Текст книги "ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб"
Автор книги: С. Сухинов
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 10 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
НАШРГА ТАЙЁР!!! МУКАММАЛ ВАРИАНТ!!!
С. Сухинов
Таржимон Алишер Саъдулла
ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ
Биринчи китоб
Эртакчи бобонинг вориси.
Азиз болажонлар!
Бир неча авлод китобхонларнинг севимли ёзувчиларидан бири бўлган Александр Волковнинг “Зумрад шаҳар сеҳргари” эртак қиссаси Сизлар учун ҳам аллақачон энг мароқли китоблардан бирига айланиб улгургани шубҳасиз. Элли исмли ёқимтой қизалоқнинг кулбачасини бўрон учириб, сеҳрли бир мамлакатга олиб кетгани, у ерда Эллининг бошидан кечган саргузаштлар, унинг Темир Ўтинчи, Похол Қўриқчи ҳамда Қўрқоқ Шер билан дўстлашгани, барчалари Сариқ ғиштли йўл бўйлаб бориб, Зумрад шаҳарга дуч келганлари, шаҳарнинг сеҳргар ҳукмдори Буюк Гудвиндан ёрдам сўраганлари, Бастинданинг сеҳрли ковушчалари ёрдамида Элли қадрдон уйига қайтгани ҳамон ҳозиргидай ёдингизда, албатта. Сеҳрли мамлакатда истиқомат қилувчи кўплаб ажойиб қаҳрамонларнинг бюшдан кечирган ғаройиб саргузаштларини муаллифнинг “Урфин Жюс ва унинг ёғоч аскарлари”, “Етти ер ости подшоҳи”, “Марронларнинг олов маъбуди”, “Сариқ туман” ҳамда “Ташландиқ қаср сири” китобларидан ўқиб, билиб олгансизлар.
Сеҳрли мамлакатнинг узоқ тарихидан ҳам, Эллининг сафаридан аввал ва кейин у ерда қандай ҳодисалар содир бўлганидан ҳам барчамиз бехабар қолган эдик. Чунки эртакчи Александр бобо кексайиб, саёҳатларга чиқа олмай қолганидан кейин митти одамчалар ўлкасидан ҳеч қандай хабарлар келмай қўйди. Шундан сўнг эртакчи бобонинг ғойибона вориси Сергей Сухинов Сеҳрли мамлакат ҳаёти билан танишиш ва у ерлик аҳолининг қувонч ва ташвишларидан эртаксевар китобхонларни воқиф этиш учун олис ва хатарли хаёлот оламига сафар қилди. Чунки у ҳам бизлар каби Сеҳрли мамлакатнинг тарихини ўрганишга, Соҳира Виллинанинг, Пари Стелланинг, Жодугар Гингеманинг ва Ялмоғиз Бастинданинг сирларини аниқлашга, Сариқ ўлкада кимлар яшашини билишга, Пушти юртга сафар қилишга орзуманд эди.
Ана шу хаёлий саёҳат сабаб бўлиб, бизлар С. Сухинов қаламига мансуб “Гингеманинг қизи” китобини мутолаа этиб, жодугар Гингеманинг Сеҳрли мамлакатга қандай келиб қолганини билиб оламиз, унинг асранди қизи – ялмоғиз Коринанинг ҳаёти билан танишамиз… Хуллас, буларнинг ҳаммасини саргузашт давомида билиб бораверамиз… Демак, қадим-қадим замонда…
Биринчи қисм
ЯЛҚОВ ЖОДУГАР
Биринчи боб
ЖОДУГАР ГРАФ ХОНИМ
Қадим-қадим замонларда олис Фарангистонда Гингема исмли қудратли жодугар яшаган эди. У қалин ўрмондаги чуқур хандақ билан ўралган, баланд тош деворли файзсиз қасрда истиқомат қиларди. Гингема тез-тез ўз узлатхонасини тарк этиб, Парижга – подшоҳ Луи саройига ташриф буюрарди. Бу ерда уни Барр граф хоним номи билан билишар ва у подшоҳликдаги энг гўзал аёллардан саналар эди. Граф хонимнинг сочлари тимқора, ўзи қордай оппоқ, жигарранг кўзлари эса ўрмон ёнғоғи тусида эди. Граф хонимни севиб қолган подшоҳ унга турмушга чиқишни таклиф этди.
Луининг онаси бу ҳолдан қайғуга тушди. Чунки Барр граф хонимнинг жин-ажиналар билан алоқаси борлиги тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар юрарди. Маликанинг буйруғига кўра, ҳарбий тўралардан бири граф хонимнинг қасрига яширинча кириб, унинг хонаси қуритилган илонларга, ўргимчак ва сичқонларга тўла эканини кўрди. Гингема унинг кўз ўнгида чигал сочлари оппоқ, чангактумшуқ кампирга айланиб, занг босган иркит қозонда қандайдир дамламани қайнатиб, қўрқинчли афсунларни ўқий бошлади.
Буни эшитган подшоҳ Луининг ғазаби қўзиб, жодугарни ҳибсга олишни буюрди. Гингеманинг қасри подшоҳ саройи қўшинларининг қуршовида қолди. Қасрнинг мусти-маҳкам деворлари замбарак ўқларидан зир титрарди. Жодугар ер ости йўли орқали жуфтакни ростламоқчи бўлди-ю, лекин ҳарбий бўлинма қўмондони ертўлага хандақнинг сувини оқизишни буюрди. Чўкиб кетишига бир бахя қолган Гингема қайтадан қасрга қочиб кирди.
У бош минорага кўтарилди-да, ўша ердан пастга қаради. Ўрмон аскарларга тўлиб кетганди. Машъалалар ва гулханлар шуъласидан жодугарнинг кўзлари қамашди.
Ҳамма томондан: “Жодугарга ўлим! Ўлим ялмоғизга!” – деган хитоблар янграрди. Оқ кўйлакли шарпани кўргач эса, ҳарбийларнинг қўрқувдан юраклари товонларига тушиб, ҳаммалари жимиб қолишди. Шунда Гингема уларга қаҳрли қичқирди:
– Менинг малика бўлишимни истамадингиз, жирканч маҳлуқлар. Энди эса ўзларингдан кўрларинг – мен сизларнинг ажалингизга айланаман! Онт ичиб айтаманки, ҳаммангизни қириб ташлайман, ночор одамчалар! Ер юзида фақатгина менинг суюкли ўргимчакларим ва сичқончалар, илон ва қурбақалар, чаён ва қовоғарилар қолишади!
Гингеманинг кўзларида ёвузлик учқунлари чақнади ва қорачиғидан одамлар устига мовий чақмоқлар отилди. Ердаги ўт-ўланлар шу ондаёқ ловиллаб ёна бошлади.
Аскарлар қўрққанларидан қочиб қолишга шайланишди. Лекин бўлинма қўмондони жодугарнинг таҳдидларига кулиб қўя қолди:
– Гапни кўпайтириб, вақтни чўзиб нима қиласан, бадбуруш тавия? Шунчалик зўр бўлсанг, сеҳр-жодуларинг билан аскарларимни тезроқ ёндириб юборақолмайсанми?!
Аламдан Гингеманинг тишлари ғижирлаб, қўмондонга кўзларини чақчайтирди.
– Ҳозирча шунга қодир бўлмайроқ турибман! – бўкирди у. – Лекин ғайриоддий кучга эга бўлган жодуни қаердан олишни биламан. У ҳали шунақанги кучли бўронни қўзғайдики, ер юзида биттаям одам қолмайди. Эшитдиларингми? Биттанг ҳам қолмайсан!
Кутилмаганда Гингема қўрқинчли, бадбуруш букри кампирга айланди ва супургисига сакраб миниб, ҳавога кўтарилди. Аскарлар қўлларидаги қурол-яроғларини улоқтириб, ерга таппа-туппа қулашди.
Ўшандан кейин Барр граф хонимни Фарангистонда ҳеч ким кўрмадиям, эшитмадиям.
Гингема Сеҳрли мамлакат ҳақида, уни барпо қилган қудратли Торн ҳақида, бутун дунёдаги сеҳр-жоду афсунлари жамланган учта китоб тўғрисида Афсонавор мавжудотлар халқидан эшитган эди. Билағон гномлар унга Торннинг қачонлардир вафот этиб кетганини, ўзининг янги мамлакатига Афсонавор халқнинг кўчиб ўтишини кўришга муваффақ бўла олмаганини, ҳолбуки ўша Сеҳрли ўлкани айнан Афсонавор халқ учун атайин бунёд этганини сўзлаб беришганди. Ҳозир эса у ерда ҳеч қандай сеҳр-жоду сирларидан бехабар ювошгина митти одамчалар яшашар эмиш.
“Айни менбоп жой экан! Мен ўша мамлакатнинг соҳибаси бўла оламан, – хаёлга толди Гингема, тунги осмонда дарахтларнинг шундоққина тепасидан учиб ўтаётиб, ўрмондаги барча бойқуш ҳамда уккиларни чўчитиб ўтган кўйи. – Менинг жодуларим ўша ерлик тентак аҳолини ваҳимага солиш учун бемалол етиб-ортади. Мендан бошқа ким ҳам бўрон ва жалаларни қойилмақом қилиб қўзғата оларди? Латтаки-шарттаки-суваки-челаклаки… Ярамас пакана одамчалар ҳали оёғим остида эмаклаб-ўрмалашади! Улар туну кун мен учун илон, ўргимчак ва қурбақа йиғишади, мен эса бу пайтда Торннинг афсун китобларини излаш билан банд бўламан. Айёр чол уларни ҳеч ким топа олмайдиган қилиб яшириб кетгани шубҳасиз. Лекин мени гўл қилиб бўпсан… Мен барча сеҳрли афсунларни ўрганиб олганимдан кейин эса… Ана ўшанда Подшоҳ Луи билан ҳам, бошқа барча одам-подамлар билан ҳам ҳисоб-китобни калта қиламан. Ана ўшанда мен малика бўламан, лекин Фарангистонга эмас! Ҳа-ҳа-ҳа, ҳудуди бир қарич мамлакатчани бошимга ураманми? Мен бутун оламларга ҳукмронлик қиламан”.
Гингема жуда унчалик қудратли жодугар бўлмаса ҳам, лекин ҳаддан ташқари ўзига бино қўйиб юборган эди. У дунёда бошқа соҳиралар ҳам борлигини ҳисобга олмаётганди.
Жодугарнинг уммон узра саёҳати ниҳоятда машаққатли ва хатарли кечди. Гингема бир неча марта довулларга дуч келди: бундай даҳшатли офатни ҳатто унинг сеҳр-жодуси ҳам тўхтата олмади. Баъзан у ўзининг супургиси билан шу қадар пастлаб кетар эдики, ҳатто оёғи тўлқин ўркачларига тегай-тегай деб қоларди. Гингема қўрқувдан чўчқачадай чийилларди – чунки сувда сузишни билмасди-да – ваҳиманинг зўридан яна рутубатли осмонга кўтарилиб кетарди. Атрофда чақмоқлар чақнайди, ҳаво момақалдироқ гумбурларидан парчаланиб кетай дейди. Жодугар энди малика тожи ҳақида эмас, балки қандай тирик қолиш ҳақида ўйлаш билан овора эди.
Тонгга яқин Гингема ниҳоят Америка қитъасига етиб борди. Яна бир неча кунини Айлана Дунё тоғларини излашга сарфлади. Жодугар сўнгги кучларини сарфлаб, довондан учиб ўтгач, қуёш нурлари ҳовуч-ҳовуч тўкилиб турган, атрофи мевали боғлар билан қуршалган майсазорга келиб тушди. Меваларнинг ғайриоддий таъмидан у ўзининг Сеҳрли мамлакатда эканини фаҳмлади. Энди кирлаб кетган афт-башарасини ювиб, йўлда иркит бўлиб кетган кўйлагини тозалаш ва ўлкани истило қилиш қолганди, холос. Ана ундан кейин эса машаққатли сафар поёнига етгани муносабати билан бир оз ҳордиқ чиқариб олса арзийди.
Лекин уйдаги гап кўчага тўғри келарканми! Кутилмаганда мовий осмонда бирваракайига учта булут кўзга ташланди. Улар асталик билан майсазорга қўнди ва яна уч нафар соҳираларни кўрган Гингема қайғуга ботди. Уларнинг орасида Гингеманинг опаси Бастинда ҳам бор эди – қўлтиғи остига ёмғирпўш қистириб олган бир кўзли бадбуруш кампир. Кўзида меҳр учқунланиб турган, ўрта ёшлардан ўтган соддадил аёл ўзини Виллина деб таништирди. Оқ-сариқ сочли соҳибжамол эса Стелла экан. Гингема уларнинг қудрати ҳақида илгари кўп эшитган эди, шу боис ҳам кутилмаган рақибаларини кўрган заҳотиёқ ранги гезариб, башараси буришиб, пешанаси тиришиб кетди.
– Э-э, бу менинг суюкли сингилгинам-ку! – ғижирлаган товушда деди Бастинда. – Кўпдан бери кўришмагандик. Эшитишимча, сени аллақайси подшоҳликдан қувиб чиқаришганмиш? Демак, кексайибсан, қариб, тамом бўлибсан, ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!
Гингема эътироз билдириш учун энди оғзини очмоқчи бўлувди, шундоққина ёнгинасидан оқиб ўтаётган сойдаги аксига кўзи тушиб, овози чиқмай қолди. У қиёфасини ўзгартиришни буткул унутиб, қари жодугар ҳолича қолиб кетган экан. У ўзига кечаги ҳуснини қайтармоқчи бўлди-ю, Стеллага қараб туриб, фикридан қайтди. Ёш соҳира барибир Гингемадан кўра ЧИРОЙЛИРОҚ эди!
– Бу ердан йўқолларинг! – чинқирди Гингема, оғзидан тупугини сачратиб. – Бу менинг мамлакатим, мен бу ерга биринчи бўлиб учиб келдим!
– Э, қўйсанг-чи, – ишшайиб қўйди Бастинда ва соябонини таҳдидли селпиди. – Сен болалигингдан бирор нарсани бўлишишни хоҳламасдинг, лекин бу сафар мажбурсан. Мен шу ерда, Торннинг юртида қўним топишга қарор қилдим. Катта дунёда тинч яшаб бўлмай қолди, ҳаммаси балогинага йўлиқсин! Бу ерда қуёш нурлари мўл, иқлими иссиқ…
– Қуёш тафтини хоҳлаб қолганмиш! – ишонқирамай тўнғиллади Гингема, икки қўлини икки биқинига тираб. – Сенинг мақсадингни биламан. Торннинг сеҳргарлик китобларини ўзингники қилиб олмоқчисан шекилли-да? Ҳар бир қора булут соясини кўрганингда қўрқувдан титраб-қақшаш жонингга тегдими, а?
– Афсун китобларини ҳали аввал топиш керак, – деди майингина овозда Виллина, бошини сарак-сарак қилиб опа-сингил ялмоғизларга синовчан тикилганича. – Китобларнинг сеҳрини шу ғаройиб ўлка аҳолисининг фаровонлиги учун ишлатишга хоҳишларинг бормикан ўзи?
– Тўғри фикр! – дея унинг сўзларини қувватлади Стелла кумуш қўнғироқчалар жарангидай оҳангдор товушда. – Сеҳрли мамлакат аҳолиси сизлар каби ёвуз меҳмонларни ўз тупроғида қабул қилишни истармикан?
Гингеманинг энсаси қотди.
– Уларнинг истаклари мен учун сариқ чақага ҳам арзимайди. Асосийси, мен бу мамлакатга ҳукмронлик қилишни хоҳлашимда. Дарвоқе, бу ўлка қандай аталар экан ўзи?
Виллина нафис кўйлагининг бурамалари орасидан миттигина китобча олди-да, унга енгил пуфлади. Китобча соҳираларнинг кўз ўнгида сеҳрли битикка айланди. Виллина уни варақлаб, Торннинг юртида Мовий, Сариқ, Бинафша, Яшил ва Пушти юртлар борлигини ўқиб билди. У соҳираларга бу мамлакатларни ўзаро бўлишиб олишни ва мана шу ғаройиб ўлканинг аҳолиси бошига кўплаб кулфатлар келтирувчи урушларга йўл қўймасдан, ўзаро муроса қилиб яшашни таклиф этди.
Гингема рақибаларига норозилик билан тикилди. Бастиндани болалигиданоқ кўргани кўзи йўқ, лекин ундан бир оз чўчиб турарди. Опасининг бошида олтин дубулға ярқираб турибди – гап-сўзларга қараганда, Бастинда унинг ёрдамида қудратли Учар Маймунлар қабиласига ҳукмронлик қилган экан. Виллина оқкўнгил соҳиралар ичида энг донишманд пари экани билан танилган, Стелла – бениҳоя қудратли, бундан ташқари у абадий ёшлик сирининг соҳибаси. Улар билан ўчакишишга Гингеманинг юраги дов бермайди.
– Бўпти, – тўнғиллади у. – Биз ҳозир қайси юртда турибмиз?
– Мовий ўлкада, – жавоб қилди Виллина, китобига яна бир нигоҳ ташлаб қўйиб. – Бу ерда Тамшанувчилар халқи истиқомат қилади.
– Менга Тамшанувчилар ҳам бўлаверади, – розилик берди Гингема. – Энди менинг мамлакатимдан йўқолларинг, иккинчи марта кўзимга кўринмаларинг!
Қолган учта пари қуръа ташлашди. Бастинданинг чекига Бинафша мамлакат тушди, Виллинага – Сариқ юрт, Стеллага эса Пушти мамлакат насиб этди. Шундан сўнг париларнинг учовлари оппоқ булутчаларга ўтиришди ва ўз салтанатлари томон учиб кетишди. Лекин парвоз олдидан Виллина ялмоғизларни огоҳлантирди:
– Билиб қўйинглар, Гингема ва Бастинда, сизлар ўз мамлакатингиз сарҳадларини тарк этмаслигингиз лозим. Акс ҳолда мен сизларга қарши уруш эълон қиламан. Биламан, икковингиз ҳам Торннинг китобларига эга бўлиб, янада кўпроқ қудратга эришмоқчисизлар. Бу ерга айнан шунинг учун келдинглар. Агар сизлар Олий Жоду сиридан воқиф бўлиб қолсангиз, ер юзида нималарни содир этишингизни ўйлашнинг ўзи ҳам даҳшат! Мен сизларни кузатиб тураман ва Вайронкор Ёвузлик амалга ошишига йўл қўймайман. Тағин ким билсин, бу ғаройиб юртнинг эзгуликка йўғрилган ҳавоси, шу тупроқда истиқомат қилувчи жонзотларнинг меҳрга тўла қалби балки моғор босган чиркин юракларингиздаги ифлосликларнинг барҳам топишига сабаб бўлар? Бу салтанат фақат Буюк Эзгулик учун яралган. Торн бу мамлакатни ўзининг Афсонавор халқи учун бунёд этган, лекин бу ерда жой ҳаммага етади! Аммо Ёвузликка бу тупроқда ўрин йўқ.
Гингема уч нафар рақибаларининг мовий осмонда кўздан ғойиб бўлишларини иложсиз бир ғазаб билан кузатиб турди. Унинг Сеҳрли мамлакатга биринчи қадамини қўйган пайтидаги хушнудлик кайфиятидан энди асар ҳам қолмаганди.
Сўнг баланд қоя тепасига чиқиб, аламидан чийилдоқ овоз билан шунақанги чинқирдики, бу қичқириқдан атрофдаги барча қишлоқларнинг аҳолиси ўрмон чеккасига тўпланди. Шунда Гингема ўзини Мовий ўлка маликаси дея эълон қилди ва аҳли раиятни довул, сув тошқинлари ва қурғоқчилик билан ҳалок этиши мумкинлигини айтиб, дағдаға қилди. Тамшанувчилар иккиланиш билан бир-бирларига қараб қолишди. Лекин осмонда чақмоқлар чақнаб, дарахтлар бўрон забтига дош беролмасдан ерга қулашни бошлагач, ювош одамчалар итоаткорона тиз чўкдилар. Улар қўрқувдан дод-вой солиб, Гингемани ўз маликалари дея тан олишга рози эканларини билдиришди. Жодугар дарҳол уларга ўлпон солди. Тамшанувчилар ҳар куни унга бир саватдан илон, қўнғиз, бақа ва ўргимчак келтириб беришлари шарт. Тамшанувчилар янада қаттиқроқ ариллаб, бош ирғаган ҳолда розилик билдиришди. Улар илонлардан қаттиқ қўрқишади, ўргимчаклардан ҳазар қилишади, лекин шундай қудратли жодугарга итоат этмасдан бўларканми?
Гингема аввалига ўзи учун ҳашаматли сарой қурдирмоқчи бўлди – у Фарангистон подшоҳининг қасридан ҳам кўркамроқ бўлиши шарт, – аммо тезда бу фикридан қайтди. У ҳатто мана шу тупканинг тагида, Торннинг мамлакатида ҳам ягона малика эмаслигини ўйлаб, шу заҳотиёқ руҳи тушиб кетди. Қудратли соҳира қўшниларинг биқинингга бигиздай ботиб турса, бутун дунёни қандай қилиб эгаллайсан?
Ҳамма нарсадан норози, ғамга ботган жодугар тоғ этакларида топиш мумкин бўлган энг қоронғи ва зах босган ғорга жойлашди. Деворларга шолча ўрнига қуритилган сичқонларни боғлам-боғлам қилиб осиб қўйди. Ғорни мармар ҳайкаллар ўрнига тимсоҳ тулуми билан безади. Ҳурковуч Тамшанувчилар қўрқув ичида унинг ғорига яқинлашишди. Уларнинг кўзларидаги ваҳимани кўриш Гингемага жуда ёқиб қолди.
Йиллар ортидан йиллар ўтаверди, лекин жодугарнинг қудрати мисқолча ҳам ортгани йўқ. У ўз мамлакатининг барча бурчак-мурчакларини титиб, ҳамма ғорларга кириб-чиқди, барча ўрмонларни айланди, аммо Торн яшаган масканни топа олмади. Парилар ҳеч ким эгалик қилмаслигига келишиб олишган Яшил мамлакатдан ҳам унинг изларини топа олмади. Демак, Торн бошқа жойда яшаган. Лекин қаерда? Агар унинг қалъасини Бастинда топган бўлса-ю, ўз рақибаларини, шу жумладан синглисини ҳам ҳалок қилишга тайёрланаётган бўлса-чи? Торннинг китоблари Стелланинг қўлига тушган бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда ўша ойимча бутун Сеҳрли мамлакатни ёвузликдан тозалашга уриниши шубҳасиз. Вой-вой-эй, бу ҳақда ўйлаганингнинг ўзидаёқ сочларинг оқариб кетади-я! Агар буюк сеҳргарнинг меросини Виллина топиб олса-чи?… Ким биладики, меҳрли кўзларида донолик акс этган бу кўримсизгина аёлдан қандай нағмаларни кутиш мумкин. Виллина ўзининг Сариқ юртида гўёки ташқи оламдан кўринмас девор билан тўсилиб олган каби яшаяпти. Гингема уч марта у ерга суқилиб киришга уриниб кўрди, лекин ҳар сафар қандайдир номаълум куч уни йўлидан адаштириб юбораверди. Ўрмондаги тўғри сўқмоқ бўйлаб юради-юради-да, кутилмаганда яна ўзининг Мовий мамлакатида бўлиб қолади. Гингема бу сирли жумбоқни ҳеч қанақасига еча олмади.
Ниҳоят, орадан ярим аср вақт ўтиб, ёлғизлик Гингеманинг жонига тегди. У ўлардек бўлиб ким биландир сўзлашгиси, дардини айтиб, ҳаётидан нолигиси кела бошлади. Аммо анави қуёнюрак Тамшанувчилар билан дардлашиб бўларканми? Ҳатто унинг қадам товушини эшитишлари билан тутқаноқ тутгандай қалтираб қолишади-ку.
Охир-оқибат Гингеманинг сабри чидамади ва ўзининг асосий афсунини қўллашга қарор қилди. У яна гўзал ёш аёлга айланди ва ўрмон сўқмоғи бўйлаб энг яқин қишлоққа йўл олди. У қишлоқ болаларини сийлаш учун кўп йиллар мобайнида биринчи марта ўз қўли билан варақи пиширди. У бир соатга бўлса ҳам яна Барр граф хоним бўлиб қолгиси ва ўз фуқароларининг нигоҳларида фақатгина қўрқувни эмас, ҳавасни ҳам кўргиси келганди.
Қалин қарағайзорга киргач, Гингеманинг кўнгли қаттиқ ғашланди. Унга гўё ортидан кимдир кузатиб келаётгандай туюлаверди.
Тез орада қирққулоқ буталари орасидан улкан қашқир чиқиб келди ва сўқмоқда тўхтаб, бошини эгганича, қозиқ тишларини ирғайтирди. Гингема титраб кетди – қашқирнинг тишлари темирдан эди!
– Ҳа, соҳибжамол, ўрмонда ёлғиз сайр қилгинг келиб қолдими? – таънаомуз сўради маҳлуқ. – Агар чангалзорда бўзқашқир ҳамла қилиб қолса нима бўлади?
– Қашқир дейсанми? – таажжубланди Гингема. – Мовий ўлкада қашқирлар борлигини эшитмаган эканман. Кучуклар учраб туриши бор гап, лекин хивич билан уларнинг адабини бериб қўйиш мумкин.
– Майли, уриниб кўрақол, – ваҳимали товушда жавоб қилди қашқир ва аёл томонга қадам ташлади.
Гингема тиржайиб қўйди. Жодугарнинг юрагидаги қўрқув хуружидан энди асар ҳам қолмаганди.
“Сеҳргар бўлиш яхши нарса-да, – дея ўйлади у. – Бу темиртишнинг суробини тўғирлаб қўйиш қўлимдан келади…”
Қашқир сакрашга тайёрланиб, орқа оёқларини букди, ана шу тобда Гингема ёш соҳибжамолдан яна бадбуруш кампирга айланди. Қўлини юқори кўтариб, қандоғоч дарахтининг битта шохини синдириб олди. Шох шу заҳотиёқ алангаланди. Гингема ҳайратга тушиб қолган йиртқичнинг шундоққина тумшуғи олдида қўлидаги ёниб турган ёғочни селпиди – ердаги ўт-ўланлар гуриллаб ёна бошлади.
– Нега ҳамла қилмаяпсан? – ишшайиб туриб кесатиқ гап қилди жодугар.
Қашқир қулоқларини қисганича, ерга ястаниб олди ва қўрқувдан кучукболадай ангиллаб юборди.
– Мени кечир, Гингема, сени танимабман. Аслида хизматингга ёлланиш учун ҳузурингга келаётган эдим.
– Менинг хизматимга-я? – ҳайрон бўлди жодугар ва битта қошини чимириш билан оловни ўчирди. – Сенга бунинг нима ҳожати бор? Ўрмонда ўлжа тополмай қолдингми? Бу ерда қуёнлар билан тулкилар ов учун етарли-ку.
Йиртқичнинг кўзлари ёвуз чақнаб кетди.
– Мен қасос олмоқчиман.
– Кимдан?
– Опанг Бастиндадан.
– Нима-а? Сен кимсан ўзи опамга таҳдид қиладиган?
Қашқирнинг лақаби Нарк эди. У Бинафша ва Сариқ юртлар чегарасидаги қалин ўрмонда яшовчи темиртиш бўрилар тўдасининг етакчиси экан. У ерларда қашқирлардан кўра ёвузроқ ва шафқатсизроқ ҳайвонлар йўқ эмиш. Ҳатто ханжартиш йўлбарслар ҳам бу ваҳший, қўрқмас маҳлуқларнинг ҳамлаларига чидай олмасдан, бошқа манзилларга жўнаб қолишга мажбур бўлишибди. Бўрилар орасида энг кучлиси ва ақллиси Нарк экан.
Лекин бир куни ўрмонга қандайдир кампир келибди, ўзини Бастинда деб таништирибди ва темиртишларнинг унга итоат этишларини талаб қилибди.
“Бугундан бошлаб абадул абад менинг хизматимда бўласизлар, – эълон қилибди кампир. – Сизларни биринчи чорлашимдаёқ зудлик билан Бинафша саройга етиб келасизлар ва…”
Нарк тишларини ирғайтириб, унга дўқ урибди:
“Бу ердан йўқол, ипирисқи маҳлуқ! Бахтингга қуруқшаган танангда бир бурда ҳам этинг йўқ экан. Акс ҳолда сени аллақачон бурдалаб ташлаган бўлардим. Темиртишлар ҳеч қачон одамзотга хизмат қилган эмас ва унга итоат этмайди ҳам. Сен, бадбўй дала сичқони, бизни хонаки ит ўрнида кўриб, буйруқ беришга журъат этдингми?”
“Журъат этдим, оповси, журъат этдим, − тиржайибди Бастинда. – Бўрика– мўрика-кучика-итика…”
У афсунини ўқиб бўлиши биланоқ, Нарк оёқларининг ўз хоҳишига қарши букилиб бораётганини ҳис этди. Бутун тўда ерга ястаниб, кампир томонга эмаклади ва унинг ковушларини ҳафсала билан ялай бошлади. Нарк қанчалик иродасини жамлашга уринмасин, қандайдир кўринмас куч шериклари қилган ишни такрорлашга уни ҳам мажбур этди.
“Мана бу бошқа гап, – яна иршайди Бастинда. – Эсларингда бўлсин, кучукчаларим, мен – энг қудратли жодугарман. Менга ҳатто буюк Торннинг энг маҳфий афсунлари ҳам маълум! Бундан буён сизлар менинг, фақат менинг хизматимда бўласизлар. Тез орада бутун Сеҳрли мамлакат менга итоат этади!”
Ўша кундан бошлаб темиртишларнинг ҳаёти буткул азоб-уқубатга айланди. Улар эркин овчилик ҳаёти ва қашқирона шўхликлар ҳақида унутишларига тўғри келди. Бастинда ҳар куни ўзига қарши қандайдир фитналар уюштирилаётганидан шубҳаланаверарди. Ўрмондаги ҳар бир тўнка унинг кўзига душман аскари сувратида кўринар ва сарой деразасидан ташқаридаги ҳар бир шовқин ёки шитирлаш унга қўзғолон бўлиб туюларди. Унинг итоати остидаги Пирпиркўзлар журъатсиз Тамшанувчилардан кўра анча дадил эдилар ва темирчи усталарининг маҳорати ва уқуви билан донг таратган эдилар.
Ким билсин, балки улар дабдурустдан исён кўтариб, ўз маликаларини тахтдан ағдаришга тайёргарлик кўришаётгандир? Шу боис, жодугар ҳар дақиқа сеҳрли ҳуштагини чалиб, темиртишларни ҳузурига чорлайверарди. Уларнинг ёрдамида жодугар Бинафша мамлакат аҳолисини қўрқувда тутиб турарди.
Охир-оқибат буларнинг барчаси Наркнинг жонига тегди. У бир куни бор иродасини жамлади ва Бастинданинг саройига борди.
“Мени ўз чорловларинг билан жонимдан тўйдириб юбординг, васвасачи кампир, – ириллади у. – Сен бизга ҳам, шўрпешана Пирпиркўзларга ҳам тинчлик бермай қўйдинг. Торннинг афсунларига қандай қилиб эга чиқиб қолганингни билмадим-у, аммо афсуски, улар ифлос қўлларга тушиб қолибди!”
Ваҳимага тушиб қолган Бастинда темиртишларни бўйсундириш афсунини ўқишни бошлади, лекин саросимага тушиб қолганидан сеҳрли сўзларнинг ўрнини алмаштириб юбораверди. У ярадор каламушдай чинқириб, сарой бўйлаб югурар, Нарк эса катта-катта қадам ташлаб, жодугарни таъқиб қиларди. У ўз ситамгарини бурдалаб ташлашга шошилмади, аламзада қашқир ғалаба онларини узоқроқ чўзишни истарди.
Бастинда бор овози билан бўкирганича ётоқхонасига югуриб кирди ва қалтироқ қўллари билан сандиғини тита бошлади. Нарк эса остонага ўтириб олиб, ваҳимадаги кампирни мазаҳ қилгандай тикилиб ўтираверди. Эсини еб қўйган бу кампирнинг қўлидан нима ҳам келарди?
Лекин у Бастиндани писанд этмасдан хато қилганди. Жодугар сандиқдан қандайдир Олтин қалпоқ олди ва шоша-пиша минғирлади:
“Шумбало, гумбало, думбула, хумбола, ағдан баққа, мағдан лўққа! Ҳузуримда ҳозир бўлинг, Учар Маймунлар!”
Нарк кўз юмиб-очишга улгурмасидан, устига учар маҳлуқлар ёпирилишди.
“Мана бу нобакор қашқирни энг чуқур жарликка улоқтирларинг! – чинқирди Бастинда. – У менга – ўз бекасига ҳамла қилди!”
Маймунларнинг тўрттаси тиш-итирноғи билан қаршилик кўрсатаётган, жонҳолатда типирчилаётган Наркни дераза орқали ташқарига судраб чиқишди ва Айлана Дунё тоғлари томон учиб кетишди. Бу ерда улар қашқирни серқоя тоғдарага ташлаб юборишди ва ортларига қайтиб кетишди.
Темиртишнинг омади бор экан. У баланд ўсган қорақарағайнинг устига қулади-да, шохдан шохга урилиб пастга думалади. Кейин эса кичик бўлса ҳам анча чуқур кўлга йиқилди.
– Ўша кундан бери менинг биттагина орзуйим бор – собиқ соҳибамдан қасос олиш, – бўғиқ овозда ўз ҳикоясини тугатди қашқир. – Битта олмахон менга Бастинданинг ашаддий душмани Мовий мамлакат маликаси, деб айтиб қолди. Мени ўз хизматингга ол. Иккимиз биргалашиб опангни албатта маҳв этамиз!
– Бўпти, – бир оз ўйланиб тургач, ниҳоят розилик берди Гингема. – Юр, менинг ғоримга борамиз.
Энди унинг Тамшанувчилар қишлоғига боргиси келмай қолганди: тақдир ҳамдард дўстни ато этди – жодугарга бундан бошқа нима ҳам керак?
Ўша вақтдан бошлаб Гингема бутунлай тинчини йўқотди. Энди у опаси Торннинг китобларидан ҳеч бўлмаганда биттасини топганини аниқ биларди. Демак, қандай қилиб бўлса ҳам Бинафша саройга кириб олиш ва афсунлар китобини ўғирлаш керак. Лекин буни қандай амалга ошириш мумкин?
Тез орада тақдир Гингемага яна битта совғани инъом этди.
Иккинчи боб
КОРИНАНИНГ БОЛАЛИГИ
Гингеманинг ғоридан бир неча чақирим нарида, ўрмоннинг ўртасидаги кичкина ялангликда Дармон қишлоғи жойлашган. У ерда қўзиқорин терувчилар ва шифобахш гиёҳларни йиғувчилар яшашади. Мовий ўлканинг бошқа ҳеч бир ерида улар каби ажойиб табибларни топиб бўлмайди – лекин афсуски, ҳатто шу саломатлик маконида ҳам одамлар касал бўлиб туришарди. Мовий мамлакатнинг бошкенти Когида бозорига Дармондан қўзиқорин йиғувчилар келганларида уларнинг аравалари ёнига теварак атрофдаги барча қишлоқлардан Тамшанувчилар югуриб келишарди. Фақат дармонликлардангина энг ноёб ва хуштаъм қўзиқоринларни сотиб олиш мумкин. Уларни мазали қилиб қуритиш ва сиркалашга фақат дармонликлар ниҳоятда уста эдилар. Тамшанувчилар таомнинг фарқига борар эдилар, шу боис ҳам дармонлик савдогарларнинг харидорлардан камчиликлари йўқ.
Айтиш жоизки, дармонликлар ўз ҳунарларининг барча сирларини доим маҳфий тутардилар. Мовий ўлка фуқароларининг ҳеч бири ноёб шифобахш гиёҳлар териладиган ўтлоқлар қаерда эканини ҳам, ширин хол-хол қўзиқоринлар ўсадиган ўрмон чангалзорларини ҳам билмас эди. Дармонликлар шифобахш дамламаларнинг сирларини аждодлардан авлодларга қолдириб келишади. Улар фойдаланадиган маҳфий қўзиқорин қайнатиш усули туфайли ҳатто зарғалдоқ қўзиқоринлар ҳам ўз рангини тўла сақлаб қолиб, қалпоқчасининг туси заррача ўзгармас эди.
Гингема учар супургисига миниб, Дармонга икки марта келиб-кетди. У жодуловчи дамламалар таёрлаш учун зарур бўлган гиёҳларни теришга маҳаллий аҳолини мажбурламоқчи эди. Лекин ҳар сафар дармонликлар бир зумда қоронғи чакалакзорларда ва чуқур ўрмон жарликларида яшириниб олишар ва ҳатто жодугар ҳам у ерлардан Тамшанувчиларни топа олмас эди. Охир-оқибат Гингема дармонлик саркашларни ўз ҳолига қўйишга қарор қилди – ўшаларсиз ҳам унинг хизматкорлари бисёр.
Бир куни Дило Нови ва унинг хотини Гона қиз кўрдилар. Улар анча қариб қолган пайтларида фарзандлик бўлишди. Қизчанинг ғаройиб зангори кўзлари ва қип-қизил сочларини кўриш учун бутун қишлоқ аҳолиси югуриб келди. Эндигина туғилганига қарамасдан, бу митти мўъжиза худди ниманидир чайнаётгандай, жағларини жуда қизиқ қимирлатиб тамшанарди!
Чақалоққа Корина деб исм беришди. Отаси уни қишлоқдаги энг уста қўзиқорин терувчи қилиб тарбиялашни мақсад қилиб қўйди. Онаси эса унга гиёҳ йиғишнинг барча сирларини ўргатишга аҳд қилди.
Афсуски, кекса ота-онанинг орзулари рўёбга чиқмайдиган армонга айланди. Корина ҳаддан ташқари ялқов ва инжиқ қиз бўлиб ўса бошлади. У ўрмонни кўргани кўзи йўқ, қўзиқоринларни ёқтирмайдиган миттиой бўлиб, қизилбарг ёки марваридгул каби гиёҳларнинг ёнидан жажжи бурунчасини жийириб ўтарди. Гуллар ичида унга фақат қизил атиргуллар ёқади. Бу ўсимликнинг гулбаргларидан хушбўй мой олингани ёки ундан жуда лаззатли мураббо пиширилгани учун эмас, балки ниҳоятда гўзал ва нафис бўлгани учунгина Корина уларни яхши кўради. У атиргулни ўзининг қалин ўсган сочларига қадаб олиб, қишлоқда сайр қилиб юришга ҳамда одамлар унинг ҳусну латофатига завқ ва ҳавас билан боқишларига ишқибоз эди.
Отаси уни хол-хол қўзиқорин териш учун ўрмонга мажбурлаб олиб борганида Корина беш ёшда эди. Бундай қўзиқоринлар ўрмонда жуда кам учрар ва шу боис Когида бозорида жуда юқори қадрланар эди. Дило Новидан бошқа ҳеч ким уларнинг Рутубатли Ботқоқ ўртасидаги Қорақарағай оролида мўл бўлиб ўсиб ётганини билмас эди. У ерлар жуда овлоқ, хавфли, ботқоқдаги ёлғизоёқ йўл эса ниҳоятда тор эди. Бир қадамгина четга чиқсанг, бир зумда қора балчиққа сўрилиб кетасан – ҳатто қичқиришга ҳам улгурмайсан. Лекин Дило буталар ва чириган қарағайлар орасидаги ёлғизоёқ йўлни якка ўзи билар ва қизи ҳам уни яхши эслаб қолишини истар эди.
– Хол-хол қўзиқоринларни ой тўлган пайтда, айниқса, кучли ёмғирдан кейин териш керак, – деди Дило ўрмон сўқмоғида, Коринадан сал олдинроқда борар экан. – Холлари тиниқ рангли қўзиқорин қалпоқчаларини саватга эҳтиётлаб териш керак, қўзиқорин оёқчалари аввал булоқ сувида яхшилаб ювилади, кейин эса саватга марваридгул барглари билан аралаштириб солинади. Ойинг сенга ундан шифобахш дамалама қайнатишни ўргатади, у шамоллашда яхши фойда беради… Гапларимни эштияпсанми, қизим?
– Ҳа, эшитяпман, – тўнғиллади бунга жавобан Корина.
Тўғрисини айтганда, дадасининг сўзлари аллақачон ўжар қизнинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетиб бўлган эди. Йўқ, Коринанинг орзуси қаёқдаги ола-була қўзиқоринлар эмас! Бир марта унинг онаси қачонлардир Торннинг мамлакатига учиб келган соҳиралар ҳақида сўзлаб берган эди. Ўшандан бери Коринанинг тинчи йўқолган. У тушларида ўзини Виллина каби қудратли, Гингема каби ваҳшатли, Бастинда каби маккора, ва худди Стелладай гўзал пари қиёфасида кўради. Унинг ҳашаматли саройларда яшагиси, башанг либослар кийгиси ва қўлининг битта ҳаракати билан мўъжизалар яратгиси келарди.
“Сеҳргар бўлиш қандай ҳам яхши, – дея ўйларди қизча. – Ҳеч қандай иш қилишнинг ҳожати йўқ, маликалик тахтида ўтириб, истаганингча шакаркулча ейсан, қўлингни бир силкитсанг, истаган нарсанг муҳайё бўлади. Битта имо қилсанг, осмонда чақмоқлар чақнайди. Иккинчи қўл силташингда шундоққина сарой деразаси остида минглаб атиргул буталари пайдо бўлади. Учинчи ҳаракат билан эса қасрдаги барча ертўлалар тузланган қўзиқорин солинган сон-саноқсиз хумларга ва қуритилган гиёҳлар қават-қават қилиб терилган саватларга тўлиб қолади. Эрталабдан кечгача мана бу ёқимсиз ўрмонда изғиб юриш ҳам шарт эмас, қонсўрар чивинларга ҳам таланмайсан, бирорта бўрига дуч келиб қолганингда ёки уккининг “ҳу-ҳу”сини эшитганингда қўрқувдан қалтираб қолмайсан… Наҳотки унинг бутун умри мана шу ириб-чириган ўт-ўланлар ва қурбақасаллалар орасида ўтиб кетса?”
– Бўлди, етиб келдик, – деди Дило.
Қизча атрофга аланглаб, ора-сира қийшиқ-қинғир қарағайлар сийрак ўсган ва пастак буталар билан қопланган улкан ботқоқликнинг чеккасида турганларини кўрди. Эрта тонг, қўнғир-яшил ботқоқлик тепасини қатлам-қатлам қалин туман қоплаган. Совуқдан Коринанинг эти жунжикиб кетди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?