Текст книги "Темурий ижодкорлар"
Автор книги: Тулкин Хайит
Жанр: Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 4 страниц)
БОЙСУНҒУР МИРЗО (2)
(1477 – 1499)

Юқорида эслатиб ўтганимиздек, шу ном билан аталган яна бир темурийзода, Султон Маҳмуд Мирзонинг ўртанча ўғли Бойсунғур Мирзодир. Онаси Пошшобегим.
Бойсунғур Мирзо 1477 йилда Ҳисорда туғилган. У катта кўзли, кулча юз, ўрта бўйли, малоҳатли, хуштабиатли, адолатли шаҳзода бўлган. Бобур Мирзо ҳам унга яхши баҳо берган. Бухоро вилоятининг ҳокими эди. Отаси вафот этгач, Самарқандга чақирилиб, тахтга ўтказилган, лекин оға-инилари унга кун бермайдилар, натижада Қундузга, Хусравшоҳ ҳузурига қочиб боради, аммо у 1499 йилнинг 17 августида шаҳид этилади.
Бойсунғур Мирзо «Одилий» тахаллуси билан ғазаллар ёзган. Ҳар бир самарқандликнинг уйида ғазаллари ардоқлаб сақлангани ва ўқилгани ҳақида ишончли манбалар мавжуд. Алишер Навоий ҳазратлари уни «таъби диққатлиқ ва зеҳни жавдатлиқ» дея эслаб ўтган.
Қуйидаги матлаъ унинг қаламига мансубдир:
Санамлар ишқида девона-да бўлмаган ким бор,
Оламни тарк этиб, вайронада қолмаган ким бор.
СУЛТОН АЛИ МИРЗО
(1483 – 1500)

Султон Маҳмуднинг кичик ўғли. 1483 йилда туғилган. Онаси Зуҳро бегим эди.
Отаси вафотидан сўнг Қарши вилоятида ҳокимлик қилди, сўнгра Бухорони ҳам қўлга киритди. 1498 йил март ойида Бобур Мирзо Самарқандни ташлаб чиққач, тахтга ўтирди, аммо Самарқанд Шайбонийхон қўлига ўтгач, Қўлба яланглигида қатл этилади.
Алишер Навоий унинг таъби назмга мойиллигини писанда қилиб, бу матлаъни унга нисбат берган:
Васлида мағрур бўлдинг, ҳажрида зор, эй кўнгул,
Не анинг бирла, не онсиз тоқатинг бор, эй кўнгул.
ФАРИДУН ҲУСАЙН МИРЗО
(1478 – 1510)

Ҳусайн Бойқаронинг саккизинчи ўғли. 1478 йилда Ҳиротда туғилган. Онаси Минглибий оқача бегим.
У илмли киши бўлиб, китоб мутолаасига меҳр қўйган, дурустгина ғазаллар ёзган, моҳир камонбоз саналган. Бобур Мирзо бу тўғрида «Камон гуруҳасин дерларким, қирқ ботмон экандур» деб ёзган. Келот қалъасини мудофаа қилиш пайтида, Марв ҳокими Қанбарбий билан бўлган жангда, 1510 йилда ҳалок бўлган.
Алишер Навоий ҳазратлари «Мажолис ун-нафоис» асарида унинг туркча матлаъсини тилга олган.
Эй сабо, еткур манга сарви равонимдан хабар,
Раҳм этиб бергил манга ороми жонимдан хабар.
БОБУР МИРЗО
(1483 – 1530)

Ҳар вақтки кўргайсен
менинг сўзумни,
Сўзумни ўқуб соғингайсан
ўзумни.
Ким уни соғинмайди, ким уни ҳам мамнунлик, ҳам бироз ғамгинлик билан эсга олмайди?! Унинг уммон ҳавосидан, назокатли шеърият боғи атридан бир марта баҳраманд бўлган киши борки, албатта қумсайди ва хўрсинганча «қандай дилбар инсон эди у», дея маҳзун тортади. “Яхши киши кўрмагай ёмонлиғ ҳаргиз”. Неча асрлар ўтди, неча шоҳлар, ҳукмдорлар келиб кетди, аммо Бобур подшоҳ яшаяпти, шавкатли номи мангу жаранглаб турибди. Ҳар йили 14 февралда юртимизнинг ўқув масканларида, муассаса, ташкилотларда мушоиралар, йиғинлар ўтказилиб, асарларидан саҳна кўринишлари намойиш этилиб, ғазаллари ёд ўқилади, раҳбарлар, зиёлилар, кўп сонли талабалар, мактаб ўқувчилари – кенг жамоатчилик томонидан унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирилади.
Бобур Мирзо чиндан ҳам бемисл сиёсатчи шоҳ ва нозик таъб шоир эди. Атиги 47 йил яшаб, ўзига шунчалик улкан ҳайкал қўйганига ҳайрон қоласан киши. Ҳатто юртидан ноиложликдан кетгани учун «келажакда таъна қилмасинлар», деган ўй билан ёзган кўнгил туйғуларига эш бўлар экансиз, унинг ўз Ватанини соғиниб, қанчалик ўртанганини, изтироб чекканини ҳис этасиз.
Дема, Бобурга нетарсан бош олиб кетмакни,
Тенгрининг хости мундоқ эса мен нетгайман.
Сатрлар қўйнидаги ўртаниш шамолидан ўқувчи қалби ҳам тилкаланади. Киндик қони тўкилган тупроқ ҳиди шунчалик соғинтирар экан-да одамни!
Толеъ йўқи, жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким айладим, хатолиғ бўлди,
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Таниқли адиб Хайриддин Султон «Саодат соҳили»ни ёзганда, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров «Юлдузли тунлар»ни битганда бу оловли туйғулар ҳароратидан юраклари аланга олгани аниқ. Негаки, ҳар икки асарни ўқиганингизда ҳам Бобур Мирзо билан бирга яшаб, бирга ёнасиз, бирга куясиз. Ўғли Ҳумоюншоҳ оғир касал бўлиб ётганда, атрофидан уч бора айланиб, «жон керак бўлса, ўғлим учун мен садқа айладим», деган ҳам шу инсон эди. Ваҳоланки, қарийб унга замондош бўлган Иван Грозний ўғлини уриб ўлдириб қўйганда, не аҳволга тушдийкин?! Осонми бундай хатоликка йўл қўйиб, армонда яшаш?!
Бобур Мирзонинг қизи Гулбаданбегим ўзининг «Ҳумоюннома» китобида шундай ёзади: «У киши (Ҳумоюншоҳ) касал ётган вақтда подшоҳ ҳазратлари (Бобур Мирзо) ҳазрат Муртазо Али (Худо унга карам қилсин) мозорига борувчи (киши)ни кўришни истадилар… Унга «Менки, Бобурман, умри-жонимни Ҳумоюнга бағишлайман», деб дуо қилишни сўрадилар.Шу куннинг ўзидаёқ жаннатмакон Ҳазратнинг тоблари қочиб қолди… Уч кундан сўнг ўткинчи дунёдан абадий дунёга ўтдилар.Тўққиз юз ўттиз еттинчи йил жумодул аввал ойининг бешинчи куни – душанба куни вафот тарихларидир».
Бобур Мирзо 9 ўғил, 9 қизнинг суюкли отаси эди. Улардан 11 нафари ёшлигида вафот этган. Ўғиллари – Носириддин Ҳумоюн подшоҳ, Комрон Мирзо, Аскарий Мирзо, Ҳиндол Мирзо, қизлари – Гулранг бегим, Гулчеҳра бегим, Гулбаданбегимлардир.
Бобур Мирзо бизга бой, ранг-баранг мерос қолдирган. Унинг лирикаси ўзбек адабиётининг ёрқин намунаси ҳисобланади, Ойбек домла шоирнинг рубоийларини шеъриятимизнинг чўққиси, деган эди. Мусиқа ва ҳарбий санъатга оид асарлари ҳам ҳеч қачон эътибордан четда қолгани йўқ. Ҳатто бемор ҳолида Хўжа Аҳрори валийнинг «Волидия» асарини туркий-ўзбек тилига таржима қилди, арузга оид «Мухтасар» рисоласини ёзди, «Хатти Бобурий»ни ихтиро қилди. «Вақое» асари, яъни «Бобурнома» эса қомусий китоб ҳолида бугун жаҳонда ўз нуфузи ва қадр-қимматига эгаки, бу асар бир неча тилларга таржима қилинган ва ҳалигача қайта-қайта нашр этилмоқда.
Ҳар ким бу «Вақое»ни ўқур, билгайким,
Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.
«Бобурнома»ни китобат қилган котиблардан бири китоб ниҳоясида асар муаллифини таърифлаб: «Ва фазилат бобида камлиги йўқ», дея таърифлайди.
Бу сўзларда муболаға йўқ – айни ҳақиқатдир.
Мутолаа сўнггида одамнинг хаёли осмон қадар юксалиб, тасаввури бениҳоя равшан тортиб кетиши табиийдир.
Бобур Мирзо ўз умри давомида маърифатга интилди, ҳар нарсадан адолатни устун қўйди, эзгуликни тараннум этди, ўз юртида амалга оширолмаган барча орзу-умидларини сеҳрли замин Ҳиндистонда рўёбга чиқариш учун ўлимга ҳам тик борди. Бугун бу диёрга ошиққан ҳар бир юрак унинг эвараси бўлмиш шавкатли Шоҳжаҳон (Хуррамшоҳ) томонидан бунёд этилган муҳаббат қасри – маҳобатли Тож Маҳални томоша қилмасдан қайтмайди.
Бу рисолада Бобур Мирзонинг ҳаёт йўли, тахтга ўтириши, жангу жадаллари хусусида муфассал тўхталиб ўтирмадик, бу тўғрида адабиётлар, илмий китоблар жуда кўп. Бобур Мирзо ҳаёти ва ижоди бизни мардликка, юртни севишга, ҳар қачон, ҳар ерда инсон сифатида яшашга ўргатади.
Сўзимиз сўнггида Жавоҳарлаъл Нерунинг Бобур Мирзо ҳақидаги қуйидаги машҳур гапларини келтириш ўринлидир.
«Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди».
НОСИРИДДИН ҲУМОЮНШОҲ
(1508 – 1556)

Бобур Мирзонинг тўнғич ўғли Ҳумоюншоҳ 1508 йилнинг март ойида Кобулда туғилган. Ҳиндистонда 25 йил ҳукмронлик қилган. Шоҳ ва шоир отасига муносиб фарзанд сифатида шуҳрат қозонган.
Онаси – Моҳимбегим.
Айтишларича, Ҳумоюншоҳ китоб мутолаа қилишни жуда ёқтирган, жангга чиққан пайтларида ҳам ёнида бир қанча ноёб асарларни олиб юрган. Риёзиёт ва фалакиёт илмига қизиққан, ҳафтада икки марта мусиқа анжуманларини ўтказиб турган. Асирлар орасида санъат аҳли бўлса, уларни ажратиб олиб, алоҳида ҳурмат кўрсатган. Саройида файласуфлар, шоирлар, мунажжимлар, дин ва илм аҳли билан доимий мажлислар уюштирилган. Хусусан, Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» асарида Ҳумоюншоҳ подшоҳ билан боғлиқ ғоят ибратли воқеалар тилга олиб ўтилади.
«Баъзан ул подшоҳ жонажон дўстлар билан рангин суҳбатлар қуриб, мажлис аҳлининг либосларини ўша кунги кавкаб (осмон жисмлари) рангида бўлишини расм қилганлар. Айтишларича, мажлис аҳлидан бири шу кунги ўтиришга бошқа рангли кийимда келибди. Подшоҳ: «Нечун бугун урфимизга биноан кийиниб келмадинг?» деб сўрасалар, у: «Подшоҳ мажлисининг ўзи мени ям-яшил этиб кўкартиради, деб келавердим!» дея жавоб қайтаради. Бу сўз подшоҳга ёқиб, уни чиндан ҳам кўкартириб-яшнатиб, шод-хуррам қилган эканлар»
Шоирлик Ҳумоюншоҳнинг қонида бўлган. У туркий-ўзбекча ва форсий ғазаллар битиб, салмоқли девон ҳам тузган. Ҳасанхожа Нисорий унинг ижод намуналаридан бир неча мисоллар келтирган. «Ва бу туркий матлаъ ҳам подшоҳнинг олий мақолотидандир», деб ёзган.
Мен ки булбулдек гуледин куймишам оҳанг ила,
Ўт солибтур жонима рухсорае гулранг ила.
Синглиси Гулбадан бегим унинг тўғрисида «Ҳумоюннома» асарини ёзган бўлиб, бу китоб жуда машҳур. Мазкур асар 1959 йилда ўзбек тилида илк бор чоп этилган эди.
Ҳумоюншоҳ 1556 йилнинг 24 январида вафот этган. Унинг ғазаллари ва девонини илмий ўрганиб, чоп этилса, бу ишга ўсиб келаётган ёш авлод муносиб ҳисса қўшса, тарихимиздаги бир улуғ зотнинг руҳини шод қилган бўлардик.
КОМРОН МИРЗО
(1509 – 1557)

Асли исми – Муҳаммад бўлиб, 1509 йил Кобулда туғилган. Ёшликда яхши тарбия кўриб, ўқимишли, билимдон, журъатли, қатъиятли, шу билан бирга ўжар, такаббур, шуҳратпараст баҳодир жангчи сифатида шаклланган, ўз саройига илм-фан аҳлини – олимлар, шоирлар, фозилларни йиғиб, анжуманлар ўтказиб туришни, китоб мутолаа қилишни жуда ёқтирган, туркий ва форсийда яхшигина ғазаллар битгани ҳам тарихдан маълум.
Манбаларда қайд этилишича, онаси Гулруҳбегимдир.
Комрон Мирзо тахт васвасаси йўлида кўпчиликни ранжитган. Гулбаданбегимнинг ёзишича, ундан озор чеккан хонлар, султонлар, сарой аҳли Ҳумоюншоҳга: «Агар биродарлик рўйхотирини қилсангиз, подшоҳликдан кечинг, агар подшоҳликни хоҳласангиз, биродарликдан кечинг!» деган қатъий талаб қўйишган. Ноилож қолган Ҳумоюншоҳ уни жазолашларига рози бўлган ва шундан сўнг унинг кўзига мил тортганлар. Кўзи ожиз бўлиб қолган Комрон Мирзо ҳажга кетишни ихтиёр этган ва 1557 йилнинг 6 декабрида Маккада вафот этган. Қабри ўша ерда.
Унинг ғазаллари ўтли, ҳароратли, қалбни жунбишга келтиради.
Эшитиб ҳуснунг сифотин бўлмишам зоринг сенинг,
Ёраб, ўлғайму муяссар бизга дийдоринг сенинг.
Эй Масиҳодам, етургил муждаи васлингни ким,
Ўлгали етмиш фироқинг ичра беморинг сенинг.
Кўзларим гуҳарфишон бўлди анингдекким саҳоб,
Шакарофшон бўлғали лаъли шаккарборинг сенинг.
Шавқдин парвонадек бошингдин уйрулсам не тонг,
Тийра кўнглумни ёрутса шамъи рухсоринг сенинг.
Комрон, Хусрав каби шеъринг топар ҳусни қабул,
Чунки бордур ҳусн аҳли васфи ашъоринг сенинг.
АСКАРИЙ МИРЗО
(1512 – 1558)

Бобур Мирзонинг учинчи ўғли. У 1512 йилда Кобулда туғилган. Комрон Мирзонинг укаси. Оналари – Гулруҳбегим. Отаси ўлимидан сўнг у ҳам тожу тахтга ҳавас қўяди, ҳатто 1542 йилда Ҳумоюншоҳ ашаддий рақиби бўлмиш Шершоҳ Сурийдан енгилиб, сарсон-саргардон юрганда ҳам унга ёрдам қўлини чўзмайди. 1551 йилда Кобул яқинида бўлган жангда Аскарий Мирзо асир олинади, лекин нисбатан мурувватли Ҳумоюншоҳ унинг гуноҳидан кечади ва Бадахшонда яшашга ижозат беради, аммо у бу ерда ҳам яшай олмайди, ҳаж сафарига йўл олади. Маълумотларга қараганда, ўша ерда вафот этади ва Макка шаҳридаги қабристонда дафн этилади.
У ҳам аксарият темурийлар каби илм-фанга қизиққан, фозилларнинг ҳурматини жойига қўйган, шеърлар ҳам битган. Ҳасанхожа Нисорий «Музаккири аҳбоб» асарида унинг қуйидаги шеърини келтириб ўтган.
Раво кўрди менга Тангри ишқ маконини,
Ҳамнафас бу йўлда ҳатто арабу ажам.
Кўрганида Мажнун Лайлиси карвонини
Унут бўлган эди дарду изтироби ҳам.
Ёрнинг чеҳрасида Ой балқийди нурафшон,
Васлига етмоқдир олий бахтдан нишона.
Мозорим лавҳига битинг бу ҳикматни,
Аллоҳ иноятидан қолмасинлар пинҳона.
Кўз очган кунидан шу ой юзнинг дийдори,
Аскарийга мақсад, орзу эди дилдори.
(Форсчадан Тўлқин Ҳайит таржимаси)
* * *
Оташи Мусо деган анвори рухсоринг сенинг,
Шарбати Исо эмиш лаъли шакарборинг сенинг.
Эй, басо Мусосифатларким, кўруб ўздин бориб,
Матлаи нури тажаллий келди рухсоринг сенинг.
Қилмайин туғён, қилиб мақсадни қилмас ҳавас
Кимки, кўрди кўюнг ичра қадду рафторинг сенинг.
Эй кўнгул, ишқ ўтидурким, бордурур нора Халил,
Бу сабабдин ўт ичида келди гулзоринг сенинг.
Истасангким, етмасун даврондин озоре санга,
Саъй қилким, тегмасун ҳеч кимга озоринг сенинг.
Комрон саъй этки, фоний бўлғайсен ўздин тамом,
Истарамким, бўлмағай оламда осоринг сенинг.
ҲИНДОЛ МИРЗО
(1518 – 1551)

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тўртинчи ўғли. 1518 йилда Кобулда туғилган. Онаси – Дилдорбегим. У туғилганда Бобур Мирзо Баҳрани олган эди, яъни Ҳиндистонни фатҳ этишга киришган эди. Шу боис фарзандига «Ҳиндни ол!» мазмунида Ҳиндол деб исм берган экан.
Бошқаларга қараганда у акаси Ҳумоюншоҳга анча садоқат билан хизмат қилган. Лекин Шершоҳ уларга қарши бош кўтарганда, Аграни қўлга киритади ва ўзини подшоҳ деб эълон қилади.
1544 йилда Ҳумоюншоҳ Эрондан қайтиб келиб, тахтни қўлга киритгач, бошқа укалари қатори унинг ҳам гуноҳидан кечади ва бунга жавобан, Ҳиндол Мирзо умрининг охиригача акасига садоқат билан хизмат қилади.
Ҳиндол Мирзо 1551 йилда жанг пайтида яраланиб вафот этгач, Кобулда, отаси Бобуршоҳ ёнида дафн этилган.
Тарихнависларнинг ёзишича, у диловар ва олим киши бўлган. Туркий ва форсий тилларда ғазаллар, тўртликлар битган.
Қуйида улардан бирини келтирамиз.
Ҳийла билан булутдан узилган қатра шабнам,
Тонг чоғида гул юзига қўнган олмос дона,
Париларнинг рашкини қўзғатган кўздаги нам,
Бунча тиниқ, бунча покизасан, сен дурдона.
(Форсчадан Тўлқин Ҳайит таржимаси)
ГУЛБАДАН БЕГИМ
(1523 – 1603)

Бобур Мирзонинг учинчи қизи, 1523 йилда Кобулда туғилган. Ўзи ёзиб қолдирган маълумотга кўра, отаси Бобур Мирзо вафот этганида, саккиз ёшда бўлган. Онаси Дилдор бегимдир. Асли исми Солиҳа Султон бегим бўлиб, у Бобур Мирзонинг амакиси – Султон Маҳмуд Мирзонинг қизи эди.
Гулбадан бегим 1529 йилгача Кобулда яшади. Бобур Ҳиндистонни қўлга киритгач, Моҳим бегим билан бирга Аграга борди. Отаси вафотидан сўнг акаси Ҳумоюншоҳ саройида истиқомат қилди. 1539 йилда уни Хизр Хожахон деган йигитга турмушга узатадилар. Улар ўғил фарзанд кўриб, унга Саодатёр деб исм қўйишади. 1556 йилда салтанат тахтига Жалолиддин Акбаршоҳ ўтиргач, унинг онаси бўлмиш Ҳамидабону билан саройга келди ва шу ерда умргузаронлик қилди.
Унинг «Ҳумоюннома» асари дунёда машҳурдир. Мазкур асар шавкатли отаси Бобур подшоҳ билан ҳамиятли акаси Ҳумоюн подшоҳнинг ҳаёти ва босиб ўтган йўллари тарихи бўлиб, мантиқан «Бобурнома»нинг давомидир.
Ўрта аср тарихчилари орасида фақат икки нафар тарихчи хотин-қизнинг номи маълум. Шарқда Гулбадан бегим, Ғарбда эса Анна Комнен ўз отаси ва акаси тарихини ёзган. Унинг отаси Алексей Комнен бўлиб, 1031–1118 йилларда яшаган.
1902 йилда инглиз шарқшуноси Анна Бевериж Гулбадан бегимнинг «Ҳумоюннома» асарини форс тилидан таржима қилиб, нашр этган, аммо асарнинг сўнгги воқеалари узилиб қолган, яъни ўша варақлар йўқолган. Демак қаердадир асарнинг тўла нусхаси бўлиши мумкин. Агар уни топиб, «Ҳумоюннома» тўла тикланса, улкан маънавий ҳодиса бўлар эди.
Гулбадан бегим 1575-1582 – йилларда муборак Ҳаж зиёратини амалга оширади. 1603 йилда 80 ёшида вафот этган. Акбар шоҳ уни катта иззат-ҳурмат билан дафн эттирган.
«Хумоюннома» китобидан
1. «Фирдавс маконнинг катта ўғиллари ҳазрат Ҳумоюн подшоҳ тўртинчи – Зулқада кечаси, сешанба куни, 913 йили Кобул аркида, офтоб Ҳуд бурчагида турганида туғилдилар».
2. «(Бобур подшоҳ) Агра шаҳрида 4 йил турдилар. Ҳар жума куни аммаларини кўргани борар эдилар. Бир кун ҳаво ниҳоятда иссиқ эди, онам ҳазратлари: «…бир жума кўргани бормасангиз, бегим хафа бўлмасалар керак», дедилар. Подшоҳ онамга бундай деб жавоб бердилар: « Моҳим, сиздан бу гапнинг чиқиши таажжубдир. Ҳазрат Абу Саид Мирзонинг қизлари ўз ота ва биродарларидан жудо бўлиб, бу ерга келган, агар мен уларнинг кўнглини олмасам, нима бўлади?»
3. «Муҳаммад Акбар подшоҳ беш ёшга тўлганда, Кобул шаҳрида хатнаи сур қилдилар…»
ИБРОҲИМ МИРЗО
(1560 йил 8 сентябрда вафот этган)

«Вафоий» тахаллуси билан турк ва форс тилларида ижод этган темурийзодалардан биридир. Девони ҳам мавжуд. Ҳасанхожа Нисорий ўзининг «Музаккири асҳоб» тазкирасида Иброҳим Мирзо ҳақида маълумот бериб, шажараси Абу Саййид Кўрагонийга бориб уланишини айтади. Унинг хуштаъб подшоҳзода бўлиб, ҳамиша фозилу фузалога рағбат кўрсатганини, пулу дирҳамни улардан сира дариғ тутмаганини ва қўли очиқлигини ҳам таъкидлаб, арзирли воқеани ҳам келтириб ўтишган.
Бир куни шоиралардан бири у билан мушоирага киришиб, орада шундай қочирим қилади:
Эй шоҳим, сен ҳам шоирсан, лек етолмайсан пойимга,
Кўкдаги мисли қуёшмен, ўхшайсан фақат соямга.
Бу қўпол муомаладан таъсирланган Иброҳим Мирзо ҳам бўш келмайди:
Увайс қараний сурувидаги мен битта туяман,
Фарқимиз шуки, мен эркак туя, сен эса моямсан.
Ҳасанхожа Нисорий унинг битта туркий матлаъсини ҳам қайд этган.
Ҳажр дурду меҳнатини кимга айтай ёрсиз,
Чораи коримни кимдан излайин дилдорсиз.
1550 йилнинг август ойида Сулаймоншоҳ Балхга ҳужум бошлайди. Ўғли Иброҳим Мирзо ҳам у билан бирга эди, лекин Шибирғон яқинидаги жангда улар мағлуб бўлиб, Сулаймоншоҳ қочиб кетади, аммо ўғлининг тақдири фожиали тугайди.
ШАҲЗОДА САЛИМ
(1569 – 1627)

Акбаршоҳнинг тўнғич ўғли. Асли исми Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ. 1569 йил 30 августда Агра (Фатхпур)да туғилган.
Отаси вафот этгач, 1605 йилнинг 24 октябрида Агра шаҳрида тахтга ўтирди ва тез суръатлар билан Ҳиндистонни бирлаштиришга киришди. У ўқимишли, маърифатпарвар киши эди. Мамлакатни янги, тартибли қонунлар асосида бошқариш учун вазиятдан келиб чиқиб, «Тузуки Жаҳонгирий» асарини ёзган. Шу билан бирга халққа зарар етказадиган урф-одатларни бартараф этиш учун махсус фармонлар чиқарган. Чунончи, Банголия вилоятида солиқларни тўлай олмаган кишилардан норасида гўдакларини тортиб олишни бекор қилди, ҳатто бу тўғрида «Бундан буён ҳеч ким бу қабиҳ иш билан шуғулланмасин, норасида хожасароларни харид этиш ва сотиш ман этилсин!» деган махсус фармон ҳам чиқарди. Жуда катта ташаббус ва саъй-ҳаракатлар кўрсатиб, Қуръони каримни ҳинд тилига таржима қилдирди. Шунингдек, тарих, адабиёт, тасвирий санъат билан қизиққан, Бухоролик Абулҳасан ва Усто Мансурлар айнан унинг тарбияси ва кўмаги билан тасвирий санъатнинг етук намояндаларига айланишган. Шаҳзода Салим пул муомаласида ҳам бир қатор ижобий ишларни амалга оширди. Ўз саройида олимлар, шоирлар, мусаввирлару ва бошқа етук касб-ҳунар эгаларини йиғиб анжуманлар ўтказар ва уларнинг барига етарлича ҳомийлик қиларди. Ғазалхонлик мажлисларида ўзи ҳам шеърлар айтган. Туркий-ўзбек тилини мукаммал билганидан жуда фахрланган. Унинг қабулида бўлиб, у билан бевосита мулоқот қилган инглиз фуқароси Терри жаноблари: «Бу ҳукмдорнинг табиати доимо менга қизиқ туюлади» дея ёзган экан.
У 1627 йилнинг октябрида Лоҳурда вафот этган.
ЖАҲОНОРО БЕГИМ
(1614– 1681)

Шоҳ Жаҳоннинг тўнғич қизи. 1614 йилда туғилган. Онаси – Мумтоз Маҳал бегим. Илм-фанга, адабиётга, меъморчилик ва ободончилик ишларига жуда қизиққан. Аградаги масжид тархини чизган. Баҳол ва Панипат шаҳарларида карвонсаройлар қурдирган. Лоҳурда жуда катта боғ, Кашмирда эса «Пари Маҳал»ни барпо эттирган. Шаҳидхонобод деган мавзеда Али Мардонхон ариғини қаздириб, сув келтирган ва нақшинкор ҳовуз қурдирган. Тарихдан маълумки, маърифатпарвар, бунёдкор олийпеша бу малика «Рисолайи соҳибия», яъни «Дўстлик ҳақида рисола» китобининг муаллифидир.
У 1681 йилда 67 ёшида вафот этган.
ДОРО ШУКУҲ
(1616– 1659)

Доро Шукуҳ Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Шоҳжаҳон ва унинг гўзал аёли Мумтоз Маҳал бегимларнинг тўнғич фарзанди бўлиб, 1616 йилда туғилган.
У ёшликдан араб, форс, санскрит тилларини ўрганиб, ислом, буддизм, фалсафа назариясини пухта эгаллайди. Маълумотларга қараганда, давлат ишлари уни кўп қизиқтирмаган, кўп вақтини илмий ва бадиий, таржимачилик йўлида сарф этган. Хусусан, айнан унинг ҳаракатлари билан Ҳиндистонда таржимачилик мактабига асос солинган. Ўша даврнинг фозил инсонлари бўлмиш Абдулқодир Бадюний ва Файзий каби шоирлар, Муҳаммад Рустакий, Бобо Лаъл Дўс, Сармад Косонийлар билан бирга ижод этиб, ўзидан бой мерос қолдирди. Йигирма олти ёшида тасаввуф тарихи ва назариясига оид «Сафинат ал-авлиё» тадқиқотини ёзиб, унда тўрт юздан ортиқ алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қимматли маълумот бериб ўтган. Яна унинг бизга ислом дини ва тасаввуф назариясига оид 12 та асари ҳам маълум. «Ҳасанат ул-орифин» («Орифлар ҳикмати»), «Тариқат ал-ҳақиқат» («Ҳақиқат йўли»), «Рисолаи ҳақнома» («Ҳақ ҳақида китоб»), «Муколимаи Бобо Лаъл Дўс» («Бобо Лаъл Дўс билан мунозара»), «Мажмаъ ул-баҳрайн» («Икки уммоннинг қўшилуви»), «Сирри Акбар» куллиёти ҳамда Фирдавсий «Шоҳнома»сининг беш дафтардан иборат насрий баёни шулар жумласидандир.
Доро Шукуҳ Қодирия тариқатининг жонфидоси бўлгани боис ҳам «Қодирий» тахаллуси остида шеърлар битди. Дунёнинг турли кутубхоналарида унинг шеърий девони, илмий рисолалари мавжуд.
Унинг кўплаб шогирдлар тарбиялаб вояга етказгани ҳам бор ҳақиқат. Чандра Бхан Барахман, Орифи Кашмирий, Муллашоҳий Бадахший, Мирзо Донишлар учун устоз сифатида фидойилик намуналарини кўрсатганидан хабардормиз.
Доро Шукуҳ ўзи истамаса-да, отаси Шоҳ Жаҳон уни Аллоҳобод, Панжоб ва Мўлтон вилоятларини бошқаришга жўнатади.
Ўз пайтида унинг ғанимлари ҳам етарли эди. Хусусан, Аврангзебнинг сарой муаррихи Сустаидхон “Оламгирнома” асарида “Сирри Акбар” куллиётини “ислом динидан чекиниш” деб баҳолаган эдики, бу нарса унга зарба бериш учун етарли асос бўлди.
1657 йилда Шоҳ Жаҳоннинг соғлиғи ёмонлашгач, Доро Шукуҳни валиаҳд қилиб тайинлади. Бундан норози бўлган Аврангзеб отасига қарши бош кўтариб, оғир хасталигига қарамасдан уй қамоғига маҳкум этди. Сўнгра эса Доро Шукуҳга қарши кураш бошлади ва узоқ давом этган қарама-қаршиликлардан кейин уни ҳам асир олиб, уламоларнинг «Доро Шукуҳ исломдан қайтди» деган фитнасини рўкач қилиб, уни 43 ёшида, 1659 йилда қатл эттирди.