Текст книги "Мавлоно"
Автор книги: Ўндер Меҳмет
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 12 страниц)
Ўз даврида Мавлонони яхши кўрган ва ундан файз олганлар орасида Сайид Маҳмуд Ҳайроний ҳам бор (ҳозирда Оқшаҳарда мақбараси мавжуд). Мавлонодан беш йил олдин – 1268 йилда вафот этган Сайид Маҳмуд Масъуд Пошонинг ўғли бўлиб, Ҳайрондан Онадўлига кўчган ва Қўнёга келиб ўрнашганди. Мавлононинг ишқ остонасига бош урган ва ундан файз олгандан сўнг “дастур” истаб, Оқшаҳарга борган ҳамда у ерда узлатга чекинганди. Юрагида қайнаган ишқ вулқони уни ўз ҳолига қўймай, жазбага солган, маълум бир пайтдан сўнг мажзуб бир ҳолда тағин Оқшаҳарга қайтганди.
Мавлоно ўзи жуда яхши кўрадиган илоҳий сирлар соҳиби бўлмиш ушбу жўшқин дарвешни тез-тез сўроқлаб, ундан хабар олиб турарди.
Кунлардан бир куни оқшаҳарлик Шайх Синониддин Қўнёга келиб, Мавлонони зиёрат қилади. Мавлоно ундан:
– Сайид Маҳмудимизнинг аҳволи қандай? – дея сўрайди. Шайх Синониддин:
– Уни тулки каби сочи соқолига қоришган ҳолда бир чеккада мудраб ётганини кўрдим. Сизнинг оламингизга кўзлари ёпиқ эди, – дейди. Мавлоно бу сўзларни эшитиб, шунчаки кулиб қўяди, холос. Шайх Синониддин бир неча кундан сўнг Оқшаҳарга қайтиб, Сайид Маҳмуднинг бозор ўртасида ухлаб ётганини кўради. Ёнига яқинлашиб, уни оёғи билан туртади. Кўзларини очган Сайид Маҳмуд ёнида Шайх Синониддинни кўриб:
– Эй Синониддин! Биз ҳур инсонларнинг султони Мавлономизнинг даврида тулки бўлишни ўзимизга эп кўргаймиз, – дейди ва қайта уйқуга кетади. Шайх Синониддин ҳайратлар ичра қотиб қолади. Такрор Қўнёга келган пайтда Мавлоно унга:
– Оламда қалби уйғоқ зотлар кўпдир, – дейди ва ибратомуз ғазалларидан бирини ўқийди.
Сайид Маҳмуд Ҳайроний вафот этганда Мавлоно қаттиқ қайғуга тушади. Оқшаҳарликлар унинг қабри узра мақбара қуришади. Сағанаси устига тахта қопламали лавҳ ўрнатилади. Лавҳда эса Мавлононинг ушбу маънодаги ғазали битилади:“Ишқ қиличи бирла ўлки, абадий ҳаётга қовушгайсан. Ҳаётда бўлганлар бу ишқ қиличи ифорини ололмагайлар. Ҳаёт экансан тоат ва ибодатдан ўзингга либос ҳозирла. Ўлим устингдан тириклик либосини ечиб олгач, яланғоч қолиб, расво бўлгайсан. Дўстим, агар абадий тириклик истасанг, ўлмасдан бурун ўл…”
Сайид Маҳмуд Ҳайронийнинг Оқшаҳардаги мақбараси кейинчалик қурилган Мавлоно мақбараси учун намуна бўлди, эҳтимол, ҳар иккаласи ҳам битта меъмор томонидан қад ростлагандир.
Мавлоно мухлислари асрлар давомида Қўнёда Ошиқлар Султони – Мавлоно мақбарасини зиёрат қилгач, Қаҳрамон шаҳрида онасига тегишли “Модари Мавлоно” мақбарасини ҳамда Оқшаҳардаги Сайид Маҳмуд Ҳайроний мақбарасини зиёрат этишни одатга айлантиришди.
Сайид Маҳмуд Ҳайроний ўз даврида Мавлонодан илҳом олган жазба тимсолидир.
МАВЛОНОНИНГ ТИЛИ ХУСУСИДАЎрта Осиёнинг Туркистон ва Хуросон ҳудудларида яшаган халқларнинг жуда катта қисми туркийлардир. Ҳатто бугун ҳам Озарбайжондан тортиб, шарқий Чинга қадар бутун бир Ўрта Осиёни ўз ичига олган кенг ҳудудларда турли туркий лаҳжаларда сўзлашишади. Ушбу ўлкада ХI аср бошларида ўғуз турклари барпо этган салжуқийлар давлати қисқа давр ичида ривожланиб, турк тили кенг туркий халқларнинг тили сифатида тарихий мавжудлигини намоён этади. Бу ҳудудда ўғуз турклари ХI асрда Буюк салжуқийлар давлати Хуросон, Эрон, Сурия ва Онадўли салжуқийлари номи остида тўрт тармоққа бўлинганидан сўнг ҳам аҳвол ўзгармаган, яъни туркий тил араб ва форс тилларининг кучли таъсирига қарамай, мавжудлигини кенг халқ оммаси, уруғ ва қабилалар ўртасида ҳимоя қила олган.
Асосий халқи туркийлар ҳисобланган Ўрта Осиёнинг Туркистон ва Хуросон ҳудудининг машҳур маданий маркази Балх шаҳрида дунёга келган ва ёшлигиданоқ отаси Султон ул-уламо Баҳо Валад билан бирга Онадўлига кўчиб келиб, маданий марказ – Қўнёдан қўним топган Мавлоно Жалолиддиннинг уруғ-аймоқ жиҳатидан она тили, ҳеч шубҳа йўқки, туркий ҳисобланади. Бунинг аксини тушуниш тарихий жараённи ҳамда Мавлоно туғилиб ўсган ҳудуднинг этник хусусиятларини билмасликдир. Не ажабки, Ислом динининг таъсири ва Ислом халифаларининг Ислом давлатлари узра маънавий нуфузи туфайли айни даврда араб тили давлат тилига айланди. Расмий ёзишмалар, фармонлар, баротлар, вақфиялар, китобалар араб тилида битилмоқда ҳамда мадрасаларда араб тили ўқитилмоқда эди. Шунингдек, форс тили сайқалланган тил сифатида тасаввуфга ва адабиётга кириб келиб, маданиятли ва интелектуал табақанинг билиши, ўқиши, ёзиши лозим бўлган тил ҳолини олади. Мавлоно ҳам ҳали таҳсил даврининг илк босқичида бу икки тил билан танишади, отасидан ва устозларидан араб ҳамда форс тилларини ўрганади.
Онадўли салжуқийлар томонидан туркийлаштирилганидан сўнг жамоа бўлиб яшаётган Рум ҳудудларига ҳарбий юришлар амалга оширилган. Ўрта Осиёдан келиб қолган ёхуд мўғул қўшинларининг ҳужумидан қутулиш учун қочиб келган ўғуз турклари турли даврларда Онадўлига ўрнашиб, қишлоқу қасабалар қурганлар ҳамда қисқа давр ичида маҳаллий халққа сингиб кетганлар. Ана шундай бир шароитда Мавлоно Қўнёдаги муридларига она тили ҳисобланган туркий тилда мурожаат қилган. Озчиликни ташкил этганлар билан ҳам муносабатни узмай, рум тилини ўрганган, ҳатто румча шеърлар битган.
Уйда оила аъзолари, болалари ҳамда халқ билан бўлган кундалик мулоқотлари, ваъзларини турк тилида амалга оширган Мавлоно асарларини ўз даврининг талабига кўра форс тилида, баъзиларини эса араб тилида ёзган, ёздирган.
Мавлононинг асарларидаги форс тили Онадўли ҳудудидаги форс тили бўлгани, Мавлононинг бу тилни кейинчалик ўргангани борасида баъзи олимлар алоҳида тўхталиб ўтганлар. “Девони кабир” ва “Маснавийи маънавий” асарларида баъзан туркча шеърлар, байт ва ибораларга дуч келиш мумкин. Бу мавзуда Мартиновитз, Салеманн, Валад Чалабий (Избудак), М. Шарофиддин Ялтқоя, Маждуд Мансур ўғли каби олимлар кенг тадқиқот ишлари олиб борганлар. Тарихчи олим Нажиб Осимнинг қайд этишига кўра, Мавлононинг турк тили кўпроқ Қипчоқ турк тилига, Мансур ўғлининг тили эса Ўғуз лаҳжасида ёки уларга яқин шевада гаплашадиган турк қабилаларининг шеваларига ўхшайди.
Мавлоно “Маснавийи маънавий” асарида “Ош, олиб бориш, қишлоқ, яйлоқ, қўноқ, чегара, Тангри, тўра, улоқ, ясоқ, юрт” каби асл туркий сўзларни маҳорат билан қўллаганидек, “Девони Кабир”да:
Ўқчилардир кўзлари,
Хуш нишондир қошлари.
Ўлдирар юз суворий
Кимдир ул Алпарслон, – деб ёзади.
Ёки Шамс тахаллуси билан битилган 22 байтлик тўла туркий бир ғазалида:
Ул ким кетар узоқ йўлга, керак озуқ ола била,
Олмас эса йўлда қола, етмагай ҳаргиз манзила, –
тарзида асл туркиёна шеърлар битган.
Мавлоно ижодкор, шоир ҳатто кўп бора айтилганидек файласуф ҳам эмас, ҳақиқий бир сўфийдир, чексиз ва жўшқин бир ишқ ҳамда жазбаси билан ажралиб турган тасаввуф йўлидаги илоҳий муршиддир. У фикр ва тушунчаларини баён этиш учун ён-атрофидан, кундалик воқеликлардан, ўқиган китоблари-ю, эшитган ҳикояларидан фойдаланиб, намуналар келтирган. Қаламга олган мавзуларни оят ва ҳадисларга боғлаб, туркча мақол ва таъбирлар билан безаган. Унинг асарларида:
Оташ бўлмаган жойда туман тутамас.
Йиғламаган болага кўкрак бермаслар.
Не эксанг, шуни ўрасан.
Бевақт қичқирган хўрознинг бошини кесарлар.
Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ.
Йиқиқ қишлоқдан хирож олинмас, –
каби бугун ҳам мақолларимиз орасидан жой олган юзларча асл туркий мақоллар қайд этилган. Шунингдек, асарларида халқ таъбирлари, турк анъаналари, урф-одатлари, инончлари билан боғлиқ жуда кўплаб мавзуларга кенг ўрин берилган. Буларга тўхталмай туриб, Мавлоно асарларини фақат форс тилида ёзган дейиш тўғри бўлмайди.
Мавлоно туркий миллатнинг бутун бир инсониятга тортиқ этган абадий армуғонидир.
Сўзларимизни Унинг шу рубоийси билан тасдиқласак:
ВАҚТ ЯҚИНЛАШМОҚДА, МАВЛОНО ҲАҚ ВУСЛАТИНИ СОҒИНМОҚДА ЭДИ
Бегона билманг, мен ҳам бу элданман.
Душмандек кўринсам-да, душман эмасман.
Ҳиндуга сўйласам-да, ҳақиқатда аслим туркдир менинг…
Йиллар ўтган сайин Мавлононинг сўлғин буғдой юзи сезилар-сезилмас сарғайган, қисқа ва текис соқоли анча оқарганди. Узун ва озғин вужуди тавозе ва фано туйғуси ичра енгилгина олдга эгилганди. Кеча-кундуз битилган “Маснавийи маънавий”ни ёзиш, китобат қилиш машаққатлари, муттасил риёзатлар вужудини толиқтирганди. Фақатгина йирик қора кўзлари зиёсини асло йўқотмаган эди. Руҳидаги битмас-туганмас жўшқинлик ҳамда жазба оламининг кўзгуси бўлган бу кўзлар жалол нурлари сочмоқда эди.
Маснавий ёзиб тугатилганди. Мавлоно руҳиятида вазифасини адо этган инсонларнинг ҳузури сари бу оламдан айрилмоқ истаги пайдо бўлган эди. Дўстлари буни ҳис этмоқда эди. Сўнгги ғазалларида айнан мутлақ борлиққа бир оз бўлса-да, эртароқ қовушишнинг ҳаяжони ва соғинчи сезиларди.
1273 йилнинг кеч кузи. Қўнёда тез-тез ер қимирлашлар содир бўлмоқда, халқ кўчаларга қочиб чиқиб, кечани чодирларда ўтказмоқда эди. Ана шундай кунларнинг бирида кутилмаганда яна қаттиқ зилзила юз беради. Мавлоно шунда яқинлари ва муридларига:
– Қўрқмангиз, ернинг қорни оч қолган. Сўнгги кунларда ёғли бир луқма истамоқда… Иншооллоҳ, яқинда муродига восил бўлгай, сиз ҳам хавотирдан қутулгайсиз… – дейди.
Ушбу зилзиладан бир неча кун ўтгач, Мавлоно қайта оёққа туролмайдиган ҳолда тўшакка михланиб қолади. Ўз даврининг таниқли табибларидан бўлмиш нахчивонлик Акмалиддин ва Ғазанфарийлар хастанинг ёнидан айрилмай, дори устига дори тайёрлашмоқда эди. Кучли иситма чиққач, томир уришидаги меъёр бузилиб, бу хасталик қирқ кун давом этади.
Бутун Қўнё ғамга ботган эди. Салжуқ султони Ғиёсиддин Кайхусрав III дан тортиб, қатор уламою умаро ҳамда оддий халққача – барча Мавлонони зиёрат қилишга шошмоқда, унинг муборак жамолини яна бир бор кўришга интилмоқда эди. Ана шундай кунларнинг бирида яқин дўсти Садриддин Қўнёвий келиб, унинг тезроқ шифо топишини тилайди. Мавлоно:
– Тангри сизларга шифолар берсин. Ошиқ билан маъшуқ орасида бир қил инжалигидаги кўйлакдан бошқа нарса қолмади. Буни ҳам ечишимни ва Ҳақ вуслатига эришишимни, нурнинг нурга қовушишини истамайсизми? – дейди, сўнг эса:
– “Мен тан либосини ечдим, у хаёлдан ечинди. Энди вуслат мартабаларининг буржида солланмоқдаман…
Сен не билурсанки, ботиний оламда қандай бир Подшоҳ бирла учрашмоқдаман? Тилладек сап-сариқ юзимга боқма, темир оёғим бор менинг.
Мени бу ерга олиб келган У Подшоҳга бутунлай юз тутдим. Мени яратгани учун мингларча шукурлар бўлсин Унга…” – дея ғазал ўқишда давом этади. Сўнгги ғазаллар эди булар. Ўлимни, Ҳаққа вуслатни истамоқда эди Мавлоно.
“Ҳақиқатдан огоҳ бўлиб қазо қилган ошиқлар Ҳақнинг ҳузурида шакардек эриб, ширин-ширин риҳлат қилгайлар.
“Алас” китобидан оби ҳаёт ичароқ, бошқа бир кўрк бирла вафот этгайдир улар…” деб куйламоқда эди.
ИНСОНЛАРНИНГ ХАЙРЛИСИ ИНСОНЛАРГА НАФИ ТЕККАН КИМСАДИР…Завжаси Кирра Хотун хожасининг бу хасталигидан қаттиқ изтиробда эди.
– Қани эди, Мавлононинг юзларча йиллик умри бўлса-ю, дунёни ҳақиқат ва маъно инжулари бирла тўлдираверса, – деб куйинар эди у.
Мавлоно бу сўзларни эшитиб:
– Нечун юзларча йиллик умр? Бизни ким деб ўйлаётирсан? Биз на Фиръавн, на Намрудмиз. Бизсиз бу ёлғон дунёнинг ҳузур ва қарори қандай кечгай? Биз бошқаларга нафимиз тегсин деб бу дунё зиндонида қолдик. Ахир, бировнинг молини ўғирлаганимиз йўқки, пинҳон яшаб, бунда бўлсак, – деди. Сўнгра тўпланган дўстларига шу сўзлар билан тасалли берди:
– Бу дунёдан кетгай деб ҳеч ҳам қайғуга ботмангиз. Сиз қандай ҳолда бўлсангиз-да, мен ҳам сиз билан биргаман. Ҳазрати Пайғамбаримизнинг:
– Менинг ўлимим ҳам, тириклигим ҳам сиз учун хайрлидир, – дея марҳамат қилган сўзини мен ҳам айнан такрорлагайман. Бунинг маъноси – менинг тириклигим тўғри йўлни кўрсатиш бўлганидек, ўлимим ҳам кишиларга ёрдам этиш учундир.
Сўнгра шундай васият қилди:
– Мен сизга пинҳон ва аён тарзда Тангридан қўрқишни, оз емоқни, оз ухлашни, оз сўзлашни, гуноҳлардан тийилишни, рўза ва намозда бардавом – собит бўлишни, фаҳшдан қочишни, нодонлардан узоқлашишни, етук ва олим кишилар билан бирга бўлишни васият қилгайман. Шуни билингки, инсонларнинг энг хайрлиси инсонга ва инсониятга нафи теккан кимсадир.
Йиғилганлардан бири Мавлонодан:
– Сиздан кейин ўрнингизга ким ўта олгай, халифангиз ким бўлгай, биз кимга мурожаат эта олгаймиз? – дея сўрайди. Мавлоно ёстиғидан енгилгина бош кўтариб:
– Чалабий Ҳисомиддин! – дейди.
– Ўғлингиз Султон Валад борасида нима дегайсиз? – деганларга эса:
– У ҳақиқат ҳимоячисидир, васиятга муҳтож эмас, – дея жавоб беради.
Султон Валад ва Чалабий Ҳисомиддин оталарининг бош учидан бир лаҳза ҳам узоқлашмас эдилар. Хасталик тобора кучаймоқда, кундан-кун Мавлоно мажолсизланиб бормоқда эди. Аммо Мавлононинг шуури ва хотираси жойида эди. Ҳатто бир гал эллик икки дирҳам қарзи борлигини эслаб, ўғлига:
– Уйда бир қанча тилла чақа бор, олиб бориб қарзни уз… – деб айтади.
Қарз берган кимса эса бу тиллаларни қабул қилмай, берган тиллаларига рози эканини айтади. Бу гап Мавлонога етказилгач, у енгил тортиб:
Оламларнинг Раббига ҳамд бўлсин, бу даҳшатли балодан ҳам қутилдим… – дейди.
Чалабий Ҳисомиддин:
– Жанозангизни ким ўқисин? – дея сўраркан, Мавлоно:
– Шайх Садриддин Қўнёвий бошқалардан авлодир, – дея марҳамат қилади. Ҳозирлик тугаган, кунлар яқинлашмоқда эди, “тўй кунлари”…
ҚУЁШ ИРФОН ҚУЁШИ БИРЛА БОТДИСултон Валад суюкли отасининг боши устида унинг иситма оташи ичра ёнган қўлларини совуқ сув билан ювмоқда, кўз ёшларини кўрсатмаслик учун бошқа томонга юз буриб турарди. Кирра Хотун, қизи Малика, ўғли Амир Олим Чалабийлар ҳам шу ерда эди. Чалабий Ҳисомиддин билан бирга бутун оила аъзолари бир неча кундан бери кўз юммас эди.
Сўнгги кеча тўшагида ўзини ўнглаб олган Мавлононинг юзида илоҳий шодлик, тотли бир маҳзунлик бор эди. Боши устида турган Султон Валадга:
– Валад, ўғлим… Мен яхшиман энди… Бор, ёт… Бироз дам ол… – дейди. Султон Валад беихтиёр унга итоат этади. Мавлоно унинг ортидан узуқ-юлуқ сўнгги ғазалини ўқийди:
“Бор, бошингни ёстиққа қўй, ёт. Қолдир мени, шу кечалари айланиб кезган, ёнган бечорани… Биз кечалари то тонггача савдо тўлқинлари аро интилиб тургаймиз. Истасанг, марҳамат қил, истасанг, кел, жафо қил бизга… Мендан қочиб, сен ҳам балога учрама, соғ-саломат бўл йўлингда. Кўз ёшлар тўкиб ғам қўйнида кезингаймиз. Оққан кўз ёшларимизнинг йўлида, юз жойда юз тегирмон қур. Қудратли бири борки, бизни ўз оғушига тортиб олмоқда; мармардан бир кўнгил бор унда, одамни олиб кетгай, аммо кимса Ундан ҳисоб сўрамагай…
Гўзаллар подшоҳидан ошиқларга вафо вожиб эмас, эй юзи сарғайган ошиқ, сен сабр қил, сен вафодор бўл. Бир дардки, ўлимдан бошқа давоси йўқ. Шундай экан, мен қандай қилиб бу дардга чора топ дея олгайман?”
Эртаси куни у анча яхши эди, бироқ бу аҳволида ҳам севгили Тангрисига қовушиш арафасининг ҳаяжони бор эди. Энди абадийлик фармони ёзилган, Мавлоно бу фармонни ўқиб бўлган: “Мен ул подшоҳ эмасманки, тахтдан тушиб, тобутга минсам. Менинг фармонимнинг ёзуви абадийликдир…”, деган фикрга келган эди.
Бу 1273 йилнинг 17 декабрь куни эди. Қиш бўлишига қарамай, порлоқ қуёш аста-секин Қўнёнинг ғарбидаги Таққали тоғлар томон оғмоқда. Тўшагининг бошида Султон Валад, ўнгида Ҳисомиддин Чалабий… Мавлоно бири ўзининг, иккинчиси маънавий – икки севимли фарзандига суяниб, пичирлаганча калимаи шаҳодат қайтармоқда, вуслат онини кутмоқда эди.
Шомга яқин қуёш Таққали тоғлар ортига бош қўяркан, бу томонда ирфон қуёши ҳам фоний оламдан “Жон ва Бақо олами”га қанот ёзмоқда эди.
Ё Раббий, бу қандай интизорлик, бу қандай орзу, бу қандай тотли ўлим эди!
Мавлоно Раббига шундай хитоб қилмоқда эди:
“Жонни сен олгач, ўлмоқ шакар каби ширин.. Сен бирла бўлгандан сўнг ўлим жондан-да ширин …”
Оқшом азони билан бирга Қўнёда бир фарёд қўпди… Мавлоно бу дунёдан у дунёга риҳлат қилган эди…
Бу фарёд аста-секин бутун шаҳарни эгаллади… Неча кунлардан бери ич-ичидан ёниб-куйиб йиғлаётган шаҳар энди дод-фарёд оғушида қолганди. Узун қиш кечаси уйқусиз кечди. Жаноза эртаси куни ўқиларди. Барча бунга тадорик кўрмоқда, сўнгги тадбирлар бажо келтирилмоқда эди.
Мавлоно сабоқ берган мадрасадан таралган ҳофизларнинг ёниқ садолари остида янги тонг отмоқда эди…
МАВЛОНОНИНГ ЖАНОЗАСИГА ҲОЗИРЛИКЭрта тонгдан миноралардан юксалган салоҳ4242
Салоҳ – азон.
[Закрыть] товушлари шаҳарни яна бир бор ларзага келтирди. Мавлононинг яқин дўстларидан имом Ихтиёриддин маййитни мусаллога чиқариб, қўллари билан юваркан, мусаллодан тўкилган сувларни дарвешлар бир томчисини ҳам ерга оқизмай йиғмоқда эдилар. Маййит кафанланди, тобутга қўйилди. Мадрасанинг ҳовлисидан ташқарига чиқарилиши биланоқ, ён-атрофда қиёмат қўпди.
Қўнё ўз тарихи давомида бундай катта оломонга саҳна бўлмаган эди. Султонлар, амирлар, олимлар, жоҳиллар, имомлар, поплар, оқу қора ҳар турли ирқ, ҳар диндан, ҳар мазҳабдан инсонлар оқиб келган эди… Ирқлар, синфлар ва динлар илк бор шу ерда – Мавлононинг мадрасаси олдида йиғилган эдилар. Рубоийсидаги “Келсин, борлиқ номига не бор бўлса, келсин… Кофири, бутпарасти, мажусийси келсин” мисраси гўё бугун учун айтилган, бугунги “тўй”га даъват этилганди…
Тобут елкага олинган пайт дунёни бир вовайло қўпти. Халқ тобутга бир бора қўл теккизиш учун бир-бирини эзиб-босиб бормоқда эди. Тобутни елкага кўтарганлар ҳатто бир одим ҳам олдга силжий олмай қолганди. Бунга бирор чора топмоқ лозим эди. Аммо қандай чора? Халқ орасидан давлат бошлиқларидан бир қанчаси оломонга қарата ҳайқирди:
– Мусулмон бўлмаганлар ортга чекинсин!
Бунинг сира иложи йўқ эди. Ҳеч ким ўрнидан жилмас, аксинча, оломон тобора ортиб бормоқда эди. Бир гуруҳ мусулмонлар бир оз олдинда жанозани кутаётган Бош вазир Соҳиб Ота Фахриддин Али ҳамда Амир Сулаймон Парвонага шикоят қилдилар:
– Мавлоно мусулмонларнинг шайхидир. Исовийларга, мусовийларга, бошқа дин вакилларига бу ерда не бор? Булар қандай журъат бирла жанозага келдилар? Ортга чекинсинлар, биз ҳам бемалол ўз вазифамизни адо этайлик!..
Буни эшитган поплар, раввинлар олдинга отилиб чиқдилар-да, шундай дедилар:
– Йўқ, бу дин подшоси бизнинг ҳам раҳнамомиз ҳисоблангай. Биз Мусонинг ва бутун пайғамбарларнинг ҳақиқатини унинг очиқ-ойдин сўзларидан англадик. Ўз китобларимизда ўқиган пайғамбарларнинг феъл-атвор ва шахсиятини Унда кўрдик… Сиз мусулмонлар Мавлонони ўз даврининг Муҳаммади сифатида билсангиз, биз ҳам уни замонанинг Мусоси сифатида билгаймиз. Сиз Унинг қандай муҳиби эсангиз, биз ҳам Унинг шундай муҳиби ва муридимиз. У: “Етмиш икки миллат сирини биздан эшитур. Биз бир парда ила юзларча товуш чиқарган наймиз…” демаганмиди? Хўш, бунга нима дейсиз?!
Бошқа бир руҳоний кўзда ёшлар-ла:
– Мавлоно башар узра иноят нурлари сочган ҳақиқат қуёшидир. Қуёшга барча интилгай, бутун олам унинг нури бирла ёруғ бўлгай. Модомики шундай экан, сиз қуёшни қандай қилиб биздан тўса олурсиз?!. – дейди.
Мусовийлардан бири:
– Мавлоно нон каби барча учун эҳтиёждир. Сиз ҳеч қачон нондан қочган очни кўрганмисиз? – дер эди.
Ким ҳам не дея оларди бу сўзларга? Ниҳоят, тобут жуда катта қийинчиликлар билан тушга томон йўлга тушди…
САДРИДДИН ҚЎНЁВИЙНИНГ ҲУШИДАН КЕТИШИТобут олдида ҳофизлар, муаззинлар бормоқда, баланд овозда Қуръони Карим оятларини тиловат қилмоқда эдилар. Улардан ҳам олдинда эса найзанлар4343
Найзанлар – Мавлавийликда самоъ рақси асносида най чалувчилар.
[Закрыть], кудумзанлар4444
Кудумзанлар – Мавлавийликда самоъ рақси асносида ноғора чалувчилар.
[Закрыть] бор эди.
Тобут кўтарган оломон катта йўлга чиққач, издиҳом яна қоришиб кетди. Отлиқ муҳофизлар халқни калтаклар билан тарқатишга мажбур бўлишди, аммо ким ҳам тингларди уларни?! Халқ Мавлононинг тобутига бир бор бўлса-да, қўл тегизиш учун таёқ ейишга, оёқ ости бўлишга ҳам рози эди…
Мавлоно Қўнё қалъасининг шарқида, шаҳар ташқарисида жойлашган гулбоғда дафн этилиши лозим эди. Бундан олдин бу ерга отаси Султон улуламо, ўғли Аълоиддин Чалабий ҳамда жон дўсти Салоҳиддин Зарқубий дафн этилганди. Султон томонидан совға этилган “хос боғча” Мавлоно ифодаси билан айтганда “Эранлар боғчаси”га айланганди. Мадрасадан бу ергача бўлган масофа яёв юрганда ўн беш дақиқалик йўл бўлса-да, тобут бир неча соатдан бери йўлда эди. Тобут олдинга силжимай қолган, бир-бирини босиб-эзиб келаётган издиҳом туфайли илгарилаб бўлмас, елкадаги тобутни ҳеч ким ўзгага беришни истамасди. Хуллас, тобут аср намозига яқин мусалло тоши устига қўйилди.
Жаноза намози ўқилиши лозим эди. Мавлоно жаноза намози Садриддин Қўнёвий томонидан ўқилишини васият қилганди. Кекса Садриддин Қўнёвий ғаму қайғу ўтида ёниб адо бўлганди. Унинг кўз ёшлари ичига оқмоқда, дудоқларидан дуолар тўкилмоқда эди. Муарриф4545
Муарриф – тадбир ва маросимларни бошқарувчи масъул ходим.
[Закрыть] жаноза намозини адо эттириши учун Қўнёвийни олдинги сафга чорлаб:
– Марҳамат, – дейиши биланоқ, Қўнёвий бир оз юргач, гандираклай бошлади. Сўнгра эса ҳушидан кетиб, ерга қулади… Бундай ҳолатни кўрган Қози Сирожиддин дарҳол илгарилаб, сафнинг олдига ўтди ва:
– Эр киши нияти билан… – дея намозга турди. Мингларча тил такбир келтирди. Гўё тоғ ва тошлар ҳам қиёмда эди ушбу лаҳзаларда.
Жанозадан сўнг тобут такрор елкаларга кўтарилиб, суюкли отаси Баҳоуддин Валаднинг мозори бошига олиб келинди.
Ота суюкли ўғлини “оғуш”ига боса олиш, ўзидан янада юксак мавқега эришган ирфон юлдузини кутиб олиш учун оёққа тургандек эди. Ёхуд кўнгиллар уни шундай тасаввур этмоқда эди.
Оқшом қуёш ботиб бораркан, Мавлоно тупроққа топширилди. Аслида тупроққа қўйилган бўш бир хум, шунчаки бир жасад эди, холос. Мавлоно кўнгиллардан абадий жой олганди. Қўнё оғир сукунат оғушида қолганди…
Эртаси куни саройдан фармон бўлиб, қирқ кун мотам эълон қилинди. Даврнинг одатига кўра бу вақт мобайнида султонлар, беклар ва амирлар отга минмас, фақир-фуқароларга саройдан овқат, эҳсонлар бериларди.
Мавлононинг мадрасасидаги ҳужраси ҳувиллаб қолганди. Не ажабки, у ерда Мавлононинг яхши кўрган бир мушуги бор эди. Мавлоно уни силаб-сийпалар, у ҳам Мавлононинг ёнидан жилмасди. Мавлононинг вафотидан сўнг мушук емайдиган, ичмайдиган бўлиб қолди. Бир ҳафтадан сўнг уни ҳужранинг эшиги олдида ўлик ҳолда топдилар. Мавлононинг қизи Малика Хотун мушукни кафанлаб, отасининг мозори атрофида дафн эттирди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.