Текст книги "Дилнома"
Автор книги: Уктамхон Домлажонова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
– Нима бўлди? – паст овозда сўрадим Мирза акадан.
– Биз қидириб келган одам институт бўйича бригадирларнинг сардори экан. Бугун иккита бригада мусобақа ўйнашиб, жуда олисга, ҳали қўл тегизилмаган далага кетишибди. Ҳозир ректор олдига солиб олиб келишини тайинлаб, бир одамни отга миндириб юборди. Енгил машина боролмайдиган йўлнинг нариги томонида экан…
Мен Мирза ака гапларининг охирини эшитолмай қолдим. Яна саросимага тушдим.
– У-бу нарсани баҳона қилиб йўққа чиқариб қўйса-я… Нега сиз билан бирга бора қолай демадим, нега бунча андишаликман. Қодир ака, шофёр, машинани овора қилиб шунча йўл юриб келиб қайтиб кетавераманми? Йўқ, энди қайтмайман, ўша одамнинг ўзини кўрмагунимча кетмайман, деб қатъий тураман…
Машина, от туёғининг товушидан хаёлим бўлинди. Машина чангитмаслик учун бир оз нарироқда, от яқинроқ келиб тўхтади.
– Топдингизми? – Бу ректорнинг овози эди.
– Ҳа, келишди, – деди отдан тушаётган одам, кўринишидан шаҳарлик эмас.
Шу орада машинадан тушган тўрт киши ҳам келиб, ўтирганлар билан саломлашишди.
– Ҳа, ўртоқ Абдуллаев, диссертант ҳимоядан олдин пахта даласини яна бир кўриб кетсин, дедингизми?
Баланд чиқаётган ректор овози пастлади. У ёғида нималар дегани бизга эшитилмади. Ноқулай аҳволга тушиб қолганлигини сездирмасликка ҳаракат қилиб, биз томон ўгирилган одамнинг хижолатдан қизариб кетганидан сездимки, ташқи тақризга масъул одам айнан шу. Саломлашиб, диссертацияни ўқиб чиқиб, тақризни тайёрлаб қўйганлигини айтса-да, ҳозирги ҳолатда ўзини қандай оқлашга сўз тополмасди. Нари-бери тамадди қилди-ю, биз билан машинага ўтириб йўлга тушдик.
Нима деб сўрасам экан, ташқи тақриз, балки ижобий эмасдир. Йўғ-е, уларнинг кафедра мажлисида диссертация тўғрисидаги маърузам билан қатнашганман-ку, деярли эътирозлар йўқ эди. Мен яна фикр гирдобида айланар, у олдинги ўриндиқда хотиржам ўтириб келарди. Чанг-тўзонли нотекис йўллар орқада қолди. Катта трассага чиқдигу олдинги ўриндиқдан майингина хуррак овози эшитилди. Шофёр Мирза ака ойнадан менга қараб қўйди. Сезмаган киши бўлиб, мен ерга қарадим. Абдуллаевнинг ниҳоятда чарчаганлиги аҳволидан билиниб турибди. Бошимдан ўтган. Мусобақани ташкил этишнинг ўзи бўлмайди. Тонг ёруғида шабнам кўсакларни ювиб турган чоғда пахта даласининг олис қирғоғига етиб бориш, илғор теримчи талабаларнинг кайфиятларини кўтариб, мусобақада ютишлик руҳини жорий этиш, даланинг шунча олис қисмига нонушта, тушликларни етказиб олиб бориш… Шундай ҳаракатда чопиб юрган одам машинага ўтиргач, жони бир оз ором олди, чамамда. Бир оз тетикландими, кўзи уйқуга кетганига узр сўраб, ўзини бошқатдан ростлаб ўтирди ва Мирза ака билан Қишлоқ хўжалиги институти неча йиллардан бери бу туманга ҳомийлик қилиши, пахта терими мавсумида бўладиган ажойиб эсда қоладиган воқеалардан гапириб, ўртадаги жимликни чалғитиб келаётган бўлса-да, мен бошқа томонда сузаяпман.
Институтнинг фалсафа кафедрасига кириб, тақризни олгунимизча қоронғи тушади, эрталаб соат етти бўлмасдан уйдан чиққан эдим. Фарзандларим нима бўлди, ҳеч ким билмайди. Мен 10–12 соат мобайнида қаерда ва қандай аҳволда юрибман…
Бизни пастда қолдириб тақризни олиб тушган Абдуллаев Мирза акага паст овозда нимадир дедида, қайтиб машинага ўтирди. Сабрим чидамадими, қандай ҳолатдаман, билмайман. Сўрадим.
– Яна қаерга борамиз, яна нима камчилиги бор тақризнинг?
– Тақриздаги имзони кадрлар бўлимининг раиси тасдиқлаб муҳр уриши керак. Раисга бориб, бугунги фавқулоддаги ҳолатни тушунтирамиз. Ишқилиб уйида бўлсин, бирор юмуш билан кетган бўлмасин. Фақат тавба деб ёқамни ушлайман, тилимни тишлайман.
Нега бунчалик мен синовлар қуршовидаман, шаҳарнинг қаеридан, қайси кўчасидан кетаётганимизни ҳам англай олмайман. Кундузги соат ўн бирларда еганим чучваранинг қуввати тугадими, асабларим толиқдими, нохуш сезяпман ўзимни ёки иситмам чиқяпти ёки тинимсиз машинада юрганимдан кўнглим беҳузур. Қандайдир тўққиз қаватлик бино олдида тўхташди. Абдуллаев машинадан тушиб, ичкарига кириб кетганича узоқ вақт йўқ бўлиб кетди. Машинадан тушдим. Атроф назаримда шундай тор, шундай торки, сиғмаяпман. Шайтон васваса қилишдан тинчимайди. Мирза акадан яширган ҳолда аччиқ-аччиқ йиғлаб олдим. Рўмолчам сумкада, машинада қолган. Бош бармоғимни тишлаб машинанинг орқасига ўтиб, суяниб зўрға турибман. Абдуллаевнинг бинодан чиқиб келганини ҳам сезмабман.
– Диссертантимиз мана шу қиз, – Абдуллаевнинг овозидан ҳушёр тортдим.
Қаршимда кайфияти нимадандир норози, ўрта бўйликкина аёл турибди. Сидқидилдан саломлашмади. Ҳақиқатда, кеч кириб қолганда уйидан безовта қилишимизнинг ёқмаётгани аниқ сезилиб турибди.
Кечирим сўрадим. Нима учун шунча югур-югур бўлганимизнинг сабабини тушунтиришга ҳаракат қилдим.
“Шу ишни эрта кундуз куни қилса ҳам бўлардику”, деган аниқ жавобни уқиш қийин эмасди унинг ҳозирги муносабатидан.
Яна бир оз кутишдан сўнг тақриз қўлимизга тегди. Раис аёлни, Абдуллаевни олиб бориб қўйиш ташвиши бошланаётган эди менинг хаёлимда, Абдуллаев Мирза акага қўл узатди:
– Сизларга муваффақият тилаб хайрлашамиз. Узр, ҳимоя қилиш ўзимни ҳам бошимдан ўтган эдику, бу сингилни бир оз қийнаб қўйибмиз-да, раис опани уйларига ўзим ташлаб ўтаман, тонг ёришишга далага етиб боришим керак…
Чиройимиз бир оз очилган ҳолда хайрлашдик. Хиёбондан ўтиб, Офицерлар уйига етмасимиздан яна синов: машина бузилди. Мирза ака анча ғивирлади. Бир-икки машина ҳам тўхтади. Бир шофёр танишроқ эканми, юкхонасидаги сумкасидан қандайдир сим чиқариб ўзи ҳам ёрдамлашди. Шукур. Ҳар қалай юрди, Хадрага келганида яна тўхтади. Кўчада машина ҳаракатлари анча сийраклашган, вақт алламаҳалга бориб қолган кўринади.
Мирза ака машина билан овора. Бирдан ўзим сезмаган ҳолда “вой”, деб овозим чиқиб кетди.
– Нима бўлди яна? – энди Мирза аканинг овозида норозилик оҳанги.
– Кечирасиз, биринчи оппонентга қўнғироқ қилишим керак-ку, тақризни олсангиз хабар қилинг, кеч бўлиб қолди деб тортинманг, деган эдилар. Нега боя институтда турганимизда хаёлимга келмади, ахир, у ерда телефон бор эди-ку, яна қаёққа чопаман, бу ишни эрталабга қолдирсам, қўнғироқ қилишим учун шаҳарнинг бирон жойига чиқишим керак. Бу атрофда автомат телефонлар ҳам йўқ.
– Ҳа, топдим, топилди.
Оёғи куйган товуқдай питиллаётган одам, уловини йўқотиб топиб олган одамдек суюниб кетдим. Ўша йиллари университетнинг тарих, шарқшунослик, филология факультетлари дорихонанинг тепасидаги баланд иморатда эди. Мирза ака ўзи билан ўзи овора, бошини қашийди. Чеккасини ушлайди, папирос чекади. Мен баланд зинадан чиқиб факультет эшигини тақиллатаяпман. Қани энди, қоровул эшита қолса. Охири эшитдими, коридорнинг нариги бошидан хотиржам юриб кела бошлади. Кўрдики, эшик қоқаётган мен, аёл киши.
– Тинчликми, хизмат, – дегандек эшикни очмай қараб турибди. Хаёлимга бир фикр келди. 03 рақамини ёздим. “Тез ёрдам”ни чақиришга телефон қилиш кераклигини ишора билан тушунтирдим. Эшикни очди-ю, менга бошдан оёқ разм солди. Узр сўрадим, шу ерда ишлашимни айтиб, ўзимни таништирдим. Қўнғироқ қилишим зарурлигини ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдим. Гапираяпман-у, зўрға ўзимни тутаман. Столини ён томонидаги тумбасини ичига солиб қўйган телефонни олишга шошилмайди ҳам. Тумбани очаётиб узоқ эснади. Аппаратни столга қўйди, рақам тераяпман, қўлим қалтирайди. Олимларни тун қўриқчиси деб бекорга айтишмаган экан. Икки марта чақирмасданоқ гўшак кўтарилди. Саломлашишни ҳам унутдимми, тақриз қўлимда эканлигини айтдим.
– Эй, яхши, қандай яхши, мен ҳам яхши ният билан диссертациянинг айрим бўлимларини қайтадан кўраётган эдим. Ўзим бораман, менга машина керак эмас.
Гўшак қўйилди. Қоровулга минг миннатдорлик билан чиқяпман. У ҳамон ҳайратомуз қарайди. Пастга тушдим, Мирза ака икки чаккасини ушлаб ўтирибди. Демак, “етиб” келганмиз. Саволга ўрин йўқ.
– Энди на илож, дейман ўзимга ўзим. Бирорта такси тўхтатиб кетаверай десам бизнинг мавзега ҳеч қайси такси унамайди. Қайси томондан келсам ҳам уйга етмай тушиб қолишим, қолган йўлни ҳайдалган ер устидан пиёда босиб келишим керак. Ҳозирги аҳволда мени ёлғиз жўнатишга Мирза ака ҳам унамаса керак. Машинанинг капотини очиб қўйган. Қўлини белига қўйиб ўрнидан турди. Яна машинанинг нимаси биландир куймаланаётган эди, шаҳарни айланиб юрган милиция патрули мотоциклда келиб тўхтади. Саломлашишди, ҳужжатларни кўрди. Мен ҳам яқинроқ бордим. Саломлашиш ўрнида савол билан юзландим:
– Укам, исмингиз нима?
– Исмим Саъдулло, – патрул ходими менга ажабтовур қаради.
– Жон укам, бизга ёрдам қилинг, ками 14 соатдан бери йўл ҳаракатидамиз. Шундай масала билан ўралашиб қолдик. Исмимни, иш жойимни, ярим кечада шофёр билан ёлғиз юриш сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилаяпман-у, барибир йиғи мендан устун келди.
– Қаерда турасиз?
– Саъдулло, “Юбилейний”дан у ёғи атиги уч чақирим-ку, лекин йўлимиз оғир, янги участкалар, ҳайдалган дала, ҳали тайинли йўл йўқ.
– Мотоцикл юра олса керак дала йўлидан.
Мирза ака лейтенант Саъдуллони қўлини қисиб, бағрига босди:
– Раҳмат, раҳмат-ей сизга, машина бузилгандан ҳам бурун бу сингилнинг уйига етиб олишидан тинчланмай хижолатда эдим, раҳмат, ҳимматингизга раҳмат.
Неча марта “раҳмат” сўзини ишлатди, мотоцикл кажавасига ўтириб, Чорсудан ўтиб қолганимизда ҳам Мирза аканинг раҳмати садоси жарангларди. Етиб келдик. Стол устидаги лампа ёқиқ. Мотоцикл овозига турмуш ўртоғим югуриб чиқдилар. Безовталиклари сезилиб турибди. Бийдек дала ўртасида кўтарилган том.
Мени етказиб келган милиция формасидаги бу йигит билан аввалдан қадрдондек самимий сўрашдилар. Ўтиришга имконияти йўқлиги, тунда навбатчи эканлигини айтиб, тезда хайрлашди лейтенант Саъдулло. Уйга кирдим, катта ўғлимнинг боши ёстиқда, иккинчиси унинг оёқ томонига бош қўйиб кўндаланг ётибди. Учинчиси уйқусида мени излаганми, акаларидан бир оз узоқда, ўзи ёлғиз. Соат тунги иккидан ошганлигига кўзим тушди. Ўнқир-чўнқир бўлса ҳам, ўзингни уйинг-да. Бир оз нарироқдан катта ариқ ўтарди. Йиғимни дадасидан яшириб, ўзимча муздек сувга юзимни ювиб келдим, назаримда ташвишларимни, менга тинчлик бермаётган руҳий кечинмаларни ҳовучимга жамлаб туриб сув олиш баҳонасида тунда сокин оқаётган сувнинг кенг бағрига ташладим. Сув ичига ютди-ю, узоқларга, жуда узоқларга олиб кетди. Мен кутаётган мусаффо эзгуликни бўшаган ҳовучимга тўлдириб, сув билан бирга олдим. Юзимга суртдим. Салкам ўн йиллик изланишим ҳосиласи – диссертацияни варақлаб, мусаффо тонг отганида кўзимга мудроқ келаётганини сездим.
Қодир ака Фозилхўжаев, илмий раҳбарим ва устозим К.С.Содиқов ҳақидаги хотиралар туганмасдир. Мен уларнинг одамийлигини, интилувчан, қизиқувчан, мушоҳадага бой бўлган кадрларга бефарқ қарамасликларини, боғбон боғдаги ниҳолни қандай парваришлаб, унинг ширин ҳосилидан бутун юртни баҳраманд этгани каби илмга муштоқ ниҳолни эъзозлаб, парваришидан эринмаган юқоридаги устозлар ҳақида хотиралар туғёнидаман. Дуоларда ёдга олиш билан шундай саҳоватли одамларнинг меҳрига муносиб этганидан Яратганга ҳамд этаман ва хотиралар саҳифасини тугатмаган ҳолда кўп нуқталар қўяман.
Саида опа Нарзуллаева, ҳассос шоира Зулфия, М.Шайхзода, Ғ.Ғулом, Озарбайжон университетининг доценти Х.А.Эфандиев, Коммуна Исмоилова, олий тоифадаги хирург Ўринбоев, университетдек муқаддас даргоҳда илмий, ижтимоий, тарбиявий соҳаларда фидоийлик қилиб, олим ва олималик заҳматлари ва машаққатларини мардоналик билан енгган, ибратли фаолиятлари билан ўрнак бўлган замондошларим, тенгдошларим ҳақидаги хотираларни сиз ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилишни ва шу орқали сиз билан яна суҳбатлашишни умид қиламан.
ОНАМАН – ЁНАМАН
“Улуғларим сўз очмиш улуғ кунда”.
Ушбу шеърий мисрани кўп эслайман. Аммо муаллифини эслай олмайман. Маданий-маърифий соҳада ташкилий ишларга берилиб юрган пайтларимда баъзан ҳаваскор қаламкашларнинг ижодлари билан ҳам қизиқар эдик. Балки қайсидир ҳаваскор шеърининг бир мисрасидир.
Мен бу мисрани яхши кўрганимнинг боиси – яшаб турган ҳар кунимизни улуғ деб биламан. Ўша кунда қандай воқеа бўлишидан қатъи назар. Чунки ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган, ибтидоси ва интиҳоси бизга номаълум бўлган Буюк Зот ҳар нарсани жуфти ҳалоли билан яратиб, танҳоликни ўзида қолдирди. Бизга “Ақл” неъматини ато этиб, бошқа махлуқотлар ичида улуғлаб қўйди ОДАМни. Юқорида онамнинг охирги нафасларида айтилган учта жумла, аввало, мен учун “Улуғим” томонидан айтилган сўз, қолаверса, улуғ кунларга муяссар этишини кейинроқ англаб етдим.
Қўлингни очиқ қил,
Мен ҳақимда икки қаторгина ёднома ёз,
Имкониятингга қараб мен учун зиё…
Волидам, мураббиям етимлигимизни ардоқлаб, қўлларини қадоқлаган онаизоримнинг юқоридаги охирги сўзларини оғир сукутда туриб эшитмаганимда, бунга қалбан бепарво бўлганимда китобча саҳифаларидаги сатрлар қоғозда қораланмасмиди…
Фарзанд, фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи, масъулияти ва ота-она оламдан ўтишгандан кейинги армон-изтиробларини, ўкинч ва соғинчларини ҳамда ўзига тасалли беришга қиладиган саъйҳаракатларини мушоҳадали, кенг фикрловчи, китобни дўст тутиб бағрига босувчи ўқувчиларнинг ҳукмига ҳавола қиламан. Китобчанинг ижобий фазилатлари онам дуоларининг ижобатидан, қусур ва камчиликлари она қалбидек ёна олмаган мен фарзанднинг ношудлигидандир.
Бизга тайин этилган элликбоши эринмасдан ҳар биримизни исми-шарифимиз билан чақириб танишиб чиқди. Ҳаж сафари давомида биз масъул бўлган ҳоллардан яна жиддий огоҳлантириб, автобусга чиқишимизни таклиф қилди. Мен Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунавварани бундан олдин ҳам зиёрат қилган бўлсам-да, эндиги ҳаж сафаримнинг масъулияти айни пайтда ўзгача эди. Автобус аэропорт томон қўзғалди-ю, хотиралар гирдобида қолдим. Айниқса, охирги борганимдаги Арофат, Мино, Муздалифадаги ҳаж рукнларини адосига етказиб, Каъба билан хайрлашишдаги айтмоққа оғир бўлган дақиқалар… қандай хайрлашасан?! Сўнгги покиза ниятлари ила хайрлашмоқ учун Каъбага кириб келаётган ҳожилар, ҳожи оналар, …улар юриб келмаяпти, оқиб келишяпти. Океан, денгиз тўлқинлари ҳайқириб отилиб қирғоқларни тозалагандек буюк инсоний ва илоҳий туйғу билан оқиб кириб келяпти. Ҳожилар илож қилса-ю, Каъбани қучоқлаб овози борича ҳайқирса. Йўқ, ундай қила олмайдилар, фақат диллар Оллоҳга юзлангандек қайсидир ҳожининг қўллари юқорироқ, баъзисиники пастроқ, кимникидир елкасидан юқорида бўлса, кимдир оломонда сиқилиб қолишдан қўрқиб ўзини четроққа олишга уринади, оломон кириб келяпти. Мен ҳам охирги илтижоларимни айтиш умидида лабларимни жуфтлайман. Ҳали гапирмасимдан кўзларим ёшланади.
– Оллоҳим, – дея осмонга қараб юзлангандим олдинлари зиёратга келганимда ҳам. Макканинг қоп-қора осмонига кўп қараганман. Бизнинг шаҳримизда, бошқа шаҳарларда кўрганим каби Макканинг осмони мовий эмас. Оллоҳнинг муқаддас уйини неча бор зиёрат қилган бўлсам-да, Макка осмонида юлдуз кўрмадим. Ҳожилар лаббайка… деб қадам босганларидан бошлаб Оллоҳдан битта нарсани: оталарини-оналарини, қавмларини, ўтган ва келаётган зурриётларини алалхусус, ўзларининг гуноҳларини улуғ Зотнинг афв этишини ва ҳаж амалларини бажариб бўлишгач, янги туғилган гўдакдек бегуноҳ бўлиб, янги руҳият билан қайтишларини сўрайдилар. Миллион-миллион ҳожилар гуноҳи ғуборининг кўкка кўтарилишидан Макка осмонининг бағри куйиб, қорайиб кетмасмикан?! Бу қоронғилик юлдузлар нурини тўсиб, уларни ҳам қоронғилик қаърига тортмасмикан?!
Нималарни ўйлаяпман. Ўн саккиз минг оламни яратган Оллоҳнинг қудрати олдида бу қоронғилик балки ҳеч гап эмасдир. Умид, қўрқув, далил, ҳалол, ҳаром, хизмат, фазилат, шифо, мужда, жазо, ҳасрат, қўйингки, ер юзига халифа қилиб яратгани инсоннинг жамики қусур ва фазилатларини шарҳлаган Оллоҳнинг каломи Қуръон, балки Макка осмонининг қоп-қоралиги тўғрисида ҳам далил келтиргандир. Оллоҳим, Қуръонингни ўқишга муяссар айладинг, мазмунини ҳам чуқур англамоқликка нусрат бер, мени кўнгил қоронғилиги ва жоҳилликдан чиқариб, илм ва фаҳм нури билан ҳурматлагин, деб илтижо қилганман. Айта олмаётган тилакларим кўз ёшларим орқали тўкилганди. Оломоннинг тўлқини ўз қаърига тортишидан қўрқиб, орқам билан зўрға босаётган қадамда олдинга ўгирилгандим. Қалбимда фақатгина Оллоҳ биладиган армонли орзуимни Оллоҳнинг меҳмонхонаси-ибодатхонасининг саҳнида ўзига юзланиб айтмоқликка журъат изладим.
– Оллоҳим, Сен ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган илоҳсан, Сенинг ҳожатинг йўқ, менинг ҳожатим бор. Сен ошкора ва пинҳона сирлардан воқифсан. Мен ҳеч нарса билмайман. Фақат Сен билдирганингча билмоқликка қодирман.
Онамнинг охирги сўзларини мендан олдин Сен эшитгансан. Бир умрга орзу бўлиб, менга омонатга қолдирган, армон ила олиб кетган ниятидан Сен бохабарсан. Сенинг фазлингни, карамингни, қудратингни, ошкора-ю пинҳона гуноҳларимни эътироф этаман. Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара каби муқаддам муаззам уйларингга меҳмон қилиб чорладинг.
Онамнинг охирги сўзларини бажаролмасам, қандай қарайман кўзларига?! Тириклик ҳаётимда нима қилдим онамга?! Армонли орзуси учун мени яна чақир. Онам учун, ҳа, онам учун тавоф қилай, онам учун…
Аэропорт радиосининг овози хаёлимни бўлиб юборди:
– Рўйхатдан ўтган ҳожилар, автобусга чиқишингизни сўраймиз…
Одамлар ажойиб ёки ҳаж сафарига кетаётганлар шундай бўлишадими?! Кутиш зали жонланиб кетди, ҳамма шошиб қолди. Худди кутиш залининг эшигидан чиқибоқ Макканинг эшигига кирадигандек бир-бирини туртишиб олдинроққа ўтишса… Бу ҳолатни зимдан кузатиб турган элликбоши айрим ҳожиларнинг хатти-ҳаракатига маъноли қараб қўярди. Шундай ҳолатда самолётга ҳам ўтирдик. Ким нима хаёлда, фақат Оллоҳга аён. Йўл давомида ширин суҳбатлар, маърузалар бўлди. Маълум вақтдан сўнг самолётимизнинг Мадина аэропортига қўниши эълон қилинди. Яна жонланиш. Кимлардир биринчи келаяпти, кимлардир бундан олдин ҳам келган. Оллоҳнинг қудрати ила кўк йиғлаб, ер кулгандек, ҳожилар кўзларининг намланишидан Мадинанинг чиройи гўшангадан чиққан келинчакнинг чиройидек очилганга ўхшаб кетади. Равза томон ошиқаётган ҳожиларни келинчак кузатиб қолаётгандек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни зиёрат қилиб, саломларни топшириб, Равзадан чиқаётган ҳожиларни келинчак кутиб олаётгандек. Илм, жўмардлик, ҳаё, сабр, парҳезкорлик, қўрқув ва адаб собит бўлган бу зиёратгоҳда Пайғамбаримиз (с.а.в) равзаларини қўриқлаш учун фаришталар хизмат қиладими?! Бизнинг кўзимиз кўриши мумкин бўлмаган фаришталарнинг хизматларидан бу шаҳар шундай сокин, шундай файзли, шундай фасохатли, шундай зийнатлими!?
Биринчи марта ҳаж зиёратига келиб-кетганимдан сўнг онамнинг қабрлари тепасида узоқ ўтирганимни эслаяпман.
– Онажон, сиз орзу қилиб бир умр ета олмаган зиёрат менга насиб этди. Қай бирини сўзлаб берай сизга. Эҳром кийганларни ажрата олмайсиз. Ким шоҳ, ким гадо. Ким Оллоҳ ва Унинг Расулининг розилиги ёки бошқа ниятда келган. Ким аравачада, ким онасини опичиб тавоф қилдиряпти. Оёқлари мажруҳ бўлганлар эмаклаб кириб келишаяпти. Уларнинг билаклари ҳам қандайдир ингичка. Қўл панжалари ва тиззаларининг кўзига таяниб тавоф қилишаётганларини кўрганимда неча дақиқа маҳлиё бўлиб қолганимни сезмаганман.
Аравачада ўтириб бошқарувчининг ёрдамида тавоф қилаётганлар менинг назаримда ҳозирги кўриб турганимдагиларга қараганда соғлом эди. Бу ногиронлар учун шундай зиёратни уюштирган ташкилот уларга аравачалар ёллаб беролмадимикан?! Сабрим чидамади. Мен каби уларнинг тавоф фаолиятини зимдан кузатиб турган ҳожига юзландим:
– Буларга ҳеч ким ёрдам қилмайдими?
Хўрлигим келди. Гапимни эшитган бу ҳожи мен қаердан билай маъносида елка қисди. Тавоф қилаётган ногиронлардан бири ё тавофи тугаган, ё бир оз дам олмоқчи. Бизга яқинроқ жойда ўтирганди. Мени ҳаяжондан улардан кўз узолмай турганимни сездими, икки қадам эмаклаб менга юзланди. У кўзи орқали осмонга ишора қилар, мен Оллоҳ деган сўздан бошқа ҳеч нарсани тушунмас, инглиз тилида куйиб сўзлар, ҳар уч, тўрт калимасидан кейин Оллоҳ сўзи такрорланарди. Инглиз тилини менга қараганда дурустроқ биладиган бошқа бир ҳожи мен анграйиб тушунолмаган гапларини қуйидагича изоҳлади: “Оллоҳ, ҳар бир неъматимдан ҳисоб оламан, деган улуғ Зот. Бу неъматларнинг ҳисобини бериш вақтида нима деб жавоб қиламиз? Тавофда ишлатмай, ўзимизни аяб аравачада айланганмиз, деймизми”, – деяпти. Бу ногирон ҳожилар Франциядан келишган экан. Бу қисқа суҳбатдан Оллоҳнинг қудратига ҳамд этган ҳолда қалбимда кечган саволнинг ноўринлигидан ўзим мулзам бўлиб қолдим.
Каъбадек муқаддас жойда Оллоҳ билан юзланишнинг файзи ҳақида, Сафо ва Марва орасидаги сайрда Ҳожар онамизнинг руҳлари кўрингани ҳақида ва бошқа кўп хотираларни сўзлаб:
– Онажон, охирги сўзингиз эсимда, эсимда неча йиллар мобайнида Каъбани тилга олиб ета олмаганингиз, менинг илтижоларимни зиёрат қилганларнинг қаторида қабул қилгин, деб жойнамоз устида тўккан ёшларингиз, гапларингизнинг мағзини чақа олмаган бўлсам-да, эрта тонгда жойнамоз устида узоқ ўтирганларингизни кўрпа ичидан бошимни сал чиқариб кўп кузатганман. Эсимда менга айтган гапингиз:
– Муяссар, сен кўпроқ ишлагин. Пулинг кўп бўлса, аввало, ўзингга, кейин мен учун бир зиёрат қиласан…
Сиз шунда “Шарқ гули” артелининг уйдаги ишчиси эдингиз. Сиз олиб келган ишга кўчамизнинг қизлари ҳам қарашиб юборишарди. Пулнинг кўпини улар олиб қўйишидан қизғанибми, ямоқлардан оғирлашиб кетган лампа шишанинг хира нурли томонини ўзимга қаратиб, қўлимда игна, кўзим китобда шеър ёдлардим.
..На хотин, на фарзанд кўрмаган,
Кимсасиз бечора бир йигит.
Пода ҳайдаб қирга кетарди,
Майса гиламларга етарди…
– Шеърингни тезроқ ёдлаб ухлайқол, мактабинг узоқ, барвақт туришинг керак, – сиз менинг дарсимни қизғанар эдингиз.
Болалик тасаввуримнинг қанчалик соддалигини ниҳоятда кейин тушундим, онажон. Ўзимга ва сизга зиёратга бориш учун бунча узоқ йиллар кераклигини, зиёрат учун иқтисодий харажатлардан ташқари маънавий етук бўлиш лозимлигини жуда кеч тушундим. Ҳаёт сабоқлари бўлмаганда, сизнинг ўгитларингиз муҳрланиб қолмаганда… балки мен ҳам… бошқа гапиролмадим. Оғир хўрсиндим. Садо чиқмайдиган қабрдаги онам ўз аслида кўзимга кўринарди. Бағрига босмоқликка истаги бор. Талпинаман, аммо ўртамизда қандайдир масофа бор. Кўзёшимни тия олмайман. Хўрсинаман, йиғлайман, ўксинаман, йиғлайман. Менинг назаримда онам бир умр орзу қилган зиёратгоҳдан мен келдим-ку, бу дунёнинг ҳамма зийнатларини тарк этган онам қабрда хотиржам. Йўқ, унинг асли хотиржам эмаслигини икки кундан сўнг тушимда кўрдим.
Мен ҳаж сафарига тайёрланаяпман. Ибодатларим чалалигидан афсусдаман, Қуръон сураларининг мазмунини тўла-тўкис тушунмаслигимдан надомат чекаман… бу ҳолатларимни узоқдан кузатиб турган онамни сезмайман.
– Муяссар!
– Вой, онамнинг овозлари. – Атрофга аланглайман. Онам йўқ, кўра олмайман.
– Муяссар!
Яна онамнинг овозлари. Чор атрофга қарайман. Баланд, баланд қасрли иморатлар, одам шундай кўп. Ҳаммаси бир хил, оппоқ кийинган. Тоғлар, қайсидир тоғнинг тик қоясида қўллари билан Оллоҳга юзланиб онам турибдилар. Мен улар томон юрмоқчиман, лекин оёқларим жойидан силжимайди. Овозимнинг борича бақираман, эшитмайдилар.
– Муяссар!
Онамнинг меҳрибон босиқ овозлари. Мен уларни эшитаман, улар мени эшитмайдилар. Онамнинг овозларини бўлмасдан эшитмоқдаман.
Ортда қолди уйим-жойим,
Ортда қолди дўсту ёрим.
Қолдинг сен ҳам Муяссарим,
Қолди ширин набирам ҳам.
Қолди бунда набиралар,
Туғилажак абиралар.
Вақти етган кетар экан,
Қолар фақат хотиралар.
Фарзандларинг бағрингга ол,
Онасан-ку, ардоқлагин.
Сирдош бўлгин суҳбатларда,
Меҳринг ила эркалагин.
Онам ўзи турган тик қоядан эҳтиёткорлик билан тушиб, мен томон юраяпти. Қўлидаги нарсасини менга узатди. Бу менга таниш бўлган кўп варақли қалин дафтар. У авайлаб қўлимга тутқазар экан, ялинган оҳангда менга юзланди:
– Қизинг Мунирахоннинг дафтари. Қизим Муяссархон иккита бўлди, деб беҳад қувонгандим. У ғунча пайтида Оллоҳ ўзига азиз қилди, дафтарчасидан ўқигин.
Онамнинг дафтар узатган қўллари муаллақ қолди. Дафтарни ўртамиздан ким кўтарди, буни ҳам сезмай қолдим, онам маъюс ҳолда менинг қизим ҳақидаги марсиямни тингламоқдалар.
Умидим шулмиди, ё Раб,
Қизгинамни олиб қўйдинг.
Мунирамдан жудо айлаб,
Алиф қаддимни дол қилдинг.
Оқ матодан сарпо тикиб,
Қора ерга бошин қўйдинг.
Жаннат боғин ваъда айлаб,
Уйгинамдан олдинг-кетдинг.
Қаторидан хато қилиб,
Жудоликни менга битдинг.
Армонларим тоғ-тоғ эрур,
Она қиздан жудо қилдинг.
Орзуларин айтдирмадинг,
Писта лаби химо қилди.
Ҳаммамизни бир-бир излаб,
Кўзи билан имо қилди.
Бизни алдаб олиб қўйдинг,
Кўнглида не нидо қилди.
Маҳшар куни эшитгайман,
Сўзларидан жудо қилдинг.
Копток ушлаб, тўплар тепиб,
Чопиб-чопиб ўйнарди-ку.
Болаликнинг қувноқ куйин,
Сози билан куйларди-ку.
Тўпдек тутиб илиб олдинг,
Сайёд бўлиб олдинг-кетдинг.
Тутқин қилиб гўрга солдинг,
Куйларидан жудо қилдинг.
…Кечир мени қўғирчоғим,
Афғонларим беҳудадир.
Тинч ухлагин, ором олгин,
Мунчоқ кўзинг уйқудадир.
Тупроқ оғир, йўлинг қаттиқ,
Қайтиб энди келолмайсан.
Гуллар сочай қадамингга,
Барибир, сен юролмайсан.
Баҳорда кел, илк чечаклар,
Қадамингга бошин эгсин.
Ғафлат босди, бериб қўйдим,
Армонингда онанг куйсин.
Кузда келгин, ёздек қилиб,
Мева-чева сочиб ташлай.
Қучоғимда беркиниб ол,
Кўрсатмайин кўзим ёшлай,
Қишда келгин баҳор бўлиб,
Даста-даста гул тутгайман.
Дардларимни сенга айтмай,
Қучиб сени, сир тутгайман.
Олти ёшга ўтди ёшинг,
Қўғирчоғим, билмадинг сен.
Кўп совғалар атагандим,
Овунчоғим, сезмадинг сен.
Кўзим тўрт бўлиб кутдим,
Кўзмунчоғим, келмадинг сен.
Мен фарзанд доғида қуйи эгилган бошимни кўтариб онамга юзланмоқчи эдим, қай кўз билан кўрайки, қаршимда онам йўқ. Аввалги кўрганим баланд қоя устида қўлларини дадил кўтариб Оллоҳга илтижо қиляпти:
– Раҳмдил Оллоҳ! Онаизори учун ҳаж сафарини ният қилган фарзандим Муяссар ўзингга омонат. Мени севинтириб, бу неъматни бергандинг. Менга оманатлигига иқрорман. Ёлғон дунё ташвишлари билан бўлиб, уза олмай қолган фарз қарзимни онаси ўрнида Ўзингга ният қилган Муяссаримнинг ниятини, ўзини омон сақлашингни илтижо қиламан…
Онамнинг овозлари узоқларга кетиб қолди. Эшитилмаяпти, шунча талпинаман ета олмайман. Азон чақирилаяптими, кўпчилик ҳожилар масжиди Набавияда, кўпчилик масжид йўлида, қолганлар шошилинч тарзда масжид томон оқаётган оқимга қўшилмоқдалар.
Менинг кўз олдимда қоя устида онам қиблага қараб Оллоҳга юзланган, кўрган тушимнинг таъбирини шарҳлай олмай оқимга қўшилишга шошиламан.
Шу бугун шом намозидан кейин Масжиди Набавия билан хайрлашамиз. Мийқотга кириб, ҳаж сафари учун ният қилиш маросимидан ҳаяжондамиз.
Мен нима қиламан – кўнглимга ғулғула тушиб қолди. Онамнинг кўнглидагидек ният қила оламанми? Онам 88 ёшларида бу дунёдан рихлат қилдилар. Агар 80 ёшларида зиёрат насиб этганида нима деб ният қилардилар-а? Ундан олдинроқ бўлганда-чи? Ният учун онам ўрнида Оллоҳга юзланганимда онамнинг дилидаги ниятини Оллоҳ ҳузурига етказа оламанми? Онам кўпни кўрган, меҳнат билан суяклари қотган, ёшгина бева қолиб, рўзғорда ҳам эркак, ҳам аёл бўлган, биз вояга етиб, қўлларидан бир ишни олгунимизча ҳеч кимга сир айтмай аравани ёлғиз ўзи тортган… Шундай вақтлар бўлардики, овқатни тикув машинаси устида еб олардилар. Ёки вақтни қизғаниб ёки ниҳоятда чарчаганликлари сабабли. Онам Саидумархўжа қизлари Мавжудахон учун ҳаж сафарини адо этмоқликка ният қилдим, деб қўяқоламанми? Кимдан сўрасам экан, бошқалар қаердан билсин мен онам учун зиёратга келганимни. Нима учун бу жиддий масалада олдинроқ бош қотирмадим. Ўша тушимда кўрганим баланд қоя устида онам бежиз турмаган экан-да. Тушимда кўрганим ҳамма оқ кийимдагилар ҳожилар, нега менинг онам баланд қоя устида. У қўлини кўтариб, Оллоҳга юзланганича узоқ турди-ку. Нега унинг гапларини эшитишга қодир бўла олмадим? Оллоҳим ўзинг нусрат бер, мен нима қилай? Қандай сўзларни айтсам онамнинг кўнглидаги ниятини топа оламан.
Шерикларим чиқиб кетишди. Йиғи келяпти, ўзимни тийишим қийин.
– Оллоҳим, онам учун ҳаж сафари ниятида адо этган икки ракат намозимни холисалиллоҳ Ўзингга топширдим. Баланд қоя устида туриб қўллари ила Сенга юзланган онам Сендан неларни илтижо қилди, фақат Ўзинг эшитдинг. Пинҳона ва ошкора сирлардан фақат Ўзинг огоҳсан. Ҳаж сафари давомида онамнинг илтижоларини адо этмоқликни менга – фарзандига мушарраф этишингни ва савобини онамга ёзишингни Сендан ўтиниб сўрайман.
Бу айтилган сўзлардан кўнглим тўлмаса-да, на илож, имконият бўлса-ку баланд қояда турган онам яқинроқ тушиб, мени ҳар дақиқада огоҳ этиб турсалар, қабрларини зиёратига борганимда тиловат қилгач, узоқ вақт кутардим. Нимага кутардим, нимани кутардим, ўзим жавоб тополмасдим.
Сукут билан термиламан,
Садо чиқмас қабрлардан.
Мен келдим, деб ёлбораман,
Садо чиқмас қабрлардан,
дея ортимга қайтардим.
Ҳозир на қоя устида турган онам олдига чиқа оламан, на қабр тепасига бора оламан. Ўзим учун ҳаж сафарига келганимда бунчалик қийналмагандим-ку. Ўшанда ҳам ҳар қадамда гўё онам билан бирга эдим. Автобуслар Мийқотдаги бекатдан бирин-кетин қўзғалишяпти. Мен ўзим ўтирган 11 рақамли автобусни тополмай гир-гир айланиб қолдим.
– Кетиб қолган бўлса-чи? – муздек тер чиқиб кетди. Автобус бекатини бир неча марта айланиб чиқдим. 11 рақамда “Ўзбекистон” деб ёзилган автобус йўқ. Бундай ҳолатда ҳамроҳинг фақат йиғи экан. Айланавериб чарчадимми, оёқларим толиб ўтириб қолдим.
– Йўқ, юзароқ жойда ўтириш керак, мени биров кўрмаса ким мендан сўрайди, нима қилиб ўтирибсан, деб. Юзароққа чиқиб йиғлаб ўтиравердим. Ўзимни юпатолмайман. Аччиқ изғирин кезяпти. Автобус бекати анча бўшаб қолди. Ҳов нариги томонда ҳам бир аёл изиллаб юрибди. Менга ўхшаб автобусини тополмаяпти шекилли. У аёл юрмаяпти, гўё учяпти: ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа. Амаллаб аёл томон юриб, баланд овозда бақириб уни тўхтатдим:
– Ҳожи она, Тошкентданмисиз, мен адашиб қолдим.
Ҳайриятки, ўзбек аёли экан. Овозимни эшитиб мен томон учди. Қизиқки, бу аёл ҳам 11-автобусни қидираётган экан. Ҳали бир-биримизни яқиндан танимаганимиз сабабли бир автобусда келиб, эътибор қилмаган эканмиз-да. Аёл жойида туролмасди. Ёши етмишни оралаб қолган бўлишига қарамай, чайиргина, зуваласи пишиққина. Узоқ-узоқларда турган автобусларнинг олдигача ҳам бориб келар, менга яқинроқ келганида:
– Нега қаққайиб турибсиз, энди нима қиламиз, қолиб кетдик, наҳотки чолим, юрмай тур, ёнимдаги кампирим йўқ, демадилар… – яна нималарнидир ғудраниб бекатнинг бошқа томонига қараб чопарди.
Орадан қанча вақт ўтди. Хаёл қаерларга олиб кетмади. Қоронғида чироқ ёниб, атроф равшан бўлиб кетгандек ўзбекнинг овози эшитилди:
– Ҳу, ана, турган аёл бўлса керак, хомуш турибди-ку, иккинчисини қаердан топамиз энди?
Овоз келган томонга юзландим. Автобуслардан бўшаб қолган бекатхонага яна автобуслар кириб келяпти. Овоз берганлар мен томон юриб келишаяпти. Адашиб қолиб, уларни овора қилганимдан хижолатдаман. Бояги тўрт томонга чарх ураётган аёлни топиш машаққати бошланди. Мени яна юзароқ жойга олиб чиқиб, қимирламай туришимни тайинлашди. Ҳайриятки, иккинчи адашган ҳам топилди. Бизни ўз автобусимизга олиб боришганида тамом бошқа бекатга кириб излаганимизни тушундим. Автобусда бизни кутиб, тоқатлари тоқ бўлган ҳожилар олдида чеккан хижолатимни сўз билан айтолмайман. Сокин тунда Маккага қараб юраяпмиз. Маккага етишга оз масофа қолганда йўл-патрул ходимлари ҳожиларни бир назоратдан ўтказиб, зам-зам ва емак билан эъзозлашади. Ҳар бир ҳожининг қўлида кичкина идишда зам-зам ва уни ичганда ўқиладиган қуйидаги дуо: Оллоҳумма инни асалука илман нафиан, ризқон васиан вашшифаа мин кули доии (Парвардигоро, Сендан фойдали илм, кенг ризқ ва ҳар иллатдан шифоланмоқни талаб қиламан).
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?