Электронная библиотека » Ўндер Меҳмет » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Мавлоно"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Ўндер Меҳмет


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
МАВЛОНО ВАФОТ ЭТГАН КУН ВИСОЛ КЕЧАСИ ЭДИ

Халқ тўда-тўда бўлиб Мавлононинг ҳали қабр тоши қўйилмаган мозорини зиёрат қилмоқда эди. У “Ўлимимиздан сўнг мозоримизни ерда излама. Бизнинг мозоримиз ориф кишиларнинг кўнгилларидир”, дейишига қарамай, уни яхши кўрганлар муборак тупроғини кўз ёшлари билан ҳўллашдан ўзга чора тополмаётган эдилар. Ҳолбуки, Мавлоно учун ўлим қайта туғилиш демак эди. “Бу ёнда ўлиш бор, аммо у ёнда туғилиш” деган эди У. Бу ҳақиқий ишқ билан Ҳаққа вуслатнинг туғилиши эди. Яъни ошиқнинг маъшуқага қовушиш куни – тўй куни. Қуръони Каримда “Оллоҳга қайтиш” сифатида васф этилган ўлим Мавлонога кўра “Шаби аруз”, яъни висол кечаси эди.

Мавлоно сўнгги пайтларда битган бир ғазалининг мазмуни бундай эди:

“Ўлган куним тобутимни елкалар узра кўрганингда менда бу дунёнинг ғами бор деб ўйлама… Мен учун йиғлама, “афсус, афсус, эй воҳ, эй воҳ” деб нола чекма. Акс ҳолда, шайтоннинг тузоғига тушгайсан, ана ўшанда афсус, афсус дегайсан… Жанозамни кўрганингда айрилиқдан гап очма, менинг учрашувим, висолим дамларидир у дам. Мени мозорга қўйганларида “алвидо, алвидо” деб айтма… Қабр жаннат эшигининг пардасидир. Ботишни кўрдинг-ку, туғилишни ҳам томоша қил. Қуёш ҳамда ойга ботишдан не зиён етгай? Бу ботиш аслида туғилишга ҳозирлик, қайта туғилишдир. Қабр эса маҳбусхона каби кўринса-да, аслида жоннинг маҳбусликдан қутулишидир. Ерга экилган бирор-бир уруғ бормиким, қайта унмаган бўлсин? Нега инсон уруғига келганда уни қайта унмайди деб ўйлайсан? Қайси челак қудуққа ташланганда тўлиб чиқмади? Жон Юсуфи қудуққа тушгач, нега йиғласин. Бу томонда оғиз юмдингми, у томонда оч… Чунки энди ҳой-ҳуйдан узоқ, маконсизлик оламидасан”.

Бу вуслат завқи ичра Мавлоно ўлим кунини ғам-қайғу куни эмас, завқ ва шодлик куни сифатида талқин қилган эди: “Агар мозоримнинг зиёратига келсанг, устимдаги тупроқ рақс қилаётганини кўргайсан… Эй биродарим, мажлисимга сен чирмандасиз келма. Чунки Худо мажлисида ғамгин бўлмоқ ярашмагай. Мозорда иягим боғлиқ ҳолда ётсам-да, аммо оғзим Севгилимнинг абадийлик майини тўхтовсиз нўш этмоқдадир…”.

Мавлоно нола чекмасликка чақирмоқда эди, аммо унинг ортидан кўзёш тўкмай, қайғуга ботмай бўлармиди?!. У инсонларнинг ёниб-куйишларини истамасди, бироқ бунинг иложи бормиди?

Ҳақ ва Пайғамбар суюклиси, башарнинг ошиғи, кўнгиллар султони, маънолар подшоси Мавлоно Жалолиддин севги булоғи каби қайнаб-тошиб турган бир пайтда кутилмаганда ғойиб бўларкан, унинг ортидан йиғламай бўлармиди? Унинг вафоти ортидан олим Садриддин Қўнёвий: “У маъно шодасининг ўртасидаги тенгсиз инжу эди. Не ажабки, бу инжу ғойиб бўлди…” дея ачинмоқда, таниқли шоир Бадриддин Яҳё эса: “Дардингда йиғламаган кўз, фарёд солиб йиртилмаган ёқа қани… онт ичаманки, тупроқнинг қорнига ҳали сенинг каби зот тушмади”, деб нола чекмоқда эди.

Қози Сирожиддин эса: “Ажал тикони сенинг муборак оёғингга санчилган кун не бўларди, фалакнинг қўли менинг бошимга ҳалокат қиличини урсайди-да, бундай бир кунда кўзим жаҳонни сенсиз кўрмасайди…” қабилидаги марсиялар ўқимоқда эди.

МАВЛОНОНИНГ МАҚБАРАСИ

Энди Мавлононинг фоний вужуди эмас, ундаги маъно яшай бошлаган эди. У ўз “Маснавий”сидаги: “Зотан, зоҳирий вужуд охир-оқибат кетмоқ учун қурилгандир. Фақат маъно абадиян нашъу намо топган ҳолда яшаяжакдир” байти гўё бугун учун айтилганди. Бу вужуд Мавлононинг ифодаси билан айтганда, “Қуёшнинг олдидаги шам каби бир жиҳатдан номавжуд, бир жиҳатдан мавжуддир”. Яъни, унинг жузъий борлиғи куллий борлиқда йўқ бўлган эди. Мавлоно: “Мен тан либосини ечдим. У хаёлдан ечинди. Энди вуслат элининг энг олдинги мақомларида бормоқдаман” деган, ва ортда қолганларга қарата: “Ҳар куним жумадир, хутбам доимий… Минбарим юксакликдир, мақсурам инсонлик…” дея хитоб қилган эди.

Янги давр бошланганди. Мавлоно “хом” экан – пишган, сўнгра эса куйиб-ёнганди. Бинобарин, у ёққан ўчоқ ҳам ҳали-ҳамон ёнмоқда, ёнганда ҳам ловиллаб, учқунлар сачратиб ёнмоқда эди…

Дўстлари унинг мозори устига турба, яъни мақбара ўрнатишни режалаштиришди. Бироқ Мавлоно, ким бўлишидан қатъий назар, мозори узра мақбара қурилишини унча ҳам хушламасди. “Маснавий”сининг учинчи жилдида: “Мақбара тиклаш иши тош, тахта, намат ва гилам бирла бўлмагай. Ўзинг учун кўнгилларда мақбара қазишинг лозим. Мозорга дахма қуриш, устига гумбаз тиклаш маъно соҳибларига кўра мақбул эмас”, деб айтган эди. Ҳатто бир гал Амир Тожиддин Муътаз Мавлононинг мадрасаси ёнида дўстлари яшаши учун бир дор ул-ушшоқ – ошиқлар қароргоҳи қурдирмоқчи бўлганди. Мавлоно:

Биз ушбу атлас гумбаз остида чодир қурмаганмиз. Биз абадийлик юртида, севги кўшкида яшагаймиз… – деган ва бир ғазал хиргойи қилганди. Бироқ ўғли Султон Валаднинг ялиниб-ёлворишларига дош беролмай, мадрасага бир неча хона илова қилинишига ризолик билдирган эди.

Отаси Султон Валаднинг мозори узра бир мақбара қурдиришни истаган Амир Парвонага эса Мавлоно:

Зотан, шу кўк гумбазидан кўра яхшироғини қура олмайсиз, шу боис янгисини ўрнатаман деб заҳмат чекманг… – деб рухсат бермаганди.

Шунингдек, Мавлононинг маноқибларини ёзган Аҳмад Дада Афлокийга кўра мозори узра мақбара ўрнатилиши аслида унинг васияти ҳисобланади. Афлокийнинг асарида Мавлоно бир кун ёнидаги дўстларига:

Бизнинг муридларимиз мақбарамизни олис-олислардан кўринадиган тарзда қурсинлар. Ким бизнинг мақбарамизни узоқ-узоқлардан кўриб, собит ишонч билан бизни хотирласа, унинг номи икки жаҳонда ҳам азиз бўлгайдир. Ҳақиқий ишқ бирла, риёсиз тўғрилик бирла келиб, мақбарамизни зиёрат қилган кишининг тилагини Буюк Тангри ижобат этгай, – дегани ривоят қилинади. Айни асарда Мавлононинг:

– Бизнинг мақбарамиз Қўнё шаҳрининг ўртасида қад ростлагай ва ғоят кўркам бўлгай. Даврнинг инсонларига бизнинг “Маснавий”имиз муршидлик қилажакдир… – дегани қайд этилади. Ҳар икки ҳолда ҳам Мавлононинг вафотидан сўнг қисқа бир муддат ичида унинг мозори узра бир мақбара қуриш истаги нафақат пайдо бўлган, балки бу истак тобора ортиб бормоқда эди. Қолаверса, бу ер ҳозирданоқ зиёратгоҳ ҳолига айланганди.

Мавлононинг азиз хотирасини абадийлаштирадиган ва ишқидан ёдгорлик бўлиб қоладиган бир обидага зарурат бор эди. Кўнгиллар, кўнгил соҳиблари айни шу истак билан ёнмоқда эди. Ва бу истак ғоядан амалиётга айлана бошлади. Мавлононинг вафотидан сўнг бир неча ой ўтгач, унга нисбатан чексиз ҳурмат туйган Амир Оламиддин Қайсар шу ниятда Султон Валадга мурожаат қилади. Султон Валад узоқ ўйга толгач:

– Хўш, қанча сармоянгиз бор? – деб сўрайди. Оламиддин Қайсар:

– Ҳалол молимдан ўттиз минг дирҳам, – деб жавоб қилади.

– Бундай оз маблағ билан мақбарани қандай қура олгайсиз?

– Ҳозирча бошлаб турайлик, қолганига Худо подшоҳ…

– У ҳолда эзгу ният ва сидқидиллик бирла ишга киришаверинг…

ТАХТА ЛАВҲ УСТИДАГИ ЁЗУВЛАР

Оламиддин Қайсар дарҳол ишга киришди. Мавлононинг қабри узра мақбара қурилишини эшитган Амир Парвона ва завжаси Гуржи Хотун ушбу хайрли ишга сарфланиши учун эллик минг дирҳам ёрдам беришди. Султон Валад ва Чалабий Ҳисомиддин ўн икки минг дирҳам берди. Шундай қилиб, тўқсон икки минг дирҳам билан мақбара қурилишига киришилди.

Мақбаранинг меъмори Табриз туркларидан Бадриддин исмли уста ҳунарманд бўлиб, ишқ ва шавқ билан тарҳлар чизиб меҳнат қилмоқда эди. Мақбаранинг ички безакларини Салим ўғли Абдулвоҳид амалга оширмоқда эди.

Мақбара дастлаб тўрт устун узра ўрнатилган ўн олти қовурғали, яъни ташқаридан кошинлар билан, ичдан мўйқаламда чизилган нақшлар билан безатилган гумбаз ўлароқ иншо этилганди.

Бошқа бир меъмор Абдулвоҳид Мавлоно сағанаси узра ўрнатиладиган сағана тарҳини чизмоқда, сағанага ёзиладиган лавҳ – китоба матнини Садриддин Қўнёвий ҳозирламоқда эди. Султон Валад билан Чалабий Ҳисомиддин Мавлононинг “Девон ул-кабир”идан ғазаллар, “Маснавийи маънавий”сидан байтлар танлашганди. Фақат лавҳ узра битиладиган ёзув ишларигина қолганди. Қўнёлик Генек ўғли Ҳисомиддин Муҳаммад исмли уста дурадгор бу ишни ўз зиммасига олди.

Ҳисомиддин Муҳаммад ўчоқда қуритиб тоб берилган ёнғоқ тахталарни ўйиб ишлов беришга, ёзувларни битишга киришди. Қисқа вақт ичида лавҳ узра ёзув ишлари ҳам тугалланиб, Мавлононинг қабри устига ўрнатилади. Хуллас, ушбу муҳташам сағананинг бош томони юқори қисмига “Оят ул-Курсий”, остига эса ушбу лавҳ – китоба битилади:

“Раҳмон ва Раҳийм бўлган Оллоҳ номи билан… Ва ёлғиз Ундан ёрдам сўраймиз. Яхшилик ўзларини гуноҳлардан қўриқлаганлар учундир. Оллоҳнинг золимлардан бошқа кимсага душманлиги йўқдир. Шу истироҳат (уйқу) жойини, дам олиш юртини зиёрат қилган кимса қутлуғдир. Бу ер шарқ ва ғарб олимларининг султони, зимистон ичра порлаган, зимистонни ёритган, Оллоҳнинг порлоқ нури, имом ўғли имом, Исломнинг тиргаги, жалол ва икром соҳиби бўлган Оллоҳнинг ҳузуру иззатига халқнинг йўл бошловчиси, далиллар қулаб маҳв бўлгач, қайта бошдан дин аломатларини изоҳлаган, нишоналари совурилиб ниҳон бўлгач, такрор яқин йўлларини ёритган, ҳоли бирла арш хазиналарининг калити бўлган, сўзи бирла ер юзига зарлар сочган, халқнинг кўнгил боғларини ҳақиқат гуллари бирла безаган, камол кўз қорачиғининг нури, жамол суратининг руҳи, ошиқларнинг кўз қорачиғи, бутун дунёдаги орифларнинг бўйинларини севги мунчоқлари бирла безаган, ҳақ бирла ботилни айирган Қуръон сирларини идрок этган ва Оллоҳ билгиларининг меҳвари ҳисобланган Мавлононинг ором олган масканидир.”

Лавҳ ёзуви араб тили адабий услубида битилган бўлиб, қуйидаги жумла билан якун топади:

“У оламларнинг қутлуғи бўлган, коинотдагиларнинг руҳларини тирилтирган, Ҳақнинг, миллатнинг ва диннинг жалоли, Тангри хабарчилари бирла пайғамбарларининг вориси, Тангри дўстлари бирла камол соҳибларининг сўнгги, буюк рутбалари бирла юксак фазилатлар ва маноқиблар соҳиби балхлик Ҳусайн ўғли Муҳаммаднинг ўғли Муҳаммаддир. Унга Тангрининг раҳмати, саноси ва саломи бўлсин”.

Сағанадаги лавҳнинг нариги қисмида Мавлоно вафот этган тарих, ён томонлардан эса Мавлононинг ғазаллари ва “Маънавийи маснавий”сидан байтлар жой олади.

МАВЛОНОДАН КЕЙИНГИ ДАВР

Мавлононинг мақбараси қуриб битирилганди. Бу тошдан, ғиштдан қурилган бино эмас, ошиқлар Каъбаси эди. Мавлононинг “Ерга экилган қайси бир уруғ униб чиқмади?” деган фикри рўёбга чиқмоқда эди. Энди у тупроққа экилган бир уруғ бўлиб, янгидан униб чиқаётган, ўлимидан сўнг куртак ёза бошлаган эди. Ориф кўнглида, най нағмасида, самоъ рақсида, шоир тилида, дарвеш хаёлида мудом Мавлоно яшамоқда эди. Ёруғ, нурли бир ибтидо билан янги давр бошланганди.

Ўша кунларда шоир Гулшаҳрий “Кўрмадик бир кимса, ўлгач йитмади, Ул Жалолиддин жаҳондин кетмади,” дея нидо қилмоқда эди.

Мавлононинг ўчоғида пишиб, вафотидан сўнг Қўнёни тарк этган улкан шоир Юнус Эмро:

 
Мавлоно Худовандигор бизга назар қилгач,
Унинг кўркли назари кўнглимиз ойнасидир, –
 

дея соф туркона услубда Мавлонони мадҳ этмоқда эди. Ҳамма ерда шоирлар Унинг ишқи ва ҳаяжони билан шеърлар битмоқда эдилар.

Султон Валад суюкли отасини шундай сўзлар билан таъриф этади:

Мавлоно каби на бир инсон, на-да бир олим топилгай. У боқий ҳисобланган Соқий қўлидан илоҳий шароб ичгай. Унинг ҳузурида ҳақ ва ботил доим аёндир. Ғофиллар каби сўфий қиёфасига кириб, риё бирла асло унинг ҳузурига бормагил… У ақлдан ҳам, фаҳмдан ҳам юксакдадир. Илмдан ҳам, нақлдан ҳам юксакдадир. Унинг ҳузурида доноликдан, билимдонликдан лоф уролмайсан, у ҳусну жамол уммонидир, камол ичра камолдир…”

Абдураҳмон Жомий ифодаси билан айтганда, У: “Пайғамбар эмас, аммо китоби бор. “Маснавий”си Унинг юксак мартабасига очиқ далилдир”.



Ҳақиқатан ҳам Мавлоно асрлар давомида ана шундай улуғ ном ва шарафга лойиқ сиймо бўлиб келди. У аслида шайхликни, пирликни даъво қилмади. Тариқат ҳам яратмади. У инсоният учун ёруғ ва ҳузур-ҳаловатга тўла иймон йўлини кўрсатди, муршидлик қилди.

Унинг вафотидан сўнг ишқ курсиси, эранлар – Ҳаққа эришганлар минбарини бўш қолдириб бўлмасди. Мавлоно дунёдан ўтган бўлса-да, мавлонолар яшамоқда эдилар. Чалабий Ҳисомиддин, Султон Валад, Улуғ Ориф Чалабий бор эди. Мавлонони яхши кўрганлар, Унинг йўлини йўл билиб, изидан юрганлар бир жойга йиғилишганди.

Чалабий Ҳисомиддин эранлар курсиси – эранлар мақомини Султон Валадга таклиф этди:

– Валад, отангдан сўнг итоат этиладиган кимса фақат сен бўла оласан. Унинг мақомига ўтириш сенинг зиммангга тушади… Чунки сендан-да ориф, сендан-да яхшироқ йўл билгувчи кимса йўқ.

Султон Валад ботиний самимият билан эътироз билдирди:

– Йўқ, Чалабий, отам вафот этмади, Унинг руҳи Тангри ҳузурида боқий. Пайғамбаримиз: “Мўминлар ўлмайдилар, фақат бир диёрдан бошқа диёрга кўчадилар…”, дея марҳамат қилганлар.. Сиз отам тирик пайтларида халифамиз эдингиз. Ҳамон ҳеч нарса ўзгаргани йўқ… Ҳозир ҳам сиз бизнинг халифамизсиз, сизга итоат қилгаймиз. Отамнинг мақомига марҳамат…

Чалабий Ҳисомиддин шу куни Мавлонодан сўнг бўш қолган мақомга ўтирди. Бу шунчаки бир мақом эмас, дўст мақоми эди.

Чалабий Ҳисомиддиндан сўнг Султон Валад, ундан сўнг эса Мавлононинг кичик ўғли Улуғ Ориф Чалабий ушбу мақомни бошқаришди… Булар Мавлонодан кейинги мавлавийлик сулукининг тамал тошлари, асосчилари эди.

Ишқ, мусиқа ва самоъга тўла янги бир давр бошланган эди…

Янги бир давр эди бу, янги бир даврон эди…

МАВЛАВИЙЛИКДА САМОЪ ВА УНИНГ МОҲИЯТИ

Ўлим кунини Ҳаққа вуслат, “Тўй кечаси” ҳисоблаган буюк Мавлонодан сўнг ўғли Султон Валад ва яқинлари томонидан у илгари сурган ғоя ва тушунчалар асосида “мавлавийлик сулуки”га асос солиниб, ушбу одоб-аркон йўлини тутганлар “мавлавий” деб аталмоқда эди.

Мавлавий сўзи Мавлонога нисбат берилганини ифодалаш билан бирга Қуръони Каримдаги “Қаерга юз тутсанг, Оллоҳнинг жамолини кўрасан” маъносини англатган “тавалло” сўзи билан ҳам боғлиқликни ифодалайди.

Муқобала деб аталадиган мавлавийлик тадбири мавлавий даргоҳларидаги самоъхоналарда ўтказиб келинган. Тасаввуфий маънода илоҳий ишқ ва жазба Мутлоқ Камол ва Ҳаққа Вуслат, вуслат йўли даражаларининг тимсоли ўлароқ, муқобала усули ва аркони асосида амалга оширилади. Самоъхоналарда найчи, танбурчи, ойинхон ва наътхонлар каби мусиқа аркони – гуруҳи ташкил топган бўлиб, улар сафидаги мутрибнинг олдида самоъ майдони ҳамда унинг ёнгинасида шайх мақоми мавжуддир. Мақом жойидан самоъхонанинг ўртасига қадар узанган мавҳум чизиққа “хатти истиво” дейилади. Бу Ҳаққа эришиладиган, Ваҳдатга элтадиган энг қисқа йўлдир. Бу чизиқни босиб бўлмайди.

Шайх эса бутун илоҳий сифатларга эга бўлган ва ўз мақомида Мавлонони тамсил этган Ҳақ илмининг ва “ҳақиқати Муҳаммадия”нинг вакилидир. Курси энг юксак маънавий мақом бўлиб, у алвон рангдадир. Алвон ранг зуҳур ва тажаллий ранги ҳисобланади.

Маълумки, тун қуёшнинг ботиш пайтидаги алвонлик – шафақ билан бошланади. Ҳазрати Мавлоно ҳам 1273 йилнинг 17 декабрида, якшанба куни оқшом маҳали – қуёш ботиб, Қўнё уфқлари алвон бир рангга бўялган бир пайтда бу оламдан нариги оламга, руҳ ва бақо оламига кўчганди. Кундуз эса қуёш чиқиши арафасидаги фажр деб аталадиган алвон ранг билан бошланади. Шу сабабли маънавий мақом курсиси вуслат ва тажаллий ранги ўлароқ алвон рангдадир.

Мутриб аркони, самоъзанлар – самоъ раққослари ва шайх жаноблари ўз жойларини эгаллагач, муқобалада, аввало, наътхон томонидан “Наъти шариф” ўқилади. Бастакор Итрий басталаган “Наъти Мавлоно” Ҳазрати Пайғамбарга самимий хитоб – сано бўлиб, “Ё Ҳазрати Мавлоно, Ҳақ дўст…” дея бошланади. Сўнгра най қисмига ўтилади, най асл ватани ҳисобланган қамишзорга соғинчни куйлайди. Най комил инсон тимсолидир, у ёниқ, ғамгин бир овозда Ҳақ васлига бўлган соғинч ўтидан ёниб-куйиб фиғон айлайди…

Шундан сўнг Султон Валад даври деб аталадиган “Даври Валадий” бошланади. Мусиқанинг оҳангига уйғун тарзда одоб ва аркон ичра самоъхона ўртасида шайх ва даргоҳ аркони самоъзанлари иштирокидаги уч даврий босқичдан иборат бу маросим ўзаро юзма-юз туриш, яъни бир-бирига бош эгмоқ ёки ўзаро жамол ниёз этмоқ билан мутлақ борлиқнинг камол зуҳурини намоён этади.

Самоъзанларнинг бошидаги кулоҳ қабр тошига, эгнидаги хирқаси қабрга, таннураси4646
  Таннура – Мавлавий дарвешларининг самоъ пайтида киядиган кенг этакли оқ либоси.


[Закрыть]
эса кафанга ишорадир. Улар айни дамда дунёдан узилган ғайб оламининг ишқ парвоналаридир.

Самоъхонанинг ўнг томони мавжуд дунё, кишилар кўриб-биладиган оламдир, сўл томони эса ғайб олами, маъно олами бўлиб, самоъзанлар маъно оламининг маъно тимсолларидир.

Даври Валадий ўлимдан сўнг тирилишга, шайхнинг раҳбарлиги ва иршоди билан абадий ҳаётга йўналишга ишоратдир. Уч давр тасаввуфда “илм ул-яқин”, яъни Ҳақни илм йўли орқали билишга, иккинчи давр “айн ул-яқин” – Ҳақни кўришга, учинчиси эса “Ҳақ ул-яқин” – Ҳақ билан бирлашиб кетишга далолатдир.

Шайх “биринчи” даврни тугатаркан, саф ортида турган – “нав-ниёз” деб аталадиган самоъзан билан юзма-юз келади. Улар бир-бирларига бош эгиб, юксак тавозе кўрсатишади. Шунингдек, ушбу ўзаро учрашув бир-бирининг кўнгил қибласига саждага боришдир. Учинчи давр сўнгида шайх дастлабки ўрни томон йўл олади, самоъзанлар ҳам дастлабки жойларини эгаллашади…

ҲАҚДАН ОЛИБ, ХАЛҚҚА СОЧАМИЗ

Даври Валаддан сўнг тадбир бошланади. Самоъзанлар одатга кўра хирқаларини ечишади, яъни дунёвий ташвишлардан қутулиб, қабрларидан озод бўлишади. Бу пайтда шайх мақом курсиси томон бориб бош эгади ва бошқалар ҳам унга эргашиб бош эгади. Самоъзанбоши илдамлаб, шайхнинг ўнг қўлини, шайх эса унинг қалпоғини ўпади. Бу ҳол тадбир дастури талаби, яъни самоъга изн олмоқдир. Шундан кейин самоъзанлар бир-бир шайх билан кўришишади ва самоъга қанот очишади. Самоъ рақсига тушаркан, самоъзаннинг ўнг қўли дуо қилгандек юқорига, чап қўли эса пастга очиқ бўлади. Бу “Ҳақдан олиб, халққа сочгаймиз, ўзимизга ҳеч нарса олмагаймиз, зоҳирда мавжуд бўлган, воситачилик қилган суратдан бошқа нарса эмасмиз” маъносини билдиради. Бошқача ифода билан айтганда: “Кўкка оғгаймиз, ерга ёғгаймиз, борлиғимиз Ҳақнинг раҳматида йўқ бўлгай” демакдир. Самоъзанлар ҳам ўз атрофларида, ҳам майдон бўйлаб айланадилар. Гўё фалаклар, сайёралар, юлдузлар қуёш жозибаси ичра ҳам ўз атрофларида, ҳам қуёш атрофида айланганларидек… Самоъ оламларнинг қуёши, Тангрининг ҳузурида бир даври оламдир.

Самоъ асосан ҳақиқий борлиққа эриштирадиган, инсонни ақлу ҳушидан айирадиган жозиба воситаси, бутун борлиғини унутган кишининг руҳий сархушлигидир. Мавлономизнинг ифодаси билан айтганда: “Ишққа қовушмоқ, учрашмоқ султонлиги учун пардаларни кўтариб ичкарига кирмоқ давлати учун жон либоси”дир.

Самоънинг биринчи босқичи оламларни томоша қилишдир. Ҳақнинг буюклиги ва улуғлигини идрок этишдир. Иккинчи босқич “Салом” ўлароқ тажаллий этади. Биринчи саломда ошиқлар шубҳалардан халос бўлишади, Тангрининг бирлигига иймон келтиришади. Иккинчи салом Ваҳдатни, Тангри бирлигини кўриш ҳолига келтиришдир. Учинчи босқичда ошиқлар нигоҳларини билиш ва бўлиш мартабасига етказадилар. Бу босқичда ошиқлар мутлоқ борлиқнинг камоли олдида ўзларини йўқотиб, йўқ бўладилар. Сўнгги тўртинчи босқичда Ваҳдат “бекати”да оёқ тираб, ўз атрофларида айланадилар.

Самоъзанбоши самоъни бошқаради. Самоъзанлар унинг оёқ ва бош ишоратларига кўра ҳаракат қиладилар.

Самоънинг учинчи саломида шайх ҳам самоъ рақсига тушади. Асос марказда самоъ рақсига тушган шайх, шубҳа йўқки, айни дамда Мавлонони тамсил этади. Шайх самоъдан сўнг аста-секин олдинга йўналади ва дастлабки ўрнини эгаллаши биланоқ самоъ ниҳоясига етади.

Мана, азиз ўқувчи, Мавлавий маросимида самоъ ифода этган маъно қисқача шундан иборатдир. Зеро, бу айланишлар бир маромда оёқ босган, рақсга тушган, ўйнаган бир гуруҳ инсоннинг шунчаки созу хироми эмас. Ҳар бир ҳаракатнинг чуқур маъноси бор.

Ҳар йили Мавлоно вафот этган декабрь ойида Қўнёда ул ҳазратнинг хотирасига бағишлаб ўтказиладиган маросимларда самоъ намойиш этилади. Ушбу сатрларнинг ожиз котиби, яъни камина ўн беш йил олдин Қўнёда унинг муқаддас эшигида, дўст ва ёронлар билан маросимларда ушбу самоъникузатар эканман, шундай тушунчада эдим. Бугун бу маросимлар мукаммаллашган ҳолда Оврупага қадар етиб бориб, моддий дунёнинг маънавий нуқсони– ни ишқ ва маъно билан тўлдиришга интилмоқда.

СЎЗ БИТАР, МАВЛОНО БИТМАС…

Азиз ўқувчи, ўз мулоҳазаларимизга таяниб, Мавлономизнинг ҳаёт ҳикоясини унинг ўз асарлари ва баъзи ишончли маълумотлар асосида имкон қадар ушбу саҳифаларимизда тилга олишга ҳаракат қилдик. Шуни ҳам самимият билан эътироф этмоғимиз керакки, тилга олганларимиздан дилда қолганлари беҳад кўпдир. Зеро, улкан бир денгиздан кичик бир томчи ҳисобланган мазкур маълумотлар билан буюк Мавлонони тўла англатишнинг асло имкони йўқ. Бунинг учун бизни маъзур тутасиз деган умиддамиз.

Азиз ўқувчи!

Сўз шу ерда тугайди, бироқ Мавлоно тугамайди. У том маънодаги илоҳий ишқдир. Тангри ишқининг тажаллийсидир. Ишқ унда ҳақиқий, асл маъносини топган. Ишқнинг энг гўзал тараннуми шеърдир. Мавлоно шу тараннуми ила шоирдир. Мусиқа ва самоъ ишқнинг тазаҳҳурлари, унсурларидир. Мавлоно шунинг учун мусиқа ва самоъни яхши кўрарди. Шеър, мусиқа ва самоъ руҳни поклаб, ишқни зиёда қилади.

Мавлоно тўғрилик, гўзаллик ва эзгуликнинг раҳнамосидир. Руҳда тозариш, феълда олийжаноблик –Тангрига йўналишдир. Шу маънода Мавлоно муршиддир. Ёмон яхши бўлмоғи лозим, хунукдан ҳам гўзаллик изламоқ даркор. Эзгулик инсониятнинг хайрли ишлари бўлган ҳамма нарсадир. Ёвузликлар, ёмонликлар, ёмон одатлар тарбият топмаган инсон нафсининг аломатларидир. Нафсни яхшилик ва гўзалликлар билан безаш ёмонликларни даф этиш демакдир. Юксак ишқ, чексиз меҳр-муҳаббат билан инсонларни, барча яратиқларни, ҳамма нарсани яхши кўриш руҳни етуклаштиради, ёмонликлардан узоқ тутади. Мавлоно бу фикрлари билан устоз, инсоният мураббийсидир.

Мавлоно дўстдир. Ошиқ, маъшуқ, иймонли ва эътиқодли, ожиз, чорасиз, тушкунларнинг, хуллас, барча-барчанинг дўстидир. У дўстлик ва сулҳ калитини инсонларнинг аввало Яратганга, сўнгра яратилганга нисбатан туйган меҳр-муҳаббатидан излайди. Мавлоно ана шу фикрнинг раҳнамосидир.

Мавлоно – суюкли зот, Мавлоно – кўнгиллар тожи, Мавлоно – олим, Мавлоно нурга тўла ёруғ бир дунёдир. Мавлоно кечанинг ҳам, бугуннинг ҳам, эртанинг ҳам муршидидир. Ҳар илғор фикр, ҳар ижобий тушунча, ҳар янгилик Мавлонода ўз асосини топади. Шунинг учундирки, Унга бутун дунё лол ва ҳайрондир.

Мана шу тушунча ва идрок ичра Мавлоно инсониятга раҳмат ёмғири сифатида ёғган эзгулик ва жўмардлик уммонидир.

Сўз шу ерда тугайди, бироқ Мавлоно асло тугамайди… Келажак асрлар Уни қайта-қайта тилга оладилар, У ҳақида такрор-такрор ёзаверадилар…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации