Текст книги "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 42 страниц) [доступный отрывок для чтения: 14 страниц]
Оналарга хос бўлган меҳр фақат ўз фарзандларига аталмаган. Улар бегоналарга, ҳатто дин ва миллатини фарқламай меҳр кўрсатадилар. Дейлик, бир мусофир сизникида қўноқ эканида хасталаниб қолди. Албатта, сиз унинг ҳолидан хабар оласиз. Аммо онангиз ёки бувингиз сиздан кўра кўпроқ ачинадилар. Даволаш учун зарур ҳамма чораларни бажарадилар. Мусофир миннатдорлик белгиси сифатида ҳадя берса олмайдилар, шундай эмасми? Бу ҳам она қалбидаги меҳрдан.
Бир сабаб билан гўдаклар етим қолишса, уларни биринчи галда тоға ёки амаки эмас, амма ёки хола ўз бағрига олади. Аяжоним ҳам шундай қилганлар. Исмоилхўжа опоқ дадам Ҳикматхон катта бувимизни талоқ қилганда замон оғир экан. Катта бувимиз болаларни боқишга қийналиб, етимхонага берган эканлар. Бундан хабар топган аяжоним: “Онаси бошқа-ку, менга нима, ўзим бир ижарадаги уйда зўрға яшаётган бўлсам”, – демай, кичик укалари Алихон тоғамни етимхонадан олиб, ўзлари боққан эканлар. Тоғам ўшанда тўнғич ўғил мавқеида бўлганлари учун ҳам катта акам билан опам “Тоға” демай, “ака” деб мурожаат қилишарди. Умиджон тоғам ҳам, Алихон тоғам ҳам баъзан ўша онларни эслаб катта бувимга таъналар қилишса, аяжоним уларни тўхтатардилар. “У кунларни эслама, бувимни айблама, кўнгилларини оғритма, замон оғир эди”, – деб насиҳат қилардилар.
Ким меҳрибон сўзласа ҳаргиз
Гапларига қулоқ солмаймиз.
Кимнинг сўзин унутамиз тез,
Юракларда сақлаёлмаймиз.
О, бу она, сенсан, онажон.
Фарзанднинг ҳаётига сабаб бўладиган биринчи қувват – она жисмидаги қондир. Чақалоқ шу қондан озиқланиб, ҳаётини сақлайди. (“Сут билан кирган жон билан чиқади” деган мақолни “Қон билан кирган жон билан чиқади” деганимиз тўғрироқ бўлади.) Бола биринчи сўзни онадан эшитади ва ундан ўрганади. Шунинг учун ҳам биз “ота тили” демай “она тили” деб сифатлаймиз. Болани ўстиришда, тарбия қилишда отага қараганда она кўпроқ ҳисса қўшади. Шунинг учун бўлса керак, ёш болалар отадан кўра онага кўпроқ майл этадилар. Улғайганларидан кейин ҳам сирларини аввало онага айтиб, маслаҳат сўрайдилар. Она фарзанди учун ўзини фидо қилишга тайёр туради. Баъзи бировлар ўз оналаридан эмас, бошқалардан маслаҳат сўрайдиларким, мен бундан ажабланаман.
Муовия ибн Ҳаййида (р.а.) айтадилар: “Расулулоҳдан (с.а.в.) “Эй Расулаллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади?” – деб сўрадим. “Онангга”, – дедилар. Мен бу саволни уч марта қайтарсам ҳам Расулуллоҳ “Онангга”, деявердилар. Тўртинчи марта сўраганимда: “Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга”, – дедилар. Фарзандда онанинг ҳақи отаникидан кўпроқ бўлиши бежиз эмас, “…онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтаради” (Луқмон сураси), деган ояти каримага диққат қилсак, бунинг сабабини янада ойдинроқ англаймиз. Яъни, она ҳомиладорлик пайтида ҳам, эмизиш даври деб белгилаган икки йил мобайнида ҳам катта қийинчиликларни бошдан ўтказади. Шоирларнинг илҳомига ҳам айнан шу ҳолатлар қувват берса керак.
Агар она қад-қоматини бир дарахтга ўхшатсак, фарзанд шу дарахтнинг ширин бир меваси. Бир йигит она қадрига етмас эди. Она кўз ёшлари унга таъсир этмас эди. Бир куни она бешикни олиб, ўғли қаршисига қўйиб деди:
– Эй ёшлик, чақалоқлик пайтини унутган ноинсоф! Мана бу бешикни кўряпсанми? Чақалоқ чоғингда шу бешикка михланиб, тунги уйқуларни мен ўзимга ҳаром этдим. Бешикда ётганингда юзингга битта пашша ёки чивин қўнса, уни қувишга имконинг бўлмай йиғлар эдинг. Мен сени хира пашшалардан асраб, бешигингни тебратар эдим. Йиғидан тўхтамасанг, сени ечиб олиб, бағримга босардим. Сени деб барча машаққатларга чидадим. Куч-қувватимни сенинг камолинг учун сарф этдим. Мана энди катта бўлиб, куч-қувватга тўлдинг. Чақалоқлик, болалик, ёшлик пайтларингни унутиб қўйдинг. Энди эса мени ранжитяпсан. Лекин бир куни келиб, албатта бу дунёдан ўтасан. Қабрнинг тубига, қоронғулик қаърига кирасан. Ўшанда Аллоҳдан раҳмат нури ололмайсан…
Биз бешикларни кўп кўрамиз. Аммо қачондир шу каби бешикда ётганимизни, онамиз тунлари бедор алла айтиб чиққанларини ўйлаб кўрамизми? Агар ўйламасак, эсламасак, унда ноинсоф фарзанд эканмиз. У ҳолда уйимиз тўрига бешик суратини чиздириб, остига “Унутма!” деган хитобни ёзиб қўйганимиз лозимдир?
Баён қилинмиш ривоятда шарқнинг буюк мутафаккири Шайх Саъдий оналик ҳақининг нозик жиҳатларига эътиборни тортганлар. Дунёда валинеъматларини билмаганлар Ҳаққа исён қилган бўлишади. Оналарга хизмат қилиш эса жаннатий амаллардандир. Шубҳасизки, она ҳақини тўлалигича, бекаму кўст адо қилмоқ бу дунёда мумкин эмас. У бешикдаги гўдагини минг турли ниёзлар билан ўстириши фарзанди устидаги энг катта ҳақидир.
Бир киши Муҳаммад алайҳиссаломдан:
– Мен онамни кўтариб Маккани зиёрат қилдирдим, ҳақини адо этдимми? – деб сўради.
Расулуллоҳ (с.а.в.) унга жавоб бердилар:
– Йўқ, у сени қучоғида олиб юрганда “фарзандим униб-ўссин, катта бўлсин”, – деб ўйлаганди. Сен эса кўтариб юрган пайтингда онангнинг ўлими ҳақида ўйлардинг…
Фарзандлардан ўтинчимиз шуки, оналарингиз ҳузурларида турганингизда Саъдийнинг бешик ҳақидаги ривоятларини доимо ёдда тутинг.
Абдуллоҳ Ибн Умар бир яманлик одамнинг ўз онасини опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам бир байтни оҳанг билан ўқиркан:
Онаизорим учун бўйнимни эгкан теваман (туяман),
Тевага минган онам ҳорсаларда, мен чарчамам.
У шуни ўқиб туриб, Абдуллоҳга қаради-да: “Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Мана шу хизматим билан мен онамнинг хизматини қила олдимми?” – деб сўради. “Йўқ, бу хизматинг сени туғиш вақтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларининг биттасига ҳам баробар эмас”, – дедилар”.
Бу ўринда Ҳазрат шайх Увайс Қараний (қоддасаллоҳу сирраҳул азиз) ибратларини эслашнинг ўзи кифоя. Увайс Қараний ҳазратлари Расулуллоҳни кўрмай туриб ҳам севганлар. Кофирлар Уҳуд жангида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) жанобимизнинг тишларини синдиргани хабарини эшитиб, бундан қалбан куйиб, ўз оғизларидаги барча тишларини синдирган эканлар. Ҳазрат Увайс аввал бир тишларини тош билан уриб синдириб: “Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) синган тишлари балки бу ўриндагиси эмасдир”, – деб бошқасини синдирдилар. Шу зайлда барча тишларини синдириб чиқдилар. Икки жаҳон қуёши – Пайғамбаримиз салавотуллоҳу алайҳи ва саломуҳу жанобимиз Увайс Қараний ҳазратларининг мадҳида: “Ямандан менга Аллоҳ ошиғининг иси келур”, – деб марҳамат этганлар. Бу мўъжизани қарангки, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ошиқни кўрмай туриб, у ҳақда эшитмай туриб билганлар. Саҳобаи гузин (танланган саҳобалар) Расулуллоҳ жанобимиздан Увайснинг қаерда эканини сўраганларида: “Яман вилоятининг Қарн қишлоғида”, – деб марҳамат этдилар.
– Ё Расулаллоҳ! Увайс зоти рисолатпаноҳларини (яъни сизни) кўрганми? – деб сўрадилар.
– Кўрган ва лекин зоҳирда кўрмаган, – деб марҳамат қилдилар.
– Бул қандай ошиқдирки, Сизни кўрмас?
– Икки сабаби бор: биринчиси – ҳол ғалабасидан, иккинчиси – шариат азаматидан, яъни кўзи ожиз онаси бор уйни ёлғиз қолдириб келмади. Шариат амрини тутди, оналик ҳақига риоя этди.
Расули акрам жанобимиз охират дунёсига рихлат қилар эканлар, Ҳазрат Умар ва Ҳазрат Алига (р.а.) муборак мураққаъларини (кийимларини) бериб, Увайс ҳазратларига элтмоқликни васият қилдилар ва Ҳазрат Увайснинг кўринишларини таъриф этдилар: “Бадани юнглидир, ўнг қўлининг панжасида оппоқ, бир тангачалик хол бордир. Мендан салом айтингиз. Мураққаъни кийиб, умматимни дуо қилсин…”
Пайғамбар алайҳиссаломни қанчалар севмасинлар, қалбан интилмасинлар, оналарини ёлғиз ташламадилар ва бу фазилатлари Аллоҳ ва Унинг расули томонидан мукофотланди.
Бир биродаримизнинг ҳикоялари менга ғоят таъсир қилган эди, шуни сиз, азизлар билан баҳам кўрмоқчиман:
– Ҳайит арафасида онам билан бирга бозорга тушдик. Ниятимга кўра энг аввал онажонимга янги маҳси олиб бердим. Ўша ернинг ўзида янги маҳсини кийдириб қўйдим. Кейин кавушларини ҳам янгиладим. Сўнг таглик-патак олиб келиб кавушларига солдим. Кейин Туркиянинг янги пайпоғидан ҳам олиб бердим. Онажоним тураётганларида: “Энди рўмол олиб берсам, бош-оёқ сарпо қилган бўларканман”, – деб ҳазиллашдим. Онам: “Ҳа, ҳа”, – деб кулиб қўйдилар. Гап-сўзларимизни эшитиб турган маҳсидўз: “Онахон, бу йигит ўғлингизмилар?” – деб сўрадилар. “Ҳа”, – дедилар онам. Шунда маҳсидўз: “Ҳозир жуда улуғ иш рўй берди. Розилик билан шундай жилмайдингизки, мана шу кулгингиз ўғлингиз учун еру осмоннинг гулга тўлганидан ҳам яхшироқ бўлди. Дунёда Аллоҳга иймон келтиргандан кейин ота-онанинг хизматини қилиб, дилини хушнуд этишдан улуғроқ иш борми?! Кўриб турибманки, ўғлингиз хизматингизни сидқидилдан қиляпти, мен бу ишларга қиёматда гувоҳлик бераман, ҳозир шу ерда фарзандингиз ҳаққига дуо қилинг, чунки шу соатда Аллоҳнинг даргоҳи очиқ турибди, инша Аллоҳ!” – деган гапларни айтди. Мен маҳсидўзнинг илм эгаси эканини англадим. Гапларидан қалбим сел бўлиб оқди. Онажоним шу бозорнинг ўртасида узоқ дуо қилдилар… Ўша воқеадан сўнг қачон онамнинг хизматларини қилсам, аввал ҳеч ҳис этмаганим бир ажиб улуғворликни сезадиган, чарчоғим тарқайдиган, таним роҳатланадиган, дилим яйрайдиган бўлди. Ишқилиб Аллоҳим мен бу роҳатдан бемаврид жудо этиб қўймасин-да…
Бу ҳикоя кишини ўйга толдиради: тасаввур қилайлик, айни дамдақанча ота-она совуқ уйларда, совуқ ёлғизликдан ёки фарзандларининг совуқ муомалаларидан дийдираб ўтирибдилар экан? Қани эди, ўша совуқ муомалали фарзандлар шу йигитдан озгинагина ибрат олишса-ю дуогўйларининг қадрини билишса, жаннатлари йўлларини топиб олишса.
Битта ҳақиқат бор, унутмаслик керак: ким Она дуосидан маҳрум бўлибди, жаннатдан маҳрум бўлибди. Аллоҳ сақласин!
Қишлоқлардан бирида бу воқеага гувоҳ бўлган эдим: биродаримизникида меҳмонда эдик. Қўшниси эҳсонга таклиф этди. Чиқдик. Жуда кўп меҳмон айтилган экан. Биз ҳовлида, тут дарахти соясидаги сўридан жой олдик. Рўпарамизда ошхона, унинг ёнида бир пастак ҳужра бор эди. Агар ўша ҳужрадан хаста овоз чиқмаса унда одам яшашига ишонмас эдим. Ўша ҳужрага кўп тикилаётганимни сезган биродарим: “У ерда соҳиби эҳсоннинг волидалари яшайди, бир оз хасталар”, – деб изоҳ берди. Мен меҳмонларга жой ҳозирлаш учун каттароқ уйдан бу ҳужрага вақтинчалик олиб чиқилгандир, деган ўйда эдим. Аммо эҳсон якунига етгунича ҳам биров у ҳужрадан хабар олмади. Бир пиёла иссиқ чой ёки бир бурда иссиқ нон олиб кирмади. Шундан сўнг биродаримдан: “Доим шу уйда яшайдиларми?” – деб сўрашга мажбур бўлдим. Биродарим қўшнисининг сирини очаётганидан хижолат бўлибми, аста “ҳа”, деб қўя қолди, бошқа изоҳ бермади. Бошқачароқ изоҳга ҳожат ҳам йўқ эди. Бу тез-тез учрайдиган воқеа эмас. Мен ҳам ваҳима қилмоқчи эмасман. Лекин бу даҳшатдан (ҳа, айнан даҳшат, айнан ёвузлик дейман) кўз юма олмайман. Ақлни лол қолдирадиган даражада эҳсон дастурхонларига меҳмонларни чорлаганлари ҳолда, оталари ёки оналарига ўзларининг эски кийимларини кийинтириб қўядиганлар озми ё кўпми? Бир зах ҳужрага ташлаб қўйилган она фарзандини нима деб дуо қилган экан? Орадан йиллар ўтиб, йўлим яна шу қишлоққа тушганда онасини хорлаб қўйган одам тақдири билан қизиқдим. Аллоҳнинг бандаларига берадиган энг улуғ неъматларидан бири – фарзандлари камоли ва роҳатини кўриш. Онасини хорлаган ўша одамни Аллоҳ шу неъматдан сиқиб қўйибди (астағфируллоҳ!). Шомда дўстлари билан улфатчиликка кетган тўнғич ўғлининг жасадини тонгда олиб келишибди. Мастликда дўстлари билан муштлашиб жон берибди. Бир қизини яқин қариндошининг ўғлига унаштирганда у хуштори билан қочиб кетибди, иккинчи қизи ундан-да баттар шармандаликка учрабди: эрга тегмасдан ҳомиладор бўлиб қолибди. Кенжа ўғли гиёҳвандлик иллати билан вафот топибди. Ўзи ҳам оғир хасталикка учраб, қийнала-қийнала жон берибди, қариндошлар ҳам, ғассол ҳам кўзларини юма олишмабди. Кўзлари очиқ кетибди…
Яна бир воқеа: муборак Умра сафари чоғида кўнгилларни хира қилувчи воқеа юз берди: фарғоналик бир одам онасини қутлуғ зиёратга олиб борибди. Албатта, бу таҳсинга лойиқ иш. Кўпчилик ота-онасини шундай улуғ зиёратларга олиб бормоқликни ният қилади. Айримлар эса бу каби зиёрат ота-оналарига насиб этмай, вафот этиб кетганларидан армонда юрадилар. Фарғоналик йигитнинг онасига бўлган қўпол, қўрс муомаласи барчани ранжитди. Она бечора умрида биринчи марта қишлоғидан четга бориши бўлса керак, самолётга ёки автобусга қандай чиқиш, ўтиришни билмай тараддудланади, баъзан шошиб қолади, баъзан нимагадир улгурмайди. Ўғил эса унга ёрдам бериш ўрнига дўқ уради: “Мени шарманда қиляпсиз!” – дейди. Билмайдики, унинг шармандалиги онасининг ҳаракатида эмас, балки ўзининг феълида, муомаласида. Кўпчилик “Онангни бу ерга олиб келиб хунук муомала қилганингдан кўра ўз уйингда ширин муомала билан кўнглини олсанг савоблироқ бўлармиди! Онани кўпчилик ҳузурида беҳурмат қилишинг – Каъбани вайрон қилиш гуноҳи билан баробар эмасми?” – деб тўғри танбеҳ бердилар. Эҳтимол, ўғилнинг асосий нияти онасини зиёратга олиб келиш бўлмагандир. Бундай дейилишга сабаб: уларнинг бу масканда қариндошлари кўп экан. Йигит улар берган совға-саломлар билан овора бўлиб қолди. Балки онани олиб келишни ўша қариндошлар талаб қилишгандир. Шу талаб бўлмаса йигит онани олиб келишни хаёлига ҳам келтирмас… Яна Худо билади…
Ёлғиз қолиб кулбада, ким у,
Ҳар кун бизга тайёрлар таом.
Улкан меҳр туҳфасидир бу,
Аммо бизга ширинмас тамом?..
О, бу она, сенсан онажон!
1992 йилда Ҳаж ибодатига, кейинроқ Умра ибодатига борганимда қари оталари ёки оналарини аравачада олиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳавасим келган эди. Дадажоним вафот этганларида Ҳажга боришни фақат орзу қилиш мумкин эди. Советлар замонида бутун иттифоқ бўйича 20–30 одам, Худога эмас, партия ташкилотларига ёққан одамлар борарди. 1992 йилдаги менинг сафарим кутилмаганда бўлди, йўлга чиқишим лозимлигини бир неча соат аввал маълум қилишди. Ўшанда аяжоним бемор эдилар. Олиб боришнинг имкони йўқ эди. Ўзим Умра ибодатини бажаргач, яна қайта-қайта шаҳарга кираверишдаги махсус белгиланган жойга бориб, ғусл қилиб, эҳромга ўралдим, дадажоним, аяжоним, тоғажоним учун умра ибодатини бажардим. Дамира опам иккинчи марта Ҳажга борганларида аяжоним учун ҳаж бадал қилибдилар, Аллоҳ рози бўлсин. Деярли ҳар куни чиғаноқ антенна орқали Каъбатуллоҳни кўриб тураман. Ҳозир ҳам қари ота-оналарини аравачада олиб юрган солиҳ фарзандларни кўриб юрагим ўртанади.
Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Тайсала ибн Миёсдан: “Дўзахдан қўрқиб жаннатга киришни хоҳлайсанми?” – деб сўрадилар. “Албатта хоҳлайман”, дедилар Тайсала. “Ота-онанг тирикми?” – деб сўрадилар. “Отам вафот этганлар, аммо онам борлар”, – дедилар Тайсала. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар дедиларки: “Катта гуноҳлардан ўзингни сақлаганингдан кейин онангга қаттиқ гапирмасанг, унинг об-овқатини бериб турсанг, албатта жаннатга кирасан”, – дедилар.
Ривоят қиладиларким, бир киши Ҳажга бормоқчи бўлди. Аммо кекса онасини ёлғиз ташлаб кетишга кўзи қиймади. “Устозга бораман, нима десалар шу”, деб Ҳазрат шайх Абу Ҳозими Маданий ҳузурларига келди. Шайх ҳазратлари ухлаётган эдилар. Уйғониб дедиларки: “Ушбу дам тушимда Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) кўрдим. Дедиларки: “Ҳажга кетмоқдан кўра она ҳаққини сақламоқ сенга яхшироқдир”. Сен онангнинг ризосини истаки, Аллоҳнинг ризоси шундадир”.
Онасини бир эмас, юз марта Ҳажга олиб бориб, бошқа пайт кўнглини ранжитувчилар шу ҳикматлар мағзини чақиб кўрсалар ёмон бўлмас. Онасини ранжитган бир қизга қараб Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат сени қорнида тарбия этган ким? Ўлим жари ёқасига келиб, сени туққан ким? Сени икки йил эмизган ким? Сени балоғатга етказиб узатган ким? Шу онанг! Агар шу онангни рози қилмасанг, жаннат сенга ҳаром!..”
Ҳа! Кўрнамак фарзанд бегонадан ёмон. У жиноятчидир, чунки онага нисбатан эътиборсиз бўлишга фарзанднинг ҳаққи йўқ!
Она муҳаббатидан муқаддасроқ ва беғаразроқ ҳеч нарса йўқ; ҳар қандай меҳр-муҳаббат, ҳар қандай эҳтирос унга нисбатан ё ожиз ё ғаразлидир. Киши болаликдан она кўзларига боқиб, улардаги ташвиш ва ҳаловатни, тинчлик ва ҳаяжонни кўришга ўрганмаган экан, бир умрга ахлоқий жиҳатдан ногирон бўлиб қолади.
Қабристондаги тошларга “Онажон, Худо раҳмат қилсин!” каби ёзувларни ўқиш мумкин. Марҳумаларга атаб қимматбаҳо тошлар қўйишади. Баъзи танишлар келиб: “Онамга тош қўймоқчиман, чиройли сўзлар ёзиб беринг”, – дейишади. “Ажаб! Наҳот ўзининг қалбида онасига аталган чиройли сўзлар йўқ бўлса?” – деб ўйлайман. Онанинг ўлимидан сўнг қанчалик чиройли сўзлар тўқимасин, бу сўзларни энг қимматбаҳо мармартошга тилла билан ёздирмасин, тириклигида бир бурда қотган нон билан йўқлаши ўрнини боса олмайди.
Ҳар йили баҳор қувончи Оналар байрами севинчидин бошланади. 8 март арафасида деярли барча ишхоналарда дастурхон тузалиб, тантана қилинади. Ёқимли гаплар кўпроқ гапирилади, табриклар янграйди. Байрамни ҳар ким ҳар хил кутади. Байрам ҳақидаги тасаввури ҳам турлича. Мен бундай байрамларни инсонийлик бурчни яна бир карра эслатиб турувчи кун сифатида қадрлайман. Бугун иш жамоаларида ҳамкасб аёлларни табриклагач, оналарни табриклаш ҳам жоизлигини унутмаймизми? Баъзиларимизнинг оналаримиз бошқа шаҳарда яшайдилар. Бо– риб табриклашга имконимиз бўлмаса, бир ҳафта олдин табрик хати жўнатдикми ё танишларимиз орқали ҳеч бўлмаса битта рўмолчани совға қилиб юбордикми? Бу кунни байрам деймиз. Шу байрамда марҳум оналарни, опа ёки сингилларни эслаймизми? Она қабрига борамизми?
Булар ҳақида ҳам ўйлаб туришимиз керак.
Биз – ўзбекларнинг яхши одатларидан бири – таниш билан сўрашганда албатта: “Ота-онанг яхши юришибдими?” – деб сўрашади. “Ҳа”, деб жавоб берилса: “Ота-онанг омон экан, сен дунёдаги энг бахтиёр, энг бой одамсан”, – деб дуо қилишади.
Майса қайта кўклар, йўллар қайта ўрлар,
Дарахт қайта гуллар кўклам кўк пайти.
Биргина одамлар, пешонаси шўрлар
Кетганча кетади, келмайди қайтиб.
Атрофда осойиш, сокиндир тўрт ёнинг,
Сен шошил, онангнинг оёқларин ўп.
Сочлари оқариб жим ўтирган онанг
Қайтмас йўлда кетиб бормоқда шип-шип…
Сени ўпаётиб, устинг ёпаётиб
Ширин таъмлар тотиб онанг кетмоқда.
Тунда тошдан қаттиқ боши ёстиғига
Болишига ботиб онанг кетмоқда.
Огоҳ бўл! Қачонки биз ундан толамиз,
У қушдай беозор учиб кетар жон.
Учарки, учганин сезмай қоламиз.
Қувиб етолмаймиз кейин ҳеч қачон…
(Ҳалима Худойбердиевадан)
Фарзанд ўз бахтини, ўз бойлигини асраши учун ўз бурчини тўла адо этиши шарт. Ҳар кун, ҳар соат, ҳар нафасда бу бурчига содиқ бўлмоғи зарур!
Баъзилар оналарини кечира олмасликларини айтадилар. Тоғаларимнинг катта бувимга нисбатан таъналарини айтдим. Радиода ишлаганимда рус таҳрирятида Самохвалова деган аёл ишларди. Исми Елена, лекин ҳамма уни “Лола” деб атарди. Айтишларича, ёшлигида Ғафур Ғуломнинг эътиборини тортиб, “Лола” исми жисмига монанд топилган бу гўзал хоним энг маҳоратли радио мухбир саналарди. Касбда аълочи бўлгани билан одобда ғоят қолоқ эди. Бир куни сигаретни тутата туриб онаси Киевдаги “Қариялар уйида” эканини айтди. Бу аёл ҳар йили ёзда опаси билан Қримга дам олгани борарди. Поччаси нозик идораларга яхши хизмат қилувчи ижодкорлардан бўлгани учун ёзувчиларнинг денгиз бўйидаги ижод уйига боришарди. Навбатдаги шундай сафарга отланаётганида мен: “Йўл-йўлакай онангизни ҳам зиёрат қиласизми?” – деб сўрадим. “Йўқ, –деди у бамайлихотир, – онамни кўрмаганимга анча йил бўлди, хат ҳам ёзмайман. Очиғини айтсам, тирикми ё ўлганми аниқ билмайман”. Бу гапдан ҳайратга тушдим. У эркак бўлганида сўкиб юборишим тайин эди. “Сен Лола эмас, шумғия экансан!” – дегим келди. Ғазабланганимни фаҳмлаган Самохвалова: “Сен онамга ачинма, у шундай азобга лойиқ аёл. У опам иккимизни етимхонага топшириб, ўзи урушга кетган”, – деди. Маълум бўлишича, эри жангда ҳалок бўлганини билган аёл икки қизини етимхонага бериб, ўзи қасос олиш мақсадида урушга кетган экан. Урушдан кейин қизларини етимхонадан олиб бирга яшаган, лекин бағритош қизлар уч йиллик умрининг етимхонада ўтгани учун онани кечиришмас экан. Бу ҳар қандай лаънатга лойиқ ҳолат эди. Онаси “Қариялар уйи”да жон беришдан олдин уларни қарғаганми ё йўқми, билмайман. Лекин бу аҳмоқ хотинни Худо урганига кўпчилик гувоҳ бўлди. Аввало зурриёт қолдирмади, изсиз кетди. Ёлғиз яшар эди, ўлганини қўшнилари ҳам билмай қолишибди…
Бу воқеаларни эслашимдан сабаб: ҳозирги доруломон кунларда ҳамболаларни етимхонага берадилар. Етимхонанинг эндиги номи – “Меҳрибонлик уйи”. Номи ўзгарди, шароитлари ҳам яхши. Лекин етимнинг номини ўзгартириб бўлмайди. Унинг қалб жароҳати ҳам ўзгаришсиз қолаверади. “Меҳрибонлик уйи”даги тўкин дастурхон, чиройли кийимлар… бу қалб жароҳатига малҳам бўла олмайди. Она меҳри ўрнини ҳеч нима босолмайди. Оналар гўдакларини чап кўкракларига – юракларига босиб кўтарадилар. Она юрагиниинг тафти гўдак қалбига эҳтимол шу тарзда кўчар. Оталар эса ўнг кўкракларига босадилар, бу ҳам ажиб ҳол! Ачинарлиси эса, “Меҳрибонлик уйлари”даги болалар ғирт етим эмаслар. Ота-оналари бор. “Ғирт етим” дейилгувчи болаларни оналари туғиб ташлаб кетган. Вақти-соати келиб, у оналар ҳам, бу оналар ҳам афсус дўллари остида азоб чекмасмикинлар?
Тарк этамиз кимни доимо,
Оғушида бир зум қолмаймиз.
Кимни олис ҳижронда, ҳатто
Соғинмаймиз ёдга олмаймиз?
О, бу она, сенсан, онажон.
Меҳрибонлик уйларида болалар ота-она меҳрига ташна бўлиб яшайдилар. Бир етим бола: “Адам билан ойим келмайдилар, бобожоним келиб турадилар”, – дейди. Ота-онаси тирик бўла туриб етим қолган бу боланинг ўкинч тўла юрагида яна қанчалар нафрат бор экан! Унинг ота-онаси эҳтимол ажрашиб кетгандир, сўнг ҳар бири бошқа оила қургандир. Бошқа оиладан фарзандлари бордир. Юракнинг бир парчаси бўлган болани етимхонага ташлаб қўйиб хотиржам яшовчиларни одам дейишга тил бормайди. Булар-ку майли, наҳот ўша етимларнинг амакилари ёки тоғалари, аммалари ёки холалари бўлмаса?! Жиянларини бағирларига олиб, ўз фарзандлари қаторида вояга етказиш савобидан нечун улар бебаҳралар?
Яқинда Самарқанддаги “Меҳрибонлик уйи”га бораётганимизда мухбир синглимиз: “Қадимда “Меҳрибонлик уйи” нима деб аталган?” деб сўради. Жавобим қисқа бўлди: “Бизда илгари етимхоналар йўқ эди. Бизда иймон эгалари кўпроқ эди…”
Фарзандларининг бемеҳрлигидан шикоят қилувчилар ҳам бор. Шулардан бири: “Мен отам ўлганида йиғламадим, онам ўлганида йиғламадим, ич-ичимдан эзилдим. Энди шу ёшга кириб, болаларимдан меҳр кўрмай йиғлаяпман”, – деди.
Мен у кишининг ёшлигини, кейинги ҳаётини ҳам билардим. Уйлангач, алоҳида уй қилиб чиқиб кетган, ота-онасидан ойда бир хабар оларди, бўлмаса йўқ. Баҳонаси: “Илмий ишлар билан бандман!” Балки ота-онаси билан видолашаётганда йиғлаганида – ҳозир ўз қадрига йиғламасмиди… Ота-онанинг ўлимидан сўнг ука-сингиллари билан ҳам узоқлашди…
Отани хорлади, онани солди қайғуга,юз ўгирди қариндошдан ҳам.Тамумга сафари муборак бўлсин.
Фарзандларидан нолийдиган одамлар оз эмас. Отанинг фарзандданнолишига ҳаққи борми? Йўқ. Боғбон шафтоли данагини экиб ниҳол ундирса, сўнг бошқа нав шафтолининг новдасини олиб келиб, пайванд қилса, сўнг парваришласа-ю, у дарахт ширин эмас, аччиқ ёки нордон мева тугса. Бунга дарахт айбли бўладими ёки ўша мевами? Боғбон қандай данак эккан эди, аниқ билармиди? Қандай новда улади, сувдан вақтида хабар олиб турдими, кераксиз новдачаларни кесиб қўйдими, дарахт барглари офтоб нуридан етарли баҳра олдими?
Фарзанд отанинг пуштикамаридан дунёга келган бўлса, уни отанинг ўзи тарбия қилгани ҳолда яна нолиса? Илмий жиҳатдан, ирсият қонунлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ота-онанинг феъли, табиати фарзандига ўтади. Меҳрибон одамдан бемеҳр бола туғилмайди. Тўғри, кейинчалик атроф-муҳит бола онгига, хулқига таъсир қилади. Лекин ота-она ана шу таъсирни ҳам бошқаришлари шарт. Агар ота бўлмиш ўзининг ота-онасига, ака-укалари, опа-сингилларига меҳрибон бўлса, ширинсўз бўлса, уларнинг қадрига етса ва буни боласи кўриб, билиб турса бу фарзандга ортиқча гапнинг ҳожати йўқ.
Биз фарзандимиздан нолишдан олдин: “Ўзимиз фарзанд бўлиб ота-онамизга қандай ҳунарлар кўрсатган эдик?” – деб ўйлаб кўрайлик. Балкиота-онамизга қилган қилиғимиз энди фарзандимиз воситаси билан ўзимизга қайтаётгандир? Балки орадан йиллар ўтиб ҳаёт кўзгусида ўзимизни ўзимиз кўраётгандирмиз?
Франциядаги бир аянчли воқеани сизлар ҳам эшитгандирсиз?
Бир аёл вафот этган укаси учун қабр қаздиргани мозорга келиб, хилхонасига қараса, гўр устида ўғлининг номи ёзилган. Суриштириб билса, ўғли бир йил олдин вафот этиб, шаҳар ҳокимияти шу ерга кўмдирган экан. “Нега ўғлимнинг ўлими ҳақида менга хабар бермадиларинг?” – дебҳокимиятга даъво қилибди. Қаранг, бир йил мобайнида ўғил битта шаҳарда яшовчи онасини бирон марта йўқламаган, ҳеч бўлмаса телефонда ҳол-аҳвол сўрамаган. Она эса: “Ўғлим нега жимиб қолди, тинчимикин ишқилиб?” – деб ташвишланмаган. Бундай бемеҳрлик у жамият учун янгилик эмас. Одамлари бунақа воқеага дуч келишганда хайратланишмайди, ғазабланишмайди. Албер Камю деган ёзувчининг “Бегона” деган асарига Нобель мукофоти берилган эди. Ҳажми унча катта бўлмаган бу асарга оламга сиғдириб бўлмайдиган бугунги дунё муаммоси сингдирилган эди. “Қариялар уйи”да яшовчи аёл ўлгач, бошқа шаҳарда турувчи ўғлига хабар берадилар. Дафн маросими “Қариялар уйи” ҳисобидан. Раҳбари ўғилдан “Онангизни қайси қабристонга қўямиз?” – деса, у: “Менга барибир”, – дейди. Асар қаҳрамони ҳатто ўзининг онаси ўлимига ҳам бефарқ, севги ҳам унинг қалбини юмшата олмайди, хуллас у ҳар қандай меҳр-мурувватдан бегона, руҳсиз бир тана. Асар қаҳрамони оддий бир йигит эмас, балки бугунги Европанинг рамзий тимсоли. Меҳрсизлик оламининг аянчли манзарасини акс эттиргани учун ҳам бу асар мукофотга сазовор бўлган эди.
Франциядаги воқеа таъсирида юрганимда қўлимга бир шеър тушди. Самарқандлик ижодкор Тўра Муроднинг “Онам мени кутади” деган шеърини ўқиб кўзимга ёш келди. Бир нусхасини олдим. Малака ошириш ўқишига келган олти юз милиция ходими билан бўлган учрашувда адабиёт ҳақидаги суҳбатдан кейин шу шеърни ўқиб бердим. Йиғлаб юбормаслик учун бир неча марта чой ҳўплашимга тўғри келди. Ўқиб бўлиб қарасам, офицерларнинг кўпи йиғлаб ўтирибди. Бошқа жойлардаги кейинги учрашувларда ҳам бу манзара такрорланди. Аяжонимни эслаш баҳонасида оналар ҳақидаги фикрларни баён қилаётиб бу шеър ёдимга тушди ва уни сиз – азизларга илиндим. Агар онангиз акангиз ёки укангиз билан яшаётган бўлса-ю, сиз ҳар куни зиёрат қилсангиз ҳам кетадиган пайтингизда: “Энди қачон келасан?” – деб сўрайди, тўғрими? Кеча оқшомда зиёрат қилиб, бугун чошгоҳда телефонда ҳол сўрасангиз ҳам: “Болам, қачон келасан?” – деб сўрайди. “Кеча бордим-ку, онажон”, десангиз, “Бугун ҳам келгин, ҳар куни келгин, болажоним, хўпми…”деб зорланади. Шеър ана шундай суҳбатлардан биридан таъсирланиб ёзилган:
Энди шоҳи, атлас киймайди онам,
Энди кимхоб, адрас киймайди онам,
Энди зар олиб бер, демайди онам,
Энди онам фақат мени кутади.
Катта шаҳарларга борай демайди,
Париж, Лондон, Римни кўрай демайди.
Япон боғларида юрай демайди,
Энди онам фақат мени кутади.
Сархил таомларга хуши йўқ энди,
Тандир кабобларга тиши йўқ энди.
Зиёфатлар билан иши йўқ энди,
Энди онам фақат мени кутади.
Ёқмас тўй-ҳашамлар шовқин-сурони,
Ёқмас неваралар тўс-тўпалони.
Сўрамайди кунни, обу ҳавони
Энди онам фақат мени кутади.
У-бу олиб кел, деб ҳеч сўрамайди,
Олган нарсамга ҳам бир қарамайди.
Дер: “Кеп турсанг онанг бил, қаримайди”,
Энди онам фақат мени кутади.
“Болам, бўйингни бир кўрсам бас”, – дейди.
“Суҳбатлашиб ўтир, кел, бирпас”, – дейди.
“Менга бошқа нарса керакмас”, – дейди,
Энди онам фақат мени кутади.
Бормаган бир куним ўн кунга ўтар,
Мен борар йўлларнинг бошида кутар.
Мени кўрса дилдан ғамлари кетар.
Энди онам фақат мени кутади.
Дейди: “Болам, бугун айт, келасанми?
Агар келсанг, ётиб ҳам қоласанми?
Жуда соғинганман, сен биласанми?”
Энди онам фақат мени кутади.
Энди шоҳи, атлас киймайди онам,
Энди кимхоб, адрас киймайди онам.
Тиллолар олиб бер, демайди онам,
Энди онам фақат мени кутади.
Мен-чи?
Кошки, ҳар куни бора олсайдим…
Азизларим, эсласангиз, халқимизда “Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада”, деган мақол бор. Бу шунчаки бир ҳикматли гап эмас, балки бемеҳр, лоқайд фарзанд тош юрагининг манзарасидир. Агар айни чоқда бу шеърни ўқиганингизда юрагингиз бир қалқиб тушган бўлса, уни ёд олинг, фарзандларингиз ҳам ёд олсин, унутмасин…
Юқорида оталари ёки оналарини кечирмаган тошбағирлар ҳақида бекорга сўз очмадим. “Тоҳир Малик қарибди, чалғиб, мавзудан четга чиқди”, деган хаёлга борманг. Аяжонимнинг ҳаётларида шундай аянчли воқеалар юз берганки, бу борадаги машаққатларни ҳам сабр, ҳам кечиримлилик билан енгганлар. Тошбағирликдан узоқ бўлганлар. Онадан ёш етим қолиб, она меҳрига зор бўлиб ўсган бўлсалар-да, қалбларида ўзгалар учун меҳр денгизи ҳамиша лиммо-лим бўлиб турарди.
Қойил қолмоқ керак юракка,муштдеккина бўлса-да ўзи,кўтаради қоядек дардни.
Болаликларида она меҳрига зор бўлганлари етмагандай ота зулмидан ҳам кўп азият чекканлар. Исмоилхўжа опоқ дадамиз жуда сержаҳл бўлган эканлар. Жаҳл келганда болани ҳам, хотинни ҳам аямас эканлар.
“Мусулмонлар тўртта хотин олиши мумкин”, деган маънодаги оятдан баъзилар тўла фойдаланишга уринади. Ҳозир ҳам пулдорлар битта хотинга қаноат қилмай, иккита, имкони бўлса учта хотинга уйланиб олади. Оятни тўғри англаш лозим. Тўртта хотин олишга ижозатдан мақсад маишат эмас, нафс учун уйланилмайди, балки етимларга яхши қараш учун бевага уйланиш назарда тутилган. Оят нозил бўлган замонни эслайлик. Уйланишга ижозат берилгани ҳолда “адолат қилинглар”, дейилади. Банданинг ожизлигини билган Аллоҳ “барибир адолат қила олмайсизлар”, деб огоҳлантиради. Тўғри-да, катта хотинини алдаб, кичиги билан маишат қилишда қандай адолат бўлиши мумкин?
“Ўткан кунлар”даги Ҳомиднинг бу маслаҳатига баъзилар ҳозир ҳам амал қилади: “Жиян, – деди Ҳомид Раҳматка қараб, – бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб, улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса учунчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас деб зорланиб, ҳасратланиб юриш эр кишининг иши эмас”.
Бу маслаҳатга амал қилганларни биз “адашганлар” деб атасак ранжимасинлар.
“Раҳмат Отабекка кулимсираб қаради-да, тоғасига жавоб берди:
– Хотинни кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин? – деди. – Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.
– Сенингдек йигитлар учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалик қиладир, – деб кулди Ҳомид. – Кўб хотин орасида азобланиш ўзи нима дегансўз? Қамчинингдан қон томса,юзта хотин орасида ҳам роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйганимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас.”
Ҳомидга ўхшаб фикр қилувчиларнинг ҳозир илгаригилардан айрим фарқлари бор. Чунончи: кўпхотинликнинг уйида ҳозир жанжал йўқ, чунки хотинлар бир уйда яшамайдилар. Ҳар бир хотинга алоҳида уй олиб берилади. Иккинчидан, қамчиндан қон томмайди, балки пул томиб туради. Пул томиб турар экан, жанжалга ўрин йўқ.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?