Текст книги "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 42 страниц) [доступный отрывок для чтения: 14 страниц]
– Ҳали журналистман, дегин, боз устига ёзувчиман, дегин!? Қани ўша ёзадиган қаламинг, менга бер-чи!
Чўнтакларидан қаламни олиб узатдилар. У қаламни олиб шарт синдирди-да, хона бурчагидаги саватчага отди. Кейин ёрдамчисини чақирди. Барак билан ҳожатхонани тозалашни топширди. Бу унинг марҳамати эмас, балки ёзувчини ҳожатхона тозалашга юбориб, камситмоқчи ва унинг хорланганини кўриб қувонмоқчи эди…
Танглик келди,
шундай келдики,
мурдалар ҳам турди гўридан –
машъум зулмат парчаларидай
изғиб қолди қонхўр бўрилар.
Очлик ўрган дала-тузларда,
офат чаққан маконларда ҳам
қайғу-ғамнинг мудҳиш галаси
пайдо бўлар эди дафъатан.
Кунлар –
қонли ярадай очиқ.
Тунлар –
ойдин харобазорлар,
жасадларга тўла тонгларни
зирқиратар фарёди борлар.
(Шавкат Раҳмондан)
Ёзувчи дастлаб 1936 йилда совет тузумига қарши ҳаракатлари учун қамалган эди. Унда ҳам ўз дўстлари томонидан иғво уюштирилган эди. Аянчли воқеанинг тафсилоти бундай бўлган:
Билим юртини тугатгач, ўқишни давом эттириш учун Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетига кирдилар, айни замонда Юсуф Тоҳирийнинг таклифи билан у илмий мудирлик қилиб турган Ўзбек ишчилар факультетида она тилидан дарс ўқитиб юрган кезлари эди. Ўттизинчи йилнинг илк баҳор кунларидан бирида кечкидаги дарсни бериб турганларида Фозил деган ўртоқлари келиб, хилватга чақирди-да, колхозлаштириш муносабати билан қулоқлар кўтарган тўпалонни пеш қилиб, жим туриш мумкин эмаслигини, бу зўрликка қарши курашиш кераклигини айтди. Мирзакалон ундан қандай курашишни сўраган эди, Фозил уюшиш, ташкилот тузиш лозимлигини билдирди. Мирзакалон дўстидан гумонсирамаган бўлса-да, бу каби фитналар тез-тез учраб тургани сабабли дарҳол розилик бера қолмади. “Ўйлаб кўраман”, – деган баҳона билан бу таклифни рад этди.
Фозил кетди. Лекин бутунлай кетмади. Орадан бир неча кун ўтгач, факультетга келиб, “Уюшайлик!” деб, Мирзакалонни яна қистади. Мирзакалоннинг: “Қандай бўларкин?” – деб иккиланганини кўриб: “Биз ёлғиз эмасмиз!” – деди. Мирзакалон яна кимлар борлигини сўраганида Абзал билан тил бириктириб қўйганини, керак бўлса, бошлаб келажагини айтди. Мирзакалон бу сафар ҳам рўйхуш бермаганидан кейин, Фозил учинчи марта энди Абзал билан келди ва икковлашиб унинг розилигини олдилар.
Фозил, Абзал, Қурбон – тўртовлон бўлиб шаҳар боғида тўпланишиб, уюшиш ҳақида шу ерда қатъий қарорга келдилар. Ташкилий мажлисни хотин-халаж бўлмагани учун Мирзакалоннинг уйида ўтказадиган бўлдилар. Тўрт кундан сўнг уч ўртоқ Мирзакалонникига келиб, ташкилий мажлисни бошлаб юбордилар. Мажлис раислигини Абзал, котибликни Фозил зиммаларига олдилар. Мажлис кун тартиби катта эмасди: ташкилотнинг номи; ташкилотнинг мақсад ва мароми; ташкилотнинг олдида турган энг яқин вазифалари; ташкилий масалалар.
Ташкилотнинг номи устида узоқ тортишув бўлмаган эди. Совет Конституциясида “СССР ўз ихтиёрлари билан уюшган миллий республикалар иттифоқи” дейилган модда бўлгани учун, “ўз ихтиёри билан чиқиши ҳам мумкин”, деган қарор билан ташкилот номини “Асосий Қонун Дўстлари”, қисқаси – “АҚД” деб қўйишга қарор қилинди. Ташкилотнинг мақсад ва мароми эса Ўзбекистонни СССРдан ажратиб, унинг тупроғида демократик давлат қуришни ўз ичига олди. Ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига миллатпарвар ёшу қарини бу кураш йўлига тортиш, маориф ва маданият идораларига ўз одамларини кўпроқ жойлаштириш орқали мактаблар ва маданий муассасаларда ўз ғояларини кенгроқ ёйиш, варақалар нашр этиш, бирон чет эл капиталист давлати билан алоқа боғлаб, ундан моддий ва маънавий ёрдам олиш киритилган эди.
Янги аъзолар масаласига ўтилганда Фозил дабдурустдан: “Биринчи галда Чўлпон ва Юсуф Тоҳирийларни жалб этиш керак”, – деб қолди. Кейин бу таклифини изоҳлади:
– Чўлпон барчаларимизнинг маънавий отамиз. Ташкилотни у бошқарса, халқ унга эргашади. Юсуф Тоҳирий ҳанузгача хотинини паранжи остида тутади. Сингилларини руҳоний отаси таъсиридан қутқариш чорасини кўрмайди. Демак, эътиқоди мустаҳкам, миллатпарвар одам. Бизга шундай одамлар жуда керак. Бу икки кишини тортишни Мирзакалонга топширайлик. Чунки у Чўлпонга котиблик қилган, мақсадимизни тўғри тушунтира олади. Юсуф Тоҳирий билан эса бирга ишлайди.
Бу таклифни эшитиб, Мирзакалон ўйланиб қолди.
– Гапим ёқмадими? – деди Фозил.
– Ёқишга ёқди. Агар ташкилотимизни устоз бошқарсалар нур аъло нур бўларди-я! Лекин Юсуф Тоҳирийни тортиш… Кўнмасалар керак. Чунки, хотинларини паранжида сақласалар ҳам, сиёсатга аралашадиган тоифадан эмаслар. Тоҳирий – маърифатпарвар одам, сиёсатчи эмас.
Чўлпонни ташкилотга тортиш ғоят муҳим ва шарафли вазифа экани яна таъкидлангач, Мирзакалон бу таклифни рад этолмади. Кейинги мажлисга қадар вазифани бажаришга ҳаракат қилажагини билдирди. Лекин улар билан бу ҳақда суҳбатлашишга улгурмади, кейинги мажлис ҳам бўлмади. Бу фитнани ўйлаб топиб, амалга ошираётганларни каттароқ раҳбарлар шоширишди шекилли.
Икки кундан сўнг Фозил шошилиб келиб Чўлпоннинг Тошкентда эканини, Ғози Олимнинг уйида меҳмон бўлиб турганини айтиб, бирга боришга қистади. Чўлпон Фозилни танимас, нотаниш йигит иштирокида сиёсий масалада суҳбатлашиши ҳам гумон эди. Мирзакалон буни айтса ҳам Фозил: “Мен четроқда тура тураман”, – деб ёпишиб олди. Бордилар. Аммо Чўлпон йўқ экан.
Эртасига, аниқ эсида – йигирма учинчи сентябрь куни Мирзакалон уйида дарс тайёрлаб ўтирган эди. Фозил яна йўқлаб келди. Қават-қават газетага ўралган тўппонча – оқ “наган”ни кўрсатиб:
– Беркитиб қўяйлик, ишимизга ярайди, – деди.
– Нега бу ерга олиб келдингиз, ўзингизникига беркитсангиз бўлмасмиди? – деди Мирзакалон норози қиёфада.
– Сизники хилват, шу ерга яширсак яхши бўлади. Сиз қўрқманг, бу тўппонча бузуқ, биров сизга даъво қилолмайди. Вақти келганда тузаттириб ишга соламиз, – деди Фозил.
Мирзакалон унга ишонди. “Дўстим менга хиёнат қилиши мумкин”, –деган гумон уйғонмади. “Наган”ни ўтинхонага яширдилар. Фозил зарур ишлари борлигини баҳона қилиб, шошилганича чиқиб кетди. Орадан уч соат ўтмай, НКВД – Ички ишлар халқ комиссарлиги – “орган ходимлари” кириб келишди. Биринчи берган саволлари қурол ҳақида бўлди. “Қуролларни ўзинг топиб берасанми ё бизларни қидиришга мажбур қиласанми?” – дейишгач, Фозилнинг шошилиб чиқиб кетиши сабабинианглади. Ўзини оқлашга уриниш нодонлик эканини ҳам фаҳмлади. “Ҳамонки, мен дўст деб юрган одам хиёнаткор экан, уни ҳимоя қилишимдан манфаат йўқ”, деган қарорга келиб, аввал ўтинхонадаги “наган”ни олиб берди. Ажабки, Фозил “наган”ни бузуқ деб ишонтиргани билан, тўппонча ишга яроқли, мойлаб, тозаланган, жанговар ҳолатда эди.
Сулув келинчак каби тотли эдинафс кўрсатган наҳс.Бағрига чорлар энди тотсиз аланга.
Сўроқ жараёни бир йилга яқин давом этди. Изтиробли кунларнинг чеки йўқдай туюлганди. Қамоқ исканжасида кўп қийналди. “АҚД” юзасидан бўлган тергов тамом бўлиб “Иш”и “тройка” деб номланувчи уч кишилик ёпиқ суд ҳайъатига юборилганда, Мирзакалонни “Тошкент ДПЗси” деб аталувчи қамоқхонага иккинчи марта чиқариб қўйдилар. У умумий камерага жойланган эди. Борган кунининг эртасига камера эшигида Сиддиқ Ходиевга дуч келиб қолди. Саломлашиш ўрнига у Мирзакалонга:
– Мен қачон сизларнинг ташкилотингизга аъзо эдим? – деди нафрат билан. Мирзакалон, ҳақиқатан ҳам, унинг “АҚД”га аъзолигини билмас эди. Елкаларини учириб:
– Қайдам? – деди ва бу туҳмат билан бошқалар ҳам қамалганини англади.
Мирзакалон ҳали қамоқда ўтирганидаёқ озодликка чиққанида Фозил билан қандай кўришишини, унга нималар дейишини кўп ўйларди. Ҳар ҳолда Фозил осмонга учиб чиқиб кетмагандир. “Тоғ тоғ билан учрашмайди, аммо одам одам билан учрашади”, дейишганидек, қамоқда ўлиб кетмаса хиёнаткор дўсти билан учрашиши тайин. Хўш, учрашган онида уни урсинми, тепсинми ё хумордан чиққунича сўксинми? Ўйлай-ўйлай бу режаларнинг барчаси пуч эканига ишонч ҳосил қилди. Энг тўғри йўл – индамаслик. Агар у сотқин одамийлик либосидан тўлиқ чиқиб кетмаган бўлса, виждони қийналади. Хиёнаткор учун энг одил жазо шу! Ўч олиш режасидан кечган Мирзакалоннинг хаёлини “Фозил менинг қамоқдан чиқиб келишимни, менга рўпара бўлишини ҳеч ўйлармикин?” деган муаммо ҳам банд қилиб турарди. Ҳаётда бевафолик кўп, хиёнат кўп, адолатсизлик ҳам кўп. Бевафо, хиёнаткор, зулмкорлар ёмонликларини онгли равишда қиладилар. Айримлари фош бўлган тақдирларида ўзларини оқловчи баҳоналарни ҳам тайёр қилиб қўядилар. Баъзилари эса бу ҳақда ўйламайдилар ҳам, ўзларини оқлаш чораларини изламайдилар ҳам. Мирзакалонни қизиқтирган нарса: Фозил қай тоифага кираркин? Шунча йил дўст бўлиб юриб, унинг феъли атворини кузатмагани, юрагидаги қорани сезмагани учун у фақат ўзини айбларди.
Қамоқдан кейинги учрашув кутилмаганда юз берди. Шаҳарнинг марказий кўчаси гавжум эди. Мирзакалон Давлат нашриётига бораётган эди. Ҳашаматли дўкон ёнидан ўтаётганда Фозилга қўққисдан учраб қолди. Фозил хотини Сорахонни Европа маданияти таомилига кўра, қўлтиқлаб олган эди. Мирзакалон у билан кўришмаслик учун ўзини бошқа ёққа бурмоқчи бўлди, лекин вақт кўчган эди. Юзма-юз келиб, кўришишга мажбур бўлди. Фозил оп-оқариб кетди. Юрагининг қаттиқ ўйнашидан Мирзакалоннинг ранги ҳам ўзгарди. Бир неча дамгача нафаси бўғзига тиқилиб, айтарга сўз тополмай қолди. Ажабо, нега бундай бўлди? Бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди. Фозил хотинини жўнатиб юбориб, Мирзакалон билан бир муддат қолди. Унинг топган гапи шу бўлди:
– Ҳар бир коммунист шундай қилиши керак, иложим йўқ эди.
Бу гапдан Мирзакалоннинг ғаши келиб, уни сўз билан чимчиб, юлиб олмоқчи бўлди:
– Ўлдириб қўйиб, “кечирасиз, мен сизни ўлдириб қўйдим”, қабилидами?
– Нега? Мен сизни тўғри йўлга солдим, – деди Фозил Мирзакалонни қалтироқ босганини кўриб. Унинг бу сўзларини Мирзакалон риёкор кишининг тилёғламалиги сифатида қабул қилди-да, истеҳзо аралаш ништарлаб деди:
– Тўғри йўлга – қамоқ орқали!..
Ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ эди. Фозил ярашиш учун қўл узатди. Мирзакалон жавобсиз қолдирмади. Хайрлашиш пайтида Фозил қаттиқроқ, у эса секинроқ қўл сиқишдилар.
Эртасига эрталаб Фозил Мирзакалоннинг уйига кириб келди. “Ҳозир камхаржсиз, шуни ишлатиб туринг”, – деб пул узатди. Мирзакалон қатъий рад этгач, пулни каравот устига ташлаб, чиқиб кетди. Ҳовлига чиқа туриб ўтинхона тарафга қараб олди. Бу Мирзакалонга ғалати туюлди. “Қилган ишини эслаб, пушаймон бўлди шекилли”, – деб ўйлади. У ўзини гуноҳкор деб сезиб, гуноҳини шу пул билан ювмоқчимиди ёки “адашганингда сени тўғри йўлга солиб юборган эдим, қийналганингда ҳам мушкулингни осон қилиш дўстлик бурчим”, демоқчи эдими – Мирзакалон бу ҳақиқатнинг тагига ета олмади.
* * *
Биринчи қамалишда маърифатпарвар олим Водуд Маҳмуд билан бир камерада ўтиришган экан. Домла Водуд елкаларига тушаётган айбловни айта туриб: “Ахир ўзим тожик бўлсам, мен қандайин ўзбек миллатчиси бўлдим?” – деб ажабланар эканлар. Тожик олими билан ўзбекнинг ёш ёзувчиси то умрларининг охиригача дўст бўлиб қолдилар.
1976 йил эди шекилли, “Гулистон” журналида Бўлим муҳаррири лавозимида ишлардим. Устозимиз Асқад Мухтор хоналарига чақирдилар. Бир киши ўтирган экан, таништирдилар: “Фозил ака яқинда Макка сафаридан келибдилар, хотиралар ёзибдилар, ўқиб кўриб нашрга тайёрланг”, – дедилар. Ҳаж ибодатини бажариб келган бу киши ўша пайтда кўзимга авлиёдай бўлиб кўринди. Чунки у дамларда ҳожилар ҳозиргидай кўп эмасди, битта ё иккита эди. Бу киши совет ҳожиларини врач сифатида кузатиб борган эканлар. Мақолани ўша куниёқ ўқиб, у одамдан нафратлана бошладим. Чунки мақолада Ҳаж зиёратининг улуғлиги ҳақида гап йўқ, аксинча, Саудияда яшовчи ўзбекларнинг аянчли ҳаёти ҳақида уйдирмалар бор эди. Мақола мантиқсиз эди. Ёзилишича, у Маккада ўзбек сартарош билан танишибди. Ўн уч ўғилнинг отаси бўлмиш бу ғоят “қашшоқ бечора”нинг уйида ўн бешта енгил автомобиль бор экан. Мантиқсизликни кўрдингизми? “Қашшоқ” одамнинг уйида ўн бешта енгил автомобиль бор экан! Бир неча юз оила истиқомат қиладиган бизнинг маҳаллада ўшанча машина йўқ эди.
“Ёлғонҳожи”нинг уйига қўнғироқ қилиб, мақоласи бўш ёзилганини айтдим. “Нега бўш ёзиларкан, уни Мирзакалон Исмоилий таҳрир қилиб берган”, деганда ажабландим. Эртасига тоғамникига бориб, мақоладан сўз очган эдим, кулимсирадилар.
– Кўриб берганим рост. У менинг дўстим ҳисобидаги бир одам. Таҳрир қилиб бермагунимча уйимга келавериб ҳоли-жонимга қўймади. Қайтариб тўғри қилибсан. Ёзганлари, русча айтилганда, қип-қизил абсурд!
Яқинда Бодомзордаги масжидга бора туриб, бир кўчанинг номи диққатимни тортди. Не ажабки, ўша иғвони уюштирган “дўст”нинг номи шу кўчага қўйилибди. У фосиқнинг исмини аниқ ёзмаганимнинг сабаби – тоғам у киши то оламдан ўтгунича ҳам дўстлик занжирини узмаган эдилар. Мен мақоласини ўқиган пайтимда унинг хоинлигидан бехабар эдим. Ўн беш йилдан сўнг қамоқ ҳужжатларидаги ҳақиқатни ўқигач, лолу ҳайрон қолдим.
Ўтмиш, хусусан, Сталин замонидаги зулм учун ким айбдор? Бугунги авлодни айблаш мумкинми? Масалан: “Сенинг отанг фалончининг устидан ёзган”, деб. Албатта йўқ. Бироқ, у дамларни унутмаслик керак. Чунки зулм дарахти ҳеч бир замонда, ҳеч бир жамиятда қуримайди. Қуёшнинг ҳаракатига қараб соя ташлайдиган жой ўзгариб тураверади. Қайси бир авлоднинг эртами-кечми яна шу сояга дуч келиши эҳтимоли бор. Ҳозир бирор идора раҳбарига ёки ундан каттароғига бошқа ходимни ёмонлайдиган, иғво балчиғини чаплаб роҳатланадиганлар йўқми? Ана ўшаларнинг шу хизмати зулм дарахтини суғоради ва қуриб қолишига йўл қўймайди.
Мирзакалон Исмоилийнинг миллатпарварлиги қамалмасларидан анча илгари бошланган эди.
Булоқбошидаги ота уйидан Ўшдаги етимхонага етиб келгач, уни дар-ҳол чўмилтирдилар, эгнига тоза кўйлак, оёқларига умрида кўрмагани –чиройли ботинка бердилар. У энди ўгай онанинг бураш ва қарғишларидан, баджаҳл ва хасис отанинг бир туртиб бир бурда нон беришларидан қутулиб, деразалари катта, ёруғ, иссиқ ва тоза уйда, ўзи каби кичкина ва бахтиёр болалар қаторида, яйраб-яшнаб, янгича ҳаёт кечира бошлади. Ўқиш-ёзишни шу ерда, етимхонада ўрганди. У вақт шаҳарда Совет ҳокимияти мавжуд бўлса-да, ҳали у ёш, кучсиз эди. Теварак-атрофда шўролар “босмачи” деб ном берган қуролли тўдалар кўп эди. Оқ подшоҳ замонида кечалари уйларга бостириб кириб талончилик қиладиган ўғрилар “босмачи” аталарди. Уларнинг кимлиги, қандай бўлганини тасаввур этмоқ учун “Шум бола” кинофильмини эсласангиз кифоя. 1917 йил тўнтаришларидан кейин, айниқса, Қўқон мухторияти дашноқи арманилар томонидан аёвсиз бостирилгач, миллатпарварлар қўлларига қурол олиб тоғу тошларга чиқиб кетдилар ва Ватан озодлиги учун қуролли курашларини бошладилар. Бу ҳаракат ҳарбийлар тилида “Партизанлар уруши” деб аталса-да, ўша даврдаги большевиклар миллатпарварларга “босмачи” деб таҳқирли ном бердилар. Бу камситувчи ном узоқ йиллар давомида, то Мустақиллик кунларимизга қадарли тарихчиларнинг асарларида ҳақиқат каби зикр этиларди. Советлар Афғонистонни истило этганларида Ватан озодлиги учун жангга кирган афғонларни “душман” деб атай бошлаганлари хўп мантиқсизлик эди! Аслида душман истилочи Советлар эди-ку?!
Миллат озодлиги учун жон фидо қилган ўғлонларни “босмачи” деб аташ нақадар адолатсиз эканини Мирзакалон Исмоилий етимхонада эканларидаёқ англаб етганлар.
Мирзакалон етимхонада икки йил тарбияланди, хат-саводи чиқди, оқу қарога озми-кўпми тушунадиган бўлди. Кейинчалик таниқли адабиётшунос олим ва драматург бўлиб танилган Иззат Султонов билан шу ерда танишди. “Фарғона тонг отгунча”нинг биринчи китобини нашрга тайёрлашда Иззат Султоннинг хизматлари бўлган. Китобга шу олим муҳаррир эди.
1922 йили Тошкентга, Ўлка ўзбек эрлар билим юртига ўқишга юборишди… Бу ерда олти йил ўқидилар. Бу йиллар натижа эътибори билан ҳаётларида нурли излар қолдирди. Теваракларида Абдулла Авлоний, Қайюм Рамазон, Собир Қодирий, Носир Саидий, Олим қори Усмонов каби миллатпарварлар бор эдилар…
Большевиклар томонидан “миллатчи унсур” деб айбланган бу зотлар миллатнинг уйғониши учун кўп хизматлар қилган эдилар. Айниқса, Абдулла Авлоний… Тошкент жадидларининг пешқадамларидан. Жадидлар миллат жаҳолатидан йиғлар эдилар. Миллатнинг хорлигини фақат ва фақат илмсизлик балосида деб билардилар. Жадидлар миллат дардларини кўз ёшлари билан ёзган дамларида Мирзакалон ҳали туғилмаган эди. Шоирнинг довруғини етимхонада эшитган, унинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари ёрдамида савод чиқарган эди. Тошкентга келиб, билим юртида бу зотдан таҳсил олишини эшитганда нақадар қувонган эди! Мулойим табиатли, чўққисоқол, юзидан нур ёғилиб турувчи бу муаллимни ҳамма яхши кўрарди. Айниқса, нафис адабиётга меҳри баланд бўлган Мирзакалон унинг дарсларини орзиқиб кутарди. Ўша йиллари шеъриятда “футуризм” номи билан туғилган янги оқимга тушунмай савол сўраганида: “Бу оқим Италияда туғилиб, Оврупо томонларда довдирай-совдирай, сўнг биз томонларга адашиб келиб қолган. Олтойнинг шеърларини ўқисангиз, бас, ўша ижод футуризм самараси”, – деди. Мирзакалон “Тирр…тиррр… келаётир… трактор…” деб зинапоя усулда ёзилган шеърларни ўқиган, бироқ маъносига, айниқса, шоирнинг мақсадига тушунмаган эди. Яна бир дарсда бу хусусда сўраганда устоз унинг қўлига китоб бериб, “ўқинг”, деди. Мирзакалон ўқиди, ажабланиб, кўзларини пирпиратганича устозига қараб тураверди.
– Яна тушунмадингизми? – деди устоз мийиғида кулиб.
– Устоз, сиз менга шеър эмас, китобнинг мундарижасини ўқитдин-гиз-ку?
– Ҳа, балли, футурист шоирларнинг шеърлари худди шунга ўхшаш, сарлавҳаси бор-у, маъноси йўқ. Сарлавҳасига қараб маъносини ўзингиз топиб олишингиз керак. Ҳазрат Навоийдек шоирлари бор миллат учун бу шеър усули шармандали бир ҳолдир…
Ўз вақтида Тошкентда биринчи театрни очган, Туркистон мухтор жумҳуриятининг элчиси сифатида Афғонистон амири Омонуллохон билан учрашган ва музокара юритган, “қизил профессор” деган ном билан шарафланган, сўнг советларнинг найрангли сиёсатини англаб, четгачиққан Абдулла Авлоний Сталиннинг ажал тиғи қўзғалмасидан илгарихасталикка чалиниб, вафот этганди. Агар ўттиз еттинчи йилда тирик бўлганида биринчилардан бўлиб бу тиғга рўбарў бўлиши аниқ эди.
Миллатпарварларнинг илҳомчиси ва уларнинг содиқ жарчиси Чўлпон, Боту, Фитрат, Абдулла Қодирий, Шокир Сулаймон, Элбек ва бошқаларнинг китоблари ҳамиша қўлларда, тилларда эди. Уларда талқин этилган фикрларнинг асл маъноларига ва замирида кўзланган мақсадларга тушуниб, қалбида оташин ҳислар уйғонарди.
Йигирма саккизинчи йил билим юртини битириб, ўз таъбирлари билан айтилганда, “мустақил ҳаёт оғушига отилди”лар.
Республикада ўзбек ёзувини араб алифбесидан лотин алифбесига кўчириш тайёргарлиги бормоқда эди. Шу муносабат билан Маориф халқ комиссарлиги Самарқандда лотинлаштириш инструкторлари тайёрлайдиган уч ойлик курс очди. Комиссарлик бўлажак адибни ана шу курсга юборди. Самарқанднинг Қўшҳовузида жойлашган ушбу курсда уч ой ўқиб, уни йигирма саккизинчи йилнинг куз ойларидан бирида битириб чиқдилар. Ғози Олим Юнусов, Фитрат, Қаюм Рамазон каби миллатпарварларнинг суҳбатидан шу ерда баҳраманд бўлдилар. Ғози Олим Юнусов Шайбонийхон тарихидан, Фитратнинг эса Бедил, Ҳусайн Бойқаро каби шоирлар ижоди ҳақидаги ҳикоялари адабиёт гулшани остонасида турган ёш ижодкорда бениҳоя таассурот уйғотади.
Самарқандда эканликларида болалар учун ёзилган кичик-кичик русча китобларни Ўзбек давлат нашриётидан олиб, таржима қила бошлайдилар. Бир куни Наим Саидий: “Чўлпон кўчирувчи ахтариб юрибди, хоҳласангиз учранг”, – дейди. Ўша вақт ўзбек адабиётининг ерида юрмай, кўкида учаётган Чўлпонни кўриш, унинг хизматини қилиш – ёш Мирзакалонга катта мартаба эди. Дарҳол рози бўлиб, ўша куниёқ Чўлпоннинг уйига борди. Чўлпон ҳам Қўшҳовузда, Мирзакалон ўқиган курс биқингинасида турар экан. Чўлпон хушнудлик билан қабул қилди, “эл қатори” ҳақ тўлаяжагини айтиб, бир тутам қўлёзмасини кўчиришга берди. Бу қўлёзма араблар ҳаётидан олиб ёзилган “Расулий” номли романнинг ўзбекча таржимаси эди.
Бу асарнинг қўлёзмаси 1992 йилда тоғамнинг дўстлари ёзувчи Мумтоз Муҳамедовнинг уйи томида сақланувчи қоғозлар орасидан топилди ва “Мағоралар султони” номи билан “Шарқ юлдузи” журналида нашр этилди. Асарда муаллиф номи кўрсатилмагани учун “бу таржима эмас, Чўлпоннинг ўзи ёзган асар бўлиши керак. Чўлпон воқеани араб оламига кўчирмаганида ва “таржима” демаганида асар нашр этилмас эди”, деган фикр-мулоҳазалар айтилди. Асар тоғамнинг қўллари билан кўчирилганини ўшанда билмаган эдим. Орадан йиллар ўтиб, қамалишга доир архив ҳужжатлари билан танишаётган пайтимда аниқладим.
Мирзакалон ёшлигига қарамай, улуғ адибга руҳан яқин бўлгани учун оддий нусха кўчирувчи эмас, ул зотнинг адабий котиби бўлиб қолдилар. Энди улар тез-тез учрашар, ишга оид, ишдан ташқари хорижда юз бераётган воқеалар ҳақида ҳам гаплашар эди. Чўлпон янги ёзган шеърларини баъзан ўқиб туриб, йиғлаб юборар эди. Мирзакалон авваллари бу йиғиларнинг сабабига тушунмай юрса ҳам, кейинчалик бу кўз ёшларининг асл маъносини фаҳм қиладиган бўлди. Кўчирувчилик вазифаси кун сайин қариб борди. Чўлпон ҳам ёш йигит билан анча эркин гаплашадиган бўлди. Кунлардан бир кун Чўлпон одатдагича йиғлаб туриб, унга шу сўзларни айтганди (тоғам бу сўзларни унутмай, орадан кўп йиллар ўтиб оқ қоғозга туширганлар):
“Миллат хароб бўлди! Унинг энг муқаддас нарсалари: ҳурлиги, шаъни-шарафи қўлдан кетди! Ҳар қадамда юрагимиз қуш ҳадиги билан уради. Энди бизнинг вазифамиз, келажак авлоднинг вазифаси – миллатни шармандаларча қулликдан, ҳақорат ва хўрликдан қутқазиш бўлиши керак!”
Ўшанда Чўлпон бу вазифани ўзи қандай бажараётганини, бошқалар қандай бажариши кераклигини айтмади. Мирзакалон ҳам сўраш даражасига кўтарилган етук “авлодлар”дан эмас эди…
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайди оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?..
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка.
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?
Ҳам дардли, ҳам оловли бу сатрларни Ўшдаги етимхонадан Тошкентга отланаётган пайтлари ўқиб, дарров ёдлаб олган эди. Билим юртида ўқишни бошлаган кезлари бу асарга раддия сифатида шоир Ғайратийнинг “Тузалган ўлкага” деган шеъри газетада босилганини билди. Яна катта ёшли талабаларнинг ўзаро суҳбатларидан билдики, Чўлпон бир мажлисдан кейин Ғайратийга дуч келганида дебдики: “Ҳозир сенга ўхшаган комсомолларнинг замони куляпти. Кейинроқ бориб шарманда бўлишдан қўрққин”…
Тоғам Чўлпон номини қалблари тўрида сақлаганлар. “Чўлпон – ёруғ юлдуз, шеърият осмонида ҳамиша чарақлаб турадиган қуёш! – деб ёзганлар хотира дафтарларида. – Чўлпон Навоий, Фузулий, Фирдавсий, Низомий каби ўлмас, абадий ҳаёт шоирлар ичида бизга яна ҳам яқин, биз учун яна ҳам ширин, қадрдон, жонажон шоирдир! Чунки у бизнинг қуллик кунларимизни буюк ҳасрат, зўр фарёд билан ҳар дам ёдимизга солиб турган, озодлик йўлида азиз жонини аямай курашга чорловчи созини қўймаган улуғ инсондир!”
Тоғам биринчи қамалганларида устозлари ҳаёт эди. Боши узра туҳмат булутлари қуюқлаша бошлаган бўлса-да, ўзини дадил тутарди. Унинг шу матонати ёш Мирзакалонга биринчи жазодан эсон-омон қутулиб чиқишида далда берган эди.
“Шайтон йўлдан оздирди”,дейишдиларшайтонни эгарлаб миниб олганлар.
Ўрмонда болта пайдо бўлиб дарахтларни кеса бошлабди. Ўрмон аҳли унга чора тополмай донишманд Эман ҳузурига борибдилар.
– Болта деганларинг нимадан ишланган? – деб сўрабди Эман воқеадан огоҳ бўлгач.
– Болта деганимиз темирдан ишланган, – деб жавоб қилишибди.
– Дастаси-чи, дастаси ҳам темирми? – деб сўрабди Эман.
– Йўқ, дастаси темир эмас, ёғочдан.
– Эҳ, аттанг, дастаси ўзимиздан экан, энди болтани тўхтатишнинг ҳеч қандай иложи йўқ, – деган экан донишманд Эман.
Бу ривоятни бекорга эсламадим. Иккинчи қамалишда ҳам “дўст”лар-нинг хизмати бўлган. Ҳозир репрессиялар ҳақида сўз кетса, Сталин айбланади. Чиндан ҳам шундайми?
Тўғри ва соф одамлар дарров дўст бўлиб оладилар ва бу дўстлик узоққа чўзилади. Фитначи одамлар дарров дўстлаша олмайдилар, муносабатлари тез ва осон бузилади. Яхши ва олийжаноб одамлар бир соатлик кўришиш ва бир кунлик танишиш муддатида одамнинг кўнглини овлайдилар. Аммо кўпдан бери танишиш ва дўст бўлиш орзусида юрган ичи қора одамлардан марҳамат ва лутф кўзлаб бўлмайди. Улар қўрқув ва ғараз туфайли дўст бўлишни истайдилар.
Албатта, бу ҳикматни рад этмаймиз. Аммо ҳаётда бунинг аксига кўпроқ дуч келамизким, каминанинг эътирози ҳам айнан шунда. Тўғри ва соф одамлар, олимлар, агар дўстлашсалар, уларнинг биродарликлари арзимаган нарсага бузилмайди. Тўғри ва соф одамларни, олимларни биз “зукко, доно” каби сифатлар билан улуғлаймиз. Демак, улар яхшини ёмондан тез ажрата олиш қобилиятига эгалар. Бироқ янги танишларини яхши одам эканини билиб турсалар ҳам, у билан дўстлашишга шошилмайдилар. Нега? Эҳтиёткорликни бу қадар ошириб юборишлари ўринлими? Ёки атрофларидаги фитначиларнинг сўзларига қулоқ тутадиларми? Ахир фитначилар билан дўст бўлган кимса энг яхши одамлар ҳақида ҳам ёмон фикрда бўлади, вақт ўтганидан сўнг эса кўзлари мошдай очилади-ю, аммо пушаймон ейишдан ўзга чораси қолмайди. Ариқ ва сой суви денгизга қуйилгунга қадар ширин бўлади. Қардошлик ва дўстлик муҳаббати разил одамлар орага тушгунга қадар мустаҳкам бўлади. Афсусли ери шундаки, разиллар айнан яхшилар орасига тушади. Яхшилар бир-бирларини англаб етгунларича разиллар бирлашиб оладилар. Ҳаётда кузатамизки, яхшилик мақсадидаги дўстликка мустаҳкам пойдевор қўйилгунига қадар разиллар ўз биродарликлари саройини қуриб бўладилар. Тўғри, уларнинг бу саройлари мустаҳкам эмас, тез орада бузилиб кетади. Бироқ бузилгунига қадар яхши дўстлик иморати пойдеворини ҳам яксон қилишга улгуради. Кўрамизки, айрим иқтидорли олимлар, баъзи қобилиятли шоирлар бир-бирлари билан тез дўстлаша олмайдилар. “Гадонинг душмани гадо бўладир”, дейилганидек, бу доноларнинг ўзаро дўстлашувларига эҳтимол вужудларига эгалик қилаётган ҳасад ўти йўл қўймас? Разил ва хоин одамлар улардаги айнан шу хасталикдан фойдаланишар? Разил ва хоин одамларнинг дўстлиги илонни тарбия қилишдек бир нарса. Илон эгаси уни қанчалик яхши парвариш этса ҳам, пайт келганда бир кун ўз эгасининг ёруғ кунини қоронғи кечага айлантиради, ўз вафосизлигини намоён этади. Тонг шабадаси ҳам дўстликка ўхшайди. Агар у гулзор томондан эсса – хушбўй бўлади. Нажосат бор ердан эсса – бадбўй бўлади. Тарихда бунга мисоллар оз эмас. Сталин замонидаги репрессияларда жон берганлар, азоб чекканлар дўстлик либосидаги айнан шундай разилликнинг қурбони бўлган эдилар. Донолар бир-бирларини ҳимоя қила олмадилар, демак, улар чин дўстлик мақомига ета олмаган эканлар. Алдамчи дўстликнинг фожиаси шунда.
Бугун “Ҳаммасига Сталин айбдор”, деб ҳукм ўқиш осон. Лекин Сталин “Ўткан кунлар”ни ўқиганмикин? Ёки “Бузилган ўлкага”дан хабари бўлганмикин? Абдулла Қодирий ёки Чўлпоннинг отилишидан у манфаатдор эдими?
Ёки: “Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чеккан, қотил шу!” –деб хулоса чиқариб қўйиш ҳам қийин эмас. Баъзан шундай шошқалоқ фикрнинг гувоҳи ҳам бўляпмиз. Шунга ўхшаш айбловлар айтилганда мен айсбергни – шимолий уммоннинг гердайган муз ҳокимини кўз олдимга келтираман. Айсбергнинг озгина қисмигина сув юзасида кўринади. Кемаларни парчаловчи асосий қисми кўзга кўринмайди – сув остида бўлади. Советлар даврининг қирғинлари ҳақида фикр юритганда ҳам шу нарса унутилмаса дуруст бўларди. Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чекмаганида ўша Фалончи омон қолармиди? Йўқ. Айбномага мамнуният билан имзо чекиб берувчи иккинчи Пистончи топиларди, албатта. Иккинчиси бўлмаса, учинчиси ёки тўртинчиси топиларди. Дунёда ҲАСАД деган нарса бор экан, бундайин пистончиларга муҳтож бўлинмайди. Тарихдан аёнким, ҳукмронлар айнан ана шундай ҳасадчилар хизматидан беминнат фойдаланганлар. Мен савдо ходимлари ёки ҳунармандлар орасида ҳасадчилар борлигидан ажабланмайман. Лекин халққа адаб беришга масъул зиёлилар орасида ҳасад мавжудлигига чидашим қийин. Шарафли ҳадисда: “Олимнинг бузилиши – оламнинг бузилиши”, – деб бекорга огоҳлантирилмаган. Зиёли ҳасадгўй бўлса – дунёдаги энг эси паст махлуқдан ҳам тубанроқ бўлади. Ҳасадгўй зиёли (балки ёзувчидир?) ўзидан истеъдодлироқ ҳамкасбига тош отади, уни йўқотишга тиришади, бу билан ўзига шон-шуҳрат йўлини очишга тиришади. Хўш, кейин нима бўлади? Шу билан шуҳрати ортадими? Йўқ, халқ унинг ўзини эртами-кечми супуриб ташлайди. Буни тарихнинг кейинги ярим асри исботлаб берди.
Энди ўтмиш фожиаларини яна қайтармаслик учун айбни фақат Сталиндан эмас, ўзимиздан, одамлар орасидан қидирайлик. Шу билан бирга қатъий, узил-кесил ҳукм чиқаришга шошилмайлик. Бир одамнинг номини тиклаб, бошқасини ахлатга қориштирмайлик. Шошқалоқлик билан нотўғри хулоса чиқариб қўйсак, келажак авлод бизларни кечирмайди.
Биз қоралаётган одам нима учун ёлғон гувоҳлик берган ёки ёлғон айбномага имзо чеккан?
1. Хусуматдан. У ҳолда унинг номи абадулабад қора билан ёзилиши керак.
2. Қўрқоқликдан. Кўзига ўз жони, бола-чақаси кўринган. Бу ҳам лаънатга лойиқ. Лекин ўзида истеъдод чўғи бўлиб, адабиётга хизмат қила олган бўлса, унинг асарларидан воз кечмайлик.
3. Биз қоралаётган одам коммунист мутаассиблигига берилиб, айбланувчини чиндан “халқ душмани” деб билса, орадан фурсат ўтиб, кўз олдидаги мутаассиблик қора пардаси йиртилиб, ҳақиқат нурини кўргач, тавба қилган бўлса, уни қисман кечириш мумкин. Беайб – парвардигор. Шайтон йўлига кириб топилган гуноҳ бўйинга олиниб, астойдил тавба қилинса, Аллоҳ ҳам кечиради, дейдилар. Лекин… ҳақиқатга ета олмай, ўша мутаассиблиги билан ўтиб кетган одамлар-чи? Бунга биз бир нима дея олмаймиз. Дийдор қиёматга қолган бўлса не ажаб?
“Одамлар бир-бирларини бўри каби ғажийдилар”, – деган гапни эшитиб турамиз ва ажабланамизким, бўри бир-бирин ғажимайдир…
Бўри галаси
Очликдан изғийди изғирин қишда.
Умид билан қарайди бири бирига:
“Бирон ўлжага тушмасми кўзинг?
Ўлжа олсак, баҳам кўрармиз…”
Гала-гала юрибди бани Одам ҳам.
Изғирин қишда – иссиқ либосда,
иссиқ гўшаларда давралар бордир.
Бир-бирига қарарлар хавотир билан:
“Ўлжани юлиб кетар ким,
шу дўстиммикан?”
Ташвиши оздир тўрт оёқлининг:
оч қолса – изғийди,
увлаши нолиш эмас,
галасига тириклигин билдириб қўядир.
Юради – изғийди, югуради – ов илинжида.
Топса, ейди галаси билан,
Топмаса – чидайди очликка,
галасига қилмай хиёнат,
очлик қиличидан ўлим топади.
Ўлим у учун фожиа эмас.
Тўрт оёқда юриб яшаса-да,
Ортидан ҳеч нима қолмайди – ачинадиган.
Ўлим фожиадир бани Одамга.
Икки оёқда юрса-да ёруғ дунёда,
ёмон топмайди.
Бойлиги сиғиб қолар
(Валлоҳи аълам!)
Тўртта пўлат сандиғ-у,
ўн бешта қопга?!
Аммо…
сиғмайди ташвишлари
ўн саккиз минг олам бағрига.
Топиш – бир ташвиш,
юзларча жонларни норизо этиб.
Асраш – бир ташвиш,
аланга оташида жонни куйдириб.
Сарфлаш – юз минг ташвиш.
гўёким жонни жабборга бериш.
Тийинни сарф этган чоқда
юрагида бир жажжи томир узилар…
Худо унга рўпара қилди
қоя каби ғазнани.
“Бахт”ни учириб юбориш хавфи,
қўрқув азоби ғажир уни.
Унга тикилгувчи оч кўзлар, ана!
Бири жаҳд ила отилмоқда ўлжага.
Панжаси ғазнага етгани ҳамон,
Бир тилла тиш кекирдакка ботар беомон.
Ғазнани қучоқлаган тирсакни
кумуш тиш узар.
Унинг тўпиғидан олар бошқаси…
Тишлари ювилган,
топ-тоза киборлар
четроқда ўлжани кутадир.
Ҳов нарида, оёқлари қорга ботган
оч-арвоҳ бўрилар
тизилиб турадир,
Онгсиз бошларида ҳайронлик мавжуд.
Кеча ғазнани кўриб эдилар,
Ҳидлай-ҳидлай кетгандилар нарига.
Қорин оғриғи силласин қуритган қари бўри
Ҳожатини раво қилган эди ғазна пойида.
Ўшани талашяпти икки оёқликлар,
деб ўйлади онгсиз бўри.
Кун ёниб адо бўлди,
Зимистон дунёни ютиб юборди.
Ғазнахўрлар сингиб кетди тун бағрига.
Узоқдан бўрининг увлаши келар.
Қопқон азобидан увларми ё нодонлигидан –
ўзи ҳам билмас.
Пастда…
Ғазна қопқонига тушганлар талаш-талаш,
аммо увламаслар ҳеч.
Оёқлари остида минг-минг қопқонлар
кўриб турарлар бунда йўқ сир
…ва тушарлар бир-бир.
Тун ноласи тинди:
бўри увламас,
оёғини ғажиб ташлаб қутулди.
Тутқун ўлимидан кўра,
уч оёқда юрмоқ эркини танлади.
Пастдагилар ғажимаслар оёқларини,
Силаб-силаб ўтирарлар қопқонларини.
Кўнгил қўйгандирлар қопқонларига,
Севиб қолгандирлар қопқонларини.
Худони танимайди,
Танимайди, демак, севмайди.
Қопқонни танийди
ва… севади,
худди келинчакни севганлар каби.
Тоғам ўзларини қаматишга сабабчи бўлган одамлар ҳақида ҳеч гапирмаган эдилар. Фақат бир марта хасталик пайтларида, йўқлаб кирган шоир қўшнилари чиқиб кетгач: “Бу жуда бечора одам-да”, – дедилар. “Нимаси бечора?” – деб сўрадим. “Бечоралиги – қўрқоқлигидан, – дедилар тоғам, – қўрқоқ бўлгани учун ҳам қамалганимда рўпарамга ўтириб олиб, кўзларини мўлтиллатиб ёлғон гувоҳлик берган”. Эшитганим шу. Ўша шоир ўртоқлари тоғам билан то Берлинга қадар бирга жанг майдонларини кечиб боришган. Мени ажаблантирган нарса – тоғам қамоқдан чиққанларидан кейин ҳам ўша шоир ва бошқа ёлғончи гувоҳлар билан дўстликларини давом эттирганлар. Аразлаб, юзкўрмас бўлиб кетмаганлар. Исломдаги одамнинг кечиримли бўлиши фазилатини мен шунда кўрганман.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?