Электронная библиотека » Ўндер Меҳмет » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Мавлоно"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Ўндер Меҳмет


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
МАВЛОНО ШАМС БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

Мавлоно биринчи куниёқ:

– Эй, Шамсиддин Табризий, эй маъно оламининг инжуси, гарчи уйим сенга лойиқ бўлмаса-да, аммо мен содиқ бир қулингман энди. Қулнинг нимаси бор бўлса, бари хўжайининикидир. Бундан кейин бу уй сеники; болаларим сенинг ҳам ўғил ва қизларинг ҳисобланади, – дея унинг хизматига бел боғлайди.

Шамс Мавлонони яна бир бор синамоқчи эди. Бир пайтлар Авҳодуддин Кирмонийга буюрганидек, Мавлонога ҳам шароб олиб келтиришни буюради. Мавлоно барчанинг ҳайратли ва ваҳимали назари остида Шамснинг бу истагини бажо келтиради. Шунда Шамс:

– Биз сени синаб кўрдик, сен биз тусмол қилгандан ҳам ортиқ экансан. Магар сен ҳеч кимса таший олмайдиган юкни ҳеч зиён етказмай елкасига ола биладиган комил инсон экансан. Сенда шундай қудрат ва бардош бор экан, бу дунёда ҳеч кимса сенга тенг кела олмагай, – дея шаробни тўкиб, Мавлонони қучади. Мавлоно бир неча кунлик суҳбатдан сўнг Шамснинг тенгсиз муршид эканлигини англаб, унинг юксак камолотида, жамолида Тангри нурлари акс этаётганига иқрор бўлади.

Мавлоно уй сифатида истифода этиб келган кичик мадраса беркитилиб, эндиликда ишқ ва маъно масканига айланади.

Шу кунгача талабаларга сабоқ берган мударрис, жоме масжидларда ваъзлари билан севилган хатиб, фатволари билан шаръий мушкулларни ҳал қилган муфти Мавлоно Жалолиддин энди барча дунё ташвишларидан мосуво бўлиб, Шамснинг суҳбати – сир тўла ишқ дастурхони атрофида чўккалаб олганча, тўйиб-тўйиб тановул қилмоқда эди.

– Хоҳ Машриққа, хоҳ Мағрибга борсам ёхуд кўкларга чиқсам-да, сендан дарак топмагунча тирикликдан нишон йўқ менга. Юртнинг бир зоҳиди эдим, минбарим, курсим бор эди. Энди эса кўнгил майли сенинг олдингда таъзимда турган бир ошиқ ҳолига келтирди мени!.. – дер эди.

Шамс Мавлонони, энг аввало, мутолаадан, китоблардан айиради. Дейдиларки, у бир кун мадрасадаги ҳовуз бошида ўтириб, Мавлононинг китобларини бир-бир ҳовузга ота бошлайди. Худди шу пайт кўчадан кириб келган Мавлоно не кўз билан кўрсинки, йиллар давомида кўз нурини тўккан китоблари ҳовузга отилган, ҳовуз сиёҳ дарёсига айланганди. Ушбу китоблар орасида Балхдан кўчган пайтларида Нишопурда Фаридиддин Аттор совға қилган “Асрорнома” асари ҳам бор эди. Султон ул-уламо Баҳоуддин Валад ёш ўғли Мавлоно Жалолиддин ҳамда оиласи билан Балхдан кўчар эканлар, Нишопурда қўноқлаган, у ерда ўз даврининг буюк мутасаввуфларидан Фаридиддин Аттор билан учрашган эдилар. Фаридиддин Аттор ёш Мавлононинг заковати ва билимига ҳайрон қолиб, “Асрорнома” асаридан бир нусха совға қилганди. Мавлоно ушбу асарни бир неча бор ўқиган бўлишига қарамай, ҳовузга отилганидан кўнгли бир оз хижил тортади. Шамс буни ҳис этиши биланоқ, қўлини ҳовузга ботириб:

– Мана, ол, истаган китобинг шу эмасми? – дея Мавлонога узатади.

Во ажаб! “Асрорнома” юзини қоплаган чанги билан қуп-қуруқ турарди. Китоб гўё ҳовуз тўла сув ичидан эмас, кутубхона рафидан олингандек эди.

Шамс:

– Ишқ илми мадрасада ўрганилмагай, – деб Мавлонога ўқишни ман этмоқда эди. Ҳатто отаси Баҳо Валаднинг “Маориф”ини ўқишга ҳам рухсат бермасди.

Шунингдек, Мавлоно жуда яхши кўрган Мутанаббий девони мутолаасига ҳам эътироз билдирарди.

– Мутанаббий ким бўлибди? У сенга отбоқарлик ҳам қилолмайди!

Шамс Мавлонога “самоъ” рақсининг завқини тоттирган, уни бу йўлда иршод1818
  Иршод – таълим бериш.


[Закрыть]
га бошлаган эди. Самоъ борлиқдан ажралиб чиқиб, ўзни унутган ҳолда мутлоқ фонийлик ичра бақо завқига эришиш ҳисобланарди. Самоъ ошиқнинг озуқаси эди. Зеро, самоъда севгилига эришишнинг тотли хаёли бор эди. Бу вуслатнинг завқини олган ошиқ энди замон ва макондан ҳам мосуво бўлар эди. Маснавийда “Вақтдан, вақт қайдидан қутулдингми, беихтиёр Тангрига маҳрам бўлгайсан”, деб бежиз айтилмаган эди.

Шамс Мавлонони рақси самоъга ташвиқ этар ва дердики:

– Самоъ қилингиз, Ҳаққа интилган ва Унга ошиқ бўлганлар самоъ қилган дамда ишқлари ва маънавий ҳоллари ортгайдир…

Жуда қадим замонлардан бери файласуфлар, мутасаввуфлар, ҳатто пайғамбару валийларнинг самоъ қилганлари, самоъда Ҳақни зикр қилганлари маълум.

– Самоъ қилинг, Ҳаққа интилган ва Унга ошиқ бўлганлар самоъ қилган дамларида ошиқлари ҳам йўқ эди. Ошиқ ва маъшуқ бор эди, холос. Йўловчи ўзига йўл кўрсатганга чин эътиқод билан боғланар, унинг изидан борарди. Бу йўлда баъзан ҳатто қай бири ошиқ, қай бири маъшуқ эканлигини билиб бўлмасди, илоҳий иршод ўзаро биргаликда зуҳр этарди. Бу ишқ рамзлар билан ифода этиларди. Мана шу илоҳий ишқ, жазава, Тангрига бўлган севги Мавлонони ҳам, Шамсни ҳам ақлу ҳушидан айирганди. Ҳар бир зарра ҳамда фалаклар қуёш атрофида илоҳий низом асосида айланганидек, улар ҳам ақлу ҳушларидан айрилиб, жазава билан самоъ қилмоқда, ёлғиз Оллоҳни зикр этмоқда эдилар.

Шамс:

– Самоъ рақсида ошиқларга Тангри тажаллийси янада зиёда воқе бўлгай. Самоъ уларни моддий оламдан айириб, Ҳақ висолига эриштиргай, – дерди.

Самоъ рақси асносида ҳар бир ҳаракатнинг илоҳий маъно ва ифодаси мавжуд. Самоъда чарх уриш, оний айланишлар Тангрини ҳар томонда кўриш ҳамда файз олишни ифодалайди. Оёқларни ерга уриш эса нафсни оёқлар остида эзиш ва унинг устидан қозонилган ғалаба куйини чалиш демакдир. Қўлларни ён томонга очмоқ камолга йўналишдир. Самоъда сажда қулликнинг айни ўзидир.

Кечаги кунга қадар ланг очиқ бўлган Мавлононинг уйи бугун икки жон дўстнинг ўзаро дийдор учрашуви туфайли маҳкам беркитилган, аҳён-аҳёнда ундан “Ҳақ” ёхуд “дўст” нидолари ҳамда рубоб ва най товушлари эшитиларди.

Шамснинг келганига уч-тўрт кун бўлган эди. Бу уч-тўрт кун ичида хоналарига фақатгина Мавлононинг ўғли Султон Валад кирар, хизмат қиларди. Икки дўстнинг Ҳаққа йўналиб олиб борган ўзаро суҳбатларига қулоқ тутган Султон Валад баъзан ўзини тутолмай, йиғлар, нола чекарди.

Мадрасанинг кичик хонаси гўё арш уйи эди. Бу арш уйининг маъно юки ниҳоятда оғир бўлиб, уни ҳамма ҳам кўтаролмас – идрок эта олмасди. У ишқ қозони эди, ёнган, ёқилган бир қозон…

Бу қозонда Мавлоно Шамс билан бирга қоврилмоқда эди:

– Ориф шундай кишидирки, дўст зикрини канда қилмас, унинг дўстлигига тўймас. Ризо дастурхонида ошиқ аҳли оғзига кирган зикрдан тотли озуқа йўқдир.

Шамс маънавий илмлар баҳсида шундай дерди:

– Маънавий илм уч нарса бирла қўлга киритилгай. Зикр қилган тил, шукур қилган қалб, сабр қилган тан. Илмсиз вужуд сувсиз шаҳарга ўхшайди… Вужудни парҳез, ахлоқ, ғайрат ва шижоат бирла суғормоқ ва безамоқ лозим.

Маънавий жўмардлик борасида эса:

– Зоҳидларга мол жўмардлиги, жиҳод қилганларга тан жўмардлиги, ғозийларга жон жўмардлиги хосдир. Орифларга хос жўмардлик эса кўнгил жўмардлигидир. Кўнгил ҳалимлигидан яхшироқ ҳеч не топмадим. Қўлингизда борига қаноат қилинг, бошқаларининг қўлидагига умид боғламанг, – дер эди.

Пайғамбарларнинг иззати пайғамбарликда, олимларнинг иззати тавозеда, валийларнинг иззати илмда, фақирларнинг иззати қаноатда, бойларнинг иззати жўмардликда, обидларнинг иззати эса хилватдадир. Динни икки йўл бирла қўриқланг: жўмардлик ва яхши хулқ йўли билан.

Дўстлик ҳақида шуни буюрди:

– Ҳақиқий дўст Тангри каби маҳрам бўлгайдир. Дўстнинг қусуридан, ёқмаган ҳолларидан инжимаслик, хатосидан хафа бўлмаслик лозим. Дўстдан юз ўгирмаслик, унга эътироз этмаслик даркор… Раҳмати чексиз Тангри ўз қулларининг айблари, гуноҳлари, нуқсонлари туфайли улардан юз ўгирмагай. Чексиз бир иноят ва шафқат бирла уларга ризқ бергай. Ғаразсиз, тамасиз дўстлик мана шудир.

Шамс, бир томондан, иршод – сабоқ бераркан, иккинчи томондан, муридига оғир риёзатлар чектириб, уни тобламоқда эди. Зотан, Мавлоно камолотга эришиш йўлида ҳар қандай қийинчилигу заҳматга тайёр эди. Мавлоно Шамс билан танишгач, шуурида зуҳур этган юксалиш аломатлари, ботиний ўзгаришларни ғазалларидан бирида шундай таърифлайди:

“Саҳар чоғи кўкда бир Ой пайдо бўлди-ю, кўзини бизга тикди. Овга чиқиб қушга чангал солган лочин каби ул Ой мени қучиб кўкка учирди… Ўзимга боқдим, кўролмадим. Чунки Ойнинг лутфи бирла баданим жонсиз бўлди-қолди. Жон оламига бордим. У ерда ҳам Ойдан бошқасини кўра олмадим. Шунда азалий тажаллий сирлари тўла аён бўлди”.

Кунлардан бир кун Мавлоно хонадон аҳлига Шамснинг буюклигидан, унинг Тангрига бўлган яқинлигидан ва чексиз кароматлари ҳақида узоқ гапириб, ҳурматини ўрнига қўйишларини насиҳат қилади. Отасидан бундай илиқ сўз ва насиҳатларни эшитган Султон Валад Шамснинг ҳужрасига кириб, қўлини ўпади ва юмушларига қарашади. Шамс кутилмаган бу зиёратдан ҳайратга тушиб:

– Валад, сенга нима бўлди ўзи? Кўп лутф кўрсатиб, кўнглимни кўтариш учун илтифот кўрсатмоқдасан, – дейди. Султон Валад:

– Ҳазратим, отам буюклигингиз ҳақида шундай гапларни айтдики, барчамиз ҳушимизни йўқотиб қўйдик. Агар минг йил умрим бўлса-ю, сизга қуллик қилсам ва бу хизматларнинг барчаси қабул бўлса, тағин камина мухлис қулингиз қалбида рисоладагидек хизмат қилмадим деган армон қолгай, – дейди.

– Мавлоно орттириб юборибдилар. Юз мингларча мен каби Шамс Табризий у зотнинг буюк буржида заррадан бошқа нарса эмас. Мен бир қанча муқошафа1919
  Муқошафа – авлиё зотлар қалбидаги сирларнинг ва ғайбга оид ишларнинг зоҳир бўлиши.


[Закрыть]
ларга ноил бўлган, сулук подшоҳларини кўрган, илоҳий нурларга яқинлашган, кўплаб Ҳақ дўстлари билан ўтириб-турган, ғайб оламларини кўрган ҳолда Мавлонога етишолмадим. Унинг ҳақиқатига ўзга ким ҳам эриша олгай?!

Шамс ва Мавлоно буюклик буржида бир-бирларига ҳайрат ила боқаркан, ўзаро иршод неча кунлардан бери давом этмоқда эди. Улар кичик бир ҳужрада бутун оламни ёритаётган, ташна кўнгилларга булоқ сувлари улашаётган ана шундай кунларда руҳсиз бир дунё ичдан ёниб-куймоқда эди.

Қўнё халқи томонидан ниҳоятда севиб-суйилган ҳамда ваъзлари, дарслари жон қулоғи билан тингланган Мавлононинг бундай қўққисдан кўринмай қолиши, мадрасани, талабаларини тарк этиши, муридларидан юз ўгириши дастлаб ҳаммани ҳайрон қолдирган эди. Қолаверса, орадан бир неча ой ўтиб, ғийбатлар кўпайган, мутаассиб тўда неча йиллардан бери ўзларига ҳамтовоқ бўлган Мавлононинг Шамс каби ким экани ҳали-ҳануз номаълум бир дарвешга итоат этиб, ҳамма нарсага қўл силтаганига изоҳ топа олмаётган эди. Мавлонога нисбатан чексиз ҳурматлари, меҳр-муҳаббатлари уларни рашк сари етаклаган эди. Кимдир:

– Бу қандай ҳол? Мавлонони барча эски дўстларидан, улкан минбаридан тушириб олиб, ўзи билан банд айлаган бу кимса ким ўзи? Қаердан келди, мақсади нима? – демоқда, ҳатто баъзан бундан ҳам ортиқ ножўя гаплар айтмоқда эди:

– Шамс деган бир дарвеш келди. Мавлономизни биздан айириб, бошқа оламга етаклади. Бу Шамс деганлари ким бўлибдики, Мавлонони шунча йиллик муридларидан совутсин, уни мутолаадан, китоблардан айирсин. Бу нима деган гап? Афсунгармикин бу одам ёки бирор бир сеҳр қилдимики, Мавлонони биздан жудо айлади? Халқни ваъзидан, талабани мадрасасидан маҳрум этди.

ЖАЗБА ВА ЖЎШҚИНЛИК ДАВРИ

Вақт ўтган сари ғийбат ва рашк ўти тобора ортгандан ортмоқда эди. Шамс Қўнёга келганига бир неча ой бўлганди. Бу давр мобайнида Мавлоно бирон кун ҳам мадрасага бормай, муридларига кўринмай қўйганди. Қолаверса, Шамс Мавлонога ҳеч ким билан учрашмасликни уқтирганди:

– Тангрининг дўстлари Тангрининг валийларидир. Мавлоно ҳам Тангри таолонинг валийсидир. Ҳеч шубҳа йўқки, унинг рухсори Мавлонога қаратилган. Чунки Мавлононинг юзи ҳам Унга қаратилгандир… – дея кўзини Мавлонодан узолмай турар эди. Мавлоно билардики, Шамс келиши биланоқ унинг ҳаётга қарашларини бутунлай ўзгартириб юборар эди.

Шамснинг Мавлоно билан кеча-кундуз олиб борган сирли, илоҳий суҳбат ва мулоқотлари турли ғаразларга, ҳасадларга йўл очганди. Бир кун Шамс Мавлононинг эшиги олдида ўтираркан, мадрасага келган бир талаба Мавлонони кўрмоқчи эканлигини айтади. Шамс:

– Нима олиб келдинг, шукуронасига нима бергайсанки, уни сенга кўрсатай? – дейди. Буни эшитган талаба хафа бўлиб:

– Ўзинг нима олиб келдингки, биздан уни истагайсан? – деб сўрайди.

Шамс:

– Мен ўзимни олиб келдим, бошимни унинг йўлига фидо қилдим, бу озми? – деб жавоб беради.

Бу сўзлар талабаларни ғазаб отига миндириб, Шамсга қарши шиддатли ҳаракат бошлашларига сабаб бўлади. Эндиликда Шамсга қарши очиқдан-очиқ турли бўҳтонлар ёғдиришар, уни кўрган заҳоти қиличларига қўл узатар эдилар. Шамснинг Қўнёга келганига ўн олти ой бўлганди. У ҳеч қаерда бунчалик узоқ қолмаган эди.

Дарвоқе, бир кун вазир Нусратиддиннинг хонақоҳида бир мажлис уюштирилади. Таклиф қилинганлар орасида Мавлоно ва Шамс ҳам бўлиб, улар кириш эшигига яқин бир чеккадан жой олишган эди. Хонани тўлдириб ўтирган олиму сўфийлар ўтмиш олимларининг сўзларини нақл қилиб, қайсидир авлиёнинг кўплаб кароматларидан баҳс юрита бошлашади. Бу гапларни сукут билан тинглаб ўтирган Шамс, ниҳоят, сабри чидамай, ўрнидан туриб ҳайқира бошлайди:

– Қачонгача унинг, бунинг сўзини айтиб умрингизни зое ўтказасиз? Қачон қалбим Раббимдан ривоят этди дейсиз? Нега бошқаларнинг ҳассаси билан юрасиз? Қани сизнинг ўз сўзингиз, қани сизнинг ўз асарларингиз?

Бу сўзларни эшитиб, барча бошини қуйи эгиб қолган, ҳеч нарса дея олмаган, аммо Шамсга нисбатан кин ва ҳасадлари янада аланга олган эди.

Ғишт қолипдан кўчган, воқеалар таҳликали тус олган бир пайтда, 1246 йилнинг март ойи бошларида Шамс тўсатдан Қўнёдан ғойиб бўлади. Унинг Қўнёга келганини ҳеч ким билмаганидек, кетганини ҳам биров сезмай қолади.

Мавлоно Шамснинг бўш қолган ҳужрасига кирганда хавотирга тушиб, нимадир содир бўлганини юрак-юракдан ҳис этади. Бир лаҳза ҳеч нима демай туриб қолади. Шамс йўқ эди, ғойиб бўлганди. Шундай бўлиши керак эди. Бу тақдирнинг илоҳий ҳукми эди.

Мавлононинг чексиз ғам-қайғуга ботиши, энг аввало, Шамсга қарши тиш қайраганларни ачинтирди, улар Мавлонодан бирма-бир узр сўрашди. Мавлоно кўпчилиги эски муридлари ва талабалари ҳисобланган ушбу гуруҳдан хафа бўлганини сира билдирмай, уларни афв этган эди:

– Тақдирга ризолик кўрсатмоқ лозим.. Чиндан ҳам бу ишда сизнинг айбингиз йўқ. Тангрининг истагани бўлгай, – деган эди.

Султон Валаднинг қайд этишича, Шомга какликдек борган Мавлоно Қўнёга жасур лочин каби қайтган эди. Агар Мавлоно Шамсни топа олсайди, жўшқинлигидан асар ҳам қолмаган бўларди. Энди-чи?.. Энди янада жўшқин ва жазавали эди. Султон Валад Унинг ўша дамдаги ҳолатини шундай ифодалайди:

– Томчи эди, жўшиб денгиз бўлди. Улуғ эди, ишқ-ла янада улуғ бўлди. Излагани ўзида намоён бўлди. У Шамсни излаб Шомда бўлган дамларда Қўнё халқи хавотирли кунларни бошдан кечирганди: чексиз дард ва изтиробда ёниб-куйган аламзада Мавлоно наҳотки Қўнёга қайтмай, бутунлай Шомда қолса? Унда Мавлоносиз улкан пойтахт файзсиз, фараҳсиз бўлиб қолгай… Бу хавотир ва андишаларини Қўнё аҳли ҳатто саройга ҳам етказган эди. Мавлононинг қайтиши учун мактублар ёзилди, ниёзлар қилинди.

Мавлоно ортга қайтишга сира шошилмади. Фақат анча вақтдан кейингина Қўнёга қайтиб, тағин кўнгил ҳужрасига чекинди.

МАВЛОНОНИНГ МАКТУБЛАРИ

Бир неча ойдан сўнг Шамсдан илк хабар келди. Уни Шомда кўрганлар бор эди. Бу хабар Мавлонони жуда севинтирди ва дарҳол илк назмий мактуб ёзди.

Мактуб махсус улов билан жўнатилади, бироқ орадан бир неча ой ўтса-да, жавоб келмади.

Шамснинг ҳам истаги шу эди, зотан. Мавлоно ёлворар, у эса ҳаммасига бардош қиларди. Бундай бир айрилиқ Мавлонони янада тоблар, ўз ўтида ёндирар эди… Жавоб бермаган эди илк мактубга…

Маълум бир вақт ўтиб, Мавлоно тағин мактуб йўллади:

“Эй дунёнинг зарифи, салом сенга… Шубҳа қилма, соғлиғим ҳам, хасталигим ҳам сенинг қўлингда. Дардда қолганнинг давоси надир, сўйла?..” – дея бошланувчи кўзёш ва ёлворишларга тўла бир мактуб. Тош бўлса ёрилар, тилга кирар, садо берарди бу мактубга…

Жавоб йўқ… Йўлларга интиқ кўз тикиб хабар кутар, бироқ ҳамон жавоб йўқ эди. Мавлоно тобора мум каби эриб, сарғайиб-сўлмоқда эди.

Учинчи мактуб ёниб-куйиб адо бўлган кўнгил нолаларига тўлиб-тошган эди:

“О, улуғ ҳазратнинг умрлари узун бўлсин. Тангри Унинг ҳимоячиси бўлсин…” деган ниёзлар билан бошланар, унинг иқболи ва давлатига дуолар қилинар эди бу мактубда.

Оҳ, шукурлар бўлсин Тангрига, беҳисоб шукурлар… Шамсдан илк хабар келди, мактуб олинди. У ҳам айни жўшқинлик, айни соғинч билан жавоб қайтарган эди.

Мавлоно Шамсдан мактуб олиши биланоқ ўғли Султон Валадни чақириб:

– Қани, тезда Шомга йўл ол, шайхимизни олиб қайт! – дея сафарга отлантиради. Бу орада тўртинчи мактуб ёзилди. Унда шундай дейилганди:

“Сен бу ердан кетгач, шам каби эриб, ҳузур-ҳаловатдан жудо бўлдим. Кеча-кундуз оташ ичра ёниб, болдан тотли суҳбатингдан маҳрумман энди. Жамолинг ҳажрида жисмимиз вайрон. Жонимиз эса бойқуш каби вайронада. Энди тизгинни бу томонга бур, нашъу намо филининг хартумини биз томон чўз… Оҳ, сенсиз ҳеч бир лаззат йўқ, самоъ ҳам ҳалол эмас. Шоду хуррамлик шайтон каби тошбўрон қилинган…”.

Султон Валад пул, совға-салом ва йигирмага яқин содиқ кишиси билан Шомга йўл олди. Шамсни отаси қадар яхши кўрган Валад бу заҳматли сафарга жон деб рози бўлиб, зудлик билан йўлга равона бўлган эди. Йигирма кишилик гуруҳ тезда Шомга етиб бориб, Шамсни топиб, Қўнёга олиб қайтиш учун жон куйдирмоқда эди. Йўлларда деярли қўнмасдан, кеча-кундуз дала-дашт ва довон ошиб боришмоқда эди.

Ниҳоят, Шом шаҳрининг қораси кўринди. Шомнинг Жабали Солиҳия дейилган бир қасабасидаги карвонсаройда Шамсни биров билан овлоқда шахмат ўйнаётганда учратдилар. Онадўлининг нақ ўртасида, юзларча фарсаҳ нарида бир вулқон каби ичдан қайнаб, оташ дарёси билан ҳам ўзини, ҳам атрофидагиларни ёқиб-ёндираётган Мавлонодан гўё хабари йўқдек, Шамс зоҳиран мамнун кўринарди. Султон Валадни кўриб, енгилгина бир табассум қилди. Валад Шамсга қўйнидаги отасининг мактубини узатди. Сўнгра эса Қўнёдаги дўстларнинг астойдил тавба қилганларини, беҳисоб истиғфор айтганларини, қилган ишларидан жуда пушаймонда эканликларини ва минбаъд бундай ҳурматсизлик қилмасликларини, қизғонмасликларини, уларнинг барчаси Шамснинг келишини сабрсизлик билан кутаётганликларини айтиб, ўзи билан олиб келган совға-саломларни унинг оёғи остига тўкди. Шамс:

– Бизни на олтин, на кумуш билан қўлга киритиб бўлгай… Мавлономизнинг даъвати бизга кифоядир. Унинг калом ва амрини бажо келтирмай бўлурми, ахир? – дея бор-йўғини фақирларга улашиб, сафар тадоригини кўрди.

Қўнёга қайтар маҳали Султон Валад Шамсни отга миндириб, ўзи яёв юраркан, Шамс уни отга минишга ҳар қанча қистамасин, Валад:

– Подшоҳ ҳам, қул ҳам отга минса ярашмагай. Сиз ҳазратимсиз, мен эса қул, сиз жонсиз, мен сиз билан тирикман. Аслида мен йўлингизда бошимни оёқ қилиб юришим лозим, – дея рад қилди ва бутун йўл бўйи яёв кетди. Яёв юриш уёқда турсин, бутун карвон аҳли Шамс учун жон тортмоқда эди…

Улар қайтишда йўл давомида карвонсарой ва мадрасаларда қўниб борардилар. Султон Валад бошчилигида барча гуруҳ аъзолари Шамсни йўлда уринтирмаслик, толиқтириб қўймаслик учун тинмай қайғурмоқда эдилар.

Карвон Қўнё атрофидаги Занжирли хон деган карвонсаройга келиб қўнди. Султон Валад мулозимларидан бирини дарҳол ел каби Қўнёга жўнатиб, отасига Шамснинг келаётгани ҳақидаги хабарни етказади.

1247 йил, май ойининг саккизинчи куни. Қўнёда баҳорнинг энг гўзал кунлари… Ҳар ерда шоду хуррамлик, барчанинг юзида табассум. Аммо асл нашъу намо, асл баҳор Мавлононинг мадрасасида. Шамс келмоқда! Неча ойлардан бери интиқлик билан кутилган Шамс Табризий!

Мавлоно уст-бошида неки бор бўлса, барини хабар етказганга суюнчи тариқасида берганди:

– Тағин не бор бўлса беринг! – дер ва энг гўзал ғазалларидан бирини сўйлар эди.

Авваллари Шамснинг кўнглини оғритиб, унга қарши бўлганлар энди бир-бир келиб, афв тиламоқда – узрхоҳлик қилмоқда эдилар. Ҳатто Шамс суҳбат мажлисларига чақирилмоқда, иззат-эътибор кўрмоқда эди.

Қўнёдаги Қоратой мадрасасининг қурилиши тугаган кунларнинг бирида мадрасани қурдирган Амир Жалолиддин Қоратой ушбу ранг-баранг кошинлар билан безатилган илм ўчоғида бир мажлис ташкил этди. Мажлисга шаҳарнинг кўплаб казо-казо олимлари, шайхлари, амирлари қаторида Мавлоно ва Шамс ҳам даъват этилди. Мажлис бошланиб, таклиф этилганларнинг ҳар бири бир чеккада ўтириб, ўзаро суҳбат қура бошлашди. Шамс мадрасанинг эшигига яқин бир ерда ўтирар эди. Хизматчилар тўрдаги мағрур олим ва шайхларга музли шарбатлар улашаркан, бир чеккада ўтирган Шамсдан ҳеч ким хабар олмай қўйган эди. Хуллас, суҳбат “Тўр томон қаер?” мавзусига тақалди. Жавоб бериш навбати Мавлонога етгач, У ўзини бир оз ўнглаб олиб:

– Олимларнинг тўрдаги ўрни суфанинг ўртасидир. Орифларнинг тўрдаги ўрни хонанинг исталган жойидир. Сўфийларнинг тўри эса суфанинг қирғоғидир. Бироқ ошиқларнинг мазҳабида тўр дўстнинг, жононнинг ёнидир… – дея ўрнидан туради ва барчанинг ҳайрат тўла нигоҳи остида Шамснинг ёнига бориб ўтиради.

Шамснинг қайтиб келиши билан самоъ рақси маросими тағин йўлга қўйилганди. Ҳар кун маълум бир ерда самоъ рақси маросими ташкил этилиб, унга даврнинг илғор уламо ва акобирлари ҳам қўшилмоқда эди.

Дарҳақиқат, Шамснинг иккинчи бор келишида Қўнё аҳли уни бегонасирамай қарши олган эди. Бироқ бу узоққа чўзилмади…

Шамснинг бу галги ташрифида Мавлоно аввалгидан янада етук, янада жўшқин мақомларга эришган эди. Шамс уни борлиғи ва йўқлиги билан роса тоблаб пиширган эди. Бу гал У Мавлоно кўнглига илгаригидан ҳам кўпроқ ҳукмрон бўлиб қолди. Мадраса ҳужрасига чекиниб, уззукун давом этадиган хилват суҳбатлари қайта бошланди. Шамснинг кутилмаганда ғойиб бўлиб, Мавлонони беҳад изтиробга солгани ҳали-ҳануз унутилмаган эди. Шу боис ҳам Қўнё аҳли Шамсга имкон қадар меҳр кўрсатиб, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилмоқда эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации