Электронная библиотека » Ўндер Меҳмет » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Мавлоно"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Ўндер Меҳмет


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ИЛОҲИЙ ИШҚ ВА ЖАЗАВА КУНЛАРИ

Мавлоно Шамснинг йўқлигида бўлганидек, борлигида ҳам жўшқин эди. Ғазал ортидан ғазал битмоқда, ўзаро суҳбат тунлари Қадр кечалари каби илоҳий жазава ва ишқ билан, Оллоҳ ишқи билан тўлиб-тошмоқда эди.

Мавлоно Шамсни кутиб олиш учун шаҳарнинг улуғлари билан бирга қалъадан ташқарига чиққан эди. Аср намозига яқин Шамс ва Султон Валад олисдан кўзга ташланди. Султон Валад эҳромга ўранган ҳамда бошини хам қилган кўйи Шамс минган от жиловидан тутиб, аста-секин одимлаб келмоқда эди. Ушбу улуғвор манзара ҳаммани ҳаяжонга солди. Карвон яқинлашиши биланоқ Мавлоно олдинга интилиб, Шамснинг оти тизгинига ёпишди. Шамс бошини кўтарди, кўз кўзга тушди.

Бир неча йил олдин худди шу манзара Қўнёда кўча ўртасида рўй берган эди. Ўшанда Шамс илк бор Мавлонони кўриб йўлини тўсган, уловининг тизгинларини тутган эди. Бу гал эса Мавлоно тизгинларга ёпишиб турарди. Ушбу икки денгиз тағин бир-бирига қовушган, иккинчи “Меърож ул-баҳрайн” содир бўлган эди.

Бу илоҳий саҳна – кутиб олиш маросими давом этаркан, айни дамда ҳофизлар Қуръон ўқимоқда, муридлар самоъ рақсига тушмоқда эди. Най, тамбур садолари кўкка ўрламоқда эди. Мавлоно Шамснинг отдан тушишига ёрдам берди. Икки буюк шахс, икки Тангри валийси бир-бирларининг қўлларини ўпиб кўришдилар ва маълум муддат жим қолиб, “ҳол” тили билан тиллашдилар.

Карвон шаҳар сари йўл олди. Бир-бирини тўлдирган икки Тангри ошиғи Қўнёга кириб келмоқда эди. Уларнинг ортидан амирлар, беклар, дарвешлар, муридлар, талабалар, бутун Қўнё халқи эргашиб бормоқда эди. Карвон Мавлононинг мадрасаси олдида тўхтади. Мавлоно Шамсга марҳамат дея, олдин меҳмонни ичкарига таклиф этди. Шамс аввал Мавлонога, сўнгра оломонга боқиб, бир оз тўхтаб қолгандек бўлди. Бу оломон эрта бир кун унга тағин қаршилик кўрсатмасмикин? Унда нима бўлади? Тақдирнинг ҳукми нима бўлса ўша… У мадраса ичкарисига қараб юрди. Ортидан Мавлоно… Дарвоза оғир-оғир ёпилди. Илгари ҳам худди шундай ёпилганди.

Шамс Мавлонога Султон Валаднинг сафар кунларидаги чеккан заҳмат ва хизматларидан сўз очди:

– Менинг Тангри ато этган икки ҳолим бор: Бири бошим, иккинчиси сиримдир. Бошимни тўла самимият билан сенинг йўлингга фидо этгум. Сиримни эса Валадга бергум. Валад ўғлимиз Нуҳ пайғамбар каби узоқ умр кўрса ва бутун умрини ибодат ва риёзат бирла ўтказса ҳам, бироқ зинҳор бу сафарда мендан унга етишган сир қадар сирга муяссар бўлмагай, – деди у.

Ҳақиқатан ҳам бир ой давом этган сафар асносида Султон Валад Шамсни кўз қорачиғидек қўриқлаб, унинг кўнглини кўтариш ҳамда сафар имкон қадар машаққатсиз ўтиши учун жон-жаҳди билан ғайрат ва шижоат кўрсатган эди.

Бу сафар кунларида Шамс чиндан ҳам илоҳий суҳбатлари билан Султон Валаднинг кўнглига ҳақиқат нурларини жо этиб, сирларини бир-бир аён этганди.

Мавлоно ниҳоятда хурсанд эди.

“Ғарқ бўлишдан қўрқиб, хасга ёпишган йўловчи эмас, аксинча, у исён этган кимсадир, холос.

Эй, табризлик Шамс, сен ҳам денгизсан, ҳам инжу. Сенинг борлиғинг бошдан-оёқ Тангрининг қуёшидан, нуридан бошқа нарса эмас-ку”.

“Табризлик Шамсиддин”, “Тангри мақтови Шамсиддин”, “Ҳақ қуёши Шамс” тахаллуслари билан битилган ғазалларнинг кўпи аслида ўша кунларда Мавлоно томонидан ёд айтилиб, атрофидагилар томонидан ёзиб олинган ва девонга тўпланган эди. “Девони кабир” тўпламини тадвин2020
  Тадвин – тўплаш, жамлаш, девон тузиш.


[Закрыть]
этган, ҳатто Шамсга изофатан “Девони Шамси Табризий” номи билан танилган ушбу девон кейинчалик мингларча кўнгилларни илоҳий ишққа ошно этади.

Мавлонони Мавлоно айламоқ Шамснинг маънавий бурчи эди. У ўз вазифасини адо этмоқда эди. Мавлоно бу сафар Шамсни доимий Қўнёда олиб қолишга қарор қилган эди. Унга ўзи турган уйнинг ён томонидан бир уй, ошён қуриш, уни бир оила ўчоғига боғлаш, шу тарзда Қўнёда қўним топишини таъминлаш… Қўнё муҳитини яхши биларди Мавлоно. Эрта бир кун Шамс билан боғлиқ тағин ҳар турли гап-сўзлар қилишлари мумкин эди. Дунё хом инсонлар билан тўла. Улар бундай илоҳий суҳбатларни ҳазм қиладиган, бу суҳбатларга қўшилиб унда пишадиган кимсалар эмас эди. Улар ишнинг фақатгина зоҳирий томонини кўрувчи, Мавлонога эга бўлишни истаган кишилар эди. Шамс узоқлашса, ҳаммаси жой-жойига тушар, Мавлоно яна ўзлари билан бирга бўлади деб ўйлашарди. Ҳолбуки, асло бундай эмас эди. Мавлоно учун Шамс жон каби, руҳ каби зарур эди. Бироқ буни ким ҳам эшитар, ким ҳам тушунарди? Мавлоно ана шуларни ўйлаб, Уни Қўнёда олиб қолишнинг чораларини изламоқда эди.

Мавлононинг ҳузурида улғайган, малак сифатли, зоҳирий ва ботиний одобу тарбият кўрган, яъни фарзанд қилиб олган Кимё исмли гўзал бир қизи бор эди. Қолаверса, бу қизда ҳол аҳлига хос соф кўнгил бойлиги мавжуд эди. Мавлоно уни кичиклигидаёқ ўз болаларидан айро тутмай, фарзандидек яхши кўрарди. Кимёни Шамсга турмушга бериб, Унинг ҳам бир ошён соҳиби бўлишини ва шу тарзда Қўнёда собит қўним топишини узоқ-узоқ ўйлади. Гарчи Шамс кекса эди, қиз эса ёш… Аммо бу Кимё каби азал тарбиясини олган қиз учун ғов бўла олмасди. Шамснинг илоҳий қудрати ила бу қиз қисқа давр ичида “ҳол аҳли” аёлларидан бўларди.

Масалани аввал завжаси Кира Хотунга очади, сўнгра унинг воситчилигида Кимёнинг розилигини олди. Эндиги асосий масала Шамсни бундай бир никоҳга кўндириш эди. Бир суҳбат асносида бу ҳам ҳал бўлди. Шамс Мавлононинг юзидан ўтиб йўқ деёлмади.

Қиш мавсуми эди. Мадрасанинг олд томони парда билан тўсилиб, хона ҳолига келтирилди. Камтарин никоҳ маросимидан сўнг янги оила ушбу ажратилган хонага кўчиб ўтди. Хона мадрасанинг ҳовли томонига қарарди. Мавлоно оиласи ва болалари билан яшаган бу кичик мадраса барчага бошпана эди.

Амир Бадриддин Гавҳартош томонидан Мавлоно учун махсус қурдирилган мадраса Шамснинг жойлашуви билан бутунлай ёпилиб, зиёратга келган кимсалар энди ичкарига олинмаётган эди.

Мавлононинг Султон Валаддан бир неча ёш кичик ўртанча ўғли Аълоиддин Чалабий у кунларда ёш бир ўспирин эди. Унинг баъзан дўстлари билан мадрасага кириб-чиқиши Шамсга бир оз маъқул келмаётган эди. Бир кун у тағин мадраса ҳовлисига очилган Шамс ҳарамининг ярим очиқ хонаси олдидан ўтаётган Аълоиддин Чалабийга шундай танбеҳ берди:

– Эй кўзимнинг нури… Зоҳир ва ботин одоблари билан кўрк топган ўғлим. Хонам ва деразам олдидан ўтганда бир оз эҳтиёт бўлишинг лозим.

Ёш Аълоиддин Чалабий бу сўзларни эшитиб хафа бўлди ва овозини бир оз баланд кўтариб жавоб берди:

– Кимнинг уйини кимдан қизғаняпсиз, шайхим…

Бу сўз шу кундан эътиборан уларнинг ораларида совуқлик тушишига сабаб бўлиб, Шамснинг кўнглини қаттиқ оғритди.

Авваллари Шамсга қарши бўлиб, унинг Қўнёни тарк этишига сабаб бўлган жамоа аслида ҳали босилган эмас эди. Шамс Қўнёга қайтгач, ундан узр сўраганларига қарамай, улар тузоқ қўйиб, фурсат пойламоқда эдилар. Бу гал ўз суҳбатларига шаҳарнинг бир қанча таниқли руҳонийлари-ю талабаларини жалб қилган эдилар. Аълоиддин Чалабий ва Шамс ўртасида кечган тортишувни эшитиб, ўзлари кутган фурсат келганини билдилар. Бўлиб ўтган воқеадан хабар топиб, бутун шаҳарга иғво тарқатган манфур тўда Аълоиддинни бир четга тортиб:

– Бу қандай жасорат бўлди – бегона бир одам келсин-да, қирқ йиллик ота ўчоғига унинг фарзандини қўймасин. Бу нима деган гап?! – дея гиж-гижлаб, унинг соддалигидан фойдаланишга уриндилар.

Чунончи, Шамс билан Аълоиддин Чалабий ўртасида кечган тортишув, эҳтимол, Шамснинг завжаси Кимё Хотуннинг рашки туфайли келиб чиққандир. Қолаверса, бир гал қўни-қўшнилар Кимё Хотун бир оз айлансин, тоза ҳаво олсин деб, Мерам боғларига олиб чиққан эдилар. Шамс ўша куни Кимёни уйдан тополмай хафа бўлган ва дарҳол уйга олиб келишларини, бундан кейин рухсатсиз ҳеч қаёққа олиб чиқмасликларини айтган эди.

Бир томондан бу воқеалар давом этаркан, иккинчи томондан Шамс ва Мавлоно бошқа бир оламда суҳбат ва иршод дамларининг энг гўзал кунларини ўтказмоқда эдилар.

Шамс Мавлонога “Ҳақ вуслатининг беҳудлик таъмини” тоттирган эди. Мавлононинг қалби Раб тажаллийси билан тўлиб-тошган эди. Шамс бу йўлда Мавлоно учун бир кўприк, Ҳаққа улаштиргувчи восита эди. Мавлоно кўприкдан ўтган, Шамс восита вазифасини кўпдан ўтаб бўлган эди. Илоҳий тақдир Шамснинг Мавлоно ёнида узоқ қолмаслиги лозим бўлган тарзда тажаллий этмоқда, тағин бошқа воқеалар содир бўлиши кутилмоқда эди.

Мавлоно айни кунларда ишқ ва камол чўққисида эди. Бундай пайтда муршид ким-у, мурид ким – билиб бўлмасди.

Бир кун муридлардан бири сўраб қолди:

– Ҳаққа эришиш учун нима қилмоқ лозим?

Шамс шундай жавоб берди:

– Ҳаққа эришиш учун ботил2121
  Ботил – ёмон, гуноҳ ишлар, баттоллик.


[Закрыть]
ни ташлагайсан. Тўғри йўл шудир!..

Мавлоно эса қўшимча қилиб:

– Ботилдан қутилиш учун ҳам Ҳақнинг этагидан тутгайсан. Бу ерда йўл ва нафсга эҳтиёж йўқ. Барчаси сенинг қўлингда… Истасанг, Ҳаққа етмоқ учун ботилни тарк эт, истасанг, ботилдан қутилиш учун Ҳақни тут…

Ҳар икки ҳолда ҳам кўнгилга ишқни жо айлаб, уни орттирмоқ, зиёда айламоқ лозим. Ишқ – барча эшикларни очгувчи ҳақиқий тилсим. Бу борада Мавлоно “Маснавий”сида шундай деган эди:

 
Дарди ошиқ ўзгадир олам аро
Ишқ – устурлоби асрори Худо.
Ул тараф ё бул тарафданму келур,
Ишқ бизга ул сари раҳбар эрур.
Қанча этмай ишқни шарҳу баён,
Ишққа дуч келсам, хижилдирман ҳамон.
Чун қалам ёзгай шитоб-ла сўзни, бас,
Ишққа етгач, сингай ул, топгай шикаст.
 

Севмоқ – барчани ва ҳар мавжудотни севмоқ…

Мавлоно севмоқда – бутун инсониятни, Шамсни севмоқда эди. Ҳатто душманларини ҳам севмоқда эди. У Шамсни яхши кўрмаганларга бир кун шундай деган эди:

– Нега беҳуда нарсалар билан шуғулланмоқдасиз, бўлмағур ғийбатлар билан ўзингизни овутмоқдасиз? Яхши кўрмаган нарсаларингизни яхши кўришга ҳаракат қилинг. Тангрининг севги қадаҳи серобдир. Нега қониб-қониб ичмайсиз? Севги лаззатини бир бор тоттингизми, сизга икки жаҳон ҳам ёруғ бўлгай. Ёруғлик эшиклари севги калити ила очилгай.

Чунончи, Мавлоно бутун инсониятга:

– Қардошларим! Қалбингиз ҳақиқатларга очилишини истасангиз, бир-бирингизни яхши кўринг, дўстона қўлни қўлга беринг, – дея хитоб қилмоқда эди.

Мавлононинг кўнгли ишқдан, севгидан бошқа ҳамма нарса учун берк эди. Унинг иши Тангри билан, Тангри дўстлари билан эди. Ҳақиқий иймонни ишқ, севги билан сарафроз этган эди. У ана шу ишқу севги билан самоъ рақсига тушмоқда эди. Самоъ шуур ва ақлнинг нариги томони, ўздан кечиш ҳоли эди. “Девони Кабир”да “Бугун самоъ бор, самоъ бор. Ақлга видо бор, видо бор…” демоқда эди. Ақл, шуур, идрок “Мутлақ камол”га эришиш учун самоъ рақси жазаваси ичра қанот ёзиб, фоний бўлмоқнинг чексиз завқини туймоқда эди.

ШАМС ТАБРИЗИЙНИНГ ҚАТЛ ЭТИЛИШИ…

Мавлононинг самоъ асносидаги жазава ҳолати ўзининг жозиба ва виқорини асло йўқотмаган жўшқинликлардан иборат эди. Тангри ҳузурида ақлу ҳушдан айрилиш – ножўя жазава: меъёрсиз ҳоллар, хатти-ҳаракатлардан минг чандон аъло эди. Шу боис ҳам самоъ рақси вуслат завқини олмаган хом руҳонийга ҳаром қилинган эди. Шамс:

“Самоънинг халққа ҳаром қилинишининг боиси уларнинг нафс ҳаваси бирла банд бўлишларидандир. Улар самоъ қилган пайт нафслари кучайгай, Ҳақ ва ҳақиқатдан ғофил бўлиб ҳаракат қилгайлар. Ҳолбуки, Ҳақни истаган ва унга интилганлар самоъ рақсига тушган дамда ишқлари ва маънавий ҳоллари ортгай”, дер эди.

Мавлоно ишқ ва жазава оламида қанот ёзиб, юқори маснадларга кўтариларкан, таассуб лойига ботган ғофиллар бундан ёниб-куймоқда эди. Худди шу кунларда Кимё Хотун қисқа бетобликдан сўнг вафот этади. Бу шум хабар шаҳарга тарқалиши биланоқ, Шамсни кўра олмаганлар бу гал:

– Қиз бечора қаҳрдан ўлди, Шамсга ким ҳам чидай оларди… – дея тағин ғийбат ва ҳасад эшикларини ланг очган эдилар.

Кимё Хотуннинг вафотидан сўнг Шамс чуқур қайғуга тушиб, хонасига беркиниб олган эди. Биргина тасалли берадиган кишиси Мавлоно эди.

Бу томонда эса рақиблар тўнни бутунлай тескари кийиб олиб, қандай бўлмасин Шамсни бу ердан узоқлаштиришга қарор қилишарди. Шамс бу бўлаётган гап-сўзлардан, воқеалардан воқиф эди. Бир куни у Султон Валадга дардини очиб:

– Кўриб турибсан, Валад, жоҳиллар тағин не ҳолга келдилар! Мени Мавлонодан айириш учун нималар қилмоқдалар. Бироқ мен бу сафар шундай ғойиб бўламанки, биров изимни ҳам топа олмагай, – деди.

Султон Валад Шамсга тасалли беришга уриниб, жоҳил кимсаларнинг пасту баланд гапларига эътибор бермасликка чақиради ва улар на ўзларини, на Мавлонони англай олишларини айтади.

Шамс билардики, бу йўлда ўзининг йўқлиги борлигидан янада қадрлироқ эди. У бу йўлда Мавлоно учун бошини тиккан, у сўраса, жонини беришга ҳам тайёр эди. Унинг учун Мавлононинг улуғ мартабалардан янада юксак маснадларга эришиши кифоя эди. Ўшанда на Шамс, на Мавлоно қоларди. Бу улуғлик ишқ мартабаларидан иборат эди… Ишқда фано топиш, йўқ бўлиш керак эдики, шунда ҳақиқий тирикликка эришган бўларди.

Рақиблар ёниб-куймоқда, Шамсни йўқ қилиш учун режа тузишмоқда эди. Бу ишга етти киши танлаб олинди. Улар Мавлононинг муридлари, яқинлари эди. Ақлга сиғмасди уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари…

1247 йилнинг 5 декабрь, пайшанба кечаси. Қўнёда ваҳимали бир сукунат чўккан эди шу кеча. Етти киши Мавлононинг ҳовлиси атрофида изғий бошларкан, Шамс билан Мавлоно ўтирган ҳужранинг деразасидан хирагина шам нури таралиб турарди. Ҳар икки дўст теран суҳбатга киришган эди. Шамс ғайб олами, маъно хазиналарининг сирини Мавлононинг қалб кўзи олдига бир-бир тўкиб-сочмоқда эди. Ярим тунга қадар давом этган тотли суҳбатнинг энг қизғин маҳали қўққисдан ҳужра эшиги қаттиқ қоқила бошлади. Ҳар иккаласи ҳам ғарқ бўлган оламнинг тотли сархушлигидан сесканиб ўзига келди:

– Ким у?..

Ташқаридан дарвешнинг овози эшитилади:

– Ҳазрати Шамс! Узоқлардан бир дарвеш зиёратингизга келибди, у сизнинг ҳаловатингизни бузмоқчи эмас. Қўлингизни ўпиб, йўлида давом этмоқчи. Лутфан ташқарига чиқсангиз…

Шамс оташ тўла нигоҳини Мавлонога қадаб:

– Эшитаяпсанми, мени чақиришяпти?! Шундай бир пайтда чақиришяптики, балки, қайтиши йўқ бир даъватдир бу…

Мавлоно сесканиб, Шамснинг этагига ёпишмоқчи бўлди. Шамс оёққа туриб, эшикка томон илгарилар эди. Мавлоно унинг ортидан югурмоқчи бўлди, бироқ айни дамда оёқлари боғлангандек ҳис этди ўзини. Ҳатто ўрнидан ҳам туролмай, кўксидан отилиб чиққан сўзлар билан:

“Қуёш, ой ва юлдузлар Унинг фармонига тобедир. Шуни билки, яратмоқ ҳам, буюрмоқ ҳам Унга хосдир. Оламларнинг Рабби бўлган Оллоҳнинг шони нақадар буюкдир!” маъносидаги шу ояти каримага ишора қилмоқда эди:

“Ваш-шамса вал-қамара ван-нужума мусахараатин биамриҳи илаалаҳул холқу вал-амру таборакаллоҳу Рабб ул-аъламиина”

Бу пайтда Шамс ташқарида пойлаб турган етти кишининг ҳужумига дуч келди. Кечанинг тим қоронғилигида қинидан суғурилган ханжарларнинг чақмоқ учқунлари ялт-юлт этди, холос. Сукунатни гарчи жонталаш бир наъра: “Оллоҳ” нидоси бузган эса-да, зум ўтмай ҳамма нарса тинди, ҳамма нарса зулмат оғушида ғойиб бўлди. Шамс тортган наърадан жон ҳавлида ўрнидан сакраб туриб, ташқарига отилиб чиққан Мавлоно эшик атрофидаги қон доғларидан бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Қўрқув ва талош ичра дарҳол ўғли Султон Валаднинг ҳужраси томон югуриб, эшикни зарб билан тақиллата кетди:

– Баҳоуддин, нега жим турибсан, тур, шайхингни изла! – дея инграб, турган жойида ерга қулаганча чўзилиб қолди.

Шу тарзда Тангри битган тақдир ҳукми бажо келтирилган эди.

Энди асосий эътиборни мавлавийликка оид баъзи манбаларга таяниб, қаламга олганимиз мазкур мудҳиш воқелик қай даражада тўғри эканлиги масаласига қаратсак.

Мавлономизнинг ҳамда унинг ўғли Султон Валаднинг узоқ йиллар хизматида бўлган ва уларнинг маноқиб2222
  Маноқиб – мақтов ва мадҳга сазовор табаррук зотларнинг ҳаёти ва фазилатлари ҳақидаги асар.


[Закрыть]
ларини ёзган дарвеш Фаридун Сипоҳсолар “Маноқиби Сипоҳсолар” асарида бу воқеликка кўп ҳам тўхталиб ўтирмай, Шамс кунлардан бир кун кутилмаганда тўсатдан ғойиб бўлганини қайд этади, холос. Султон Валад эса “Ибтидонома” асарида бор-йўғи “Тўсатдан ғойиб бўлди, кўнгилларни ғам ва қайғуга тўлдириб кетди”, деган маълумот билан чекланади.

Хўш, бири Мавлононинг ўғли, иккинчиси муриди бўлмиш бу икки яқини воқеликка озми-кўпми гувоҳ бўлганликлари билан нега содир этилган қотиллик ҳақида лом-мим дейишмайди?

Чунки Мавлоно ҳали ҳаёт. Нима бўлганда ҳам ундан Шамснинг қатл этилгани билан боғлиқ гап-сўзларни сир тутган маъқул. Акс ҳолда Мавлоно Шамснинг қатл этилганини билиб, ниҳоятда хафа бўлар, бутун умидлари сўниб, айни етуклик даврида Мавлоно даражасига эриша олмасди. Қолаверса, Шамснинг бир дам бўлса ҳам йўқлигига чидай олмаган Мавлоно унинг шафқатсизларча ўлдирилганини эшитса, қандай ҳолатга тушган бўларди, ажабо?!.

БУЮК СИР

Улар сукут сақлашди. Чунки бу машъум воқелик ҳақиқатан ҳам киши этини жунжиктириб юборадиган тарзда амалга оширилган бўлиб, бунинг устига, мазкур қотилликда Мавлоно кўз қорачиғидек суйган ўртанча ўғли Аълоиддиннинг ҳам қўли борлиги тилга олинмоқда эди. Ҳолбуки, бу ўзи, сўзи тўғри ўспириннинг қотилликка ҳеч ҳам дахли йўқ эди. Фақат Шамс билан ораларида бир оз тортишув бўлиб ўтганди, холос.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, қилинадиган биргина иш Мавлонода умид уйғотиш эди. Бу умид уни янада етукликка ундарди. Яқинлари унга “Шамс бу дафъа ҳам илгаридагидек ғойиб бўлди, бир кун тағин Қўнёга қайтади…” – дея тасалли бермоқда эдилар. Мавлоно умрининг охирига қадар Шамсга кўз тикиб, уни излаб, излатган эди. Ғазалларидан бирида:

“Юрагимизни шундай доғладинг, бизни шундай бир ҳасратга қолдирдингки… Йўловчи каби туриб сафарга отландинг. Қаерга кетдингки, ҳатто изингнинг чанги кўринмагай. Бу сафар кетган йўлинг қандай қонли бир йўл бўлди…” – дея Шамснинг шаҳодатини тусмоллаган ҳолда, ўлимига асло ишонгиси келмасди.

Мавлононинг вафотидан сўнг сукут сақлаган тиллар ечилиб, сирлар бир-бир фош этила бошланди. Султон Валад ҳамда унинг ўғли Улуғ Ориф Чалабий даврини яхши тадқиқ этган дарвеш Аҳмад Афлокий Султон Валад ҳақида сўз юрита туриб, Шамснинг жоҳил етти кимса томонидан пичоқланганини, шунингдек, Султон Валаднинг завжаси Фотима Хотуннинг нақлига таяниб, жасади бир қудуққа отилганини “Орифларнинг маноқиблари” асарида қайд қилади. Асар муаллифининг хабар беришича, Султон Валад бир кеча Шамсни тушида кўради, яъни Шамс унга жасади қудуққа ташланганини аён қилади. Султон Валад уйғониши биланоқ, дарҳол ўз олдига баъзи дўстларини чорлаб, жасадни яширин тарзда қудуқдан чиқариб олиб, Мавлононинг мадрасаси яқинидаги ушбу мадрасани қурдирган Амир Бадриддин Гавҳартошнинг мозори ёнига дафн эттиради. Афлокий ушбу маълумотларни ошкор этар экан, сўзларини “Бу ҳамма ҳам билмаган сирдир” жумласи билан якунлайди.

Ҳа, бу сирни Мавлоно ҳаёт бўлган пайтда унинг яқинларидан ўғли Султон Валад ва баъзи хос муридлари билишган, холос. Мавлоно вафот этгач, бу сирдан Афлокий хабар топган ва ўз навбатида “Орифларнинг маноқиблари” асарида қайд қилган. Мавлононинг вафотидан сўнг Шамснинг қабри устига мақбара тикланган, бироқ шунда ҳам бу ернинг мозор эканлиги сир тутилган. Мавлононинг руҳи ранжийди дея, ҳеч ким Шамснинг шаҳодатидан сўз очмаган, очолмаган. Ҳақиқатни билган дарвешлар; “Шамс ғойиб бўлди, бу ер мақбара эмас, мақомдир” сўзлари билан кифояланишган, холос.

Ҳақиқатан ҳам бугун Қўнёда Шамс номи билан аталадиган мумтоз Салжуқ гумбазлари шаклидаги пирамидали қўрғошин қопланган мақбара мавжуд. Гумбаз остидаги сағана устига каттакон бир тахта қути ёпилган бўлиб, унинг усти зардўзи мато билан қопланган, шунингдек, бош томонида одми қилиб ўралган яшил дасторли кулоҳ қўйилган. Сағанадан беш-ўн одим нарида кичик бир қудуқ ҳам бор. Мазкур мақбара юз йиллар давомида “Мақоми Шамс” деб атаб келинади.

ЯНА БИР МУШОҲАДА

Қўнёда Мавлоно музейи мудири вазифасида ишлаб юрган кезларимизда Ҳазрати Шамс Табризийнинг “Мақом” деб аталган мақбарасида баъзи тадқиқот ишлари олиб борган эдик. Тадқиқот асносида мақбара ичидаги сағана узра ўрнатилган тахта қути остида бир қопқоққа кўзимиз тушди. Қопқоқни кўтарганимизда мақбара остидан мозорга тушадиган зинапоя борлигини кўрдик. Йиллар давомида моғор қоплаган ҳамда тошлар билан тўлиб қолган бу йўл обдон тозалангач, кўрдикки, тахта қутининг нақ остида Салжуқийлар даври мақбараларидаги каби тош билан қопланган сағана мавжуд бўлиб, унинг бир четида Хуросон услубида сувоқ қилинган қабр ҳам бор эди…

Ер остидаги бу қоронғу масканда қўққисдан топилган ушбу қабрни кўрганимизда чиндан ҳам жуда ҳаяжонланган, совуқ терга ботгандик. Неча йиллардан бери “Мақом” деб атаб келинган мазкур жойда Шамснинг ҳақиқий қабри жойлашган бўлиши мумкинлигини ўйлаб, воқеани тезда устод Абдулбоқий Гулпинарлига мактуб йўллаб маълум қилдим. Устод бир неча кундан сўнг Қўнёга келдилар. Биргаликда пастга тушдик. Устод бунинг чиндан ҳам Шамснинг қабри эканлигига ишонч ҳосил қилдилар.

Чунончи, устод кейинчалик ўзининг “Мавлоно Жалолиддин” асарининг иккинчи нашрида бу масалага алоҳида тўхталаркан, Шамснинг қабри Қўнёдаги мақбарасида эканлиги ҳақидаги ҳақиқатини кенг жамоатчиликка маълум қила туриб, фақир – каминага ҳам миннатдорчилик билдириб ўтади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Онадўлининг Ниғда қасабасидаги Кесикбош мақбараси ҳам Шамсга нисбат берилади. Шунингдек, Табриздаги Кажил мозорида, Хойда, Покистоннинг Мултон шаҳрида Шамс мақбаралари ҳамда мақомлари бор бўлиб, уларнинг ҳар бири турли ривоятлар билан тилга олинади. Улардан бирида қайд этилишича, Шамс кесилган бошини олиб Ниғдага келган. Бектошийлар катта эътибор билан қараган “Валоятнома” асарида Шамс кесилган бошини қўйнига яшириб, самоъ қила-қила Табризга борган ва ўша ерда дафн этилган. Покистонликларнинг нақл қилишларига қараганда эса, Шамс бир тунда Қўнёни яширинча тарк этиб, аввал Табризга, сўнгра у ердан Ҳиндистонга йўл олган. Бир неча йиллар давомида ўрмонларда жунун каби сарсон-саргардон кезиб, охир-оқибат Мултон шаҳрида қазо қилган.

Хуллас, бунга ўхшаш кўплаб ривоятлар мавжуд ва улар турли халқлар ўртасида ҳали-ҳамон нақл қилинмоқда. Афлокийнинг Мавлоно яқинларидан эшитган ривоятларидан ташқари бошқа барча муаллифлар Шамс Қўнёдан яширинча узоқлашган ҳамда ўз изини йўқотган деган фикрдадирлар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации