлари боис янада тезлаштирганди. Султонларга доимо халққа адолатли ҳукмфармолик қилишни тавсия қилган, бироқ давлатдан ҳатто бир чақа ҳам олмай, берган фатволаридан келган озгина маблағ эвазига қаноат қилиб кун кечирган Баҳо Валад бирор-бир фитна чиқишига йўл қўймай, Балхдан узоқлашишни маъқул деб билганди. Бу қарорини дўстларига:
– Сафарга ҳозирлангаймиз. Бу биз учун хайрли бўлгай, – дея маълум қилади.
Баҳо Валаднинг Балхни тарк этиш хабари дарҳол ҳамма ёққа тарқалганди. Унинг мадрасаси олдида тўпланган халқ ёлғиз қолдириб кетмаслиги учун ёлвориб, кўз ёш тўкмоқда эди. Бу ёлворишлар, доду фарёдлар Баҳо Валадни қароридан қайтаролмади. Айни дамда халқ ўртасида тушунмовчилик пайдо бўлиб, ҳатто бу кўчишга сабабчи бўлганларга қарши исён кўтарилишига оз қолганди. Фахриддин Розий ва унинг яқинлари кўчага чиқа олмай, қўрқувдан титрамоқда эдилар. Кўч кунлари яқинлашган сари халқ ғалаён ёқасига келиб қолаёзганди.
Аҳвол тобора кескин тус олаётганидан хавотирга тушган Султон вазири билан бирга Баҳо Валадни зиёрат қилиб, узрхоҳлик кўрсатиб, қароридан воз кечишини ва халқни тинчлантиришини сўрайди. Султон Баҳо Валаднинг кўчиш қарори қатъий эканлигини билгач, ҳеч бўлмаса, халқ ўртасида катта намойиш – тартибсизлик содир бўлмаслиги учун яширинча кўчишни илтимос қилади.
Ўзи туфайли бировнинг ранжишини истамаган Баҳо Валад жума куни эрта тонгда, бомдод намозидан сўнг кичик бир карвонини ҳозирлатиб, китобларини ва баъзи лозим бўлган нарсаларини, оиласи ҳамда ўзига яқин муридларини ёнига олиб йўлга тушади. Балхда фақатгина болалигида энагалик қилган кекса Насиба хотин қолади, холос. Бу пайтда ўғли Мавлоно Жалолиддин бир қанча манбаларда қайд этилганидек, уч ёки тўрт ёшлардаги болакай эмас, балки анча улғайган, яъни ўн тўрт ёшлардаги доно ўспирин сифатида отасига ҳамроҳлик қилмоқда эди.
Балхнинг кўкка бўй чўзиб турган миноралари ортда қолиб, карвон жанубга томон йўл олади.
Бу шундай бир карвон эдики, унда олтин, кумуш ёхуд Ҳинд дурлари-ю Чин ипаги каби дунё бойликлари эмас, балки олам-олам китоблар ортилган бўлиб, муҳофизи Тангри, қиличи иймон, раҳнамоси илм эди. Карвон тоғлар, қирлар оша илгарилаб бормоқда эди.
Баҳо Валад Балхдан чиқиб кетаркан, ушбу оқ соқолли, нуроний юзли кексанинг этагига ёпишиб қўлларидан ўпаётган, хайр ва дуосини ниёз этаётган оломонга қарата айтган сўнгги сўзи шундай бўлганди:
– Мен энди кетмоқдаман. Менинг ортимдан дунёга тариқдек сочилган мўғул аскарлари Хуросон ўлкасини забт этажак, Балх аҳолисига, минг афсуским, ўлимнинг аччиқ шарбатини тоттиражак…
Дарҳақиқат, Баҳо Валаднинг Балхдан бу кўчишидан озгина ўтмай, 1214 йилда Балх Чингизхоннинг ёвуз қўшини томонидан қамал қилиниб, шаҳар талон-торож этилди, ўт қўйилди, бегуноҳ халқи шафқатсизларча қиличдан ўтказилди…
Баҳо Валад бу таҳликани олдиндан билган, эндиликда ўз фикрларини халққа бемалол айта оладиган, хавотирсиз бир макон изламоқда эди.
Карвон узоқ йўл юриб, қаерда қўним топса, ўша ернинг диний ва дунёвий буюклари пешвоз чиқиб, Баҳо Валад ва шерикларини уйларига, саройларига таклиф этмоқда эдилар. Бироқ Баҳо Валад ўзига кўрсатилган бундай чексиз ҳурмат ва самимиятга миннатдорчилик билдирган ҳолда мадрасадан бошқа бирор ерга қўнмай бормоқда эди.
Бу йўлнинг сўнги қаерга бораркин? Карвондагилар ҳеч нарса сўрамас, таваккал қилиб, Баҳо Валад ишорат қилган манзилларга талпинмоқда эди. Илк катта манзил Нишопур бўлди.
Ўз даврининг илғор илм ва маданият маркази ҳисобланган Нишопурда буюк мутасаввуф Фаридиддин Аттор яшарди.
Буюк донишманд Фаридиддин Аттор Баҳоуддин Валадни кутмоқда, Султон ул-уламо қайси шаҳарга етиб бормасин, Аттор бундан хабардор эди. Ниҳоят, Нишопурда икки Ислом қутби бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришдилар. Бир неча кун давомида узоқ-узоқ суҳбатга машғул бўлдилар. Ҳикмат инжулари сочилган ушбу илмий суҳбатларда ўн тўрт ёшли Жалолиддин ҳам қатнашмоқда эди. Бир суҳбат асносида Шайх Аттор Баҳо Валадга:
– Ўйлайманки, сизнинг бу ўғлингиз яқин замонда олам ичра ошуфта кўнгилларга оташ солгай, – дейди.
Шайх Фаридиддин Аттор ҳали ўспирин, бироқ ёшига қараганда анча етук Жалолиддинни тақдирлаб, айни кунларда ёзган “Асрорнома” асарининг бир нусхасини унга совға қилади.
Кейинчалик Мавлоно Жалолиддин ўзининг машҳур “Маснавийи маънавий” асарида ушбу асардан кенг фойдаланиб, ўрни келганда Шайх Атторни бот-бот алқаб ўтади.
Нишопурда неча кун қолганлари маълум эмас, бироқ кўп ўтмай, карвон яна йўлга тушди. Шайх Аттор ёшли кўзлар билан карвонни кузатаркан, отасининг ортидан юрган Мавлонога ишора қилиб:
– Во ҳайрато! Бир ирмоқ улкан бир уммонни эргаштириб бормоқда! – дейди.
Бу сўзлар замирида бир ирмоқ воситасида улкан уммоннинг юзага келиши ифодаланганини кўрамиз. Қолаверса, Баҳоуддин Валаднинг ўзи алоҳида бир уммон эди.
Карвон Бағдод томон йўл олади. Бир неча кун ўтиб, ниҳоят узоқдан Бағдоднинг юксак қубба ва миноралари кўрина бошлайди. Шаҳарнинг муҳофизлари от суриб келиб, карвонни тўхтатишади. Ораларидан бир муҳофиз:
– Қаердан келиб, қаерга кетяпсизлар? – деб сўрайди. Баҳо Валад бошини чодирдан чиқариб, шундай жавоб беради:
– Тангридан келдик, Тангрига боргаймиз. Тангридан бошқа кимсада қувват ва қудрат йўқдирки, бизни тўхтатса. Биз ломакондан22
Ломакон – йўқлик, маконсизлик.
[Закрыть] келиб, ломаконга кетмоқдамиз.
Бу жавоб араб муҳофизларини ҳайратга солади. Тўрт мил33
Мил – масофа ўлчов бирлиги; 1 мил – 1848 метр.
[Закрыть] ортга қайтиб, аҳволни ва эшитганларини халифага маълум қилишади. Халифа Бағдоднинг таниқли олимларидан Шайх Шаҳобиддин Суҳравардийни саройига чорлаб, ушбу сўзларнинг ҳикматини сўрайди. Суҳравардий:
– Бу сўзларни фақатгина балхлик Баҳоуддин Валад айта олади, чунки бу асрда ундан бошқа ҳеч ким бундоқ сўзни айта олмагай, – дея жавоб беради ва дарҳол муридлари билан бирга Баҳо Валадни кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига йўл олади. Учрашганларида Суҳравардий Баҳо Валаднинг тиззасидан қучиб, ўз уйига таклиф этади. Баҳо Валад:
– Имомларга энг муносиби мадрасадир, – дея таклифни қабул қилмай, бир мадрасадан қўним топади. Барча унинг хизматига югурар, зиёратчиларнинг охири кўринмасди.
Жума кунларининг бирида бутун Бағдод халқи халифа билан бирга жоме масжидини тўлдириб, елкама-елка намоз ўқишди. Минбарга чиққан Баҳоуддин Валад халқнинг кўз ёшлари остида соатларча ваъз ўқиб, ҳикматли сўзлари билан жамоани жўшга келтирди.
Дейдиларки, Султон ул-уламо Бағдодга келган кун халифа совға тариқасида лаъли тўла уч минг тилла жўнатган экан, Баҳо Валад:
– Халифанинг моли ҳаром ва шубҳалидир. Завқ ва кайфу сафога берилган одамнинг совғасини қабул қила олмайман, – дея бу ҳадяни ортга қайтаради. Жума ваъзида эса халифага нисбатан оғир сўзлар сўйлайди:
– Мўғул қўшинлари ён-атрофни ёқиб, йўқ қилиб келмоқда. Сизни ҳам исканжага олиб ўлдиришади. Ҳали вақт ғаниматда ҳозирлик кўринг, кўнгил кўзидан ғафлат пардасини кўтариб, Тангрига тавба-тазарру қилиш пайида бўлинг, – дейди.
Ҳақиқатан ҳам кўп вақт ўтмай, Чингизхон қўшинлари томонидан Балх ишғол қилингани, халқи қиличдан ўтказилиб, кутубхоналар ёқилгани ҳақидаги хабар Бағдодга етиб келади.
Балхдан кўчишнинг сабаби яна бир бор ўз тасдиғини топганди. Маълум бир муддат ўтиб, Бағдод халқи ҳам шундай балога учрайди, халифа мўғуллар қўлида жон беради.
Баҳо Валад Бағдодда ҳам кўп қолмади. Маккага, Байтуллоҳга бориб эҳромга кириш учун йўлга тушди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.