Текст книги "Мавлоно"
Автор книги: Ўндер Меҳмет
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 12 страниц)
Маснавийнинг Фотиҳаси деб тан олинган илк ўн саккиз байт Сулаймон Наҳифий (вафоти – 1738)дан тортиб, сўнгги йилларга қадар бир қанча шоирларимиз томонидан турк тилига назмий таржима қилинган бўлиб, улардан бири шундай бошланади:
Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.
Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,
Нола чексам, эл ҳама ўртандилар.
Сийна истармен тўло дарду фироқ,
Токи сўйлай шарҳу дарду иштиёқ.
Ким йироқ тушса, йўқотса аслини,
Боз излар рўзгори васлини.
Давралар кўрдим неча нолон бўлиб,
Бахтлию бечора бирлан ўлтириб.
Ҳар кишиким бўлди бир дам ёр менга,
Билмади ёрдир нечук асрор менга.
Сиррим эрмас нола-оҳимдин йироқ,
Гарчи нур кўзу қароғимдин йироқ.
Танга жон-у, жонга тан мастур эмас,
Жонни кўрмак кимсага дастур эмас.
Ўт эрур найнинг навоси, ел эмас,
Кимда ўт йўқдир, йўқолсин, эл эмас.
Найни ёндирган ўшал ишқ оташи,
Майни ёндирган ўшал ишқ оташи.
Ёрдин айрилганга най ёрдир, не бок,
Пардаси пардамни этмиш чок-чок.
Най каби бир заҳру тарёқ қайда бор?
Най каби дамсозу муштоқ қайда бор?
Қонли йўллардин ҳикоят айлагай,
Не эмиш савдойи Мажнун, сўйлагай.
Бўйла ҳушдир, маҳрами беҳуш, бас,
Муштари унга қулоқдин бошқамас.
Кунларим тун қаърига жо бўлдилар,
Ўртанишлар менга ҳамроҳ бўлдилар.
Ўтса кунлар, гўрга, майли, бок йўқ,
Мен омон бўл, эйки, сендек пок йўқ.
Ким балиқ эрмас, у қонгай сувга, чун,
Кимга кун йўқ, кунлари йилдек узун.
Пухтанинг ҳолини ҳеч билгайму хом?
Мухтасар этгил сўзингни, вассалом…
Ҳисомиддин Чалабий ўқиган сари жўшиб, ниҳоятда ҳаяжонга тушди. Ёноқлари узра тўкилган кўзёшлари қўлидаги ўн саккиз байтлик Маснавийни ҳўл қилди. Ўқиб битиргач, Мавлононинг қўлларини ўпди:
– Мавлоном, эй менинг тенгсиз хунхорим!.. Чин кўнгилдан ниёз қиламан. Ушбу байтлар давом этсин, абадиятга қадар узайсин, жилд-жилд китобларга айлансин!
– Чалабий, сен ёзишни зиммангга олсанг, мен сўйлагайман…
Қулингиз шу дамдан эътиборан жон-жоним ила тайёрман.
– Ёз у ҳолда, эй кўзимнинг нури Ҳисомиддин… Ҳақиқат нурлари ила юксалган, ҳақиқатлар қуёши Ҳисомиддин, ёз…
Бандни ечгил, бўлгил озод, эй ўғил,
Гарчи бандинг сийму зардир, қўймағил.
Ўн тўққизинчи байт шундай бошланарди. Маснавий тугаган маҳал жилд сони олтитага, байт сони 25 минг 618 тага етган эди.
“Маснавий”ни битиш ўша кундан эътиборан бошланганди. Кечаю кундуз йўлда, боғда, ҳовлида, ҳаммомда тинмай куйларди Мавлоно… Толиқмай ишқ, шавқ билан ёзган Чалабий Ҳисомиддин бу ҳолни кейинчалик шундай нақл қилади:
“Маснавийни ёзаркан, қўлларига қалам олмас эдилар. Мадрасада, Илгин оромгоҳларида, Қўнё ҳаммомида, Мерам боғларида ва бошқа ерларда, қаерда хотираларига келса сўйлар, фақир эса дарҳол ёзардим. Ҳатто ёзишга ҳам улгурмасдим. Баъзан кечаю кундуз бир неча кун сўйлардилар. Баъзан бир неча ойлаб шуғулланмас эдилар. Бир гал икки йил ичида ҳеч нима сўйламадилар. Бир жилднинг ниҳоясида зарурият юзасидан ўзларига ўқиб берардим. Баъзан таҳрир қилар, баъзан шундоқ қолдирар эдилар”.
Мавлоно маснавий сўйларкан, атроф воқелигидан, кундалик воқеотдан, ўқиган китобларидан, тинглаган ҳикояларидан, халқнинг урф-одатларидан мисоллар келтирар, мавзуни бир-бирига мослар, баъзан айтилган бир ҳикоя бошқа ҳикояни эслатар, у билан тасаввуфий фикрни, ахлоқни бир дастурга тобе айлаб, бир-бирига боғлар эдилар.
“Маснавий”да узундан-узоқ ўйлаб ёзиш, қофия излаш, вазн топиш каби қайдлар йўқ эди. У бутунлай фоилотун, фоилотун, фоилотун вазнида Мавлононинг қайдсиз шууридан, хотираларидан, руҳининг туб-тубидан сизиб чиққан яхлит асардир. Ялт этиб чақнаган фикр учқунлари маҳорат билан сўйланган ва шу заҳоти Чалабий Ҳисомиддин томонидан қайд этилган. Бу ёзиб-чизишлар Мавлононинг тин олиб нафас ростлашига қадар давом этарди. Уйқусиз кечган тунлар, оч қолишлар, бу орада Чалабийнинг саволлари, унга берилган жавоблар ҳам асарга кирган.
Ҳисомиддин Чалабий ёзган қораламаларни маълум бир пайтда Мавлонога ўқиб берар, зарурият туғилганда эса лозим бўлган тузатишлар киритилиб, асл нусхага кўчирилар эди. Маснавийда фурсат бўлди дегунча, Чалабий мақталар, баъзан тўғридан-тўғри унга хитоб қилинарди. Учинчи жилдни бошларкан, Чалабий Ҳисомиддинга шундай мурожаат қилинади:
Эй Зиёулҳақ Ҳусомиддин, кетур
Ул учинчи жилдни, уч суннат эрур.
Оч ўшал ганжинайи асрорни,
Қўй ҳама узрингни, айт ахборни.
Қувватинг ул қуввати Ҳақ бирла, бас,
Танни тўлдирган ҳароратдин эмас.
Олтинчи жилдни бошларкан:
Эй ҳаёти дил, Ҳусомиддин йигит,
Жазб этар кўнглингни ул олтинчи жилд.
Жазб этаркан сен каби аллома ул,
Ер юзин кезгай “Ҳисомийнома” ул.
Сенга пешкаш бўлгуси, эй маънавий,
Бул китоб, яъни якуни маснавий, –
дейилиб, Чалабий юксак васфлар билан мадҳ эти– лади.
“МАСНАВИЙ”НИНГ КЎНГИЛ ОЛУВЧИ ДЕБОЧАЛАРИМавлоно “Маснавий”нинг ҳар жилдини дебоча билан бошлайди. Араб тилида ёзилган ушбу дебочалар “Маснавий” жилдларининг тожи ёхуд “Маснавий” гулдастаси ҳисобланади. Мавлоно мазкур дебочаларда тўла самимият билан Оллоҳга ҳамду санолар айтади. Оят ва ҳадислар билан сўз инжуларини тизади, “Маснавий”ни таъриф ва тавсиф этади. Илк жилдда Мавлоно “Маснавий” ҳақида:
“Чиндан ҳам у қалбларга шифо, ҳазин кўнгилларга жилодир. Қуръони Каримнинг очиқ-равшан баёнидир. Ризқларнинг мўл, хулқларнинг пок, гўзал бўлиши боисидир. Мартабалари юксак, ўзлари хайрли-хосиятли котиблар ўз қўллари билан ёзишар уни, ҳалол, пок кишилардан ўзгасининг унга қўл уришларига йўл қўймаслар”, деб таъкидлайди.
Иккинчи жилднинг дебочасида Мавлоно:
Сўрди: не эмишдир ишқу ошиқ?
Дедимки, бизча бўл, билурсан…
“Ишқу муҳаббат бениҳоядир. Шу боисдан ҳам дейилмишким, ул Жаноби Ҳақнинг сифатидир. Унга нисбатан бандасига берилгани ўткинчи бир нарсадир”, дейди.
Учинчи жилднинг дебочасида:
“Нафсига банда бўлган, ҳузур-ҳаловатини ўйлаган, ҳориб чарчаган, умргузаронлик кўйига тушганлар бу билимга ноил бўлолмас. Бу билимга ёлғиз Оллоҳга сиғиниб, динини дунёсидан устун қўйганлар етишур…” дейилади.
Тўртинчи жилднинг дебочасида:
“Бу манзилларнинг энг гўзали, суду самарларнинг энг буюги томон тўртинчи сафардир. Боғу бўстонлар кўк гулдиросини тинглаб, қанчалар қувонса, кўзлар ором уйқулари ила қовушиб, қанчалар роҳатланса, буни ўқиган орифлар ҳам шунчалар ҳузур-ҳаловатларга тўлгай. Жонларга фароғат бу, баданларга шифо…” деб зикр қилинади.
Бешинчи жилдда эса:
“…Шариат шамга ўхшар, йўлингни ёритар, то қўлга шам олмагунча йўл юрмоғинг маҳолдир. Бас, йўлга тушдингми, ул Тариқатдир. Йўл босиб, мақсадга етганинг, қўлга киритганинг – Ҳақиқат. Шунинг учун демишларким, ҳақойиқ майдонга чиқса, шариат ботил бўлур. Бўйлаким, мис олтинга айланса ёхуд бир нарса асл эътибори ила олтин эрса, унинг кимёга эҳтиёжи бўлмас. Кимё шариатдир. Миснинг олтинга айланиши эса Тариқат”, деб талқин қилинади.
Хуллас, шариат устоздан ёхуд китобдан кимё билгисини ўрганишга ўхшайди. Тариқат кимё таркибини қўлламоқ, мисни кимёга қўшишдир. Ҳақиқат эса миснинг тиллага айланишидир дея ташбеҳ қилинади.
Олтинчи жилдда:
“Бу Маснавий дафтарлари, маънавий баёнотларнинг олтинчи жилдидир. Ваҳму иштибоҳлар қоронғулигини ёритувчи, хаёлот ва шубҳа-гумонларни йўқликка сургувчи машъаладирким, уни ҳайвоний ҳис ила идрок этишнинг имкони йўқдир”, деб таъкидланади.
Сирга – сирдош, ўзгаси анбоз эмас,
Розким, мункирга етгай, роз эмас, –
дея олтинчи – сўнгги жилдга ишора қилинади.
Мавлоно бир байтида буюк асари “Маснавий”ни шундай таърифлайди:
“Маснавий”имиз ваҳдат дўконидир. Унда Воҳиддан, яъни Оллоҳдан ғайри не кўрсанг, у бутдир”.
Ҳақиқатан ҳам фақатгина Оллоҳни тараннум этган, Оллоҳ ишқини тилга олган, башариятга хайрли, ёруғ, нурли йўл кўрсатиб, уни “камол”га етказган буюк муршид Мавлоно инсонларга улар тушуна оладиган тарзда мурожаат қилган ва “Маснавий”сини мақол, ҳикоялар, ҳатто эртаклар билан безаган. “Маснавий” ҳақида у тағин шундай дейди:
“Бу китоб эртак деганга эртакдир. Бу китобда инсон ўзининг чин ҳолини кўргай. “Маснавий” Нил ирмоғининг сувига ўхшагай. Қибтий2727
Қибтий – Миср мамлакатининг исёнга келган аҳолиси ва шу аҳолига мунсуб шахс.
[Закрыть] га қон кўрингай, аммо Мусога оби ҳаёт…”
Дебочалари араб тилида, асл матни форс тилида битилган “Маснавий”нинг Мавлоно музейидаги энг эски нусхаси 25618 байтдан иборат бўлиб, кейинчалик нусхалари ортган сари байт сонлари ё кўпайган, ё камайганини кўрамиз. Афлокий Аҳмад Дада “Маснавий” 26660 байтни ташкил этишини қайд этади. Мавлавий шоири Асрор Дада эса “Маснавий” Қуръони Каримдаги “Бисмиллоҳ”, “Фотиҳа”, “Бақара” сураларининг ҳарфлари сони қадар, яъни 25639 байт бўлганини маълум қилади.
Дунё миқёсида буюк асарнинг яратилишига фидоийлик кўрсатган Чалабий Ҳисомиддин Мавлононинг муборак таважжуҳларини қозонганди. Мавлоно умрининг сўнгига қадар уни ўз ёнидан айирмай, унга ўғиллари қадар меҳр қўйган, ҳатто мажлисларга ҳам унингсиз бормасди.
Ўз даврининг улуғ акобирларидан вазир Муиниддин Парвона бир кун меҳмондорчилигида мавлавийликнинг асоси бўлмиш самоъ рақси билан боғлиқ маросим уюштиради. Ўша кун Чалабий Ҳисомиддин келмагунча Мавлононинг чеҳраси очилмади. Чалабий эшикдан кириши биланоқ, Мавлоно “Марҳабо, жон қадар азизу нурим. Марҳабо, Ҳақ ва Пайғамбар севиклиси. Кел, руҳим, султоним, ҳақиқий подшоҳим…” деркан, ушбу жўшқин хитоб, ёниқ қалб, юксак иштиёқ Чалабийни ҳам жўшга келтиради ва у ҳам шавққа тўлиб-тошиб, самоъ рақсига тушади.
Мавлоно меҳр-муҳаббатга лиқ тўла қалб уммонининг бутун теранлиги билан Ҳисомиддиннинг ўзинигина эмас, унга оид барча нарсани севмоқда эди. Бир кун йиғилишиб, Чалабийнинг уйига боришаркан, маҳалланинг бошида олдларидан ит чиқиб қолади. Кимдир итни қувмоқчи бўлганда Мавлоно дарҳол қаршилик кўрсатиб:
– Бу Чалабий маҳалласининг итидир, унга тегманглар! – дейди.
Мавлоно бор-йўқ барча ақчаларини Чалабийга жўнатаётган бир пайтда ўғли Султон Валад:
– Ота, уйда ҳеч вақо йўқ, биз нима қиламиз, – деб ўпкалаб қолади. Мавлоно шунда:
– Валлоҳи аълам, юз минг зоҳид очликдан ўлар ҳолга келиб, бизда биргина зоғора нон қолган бўлсайди, уни ҳам Чалабийга жўнатардик, – дея жавоб беради. Бошқа бир гал эса Чалабийнинг уйига егулик олиб бораётган ҳаммолга эгнидаги жуббасини совға қила туриб:
– Кошки, сенинг ўрнингга мен бўлсайдим! – дейди.
ШАЙХ САДРИДДИН ҚЎНЁВИЙ ҲАМ УНГА ТОБЕ БЎЛДИМавлоно отаси Баҳоуддин Валад билан Қўнёга кўчиб келгач, ўз даврининг қатор таниқли мутасаввуфлари билан танишиш имконига эга бўлганди. Ана шундай мутасаввуфлардан бири Шайх Садриддин Қўнёвий эди. Садриддин Қўнёвий 1210 йилда Малатёда туғилган, икки ёшдалигидаёқ отасидан айрилиб, онаси билан Қўнёга келиб ўрнашган эди. Таниқли олим Муҳиддин Арабий Қўнёга келиб, Садриддиннинг бева онасига уйланади. Хуллас, Шайх Садриддин Муҳиддин Арабий маънавий тарбияси остида етишиб, ваҳдати вужуд фалсафасининг Онадўлида ёйилиши учун саъй-ҳаракат қилган, асарлар битган ҳамда ҳадис илмида тенги йўқ олим эди.
Дастлабки даврларда Мавлонодан бошқача эътиқод ва тафаккурга эга бўлган Садриддин Қўнёвий Салжуқли султонларига яқинлиги туфайли жуда катта бойлик орттирганди. Қўноғида Қўнё саройидаги каби жория ва хизматкорлар сақлар, ўзини султондек тутарди. Унинг бу намойишкорона ҳаёти халқнинг чексиз севгисига сазовор бўлган Мавлоно томонидан баъзи эътирозларга сабаб бўлмоқда эди. Бироқ, шу билан бирга, Мавлоно Садриддиннинг илми, ирфонига ҳурмат билан қарарди. Кунлардан бир куни жамоат намоз пайтида Мавлонога имомликка ўтишни таклиф қилишади. Мавлоно:
– Биз фақир кимсалармиз, қаер бўлса ҳам ўтириб тураверамиз. Имомлик тасаввуф ва юксак мавқе аҳлига ярашгай, – деб, Садриддинни олдинга, имомликка ўтқазади ва:
– Тангридан қўрққан имомнинг ортида намоз ўқиган киши пайғамбарларнинг ортида намоз ўқигандек бўлади, – дея илова қилади.
Вақт ўтган сари Шайх Садриддин Мавлоно илгари сурган ғоялар моҳиятини тобора яхши англаб, унга нисбатан чуқур ҳурмат-иззат кўрсата бошлаган, бир куни уни шундай деб мақтаган эди:
– Бистомлик Боязид ила бағдодлик Жунайд ушбу замонда яшаганларида эди, Мавлоно минган отнинг эгари ёпқисини элтиб юрган, унга отбоқарлик қилган бўлур эдилар.
Баъзан Садриддиннинг меҳмони бўлган Мавлоно у билан бўлган суҳбатдан завқ оларди. Бир гал Садриддиннинг уйида уюштирилган мажлисда ўз даврининг таниқли олимлари ҳам даъват этилди. Суҳбат асносида мажлисга ташриф буюрганлардан Амир Камолиддин ўтирганларга қарата:
– Мавлононинг атрофида йиғилганлар оддий халқдан чиққан ўрта табақа вакилларидир… Аксарияти ҳунарманд… Бу улар фазилат ва билим соҳибига яқинлаша олмайдилар деганидир… Қаерда бир косиб, баққол, тикувчи бўлса, унинг муридига айланган. Ҳолбуки… – дейди.
Бу сўзлар Мавлонони ниҳоятда ранжитган бўлса-да, у босиқлик билан дарҳол жавоб берди:
– Зоҳиран шундайдир… Мансур Халлож ҳам бир халлож2828
Халлож – пахтани чигитловчи.
[Закрыть] эмасмиди? Барчамиз билган бухоролик улуғ мутасаввуф бўз тўқимасмиди?2929
“Хожайи Азизон” номи билан маълум ва машҳур Хожа Али Ромитаний назарда тутилмоқда.
[Закрыть] Тағин бири жомчи эди3030
Ҳазрати Саййид Мир Кулол назарда тутилмоқда.
[Закрыть]. Айтинг-чи, уларнинг ҳунарлари ирфонларига не халал етказмиш?
Мавлононинг қулоғига шунга ўхшаш яна бир сўз етиб боради. Эмишки:
– Мавлоно тенгсиз султон, мисли йўқ инсон. Унга эътирозимиз йўқ. Аммо атрофидаги ёмон кимсаларга не дейиш керак?
Мавлоно бу эътирозга ҳам жўяли жавоб берган эди:
– Агар улар яхши бўлсалар эди, мен уларга мурид тушардим…
Мавлоно бу жавоби билан зоҳиран жоҳил, қўпол кўринган, бироқ асл жавҳари тоза бўлган “хом” инсонларни тарбиялаш, пишириш ҳамда уларни ўз файзига ҳамроҳ айлаб, уларга раҳнамолик қилишга масъул эканини айтган эди. Ва аслида ҳам шундай эди…
АМИР СУЛАЙМОН ПАРВОНА МАВЛОНОНИНГ МУРИДЛАРИ САФИДАБир кун Мавлоно Шайх Садриддин зиёратига боради. Шайх Мавлонони катта ҳурмат билан кутиб олиб, хонасининг тўрига ўтқазади. Ўзи ҳам одоб билан меҳмоннинг ёнига тиз чўкади. Биргаликда нурафшон сокинликка толган бир пайтларида Садриддиннинг хизматидаги дарвешлардан бири бу сукутни бузганича Мавлонога:
– Менга айтинг-чи, фақирлик недир? – дея савол беради. Мавлоно унга асло эътибор бермай, муроқабада давом этади. Дарвеш саволини бир неча бор такрорласа-да, Мавлоно жим тураверади. Дарвеш ташқарига чиққач, Садриддин Қўнёвий дарвешни ёнига чорлаб:
– Эй пишмаган гумроҳ банда… Мавлоно сенга ажойиб жавоб берди, сен эса тушунмадинг, – деб танбеҳ беради. Шунда дарвеш:
– Жавоби не эди? – дея сўраркан, Шайх:
– Камолга етган дарвеш валийларнинг ҳузурида тил бирла ҳеч нима сўйламагай, ҳол тили бирла гаплашгай. Ҳақиқий фақир дунё ва охират ковушини оёғидан ечиб, бутун борлиғидан кечган кимсадир. Мавлоно сенга шуни айтмоқчи бўлди, – дейди.
Шайх Садриддин Мавлононинг улуғлик буржи олдида тиз чўккан, аммо бошқалари бунинг фарқига боришмаганди. Улар Мавлонони англамаган ёхуд англашни истамаган кимсалар эдилар. Бир кун тағин бир мажлис уюштирилди. Мажлисга даъват этилганлардан Шайх Нажмиддин:
– Бугун Мавлоно мажлисга келиб, нима деса ҳам йўқ дейман! – деди.
Бу сўзни эшитган Садриддин Қўнёвий Шайх Нажмиддинга эътироз билдирса-да, гапини ўтказолмади. Бироздан сўнг Мавлоно кириб келди ва:
– Тангридан бошқа Тангри йўқдир, Ҳазрати Муҳаммад Тангрининг элчисидир, – деди.
Шайх Нажмиддиннинг бунга йўқ дейишига қандоқ ҳадди сиғсин?! У ўз хатосини англаб, жим қолади ва қайта-қайта узр сўрайди…
Мавлоно ўз даврининг барча акобиру илм пешволаридан жуда кўп ҳурмат кўрса-да, бироқ ҳеч бири билан муносабати Муиниддин Сулаймон Парвона билан бўлганичалик самимий ва дўстона эмас эди. Сулаймон Парвона ёшлигида Салжуқийлар саройида турли вазифаларда хизмат қилган, Султон Ғиёсиддин Кайхусрав II нинг қизи Гуржи Хотунга уйлангач, сарой аҳли орасида юксак ҳурмат ва эътибор қозонган давлат кишисига айланган эди. У бундан анча олдин Тўқот3131
Тўқот – Онадўли шаҳарларидан бири.
[Закрыть] амирлигида юқори мавқега эга бўлган, кейинчалик мўғулларнинг Онадўли Умумий Валиси ҳисобланган Байжу Нўённинг эътиборини қозониб, “Парвона” ёки “Парвоначи” мансабини қўлга киритган эди. Парвоначилик Онадўли салжуқийларида вазирликдан кейинги энг юксак мақом эди. Ўн олти йил салжуқийлар давлатини бошқарган, бир томондан, мўғулларнинг, иккинчи томондан, салжуқ султонларининг ҳурматини қозонган Сулаймон Парвона мискинлар отаси, қўли очиқ, доно ва етук амир сифатида ҳам халқ орасида кенг танилган эди. Ён-атрофидаги олиму мутасаввуфларга эътибор ва ҳурмат кўрсатар, уларни саройига чорлаб, турли маросим ва суҳбат мажлислари уюштирарди. Тўқот амирлигида мансабдор экан, таниқли сўфийлардан Фахриддин Ироқийга уй қурдириб бериб, унга мурид тушганди. Қўнёга қайтгач, аввал Мавлононинг дарсларига қатнай бошлаган, сўнгра эса суҳбат мажлисларида иштирок этиб, эътибор қозонган эди. Сахий, кўнгли очиқ, ҳур фикрли зот бўлгани учун Мавлононинг наздида унинг алоҳида ўрни бор эди. Мавлоно ёзган мактубларида уни:
“Ўз куч-қувватини Оллоҳнинг лутфи, эҳсони учун бағишлаган, муродга эришиш муҳри билан муҳрланган, нажот улоғига миниб, охират масканини, юксак маснадларни тилаган, адолат, эҳсонга ёр, ҳақиқат ва солим эътиқодга эш, Ҳақ наздида мақбул, халқ наздида мақталган амирлар подшоҳи Муиниддин” деб таърифлаган, бошқа бир мактубида эса: “Давлат бахш этган қуёш, юксаклик тимсоли, буюкларнинг бошидаги тож”, – дея мақтаган эди.
МАВЛОНОНИНГ ЯНГИ БИР АСАРИ – “ФИҲИ МО ФИҲИ” ТУҒИЛМОҚДАСулаймон Парвона гоҳ-гоҳида Мавлоно билан ширин суҳбатлар қурганидек, баъзан Мавлонони ўз уйига даъват этар, иззат-икром кўрсатиб, унинг ҳикмат тўла сўз ва насиҳатларини чуқур ўйга толиб тингларди. Мазкур суҳбатлар шу қадар қизғин ва пурмаъно тус оладики, котиблар бу суҳбатларни ёзиб ола бошлайдилар ва шу тариқа маълум бир вақт ўтгач, Мавлононинг “Фиҳи мо фиҳи” асари пайдо бўлади. “Фиҳи мо фиҳи” “Нимаики Ундадир – Ундандир” маъносини билдириб, мутлоқ борлиқ – Тангрини, “ақли кулл3232
Ақли кулл – олий ақл, Оллоҳ.
[Закрыть] ва ақли жуз3333
Ақли жуз – ожиз банда ақли.
[Закрыть]”нинг дунё ва охират ҳақидаги қарашларини, муршид ва мурид муносабатларини тасаввуфий суҳбатлар ҳолида ҳикоя ва мисоллар орқали англатар, баъзан бевосита Сулаймон Парвонага хитоб қилинар эди.
Ушбу суҳбатлар Султон Валад, Чалабий Ҳисомиддин каби Мавлононинг яқинлари томонидан ёзиб олинган, сўнгра “Маснавий” каби Мавлонога бир бор ўқиб берилган, ана шундан кейингина асл нусхага кўчирилган деган фикр билдирилади. Чалабий Ҳисомиддин “Маснавий”нинг ёзилишига қандай фидойилик кўрсатган бўлса, Сулаймон Парвона ҳам “Фиҳи мо фиҳи”нинг юзага келишида ундан кам фидойилик кўрсатмади.
Мавлононинг тафаккур оламини 76 бобда акс эттирган ушбу нодир асар наср ҳолида битилган бўлиб, баъзан мавзуга кўра назмий байтлар ҳам ундан ўрин олади. Равон услуби билан ўқувчини ўзига жалб этиб, маънолар оташида эритади, пиширади, ёқиб-ёндиради. “Маснавий” нақадар жўшқин бўлса, “Фиҳи мо фиҳи” ҳам шунчалар жозибали, илмий ва орифона асардир.
Салжуқийлар давлати ичра салтанат учун ўзаро тинмай кураш бораётган бу пайтда муҳим вазифалар билан банд бўлган Сулаймон Парвона имкони бўлди дегунча Мавлонони зиёрат этар, вақт тополмаган пайтида узр сўраб қўяр эди:
– Кеча-кундуз қалбим, жоним сизнинг ёнингизда, хизматингизда; бироқ мўғулларнинг ишидан, юмушларнинг кўплигидан зиёратингизга боролмаяпман, – дея мактублар битарди.
Мавлоно эса:
– Бу ишлар ҳам Ҳақ ишидир. Чунки булар диннинг хавфсизлигини таъминлагай. Сиз мусулмонларнинг кўнгиллари роҳат топиб, ҳузур-ҳаловат ичра тоат-ибодат ила банд бўлишларини таъминлаш учун молингиз ва жонингизни фидо этмоқдасиз, бу ҳам хайрли ишдир, – деган сўзлар билан жавоб қайтарар эди. Парвонанинг зиёратлари муридлардан баъзиларининг ғашини келтирган бўлса керакки:
– Амир Парвона келган дамда Мавлоно жуда чечан бўлиб кетади, – дея гап-сўз қилаётганлар бор эди. Бундай номақбул сўзларни эшитган Мавлоно:
– Амир келиши билан сўз кесилиб қолмагай. Чунки у сўз аҳлидир ва доимо сўзга эҳтиёжманд, сўз ҳам ундан айрилишни истамас. Бошқалар ҳам назм, ҳам наср бирла ҳақиқат ва нозик сирларни баён этгай. Бироқ Амирнинг майли, илинжи биздадир… Унинг мени яхши кўриши, мени кўришни исташининг боиси шундаки, у менда бошқаларида бўлмаган фазлни кўрмоқдадир, – дерди. Шунга қарамай, Амирни ҳузурига қабул қилишда уни кўп бора куттириб қўярди:
– Амир бизни зиёрат қилиш учун безовта бўлмасин ва заҳмат чекмасин. Чунки бизнинг бир қанча ҳолларимиз бор. Баъзи ҳолларда гаплашгаймиз, баъзан эса сукут сақлагаймиз. Бирда халқ бирла суҳбатлашгаймиз, бирда ёлғиз қолгаймиз. Ҳайрат ва истиғроқ ичра қолган ҳолларимиз бўлгай. Оллоҳ афв этсин. Бундай ҳолда Амир келса, ҳол-хотир сўролмагаймиз, у билан гаплашишга ҳолимиз ижозат этмагай. Шунинг учун дўстлар билан суҳбатлашишга имкон бўлган пайтда бизнинг бориб уни кўришимиз янада маъқул бўлгай, – дерди. Бунга жавобан Амир:
– Мавлоно мен билан суҳбатлашсин деб эмас, фақатгина хос қуллик ва муридликка мушарраф бўлмоқ учун келгайман… Дарвоқе, Мавлоно шу кунларда жуда банд бўлса керакки, менга ҳатто юзини ҳам кўрсатмади. Узоқ куттирганидан сўнг эса мени қабул қила олмаслигини маълум айлади. Мавлоно менга сабоқ бериш учун – кутишнинг нақадар оғир, қийин эканини англашим учун шундай қилди. Мусулмонларни ва яхши инсонларни куттирмаслик учун мени тарбиялади, – деб жавоб берди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.