Электронная библиотека » Турсунбой Адашбоев » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Турсунбой Адашбоев


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 7 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Адабиётга таъзим

Олтинчи синфни битиргач, яна бошоқ теришга чиқдик. Даладан кўтариб келганим тўрт боғлам бошоқ билан бир дўппи бурчоқни эски шолчанинг устига яйратиб, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўздавнашр” тамғаси қўйилган ҳикоялар тўпламини ўқиётиб пинакка кетибман. Бир маҳал товонимга биров бигиз санчгандай бўлди. Сапчиб ўрнимдан қўзғалай десам, елкамдан кимдир ерга босиб турарди. Товонларим жазиллаб ачишарди. Гўё тушимда босинқирагандай. Ўгирилсам, Аббосхон тоғам икки елкамдан босгани ҳолда онам ҳандалакдай ёрилиб кетган товонларимга индов ёғини доғлаб пиёздоқ босарди. Ҳар тугул кўп ўтмай жоним ором топиб яна ухлаб қолибман. Қўшнимиз, синфдошим Абдурайимжоннинг: – Ошна, туринг Заркентга кино кўргани борамиз, – деган овозидан кейин уйғондим. Даладаги чўгаллар туфайли тарамушга айланиб кетган оёқларим ипакдай мулойим бўлиб қолибди. Онам қовуриб берган бурчоқни Абдурайимжон билан баҳам кўриб, уларнинг уйига чиқиб, қатиқ ичдик. Кейин Олимжон, Исмонжон оғаларим етакчилигида оқшом Дўнгошардан ўтиб, Заркентда “Степан Разин” деган кинофильмни томоша қилиб қайтдик. Ўшанда маҳалладошимиз Очил ака Исмоновга Степан тахаллусини бергандик.

Бошоқ териш мавсуми охирлаб қолганди. Давронбой акамнинг укаси ошнам Абдуназар: – Сени Омонов домла сўрадилар, – деб қолди. Дарҳол уйларига бордим. Мохоркани бурқситиб ўтирган эканлар:– Бормисан, Назар айтдими? Қани, ўтир. Мана бу газетадаги мақолани бирга ўқиймиз. Домла “Қизил Ўзбекистон” газетасининг охирги саҳифасидаги Ҳоди Зариф имзоси билан босилган мақолани ошиқмай ўқиб бўлгач, газетани қўлимга тутқазди.

– Бу иш сенинг қўлингдан келади. Қишлоғимиздаги тўйларга келиб юрадиган достончи Олим бахши Пешқўрғон қишлоғида туради. Уни қўшниларинг Эргашвой акадан суриштириб ол, – деб тайинлади.

Уйга келиб, ўша мақолани яна бир сидра ўқиб чиқдим. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти фольклор сектори мудирининг мухтасар мақоласида халқ оғзаки ижодини тўплаш, бахшилардан достонларни ёзиб олиш долзарб вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилганди. Демак, Олим бахши Сойиббоевдан “Ёзи билан Зебо” достонини ёзиб олишим шарт. Фикр ва мулоҳазаларимни қоғозга тушириб вожатийимиз Сотимбой Ҳатамовнинг уйларига бориб, Тошкентга Ҳоди Зарифовнинг номига мактуб битиб, Заркент орқали хатни жўнатдим. Орадан ўн икки кун ўтганда жавоб мактубини олдик. Устоз Ҳ.Зарифов жавоб хатида ёзиб олинажак асар бахши томонидан қай тарзда айтилган бўлса, ўша ҳолатда қўшиб-нетмай қоғозга туширилиши ва айтиш усули, тахаллуси ва манзили аниқ бўлишини илтимос қилганди.

Олим бахшининг манзилини сўраб, ўн бешта дафтар, бешта қаламни сафархалтамга жойлаб, Янгиқўрғонга амал-тақал қилиб етиб олдим. У ёғига бир муддат пиёда юрдим. Чортоққа дон топшириб қайтаётган аравада Пешқўрғондан бахши бобонинг уйларини топдим. Нима мақсадда келганимни Хайринисо холага айтдим. Хола дуо қилиб, дастурхонга зоғора билан бир товоқ ўрик қўйгач: – Бахши бувангиз Сизлар тарафда, Арқит деган овулда икки ҳафтадан буён пахсакашлик қилаяпти, – деб гапнинг индаллосини айтди. Тамадди қилгач изимга қайтдим. Хайринисо буви чит дуррага ўрик ва зоғорани тугиб, кузатиб қўйди. Қишлоққа қайтиб, икки кундан сўнг Каравонга равона бўлдим. Бу ерда дадамнинг қадрдон дўсти, асли қирғизқўрғонлик Қаюм қора Ҳусанов деган бағрикенг инсон чойхонани бошқарарди. Қаюм тоға мақсадимни тушуниб, уловини қўмлаб, мени йўлга солиб қўйди. Арқит билан Каравоннинг ораси йигирма чақирим. Марказдаги дўкончадан пешқўрғонлик пахсакашларни сўрадим. Улар Қапчиғай деган қўқти-жилға орқали сўқмоқ йўлдан юришимни уқтиришди. Қўқийбелим довонидан ўтишим билан менга таниш, қишлоғимиздаги тўй-тўркинларда эшитиб юрганим “Ёзи билан Зебо” достонидаги қуйидаги мисралар тоғларга қўшилиб акс-садо бера бошлади:

 
Қовун экиб Тошбулоқнинг тошига,
Суғорганман кўзларимнинг ёшига.
Ўкчи баланд ковушингдан Зебижон,
Менга қилган ровушингдан Зебижон.
 

Мен Қапчиғайга етиб келганимда тушлик тугаб, қимизхўрлик авжида экан. Фотиҳадан кейин, ўзимни таништириб, газетадаги мақолани, Тошкентдан келган хатни Олим бахшига ўқиб бердим. У киши ўз навбатида Сафед Булондаги Муталлиб улоқчини, хешлари Эргашвой, Йўлдошвой амакиларнинг саломатлигини сўради. Кейин, достонни қай тарзда ёзиб олишни келишиб олдик. Отанинг икки шогирдлари билан ёнма-ён лой пишитишда кўмаклашиб, дам олиш чоғида, оқшом пайтларида “Ёзи билан Зебо”ни дафтарга тушира бошладим. Тўрт печдан иборат пахса деворли қўрғон ўн икки кун деганда қад ростлади. Мен ҳам шу орада ўн икки варақдан иборат ўнта дафтарга достонни ёзиб бўлдим. Олим бахшига юртдошлари бекорга “Ҳакка” лақабини беришмаган экан. Сабаби, ўта чаққонлик билан лойхонадан печга, печдан лойхонага сакраб чиқиб, сакраб тушиб ишни маромига етказарди. Кўнглим тоғдек кўтарилиб, қишлоққа қайтдим. Бир ҳафта давомида достонни умумий дафтарга кўчириб Тошкентга жўнатдим. Юқорида баён этганимдек, А.Қаҳҳорнинг ҳикояларини яна бир сидра ўқиб, устоз адибга шеърий мактуб ёздим. Чунки мазкур китобга наманганликлар ҳаётидан олиб ёзилган “Тешик дастурхон” деб номланган ҳикояси нега кирмай қолганлигини сўрагандим. Кейинроқ, Ғафур Ғулом табдилида А.Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини ўқиб, бўлар-бўлмас саволларим билан у кишининг ҳам бошини қотирганман. Улуғ устозлардан олган жавобларим мактабимиз миқёсида анча шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Бу орада китобхонликда бизга ўрнак бўлган уста Исроил Эшматов бошчилигида домламиз Юсуфжон Низомовнинг уйини икки ҳафта давомида сувадик. Эшонхон ака Зокировнинг ўн минг дона гуваласини қуйиб бердим. Хўжалигимиз етакчиси Эгамберди Ўрмонов билан фирқа бошлиғи Эргаш ака Қосимовнинг илтимосларига биноан ҳовлимизда пишиб етилган олмурут ва шафтолиларни хирмонда ишлаётганлар билан бартер қилдим. Хуллас, оиламизни моддий жиҳатдан бироз тиклаб олдик.

Еттинчи синфда ўқий бошлаган кунларимда Тошкентдан мен учун ўта қадрли бўлган фольклоршунос олимадан қуйидаги мактубни олдим. “Қимматли Турсунбой Адашбоев! Олим бахшидан ёзиб олинган “Ёзи билан Зебо” достонини каталокка киритиб, рўйхатдан ўтказдик. Яқин кунларда бахшига ва Сизга маълум миқдорда қалам ҳақи жўнатамиз. Ҳурмат билан Музайяна Алавия”. Бу менинг учун навбатдаги кутилмаган рағбат эди. Изтироб ва қувонч ғолиб келган паллада тилингизни учида турган сўзлар шеърий мисраларга айланиб, дафтарга тўкилади. Ўзим билан ўзим якка гаплашадиган дамлар бошланди. Бобомнинг боғидан ўғирланган шафтолиларнинг озорини, онамнинг ёрилган товонларимга пиёздоқ сурганларини дастлабки машқларимда акс эттиришга ҳаракат қилдим. Имкон топишим билан Силлиқтошга чопаман. Машқларимни овоз чиқариб ўқийман. Шу тарзда адабиёт оламига шўнғиб кетдим. Икки овулга хизмат қиладиган Подаклик почтачи Тўхтаназар ака одатдагидек яна қувончли хабар олиб келди. Олим бахшидан ёзиб олган достон учун 130 сўм ақчага имзо чекдим. Бу ўша даврнинг нуқтаи-назаридан қараганда катта пул эди. Дарҳол онамга суюнчиладим, пешонамдан ўпиб, дуо қилдилар.

Ўқишни Оққўрғондаги ўрта мактабда давом эттирдим. Бахтимга Қирғизбой Нурқулов, Ҳайдарали Бозоралиев ва Дадахон Қозоқов сингари бағрикенг, тажрибали муаллимлар сабоқ бера бошлади. Ўрта мактабда ўқигани қўшни қишлоқлардан қирғиз, тожик ва чечен миллатига мансуб болалар келишди. Улар билан бирга яшаб, бирга билим олдик. Оқибатда қардош тилларни маълум даражада ўрганишимизга тўғри келди. Қирғиз фарзанди Асқар Рисмамбетов, тожик ўғлони Рафиқжон Жўраев, Орифжон ҳожи Ҳусанов, чечен йигит Ризвон Дилхаевлар билан дўст тутундик. Ёзган машқларим, мақолаларим, “Колхоз турмуши”, “Жалалабад жанғириғи” каби газеталарда чиқиб турди. Бу борада М.Бекмуротов, У.Султонов, Н.Атамқулов, ака-ука Бекболот ҳамда Орзимат Ўсканбоевлар менга далда бўлишди.

Тўққизинчи синфни битириш арафасида, имтиҳонларга тайёргарлик кўрилаётган кезларда кутилмаган воқеа юз берди. Математика фанидан консультация соат иккига белгиланган эди. Ётоқхонада егулик нарса қолмаганлиги учун эрталаб соат ўнларда синфдошларим Н.Азибоев, Ш.Жаҳонгиров, Ҳ.Ғаффоров, А.Жўраев ва камина балиқ овига бордик. Овимиз бароридан келди, икки челак ўлжани кўтариб йўлга тушдик. Аммо консультациядан ярим соат кечиккандик. Ўқитувчимиз Юсуфжон Мамажонов машғулотни йўлнинг четидаги хонага кўчириб, бизни деразадан кузатиб турган экан. Домла пешвоз чиқиб барчамизни досканинг олдига сафга териб, икки челакдаги балиқлар тугагунга қадар башарамизга уриб, “Сафед Булонлик каллахўрлар” деб таҳқирлай бошлади. Мен бундай хўрликка бардош беролмай, хонадан дарҳол чиқиб, ётоққа келиб, халта-хуржунимни кўтариб, қишлоққа йўл олдим. Айб ўзимизда эди, машғулотга кечиккандик… Онам раҳматли билан маслаҳатлашиб бисотимиздаги маккажўхорини тегирмондан чиқариб, уйдаги ками-кўстни бутлаб, Шаҳанд туманидаги Қирғизқўрғон қишлоғига жўнадим. Чунки, бу ерда дадамнинг қаҳатчилик йилларида орттирган қадрдон дўстлари Чоривой бобо Раҳмонов, Турғунбой мироб Мирзабоев ва адабиёт ўқитувчиси Йигитали Усмоновлар истиқомат қилишарди. Бўлган воқеани уларга айтдим. Ўринбой тоға битта ҳужрасини менинг учун созлаб берди. Улар дастлаб бодиринг, ҳандалак ва қовун чопишнинг сирларини ўргатишди. Девор урдим, сувоқчилик қилдим. Шоли ўташнинг ҳадисини олдим. Ҳатто тўйларда гўлахиликни ҳам эпладим. Вақти-вақти билан топган-тутганимни яширин тарзда қишлоққа етказиб турдим. Шоли ўримидан тортиб, уч ой дарё бўйидаги сувжувозда шоли оқладим, қўшни қишлоқлардаги кутубхоналардан тилхат эвазига китоб олиб мутолаа қилдим. Шундай қилиб, бир йилдан сўнг, оиламизга яраша даромад билан Сафед Булонга қайтиб, ўқишни қолган жойидан бошладим. Меҳрибон устозларнинг рағбати менга қанот бағишлади. 1957 йилнинг январь ойидан республика пойтахтида ўзбек тилида “Қирғизистон ҳақиқати” номли газета чиқа бошлади. Кейинги тақдирим ана шу матбуот билан билвосита кечди. Бишкекда, Ўшда, Тошкентда ишлашимга тўғри келди. Тангри ёрлақаб, қадримни ўрнига қўядиган қайлиқ билан турмуш қурдим, бири-биридан диёнатли фарзандлар, набиралар кўрдим. Ўзбек ва қирғиз тилларида бир талай китобларим босилиб чиқди. Ҳар икки тилдаги дарсликларга, Анталогияларга асарларим киритилди. Икки республиканинг давлат мукофотларига сазовор бўлдим. Кўп дўстлар орттирдим, минг афсуски, айримларини йўқотдим…

Ҳар гал қишлоққа борганимда жиянимиз Жамилахон Шарипованинг қўлида сақланаётган биринчи ўқиган китобим “Равшанхон” достонини ўпиб, пешонамга суртаман.

Эр йигитнинг нияти холис бўлса, қалби ғаразлардан олис бўлса, ҳамиша иши ўнгидан келаркан. Буни ўз ҳаётимда синаб кўрдим. Ҳар доим киндик қоним томган Сафед Булонга интилиб яшайман. Сабаби, шоирликка мойиллигим шу ердан бошланган, зувалам шу ерда узилган.

Дарвоқе, бизни тўғри йўлга бошлаб, билим берган Қурбонбой Эшматов, Қирғизбой Нурқулов, Ҳолмамат Ҳожиев, Абдуллажон Тожибоев, Юсуфжон Низомов, Баҳодир Омонов, Ҳайдарали Бозоралиев, Дадахон Қозоқов, Раҳмонали Ҳамдамов, Ҳакимжон Йўлдошев, Баҳромжон Абдувоҳидов, Турғунбой Меҳмонов сингари устозларимизнинг хизматлари улкан.

 
Қирқ бешинчи йил ёзи,
Уст-бош юпун оқ суруп.
Ёрилган товонимга
Онам пиёздоқ суруб,
Ҳолва бериб бир чақмоқ:
– Дамингни ол, – дер, – қани.
Тонгда жўнаб кетардик
Қирга – бошоқ тергани.
 

Эътироф

Тақдир тақозоси билан Тошкентдай шаҳри азимда яшаб қолган Мукаррамхўжа Отахўжаев, Маҳмуджон Қозоқов каби олим оғаларимиз, таниқли адиб, муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев, иқтисод фанлари доктори, профессор Одилжон Олимжонов, физика-математика фанлари номзоди Қобилжон Жўраев, ношир Аҳрор Аҳмедов сингари Тўрабек Маҳмудов, Қосимхон Қирғизов, Тожимирза Дадабоев, Носиржон Юнусжонов, Маъруфжон Мадҳолиқов, Боқижон Отахонов, Шоҳидин Насимов, шоира синглимиз Рислиғой Ҳотамова физика фанлари номзоди Иброҳимжон Зоҳидов, ички ишлар ходими Учқунжон Камолов, Фарходжон Жўраевлар билан ҳақли равишда фахрланаман. Сафед Булон учун айтса арзигулик хизмат қилолмадик. Ҳаётда нимага етишган бўлсак, буюк боболаримизнинг руҳларидан мадад олиб, Шоҳ Фозилга, Хўжаи Аъламдорга суяниб, фақат ҳалол меҳнатимиз, тиришқоқлигимиз туфайлигина эришдик.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳонга юз тутган сўлим пойтахтида Олабуқа туманидан келиб меҳнат қилаётган Жумабой Мўминов, марҳум Дадахон Буваназаров каби олим оғаларимиз, Исмоилжон Ҳамдамбоев, Муҳаммадали Эргашев, Эркин, Валишер ва Расул Қаюмовлар, Анваржон Бозоралиев, Ҳусанбой Тураббоев, Нуриддин Қорабоев, Аҳмаджон Умматалиев, Авазбек Исматов, Алишер Ҳасанбоев сингари шифокор, геолог, адлия ходими, турли касб вакиллари билан тўй ва маъракаларни ҳамиша ҳамжиҳатликда ўтказамиз.

Ўриш – арқоқмиз

Азалдан Олабуқа туманида асосан ўзбек, тожик ва қирғиз миллатига мансуб аҳоли ҳамжиҳат яшаб келади. Шу музофотдан етишиб чиққан Тўракелди Болтағулов, Абдуназар, Райимқул, Эркинбек Қулиевлар, Робия Носирова, Асқарали Юсуфалиев, Э.Чўтбоев, Сотволди Бойдавлатов сингари арбоблар Боймирза Тураббоев, Чинибек Асанов, Қирғизбой Нурқулов, Турди Турсунов, Бекболот Шобдонов, Тўхтасин Жўрабеков, Абдуғани Қаюмов, Б.Абдувоҳидов, Арзимат Ўсканбоев каби раҳбарлар ва А.Тураббоевлар, сулоласи, Т.Жўрабеков, Д.Шобдонов, А.Дадаев, А.Жўрақулов, Ф.Исматов, А.Акпаралиев ва А.Тўхтасинов сингари етакчилар самарали меҳнат қилишди.

Подак, Оққўрғон, Оқтом, Заркент, Шилви, Ўзак, Нанай ҳамда Қизилёзи қишлоқлари билан қуда-андачилигимиз бор. Тўрахўжа Ҳасанов, Мирзолим Иброҳимов, Эркин Ҳайитбоев, Собиржон Отажонов сингари элни бошқарган раҳбарлар, Ҳамроқул улоқчи, Мулланиёз аскиячиларнинг зурриёдлари Ў.Бойматова, Р.Омонов, А.Васиев, Л.Қозоқов, А.Рисманбетов, И.Сотволдиев, А.Жайлобаев, бокс бўйича жаҳон чемпиони А.Райимқулов, Х.Қозоқовлар, А.Ўринбоевлар сулоласи И.Мўлўшев, И.Ҳамзалиев, Т.Ашуралиев, Т.Бозоров, Қ.Устабоев, А.Райимов, М.Абдураҳмонов, Қ.Исабеков Б.Қаюмов, А.Парпиев, М.Мирзаҳмедов, С.Обидхонов, ака-ука Аъзамжон ва Собитхон Аббосовлар, шифокор М.Тожибоев, А.Раҳматуллаев, дипломат Б.Аълоев каби маърифат вакиллари билан овулдошларим ўриш-арқоқ. Янгиқўрғон туманидаги Новкент қишлоғининг фарзанди Усмонжон Исмоиловнинг валломатлиги ўзига хос.

Яхши отга бир қамчи…

Бу ҳаётий ҳикояни отамнинг яқин дўстларидан бири Тожихон тоға Сидиқов айтиб берувди:

– Адашбой оғайним ёлғиз, эрка ўғил бўлгани учун йигирма беш ёшга чиққанига қарамай, улфатчиликдан бўшамасди, гоҳо “гардкамчилик”ка қўшилиб турарди. Бир куни қимордан сирри бўлиб қайтаркан, қайрағоч соясида Шокир аттор қудаси Абдумажид домла билан гурунглашиб ўтиришганида уларга рўпара бўлади. Дўстим дадаси ва қайнотаси билан салом-алик қилиб турганда, кўчадан бир тайғон тилини сангиллатиб, думини гажжак қилиб ўтиб қолади. Шокир аттор: – Адашбой, бу сариқ тайғон кимники? – деб сўрайди.

– Дада, бу Яҳёхўжаларнинг ити.

– Ажабо, думини гажжак қилиб юришига қараганда, бу сариқ тайғон ҳам Сизга ўхшаб бекорчи шекилли, ўғлим, – деган эканлар.

– Дадангиз ўша нордон, ўринли гапдан кейин, хўжалик юмушларига аралашиб, хирмонда ишлаётган деҳқонларга хурмачада овқат ташиганлари ҳамон кўз ўнгимда.

1970 йил.

Савобгарчилик

Хосиятхон опа Акпарова мен эсимни таниганимдан буён савдо соҳасида ишларди. Опа эркакшода, оғир-босиқлиги билан ажралиб турарди. Ўғиллари Эркинжон автоҳалокат туфайли вафот этгандан сўнг, бу айрилиққа чидамай гоҳо хуморбосди учун папирос ҳам чекарди.

Баъзида айримлар савдо ходимлари тўғрисида “ҳам энидан, ҳам бўйидан” уриб қолиши тўғрисида сўзлагудек бўлса, хотиржамлик билан “Ука, менга матлубот жамияти қанд-қурс ўраш учун берган қоғоздан қолгани етади” деб ташқарида турган рулонларга ишора қиларди. Навбатдаги меҳнат ҳордиғига чиқиб, қишлоққа дам олгани келганимда опа қуйидаги воқеани айтиб бергандилар.

– Дўконда ёлғиз ўзим ишлайман. Охирги пайтларда тортмадаги савдодан тушган пуллардан фақат янги қизил ўн сўмликлар йўқола бошлади. Кимдан гумон қилишим мумкин? Сўрғичланган қулфлар жойида турса? Ҳисобот кунлари яқинлашган сари юрагим така-пука, оромим йўқолди. Бир куни прилавкаларнинг остини супураётиб, бурчакдаги тешикка кўзим тушди. Кўзойнагимни тақиб энгашиб қарасам, қизил қоғознинг учи кўринди. Дарҳол темирчи Алижон Холматовни чақирдим. Арматура билан ўша тешикни эҳтиётлаб очдик. Сичқоннинг инидаги томошани кўриб икковимиз ҳайрон қолдик. Она сичқон тушмагур ин атрофини қизил ўн сўмликлар билан келинни уйидек безатиб, ўртасига болалабди. Барча ўнталиклар чайналмаган, бус-бутун. Тойланган пахтадан бир ҳовучини ажратиб, инга тўшаб, сичқоннинг олтита боласига жой қилиб, деворнинг бузилган қисмини суваб қўйдик…

1968 йил.

“Мени алдабсиз…”

Дарвишхўжа тоға Мирзакпаров беғубор ҳазилни жуда ўрнига қўядиган оғаларимиздан эди. Узоқ йиллар давомида Олабуқа туман матлубот жамиятида ҳисобчилик қилиб, нафақага чиққанидан кейин, Сафед Булонга қайтиб, уй қуришга киришди. Пойдеворлар битгач, асосий иш Авазхон Мажидов, Аматхон Мирзашиқов, Абилвой Азибоев ва Адҳамжон Акрамов каби усталар зиммасига юкланади. Навбат сувоққа етган кунларда уста Аматхон ака Авазхон Мажидовдан хонадон эгаси Дарвишхўжа аканинг қизиқ бир одатига ҳайрон қолиб, “Нега у киши сийрак мўйловларини тез-тез босиб, силаб қўяди” деб сўрайди. Уста Авазхон масалага жиддий тус бериб дейди: “Дарвишхўжа ака Олабуқадан кўчиб келгач, қишлоқда “Кўсалар жамияти”ни тузиб, унга Ўзганбой Парпиев, Давронбой Шобдонов, Туманбой Бўрибоев, Носиржон Тўйчибоевларни аъзо қилиб, ўзи уларга раис бўлиб олганидан хабарингиз борми?”

– Ҳа, Давронбой айтувди.

– Раиснинг ўзи ғирт кўса бўлгани учун соқол қўймасдан, пўстакни қийиб лабига ёпиштириб олган. Кўчиб кетмаслиги учун уни тез-тез қўли билан босиб туради. Яқинда Туманбойларга ҳам мўйлов қўйдириб берармиш…

– Ростданми?!

– Ҳа!

– Тавба қилдим! Наҳотки?..

Орадан икки-уч кун ўтади. Бу орада “Ҳорма – бор бўлга” келган Давронбой, Носиржон акаларга ҳам бу ҳақда шипшитиб қўйилади. Дарвишхўжа тоға сирни бой бермай, жиддий юрган кунларнинг бирида бу ҳазилга чиппа-чин ишонган уста Аматхон хонадон эгаси курсида хотиржам ўтирганида бориб дабдурустдан унинг мўйловидан тортиб кўради. Кулги авжига чиқади… Дарвишхўжа тоғанинг мўйлови сохта эмаслигига ишонган Аматхон ака хижолат бўлиб оғайниси уста Авазхонни койиб: – Авазхон! Ёлғончи экансиз!.. Мени алдабсиз, уятга қолдим, – деган сари қаҳқаҳа авжига чиқади.

1975 йил.

“Чўтир қишлоқ эмасми?..”

Юнусхўжа аканинг уйланиш тўйи кутилмаганда анча овоза бўлди. Ҳазил-мутойибага ўч ҳамқишлоқларимизнинг қулоқлари динг. Салгина кулгуга мойилроқ иш юз берса, гапга дўппи кийдириб қўяди. Бу ҳангоманинг бош қаҳрамони Исоқжон ота Муллабоевни домла Обиджон Зоҳидов иккимиз зиёрат қилгани кирганимизда, ўзларини кулгудан зўрға тийиб айтиб берувдилар.

– Турсунбой ука, “Нонни яхшиси патир, одамларнинг яхшиси чўтир” деб тўғри айтишади. Косонсойликлар билан азалдан қудачилигимиз бор. Онамнинг уруғлари, Сизнинг аммангиз Иноятхон, Набижон, Марҳаматхон жиянларингиз билан ўриш-арқоқмиз. Қурвонби хола Ҳасанованинг Косондаги хешлари ҳам бўлажак келинимиз Маъсудахонни Юнусхўжага муносиб кўришади. Совчиликка Шарифхон Ворисовнинг оналари Азиби хола, Эргаш Қосимовнинг волидалари Тўтиби ачалар боришади. Фалакнинг гардиши билан ҳар иккала совчи менга ўхшаб чўтир. Оқлиқ олиб қайтилади. Бир ойдан кейин, тўй бердининг юклари билан холангиз Оминахон опа билан Шамшихон аялар боради. Булар ҳам каминага ўхшаб дўл урган. Қуда тарафнинг гапга чечан форсигўй хотинлари сўраб қолишади.

– Меҳмонлар, башарти Сафед Булоннинг эски номи Чўтир қишлоқ эмасми?

Бу тагдор сўз нима ҳақда бораётганлигини англаб турган опаларимиз сирни бой бермай:

– Йў-ғе! Қадимдан Сафед Булон аталиб келган, – дейишади.

– Қисқаси келинни олиб келиш менинг зиммамга тушди. Тахта фургонга икки отни қўшдим.

Ўчашгандай яна икки чўтир ҳамқишлоғимиз яллачи Турсунхон опам билан Рисолатхонни аравага ўтқазиб, Қўрғонча орқали Косонсойга кириб бордик. Маъсудахоннинг қариндош-уруғлари бизни кўргандан сўнг, ёқаларини ушлаб: – Ана, чўтирларнинг подишолари келишди, – деб турибти-да…

Укаларим, тангрига минг қатла шукрким, тўй кутилганидан ҳам яхши ўтди. Қурвонби холанинг кўнгли ўрнига тушди. Юнусхўжа билан Маъсудахон аҳил яшаб, бир этак фарзандлар кўришди.

“Жип-жип…”

Маманиёз ҳожи Қўзибоев ўта ширинсухан, футболни яхши кўрадиган кишийди. Дадамга ука дўст бўлиб, қаҳатчилик йилларида икковлари Пешқўрғоннинг бозоридан нос тамаки ва мохоркани келтириб, Каравон, Олабуқа туманларидаги фурушандаларга улгуржасига ўтказиб беришаркан. Дадам тўғрисидаги ичакузди саргузаштларни биринчи марта Маманиёз акадан эшитганман. Ҳожи бува тўғрисидаги воқеалардан хабардор бўлган набираларим Тоҳиржон билан Беҳзодлар ўша бувани кўриб келайлик деб илтимос қилишди. Қовун билан тарвуз олиб катта йўлга чиққанимизда Маманиёз аканинг ўзларига дуч келдик. Етовларидаги бузоқни ўтлатиб келаётган эканлар. Сўрашдик, набираларни таништирдим. Одатларига кўра, уларнинг пешонасидан ўпиб, дуо қилдилар. Бироздан сўнг, мактаб томондан чиққан набиралари арқонни буванинг қўлидан олди. Аммо, бузоқ негадир тихирлик қилиб юрмади. Ёнимиздаги ит ҳам тайсаллаб қолди. Болакай ҳарчанд чилвирни силтаб тортмасин бузоқ ўрнидан жилмади.

– Ҳайвонлар ҳам ширин гапнинг гадоси бўлади,– дея ҳожи бува арқонни қўлларига олган заҳоти, бузоқ билан ит юра бошлади. Уйларига етганимизда Маманиёз ака Олапарга ишора қилиб, дарвозанинг ўнг қанотидаги чоғроқ эшикни, – Қани очинг, – деди. Ит буйруқни бажарди. Набираларим гоҳ менга, гоҳ ҳожибувага қарашади. Ҳовлига кирганимизда райҳонларни патлаб турган товуқлар хўрознинг ортидан чопиб ўзларини панага олди.

Бир пиёла чой баҳонасида Маманиёз оға Машраббой Ғаниев билан боғлиқ ҳикояни сўзлаб берди.

– Олтмишинчи йиллар эди, Машраббой тоға Заркент қишлоғидаги нонвойхонада ишларди. Кўнглимиз яқин бўлгани учун вақти-вақти билан гурунглашиб турардик. Суҳбатимизга пашша қўндирмаслик ниятида життирлали деган қушнинг сайрашини ўзимиз учун парол қилиб олдик. Эрта баҳорда келадиган жимитгина бу қушчанинг синчалакдан фарқи бўйнида сариқ ҳошияси бўлади. “Життирлали” десангиз у “жип-жип” дея акс-садо қайтариб, шохдан-шохга учиб атрофингиздан нари кетмайди. Шундай қилиб, Машраббой тоға ҳафтанинг маълум куни дарвозамизни қия очиб, Маманиёз! – “Життирлали” десалар кифоя, камина ичкаридан “жип-жип”, дея пешвоз чиқардим…

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации