Электронная библиотека » Ўндер Меҳмет » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Мавлоно"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Ўндер Меҳмет


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
МАВЛОНОДА ИШҚ

Мавлоно дейдики, “Ишқ келди-ю, томиримда, вужудимда қон тўхтаб қолди. Мени ўзимдан олиб, маҳбубим бирла тўлдирди. Бутун вужудим маҳбубим бирла тўлди. Мендан ёлғиз ном қолди, ундан нариси эса фақат Удир…”

Кўйида бутун умрини бағишлаган, ёниб-куйган бу тенгсиз ёр Оллоҳдир. Ишқда Оллоҳга нисбатан беқиёс севгининг камолга етишуви ошиқнинг ишқда йўқ бўлишидир. Ҳақиқий илҳомга мазҳар бўлган, ҳақиқий йўқлик – фанодан завқ олганларнинг энг буюк орзуси илоҳий вуслатдир. Мавлоно бу йўлнинг жўшқин ошиғидир, у ишқдан туғилган, ишққа йўғрилгандир.

– Пайғамбаримизнинг йўли ишқ йўлидир. Биз ишқ фарзандларимиз; ишқ бизнинг онамиздир, – дер ва ҳақиқий тирикликка ишқда йўқ бўлиш орқали эришиш мумкинлигини таъкидларди:

– Ишқсиз бўлмаким, ўлик бўлмагайсан. Ишқда ўлким, тирик бўлгайсан…

Мавлононинг ишқи умрининг уч босқичида вояга етган ва бу умр шу йўлда фидо қилинган эди. Мавлоно буни бир байтида шундай ифодалайди: “Бутун умримнинг хулосаси шу уч сўздан ортиқ эмас: Хом эдим, пишдим, ёндим”.

Таҳсил ва камолга эришиш даврининг хомлигини Табризлик Шамс пиширган, сўнгра эса йўқлиги билан Мавлонони ёқиб-ёндирган эди.

Мавлононинг назарида ҳақиқий ошиққа ишқдан бошқаси ҳаромдир.

Илоҳий ишқ ва маъшуқ ҳамма нарсанинг устида ва ичидадир. Инсон ўзини йўқдан бор қилганни қандай севмасин ахир?!. Бу севги аслида унинг ўзидадир, ҳар нарсанинг охири унга боргай. “Фиҳи мо фиҳи” асарида шундай дейди:

“Асл мақсад севмоқдир. Инсоннинг жавҳаридаги бу туйғуни юксалтириш лозим. Танимиз бир хум кабидир. Бу хумнинг боли ва муми ҳам илоҳий ишқдир…”

Мавлононинг Шамсга нисбатан яқинлиги ва ишқи ҳам шудир, Шайх Салоҳиддин ва Чалабий Ҳисомиддинга бўлган ишқ ҳам шу… Уларда мутлоқ борлиқнинг камолини ҳамда уларнинг жамолида Тангри нурларини кўрган Мавлоно ҳақиқий ишқни, яъни Зоти илоҳийни тимсоллаштириб тараннум этади. “Маснавий”сида:

– Ҳақиқий маъшуқ ҳисобланган Тангри ишқидан бошқа ишқ ишқ бўлолмагай, шунчаки бўм-бўш бир савдо бўлгай, дея қайд этганидек, Мавлонодаги ишқ тўла маънодаги илоҳий ишқдир; бошқа ҳеч нарса эмас ва ҳеч нарса бўлолмайди ҳам.

Мавлоно ўз жўшқин ишқини Шамснинг номи ила рамзлаштирган эди. Ўзидан йигирма ёш катта, яъни 60-70 ёшлардаги бу дарвеш Мавлонода ўз жавҳарини топган илоҳий ишқни камолга етказган эди. Йўқлиги билан эса Мавлоно Уни мазкур ишқнинг рамзига айлантирган эди. Бу рамз Тангрининг жамол ва жалолига ишорадир. Мавлоно азалий маъшуқ тажаллийсини ва ёрқин нурларини ҳар ерда кўрмоқда эди. Табризлик Шамсиддинда бу нурларни кўрган Мавлоно уни мақтаркан, илоҳий жозиба туфайли етган мастликни шаробдан етган мастликка менгзайди. Шаробни ишқ шароби сифатида рамзлаштиради. Илоҳий ишқнинг куйдириб кул этувчи мастлиги эди бу… Шеърларидаги боғ, гул ва булбул – буларнинг барчаси рамзлар эди. Асл мақсад эса Тангридир. Бир рубоийсида буни шундай таърифлайди:

– Бошимни қўйиб ҳар ерда сажда қилганим Удир. Олти сифот ва олти жиҳот ортидаги Маъбуд Удир. Боғ, булбул, самоъ рақси ва маҳбуб… Булар барчаси баҳона, мақсад доимо Удир.

Мана, Мавлонодаги ишқ ва маҳбуб…

Чунки у барчани севар ва ҳузурига қабул қиларди. Унинг учун барча инсонлар вужуди ва зоҳири жиҳатидан фарқли, бироқ моҳиятан ҳамда руҳан ягонадир. Рубоийларидан бирида:

 
“Яна кел, яна кел…
Ким бўлсанг бўл, яна кел.
Хоҳ кофир бўл, хоҳ мажусий, хоҳ бутпараст.
Хоҳ юз карра бузган бўл тавбани”, –
 

деб куйлар экан, шундай илова қилади: “Умидсизлик даргоҳи эмас бу даргоҳ. Қандай бўлсанг, шундай кел…”

Мавлоно бутун инсониятни ўз ҳузурига чорлаб, ёруғ, нурли эшигида уларга ҳақиқий йўлни, Ҳақ йўлини кўрсатмоқда эди.

Бу чақириққа амал қилганлар унинг атрофида йиғилишиб, ҳидоят йўлини топмоқда эдилар. Олим, жоҳил, бой, фақир, хуллас, султондан тортиб чўпонгача барча Мавлононинг ҳузурида унга тобе бўлган эди. Бу илоҳий даъват эди. Қўнё кўнгиллар юрти, ошиқлар Каъбаси ҳолига келганди. Шунингдек, бу даъват Мавлоно даврида ҳам, ундан кейин ҳам кўнгилларда ўз аксини топган ҳамда муборак мақбараси Уни севганларнинг доимий маскани, зиёратгоҳига айланганди.

МАВЛОНОНИНГ ИНТИҲОСИЗ ИШҚИ

Мавлоно ишқ, жозиба, суҳбат ва ирфон йўлида тобора юксалган сари ён-атрофига яхшилик, тўғрилик ва гўзаллик нурларини сочмоқда эди. Бир кун икки киши ўзаро жанжаллашаркан, улардан бири иккинчисига:

– Менга бир айтсанг, мингтасини эшитасан, – дейди. Буни эшитган Мавлоно дарҳол у одамнинг ёнига бориб:

– Нима гапинг бўлса менга айт, мен бирла жанжаллаш. Менга мингтасини айтсанг ҳам, ҳеч нарса эшитмагайсан, – дейди. Жанжалкашлар хижолат тортиб, тезда ярашишади ва бу Буюк зот олдида ҳурмат билан бош эгишади.

У дўстликнинг ҳам, сулҳнинг ҳам тамалини инсонларнинг ўзаро севгисида деб биларди. Бир кун ўғли Султон Валадга шундай насиҳат қилганди:

– Сен ҳар бир инсоннинг хайри ва яхшилигини сўйла, кўрасанким, ул душман сенинг энг яқин дўстингга айлангай. Чунки кўнгилдан тилга, тилдан эса кўнгилга йўл бордир.

Ишқ, ҳар нарсани, ҳар яратиқни севмоқ – руҳни юксалтиради, инсонга ҳузур бағишлайди. Бу севгининг эшиклари Тангри севгиси билан очилади. Тангрини севган, Тангри бирлигига иймон келтирган кишининг қуллигини ишқ белгилаб беради. Бир рубоийсида У севгили Тангрисига шундай хитоб қилади: “Севгилим, сенга яқин бўлишнинг сабаби мудом ишқдир. Оёғингни қаерга боссанг, биз ўша ернинг тупроғимиз. Ишқ мазҳабида оламни Сен бирла кўрганимиз ҳолда Сени кўрмаслик раво эмас”.

Тағин шундай дейди:

– Биз севамиз ва ҳаётимизнинг гўзаллиги шу туфайлидир.

Бу севги инсонни камолга етказувчидир. Тангрига яқинлаштирувчи ва Тангри вуслатига етказувчи ҳақиқий ишққа, Тангри ишқига олиб боради. Бироқ ҳақиқий ишқни дунёвий ишқдан фарқламоқ лозим. Мавлоно дунёвий ишқни Мажнуннинг туясига ўхшатиб, “Маснавий” асарида шу ҳикоятни келтиради:

“Мажнун Лайлосига қовушмоқ учун туяга миниб йўлга тушади. Туянинг ортида унинг жуда яхши кўрган бўталоғи бор эди. Туя илгарилаган сари бўталоқ ортда қола бошлайди. Мажнун туяни ўз ҳолига қўяркан, унинг юриши секинлашади. Бу ҳол бир неча бор такрорланади. Хуллас, маълум бир вақт ўтгач, Мажнун ўзига келиб қараса, аввалги жойидан бир одим ҳам илгари силжимаган экан. Шунда у бундай дейди:

 
Деди Мажнун: иккимиз ошиқ магар,
Йўлда йўлдошликка нолойиқ магар.
 
 
Ўзгадир чун сенда ул меҳру миҳор,
Сендан айрилмоқни этдим ихтиёр.
 
 
Икки ҳамроҳ ирғитар бир-бирига тош,
Жону тан йўл узра этгайлар талош.
 
 
Аршга парвоз айламоқ истар кўнгил,
Тан тикан еб, тева бўлмиш ерда ул”.
 

Ҳақиқий ошиқ Мавлонодир, Мавлонони англаган кимсадир. Ҳақиқий ишқда ёлғиз Тангри бор. Бошқаси йўқ!..

Ишқ ва севги баҳсида қалам тинмай ёзар, тил тинмай сўйлар, кўнгил муттасил жўшар эди. Бу ишқ Мавлонога улкан бир девон, жилд-жилд “Маснавий”, қучоқ-қучоқ китоб ҳадя этди, азиз ўқувчи!

Биз Жаноби Мавлономизнинг ниҳоятда нозик лутфига иқтидо қилиб, узуқ-юлуқ жумлаларимиз билан ҳаёт ҳикоясини баён этарканмиз, такрор айни мавзуларга қайтсак, айбга буюрманг. Чунки У бутун олам узра ҳилпираб турган севги байроғини баланд кўтариб наъра тортган, тўлиб-тошган, оташлар сочган улкан ишқ вулқонидир, муҳаббат тоғидир. Бу вулқон етти юз йилдан бери сўнмай келмоқда…

Бу гўзаллик ва эзгулик булоғидан сўз юритарканмиз, “Фиҳи мо фиҳи” асаридаги шу жумласини ҳам қайд этмай ўтолмаймиз: “Ҳар кимки бизни хайр бирла ёд этса, унинг ҳам дунёда ёди хайрли бўлур. Агар бир кимса бошқа бири ҳақида яхши гаплар айтса, у хайру яхшилик ўзиники бўлур, чиндан ҳам ўзини мақтаган бўлур”.

МАВЛОНО ВА САМОЪ РАҚСИ

Мавлоно жўшқин ишқини мусиқа, самоъ рақси билан уйғунлаштирмоқда эди. Мусиқа ишқ билан тўлиб тошган кўнгилнинг раққоси, самоъ бу ишқнинг жозибаси ва ҳаракати эди. Шеър эса ишқ тили, кўнгил шамчироғининг мойи эди. Бу уч эстетик унсур: мусиқа, шеър ва самоъ рақси бир бўлиб, ишқ шаршарасига айланиб, кўпира-кўпира Мавлононинг руҳидан, менлигидан тўкилмоқда ва бу шаршарада ҳатто Мавлоно ҳам бирлашиб ғойиб бўлмоқда эди.

Мавлононинг илоҳий ишқи ва жозибасининг тили ҳисобланган мусиқада рубоб ва найнинг ўрни беқиёсдир.

– Рубобнинг тили, хоҳ туркий бўлсин, хоҳ румлиг-у, хоҳ араб бўлсин – ошиқларнинг тилидир… – Рубоб ишқ булоғидир, аҳбоб йўлдошидир. Булут гулзорни қандай суғорса, рубоб ҳам ташна кўнгилларни шундай қондиргай, кўнгилларга соқийлик қилгай… – дея марҳамат қилади Мавлоно.

Ишқ ташналигини рубобнинг ёқимли, ёниқ нағмалари билан қондирмоқда, унинг садоси билан кўнгли ором топмоқда эди.

Мавлоно Мавлоно бўлгандан бери Қўнё най ва рубоб садоларига тўлган эди. Қаерда Мавлоно бор бўлса, у ерда мусиқа, шеър ва самоъ рақси бор эди. Бу садо, бу нафаслар таассубнинг кўр қудуғига тушганларни чилладан чиқармоқда эди. Мутаассиблар:

– Бу мусиқадан мурод не? Биз бир эшакка юк бўладиган китоб ўқидик. Лекин мусиқанинг ҳалоллигига доир биргина сатр ҳам учратмадик… – демоқда эдилар. Бу сўзлар Мавлонога етиб боргач, у:

– Улар эшакчасига ўқиганлар! – деган биргина жумла билан жавоб берган эди.

Рубобни тан қулоғи билан эмас, жон қулоғи билан тингламоқ унинг тилини тушунмоқ дегани эди. Бир кун Мавлоно: “Биз рубобдан жаннат эшиклари очилишининг ёқимли товушларини эшитмоқдамиз”, деган эди. Доимо Мавлонога қарши бўлган Сайид Шарафиддин бунга эътироз билдириб:

– Биз ҳам рубобни эшитмоқдамиз. Лекин бизга ғашга тегувчи бир ғижирлашдан бошқа товуш келмайди, – деганди. Мавлоно бу сўзлардан хафа бўлмайди ва ўз нуктадонлиги билан шундай жавоб беради:

– Тўғри, у ҳам эшитмоқда. Ўртадаги фарқ шуким, биз жаннат эшикларининг очилиш товушини эшитмоқдамиз, у эса ёпилиш товушини эшитмоқда, – деган ва шундай илова қилган эди:

– Мадрасаларни олимларга бердик, хонақоҳларни шайхларга… Рубоб ўртада биз каби ғариб бўлиб қолди. Уни биз олдик. Рубобга рағбат кўрсатсалар эди, шубҳасиз уни ҳам уларга бағишлар эдик. Бироқ бундай қилмадилар. На илож, ғариблар кечиримли бўлади. Улар ҳам омон бўлсинлар…

Рубоб чертилган сари, айниқса, Мавлононинг ҳассос, инжа бармоқлари билан чертиларкан, илоҳий оҳанглар чиқармоқда, ишқ дардида нола чекиб, инграмоқда эди.

Дарвоқе, най – қамиш бўлаги, ажиб олам эди. У шундай бир най эдики, кўнгил соҳибининг қўлида қамиш эмас, Тангри асроридан садо берган товуш, нафас бўлиб янграмоқда эди. Бу товуш, бу нафас, аввало, “Маснавий”да “Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай, Айрилиқлардин шикоят айлагай” дея садо бериб, най эмас, Мавлононинг айнан ўзи бўлиб куйламоқда эди. Аслида най юзи сарғайиб, бутун борлиғини Тангрига бағишлаган ошиқ ҳолини тамсил этмоқда эди.

Найдаги етти тешик инсоннинг тана аъзолари: кўз, қулоқ, бурун, оғиз каби етти аъзо ҳисобланиб, у комил инсонни мадҳ этмоқда эди. Мавлоно “Маснавий”да ана шундай най тимсоли эди. Шунингдек, “Маснавий”ни инглиз тилига ўгирган Рэйнольд Никольсон: “Мавлоно ўзини Чалабий Ҳисомиддин нолакор хониш қилган найга ўхшатади”, деб таъкидлайди. Раҳматли Яман Дада “Най” манзумасида шундай дейди:

 
Ичи бўш, юзи сарғайган унга ишқдир моя,
Дарди ҳижрон ила инграр, этар оҳ Лайлога.
Арз қилар қичқириб ишқини мудом Мавлога,
Боқ, нелар сўйлатар у Ҳазрати Мавлонога…
 
ТИНГЛА НАЙДИН…

Най тўқайзорда ўсган шунчаки қамиш эмас, балки ошиқ қўлидаги оташдир, кўнгилдир, Тангри сиридир.

Дейдиларки, Довуд пайғамбар бир кун тўқайзордан ўтиб кетаркан, енгил шабада эсиб, қамишлар куйлай бошлабди… Шундай куйлашибдики, таралаётган товушнинг илоҳий оҳанги оғушида Ҳазрати Довуд турган жойида михланиб қолибди. Сўнгра у бир қамишни узиб олиб, лабларига қўйиб, пуфлай бошлабди… Шу тариқа Ҳазрати Довуд Тангрига бўлган ишқ ва муҳаббатини қамиш орқали изҳор этибди. Қамиш Унинг қўлида қамиш эмас, ишққа айланган эмиш. Довуднинг илоҳий куйлари ва жозибали машҳур довудий товуши – тароналари ҳамда ёниқ нафаси нола қилган ошиқ мисоли най билан боғлиқ бўлса керак.

Яна нақл қилинадики, Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) Оллоҳ сирини фақатгина Ҳазрати Алига айтиб, уни фош этмасликни қаттиқ тайинлаган эканлар. Ҳазрати Али ушбу илоҳий сирни бир сура ичига яширибди, бироқ сирнинг оташига, залворига чидай олмай, юраги ёниб-ўртаниб, саҳрога равона бўлибди. Саҳрода дарбадар кезаркан, иттифоқо, бир куни кўмилган қудуққа дуч келибди ва ичини оташ каби ёқиб-куйдирган илоҳий сирни қудуққа тўкиб-солибди. Шунда қудуқдан оби ҳаёт сувлари тошиб чиқиб, саҳро воҳага айланибди: дарахтлар, қамишлар битибди…

Хуллас, най тўқайзорда битган шунчаки қамиш эди. Лекин арбобининг қўлида у тилга кириб, илоҳий сирларни фош этмоқда эди.

Мавлононинг:

“Менинг сирим фарёдимдан нари эмас, бироқ кўзда, қулоқда у нур йўқ. Тан жондан, жон эса тандан яширин эмас. Лекин жонни кўриш учун изн йўқ…” дея тилга олган ишқ рамзи… Мавлоно най ҳақида дейдики:

 
Лабларига етсам ул дамсозни,
Най каби мен сочгай эрдим розни.
 
 
Кимки бўлгай ҳамзабонидин жудо,
Безабондир, гарчи унда юз наво.
 
 
Чунки гул кетса, гулистон қолмагай,
Сўнгра булбул бирла достон қолмагай.
 

Рубоб ва найнинг садоси ишқ уйининг тамали эди. Бу садолардан насибини олган ошиқ жазбага келиб, сайёраю юлдузлар қуёш атрофида айланганидек, илоҳий севгилининг маънавий теварагида айлана-айлана самоъ рақсига тушарди.

Мавлоно “Самоъ рақси илоҳий вуслатга эришиш воситасидир”, дейди. Бу вуслат йўли завқини олган ошиқ замон ва макон тушунчаларидан холи бўлади. “Маснавий”да: “Замондан, вақт қайдидан қутулдингми, ҳол қолмагай. Ҳолсиз Тангрига маҳрам бўлгайсан” дейилади. Бунда “Темир бирла оҳанрабо қандай бўлса, ошиқ бирла маъшуқ ҳам шудир”. Мавлономиз: “Самоъ рақсига тушарканмиз, на найдан хабаримиз бўлгай, на чирмандадан…” деганидек, ошиқнинг жазба ҳолати айни дамда уни дунё илинжидан озод этади. Бу ҳолат маълум бир муддат давом этади. Сўнгра аста-секин сукунга боради. Тангрининг мутлоқ жамолига ва жалолига ҳамд айтади: “Энди шундай бир мақомга етгандирки, у ерда на зикр, на зикр қилган, на-да зикр қилинган бордир”. Шунинг учун Мавлоно: “Самоъ рақси ошиқларнинг озуқасидир. Чунки унда жонон учун вуслат хаёли бордир”, дейди. Табризлик Шамс ҳам: “Ҳақни истаган ва унга ошиқ бўлганлар самоъ рақсига тушган пайтларида ишқлари ва маънавий ҳоллари ортгай” дея, Мавлонони доимо самоъ рақсига даъват этарди.

МАВЛОНОНИНГ ҚУЛЛИГИ ҲАҚҚА ЭДИ

Мавлоно янги бир дин, янги бир мазҳаб борасида ваъз ўқимаётганди. У иймони бутун, кўнгли ғаний, ошиқ бир мусулмон эди. Мутлоқ ҳақиқатга эришиш учун ишқ ва жазба билан Оллоҳни севган ва Унга ҳамд айтган сўфий эди. Барча асарлари бу ишқ ва жозибанинг, бу ҳамду санонинг худди ўзи эди. Оллоҳни севар, Унинг китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирар ва қуллик қиларди. Бир рубоийсида: “Яшаганим муддатича Қуръоннинг қулиман мен… Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) йўлининг тупроғиман мен. Биров менинг сўзларимдан гап очганда бундан бошқа бир сўз нақл қилса, у кимсадан ҳам, у сўздан ҳам безорман мен”, – деган эди.

Ва тағин дердики: “Мен қул бўлдим, қул бўлдим, қул бўлдим. Бу ожиз қул қулликни лойиғи бирла адо этолмаганим боис номус қилдим ва бошимни қуйи эгдим. Ҳар қул озод этилгач, севингай. Ё Раббим, мен сенга қул бўлганим учун севинаман…”.

Бу нақадар буюк қуллик… Бу тавозеда нақадар буюк таслимият бор… “Қул бўл-да, от каби ер узра юр… Жасад каби халқнинг елкасига миниб-да, юксалишга интилма!”

Айни даврда салжуқийлар давлатида расман жорий этилмиш мазҳаб ҳанафийлик эди. Ҳатто мадрасаларда дарс берган мударрис ҳанафий мазҳабидан бўлиши шарт ҳисобланар ва бу шартга вақфияларда ҳам амал қилинарди. Қўнёдаги Олтин Аба, Қоратой, Сирчали каби салжуқийлар даври мадрасаларининг вақфия ва китобаларида шундай қайдларни учратиш мумкин. Онадўли салжуқийларининг энг порлоқ, юксалган йилларида Қўнёга кўчиб келиб, маълум бир муддат мадрасаларда сабоқ берган Мавлононинг ҳам мазҳаби ҳанафийдир. Аммо У:

– Ошиқлар мазҳаб ва миллатдан холидирлар. Улар учун мазҳаб ва миллат Тангрининг ўзидир, – дея ислом динига, бу покиза ва асл динга кейинчалик кириб келган сафсаталардан, ҳатто мадрасанинг ботил, кўҳна жаҳолатидан доимо шикоятда бўлиб, соф эътиқод асосида кенг миқёсда фикр юритган донишманддир. У:

– Паргор3636
  Паргор – циркуль.


[Закрыть]
каби бир оёғим бирла шариат узра мустаҳкам туриб, иккинчи оёғим бирла етмиш икки миллат оралаб кезгайман…” – деб, ўзининг ҳурфикрлилигини аён этади.

Мавлонога кўра маънавий ҳузур ва завқларга эришиш мумкин. Шунингдек, иймон тўғри билан янглишни, ҳақ билан ботилни ажратиб бергувчи ҳакамдир. Амал инсондаги маънодир. Сўз амалнинг самараси, яъни у амалдан туғилади.

Мавлоно бир ўринда шундай дейди:

– Қуръони Каримга назар сол ва билки, бутун Қуръон нафсларнинг ёмонликларини билдириш ва уни ислоҳ қилишни кўрсатиш шарҳидир.

Тағин дейдики:

– Одобдан насибасини олмаган инсон инсон эмасдир. Инсон бирла ҳайвон орасидаги фарқ одобдир. Кўзингни оч, Оллоҳнинг Каломига боқ. Бутун Қуръоннинг маъноси оят-оят одобдан иборатдир…

Ва тағин шундай давом этади:

– Биз Оллоҳдан одоб эҳсон этишини сўрайлик. Чунки одобсиз кимса Оллоҳнинг лутфидан маҳрум. Бу коинот одоб бирла нурланди, малаклар одоб бирла маъсум ва пок бўлди… Сенинг ҳам руҳингнинг фалаги одоб билан зийнатланган бўлса, юлдузлар ва илмлар бирла нурга тўлгайсан. Ақлинг малак каби одобли бўлса, унинг каби ибодат ва қулликда бўлса, гуноҳ ва хатолардан тозалангайсан.

ИЛОҲИЙ ГЎЗАЛЛИК РУҲНИНГ ГЎЗАЛЛИГИДАДИР

Мавлонога кўра, Оллоҳдан қўрқув иймонли қалбнинг зийнати ва безагидир. Ундан маҳрум бўлган кўнгиллар хароб ва шаҳват макони.

Бир кун насоро уста Мавлононинг уйини таъмирламоқда эди. Муридлардан баъзилари устага:

– Нега мусулмон бўлмаяпсан? Динларнинг энг гўзали, энг ҳаққонийси Ислом динидир, – дейишади. Насоро уста:

– Эллик йилдирки, Исо динидаман. Динимни тарк этишда Ундан қўрқаман ва уяламан, – дейди. Шу пайт бир оз нарироқда ушбу суҳбатни эшитган Мавлоно уларнинг ёнига келиб:

– Иймоннинг сири қўрқувдир. Ҳар кимки Тангридан қўрқса, у насоро бўлса ҳам, дин соҳибидир, динсиз эмасдир… – дея, асл таҳлика динсизлик ва иймонсизлик эканига ишора қилади.

Иймон руҳнинг гўзаллигидир. Руҳ эса мангуликнинг ўзгинаси. Мавлоно “Маснавий”нинг бешинчи жилдида: “Бу жаҳондан кўчганлар оз эмас, улар Ҳақнинг сифатларига эришган кимсалардир. Уларнинг бутун сифатлари Ҳақнинг сифатларида қуёш олдидаги юлдузлар каби бенишон қолгай”, – дер экан, шундай изоҳ келтиради:

– Кундузи гарчи юлдузлар мавжуд бўлса ҳам, зоҳиран кўринмагай. Чунки қуёшнинг зиёси олдида уларнинг борлиги билинмас. Зотан, улар зиёни қуёшдан олгай. Чунончи, биз ҳам Ҳақ бирла тирик ва мавжудмиз. Ўлгач, Ҳақнинг сифатларига қоришгаймиз. Яъни Ҳақдан бир зарра ҳисобланган руҳ ўлим бирла Ҳаққа ружу этган пайт бизнинг борлиғимиз асл борлиқда маҳв бўлгай. Сўнгра Ҳақнинг маънавий ҳузурида тўпланишимизга кўра ҳозир бўладиганнинг маъдум (йўқолиши) эмас, мавжуд бўлиши тақозо этилгай.

Мавлоно инсонда икки руҳ мавжудлигини, бири инсоний, иккинчиси ҳайвоний руҳ эканини айтади. Мавлонога кўра инсоний руҳ изофий ёхуд илоҳий руҳ номларини олгани туфайли Тангри нуридир. Шунингдек, Қуръони Каримдаги бир ояти жалилада: “Мен унга ўз руҳимдан пуфладим” деб марҳамат қилинади. Бу руҳ танга на бирлашган, на айри, на дохил, на ундан ташқарида бўлиб, у билан муносабати тавсиф этилмайди, моҳиятини билишга изн йўқ. Тангрига нисбати эътибори билан у “боқий” ва “лоямут”3737
  Лоямут – ўлмаслик.


[Закрыть]
дир. Ҳайвоний руҳ эса нафснинг ҳою ҳавасига учган, озуқага, жасадга, маконга муҳтож руҳдир. Бундай хом руҳга эга киши ўз нафси, ҳирси, шаҳвати ва гина-кудурати билан курашиб, руҳини тарбиялай олиши, яъни уни комиллаштириб, инсоний руҳга эга бўлиши мумкин. Ана шунда инсон ўзида моддий завқ билан ўлчанмайдиган маънавий завқ туяди. Масалан, тўла иймон ва эътиқод билан ибодат этишнинг завқи ботиний гўзалликни кўриш, ҳис қилиш – туйиш завқи ҳисобланади. Ниҳоят, Ҳақни севишнинг илоҳий завқи… Мавлоно “Қуёшнинг зиёси ягонадир. Бироқ у уйларнинг ичига тушгач, юз хил шакл олгай. Ўртадан деворларни олиб ташланг, нур яхлит бўлгай”, дейди. Бу ерда уй деворлари инсон вужудига ўхшатилмоқда, айни руҳнинг шакл ва қолипга, хусусан, истеъдодга кўра озайиб ёхуд кўпайиши ифода этилмоқда. Инсон ёруғликка, нурга нақадар кенг маънавий қучоқ очса, ўзи ҳам шу қадар кўпроқ нурга тўлади, етилади.

МАВЛОНОНИНГ МУТАВОЗИЙ3838
  Мутавозий – камтарона.


[Закрыть]
ҲАЁТИ

Бутун маъно оламини қамраб олган буюк мутафаккир Мавлоно уйида жуда оддий, фақирона ҳаёт кечирарди. Салжуқ амири Бадриддин Гавҳартош қурдирган ва отаси Султон ул-уламога инъом этган мадрасанинг бир қанча ҳужраларида яшар, зиёратига келганларни шу ерда қабул қиларди. Саройларга, тахтларга сиғмаган довруқли султонлар, қўшин устидан ҳукм юритган амирлар унинг бу кичик, торгина мадрасасига келиб сиғиниб кетар, кўнгил ҳужрасида файз олишга интилардилар. Мадраса саҳни бир оз баланд бўлиб, у ердан истиқомат қилинадиган хоналар – ҳужраларга ўтилар эди. Ҳужраларнинг ораси тахта тўсиқлар билан тўсилган эди. Эскидан Қўнё аҳолиси Онадўлининг бир қанча қасабаларида одат бўлганидек, иссиқ мавсумларда кечани чордоқсиз текис жомларида ўтказишар, салқинда тунашарди. Ёзма манбаларда Мавлоно ҳам баъзи кечалар мадрасанинг томига чиқиб ўтиргани ҳақида маълумот берилади.

Мавлононинг дастурхони ҳам фақирона эди. Кўпинча ўғир3939
  Ўғир – донни уриб туювчи рўзғор буюми, кели.


[Закрыть]
да саримсоқ эзиб, юпқа нонга қориб луқма тайёрларди. Уйга бирор бир егулик келиб қолса, уни муридларига бўлиб берилиши учун Ҳисомиддин Чалабийга жўнатар, ўзи асло қўл урмасди. Бир кун завжаси Кирра Хотун “Уйда егулик луқма қолмади” дейиши биланоқ:

– Ё Раб, нақадар муборак уй, худди Пайғамбарнинг хонадони! – дея уй аҳлини нолимасликка чақирганди. Саройдан жўнатилган нонларга ҳам қўл урмас, ҳатто бундан кейин жўнатмасликлари учун хабар йўлларди. Кийими ҳам одмигина эди. Бошига туя жунидан кулоҳ кияр, устидан кўкимтир рангли дастор ўрарди. Эгнида олди чокли, узун этакли ва енглари кенг олача тўн ёки жубба бўларди. Хоҳ жубба бўлсин, хоҳ хирқа бўлсин, олди доимо чокли этиб тикиларди. Зеро, бу либосларни бир неча кундан сўнг фақирларнинг эгнида кўриш мумкин эди. Совға қилган пайтда эгнидан осон ечилиши учун уларни олди очиқ қилиб тиктирарди.

Кунлардан бир кун Кирра Хотун Мавлононинг устидаги кийимини ечмасданоқ тугмасини қадаркан, эски иримга кўра Мавлонога оғзида чўп ёки бирор буюм тишлаб туришини айтади. Шунда Мавлоно кулиб:

– Қўрқма, оғзимда “Қул ҳуваллоҳу аҳад” бор. Уни тишларимнинг орасида шундай сиқаётирманки, менга ҳеч нима бўлмагай, – дейди.

“Маноқиб4040
  “Маноқиб” – мақтов ва мадҳга сазовор аллома зотлар ҳақида биографик асар.


[Закрыть]
” соҳиби Афлокий берган маълумотларга қараганда, Мавлоно Қайсарида шайхи Бурҳониддин Муҳаққиқий Термизийни зиёрат қилгач, Қўнёга қайтиб, зоҳирий илмларни ўргатиш билан банд бўлиб, ваъз ва насиҳатлар эшигини очади. Пайғамбаримизнинг “Салла арабларнинг тожидир” сўзига амал қилган ҳолда олимларга хос бўлган салла ўраб, енги узун хирқа кияди. Бошқа бир нақлга кўра табризлик Шамсиддин Қўнёдан илк ғойиб бўлган пайтларда Мавлоно “ҳиндиборий” деб аталган матоҳдан “фарожа”4141
  Фарожа – яктакка ўхшаш уст кийим.


[Закрыть]
тиктиргани, бошига эса сариқ рангли кулоҳ кийганидан хабар топамиз.

Мавлоно:

– Жубба ва салла кийган билан инсон олим бўлмагай. Олимлик инсоннинг зотида мавжуд бўлган фитратдир, – дер ва кийимга асло аҳамият бермас, халқнинг кийганини кияр, халқдан ажралиб турмасди. Узун бўйли, озғин, буғдой ранг, қора қош, қора кўзли ва ихчам соқолли ушбу муборак зотнинг иягида бир тутамгина соқоли бор эди. Узун соқол ўстирган сўфийларга танбеҳ бериб, шундай дерди:

– Соқолнинг узунлиги эркак кишида ғурур пайдо қилгай, ғурур эса инсонни маънан ўлдиргай. Узун соқол сўфийларга ёққай, бироқ сўфий соқолини тарагунча, ориф Тангрига етгай.

Ўзи бировдан ҳеч нарса тама қилмаганидек, атрофидагиларнинг ҳам тама қилишларига асло изн бермасди:

– Дўстларимиздан бири дунёга тааллуқли нарса сўраб қўл чўзса, биз ундан юз ўгиргаймиз. Чунки биз тама-илинж эшигини ўз дўстларимиз юзига ёпганмиз. Бизга олишни эмас, беришни ўргатдилар,– дер эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации