Текст книги "Мавлоно"
Автор книги: Ўндер Меҳмет
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 12 страниц)
Мўғулларнинг Онадўлига оқиб-бостириб кириши ҳамда салжуқийларнинг 1243 йил 26 июнь куни Кўсатоғида енгилиб, Султон Ғиёсиддин Кайхусравнинг қочиши воқеалари туфайли Қўнёда ҳузур-ҳаловат йўқолиб, ниҳоятда парокандалик юзага келганди. 1246 йилда Қўнё яқинларида мўғулларга қарши олиб борилган курашлар ҳам ҳеч қандай натижа бермай, Боту бошчилигидаги мўғуллар қўшини ўзи эгаллаган жойларни ёқиб кул қилиб, Қўнё дарвозаларигача етиб келган эди.
Қўнё халқи қаттиқ хатарда қолган эди. Мўғуллар шаҳарга бостириб кирган тақдирда тирик жон қолдирмасликлари тайин эди. Султон Ғиёсиддиндан бўшаб қолган тахтга унинг ўғли Рукниддин Қиличарслон IV ўтирган эди. Афсуски, ушбу ёш, тажрибасиз ҳукмдор Боту қамалига қарши қандай чора кўришни билмай қолгани боис, бутун умидлар пучга чиққан эди. Салжуқлар давлати ичра ана шундай парокандалик ҳукм сураётган бир пайтда ночор қолган шаҳар улуғлари Мавлонога мурожаат қилишган эди. Мавлоно уларни сабр-тоқатга чақириб:
– Қўрқмангиз, бу шаҳар қиёматга қадар душман қиличидан омон қолгай… Қўнёга қасд қилган кимса бизнинг маънавий зарбамиздан омон қолмагай. Султон ул-уламонинг муборак жасади ушбу тупроқда кўмилган экан, бу ўлка абадий ҳимоя остида бўлгай, – дея муридлари ҳамда саройнинг қатор казо-казолари билан бирга Қўнё қалъасининг тепасига чиқади. Қалъа дарвозалари мустаҳкам ёпилган бўлиб, мўғул аскарлари қалъани тинмай ўқ ёмғирига тутмоқда эдилар. Мавлоно халқ орасида пайдо бўлиши биланоқ шаҳарни ҳимоя қилаётган аскарларга куч-қувват, жасорат киради… Маълум муддатдан сўнг мўғул аскарлари, гарчи қалъанинг баъзи жойларига шикаст етказган бўлсалар-да, ичкарига кира олмай, ортга чекинишади. Мавлоно душман узоқлашгунча жойидан жилмай, ғалабага ундовчи даъваткор сўзлари билан халқ ва аскарларнинг руҳини кўтариб туради…
Мавлоно – Қўнёнинг маънавий куч-қудрати эди. Қўнё у туфайли муборак, у билан шарафга ноил бўлганди. Бир куни ўғли Султон Валадга шундай дейди:
– Бизнинг муборак мақбарамиз, аждодимиз, уруғимиз, биздан кейин келадиганлар, бизни севганлар, бизга дўст бўлганлар бу шаҳарда мавжуд экан, бу ерга душман оёқ боса олмагай. Шундай бир пайт келадики, бизнинг мақомимиз шаҳар ўртасида қолиб, Қўнё обод бўлгай. У пайтнинг инсонлари тўлқиндек оқиб келиб, мақбарамизни зиёрат қилгайлар ва бизнинг сўзларимизни тилларидан қўймай такрор этгайлар.
Олти юз йил олдин вафот этган мавлоношунос Аҳмад Афлокийнинг “Орифларнинг маноқиблари” асаридан олинган ушбу ҳақиқатлар бугун ҳам кишини чуқур ўйга толдирмай иложи йўқ. Шу маънода Мавлоно фақатгина Қўнёнинг муборак зоти, азизи ёхуд дўсти бўлиб қолмай, бутун дунёнинг дўсти ҳисобланади. Ошиқлар, маъшуқлар, эътиқодли зотлар ҳамда ожизу фақирлар, тушкунлар, хуллас, барчанинг дўсти эди ул зот. Мавлоно кеча, бугун, эртанинг ҳам одамидир. Сўзлари даврлар оша мудом янгиланиб бораверади. У ташна кўнгилларнинг раҳмат ёмғири, яхшилик ва жўмардлик уммонидир. Ўзи бир шеърида лутф этганидек:
МАВЛОНО НА ШОИР, НА-ДА ФАЙЛАСУФ
Бу уммонда не ўлмоқдан бор бизга хабар,
Бу уммонда не ғам, не дард, не кадар.
Бу уммон поёни йўқ, чексиз муҳаббат,
Бу уммон эзгуликдан, жўмардликдан иборат.
Мавлоно кўп ўқир, ўқиган китобларидан иқтибослар олар, ўрни келганда асарларида улардан фойдаланар эди. У олганини халққа беришни, уларга тўғри йўл кўрсатишни зиммасидаги вазифа деб билган Тангри қули эди. Унинг тилида шеър фикрни янада кенг, янада осон ифодаламоқ учун бир восита эди. Мавлононинг фикрига кўра, шеър узумзор боғнинг ипак пардали иҳотасидир. Муҳими боғнинг узуми, ипак пардали иҳота эмас. Энг муҳим унсур сўз ва маъно ҳисобланиб, вазн ва қофия иккиламчидир. Ҳатто сўз ҳам ортиқчадир:
– Мен қофияни ўйлайман, ёр эса менга дейдики, узумдан бошқасини ўйлама… Эй менинг қофия ўйлаган маҳрамим! Менинг ёнимда дунё қофияси сенсан, ёнимда бемалол ўтир… Ҳарф нима бўлибдики, сен уни ўйласанг? Ҳарф (вазн-қофия) недир? Узумзор боғнинг иҳотаси, холос. Ҳарфни, шеърни, сўзни ўртадан кўтар. Бу учаласининг воситасисиз сен билан суҳбатлашай…
Мавлоно бу борадаги фикрларини давом эттириб:
– Тангри шеър учун қофия излашдан бошқа дард бермади менга… Сўнгида ундан ҳам халос этди мени. Сен бу шеърни ол-да, эски либос каби йиртиб ташла. Зотан, маънолар ҳарфга, ўлчовга сиғмагай, сенга буни тушунтирмоқчи бўламан, аммо улар бу истагимдан-да буюкдир, – дейди.
Ҳақиқатан ҳам Мавлоно кўпинча вазн ва қофияни бир четга суриб қўйиб, фикр ва маъно олами томон эркин қанот ёзарди.
Мавлонони шоир деганлар худди шу жиҳатдан алданадилар. Мавлононинг шоирлиги унинг бошқа хислатларидан анча кейинда туради. Мавлоно файласуф ҳам эмас. Фалсафа унинг ишқ ва жазава тўла фикрлари, тушунчалари йўлида чалғитувчи тўсиқ, илоҳий ишқ ва интиҳосиз севги булоқларини жунбишга келтирган васвасадир. Фалсафа фақатгина ақлга эътибор бергани, туйғу ва қалб туғёнига аҳамият бермагани учун нуқсонли туюлади. Не ажабки, ишқ фалсафада ақлга сиғадиган хусусият эмас. Мавлононинг фикрига кўра, ишқни ишқ билан тушунмоқ лозим. Ақл ишқ шарҳидан ожиздир. Шу жиҳатдан Мавлоно Оллоҳ васлини ишқда топган ҳақиқий мутасаввуфдир.
Мавлонога кўра олимнинг ғояси илм воситасида ҳақиқатга эришиш бўлмоғи даркор. Бу ҳол тасаввуфда ўзни билмоқдир. “Фиҳи мо фиҳи” асарида Мавлоно:
Замонамиз олимлари қилни қирқ ёрадилар, ўзлари билан боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши биладилар. Ҳолбуки, аслида энг муҳим бўлган ва ўзларига ҳамма нарсадан яқин ҳисобланган нарсани, яъни ўзларини билмайдилар… – дейди. Ўзини билган эса Тангрини билажакдир. Модомики, йўл шунчалик яқин экан, хаёлга берилишга, васваса билан шуғулланишга не ҳожат. Маснавий асаридаги бир ҳикояга кўра, чивин бир ҳовуч сув узра сузган хас устига қўнибди:
– Эшитишимча, денгизлар бор эмиш, уларда кемалар сузармиш. Кемаларни эса дарғалар бошқарармиш. Ҳар ҳолда мен айни дамда бу кемалардан бирида дарғаман, – деган хаёлга бориб, ваҳимага тушган экан. Ундан кўра денгизлару кемаларни кўрмоқ ва бу кемаларнинг дарғаси бўлмоқ лозим..
Мавлоно бунга эришган ҳақиқий етук олимлардан эди. Яъни эришганлар, етишганлар, ўзидан олдин ўтганлар ва кейин келадиганлар ҳалқасининг тожи эди…
ХОҲ КАТТА, ХОҲ КИЧИК ИНСОНГА СЕВГИМавлоно бир маҳалладан ўтиб кетаркан, тош ўйнаётган болалар кўриб қолиб, чопқиллаганча келиб унинг қўлларини ўпа бошлашади. У ҳам болаларнинг қўлини ўпиб, бошларини силаб-сийпалайди. Шу пайт ўйинини ҳали битиришга улгурмаган бир болакайнинг узоқдан овози эшитилади:
– Мен боряпман, Мавлоно, мени кутинг!..
Мавлоно бола то ўйинини тугатгунга қадар кутади. Ниҳоят у ҳам етиб келгач, буюк инсон билан кичик инсон ўзаро қўл ўпишиб кўришадилар.
Мавлоно хоҳ катта, хоҳ кичик – барчани бирдек севар, ҳурмат кўрсатар, инсонларга жуда катта эътибор билан қарарди.
Кунлардан бир кун у ҳаммомга киради. Бироқ киргани билан чиққани бир бўлади. Сабабини сўраганларида:
– Ечиниб ҳаммомга киргандим. Ҳаммом хизматкори менга жой тайёрлаш учун бир кимсани ҳовуз бошидан нари ҳайдади. Ундан уялганимдан шунчалик терлаб кетдимки, чидолмай ташқарига чиқдим, – дейди.
Яна бир кун ҳамомда ўз озғин вужудини кўриб, яқинларига дардини ёради:
– Бугун ўз вужудимдан жуда уялиб кетдим. Умрим давомида унга ниҳоятда кўп азиятлар бердим. Унинг хоҳишларини адо этолмадим, у истаганидек ҳузур-ҳаловат бахш эта олмадим. У юкимни кўп ташиди, бунинг эвазига мен унга ҳеч вақо беролмадим.
У ранги-рўйи, тили, ҳатто эътиқоди фарқли инсонларни тенг тутар, “Улар ҳам инсондир, моялари бирдир”, дея ёмонликлар кейинчалик пайдо бўлган қусур, яъни ўзгарган феъл-атвор эканини таъкидларди:
– Инсонлар яратилишдан яхшидирлар, ёмонликлар ўзгармас сифат эмас, балки маънавий бузилганликдир. Уларни яхшилик йўлида ислоҳ этса бўлади.
Тағин дердики:
– Бир инсоннинг бошқаларда қусур кўриши, айблаши аслида ўз айбини кўриши демакдир. Инсон, аввало, ўзидаги кину адоват, тама, ҳирс, золимлик каби ёмон феълларни кўриши, улардан фориғ бўлиши лозим. Шундан кейингина бошқаларни айблаши мумкин.
Мавлононинг инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббати бутун жонли борлиққа, жониворларга ҳам қаратилган эди.
Бир хароба жойда туғиб, озуқа топиш учун болаларини ёлғиз қолдириб кетишдан қўрққан итга у ойлар давомида нон ташиган, Амир Парвонанинг уйидан кумуш қопларда жўнатилган овқатлар билан боққан эди:
– Истак ва майл жиҳатидан улар сиздан ҳам кўпроқ муҳтожроқдир, – дея таомларга хонадон аҳлининг қўл уришига йўл қўймасди.
Мавлоно қизғин ижод билан банд бўлган дамларда ҳам уйини, бола-чақаларини унутиб қўймасди. Катта ўғли Султон Валад Мавлононинг етук муридларидан Бектемир ўғли Шайх Каримиддиннинг назорати остида таълим олиб, иккинчи Мавлоно бўлиб етишмоқда эди. Мавлоно тўнғич ўғлини жуда севар:
– Яратилиш ва феъл-атвор жиҳатидан менга энг кўп ўхшагани – сенсан. Менинг дунёга келишим сенинг дунёга келишинг учун эди. Мен сўйлаган барча сўзлар менга тааллуқлидир. Ҳолбуки, сен менинг “ҳол”имсан… – дер эди.
МАВЛОНОНИНГ НЕВАРАСИ УЛУҒ ОРИФ ЧАЛАБИЙНИНГ ТУҒИЛИШИМавлононинг суюкли ўғли Султон Валад ўн-ўн икки фарзанд кўрган эса-да, улардан фақатгина Мутаҳҳара ва Жалола исмли икки қизи яшаб қолган, бошқалари жуда ёшлигидаёқ оламдан ўтган эди. Мавлоно кўпдан бери ўғил невара кўриш орзусида эди. Ана шундай кунларнинг бирида Султон Валаднинг завжаси Фотима Хотуннинг ҳомиладор бўлгани хабари Мавлонога етказилади. Мавлоно келинига бу гал ниҳоятда ҳушёр бўлишни, оғир иш қилмасликни тавсия этиб, боланинг туғилишини интизорлик билан кута бошлайди.
Ва ниҳоят, вақти-соати келиб, 1272 йил июнь ойининг 7 куни Фотима Хотун рисоладагидек, нур юзли бир ўғлон туғади. Мавлонога бу мужда етказилиши биланоқ, у югурганича чақалоқ туғилган хонага кириб, Фотима Хотуннинг бошидан тиллалар сочади ва киндиги боғланган болани енги узун хирқасига ўраб, ҳужрасига олиб боради. Севинч кўзёшлари тўккан ўғли Султон Валадга қарата:
– Валад, мен бу болада етти валийнинг нурини кўрмоқдаман, Буюк Тангри Ўз нурларини унга ҳамроҳ этган! – дейди. Султон Валад:
– Ул нурлар ичра сизнинг ҳам нурингиз бор, шундай эмасми? – деркан, Мавлоно:
– Ҳа, бизники ҳам, яъни Баҳо Валад, Сайид Бурҳониддин, Шамс Табризий, Шайх Салоҳиддин, Чалабий Ҳисомиддин, менинг ва сенинг нуринг… Бу бола бизнинг орифимизнинг нурлари. Энди унинг номи Фаридун бўлгай. Бу хотиннинг отаси Шайх Салоҳиддин Фаридуннинг исмидир. Бироқ сизлар уни Амир Ориф деб чақиргайсизлар. Чунки сен ҳам мени чақирганда Худовандигор дегайсан-ку. Неварамга бу исм менинг маънавий ҳадям бўлгай. Номини Жалолиддин Амир Ориф дея қайд қилсинлар… – дейди.
Мавлононинг қувончи чексиз эди. Ўша дамда неварасига бағишлаб шундай ғазал битади: “Қутлуғ бўлсин Фаридун бизга. Чунки у дин султони бўлгай. Кўкдаги ой каби порлоқ ва ёруғ, ширин-шакарларга тўлсин Фаридун… Шакарқамиш каби шакарларга тўла, ширин бўлсин доим.. Саодат майдонида тўп ўйнатсин, давлат отини эгарласин, меҳр-муҳаббат ва озодалик ичра ҳар турли душманликдан узоқ, кину адоватдан мосуво, ой каби иқбол буржида турсин…”.
Юзида жалол нурлари порлаган бу болани Мавлононинг завжаси Кирра Хотун улғайтирмоқда эди. Мавлоно уни ҳеч кимга ишонмасди. Кунлардан бир кун ҳали олти ойлигидаёқ, Мавлоно боланинг бешиги узра эгилиб, “Ориф, Оллоҳ, Оллоҳ деб айт” – дейди. Бола “Оллоҳ, Оллоҳ” дея бошлайди. Мавлоно унинг оғзидан ўпиб, “Эртанги куннинг шайхи Орифимиздир”, дейди.
Кичкина Ориф “Оллоҳ” нидолари, най ва рубоб садоларини алла ўрнида эшитиб улғаймоқда эди.
Дарҳақиқат, у келажакда “Улуғ Ориф Чалабий”, яъни отаси Султон Валаддан сўнг бобоси Мавлоно асос солган мавлавийлик ўчоғини ташкил этган ва уни янада кенгайтирган раҳнамолардан бўлиб етишади. Қолаверса, асрлар оша давом этган Мавлоно авлоди – Чалабийлар унинг наслидан келади.
МАВЛОНОДА ҲАҚИҚИЙ ДЎСТ ВА КЎНГИЛМавлонога кўра, ҳақиқий дўст Ҳақдир. Унга дўст бўлиш, Унинг дўстлигини қозониш фақатгина Уни севиш, чин кўнгилдан боғланиш ва яқин бўлиш туфайлигина мумкиндир. Инсонлар ўртасидаги дўстликка кўп ҳам ишончи йўқ эди. Бир кун Қўнё шаҳрининг чекка қасабасидаги вайроналар ёнидан ўтиб бораркан, қулаган бинолар орасида бир қанча итнинг жам бўлиб ухлаб ётганини кўради. Ёнидагилардан бири:
– Бу бечоралар орасида нақадар ажойиб бирлик бор. Бир-бирларига нақадар меҳрибон ва дўстона суяниб ухламоқдалар, – дейди.
Мавлоно:
– Йўқ, сен булар орасидаги бирлик ва дўстликнинг нақадар самимий эканини билишни истасанг, уларнинг орасига бирор луқма ёки жигар ташла. Шунда бу дўстлик қанақанги дўстлик эканини кўргайсан, – дейди ва шундай илова қилади:
– Итларнинг бу ҳоли дунё манфаатига, фақатгина қоринлари ва ҳамёнларига топинганларнинг ораларидаги дўстликка ўхшагай. Кўринишда жуда самимийдирлар. Бироқ ораларига бирор бир моддий манфаатдорлик кирса, неча йиллик нон ва туз ҳақларини унутиб, номус ва шарафларини ҳавога совургайлар.
Дўстлик пул ёки молу дунёга эмас, руҳга, туйғуга асосланмоғи лозим. Бир шеърида Мавлоно: “Менинг на олтин тўла киссага, на-да олтин косага майлим бор”, дейди. Олтин тўла кисса ҳам, олтин коса ҳам дунё аҳлиникидир. Қадрдонлик, самимият, меҳр-муҳаббат, шафқат каби маънавий қадрият ва туйғулар эса кўнгил аҳлига хосдир.
Бошқа бир шеърида мутасаввуф олим: “Бу хирқа ичра бўлганимиз муддатча, на кимсадан инжинурмиз, на кимсани инжитурмиз..” – дея марҳамат қилади. Чиндан ҳам Мавлоно бутун умри давомида на бировдан ранжиган, на бировни ранжитган эди. Кўнгил унинг учун Тангри қибласидир. Бировнинг кўнглини асло вайрон қилмаслик лозим:
– Ҳожилар Каъбанинг тўрт томонида ҳам саждага боргайлар. Каъба ўртадан кўтарилса, ҳамма бир-бирининг қалбига сажда қилаётган бўлади. Модомики шундай экан, инсон қалби – Оллоҳ уйи вайрон этилгайми ҳеч?!
Шоирларимиздан бирининг “Қиблагоҳи Кибриёдир – йиқма қалбин кимсанинг” деганидек, кўнгил соҳиби Мавлоно инсонни фақатгина кўнгил қибласининг меҳроби ўлароқ кўрар ва бунга жуда катта аҳамият берарди. Дердики:
– Инсони комилнинг бу оламда бир аломати бўлсайди, илоҳий рамзларнинг барчасига кўнгил йўли бирла таржимон бўлар эдингиз.
Инсон, аввало, ўз кўнгли асроридан воқиф бўлдими, бу ўзини билди, демакдир. Ўзини билгангина Тангрини билиши аён. Йўқса, бу асрор тагига етишнинг бошқа имкони йўқ. Бир рубоийсида Мавлоно шундай дейди:
Белингни боғла маҳкам кўнгилдаги порлоқ нурга,
Бўш эртак бирла ҳал бўлмагай тугунли асрор.
Ва ҳамда тоғу биёбонлардаги ирмоқ, дарёнинг
Сен учун бир фойдаси йўқ уйда оққан чашма қадар…
Мавлоно инсонлар ўртасидаги турли низоларга барҳам бериш учун “кўнгиллар бирлиги”га эришиш лозим деб билади ва “Кўнгил бирлиги – тил бирлигидан устундир”, деб хитоб қилади.
VII БЎЛИМ
БАЪЗИ ДЎСТЛАРИ, ВАФОТИ ВА МАҚБАРАСИ. МАВЛОНОДАН КЕЙИНГИ ДАВР
МАВЛОНОНИНГ ШАЙХ САЪДИЙ ШЕРОЗИЙ БИЛАН ҚЎНЁДА УЧРАШУВИМавлононинг шуҳрати Қўнё ҳудудидан ташқарига, чекка ўлкаларга ҳам кенг ёйилганди. Шеърлари қўлдан-қўлга тарқалиб, ҳикматли сўзлари тиллардан сира тушмаётганди. Буюк мутафаккир олим ва адибнинг номини эшитганлар дарҳол унинг зиёратига отланишмоқда эди. Айни даврда яшаган форс адабиётининг буюк вакили шерозлик Шайх Саъдий ҳам Мавлононинг Шерозга қадар етиб келган шеърларини ўқиб, ҳайратга тушганди.
Афлокий нақл қилган ривоятга кўра, форс давлатининг акобирларидан бири бўлмиш Шамсиддин Саъдийга ўзи ёқтирган ғазаллардан бирини жўнатишни сўрайди. Саъдий унга буюк адиб Мавлононинг “Ҳар нафас овози ишқ мирасад аз чапу рост – Ҳар нафас ўнгу сўлдан ишқ овози келгай”, дея бошланувчи янги ғазалини жўнатади. Ғазалнинг сўнгида эса “Онадўли ўлкасида бир буюк зот зуҳур этгандир. Бу ғазал ундан келган хуш бир ифордир ва бундан янада яхшироғи энди на айтилгай, на битилгай. Энг буюк орзум Онадўлига бориб, ушбу кўнгил султонини зиёрат қилмоқдир”, дея қайд этади. Амир Шамсиддин бу ғазални жуда ёқтириб қолиб, Шайх Саъдийга унинг Қўнёга боришига етадиган миқдорда маблағ эҳсон этади. Кўп ўтмай, Шайх Саъдий Қўнёга йўл олади.
“Ажойиб ул-булдон” номли асарда ёзилишича, Шайх Саъдий Шерозий Қўнёга Мавлонони зиёрат қилишга бораркан, йўлда Мавлоно услубида бир ғазал ёзишга киришади ва “Сармаст агар дар ойи олам баҳам бар ояд” дея бир мисра битади, бироқ байтни тугата олмайди. Қўнёга етиб борган кун тўғри Мавлононинг мадрасаси томон йўл олади. Эшикдан кириши биланоқ, Мавлоно: “Ҳақи вужуде маро гард аз одам бар ояд”, дея иккинчи мисрани айтиб, байтни тугатади ва бу билан чекланмай, айни байт билан бошланувчи узун бир ғазалини ўқийди. Илк байтнинг маъноси шудир:
Агар сархуш бўлиб ичкари кирсанг,
олам бир-бирига қоришгай,
Бизнинг вужудимиз тупроғи йўқлик
чангидан вужудга келгай.
Саъдий Мавлоно билан шу зайл учрашиб, бир неча кун суҳбат қурган эди.
Бошқа бир ривоятга кўра, Шайх Саъдий “Гулистон” асарини ёзиб тугатгач, Қўнёга бориб, Мавлонони зиёрат қилади ва асарининг бир нусхасини унга тақдим этади. Эртаси куни Шайх Саъдий Мавлонодан асари ҳақидаги фикрларини сўрайди. Мавлоно унга жавобан:
– Бенамак, яъни “тузсиз” дейди. Саъдийнинг юзида ҳазинлик пайдо бўлиб, “бу қанақаси?” дегандек, ёшли кўзларини Мавлонога тикади. Мавлоно қўшимча қилиб:
– Ҳалво аст, – “ҳолвадир” дейди. Бу билан маънолар заргари Мавлоно Саъдийнинг асари тузсиз, аммо ҳолва каби ширин, яъни ҳолвага туз солинмайди, демоқчи бўлади.
Шайх Саъдий бу сўзлардан хурсанд бўлиб, миннатдорчилик тариқасида Мавлононинг қўлини ўпади.
Бу ривоятлардан келиб чиқадиган хулоса шу: умрининг ўттиз йилини саёҳатларда ўтказган ва бир қанча мамлакатларни кезган Шайх Саъдийнинг Қўнёга бориб, Мавлонони зиёрат қилиши ҳеч ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунончи, Мавлоно билан боғлиқ жиддий тадқиқотлар олиб борган ва кўплаб монографиялар эълон қилган эронлик профессор Фурузантер бу мавзуга алоҳида тўхталаркан, “Мавлоно ва Шайх Саъдий – бу икки улуғнинг учрашганларига асло шубҳа йўқ”, деб таъкидлайди.
Шуни ҳам айтиш керакки, ўз пайтида Мавлонони зиёрат қилиш учун нафақат Шероз, Исфаҳон каби Марказий Осиё давлатларидан, балки Бухоро, Самарқанд каби узоқ Туркистон ўлкаларидан ҳам жуда кўп олиму мутасаввуфлар Қўнёга оқиб келмоқда эди. Бу зиёратлар Мавлонодан кейин ҳам давом этади…
МАВЛОНО ВА ҲОЖИ БЕКТОШ ВАЛИЙМавлоно яшаган аср тасаввуф ғоялари Онадўлида гуркираб яшнаган ва ён атрофга кенг ёйилган даврдир. Шайх Умар Суҳровардий, Муҳиддин Арабий, Фахриддин Ироқий, Нажмиддин Доя каби тасаввуф буюклари Онадўлига келиб, ҳурмат-иззат кўришган. Хуросондан Онадўлига кўчиб келган ана шундай улуғлардан бири бектоший тариқатининг пири Хожи Бектош Валийдир.
1209 йилда Нишопурда туғилган Ҳожи Бектош Валий Хўжа Аҳмад Яссавийнинг халифаси Луқмон Парандийнинг дарвеши ҳисобланиб, Х асрнинг ўрталарида Онадўлига кўчиб келган ва бугунги Ҳожибектош қасабаси жойлашган Сулужа Қоракуюк деган жойдан қўним топган. Маълум муддатдан сўнг бобоийларнинг раиси Бобо Исҳоқнинг халифасига айланган Ҳожи Бектош Валий Султон Ғиёсиддин Кайхусрав II томонидан бобоийлар исёнлари бостирилгач, атрофига йиғилган туркман қабилаларини иршодга бошлаб, қисқа давр ичида катта шуҳрат қозонади. Бири салжуқийлар давлатининг пойтахти Қўнёда кенг зиёлилар оммасига, иккинчиси Қиршаҳар томонларда халққа хитоб қилган бу икки қутб: Мавлоно Жалолиддин Румий билан Ҳожи Бектош Валийнинг ораларида маънавий ришта борлиги, бир-бирларини таниганлари шубҳасиздир. Ҳар икки пир ҳам сажия, феъл-атвор жиҳатидан фарқ қилсалар-да, йўллари бирдир. Тариқат асосчиси бўлмаганлари ҳолда вафотларидан сўнг ўз номларига қурилган мавлавийлик ва бектошийлик сулуклари ўртасидаги рақобат туфайли баъзи бир тор дунёқарашли кимсалар уларни бир-бирларига қарши қўйиб, ажратишга ҳаракат қилишган. Ҳожи Бектошнинг маноқибларини ўз ичига олган достон тарзидаги “Валоятнома”га кўра, Мавлоно ва Шамс Табризий Ҳожи Бектошдан файз олган, унга итоат этган икки дарвеш зотлар ҳисобланади. Шунингдек, мазкур асарда Ҳожи Бектош кўрсатган кароматлари туфайли Мавлонодан анча устун туради, деган ғоя илгари сурилганини кўрамиз. Мавлавий маноқибларида эса ҳар иккиси орасидаги муносабатлар янада холис ва олимонадир. Ушбу икки тасаввуф пирининг вақти-вақти билан бир-бирларига элчи (дарвеш) жўнатганлари ҳар икки томоннинг маноқибларида тилга олинади.
Ушбу ривоятлардан бирида қайд қилинганидек, Ҳожи Бектош муридларидан Бобо Исҳоқни Қўнёга жўнатиб, шундай хабар йўллайди:
– Агар у ҳақиқат аҳлидан бўлса ва ҳақиқатни топган бўлса, нечун олам аро шовқин солгай, ҳақиқатни топмаган бўлса, нега изламагай?
Бобо Исҳоқ Ҳожи Бектош номидан Қўнёга йўл олади. Мавлононинг ҳузурига кираркан, айни дамда Мавлоно жўшиб, самоъ рақсига тушмоқда, ғазаллар айтмоқда эди. Бобо Исҳоқни кўриши билан: “Дўстни кўрмаган бўлсанг, нега изламайсан, яхши кўрганингга етишган бўлсанг, нега уни олқишламайсан?” дея бошланувчи ғазалини ўқий бошлайди. Ушбу ғазални ўзига ва пири Ҳожи Бектош Валийга жавоб деб ҳисоблаган Бобо Исҳоқ ҳеч нима демай, дарҳол ортга қайтиб, Қиршаҳарга равона бўлади.
Қиршаҳар ҳокими Нуриддин Жажа ўғли ҳам Ҳожи Бектош Валийнинг муридларидан эди. “Маноқиб” асари маълумотларига қараганда, Нуриддин Жажа ўғли бир кун шайхи Ҳожи Бектошга:
– Шариатга амал қилиш ва намоз ўқиш керак. Ҳолбуки, сиз буларни рисоладагидек адо этмаяпсиз, – дейди. Бунга жавобан Ҳожи Бектош таҳорат олиш учун дарҳол сув келтиришларини сўрайди. Жажа ўғли тезда чашмадан офтобага сув тўлдириб олиб келади. Офтобадан сув қуяркан, сув ўрнига қон оқа бошлайди. Жажа ўғли ҳайрон бўлади, Ҳожи Бектош Валий эса:
– Кўряпсанми, қон билан таҳорат олинмагай, – дея офтобани бир чеккага улоқтиради.
Мазкур воқеа борасида Мавлоно шундай дейди:
– Тозани ифлос қилмоқ, шаффоф сувларни қонга айлантирмоқ муҳим эмас. Асл мақсад қонни шаффоф сувга айлантирмоқдир. Муршид улким, шаробни шарбат айлагай ҳамда занг босган кўнгилларни зангдан тозалагай. Муршид мушкулотларни ҳал этиш эшигидир.
Мазкур воқелик қанчалик тўғри эканлиги номаълум… Мавлононинг жавобида унинг муршид эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Шамсда ҳам худди шундай ғоя илгари сурилганини кўрамиз. Унинг “Мақолот” асаридан олинган қуйидаги иқтибослар бунинг ёрқин далилидир: “Маърифат – қалбнинг Тангрига йўналиши, Тангри бирла бир бўлишидир. Тирикни ўлдириш бу маърифат эмас. Ўликни тирилтириб, жоҳилни олим айлай билгаймисан? Хом руҳларни пишириб, уни янги бир ҳолга келтира олгаймисан? Ҳолбуким, ҳақиқий илоҳий ҳунар ана шудир…
Мавлоно билан Ҳожи Бектош Валий ўртасида кечган, тусмол қилинган воқеалар, суҳбатлар узоқ давом этади. Не ажабки, булар сулуклар ташкил топгандан сўнг тартиб берилган “Маноқиб” асарларида келтирилган далиллардир. Буларни ошириб-тошириш ҳар икки муршиднинг руҳини инжитади.
Асл мақсад фикрдир, маънодир. Мавлоно Қўнёдаги мавжуд юксак маданий муҳитда фикрларини ўз даврининг юксак адабий тили ҳисобланган форс тилида баён этиб, асарлар битган. Ҳожи Бектошнинг атрофида эса асл турклар, кўчманчи туркманлар, янада тўғрироғи, Онадўли халқи бор эди… Шу боис ҳар иккиси ҳам бир-бирининг муҳиблари тушунадиган турк тилида мулоқот қилишган. Бу сўзлар ўз пайтида тўпланиб тартиб берилмагани учун улардан каттароқ асар қолмаган. Ҳожи Бектош бутун адабий кучи, ҳунари билан асар ёзганда ҳам уни ўқиб тушунадиган муҳит йўқ эди. Шу жиҳатдан бири халққа, иккинчиси зиёли табақага раҳбарлик қилиб, бир-бирларини тўлдиришган эди. Бироқ, афсуски, вафотларидан сўнг мазкур номлар асосида ташкил топган сулук намояндаларининг баъзилари ушбу йўлларни айириб, бир-бирларига эътирозлар билдиришган. Маъно бир томонга сурилиб, шакллар, қолиплар борасида ўзаро рақобат бошланган. Ҳолбуки, Ҳожи Бектош Валий Мавлонога катта ҳурмат билан қараган ва унинг ҳақиқий дўстлари қаторидан жой олган муршиддир. Ўз даврининг мутасаввуфлари ўртасида қутб юлдузи каби порлаган Мавлонони олқишлаган.
Ҳожи Бектошнинг халифаси Бобо Исҳоқнинг невараларидан Алвон Чалабийнинг қўлимизда мавжуд ягона нусха “Маноқибнома” асарида Мавлоно шу сўзлар билан таърифланади:
Ул Жалол, ул камол, Ибни Камол,
Илму анвор ичра бадри мисол.
Раҳматуллоҳи алайҳи Мавлоно,
Маҳзи ёшу равон эди жона.
Мана, чин эъзоз ҳамда эътирофнинг ҳужжату намунаси…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.