Текст книги "Хотира саодати"
Автор книги: Тоҳиржон Иминов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
МИХАЙЛОВКАДАГИ ЎЗБЕКЛАР ҚАБРИСТОНИ
Бувим Михайловка қишлоғида янги барпо этилган ўзбеклар қабристонига қўйилган экан. Қабристонга биринчилардан бўлиб Нуринисо холам ва Иминжон бобом дафн этилган. Шу сабаб уларнинг қабри қачонлардир турк жангчилари дафн этилган ва ҳар бир тирик жангчи бир қопдан тупроқ ташлаши натижасида пайдо бўлган тепаликнинг энг юқорисида жойлашган. Бувимнинг қабри эса анча пастроқда. Биз 2006 йил бу ерда бўлиб, қабрларни санаганимизда, улар сони 250 дан ортиқлигини аниқлаган эдик.
Шу ўринда бу қабристон ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтмоқчиман. Қабристоннинг очилиши бобом Муҳаммад Имин номи билан боғлиқ. Ўзбеклар бу қишлоққа янги келганида, бирдан онамнинг опаси Нуринисо оёғини танчада куйдириб олиб, ҳеч қандай тиббий ёрдам бўлмаганлигидан ўн саккиз ёшида қазо қилган. Бу холамнинг дафн маросимини уюштиришни уларнинг қўшниси бўлмиш бобом ўз зиммасига олган. Бу борада холаларим ҳақидаги қиссада батафсил баён этаман.
Биринчи навбатда қабристон жойини аниқлаш лозим эди. Зеро, барча халқларда ҳам қабристон муқаддас жой ҳисобланади, унда бошқа эътиқод вакилларининг дафн этилишига рухсат берилмаган, у имкон борича озода ва тартибда сақланади. Энг асосийси, ўтган аждодларни хотирлаб, бу ерга авлодлари келиб туради.
Бобом шундай жойни топиш мақсадида ерли аҳолининг пешқадамларига мурожаат этган. Шунда улар узоқдаги бир тепаликни кўрсатиб, ўша ер сизлар учун қулай, деб айтган. Хуллас калом, холамиз шу жойга, тепаликнинг юқори қисмига дафн этилган. Тақдирнинг қарангки, кўп ўтмай холамнинг яқинига бобом ва пастроқ қисмига бувим Биби Ҳожар кўмилган. Ўзбеклар ўз юртига қайтиб кетгач, қабристон узоқ вақт қаровсиз қолган.
Қабристонга Дадам сафари. 1971 йил Михайловкада яшаб кетган ўзбеклардан биринчи бўлиб дадам ёшлиги ўтган жойлар ҳамда ота-онаси қабрини зиёрат қилгани келган. Херсондан кемада “Голая пристань” район марказига келгач, ўша пайтдаги район раҳбари – коммунистик фирқа район қўмитаси биринчи котибига учрашишга қарор қилган. Дадам бу учрашувга иккиланиш ҳамда ўзига хос ҳадик билан келган. Чунки у зот қулоқлик даврини тўла бошидан кечирган ва ўша давр маҳаллий раҳбарият ҳамда коммендантларнинг қулоқларга нисбатан ўта қаттиққўл бўлганини, кичкина айбни ҳам кечирмаганини билар эди. Қолаверса, мамлакатда ҳали қулоқларни оқловчи бирорта қонуний асос эълон қилинмаган эди.
Шу сабаб, Ўзбекистонда собиқ қулоқлар ёки улар фарзандларига нисбатан айримларнинг камситиш билан, қулоқликни бир мухолифат сифатида қарашлари сақланган эди. Бундай муҳитда кун кўриш эса дадамга ўхшаган ҳар кимсадан ўта эҳтиёткорлик ҳамда огоҳликни талаб этарди. Шунинг учун бўлса керак, дадам каттароқ раҳбар билан суҳбатлашиб, қулоқларга муносабат қандайлигини билиб олиш ва об-ҳавога қараб иш тутишни ният қилган бўлса, ажаб эмас.
Буни қарангки, раҳбар котибаси ичкари кириб ким келганлигини айтгач, раҳбар ўзи қабулхонага чиқиб, дадамни олиб кириб кетган. У одам бошидан кўп иссиқ-совуқ ўтган, урушда Иттифоқ қаҳрамони унвонига сазовор бўлган инсон экан.
– Келиш мақсадим ҳамда бу келишдаги ҳадигимни ҳам у кишига тўкиб солдим. Шу сўзларимдан кейин у киши ўрнидан турдида, келиб, мени қучоқлаб олиб, шундай хитоб қилди:
– Сиз қулоқ боласи эмассиз, отангиз учун жавоб бермайсиз, ўзи у киши ҳам гуноҳсиз жазоланган. Уларни, асли қулоқлик баҳонасида Ўзбекистондан бизга пахта етиштириш учун олиб келишган. Улар биздаги ўша пайтда яратилган пахтачилик хўжаликлари асосчиларидир. Улар кучи билан бу хўжаликлар оёққа турган. Ўша пайтда бу хўжаликлар юқори ҳосилдорликка эришган, харажат эса жуда кам бўлган. Шу сабаб улар тез оёққа турган, ҳозирда йирик, бақувват хўжаликларга айланган. Бунда дадангизга ўхшаган собиқ қулоқларнинг жуда катта ҳиссаси бор. Биз Украина халқи буни қадрлаймиз.
Унинг бу сўзларидан кейин мен тўлқинланиб кетдим, кўзимга ёш келди. Ахир, мен умримда биринчи бор қулоқларга нисбатан бундай илиқ сўзларни эшитиб турган эдим, шу дамда биринчи бор елкамдан Сталин тузуми илиб кетган қулоқлик тавқи лаънати тушгандай бўлди. Ахир, бу сўзларни мен учун жуда катта ҳисобланган расмий раҳбардан, қолаверса, Иттифоқ қаҳрамонидан эшитиб турган эдим. Очиғини айтсам, шу кунгача Ўзбекистонда бирор кимса бизнинг қулоқлик ўтмишимиз ҳақида бундай илиқ сўзлар айтмаганди. Мен ҳар қадамда “қулоқ боласи”, “қулоқнинг авлоди” деган таъна-маломат эшитардим. Дадам эса то умрининг охиригача “Эй Оллоҳ, қайси гуноҳларим учун шундай жазо олдим”, деб йиғлаб ўтган эди.
Ўша куниёқ биринчи котиб биз яшаб ўтган “Комминтерн” хўжалиги раҳбарини телефонда топиб, менинг олдимда гапнинг моҳиятини узоқ тушунтирди ҳамда қилинажак ишлар ҳақида тегишли кўрсатмалар берди. Сўнгра ташқарига олиб чиқиб, менинг эътирозимга қарамай, ўзи хизмат машинасига ўтказиб, Михайловка қишлоғига юборди. Эътиборни қарангки, хўжалик раҳбари Злых бошчилигидаги бир неча киши мени хўжалик идораси олдида кутиб турарди. Злых ўз хонасида, гапнинг очиғи, мен учун бир қабул маросими уюштирди. Район биринчи котибининг менга муносабатидан ўта руҳланиб кетганман. Шу сабаб, қулоқларнинг кимлиги, Украинада улар қандоқ меҳнат қилгани, немис аккупациясини қандай кечиргани ҳақида узоқ сўзлаб берди. Злых ва бошқалар бу борада менга қўшилиб, куйиб-ёниб гапиришди. Суҳбат давомида айримлар пиқиллаб йиғлаб ҳам олди.
Хуллас калом, мен ота-онам ва бошқалар қабрларини зиёрат қилиб, имкон бўлса, бир жонлик сўйиб, уларнинг руҳини йўқлаб кичкина бир худойи қилиб, қайтиб кетмоқчи эдим. Аммо украин биродарлар иш кўламини жуда кенгайтириб юборди: қабристонни тозалаш, қабрларни ажратиб белги қўйиш, менинг ота-онам қабрига эса махсус бетондан тайёрланган қабртош ўрнатишни режалашди. Шунга яраша ишчи кучи, транспорт ҳамда материаллар ажратилди. Мен бу ҳаражатларни қоплаш ниятида эдим. Аммо Злых:
– Булар хўжалигимиз аъзолари, хўжалигимизни оёққа турғизган. Шу сабаб, бу ишларни ўзимиз амалга оширишимиз керак, – деб туриб олди.
Эртаси эрталабдан иш қизигандан қизиб кетди. Қабристон ўтлардан, шох-шабалардан тозаланди, атрофи турли ҳайвонлар киролмайдиган қилиб ихота қилиб ўралди. Энг асосийси, отам-онам қабрига мен кутгандан ҳам зиёда қилиб, хўжалик усталари томонидан бетондан қабртош қуйилди. Устига металл ўрнатгичга дур-алюминийдан ясалган ярим ой шакли маҳкамланди. Бағрида ясалган махсус ўйиққа ота-онамнинг исми шарифи, туғилган ва қазо қилган санаси битилган металл тахтачалар маҳкамланди.
Қабристон тайёр бўлгач, у ерда бир неча ўн киши иштирокида Злых бошчилигида мотам маросими ўтказилди. Мен ҳам ўша куни хўжалик клубида барча имкониятимни сафарбар қилиб, қўй сўйдим ва ота-онам, барча шу қабристонга қўйилган мусулмонлар ҳаққига худойи уюштирдим. Жуда кўп одам қатнашди.
Дадам бу ҳикояни менга 1971 йил Харьковда сўзлаб берган эди. Ўшанда мен Тошкент Политехника институтининг 4-курсини битириб, Киевнинг Корчеватое деган жойида перлит ишлаб чиқувчи заводда ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган эдим. Бирдан дадамдан телеграмма келди. Телеграмманинг мазмуни “эртага мен сени Харьков вагон таъмирлаш заводининг кадрлар бўлимида кутаман”, дейилган эди. Ўша пайтда дадамнинг Кавказда дам олаётганини, қайтишда эса ота-онаси қабрини зиёрат қилиш истаги борлигини билар эдим. Мен дарҳол самолётга билет олдиму, Харьковга учдим. Меҳмонхонага жойлашиб, эрталаб белгиланган жойга айтилган вақтга етиб бордим. Дадам мени завод кадрлар бўлимининг биноси олдида кутиб турган экан.
Дадам 1944 йил армияга чақирилгандан сўнг, мана шу ҳарбий заводга ишга қўйилган экан. Шу сабабли ўз меҳнат дафтарчасига шу заводда ишлаган вақтларининг ёзувини киритиш мақсадида бу ерга келган экан. Ўз ишларини бажариб бўлгач, менга заводни томоша қилдирди. Айтишича, завод урушдан кейинги пайтда қандай бўлса, шу кунга келиб ҳам шундайлигича қолган экан. Уруш пайтида ҳам на немислар, на қизил армия заводнинг аҳамияти юқори даражада эканини ҳисобга олиб, бу ерга бирор бомба ташламаган ёки снаряд отмаган экан.
Дадам ишлаган цехига олиб кириб, тамоша қилдирди, ўзи бошқарган вагон ғилдиракларини ўта юқори босим остида ўққа киритадиган станокни фахр билан кўрсатди. У станок дадам пайтида қандай бўлса, орадан 30 йил ўтиб ҳам шундай ишлаётган эди. Дадамнинг айтишича, у урушдан аввал Германиядан сотиб олинган экан.
Бемалол овқатланиб олгач, дадам Украинада қабристонда қилиб келган ишларини ўта тўлқинланиб сўзлаб берди. Айниқса, боргунча бўлган иккиланишлари, район биринчи котибининг сўзлари ҳамда Комминтерн хўжалиги ходимларининг кўрсатган илиқ муносабатларидан қанчалар шодланганини завқ-шавқ билан сўзлади. Менимча, бу шодликларни тезроқ ўз яқин кишиларидан бирига айтиб бериш учун ҳам мени Киевдан Харьковга чақирган бўлса керак.
Аслида дадамнинг ота-онаси қабрига бу сафари иккинчиси экан. Биринчи сафарни у зот 1945 йил онаси янги вафот этгандан кейин қилган. Онасининг ўлимидан хабар топгач, завод маъмуриятига мурожаат этган ва ҳалол меҳнатлари эвазига рухсат олган. Аммо қишлоққа етиб борганида бола-чақаси рухсат олиб, Ўзбекистонга кетиб бўлган экан. Қабрларни зиёрат қилгану, тезда ўз хизматига қайтган.
Акам сафари. 1976 йил Украинанинг Полтава шаҳридаги Кооператив институтига 6 ойлик малака ошириш курсига борган акам бобоси ва бувиси қабри ҳамда киндик қони тўкилган жойларни зиёрат қилиш мақсадида Одесса орқали Херсоннинг Голая пристань районига борган. У ерда район комфирқаси биринчи котиби билан учрашган. Котиб акамни жуда илиқ кутиб олган. Чунки биринчи котиб ўша дадамни кутиб олган инсон экан. Бу учрашувдан акамнинг хотирасига котибнинг қуйидаги гапи чуқур ўрнашиб қолган:
– Котиб менинг келиш мақсадимни эшитгач, пешонасига бир урдида, “Қарагин сен ўлган бобонгларнинг қабрини зиёрат қилгани ўттиз йилдан кейин узоқ Ўзбекистондан келаяпсан, мен эса нобакор фарзанд, Сибирда яшаётган онамни йигирма йилдан ортиқ вақт кўролганим йўқ, фақат хат ёки телефон орқали мулоқот қиламиз”.
У киши Комминтерн совхози раҳбарларидан бўлган, ўз вақтида дадамга катта ёрдам уюштирган Злыхга тегишли кўрсатмалар берган. Натижада акам совхоз ажратган махсус бригада кўмагида қабристонни тартибга келтирган, одатимизга мувофиқ Андижондан олиб борган девзира гурунчидан совхоз ошхонасида палов тайёрлаб, қабристонда ётганлар руҳига атаб, эҳсонлик қилган. Айтишича, эҳсонда кўпчилик қатнашган, тадбир ўта таъсирли бўлган.
Менинг сафарим. Қабристонга кейинги сафарни 1982 йил ноябрида мен амалга оширдим. Ўша пайт Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Иқтисод институтида илмий ходим бўлиб ишлар ва йил бошида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган эдим. Шундан сал олдинроқ эса 1980 йил декабрь ойида онам қазо қилган, шу сабаб диссертация ҳимояси мен учун руҳий жиҳатдан анча оғир кечган эди. Шуларни ҳисобга олди шекилли, Институт директори Омон Хикматов “бор, бир дам олиб кел, сен учун ҳали олдинда кўп вазифаларимиз бор”, дедида қўлимга Қора денгиз бўйидаги Сухумига 24 кунлик йўлланма тутқазди.
Дам олиш тугаши арафасида Андижондан акамнинг қизи Моҳира Артекдаги болалар сиҳатгоҳида эканлиги ҳақида хабар келиб қолди. Бу жияним ота-онамнинг тўнғич набираси бўлиб, биз учун жуда ардоқли ва суюкли эди. Сухумидан қайтаётиб, шу жиянимни кўриб кетиш ҳамда Херсонга бориб, бобом ва бувим қабрини зиёрат этишни ният қилдим. Жиянимни кўргач, автобусда Ялтадан Херсонга ва ундан сув орқали Голая пристань шаҳрига келдимда, автобекатда Михайловкага борадиган такси қидира бошладим. Шу пайт олдимга бир украин келиб, “сиз ўзбекмисиз?”, деб сўраб қолди. “Ҳа, ўзбекман” дедимда, “нега сўраяпсиз” десам, “сизга ўхшаш бир ўзбекни Михайловкадаги ўзбеклар қабристонига олиб борганман, йўл-йўлакай роса суҳбатлашиб кетганмиз, шу сабаб бўлса керак, юз тузилиши эсимда қолган. Сиз ўша кишига жуда ўхшар экансиз”. Шунда мен акамнинг бу қабристонга келиши ва у ерга таксида бориб-келганини хотирладимда, “ҳа, ўша менинг акам эди”, дедим. Шундан сўнг машинасига ўтирдикда, йўлга тушдик.
Қишлоққа пешинларда етиб келдик, таксичи қабристонни билар экан, тезда уни топиб борди. Мен машинани йўлда қолдириб, қабристонга буғдойзор оралаб кириб бордим. Бобом ва бувимни кўрмаганман, аммо ота-онамнинг биз билан мулоқотлари мазмунидан уларнинг сиймоси биз фарзандларда тўла шаклланган, руҳлари, ички олами шууримиздан жой олган эди. Шу сабаб, улар онгимизда энг яқин, энг қадрдон инсонлар сифатида шаклланганди.
Қабристонга мен айнан шундай бир набира сифатида кириб бордим. Қадрдонларим қабрлари олдида кўп вақт қолиб кетдим, негадир улар ҳақидаги ўй-хаёлларим ўша даврларга олиб кетаверар эди. Ҳар бир қабр олдидаги дуо-фотиҳам узоқ давом этарди, бу билан худди улар руҳини озиқлантираётгандек эдим.
У пайтда дадам ўрнатиб кетган қабртошлар, улардаги ярим ой шакллари ва ёзувлар тўла сақланган ҳолда эди. Ўшанда фотоаппаратим бўлмаганидан ҳозир ҳам афсусланаман. Чунки бундан 24 йил кейин бу ерга келганимда уларга бирмунча шикаст етказилган эди. Ҳар ернинг ҳам ўз шумтака болалари бор-да. Машинага ўтириб, ортга қайтдим. Гапнинг очиғи, мақсадим бобом, бувим қабрини зиёрат қилиш эди, маблағим ҳамда вақтим ўта чекланганлигидан бошқа ишга қўл уролмас эдим. Эртаси Киев орқали самолётда ўз бола-чақам олдига қайтдим.
Отикахон аммам ва ўғли Муйдинжон сафари. Бу сафар1986 йили бўлган эди. Қизиғи шундаки, ўша акам ва менга хизмат қилган такси ҳайдовчиси буларга ҳам йўлиққан. Мўйдин акам ҳикоясига кўра, Голая пристань автобекатида бир одам келиб “сизлар Ўзбекистонданми?”, – деб сўраганда, (чунки бошимда ўзбек дўпписи бор эди), “Михайловкага борсанглар керак?” деб давом этган. Биздан тасдиқни эшитиб, ўз машинасига таклиф қилганда, уларни Михайловкадаги чоғроқ меҳмонхонага элтиб қўйган. Эрталаб Муйдин акам хўжалик раҳбарига учраган. Қабул жуда илиқ бўлган, узоқ вақт қулоқлар яшаган қишлоқ аҳли, қабристон ҳамда унга дадам ва акамнинг келиб-кетишларини эслашган. Бу раҳбар ҳам қабристон-ни тозалаш, қабрларни алоҳида белгилаш ишларига имкон қадар кўмак берган. Улар бу жойда бир ҳафтадан ортиқ қолиб кетишган, қабристонни обод қилишган, аммам украин дугоналари билан учрашган. Ахир у киши бу ерда ўн олти йил яшаб, уларнинг кўпи билан бирга меҳнат қилган, украин одатларини, тилини яхши билган эди-да. Уларнинг эсида қолган яна бир иш, тарвуз айни пишган вақти бўлгани учун ундан тўйиб истеъмол қилишган.
Зеро, бу жойда ўтган 16 йиллик ҳаёти давомида улар бу неъматга жуда ўрганган, қолаверса украин тарвузи суғорилмай етиштирилганлиги сабабли минерал ўғит билан тўйиниш даражаси паст бўлган. Онамнинг ҳикоя қилишича, далага пахта чигитини қўлда экишар, шунда қатор орасининг ҳар ерига тарвуз уруғидан ҳам ташлаб кетишар, кузда пахта теримида эса ғўза ораларидан каттакон тарвузларни топиб олишаркан.
Муйдин акам Андижон пахтачилик институтининг механиза-торлик йўналишини битирган бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича етук мутахассис эди. Ўша жойда бўлишган пайт ҳам хўжалик раҳбари унинг бу сифатини билиб, ундан мақсадли фойдаланган. У трактор жамламасидаги техникани таъмирлаш, уни соз ҳолда сақлаш бўйича кўп маслаҳатлар ва амалий ёрдам берган экан.
Шу сабаб бўлса керак, ишлар битиб қайтадиган бўлишганда, хўжалик раҳбари Муйдин акамга “бизда қолгин” деб илтимос қилган, ҳатто янги машина, уй ва юқори лавозим беришни ваъда қилган. Чунки хўжалик жуда катта бўлиб, 13 минг гектардан ортиқ ҳайдаладиган ерда деҳқончилик қилар экан. Муйдин акамга ўхшаган мутахассислар унга жуда керак бўлган. Ўша йиллар бу томонларда яхши мутахассисларнинг шаҳарга кетиб қолиш ҳоли кўп кузатилган. Шу сабаб ҳам хўжалик раҳбари Муйдин акамга ялиниш оҳангида илтимос қилган бўлса керак. Албатта, Муйдин акам бундай илтимосни кўп сабабдан қабул қила олмас эди. Тез орада улар ўз юртига қайтиб кетганлар.
Иккинчи сафар. Қабристонда ётганларни 2006 йил мен Салимжон акам билан бирга иккинчи бор зиёрат қилдик. Бизга “Ўзбек автосаноат” бирлашмасининг Киевдаги бош дилери бўлиб ишлаётган кенжа укам Эркинжон ҳамда у билан бирга фаолият юритаётган жияним Маҳмуджон ҳам қўшилди. Ўзи асли биз Киевга “Энергополис” суғурта компанияси билан бизнинг “Алском” суғурта компанияси ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш учун борган эдик. Бу сафарга Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Похвальский ҳамда элчихонанинг иқтисодий масалалар бўйича бўлим бошлиғи жаноб Краснянский ташаббус кўрсатган эди. Биз Украина ҳамда Ўзбекистон суғурта бозорлари ўртасида “Суғурта кўприги” ташкил қилишимиз керак эди.
Бу кўприк икки мамлакат ўртасидаги қисқариб бораётган иқтисодий алоқаларни жонлантиришга кўмак бериши лозим эди. Шу сабаб ҳам Украиналик суғуртачилар бизни қайноқ кутиб олди. Мен Киевда ўзбек бозори ҳақида маъруза қилдим, кўприкни ишга солишнинг амалий томонлари келишиб олинди. Ишларимиз якунлангач, Херсонга, боболар қабристонига бориш режамизни эшитиб эса бутунлай тўлқинланиб кетишди. Сафар учун “Энергополис” раҳбари В.В. Миколайчук ўз хизматидаги япон микроавтобусини, эътироз билдиришимизга қарамай, ажратиб берди. Унинг ўша пайтдаги гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди:
– Сизлар нафақат ўз қариндошларингизни қидириб бормоқдасиз, у инсонлар бизнинг фуқаромиз, далаларимизда оғир меҳнат қилган. Жуда кўп украинлар сингари гуноҳсиз бўла туриб, сталинчилар тузуми томондан жазоланган. Улар қабрини аслида биз ҳам зиёрат қилиб туришимиз керак.
Унинг шу гапларидан кейин менда у кишининг машинасини олмасликка имкон қолмади. Шу гаплардан кейин эртасига саҳар Херсон томон икки машинада йўлга чиқдик, пешиндан ўтганда қабристонга етиб бордик, қарасак, у озода йиғиштирилган экан. Биз келишимизни билиб, Эркинжон укам ҳомийлар маблағи ҳисобига маҳаллий аҳолини жалб қилган ҳолда ташкил этган экан.
Айтиш жоизки, ўзбекистонлик қулоқлар Украинанинг Херсон ва Николаев вилоятлари кўп ҳудудларида яшаган, демак уларда ҳам бундай қабристонлар кўплаб топилади. Аммо уларнинг жуда кўпи қаровсиз бўлгани сабаб, афсус, йўқ бўлиб кетишга маҳкум этилган. Бу борада биринчи навбатда, албатта, қулоқ қилинганларнинг авлодлари ўз сўзларини айтишлари лозим.
Дадамнинг эслашича, Михайловкадаги қабристон ҳам кенг экин майдонининг ўртасида жойлашганлиги сабаб у киши келгунига қадар, хўжалик раҳбарлари томонидан бир-икки йил аввал уни текислаб, экин майдонига қўшиб юбориш режалаштирилган экан. Дадам бориб, қабртошлар ўрнатгач эса, бу масала кун тартибидан олиб ташланган.
Бизни ҳурсанд қилган ҳолат яна шу бўлдики, жуда кенг майдон ўртасида жойлашган қабристон йўлига тушганимизда, йўл четига катта қилиб тахтачага “Дорога в узбекское кладбище” деб ёзиб қўйилган экан. Умуман, ўша йўлнинг ўзи шундай номланар экан. Бунинг учун биз украин биродарлардан жуда миннатдор бўлдик. Қабристонда узоқ қолиб кетдик, имкон борича қабрларга бирма-бир тиловат қилдик. Айниқса, бобом ва бувим қабрида ҳар биримиз алоҳида тиловат қилиб, уларнинг у дунёлигини беришликни Оллоҳдан сўрадик.
Дадамлар яшаган чоғда “Михайловка” деб аталган қишлоқнинг номи кейинчалик “Черноморск” номига ўзгартирилган экан. Шу қишлоқ кенгашининг раиси Василий Филиппович бизни ўз хонадонида жуда илиқ кутиб олди. Қўй топишни илтимос қилган эдик, унинг ўрнига иккита катта хўроз топиб келди. Бу жойларда қўй боқилмас экан. Биз уларни сўйиб, ўтганлар руҳига бағишлаб, қон чиқардик ҳамда бобом юртидан келтирилган массалиқлардан катта ош дамлаб, Ўзбекистон мева-чеваларидан дастурхон тузадик. Худойига атроф хонадонлардан йигирмадан ортиқ киши йиғилди. Ўзбек паловидан тановвул қилинди. Акамнинг Қуръон тиловатидан сўнг, фотиҳа қилиб, мезбонлар билан хайрлашиб, Ялта томон йўл олдик. У ерга биз, Украин биродарлар ташкил қилган халқаро суғуртачилар форумида қатнашиш учун таклиф этилган эдик.
Бу сафардан кейин ҳозиргача мен турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан, акам, опам, укаларим, бўлаларим яна бир неча бор бобомиз ва бувимиз қабрига бордик. Ўйлайманки, бу ишни авлодларимиз ҳам келгусида давом эттирадилар.
МИРЗАМАҲМУД АМАКИМ
Дадам таваллуд топган йили акаси, хонадоннинг тўнғич ўғли Мирза Маҳмуд 12 ёшда бўлган. Дадаси вафот этганда, дадам ҳам 12 ёшда бўлгани сабаб отаси ҳақидаги хотиралар у кишида кам сақланган, улардан ҳам камлари дадам орқали бизгача етиб келган. Аммо Украинага борибоқ, дадасининг елкасига катта яра чиққани, шу сабаб вафот этганини бизга кўп гапириб берарди. Дадам акасининг бор-йўғи эллик сўм маош олиши, аммо дадаси учун ёзиб берилган 100–150 сўмлик дориларни уч-тўрт кун йўқ бўлиб кетиб мардикор ишлаб, қайлардандир топиб келишини кўзда ёш билан сўзлаб берарди. “Дадам покдамон мусулмон бўлганлигидан, докторларнинг бу ярага чўчқа гўшти ейиш ва ароқ ичиш лозим, деган гапларига умуман кўнмаган”, – дер эди дадам.
Амаким Мирза Маҳмуд ўта меҳнаткаш, ишбилармон одам бўлган экан. У кишини Украинада андижонлик Бувинисо исмли қизга уйлаб қўйишган. Аммо уларнинг узоқ йиллик турмушидан фарзанд бўлмаган. Шу сабаб ҳам амаким уруш бошланибоқ, фронтга кетаётганда онасини қучоқлаб, “мени соғинганингда Каримжон ва Отиканинг ўғилларини бағрингга бос”, деб йиғлаб уйдан чиқиб кетган экан.
Акаси ва поччаси фронтга олиб кетилгач, дадам, онаси, опаси ва унинг уч фарзанди билан немис оккупациясида қолган. Шу сабаб фронт билан уларда ҳеч қандай ёзишма бўлмаган. Натижада амакимнинг ўлими ҳақида қариндош-уруғларга хабар етиб бормаган. Кейинчалик, дадам акасининг изини қидириб, Қизил Армиянинг Подольскдаги Марказий архивига бир неча бор мурожаат этди, натижа бўлмади.
Жангу жадалдан ўз Ватанига тирик қайтиб келган украиналик ўзбекларнинг маълумотига кўра, Украинадан ишга яроқли ўзбеклар уруш бошланиши биланоқ Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Осакаровка районига олиб кетилган экан. Дадам у жойга ҳам бориб келди, аммо Украинадан қулоқ авлодларининг бу жойларга юборилгани ва шу жойдан фронтга олингани ҳақида бирор-бир маълумот топа олмади. Демак, бечора қулоқ авлодларини ҳукумат ҳисобга киритиб ўтирмаганга ўхшайди.
Дадам 1946 йил Андижон ўқитувчилар институтидан ўқишга чақирув қоғози боргач, армиядан рухсат олиб, Андижонга келган ва ўз оиласи билан қўшилган. Ўша пайт уруш тугаб, армиядаги хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳамда ярадор бўлса даволаниб қайтаётган солдатлар кўплаб поездларда Андижон вокзалига келиб тушар экан. Поезд келиш жадвали асосида дадам вокзалга чиқар ва акасини билган бирор танишни учратиб қолиш ниятида келганларни кўздан ўтказар экан. Тасодифни қарангки, Украинада бирга бўлган бир танишини икки солдат замбилда кўтариб ўтиб қолган. Дадам югуриб бориб, солдатларни тўхтатганда, касал ётган аскардан ўз акасини сўраган. У киши:
– Акангиз билан бирга жанг қилдик. Отлиқ аскар эдик, 1942 йил баҳорида бир жангда акангизга снаряд парчаси тегиб отдан қулаган, биз эса тўхтамай, ўтиб кетаверганмиз. Чунки ярадор аскарга ёрдам бериш жанг низоми билан таъқиқланган эди.
Дадам бу сўзларни эшитиб, ёшлиги ёки тажрибасизлигидан бўлса керак, йиғлаб юборган. Аскарлар эса ярадор солдатни кўтариб кетиб қолган. Бир кун ўтгач, ўзига келган дадам акаси ҳақидаги барча маълумотни олиш ниятида ярадор аскар уйини топиб борган, аммо кеч қолган экан. Аскар уйига келибоқ қазо қилган, бирга олиб келган солдатлар эса қайтиб кетган экан. Шундай қилиб, дадам акасининг фронтда ҳалок бўлганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот топа олмаган.
Ҳамма қидиришлардан натижа ололмаган дадам, акасини урушда дом-дараксиз кетгани ва тириклигидан умид узилганини элга хабар қилиш ниятида Эскиликда ҳам опаси, ҳам бўласи бўлмиш Ойшахон аммам ҳовлисида 1992 йил ёз кунларининг бирида катта худойи қилиб, аза очди. Бу тадбирда бобом, Мирза Маҳмуд амаким ва дадамни билган жуда кўпчилик қатнашди. “Ўзбекистон овози” газетаси мухбири Онорбой Қуронбоев эса шу кунларда газетада чоп этилган “Қиёмат қарз” мақоласи билан уруш қурбони хотирасига яна бир бор ҳурмат ато этди ва юқоридаги тадбир моҳияти, мақсади ҳақида ўқувчиларга кенг маълумот берди.
Амаким хотираси билан боғлиқ воқеалар изҳорини шу билан тугатиш ниятида эдим. Аммо 2011 йил уруш бошланганлигининг 70 йиллиги арафасида Россия телевиденияси Интернет тармоғида “MИЛ” сайти очилгани ва унда урушда қатнашган ва ҳалок бўлган барча аскарларнинг рўйхати яратилаётгани ҳақида айтиб қолди. Интернет орқали қидирувим, “Иминов Маҳмуд Иминович” деб иккита маълумот берди. Бири офицер бўлиб, Қирғизистоннинг Ўшидан экан. Иккинчиси оддий аскар, Ўзбекистоннинг Андижони-дан бўлиб, Россиянинг Новгород вилояти Старорусь районининг Залучье қишлоқ кенгаши ҳудудида жойлашган Лоховичи қишлоқ қабристонига дафн этилганлиги ҳақидаги маълумот берилган. Албатта бу бизнинг амакимиз эди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?