Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 42 страниц) [доступный отрывок для чтения: 14 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Шу нуқтада эътиборларингизни устоз Абдурауф Фитратнинг мазкур масаладаги мулоҳазаларига тортсам:

Одамлар аввал оила шаклида жам бўладилар ва бир неча оиладан бир қавм пайдо бўлади. Маълумки, бир қавмнинг ҳар бир оиласи саодатли ва бахтли бўлмасалар, ўша қавмни бахтиёр ва саодатли дейиш хатодир. Ҳамда оила аъзосидан бирортаси бахтли бўлмаса, ўша оилани бахтиёр дейиш ҳам нотўғри бўлади. Модомики, қавм оилалардан ва оила эса алоҳида одамлардан таркиб топган экан, “оздан кўпга” дегандек, айтиш мумкинки, ҳар қавмнинг саодати шу қавм оилаларининг бахтиёрлигидан ва ҳар бир оиланинг саодати шу оила аъзоларининг саодати ва бахтлилиги билан боғлиқ.

Нечта хотин билан яшаш масаласини шу нуқтаи назардан муҳокама қилиш ўринли. Бир нечта хотин билан яшаш оилаларни бахтли қиладими ё бахтсиз? Шу оила аъзоларига шодонлик келтирадими ёки бахтсизлик? Агар висол онлари ҳисобга олинса бу эр учун айни бахтиёрлик туюлади. Аммо кундош балоси билан сийланган хотин учун бу бахтиқароликдир.

Дейлик, Фалончи Писмадон қизни никоҳига олди. Яъни ул бечорага саодат ва бахтиёрлик ваъда қилиб, ҳаётининг бойлиги, яъни ёшлигини ўз тасарруфига олди. Икки-уч йил яхши яшайди. Уйланишдан мақсад бўлган икки-уч фарзанд вужудга келади. Аёлнинг таровати ва ёшлиги эрнинг муҳаббати ва меҳри йўлида сарф бўлгандан сўнг Фалончи жанобнинг шаҳвати уйғониб, ҳаракатга келади. Нафси ором топиши учун энди унга ўз хотини кифоя қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, саодат ва бахтиёрлик умиди билан ёшлик айёмини эрининг орзу-ҳавасларига адо қилиб, икки-уч фарзанд кўрган хотин ёнига янги хотин олади. Бу нима, дастлабки никоҳ онидаги ваъдага хилофлик ва хиёнат эмасми? Турмушнинг дастлабки кунлари, ҳафталари, ойларида ҳар бир эркак хотинига тилда бўлмаса ҳам дилида бахт тилайди. Кўнгли бошқасини тусаганда бу ваъда унутиладими?

Хуллас, Фалончи жанобимиз биринчи хотинларига айтибми ё яширин равишдами, ишқилиб уйландилар. Янги хотинга бутунлай берилиб кетишлари табиий. Биринчи хотин ва ҳаёти мевалари бўлган фарзандлари шууридан четлаша бошлайди. Табиийки, ўша хотин ва фарзандлар буни сезадилар ва жавоб тарзида унга бўлган муҳаббатларини йўқотадилар. Ундан ва янги хотинидан нафратланадилар. Вақт ўтиши билан янги хотиндан ҳам бир-икки фарзанд туғилгач, бу ўзаро нафрат янада кучаяди. Ваҳоланки, коинотда қайси иккита жинс бирга бўлса, муҳаббат натижаси экани маълум. Шундай экан, оила аъзолари орасида муҳаббат кўтарилса, вайронлик, тарқоқлик ва интизомсизлик келиб чиқади. Агар бу қўшхотин бир ҳовлида яшаса, улар ва уларнинг болалари ўртасида кун сайин нафрат ошиб боради. Ёқалашиш юзага келади, Фалончи ўзини бахтсиз сеза бошлайди, фарзандларининг хулқи эса ёмон бўлиб бораверади. Юқорида зикр этганимиздек, ҳозирги кундошлар бир ҳовлида яшамайдиларким, бу қўшхотинлик жанобнинг мушкулини анча осон қилади. Аммо уйнинг алоҳидалиги биринчи оиласида ёнаётган нафрат ўтини заррача камайтирмайди. Биринчи оилани моддий жиҳатдан таъминлаб турса-да, унга нисбатан бўлган муҳаббат сақланиб қолмайди. Фарзандлари ҳам уни суюкли ота сифатида қадрламайдилар, балки моддий таъминотчи сифатида ҳурмат қилиб турадилар. Биринчи оила ўзини мустақил таъмин этадиган ҳолга етгач, отага бўлган бу ҳурмат ҳам сўнади.

Ояти каримадаги адолат қилишга эътиборни тортилиши бежиз эмас. Хўп, бугунги кунда қўшхотинлилар қандай адолат қилишади? Камина “Ўткан кунлар” романи ҳақида фикр билдириб, Отабек чин мусулмон йигит эди, иккинчи марта уйланиш ҳақида сўз чиққанда Кумушга маълум қилиб, ижозат олган, мусулмонлик бурчига риоя қилмаса, улардан яширинча Зайнабга уйланиб олаверарди, деб ёзганимга айрим биродарларимиз эътироз билдириб дедиларки: “Иккинчи хотинга уйланиш учун биринчисидан руҳсат олиш шарт эмас”. Дуруст, биринчи хотиннинг рухсати шарт бўлмаса, унга маълум қилиш лозимми ё йўқми? “Маълум қилгани дуруст”. Хўп, унда талаб қилинаётган адолат нима бўлади? Бугунги хотинларнинг кўпчилиги кундоши борлигини билмайди. Никоҳ яширинча ўқилади. Эр иккинчи хотини билан яширинча яшайди. Фақат хотинидан эмас, қариндошларидан ҳам сир тутади. Иккинчи хотини висолида маст бўлиш учун биринчисига “узоқ сафарга кетяпман” , деганга ўхшаш баҳона қилади. Яъни, ёлғон гапиради. Бу ҳаракатда қандай адолат бўлиши мумкин? Адолат деганда кечанинг биринчи ярмида биринчи хотин билан, иккинчи ярмида иккинчи хотин билан бўлишгина назарда тутилмайди. Адолатнинг қамрови кенг. Шунинг учун ҳам адолат қила олмасангиз биттаси билан кифояланинг, деб буюрилади. Икки ёки ундан кўп хотин олишнинг шарти шу – адолат ва инсофдир. Қўшхотинли эр шу ояти карима ҳукми ва виждони ҳукми ила фарз бўлган адолатни хотинлари ўртасида ўрнатишга мажбур. Яъни еб-ичиш, кийим-кечак, уй-жой, эркак мажбуриятида ҳам бир хил муносабатда бўлиши шарт. Илгарилари қизиқ одатлар бўлган экан. Масалан, адолатга риоя этиш учун хотинлардан бири кундошига пул бериб, унинг навбатини сотиб оларкан. Ёки эрнинг ўзи бир хотинига ҳадя бериш билан рози қилиб, иккинчи хотинига бораркан. Аммо ўша даврлардаги Ислом фақиҳлари буни маъқул кўрмай, пулни ва ҳадяни ўз эгаларига қайтаришни лозим билганлар. Адолатнинг бажарилиши вожиб экан, эр бўйнида у абадий қолади.

“Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга (уларнинг барчаларига баробар меҳр кўсатишга) қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб, (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўйманг (муаллақа аёл – эри бедарак кетган аёлдир. Эрим бор, деса – йўқ, беваман, деса – эри талоқ қилмаган). Агар (ўзларингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ мағфиратли, Меҳрибон Зотдир” (Нисо сурасидан).

Набий акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: “Агарда эрнинг икки хотини бўлса ва уларнинг олдиларида адолат қилмаса, Қиёматда танаси яримта бўлғай” .

Бу латифани эшитганмисиз: адолатли кишининг икки хотини бор экан. Шу даражада адолатли эканки, кечани ҳам тенг иккига бўларкан. Шундай бўлибдики, иккала хотини бир кунда, бир соатда, бир дақиқада вафот этибди. Бизда тобутни деразадан олиб чиқиш одати бор. У кишининг уйида битта дераза мавжуд экан. Адолат юзасидан икки тобутни баробар олиб чиқиш учун уйдан яна бир дераза очдирибди. Барча маросимлар тугагач, адолатидан ўзи ҳам мамнун бўлиб уйқуга кетибди. Тушида катта хотинини кўрибди: ғоят хафа эмиш.

– Нега ранжийсан, ҳамиша адолатли бўлдим-ку? – дебди эр.

– Охирида адолатли иш қилмадингиз, сиз барибир кичик хотинингизни кўпроқ севардингиз!

– Бунга асосинг борми?

– Бор, кичик хотинингизнинг тобутини янги деразадан олиб чиқдингиз…

Энди йигирманчи асрнинг дастлабки йилларига кўчайлик. Ҳозир эр хотинни талоқ қилгани билан расмий жиҳатдан ажралиши қийин, кўп ҳафталар, ойлар, ҳатто йиллар талаб этилади. У замонда эса “талоқсан”, дейиш билан оила бузилаверган. Айтишларича, Исмоилхўжа опоқ дадамиз ўн тўрт марта уйланган эканлар. Охиргилари Ҳикматхон катта бувимизни биламиз. Опоқ дадамизнинг хотинга муносабатларида адолат бўлганига ишониш қийин. Хотинни аёвсиз урар эканлар. “Сизни ҳам урганмилар?” деб сўрадим бир куни Ҳикматхон катта бувимдан. “Бир куни урган эдилар, менам қараб турмадим, бетларини юлиб ташлаган эдим, шундан кейин урмадилар”. (Ҳикматхон катта бувимиз тўнғич фарзандлари –Умиджон тоғамни туққанларида 18 ёшда, Исмоилхўжа опоқ дадамиз 68 ёшда бўлганлар). Ҳикматхон катта бувимиз туққан икки тоғам ҳам дадаларига тортган эдилар. Янгаларимизни кўп урардилар. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Ўша воқеани эсласам, ҳозир ҳам юрагим безиллайди. Бизникида дадажоним аяжонимни ҳатто сўкмасдилар, бақирмасдилар. Шундай шароитда улғаяётган боланинг бечора бир аёлнинг калтакланиши, тепкиланишини кўргандаги аҳволини тасаввур қилинг-а! Азизахон, Фотимахон янгаларим бизникига ҳар келишганда аяжонимга ҳасрат қилардилар. Қайноналарига нолишмаган, чунки эрларининг оналарига бўйсунмасликларини билишарди. Гўдакликларида кўп бемеҳрликларга гувоҳ бўлга аяжоним укаларига қаттиқ танбеҳ берардилар. Улар: “Хўп, опа, бундан кейин қўл кўтармайман”, – деб ваъда қилишарди-ю, жаҳллари қўзиган пайтда бу ваъдаларини унутишарди. Бир куни Тўйтепага борганимизда аяжоним Фотимахон янгамизнинг бетлари кўкарганини кўриб: “Яна уряптими у ярамас”, – деб аччиқланганларида янгамиз маъюсгина жилмайиб: “Қўяверинг, опоқ ойи, укангизга индаманг, уриб турмасалар, семириб кетаман”, – деган эдилар.

Тоғаларимга қараб туриб, опоқ дадамизнинг нечоғлиқ аёвсиз бўлганларини тасаввур этаман. Опоқ дадамнинг Булоқбошидаги қўшнилари “товуқмижоз одам”, дер эканлар. Бунинг маъноси шуки, товуқ жўжаларини қаноти остида авайлаб асрайди, кейин эса чўқиб-чўқиб нари ҳайдайди. Опоқ дадамнинг шу феъллари туфайли фарзандлари уйдан қочиб кетиб, жон сақлаган эканлар. Аввал катта ўғил – Маҳмудхон тоғамиз Ўшга, холалариникига қочиб бориб, фуқаролар урушининг қурбони бўлган эканлар. Кейин Мирзакалон тоғам, сўнг аяжоним ота уйидан қочиб кетганлар.

Катта опоқ дадамиз бемеҳр бўлмагандирлар, деб ўйлайман. Ўша оғир шароитларда Ҳажга бориб келган одам Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бўлгандир, деб фикр қиламан. Бой бўлганлари учун ҳам бир неча марта уйланганлари табиийдир. Биз иккитасини биламиз. Катта хотинлари Ачахон ойимдан икки ўғил, уч қиз кўрганлар: Исмоилхўжа, Зокирхўжа, Тўпахон, Иномпошша, Тожихон. Иккинчи хотинларидан: Садафхон, Маҳбубахон, Эшонхон, Саидалихон, Пўлатхон.

Катта бувимиз Ачахон ойим гавдали, сочлари узун ва қалин, гўзал аёл бўлган эканлар. Аяжонимнинг, Дамира опамнинг сочлари ҳам шундай эди, қарийб тўпиққа тушарди. Аяжонимнинг қирқкокил билан тушган суратлари Москва журналларида ҳам берилган эди. Катта опоқ дадамизнинг эса жуссалари кичикроқ бўлган экан. Мирзакалон ва Алихон тоғам, менинг акаларим ўша опоқ дадамизга тортганлар. Умиджон тоғам баланд бўйли, бақувват бўлганлар. Урушдан кейин Берлинда ўтқизиладиган тадбирлардаги фахрий қоровулда хизмат қилиш учун бақувват аскарларни саралаб олишганда Умиджон тоғамни ҳам танлашган экан. Бу бўлинмада хизмат қилувчи аскар сержант мартабасида, “Шуҳрат” ордени (“Орден Славы” уч даражадаги бу орден билан тақдирланганлар Қаҳрамон саналишган) соҳиби бўлиши, энг муҳими бўйдор ва кучли бўлишлари шарт экан. Фахрий қоровулда туришганида Англия раҳбари Черчил тоғамнинг рўпараларида тўхтаб “Осиёлик!” деб қўйган экан. Бўй жиҳатдан камина шу тоғамга, демак, Ачахон ойимга тортганман. Исмоилхўжа опоқ дадамиз ҳам гавда жиҳатдан оналарига тортган эканлар.

Жуссалари кичикроқ, ўзлари кўримсизроқ бўлган Муҳаммадалихўжа ҳожи опоқ дадамизни, кичикликларида бетлари куйган эканми, баъзилар “Куйик ҳожи”, деб ҳам аташган экан. Ўшда, Андижонда дўкон ва ерлари бўлган бой одам фарзанд тарбияси билан шуғулланмагандирки, ўғли оилага, хусусан, фарзандлар тақдирига бефарқ қараган. “Шум бола” кинофильмини эсланг-а? Боғидаги ишлар ўлда-жўлда, ўзи эса Каласда кичик хотини билан айшу ишратда. Бойлар бу борада бир-бирларига ўхшаганлар, деб ўйлайман.

Опоқ дадамни ўйлаганимда болаларига меҳрсиз бўлган бу одам қал-бида санъат ишқи қанақасига жой олган экан, деб ажабланаман. Исмоилхўжа опоқ дадамиз дутор чалишда Андижон-у Ўш томонларда донг таратган, Октябрь тўнтаришига қадар Холхўжа жўрабоши бўлган улфатнинг булбули саналган эканлар. Холхўжа шўроларга қарши қўлга қурол олиб, тоғларга чиқиб кетгандан кейин ҳам опоқ дадамни йўқлатиб турган экан. “Чорраҳада қолган одамлар” (“Девона”) романидаги Норхўжани тасвирлашда Холхўжа ҳақидаги хотиралардан фойдаланганман. Холхўжа 1920 йил баҳорида Шермуҳаммад (халқда “Кўршермат” номи билан машҳур) билан тоғ ошиб Қошғарга ўтиб кетиш чоғида кўчки остида қолиб ҳалок бўлган, дейишади. Аяжонимнинг айтишларича, у опоқ дадамни ҳамкетишга даъват этган, лекин опоқ дадам: “Деҳқон одамга четда нима бор, менинг ризқим шу ерларда”, – деб унамаган эканлар. Турли улфатларнинг зиёфатларига чорлайвериши жонларига теккач, кунлардан бир кун ғазабланиб, дуторни тошга уриб синдирган, шундан сўнг қўлларига соз олмаган эканлар. Ўзлари создан юз ўгирсалар-да, бу санъат Мирзакалон тоғам ва аяжонимга ўтган. Аяжонимнинг дутор чалганларини кўп эшитганман. Уйимизда эски дутор бўларди. Етмишинчи йилларнинг охирларида уйимизда меҳмон бўлган машҳур созанданинг ўғли бу созни кўриб ишқи тушиб қолди. “Пардалари сал сурилибди, тузаттириб келаман”, –деб олганича ров кетди. Аяжоним бу дуторни эслаб кўп ачинардилар. Янги дутор сотиб олиш қийин эмасди. Лекин у фақат соз эмас, бой хотира ҳам эди. У одамга буни кўп марта эслатсам-да, дуторни қайтармади. Дутор чалиш дадажоним ва аяжонимдан Ботир акамга ўтган. Мен ҳам ўрганишни бошлаганман-у, аммо қунт етишмаган.

Аяжоним тоғам билан Тошкентга келиб, қиз-жувонлар билим юртидаги ўқишни битирганлар, муаллима бўлиб ишлаганлар, кейин ЎзГУ (ҳозирги СамДУ)нинг биология факультетига ўқишга кирганлар. Тўнғич фарзандга ҳомиладор бўлиб “академотпуск” аталмиш бир йиллик таътилга чиқиб, бу таътил умрбод давом этди.

Ўттизинчи йилларда советлар ўзига тўқ деҳқонларга қарши зулмларини бошладилар. Бу ҳаракат халқда “қулоқ қилиш”, деб номланди. Аслида бу русча “раскулачивание” – сўзидан олинган (кулак – мушт, раскулачивание – муштни очиш). Ўртаҳол деҳқонлар “муштумзўр” деб сифатланиб, “совет ҳокимиятининг душмани”, деб кўрилиб, оилалари билан узоқ юртларга сургун қилинганлар. “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади”, – деганларидек, битта сигири бор меҳнаткаш деҳқон ҳам сургун рўйхатига тиркалаверган. Бу офат Исмоилхўжа ва Зокирхўжа оиласига ҳам ёпишган чоғида тоғам опоқ дадамни Тошкентга кўчириб келганлар. Зокирхўжа амакимизнинг оилалари эса Украинага сургун қилинган. Уруш пайтида ҳам ўша ерда қолишган. Сталин сиёсатининг яна бир аҳмоқлиги шунда эдики, вақтинча истило этилган жойларда қолган аҳоли ҳам душман саналарди. Бир пайтлар “қулоқ” бўлганларнинг фашистлар истило этган жойда қолиши большевик сиёсатига кўра гуноҳ устига гуноҳ эди. Бу борада уларнинг фашистлардан фарқи кам эди. Ҳатто баттарроқ зулмкор эдилар. Немислар урушдан кейин асирларни қайтаришга эришиб, уларни қучоқ очиб кутиб олганлар. Советлар эса урушда фашистларга асир тушганларни “хоин” ҳисоблаб, Сибирь қамоқхоналарига ҳайдаганлар.

Ўзбекистондан Украинага “қулоқ қилинганлар”га Сталин ўлимидан кейин юртга қайтиш ижозати берилди. Шунда ҳам барча ўзининг қишлоғига қайта олмади. Зокирхўжа амакимизнинг қизлари Душанбе яқинидаги қишлоқларда яшадилар.

Исмоилхўжа опоқ дадамиз фарзандлари тақдирига бегоналик қилиб эдилар. Бошқа оилалари бор эди. Лекин шунга қарамасдан тоғам билан аяжонимнинг ота олдидаги фарзандлик бурчлари сўнмаган эди.

Шайхлар дебдиларким: “Волидука – роббука”, яъни отанг – парвардигорингдир. Дейилмиш бу маънодан ширк кўрилмаслиги, аксинча, “тарбиячи Тангрига итоат этганинг каби отага ҳам итоатда тургин”, дейилмиш маънони уқмоқ жоиз. Тангрининг инсон тарбиясига оид амрини болага энг аввало ота-она етказади. Бу ўринда “роббука” – тарбиячиэканига ишора ҳамда масъулият юки ҳам англашилса дуруст бўлар. Халқда “Ҳаким ота” номи билан машҳур зотлардан Ҳаким Сулаймон: “Ота – қодири қайюм, она – розиқи марсум”, – деган эканлар. Яъни ота Аллоҳнинг абадий қудрат эгаси сифатига, она эса Аллоҳнинг барча жонзотга ризқ берувчи сифатига ўхшатиляпти.

Иброҳим Халилуллоҳнинг оталари бут йўнувчи уста Озар эди. Иброҳим алайҳиссалом оталарини бутпарастликдан қайтариш учун насиҳат қилган вақтларида нидо келдиким, таъзим ва мулойимлик билан насиҳат қилғил. Тоғам билан аяжоним бу ҳикматларни билганмилар ё билмаганмилар, менга номаълум. Лекин ҳаётлари шу ҳикматга асосан кечганини аниқ биламан. Исмоилхўжа опоқ дадамнинг Булоқбошидаги ерлари мусодара этилганида ёшлари етмиш олтида бўлган экан. Шундан сўнг йигирма йилдан зиёдроқ вақт давомида тоғамникида яшадилар. Шу ердан Минор қабристонига кузатилганлар. Ёшлари юздан ошган йили бетобланиб шифохонага ётганлар. Вафот этадиган кунлари аяжоним борган эканлар. Пишириб борган таомларини еб, сув сўраган эканлар. Сўнг қўлларини баланд кўтариб, дуо қилган эканлар.

Яралмиш ҳар бир нарсанинг ҳимоя қобиғи мавжуд. Буни тухум пўстлоғига ўхшатиш мумкин. Одам танасига қарасак, ҳар бир аъзо ўзига хос равишда ҳимояланган. Масалан, юрак, жигар, ўпка…нинг ҳимоя пардаларидан ташқари қовурға ҳам мавжудким, у ташқи зарбалардан асрайди. Суякни қопловчи эт ва терини ҳам ҳимоя воситаси деб атасак, тиббиёт ходимлари бизни хатоликда айблашмас. Санаганларимиз – жисмоний ҳимоя воситаларидир. Хўш, руҳий ҳимоя воситаси борми? Бор! Бу – дуо! Банда дуо қилмаса, бандалик лаззати унга татимайди. Одамни турли бало, офат, фалокатлардан, энг муҳими – ёмон назарлардан дуо иҳота этади. Бу дуо иҳотаси қатма-қат бўлиб, энг қалини, бардошлиси – ота-она дуосидир. Жисмоний иҳота воситаларини одамга Аллоҳ ато этган. Руҳий ҳимоя воситасини эса ҳар бир одам ўз яхшиликлари туфайли барпо этади. Ким ўзгаларга яхшилик қилиб хайрли дуолар олибди, унинг иҳота қўрғони мустаҳкамдир. Ким ўзгаларга ёмонлик истаб дуоибад (ёмон дуо, яъни – қарғиш) олибди, руҳий иҳоталарни барбод қилибди. Қарғиш –руҳий ҳимоя воситаларини парчалаб ташловчи ғоят кучли қуролдир. Бундан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Қарғиш бу воситани бир зарбада буза олмаслиги ҳам мумкин. Бироқ, у айёр ғаним каби пайт пойлайди. Одамни қамал ҳолатига келтириб, уни таъқиб этади. Орадан йиллар ўтиши мумкин. Одам бировга қилган ёмонлигини унутиши ҳам мумкин. Аммо дилда туғилиб, тилга кўчган қарғиш ўз вазифасини унутмайди. Ташқи зарба туфайли эзилган ёки синган қовурғани даволаш чоралари мавжуд. Бироқ юракдан отилиб чиққан қарғиш зарбасига даво йўқми? Бор. Бу – тавба. Банда кимнинг кўнглини оғритган бўлса, ундан узр сўрамоғи шарт. Аллоҳ шундагина унинг гуноҳини кечиради. “Қарғиш урди” деган иборани “У тавба қилмади, Аллоҳ гуноҳларини кечирмади”, деган тарзда талқин қилсак ҳам бўлади.

Опоқ дадам вафот этган йили тоғамни “халқ душмани” деган туҳмат билан 31 декабрь куни қамоққа олишган. “Шайтанат”да Асадбекнинг отасини 31 декабрь куни қамоққа олишларида ўша кунга ишора бор. Кўпчиликка маълумки, улуғимиз Абдулла Қодирий ҳам 31 декабрь куни (1937 йил) қамоққа олинганлар…

* * *

Аждодларим ҳақидаги суҳбатнинг шу нуқтасида тоғам ҳақидаги сўзларни бошлайман. 2008 йили Мирзакалон Исмоилий туғилган кунга 100 йил тўлиши муносабати билан “Озод инсон ҳақида қўшиқ” деб номланган ҳужжатли қиссани нашр эттириб эдим. Мазкур асар ёзувчининг қамоқда терговчи учун ёзиб берган “Иқрорнома”си асосида ёзилганди. Эҳтимол, бу сатрларни ўқиётган азизлардан айримлари мазкур китоб билан танишгандирлар. Ҳозирги баёним ўша китобнинг мухтасар кўринишидай туюлса-да, унда янги маълумотлар ҳам анчагина.

Эркинлик ва озодлик ҳақида гап кетганда икки саволни ўртага қўйиб аниқлаштириб олиш керак:

Эркинлик – нимадан?

Эркинлик – ким учун?

Ҳануз армондаман…

Орадан йиллар ўтяпти. Одамзод ҳар қандай айрилиқ, ҳар қандай ҳижронга чидайди. Кунлар ўтгани билан хотиралар хира тортмай, аксинча, тиниқлашиб, юракни қон қақшатиб бир ўксик уйғотади. Суянган тоғингиз, ишонган одамингиз, доно маслаҳатгўйингизнинг бу дунёни ташлаб кетганига ишонгингиз келмайди. Сўнгги суҳбатлар қулоқ остида қайта-қайта жаранглаб, сўнгги дийдор кўришувлар ва ниҳоят, энг охирги учрашув кўз олдингиздан кетмас экан…

Ҳануз армондаман…

Мирзакалон Исмоилий… Бу одамнинг истарали сиймоси, кулиб турувчи кўзлари уни кўрган, билганлар хотирасидан ҳали ўчмади. Бу одамнинг номи адабиётга кўнгил қўйганлар тилидан тушганича йўқ. Мирзакалон Исмоилий менга ҳам тоға, ҳам устоз эдилар. Шу сабабли мен учун улуғ бир зотга айланган одамнинг бу дуёндан кетганига ишонгим келмайди.

Маъзур тутинг, хотиралар қопқасини очмоқдан мақсадим бўлак эди. Муддао ҳасрат эшигини очиш эмас, балки умрини фақат эзгуликка бағишлаган одам ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш. Халқимиз Мирзакалон Исмоилийнинг ёзган асарларинигина билади. У муҳтарам зотнинг шахсий ҳаёти, асарларининг дунёга келиш тарихи кўпчилик учун сир. Шу сирни ошкор қилиш вақти етди, деб ўйлайман.

Ҳануз армондаман…

Ҳушсиз эдилар, лекин қаерларидир қаттиқ оғриётганини заиф инграшлари ошкор этиб турарди. Кафтимни пешоналарига қўйдим. Сал ором олгандай бўлдилар. “Бошлари оғриётган экан”, – деб ўйладим. Қўлим толса ҳам узоқ ўтирдим. Ҳикматхон катта бувим билан Азизахон янгамиз “Сиз кетаверинг, эрталаб аянгизни олиб келарсиз”, – дедилар.

Эрталаб келиш нияти билан кетган эдим…

Уйимга кеч соат ўн бирдан кейин қайтдим. Остона ҳатлашим биланоқ бўғзимга йиғи келди. Аҳли аёлим буни сезиб: “Ўтдиларми?” – деб сўради хавотир билан. “Йўқ” деган маънода бош чайқадим. Аммо бу савол йиғи йўлидаги тўсиқни олиб ташлади. Аҳли аёлим мени юпатишни ҳам, бирон нима деб кўнглимга далда беришни ҳам билмай иккиланиб тураверди. Дадажоним билан аяжоним ухлаб қолишганди.

– Оғирлашиб қолдилар, қайтиб бормасам бўлмайди, – дедим.

– Аямни уйғотайми?

– Йўқ. Тоғамнинг азобланиб ётганларини кўрсалар юраклари кўтара олмаслиги мумкин…

Бу ҳам оғриқли армон бўлиб қолди. Акаларининг оғир хаста эканликларини яширмаслигим керак эди. Тирикликларида олиб боришим керак эди… “Тоғангни кўряпсанми, яхшимилар?” – деб сўраганларида: “Яхши юрибдилар”, – дердим. Алдамаслигим керак экан…

Аямни уйғотиб юбормаслик учун автомашинанинг моторини ўт олдирмай, кўчага итариб чиқардик. Дархонга йўл олдим. Беш қаватли уй олдида тоғамнинг набиралари Равшанни кўрдим. Юрагим “жиз” этиб кетди: кечикибман! Бу уйдан чиқиб, қайтиб келгунимча узоғи билан қирқ дақиқа ўтгандир. Кейин ўйласам, уйимга кириб бораётганимда бўғзимга бекор йиғи келмаган экан. Ўша онда жон таслим қилган эканлар.

Уйга кирдим… Гўё ширин уйқуга кетганлар. Танани жон тарк этган бўлса-да, юзларидан нур ёғилиб турарди. Қамоқ асорати беиз кетмаган, юз-қўлларига оқ доғлар тошган эди. Тиб аҳли қанча уринмасин, бу хасталик чорасини топмади. Тоғамнинг тўй-ҳашам, турли анжуманлардан ўзларини тортишларига ҳам шу доғлар сабабчи эди. Бу доғлар гўё қамоқхонанинг тамғаси бўлиб қолган эди. Жон чиқиши билан бу доғлар ҳам йўқолибди…

Мен шу онга қадар ўзимни қариндошлар орасида ёш йигит фаҳмлаб, маслаҳат бериш ҳуқуқига ҳали етишмаганман, деб ҳисоблардим. Чунки ёшлари мендан анча улуғ яқин қариндошларимиз кўп эди.

Йиғи-сиғи сал босилгач, дафн маросимини ўтказиш маслаҳати бошланди.

– Қайси театрга қўйилади? – деган саволга: “Марҳумнинг жасади Ҳамзатеатрига ё Муқимий номидаги театр биносига қўйилиши керак, Навоийтеатри биносига қўйилса яна ҳам яхши”, – деган таклиф айтилди. Муҳокамага қўшилмай, индамай ўтирган эдим, савол назари билан менга қарашди, кейин:

– Ҳукумат катталарига хабар қилиш керак, – дейишди.

– Эрталабга қадар раҳбарларга хабар беролмаймиз. Уларни топиб айтгунимизча, шундай ётадиларми? Умуман, хафа бўлманглар-у, бирон жойга қўйишга мен қаршиман. Мусулмонларда бунақа одат йўқ. Агар тоғам коммунист бўлганларида бошқа гап эди. Маййитни томошага қўйиш яхши эмас, ювиб, кафанлангандан кейин бировнинг назари тушмаслиги керак, – дедим.

Қариндошлар, айниқса тоғамнинг оилалари мусулмонларга хос одатларни яхши билишмасди. Шу боис, гапимни тасдиқлашни ҳам, инкор этишни ҳам билмай бир-бирларига қараб қолишди.

– Унда Чиғатойдаги коммунистлар мозорига қўйилмайдиларми? – деб сўрашди.

– Тоғам ўзларини қаматган, хорлаганлар билан ёнма-ён ётишлари керакми? – дедим ғашланиб. Мен бундай демаслигим керак эди. Хиёнаткорларни тоғам кечирган эканлар, мен таъна қилишга ҳақли эмасдим. Бу гап мотам туфайли эзилган юракда бехос туғилиб, ихтиёрсиз равишда юзага чиққан эди.

Чиғатой қабристонига қўймаслик ҳақидаги гапимни ўйлаб туришганда хаёлим бирдан ёришиб кетди. Тоғам томонидан бир мартагина айтилган, кейин унутиб юборганим васиятни эсладим! Беш йил муқаддам тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака бедаво касалликка чалиниб, аввал икки оёқлари кесилган, сўнг вафот этган эдилар. Тоғам бу куни бошқа шифохонада даволанаётган эдилар. Врачлар жанозага келишга ижозат беришмади. Даволаниб чиққанларидан кейин тоғамни “Минор” қабристонга олиб бордим. Йиғладилар. Дуо қилдилар… Сўнг қабр атрофига кўз югуртириб, ниманидир чамаладилар:

– Яхши жойга қўйибсизлар. Қарагин, ёнида яна икки кишилик жой бор экан… – дедилар.

Бу гапнинг ўзига хос васият эканини айрилиқ кечаси англадим-да, қариндошларга айтиб, яна илова қилдим:

– Опоқ дадам ҳам, Ойзуҳра опам, Фаррух акамлар ҳам ўша қабристондалар… бирга ётишни истаганлар… Бу истакни ўзгартириш мумкинмас…

Масала ўз-ўзидан ҳал бўлди. Айримлар марҳум билан хайрлашиш учун жасадни бирон театр биносига қўйиш фикридан воз кечмай, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларига қўнғироқ қила бошладилар. Лекин барча қўнғироқлар жавобсиз қолди. Шу кечанинг ўзида жамланган қариндошлар дафн маросимига тегишли нимаики масала бўлса негадир менга мурожаат қила бошладилар. Шу кеча ўзимни анча улғайиб қолган ҳис қилдим.

Ўша йили (1986) комфирқа раҳбарияти диний урф-одатларга қарши курашни авж олдирган эди. Коммунистнинг ўзи ёки бирон яқини вафот этса жаноза ўқитилмас, айрим довюраклари яширинча ўқитиб қўйишарди. Мозорларда қуръон тиловат қилинмасин, деб ҳатто ўриндиқларни суғуртириб ташлашганди. Ана шундай шароитда атоқли адибнинг қандай равишда дафн этилиши масаласини ҳал этиш осон эмасди. Эрталаб, раҳбарлар уйғонишгач, каттами ё кичикми ғавғо уйғониши мумкинлигини ўйлаб, маййитни кечасиёқ ювиб, кафанлаб қўйиш керак, деган тўхтамга келиб ҳаракатни бошладик.

Ёзувчилар уюшмаси партия ташкилотининг раҳбари хабар олгани келганда тўпланган жамоа “коммунистчасига дафн этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас”, деган кайфиятда эди. Хайрият, ортиқча гап-сўз чиқмади. “Бодомзор” масжидининг имоми жанозани “Минор” қабристонида ўқийдиган бўлди. Тобут қабристон ҳовлисига қўйилгач, ёши катта ёзувчилар, тоғамнинг тенгдошлари “Мотам митинги қиламиз”, дейишди. Имом буни эшитиб гарангсиб қолди. Бу таклифга монелик қилса балога қолишини билиб, жамоадан нажот кутгандек жавдирай бошлади.

– Митинг шарт эмас, ҳозир жаноза ўқилади, бошланг тақсир, – дедим. Камина коммунист бўлмаганим сабабли шундай дейишга журъат қилдим шекилли.

Тоғам менга кўп насиҳатлар қилардилар, кўп гапларини қулоққа олардим. Лекин икки насиҳатларини бажаришни истамадим. Биринчиси – “Диссертация ёқлаб ол, қариганингда асқатади”, – дердилар. Олим– ларнинг маошлари кўпроқлигини назарда тутиб, илмга даъват қилардилар. Мен илмдан кўра ижодни маъқул кўрардим, диссертация ёзишдан кўра, унинг атрофидаги кераксиз ҳаракатлар, ташвишлар, югур-югурларга тоқатим йўқ эди. Шу ишга куч сарфламай тўғри қилганман, деб ҳисоблайман. Иккинчиси – “Партияга ўт”, деб қистайверардилар. “Партиясиз бўлсанг юқори мансабларга эриша олмайсан”, – дердилар. Навбатдаги даъватдан кейин: “Сиз уруш пайтида партияга ўтган экансиз, қамалиб чиққанларнинг кўпчилиги аъзоликка қайта тикландилар. Сиз нима учун тикланмадингиз?” – деб сўрадим. Саволим тоғамга ёқмади. Қошларини чимириб: “Мени қамоққа тиққан партияга яна аъзо бўлишни истамадим”, десам кўнглинг жойига тушадими?” – дедилар. Мен кулимсирадим. “Нега тиржаяпсан?” – дедилар кескин оҳангда. “Жавобни ўзингиз айтдингиз:тоғамни қаматган партияга аъзо бўлишни истамайман”, – дедим. “Бу баҳонанг ўтмайди, – дедилар энди юмшоқроқ оҳангда, – менинг тақдирим бошқа, сеники бошқа”. “Унда бошқа баҳонам бор, – дедим ҳазил оҳангида.-Партияга аъзолик бадали тўлашни ёқтирмайман”. “Бу баҳонанг ўринли”, – дедилар жилмайиб. Шундан сўнг бу мавзуда гап бўлмади. Тоғамнинг гап-ларига кирмаганим учун ҳозирга қадар ўзимдан-ўзим хурсанд бўлиб қўяман.

Ким билади, агар мен ҳам урф-одатларни бўғаётган партияга аъзобўлганимда тоғамни ёғоч қутига солдириб кўмдирармидим… Астағфируллоҳ!

Имом жанозага сафланишни буюрганда жамоа бирдан иккига бўлинди. Бир гуруҳ ҳудди адашган сел оқими сингари тобутдан узоқлашди. Бир гуруҳ жанозага сафланди…

Бу тасодифий ҳол эмасди. Бу ҳаёт ҳақиқатининг амалдаги кўриниши эди. Кундалик тирикчилик ташвиши билан банд бўлган одамлар худди бир оқимда юраётгандай бўладилар. Аслида эса ундай эмас… Қиёматда шундай ажралиш бўлишини нечун унутиб яшаймиз?

Мармартош юзлари бунчалар силлиқ,
Жонсиз бу тош чиройли бунча?
Ғамли гулларини нечун битмишдир.

Вафотларидан икки йил кейин, инсоф ва адолат юзасидан қаралса, саксон йиллик тўйлари тантана билан нишонланиши керак эди. Лекин Ёзувчилар уюшмаси бу қутлуғ санани унутгандай юраверди. Марказқўм раҳбариятига мурожаат қилингандан кейин, уларнинг кўрсатмаси билан юбилей маросими, енгил-елпи бўлса-да, ўтказилгандай бўлди. Ўша пайтда Марказқўмда ғоявий масалалар билан шуғулланган раҳбар узоқ йиллар Москвада яшаган эди. “Ёзувчиларни билармикин ё йўқми?” деган шубҳа билан Мирзакалон Исмоилий туғилган кунига саксон йил тўлгани айтилганда унинг кўзлари чарақлаб кетди.

– Мен бу устозни жуда яхши биламан. Москвада юриб ўзбек тилини унутиб юбормаслик учун “Фарғона тонг отгунча” романини қайта-қайта ўқирдим.

У кишининг айтганлари биз учун катта баҳо бўлди.

Булоқбошиликларнинг ташаббуси билан тўқсон йиллик тўйлари она қишлоқларида ўтказилди. Юз йилликлари Миллий университетда нишонланди.

Мирзакалон Исмоилийнинг номини элга машҳур қилган асар – “Фарғона тонг отгунча” романи. Адибнинг мўлжалича, асар уч китобдан ибо-рат – трилогия бўлиши керак эди. Романнинг икки китоби ёзилди. Учинчиси қоғозга кўчмади. Ёзувчига: “Роман қандай ёзилди, учинчи китоб қачон битади?” – деган саволлар жавобсиз қоларди. Радиода ишлаб юрган давримда, бир куни “Одамлар романнинг ёзилиш тарихи билан қизиқишяпти”, деганимда, тоғам маъюсгина жилмайиб: “Қандай жавоб бераман, китобни қамоқдалигимда ёзганимни айтганим билан эълон қила олишмайди-ку?” – дедилар.

Ҳа, “Фарғона тонг отгунча” романининг биринчи китоби қамоқхонада ёзилган. Эллигинчи йилнинг сўнгги кунида адиб одатдагидай хизматга кетди. Навоий номидаги театрда янги асар тақдимоти бўлаётган эди. Уни фойега чақиртирдилар-да, ордерни кўрсатиб, қамоққа олинганларини билдирдилар. Қора машинага ўтқизиб, уйларига олиб келдилар. Оилалари билан хайрлашиш учун эмас, тинтув қилиш учун! Қор босган ҳовлида дадасининг нотаниш одамлар билан келаётганини кўрган Ойзуҳра уларни азиз меҳмон деб ўйлаб, “келинглар, келинглар” деб шодлик билан пешвоз чиқди. “О-о, қизгинам, сен бу разил кимсаларнинг нима ниятда келганини билсанг эдинг”, – деган аламли ўй ота хаёлини ёритиб ўтди-ю, чорасизликдан лабини тишлади.

Янги йил кечаси қайғу ва айрилиқ кечасига айланди. Шу бўйи уйига тўрт йилу тўрт ойдан сўнг қайтиб келди. Қайтди-ю, азиз фарзандлари орасида суюкли қизи Ойзуҳрани кўрмади… Ёзувчи тўрт йилу тўрт ой озодлик илинжида, ҳақиқатнинг, адолатнинг қарор топиши умидида яшади. Урушнинг бошидан-охиригача ўлим билан юзма-юз турган одам бир неча малъуннинг туҳмати билан Қарағанда конларидаги азобли меҳнатга чидаб яшади.

Мен соқовман, сен эса гунг
Дардимни айтаман сенга.
Сен эса… “тинглайсан” мириқиб.

…Қарағанданинг қаҳратон қиш чилласи. Бир ҳафтаки, қор бўрони кўз очирмайди. Совуқ йигирма-ўттиз даражадан тушмайди. Туфланган туфук муз парчасига айланиб, ердаги қор қатламини ўйиб ичкарига кириб кетади. Турадиган масканлари – ёғоч барак, иш жойлари – шахта ораси беш-олти чақиримли йўл. Айниқса, ишдан қайтар чоғида таналаридан дармон кетиб, оёқлари каловланиб, юролмай қоладилар. Кўпинча бақувватроқ ҳамроҳлари икки қўлтиқларидан суяб аранг баракка олиб келишарди. Ўшандай кунларнинг бирида ёши улуғроқ маҳкум: “Мирза, бу кетишда ё бедаво дардга йўлиқасан, ёки нобуд бўлиб кетасан. Лагерга янги раҳбар келибди. Ўқимишли, зиёли одам дейишяпти. Ахир сен журналист-ёзувчисан. Русчага, ёзув-чизувга устасан, котибликка ярайсан. Ҳузурига кир, аҳволингни тушунтир. Илтимос қил. Лагерда сенбоп бирор иш топиб берар”, – деб маслаҳат берди. Бу маслаҳат маъқул келиб, раҳбар ҳузурига кирдилар. Чиндан ҳам кўринишидан зиёлинамо ёш йигит экан. Яқин олиб, дардларини айтдилар. У арзни охиригача тингламай, бирдан авзойи ўзгарди, қаҳри қўзғади, кўзлари чақчайди. Отаси тенги одамни сенсираб бақира кетди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации