Электронная библиотека » Сабохат Бозорова » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 16:20


Автор книги: Сабохат Бозорова


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 5 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ўйинчоқ она

Боласини энагалар қўлида улғайтирган она бир куни сайрга чиқди. Ўйинчоқлар сотиладиган дўконга кирганида сотувчи қизга: «Болам уйда кунини менсиз ўтказади. Унга шундай ўйинчоқ берингки, менинг йўқлигимни сездирмасин», деди.

Сотувчи қиз бошини чайқаб жавоб қайтарди:

«Тушундим, хоним, аммо бизда ўйинчоқ чақалоқ бор, ўйинчоқ она йўқ!» деб жавоб берди.

Оналар эваз истамайдилар

Қизалоқ ошхонага кирганида онаси кечки овқат тараддудида эди. У қўлларини артгач, қоғозни олиб ўқий бошлади. Унда қуйидаги рўйхат ёзилган эди:

«Боғни тозалаганим учун – 500 сўм»

«Дўконга бориб келганим учун – 1000 сўм»

«Укамга қараганим учун – 1500 сўм»

«Хонамни тартибли сақлаганим учун – 100 сўм»

«Ахлат ташлаб келганим учун – 100 сўм»

«Аъло ўқиганим учун – 2500 сўм»

Жами: 5700 сўм.

Она табассум қилди. Қиз сабрсизлик билан жавоб кутар экан, қоғозни ўгирди-ю, шундай ёзиб берди:

«Сени тўққиз ой қорнимда олиб юрдим – текин».

«Тунлари бедор бўлиб, оромингни ўйладим, касал бўлсанг тузалишинг учун нима зарур бўлса, қилдим, дуогўйинг бўлдим – текин».

«Йиллаб сарфлаган вақтим, хатти-ҳаракатларим, кўз ёшларим – текин».

«Тунлари келажагингни ўйлаб чеккан изтиробларим, хавотирларим – текин».

«Сенга берган тавсия ва билимларим – текин».

«Ўйинчоқларинг, озиқ-овқатинг, кийимларинг – текин».

«Оқ ювиб, оқ тараганим – текин».

«Қизим буларни жамлаганингда, меҳр-муҳаббатимнинг текинлигини кўрасан», дебди.

Бу сўзларни ўқиган қизалоқнинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Бошини кўтариб: «Сизни жуда яхши кўраман, ойижон, мени кечиринг», деди.

Кейин эса ўзи ёзган рўйхат тагига катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйди: «Ҳаммаси тўланган».

Бола тарбиясининг муҳим шартлари

Бола тарбиясида воз кечиб бўлмайдиган асосий тамойиллар қуйдагилардир:

1. Боланинг хатти-ҳаракатлари, интилишларини мақта, табрикла. Яхши ишларини ташвиқ эт. Бундай муносабат эзгу амалларни оширади.

Агар боланинг ҳаракатлари ўрнига ўзи мақталса, ўзига юқори баҳо берадиган бўлади: «Мен мақтовга лойиқман, ортиқча уринишга ҳожат йўқ», деб ўйлайди ва дангасалашади.

2. Болага қилиниши мумкин бўлган энг катта ёмонлик унинг ҳамма хоҳишини бажо келтиришдир. Барча истаги бажарилган бола мақсадсиз қолади. Натижада кераксиз ишларга қўл уради.

3. Боланинг барча саволларига жавоб бериш керак. Бола бўлишнинг энг муҳим хусусиятларидан бири сўрашдир. Чунки бола ҳали яхши билмаган дунёни билишни истайди. Бунинг самарали йўли сўраб ўрганишдир. Бола шундай йўл тутади.

Бола савол берганида катталар тўғри жавоб беришлари лозим. Аммо болаларча берилган саволларга болаларча жавоб бериш зарур. Бунда боланинг ёши ва тафаккур даражасини ҳисобга олиш керак. Саволларнинг жавобини билмасангиз, буни тан олишдан тортинманг. Болага берилган эътибор, меҳр, келажакда унинг комил инсон бўлишига замин ҳозирлайди.

Боланинг саволи бемаъни, мантиқсиз ёки кўнгилли бўлса ҳам уни мазах қилиш ярамайди. Акс ҳолда бола савол беришга журъат қила олмайдиган бўлиб қолади. Натижада унинг ўзига бўлган ишончи камаяди, «ичимдагини топ», бўлади. Савол тафаккурнинг ҳосиласидир. Савол жиддий қабул қилинмаган жойда фикр ривожланмайди.

Саволнинг жавобини бола билан бирга излаш жавоб топилганда биргаликда хурсанд бўлиш ҳам бола тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Ота ёки она боласи берган саволга «Билмадим» деб жавоб бериши мумкин. Аммо жавобини билмаган саволни сўрай олгани учун болани қутлаши, ҳеч хижолат бўлмасдан узр сўраши лозим. Шундай йўл тутган ота-оналар болалар наздида янада эътибор топадилар. Шу тариқа фарзандлар илмнинг қадрини англайдилар.

Бобо-набиралар бир-бирларини жуда яхши кўрадилар. Бу меҳрнинг асосий сабабларидан бири, набираларнинг саволларига боболарнинг эринмасдан жавоб беришларидир. Боболар ўзларидан сўрашларини маслаҳатлашишларини истайдилар. Болалар эса сўрашни. Шунинг учун улар ўртасида самимий муносабат юзага келади.

4. Ота яхши ибрат бўлолмаса, унинг ўрнига она ўтади. Аммо ҳеч бир она, ота қолдирган бўшлиқни бутунлай тўлдира олмайди. Ота – ота, она эса онадир. Бола иккаласига ҳам бирдек муҳтож.

5. Ота-она болани ишонтира олиши керак. Ҳеч бир нарсага мажбурмаслиги лозим. Ҳар бир масаланинг сабаблари тушунтирилиши зарур.

Ота-онанинг иш билан бандлиги, хизматдалиги бу жараёнга тўсиқ бўлмаслиги керак. Боланинг қилаётган ишини англаши, ёқтириши муҳимдир. Акс ҳолда ота-онанинг раъйига қараб иш тутадиган бола қийналади, азоб чекади. Бу унинг руҳиятида ўз асоратини қолдиради албатта.

6. Болаларга мақсад қўйишни ўргатиш зарур. Эзгу ғоялар, қутлуғ амаллар уларни мустақил бўлишга ўргатади ҳадеб «Мен» деяверишдан қутқаради.

7. Умидсизлик фарзандлар учун хавфлидир. Уларга келажакка умид билан қарашни ўргатиш лозим. Фарзандларимиз – келажагимиз. Ота-оналар дилбандларини умидсизлик оғусидан асрашлари шарт.

8. Боланинг асосий озуқаси меҳрдир. Она сути меҳр билан йўғрилгани учун ҳам тенгсиздир.

Севгини фақат тил билан эмас, хатти-ҳаракатларимиз билан ҳам ифода этишимиз лозим. Севги фидойиликдир, фароғатдир. Олишни ўйламай беришдир севги… Айнан шундай меҳр-муҳаббат жигарбандларимизнинг қалб озуқасидир.

9. Боласини яхши кўрадиган ота-она унинг даражасига тушиши керак. Чунки боланинг кичик дунёсига кириладиган эшик ҳам кичкинадир. Боладек кичик бўлган бу эшикдан кириш учун эгилиш лозим. Балки сурилиш, юмалаш, боланинг ички дунёсига сиғадиган даражада кичрайиш керак.

Баъзан ўтириб ёки тиззалаб, унинг кўзларига қараб, кўнглини олиш зарур. Баъзан уни меҳр билан қучоқлаб кўтаришимиз ўзимизга «тенглаштиришимиз» керак.

10. Боланинг кўнглига кира олиш учун ота-она жисмангина эмас, қалбан ҳам мўъжазлашиши, меҳр-шафқат тимсолига айланиши лозим.

11. Болага бирор нарса ўргатиш учун тушунтириш, таърифлаш, хусусиятларини изоҳлаш етарли эмас. Тасаввур тўлиқ бўлиши учун ёзувли, расмли, жадвалли кўрсатмалар ҳам бўлиши керак. Аммо, энг асосийси, учинчи босқич, яъни ёзув, расм, чизмалар билан тасвирланган нарсаларни бевосита кўрсатишдир.

Масалан, унга олинадиган ўйинчоқни ҳар қанча таърифласангиз ҳам, боланинг тасаввури тўлиқ бўлмайди. У ўйинчоқни ушлаб, ўйнаб кўрганидан сўнггина бу тасаввур тўлиқ бўлиши мумкин.

Автомобил савдоси билан шуғулланувчилар ҳам шундай йўл тутадилар: харидорларга машинани ҳайдаб кўриш имконини берадилар.

Ёшгина йигит қамоқхонага тушибди. Маҳкумлар сўрабдилар: «Жиноятчиларга ўхшамайсан, бу ерга қандай қилиб келиб қолдинг?».

Йигит жавоб қайтарибди: «Бошқа чора йўқ эди. Ўрнак олганим – отам жиноят қилган, қамалган киши эди».

Йигитнинг яхши хулқли бир дўсти бор экан, унинг отаси ҳам кўп бор қамалган экан. Йигитдан камолоти сирини сўрабдилар. У «Бошқа чорам йўқ эди, қаршимдаги ёмон ўрнакдан хулоса чиқардим, ўзимни тарбияладим», дебди. Икки дўст бир хил ўрнакка, яъни оталарига қараб, нега икки хил қисмат соҳиби бўлдилар?

12. Бу икки қисмат, икки дунёқарашнинг ортида икки хил она бор. Бири ёмонликдан тўғри хулоса чиқаришни ўргатган она…

Иккинчиси, ёмонни нуқул ёмонлаган, камситган, ерга урган, аммо ёмондан ўрнак олмасликни фарзандига ўргата олмаган она.

Шу ўринда Ҳазрати Алини хотирламаслик имконсиз. Бир кун суҳбатдошлари савол берибдилар: «Эй, Али, бу гўзал ахлоқни кимдан ўргандингиз?». Ҳазрати Али иккиланмасдан: «Ахлоқсизлардан» – деб жавоб бердилар. «Ахлоқ ахлоқсизлардан ўрганиладими?» – сўрабдилар ажабланишиб. Ҳазрати Али шундай оқилона жавоб қайтарибдилар: «Ёмон иш қилганларнинг тескарисини қилдим, гўзал ахлоққа эришдим».

Бундай дунёқараш болалик чоғида она томонидан шакллантирилади. Бир ўғилни тарбиялаш, бир инсонни тарбиялашдир. Бир қизни тарбиялаш эса бир оилани тарбиялашдир.

Улар нега ишлайди?

Кичкина болакай бобосидан сўради:

– Бобожон, одамлар нега ишлайди?

– Нега бўларди, болам, нон пули учун-да…

– Ундай бўлса новвойлар нега ишлайди?

Бола қалби

Қалбдан қалбга йўл бор. Аммо қалбдан қалбга йўл очилиши учун, қалб қаршисида бўлиши лозим. Олишга ва беришга тайёр бўлиш учун улар қарама-қарши бўлиши зарур. Қалб-қалбга тўғри бўлиши керак. Қалб-қалбга очилиши керак. Болаларнинг ҳам қалби бор эй устоз, эй ота-она! Айнан сизники каби… Ҳа, улар ҳам худди сиздек қалб эгасидирлар. Фақат миядан иборат эмаслар, кўнгиллари ҳам бор. Бу кўнгилнинг меъдаси бор. Бу меъданинг ҳам эҳтиёжи бор. Тўлишга, тўйишга эмас, сифатли маънавий озуқаларга эҳтиёжи бор… У қандай тўяди, нима билан тўяди?

Болага раҳм қилиш

Бир олмон дўстим саккиз яшар боласи нонуштани ўзи тайёрлашини айтди.

– Қийналмайдими? – деб сўрадим мен.

– Йўқ, аксинча хурсанд бўлади. Бирга бўлганимизда менга ошхона ишларида ҳам ёрдам беради.

– Болангизни қандай кўзингиз қияди? Раҳм қилмайсизми? – ҳазил тариқасида сўрадим.

Ҳайрон бўлган дўстим, нима демоқчилигимни тушунмади. Кейин шундай деди:

– Мен фарзандимни ҳаётга тайёрламасам, жабр қилган бўламан. Овқат тайёрлашни ўрганиши, ўзини эплай олиши раҳм қилинмаганлик белгисими? Ёки сиз болаларингизни ота-онага қарам қилиб ўстирасизми?

Тўғрисини айтганда, «Ҳа, шундай қиламиз» дейишга уялганимдан гапни бошқа тарафга бурдим. Аслида, бизнинг саккиз эмас, ўн саккиз ёшдаги боламиз ҳам нонуштани онасини тайёрлаб беришини кутиб ўтирмайдими?

Япон она ва бола

Бир дўстим айтиб берган эди. Японияда саёҳат чоғида, она-боланинг муносабати унинг эътиборини тортибди. Уч ёшлардаги боланинг бурни оқибди. Она сумкасидан дастрўмол олиб узатибди, бола дастрўмол олиб ўзи бурнини артибди.

Бизда оналар шундай қиладими? Шартта дастрўмолни олади-ю, боланинг бурнини артади. Кейин тозалаган жойидан, чўлп этиб ўпиб қўяди.

Қайси онанинг тарбияси тўғрироқ?

Бўҳрон иқтисодиётдами ёки ички дунёмиздами?

Барча йўлдан озишларнинг сабаби, кўнгилларимизда бошланган йўлдан озишдир. Барча бўҳронларнинг сабаби кўнглимизда бошланган имон ва ахлоқ бўҳронидир. Шу важдан кўнглимиздаги иллатни бартараф этмай туриб, бошқа муаммолар ечимини излашимиз мантиқсизликдир.

* * *

Ички дунёларда бўҳрон бўлмаса, ташқисида ҳам бўлмайди. Бу ҳақиқатнинг гувоҳи тарихимиздир… Буни қарангки «кризис» сўзи тилимизга французчадан ўзлашган экан. Чунки бу сўз ифода этувчи барча нарсалар бизга ғарбдан келган… Бизнинг маданиятимиз инсонга доим ҳузур-ҳаловат бағишлаган. Чунки маданиятимизнинг илдизи, манбаи, илк даври «Саодат асри» деб номланади.

Жамият ҳар дақиқаси ҳисоби бериладиган умрни яшайди. Ҳисобли умрни меҳр-шафқат билан дўстона ўтказишга ҳаракат қилади. Бировнинг ҳақини ейишдан ҳазар қилади. Ҳақсизликка сабаб бўлиб қолса, ўз улуш, роҳатидан кечади. Ноҳақлик қилиш у ёқда турсин, ўз молини исроф қилишни, ноўрин харажатни, ҳашаматни хуш кўрмайди.

Килислик Шайх Афанди

Килисдаги эски бир даргоҳ зўрға турибди. «Шу деворларнинг тили бўлса-ю, айтса бу маърифат ўчоғида нималар бўлганини» – дея ўйлайман. Фикримни дўстларимга айтганимда шундай ажойиб воқеани ҳикоя қилиб беришди: «Бу даргоҳнинг сўнгги шайхи жуда ҳурматли муршид экан… Бир кун муридлари даргоҳ девори ёнида ётган сарҳушлардан шикоят қилибдилар: «Бу маст-аластлар ҳар оқшом деворга суяниб, ичкилик ичадилар. Рухсат беринг, уларни қувиб юборайлик. Кетмасалар, калтаклаймиз». Ҳақиқий муршид бўлган Шайх Афанди: «Йўқ! – дебди қатъиян. – Асло!» «Нега?» – ҳайрон бўлишибди муридлар. «Қувмайсан ҳам, узоқлаштирмайсан ҳам, болам! Қўлимдан келса, бу кишиларни деворнинг бу томонига, ичкарига оламан…»

Бизнинг вазифамиз қочириш, узоқлаштириш эмас, жалб этиш, чақиришдир… Мағлуб бўлишга эмас, ғалаба қозонишга бурчлимиз биз. Манманлик бизга ёт, дилозорлик бизга ёт:

 
Керма манманлик билан ўрнида турган қошни,
Эл севар одамда бўлган сабр ила бардошни,
Халқ учун бўлса зарар, тошларга ургил бошни,
Йўлда жонингдан азиз тут сенга чин йўлдошни,
Йўлга сол, келса қўлингдан ақли кам бебошни…
 
 
Ҳар кишини халқи чин қалбидан ҳурмат айласин,
Ҳар киши дилдан ўрин олмоққа ҳиммат айласин,
Ҳар киши доим ҳалол меҳнат-ла роҳат айласин,
Ҳар киши яхшилар бирла суҳбат айласин,
Тўкмасин Чустий севинч-ла, кўзга тўлган ёшни.
 

Хаёлидан ўтганни ҳам ҳисоб қилади

Муҳиддин ибн Арабий ҳикоя қилади: «Менинг бир шайхим бор эди. Бу зот кундузги сўз ва ҳаракатларини қоғозга ёзарди. Кечқурун шу қоғозни олдига қўйиб, ёзилган ҳар иш, ҳаракат ва сўз учун ўз нафсини ҳисобга тортарди. Сўз ва амалларга қараб афв ва мағфират сўрар, лозим бўлса, тавба қилар, ҳамд ва шукрона келтирарди.

«Мен эса, ҳар кун хаёлимдан ўтганларни ҳам ёзиб бораман»

Биз-чи? Эсимиз, хаёлимизга келганлар у ёқда турсин, қилганларимизни фарқ этамизми? Гуноҳларимиздан қайғуга тушамиз, уйқумиз қочадими? Тавба ва истиғфор орзуси кўнглимизда бўй кўрсатадими? Кўнглимиздан отилган пушаймонлик фаввораси кўз ёшга айланадими?!

Ҳаётнинг заҳарлари қандай асал бўлади?

Шогирд ҳаётидан нолигани-нолиган эди. Кўпни кўрган устози унга бир пиёла сувга бир ҳовуч туз қўшиб ичишни буюрди. Шогирд айтилганидек қилди. «Хўш, қандай экан?» – сўради устози.

– Аччиқ, жуда ҳам аччиқ.

Устози шогирдни кўл бўйига бошлаб борди. Кўлга бир ҳовуч туз ташлади, кейин сувдан ичишни буюрди. Шогирд айтилганидек қилди. Устози яна сўради: «Қандай?». Бу гал «Ширин, ёқимли», деган жавоб бўлди. «Ҳаётдаги қийинчиликлар бир ҳовуч тузга ўхшайди. Сен бир пиёла сув эмас, кўл бўл!»

Комил инсон ёки Одамдек одам бўлишнинг йўллари

 
Камол эт касбким, олам уйидин,
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмак.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмак.
 
Алишер Навоий

Бизнинг маданиятимизда инсон камолга етарди. Нафсини енгар, ёмонликдан сақланар, гуноҳдан покланар, комил инсон бўлар эди. Аммо комил бўлган инсон идеал эканини даъво қилмас, бундай даъво номукаммаллик аломати эканини билар эди.

Комил инсонни атрофдагилар, дўст-ёрлари билар, ўрнак олар эдилар. Аммо бу ўрнак олиш ҳам намойишкорона бўлмас, аксинча, сассиз-садосиз амалга оширилар эди. Комил инсоннинг фазилатлари баҳор гулларининг ифор таратиши сингари ёйиларди.

Комил инсон қилган яхшиликларини кўз-кўз қилмас, маҳоратини намойиш этмас, мақтанмас эди. Аслида кўп сукут, кам сўз, ҳатто, ҳамма саволга ҳам жавоб беравермаслик комилликнинг шиори эди.

Улар ўзлари ҳақида «бандангиз, қулингиз» деб гапиришар, уйлари саройдек бўлса ҳам, «фақирхона» дер эдилар.

Улар ранжитишни билмасдилар. На хафа қилишар, на хафа бўлишарди. Севган ишлари кўнгилларни олиш, инсонларни хурсанд қилиш эди.

* * *

Марҳум устоз, профессор Нажмиддин Комилов шундай ёзадилар: «Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, … файзу кароматдан сероб, сийрату сурати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим покиза зот, Навоий тили билан айтганда:

 
Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи,
Хуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.
 

…Комилликнинг олий белгиси Ҳақ йўлидан бориб, халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан одамларга қанчалик наф келтирса, ёмонларни тўғри йўлга солса, Ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комилдир».

Улуғ ватандошимиз Азизиддин Насафий фикрича: «Комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолга етган бўлсин: яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф».

* * *

Кексагина аёл дардиҳол қилади: «Кошки эрим тирик бўлса-ю, ёмон одатларини давом эттирса… Ҳаммасига чидар, асло оғринмасдим. Унинг мен учун қанчалар кераклилигини уни йўқотгандан кейин ҳис этдим!»

Жуда кўп инсонлар қалбини шундай дард тиғлайди. Фарзандлар ота-оналарини деб, ота-оналар фарзандларини деб, қариндошлар, ёстиқдошлар бир-бирларини деб куюнадилар.

Зилзила туфайли турар жойлардан айрилган бир оиланинг мусибатига ҳамдардлик билдирдим. «Чиқиша олмайдиган бир қўшнимиз бор эди. Ҳар ҳафта жанжал чиқаришарди. Тинмай урушди, бир-биримизни ранжитардик…

Бизнинг оиладан бир киши вафот этди. Уларнинг оиласидан бирор киши тирик қолмади. Энди ўтган-кетганларни эсласам, виждоним қийналади. Кошки, улар тирик бўлса, кошки, яна қўшни бўлсак, уларнинг инжиқликларига чидасам. Жаҳллари чиқиб боришса ҳам, индамай кулиб турган бўлардим. Келишмовчиликларимиз шундай арзимас сабаблар туфайли эканини ўйласам, уялиб кетаман…»

Хорижда шундай воқеани айтиб бердилар: «Бир оилани билардим. 150 м2 жойидаги хонадонга сиғмас эдилар. Бошқа уй олиш режалари ҳам бор эди. Қайнона келишмовчиликлар сабаби эди. Зилзиладан кейин 20 метр квадратлик пастқамгина жой улар учун ҳузур макони бўлди».

Мусибатзада яна бир инсоннинг армони мени ўйга толдирди. Зилзилада иккала қўлидан ҳам айрилибди. Протез қўл тақиладиган кунларни кутаётганди. Бу одам нимадан афсусда, биласизми?! Бу қўлларимни меҳр-муҳаббат учун ишлатмадим. Қўллар уриш, қўрқитиш, ноҳақлик, ўғирлик қилиш учун эмас, меҳр-оқибат, мадад учун ишлатилиши керак эди!

Болаларимни қучоқлашни истайман… Насиб этса протез қўллар билан. Шунга ҳам розиман. Танамдаги қўлларни келишмовчилик, меҳрсизлик йўлида ишлатгандан кўра ясама қўлларни севги йўлида ишлатишни афзал кўраман. Қўллари борларга уларни уриш учун эмас, қучоқлаш учун ишлатишларини тавсия қиламан!»

Севимли ўқувчиларим, яхшилардан бўлайлик. Муросада яшайлик. Инсонлар билан муносабатимизни яхшилайлик, Аллоҳнинг бандалари ва яратганлари билан муносабатимизни яхшилайлик.

Тақвим варақлари нима дейди?

Тақвимингиз билан ҳеч гаплашганмисиз? Нима дейди ҳар кун узилган варақлари? Варақлар тақвимимиздан тўкиляптими бирма-бир, ёки ҳаётимизданми?!

 
Умр сармояси камаяр бир онга яна,
Узайгани сайин қисқарар ҳаёт…
Тақвимда варақлар тугаса,
Ўрнига янгиси олинар.
Хўш, умрда кун қолмаса нима бўлар?!
 

Ҳаёт чўзилгани сайин қисқаради…

Бу қум соати мени қўрқитиб юборди. Хаёлларимни остин-устин қилди, ўзимга келтирди. Бир телекўрсатувга таклиф қилдилар. Қаршимга қум соатини қўйдилар ва «Бошланг» дедилар. Нутқим қум соати бўйича ўлчанар эди. Сўзлар эдим-у, кўзларим сирпаниб тушаётган қум зарраларида эди. Ё Роббий, бу қадар тез тушмаса қум зарралари?.. Нутқимнинг ярмида «Тугади», дедилар. «Аммо мен гапириб бўлганим йўқ», дедим. «Ҳечқиси йўқ… меҳмонларимизнинг кўпи шундан норози бўладилар, аммо қоидамизга кўра бошқа вақт беролмаймиз», дедилар. Студиядан чиққач, кўз ўнгимга каттакон қум соати келди. Туғилган пайтимда оқа бошлаган бу қум соати оқиб бўлганида дунёдаги ҳаётим ҳам поёнига етган бўлади.

Титраб кетдим. Бу қум соати кеча-кундуз тинимсиз оқмоқда, менга берилган муддат ниҳояланмоқда. Қачон тугашини билмаганим ҳақидаги ўй мени шу тун бедор этди. Кейинги кунларда бу фикрларни, қум соатини унутдим, аммо менинг қум соат ҳақида ўйламаслигим унинг оқишига тўсиқ бўлолмайди.

Омонат жонни олиш вазифаси топширилган Азроил алайҳиссалом: «Кимнинг омонатини олгани борган бўлсам, ҳаммаси ҳайрон бўлди ва «Ҳозирми, дарровми?», деб сўради. Бирор киши: «Мен тайёр эдим, сени кутаётгандим!» демади, – деган экан.

* * *

Шукронадан узоқлашиб, ҳадеб нолийверадиганлар гоҳо, ҳаётдан зерикканларини, яшашни истамасликларини айтади. Аммо бу фикр фақатгина тилда бўлади, дилда эмас.

Ҳар куни тонна-тонна юкларни елкасида ташишдан чарчаган ҳаммол бир куни юкини ерга отибди ва: «Аллоҳим, етар шунча қийналганим! Оғир юк остида эзилиш, жонимга тегди, жонимни олгин, қутулайин! Ортиқ яшашни истамайман!» дебди.

Ҳаммолнинг фарёди тугар-тугамас қаршисида олдин ҳеч кўрмаган яратилиш пайдо бўлибди. Ҳаммол таажжуб ичида унинг кимлигини сўрабди.

– Азроилман, – деган жавобни эшитиб, нега келганини сўрабди.

– Менинг нима иш қилишимни билмайсанми? Сен чақирдинг, мен келдим, – дебди. Шунда ҳаммол:

– Яхши ҳам, келибсан. Бир ҳиммат кўрсатиб, шу юкни елкамга қўйиб юборсанг, мен ишимга борсам, – дебди.

Сармояси эриган одамга ёрдам беринг

Бир одам жазирамада Боғдод кўчаларида муз сотарди. Кун ботай деганда ҳам музларини сотиб тугатолмади. Музни эса кўтаришга сабри йўқ эди. Чунки иссиқда эриб кичраймоқда эди. Буни кўрган сотувчи ноилож бақирар эди: «Сармояси эриган одамга ёрдам беринг! Сармояси эриган одамга ёрдам беринг!»

Бу сўзлар шу ердан ўтаётган бир одамга қаттиқ таъсир қилиб, шундай деди: «Бу одам ҳаммамизнинг дардимизни айтяпти, ҳаммамизнинг… Ҳар лаҳзада эриётган фақат у сотаётган музларми?! Ҳар лаҳзада бизнинг ҳам дақиқаларимиз ҳам эриб, қўлимиздан чиқиб кетмаяптими?!»

Ўтган бир йил ичида қилинганлар сарҳисоб этилиши, яхшилик ё ёмонликнинг кўпроқ экани англаниши лозим. Яхши ишларни кўпайтириш, ёмонларини камайтиришга қарор қилиниши керак.

Табиийки, ҳар янги кун «янги бир умид» демакдир. Шунинг учун боболаримиз: «Тонг бўлсин – хайр бўлсин», дейдилар. Янги йилларда инсон янги, хайрли ишлар бошлашни ният қилади. Бу ниятларнинг амалга ошишини сўраш ҳам эзгулик сари қадамдир.

* * *

Мумтоз адабиётимиз намояндалари умр, унинг мазмун-моҳияти ҳақида гўзал назм жавоҳирлари қолдириб кетганлар. Қуйида ана шулардан бирини келтирамиз.

Ҳазиний ғазалига Ғарибий мухаммаси

 
Дилимни муниси аҳли ҳидоят қилмасам бўлмас,
Ўзимни ходими соҳиб дироят қилмасам бўлмас,
Миниб ҳиммат отин тарки фароғат қилмасам бўлмас,
Гуноҳга тавба айлаб эмди тоат қилмасам бўлмас,
Хато-ю маъсиятларга надомат қилмасам бўлмас.
 
 
Эшитмай ҳақ суханни ўтди умрим гўш карликда,
Тижорат суди ўрнига ҳама кони зарарликда,
Етиб вақти қарилик кору борим бесамарликда,
Абас ўтди йигитлик, сад дориғо бехабарликда,
Ғаниматдур тирикликда риёзат қилмасам бўлмас.
 
 
Ётурмиз кеча-кундуз хоби ғафлат бирла бепарво,
Гуноҳим кўп эрур, йўқ тоат этмоқ ҳиммати асло,
Нетурман тоатим йўқтур, табаҳ иш менда кўп аммо,
На юз бирла борурмиз туҳфасиз Ҳақ қошиға фардо,
Ҳаётим борича энди ибодат қилмасам бўлмас.
 
 
Гуноҳ бирла ўтуб умри азизим йўқ пушаймоним,
Топиб тавфиқу тавба бирла ўтсам йўқдур армоним,
Тазарруда, надоматда чиқарсам оҳу афғоним,
Сулуким Қодирия, раҳбаримдур пиру пироним,
Саҳарлаб зарби иллоллоҳни одат қилмасам бўлмас.
 
 
Жафо жонимга қилдим, маъсият қайдини беркитдим,
Агарчи яхши сўзларни жаҳонда кўплаб эшитдим,
Вале менга ҳаво ғолиб бўлубон он қадар кетдим,
Юруб нафсим учун шул вақтгача тоатни тарк эттим,
Қаноат шаҳрига бориб тижорат қилмасам бўлмас.
 
 
Баҳойимдек емоқ ичмоққа дилдур мойили лаззат,
Бу боисдан тополмасман ибодат қилгали фурсат,
Ётурман маъсият лойига ботиб бир неча муддат,
Фужуру фисқу исёним халойиқлар аро шуҳрат,
Мадина, Маккатуллоҳни зиёрат қилмасам бўлмас.
 
 
Ғарибийни ўтур умри ҳамиша безафарликда,
Гуноҳи касратидин доимо хуни жигарликда,
Дили қолиқ, улусни ўртасида бесамарликда,
Эгасиз ит каби умрим ўтадур дарбадарликда,
Ҳазиний ихтиёр эт, энди ҳижрат қилмасам бўлмас.
 
(«Ибратли ҳаёт гулшани» китобидан)
* * *

«Тамаллар (асослар) тўрттадир:

1. Дориларнинг тамали – оз емоқ;

2. Одобнинг тамали – оз гапириш;

3. Ибодатларнинг тамали – оз гуноҳ қилиш;

4. Амният (омонлик) асоси – сабр».


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации