Текст книги "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 42 страниц) [доступный отрывок для чтения: 14 страниц]
Бир куни уйимизда учинчи китоб ҳақида сўз очилганда аямнинг: “Тоғанг “учинчи китобни ёзмайман, шунча меҳнат қилиб рўшнолик кўрмадим”, – дедилар. Тоғангинг иродасини уруш буколмаган эди, қамоқ буколмаган эди, хорлик, қадрсизлик букди”, – деганларини эшитиб, бунга ишонган эдим. Қадрсизликни инкор этмаганим ҳолда, буни учинчи китобни ёзмаганларига асосий сабаб, деган тахминдан юз ўгираман. Чунки бу ёзувчи аразлайдиган тоифадан, бошқача айтсак, “бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирадиган”лардан эмасдилар. Романнинг иккинчи китобини ёзиб тугатганларида адиб олтмиш ёшни қоралаган, аммо куч-қувватга, ғайратга тўла эдилар. Олтмиш ёшга тўлишлари муносабати билан Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми ёзувчини Фахрий ёрлиқ билан тақдирлади. Урушда қон тўккан, адолатсизликларга чидаган, халқ учун тинимсиз хизмат қилган одамга бундан улуғроқ мукофот лозим кўрилмаганига яраша бу Ёрлиқни юбилей кечасига олиб келиб топширувчи инсоф эгаси ҳам топилмади. Ҳолбуки, таниқли ижодкорларга бу ёшга етганда “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони бериларди.
Олтмишинчи йилларнинг бошларида Республика радиосининг “Ёшлик” таҳририятида Рустам Раҳмон, Саъдулла Сиёев ишлашарди. Улар Мирзакалон Исмоилийни таҳририят ишларига тортишди. Шу тариқа ёзувчининг ахлоқ-одоб мавзуидаги суҳбатлари бошланиб, бу эшиттиришлар катта шуҳрат қозонди. Мактуб кўп келарди. Тоғам хат ёзишга улгуролмас эдилар. Ёзув столлари доно маслаҳатга муҳтожларнинг мактублари билан тўла бўларди. Бу мактубларнинг айримларини кулиб, баъзиларини ғазабга тўлиб ўқиб берардилар. Халққа одоб мавзуида гап айтиш учун киши аввало маънавий ҳуқуққа эга бўлиши лозим экан. Покизалик ҳақида гапирувчи одамнинг ўзи покиза бўлибгина қолмай, ифлосликка қарши кураша олувчи қудрат соҳиби бўлиши керак экан. Бирор кимсага “Сен виждонли бўл!” демоқдан аввал ўз виждонига қараб олмоғи лозим экан. Бирон-бир ёшга “Тўғри йўлдан юр”, дейишдан олдин ўзи босиб ўтган йўлга қараб олиши зарур экан. Кишига ана шундай маънавий ҳуқуқ зарурлигини ўзим ҳам кейинроқ англаб етдим.
Бир киши донишманднинг ҳузурига ўғлини бошлаб келиб дебдики:
– Боламга насиҳат қилиб қўйинг, жуда кўп хурмо ейди. Эллик хурмони кўрдим, демайди, Кўп емоқ зарар эканини тушунтиринг.
– Дуруст, бир ойдан кейин келинглар, – дейди донишманд.
Бир ойдан кейин келишгач:
– Иним, қутлуғ оиланинг фарзанди экансан, нафсингни тий, хурмони кўп ема, озига қаноат қил, – дебди. Бундан ажабланган ота дебдики:
– Насиҳатингизнинг бори шуми, бошқа гапингиз йўқми? Шу гапни бир ой аввал айтиб қўя қолсангиз бўлмасмиди?
– Бир ой олдин айтишга ҳаққим йўқ эди, – дебди донишманд. – Чунки ўзим ҳам хурмони яхши кўриб, кўп ердим. Бир ой давомида нафсимни тарбия этдим, кам едим ва насиҳат қилиш ҳуқуқига эга бўлдим.
Радио орқали олиб борилган ахлоқ мавзуидаги туркум суҳбатлар ноширларда китоб чиқариш фикрини туғдирди. “Ўзбекистон” нашриётининг таклифи билан “Инсон ҳусни” деган китобча юзага келди. Китобча жуда тез тарқалди, ўқувчилар эътиборини қозонди. Орадан кўп ўтмай, бу мавзу тўлдирилиб, “Одамийлик қиссаси” юзага келди. Мухлислар орасида тоғамни “маънавий отам” деб ардоқловчилар кўпайди. Тоғамнинг вафотларидан икки ой ўтгач, бир аёл менга учрашиб, қаерга дафн этилганларини сўради. “Мирзакалон Исмоилийнинг ўзларини кўрмаганман, лекин китоблари орқали мен у кишини ўзимнинг “маънавий отам”, деганман. Вафотларидан энди хабар топиб, келяпман. Вақтида билганимда қизлари қаторида туриб видолашган бўлардим”, дегач, уни қабристонга ўзим бошлаб бордим. Аёл қабристон дарвозасидан ўтибоқ йиғлаб юборди. Худди ўз отасиинг зиёратига бораётгандай бўзларди. Қабр тепасида ҳам шундай бўлди…
Тоғам ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилиб кетдилар. Радиодаги суҳбатлар, матбуотдаги чиқишлардан ташқари мактуб йўллаган мухлисларига иложи борича жавоб қайтаришга уринардилар. Мухлисларнинг айримлари ёрдам сўрарди ёки маслаҳатга муҳтожлигини айтарди. Ёрдамга муҳтожларнинг ё отаси-онасига, ё ўзи ўқийдиган факультет деканига… хат ёзардилар, ёшларнинг мушкулини осон қилишларини сўрардилар. 1976 йили Ўш вилоятининг Жалолобод шаҳридан бу хат йўлланган:
“Ассалому алайкум, ҳурматли домла. Бу хатни қўлингизга олганда ҳар бир нотанишнинг хати сингари таажжубланаётгандирсиз? Ҳа, таажжубланишга ҳақлисиз, албатта. Чунки мен бирон маротаба ё хат орқали, ё тик сиз билан учрашмаганман. Мен фақат сиз билан китобларингиз орқалигина танишман. Ҳурматли домла, китоблар ичида сизнинг “Одамийлик қиссаси” китобингиз барча китоб шинавандалари сингари менга ёқди. Мен сизнинг шу китобингизни ўқиганимдан кейин, баъзи бир дугоналарим билан биргаликда бир қанча ҳаётий саволларга тўхталдик ва шуларни ҳам билмоқчи бўлдик. Бу хатда буни сизга маълум қилмадик, чунки шу хатимизга жавоб ёзиб, оз бўлса-да, бизга вақт ажрата олишингизни маълум қилсангиз, биз кейинги хатимизда батафсил, тутилмайроқ ёзишга келишдик. Барча тенгдошларим номидан завод ишчиси Алишерова Майрамхон”.
“Қизим Майрамхон, ассалому алайкум!
Қаранг, шу йил 14 майда юборган хатингиз ёзувчилар союзида ётиб қолибди. Бугун олдиму жавоб ёзишга ўтирдим. Майрамхон, китобим Сизга, дугоналарингизга ёққан бўлса, бу менинг учун катта мукофот. Демак, узоқ вақтлар тинмай қилган меҳнатим зое кетмабди. Қаранг-а, Майрамхон, июннинг 21–22 кунлари Сизнинг гўзал Жалолободингизда, бир қариндошимизникида эдим. Билсак ўша ерда кўришар, саволларни ҳам бирга-бирга ҳал қилишар эканмиз. Аттанг! Шундоғ бўлсин, Майрамхон қизим, қанча, қанақа саволлар туғилган бўлса ёзинг. Ҳаммасига қадри ҳол жавоб бераман. М.Исмоилий. 30.06.76”.
Яна бир хат алоҳида эътиборга молик экани учун, узунроқ бўлса ҳам тўла баён этишни лозим кўрдик:
“Ассалому алайкум, сиз ҳурматли шоиримиз Мирзакалон Исмоилий!
Мен сизнинг ёзган китобларингизни зўр қизиқиш билан ўқиб келмоқдаман. Яқинда “Одамийлик қиссаси” деган китобингизни олиб ўқиб, хурсанд бўлдик. Сиз тўғри ёзибсиз шу китобни. Шу китобда бизларнинг номимиз ҳам бор экан, раҳмат сизга. Мен бу китоб асосида хат йўллайман. Сиз Тошмурод бобо тўғрисида кўп фикр ёзибсиз. Мен шу бобо тўғрисида озгина бўлса ҳам ёзиб юбормоқни лозим топдим. Тошмурод бобо 1950 йиллари Оқдарё қишлоғига иш ахтариб келган эди. Шу пайтда ёши 85 га кирган бўлса ҳам у киши бардам-бақувват эди. Тошмурод бобо томорқамизда ишлаб икки халта дон олди. Сўнг отам билан маслаҳатлашиб, қишлоғимизга кўчиб келиб Мусаллам хола, қизи Муқаддас ва 7–8 ёшли Қаршивой ўғли билан бирга бир кулбада яшай бошлади. Қиш чиқиб, кўклам келгач, Абдулла акамлар ертўла қазиб, кулбахона қилиб беришди. Улар кўп йиллар кулбахонада яшашди. Сўнг ўзлари ғишт қуйдириб, янги уй қуриб олишди. Бобо оиласини боқиш учун ўтинфурушлик, чўпонлик қилар эди. Болалари улғайиб, вояга етишди. Қизлари турмушга чиқиб кетишди. Қаршивойга хотин олиб беришди. Тошмурод бобо йилдан-йилга қариб, кўзи ўтмай, ўзи нимжон бўлиб қолди. Муқаддас ва Қаршивой бошқа отадан экан. Қаршивой отани менсимас эди. Бир куни бобо чой ичиш маҳали унга ҳазил гап айтдилар. Қаршивой ҳазилга жавобан отасига бир олайиб қараб: “Сенинг кўзингга кўрсатаман!” –деди. Қаршивой қиморвозлик қиларди, отасига қарамас эди. Бир куни борган она-бола менга: “Бобонг сизларникига меҳмонга бормоқчилар, яхшилаб меҳмон қил”, – дейишди. Мен у пайт ҳали уйланмаган эдим. Бобо бизникида уч ой турдилар. Кўкламга чиқиб, “бобо келсинларми?” десам, “Йўқ!” дейишди. 1964 йили мен ҳарбий хизматга кетдим. Уч йил деганда қайтдим. Рўза пайти эди. Бобо юз ёшга етган бўлса ҳам рўза тутаркан. Бир куни бобо таҳорат оламан, деб ҳовлига чиқиб, уйга қайтолмай адашиб, оқ иштон, оқ кўйлакда кўчага чиқиб кетибди. Қаҳратон қиш эди. Овозларини эшитиб, у кишини уйга қайтардик. Қаршивой чиқиб хабар ҳам олмади. Бобо юз уч ёшга кирган пайти эди. Рўзани очаман, деб бир қултум сувни юта олмай, юраги уришдан тўхтабди. Муллахўжа қишлоғи халқи 4–5 сўмдан пул йиғиб, Тошмурод бобони дафн қилди. Қаршивой ҳаялламай, уйни сотиб, кўчиб кетди. Онаси билан кичик синглизини ташлаб кетди. Сиз ёзган Тошмурод бобо тақдири шундай тугади.
Ҳурматли редактор ходимлар, менинг бу арзимас хатимни Мирзакалон Исмоилийга йўллангизлар, деб илтимос қиламан. Шоназар Саломов, Самарқанд область, Оқдарё район, Ленин номидаги колхоз, 11-бригада”.
“Ҳурматли иним Шоназар, ассалому алайкум!
Шу йил август ойида менга бир мактуб йўллаган экансиз. Кўп раҳмат. Лекин мактубингиз шу бугун қўлимга тегса-я!
“Одамийлик қиссаси” номли китобимни ўқиб, Тошмурод бобо, Абдулла ака, Эркин Ҳожиқурбоновлар ҳақида, ўзингиз ҳақингизда ҳам батафсил хат йўллаганингиз бошимни осмонга етказди. Ёзувчи бирон одамни қаламга олса, уни ҳеч қачон эсдан чиқармайди, тақдирига ҳам бефарқ қолмайди. Мен Қаршивойнинг бетамизлиги, Тошмурод бобонинг шўри-андуҳи ҳақида бирон хабар эшитсам, деб орзу қилар эдим. Мактуб қанчалик оғир бўлса ҳам Сиз мени бирмунча тинчитдингиз, раҳмат.
Иним Шоназар, қани энди Қаршивой сингари бетамиз ўғиллар, қари отасига қарашдан қочган номардлар, текинхўр аблаҳлар уруғи қуриб, юздан ошса ҳам ўз номини меҳнатдан топган марҳум Тошмурод бобо сингари ҳалол инсонларгина қолса дунёда! Яхшилар орзу қилган ана шундай пайт ҳам келар бир кун. Лекин ўзи келмайди у пайт. Уни келтириш керак. Келтириш учун эса юзи қора, худбин, батарин қаршивойларга қарши тинмай курашмоқ лозим!
Шоназаржон, Тошмурод бобо ҳаётлигида унга ёрдам қўлини чўзган,вафот этгандан кейин эса дафнига қадрҳол кўмакда бўлган ҳамқишлоқларингизга, у олижаноб инсонларга мендан беҳад миннатдорлик билдириб, Абдуллажон, Эркинбой ва бошқа яхшиларга саломимни етказсангиз. Менга ғойибона таниш ҳамқишлоқларингиз, қариганда жафо чекиб ўтган Тошмурод бобо тақдири ҳақида батафсил мактуб ёзишдан эринмаганингиз учун ўзингизга раҳматлар айтаман. Фарзандларингизга, умр йўлдошингизга, ўзингизга сиҳат-саломатлик, фақат бахт, қувноқлик тилаб қоламан.
Салом ва эҳтиром билан, М.Исмоилий.Тошкент, 1975 йил,12 октябрь”.
Мухлислар ёзувчининг тураржойини билмаганлари учун мактубларини ё таҳририятга, ёки Ёзувчилар уюшмасига йўллардилар. Табиийки, турли сабаб билан мактублар ёзувчининг қўлига вақтида етиб келмас эди. Шу боис, жавоб хатларининг охирида адиб тураржойларини, ҳатто телефонлари рақамларини аниқ кўрсатишдан эринмас эдилар. Бу мухлисларга бўлган ишонч ва муҳаббатларининг рамзи эди, десак, янглишмаймиз.
Ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилганлариданми, йирик асар ёзиш фикридан узоқлашдилар. Мен дам-бадам романнинг учинчи китобини эслатардим. Аммо тайинли жавоб ололмас эдим. Ёрдам берай, бирга ёзайлик, дейишга журъат этмасдим…
Учинчи китоб ҳақида яна сўз очганимда: “Тўхта, бошқа нарса хаёлимга келди. “Бизнинг роман”ни давом эттирсам-чи?” – деб қолдилар. Тоғамнинг ўсмирлар тарбияси муаммолари жиддий равишда ташвишга солаётган эди. Бунга кичик тоғамнинг азамат ўғлини ўртоқлари уриб ўлдириб қўйиши сабаб бўлса керак. Жиян бўлмишнинг дафн маросимида ёзувчининг фарёдлари, суд жараёнидаги изтироблари ҳали-ҳали ёдимда. Сиҳатларининг нобоплигига қарамай, ишга киришдилар. Болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колониясига бордилар. Биз ҳар куни ё кўришардик, ё телефонда гаплашардик. Тоғам эринмай ҳисоб берардилар: “Шунча бет ёздим, шунчасини машинкада кўчирдим. Шундай яхши фикр келди хаёлимга, эртага қоғозга тушираман…” Иш билан банд эканликларида хасталик узоқлашгандай бўлди. Орадан ойлар ўтиб, “Ўзингдан кўр” деган ахлоқий қисса юзага келди. Бу ёзувчининг сўнгги асари эди. Тоғам бу китобларини кўролмай кетдилар.
Асар якунига етиб, нашрга топширилгач, касаллик яна тез-тез хуруж қила бошлади. Шунда “Фарғона тонг отгунча”нинг учинчи китоби ҳақида сўз очиб, таклифимни айтдим. “Ҳа, шунақа қарзим бор. Сен ёрдам берсанг ёзаман… Фақат биринчи, иккинчи китобларни топиб кел. Кўп нарсалар хаёлимдан кўтарилди”, – дедилар. Иккита китобни топиб, олиб бордим. Ҳеч унутолмайман: тоғам китобларни худди синиб кетадиган нозик чиннидай эҳтиётлаб олиб, стол устига қўйдилар. Кейин мадорсиз қўллари билан худди гўдак бошини авайлаб силагандай, китоб юзини силадилар. Менга қараб-қараб қўйдилар-да, кейин: “Шуни мен ёзганманми, а?” – дедилар. Бу савол замирида ҳам фахр, ҳам ўкинч бор эди. Ўшанда тоғамнинг кўзлари намланганини сездим. Кейин-кейин ўйлаб қарасам, “йиғлаб-йиғлаб топган болалари” билан видолашаётган эканлар. Мен нодоннинг бу ҳақиқатга ўша пайтда ақлим етмабди…
Мен сафарга, тоғам тўрт йил жанг билан борган шаҳарга – Берлинга жўнашим керак эди. “Қайтгунимча ўқиб қўйсангиз, ишни бошлаб юборардик”, дедим. Мўлжалим: тоғам асосий воқеалар баёнини берсалар, қолганини қўлимдан келганича қоғозга туширмоқчи эдим. Воқеа содир бўладиган жой аниқ – Фарғона водийси, асосан Андижон атрофлари. Вақт аниқ – ўн еттинчи йилнинг февраль ва октябрь тўнтаришлари оралиғидаги саккиз ой. Қаҳрамонлар ҳам аниқ. Ўша даврни, олатасир замонни ҳам яхши ўрганганман. Мана шулар менга далда берди.
Аммо ўйлаганларим рўёбга чиқмади. Қайтгач, тоғамни шифохонада ҳушсиз кўрдим.
Учинчи китобнинг ёзилмаганига яна бир асосий сабаб бор, деб гумон қилардим. Мустақиллик офтоби қалбларни ёритгач, гумоним ҳақиқатга айлангандай бўлди. Асар, Асқар Қосимов тўғри таъкидлаганидай, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи таъсирида ёзилган. Буни ёзувчининг ўзлари ҳам инкор этган эмаслар. Унга “Фарғона тонг отгунча”, яъни “Кеча…” мазмунида ном қўйилиши ҳам шундандир. Романнинг дастлабки саҳифаларини эслайлик: ёзувчи Қорабулоқ манзараларини қандай меҳр билан тасвир этади. Сўнг қаҳрамони Ғуломжон номидан: “Жаннат, жаннат дейишади-ю, жаннат деганлари Қорабулоғимиздан яхшимикин?” –дейди. Энди тасаввур этайлик: қамоқ азобида турган ҳолда болалик дамлари ўтган Андижоннинг Булоқбошисини қандай қўмсаш билан ёздилар экан бу тасвирларни…
Ёзувчи ўн еттинчи йил арафасидаги Фарғона вилояти ҳаётини тўғри акс эттирганлар. Ҳозирги кунда тарихни қайта кўриш жараёнида баъзан бир ёқламаликка йўл қўйиляпти. Яъни, “ўн еттинчи йилгача ҳаёт яхши эди, кейин ёмон бўлди”, деган фикрлар ҳам учраяпти. Тарихни қоралаш касалидан қутулиш қийин кечяпти. Ахир яхшими, ёмонми ўтмиш – бизники, ўтмиш – ота-боболаримиз ҳаёти демак. Шундай экан, ҳуда-беҳудага қоралайвермасдан холис баҳо беришни ўзимиз учун қоида қилиб олсак чакки бўлмас эди.
Йигирманчи аср бошларида меҳнаткашнинг аҳволи оғир эдими? Ҳа, оғир эди. Ўша даврда яшаб, ижод этган зиёлиларнинг, маърифатпарварларнинг асарларини эслайлик. Йиғлаб ёзилган сатрларни яна бир қайта ўқийлик. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларида тасвир этилган фитна-фасодлар бу даврга келиб авж олмадими? Халқ жоҳиллик ва камбағаллик ботқоғида азоб чекмадими? Зиёлилар халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун ҳаракат қилмадиларми? “Фарғона тонг отгунча” шулар ҳақида эди. Аммо ёзувчи аввало қамоқ шароитида, сўнгра давом этган таъқиблар даврида барча ҳақиқатни очиқ ёза олмас эдилар.
Бир куни тоғам: “Сен жадидлар ҳақида каттароқ асар ёзсанг бўларди”, –дедилар. Мен “Бу ҳақда ёзганим билан чиқаришармикин?” – деганимда ўйга толиб: “Сен уларнинг ҳаётларини ўрганавер. Ёзадиган, нашр этадиган вақт келади”, – деган эдилар.
Ўзлари вақтида айтолмаган гапларини менга вазифа қилиб қўйганларини кейинроқ тушундим. Асар чиққан пайтда ёлғонлиги унча сезилмаган саҳифалар, хусусан, рус ишчилар синфи вакилларининг ўзбек меҳнаткашлари синфий онгининг шаклланишидаги хизматлари баён этилган саҳифалар энди ўқувчи ғашига тегиши мумкин эди. “Виждон қули, ирода беги бўл!” – деган ўз ақидасига содиқ яшаган ёзувчи асарнинг шу ўринларида чекинганмилар? Иродалари заифлашганми? Балки… тирик жон… бегуноҳ – Парвардигор… Лекин тушуниш керак: бу баёнлар бўлмаса асар нашр этилмас эди. Ойбек домланинг “Қутлуғ қон” романлари бошига ҳам шудай кун тушган экан. Асар қўлёзмаси муҳокамасида ёзувчи рус ишчилари образини тасвир этмаганликда айбланган экан. Шундан сўнг Йўлчини тарбия этувчи рус ишчиси образи пайдо бўлган экан. Мирзакалон Исмоилийнинг вафотларидан сўнг “Фарғона тонг отгунча” “ХХ аср ўзбек романи” туркумида қайта нашр этиладиган бўлганда мажбуран қўшилган саҳифаларни қисқартириш нияти туғилди. Кейин ўйлаб қолдим: бу иш аввало ёзувчи меҳнатига беҳурматлик бўлади. Қолаверса, доно, фаросатли ўқувчи қаер чин, қаер ёлғон – ўзи ажратиб олади, деган тўхтамга келдим. Бундан ташқари, зийрак китобхон асар ёзишдаги ёзувчининг заҳматини ҳис қила олади.
Хуллас, февраль ва октябрь тўнтаришлари орасидаги воқеалар тасвирида энг кўп ёлғон ишлатиши лозим бўларди. Чунки совет тарихчилари айни шу даврни уйдирмалар билан безаб-бежашган эди. Тоғам эса бу даврни ўз кўзлари билан кўрган эдилар. Биринчи ва иккинчи китобда мажбуран ёзилган саҳифалар сонини оширишни лозим кўрмай, ишни давом эттирмаганлар. Агар ёзувчи бугунги кунларимизда яшаганларида, шубҳам йўқки, учинчи китоб ёзиларди. Ёзилганида ҳам ҳақиқат йўлида, ажойиб тарзда ёзиларди.
Тоғамнинг вафотларидан кейин зиммамда бир қарз сезиб: “Учинчи китобни ўзим ёзишга ҳаракат қилсаммикин?” – деб устоз Пиримқул Қодировдан маслаҳат сўрадим. “Ёзманг, лозим топсалар Мирза акамнинг ўзлари ёзган бўлардилар”, – дедилар. Тўғри маслаҳат берган эканлар. Ёзишга уннаб кўрган тақдиримда ҳам, воқеалар баёнини улай олганимда ҳам улуғ адибнинг услубини сақлай олмасдим, айниқса, тил гўзаллигини беришда қаламим ожизлик қилиши тайин эди.
Дарвоқе, тил… Бу борадаги маҳоратларини кўпчилик Абдулла Қодирий, Чўлпондан кейинги сафга қўярди. Чиндан ҳам ифодадаги гўзаллик бетакрор эди. Лекин, иккинчи китоб чиққанда бир-икки ёш адабиётшунослар айнан шу гўзал ифодаларни “бекорчи жимжима”га йўйиб танқид қилдилар. Улар жаҳон ва рус мумтоз адабиёти намуналарини эмас, совет ишчи-ёзувчиларининг хом-хатала асарларини ўқиб илм олган бўлсалар керак. Цвейгни, Диккенсни, Толстойни, Тҳакурни ўқиган одам қаҳрамон руҳиятини очишдаги бадиий тасвирни инкор этмаган бўларди. Ўрни келганда шу тасвирлардан баҳраманд бўлайлик:
“Ғуломжон онасининг нимага йиғлаётганини, нимага бетоб бўлганини билади. О, бола шўри нақадар даҳшатли зарбаки онага! Жигаргўшасининг бахти қоралигини кўрганда – она дили ҳамиша қон, юзи заъфарон! Мана, иззат тўшагида пийрона чеҳрасидан бахт нурларини тўкиб ўтириш ўрнига мусибат кўрпасида дилпора бўлиб ётибди!..
…Ғуломжон тилга олинмаган, лекин ҳаммалари тушуниб турган даҳшатли зарбанинг оғир юкини ҳужрасига кўтариб кирди…”
“Жамолиддин мулойим кулди. Бу кулгида ҳам Фосиҳ афандининг юзига тортилган шапати қарси бор эди”.
“Илон тилида заҳар бўлмаса, уни ҳамма севиб қўлга олган бўларди. Афсуски, пўстининг ялтироқлиги ҳеч кимни илитмайди…”
Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Эҳтимол, ёзувчи айрим сатрларда бўёқни қуюқлаштириб юборгандир. Тоғамнинг асарлари камчиликлардан мутлақо холи, деган даъводан узоқман. Бадиий асарга нисбатан кишиларнинг диди бир хил эмас. Кимгадир жимжима ифодалар ёқади, кимгадир қуруқ тафсилот. Бу жиҳатдан баҳслашиш ноўрин. Лекин, менингча, сувоқ қилинмаган хонада ўтиргандан кўра, нақшлар билан безатилган уйда яшаган ёқимлироқ бўлса керак.
Бу кунларда ёшлар ижодига кўзим тушганда ифодаларида сеҳр-тароватни кўрмай бир оз афсусланаман. Қаҳрамоннинг ички дунёси, табиат тасвирлари уларнинг диққатидан четда қолиб, фақат воқеалар баёнига бериладиган бўлиб боряптилар. Илгарилари “адабиёт” атамасига “нафис” сифати қўшиб айтиларди. Афсуски, ҳозир шу нафисликдан узоқлашяптилар. Бунинг асосий сабаби шошма-шошарлик, тезроқ китобни чиқариш ҳаракати бўлса, иккинчиси ўша адабиётшуносларнинг ҳамфикрлари кўпайиб қолгани натижасидир. Бизнинг халқимиз лутфни, нафисликни, гўзал ифодаларни севади. Булардан бебаҳра, таъбир жоиз бўлса, “қуруқ” асарларнинг умри қисқа бўлади. Агар ёшларга насиҳат қилишга ҳаққим бўлса, Қодирий, Чўлпон, Исмоилийга хос гўзал ифодаларни қунт билан ўрганиб, ўрганганларингизни асарларингизга олиб киринг, деган бўлардим.
Шу ўринда яна бир изоҳ лозим: ўтган йили бир киши менга мактуб йўллаб, ёзувчилар “дин устидан куладилар”, деб эътироз билдирибди ва бир қатор ёзувчиларнинг асарлари қаторида “Фарғона тонг отгунча”ни ҳам тилга олибди. Мен бу масала бўйича бир неча марта фикримни баён этганман. Такрор бўлса-да, яна таъкид этишга мажбурман: азизлар, бошқа ёзувчилар сингари Мирзакалон Исмоилий ҳам динни ҳақорат қилишдан узоқлар. Динга тош отишдан ҳар бандани Аллоҳнинг Ўзи сақласин! Ёзувчилар диндор либосидаги, қилмишлари динга зид бўлган айрим жоҳил, мутаассибларни ҳажв қиладилар. Ахир диндорлар орасида ҳам турли-туман одамлар бор. Тақво эгаларини, нафсига зулм қила олувчиларни, уламоларни ҳар бир ёзувчи эъзозлайди. Билиб-билмай фатво берувчи, дарди тугун ва тугун учига тугилган пулда бўлган, Ислом илмидан узоқ одамларни эса камчиликларини ёзадилар. “Фарғона тонг отгунча”да ҳам шундай қилинган.
Кунларнинг бирида, ҳали жуда ёш эканимда машқ тарзида ёзилган навбатдаги ҳикоямни ёзиб, тоғамга ўқиб бердим. Ҳикоя қаҳрамони –боксчи йигит бувисининг гапига кириб рўза тутади ва оқибатда мусобақада ютқизиб қўяди. Одатда тоғам ёзганларим билан танишгач, асарни яхшилаш йўллари ҳақида гапириб, тилни таҳлил қилиб, камчилигини кўрсатар эдилар. Бу сафар ундай бўлмади. “Сен динни билмайсан, диний одатларни ёмонлаб ёзма”, – деб гапни калта қилиб қўя қолдилар.
Ёзув столларида биргина чала иш қолди. Аниқроғи, бу иш ҳали бошланмаган эди. “Қизлар дафтарига” китоби чиққач, яна хатлар олдилар. Шундан сўнг бир куни: “Йигитларга ҳам айтадиган гапларим кўп экан”, –деб: “Буниси сизларга, йигитлар!” – деган китоб ёзиш ниятлари бор эканини айтдилар.
Ахлоқий қиссаларга, мақолаларга, суҳбатларга кўп ҳолларда мактублар асос бўларди. Ахлоқий китоблардаги воқеалар тўқиб чиқарилган эмас. Ундаги айрим воқеаларга мен ҳам гувоҳ бўлганман. Қариндошлар, таниш-билишлар оилавий можароларни тоғамсиз ҳал этишмас эди. Бу можароларга аралашиш, муросага келтириш ёзувчига руҳий азоб берарди. Қариндошлардан бирининг қизи аразлаб, қайтиб келган экан. Узоқ йўл юриб бориб, жияннинг қайнотасига учрадик. Қайнота ичишни яхши кўраркан. Биз борганимизда ҳам ширакайф эди. Келиндан, яъни тоғамнинг жиянларидан нолиб, уни ёмонлаб: “Кийимларимни ювиб бермайди”, – деб даъвосининг исботи учун иркит кўрпача остидан иштонини олиб, тоғамнинг олдига ташлади. Тоғамнинг баъзан ўзларини тутолмай, кескин гапириб юбориш одатлари ҳам бор эди. Мен бу нодон қайнотанинг кўнглини оғритиб, масалани янада чигаллаштириб қўймасалар эди, деб хавотирландим. Лекин ўзларини тутдилар. Кўзларини мўлтиллатиб, худди “бу аҳмоқдан қутқар”, дегандай менга қарадилар. Бунақа одамни фақат дўппослаб уриб, тинчитиш мумкин эди. У тинмай жаврайверди. Тоғам сабр билан ўтиравердилар, аммо менинг тоқатим етмади. Чиқиб кетдим. Ярим соатлардан кейин қайнота тоғамни кузатиб чиқди. Сал кайфи тарқаган шекилли, гапи оҳанги ҳам ўзгарибди. “Келиним ёмон бўлса ҳам сизнинг ҳурматингиз бор, ўғлимга айтаман, бугун бориб олиб келади”, деб ваъда берди. Ўзи майхўр, қилиқлари хунук бўлса ҳам, тоғамга берган ваъдасини бажарди.
Жияннинг бу бахти ниманинг эвазига қўлга киритилганини менгина биламан. Бундай ва бундан-да баттар ҳоллар тез-тез бўлмаса ҳам учраб турарди. Хотини кетиб қолган бир ёш ёзувчи қайнонасига тоғам билан Шуҳрат домлани рўпара қилибди. У хотин буларнинг ёзувчилиги у ёқда турсин, оппоқ сочларини ҳам ҳурмат қилмай, ҳайдаб солибди…
Бундай можаролардан кейин тоғамнинг аччиқланганларини сезиб турардим. Аммо бу оддий аччиқланиш эмас, юракни темир тирноқларида тирновчи азоб экан. Бундай пайтларда тоғамни чалғитишга ҳаракат қилардим. Тоғамнинг нимага қизиқишларини яхши билардим. У киши боғбонликни хуш кўрардилар. Қибрайдаги қаровсиз, тошлоқ жойнинг бир бўлаги тоғамга ҳам дала ҳовли учун берилганди. Тошлоқда бир туп гул ўстириш ҳам мумкин эмасди. Тоғам тупроқ тўкдириб, шу ерларни обод қилдилар. У ерга одам олиб чиқиб ишлатганларини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Қариликларига қарамай, у ёққа йўловчи автобусларда борардилар, ўзлари ишлардилар. Бир термосда чой билан нон ҳамроҳлари бўларди…
Бирон можаро таъсиридан ранжиб ўтирганларида мен ўша боғдан гап очардим. Шунда тоғам бутунлай ўзгарардилар. Эккан дарахтларини таърифлаб кетардилар. Вафотларидан икки-уч йил олдин ярим асрдан ошиқ умрлари ўтган Дархондаги уйлари бузиладиган бўлди. У ерга ҳар куни борардилар. Йиғлаб-йиғлаб қайтардилар. Айниқса, пайҳон бўлаётган дарахтларга ачинардилар. Бу жойларга кўп қаватли тураржой қурилгач, шаҳарнинг қоқ марказидаги тўрт хонали шинам уйларини топшириб, шу ердаги уч хонали уйга кўчиб келдилар. Уй янги бўлгани билан харажатлари кўп эди. Шу кунларда Ёзувчилар союзига раис бўлиб сайланган Ўлмас Умарбеков тоғамнинг аҳволларини суриштириб: “Бу йил ёзувчиларга ажратилган “Волга” автомашинасини Мирза акамгабермоқчимиз”, – дедилар. Мен тоғамнинг машина сўраб ариза ёзганларини, навбатда турганларини эшитмаган эдим. “Навбатда турганлар сизни замбаракдан ўққа тутворишмайдими?” – деб ҳазиллашдим. Ўша йиллари, айниқса “Волга”ни талашиб, айрим ёзувчилар бир-бирининг устидан мағзава ағдаришга ҳам тайёр турардилар. Ўлмас ака гапларида туриб, қарор чиқардилар. Мен ёрдамчиларини тоғамникига бошлаб бордим. Улар хушхабарни айтишди. Тоғам раҳмат айтиб, кулимсираб қўя қолдилар. Улар кетишгач, қувонмаганлари сабабини сўрадим.
– Сенинг ёшингда бўлсам қувонсам ярашарди, мен бу машинани нима қиламан? Ҳар ҳолда машинани текинга беришмаса керак. “Тоғамнинг “Волга” сотиб олишга етадиган пули бор”, – деб ўйлайсанми?
“Волга” олиш масаласи оила даврасида ҳам муҳокама қилинганда тоғам ўжарлик билан рад этаверганлар шекилли, улар менга мурожаат қилиб, кўндириб беришимни сўрашди. Оилавий маслаҳатга кўра машина қарзга олиниб, сўнг сотилиб, фойдасига уй таъмирланиши керак эди. Мен бу режани айтиб, балога қолдим.
– Сенам шу аҳмоқона фикрдамисан? Қариганимда “машина чайқовчиси” деган лаънат олиб юрайинми? – деб Ўлмас акага телефон қилиб, эътиборлари учун раҳмат айтгач: “Шу машинага муҳтожлиги бор истеъдодли ёзувчилардан бирини қувонтиринг, катта ўғлимнинг “Москвич”и бор, кунимизга шу асқатиб турибди”, – дедилар.
Тоғам футболга бениҳоя қизиқар эдилар. Мен кайфиятлари йўқлигини сезсам, ташвишли фикрлардан чалғитиб, гапга солиш учун сўзни футбол янгиликларига ҳам бурардим. Агар “Пахтакор”нинг аҳволи дуруст бўлса хўп-хўп, йўқса, худди мен тренер ёки етакчи ўйинчиман-у, ютқизиқ менинг айбим билан бўлгандай сўкиш эшитардим. Футболни спорт эмас, ижод деб билардилар. Талабни ҳам шу асосга қурардилар. Бир йили “Пахтакор” “Қайрат” билан ўйнаганда Олмаотага борибдилар. “Пахтакор” ютқизгач, ўша заҳотиёқ Тошкент сари йўлга чиқиб, кела-келгунча ўйинчиларни сўкиб келибдилар.
Шахматни ҳам яхши кўрардилар. Таъкид жоизки, унча-бунча одам тоғам билан беллаша олмасди. Баъзан мен ҳам шахмат ўйнашни так-лиф этардим. Аҳволим ўзимга маълум, дурангни ҳам орзу қилмасам-да, тоғамни чалғитиш учун дона сурардим. Тоғам буни сезсалар ҳам, билмаганга олар эканлар.
Ш.Рашидов вафот этган куни тоғамникига бордим. У ёқ-бу ёқдан гап-лашдик. Эшитдиларми-йўқми, айтсамми-айтмасамми, деб иккиланиб, охири шахмат доналарини тердим. Ўйин яримлаганида: “Сенинг бу айёрликларинг менинг чўнтагимдан аллақачон тушиб қолган”, – дедилар. Кейин доналарни суриб қўйдилар. “Сен ҳам бошқаларга ўхшаб суюнчи олгани келдингми? Одамларнинг разиллигини қарагин, менга телефон қилиб табриклашяпти-я! Бировнинг ўлими билан табриклашяпти-я!? Бу қанақа тубанлик! Мени ёмон кўрган бўлса кўргандир. Ҳар бир тирик одам кимнидир яхши кўради, кимнидир хушламайди. Бировнинг жони узилса суюнадиганларни одам деб атаймизми?” Тоғам аччиқланганарида шунга ўхшаш саволларни қалаштириб ташлаб, ҳамсуҳбатнинг кўзларига тикилиб қолардилар. Ўшанда ҳам шундай бўлди. Мен сукутда эдим. Лол эдим. Бу саволларга тоғамнинг ўзларидан жавоб кутардим. “Мен фақат бир нарсага хурсанд бўлишим мумкин – ҳеч кимга бўйин эгмадим. Виждонимга хилоф иш қилмадим! Юрагим мени алдамади. Дунёда ҳамма нарса ўткинчи, шундай экан, итга айланиб, хўжасининг оёғини яламаслик керак. Қийналган бўлсам, хорланган бўлсам, биргина у айбдор эмас. Атрофидаги ялоқхўрлари кўпроқ айбли”.
Бу гапларида жон бор эди. Шароф Рашидов ҳаёт чоғида унинг атрофида ялоқхўрлар жуда кўп эди. Ҳатто фарзанд кўрса, “Шароф” деб аташ расм бўлган эди. Икки таниқли ижодкорнинг бири ўғлига, иккинчиси набирасига “Шароф” исмини қўйиш учун ўзаро талашиб қолишибди. Охири муросага келишибди: ўғилга “Шароф”, набирага Рашидовнинг ўғлига ҳавас қилиб “Илҳом” исми берилибди. Рашидовнинг вафотидан кейин биринчи галда ўша “вафодорлар” унга қарши ёмон гапларни айта бошлашди. Рашидов номи Москва томонидан қоралангач, бу одамдан энг кўп марҳамат кўрганлар энди ёмонлашда улоқни илиб кетдилар. Мотам куни тоғамга қўнғироқ қилиб табриклаганлар ҳам ўшалардан бири эди.
Қуръони карим оятларини, шарафли ҳадисларни ўқиш қанчалар манфаатли бўлса, уларни англамоқ, қалбга муҳрламоқ – кишининг ҳаётда адашмай юрмоғи учун янада манфаатлироқдир. Шукурларким, улуғ муфассирлар ва муҳаддисларнинг, беназир уламоларнинг тафсиру шарҳлари бизга қадар етиб келди. Шулардан бири Жалолиддин Румий ҳазратларининг меросларидир. Бир ҳадисни мавлоно шундай шарҳлаган эканлар:
“Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам буюрадиларким: “Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир”.
Халқ бу ҳадиснинг зоҳирий маъносинигина қабул қилган. Яъни бир олим ёмон олим бўлмаслик учун амирни йўқламаслиги лозим, амирни бориб кўриш унга муносиб эмас, деб билган. Аслида фикрнинг ҳақиқий маъноси халқ ўйлагандай эмас, балки шундай: олимларнинг ёмони амирдан ёрдам олгани ва улар воситасида ўз аҳволини яхшилагани, кучга кирганидир. Амирлар менга инъом берадилар, мени иззат-икром қиладилар ва бир яхши жой эҳсон этадилар, деган тушунча билан ва уларнинг қўрқуви остида ўқиган кимса олимларнинг энг ёмонидир. Шу ҳолида бу кимса амирлар тарафидан ислоҳ бўлган, билимсизликлардан биладиган аҳволга келгандир. Олим бўлганда ҳам амирлар қўрқувидан ва уларга ёмонлик қилмасликдан тарбия кўрган бир инсонга айлангандир. Энди у истаса-истамаса, ҳамма вақт бу йўлга уйғун тарзда ҳаракат этмоғи керак бўлади. Хуллас, бу важдан зоҳиран хоҳ у амирни кўргани борсин, хоҳ амир унинг ҳузурига келсин, барибир, у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади.
Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Аллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек, у ҳам бундан ўзгани қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса – АҚЛдир. Ҳамма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват-ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш ва эрмаги – бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?