Электронная библиотека » Ўндер Меҳмет » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Мавлоно"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Ўндер Меҳмет


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
БУРҲОНИДДИННИНГ ҚЎНЁГА ТАШРИФИ

“Саййиди сирдон”, “Муҳаққиқ”, “Фахр ул-мажзубин” каби унвонлар билан танилган Саййид Бурҳониддин бир пайтлар Балх шаҳрида Cултон ул-уламо Баҳоуддин Валаднинг муридлари қаторидан жой олиб, Мавлононинг тарбиясини ўз зиммасига олганди. Маълум бир муддат ўтиб, жўшқинлиги ва жазаваси туфайли Бурҳониддин Мажнун каби чўлу биёбонларга бош олиб кетганди. Бир неча йил дарбадар кезиб, ниҳоят, у Термиз шаҳрига келган ва узлатга чекинганди. Баҳо Валад Балхдан Онадўлига кўчгач, муршидининг Қўнёдан қўним топганини эшитиб, мўғул қўшини туфайли тинчи йўқолган бир қанча инсонлар каби у ҳам Онадўли сари йўл олганди. Ушбу сафарнинг сабаблари борасида шундай нақл мавжуд:

Кунлардан бир кун Саййид Бурҳониддин Термизда бир жамоа олдида кутилмаганда оёққа туриб: “Э-воҳ! Э-воҳ! Шайхим Баҳо Валад бу фоний дунёдан боқий дунёга кўчмиш, қани, жанозасини ўқийлик”, – дея халққа хитоб қилади ва айни кун Қўнёда вафот этган Баҳо Валаднинг жанозасини ўқийди. Сўнгра эса:

– Шайхимнинг ўғли Жалолиддин Муҳаммад ёлғиз қолиб, мени кутмоқда… Диёри Румга (Онадўлига) кўчмоқ, юзимни шайхимнинг тоза тупроғига сурмоқ ва Унинг омонати бўлган Жалолиддиннинг тарбиясини зиммамга олмоқ қарзимдир, – дея йўлга тушади.

Саййид Бурҳониддин Қўнёга етиб келиши биланоқ, шайхи Баҳоуддин Валаднинг мозорини зиёрат қилади. Бу пайтда Мавлоно онаси ва акаси мозорга қўйилган Ларенда (Қаҳрамон) шаҳрида эди. Саййид Бурҳониддин Мавлонога тезда Қўнёга қайтиши учун мактуб йўллайди. Мавлоно Қўнёга қайтгач, дарҳол унинг маънавий тарбияси остига киради. Устозини отасидан кейин бўш қолган курсига ўтқизиб, унинг олдида ҳурмат билан тиз чўкади.

Саййид Бурҳониддин Мавлоно эгаллаган илм ва амалиёт даражасини билиш учун уни имтиҳон қилади. Муршид унинг илмини олқишласа-да, баъзи жузъий камчиликлардан холи эмаслигини айтиб, йўл-йўриқ кўрсатади:

– Илмда тенгинг йўқ. Дин ва яқин1111
  Илми яқин – ҳақиқатга далил ва исбот орқали эришиш.


[Закрыть]
илмида отангдан анча ўзиб кетибсан. Ҳолбуки, отангнинг ҳам ҳол1212
  Илми ҳол – тариқатда ботиний илмлар.


[Закрыть]
илми, ҳам қол1313
  Илми қол – тариқатда зоҳирий илмлар.


[Закрыть]
илми тўлиқ эди. Истайманки, ҳол илмини сўфийлик йўли билан бошлагайсан, шайхимдан менга кўчган маънони энди сен мендан олгайсан. Бугундан эътиборан сен ҳол илмига киришишинг лозим. Бу пайғамбарлару валийларнинг илмидир. Бунга ладун илми (ҳақиқатни билиш) дейдилар. Бу йўлда ғайрат кўрсатгин-да, қуёш каби бутун оламга зиё тарат…

Шу кундан эътиборан Саййид Бурҳониддин – шайх, Мавлоно унга мурид бўлганди. Аввало, бир хонага бекиниб олиб, қирқ кун чилла тутишади. Шайх Бурҳониддин ҳар кун Мавлонога янги диний билимлар ўргатиб, Тангри ҳақиқати сирларини бир-бир аён этади.

Саййид Бурҳониддин Мавлононинг зоҳирий илмларни ҳам ўрганишини истарди. Даврнинг энг буюк мадрасалари Ҳалаб ва Шомда эди. Мавлоно ушбу шаҳарларга бориб, бир-икки йил таҳсил олиши лозим эди. Бу фикрни эшитиши биланоқ Мавлоно дарҳол йўл тадоригини кўради ва бир неча дарвеш ҳамроҳлигида Ҳалабга йўл олади. Шайх Бурҳониддин қисқа муддатга Қайсари шаҳрига бориб истиқомат қилади.

Мавлоно Ҳалаб сари йўл олганида хуржунида китобдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Аммо кўнгли… Кўнгли ўқиш ва уқиш ишқи билан ёнарди. Мавлоно Ҳалабга келиб, ўз даврининг таниқли ҳанафий фақиҳларидан Камолиддин ибн Одим мударрислик қилган Ҳалабия мадрасасига қўнди. Мударрис Камолиддин Мавлононинг отасини яхши танирди. Шунинг учун ҳам Жалолиддинга алоҳида эътибор бериб, унинг заковати ва қобилиятидан мамнун бўлганди.

Мавлоно Ҳалабда икки йил сабоқ олди. Эндиги нияти таҳсилни Шомда давом эттириш эди. Шом мўғул қўшинларидан чекиниб паноҳ топган олимлар масканига айланганди. Қолаверса, бу ерда ўз даврининг машҳур олими Муҳиддин Арабий ҳам бор эди. Мавлоно Шомга келиб, Муқаддимия мадрасасига тушди.

Жалолиддин кеча-кундуз ўқимоқ, ўрганмоқ, илм хазинасини янада тўлдирмоқ билан машғул бўлди. Илм гўё бир уммон эди-ю, Мавлоно кичик елкани билан ушбу уммонда муттасил сузиб бормоқда эди.

Мавлоно ўз даврининг қатор олимлари, сўфийларини тез-тез зиёрат этар, уларнинг суҳбатида бўлиб, ўз саволларига жавоб топарди. Шунингдек, фиқҳга оид “Ҳидоя” китобини ҳамда Муҳиддин Арабий асарларини қунт билан мутолаа қилиб, уларни шуурига жо этарди.

Мавлононинг Шомдаги таҳсилига тўрт йил тўлган кунларнинг бирида бир ҳодиса унинг Қўнёга қайтишини тезлаштирди.

Мавлоно Шомнинг гавжум бозорида ўйчан кезаркан, дунёнинг тўрт томонидан келган ҳамда тиллари каби ранглари ва кийимлари ҳам турли-туман бўлган инсонлар: оддий халқдан тортиб тужжор, сайёҳ ва дарвешлардан иборат оломон орасидан бир кимса кутилмаганда унинг қўлидан тутиб:

– Эй дунё саррофи бўлмиш Мавлоно, мени излаб топ, – дея издиҳомга қўшилиб, кўздан ғойиб бўлади.

Мавлоно унинг ортидан югуриб, чақирмоқчи бўлади, бироқ у кимса ғойиб бўлган эди…

Мавлоно анча йиллар ўтиб, ушбу кимса ўзининг энг буюк муршиди Шамсиддин Табризий эканлигини англайди.

Мазкур сирли ҳодисадан сўнг Мавлоно Шомда кўп қолмай, Онадўлига қайтади. Дастлаб, Қайсари шаҳрига бориб, шайхи Саййид Бурҳониддинни зиёрат қилади. Сўнгра у билан бирга Қўнёга йўл олади.

Саййид Бурҳониддин ўз истаги амалга ошганидан мамнун эди. У Мавлононинг илми ладунни эгаллашида муршидлик қилиб, уни ҳар жиҳатдан комил инсон ўлароқ тарбиялашга саъй-ҳаракат кўрсатмоқда эди.

Сайид Бурҳониддиннинг “Маориф” номли асаридан англамоқдамизки, у ҳам Баҳоуддин Валаднинг йўлидан бормоқда. Ушбу асарда Cултон улуламонинг “Маориф”ида бўлганидек, файласуф ва ҳакамлар танқид остига олинмоқда. Тангри дўсти, ошиқ ва ориф кимсалар мақталмоқдадир. Яъни “эранлар” – Ҳаққа эришганлар борлиқ лавҳидан Анал Ҳақ сўзини ўқиган олим кишилар сифатида тилга олинмоқдадир.

Саййид Бурҳониддин Баҳо Валаднинг “Маориф”ини бир неча бор ўқиган, Мавлонога ҳам ўқитганди.

Мавлоно Бурҳониддинга қаттиқ боғланиб, сулук1414
  Сулук – тариқат йўли, сулукни ихтиёр қилганлар солик дейилади.


[Закрыть]
даврини сабр-тоқат билан ўтказмоқда, чилладан чиллага кириб камолга эришмоқда эди. Бир неча кун давом этган риёзат рўзалари Мавлононинг рангини сўлдириб, оздириб қўйганди.

Одатда, Саййид Бурҳониддин риёзатга жуда катта аҳамият бериб, муридларига шундай дерди:

– Агар Тангрига ибодат қила олмасангиз, у ҳолда рўзани канда қилмангиз. Рўза ҳикмат хазиналарининг калитидир. Пайғамбар ва валийларнинг ботинларидаги ҳикмат булоқлари очлик ва рўза баракоти туфайли қайнаб тошган. Рўза тутишдан яхшироқ ибодат йўқдир.

Маълумотларга қараганда, Саййид Бурҳониддин ўн беш кунлаб оғзига луқма олмаган пайтлар бўлган. Ҳатто нафси хуруж қилган дамларда ошпаз дўконидаги ит ялоғи олдида туриб:

– Эй кўзи кўр нафсим, мен бундан ортиғини тополмайман, мени маъзур тут. Агар тотмоқчи бўлсанг, мана, истаганинг ёнингда, шу ялоқда, – дея нафси билан курашар эди…

Хуллас, Мавлоно ана шундай устоз қўли остида энг қийин рўза амалларига риоя қилмоқда, Саййиднинг ўчоғида пишиб етмоқда эди.

САЙЙИДНИНГ МАЪНАВИЙ ВАЗИФАСИ БИТМОҚДА…

Шундай қилиб ойлар, йиллар ўтди. Бу йиллар Мавлонони янада етуклаштириб бормоқда эди. Рўза ва чилла кунлари ортда қолди. Мавлоно Саййиднинг этагидан тутиб, тўққиз йил унинг айтганларини бажо келтирган, ҳар бири ҳақиқат инжуси ҳисобланган сўзларини тасбеҳ каби тизиб, қалбига жо қилганди. Мавлонони камолотга етказиб, вазифаси битганига ишонч ҳосил қилгач, Саййид Қайсари шаҳрига бориб, умрининг сўнгги йилларини узлатда ўтказмоқчи эди. Бироқ Мавлоно бунга кўнармикан?! Буни билган Саййид фикрини Мавлонога очиқ-ойдин айта олмаётган эди.

Саййид ёз кунларининг бирида хачирга миниб, муридлари ҳамроҳлигида Қўнё боғларини сайр қилишга чиқади. Йўлда кўнглидан “Бу ердан тўғри Қайсарига борсам…” деган ўй кечади, шу пайт кутилмаганда хачир сакраб, уни ерга қулатади ва оёғига қаттиқ шикаст етказади. Бу воқеани эшитиб, тезда етиб келган Мавлоно не кўз билан кўрсинки, устозининг оёқ суяклари синган. Шунда Саййид Мавлонога алам билан:

– Офарин, қандай яхши мурид, шайхининг оёғини синдиргай, – дейди. Мавлоно сукут сақлаган ҳолда, синиқларни ўраб-чирмаб, икки ҳафта давомида муолажа қилади. Шундан сўнг Мавлоно Саййиднинг кетмаслиги учун қаттиқ туриб олиш жоиз эмаслигини англаб етади.

Бир кун ўзаро суҳбат чоғида Мавлоно:

– Нега кетмоқчи бўляпсиз? – дея неча ойлардан бери сўрамоқчи бўлган саволини беради.

– Мана, сен энди барча нақлий ва ақлий илмларда тенги йўқ арслон бўлиб етишдинг, ўғлим… Мен ҳам ўзимча арслонман. Икки арслон бир жойда яшамагай. Шунинг учун кетмоқчиман. Мендан сўнг сенинг ёнингга буюк бир дўст келгай. Бир-бирингизга кўзгу бўлгайсиз. У сени ботиний оламнинг энг маҳрам пучмоқларига етаклагай, сен ҳам уни шундай оламда яшатгайсан. Бир-бирингизни тўлдиргайсиз ва ер юзининг энг буюк икки дўсти бўлгайсиз…

Устоз ушбу сўзларни айтаркан, Мавлоно кўзлари ёшга тўлиб тингламоқда эди. Айни дамда Саййид Бурҳониддин Шамс Табризий “зуҳур”идан хабар бермоқда эди. У сўзида давом этади:

– Оллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, заиф ва ожиз бу қул сенинг тенги йўқ олим бўлиб етишганингни кўриш саодатига эришди. Қани, энди инсон руҳиятига янги бир ҳаёт бахш этгин-да, бу сурат олами ўликларига маъно ва севгинг билан ҳаёт бағишлагин…

1239 йилнинг эрта баҳорида Мавлоно шайхининг муборак қўлларини ўпиб, бир қанча муриди ҳамроҳлигида Қайсарига кузатади. У ерда уни шаҳар валийси Вазир Соҳиб Шамсиддин Исфаҳоний зўр тантана билан кутиб оларкан, шаҳар акобирлари Саййиднинг ҳузурига келиб, таъзим қилишади ва совға-саломлар тақдим этишади. Саййид бу совғаларга асло қўл урмай, фақирларга, етим-есирларга бўлиб беришни буюради.

Саййид Бурҳониддин Қайсарига келиб, узлатга чекинади. Мавлоно вақти-вақти билан бир неча бор устозини зиёрат қилиб, кўнглини олади. Қайсари халқи Саййидга жуда катта ҳурмат кўрсатарди. Ҳатто уни бир гал жоме масжидига имомликка тайинлашади. Бироқ Саййид Бурҳониддин намоз ўқиркан, баъзан соатлаб оёқда туриб қолар, рукуъ ва саждага борганда ҳам тағин анчагача ўрнидан турмай қолган ҳоллар бўларди. Жамоат унинг бу ҳаракатига бардош бера олмай қолганди. Шунда Саййид:

– Мени маъзур тутингиз… Мен ҳаяжонга берилган одамман… Тангрининг ҳузурида ўзимдан кечиб, сизларни унутиб қўяётирман. Мен имомлик қилолмайман. Сиз ўзингизга мувофиқ имом топинг, – дея жамоатдан узр сўраб, такрор ҳужрасига чекинади.

Ушбу воқеадан кўп ўтмай, муридлар Бағдоддан мутасаввуф Шайх Шаҳобиддин Умар Суҳравардий Саййидни зиёрат қилиш учун Қайсарига келаётганини маълум қилишади. Икки кундан сўнг Суҳравардий Қайсарига етиб келади. Саййидни ҳужра олдидаги тепаликда ўтирганини кўриб, ёнига чўккалайди. Анча вақт ўтса-да, на Саййид, на Суҳравардий сўз очади.

Ниҳоят, Суҳравардий ўрнидан туриб нари кетади. Бу ғаройиб зиёратни ҳайрат билан кузатган муридлар Саййидга:

– Бу қандай учрашув бўлди? Ўрталарингизда ҳеч бир мулоқот воқе бўлмади. Бир бора бўлса-да сўзлашмадингизлар. Бунга сабаб не? – деб сўрашади. Саййид уларга шундай жавоб беради:

– Ҳол аҳли ёнида қол тили эмас, ҳол тили лозим. Қуръони Каримда “Жим қолинг” хитоби ворид бўлди. Ҳақиқатни кўрганнинг ҳузурида жим қолмоқ вожиб. Зеро, ҳол бўлмай туриб, қол билан кўнгил мушкуллари ҳал бўлмагай.

Саййид Қайсарига келганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган, умрининг сўнгги кунларини яшаётганини биларди. Бир кун хизматчисига тоғорада иссиқ сув тайёрлашни буюрди. Сув олиб келингач, туриб таҳорат олди. Сўнгра хизматчисига:

– Бор, эшикни маҳкам беркит-да, ташқарига чиқиб: “Ғариб Саййид дунёдан ўтди”, дея овоз сол, – деди. Ўзи эса хонанинг бир четига чекиниб, сўнгги дуога қўл очди:

– “Эй Буюк Тангри, эй Дўст, мени ҳузурингга қабул қил ва жонимни ол… Мени маст айла ва ҳар икки дунёдан халос эт… Ўзинг ёрлақа… Сенсиз ҳар не ила кўнглим роҳат эса, уни мендан жудо эт…” – деб, жон таслим этди…

Хизматчи дод солганича Соҳиб Шамсиддин томон югуради. Саййиднинг вафоти ҳақидаги хабар қисқа вақт ичида бутун Қайсарига тарқаган, катта бир жамоа Унинг ҳужраси олдида тўпланган эди. Соҳиб Шамсиддин жаноза тадбирини ўтказишга тайёргарлик кўраркан, Мавлонога хабар йўллайди. Маййит дуо ва такбирлар билан мусаллога қўйилиб, жаноза ўқилди, хатми Қуръон қилинди…

Мавлоно шайхининг ўлими хабарини эшитиши биланоқ, чуқур қайғу ила дарҳол Қайсарига етиб келиб, Саййиднинг мозори бошида соатларча дуолар ўқиб ўтирди.

Соҳиб Шамсиддин Саййиднинг китобларини Мавлонога тақдим этади. Ушбу китоблар орасида Саййиднинг “Маориф” номли нодир асари ҳам бор эди. Мавлоно устозининг китобларини олиб, Қўнёга қайтади.

III БЎЛИМ
ИККИ УММОН УЧРАШУВИ
МАВЛОНО ҲАЁТИДА ПОРЛАГАН ҚУЁШ: ТАБРИЗЛИК ШАМСИДДИН

Салжуқ давлати пойтахти Қўнё аср намози маҳали қуёш нурлари остида порлаб турарди. Мавлоно Жалолиддин Олтин Аба мадрасасида талабаларга сабоқ бериб, уйига қайтмоқда эди. Минган хачирини икки талаба етаклаб бораркан, боши ўнгга солинган Мавлоно тавозе ва йўқлик туйғуси ичра букчайиб, оғир, оҳиста илгарилаб бормоқда эди. Кўчанинг нақ ўртасида кутилмаганда кимдир икки қўллаб хачирнинг тизгинига ёпишди. Мавлоно хачирнинг илкис тўхташидан сесканганча ўзига келиб, бошини кўтарди. Қорачадан келган хушсурат, нотаниш бир кимса йўлини тўсиб, хачирнинг тизгинига қаттиқ ёпишганча, ўтли, кескин нигоҳлари билан Мавлонога дадил тикилиб турар эди. Соч-соқоли мошгуруч кекса дарвешнинг ўтли боқишлари остида қолган Мавлоно бундай соҳир, жозиб кўзларни умрида илк бор кўрмоқда эди. Айни дамда ногаҳоний бир учқун чақнаб, иккаласи ҳам оташ ўтида ёнгандек бўлди. Қисқа, бироқ ваҳмкор бундай сукутни нотаниш кимсанинг қатъий, дона-дона сўзлари бузди. У жиддий, жарангдор овозда сўраб қолди:

– Сен балхлик Султон ул-уламонинг ўғли Мавлоно Муҳаммад Жалолиддинсан, тўғрими?

– Ҳа.

– Бир мушкулим бор, айт-чи менга, Ҳазрати Муҳаммад устунми, Боязид Бистомийми? Хўш?..



Мавлоно кўча ўртасида тўпланган оломоннинг ҳайратомуз боқишлари остида кутилмаган бундай саволдан бир сесканди-да, тағин ўзини ўнглаб олди. Ушбу савол остида ниҳоятда улкан ҳамда тагдор маъно ётганини дарҳол идрок этиб, савол эгасининг оддий кимса эмаслигини англади ва жавоб берди:

– Бу қандай савол бўлди? Албатта, Ҳазрати Муҳаммад устун…

Савол бергувчининг боқишлари юмшаб, лабларида табассум пайдо бўлди. Ва яна сўраб қолди:

– Дуруст, аммо Ҳазрати Муҳаммад “Ё Раббим, Сенга тавба қиламан, биз Сени лойиқ бўлганинг даражада била олмадик”, – дейди. Ҳолбуки, Боязид Бистомий “Мен барча қусурлардан покландим, менинг шоним жуда юксакдир. Зеро, жисмимнинг ҳар заррасида Тангридан бошқа нарса йўқ”, дейди. Бунга нима дейиш мумкин?

Мавлоно саволнинг бу даражада жиддий тус олишини олдиндан билган эди, дарҳол жавоб берди:

– Чунки Ҳазрати Муҳаммад кунда беҳисоб даражаларга юксалар, ҳар мақом ва мартабага етганида аввалги билим ва хаёлотидан истиғфор айтарди. Шу тарзда Пайғамбар ҳеч бир мақомда ва ҳукмда тўхтаб қолмай, ўзини абадиян поклаб борадиган Раббим ҳамда унинг барча тажаллийлари ичра ҳам юксалиш ва покланишга молик бўлган эди. Мутасаввуф Боязид Бистомий эса етишган илк мақомининг сархушлиги ичра ўзини йўқотиб қўйди, шу мақомда қолди ва дарҳол шу сўзни сўйлади…

Дарвеш жавобнинг улуғворлиги олдида дош бера олмай, титраб кетди, ҳайқирганча ҳушдан ажраб ерга йиқилди. Мавлоно ҳаяжон ичра хачиридан тушиб, дарвешни қўлтиғидан тутиб кўтарди.

Айни дамда икки уммон гўё бир-бирига қовушгандек эди. Дарвеш ўзига келиши биланоқ, улар азалдан бир-бирига таниш икки дўст каби қучоқлаша кетишди. Мавлоно дарвешнинг қўлтиғига кириб, ҳеч нима демай уйига, мадрасаси томон етаклади.

Ушбу ҳолатни чуқур ҳайрат ичра томоша қилиб турган муридлар ва оломон бу ҳодисот сирини англаб ета олмай, бир-бирини қучганча кетиб бораётган икки зотнинг ортидан боқиб қолишди, холос.

МАВЛОНОНИ МАВЛОНО АЙЛАГАН ТАБРИЗЛИК ШАМС

Хўш, кўча ўртасида Мавлононинг йўлини тўсган, берган бир жуфт саволига олган жавобни эшитиб ҳушини йўқотиб қўйган, дарвеш қиёфасидаги бу асрорангиз қария ким эди? Бу зот олим ҳамда мутавозе бир сўфийни тубсиз ишқ денгизига ғарқ этган, уни ишқ қозонида ёқиб-қовурган, қисқаси, Мавлонони Мавлоно айлаган Табризлик Шамс эди.

Айтишларига қараганда, У озарий туркларидан Маликдод ибн Али деган бир зотнинг ўғли бўлиб, Табризда туғилиб, улғайган эди. У болалигиданоқ турфа ҳоллари, ғаройиб хислатлари билан кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб қилган эди. Айниқса, болалигида руй берган оддийгина бир ҳолат унинг буюк келажагидан дарак берарди: отаси билан бирга дарё қирғоғи бўйлаб сайр қилишаркан, товуқ остидаги тухумлардан чиққан ўрдак болалари дарёга отилиб, юза-юза нариги соҳилга чиққан бўлишига қарамай, товуқ сувга туша олмай, соҳилда қоқолаганча зир югурарди. Бу манзарани томоша қилиб турган ёш ва мағрур Шамсиддин отасига шундай дейди:

– Бу ҳолга боқинг, ота!.. Гўё сиз билан менинг ўртамиздаги ҳолга ўхшайди. Товуқ соҳилда типирчилаб тургани ҳолда жўжалари сувга тушиб, нариги бетга ўтишди. Маслаклар, саъжиялар ўртасида қанчалар фарқ борлигини кўрдингизми?..

Мавлавий ҳақидаги кўпгина манбаларда Шамсиддин Нажмиддин Кубронинг халифалари бўлмиш Бобо Камол ёхуд хилватия силсиласидан бўлмиш Қутбиддин Абҳар халифасининг дарвеши сифатида қайд этилади. Ҳолбуки, Шамс ўзининг “Мақолот” асарида “Менинг Табризда Абу Бакр исмли бир шайхим бор эди. Сават ясаб кун кечирарди. Ундан жуда кўп илм ўргандим. Бироқ менда бир нарса хислат эдики, уни шайхим кўра олмасди. Зотан, уни ҳеч ким ҳам кўрмаган эди, айнан шу нарсани пиру устозим Мавлоно кўрди…” дейиш ила илк шайхи сават тўқувчи Абу Бакр эканини ифода этган.

Маълум бир муддатдан сўнг шайх хонақоси ҳамда Табризни тарк этиб, шаҳарма-шаҳар кезган Шамс энди бундан кейин ҳеч кимга маҳрам бўлмай, бирор-бир шайхга боғлана олмай қолган эди. Унинг ўзига ишонган, ҳар кимни ҳам ёқтиравермайдиган ажабтовур мағрур феъл-атвори бор эди. Бир инсондан баҳс юритилганда:

– Кеча онасининг қорнидан чиқиб, бугун ломаконни идрок этиш ўрнига Тангриликни даъво қилгай. Тангри муқаллидларидан толиқдим, бездим… Бир одамни танийман, фалон шайхнинг номини, шуҳратини эшитиб, олис йўл юриб, уни кўришга келгай. Шайх ундан нега келганини сўрайди, у эса Тангрини излаш мақсадида келганини айтади. Шайх унга Тангрининг самоларда ҳукм сураётгани, самовий кемаларини юритаётганини айтгач, бечора йўловчи ўрнидан туриб ортга қайтгай ва ушбу шайхни ортиқча синаб кўришни лозим топмагай, – дейди. Бу сўзлар билан у ўзини эътиборга олаётгани маълум. Тағин айтмоқда эдики:

– Барча ўзидан, шайхидан сўз юритгай, унга нисбат иддао этиб, ҳақиқат йўлида ўзига бир ришта қургай. Ҳолбуки, бизга шахсан Тангри Расули маъно оламида хирқа кийдирди. Бу хирқа икки кунда эскириб-тўзийдиган, йиртилиб чирийдиган, гулханларга отиладиган хирқалардан эмас… Бу шундай бир суҳбат ва ҳақиқат хирқасидирки, у замон ва макондан ташқаридадир. Зеро, ишқда замон ва маконнинг чегараси йўқ…

ШАМС ТАНИЛМОҚДАН ҚЎРҚМОҚДА, ЙЎҚЛИККА ЙЎЛ ОЛМОҚДА ЭДИ

Бу сўзлари билан Шамс таг-тугининг тайини йўқ, сафсаталар орқали шайхни таъриф этганларни назарда тутмоқда, аслида бу сафсаталарнинг чиндан ҳам куракда турмайдиган лофлар эканини ифодаламоқда эди. Унинг наздида ҳақиқатга лоф билан, ҳатто илм билан ҳам етиб бўлмайди. Илоҳий висолга фақатгина шариатга амал қилиш, мезонларга бош эгиш, етук бир муршиднинг, йўл кўрсатувчининг тарбияти остига кириш, ишқ билан, муҳаббат билан йўл олиш орқали етиш мумкин эди. Шунинг учун ҳам у файласуфларга эътироз билдирарди:

– Шўрлик файласуф ўн хил ақл бор, улар бутун коинотни қоплаб олган, дейди. Кейин эса ҳеч бир ақлнинг ҳақиқатни топа олмаслигини англаб, каловланиб бошини қашийди, бироқ тағин бундан сабоқ олмайди…

Шамс илоҳийни, билимни, ҳатто мингларча йил таҳсил олинса-да, ўрганиб бўлмаслигини, ҳеч бир билимнинг Оллоҳ вуслати қўлга киритилган файзга тенг бўла олмаслигини сўйлар, бу ҳикмат ва ҳақиқат манбаини кўнгилдан, яъни шубҳа ва гумонлардан холи соф кўнгиллардан излар эди. Дердики:

– Ҳамма нарса инсонга фидодир, инсон эса ўзига, ўз ҳақиқатига фидо… Оллоҳ кўкларни ва аршни эмас, башарни улуғлаганидан хабар беради. Аршга борсанг ҳам, унинг устига чиқсанг ҳам фойда йўқ… Шунингдек, етти қават ер остини кечиб ўтсанг ҳам бефойдадир. Кўнгилга кирмоқ, кўнгил соҳибига ёр бўлмоқ лозим. Барча пайғамбарларнинг аъмоли кўнгилдир. Ва инсон ўзини билгачгина, ҳамма нарсани билгай.

Шамсга кўра қуллик – кўнгил қуллигидир. Хизмат – кўнгил хизматидир. Бу эса инсоннинг Тангрида ғарқ бўлишидир. Шариат эса бу ғарқ бўлишнинг тамал тошидир. Бошқа йўл йўқ. “Бир лаҳза ўйга толмоқ, муроқаба1515
  Муроқаба – Оллоҳ Таолонинг фикру ёди билан дунё тааллуқотларидан узоқ бўлиш.


[Закрыть]
га бормоқ, кўнгилга эгилмоқ олтмиш йиллик ибодатдан хайрлидир” ҳадисидаги ўйга толмоқдан мақсад ҳам содиқ дарвешнинг кўнгил ҳузуридир. Ҳаққа қайтиш Ҳаққа таслим бўлишдир.

Шамс мудом ҳақиқат аҳли, кўнгил соҳибини излаб, олис йўллар кезмоқда, турли ўлкалардаги хонақоҳ, карвонсаройлардан қўним топмоқда эди. Баъзи мамлакатларда, ҳатто маълум бир муддат туриб қолган пайтлари ҳам бўларди. Бироқ бундай дамларда кўпинча муридлар уни тезда таниб қолиб, атрофини ўраб олишарди. Шунда у бу ерларда туриб қолиш таҳликали эканини англаб, тезда бошқа мамлакатга кўчиб ўтарди. Кўпинча Шомга борарди. Шомда бир хонақоҳга тушиб, ҳужрасини қулфлаб олар, сўнг эса бир неча кун давомида ёлғиз қолиб, ҳеч кимни ичкарига киритмас, биров билан кўришмасди. Доимо риёзат чекар, бир кулча нон, бир қумғон сув билан кун кечирарди. Шомда экан, бир оҳакчи дўконига борган эди. Оҳакчи эски муштарийсини дарҳол таниб қолиб, унга бир оз суюқ ёвғон билан иссиқ кулча нон тутади. Шамс ўзини таниб қолишганини пайқаб, косани ерга қўяди ва қўлларини ювиш баҳонасида дўкондан чиқиб, шу куниёқ Шомни тарк этади. Яна бир гал Арзирум1616
  Арзирум – Онадўлидаги шаҳар номи.


[Закрыть]
да жойлашиб, мактабда дарс бера бошлайди. Бироқ қисқа бир вақтдан сўнг халқ уни таниб, атрофини қуршаб олади. Кўп ўтмай, у бу ердан ҳам жўнаб кетади.

Табризлик Шамсиддин эришган мақом ва мартабаларда тўхтаб қолмай, янада етук бир шайх, янада юксак мақом изламоқда эди. Ўзини улуғ мақомларга эриштирадиган муршиди комилнинг суҳбатига нойил бўлиш учун йиллар давомида қатор мамлакатларни кезиб чиққанди. Айнан шунинг учун ҳам унга “Шамси парранда – учар Шамс” деган ном қўйган эдилар. Тўхтамай олам кезар, изланар, сўраб-суриштирар, “шайхман” деганларни синаб кўриб, кутган жавобини ола олмагач, кўнгли тўлмай, тезда ундан узоқлашарди. Дердики:

– Улкан шаҳарларда яшамоқ бир муршиднинг хизматига кирмоқ демакдир. Қолаверса, бир муршиднинг қудрати ва суҳбати кифоясиз бўлса, бу ерда михланиб қолиш фалокатини бир тасаввур қилиб кўринг.

Бир гал йўли Бағдодга тушган эди. Таниқли сўфийлардан Шайх Авҳодуддин Кирмонийни зиёрат қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Шайх Авҳодуддин “Гўзалларда жамоли Мутлоқни кўрмоқдаман” сўзига ишора қилиб:

– Ойни тоғорадаги сувда томоша қилмоқдаман, – деди. Бунга жавобан Шамс:

– Энсангда чипқон йўқса, бошингни кўтар-да, кўкка боқ! Шунда Ойни тоғорада эмас, ўз зотингда кўргайсан. Модомики шундай экан, нега тоғораларга эгилиб, ўзингни излаган нарсангнинг аслидан маҳрум қилмоқдасан, – дейиши биланоқ, Авҳодуддин Шамснинг қўлларига ёпишиб, муриди бўлишни истайди. Шамс:

– Бизнинг суҳбатимизга бардош бера олмайсан, – дейди. Авҳодуддин бардош бера олишини айтиб, қаттиқ туриб олгач, Шамс такрор сўрайди:

– Бўпти, бир шарт билан. Бағдод бозорида халқнинг олдида шароб ича оласанми?

– Астағфируллоҳ, бундай қила олмайман.

– Майли, бу шартимдан воз кечдим, хўш, мен бозордан шароб олиб ичсам, мен билан суҳбат қура оласанми?

– Йўқ, бундоқ ҳам қила олмайман…

– У ҳолда эранларга яқин йўлама! Менга дўст бўла олмайсан сен… Шуни ҳам билки, мен мурид эмас, шайх изламоқдаман. Шунчаки бир шайх эмас… Чиндан ҳам ҳақиқатларни билгувчи, етук шайх, етук бир муршид… Ва ўзи буни шундай изоҳлайди:

– Мен ҳақиқий муршид топиш мақсадида жуда кўп ўлкаларни кездим. Қаерга борган ва кимгаки дуч келган бўлсам, бари бесамар бўлди… Бир ерда шундай нақл қилмоқда эдилар: Бир шайх ўтган экан, ҳар қандай кимсага хирқа кийдирар, давлат ва салтанат эҳсон этар экан. Лекин у вафот этган экан, мен уни кўрмадим… доим мана шунақа қуруқ гапларни эшитдим, холос… Комил шайх ҳақида, ўрни келган экан, мезонни айтмоқчиман… Кимдир бир кимсага қарши бирор сўз айтса, у инсон асло хафа бўлмаслиги, унга нисбатан кин сақламаслиги лозим. Бунақасини ҳам учрата олмадим. Чунончи, жўн бир камол ила ҳақиқий камол орасида ҳали қанчадан-қанча масофалар бор. Хуллас, мен шайхликка лойиқ кимсани топа олмадим, – дейди.



Шамс фикрини тасдиқлаш учун шундай мисол келтиради:

– Бир одам балиқни англатмоқда, катталигини таъриф этмоқда эди. Шунда биров:

– Сен балиқ нималигини биласанми ўзи? – дея сўраб қолди.

У одам:

– Нега билмас эканман!.. Ахир, йиллар давомида денгиз сафарида бўлган бўлсам…

– Хўш, унда балиқ қандай бўлади?

У одам тушунтира кетди:

– Балиқнинг туядек икки шохи бор…

– Бас, етар… Сен ҳали ҳўкиз билан туянинг фарқини билмайсан-у, тағин балиқни таърифламоқчи бўляпсан, – деб эътироз билдирган экан ҳалиги кимса.

Маълум бўладики, Шамс хонақоҳ шайхлардан бўлишни истамас эди. Бир неча шайхларни синаб кўриб, уларни шайх эмас, ҳатто мурид бўла олмасликларига гувоҳ бўлганди. Шуҳрат, мол-мулк фойда эмас, зарар келтиришини, дунёга михлаб қўйишини у яхши биларди. Халқ доимий курашлар, талон-торожлар туфайли бу дунёдан безган эди. У ушбу дунёда топа олмаган ҳузурни ҳеч бўлмаса нариги дунёда топиш учун маънавиятга юз тутган, тасаввуфга мойиллиги ортган эди. Шамс соф туйғуларини суиистеъмол қилганлардан ҳамда мен бундоқман, мен ундоқман дегувчилардан нафратланар, мамлакатма-мамлакат кезиб, ҳақиқий шайх, муршид излаш илинжида бир неча йиллардан буён елиб-югурмоқда эди. Унинг ёши олтмишга етган, қора соқолига оқ оралаганди. Устида жун жубба, қўлида алам1717
  Алам – туғ.


[Закрыть]
, бошида кулоҳ бор эди. Баъзан елкада тош ташиб, эвазига арзимас чақа олар ва шу зайлда кун кечирарди. Бировдан ҳеч нарса тама қилмас, бировга юк бўлишни истамасди. Кўпинча оч қолиб, нафсини калака қиларди. Шамс Онадўлини шу тарзда кезиб юрар, бир-икки кун шаҳар ва қасабаларда қўноқлаб ўтар эди. Ана шундай кунларнинг бирида йўли Қўнё яқинларидаги Оқсаройга тушади. Муносиб қўноқ жойи топа олмагани учун масжидда тунамоққа қарор қилади. Масжиднинг бир чеккасига бориб чўк тушади. Хуфтон намозидан сўнг муаззин эшикни беркитмоқчи бўлган бир пайтда Шамсни кўриб қолиб, унга зарда қилади:

– Ҳой, кимсан? Чиқ бу ердан, бор, ётгани бошқа жой топ…

Шамс:

– Мени маъзур тутинг. Ғариб бир йўловчиман. Ётадиган жойим йўқ. Рухсат беринг, бу кеча шу ерда тунай, – дейди.

Муаззин унинг бу гапларини эшитиб, янада дарғазаб бўлади ва бақирганича аччиқ сўзлар айта бошлайди. Шамс унинг ножўя сўзларидан қаттиқ ранжийди ва:

– Иншооллоҳ, тилинг оғзингга сиғмай қолади, – дея масжидни тарк этади. Шу пайт муаззиннинг тили шишиб, бўғзига тиқила бошлайди. Хириллаб чиқаётган товушларни эшитиб, ёрдамга югуриб келган имом ундан:

– Нима гап, нима бўлди? – деб сўрайди. Жони ҳалқумга келган муаззин қўли билан узоқлашиб кетаётган Шамсни кўрсатиб:

– Мени анави бу ҳолга солди… Югур, ундан мен учун афв сўра, – дейди.

Имом югуриб бориб, Шамсни тўхтатади ва:

– Узр, ҳазрат, шўрлик муаззин сизнинг ким эканингизни билмабди, айбга буюрманг, уни қутқаринг… – дея ёлворишга тушади.

– Энди кеч бўлди, ҳукм Тангридандир, мен ҳеч нима қила олмагайман. Бироқ унинг иймон бирла қазо қилиши, охират азобини кўрмаслиги учун дуо қилгайман, – дейди ва йўлида давом этади. Имом ортга қайтиб келгач, не кўз билан кўрсинки, узала тушиб ётган муаззин жон берган эди.

Шамс Қўнё томон йўл олади.

Унинг Қўнёга келиши бежиз эмасди. Ҳар борган жойида Мавлоно ҳақида сўз очилиб, Унинг халқ ўртасидаги нуфузидан баҳс юритилмоқда эди. Бир гал:

– Тангрим, мени дўстларим бирла учраштир, – дея тонггача ниёзда бўлиб, уйқуга кетади. Рўёсида бу тилаги ижобат бўлиши, бироқ бунинг учун Онадўли элига бориши кераклиги буюрилади. Чунончи, ундан бунинг эвазига нима бағишлай олиши сўралади. Шамс:

– Бошимни!… – дея жавоб беради. Уйғониши биланоқ дарҳол йўлга тушади. Онадўлини кезган сари халқ ўртасида Мавлононинг номи, шуҳрати ҳақида илиқ сўзлар кўпайиб боради. Сўнг у Қўнёга боришга қарор қилади ва 1244 йилнинг ноябрь ойида Қўнёга келади. Узоқ-узоқлардан юксак минораларни кўриб, ҳаяжонга тушади. Нақадар улуғ, нақадар буюк шаҳар эди Қўнё… Ён-атрофи қалин қалъа билан ўраб олинган, тиллакори миноралардан турли-туман ҳайкаллар, арслон шакллари кўзга ташланарди. Қалъа атрофи бўйлаб чуқур хандаклар қазилган бўлиб, ўн икки дарвоза олдида хандаклар узра осма кўприклар қурилганди.

Шамс оқшомга яқин катта дарвозадан шаҳарга кирди ва Шакарчилар хонақоҳининг бир хонасига жойлашди.

Эртаси кун 25 ноябрь бўлиб, Шамс хонақоҳ эшиги олдидаги тошлоқ жойда чўккалаб, ўтган-кетганларни томоша қилмоқда эди. Аср намозига яқин катта кўча бўйлаб мударрис қиёфасидаги бир кимсанинг талабалар қуршовида хачир устида ўтиб кетаётганини кўради. Халойиқ:

– Мавлоно Жалолиддин келмоқда! – дея оёққа туриб, тавозе билан саломламоқда эди. Демак, хачир устидаги калта қора соқолли, буғдойранг бу кимса – неча йиллардан бери довруғини эшитган, бир гал эса Шомда кўрган Мавлоно экан-да! Шамс ўрнидан турди ва издиҳом оралаб олға интилди. Унга яқинлашиши биланоқ, хачирнинг тизгинидан маҳкам тутиб олди. Юқорида айтганимиз каби бир оз қийин ва қисқа саволлар берди. Олган жавобларидан шу қадар ҳаяжонландики, оёқда тура олмай, ҳушидан кетди…



Шамс билан Мавлоно илк бор учрашган ушбу жойга мавлавийлар кейинчалик Қуръони Каримнинг “Раҳмон” сураси 19-оятидан олинган, яъни “икки денгиз қоришган жой” маъносини англатган “Меърож ул-баҳрайн” номини беришади. Салжуқийлар даврида Шакарчилар хонақоҳининг олд томони ҳисобланган бу жой иҳота қилиниб, зиёратгоҳ ҳолига келтирилади.

Мавлоно Шамс билан шу тарзда учрашгандан сўнг уни ердан кўтариб олиб, неча йиллардан бери бир-бирини таниган ва излаган икки эски дўст каби ҳасрат ва ҳаяжон ичра қучоқлашганча Мавлононинг мадрасаси томон одимлаб кетишади. Шу тариқа улар маъно оламининг сирли ҳужрасида ойларча давом этувчи суҳбатни бошлаб юборишади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации