Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 13


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 42 страниц) [доступный отрывок для чтения: 14 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Битта суякни талашаётган икки итнинг мақсадини тушуниш мумкин. Лекин емоқ-ичмоғи, киймоғи етарли, ҳатто мўл бўлган одамлар хиёнат кўчасида жавлон уриб, бир-бирларига зулм қилишса, уларнинг мақсадларини тушуна олмайман.

Тоғам хоинлик ҳолатини тушунмовчилик сифатида қабул қилганларми ё ўртада узрхоҳлик бўлганми – бу менга номаълум, ҳар ҳолда уларни қадрдон дўст қаторидан чиқармаганлар. Мен ҳам уларни тоғамнинг қадрдон дўстлари деб билардим. Ўша даврда бўлган асосий гапларни, туҳматлар баёнини қамоқхона ҳужжатларидан ўқиб билганман. Айрим айбловларни ўқиб, ҳайрон қоласан киши. Шулардан бири “Ундирком” аталмиш “сиёсий ташкилот” тафсилоти билан сиз ҳам танишинг-а:

Мирзакалон Исмоилий Берлиндан қайтгач, “Қизил Ўзбекистон”да ишлаган. Кундузи уйга бориб дам олиш, овқатланишга кўпинча фурсат бўлмасди. Бошқалар учун иш вақти тугаганда масъул котибнинг босмахонага доир вазифалари бошланиб, газета саҳифаларидан қўрғошинли қуйма қолип олингунга қадар озгина бўш вақти бўларди. Шу вақтдан фойдаланиб, таҳририят ходимлари самовархонада ташкил этган ошхўрликка бориб турарди. Асли паловхўрлар тоифасидан бўлганлари учун Мелиевнинг гапи билан бу тўпга қўшила қолган эди. Уларнинг давраси Риқси Соҳибоев, Ҳолбек Ёдгоров, Баҳром Раҳмонов, Абдулла Олимжоновданиборат эди. Раҳмат Файзий, Акмал Пўлат, Аҳмад Исмоилов оралаб қатнашишарди. Адҳам Раҳматов билан Хотам Икромовлар товоқ атрофидаги ўринларини сира бўш қўймас эдилар. Салоҳ Ҳасанов бошчилигидаги ходимларнинг ўз давраси бор эди. Бу ошхўрликларда ким қандай мақола ёзгани, газетада қандай яхши ё саёз мақола босилгани, бугун ким қандай мақола топшириши лозимлиги, босилган шеър, фелъетон ёки ҳикоянинг сифат ва фазилати ҳақида сўзлашиш билан бирга аскиялар, ҳазил латифалар ҳам айтилиб туриларди. Сиёсат билан боғлиқ жиддий гапни биронталари тилга олмас эдилар. Бу ошхўрликлар масъул редактор Шароф Рашидовнинг қулоғига етиб бориб: “Чойхонадаги ўтиришларни битириб, керак бўлса, уй-уйларингизда маданий равишда гурунг қилинглар”, – деб тайинлади.

Шундай қилиб, чойхонадаги санқишларга барҳам берилди-да, ҳар ўнбеш кунда бир марта тўпланиш шарти билан навбатма-навбат бир-бирлариникига борадиган бўлдилар. Бу ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатдан “гап”нинг ўзи эди. Урушдан соғ-саломат қайтиб келгани ва масъул котиб амалида бўлгани учун биринчи зиёфатни Мирзакалоннинг зиммасига қўйдилар. У қабул қилди. Кимларни чақириш масаласини эса рўйхат тузиш билан ҳал этдилар. Гап ташувчи, чақимчиларни даврага қўшмадилар. Ҳар соҳада ҳамиша бўлганидек, Худо бу идорани ҳам чақимчилардан қисмаган эди. Шулардан бири ҳақида ўзларича латифа тўқиган ҳам эдилар. Редакцияни “гуллатиб” юрган чақимчи шу қадар уйдирмачи, ёлғончи ҳам эканки, агар у бир кун биров устидан редакторга кириб иғво қилолмаса, яъни баҳона тополмаса, ўзининг устидан иғво қилиб бўлса-да, шу кунги иғвогарлик нормасини бажариб олар экан. Шу одамга “Ленин учқуни” газетаси редакторлигини таклиф этибдилар. У “қачонгача “Қизил Ўзбекистон”да масъул секретарликка орзуманд бўлиб юраман, кичкинароқ бўлса ҳам ҳар ҳолда “редактор” деган номи бор”, деб аввал розилик берибди. Кейин ўйлаб қараса, чақимчилик қилиш учун газетада ўзидан катта одам бўлмас экан. Ана шундай қилиб, азбаройи чақимчиликдан ажраб қолмаслик учун, редакторликдан воз кечибди!

Хуллас, саралаб-саралаб, улфат давраси туздилар. Навбатма-навбат зиёфат давом этаверди. Бу ўтиришларга уй эгаси таҳририят ходимларидан ташқари ўзи хоҳлаган кишиларни ҳам чақирарди. Шу туфайли бу улфат маданият аҳлининг ширин даврасига айлана борди. Шоҳида Мағзумова ва Олим Хўжаев каби артистлар, академик-шоир Ғафур Ғулом, шоир Ҳамид Ғулом, ёзувчи Саид Аҳмад иштирок этган давралар ғоят қизир эди. Саид Аҳмаднинг ичакузди ҳикоялари, рақсга тушиб кетиши давра чиройини янада очарди. Бу ўтиришларда советга қарши гап айтиш учун фурсат ҳам йўқ эди. “Ундирком” деган гап эса учинчи ё тўртинчи зиё-фатдан кейин чиқди. Мирзакалон, ундан кейин Баҳром Раҳмонов, Акмал Пўлат ҳеч кимга ялинтирмай, қистаттирмай, белгили кунда зиёфатларни қилиб бердилар. Навбат Абдулла Олимжоновга келганда у “пулим йўқ” деб туриб олди. Ана шундан кейин бу номард улфатдан зиёфатни ундиришга тўғри келди. Бунинг учун ортиқча заҳмат чекиш шарт бўлмади. Мирзакалон қанча пул кераклигини сўраган эди, у “минг сўм”, деди. Мирзакалон Гальдонининг “Икки бойга бир малай” пьесасини Ҳамза театрига таржима қилиб бергани учун олган қалам ҳақининг бир қисмини сақлаб қўйган эди. Шарт туриб, пўлат сандиқдан минг сўм чиқариб берди. Ана шунда Абдулла Олимжонов кулиб юбориб, ҳазиллашди:

– Оббо Мирза ака-ей! Қўймадингиз, ахири ундирдингиз-а! Ундирком, ундирком! – деди.

Ўша ондан бошлаб Мирзакалоннинг даврадаги лақаби “ундирком” бўлиб қолган эди.

Кўп ўтмай, бу ҳазил “бир юмалаб” сиёсий маъно касб этди-ю, “Совет Иттифоқига қарши иш олиб борувчи сиёсий ташкилот”га, Мирзакалон эса бу комитет раҳбарига айланди. Тинтув пайтида уйидан чиққан Вали Қайюмхоннинг сурати бу даъвони исботлайдиган ягона далил эди. “Ундирком” ҳақидаги гапни терговчи тилидан дастлаб эшитганда Мирзакалон кулимсираб қўйиб, русчалаб тушинтирмоқчи бўлганида терговчи унинг изоҳини эшитишни ҳам истамади. Аксинча, “АҚД” билан “Ундирком”ни сиёсий занжир билан боғлашга зўр бериб уринди.

Туш кўрибман, даҳшатли бир туш.
Иблис ёлворармиш Яратганига:
“Инсоннинг макридан асрагин мени!”

Баъзи туҳматларни “тасодифий тилдан учган”, дейиш асло мумкин эмасди. Терговчига янги-янги айбловлар керак эди, “гувоҳ” деб аталмиш туҳматчилар эса тирноқ остидан кир қидиришдан чарчамаганлар. Тоғам фашист билан немис халқини фарқлар эдилар. Немис тарихини, хусусан, адабиёти ва санъатини қадрлардилар. Шунинг учун ҳам Германиядан қайтишда ўтмишдаги буюк композиторларнинг асарлари ижро этилган пластинкалардан олиб келганлар. Бу пластинкалар иттифоқо йўқолди. Ким олгани эса қамоқхонадаги тергов пайтида маълум бўлиб қолди.

Хоинлар қидириб топган айблардан яна бири: “Мирзакалон Берлинда эканимизда қочиб кетган “эс-эс”чи фашистларнинг хотини билан “дон олишарди”, деган “сиёсий айб” эди. Қамоқхона ҳужжатларида ёзувчи будаъвони кескин рад этиб, “Мен бориб юрадиган хотин оддий немис ишчисининг қизи эди”, деб ёзади. Мен бу раддияни ўқиб, “Ўша пайтда ўйнашлар ҳам синфий бўлган экан-да”, деб қўйган эдим. Лекин бу айблов биз ўйлагандек маиший эмас, сиёсий томони кучлироқ эди.

Урушдан кейин Берлин шаҳридаги ресторанлардан бирида ўтиришганда немис аёли яқинлашиб: “Қаерликсиз?” – деб сўрайди. “Тошентликмиз”, – деб жавоб қилишади. “Туркистонликмисиз? Менинг эрим ҳам туркистонлик эди”, – дейди немис аёли. Кейин сумкачасидан бир сурат олиб кўрсатади. Урушдан аввалги журналист дўстлари Абдулла Тўлаганни таниб ажабланишади. Маълум бўлишича, Абдулла Тўлаган Туркистон комитети нашр этган газетага “Абдул Завқий” тахаллуси билан муҳаррирлик қилган экан. Исмини “Рут” деб таништирган хоним ўзбекистонликларни меҳмонга таклиф қилади. Бу учрашув тасодифий эдими ёки махсус хизмат ходимлари томонидан уюштирилганмиди, буниси номаълум. Ҳар ҳолда аёлнинг биринчи бўлиб яқинлашгани, гапга тутгани ажабланарли. Хуллас, бирон-бир ҳолатдан хавотирланмаган Мирзакалон Исмоилий ва унинг дўстлари Рутнинг уйига боришади. Суратларни томоша қилишади. Вали Қаййумхон ва Абдулла Тўлаган тушган суратни Мирзакалон Исмоилий сўраб оладилар. Бу иш хатарли бўлса ҳам ташлаб юбормайдилар. Тошкентга ола қайтадилар. Қамоққа олинган кунлари ўтказилган тинтув вақтида бу сурат ҳам чиқади. “Ёт-унсур, миллатчи, ашаддий душман”лар билан яқинлигига шундай далил турганда ошхўрликдаги “ундирком” нима деган гап экан?!

Чақармикин илон илонни?
Буниси мавҳумдир бизга. Аммо…
Дўстни дўст чақмоғи аниқ

“Фарғона тонг отгунча” романи навбатдаги қайта нашрга тайёрланаётган кунларда тоғам мендан: “Асқар Қосимов деган йигитни танийсанми?” – деб сўраб қолдилар. Асқар билан яқин дўст эканимни айтганимдан кейин қувониб: “Ажойиб йигит экан, Чўлпонни ёддан билар экан!” – деб хитоб қилдилар. Ўша кунлари романнинг муҳаррирлиги топширилгани учун Асқар асарни синчиклаб ўқиб чиқибди-да, тоғамга Чўлпон услубида ёзилганини айтибди. У пайтларда мен “Кеча ва кундуз”ни ўқимаган эдим. Асқар лотин ҳарфларидаги нашрни қаердандир топиб ўқиган экан. Шеърларини ҳам ёд олган экан. Асқарнинг руҳиятида ҳам, шеърларида ҳам Чўлпон нафаси сезилиб турарди. Шу туфайли ҳам тоғам уни ёқтириб қолган эдилар (Асқар Қосимнинг қиёфаси “Шайтанат”да берилган, бу ҳақда кейинроқ яна гапираман).

* * *

Романнинг қамоқхонада ёзилгани рост. Қўлёзмаларини, мактубларини мен кўз қорачиғидай сақладим. Юз йилликлари нишонланган куни набиралари Козимхонга бердим. Сақланган мактублардан бири қўқонлик китобхон Носиржон Поччабоевга ёзилган. Унда асар тарихига доир сатрлар мавжудлиги учун танишиб чиқсак зарар қилмас:

“Ассалому алайкум, ҳурматли Носиржон ака!

Кейинги вақтларда Сизни тез-тез эслар, катта ғамхўрлик билан ёзиб турган мактубларингиз узилиб қолганидан хавотирланар эдим. Худога шукур, саломат экансиз, биз ғарибларни эслаб, хат орқали йўқлаш илтифотида бўлибсиз. Бунинг учун минг-минг раҳмат!

Носиржон ака, “Фарғона тонг отгунча” романимнинг иккинчи китоби Сизга кўп манзур бўлганини ҳаяжон билан ёзиб, ундаги мактублар, шеърлар, айрим сўзлар, умуман, китобда мавжуд яхши-ёмон гаплар ўзим ўйлаб топган гапларми ё архивлардан, эски манбалардан йиғиштириб олинган термаларми, деб сўрабсиз. Нима дейин? Инсон қалби бамисоли денгиз таги-туги йўқ бир нарса бўлар экан. Кўрган-билганларимиз, эшитган-ўқиганларимиз қанчалик катта, қанчалик ҳаяжонли ё аянчли бўлмасин, қалб денгизи ўзига сиғдирар, асрар, бетиним мавжи билан бизни тўлқинлантириб турар экан! Биз эсак керагида бу бемисл денгиз тубидан фикрат дурларини терар, шу дурлар туфайли ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам қувонтириш, ҳаяжонлантириш, ўйлантириш бахтига муяссар бўлар эканмиз. Шундоғ, Носиржон ака, агар ҳазрати Навоийдан ва бошқа донои замонлардан қиртишлаган баъзи шеърлар, ҳикматли такбирлар ҳисобга олинмаса, китобнинг бошидан-охиригача ҳамма шеър, мактуб, ҳикматли гап –ҳаммаси камина қулингизнинг ғариб қаламига мансуб ожиз фикрлардир.

О, Носиржон ака-я, китобнинг ёзилиш тарихини сўрабсиз! Буни мендан эмас, китобдаги кўзёшларидан сўранг эди! Сиз “Китобни ўқиб туриб ҳўнграб йиғлаб юбордим”, дейсиз. Неажаб, ерга қандай уруғ ташласангиз, ҳосили шундай бўлади. Носиржон ака, мен бу китобни ёза туриб қанчалар йиғлаганман, қанчалар қон ютганман!.. Билсангиз, пешанамда темир панжара, тепамда ўлимтик чироғнинг ўлиб бўлган қора нури, остимда зах, совуқ бетон, эшигида отнинг калласидек қулф!.. Қўйинг, бошқа тафсилларнинг қораси ўчсин! Бу шунчаки бир китоб эмас, йўқ, шахсга сажда даврининг қора кунларида минг азоб, минг тўлғоқ билан туғилган бир ғариб хилқат. Ҳа, хилқат!.. Бу менинг йиғлай-йиғлай топган болам!

Носиржон ака, мактубимнинг охири кўзёшига айланмай туриб гапни тамом қилай, кечиринг мени. Энди мактубингизнинг иккинчи қисмига ўтайлик. У масала (учинчи китоб назарда тутиляпти.Т.М.) очиқлигича турибди. Ёш бўлса олтмиш саккизга етиб қолди. Худо саломат қилса, ҳадемай етмиш-да! Уёғи бир гап бўлар…”

Мазкур мактубдаги ифода гўзаллигига эътибор қилайлик. Адиб матбуот учун ёзаётгани йўқ, оддий ишчига қалбини очяпти. Носир ака 24 июнда йўллаган хатида “Сизнинг менга йўллаган жавоб мактубингизни олмадим. Чунки мен иккинчи қаватда истиқомат қиламан. Почта қутиси эса пастда, биринчи қават деворига михланган. Ҳар куни 15–16 бола худди шу ерда тўпланиб ўтиради. Шундай шўх ва ёмон болалар кўпки, келган хат ва газеталарни ўз вақтида ололмаймиз. Яқинда почтачи хотин мени кўриб: “Сизга Тошкентдан хат келган эди, бир ёзувчидан. Конвертдаги адрес машинкада ёзилган эди, шу хатни олдингизми?” – деб сўради. Мен сизнинг у хатингизни олмаган эдим”. Ёзувчи бу ҳолдан ғашланмасдан “Хатим қўлингизга тегмагани ҳақидаги мактубингизни олиб, ўзимда қолган нусхасидан бошқатдан кўчириб юбордим. Буниси тегар, а?” деб 30 июнь куни жўнатганлар.

Роман, гарчи қамоқда ёзилган бўлса-да, унинг муҳокамаси ёзувчи озодликка чиққанларидан кейин Ёзувчилар союзида бўлиб ўтган, салбий баҳо берилиб, нашрга тавсия этилмаган эди. 1956 йили 15 октябрь, ёзувчи қирқ саккиз ёшга тўлган куни Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига хат билан мурожаат қилади. Рус тилида битилган аризада бу сатрларни ўқишимиз мумкин:

“Ўзларингизга маълумки, мен узоқ йиллар рус ва хориж буюк адибларининг, жумладан, совет ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш иши билан шуғулланиб келдим. Бу иш то шахсга сажданинг малъун туҳматчилари қурбони бўлгунимга қадар давом этди. Бериянинг мустабидлари мени озодликдан маҳрум қилишди, аммо Ватанга муҳаббат ҳақида гап кетганда ҳар қандай қуролдан аълороқ, ўткирроқ ишловчи адибнинг қаламини тортиб олишолмади. Ҳибсда эканимда мен хаёлан йирик асар устида иш бошладим. Мўлжалим бўйича, бу асар ўзбек халқининг 1905 йилдан то бугунги кунга қадар босиб ўтган тарихий йўлини кўрсатиши керак эди. Ёлғизликда, маҳрумликда ўтган кунларим, йилларимни беҳуда совурмадим. Мен лагерда ўйлаб қўйганим уч китоб-трилогиянинг асосиййўналишларини миридан-сиригача хаёлимда пишитдим. Ижод билан шуғулланиш ман этилганига қарамай, мен яширинча қоғоз парчаларига трилогиянинг бир қисмини ёздим. Дунёга келаётган асаримни уч йил бадалида туну кун қалбим тўрида асрадим, энг ардоқли, энг севимли фарзанддек суюб, эркалаб, вояга етказдим. Шу зайлда мен озодликка “Фарғона тонг отгунча” трилогиясининг биринчи қисми билан биргаликда чиқдим.

1955 йил июнининг бошларида мен китоб қўлёзмасини (22 босма табоқ ҳажмида) Ўзбекистон совет ёзувчилари президиумининг собиқ раиси ўртоқ Абдулла Қаҳҳоровга муҳокама учун топширдим. Қаҳҳоров ва Яшин ўртоқлар китоб билан танишиб, унинг камчиликларини кўрсатдилар ва фойдали маслаҳатлар бердилар. Китобда камчиликлар бўлиши табиий.Чунки у ташқи оламдан узилган ҳолда, ўтмиш воқеалари, далиллари яхши ўрганилмаган тарзда, аҳли қаламнинг доно гурунгларидан бебаҳра бир ҳол-да ёзилди. Мен Фарғона водийсини кезиб чиқмай, асарда акс этган воқеаларнинг гувоҳи бўлган ёки билган одамлар билан мулоқотда бўлмай туриб, иш хонамда ўтириб олиб китобни меъёрига етказа олмайман. Аммо озодликка чиққанимдан кейинги моддий муҳтожлигим мени, таъбир жоиз бўлса, оёқ-қўлларимни кишанлаб қўйди.

Жонажон адабиётимизга хизмат қилиш иштиёқи мени Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига мурожаат этиб, юқорида зикр этилган китобни якунлаш учун ёрдам сўрашга мажбур қилди. Мен Фарғона водийсига бориш учун икки ой муддатли ижодий отпуск беришингизни ҳамда китобни маромига етказиш, издан чиққан сиҳатимни даволаш учун Москва атрофидаги ижод уйига уч ой муддатга йўлланма ажратишингизни сўрайман”.

Романнинг муҳокамасида бўлган гаплар, бу гапларга ёзувчининг муносабати бизга қоронғи. (Тоғам бу ҳақда менга ҳеч оғиз очмаганлар. Яна бир армонимни аввалроқ айтиб эдим: тоғамнинг яраларини янгиламай, деб ўтмишдан сўз очишга, нималарнидир сўраб, аниқлаб олишга истиҳола қилардим). Лекин бир нарса аниқки, муҳокама холис бўлмаган. Чунки яқиндагина қамоқдан чиққан ёзувчи ҳали шубҳалар чодиридан буткул қутулмаган эди. Ўша йиллари роман ёзган адиб энг юқори мартабага етган ҳисобланарди. Чунки ёзилган романлар саналадиган бўлса, бармоқлар ортиб қоларди. Ундан ташқари ўзбек адабиётида ҳали ҳеч ким трилогия ёзмаган эди. Жаҳон адабиёти тарихида ҳам бундай ёзувчилар кўп эмасди. Қамоқдан чиқиб келган адибнинг бу маррани эгаллаши бошқа “устун”ларга эриш туюлган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳар ҳолда ўртада шайтон бор, унинг “ҳасад” деган кучли қуроли бор. Ажабки, чумчуқ, мусичанинг… бойқушнинг ҳам қаноти бор, лекин қушларнинг ҳеч бири бургут ёки лочин каби учолмайди ёки бўрон қуши каби ўзини тўлқинларга уролмайди…

Нима бўлганда ҳам Мирзакалон Исмоилий Ёзувчилар союзига раҳбарият ўзгаргандан кейин илтимос билан мурожаат этяпти. Муҳокама билан бу ариза орасида бир йилдан ортиқ вақт ўтган. Муҳокамадаги ҳар қандай танқид ижодкорга оғир таъсир қилади. Айримларни бир неча ойлаб, ҳатто йиллаб ижоддан совутади. Тоғамда ҳам бу ҳол юз берган бўлиши мумкин. Лекин танқидларни бутунлай инкор этиб, асарни шу ҳолда нашр этишни талаб қилмаганлар. Сайқал бериш истагида бўлганлар. Романнинг биринчи китоби дастлабки кўринишда, аризада айтилганидай, 22 босма табоқ бўлса, босилиб чиққанда 26 босма табоқни ташкил қилган эди. Демак, ёзувчи енгил-елпи таҳрир билан чекланмай, кўп қўшимчалар киритган. Асарни яхшилашга қаратилган фикрларни тоғам тартиб билан қоғозга туширган эканлар: юздан ортиқ таклиф!

“1-саҳифа. Бағишлов керак эмас ёки бошқача (жиддийроқ) бўлсин. Бошдаги табиат тасвири узун. 15-саҳифа. Иккинчи боб биринчи боб “кайфияти”ни такрорлайди, қисқартиш керак. 34-саҳифа. “Бир кўзда ҳамўйин, ҳам ташвиш…” Жумла, тасвир содда, аниқ эмас. Мураккаблик тасвирга ёрдам бермайди. 47-саҳифа. Кулгулик учун ҳақиқатни бузиш: домла қози ҳоким олдига салласиз боролмайди. Тўхтаб, ўзи олиши керак. 108-саҳифа. Қудратни кейинроқ таниймизми? Ҳозирги гапларда ишонтириш кучи йўқ. 109-саҳифа. Яна замонавий ифода: “ўйнаб турган қарталарини…” Айниқса, қори айтиши мумкин эмас. Қорининг узун исботи, далили энди ўқувчи учун ортиқча. Умуман қорининг тили ортиқча замонавий. 429-саҳифа. Кераксиз патетика: “Ғаффор нима учун йиғлади?” саволига автордан жавоб… Ғулом охирида кўринсин, ёнаётган бой уйига тикилиб қолсин. Жўрахон билан Тўрахон бирлаштирилсин…”

Ёзувчи муҳокамада билдирилган мулоҳазалар билан кифояланиб қолмаганлар. Душанбеда яшовчи Водуд Маҳмуддан фикр билдиришларини сўраганлар. 1958 йилнинг 9 август куни ёзган хатларида бу сатрлар бор:

“Ассалому алайкум, муҳтарам Водуд ака!

Сизнинг 3 август тарихли мактубингизни олиб ниҳоятда қувондим. Шунчалик илтифот қилганингиз учун миннатдорман.

Сиз мактубингизда санаб ўтган камчиликларни Тошкентдаги бир араб тили ва ислом дини олими ҳам айтган эди. Сизнинг мактубингиз у кишининг мулоҳазаларини тасдиқлаб тушди. Китоб шаклида чиқадиган роман қўлёзмаси нашриётга, яъни босмахонага тушиб кетган, шунинг учун зарур тузатишларни биринчи корректурада киргизишга тўғри келади. Биринчи корректура сентябрсиз чиқмас деб ўйлайман. Унгача яна бошқа мулоҳазаларингиз билан ҳам оғалик қиласиз, деб ишонаман.

Водуд ака, сизга эриш туюлган форсча, арабча сўзларни, албатта, тузатаман, бу жиҳатдан кўнглингиз тўқ бўлсин. Оятларнинг тўғри ёзилишига, “анбиё”ни “саҳоба” билан алиштириш зарурлигига, иккита гувоҳни тўрттага чиқариш, Ғуломжонни олим ва фозилликдан тушириш кераклигига алоҳида эътибор бераман. Аммо 49-бетдаги шеър сатрларидан биридаги 12 ҳижони қандай қилиб 11 га туширишимга ҳайронман. Сиз-ку, танилган шоирсиз, балки ўша фикрни 11 ҳижо билан ифода этишга ёрдам қиларсиз? Менинг бу муомалам салом бериб ўтаётган бир бечоранинг аравасига сўрамасдан чиқиб олган сурбет кишининг одобига ўхшаса ҳам, ҳар ҳолда яна шунга журъат қилдим.

Бир ерда “ҳамшўр” деган сўзга тушунмаганингизни айтибсиз. Наҳотки? “Ҳамдард” қабилидаги сўзлардан бири-ку? Балки ноўрин ишлатилгандиру, Сизга англашилмай қолгандир.

Водуд ака, журналда босилаётган қисмларини номерма-номер ўқиб борсангиз-да, иложингиз ва фурсатингиз бўлса, фикр ва мулоҳазаларингиз билан мени хабардор қилиб турсангиз. Улгурганимизни тузатиб юборардик, бу эса романнинг ҳам маданий, ҳам адабий палласига тош босар эди. Бу бир илтимос. Иккинчи илтимос шуки, агар роман Сизнинг дидингизга ёққан бўлса, уни тожикчага таржима қилиш заҳматини устингизга олсангиз, негаки таржима маҳалида ундаги камчиликларни тузатиб юборишда катта ёрдамингиз тегар эди. Зеро, романда баҳс этилган шахсий ва ижтимоий бахтсизликлар тожик меҳнаткашининг ҳам бошида бор эди.

Салом ва эҳтиром билан Мирзонгиз”.

Устоз қаторида меҳрибонлик қилган Водуд Маҳмуд танбеҳ берган ғазал 11 ҳижога туширилган. Ғуломжоннинг “дилидан ўпирилган фарёд”нинг қоғозга кўчган сатрлари қамоқхонада туғилгани учунми, мен унда ошиқ йигитнинг эмас, маҳкумнинг зорини эшитгандай бўламан:

 
Кўнгил, йиғла, фиғонинг кўкка чиқсин!
Ўтинг олсин фалакни, осмонни йиқсин!
Ёвуз тақдир тиғ урди қалбима, дод!
Нетай энди тугалди сабрим, ҳайҳот!
Дилим дардли, тилимда оҳу зорим,
Қарорди толеимдин рўзгорим.
Сафолат бошимни ерга қаратди,
Ширин орзу-умидларни таратди.
Қаён урсам фиғон бирлан бошимни?
Қаён борсам тўкиб кўздан ёшимни?
Севарга севдириб, Тангрим қилиб хор,
Очиқ кетгизмагил кўзимни зинҳор!
 

Агар аруз санъати талабларига кўра назар солсак, ғазал анча саёз кўринади. Лекин буни комил ва нуктадон шоир эмас, назмга ҳавасигина бор Ғуломжон ёзганини эътиборга олсак, бу даъводан воз кечишимизга тўғри келади.

Асарнинг ёзилиш тарихини ўйлаганимда ёзувчининг иродасига қойил қоламан. Кичкина жуссали бу одамнинг ички қудратидан ҳайратга тушаман. Тоғамнинг жанггоҳда ёзилган “Озод инсон ҳақида қўшиқ” деган воқеий ҳикоялари бор. Фронт газетасида эълон қилинган бошқа лавҳа ва ҳикояларида ҳам, асосан, озодлик ҳақида фикр юритилади.Фашизм – қуллик демак. Қул бўлиб яшагунча озод инсон сифатидаўлмоқ афзал, деган ғояни ўзларига байроқ қилиб олганлар. Шундай одам, озодликни ҳамма нарсадан афзал билган одамнинг ўзи бу неъматдан бебаҳра бўлса?! Озодликдан маҳрум бўлган чоғида ҳам тушкунликка тушмай, қўлига қалам олиб она халқи учун меҳнат қилса. Халқнинг озодликка чанқоқлиги, озодлик истаги ва йўли ҳақида асар битса?! Энди ўзингиз ўйланг-а, шундай одам халқнинг душмани бўлиши мумкинми? “Мен ноҳақ қамалдим, мен бесабаб жабр кўряпман”, деб жамиятдан нафратланмай, аксинча, қўлига қалам олиши жасорат эмасми? Баъзан одам машаққатга дуч келса, айниқса ноҳақлик, адолатсизликдан азоб чекса, ўзини йўқотиб қўяди. Тўғри йўл топа олмайди. Онги хира тортади. Аммо Мирзакалон Исмоилий бундай тушкунликка банди бўлиб қолмаганлар.

 
Қаро бахт кишилар бахтиёрларнинг
Ҳамиша заволин орзу қилади.
Шаппарак кундузи кўра олмайди,
Хўш, бунда қуёшнинг айби нимади?
Мингларча шаппарак кўр бўлса бўлсин,
Қуёш порлай берсин кўкда абадий.
 
(Шайх Саъдийдан)

Ёзувчи озодликка чиққач, романга сайқал бериш, нашрга тайёрлаш баробарида урушдан илгари бошланган хайрли ишни давом эттирдилар –Лев Толстой асарларининг таржимаси билан шуғулландилар. Урушдан аввал “Тирилиш”ни таржима қилган адиб энди “Анна Каренина” романини ўзбек тилига ўгирдилар. Чехов ва Горький ҳикояларини, сўнг “Чолиқуши”ни таржима қилдилар. “Фарғона тонг отгунча” романининг иккинчи китоби, сўнг ахлоқий қиссалар, мақолалар… Ёзувчи иродасининг мустаҳкамлиги, меҳнаткашлигининг исботи учун яна қандай мисол керак? Энди: “Хўш, шундай меҳнаткаш одам нима учун романнинг учинчи китобини ёзмади?” – деган савол туғилиши табиий. Тоғам бу саволга тайинли жавоб бермаганлар. Лекин суҳбатларидан, қариндошлар орасидаги гап-сўзлардан бир-икки нарсани англаганманким, булар билан китобхонларни ҳам таништириш мумкин, деб ўйлайман.

Аввало, биринчи китобни қамоқда ёзган бўлсалар-да, қолганларини ҳам хаёлда пишитиб чиққанлар. Иккинчи китобнинг охирида келадиган Тўтининг Дилшодга мактуби айнан қамоқхона дафтарига, яна сиёсий машғулот дафтарига ёзилган. 1969 йил, Ёзувчининг олтмиш йиллик тўйларига тайёргарлик арафасида “Гулистон” журнали учинчи китобдан парча эълон қилган. (Юбилей номаълум сабабга кўра бир йил кечикиб ўтказилган.) Мухлислар учинчи китоб билан қизиқаверишгандан кейин 1972 йил 19 мартда Республика радиосига ҳам бир парча бериб мана бу кириш сўзини ҳам илова этганлар:

“Иккита китобни беришга бериб қўйиб, учинчисига келганда сусткашлик қилиш – ёзувчига ярашадиган гапми?” – деб ёзибди китобхонларимдан бири, менга юборган мактубида.

Дарҳақиқат, аввалги икки китобда бир ёқлик бўлмаган, бири у аҳволда, бири бу аҳволда қолган қаҳрамонларнинг тақдирлари китобхонни қизиқтирмай қўймайди албатта. Ёзувчи ҳам қарийб чорак асрдан бери игна билан қазиб келаётган қудуғининг тагига етолмаётганидан доғда. Начора, мева вақти-соати келганда пишар экан. Бадиий асар ҳам шунақадир-да… иқрор бўлишим керак, учинчи китобнинг тезроқ тугалишига ўзим ҳам интизорман. Лекин фақат вақти-соати келгандагина пишадиган бизнинг мевамиз ранг олиб, пишиб қолаёзган бўлса ҳам, минг афсус, ҳали дастурхонга тузалгани йўқ. Шунинг учун ҳурматли китобхонларимга яна бир оз қаноат тилаб, уларга янги китобимдан бир бобини ўқиб эшиттиришларини илтимос қиламан”.

1965 йил 6 октябрь куни шогирдлари, ёзувчи Рустам Раҳмонга Москвадан йўллаган мактубларида бу сатрлар бор:

“…лекин қарибманми, илгариги вақтлардагидек кўп ишлаёлмай қолдим. Тез чарчайман, бошим оғрийди. Лекин бунга қарамай, кўп иш қилиб қўйдим. Иккинчи китобни тамом қўлдан чиқариб, журналга юбордим. Китобнинг учинчи қисмини бошқатдан ишладим. Энди яхши бўлди. Тўтиқизнинг Тешабой ҳарамидан ёзган шеърий мактуби ҳам қўшилди. Шу сафаримда учинчи китобнинг ярмини қоралаб кетаман, деган ҳаракатдаман. Декабрда қайтиб борсам, уйда оққа кўчираман. Унгача босиб ишлаш биздан, куч тилаш – дўстлардан…”

Бошқа бир мактубларида бу сатрларни ўқиймиз:

“Ассалому алайкум, Рустамжон, азизим!

Сиздан иккита хат олиб, катта қарзга ботиб қолдим. Вақтида жавоб қила олмаганим учун маъзур кўрасиз. Ростини айтсам, Сиздан хат эмас-у, ҳамиша кулимсираб турган ёқимли чеҳрангиз келди. Худди ўзингизни кўргандай қувондим. Қувонч катта бўлса, уни ҳазм қилиш учун вақт ҳам керак экан.

Телефонда хабар қилганимдек, ишимни шу ой охирларида тугатиш умидида эдим. Лекин ўртада афсус ейдиган бир иш чиқиб қолди. Ой бошларида Ўзбекистон ёзувчилар союзининг илтимоси билан Вильнюсга, Литва адабиёти классиги Доналайтиснинг 250 йиллик тантанасига бориб, бир неча ғанимат кунлардан ажралдим. Бунинг устига Вильнюсдан қайтганимдан кейин, иш суст кета бошлади. Бу ҳам сабабсиз эмас, албатта. Аввало, қаттиқ чарчаганман, қолаверса, қайтар куним яқинлашгани сиқилган юрагимни ўйнатиб қўйди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, темир йўл билети чўнтагингда бўлса, 28 январда жонажон шаҳрингда севгили болаларинг, азиз дўстларинг даврасида ўтириш бахти турса, қанақа иш юришади? Келинг, чаласи Тошкентда битар…”

Биринчи китоб қўлёзмасининг муҳокамасидан то китоб дунё юзини кўргунига қадар уч йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Асар энг кам нусхада – 15 мингта босилди. Ҳолбуки, бошқа асарлар муҳокама қилинган йилиёқ 60 минг нусхада босиларди. Гарчи кам нусхада босилган бўлса-да, шуҳрати ҳавас қиладиган даражага етди. Китоб муҳибларининг айтишларича, “Ўткан кунлар” романидан кейин ҳеч бир асар бу каби суюб ўқилмаган экан. Демак, учинчи китобнинг ёзилмаслигига бошқалардан хафалик сабаб бўлган, деган тахминни рад этсак ҳам бўлади. Тўғри, хафаликлар ҳам бўлган. Масалан, Мирзакалон Исмоилий ҳаёт эканларида асарлари мажмуасини нашр эттириш орзуси билан яшаганлар. Кимларнинг кўп тўмликлари чиқмади, дейсиз? Аммо Мирзакалон Исмоилий учун бу йўл тақа-тақ берк эди. Ёзувчи мукофотлар олиш ёки унвонга эга бўлишни орзу қилмасди.

1983 йилда адиб Ёзувчилар союзига мурожаат этишни лозим кўриб, аризани ёза бошлаганлар:

Мана, ниҳоят, шу йил октябрнинг ўн бешида 75 ёшга тўламан. Шу муносабат билан юбилейим қилинса, бадиий асарларим “Танланма” ё “Тўпланма” шаклида махсус нашр этилса, шундай ёруғ кунни қаноат билан кутиб келаётган мен каби мушфиқ оқсоқолга катта илтифот бўлармикин, деб ўйлайман. Агар элликка, олтмишга, борингки, етмишга тўлганимда ҳам менинг на “Танланма” ва на “Тўпланма” асарим нашр этилмаганини ҳисобга олинса, бошим осмонга етар эди.

Мен истардим, асарларим беш томда чоп этилса…”

Ариза шу ерда тўхтатилган, сана ҳам қўйилмаган, имзо ҳам чекилмаган. Ёзишни бошлашга бошлаб қўйиб, аввалги муомалалар эсларига тушган бўлса, умид юлдузлари сўниб қўя қолгандир. Вафотларидан бир неча ой олдин қўлтиқларига кириб, нашриётга бошлаб бордим. “Кўп томлик масаласида неча йиллардан бери мени алдаб келасизлар. Олдин Рашидовдан қўрқардинглар, унинг ўтганига ҳам анча бўлди. Энди кимдан қўрқасизлар? Саволимга жавоб излаб овора бўлманглар. Сизларни қийнамаёқ қўя қолай. Сизлардан битта ўтинчим бор: мен таржима қилган “Тирилиш” романи қамоқдалигимда бошқа кишининг номида нашр этилган. Шу хатони тузатиб, ўзимнинг номимни тиклаб чиқариб берсанглар, ўлсам ҳам кўзим очиқ кетмасди…”

Шу гапдан кейин ҳам адолат тикланмади. Ёзувчининг илтимоси ерда қолди. Ўша куни нашриёт даҳлизида Шароф Рашидовнинг укаси Асил Рашидовни учратдик. Тоғам у киши билан кўришиб: “Орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам, таъзиямни қабул қилинг, акангиз жуда яхши одам эдилар”, – дедилар. Назаримда Рашидов тоғамга қаршилик қилмаган бўлса керак. Бўлиб ўтган воқеани аниқ билмаганлар турли афсоналар тўқишган. Мирзакалон Исмоилий Берлиндан қайтиб, “Қизил Ўзбекистон” газетасида иш бошлагач, бош муҳаррир Шароф Рашидовнинг дабдабали сатрларга ғоят ўчлигидан кўнгли хира бўлади. У осмондан тушгани йўқ, ҳар бир мақола дабдаба булоғидан сув ичиши шартлигини билади. Истаса-истамаса, ўзи ҳам ёзади ўшандай сатрларни. Айниқса, уруш йилларидаги мақолаларида бу масалада ўзига-ўзи эрк берарди. Уруш кунлари бундай дабдабани кўтарарди. Бу усулга муҳтожлик бор эди. Энди ҳақиқатга ёндошиш вақти келди, деб ҳисобларди. Урушнинг барча даҳшатларига гувоҳ бўлган икки собиқ зобит, бири Бош муҳаррир, бири эса масъул котиб бу масалани ижодий баҳс деб ҳисоблаб, тортишувларини бас қила қолмас эдилар. Баҳс даҳанаки жангга айланган пайтларда ҳам иккала томон ҳам бўш келишни истамасди. Сўнгги даҳанаки жанг чоғи мушт ишга тушди-ю, “ижодий баҳс” ниҳоясига етди. Баҳснинг интиҳоси масъул котибнинг бошқа ишга ўтишидан иборат бўлди.

1951 йил, қамоққа тушган дастлабки кунлари бу идорага туҳматнома ёзиб беришда гумонсираган одамларни хаёллари чиғириғидан бир-бир ўтқазиб, кўпчиликни “қора рўйхат”ларидан бирин-сирин ўчирдилар. Булар орасида Бош муҳаррир ҳам бор эди. “Ҳамма тирик жон сингари Шарофнинг ҳам ўзига яраша иллатлари бор. Лекин у сотқин эмас”, – деган хулосага келдилар.

 
Эзгулик – ёвузлик, ҳақиқат – ёлғон,
Булар орасида чегара бор-ку.
Негадир уларга қўймаймиз посбон,
Аслида энг хавфли чегара шу.
 
(Асқад Мухтордан)

Етмишинчи йилларнинг охирида эди шекилли, уйларига борсам, Рашидовга хат ёзиб ўтирибдилар. “Кеча бир мажлисда Рашидов тепада, мен пастда эдим. Менга кўзи тушиб: “Мирза ака қариб қолибдилар, аҳволларидан хабар олиб туринглар”, – дебди. Яшин шу хатни ёзинг, деб маслаҳат берди. Ўз қўлига етказиб бераркан”, – дедилар. Бу хат ёзилгандан кейин бир неча йил вақт ўтди. Акс садо бўлмади. Кейин маълум бўлишича, Ёзувчилар уюшмаси раиси Комил Яшин хатни Рашидовга етказмай, столи ғаладонига ташлаб қўя қолган экан. У киши ишдан кетгач, янги раис Сарвар Азимов тоғамни йўқлаб чақирдилар. Оқибатда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” деган унвон берилди… Ажабки, романнинг биринчи китоби тақдири ҳам Сарвар Азимов номи билан боғлиқ. Абдулла Қаҳҳор раислик чоғида роман “бўлмайди”га чиқарилгач, орадан бир йил ўтиб Сарвар Азимов тоғамни Москвадаги ижод уйига юборганлар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации