Электронная библиотека » Ўндер Меҳмет » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Мавлоно"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Ўндер Меҳмет


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
БУ ПАЛЛАДА МАВЛОНО

Тазкира соҳиби Давлатшоҳ Самарқандийга кўра Шамс Қўнёдан кутилмаганда ғойиб бўлган. Мулла Абдураҳмон Жомий эса “Нафоҳат ул-унс” асарида Шамс воқеасига ишора қилиб, “У жоҳил жамоат Шамснинг наърасидан сўнг ўзларига келгач, ерда қон томчиларидан бошқа ҳеч нарса кўрмадилар. Ўша дақиқадан бугунга қадар ҳам ул маъно султонидан бир нишон топилмаган”, дейди. Бошқалари ҳам деярли шу фикрни тасдиқлашади.

Бундан олдин айтиб ўтганимиздек, мазкур мудҳиш воқелик билан боғлиқ маълум бир ҳақиқатлар бор. Аммо, шунингдек, ҳурмат юзасидан пинҳон тутилиши лозим бўлган “сир”лар ҳам мавжуд. Яъни Мавлононинг азиз руҳини инжитмаслик учун “хомуш” тортиш бор.

Келинг, биз ҳам қалбларни ўртаб юборувчи ушбу баҳсни шу ерда тўхтатайлик-да, жим қолайлик, азиз китобхон!

Хўш, бу паллада Мавлоно не ҳолда эди?..

Бу паллада Мавлоно отила бошлаган муаззам вулқонга айланган эди.

Мавлоно кўпдан бери ақлу идрокни бир четга суриб қўйиб, замон ва макон тушунчалари сарҳадини ошибоқ, ишқнинг интиҳо билмас чексиз олами сари интилмоқда эди. Вужуд гўё ари ини, ишқ эса унинг ариси ва боли эди. Ёхуд тан узумнинг боши, ишқ эса унинг шираси эди. Энди у шира Шамснинг зоҳирий кўринишида эмас, аслида ботинан мавжуд бўлган дилафрўз қуёшида ишқ шароби ҳолига келмоқда, бадан ҳам, руҳ ҳам бир илоҳий сархушлик ичра Ҳақни, азалий ва абадий ёрни зикр этмоқда эди. Шу пайтгача Шамс ва Мавлоно икки алоҳида қутб, икки буюк муршид ҳисобланган бўлса, эндиликда улар қовушиб кетган эди. Мавлоно дердики:

“Денгизнинг қирғоғига қадар оёқларнинг изи бор. Аммо денгизга киргач, на из қолгай, на нишон…”

Мавлоно бу кунларда ишқнинг чексиз уммонига шўнғиб, изсиз, нишонсиз ғарқ бўлган, Ҳақда фоний бўлишнинг азалий сирига эришган эди. Бир Ҳадиси шарифда “муту қабла анта муту”, яъни ўлмасдан бурун ўлинг, деб буюрилади ва айни шу сирга ишора қилинади. Бу дунёдан қўлу этагингизни бутунлай тортинг, дегани эмас эди, албатта. Кўнгилни ёвузликлардан, кину адоватдан, ҳасаддан аритиб, қалбга Тангри ишқини жо айламоқ ҳамда Ҳақ ва эзгулик йўлида жонни фидо қилмоқ демак эди. Мавлоно: “Ўлмасдан бурун ўлган кимса аслида тирик хилқатдир. Жони озод, мақоми юксак зотдир”, деб марҳамат қилади.

Айни кунларда Мавлононинг шуҳрати тобора ортиб, ён-атрофини даврнинг султонлари, амирлари, олимлари, дарвешлари қуршаб олишганди. Мавлононинг суҳбатини бир бор тинглаган кимса унинг жозибали, соҳир сўзлари таъсиридан қутулолмай, дарҳол яна унинг ҳузурига талпинарди. Ҳатто поп, раввинлар ҳам унинг ишқ ва маъно тўла Ҳаққа йўналган суҳбати таъсирида ўзларидан кечиб, кўп ҳолларда ҳақиқий ҳидоят йўлини танлашарди.

МАВЛОНО ВА ШАМС БИРЛИГИ

Бугун орамизда Шамс йўқ, аммо У ёқиб кетган илоҳий ишқ бор. Бу ишқ суратда эмас, ботиндадир, ўздадир. Бу борада Мавлоно шундай дейди:

“Ҳақиқий ёрда сурат йўқдир. Қуёш нурлари деворга урилгач, девор порлоқ, гўзал кўринади. Фақат бу гўзаллик, бу порлоқлик деворда, деворнинг сиртида эмас, қуёшдадир. Девор қуласа ҳам, гўзаллик қуёшда боқийдир. Шундай экан, ғиштга эмас, қуёшга кўнгил бермоқ лозим…”

Мана, Мавлононинг Шамсга бўлган муҳаббати…

Ҳақнинг нурлари Шамсга тушган, Мавлоно бу нурга ошиқ эди. Шамснинг тан девори кўчган бўлса-да, нур тағин нур бўлиб, аслини ёритиб туради. Модомики шундай экан, ошиқликнинг асоси ишқдир.

Чунончи, бу каби очиқ-ойдин ҳақиқатни идрок эта олмаган, тасаввуф завқидан маҳрум ғофиллар хоҳ Мавлоно яшаган даврда, хоҳ кейинчалик бўлсин, Мавлоно ва Шамснинг маҳрамлиги моҳиятини англай олмай, турли ғийбат ва бўҳтонлар билан покиза зеҳнларини булғаган эдилар. Улар қуёшга ўқ отиб, қуёшни яралашга интилган шўрлик кимсалардир.

Тағин бир масалага ойдинлик киритсак. Баъзан ўзаро суҳбатларда: “ким кимни етиштирди, Шамс Мавлоногами ёки Мавлоно Шамсгами муршидлик қилди?” – қабилидаги саволлар кўпчиликнинг бошини қотириб келар эди.

Шамс ва Мавлоно… Ким кимдан файз олди? Бу катта бир баҳс мавзусига айланиб кетди. Аслида, масала баъзилар ўйлаганчалик чигал эмас эди.

Мавлононинг йўли шайхлик, дарвешлик, муршидлик йўли эмас, балки ёрқин ишқ йўли эди. Ишқ ва жазава йўли…

Бу йўлда на шайх бор, на мурид. Ошиқ ва маъшуқ бор эди, холос. Севган, севилган…

Пайт бўладики, ошиқ маъшуқ бўлади, маъшуқ эса ошиқ… Бир-бирини иршод этаркан, илоҳий ишқ йўлида, ишқда фоний бўлмоқда эди улар. Шунинг учундирки, Шамс ўзининг “Мақолот” асарида “Диёримдан чиққанимдан бери Мавлонодан бошқа шайх кўрмадим”, дея унинг мартабасини улуғлаган эди.

Мавлоно ҳам ўз ўрнида уни девонида “Табризлик Шамс чиндан ҳам шайхимиздир. Биз унинг оёқлари остидаги ғубормиз, холос”, деб таърифлайди.

Бу шундай бир йўл эдики, ундан юрганлар бир-бирига раҳбарлик қилади. Аслида, раҳбар ҳам, йўл ҳам, йўловчи ҳам бир манзилда бирлашади.

Шамс Мавлонога ишқ йўлида раҳбарлик қилган, уни ошиқликдан маъшуқлик бекатига етказган эди. Дарвоқе, Шамс бўлмасайди, Мавлоно бўлмасди. Шунингдек, Мавлоно бўлмаса, Шамс ҳам бўлмасди.

Ҳар иккиси мавжуд бўлгач, ҳақиқий ишқ туғилган эди…

“ХАБАР ТЎҒРИ БЎЛСАЙДИ, ЖОНИМНИ БЕРАРДИМ”

Дейдиларки, Мавлоно аслида ёнишга тайёр шам эди. Шамс келди-ю, ўз чироғи билан шамни ёндирди. Бундай ташбеҳ қилганлар ҳақ эди, аммо ёнган шам ҳам ўзини, ҳам чироқни ёққанди.

Ўртада на шам, на чироқ қолди. Шундай ишқ машъаласи пайдо бўлдики, азалдан абадга қадар бутун кўнгилларни ёритди ҳамда нурлари билан ишқ аҳлини ёқиб-ёндирди. Уни яхши кўрганлар парвоналар каби атрофида гир айландилар, чарх уриб ёндилар… Шоир айтганидек:

 
Айланган сари этаклар елпинар,
Айланган сари кўнгилда ишқ тозаланар.
 

Мавлоно Шамснинг йўқлиги ичра тасаллисиз эриб, фарёд чекмоқда эди. Бошига нопармон тусли дастор ўраган, устига эса олачадан олди очиқ яктак кийган эди.

Учган қуш, очилган гул, узилган япроқ, йиғлаган осмон, кулган, шодланган инсонлар – ҳамма нарса Мавлонога Шамсни эслатмоқда эди. Ҳатто битмас-туганмас хотиралар Шамсдан бир парча, ҳар ёниқ садо Шамсдан бир нафас эди…

Маълум бир муддатдан сўнг Мавлоно Шамс бориши мумкин бўлган ўлкаларга кишилар жўнатган эди. Тўрт томондан уни сўраб-суриштирмоқда, излатмоқда эди. Булар аслида шунчаки бир тасалли эди, холос. Бироқ шундоқ қилмаса ҳам бўлмасди. Кўзлар йўлларга тўрт, диллар хабарчига интизор эди. Баъзан унга:

– Шамсни фалон жойда кўрдим, – деган ёлғон хабарлар келтиришарди. У эса усти-бошида нима бўлса, ҳаммасини хабарчига инъом этиб юборар эди. Шунда:

– Бу хабар ёлғон эди, – деганлардан ҳеч ҳам хафа бўлмай:

– Мен ёлғон хабарга дасторимни, яктагимни бердим. Хабар тўғри бўлсайди, жонимни берардим! – дерди.

IV БЎЛИМ
КЎНГИЛ САДОЛАРИ ИЧРА СИРЛАР ХАЗИНАСИ – ЗАРГАР САЛОҲИДДИН
ЗАРГАРНИНГ САНДОНИДАН КЎНГИЛ САДОЛАРИ ЯНГРАМОҚДА ЭДИ

Қуёш анча оғиб, кўнгилларга ҳузур бахш этувчи салқин шабада эсаётган бир паллада Мавлоно Жалолиддин Қўнё бозори олдидан ўтиб борарди. Боши хам, қўллари жуббасининг енглари ичида, оғир-оғир одимларкан, халқ оёққа туриб, таъзим этар, саломлар берар эди. У заргарлар растаси жойлашган кўчага бурилиши биланоқ, қулоғига сандон узра тиллага ишлов бераётган заргарларнинг тинимсиз болға садолари чалина бошлади. Болғанинг бир меъёрда урилишидан шундай илоҳий мусиқа оҳанги пайдо бўлган эдики, гўё Мавлононинг қалбидаги қайғуни аритиб, шавққа тўлдирди. Мавлоно тўхтади. Бир муддат теран акс-садо бераётган бу ёқимли товушларни тинглаб турди. Кўз олдида коинот низоми жонлангандек бўлди гўё. Айни дамда кўкдаги барча сайёралар, буржлар қуёшнинг тафти ичра маст бўлиб гир айланмоқда эди.

Мавлоно ўнг қўлини яктагининг ёқасига олиб борди. Кўзларини чирт юмди, боши аста ўнг елкаси томон эгилди. Болға садолари кўнгил садолари ўлароқ ёқимли бир оҳангда жарангламоқда эди. Дастлаб у ўнг оёғи билан бир айланди. Сўнг чарх уриб айлана бошлади. У кўча ўртасида тўхтамай айланмоқда эди… Болға зарбларининг оҳангига уйғун ҳолда чаппар ураркан, ичидаги ғам шодликка айланиб, ҳузур топмоқда эди. Оломон ишини ташлаб, шу кўчага ёпирилиб келди. Улар Мавлононинг атрофини доира шаклида ўраб олган эдилар.

Бу жўшқинликдан бирон-бир маъно тополмай, ҳамма ҳайрат ичра қотиб турар, олд томондаги дўкондан келаётган болға садолари эса тобора кучаймоқда эди… Дўкон соҳиби заргар Салоҳиддин Мавлононинг болға садолари остида самоъ рақсига тушаётганини кўргач, ниҳоятда ҳаяжонланиб, завққа тўлиб, шогирдларига:

– Болға уришдан тўхтаманг. Тилла варақлар зое кетади деб, ҳеч қўрқманг, уринг, янада тезроқ уринг, – дея амр этаркан, ўзи ҳам жойида тек туролмай, кўчага отилиб, Мавлоно билан бирга самоъ рақсига туша кетди. Бироздан сўнг болға тутган қўллар толиқиб, зарб садолари тиниб қолди. Мавлоно аста-секин ўзига келгач, ёнида заргар Салоҳиддинни кўриб, уни гўё олдиндан танийдигандек қучиб олди. Заргар Салоҳиддиннинг кўзи шу дамда Мавлонодан бошқа ҳеч кимни кўрмас, илоҳий хазиналарга эришиш ҳаяжони ичра маст эди.

Мавлононинг болға садоларига уйғун тарзда оёқ босиб, кўча ўртасида заргар билан бирга самоъ рақсига тушганини ҳайратга тўлиб томоша қилган халққа қарата Салоҳиддин шундай хитоб қилди:

– Нега ҳайрон бўлиб турибсизлар? Сиз тилла излаб, бир-бирингизни еб келмаганмидингиз? Мана, сизга менинг тилла варақларга тўла дўконим, қани қараб турманг, яғмоланг, унда неки бор бўлса, бари сизники бўлсин. Менга энди тилла чикора. Мен ҳақиқий маъданимни топдим.

Халқ дўконга ошиқаркан, Салоҳиддин буюк бир ихлос билан Мавлононинг олдида бош эгди:

– Сенинг файзу камолингдан бўлак ҳеч нарсага эҳтиёжим йўқ. Мени қайга бошласанг бошла…

ЗАРГАР САЛОҲИДДИН – ТОЗА ЮРАКЛИ, СОФ ИНСОН

Мавлоно ўша кун Салоҳиддин билан бирга мадрасаси томон йўл олди. Унинг хос муридлари қаторидан жой олган ҳамда “Зарқубий” унвони билан танилган заргар Салоҳиддин Бейшаҳар кўли соҳилларида жойлашган Комила қишлоғида туғилган эди. Отасининг исми Ёғбосган бўлиб, пок инсон эди. Оиласи кўлдан балиқ овлаб сотар ҳамда деҳқончилик билан шуғулланарди. Фурсат топиб, Қўнёга келган ва бир заргарнинг ёнида бир неча йил шогирд тушиб меҳнат қилган Салоҳиддин бу йилларда Мавлононинг устози, термизлик Сайид Бурҳониддиннинг суҳбатларидан баҳра олиб, сабоқларига қатнаган эди. Сайид Бурҳониддин Қайсарига кетгач эса, у қишлоғига қайтиб, уйланиб бола-чақали бўлган эди.

Маълум бир фурсатдан сўнг у такрор Қўнёга келади. Жума намозини адо этиш учун “Абулфазл Жомеси” деб аталадиган Аълоиддин Жоме масжидига йўл олади. Минбарда Мавлоно ваъз ўқиб туриб, Сайид Бурҳониддиннинг юксак ҳикмат ва физилатларини тилга олади.

Салоҳиддин Мавлононинг қиёфасида бир пайтлар пойига тиз чўккан шайхи Сайид Бурҳониддин сиймосини кўриб, қаттиқ ҳаяжонга тушади.

Бир неча кундан сўнг Салоҳиддин қишлоқдан шаҳарга кўчиб келади ва заргарлар бозоридан дўкон очади. Тилла варақ ясаб, уларни музаҳҳиб2323
  Музаҳҳиб – зарҳал қилувчи уста.


[Закрыть]
ларга сотиб кун кечира бошлайди.

Ва ўша кун болғасининг садолари Мавлонони кўча ўртасида ҳаяжонга солиб, самоъ рақсига тушишга ундаган эди. Энди бундан кейин у Мавлосидан ҳам, Мавлоносидан ҳам ҳеч айрилмасди, ҳатто у Шамснинг ўрнини боса оларди.

Салоҳиддин кўнгли тоза, қўли очиқ – сахий ва оми инсон бўлиб, ўқиб-ёзишни билмас, бироқ кучли ҳофизага эга эди. Суҳбат мажлисларида олган ирфон жавҳарларини китоб каби хотирасига жойлабгина қолмай, улар билан қалбини ҳам безарди. Мавлононинг ҳузурида доимо одоб билан тиз чўкиб ўтирар, қўлларини енглари ичига тортиб, бошини эгган ҳолда унинг суҳбатларини тингларди. Унга бирор-бир савол берилганда фавқулодда орифона жавоб бериб, кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлганди. У етук, фозил кимсаларнинг суҳбатида пишган, тасаввуф илмида анча илгарилаган, комиллик йўлида жиддий одим отган эди.

Мавлононинг мажлисида заргар Салоҳиддин эндиликда Шайх Салоҳиддинга айланган, шайхлиги Мавлоно учун эмас, балки ён-атрофдагилар учун лозим эди. Бир куни у Мавлонога шундай деди:

– Менинг кўнглимда пинҳона нур чашмалари бор экан-да, ўзимнинг хабарим йўқ эрмиш… Сиз кўнглим чашмасини шундай очдингизки, денгиз каби жунбишга келдим…

Мавлоно Шамснинг сурату сийратини Салоҳиддиннинг нурли жамоли, жўшқин қалбида топган эди. Ушбу жўшқин қалб унинг қўли остида олмос каби товланиб, Тангри сирлари, севгиси ва ишқи билан тўлиб-тошмоқда, атрофдагиларни Салоҳиддинга итоат қилишга ва унинг кўнглини олишга даъват этмоқда эди. Ҳатто бир мажлисда Мавлонога:

– Қандай одамни ориф дейдилар? – деб сўраганларида, Мавлоно:

– Ориф сен жим турганинг ҳолда сенинг сирингдан сўз юритган кимсадир. У Шайх Салоҳиддиндир, – деб жавоб қилган эди.

Мавлоно уни “Шайхларнинг шайхи, улуғи, ўз даврининг Боязиди (Бистомий), замона қутби, Ҳақ нури…” дея мақтамоқда, Шамсга бағишлаб ёзгани каби Салоҳиддин учун ҳам “Шайх Салоҳиддин” тахаллуси билан ғазаллар битмоқда эди. Мавлоно Салоҳиддинни Шамснинг ўрнига келган илоҳий хилқат билиб, ғазалларидан бирида шундай таърифлайди:

“Ўтган йил келиб қолди қизил чакмонли, нур юзли бу йил бўз хирқага ўраниб келди.

Кийимини алмаштирди, аммо у ўша-ўшадир…”

Шайх Салоҳиддин Мавлонодан анча катта эди. Кексайган, нуроний чеҳрасини кумушдек оқ, қисқа соқоли безаб турар эди. Мавлононинг ўғли Султон Валад “Ибтидонома” асарида унинг бу ҳолини шу сўзлар билан тугатади: “Мавлононинг жўшқинлиги Унинг соясида тин олди. Унинг иршоди ўзгача эди. Фидойилиги барчадан ортиқ эди. Етук, фозил кимсалардан йиллар давомида олинадиган файзни ундан бир нафасда олиш мумкин эди. Сўзламай, лаб очмай сирлар айтар, оғиздаги тил билан эмас, кўнгил тили билан маъно инжуларини тизарди…”

Шайх Салоҳиддин оз ер, оз ухлар, баъзи кечалари бошини саждадан кўтармасди.

Салоҳиддин мажлисларда Мавлоно бўлмаган пайтларда унинг ўрнига ўтиб, кўнгил соҳибларига ҳикмат тўла насиҳатлар берарди:

– Билингизким, Тангри валийлари марҳамат маъданларидир. Ташналар улар томон интилгай, сўзларидан шифо топгай, раҳмат қозонгай ва уларнинг нури бирла тирилгай. У нур камаймагай, билъакс, ортиб боргай. Кимда бу сифатлар йўқ эса, Ул Тангри валийси эмас. Ҳақиқий ошиқ Тангри валийсини топгай ва унга боғлангай. Унинг назарлари қуёш кабидир, муриднинг вужуди эса тош… Иқтидори бор бўлган тош комил қуёшнинг назари остида ёқут ҳам бўлгай, зумрад ҳам.

Салоҳиддин Мавлонодан олган файзни халққа сочмоқда, олганини қайтиб бермоқда эди.

МАВЛОНО ФОТИМА ХОТУННИ КЕЛИН ҚИЛДИ

Мавлоно Салоҳиддин билан бўлган маънавий яқинлигини сеҳрли ришта орқали боғламоқчи ва бу яқинликни дунё тургунча давом эттирмоқчи эди. Салоҳиддиннинг Фотима ва Ҳадия деган ой юзли, гўзал феъл-атворли икки асранди қизи бор эди. Унинг қўли остида ўз фарзандидек улғайган қизларнинг ҳар иккиси ҳам Мавлонони оталаридек азиз тутиб, ҳурмат қилардилар. Тўнғич қизи Фотима Хотун Султон Валадга никоҳланди, камтарона тўй қилинди, шарбатлар ичилди, самоъ рақсига тушилди. Мавлоно кўз қорачиғидек яхши кўрадиган ўғли Султон Валаднинг бу бахтли кунида жуда хурсанд эди. Самоъ рақсига туша-туша ғазаллар айтмоқда, ўғли ва келинини қутламоқда эди:

– Тўйимиз, гўшангамиз қутлуғ бўлсин дунёда… Тангри байрамни, тўйни айнан бизга кўра ўлчаб-бичди, – дер ва барчани самоъ рақсига даъват этарди.

– Ҳой, орифлар, дунё подшосининг, жонларга жон бағишлаган Султонимизнинг давлати соясида рақсга тушинг. Сўфийлар, чарх уринг, айланинг, ўйнанг.

Тўйдан сўнг Мавлоно ўғли Султон Валадни ёнига чорлаб, завжаси Фотима Хотуннинг кўнглини доимо хуш тутишга чақириб, шундай васият қилди:

“Бугун сени синаш учун бахшида этилган, кўнгил ва кўзимизнинг нури Фотима Хотунни ўз никоҳингга оларкансан, шуни васият қиламан: Умид қиламанким, сен унга ҳақсизлик қилмагайсан, ҳатто бир дам бўлса-да завжангнинг кўнглига отамнинг ўлимидан сўнг менинг хожам вафосизлик қилмоқдалар, деган ўй келмагай. Ул шундай бир аёлдирким, асл жавҳари тозалиги туфайли шикоят қилмагай, сабр қилгай… Фотима Хотунни азиз тутгайсан, ҳар кун ва ҳар тунни байрам билгайсан…”

Шайх Салоҳиддиннинг кенжа қизи Ҳадия Хотун саройнинг устод хаттотларидан Низомиддинга никоҳланган эди. Бироқ Ҳадия Хотуннинг сеп пули етмай қолганди, шу боис Мавлономиз вазир Муҳиддин Парвонанинг завжаси Гуржи Хотундан ёрдам сўраган эди. Мавлононинг жуда яқин муриди бўлган Гуржи Хотун сеплик учун шу қадар кўп бисот жўнатган эдики, Ҳадия Хотуннинг сандиғига сиғмай, бир қисми Фотима Хотунга ажратилган эди.

Ишқ ва шавққа тўла тотли кунлар ўтмоқда, ҳазрати Мавлоно Шамснинг ҳижрон дардини Салоҳиддиннинг хуш сўзлари билан юмшатишга ҳаракат қилмоқда эди. Илгари Шамсга қарши бўлганлар энди у ер-бу ерда тағин ғийбат қила бошлаган эдилар:

– Биридан қутилган эдик, бошқасига тутилдик… Олдингисининг кимлиги маълум эди, ҳозиргиси эса… Улуғ Мавлоно ўқишни, ёзишни билмаган бир дарвешга боғланиб қолди. Бу одамнинг биздан устун нимаси бор, тушунмаймиз. Бунинг устига бошимизга шайх бўлди, бу қандай гап, – деб ёзғирар эдилар. Бу нохуш сўзлар Салоҳиддиннинг ҳам қулоғига етиб борган ва у бундан жуда мутаассир бўлган эди.

МАВЛОНО ШАЙХ САЛОҲИДДИНДАН ҲАМ ЖУДО БЎЛДИ

Шайх Салоҳиддин муридларнинг ўзига нисбатан айтилган аччиқ сўзларидан хафа бўлган эди. Чунки уларга доимо яхшиликни раво кўрарди. Қолаверса, у Мавлонони узлатдан олиб чиқиб, муридлари билан шуғулланиши учун кўп саъй-ҳаракат кўрсатган эди. Чунончи, унинг Човушўғли деган жуда яқин дўсти бўлиб, ундан ҳеч қачон ўз яхшилигини дариғ тутмасди. Энди ўзига душман бўлганларнинг бошида айнан ўша дўсти турарди. Сўнги пайтларда бу гуруҳ аъзолари ишга шу қадар жиддий тус берган эдиларки, ҳатто Салоҳиддинни Шамс каби ўртадан кўтариш пайида эдилар. Уларнинг бундай иғвою кирдикорларидан хабар топгач, Салоҳиддин кулиб шундай дейди:

– Ҳақнинг амри бўлмай, ҳатто бир тук ҳам узилиб тушмагай. Тангри амр этса, қул чорасиз бўйин эггай. Ҳақиқатан ҳам улар мени ўлдириш ниятида эсалар, мен уларга Оллоҳдан хайр ва яхшилик тиламоқдан ўзга айтар сўзим йўқ.

Ёмонлик ғуборларини яхшилик булоқлари билан ювмоқ… Салоҳиддин ўзида қайнаган бу булоқларни жўмардларча очди. Маълум бир вақт ўтгач эса улар хатоларини англаб, бир-бир узр сўрай бошладилар.

Йиллар ўтмоқда эди. Шамсдан сўнг роппа-роса ўн йил… Муттасил рўза тутиш, кеча-кундуз ибодат қилиш ҳамда нафс балоси билан мужодала2424
  Мужодала – курашиш.


[Закрыть]
лар Салоҳиддиннинг озғин вужудини жуда толиқтирганди. Кексайганди-да… Умр охирлаб қолганини билар, аста-секин боқий дунё тадоригини кўрмоқда эди. 1258 йилнинг декабрь ойи қаттиқ совуқ келди. Салоҳиддиннинг хирқасини ювиб, қуриши учун шифтга осишди. Худди шу паллада жума азони янгради, бошқа хирқаси йўқ Салоҳиддин муз қотган хирқасини кийиб, жомега йўл олди. “Касал бўласиз, ундай қилманг” деганларга:

Тангри амрининг таркидан жисмнинг маҳви авлодир, – дея жавоб беради.

Айни дамда ўлимга ризо бўлгани маълум эди. Дарҳақиқат, иситмаси кўтарилиб, тўшакка михланди. Салоҳиддиннинг бетоблиги Мавлонони жуда қаттиқ қайғуга солди. Бемордан тез-тез келиб хабар олар, келолмаган кунларда мактуб йўллаб, ҳол-аҳвол сўрар, Яратгандан унга шифо тиларди. Мактубларида самимий ғазаллар битиб, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Бир ғазалида шундай демоқда эди:

 
Йироқ бўлсин сендан хасталиклар,
Эй жонларимизнинг роҳати.
Эй кўргувчи кўзимиз,
Ёмон кўзлар йироқ бўлсин сендан…
 
 
Латиф соянг йироқ бўлмасин биздан,
Сўлмасин гул боғига ўхшаган юзинг…
 
 
У кўнгил ўтлоғимиз, майсазоримиз.
Мудом шундай тоза, мудом яшил…
 
 
Бизнинг жонимизга келсин
Сенинг дардинг, сенинг азобинг…
 

Хасталик тобора кучайиб, Шайх Салоҳиддин ҳолсизланиб борарди. Энди умид қолмаган, сафар интиҳоси яқинлашган эди. 29 декабрь, якшанба куни у тан қафасидан қутулиб, руҳ олами, абадият сари қанот қоқди. Тангрининг беҳисоб раҳматига эришди.

Отасининг вафоти ортидан Сайид Бурҳониддин, сўнгра Шамс, энди эса Салоҳиддиннинг вафоти – булар бари Мавлононинг қалбини туб-тубидан яраламоқда эди.

Кўп ўтмай, Салоҳиддиннинг мозори устидаги сағанага шундай лавҳ битилди:

“Оллоҳ боқий. Бу мозор шайхимиз, орифлар қуёши, ҳидоят байроғи, фақирлар шоҳи, ҳолда ва сўзда камол соҳиби, Тангрининг энг буюк нури, энг қувватли бурҳон, ботиний ва зоҳирий Тангри сирлари уммони, ғайбга оид рамзларнинг тилмочи, тақво имоми, тенгсиз ва беқиёс сирлар маҳрами, асрнинг Боязиди, замоннинг Жунайди, Ҳақ ва диннинг салоҳи, қўнёлик Ёғнибосганўғли Заргар Фаридуннинг тупроғидир. Тангри сирларини қутласин, У олти юз эллик еттинчи йили Муҳаррам ойининг илк куни кўчди”.

Шайх Салоҳиддин шариатнинг барча арконларига ҳассослик билан амал қилган, соф, тоза юракли чин сўфий эди.

Жўшқин Мавлоно Шамсдан сўнг Салоҳиддиннинг бу ҳоллари билан сукун топган, янада тўғрироғи, жўшқинлигини жиловлаб, ич-ичдан ёнган, қоврилган эди. Зоҳири эса кулга айланган чўғдек эди. Бир кун ушбу кулдан чиқиб, оташи билан жаҳонни ёритиб юборажак эди. Аслида, бу унинг “Маснавий” даврига ҳозирлиги эди.

V БЎЛИМ
“МАСНАВИЙ” ТУҒИЛМОҚДА

Шайх Салоҳиддиннинг вафотидан сўнг қисқа вақт ўтиб, Мавлононинг уфқида тағин бир нур порлади. Бу нур “Маснавийи маънавий” каби дунё тургунча туражак боқий асарнинг дунёга келишига сабаб бўлган Ҳисомиддин Чалабий эди. Биз мазкур китобимизда Уни Мавлоно авлодлари бўлмиш бошқа Чалабийлардан фарқлаш учун тахаллусини “Чалабий Ҳисомиддин” дея атамоқдамиз.

Чалабий Ҳисомиддин болалигидаёқ отасидан айрилгач, футувват арбоблари бўлмиш Қўнё ахий2525
  Ахий – тасаввуфда маслакдош, оға-ини ҳам дейилади.


[Закрыть]
лари уни отасининг ўрнига ўтқизган эдилар. Айни шу кундан бошлаб Мавлонога қалбдан боғланган, фурсат бўлди дегунча, Унинг мадрасасидаги дарсларига, кейинчалик эса самоъ рақси ва сафо мажлисларига қатнашиб анча пишган Чалабий Ҳисомиддин ахийлар ва дўстлари билан бирга Мавлононинг хизматига кириб, Шамсдан ва Салоҳиддиндан файз олган эди. Шайх Салоҳиддиннинг вафотидан сўнг эса у Мавлононинг халифасига айланганди. Бу билан чекланмай, Қўнёда Ахийлар идораси раёсатига тушган пайини ҳамда ўз молларини қўшиб, Мавлонога пешкаш қилган, бору йўғини Мавлононинг яқинларига ва эҳтиёжманд муридларига сарфлашга аҳд қилганди. Ва шу тариқа Чалабий Ҳисомиддиннинг Қўнё Мерам боғларидаги қўноқхонаси Мавлоно дарвешлари йиғилиб турадиган манзилга айланган эди. Мавлоно қўлига нима тушса, шундоқлигича Чалабийга жўнатиб, манзил аҳлига бошлиқ қилиб тайинлаган эди.

Ёшлигида яхшигина таҳсил кўрган Чалабий Ҳисомиддин Қўнёдаги бир неча олий мадрасаларда дарс берган. Кейинчалик Мавлононинг ишқ ва кўнгил занжирига боғлангач, унинг маънавий тарбияси остида пишиб, “Ҳомили асрори ва хазматдори маорифи” (“Сирлар хазинаси ва орифлик қули”) бўлган эди. Мавлоно уни “Ҳақ зиёси, Ҳақ нури, Руҳ жилоси, диннинг ва кўнгилнинг ҳисоми жўмард Ҳисомиддин” каби таъриф билан мақтаб, Шамс ва Салоҳиддиндан кейин бўшаб қолган юксак мавқега ўтқазди. Ҳатто унингсиз бирор ерга бормас, сўз очмасди. Шамс бу гал Ҳисомиддинда тажаллий этган, Мавлоно барча кўнгил қўйганлари сифатини унда топганди. Бир кун Чалабий Ҳисомиддиннинг боғида хос муридлари билан суҳбатлашиб ўтираркан, ёнидагиларга Шамс ҳақида сўз очиб, уни роса мақтаган эди. Мажлисда ўтирган Бадриддин исмли мударрис Шамс билан кўришмаганидан ниҳоятда афсусда эканини айтганда Мавлоно Ҳисомиддинга ишора қилиб:

– Шамсни кўра олмаган бўлсанг, шундай бир зотга етишдингки, сочининг ҳар толасига юз мингларча Шамс осиғлиқ… – дея ҳаяжонланиб, самоъ рақсига туша бошлаганди.

Мавлоно Чалабий Ҳисомиддинда ҳам Шамснинг сиймосини кўриб, бир ғазалида шундай лутф этган эди:

“Табризлик Шамс билан Ҳақ зиёси Ҳисомиддин борлиқнинг аксидир. Улар бир меҳвар бўлиб, бошқалари уларнинг атрофида чархпалак каби айланмоқдадирлар”.

Шамс, Салоҳиддин ва Ҳисомиддиннинг номлари айри-айри бўлса-да, борлиқлари ягона эди…

Шамс Мавлонони Мавлоно айлаган, Уни илоҳий ишқ рутбасида юксалтирган эди. Салоҳиддин ушбу ишқ чўққисида уни улғайтирган. Энди Ҳисомиддин улғайган ва пишиб етилган ишқ меваларини даста-даста тўплаб, ташна кўнгилларга Маснавий булоғидан оби ҳаёт тутарди. У бунга маънан бурчли эди. Чунончи, бу вазифасини у пайсалга солиб ўтирмади…

Дарҳақиқат, Шамс ва Салоҳиддин вафотидан кейин Мавлононинг қалб жўшқинлиги анча юмшаб, фикр етуклиги томон йўналганди. Илоҳий ишқ ўтида ёниб-куйган Мавлоно энди бу ўчоғда ижодга тайёр эди. Унинг бу ҳолини яқиндан кузатган Чалабий Ҳисомиддин жон ва кўнгил билан боғланган пирининг камолини ёймоқ ҳамда ишқ ва ирфон қуёшининг нурлари билан бутун оламларни ёритмоқ учун ўзини бу ишга бурчли деб ҳисобларди. Айни дамда Мавлононинг ғазаллари тўпланган “Девон” кенгайиб, “Девони Кабир” ҳолига келганди.

Энди Мавлоно янада етук ва беҳисоб озуқа берувчи асар яратишга тайёр эди. Бу асар маснавий тарзида ёзилиши, аҳли таъб завқ билан ўқиб, файз олиши лозим эди. Мавлононинг чексиз билими, қолаверса, юксак даражадаги шоирлиги – равон ва таъсирли шеър ўқиши бу иш учун кифоят эди. Чалабий Ҳисомиддин бу фикрини Мавлонога айтиш учун фурсат кутмоқда эди.

Кунлардан бир кун гуллар қийғос очилган, сувлар шилдираб оққан Мерам боғида Мавлоно Чалабий билан кезмоқда, шеърлар айтмоқда эди. Чалабий нақ мавриди дея кўпдан бери кўнглида тугиб қўйганларини тўкиб солди:

– Султоним! Ғазал тарзида бир қанча шеърлар лутф этдингиз. Девон анча кенгайди. Агар Ҳаким Саноийнинг “Илоҳийнома”, Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асари вазнида бир китоб битар бўлсангиз, бу асарингиз жумла ошиқларнинг жон йўлдоши бўлажак ҳамда улар бошқаларнинг сўзлари бирла эмас, сизнинг асарингиздан ташна кўнгилларини қондиражаклар. Бундай ҳиммат жанобимизнинг беҳисоб лутф ва иноятларига боғлиқдир.

Мавлоно бунга ҳозир эди, зотан, табассум қилди. Салласининг ўрамлари орасидан бир қоғоз чиқариб, Чалабий Ҳисомиддинга узатди. Бу қоғозда ёзилажак “Маснавий” асарининг руҳи ва асосини ташкил этган илк ўн саккиз байт битилганди. Чалабийга:

– Ўқи! – деган эди. Чалабий Ҳисомиддин илк байтни ўқиди:

 
“Бешенав аз ней, чун ҳекоят микўнад,
Аз жудойиҳо шекоят микўнад”.
 

Таржимаси:

 
Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай2626
  “Маснавийи маънавий”дан олинган парчалар шоир Жамол Камол таржимасида берилди. Қаранг, Мавлоно Румий. Маънавийи маснавий. Т., MERIUS, 2010 й.


[Закрыть]

 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации