Электронная библиотека » Тулкин Хайит » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Темурий ижодкорлар"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 12:00


Автор книги: Тулкин Хайит


Жанр: Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

АВРАНГЗЕБ
(1619– 1707)


Аврангзеб – тахт безаги демакдир. У Шоҳжаҳоннинг учинчи ўғли. 1619 йилнинг 24 сентябрида туғилган. Онаси Мумтоз Маҳал бегимдир. Қобилиятли, уддабурон, ўқимишли киши эди. Қуръони каримни ёддан биларди. Ғазаллар ёзгани ҳам тарихдан маълум. У узоқ вақт – 49 йил Ҳиндистон тахтида ўтирди, ҳукмронлик қилди.

Ёшлик пайтида ўзини диндор, тожу тахтга тамом ҳаваси йўқ киши сифатида намоён этиб, ҳатто муборак ҳаж амалларини ҳам бажарган ва бу фоний дунёдан қўл ювмоқчи бўлганлиги ҳам маълум. Аммо отаси 1636 йилда уни Декан вилоятига ҳоким этиб тайинлаб, унинг қарашларини ўзгартириб юборишга сабабчи бўлди. Орадан кўп ўтмай унда тожу тахтга ҳавас уйғониб, ҳатто отасига қарши борди ва ана шу айби учун вақтинчалик лавозимидан олиниб, Балх вилоятидаги қўшин сафига, қўмондон сифатида жўнатилди. Аврангзеб истеъдодли, ўз мақсади йўлида аниқ режалар тузиб, уларни яшин тезлигида амалга ошириш иқтидорига эга эди. Кўрамизки, тез орада у яна Декан вилояти ҳокимлигини қўлга киритиб, ҳатто Бижопур беклигига ҳам таҳдид сола бошлайди.

Шоҳжаҳон ўз мамлакатида адолат бўлишини истар, шу боис ҳам ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатларни қоралар эди, гарчи Аврангзеб ўз арзандаси бўлса-да, унинг ўзбошимчалигига барҳам бериш ниятида Доро Шукуҳни тафтиш учун унинг ҳузурига жўнатади. Аслида Аврангзебнинг Бижопур беклигига таҳдид солишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ эди. Доро Шукуҳ вазиятни оқилона баҳолаб, масалани Бижопур беклиги фойдасига ҳал қилади. Шундан сўнг Шоҳжаҳон махсус фармон чиқариб, Аврангзебнинг уруш ҳаракатларини тўхтатади.

Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгир деган улуғвор ном билан тахтга ўтиргач, тўхтовсиз урушлар олиб бориб, Ҳиндистон ҳудудини янада кенгайтирди. Тарихчилар унинг ҳукмронлик даврини Бобурийлар салтанати қуёшининг қиёмга етган, энг юксак нуқтага кўтарилган палласи, деб ҳисоблайдилар.

У бир умр ислом дини қонун-қоидаларига, сунна мазҳабига қатъий амал қилди. Бевосита раҳбарлигида «Фатвои Оламгир» шаърий фатволар мажмуаси ёзилиб, давлатни шу қонун-қоидалар асосида бошқарди.

Аврангзеб 1707 йилда 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этди. Ундан беш ўғил, беш қизи қолган.

ЗЕБУННИСО
(1639– 1702)


Унинг қуйидаги сатрлари халқ орасида жуда машҳур бўлган.

 
Лайли зотидан эрсам-да,
         дилда Мажнунча ҳаво,
 
 
Тоғу тош кезгум келур,
     лекин йўлим тўсгай ҳаё.
 

Ҳаё, илм ва назм шайдоси бўлган Зебуннисо бегим ўзи айтганидек, шоҳ қизи бўлса-да, бир умр фақирлик йўлини тутди. Топганларини ҳам илм аҳлларига маош тариқасида тарқатган бу соҳибжамол шоира шу боис ҳам эъзозга лойиқдир.

Зебуннисо бегим 1639 йилнинг февраль ойида, ҳижрий 1038 йилнинг шаввол ойида Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида туғилди. У Бобур Мирзога невара ҳисобланади, отаси эса Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгирдир.

Тарихий маълумотларга қараганда, у Ҳафиза Марям исмли фозила аёл қўлида савод чиқарган, сўнгра етук олимлардан Мулло Муҳаммад Ашраф Исфаҳоний ва Мулло Жевоннилар унга таълим берганлар.

Саройда етарлича тарбия кўрган Зебуннисо бегим таниқли шоира, етук олима, созанда; мантиқ, фалсафа, тарих фанларини пухта ўзлаштирган, настаълиқ, насҳ, шикаста хатларини маҳорат билан ёза оладиган хаттот ҳам бўлиб етишади. Қуръони каримни ёддан билгани ва уни бир неча марта ҳуснихатда кўчиргани ҳам бизга маълум.

Унинг шеърий девонидан ташқари фалсафага оид «Мунис ул-арвоҳ», тафсирга оид «Зеб ат-тавосир» («Гўзал тафсирлар»), илоҳиётга оид «Зеб ан-нашаот», шунингдек, Ҳиндистон мусулмонлари орасида машҳур бўлган «Фатавойи Оламгирий» («Шариат қонунлари мажмуаси») асарлари борлиги тилга олинади.

Зебуннисо бегим, қайд этганимиздек, умрининг охиригача турмушга чиқмади. У 1702 йилда 63 ёшида вафот этди ва Деҳлидаги «Зарзари» қабристонида иззат-икром билан дафн этилди.

Қуйида унинг М.Муинзода таржима этган «Зебуннисо аталган зотман» ғазалини тўлиқ келтирамиз.

 
Лайли зотидан эрсам-да, дилда Мажнунча ҳаво,
Тоғу тош кезгум келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё.
 
 
Мендан ўрганди-ю бўлди гулга булбул ҳамнишин,
Менгадур парвона ҳам шогирду, ишқимдир расо.
 
 
Зоҳиримдур ғозаранг, аммо ниҳоним қон эрур,
Ўз ичида сақлагандек қип-қизил рангни хино.
 
 
Баски қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин,
Кийди мотам тўнини-ю, бўлди қадди ҳам дуто.
 
 
Шоҳ қизи бўлсам-да, қилдим фақир йўлин ихтиёр,
Бас менга бу зебу зийнатким, отим Зебуннисо.
 

БАҲОДИРШОҲ ИККИНЧИ
(1775– 1862)


Ҳиндистондаги Бобурийлар салтанатининг сўнгги ҳукмдори. 1776 йилда Деҳлида туғилган. Отаси Акбар шоҳдан сўнг 1837 йили Ҳиндистон тахтига ўтириб, 20 йил ҳукмронлик қилди. 1857 йилнинг 21 сентябрида инглизлар уни ҳамда фарзандларини асир олишиб, Деҳлидан қочишга улгурмаганларини эса ёппасига қирғин қилишади. Бомбейнинг губернатори Лорд Элфинстон бу хунрезликларни кўриб: «Босқинчилик ва талончиликда биз Нодиршоҳдан ҳам ўтиб кетдик», деб ёзган эди.

Баҳодиршоҳнинг асир олинган ўғиллари – Мўғул Мирзо (1796 –1858), Хизр Султон Мирзо (1799 –1858), Абу Бакр Мирзо (1821–1858)лар инглиз зобити Ходсон томонидан отиб ўлдирилади. Ўзини эса, яқинлари билан 1862 йилда, 82 ёшда Рангунга (Бирма) бадарға қилишади, хусусан, рафиқаси – малика Зийнат Маҳал бегим, ўғиллари – шаҳзода Жамшид Бахт, Мирзо шоҳ Аббос, қизлари – малика Равнақ Замони бегим, малика Гулсум Замони бегим, Жувон Бахтнинг устози Ҳофиз Муҳаммад Иброҳим Деҳлавий ҳамда подшоҳ хонадони яқинларидан Руқия Султонбегим қизи билан бирга, Мумтоз Дусхонбегим, Султоний, Раҳима Ишратбегим ва хизматкорлар бирга жўнатилади.

Баҳодиршоҳ улуғ бобокалони Бобур Мирзо сингари истеъдодли шоир ҳам эди. У «Абу Зафар» тахаллуси билан урду ва форс тилларида ажойиб ғазаллар ҳам битган. Тутқун шоҳ ўз шеърларини гул ва булбул тилидан юксак маҳорат билан шунчалик чиройли ифода этганки, натижада бу ғазаллар рангунлик ҳофизу раққосалар орасида машҳур бўлиб кетган. Бундан ҳадиксираган Рангун ҳокимлари эса уларни куйлашни тақиқлаб қўйишга мажбур бўлишган.

Зийнат Маҳал бегим 1884 йилда, Малика Равнақ Замони бегим 1930 йилнинг 3 апрелида вафот этган. Ҳофиз Муҳаммад Иброҳим Деҳлавий Рангундаги Қисапури масжидида ўн тўққиз йил имомлик қилган. Жамшид Бахт Рангундаги коллежда таҳсил олган ва 1921 йилда оламдан ўтган.

Биз беҳуда бу маълумотларни келтирмадик, зеро, бобурийлар авлодларига бўлган қизиқиш жуда катта, шу баҳонаи сабаб, бу борада изланишлар олиб бораётган бобуршунослар томонидан келажакда бундан ҳам аниқроқ маълумотлар қўлга киритилишини истаб қоламиз.

Қуйида Баҳодиршоҳнинг ғазаллардан бирини келтирамиз:

 
Тожи шоҳона билан ё сарфароз этгаймудинг,
Ёки дарвеш жандасидан эҳтироз этгаймудинг.
 
 
Ҳокисорлик-чун яратмоқ гарчи мақсудинг эди,
Кошки, жонон эшигин ҳокига соз этгаймудинг.
 
 
Не балолар дастидан юз чок ўлиб кўнглим, анинг
Қора зулфига тароқ этмоққа юз этгаймудинг.
 
 
Етмагайму энди соқийдан жудолар қилганинг,
Ё чароғи дайри муғим имтиёз этгаймудинг.
 
 
Ҳар ён боқма, бузуқликдан юрак чок, эй Зафар,
Бу маконни сен қиёматга қиёс этгаймудинг.
 
(Ҳинд тилидан Амир Файзулло таржимаси)

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации