Текст книги "ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб"
Автор книги: С. Сухинов
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 10 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
– Бирор нарса бўлдими? – ташвишланиб сўради Нарк.
– Мен… мен сеҳр-жодуни амалга оширдим… – ичидаги ғурурни зўрға юзага чиқарди қизча. – Биринчи марта!
Нарк жимгина ишшайиб қўйди.
Шу пайтдан бошлаб икковлон қочқинлар унчалик ҳам машаққат тортмасдан яшай бошлашди. Корина ўзи сезмаган ҳолда Гингеманинг сон-саноқсиз сабоқларидан айримларини унча-мунча эслаб қолган экан. Энди ҳордиқ пайтларида қизча асосан жодулаш сўзларини ёдга олиш билан кўпроқ банд бўла бошлади. Унинг машқларидан сўнг баъзида майсазор дала ўртасида бирданига чашма отилиб қолар ёки қичитқи ўт поялари гул тупларига айланарди. Нарк иршайган кўйи ўзининг қизбекасига тикилиб ўтираверарди. Корина аввалгидай саккиз ёшли қизалоқ қиёфасида бўлса ҳам, лекин руҳан улғайиб бораётгани сезила бошлаганди.
Ниҳоят улар кунларнинг бирида дарахтлари зич ўсган қалин ўрмондан очиқ ялангликка чиқиб келишди. Тўғрироғи, бу жойлар пастак дарахтчалар сийрак ўсиб турган кенг ўтлоқ ерлар эди. Бу – Пирпиркўзлар юрти.
– Буёғига нима қиламиз, бекақиз? – сўради Нарк. – Балки ғарбга, Қора ўрмон томонга юрармиз? Мен ўша томонларда туғилганман, ҳар бир сўқмоғи менга таниш.
– Йўқ, – бош чайқади Корина. – Ўрмонлар жонимга тегиб кетди. Ҳафа бўлмагин-у, Нарк, лекин мен Пирпиркўзлар орасида яшамоқчиман. Бирорта қишлоққа бораман-да, кимни кўрсам, йўлдан адашиб қолдим дейман.
– Шунақаликка шунақа-ку… – тараддудланиб қулоғининг орқасини қашиб қолди қашқир. – Аммо лекигин…
Корина саросимада қолган қашқирга қараб илжайиб қўйди.
– Нимани ўйлаб қолганингни биламан. Бир-икки йилдан кейин қишлоқдагилар менинг ўсмаётганимни сезиб қолишади. Шундайми?
Нарк бош ирғади.
– У ҳолда мен бошқа қишлоқққа жўнаб қоламан, кейин учинчисига, тўртинчисига… – хотиржам тушунтирди Корина. – Пирпиркўзлар ўлкаси анча бепоён. Улғайиб олишим учун етарлича жой топилади. Вояга етганимдан кейин эса…
Қизча кўзларини айёрона қисди. Нарк соҳибасига қараб туриб, ғужанак бўлиб олди. Коринанинг чиройли чеҳраси ғазабдан шунақанги бадбуруш бўлиб кетдики, ундаги ёвузлик асарини кўриб, ҳатто қашқир ҳам қўрқувдан қақшаб қолди.
– Ўшанда нима бўлади? – қўрқа-писа сўради у.
Корина жавоб бермай қўяқолди.
Улар тез-тез кўришиб туришга келишиб олишди. Қизча яқинроқдаги қишлоққа йўл олди, қашқир эса ўрмонда қолди. У бўш қолган тулки уясини топиб, кенгайтириб, чуқурроқ қилиб қазиди ва ўша ерда яшай бошлади. Нарк Пирпиркўзларнинг назарига тушмасликка ҳаракат қилар, улар эса шундоққина ёнгиналаридаги ўрмонда қудратли йиртқич пайдо бўлганини хаёлларига ҳам келтирмасдилар.
Шу ерда Коринанинг янги ҳаёти бошланди.
У Чашмалар номли қишлоққа кирди ва қўрғондаги энг ҳашаматли уйни танлади. Бу уйда Рон исмли ўймакор устанинг оиласи яшар экан. Ўзи Пирпиркўзлар моҳирликлари билан донг таратишган. Уларнинг орасида кўплаб моҳир мурватсозлар2 ва темирчилар, дурадгор ва ёғочсозлар яшайди. Лекин деҳқончиликка нима учундир Пирпиркўзларнинг унчалик уқувлари йўқ. Улар буғдойни Яшил ўлкадан, сархил меваларни ва шифобахш гиёҳларни Мовий юртдан келтиришади. Ўзлари экин етиштиришга жуда ношуд халқ.
Корина кўзларини қизартириш учун қўллари билан қаттиқ-қаттиқ ишқалади ва баланд овозда ариллай бошлади.
Сочлари оппоқ кекса Рон остонага чиқди ва ғижим, чанг босган кўйлакдаги жуда чиройли қизчани кўриб, ҳайрон бўлиб қолди.
– Нега йиғлаяпсан, қизалоғим? – сўради у.
– А-а-а… – ҳиқилларди Корина кўз ёшларини оқизиб. – Адашиб қолди-ии-ии-им…
Рон уни қўлидан тутиб, уйга олиб кирди. Ичкарида унинг хотини Дора уй юмушлари билан куйманишиб юрибди. Эр-хотин анча кексайиб қолишган, фарзандлари улғайиб, ҳар томонга тарқаб кетишган, тўнғич қизлари Лина эса малика Бастинданинг саройида чўри бўлиб хизмат қиляпти. Рон билан Дора ёлғиз яшашар ва фарзанд дийдорига зор эдилар.
Йиғлаб турган қизчани кўриб, Дора қўлидаги буғланиб турган варақи тўла тақсимчани ерга тушириб юборай деди.
– Вой, бу ширин қизча кимнинг боласи экан? Қизалоғим, нега йиғлаяпсан?
– У-у-у!.. – баттар ариллади Корина кўзларини зўрма-зўраки ишқалаб.
Чол-кампир уни бир амаллаб овутишди. Дора қизчани чўмилтириб-ювинтириб дастурхон ёнига ўтқизди. Коринанинг худди бир ҳафта оч қолган одамдай варақиларни пешма-пеш оғзига тиқаётганини кўриб, Рон ва Дора ачиниш билан бош силкиб ўтиришди.
Қизча яхшилаб тўйиб олгач, қариялар уни саволларга кўмиб ташлашди. Корина жавобларини аввалдан тайёрлаб қўйганди. У қарияларга ота-онаси вафот этиб кетишганини (буниси аслида ҳам рост гап эди) ва у Каллаварамлар қишлоғида яшайдиган холасининг уйига йўл олгани, лекин ўрмонда адашиб қолганини айтди.
Рон оғир хўрсиниб, елка қисди:
– Сенга қандай ёрдам беришни ҳам билмайман, қизим… Мен Каллаварамлар қишлоғи ҳақида ҳатто эшитган ҳам эмасман – агар алдаётган бўлсам мени чақмоқ уриб қўяқолсин. Энди сени нима қилсак экан-а?
Дора эрининг биқинига туртиб қўйди.
– Бунинг ўйлайдиган нимаси бор? – хушмуомалалик билан деди у. – Қизалоқ бизнинг уйимизда қолаверади. Агар холаси топилиб қолса, начора, у ҳолда Коринани унга топширамиз. Агар топилмаса – айни муддао, учовимиз биргаликда шодон ҳаёт кечираверамиз.
Корина қувончдан чапак чалиб юборди ва ўзининг янги ота-онасини қаттиқ қучоқлаб олди.
Шу тарзда учовлашиб яшай бошлашди. Рон ва Дора жуда кўп вақтларини меҳнат билан ўтказишарди. Улар ёғочдан шунақанги нафис бардоқ3, тақсимча, қошиқларни йўнишар эдики, буларни кўрган кишининг ақли лол қолар эди. Кексалар ўз ҳунарларини Коринага ҳам ўргатмоқчи бўлишди-ю, лекин қизча бу ишни эплай олмади.
– Ҳечқиси йўқ, ҳали ўрганиб улгуради, қизимиз ҳали жуда ёш, – меҳр билан деди Рон. – Ҳозирча болалар билан ўйнаб юраверсин.
Лекин чурвақа қишлоқ болалари билан ўйнаш тез кунда Коринанинг жонига тегди. Чунки унинг қиёфаси саккиз яшар қизчаларники каби бўлса-да, аслида роппа-роса ўн икки ёшда эди! Тенгдошлари эса бунақа митти қизча билан гаплашишини ҳам ўзларига эп кўришмасди. Охир-оқибат Корина яккаланиб қолди. Баъзи-баъзида оқшом пайтлари Нарк билан ўрмон чеккасида учрашиб турганини ҳисобга олмаганда, унинг ҳаёти ниҳоятда зерикарли ўтмоқда эди.
Тез орада бекорчилик Коринани тушкунликка тушириб қўйди – авваллари ҳеч бундай бўлмаган эди. Кейин у уй ёнидаги каттагина майдонда экин етиштиришга қарор қилди. У ерда ҳозир мевалари майда ва нордон уч туп нимжонгина, қинғир-қийшиқ олма дарахти ва дала мойчечаклари ўсиб турибди холос. Қизча болалигида ўз ота-онаси ўргатган боғ ишларини ҳафсала билан эслашга ҳаракат қилди, кейин эса ишга жиддий киришди.
Корина Мовий ўлкалик савдогарларнинг бозорга келишларини кутиб, Рондан нақшинкор бир нечта бардоқларни сўраб олди-да, уларни сабзавот ва гул уруғларига айирбошлади. Савдогар аравакаш бир неча ўрам рангдор уруғ қадоқларини ҳайрат ичида қизалоққа узатди.
– Пирпиркўзлар мендан биринчи марта уруғ сотиб олишлари. Мен ўзи уруғ олиб келмоқчи ҳам эмасдим-у, хотиним мажбур қилувди. Миттигинам, сен уларни нима қилишни биласанми ўзи? Аввал ерни чопиб, жўяк тортасан…
Корина уни эшитиб ҳам ўтирмай, уйига югурди.
Эски хужрадан белкурак ва хаскаш топди. Лекин боғнинг тупроғи шу қадар қотиб, заранг бўлиб кетган эканки, Корина ярим жўяк ерга ишлов бермай туриб, қаттиқ чарчади. У оғир нафас олганича, ёввойилашиб кетган олма дарахтларидан бирининг остидаги чиройли нақшинкор харракка ўтирди. Энди нима қилса экан? Ёки юмронқозиқ чиқарувчи афсунни ўқиб қўяқолсамикан? Бу ерда юмронқозиқ йўқ шекилли. Яхшиси кўрсичқонни чорлайди.
– Турпоқ, мурпоқ, қаздак, баздак, ўрачак, кўрачак! – қизча ўнг қўлидаги номсиз бармоғини букди ва чап кўзини юмиб, оҳангдор қилиб афсунни ўқиди.
Шу заҳотиёқ ердаги ўт-ўланлар титрай бошлади. Тупроқ митти тепача бўлиб шишиб чиқди ва ер юзасига катта кўрсичқон чиқиб келди. У тумшуғини кулгили қилиб ликиллатди ва пардали панжасини юқори кўтариб силкиганича, Корина билан саломлашди.
– Мана бу томорқани четан деворга қадар ковлаб чиқасан, – буюрди Корина. – барча қариндош-уруғларингни ҳам ёрдамга чақир, бўлмаса бир ҳафтада ҳам улгуролмайсан. Лекин олмаларнинг илдизини узиб юбормаларинг ва уй билан хужранинг остини ҳам қазий кўрмаларинг.
Кўрсичқон тушунганини билдириб бош ирғади ва қайтиб инига кириб кетди. Бир соатдан кейин уй ёнидаги ерлар қимирлаб қолди. Ўнлаб кўрсичқонлар бир вақтда иш бошлашди. Ўт босиб ётган ташландиқ майдон тез орада тупроқлари юмшатилган далага айланди. Лекин у ҳали нотекис ва тепа-паст эди. Шу боис Коринанинг ўзи хаскаш билан ишлашига тўғри келди. У кўрсичқонларни уяларига кетказиб юборди, раҳмат айтишни эса қиёматга насия қилиб қўя қолди.
Қизча ерни текислаб бўлгач, юзароқ қилиб жўяк тортди ва уруғларни сепиб чиқди. Кейин яна харракка ўтирди ва уруғлар униб чиқишини кута бошлади. Лекин жўякларда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.
– Э-эҳ, сабзавотлар униб-ўсиши учун жуда узоқ вақт керак-ку! – бирданига эслаб қолди у. – Жўякларни ҳам кўп марталаб юмшатиб, чопиқ қилиб, суғориб туриш лозим. Ўлгудай зерикарли иш-да бу ўзи!
Корина пишиллаганича сабзавот етиштириш учун хизмат қиладиган афсунларни ёдга олишга ҳаракат қила бошлади. Бунинг учун энг аввал ёмғир чақириш керак!
Қизча ўнг қўлининг бош бармоғини бурнининг учига теккизди ва жимжилоғини ўрмон томонга чўзди, сўнг бижирлай кетди:
– Будайла, булутайла, гумбурбан, шитирбаган, шарросайн!
Тез орада дарахтзорлар ортида момақалдироқ гумбурлари эшитилди. Мусаффо осмон ўртасида катта қора булут пайдо бўлди ва чақмоқларини чақнатганича, қишлоқ томон сузиб кела бошлади. Корина булутни Роннинг уйи тепасида тўхтатди ва бор овози билан бақирди:
– Ёғақол, ёмғир, ёғақол! Гумбурбан, шитирбаган, шарросайн!
Шу заҳотоиёқ қаттиқ жала ёғиб кетди. Қизча уйнинг остонасига томон қочмоқчи бўлди-ю, лекин дарров фикридан қайтди. Ахир ёмғирни ўзи чорлади-ку!
Корина ерни яхшилаб суғоргач, булутни қишлоқдан узоқроққа ҳайдади ва ўсимликларнинг ўсишини тезлаштирадиган жодуни ўқиди.
Икки соатлардан сўнг Рон хотини билан ўрмондан қайтди. Унинг аравасида бир нечта жўка дарахти ва шумтол дарахти ходалари бор эди. Улар қуритилиб, сўнг уй жиҳозларини тайёрлаш учун мўлжалланган. Қариялар аввалига жим бўлиб қолишди, кейин Рон жаҳл билан тўнғиллади:
– Қуёш чақнаб турган пайтда тўсатдан жала ёғиб қолганини ҳеч қачон кўрган эмасман. Агар ўрмондаги сўқмоқни ёмғир ювиб кетганида нима бўларди? Ходаларни ҳам йўлга ташлаб келишга мажбур бўлардик… И-я, мана буниси яна нима бўлди?
У кўзлари ола-кула бўлиб, қўллари қалтираганича, уй томонни кўрсатди. Дора ҳам ўша томонга қаради ва ҳайратдан вой-войлаб юборди.
Уй ёнидаги томорқада экинлар барқ уриб ўсиб турган жўяклар пайдо бўлиб қолибди. Помидор ва бодринглар пишиб етилган: шундоққина узгин-у, дастурхонга тортавер.
Чол-кампирни айниқса олма дарахтлари қаттиқ ажаблантирди. Уларни таниб бўлмай қолганди: дарахт таналари тўғриланиб қолган, шохлари ҳар томон ёйилиб ўсган, меваларининг оғирлигидан эгилиб қолган шохларда майда яшил олмачалар ўрнига катталиги одам муштидай келадиган олтинранг олмалар осилиб турибди.
Ям-яшил тус олган боғ орасида қариялар Коринани пайқамай ҳам қолишди. Қизча остона ёнида турар ва шошмасдан қип-қизил атиргул шохларини боғ қайчи билан кесмоқда эди.
Зум ўтмасдан Роннинг уйи ёнига бутун қишлоқ йиғилиб келди. Пирпиркўзлар ғаройиб тарзда обод бўлиб қолган томорқани кўриб, тинмай оҳ-воҳлашарди.
Меҳмондўст Дора ҳаммани олма билан сийлади, бирорта ҳам қўшни уйига бир сават янги сабзавот-меваларсиз қайтмади.
Корина бу мўъжизани оддийгина қилиб изоҳлай қолди:
– Менинг ойим ўсимликларни тез ўстириш йўлини билар эдилар. Менга ҳам бир нечта афсунни ўргатиб қўйганлар. Менимча, улар бу борада Бастинданинг ўзидан сабоқ олганлар…
Қишлоқ аҳолиси таассуфдан бош чайқашдан нарига ўтолмади. Жимитдай қизалоқ ҳақиқий афсунгар экан-ку! Бу нарса яхшилик аломати эмас…
Орадан бир ой ўтиб, Корина ноёб қобилиятини яна бир бор намойиш қилди.
Бу вақт ичида Гингема ниҳоят бутун инсониятни қириб юборишга қодир бўлган даҳшатли қуюнни пайдо қилишга тайёр бўлди. У бир талай қуритилган илон, сичқон, ўргимчак ва қурбақаларни тўплаб, улардан бир қозон жоду дамламасини қайнатди. Энди фақатгина Торннинг китобида ёзилган афсунни синаб кўриш қолганди, холос.
Ёвуз кампир аввалига қуюнни бутун Сеҳрли мамлакатга йўллаб, бу ерда энг қудратли жодугар ким эканини бутун аҳолига билдириб қўймоқчи бўлди. Лекин яхшилаб ўйлаб кўриб, Бинафша мамлакат билан кифояланишни маъқул топди. У қулай вақт келмагунча Виллина ҳамда Стелла билан жанжаллашмасликка, айниқса, ўша сирли Гудвин билан ўчакишмасликка қарор қилди.
Кейин супургисини сеҳрли дамламага ботириб олди-да, уни шарқ томонга сочиб, афсун сўзларини айтиб қичқира бошлади:
– Қўзғол, уюрма! Бинафша юртга жўна! Уйларни буз, дарахтларни ағдар, қўрқоқ Пирпиркўзларни осмонга учир!.. Ҳавойи, сазойи, гувалак, думарак!
Шундан сўнг атрофда кучли шамол турди. Мусаффо осмонда қора булутлар пайдо бўлиб қуюқлашди ва момақалдироғини гумбурлатиб, чақмоқларини чақнатганича, шиддат билан шарқ томонга сузиб кетди.
Гингема мамнунлик билан кафтларини бир-бирига ишқалади: афсун ўз қудратини намоён этди, энди Буюк Уюрмага тайёргарлик кўраверса ҳам бўлади…
Бўрон бирпасда Бинафша юрт сарҳадларигача етиб борди. Бастинда бу пайтда тепасига шоҳи чодир тортилган хашаматли катида роҳатланиб ухлаб ётарди. Момақалдироқ гумбури жодугарни уйғотиб юборди. У шоша-пиша шиппакларини оёғига илганича, дераза томонга югурди.
Бастинда ўнлаб чақмоқларини ярқиратиб келаётган кўкиш-қора булутларни кўриб, қўрқувдан қақшаб қолди. У ёмғирдан жуда қўрқарди. Қора булутлар Сеҳрли мамлакатда жуда кам кўринар эди. Бундай қуюқ булутни ҳам у ҳали шу пайтгача кўрмаган эди.
– Бу Гингема, агар шу нарса Гингеманинг иши бўлмаса, мени ер ютиб қўя қолсин! – инграб юборди у қўрқувдан кўзларини юмиб. – Фақат менинг балогинага йўлиққур сингилжонимгина бўронларни чорлай олади. Лекин улкан қора булутлар қаёқдан келиб қолди? Наҳотки у ҳам Торннинг китобини топиб олган бўлса?
Бу фикрдан Бастинданинг кайфияти бузилиб кетди. У шошилинч равишда ётоқхонасининг деразаларини ёпди, кўрпасига ўраниб ётиб олди ва ҳар эҳтимолга қарши катининг тепасига ёмғирпўшини ҳам маҳкамлаб қўйди.
Бинафша мамлакатга жуда кучли бўрон ҳамла қилди. Юзлаб дарахтларни илдизи билан суғуриб, осмонга худди момиқдай енгилгина кўтариб кетди. Қутурган шамолнинг шиддатига дош беролмаган кўплаб уйлар вайрон бўлиб, ўйинчоқ қутичалардай сочилиб кетди. Даҳшатга тушиб қолган Пирпиркўзлар ертўлаларига тушиб яшириндилар.
Бўрон Чашмалар қишлоғигача етиб келди. Даҳшатли гумбурлашни эшитган қишлоқ аҳлининг ҳаммаси кўчага ёпирилиб чиқди. Оқшом тушиб, ботаётган қуёш ҳозиргина мусаффо осмонни ёритиб турганди. Бу шовқинли гувиллаш ва шувиллаш қаёқдан келиб қолди?
Корина ҳам остонага югуриб чиқди. Олисдаги далалар тепасидан шиддат билан ёпирилиб келаётган қора булутлар уюмини кўргач, қизча ҳаммасини тушунди.
– Гингема… – пичирлади у қўрқув ичида. – Демак, кампир охири топибди-да…
– Нималар деб шивирлаяпсан, қизим? – ҳавотирда сўради Дора. – Юр, ертўлага яширинамиз. Жуда қаттиқ бўрон яқинлашиб келяпти. Бунақасини ҳеч қачон кўрган эмасман.
Кекса Рон бошини сарак-сарак қилди.
– Бунақа довул ҳамма нарсани вайрон қилади… Сенинг полизингни ҳам қўпориб кетади, болагинам. Афсус…
Корина саросимага тушиб қолди. Бўрон унинг экинзорини тупроққа қориштирадими? Олма дарахтларини синдирадими? Ноёб қизил атиргулларини сўлдирадими? Ҳеч ҳам-да!
У қарияларнинг ортидан ертўлага югуриб тушди. Улар ичкарига киришлари биланоқ, эшикни ташқаридан ёпди-ю, зулфинини илиб қўйди.
– Мендан хавотир олманглар! – қичқирди уларга Корина ва кўчага югуриб чиқди.
Қишлоқ бўшаб қолган, унинг барча истиқоматчилари ким қаердан панагоҳ топса, яшириниб кетишган.
Қизча қўрғондан ташқарига чиқиб, гумбурлаб келаётган булутларга пешвоз чиқди. Кичикроқ бир тепаликнинг устига чиқиб, Корина жодуни қайтарадиган афсунни ўқий бошлади:
– Доввули, шоввули, қуюнанта, қувуланта, айланайтак, қайтарайнак!
Осмонда ҳеч нарса ўзгармади. Қора булутлар тўхтовсиз яқинлашиб келмоқда, шамол эса янада кучлироқ қутуряпти. Ўрмонни зулмат қоплаб олди. Дарахтлар бўронга дош беролмай, инграб қарсиллайди.
“Наркнинг аҳволи нима кечди экан? – ўйлади қизча. – Уясига яшириниб улгурдимикан? Мен эса энди яшириниб улгуролмайман…”
Корина қўрқувдан ва асабдан қуруқшаган лабларини ялаган кўйи момақалдироқ гумбури шовқинидан ўз овозини ҳам зўрға илғаб, афсун сўзларини яна такрорлади:
– Доввули, шоввули, қуюнанта, қувуланта, айланайтак, қайтарайнак!
Айни шу пайтда бўрон худди кўзга кўринмас тўсиққа урилгандай бўлди. Қора булут таққа тўхтади ва чақмоқларини чақнатиб, турган жойида ерга жала дарёларини қуя бошлади.
– Ортингга қайт, бўрон, ҳозироқ қайтиб кет! – қичқирди Корина. – Қуюнанта, қувуланта!..
Жала булутлари унинг жодусига бўйсуниб, ортига чекинди ва қайтиб кетди.
Фақат бир соатлардан кейингина Пирпиркўзларнинг энг довюраклари ўз ертўлаларидан ташқарига мўралашга журъат этишди. Улар даҳшатли қора булут қишлоқларини четлаб ўтиб, қаёққадир ғойиб бўлиб қолганидан таажжубга тушдилар. Кўчаларга бир томчи ҳам ёмғир тушмабди. Ҳамма нарса аввалгидай ҳолатида турар эди.
Лекин битта камчиликни ҳамқишлоқларлар тезда пайқашди.
Кекса Рон ва Доранинг асранди қизлари ғойиб бўлиб қолибди. Чашмаларнинг истиқоматчилари бутун теварак атрофни қидириб чиқишди, қўшни ўрмонни ҳам тинтишди, лекин улкан бўри изидан бошқа ҳеч нарса топа олишмади.
Кейин Коринани бу ерларда ҳеч қачон кўришмади.
Бешинчи боб
КОРИНАНИНГ САРГАРДОНЛИКЛАРИ
Шу кундан бошлаб Коринанинг узоқ саргардонликлари бошланди.
У Чашмалар қишлоғини тарк этгач, Нарк иккови Пушти ўлка чегараларига яқин бориб қолмасликка ҳаракат қилиб, жануб томонга йўл олишди. Қашқирнинг сўзларига амал қилиб, қизча бир неча ой ўрмонда яшади. Нарк қизнинг ҳаётини енгиллаштиришга ҳаракат қилиб, ўлар-тириларига қарамасдан, ўзини ҳар ёққа урар эди. У теварак атрофда изғиб, ҳар куни ўз бекасига семиз-семиз қуёнлар, йирик беданалар ва ҳатто лаззатли хол-хол қўзиқоринларни ҳам олиб келарди. Баъзан у ўрмонда майда олмаларни топар, Корина эса майда, нордон меваларни катта-катта, ширин, олтинранг олмаларга айлантирарди.
Корина ўрмонда вақтини бекор ўтказмади. У ғорга кириш йўли ёнидаги тўнка устида ўтириб олиб, Гингема ўзига ўргатган жодуларни ва ота-онасидан эшитган маслаҳатларни эслашга ҳаракат қиларди. Кейин ўрмоннинг ичкарисига кириб кетиб, турли қўзиқоринлар, ўт-ўланлар ва тармеваларни териб келар эди. Нарк бекаси учун яқин қишлоқдан декча, қошиқ ва бардоқ ўғирлаб келди ва Корина бир пайтлар худди онаси Гона кўрсатгани каби гулханда шифобахш дамламаларни қайната бошлади. Бошқа пайтларда афсунгарликни машқ қилиш билан банд бўлди.
Ёлғизлик Коринанинг жонига теккач, у Қандоғоч қишлоғига йўл олди ва илгари Чашмалар қишлоғида кўрсатган “ариллаш” томошасини такрорлади. Лекин бир нечта бадавлат хонадонларга уни киритишни исташмагач, Корина қишлоқ чеккасига йўл олди.
Уни Лон исмли ёлғиз қария ўз уйига киритди. Қачонлардир Лон теваракдаги энг моҳир темирчи бўлган экан. Лекин қаричилик туфайли унинг кўзлари заифлашиб, қўлларидан мадор кетгач, ўз касбини ташлашга мажбур бўлибди.
Корина бу ерда ҳам дарров ишга киришди. Аввалига у бурган босиб кетган ҳовлида худди Роннинг даласидаги каби боғ ва полиз барпо қилди, кейин эса шифобахш гиёҳлардан тайёрланган дамламалар билан кекса Лоннинг кўзларини даволай бошлади. Қария бир куни эрталаб уйқудан уйғониб кўзини очгач, деворга тушиб турган бир тутамгина қуёш нурини кўриб қанчалар ҳайратда қолганини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди! Лон асранди қизини бениҳоя яхши кўриб қолди, лекин қишлоқнинг бошқа аҳолиси Коринадан қўрқа бошлашди. Чунки у кичкинагина қизча бўлса ҳам жоду амалларини яхши билан экан!
Бир куни Лоннинг эшигини Рокла исмли аёл тақиллатди. У қишлоқдаги энг бадавлат мурватсознинг хотини бўлиб, эри қушлар, турли жониворлар ва ўсимликлар кўринишида ишланган ноёб соатлари билан бутун мамлакатда машҳур эди. Устанинг маҳсулотлари ҳамма бозорларда талаш бўлиб, ҳатто Бастинда ҳам унинг укки шаклидаги девор соатини сотиб олганди.
Соатсоз устанинг уйида ҳамма нарса бисёр эди, аммо унинг хотини Рокла ва қизи Лоланинг нафслари ҳакалак отиб кетганди. Улар уйдаги жавонларни чиройли кийим-кечакларга, биллур идишларга, қумуш тақсимчаю косаларга, кўзачаю тувакларга тўлдириб ташлаган бўлсалар-да, ўзларини буюм йиғишдан ҳеч тўхтата олишмасди. Ҳар ҳафта улар уста билан бирга Бастага боришарди – ҳозир Бинафша мамлакатнинг бошкентини шундай аташаркан – ва у ердан бир арава қилиб турли молларни, шунингдек, сабзавот-меваларни олиб келишарди.
Беҳисоб бойлик ҳам Роклани ва қизини мурувватлироқ қила олмабди. Аксинча, бутун музофотда улардан кўра хасисроқ одам йўқ экан. Табиийки, Лоннинг ҳовлисида гуркираб яшнаётган мўъжизавий боғ ҳақида эшитгач, Рокланинг тинчи йўқолибди. Кекса Лоннинг кўзи шифо топгани ҳақидаги хабар қишлоқ бўйлаб ёйилиб кетганидан кейин эса Рокла ҳаммасини тушунибди. Ўша Корина деганлари – жодугар! Қизчани дарҳол ўз томонига оғдириб олмаса бўлмайди.
Ўша куни Лон уйда йўқ эди, кутилмаган меҳмонга эшикни Корина очди.
– Сизга нима керак? – ёқтирмайгина сўради у.
Рокла юзида самимий табассум ифодасини сунъий равишда намоён қилди.
– Қизгина, мен сендан бир хабар олиб қўяй деб келдим, – деди чақирилмаган меҳмон уйга куч билан тиқилиб кирганича. – Вой-эй, бу ер бунчаям қоронғи экан! Кулбанинг шифтлари намунча паст! Фу, Лоннинг уй жиҳозлари жуда қўпол ва хароб-ку. Идиш-товоқларни қара… шунақаям бўларканми?
– Менга шуниси ёқади, – хотиржамлик билан жавоб берди Корина, семиз Роклага совуқ нигоҳини қадаб.
– Бу нима деганинг, қизпошша?! – Қўлларини икки ёнига керди қўшни аёл. – Шундай ёқимтой қизча мана шу хужрачада яшай оларканми? Балки бизнинг уйимизга кўчиб ўтарсан? Лола иккимиз бундан жуда хурсанд бўламиз.
Корина қовоғини уйди.
– Мен бу қишлоққа кириб келганимда, энг аввал сизнинг эшигингизни тақиллатган эдим, Рокла хоним. Лекин мени остонадан ҳайдаб юборгандингиз. Энди нима учун бирданига меҳрибон бўлиб қолдингиз?
– Ўша куни менинг тобим йўқ эди! – хитоб қилди Рокла. – Менинг бошим тез-тез оғриб туради. Менга ишонавер, қизпошша, сен билан жуда аҳилликда ҳаёт кечирамиз. Кейинги ҳафтада Бастадаги бозорга борамиз ва сенга чиройли кўйлак билан ялтироқ ковушча оламиз! Сен оёғингдаги бошмоқчаларни кўргин, бутунлай ейилиб кетибди-ку, тагчарми кўчиб тушай деяпти.
Корина оёғидаги бошмоқчаларига қаради. Улар янги эмасди албатта, лекин Лон уларни пишиқ ип билан чоклаб берганди, бинобарин, улар ҳали яна анча вақт хизмат қила олади.
– Бўпти, – анча вақт ўйланиб тургач, розилик берди ёш жодугар. – Эртага уйингизга бош оғриғига даво бўладиган шифобахш дамлама олиб бораман. Яна боғингизни ҳам кўриб қўярман. У ерда қоқи ўтдан бошқа ҳеч нарса ўсмайди шекилли. Уёғини яна кўрармиз.
– Бориб қизимни қувонтириб қўяй! – хурсандликдан Рокланинг кўзлари чақнаб кетди. – У сени шунақанги яхши кўрадики!
Роклани кузатиб қўйгач, Корина қўлларини белида чалиштириб олиб, хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Гингема бирор ғаламисликни режалаштираётганида шундай қилишни ёқтиради.
– Мени яхши кўриб кетишаётганмиш, – минғирлади Корина, кўзлари ғазабдан қисилиб. – Бўлмасам-чи, сўзларингга шундоққина ишонақолдим-да! Уларга ўзим эмас, менинг сеҳр-жодуларим керак. Агар унинг биттагина илтимосини бажариб берсам, тамом, бу текинтомоқ бир умрга менинг елкамга миниб олади. Кейин эса бошқалар ҳам мени тушовлаб олишни истаб қолишади. Бундуна исмли қўшни аёл ўзининг боғида худди менинг томорқамдаги каби олмалар, бодринглар, қовоқчалар етилишини хоҳлаётганини шама қилиб қўйганди. Сабзавотларни жуда хуш кўрар эмишлар. Мен ўз экинларимни тез етилтириш учун қанча машаққат чекканим билан эса хонимчанинг ишлари ҳам йўқ. Йўқ, ОҚКЎНГИЛ соҳира бўлишдан фойда йўқ экан, Гингема рост айтибди. Озгина кўнгли бўшлик қилсанг, бу ношудлар бўйнингга ўтириб олиб, ниқташни бошлаб юборишар экан: менга ундай қилиб бер, менга бундай қилиб бер…
Корина жаҳл устида ЁВУЗ жодугар бўлишга қатъий қарор қилди-ю, лекин тезда бу фикридан қайтди. У Тамшанувчиларнинг Бастинда ва Гингема ҳақида қўрқув ва нафрат билан гапиришларини жуда кўп эшитган. Тўполончи болаларни ўшаларнинг номи билан қўрқитишади: “Агар шўхлик қилаверсанг Гингема супургисини миниб келади-да, қулоғингни еб кетади!”, “Агар овқатингни емасанг, бир кўзли Бастинда дарров буни кўради-да, сени еб қўйиш учун темиртиш бўриларни жўнатади!”. Йўқ, ёвуз бўлиш ёқимсиз нарсага ўхшаяпти…
Охир-оқибат Корина бу масаланинг ҳам айёрона ечимини топди.
“Бирваракайига ҳам МЕҲРЛИ, ҳам ҚАҲРЛИ сеҳргар бўлиш керак! Одамлар мени СЕВИШЛАРИ ва айни пайтда ҚЎРҚИШЛАРИ лозим. – ўйлади у. – Яхшиси, аввал қўрқишсин, кейин эса яхши кўришсин. Стелланинг қудратидан ва Виллинанинг заковатидан нима фойда бор? Ахир улардан ҳеч ким қўрқмайди-ку!
Буюк ва Даҳшатли Гудвинни ҳақиқий ҳукмдор деса бўлади! Унинг шуҳрати бутун Сеҳрли мамлакатга ёйилган. Айтишларича, у ғаройиб бир шаҳар бунёд этиб, унинг минораларини улкан зумрадлар билан безатганмиш. Тошлар қуёш нурида шундай ёрқин чақнар эканки, Зумрад шаҳар олис-олислардан ҳам кўриниб турармиш. Яшил мамлакат аҳолиси эса ўзининг янги ҳукмдорини жуда яхши кўрар экан – чунки энди уларга ҳеч қандай жодугарлар қўрқинчли эмас-да! Лекин Гудвин фақатгина Буюк эмас, у Даҳшатли ҳам… Овозаларга қараганда, у тунда даҳшатли маҳлуққа айланар экан ва темиртиш бўриларни, ҳатто қудратли аждартиш йўлбарсларни ҳам бурдалаб ташларкан. Шунга қарамасдан, ҳеч ким Гудвиндан нафратланмайди – ундан қўрқишади, бу қўрқув эса ҳурмат ва эҳтиромга йўғрилган.
– Масала ҳал, – ўйлади Корина, – энди мендан ҳам қўрқишади, лекин нафратланишмайди. Бирорта мамлакатга малика бўлганимда, раиятга жуда кўп яхшилик қиламан: бўш ерларда боғлар барпо этаман, барча ҳовлиларда ноёб гулзорлар пайдо қиламан, одамларни бўрон ва довуллардан асрайман – лекин бунинг учун менга итоат этишлари ва эҳтиром кўрсатишлари шарт. Агар кимдир ўз маликаси ҳақида бирор ножўя сўз айтса ёхуд менинг ҳузуримда бош эгиб туришдан бош тортса… О-о-о, у ҳолда менинг қаҳр-ғазабим қаттиқ бўлади!”
Эртаси куни тонгда юзида дўстона табассум ифодаси билан Рокланинг уйига келди. Найновгина Лола қаршисида чиройли қизчани кўргач, ҳасади келиб, афтини буриштирди, лекин ўлганининг кунидан, нордонгина ёлғон ишшайиш қилиб қўйди. Рокла эса ўзига хос бўлмаган меҳмондўстликни намойиш этиб, қизчани ҳатто тушлик қилишга таклиф қилди.
Корина унинг таклифини хушмуомалалик билан рад этди ва гиёҳ дамламали кўзачани узатди.
– Бу бош оғриғига қарши дори, – тушунтирди у. – Энди ҳовлига чиқиб, олма экиб бераман.
– Ҳамма олмалардан яхшисиними? – сўради Рокла.
– Ташвишланманг, – кулиб қўйди митти жодугар. – бунақасини бутун мамлакатдан тополмайсиз.
Қизча уйдан чиқди ва қоқи ўт босган ҳовлида уёқдан буёққа юриб, ҳар томонга уруғ соча бошлади. Кейин аллақандай афсунларни ўқиб, эртага хабар олишга ваъда берганича, бадал кетди.
Эрталаб Рокла уйқидан уйғониб, кўтаринки кайфиятда қизининг хонасига кирди.
– Ажойиб дори экан! – қувноқ оҳангда деди у. – Бу тентак Корина мени ғирт текинга даволаб кетди… Сенга нима бўлди, қизим?
Лола онасини кўриб чинқириб юборди ва боши билан чойшабга бурканиб олди.
Бундан ажабланган Рокла кўзгу ёнига борди… ва қўрқувдан овози борича бўкирди. Унинг бурни ўрнида чангаксимон тумшуқ пайдо бўлган, малла сочлари эса сассиқпопишакнинг рангдор тожига айланиб қолган эди. Балогинага йўлиққур қизча уни жодулаб кетибди!
Рокла жонҳолатда додлаганича, дераза томонга югурди ва даҳшатга тушиб, ўзини орқага отди. Бир кечада ҳовлиси бутунлай ўзгариб кетибди. Лекин у ерда мевали дарахтлар униб-ўсгани учун эмас, йўқ! Бутун ҳовлию уйнинг атрофларида темир тиканли буталар томдан баланд бўлиб тарвақайлаб ётибди. Уларнинг орасини эса қичитқи ўтлар босиб кетган.
Рокланинг дод-войига бирпасда бутун қишлоқ аҳли тўпланди. Эркаклар уйга йўл очиш учун буталарни кесиб-чопмоқчи бўлишди, лекин бунинг иложи бўлмади. Уларнинг пояси тошдан ҳам қаттиқ, игналари эса худди қутурган арилар тўдаси каби ачитиб чақади.
Кимлардир Лоннинг уйига бориш кераклигини тушуниб қолиб, ўша томонга югурди. Қария худди аввалги пайтларидаги каби устахонасида ишлар, Коринанинг эса бу ерда изи ҳам қолмаган эди.
Қизча ўрмон этагидаги тепалик устида туриб, Пирпиркўзлар Рокланинг уйи ёнида иложсиз югуриб юришганини шафқатсиз бир ишшайиш билан хотиржам кузатиб турибди. Бу Корина пайдо қилган биринчи ёвуз жоду эди, у қизчани бениҳоя қувонтириб юборди.
– Ёвуз афсунгар бўлиш ҳам жуда ёқимли экан, Нарк! – хитоб қилди у.
Қизнинг ёнида турган қашқир мамнун иршайди.
Айни шу пайт уларнинг тепаларига бир ҳакка учиб келди.
– Эшитдингларми, эшитдингларми, эшитдингларми? – чирқиллади у икковлоннинг боши устида чир айланиб. – Гингема, Гингема, Гингема! Эшитдингларми, эшитдингларми, эшитдингларми? Виллина! Виллина! Виллина!
– Йўғ-а, эшитмадик-а, – заҳарханда билан жавоб қилди Корина. – Бемаъни вайсақиликни бас қил. Нима бўлди?
– Гингема ҳалок бўлди! – ховлиқиб хабар қилди ҳакка. – Уни Ажалвор Кулбача париси эзиб ташлабди.
Корина сергакланди:
– Ажалвор Кулбача париси деганинг ким? У ҳақда ҳеч қачон эшитмаган эканман. Гингемани ҳам ўлдириб бўларканми? У дунёдаги энг қудратли жодугар-ку?!
– Йўқ, Виллина ундан кўра кучлироқ! – яна чирқиллади ҳакка. – Гингема қаттиқ бўрон қўзғатди – ҳавойи, сазойи, гувалак, думарак!… Лекин Виллина зидди жоду ўқиб, бўронни тоғлар ортидаги кулбачани олиб келишга мажбур қилди ва уни Гингеманинг устига ташлашни буюрди. Тақ-тарақ-парақ! Гингема шу заҳотиёқ чалпакка айланиб қўяқолди, гувалак, думарак! Ўша кулбачанинг ичидан жажжигина париқиз билан миттигина қоп-қора, даҳшатли, ваҳшатли ва жаҳлдор маҳлуқча чиқиб келди. Уларни Виллинанинг ўзи шахсан кутиб олди. Кейин эса париқиз сариқ ғиштли йўлдан кетди-ворди. Эшитдингларми? Эшитдингларми? Гингема ўлди! Гингема ҳалок бўлди!..
Ҳакка учиб кетди.
Корина ўйланиб қолди. У Гингеманинг ўлимидан қайғуга тушди, албатта. Лекин Сеҳрли мамлакатда қандайдир Ажалвор Кулбача париси пайдо бўлгани ҳақидаги хабар уни кўпроқ ташвишга солди. У ким ўзи? Ўша паридан нимани кутиш мумкин? Наҳотки Коринанинг йўлида яна бир рақиба пайдо бўлган бўлса?
Яна иккита нарса Коринанинг кўнглини ғаш қиларди. Маълум бўлдики, ОҚКЎНГИЛ соҳира Виллина ЁВУЗЛИКка ҳам қодир экан. У Гингемани ўлдирибди. Катта Дунёни вайронкор қуюндан қутқариб қолиш учун шу чорани қўллагани аҳамиятсиз. Бу ҳолат Виллинани янада хавфлироқ рақибага айлантиради. Иккинчиси эса, энди Гингеманинг ёрдамига умид қилмаса ҳам бўлади. Афсуски, мустақил ҳаёт учун Корина ҳали жуда ҳам ёшлик қилади…
Бир оз хаёлга толгач, қизча қатъият билан деди:
– Биз Мовий ўлкага қайтамиз, Нарк. Ҳозироқ.
Бўри ҳавотирга тушди.
– Сен Гингеманинг ўрнига малика бўлмоқчимисан? – сўради у.
– Йўқ, ҳокимиятни эгаллашимга ҳали вақт бор, – бош чайқади Корина. – Лекин ўша онлар албатта келади…
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?