Электронная библиотека » Тулкин Хайит » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Темурий ижодкорлар"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 12:00


Автор книги: Тулкин Хайит


Жанр: Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

АБУБАКР МИРЗО
(1425-1447)


Шоҳрух Мирзонинг набираси, отаси – Муҳаммад Жўки Мирзо, онаси – Меҳр Нигор оқадир. 1425 йилда Ҳиротда туғилган. Хушбичим, кўркам, хушсурат йигит бўлган. 1445 йилда отаси вафот этгач, унга тегишли бўлган Балх ва унинг атрофидаги вилоятлар суюрғол қилиб берилган, акаси Муҳаммад Қосим Мирзога эса Қундуз, Болқон ва Шибирғон ҳокимлиги насиб бўлган эди. 1447 йилда эса бу жойларни ҳам ўз тасарруфига киритади. Муҳаммад Қосим Мирзо жанг майдонида ҳалок бўлади. Шундан сўнг Абубакр Мирзо зудлик билан Балхни мустаҳкам мудофаа деворларига эга қалъага айлантириб, ҳокимиятини мустаҳкамлайди. Ва тарихдан маълумки, темурийзодалар орасида айнан у Улуғбек Мирзога тенг рақибга айланади. Хуросонни қўлга киритиш учун унинг масаласини бир ёқлик қилиш зарурати туғилгач, Улуғбек Мирзо орага обрўли одамларни қўйиб, уни Термизга олиб келади ва бир неча кун меҳмон қилади. Ёш, содда шаҳзода ширин гапларга маҳлиё бўлиб юрганида, ўртага тушган иғвогарлар орага нифоқ солишга муяссар бў-ладилар. Натижада, у ҳибсга олиниб, 1447 йилда 22 ёшида қатл этилади.

«Мажолис ун-нафоис»да унинг назмга ихлоси борлиги, қуйидаги туюғининг машҳурлиги қайд этилган:

 
Эр керак ўртанса, ёнса ёлина,
Ёра еб ётса отининг ёлина.
Ит ўлуми бирла ўлса яхшироқ,
Эр отониб душманиға ёлина.
 

АБДУЛАТИФ МИРЗО
(1428-1450)


Алишер Навоий унга «таъби назм эрди ва шеърни ободон айтур эрди», дея баҳо беради. Бир мусаҳҳиҳ «ободон» сўзини «обдан» деб ўзгартирибди, биз уни айбламаймиз, фақатгина, Улуғ шоиримизнинг ҳар бир сўзига жиддий кўз билан қарашларини сўраймиз. Юқорида кўрдикки, у зотнинг ўзлари Абдулатиф Мирзо шеърларни равон ва латиф ўқишини қисқа ва лўнда тарзда жуда чиройли ифодалаб берган. Тарихий маълумотларни кузатсак, ҳақиқатан ҳам Абдулатиф Мирзо идрокли, иқтидорли қаламкаш бўлганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.

 
Юз бало келтирди дилу жонимга кўзнинг бир нағмаси,
Во дариғ, нечунки, шукрини қилай, дард сезмас ғамзаси.
 

Абдулатиф Мирзо ўзининг «падаркушлик» қилганини яхши англаган кўринади ва изтироб чекканлиги ҳам аён: акс ҳолда, бундан таҳликага тушиб, «Боғи Чинор»да шаробхўрлик қилмаган, шу билан бир муддат бўлса-да, ўзини тинчлантиришга уринмаган бўларди. Албатта, бу ўринда уни оқлаб бўлмайди, тарих ҳам, ҳеч бир инсон ҳам «падаркуш ўғил»нинг гуноҳини кечирмайди, лекин шу билан бирга тарих бизга ойна, унинг ҳар бир зарраси яхши сабоқдир. Яратганнинг неъматини ғанимларга бериб қўйиш охир-оқибат кишининг ўзига фожиа олиб келади. Иккинчи томони, биров берган тузга, ота деган улуғ инсонга, садоқатли ёрга, чин дўстга хиёнатнинг умри олти ойдан ошмайди.

Нима бўлганда ҳам, «кўзнинг бир нағмаси» фақат ота-болага эмас, бутун бир шавкатли сулолага, авлодларга ҳақиқатан ҳам қимматга тушди. Ана шу тарихий фожиа ҳар биримизга, айниқса, ёшларга сабоқ бўлиши керак, деб ўйлайман.

БОЙҚАРО МИРЗО
(1430 – 1487)


Ғиёсиддин Мансур Мирзонинг катта ўғли, яъни Ҳусайн Бойқаронинг акаси. Алишер Навоий ҳам бу тўғрида «бовужуди улким, Султон Соҳибқироннинг туғқон оғаси эрди» деб ёзган.

Унинг онаси Феруза бегим эди.

Бойқаро Мирзо бир неча муддат Балхда ҳокимлик қилган, лекин кейинчалик давлат ишларига аралашмаган.

Алишер Навоий қуйидаги матлаъни унга нисбат берган. Биз уни ҳам ўзбекчага ўгирдик.

 
Гул юзинг ёғдусидан бир олам пайдо бўлди,
Жонимиз бу жилвадан ҳуснингга шайдо бўлди.
 

ҲУСАЙН БОЙҚАРО
(1438 – 1506)


У ҳақида замондоши, қадрдон дўсти, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий кўп ва хўб ёзиб, йиғинларда кетмакет яхши шеър ва сўзлар айтиш Ҳусайнга улуғ бобоси Амир Темурдан мерос ўтганлигини таъкидлаган эди. Ҳақиқатан ҳам, Ҳусайн Бойқаро ҳам ота, ҳам она томондан насаби буюк, ўз даврининг сўз устаси, шафқатли ҳукмдор, назокатли шоир, дўстларни қадрлай биладиган инсон эди. Айтишларича, саройдаги зиёфатларнинг бирида ҳаяжонланган хизматкор кутилмаганда овқатни унинг этагига тўкиб қўяди. Давра аҳлининг нафаси ичига тушиб кетади. Унча-мунча ҳукмдор бундай беадаблик учун ноқобил хизматкорни қатл этишга буюриши ҳам мумкин эди, аммо Ҳусайн Бойқаро жилмайганча: «Кўрдингларми, овқатнинг ўзи мен томонга шошиб келди!» деган ҳазил билан вазиятни юмшатиб, хизматкорни ҳам, бошқаларни ҳам хижолатдан чиқариб юборади.

Тарихчиларнинг ёзишича, Ҳусайн Бойқаро даврида Хуросон халқи тинч, осойишта ва фаровон ҳаёт кечирган, мамлакатда йирик сув иншоотлари, маъмурий ва мада-ний бинолар, мадраса, масжидлар, карвонсарой, работ ва кўприклар барпо этилган. Айниқса, Ҳирот шаҳри йирик маданий, маърифий, савдо марказига айланган ва теваракатрофдан кўплаб олимлар, адиблар, рассомлар, хаттотлар, мусиқачилар, ҳунармандлар йиғилиб келган.

Аҳоли соғлиғига етарли эътибор қаратилган. Биргина мисол шуки, Ҳусайн деган жарроҳ ичакни кесиб улашда чумолидан фойдаланиш усулини ихтиро этган. Устод Саййид Аҳмад, Шоҳқули – ғижжакда, Қул Муҳаммад ва Ҳусайнлар – удда, Шайх Фоний найда етук мутахассислар, мусиқашунослар бўлишган. Камолиддин Беҳзод, Хожа Мирак наққош, Хожа Муҳаммад наққошлар Хуросон фахри ҳисобланишган.

Ҳусайн Бойқаронинг энг катта хизматларидан бири шуки, у туркий-ўзбек тилининг ривожига катта эътибор қаратди. Ўша даврда баъзи калтабин ғанимларнинг ноғора қоқишларича, Хуросонда эски туркий-ўзбек тилига нисбатан нописандлик мавжуд эди. Ваҳоланки, бу ниҳоятда бой тил эдики, унинг махсус фармонидан сўнг тилимизнинг имкониятлари янада кенгайди ва кўплаб шоирлар шу тилда баракали ижод қилдилар. Алишер Навоий ҳазратлари эса Аҳмад Яссавий, Лутфий, Хоразмий анъаналарини давом эттириб, шу тилда улардан ўтказиб, асарлар битди ва бугунгача ҳам сўз санъатида унингдек бетакрор сўз ишлатган шоир чиққан эмас. «Хамса» эса бугунги дунё адабиётининг энг дурдона асарларидан бири ҳисобланади. Олти асрдирки, даҳо шоирнинг ғазаллари саҳнадан тушган эмас. Ҳусайн Бойқаро ўз рисоласида «Бугун шеърият устунининг ер юзидаги қаҳрамони Навоий бўлиб, уни бу мамлакатларни забт этишда жаҳонгир деса бўлади» деб ёзган. Яна мардларча лутф қилиб, ҳар қандай подшоҳ ҳам ундан улуғ бўлолмайди, мен эса унинг пойида бир гадодекман, дейди. Алишер Навоийнинг бугунда тутган ўрни бунга яққол далил эмасми?!

Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам темурий ижодкорлар орасидаги пешқадам шоирлардан бири ҳисобланади, айниқса, у ғазалнависликда ўзига хос маҳорат эгаси эди. Унинг шеърияти содда ва равонлиги билан ажралиб туради. Давр анъанасига кўра, у барча ғазалларини тўплаб, девон ҳам тузган. Кўпгина шеърларини «Ҳусайний» тахаллуси билан ижод этган.

 
Ҳажрида кўрган Ҳусайнийнинг фиғонин дўстлар,
Юсуф учун пири Каньон ноласини сўрмангиз.
 

Ҳукмдор ва шоирнинг ана шу байтини шарҳлайдиган бўлсак, каттагина китоб битишга тўғри келади. Шу мисолнинг ўзи ҳам унинг нечоғлик зукко инсон бўлганини кўрсатади.

У хасталигига қарамай Муҳаммад Шайбоний қўшинларига қарши Мовароуннаҳрга йўл олган пайтда, яъни 1506 йил, 5 май куни 69 ёшида вафот этган.

АЛИШЕР НАВОИЙ
(1441 – 1501)


Алишер Навоийнинг темурийларга алоқаси борми? Тарихчи Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асарида шундай ёзилган: «Амир Алишернинг бобоси Амир Темурнинг ўғли Умаршайх билан кўкалдош (яъни бир онани эмган болалар) эди». Бу борадаги фикримизни кейинроққа қолдириб, темурийларга хос хислатлар – уларнинг илм-фан, бунёдкорлик, элу юрт манфаати йўлида тутган мавқелари жуда юксак бўлганлигини айтиб ўтиб, ҳазрат Навоийда ҳам бу фазилатлар мужассам эканлигини таъкидлаш жоиздир.

Барча темурийлар каби Алишер Навоий ҳам ноёб қобилият ва истеъдод эгаси эди. Неча асрлар ўтса ҳамки, ҳали бу зотдек «кўб ва хўб» ва сўз битган шоир чиқмади. Шеърият тожи ҳамон унинг муборак бошида қуёшдек чарақлаб турибди. Унинг дунё шеърият боғлари аро кезиб юрган жарангдор овози қалбларни ҳайратга солиб, жунбишга келтиради, ҳақиқатан ҳам, бу машҳури олам бўлган табаррук инсон шоирларнинг шоиридир.

Худди ёш Темурбек сингари у ҳам тўрт ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» достонини ёд олиб, ота-онасини, 12 ёшида эса биргина «Оразин…» ғазали билан ўз замонасининг машҳур шоири Мавлоно Лутфийни ҳайратга солди ва ўша пайтданоқ ўз иқтидори билан донишмандларнинг меҳрини қозониб, халқ тилига тушди, ваҳоланки, ўзларининг таъбири билан айтганда, ўша пайтларда «не ажабки, Ҳиротда оёқ узатсалар, албатта, битта шоирнинг орқасига тегар эди».

Сўз санъатида унга тенг келадигани йўқ. Мунис ҳақли равишда: «Сўз ичра Навоийки жаҳонгир турур», деб беҳуда таъкидламаган эди. У ижод уммонидан шунчалик кўп сара дурлар, шунчалик кўп инжулар йиғдики, уларнинг ҳар бири ўз гўзаллиги, латофати ва зар нурлари билан ҳар қандай қалбни мафтун этади. Унинг энг юксак асари бўлмиш «Хамса» ҳамон юракларга ўт ёқади, «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун»ларнинг ишқи ҳақида яна юзлаб достонлар битиш мумкин. «Хазойин ул-маоний», «Девони Фоний», «Ситтаи зарурия» («Олти зарурият»), «Фусули арбаа» («Тўрт фасл»), «Назм ул-жавоҳир», «Муншаот», «Вақфия», «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Мезон улавзон» асарларининг ҳар бири улкан, муаззам тоғлардирким, уларнинг бағрида кимё оламининг неча юзлаб дурлари яшириндир.

Ҳазрат Навоий амирларнинг амири бўлиб, инсон тақдири билан боғлиқ ҳар бир ишни, мушкул вазифани адолат нуқтаи назари билан ҳал этишга ҳаракат қилар ва бошқаларни ҳам шунга даъват этар эди, умрининг асосий қисмини юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва фаровонлиги йўлида сарф этиб, ўзининг доно бошқарувчи, раиятнинг фидойи ғамхўри, ўз халқининг асл фарзанди эканлигини кўрсата билди.

Алишер Навоий кўз олдимизда салоҳиятли бунёдкор ва ҳотамтойи замон сифатида ҳам намоён бўлади. У отасидан қолган мол-мулк эгаси, давлат амалдори сифатида ўзига ажратилган ерлардан келадиган даромад ҳисобига Ҳиротда «Ихлосия», «Низомия» мадрасаларини, «Шифоия» шифохонасини, жомеи масжидини, «Халосия» хонақоҳини, шаҳардан ташқарида ҳам ободончилик ишларини олиб бориб, «Работи ишқ», «Работи санг» мажмуаларини қурдирди. Манбаларда улуғ амир қурдирган работларнинг сони 52 та, ҳаммомлар 9 та, ҳовузлар 20 та эканлиги айтилган. Машҳад шаҳри томон 80 чақиримлик ариқ қаздириб, 16 та кўприк бунёд эттирди. Хуросондаги Гозургоҳ дашти, Мурғоб йўлидаги Бодгиз вилоятларини обод этгани учун Ҳусайн Бойқаро унга тан берган эди. Умуман, Алишер Навоий томонидан бунёд этилган қурилишлар сони 300 дан ошиб кетади. Бундан ташқари, бозорлар, дўконлар ва бошқа мулклар ҳам унга қарашли эдики, Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асаридаги маълумотларга қарайдиган бўлсак, «булардан келадиган бир кунлик даромади ўн саккиз минг шоҳрухий динор эди» ва у зот бу даромаднинг ҳаммасини хайрли ишларга сарф этган. Умуман, Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ижодда, ҳам одамийликда, бунёдкорликда, мусиқа, хаттотлик ва бошқа соҳаларда доимо фаол ва олдинда бўлган. Ҳатто у Шоҳқули деган ғижжак устаси бўлган йигитни ўғил қилиб олиб, уни тарбиялаган, кимсан вазирнинг ўғли, улуғ зотнинг «фарзанди» сифатида обрў топиб, кеккайиб кетиб, турли ёмон қилғиликлар қилиб, озор етказганида ҳам беназир шоир уни кечирган ва ижод этиши учун шарт-шароитларини муҳайё этган.

Алишер Навоийнинг қалб оламидан тўкилган дурлардан намуналар:

 
Умрни зое этма, меҳнат қил,
Меҳнатни саодатинг калити бил.
 
* * *
 
Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса яхшилиқ била от.
 
* * *
 
Юз туман нопок эрдин яхшироқ,
Пок хотинлар оёғининг изи…
 
* * *
 
Зоҳид сенга ҳуру, манга жонона керак,
Жаннат сенга бўлсин, манга майхона керак.
 
* * *
 
Кўнгил дуржи ичра гуҳар сўздурур,
Башар гулшанида самар сўздурур.
 
* * *
 
Одамий эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
 
* * *
 
Бошни фидо айла ато бошиға,
Жисмни қил садқа ано қошиға…
Тун-кунингга айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
 
* * *
 
Ҳунарни асрабон неткумдур охир,
Олиб туфроққаму кетгумдур охир!
 
* * *
 
Менга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур.
 
* * *
 
Фарзанд қилай сени ўзумга,
Миннатни қўяй ёруғ юзумга.
 
* * *
 
Хушдурур боғи коинот гули,
Барчадин яхшироқ ҳаёт гули.
 
* * *
 
Сен агар зоҳир эттинг итликни,
Мен санга кўргузай йигитликни.
 
* * *
 
Донаи дур сўзини афсона бил,
Сўзни жаҳон баҳрида дурдона бил.
 

КИЧИК МИРЗО
(1458 – 1484)


Тарихий маълумотларда унинг темурийлардан, Ҳусайн Бойқаронинг жияни эканлиги қайд этилган. Отаси – Аҳмад Мирзодир. Асли исми Муҳаммад Султон Мирзодир, лекин ёшлигидан Кичик Мирзо лақаби билан эъзозланган. Мавлоно Ҳусайн Камолиддин Шайх қўлида таҳсил олган. Одоб-ахлоқи билан сарой мулозимларининг ҳурматини қозонган. Шу жиҳатдан тоғаси Ҳусайн Бойқаро ҳам уни юксак қадрлаган ва салтанат ишларида соҳибихтиёр қилиб тайинлаган.

Шундай ҳикоя қилинадики, бир куни аркони давлат Султон Ҳусайн Бойқаро ортидан Хожа Абдулло Ансорий мозорига боради. Кун иссиқ эди. Зиёратдан қайтаётганда, Кичик Мирзо эркалигига бориб, бошига чодир ёпиниб олади. Унинг бу саъй-ҳаракати атрофдагиларга бир оз эриш туюлади, қолаверса, бу ҳолат иссиққа тоқат қилиб келаётган Шаҳаншоҳ олдида ҳам одобсизлик ҳисобланар эди. Ана шу биргина одобсиз иши учун қамоққа ҳукм қилинади, лекин тез орада тоғасининг фармони билан озод этилади. Ўта ҳамиятли бўлган Кичик Мирзога бу ҳолат қаттиқ таъсир қилади. Озодликка чиққач, қилмишидан азият чекиб, салтанат ишларига рағбат қилмайди, одамови, ўзини четга оладиган бўлиб қолади. Сўнгра Ҳусайн Бойқародан рухсат сўраб, Ҳаж зиёратига кетади. Маккадан қайтгач, безгак касалига чалиниб, 1484 йилда вафот этади.

Алишер Навоий уни хуштаъб, зеҳни ўткир, идрокли, илмдор, шоиртабиат, дарвешсифат киши эканлигини таъкидлаб ўтган ҳамда битта рубоийсини келтирган.

 
Мақтовларга қўл бердим, яхшилик йўлдошим эрди,
Тақводорлик қаноат ҳам сабру бардошим эрди,
Во ажаб, ишқ келди-ю, елга кетди йиққанларим,
Худога шукр, аслида менга бу бир синов эрди.
 

СУЛТОН БАДИУЗЗАМОН МИРЗО
(1458 – 1515)


Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли Бадиуззамон Мирзо илмдор, зукко, ҳарбий салоҳиятга эга инсон бўлиб, олимлару шоирларни, уламолару фозилларни, санъаткорлару тадбиркорларни хуш кўрувчи, ўзи ҳам гўзал ғазаллар битган ижодкор ҳукмдорлардан бири эди.

Унинг қуйидаги байти машҳурдир.

 
Эй сабо, гар сўрса ҳолим шаммаи ул сарвиноз,
Эврулуб бошиға мен саргаштадин еткур ниёз.
 

Шу билан бирга унинг тақдири жуда чигал бўлиб, турли тўқнашувлар, жангу жадаллар, ур-сурлар, қочқинда бўлган пайтлари жуда кўпдир . Айниқса, ўн бир ёшида қатл этилиб, аянчли тақдири билан ҳамон юракларга ўт солиб келаётган Муҳаммад Мўмин Мирзо ўлимидан сўнгги зиддиятлар унинг юрагида оғир асоратлар қолдирди.

Ҳусайн Бойқаронинг ишончига кириб, фитна уюштирган, тайёрлаган ва уни амалга оширган аслида Низом ул-мулк ва унинг авлодлари эди. Улар ҳукмдорнинг маст-лигидан фойдаланиб, Мўмин Мирзони қатл этиш фармонига қўл қўйдириб олишга муваффақ бўлдилар ва ёш шаҳзодани Ихтиёриддин қалъасида зудлик билан тиғдан ўтказдилар, режага мувофиқ ота-бола орасидаги адоватни кучайтириб, тобора катта зиддиятлар ўпқонига тушиб бораётган темурийларни парчалаш кўзланган эди. Бундан хабар топган Ҳусайн Бойқаро уларни давлат тепасидан супуриб ташлаш учун қатъий қарорга келади ва 1498 йилнинг 13 май кунидаги фармони билан йигирма йилдан буён вазирлик мансабида қойим бўлган Эъмод ул-Исломни, июнь ойининг бошида Низом ул-Мулкнинг ўзини, унинг қариндоши Низомиддин Курдни, Хожа Абдул Азизни ҳамда Маҳмуд Шоҳ Фарраҳийни қамоққа олишиб, айбларини бўйниларига қўйиб, қатл этадилар.

Алишер Навоий бир неча марта жуда катта саъй-ҳаракатлар билан ота-болани муросага келтиришга уринади ва ниҳоят, 1504 йилнинг сентябрь ойида Карруҳ ёнидаги Ғори Аббос мавзеида Султон Ҳусайн Бойқаро билан ўғли Бадиуззамон ўртасида яраш маросими ўтказилади. Маросимда ота-бола бир-бирлари билан йиғлаб кўришадилар. Уларни кузатиб турганларнинг ҳам қалблари зир-зир титрайди. Дарвоқе, ичингдаги олчоғу, қўйнингдаги илонлардан ўта хавфли ва ўта заҳарли ҳеч кимса бўлмас. Энди кеч эди, жуда кеч эди. Гарчи Ҳусайн Бойқаро билан Бадиуззамоннинг номи хутбага қўшиб ўқилган ва тахт вориси сифатида Музаффар Ҳусайн Мирзо билан бирга мамлакатни бошқаришга аҳду паймон қилинган бўлса-да, Хуросонга бостириб келаётган Шайбонийларни тўхтатишга уларнинг қурби етмади. Бу орада салтанат соҳиби Абулғози Султон Ҳусайн Бойқаро сактайи қалб касали билан 1506 йилнинг 5 май ду-шанба оқшомида 69 ёшида омонатини топширди. Бадиуззамон аввал Озарбайжонга, сўнгра Ҳиндистоннинг Синд вилоятига, ундан Истанбулга ўтиб кетади. Аммо орадан учтўрт ой ўтиб, вабо касали билан 1515 йил бошида 58 ёшида дунёдан кўз юмади.

ШОҲҒАРИБ МИРЗО
(1471 – 1496)


Шоҳғариб Мирзо – Ҳусайн Бойқаронинг иккинчи ўғли, 1471 йилда Ҳиротда туғилган. Онаси Хадича бегимдир. У табиатан ногирон – букри, кўримсиз йигит бўлган, лекин таъби нозик, лафзи пок, ширин тил эди. Ғарибий тахаллуси билан туркий ва форсий шеърлар битган ва девон ҳам тузган.

Алишер Навоий унинг бир байтини келтириб, «Бу матлаъ дағи яхши воқиъ бўлибтурким», дейди.

 
Тарки меҳр айлаб агарчи бўлди жонон ўзгача,
То тирикмен қилмоғимдур аҳду паймон ўзгача.
 

Султон Ҳусайн Бойқаро унинг латиф каломлари ва шеъриятидан таъсирланиб, Ҳирот шаҳри ҳокимлигини унга инъом қилган эди, афсуски, у кўп ўтмай 25 ёшида вафот этади.

Ўша кезлар, оламга номи кетган «Санги ҳафт қалам» қора мармар қабр тошини Султон Ҳусайн Бойқаро етти йилдан буён ўзи учун тайёрлаттираётган эди. Шундай суюкли жигарбандининг ўлими уни жуда изтиробга солди ва қимматбаҳо қора мармар тошни ўғли қабри устига ўрнаттирди.

СУЛТОН МАСЪУД МИРЗО
(1475 – 1506)


Ўз даврида бу ошуфта кўнгил амалдор ва шоир шундай деб ёзган эди:

 
Дўстлар, бизни унутмай
          нома бирла ёд этинг,
Хотири ношодимизни
          гоҳ-гоҳи шод этинг.
 

Руҳлари шод бўлсин, биз уни бугун ёд этаяпмиз. Сарғайган қоғозлардаги маънавий дурлар унинг номини бизгача шарафлаб етказиб келди. Қоғознинг кучини қаранг, олтинлар билан бунчалик улуғликка эришиб бўлмаслигини тарих ойнаси бизга яна бир карра ёрқин намоён этмоқда.

Алишер Навоий ҳазратлари ҳам «Мажолис ун-нафоис» асарининг «Еттинчи мажлиси»да унинг тўғрисида жуда одил сўзларни айтиб, эски туркий-ўзбек тилида ёзган бир байтини мисол келтирган.

 
Ёр бориб жонға қўйди доғи фурқат, эй рафиқ,
Кўнглума кор этмасунму дарди ғурбат, эй рафиқ?
 

Бу нарса темурийларнинг турки-ўзбек тилига етарли эътибор қаратиб, унинг нуфузини оширишга катта ҳисса қўшганларини кўрсатади.

Султон Масъуд Мирзо буюк соҳибқирон Амир Темурнинг бешинчи бўғин авлоди, ўғли Мироншоҳ Мирзонинг набираси бўлмиш Султон Абу Саййид Мирзонинг набирасидир.

У 1475 йилда Султон Маҳмуд Мирзо оиласида туғилди. Онаси термизлик Мир Бузург деган олийҳиммат кишининг Хонзода исмли қизи бўлиб, машҳур темурийзодалар – Бойсунғур Мирзо, Ҳусайн Мирзо, Султон Али Мирзо ва Султон Вайс Мирзолар унинг укалари эди.

Отаси Султон Маҳмуд Мирзо уни Ҳисор ҳокими этиб тайинлагач, бир қанча вақт ўша ерда фаолият олиб борди, лекин отаси вафот этгач, Самарқанд тахтига даъвогар сифатида чиққан. Бойсунғур Мирзонинг қўли баланд келгач, яна Ҳисорга қайтди ва уни бу ердан ҳам қувғин қилдилар. Шундан сўнг Ҳиротга, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳузурига қочиб боришга ва жон сақлашга мажбур бўлади. Вазият етилиб, сиёсий режалар билан яна Мовароуннаҳрга қайтганда, ўз отабеги, яъни ёшлигида тарбияси билан машғул бўлган Хусравшоҳ уни қўлга тушириб, кўзларига мил торттиради. Бобур мирзо унинг бу кўрнамаклигини жуда қаттиқ қоралаб, Хусравшоҳнинг бераҳм, бевафо эканлигини айтиб, «беш кун ўтар дунё учун бир ўзи устурғон валинеъматзодасини кўр қилди», дея қайғуриб ёзган.

Султон Масъуд Мирзонинг умри ҳам фожиали якун топади, яъни 1506 йилда, Шайбонийларнинг Хуросонга бостириб кирган пайтда ўлдирилади.

Масъуд Мирзо Шоҳий тахаллуси билан ғазаллар битган. Унинг ашъори ўз даврида катта шуҳрат қозониб, адабий йиғинларда ўқилиб, мухлисларининг олқишларига сазовор бўлган. Шеърият ихлосмандлари шоирнинг девони қўлёзмаси мавжудлигини яхши билишади.

МУҲАММАД ҲУСАЙН МИРЗО
(1476 – 1503)


Ҳусайн Бойқаронинг еттинчи ўғли. 1476 йилда туғилган. Онаси Менглибий оқача бегим. Алишер Навоий унинг тўғрисида «халойиқ ани адолат, шижоат, салтанат ойинида кўп таъриф қилурлар» деб ёзган.

Муҳаммад Ҳусайн Мирзо отаси Ҳусайн Бойқарога қарши қўшин тортиб, вақтинча бўлсада, Астрободда ўрнашиб олади, аммо Ҳиротдан келган катта қўшинга қарши туролмай шаҳарни ташлаб, Терек дарёси томон қочади, сарсон-саргардонликда юриб, абгор ҳолда қолганда шаҳаншоҳдан кечирим сўрайди. Ўғлига меҳри жўш урган Ҳусайн Бойқаро гуноҳидан ўтиб, унга Журжон мулкини инъом қилди.

Муҳаммад Ҳусайн Мирзо 1503 йилда безгак касали билан 28 ёшида омонатини топширди.

У ҳам ижодкор темурийлар каби яхши ғазаллар битган. Ўшалардан бир матлаъ қуйидагичадир.

 
Танангга гард тушди шикорга ишқибозлигингдан,
Қуюқ терга ботдинг мафтункор дилга зорлигингдан.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации