Электронная библиотека » Нурали Қобул » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 11 сентября 2023, 17:20


Автор книги: Нурали Қобул


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

10. Тож кийган бош ақлланирми ёхуд Абдулла Қодирийнинг хатоси ва ўзи Сибирда қарағай кесиб келган халқ душманинингёш авлоддан “Халқ душмани “ясаш ишига бош-қош бўлгани.

Дунёда бирорта буюк инсон йўқки, тубан ва пасткашлар ўзлари беланиб турган балчиқни чапламоққа уринмаган бўлсин.

Максим ГОРЬКИЙ

Билдинки тараф шоҳдир,


Саллани ечиб тахт тур.

Ота сўзи

“Сукут суиқасди”да сиз доҳий Сталиннинг ўзини Кремль тахтига келтирган кекса инқилобчини қандай уриб қулатгани ҳақида ўқигандингиз. Одатда раҳбарларнинг қўл остидаги маъмурларни тергаши, сўкиб ҳақоратлаши ва ҳаттоки калтаклаши воқеаларни шўро даврида ҳам эшитардик. Бир бўлим бошқарувчисининг Дўстлик район партия қўмитасининг биринчи секретари Расулмат Ҳусановнинг ўзини урганлиги ҳақида "Жиззах ҳақиқати" газетасига шикоят хати ёзганлигига шоҳид бўлгандим.

Кейинги ўн йилликлар давомида энг тепадан қуйига қадар раҳбарларнинг кишиларни калтаклаши вабо каби бир юқумли касалликка айланди. Сталин замони ва ўттиз еттинчи йиллар қатағонларларини эшитиб туйган тепаси ўйиқ одамларга кечмишдаги азоб-уқубатлар олдида бу калтаклашлар ҳолва бўлиб кўринди чоғи.

Ёзувчи ва журналистлар орасида ҳам шунга ўхшаган ақл бовар қилмас, воқеалар ҳам юз бериб турадики, мана шундай оддий бир детал, тортишув ёки ёқалашув у ёки бу шахснинг кимлигини ва характерини кўрсатади.

Ўзи халқ душмани сифатида Сибир ўрмонларида қарағай кесиб, сургун азобини тортиб келган бир халқ ёзувчисининг мустақиллик йилларида ёш ёзувчиларни қамаш ишига ташаббус кўрсатишга уринганини эшитиб, ҳайратга тушганмиз. Бир суҳбатда мустақиллик йилларида Ўзбекистон халқ душманига айланишига бир баҳя қолган ёзувчининг Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонига эга собиқ халқ душманини бошига курси билан туширганига гувоҳ бўлганмиз. Ўшанда бу номақбул жасоратни даврадагиларнинг барчаси қўллаб-қувватлаган, совет замонида қатор ҳамкасбларининг айбланиб, судланиб қамалишига сабабчи бўлган сўзда ижодкор елкасини қисганча даврани тарк этганди.

Турмуш, ҳаёт ташвишларига ўралашиб, моддий ва маиший муаммолар наҳрида оқиб, ўзингиз ва мансуб бўлган улусингиз келиб чиқиши, тарихи ва келажаги ҳақида билиму тасаввурга эга бўлмай ўтиб кетишингиз мумкин. Ана шунинг ўзи сиз учун ҳаёт ва тарихнинг энг катта жазосидир.

Бироқ сиз бу жазо билан қутилиб кетмайсиз. Етти ёки тўққиз отасини билмаган авлодларингиз ҳам бу жазо билан юзма-юз бўлиб, қарама-қарши қоладилар. Сиз англаб-англамай чеккан жазони улар ҳам бошдан кечирадилар.

Зотан, балки адабиётимизда сиз илк бор ўқиётганингиз роман-памфлет жанрининг талаблари ҳам шуни тақазо этади. Памфлет сўзи инглизча бўлиб, бирор шахсга ёки шахсларга, ижтимоий тузумга ёки ҳаётнинг айрим иллатларига қарши қаратилган ўткир сатирик, бадиий-публицистик асардир.

Миллат кечмиш тарихига очиқ кўз, теран хотира ила танқидий нигоҳ билан боқмаса юз, минг йиллик хато ва фожиалар қайта такрорланаверади. Бир золимдан энди қутилдим деганда ундан беш баттари келади. Тарих ғилдирагининг илгарилашида эса халқлардан кўра шахсларнинг аҳамияти муҳимдир. Ключевский таъкидлаганидек, тарих ҳеч нарсага ўргатмайди, фақат уни билмаганни жазолайди.

Соғлом ва тўғри фикрловчи одамлар ўз хатою нуқсонларини барчадан кўра ўзлари яхши биладилар. Ва кишининг асл фожиаси ва оёғининг тойиши кўрпачасининг узунлигини билмаслигидан бошланади.

Сиз ўзингизни билмас экансиз, сизни ҳеч ким билмайди. Сиз ҳақингизда тўлиб-тошиб, тили тутилгунга қадар ижобий ва мақтов сўзларини айтганлар кўзингизга боқароқ ёлғон гапираётган, сизни алдаётган бўладилар.

Ўз баҳосини билмаган ожиз кишиликлар эса ўзида йўқ сифату хислатларни бировлардан эшитишга ўч ва ташна бўладилар ва бу ёлғон-яшиқ мақтовларга ишониб яшайдилар.

Ўша пайтда халқнинг энг илғор ва етакчи гуруҳи саналган шоиру носирлар, олиму мутахассисларнинг билиму кўникмалари, амалиёту тажрибалари ўзига яраша бўлган.

Бир буханка нон ҳаёт-мамот масаласига айланган у даврларда сиз бу ўтмишдошларимиздан катта фикру эътиқод, буюк ишлару қаҳрамонликларни кута олмас эдингиз.

Булар ичида фикрлашу тасаввур даражаси ҳамин қадар бўлган кишилар не қадар кўп бўлса, бутун тўғри ва дунёвий фикрловчи Ҳабиб Абдуллаев каби инсонлар деярли йўқ ҳисоб эди.

У сиёсатни жамият ҳаётидаги ролига ортиқча баҳо беради. Ваҳоланки, иқтисод жамият ҳаётида ҳал қилвучи роль ўйнайди. Юқори мартаба эгалари ҳам оддий кишиларга хос ожизликлардан холи эмас. Улар ҳам хато қиладилар. Доимо ўз амалларидан ажраб қолиш хавфида яшайдилар, дейди Ҳабиб Абдуллаев узоқ йиллар Республикани бошқарган Усмон Юсупов ҳақида ўша пайтда.

Эътибор берсангиз бу ўша, сталинизм икки қўлини соллаб, чек чегарасиз мамлакатда тўфон каби кезаётган замонда айтилаётган фикр. У ўшандай хавф-хатарли замонда ҳам адолатнинг юзига тик боқа билган, дилидагини тилига ҳақли ва асосли равишда келтира олган, оқни оқ, қорани қора демоққа ўзида идрок ва ирода топа олган тек шахсият эди, десак муболаға бўлмас.

Ваҳоланки,Ҳабиб Абдуллев мутахассис ўлароқ геолог эди. Бироқ сиёсату фалсафа, тариху мантиқни ҳақиқий донишманд олим каби англарди. Одатда руслар ана шундай шахсиятларни "Настоящий образованный человек" дейдилар. Қуёнчилик бўйича докторлик мақомига эришиб, ўз халқи тарихи ва маданиятини билмаган олим эса ҳақиқий улус зиёлиси бўла олмайди. Афсуски, бизда ана шундай сўзда олиму зиёлиларга чалишиб йиқиласиз.

Абдулла Қодирий ҳам раҳбариятга нисбатан ўз танқидий фикрларини билдирган. Ҳатто Йўлдош Охунбобев ҳақида "Муштум" журналида "Эшакка папка бердилар" деган фельетон ҳам ёзган.

Бу масалада мен классик ёзувчимизнинг масалага ёндашувига қўшилмайман. Қодирий дейлик билимсизлиги, ўқимаганлиги учун Охунбобоевни танқид килиши мумкин. Бироқ ҳайвонга тенглаб, ҳақорат этмоққа ҳақи йўқдир. Танқид меъёридан ошса у фитна, фисқу фасодга айланади ва бирор фожеа билан тугайди. Худди Мирзакалон Исмоилий Шароф Рашидовга тарсаки тушургани каби янглиш ишдир бу. Аввало тилига, сўнгра қўлига ниҳоят белига ҳоким бўла олмаган, охир-оқибатда бир хавф-хатарга дучор бўлади.

Шунингдек, биз ўз ватанимиз ва халқимизни мақташимиз, кўкка кўтаришимиз учун Рим ёки Парижни ерга урмоғимизга лузум йўқ.

Ватанпарварлик, улуссеварлик қилар эканмиз, ҳеч қачон бошқа элатлар оёғини босмаслигимиз керак.

Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Элбегу Усмон Носир, Акмал Икромову Файзулла Хўжаевларни домига тортиб кетган сталиноберия жаҳаннамининг тегирмони қирқинчи йиллар охири ва эллигинчи йилларбошида яна шитоб ила айлана бошлади.

Адолат, ватан ва миллат ҳис-туйғуси, имон-эътиқодидан мосуво чаласавод олиму битикчилар эса бир-бирларини сотиб, бир-бирларига донос ёзиб, Лаврентий Бериянинг ажал тегирмонига сув қуяр эдилар.

Бу қатағон бўрони қон ва жон талаб этарди ва фожиа узоқ куттирмади. Мирзакалон Исмоилий, Мақсуд Шайхзода, Тўхтасин Жалолов, Шуҳрат, Шукурулло, Ёнғин Мирзо ва Саид Аҳмад каби ижодкорлар сталиноберия жаҳаннамининг азобини тортдилар.

Хайриятки, буларнинг бахтига эллик учинчи йил мартида халқлар доҳийси нариги дунёга йўлланма олиб қолди. Акс ҳолда бу жисмоний ва маънавий террор давом этаверарди.

Киши шоҳ, вазир,ҳокиму ҳукамо бўлиши мумкин. Бироқ энг аввало бош шоҳона бўлиши лозим. Тож кийган бош ақлланар дейдилар. Бироқ иш фақат шоҳлик тожини киймоқ билан битганда эди? …

Ўттиз ёшида бош вазир муовини, давлат режа қўмитасининг раиси ва Ўзбекистон Фанлар Академиясини тузиб, унинг Призиденти бўлган Ҳабиб Абдуллев ана шундай шоҳона бош, ҳақиқий олимона зако ва инсонийлик истеъдодига соҳиб бир кишилик эди.

Кўз ёмон, тирикни қабрга, туяни қозонга тиқади деган гап бу бетакрор шахсиятга қолганда ҳақ бўлиб чиқди.

У советлар даври ва тузумида ҳеч бир Ўзбекистон ватандоши эришмаган илмий муваффақият ва эътирофга эришганди.

Ўзларидан анча илгарилаб кетган ёрқин шахсиятларни кўрганда қассобнинг безига айланадиган истеъдодсиз ва шарафсизлар кўз очиб юмгунча бирлашиб, бу тоза қалбли ва бутун иймонли инсон юрагини уч бора инфаркт қилишга эришдилар. Бу маънавий ва жисмоний террорда ўша пайтда Марказқўмнинг мафкура бўйича секретари бўлиб ишлаган Зоя Раҳимбаева ҳал қилувчи роль ўйнаган. Қатор давлат, ҳукумат, илмий ва жамоат лавозимлари бошида турган, ўша пайтда СССР дея аталган мамлакатда жаҳоннинг энг юксак унвонларининг соҳиби бўлган, миллат фахри саналмиш шахсият бир кечада кўчада қолади.

Бу шарафсизлик, ватансизлик, миллатсизлигу динсизлик, сўғишу савашида ҳам Николло Паганини айтган гап бўлган эди. Қобилият кўзга ташланганда ҳасад қилганлар, истеъдоди тан олинганда азоб бердилар. Даҳоларга хос хислатлари намоён бўлганда эса кўзларини чирт юмиб унга қасд қилдилар.

Зотан, даҳолар ватани ва халқи учун энг керак бўлган буюк, доҳиёна ишларни қиладилар. Бундай улуғ амалларнинг уддасидан чиқа олмайдиган шифти пастлар эса уларни йўқ килиш учун ҳар қандай пасткашлик, разиллигу қотилликдан тоймайдилар.

Одатда келмиш, кечмиш ҳукмдорлар ҳақида билганлар гапирмайдилар. Билмаганлар гапирадилар ва гапиртирадилар.

У ўлим тўшагида ётар экан, энг яқин дўстлари ва хешу ақраболаридан бошқа ҳеч ким хабар олмайди.

Умр йўлдоши Фотима Абдуллаева Ҳабиб Абдуллаев узоқ йиллар раҳбар бўлиб ишлаган вазирлар кенгаши расининг муовини Сарвар Азимовнинг қабулига йиғлаб боради.

Бироқ ҳайит ўтган, бўлар иш бўлиб, бўёқлар синган эди.

Чаёнлар севишиб яхши кўрганидан урғочиси эркагини еб қўяр экан…

Инсон зоти табиатан шундай. Билиб-билмай ўзиниг улуғлари ва севганларининг бошига етиб яшайди.

Бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз, бир-биримизга муносабату давранишларимиз рус ота сўзида айтилганга ўхшайди. Ҳамма айбдор бўлган ерда ҳеч ким айбдор эмас.

Мен сиз азиз ўқувчига жаҳон собиқ иттифоқ ва республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги оғриқли воқелар, қисматидан сабоқ олиши керак бўлган тарихий шахслар тақдиридан нечук сўз очиб, фикр мулоҳаза этмоққа чорламоқдаман?

Боиси бир мусибат минг насиҳатдан афзалдир. Не чоғлик узундан-узоқ панду насиҳат айтманг, хайру яхшилик тилаб йўналтирманг хом сут эмган инсон зоти боши бирор-бир деворга астойдил урилмагунга қадар кўзи мошдек очилиб, аллақачонлар кўриб хулоса чиқариши керак бўлган ҳақу ҳақиқатни кўрмай юраверадилар.

Инсоният тарихидаги ҳал қилувчи воқеалар ва ўзини жаҳоннинг устуни санаб турган шахсларнинг кўз очиб юмгунча эшак ўғриси ёки шарафсизларча тупроққа айланиши, каттаю кичикнинг бирдек иймону виждонини ларзага келтириб, ҳаёт ҳақиқатию умр мазмуни ҳақида дўппини олиб қўйиб ўйлаш, мушоҳада этиш ҳамда хулоса чиқаришга ундайди.

Ўқувчилардан, умуман кечмишда почта орқали мактуб ёзиш расм бўлган замонларда олган хатларимни эътибор ила асрайман. Қашқадарёлик бир қизнинг мактуби бот-бот ёдимга тушаверади. "Нурали ака! Сизнинг мақолаларингизни ҳамма ғоят қизиқиб, ҳайратга тушиб ўқишади! Қойил қолишади! Қотириб ёзибди, зўр дея гапириб юришади. Бироқ бундан ҳеч ким хулоса чиқариб, ҳеч ким ўзгариб қолмайди. Умуман, бизда ҳеч ким ва ҳеч нима ўзгармайди. Ҳаммаси бефойда! Сизга ва сиз каби инсон ва ёзувчиларга раҳмим келади!”

Ватандошимиз аламли мактубининг хулосаси сизга ҳавола. Улуснинг фикрлаш ва дунёга боқиш даражасининг не қадар ўсиб ривожланганини мендан кам билмасангиз керак.

Бироқ мен ҳаммаси аллақачон айтиб бўлинган, лекин ҳеч ким эшитишни истамаганидан ҳаммасини бошқатдан такрорлашга тўғри келадиган нақлга амал қилиб яна нималарнидир ёзмоқдаман. Бир-бирмизни тушунсак керак деган умиду илинж билан яна қўлимга қалам олмоқдаман.

Одамларга яхшилик қилишнинг табиийки икки воситаси бор. Бири қўл билан иккинчиси йўли билан. Йўли билан деганига тўғри йўлни кўрсатмоқ ва насиҳат қилиб, маслаҳат бермоқ киради.

Аммо шу пайтгача маслаҳатга астойдил муҳтож бирор инсонни учратмаганингиздек, кимса сўзига қулоқ солмаса-да маслаҳат беришдек сийқа тирикчиликни касб қилиб олган саводсиз ва чаласаводларга истаганча дуч келишингиз мумкин.

Тўғри йўлдан юришга ақли заковати, фаҳми фаросати етмаган одамнинг ақл-идрокли киши берган маслаҳатга ҳам зеҳнияти етмайди.

Маслаҳат, ҳақу ҳақиқатга амал қилиб, тўғри йўлда юрмоқ ҳақида эса ким ва кимлардан сўралади, дейди файласуф ва кишиларни уч тоифага бўлади. Кўра оладиган кишилар, кўрсатса кўра оладиган кишилар ва кўрмайдиган кишилар. Бугундан эртасини кўрмайдиган, ҳатто туғилган фарзандига тузуку тўғри исм қўйишни билмайдиган кишидан маслаҳаат сўрамайсиз албатта. Бироқ бу даҳо ҳам сизга йўл кўрсатмоқлик даъвосида бўлади.

Маслаҳат эса Леонардо да Винчи таъкидлаганидек, ўз устидан ғалаба қозона билмаганлардан сўралади. Фақат шундай, ўз ичидаги даҳшатли эгоизм, манманликни енга билган шахсларгина беминнат, беғараз, ҳалол ва тўғри маслаҳат бера олишлари мумкин.

Биз истаймизми йўқми турли даражада фикрловчи ва фикрламоқдан маҳрум жамоалар орасида яшаймиз. Шоҳу гадо, амиру маъмур бўлсин бу кишилар орасидаги очиғу пинҳона, гоҳида қонли ва қонсиз зидлашув ва тўқнашувлар тинимсиз давом этаверади. Бироқ бу ҳаёт-мамот, ўлим-қолим савашида ғолиб келганни кўрмадим. Улар англаб етмайдиларки, бу жангда ҳамма, охир-оқибатда бечора халқ ютқазади.

Мен сизга чин юракдан ишонаман. Мени илк учрашувимиздан буён битган ва ўқиган инсонлар ўзини, ўзлигини билган инсонлардир. Ўзини билганларни эса, ўзимдек биламан. Уларнинг ҳар қандай янглишлик ва хатоларни кечираман.

Зотан, файласуф, кишиларни биладиган оқил, ўзини биладиган – фаросатли деганда ҳам шуни назарда тутган бўлса керак.

Сидқидил, ҳақиқий кўнгил ва самимият кишисигина ҳамма нарсани тушуниши ва тушунишга ҳозир бўлади. Ҳамма нарсани фарқига борган, ҳаёт ҳақиқатини ва тушуниб етган ҳақиқий олийжаноб инсонгина инсонийлик салтанатининг энг юксак шоҳсупаси – самимийлик тахтига кўтарилиши мумкин. Бунинг учун эса қалблар, виждонлар ва имконлар қасрининг султони бўлмоқлик ижоб этади. Бунинг учун эса ҳеч қачон адолатга қарши бормаслик, атрофингиздагиларнинг нуқсонларига сабр-тоқат қилмоқ ва бировга берган маслаҳатингизга, аввало, ўзингиз амал қилмоғингиз керак бўлади.

Биз не бўлсак бўлайлик. Бироқ, энг муҳими, ватанимиз боқий, миллатимиз боши омон бўлсин!

Улуғ аждодларимиз қони ила шарафланган, пешона тери ила яшнаган шу ватан бор экан, сизу биз бормиз, яшажакмиз!

Неники топиб, неники йўқотмайлик, барчамиз умид ила кўз тикканимиз келажак бор. Ана шу келажак, истиқболга интилиб яшаган, улусининг шонли-шарафли эртасининг муҳташам биносига бирор тошу ғишт қўя олган инсон бахтлидир!

Халқ деган чексиз уммон бор экан, унинг бошига даражасидан қатъий назар турли туман кишилар келиб кетаверади. Буни оталаримиз “Беткай кетар бел қолар, беклар кетар, эл қолар” дея ғоят доно ва ибратомуз ифода этиб кетганлар.

Энг муҳими, Ватаннинг боқий бўлмоғи ва миллатнинг омонлигидир. Бош бўлса дўппи топилганидек, эс-ҳушли, бошли эл бўлса, унга бошчи топилади. Шайх Саъдий ҳазратлари буни қишлоқларнинг ақлли болалари шаҳарларга ҳоким бўладилар, шаҳарларнинг нобакор йигитлари нон топмоқ учун қишлоқларга кетадилар, дея изоҳ этадилар.

Энг муҳими, эл бўлмоқ. Эл бўлганда ҳам адолатга амал қилган, ҳақу ҳақиқатнинг юзига тик боқа биладиган улус ўлмоқдир.

Зотан;

Азим дарёларда,

Қулоқсиз қолмас.

Насибали битда,

Болоқсиз қолмас.

Аждоди ташлаган,

Улоқсиз қолмас.

Ўнгига боққан эл,

Сўроқсиз қолмас.

Отаси от кўрган,

Оёқсиз қолмас.

Бобоси қий қўрган,

Туёқсиз қолмас.

Шунқорли тўқайзор,

Қиёқсиз қолмас.

Тоғаси тоғдайлар,

Сиёқсиз қолмас.

Тожу тахт савдоси,

Бўёқсиз қолмас.

Султон таниган ит,

Суяксиз қолмас.

Таниб, тан олмаса,

Таёқсиз қолмас.


11. Пушти паноҳ ва иккинчи одам ёхуд тўнкарилиб тушган Черненко

Тангри золимларга тушажак жаҳаннам янада чуқурроқ бўлсин, улар яна қайтиб чиқмасин дея умр, бойлик ва давлат беради.

Ҳадиси шариф

Ҳақиқий инсонни фақат буюк маданият яратиши мумкин.

Анатолий Пристивкин

Андропов билан бошқалар каби шунчалик гаплашиб, интеллектуал даражаси, раҳбарлик ва инсонийлик қобилияту салоҳиятини ҳисобга олмай туриб муносабатда бўлмоқ мумкин эмас эди.

У бўлгани каби кўрина биладиган ва кўрингани каби бўла биладиган, ҳар қандай мулоқотда суҳбатдошидан ҳар томонлама устунлигини ҳис эттира оладиган кучли шахсият эди.

КГБнинг ҳар қандай вакили КПССнинг дуч келган ходимидан ўқимишли, чет тилларни билган, кенг ва теранроқ фикрларди. Одамлар партия арбобларидан ҳурмат аралаш чўчисалар, чекистларни кўрганда шайтонлардилар.

Партия ходимлари порахўрлигу хотинбозлик билан ишдан ҳайдалиб қамалиб кетишса, пухта ва пишиқ чекистлар туяни ютсалар ҳам думини кўрсатмас эдилар.

Содда ва самимий Леонид Брежнев буни яхши биларди. Бироқ хавф-хатар ўзига яқинлашиши билан кулча уриб пайт пойлаб ётган кўлвар илонга айланар, нишонга тез ва аниқ ташланиб, рақибини маҳв этарди.

Қайси ирмоқ ва сойларнинг қай бир дарёга оқишини яхши биладиган Юрий Андропов пушти паноҳининг пардали режаси ва парда ортидаги ўйинини сезиб-сезмасликка оларди.

У жуда ақлли, бунинг устига фаросатли бир шахсият эди. Фаросат ақл-идрокнинг қаймоғидир. Ақлли киши сиз билан сўзлашиб суҳбаташмасдан нияту мақсадингизни билмайди.

Фаросатли шахсият эса турқ бошқаю кўрк бошқа нақлига амал қилган ҳолда авзойи нигоҳингиздан, давранишу дўланишингиздан аҳди ниятингизни пайқайди.

Ўйлаганинг бошингга келади деганларидек, Лубянка қиролининг салтанати ниҳоясига етди. Лаврентий Берия даҳшатлардан сўнг бу ташкилотни анчагина одамшавандалаштирган шахсият қараганингизда юрагингиз орқага ториб кетадиган, номини эшитганда этлар жимирлайдиган, тош ётқизилган майдонида Лев Толстой калтакланган машҳур Лубян кўчасидаги бинони тарк этди.

Минг тўққиз юз саксон иккинчи йилнинг майида Леонид Ильич Брежневнинг тавсияси билан уни Марказий Комитет секретарлигига сайлашди. Бироқ бу бинода унга ҳеч кимнинг кўзи учиб турмаган эди. Фақат бир киши. Иккови учрашганда кўзлар маъноли тўқнашадиган Михаил Сергевич Горбачевдан бошқа.

Леонид Ильич Брежнев Андроповнинг ўрнига унинг номдор ўринбосарлари ёки таниқли бир сиёсат арбоби ёки чекистни қўймади.

Ўн беш республикадан бири – Украина КГБсининг бошлиғи Федорчукни келтирди. Андроповдек генералнинг олдида Федорчук Маршал Брежнев учун кичик лейтенант эди.

Одатда ҳукмдорларга генераллар эмас, солдатлар керак. Солдатни генераллика кўтардингми, тамом. Қўмондонлик истаб қолади.

Нафақат ҳарбий рутбаларда, вилояту район раҳбарлари, вазирликларга ҳам не қадар номуносиброқ, саводсизроқ, мумсик ва халқ хуш кўрмайдиганроқ антипатик кишини келтирсанг, у шу қадар итдек садоқатли бўлиб, тулки қувган тозидек елиб-югуриб ишлайди.

Боиси у ўзининг бу юксак лавозимга номуносиблигини билади. Пушти паноҳининг истаган пайтида юмшоқ жойига тепишини ва буни халойиқ олқишлашини ҳам билади.

Пушти паноҳ унинг ҳақиқий жиддий шахсият эмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ўз ҳолига қўйиб беради. Ҳатто жиноятларига ҳам кўз юмади. Бироқ бу жиноятларни махфий равишда расмийлаштириб, пўлат сандиғига ташлаб қўяди. Керак бўлиб қолган пайтда думини ликиллатганда ишлатиш учун. Мақсадларига чин дилдан хизмат қилса, ҳатто қотиллигини ҳам кечиради. Садоқатли жаллодига буни сездириб ҳам қўяди. Ўзидан кетмаслиги учун.

Шу тариқа садоқатли саводсиз қодир кўзи очиқ экан, пушти паноҳига хиёнат эта олмайди. Хиёнатнинг эса тек ягона йўли қоладики, аксар садоқатлилар пушти паноҳларига қарши шу, сўнгги,даҳшатли усулни қўллайдилар.

Юрий Владимирович Андропов пушти паноҳининг бош маслаҳатчиси, акдемик Арбатов билан дўстона муносабатда эди.

Лубянкада қоламанми, кетаманми дея бош қотириб, сиқилиб юрганида у билан ўрмонда бирга сайр қилишга тўғри келди. Академик билан ҳар қандай гапни гаплашиш ва фикрлашиш мумкин эди. У пушти паноҳига фақат керакли гапни айтар, майдалашмасди. Зотан, фикрлаш бобида пушти паноҳ академик Арбатовнинг тиззасига ҳам келмас эди.

– Биз томонга келиб қоласиз деган гаплар юрибди, Юрий Владимирович? – деди Арбатов самимий ва хайрихоҳ оҳангда оҳиста қадам ташларкан, бу ишдан хабардорлигини сездириб.

– Сиз мени у ерда олқишлар билан кутиб олишади деб ўйлайсизми? –академикнинг саволига савол билан жавоб берди Андропов.

– У ерга сиз каби принципиал бир кишининг келмоғи лозим деган фикрдаман. Истайсизми-йўқми партияда янгиланиш бўлиши керак.

– Бу менинг хоҳиш-иродамга боғлиқ иш эмаслигини биласиз. Бироқ бир куни менга Кириленко "агар сен ЦКга келадиган бўлсанг, барчамизни қувасан" – деди кўзимга боқиб. Демак, бу фақат унинг фикри эмас. Шундан тарадуддаман. Қолаверса, ўз ишимга ўрганганман. Ёш ҳам бир жойга бориб қолди. Менга ҳеч қандай амалнинг кераги йўқ, – гапни айлантирди Андропов.

– Гап кимларнингдир истар-истамаслигида эмас, Юрий Владимирович. Вазиятни, сиёсий бюродаги аҳвол ва у ердаги ҳамкасбларимизнинг даражаларини ҳаммадан кўра яхши биласиз. Буни англатмоққа ҳожат йўқ деб ўйлайман, – сўзлари тош босарди Арбатовнинг.

Акдемик Арбатов унга валиаҳдликни имо-ишора этдими ёки бошқа нимадир демоқчи бўлдими, Андропов бу ҳақда анча ўйлади.

Академикнинг ўрмон сайлидаги шамаси фикри зикрини банд этиб юрганда, у бир кечада Марказий Комитетнинг Страстной булвардаги кулранг, инсонлару инсониятнинг қисмату қадари ҳал этилажак бинога келиб қолди.

Кабинети ҳам Лубянкадагидан кичикроқ эди. У ерда қирол эди. Бу ерда беш-олти шаҳзодадан бири.

Бу ўйин шу тариқа давом этиши мумкин эмас. Муаллақ ҳолда ва номаълум келажак ташвишида яшаш қийин. Пушти паноҳининг олдига кириб, орани очиқ қилиш керак. Шунга қараб у ўйлаб юрган режаларини амалга оширади. Керак бўлса сўнгги чорани ҳам қўллайди…

У шу мавҳум кайфиятда бор жасоратини тўплаб, пушти паноҳининг ҳузурига кирди.

Леонид Ильич пешонаси терлаганча чинни чашкадаги лимонли чойни ҳўпларди.

– Кир, Юра! – деди у дўриллаган овозда саломлашмоқ учун ўрнидан тураркан. – Ўтир! Анчадан бери кутаман, келмайсан? Ишларинг яхшими? Бу бинога ўрганиб колгандирсан? Йиғилишларда кўришяпмизу, суҳбатлаша олмаяпмиз? – ўзича ғамхўрлик кўрсатган бўлди пуштипаноҳ.

Гапни нимадан бошлашни ўйлаган Андропов бир муддат тин олди. Унинг янги ишга ўтганига беш ой бўлган ва шу муддат давомида сиёсий бюро ва секретариатда ўз мавқеини аниқ билмаган ҳолда аросатда юрарди. Пуштипаноҳ ҳам унга тузук қуруқ иш буюрмас, соғлиғи туфайли секретариат йиғилишларини Константин Устинович Черненко, гоҳида Андрей Павлович Кириленко олиб борарди.

Демак, у шунчаки секретарлардан бири. Шунга қараб тўнни бичмоққа тўғри келади.

– Мен ўз вазиятимни тушунмай қолдим, Леонид Ильич! – деди бир оз ҳаяжонланган Андропов ниҳоят картани очиб. – Сиздан бир нарсани билмоқчиман. Раҳбарият, шахсан сиз, Леонид Ильич, мени янги ишга тайин этганингиздан мақсад нима? КГБдан четлатишми ёки янада муҳимроқ сиёсий вазифаларни топширмоқми? Май ойида келган бўлсам, мана, бугун ўн тўққизинчи октябрь. Беш ойдан бери менга ҳеч қандай жиддий топшириқ берилиб, вазифа юкланмади. Бу аҳвол давом этаверадими? Мен нима қилишим керак? – ичидагини тўкиб солди Андропов. – Маслаҳатингизни олиб, олдингиздан ўтмоқ учун келдим, Леонид Ильич. Вақтингизни олганим учун узр сўрайман.

Леонид Ильич суҳбатдошининг итальян ёки француз аристократларига хос кибор юзи ва теран кўзларига тикилиб қараб қолди.

У Андропов билан доимо очиқ, самимий ва дўстона гаплашар, ҳеч ким билан ўртоқлашмайдиган мавзуларни бемалол муҳокама этарди.

Бироқ ундан бундай, ультиматум оҳангдаги эътирозни кутмаган эди.

Официант Юрий Владимировичга ҳам лимонли чой келтирди.

– Эй-эй, Юрий Владимирович! – деди Брежнев устма-уст чой ҳўплар экан. – Сени қандай ҳурмат қилишим ва эъзозлашимни биласан. Булар орасида энг тоза, тўғри ва принципиали сенсан. Буни жуда яхши биламан ва қадрлайман. Наҳотки, мен сенинг партия ва давлат олдидаги чексиз садоқат ила қилган хизматларингни билмасам. Сен ҳақингда доимо шундай фикрда бўлиб келганман ва шу фикрда қоламан. Энди сен партиядаги иккинчи шахссан! – овози товланди котибнинг. – Ана шундан келиб чиқиб, барча ваколатлардан фойдалан! Муваффақият тилайман! – деди кўзи ёшовлаб.

– Тушундим, Леонид Ильич! Ишончингизни оқлайман! Кўнглингиз тўқ бўлсин! Сиз бошида турган улуғ йўл давом этади! – деди бир оз ҳаяжонланган Андропов сўзи бўғзига тиқилиб.

– Бўпти! Соғ бўл! Эртага бўлажак секретариат мажлисини ҳам ўзинг бошқар!

Бундан ортиғини кутиш мумкин эмас эди. Пуштипаноҳ аслида уни иккинчи одам дея биринчиликка тайин этган эди.

Дунёдаги уч буюк мамлакатдан бирининг жилови унинг кўлига тутқазилган эди. Бундан буён у нима деса, шу бўлади. Кекса каламушларнинг қочар жойи Барвиха, Архангелская ёки Завидовога қадар. Бу ҳам кўплик қилса, Хрушчёв каби оддий бир мужикнинг хатасига бориб яшашади ёки Молотовдек икки хонали уйда бақлажонли икра билан буханка еб кун ўтказади.

Марказий Комитет секретарлари "Йиғилиш олдидан предбанник" деб аталгувчи хонада тўпланишар, барча жам бўлгандан сўнг мажлис солинига ўтишарди.

Йиғилишга чамаси ўн дақиқача қолганда Андропов кабинетидан чиқиб, "Предбанник" томон йўналди.

Аллақачон етиб келган Черненко билан Кириленко суҳбатлашиб ўтирарди. Бирин-кетин бошқа секретарлар ҳам кириб келишди. Энг сўнгида шошганча бир қучоқ қоғозни қўлтиқлаган Михаил Горбачев пайдо бўлди.

Горбачев нафасини ростлаб улгурмаган эди.

– Барча тўпландими? Унда бошлаймиз! – деди Андропов кутилмаганда шахт билан ўрнидан туриб мажлис солини томон юраркан.

У кирибоқ тўппа-тўғри раислик курсисига бориб ўтирди.

Буни кўрган Черненко довдираганча ўтирмоқчи бўлган курсига чалишиб, ағдарилиб тушди.

Барчанинг кўз ўнгида худди Гоголнинг "Ревизор" пьесасидаги каби ички тўнтариш юз берган, Андроповдан бошқа ҳамма ҳангу манг эди.

Кечқурун унга садоқатли шотири Михаил Горбачев телефон қилди.

– Табриклайман, Юрий Владимирович! Назаримда, жуда муҳим воқеа юз берганга ўхшайди. Негадир йиғилиш олдидан асабий ва ташвишли эдингиз?

– Раҳмат, Михаил! Ташвишланмоқ ва ҳаяжонланмоқ учун сабаб бор эди! – дея Леонид Ильич билан бўлиб ўтган суҳбат тафсилотини батафсил сўзлади.

– Яна бир бор табриклайман, Юрий Владимирович! – деди пуштипаноҳининг ғалабасини ўзиники каби ҳис этиб.

Михаил Горбачев адашмаган эди. Андроповнинг ҳокимиятга келиши, унинг юксалиши деган гап эди.

– Бироқ унгача ҳали бир оз бор, бир эмас, уч нафар пўкиллаб қолган бош раҳбар сиёсий бюродан боқий бюрога путёвка олиши керак эди…


Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации