Электронная библиотека » Ўндер Меҳмет » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Мавлоно"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:44


Автор книги: Ўндер Меҳмет


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
МАВЛОНОНИНГ БИР МАКТУБИ

Бир кун Амир Сулаймон Парвона Мавлонодан ўзига насиҳат беришини сўрайди. Мавлоно бир оз ўйланиб туриб:

– Амир Парвона, Қуръонни ёд олганингни эшитдим, тўғрими?

Парвона:

– Ҳа, – дейди.

– Бинобарин, Шайх Садриддиндан ҳадис илмини ўрганганингни ҳам эшитдим.

– Ҳа, тўғри…

Бу гаплардан сўнг Мавлоно шундай дейди:

– Модомики, Тангри ва Унинг Пайғамбари сўзларини ўқиб, насиҳат ололмас, ҳеч бир оят ва ҳадиснинг амрига амал қилолмас экансан, у ҳолда менинг насиҳатимни тинглаб, унга қандай амал қила олгайсан?!

Парвона бу сўзларни эшитиб, йиғлаганча ташқарига отилади…

Мавлоно амир Муиниддин Сулаймон Парвонани ҳурмат қилгани, унга меҳр қўйгани боис уни катта ихлос билан “инсони комил” айламоқ учун ирфон қозонида пиширмоқда эди.

Амир Парвонанинг Мавлонога бўлган яқинлигини, унинг сўзидан чиқмаслигини билган халойиқ ўзларининг турли эҳтиёжлари учун Мавлонога мурожаат қилишарди. Мавлоно ўз ўрнида Амирга мактуб йўллаб, халқнинг тилакларини Сулаймон Парвонага етказарди. У эса келган мактубларни ўқиб, кўзига суртар ва айтганларини бажо келтирарди. Мавлононинг ўз даврининг машҳур кишиларига ёзган 147 мактубидан иборат “Мактуботи Мавлоно” асарида бунга ўхшаш кўплаб намуналарни кўриш мумкин. Чунончи, унинг қўнёлик деҳқонга саройдан ёрдам тариқасида берилган уруғлик буғдойнинг кўпайтирилиши талаби билан Амир Парвонага битган насиҳат тўла узун мактуби шундай мазмунга эга:

“…Дуомизни, саномизни етказган бу зот эшигингизга қуллуқ учун бормоқда, бу мактубни олиб бормоқни… қайнаб-жўшган лутфингизга, эҳсонингизга бир восита қилмоқдадир. Оламда барча эҳтиёж соҳиблари бир умид билан карам Каъбасига юз тутгайлар; у эшикдан эса фақатгина эсонлик билан ғаниматларни қўлга киритиб, севина-севина, шукур қила-қила қайтгайлар. Қутлуғ хотирангизга очиқ-ойдин маълумдирким, дунё давлати, дунё моли экин экмоқ, уруғ сочмоқ учундир. Бу умр ва давлат уруғи экиш учун берилгай, уни беркитиб сақлаш учун эмас. Экиш учун берилган уруғ оздир. Зеро, уруғ экиш учун берилгай, омборга босиб қўйиш учун эмас. Ўйлаймизким, бу борган кимса ҳам эшигингиздан шукур қилиб қайтгай. Сизнинг қабул қилганингизни, ёрдам берганингизни ул яқинларига мақтов ва олқиш қуроли сифатида ишлатгай. Ул карам сояси эшигидан қандай қайтдинг деб сўраганларида, берган ёрдамингиз унинг тилида ташаккурга айлангай. Доимо эҳсон соҳиби бўлинг, саховат кўрсатинг, Оллоҳдан шуни тилагайман…”

Мавлоно бунақанги мактубларида ўзи учун бировдан ҳеч нарса истамас, аксинча, йўқсилларга, мазлумларга, ўзи-сўзи тўғриларга доимо кўмак беришга интилиб, уларнинг ҳимоячисига айланар эди. Бу мактублар айни пайтда бадиий услуби жиҳатидан шоҳона – шоҳ асар сифатида ҳам катта аҳамият ва қийматга эгадир.

Мавлоно ён-атрофдагиларининг нури, ишончи ва таянчи ўлароқ, халқнинг кўнглидан чуқур жой олган эди.

МАВЛОНОНИНГ ЎЗ СУРАТИНИ ЧИЗДИРИШИ

Амир Сулаймон Парвонанинг завжаси Гуржи Хотун Мавлононинг илк аёл муридаларидан ҳисобланарди. Салжуқ султонларидан бирининг қизи бўлган Гуржи Хотун Мавлононинг суҳбатларини тинглаб пишган, зийрак ва маданиятли хоним эди.

Амир Парвона вазифа талаби билан Қайсарига жўнатиларкан, Гуржи Хотун ҳам эри билан бирга бу олис йўлга отланиши лозим эди. Бироқ кўнгли Қўнёдан, айниқса, буюк муршиди Ҳазрат Мавлонодан узоқлашишни истамас эди. У Мавлононинг бир неча ҳолатдаги суратини чиздириш ва ҳеч бўлмаса шулар билан ҳасрат ва иштиёқини аритиш учун саройнинг машҳур мусаввири Айнуддавлани жалб қилган эди. Ўз санъатининг моҳир устаси ҳисобланган Айнуддавла бир ўрам қоғоз ва қалам олиб, Мавлононинг мадрасасига боради ва тавозе билан мақсадини аён этади. Мавлоно кулиб туриб:

– Чиза олсанг, нақадар яхши… – дейди ва оёқ устида турган ҳолда мусаввирга боқиб туради.

Қаламига ишонган Айнуддавла сурат чизишга киришади. Бир оздан сўнг бошини кўтариб, бир Мавлонога, бир суратга боқаркан, ҳайратдан ёқа ушлайди. Чизган сурати Мавлонога сира ўхшамасди, иккинчи бир ўрам қоғоз олиб қайта чиза бошлайди. Бир оздан сўнг такрор бошини кўтариб, бир Мавлонога, бир суратга боқади. Бу гал ҳам Мавлоно бошқача қиёфада акс этарди. Учинчи, тўртинчи ўрам қоғозларни олади… Во ажаб! Ҳар дафъа Мавлоно бошқа-бошқа қиёфаларда намоён бўларди. Шу тарзда бир неча сурат чизган эса-да, бироқ ҳеч қайсиси Мавлонога ўхшамасди. Айнуддавла бу сирдан ҳайратга тушиб, ёқасини тутганча тавба қилади ва қаламини синдириб, Мавлононинг этагига ёпишади. Шунда Мавлоно:

– Оҳ, мен нақадар туссиз ва ноаён инсонман! Ҳатто ўзим ҳам ўзимнинг аслимни кўролмагайман. Сирларингизни маълум қилинг дейсан, бироқ, не ажабким, мен бор бўлган жойда бу сирларни қўядиган жой ҳам йўқ, – дея ғазал бита бошлайди.

Бу воқелик олдида ҳайрону лол қолган Айнуддавла Мавлононинг ҳузуридан чиқиб, тўғри Гуржи Хотуннинг кошонаси томон йўл олади… Гуржи Хотун ушбу суратларни ўзи билан Қайсарига олиб кетади ва энг қийматли хотира сифатида йиллар давомида сандиғида сақлайди.

Ўша куни Мавлононинг Айнуддавлага:

– Сен бизнинг суратимизга эмас, сийратимизга боқ! – дегани ҳамда шу кундан бошлаб Айнуддавла Мавлононинг энг содиқ муридлари сафига қўшилгани ҳали-ҳамон нақл этилади.

Дарҳақиқат, Мавлононинг Айнуддавла, Қалуян, Бадриддин Ёвош, Шаҳобиддин, Аълоиддин Сурёнус каби рассом, наққош ва санъаткор муридлари бор эди. Улардан рум миллатига мансуб Аълоиддин Сурёнус ёшлигида Мавлононинг шафоати билан динини ўзгартириб, мусулмон бўлган эди. Бу воқеа шундай рўй берган эди.

Кунлардан бир куни Мавлоно кўчадан ўтиб бораркан, дод-фарёд товушини эшитиб, сесканиб кетади. Жаллодлар бир рум боласини қатл кундаси томон судраб кетишаётган эди. Мавлоно йўловчиларнинг биридан боланинг айбини сўрайди. Йўловчи:

– Шаҳарнинг золим бир одами бор эди, бола уни ўлдиргани учун энди жонга жон – уни қатл этишмоқчи, – деб жавоб беради.

Бу гапни эшитган Мавлоно югуриб бориб, дарҳол жаллодни тўхтатади ва эгнидаги жуббани ёш боланинг устига ёпади. Энди унга ҳеч кимса қўл теккиза олмасди. Бу воқеани султонга маълум қилишади. Султон:

– Модомики, Мавлоно уни шафоат қилибди, бошқа ҳеч нима қилиб бўлмагай, – деб болани қўйиб юборишни буюради.

Мавлоно қатлдан олиб қолган боладан унинг исмини сўрайди, бола:

– Сурёнус, – дея жавоб беради ва Мавлононинг пойига тиз чўкиб, мусулмон бўлади. Шу тариқа бола Аълоиддин Сурёнус номини олиб, Мавлононинг муридлари қаторига қўшилади.

VI БЎЛИМ
МАВЛОНОНИНГ ЯШАШ ТАРЗИ, АТРОФ МУҲИТИ ВА ФИКРЛАРИ
МАВЛОНО ВА УНИНГ АҲЛИ АЁЛИ – ОИЛАСИ

Мавлононинг фақатгина Гуржи Хотун эмас, Султон Рукниддиннинг завжаси Гумеч Хотун, Фахруннисо каби илм ва фазилатга эга аёл муридлари ҳам бор эди. Аксарият ҳолларда Гуржи Хотун эри Сулаймон Парвонанинг қўноғида ўз даврининг зийрак, маданиятли аёлларини тўплаб, мажлислар ўтказарди. Бундай мажлисларга баъзан Мавлоно ҳам даъват этилиб, унинг иршодларидан файз олишар эди.

Илғор дунёқарашга эга Мавлоно ўзининг “Фиҳи мо фиҳи” асарида аёл зотига юксак эътибор қаратиб, аёл руҳиятининг нафисликларини етук руҳоний олим сифатида таъриф қиларкан, уларга тазйиқ, жабр-зулм ўтказиш эмас, аксинча, уларни тушуниб, аёл хилқатининг нозик жиҳатларини ҳисобга олиш лозимлигини уқтириб ўтади.

“Фиҳи мо фиҳи”да шундай лутф этилади:

“Аёл недир, дунё не? Иста сўйла, иста сўйлама. У қандай яратилган бўлса, шундайлигича қолгай, билганидан қайтмагай. Айтган бирла унга таъсир кўрсатиб бўлмагай, аксинча, янада баттарроқ бўлгай. Масалан, бир луқма олиб қўлтиғинг остига яшир. Буни ҳеч кимга бермайман, бериш уёқда турсин, кўрсатмайман де ҳатто. Нон арзонлигидан, сероблигидан кўчаларга отилган бўлса-да, итлар қайрилиб боқмаса-да, бунга монеъ бўла бошлагач, жамики инсонлар уни кўрмоқчи бўлиб, ортингдан эргашади (биз яширганинг, яъни кўрсатишни истамаганинг у нонни кўрмоқчимиз дейишади), ҳатто куч ҳам ишлатишади. Сен кўрсатмасликка қанчалик қаттиқ туриб олсанг, инсонларнинг унга нисбатан қизиқиши ва иштиёқи шунчалик кучайгай. Чунки инсонлар ман қилинган нарсаларга ўч бўлишгай. Сен аёлга яширин деб нақадар кўп буйруқ берсанг, унда ўзини кўрсатиш истаги шунча ортгай. У аёл қанчалик яширинса, халқ орасида уни кўриш истаги шунча зиёда бўлгай. Шу ҳолда сен икки тарафнинг ҳам истагини кучайтирган бўласан. Шу билан аёлни ислоҳ қилдим, деб ўйлайсан. Бу ишинг бузғунчиликнинг ўзгинасидир. Аёлнинг тийнатида ёмонлик йўқ эрса, сен қилма десанг-демасанг-да, у ўзининг хуш ахлоқига, покиза хилқатига содиқ қолиб, шунга муносиб ҳаракат қилгай. Сен шубҳаларингни йиғиштириб қўй. Сенинг қилма, қўйма, кўринма деган таъқиқларинг унинг майл-истакларини янада зиёда қилишдан бошқа нарсага ярамагай”.

Мавлоно Ларендада уйланган илк завжаси – тоғасининг қизи Гавҳар Хотун Қўнёда эрта вафот этган эди. Гавҳар Хотундан Султон Валад ва Аълоиддин Чалабий исмли ўғиллари дунёга келган, улар юксак тарбия олиб улғайган эдилар.

Мавлоно Гавҳар Хотуннинг вафотидан сўнг қўнёлик Иззатдин Алининг бева қолган қизи Кирра Хотунга уйланди. Ёш ва гўзал Кирра Хотун яхшигина таҳсил олган, тасаввуфона тарбия кўрган, ажойиб кўнгил соҳибаси эди. Мавлононинг Музаффариддин Амир Олим Чалабий исмли ўғли ҳамда Малика Хотун исмли қизи ана шу хотинидан дунёга келган эдилар. Шунингдек, Мавлононинг Шамсиддин Яҳё исмли ёш вафот этган асранди ўғли ҳам бор эди.

Музаффариддин Амир Олим Чалабий туғилганда Мавлононинг севинчи ичига сиғмай:

– Келинг, эй ошиқлар, ул нур юзли дунёга келди. Завқланишга, хурсанд бўлишга бел боғланг, чунки қучоқ севикли фарзанд ила тўлди, – маъносидаги байт билан бошланувчи ғазал айтиб, самоъ рақси мажлиси уюштирганди. Ҳар томондан совға-саломлар келтириб, уламою умаролар Мавлонони қутламоқда эдилар.

Малика Хотуннинг туғилган куни ҳам Мавлонога бахт ато этганди.

Қизи кунларнинг бирида хизматкорлардан бирига озор берганини кўриб, уни ёнига чақириб шундай деган эди:

– Уни нега хафа қиляпсан? Агар сен хизматкор, у хоним бўлганида нима қилардинг? Истайсанми, бутун дунёда қул, хизматкор, чўри бўлмасин дея фатво берайин? – дея танбеҳ берган эди.

АЪЛОИДДИН ЧАЛАБИЙНИНГ ВАФОТИ

Музаффариддин Амир Олим Чалабий яхшигина таҳсил олгач, уйланиб, салжуқийлар саройида муҳим бир вазифага тайинланганди. Бу вазифага тайинланишида Амир Сулаймон Парвона восита бўлганди. Мавлоно унга мактуб йўллаб, ундан ёрдамини дариғ тутмаслигини сўраган:

– Амир Олим қуёш каби ҳар ёнга сочилган, нур тўла лутфингизга, эҳсонингизга муштоқдир – деган эди.

Мавлоно бир кун ҳузурига ўғли Амир Олимни чақириб, унга “Қул ҳуваллоҳу…”ни ўқитган ва маъносини тушунтирган:

– Кўряпсанми, Тангри на туғилган, на-да туғдирган. На онаси бор, на отаси. Шундай экан, насл-насаб билан мақтаниш ярашмагай, – дея отаси, бобоси ва аждоди билан мақтанмасликни насиҳат қилган эди.

Амир Олим кунлардан бир куни нимадир бўлиб, Чалабий Ҳисомиддинни бир оз хафа қилган, кўнглини оғритганки, Мавлоно ўғлига ёзган мактубида: “Жуда азиз, жуда вафоли ўғлимиз Ҳисомиддиннинг сенда ҳам, менда ҳам кўп хизмат ва дўстлик ҳаққи бор эди. Биринчи бўлиб яхшилик қилганнинг ҳаққини адо этиб бўлмагай, дейдилар. Отангнинг кўнглини шод этиш учун унинг кўнглини олишинг, хотирини ўрнига қўйишинг лозим…” деб ёзган эди.

Чиндан ҳам Амир Олим Чалабий маълум бир муддатдан сўнг давлат хизматидан бўшаб, кўнгил хазинасига бекиниб, отасининг ўчоғида пишган, камолга етганди.

Мавлононинг ўртанча ўғли Аълоиддин Чалабий салжуқийлар давлати бош вазири Соҳиб Ота Фахриддин Алининг қизи Кирра Хотинга уйланган эди. Афсуски, бу қувонч узоққа чўзилмади. Аълоиддин Чалабий 1262 йилнинг август ойида безгак касалига чалиниб, жуда ёш вафот этди ва бобоси Баҳоуддин Валад мақбарасининг ўнг томонига дафн этилди.

Афлокий берган маълумотларда ҳамда баъзи мавлавий ҳақидаги манбаларда Шамсга мухолифлик қилгани боис Мавлоно ўғли Аълоиддин Чалабийни асло кечирмаган, ҳатто жанозасига ҳам бормаган дея қайд қилинади. Шунингдек, улар орасида Мавлоно қўлига қалам ва сиёҳдон олиб, Аълоиддин Чалабий мозорига боргани ва сағана қопламаси узра:

– Агар Сенинг марҳаматингни фақатгина яхшилар умид қилиши лозим бўлса, мужримлар кимга бориб сиғингайлар? Эй карамли Тангри! Агар Сен ўз ҳузурингга фақатгина яхшиларни қабул қилсанг, гуноҳкорлар кимга бориб илтижо этгайлар? – деган маънодаги байтлар битгани, сўнгра ғайб оламидан Шамснинг овози келиб, Аълоиддинни афв этгани ҳамда гуноҳидан кечиб, шафоат этгани қайд қилинган маълумотларга ҳам дуч келиш мумкин.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Шамс воқеасида Аълоиддин Чалабий бевосита ножўя иш қилмаган, бироқ шунга қарамай, халқ орасида у ҳақда турли бўҳтонлар юради.

Аълоиддин Чалабийнинг мозори бошида шундай лавҳ битилади:

“Оллоҳ боқийдир. Бу ер Ҳусайн ўғли Муҳаммаднинг ўғли, шайхларнинг шайхи, Ҳақ ва диннинг жалоли, олимлар ва орифларнинг султони, балхлик Муҳаммаднинг ўғли раҳматли олим Аълоиддин Муҳаммаднинг тупроғидир. Оллоҳ Жалолиддиннинг баракотларини мусулмонларга сочсин, ёйсин, ўғлини ҳам ортиғи бирла барча иноятларига мазҳар қилиб, мумтоз қилсин, олти юз олтмишинчи йил шавволининг сўнгида кўчди”.

МАРДОНА МЕҲНАТ ҚИЛИШ СУЛТОНЛИГИ

Мавлонони ҳурмат қилган ва яхши кўрганлар орасида Салжуқ султонларидан тортиб, Соҳиб Ота Фахриддин Али, Сулаймон Парвона, Жалолиддин Қоратой, Бадриддин Гавҳартош, Аъломиддин Қайсар, Жажаўғли Нуриддин, Фахриддин Отабек, Тожиддин Муфаз каби сарой акобиру умаролари ҳам бор эди. Мавлоно ҳар гал улар билан кўришганда давлат вазифаларининг масъулиятидан сўз очар, ҳақ ва адолатдан чекинмасликларини уқтирарди.

Бир куни Султон Иззатдин Кайкавус II мулозимлари билан “ота” деб мурожаат қилгани Мавлонони зиёрат қилишга келади ва маслаҳат сўрайди. Мавлоно:

– Сенга нима ҳам дердим, чўпон бўл демишлар, бўри бўлмишсан. Беклик қил демишлар, ўғриликка интилмишсан. Раҳмон сени подшоҳ айламиш, сен эса мудом шайтонга итоат этмоқдасан, – дея унинг бир қанча хатоларини юзига солади. Бу аччиқ сўзлар султонга жуда қаттиқ ботади ва “ота”нинг ҳузуридан йиғлаб чиқади.

Шунга қарамай, Мавлоно “ўғлим” деб хитоб қилган подшоҳга ёзган мактубларида уни улуғлар ва давлатига ривож тилаб, дуолар қилар эди. Дарвоқе, Чалабий Ҳисомиддиннинг одамларини волий инжитгани туфайли подшоҳга ёзган мактубида у шундай дейди:

“Оллоҳ давлатини улуғ ва зиёда этсин, оламнинг ягона подшоҳига шайхларнинг шайхи, асрнинг Боязиди, замоннинг Жунайди, қалбларнинг амини, Ҳисомиддиннинг куёви бўлган ва бу отангизнинг, бугун кўнглининг ва кўзининг нури ва ёруғлиги бўлган қулингизнинг ҳолини маълум қиламан…” (Мактубот: 80).

Подшоҳ Мавлонога юксак мавқе тайин этиб, бир неча бор Онадўлидаги саройига таклиф этади, бироқ у Қўнёни тарк этишни истамайди. Аслида Мавлонога кўра подшоҳлик ва беклик бир ўлим, дард-жафо, жон бериш демак эди. Мавлоно:

“Қул бўл-у, ер юзида от каби юр. Жасад каби бировнинг елкасига минма… Тушда кимни тобутга солинган ҳолда, елкада кўтариб олиб борилаётганини кўрсанг, у одам юксак мартабали, катта мавқега эга бўлгай. Чунки у тобут халқнинг бўйнидаги бир юкдир. Бу буюклар ҳам халқнинг бўйнига юк бўлгай, оғир келгай. Юкингни бировга юклама, ўзингга юкла. Бош бўлишни кўп ҳам истама, кўнгил йўқсиллиги янада афзалдир”, дейди.

Мавлоно бировдан ҳеч нарса истамас, бировга юк бўлмасди. Берган фатволари эвазига олган озгина чақа ҳисобига кун кечирар, баъзан уйида луқма қолмаган дамларда:

– Бу не бахтким, уйимиз Пайғамбар хонадонига ўхшар, – дея ўзини бахтиёр ҳис этарди.

– Бизга олишни эмас, беришни ўргатдилар, – деб, қўлига нима тушса, атрофдагиларга тарқатар эди Мавлоно…

Унга мурид тушганларнинг маълум бир ҳунари бор эди. Яъни улар қўл меҳнати билан кун кўришарди. “Бир луқма, бир хирқа” дея таваккулга бўйин эгиб, халққа юк бўлишмасди. Уларнинг асл мақсади бу дунёю охират учун мардларча меҳнат ва ибодат қилиб, дуруст инсон бўлмоқ эди.

“БАРЧАМИЗ ЙИҒИЛИБ, БИР БЎЛАЙЛИК”

Мавлоно бир кун “Етмиш икки миллат сирини биздан эшитур” деганди ва бу гапи билан ўз даврининг мутасаввуфларини чилладан чиқарганди. Улар алалоқибат қози Сирожиддинга арз қилишиб, шундай дейишганди:

– Мавлоно барчага дўст эканини айтади, етмиш икки миллат дўстимдир, дейди. Бу нима деган гап, бу сўз куфр бўлмай нима?

Қози Сирожиддин бу сўзнинг не маънода айтилганини аниқлаш учун ходимини Мавлононинг ҳузурига жўнатади. У одам Мавлонодан:

– Сиз етмиш икки миллат бирла дўст эканингизни айтмоқда экансиз, тўғрими? – деб сўрайди.

– Ҳа, шундай.

У одамнинг қони қайнаб, оғизга олиб бўлмас сўзларни айтаркан, Мавлоно сабр ва сукут билан тинглайди ва сўнгра:

– Сўзларинг тугадими? – дейди.

– Ҳа.

– Мен сен айтганлар бирла ҳам биродарман, сен бирла ҳам дўстман, – дея жавоб беради Мавлоно.

Ҳалиги одам бу сўзларни эшитиб, талмовсираб қолади. Сўнгра ичдан безовталик ва пушаймонлик туяди, буюк инсоннинг пойига ўзини ташлаб, узр сўрайди.

Мавлоно кину адоватсиз, дўстона бир дунёни орзу қилмоқда эди бундан етти юз йил олдин…

Бир кун ўз даврининг улуғларидан бўлган Аълоиддин Қайсарийдан сўрашади:

– Мавлонони бунчалар яхши кўришингнинг боиси не?

У шундай жавоб беради:

– Ҳар пайғамбарни умматлари, ҳар валийни муридлари яхши кўради. Бироқ кўряпманки, Мавлонони барча яхши кўради. Шундай экан, мен нега уни яхши кўрмас эканман?!

Чиндан ҳам Мавлоно дин, мазҳаб айирмай, барчани қабул қилар, уларни тинглар, сўнгра бир сўзга бошладими, суҳбатдошини ишончли далиллар билан ўз томонига оғдириб оларди. Шу сабабли У билан учрашиб, айтганларини тинглаган бир қанча насоро мусулмон бўлиб, ҳидоятга эришганди.

Ана шундай кунларнинг бирида Мавлоно ҳузурига келган поп3434
  Поп – ўрта даражали руҳоний.


[Закрыть]
га шундай савол беради:

– Сен каттамисан ёки соқолингми?

Поп ҳеч иккиланмай жавоб беради:

– Мен соқолимдан йигирма ёш каттаман.

– Сендан йигирма ёш кичик соқолинг оқарибди. Не афсуски, сен ҳали ҳам зимистондасан…

Бу сўзнинг нозик ва зариф тагмаъносини англаган поп дарҳол мусулмон бўлганди.

Мавлоно баъзан Қўнё яқинидаги Афлотун монастирига борарди, у ерда уни бир қанча поп чуқур ўйга толиб тинглар, унинг айтганларини чин кўнгилдан эътироф этишарди.

Бир кун Мавлоно яқинлари билан Қўнё бозоридан ўтиб бораркан, поп уни кўриб қолиб, эгилиб салом беради. Мавлоно ундан ҳам ортиқ эгилиб тавозе кўрсатади. Поп қаддини тиклаб қарасаки, Мавлоно ҳали ҳам эҳтиром ҳолатида турибди. Ниҳоят, қўл бериб кўришиб хайрлашадилар. Бироз нари юрганларидан сўнг Мавлоно ёнидагиларга:

– Оллоҳга шукур, тавозеда ҳам попни енгдик, – дея ич-ичдан мамнуният туяди.

Бундай нақллар кўп, айтган билан тугамайди. Мавлоно илгари сурган ҳар қандай ғоя асосида инсон ётади: эътиқоди ва иймони бутун инсон. Олимнинг фикрига кўра, инсон суратда олами сағир, аммо аслида унда олами кабир мужассам. Ўзининг “Маснавий” асарида: “Кўринишидан новда меванинг асосидир. Бироқ ўйлаб кўрилса, новда мева учун яратилгандир”, дейди.

Тағин бир ўринда: “Бирлик найини чалгилким, барчамиз тўпланайлик, бир ерга келайлик, бирга бўлайлик. Суратлар бир дам бўлса-да, ўз суратидан чиқсин. Ўздан кечсак, сув бирла айни рангга киргаймиз. Биз бир дарахтнинг шохларимиз, барчамиз бир йўлнинг йўлдошимиз”, дейди.

ҚОЗИ КАМОЛИДДИН ҲАМ МАВЛОНОНИНГ ҲАЛҚАСИГА КИРДИ

Ўз даврининг таниқли олимларидан Қози Камолиддин Кабий салжуқийлар султони Иззатдин Кайкавус билан учрашиш учун 1258 йил Қўнёга келади. Шамсиддин Мардиний, Зайниддин Розий, Шамсиддин Малатий каби Қўнёнинг машҳур олимлари Қози Камолиддинга Мавлонони зиёрат қилишни тавсия этишади. Қози Камолиддин ушбу тавсия туфайли Мавлонони зиёрат қилади. Ҳикоянинг давомини унинг ўзидан эшитайлик:

– Ўша кунга қадар Мавлононинг улуғ шуҳратини у ер-бу ердан эшитиб юрардим. Бироқ мавқеимнинг юксаклиги, бойлик орттириш ҳирсим ва маънавиятга бўлган эътиқодсизлигим У улуғ зотни излаб сўраб-суриштиришимга монелик қиларди. Охир-оқибат Тангрининг тақдири кўнглимнинг йўлдоши бўлди. Мен енгиб бўлмас бир истак ва ич-ичдан тошиб келган жозиба бирла жамоат ҳамроҳлигида Мавлоно ҳазратларини зиёрат қилиш шарафига эришдим. Муборак мадрасасининг эшигидан киришимиз заҳоти Мавлононинг биз қулларини кутиб олиш учун пешвоз чиққанини кўрдим. Муборак юзига назар ташлашим биланоқ, ақлу ҳушимдан айрилдим-қолдим. Шу зайл барчамиз унинг остонасига оёқ қўйдик. Мавлоно дарҳол мен қулини ёнига чорлаб:

– Кўрдингми, сени қандай топдим, эй дўстларнинг сараси. Кўрдингми, сени қандай топдим, эй кўнгил соҳиби… – дея ғазал ўқий бошлади ва сўнгра, – Тангрига ҳамд бўлсин, бизнинг Камолиддин жалолнинг камоли томон юз тутди. Диннинг энг етук кишиларидан бири бўлди, – деб ўз кўнглидаги илми ладун3535
  Илми ладун – ғайб илми.


[Закрыть]
дан шундай сўз юритдики, бунда айтилганларни бутун умримда ҳеч бир олимдан эшитмаган, ҳеч бир китобдан ўқимаган эдим. Ўз идроким ва кучим етгани қадар Унинг улуғворлигига иймон келтириб, самимият бирла Мавлононинг холис муридлари сафига қўшилдим”, – дейди.

Мавлонога тобе бўлганлар, унинг сўзлари билан қалблари қувончга тўлганлар, ундан файз олиш учун эшигига юз босганлар борган сари кўпаймоқда эди. Илгари Мавлонони қизғонганлар, унинг яқин дўстларини кўролмаганлар эндиликда унинг атрофида тўп-тўп бўлиб йиғилишганди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации