Текст книги "Дилнома"
Автор книги: Уктамхон Домлажонова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Зам-зам сувини ичаяпман-ку, қўл тикув машинасини тунни тун, кунни кун демай тикаверганларидан онамнинг бош бармоқларининг тагидан кичкина бодрингдек кўриниб турадиган қадоқ кўзимга кўриниб кетди. Онажон, бу зам-зам сувларига етишишга мушарраф бўлганингизда қўл қадоқларингиз юмшаб кетармиди. Биз етимларнинг оши-нонини, орзу-ҳаваси ғамида сизга ҳамроҳ бўлган тикув машинасини хотирангиз учун яхши кўрган набирангиз Мунирахонга бермоқчи эдим. Оллоҳим у қизчамизни менга кўп кўрдими, ҳузурига чорлаб олди. Сизни қўмсаганимда, жажжи қўллари билан машинангизни ушлаб тикмоқликка ҳаракат қилган дамларини эслаб, унинг ғилофини очаман. Очаман-у тезда ёпаман. Чамбарагини айлантирсам қўлингизнинг қадоғига тегиб кетаётгандек эҳтиёт қиламан. Сиздан қолган тикув машинани Мунирага кўнгиллаганим учун ҳеч кимга ишониб бермайман. Қани ўша қўлларингиз, кошки эди ёнимда бўлсангиз. Қўлингизни зам-зам сувида юмшатиб, озор бермай кафтимга олардим.
Тонг ёришаяпти. Туни билан Мадина-Макка йўлини босиб келаётган ҳожиларни бомдод намозини ўқишга огоҳлантиришди.
Кираётган масжидимиз, албатта, уйимиз эмас. Вақт ҳисоблоғлиқ!
– Оллоҳим, икки ракат бомдод намозининг фарзини ўқигач нима деб дуо қилай Сенга?
Шукрона айтаман, албатта, шукрона айтаман. Шундай муқаддас Каъбанинг остонасига кириб келаяпмиз-ку, айтмайманми Сенга шукрона. Мени очиқ-сочиқ, “калта дум” бўлиб юрган ҳолатларимни юзимга солмадинг, интиқом олмадинг, онамнинг розилигини қозонишим учун меҳмон қилиб чақирдинг. Менинг бу ҳолатдаги озуқам фақат шукрона. Онам туфайли, онамнинг улуғ ниятлари туфайли, фарзанд катта қилган онанинг умиди туфайли Каъба остонасига қайта кириб келаётганимга шукрона айтаман… Автобус сигнал чалаяпти. Қўлимни юзимга суртиб турган бўлсам-да, шукронага сўз излаяпман, Оллоҳ, Сенинг Каъбанг бўлган қалбим қўридан…
Тушимда кўрганим баланд-баланд осмонўпар бинолар қад кўтарган кўчалардан ўтиб боряпмиз. Ажиб туйғулар, ҳаяжонли лаҳзалар автобус ичида мусиқали “Лаббайка”нинг охири кўринмайди. Матн тугаши билан қайтадан, яна қайтадан “Лаббайка оллоҳумма лаббайк…” Ҳар бир калиманинг орқасидан автобус ичига қаердандир овоз кираяпти.
– Келинглар, марҳабо, Оллоҳнинг уйига марҳабо.
Назаримда ҳамма ҳожилар ҳис этмоқдалар. Уларни тўкин дастурхон кутмаяпти. Уйимизда меҳмон чақирганда пиёла қўйишга жой қолмайдиган, нозу неъматлар билан тўлиб тошган дастурхон кутмаяпти. Оллоҳнинг дастурхонида биз кўрганимиздан ва ҳавас билан меҳмон столни безайдиган неъматларимиздан ҳам буюк неъматлар бор. Бу иймон неъмати. Ҳою ҳавасларга берилиб, занг босиб кетган қалбни тозалайдиган неъмат. Ўткинчи дунёнинг гирдобида ўралиб, унутган қадриятларимизни ақл билан чархлайдиган неъмат, неъматлар!
Ҳа, Оллоҳнинг дастурхонида ҳам синов ҳам неъматлар. Аммо бу неъматларнинг бирортасига ҳам ёрлиқ осилмаган. Буниси бунча сўм, унисига банк орқали пул ўтказилсин, деган кўрсатма йўқ.
Ваъдасига содиқ бўлган Зот шунча яхшиликни яна бандасига инъом этаяпти.
…Ла аллакум ятафаккарун шоядки – тафаккур қилсангиз, деган ширин, мулойим, сермазмун, фасоҳатли каломи эвазига миллион-миллион ҳожилар меҳмон, якка Оллоҳ, ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган илоҳ мезбон. Меҳмонхоналар йўлига кирдик шекилли. Автобус тезлигини пастлади. Бизнинг гуруҳимизга тайин этилган меҳмонхона олдида тўхтади.
Меҳмонхона ходимлари соғ-саломат етиб келганимиз билан муборакбод этишди. Чемоданларни тушириб улгурмасимизданоқ элликбоши ҳожиларга юзланди:
– Қирқ даўиўа муҳлат, сизларни шу ерда кутаман. Умра амалларини адо этиш учун Каъбага жўнаймиз…
Элликбошининг гапи айрим ҳожилар учун ғалати туюлдими, бир-бирига қараб қўйганлар ҳам бўлди. Туни билан йўл юриб келган ҳожиларнинг айримлари бир оз дам оламиз, деб ўйлаган шекилли.
Баъзи ҳожилар чемоданларини хоналарига олиб чиқмасдан ҳам Каъбага олиб борувчи автобуснинг эшиги олдида йиғила бошладилар. Ҳамма йиғилиб, автобусга ўтиришгач, элликбоши қисқароқ ҳолатда яна тушунтириш олиб борди. Хаёлим паришон десам, ҳамма нарсани эшитаяпман. Қаёққа, нима учун келганимни қалбан сезаяпман, Бабуссалом эшиги тагида турганимизни, элликбошининг тўртта-тўрттадан қилиб сафга тераётганини кўраяпман, аммо барибир онамни қидираман. Дунё мусулмон ҳожиларининг ибодатгоҳи бўлган бу масжид атрофида баланд қоялар йўқ, баланд осмонўпар бинолар бор. Ҳамма оқ эҳромда. Қайсидир давлатнинг аёллари бир-бирларидан адашмаслик учун рўмолларининг бош қисмига кичкина қизил лентачалар тақиб олишган. Кимлардир бир хил сумкачалар осиб олишган. Ҳар бир эшикдан “Лаббайка оллоҳума лаббайк” садолари остида тинимсиз ҳолда гуруҳ-гуруҳ ҳожилар кириб келишаяпти. Қайси эшикдан киришидан қатъи назар, рукни Яманиядан ният қилинади.
Бизнинг гуруҳ ҳам рукни Яманияга яқинлашмоқда.
– Онажон, сиз ният қилинг, мен умра тавофини бошлай, – дея ҳайқиргим келади. Ҳар қанча бақирмай, ҳар қанча ҳайқирмай тавоф давомида ҳожилар томонидан ўқилаётган дуолар, зикрлар ичида менинг овозимни ким эшитади.
– Онажон, сиз умра тавофига ният қилдингиз. Ниятингизни Оллоҳга аён бўлишини Ўзидан сўрайман, – дейишга улгура олдим Ямания чегарасига келгач.
– Онам учун бошлаётган умра зиёратини Сенинг ризолигингда адо этмоқлик тавфиқини бер,дея ўнг оёғимни чегарадан кўтардим. Одам кўп, шунчалик кўп одамки, Иброҳим мақомидан бир оз ўтганда нафас олишга имконият бор. Кимдир дуо дафтарчасини қўлига ушлаб олган, у бошлаган дуони гуруҳ аъзолари қайтаради. Кимдир оламондан ҳимоя қилиш учун тирсагини икки томонга кериб, қўлларини онаси, балки холаси, балки умр йўлдошининг елкасига ташлаб олган. Етти марта айланиб тавоф қилгунча не синоатларни кўрмайсиз. Баъзан сиқилиб қоласиз, баъзан чеккага чиқиб кетаётганингизни сезмайсиз, яна оломон ичига кириб, Каъба тошига яқинроқ юришни орзу қиласиз. Учинчи марта айланиб, тўртинчига ният қилаётганимизда шерикларимиздан иккитаси кўринмай қолишди. Қидирмоқликнинг, сафга тортмоқликнинг имконияти йўқ. Отларини айтиб чақирмоқдан не мақсад. Ҳамманинг оғзи дуода, тилларида зикри Оллоҳ. Умра тавофини тугатиб, мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқиб, Сафо ва Марва сайини ҳам адо этдик. Сафодан келиб, Марва чегарасида дуо қилишда ҳам онамни излайман.
Мен ўқиётган дуолар Оллоҳ даргоҳида мақбул даражотга кўтарилармикан, деган андуҳдаман. Нега онам ҳаёт пайтларида дуоларини ўрганмадим, жойнамоз устида узоқ-узоқ ўтириб Оллоҳга юзланганларида, нималарни сўрардингиз, деб қизиқмадим. Ҳозир бу улуғ даргоҳда юришим, бу даргоҳда ўқилган икки ракат намозимнинг савоби минг ракатга тенг эканлиги онам дуоларининг ижобатимикан.
Эслайман, онажон, охирги пайтларда тобингиз тез-тез қочадиган бўлиб қолди. Мен сизни йўқотиб қўйишимни, сиздан айрилиб қолишимни умуман ўйимга келтирмас эдим. Ким қайси шифокордан даво топса, сизни ўшанинг қабулига олиб боришга шошилардим. Қайсидир бир куни шифокормашифокор олиб юришимдан чарчадингиз шекилли:
– Ўтир сенда гапим бор, – дея ишора қилдингиз. Тўғриси, менинг хаёлимга бошқа нарса келди. Истамайгина ўтирдим.
– Муяссар. Сенга ҳам, куёвга ҳам Оллоҳнинг раҳматини сўрайман. Боқиздинг, кўрсатдинг, ўғлим бўлганида ҳам бунчалик қилармиди, қилмасмиди. Акам йўқ, укам йўқ деган армонларга кўмма ўзингни. Ота-онанинг вазифаси оқни-қорани, яхши-ёмонни, ҳалол-ҳаромни, тўғри-эгрини, қўйгинки, бу турмушда бўладиган икир-чикирларни ҳаммасидан фарзандини бохабар қилиш. Оллоҳга шукур, ҳушёрсан, бохабарсан.
– Энди ҳаққим фақат дуо қилишда қолди. Кўп ҳам шифокор, табиб, дори-дармон деб ўзингни уринтираверма, ким осмонга устун бўлибдики… Эшит, бир ривоят айтиб берай, – дея қаддингизни ростлаброқ ўтирдингиз.
– Луқмони ҳакимга ҳакимлик нусрати ато этилганидан кейин, бу масъулиятнинг жавобгарлигини ҳис қилиб йўлда кетаётсалар, ердан унаётган майсалар, гиёҳлар Луқмони ҳакимга пешвоз чиқиб, тилга киришибди:
– Мен юракка, мен буйракка, мен жигарга, мен ўн икки бармоқли ичакка – қўйингки, Оллоҳ инсонга қайси аъзони неъмат қилиб берган бўлса, ҳар биттасига даво бўладиган гиёҳлар ўзини таништирибди. Оллоҳнинг қудратига ҳамд ва тасаннолар айтиб, йўлда давом этаётганларида қаршиларидан бир йигит ниҳоятда ғамгин келаётганмиш:
– Ўғлим, нечук хомушсиз, кўзингизда ёш, – деб сўрабдилар.
– Отам бетоблар, оғриқ қаттиқ азоб бераяпти, отамни бу ҳолатдан қандай қутқариш чорасини излаб юрибман.
– Отангизнинг хасталиклари недир, қаерлари безовта қилади?
– Юрак хуружи, ўқтин-ўқтин беҳуш бўлмоқдалар.
– Давоси бор, – Луқмони ҳаким шундай дебдилар-у, йигитнинг қўлидан етаклаб, мен юракка дориман деган гиёҳнинг тепасига бориб, ундан узиб йигитга бериб, дамлаб ичиришни тавсия қилибдилар. Отасининг қийналиб ётганидан изтироб чекаётган йигит суюниб-суюниб отаси ҳузурига бориб, гиёҳни дамлаб ичирибди…
Эртаси Луқмони ҳаким яна гиёҳлар билан танишгани чиқсалар, кечагидан ҳам хомуш, бунинг устига ғазабкор ҳолда отаси бетоб йигит келаётган эмиш.
– Ҳа, бўтам, – аҳвол сўрабдилар Луқмони ҳаким.
– Сиз қандай гиёҳ бердингизки, юраклари хуруж қилса ҳам отам тирик эдилар, дамламани ичиб, жон таслим қилдилар…
Луқмони ҳаким ҳангу манг бўлиб қолибдилар. Йигитнинг титроқ қўлларини кафтларида осойишта ушлаб, юракка давоман деган гиёҳнинг тепасига олиб бориб, кеча юлиб олинган гиёҳнинг илдизини топтаб-топтаб, ғазабкор оҳангда унга юзланибдилар:
– Нега мени алдадинг. Бу йигитнинг чеҳрасига қандай боқурман, отасининг ўлимига сабабчи сенсан…
Оёқнинг топташидан зирқираган гиёҳнинг илдизи тилга кирибди:
– Тақсир, мен дардга давоман, ажалга эмас.
Охирги калимада сокин чиқди онамнинг овозлари. Енгил хўрсиндилар.
– Муяссар, – деб менга яна юзландилар. – Дард бўлса бўлсин, ажал бўлмасин, она қизим. Болаларинг ёш, кел, мен кўпроқ дуо қилишни Яратгандан сўрай, шоядки фарзандларинг қаторга кириб қолганларини кўриш менга ҳам насиб этса.
Онажон, Оллоҳдан сўраган ниятларингизнинг ҳаммаси ҳам насиб этмади. Шу муқаддас заминда қани эди бағрингизда бўлсам эди. Аёл бўлсам ҳам елкамга кўтариб тавоф қилардим. Аввалги умра зиёратида бир ҳолатни кўргандим, онажон. Бир ҳожи умра сафарига отасини олиб келибди. Отаси нима дард билан оғриган билмайман-ку, икки қўли тинимсиз титроқда, бунинг устига олдига қараб эмас, кўндаланг ёнига қараб юради. Ибодатга кетаётганларида лифтгача кўтариб олиб чиқади, тушгандан кейин автобус ўриндиғига кўтариб олиб чиқиб ўтўазади. Автобусдан кўтариб тушириб, аравачага ўтқазгач, кўнгли таскин топади. Отасини аравакашнинг қўлига ташлаб кетмайди, тавоф вақтида ўзи бошқаради аравани. Отасини ҳолироқ жойга чиқариб қўйиб, ўзи тавофга киради. Овқатланиш вақтида у йигитнинг ҳимматига тасанно айтасиз. Отанинг қўли доимий қалтираб турганидан на қошиқ ушлай олади, на пиёла. Отасининг титроқ қўллари панжасини авайлаб очиб, ўзининг панжаларини занжир қилиб бириктиради. Бор кучи билан отасининг иккита қўлидан тортиб тургизади. Ота оҳистагина столга ўтиргач, тортиб туриб отасининг қўлларини шундай оҳисталик билан қўядики, қайтадан титроқ бошланганидан сезасиз. Отани беозор ўтқазиб олганидан ўғли мамнун. Олдин отани овқатлантириб, сўнг ўз овқатига қўл узатади.
Онажон, сизнинг ҳамма жисми жонингиз бутун эди-ку. Бу отахоннинг армонлари қат-қатдир. Лаблари қимирлаяпти. Овози ниҳоятда сокин, қўлини дуога кўтара олмайди. Қайтиб қўлларини тортиб турмаса ўрнидан тура олмайди.
Бу ҳолатни сизнинг ҳолатингиз билан қиёслайман. Сиз мендан олдин баланд қояга чиқиб менга оқ фотиҳа бердингиз-ку. Менинг армоним, шундай муқаддас даргоҳни оёқларингиз билан юриб тавоф қила олмадингиз, қадоқ қўлларингизни ўоратошга тегизиб, унинг ҳидини тўйиб-тўйиб туя олмадингиз, ўлчоғлиқ умр… Афсуслар бўлсинки, мен бетоблигингизни ташвишини қилибман, умр ўлчовини на фаҳмлай.
Нега бунчалар хотиралар гирдобида ўралиб қолдим. Элликбоши тайин этган жойга ҳали кўпчилик келиб етмади. Мен охирги шеригимни ҳам йўқотдим. Ана, бизнинг гуруҳ ҳожиларидан баъзилари кўринишаяпти. Автобус ҳам келди. Одатдагидек автобусга чиқишда ҳожилар шошилиб қолади. Эркак-аёл битта эшикдан “тиқилиши” шарт. Эркаклар орқа эшикка боргунча худди автобус кетиб қоладигандек. Туннелдан чиқиб, бир зумда меҳмонхонага ҳам етиб келдик. Қай кўз билан кўрайки, йўқотиб қўйган хонадошларим кроватлари устида ўтиришибди. Эҳромлари ечилган.
– Тинчликми? – сўрайман хижолатлик билан. Жиноят иш содир этгандек учалаларининг боши қуйи эгилган.
Бурчакдаги кроватда ўтиргани ўкраб йиғлаб юборди. Қолган иккитаси ҳам қўшилди.
– Тинчликми? – қайтадан сўрайман, хўрлигим келганини яширишга ҳаракат қилиб.
– Адашиб қолдик.
– Қандай қилиб? – яна сўрайман.
– Оламон бир сиқилиб келганда сизлардан узоқлашиб қолиб, кейин топа олмадик. Элликбоши кўрсатган жойга эмас, бошқа томонга чиқиб қўйибмиз.
– Умра тавофини буткул адо эта олдингларми?
– Йўқ, Каъбани уч маротаба айланганимизда адашганмиз. Масжиддан ташқарига чиқиб кетганимиздан кейин қайтиб кира олмадик.
– Умра тавофини адо этмасдан туриб эҳромни ечдингизми?
Орага сукунат чўкди. Ечиш мумкин эмаслигини тушунмасдан, ечишганми, ёки иссиққа чидай олмай ечишганми, бу энди Оллоҳга аён. Адашган ҳожи оналарнинг учалови ҳам маъюс. Хона ичида сукунат давом этарди.
– Энди, Ойша онамиз равзаларидан бошқатдан ният қилиб келиб, умра тавофини…
Сўзимни тугатишга улгура олмадим. Чурқ этмай оғир изтиробда ўтирган Марҳабохон йиғига ўтирди. На юпата олдим, на таскин бера олдим. Олти кишилик бу хонада Марҳабохоннинг афсуснадомати анча давом этди. У охири оғир хўрсинди. Кўз ёшларидан жиққа хўл бўлиш даражасига келган рўмолчасини бошқаси билан алмаштирди.
– Сўрасам майлими? – бўғиқ овозда юзланди менга.
– Сўранг, сўранг, бемалол сўранг.
– Сиз ҳам биринчи келганингизда бизга ўхшаб адашганмисиз?
– Аввало, биринчи келганимда умра зиёратига келганман. Ундан кейин яна келдим, яна келдим. Мен ҳам ҳажга биринчи келганимда ҳаж зиёратида умрага нисбатан одам кўплигини кўриб ваҳимага тушганман. Ҳаж сафарига чиқувчилар чиқишдан олдин қаттиқ тайёргарлик кўрмасалар, зиёрат қилиш қийин кечади, албатта.
Адашганларнинг иккинчиси ҳам савол билан юзланди:
– Қоратошни кўрсатгани экскурсияга қачон олиб боришади?
Ёқамни ушлаб, тилимни тишлаб қолдим. Наҳотки, қаерга бориб, қаерда адашганини тушунмаяпти бу аёл? Ноқулай шароитга тушиб, саволининг ўринсизлигидан ноилож турганлигимни тушундими, хонадошларимиздан бошқаси, Каъба тошининг тарихини батафсил тушунтириб берди. Савол эгасига бу муқаддас Каъба – экскурсия қилиб айланиб чиқиб кетадиган музей эмас, деган маънода қараб қўйди. Ибодатларимиз давом этгани ҳолда кунлар, соатлар ўтиб бораяпти. Ҳаж рукунларини адо этиш учун эрта тонг бомдод намозидан сўнг Арофатга жўнашимизни ва Арофат тоғидаги ибодатнинг тартиби ва ҳукмлари билан таништиришди.
Мен биринчи ҳаж сафарига келганимда ҳожиларнинг Арофат тоғига боришларини эълон қилишганида “Шунча ҳожилар битта тоққа қандай сиғади”, деган ўй билан анчагина хаёл сурганман. Арофат тоғига етиб боргач, ҳар бир ўлкадан келган ҳожилар учун тайёрланган шароитни кўриб, ҳангу-манг бўлиб қолганман. Одам Ато ва Момо Ҳавонинг гуноҳлари афв этилиб, кўп йиллик жудоликдан кейин учрашишган бу тоғнинг қаърида қандай сирлар яширинганикин?! Арофатга кетишга тайёргарлик кўраяпмиз-ку, палаткалар соясида гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтирадиган ҳожилар кўз олдимга келаяпти. Бомдод намозини ўқиб Маккадан чиқамиз-у, шом ва хуфтонни Муздалифага бориб ўқиймиз. Арофатда бўлиш вақтимиз ниҳоятда чекланган. Аммо шу қисқа вақт ичида ибодат шундай унумли, сермазмун, барокатли бўлиши керакки, бу даргоҳдаги ибодат ҳаракатининг ҳар дақиқасини Одам Ато ва Момо Ҳаво кузатиб, бизни назорат қилиб турган фаришталарга топшираётгандек, ҳар нафасимиздан чиқаётган зикрларни у беозор фаришталар Оллоҳ ҳузурига олиб чиқаётгандек маъсулиятда сезасан ўзингни. Бу тоғ манзарасини яратган Роббига ҳамду сано, тасанно айтмай, кимни ундан қудратлироқ қилиб, кимга уни шерик қила оламан?! Болалик тасаввурларимдаги, айрим китобларда эртакомуз ўқиган далилларим ва ўшаларга ишонган онгим қўлга ушлаш мумкин бўлган бир нарса бўлса-ю, мен уни шу қадам босиб турган Арофат тоғининг орқа-орқасининг узоқларига улоқтириб:
“Иннал ҳамда вал неъмата лака вал мулк”, деб ҳайқирсам ва менинг овозимга Арофатнинг энг сўлим, энг жозибали, мафтункор жойидан акс садо эшитилса, Оллоҳ билан танҳо гаплашиш мумкин бўлган бу даргоҳда: юзимнинг қаросига боқмагин, қўлимнинг қуруқлигига, гуноҳимнинг кўплигига қарамагин. Меҳмон қилиб чақирдинг, меҳмонингни фазлингдан, карамингдан, раҳматингдан маҳрум қилиб қайтармагин. Даргоҳингдан қувмагин, – дея ёлборгандим.
Оллоҳим, онам учун хизматдаман. Бу фақат сенга аён. Онамни тилидан нима деб ёлборай сенга. Онам марҳум. Нимани сўрай унинг номидан. Оллоҳим, фурсат қўлимда. Эшигинг очиқ, имкон бергансан. Дарвоқе, эсимга тушаяпти. Ботаника фанидан гербарийлар тайёрлар эдик. Гулларни, уларнинг баргларини йиғиб келиб сояда қуритиб, альбомга тизар эдик. Ишга берилиб кетганимни кузатиб турган эканларми, онам сўраб қолдилар:
– Муяссар, нималарни альбомга тизаяпсан?
– Гулларни, баргларни, – деганман мағрур оҳангда.
– Ўзинг биласанми, бу гуллар қандай гуллар эканини, тизаётган баргларингнинг томирлари бирбиридан қанақа фарқ қилишини.
Ҳеч нарса дея олмай оҳистагина калламни сарак-сарак қилиб кичкина елкам қисилган эди.
Жавобингизни эслаяпман, онажон:
– Муяссаргинам, бу гулларнинг неча-неча тури бор. Уларнинг ҳам рангида, ҳам ҳидида Оллоҳнинг қудрати бор. Бу ҳолат бандаларнинг фикрлаши учундир. Барглар ўсимликларнинг, дарахтларнинг ўпкасидир. Шу барглар орқали нафас олиб улғаяди, бўйлари кўркамлашади… Онажон, ҳозир нима қилай. Арофат тоғи тимсолида Оллоҳнинг қудрати олдида лол қолиб турибман. Сиз учун ҳаж рукнларини адо этиш масъулиятини бунчалик ҳис қилмаган эканман. Қамишдан ясалган найнинг ичида ҳам бир дард, бир ҳасрат борлигини гапириб бериб, бир оз юпунар эдингиз, онагинам. Етимликда катта бўлгандаги дардларим сочимнинг толасиданда кўп бўлса ҳам Оллоҳнинг раҳмати, улуғлиги, фазли, карамидан ошиб кета олмаслигини тушуниб турган ҳозирги дақиқаларимда сизнинг номингиздан дуога сўз топа олмасдан беилож турганимга фақат Оллоҳ шоҳид. Қалбимдан кечаётган туғён фақат Оллоҳга аён. Ўзим учун ҳаж сафарига келганимда Мадинаи Мунавварада вафот этиб, Боқий қабристонига қўйилиб, қабридан чиқариб ташланган одамлар ҳақида эшитган эдим. Дуога қўл очиб, муносиб сўз топа олмай турган шу дақиқаларда яна бир ҳолат кўз олдимга келаяпти.
– Қизим, сенда илтимосим бор, – дедингиз.
Мен нодон қандайдир нохуш қарадим. Чунки, ўзимни уйимга олиб бор, мени ўша ердан чиқаргин, дейсиз-да, деб ўйладим-да. Ҳар сафар дадил гапирадиган чеҳрангизда менга нотаниш бўлган аломатни кўрдим-у:
– Нима гап эди, – дедим ҳаяжон билан.
– Қўрқма, ортда қолар уйим-жойим, Ортда қолар дўсту ёрим.
Қоларсан сен – Муяссарим, Фурсат етди кетарман ман.
Шеър бошлаганингиздан тетикланган бўлсам-да, ёстиқнинг тагидан дафтарчани олаётган қўлларингиз жонсизланаётгандек, калимаи шаҳодатни такрорлаётган тилларингиз кучсиз ун чиқараётгандек, тикилиб турган кўзларингиз юмилишга мойил бўлаётгандек ғалати ҳолатни сезаётганимда:
– Она қизим, – деган сўзингиздан яна ҳушёр тортдим. – Қўлингни очиқ қил. – Кафтларингиз кенг очилиб кетди. – Мен ҳақимда икки қаторгина ёднома ёз. Фарзандларингдан хотиржам бўлганингда мен учун Каъбани зиё…
Овозингиз сўнди. Ўрта ва кўрсаткич бармоқларингиз жуфтланганича мажолсиз бўлиб қолдими… довдираб қолдим. Қанча вақт ўтганини эслай олмайман. Қўшни опоқининг қўнғироғини чалмоқдаман. Ҳеч ким овоз бермади, ҳеч ким чиқмади. Шу дақиқада бундан уч-тўрт кун олдин айтган сўзларингиз ёдимга тушди.
– Муяссар, менинг ҳолатимда бирор ўзгариш сезсанг довдирамагин, ўзингни қўлга ол, ёстиғимнинг тагида оҳорлик оқ дока рўмолим турибди, шуни олгин-у юзим аралаш устимга ёп, охирги нафасимгача калимаи шаҳодатни мен эшитадиган даражада зикр қилиб тур…
Тилим зикрда онам ётган хонага кириб келаяпман. Қадам овозиданми кўзларини очдилар. Нафас олишлари тезлашган. Хона ичида ҳаво қолмагандек зорланиб қарайдилар. Қўлимда ўзлари айтган оқ дока рўмол. Ёпсам онамни йўқотиб қўйишдан ваҳимага тушаяпман. Ёпмасам лаблари ниманидир пичирлаяпти, лаб ҳаракатидан “ё” товушининг ҳолати кўринмоқда.
– Онажон, мен қийнаб қўйдим сизни, ёпаман, ҳозир ёпаман, – дедиму оқ дока рўмол баробар ўзим ҳам бағриларига тушдим.
Бир оз дақиқа ўтди. Охирги хўрсиниш, охирги нафасингизни эшитдим. Овозингиз чиқмай унсиз бўлиб қолганида охирги дуоларингизни эшита олмадимми?! Дуо буюк ибодат эканлигини тушуниб етмаган қалбимни қандай кечирай?! Сизнинг дуоларингизга ўхшаб қуюлиб келадиган дуолар орқали сизнинг ниятларингиз, сизнинг дуоларингизга, сизнинг мунис оҳангли қалб туйғуларингизга мос сўзларни топа олмай телба сифат туришимни қандай кечирай?! Сизнинг васиятингиз шарофатидан эришган шу зиёрат туфайли сизни яна топиб турибман, онажон. Лекин қай аҳволда топдим сизни, оқ матога ўралган фаришта сифатида. Ҳаж давомида ё ёнимдасиз ёки қаршимда. Лекин ҳеч нарсани сўрай олмайман, овозингизни эшита олмайман. Ҳар камолотнинг соҳиби бўлган Оллоҳ кеча билан кундузнинг, йил фаслларининг алмашиб келишида ҳикматларни намойиш этган Оллоҳим. Санаб саноғига ета олмайдиган ҳашаротларни яратган, бирини иккинчисига ўхшамайдиган гулларни яратиб, анвойи ҳидларни ер юзи бўйлаб таратган Оллоҳим! Ўн саккиз минг олам сир-синоати Сенинг тасарруфингда. Оллоҳим, Сенинг раҳматингни ҳеч қайси жиҳатдан ўлчаб бўлмайди. Ўлчаб адоғига ета олмайдиган раҳматингдан умидвор бўлиб, илтижо қиламан. Сенинг муқаддас Каъбангни зиёрат қила олмай армонда кетган муштипар онаизоримни севикли қулларинг қаторида эъзозла. Ҳеч кимга ғараз қилмаган, ҳеч кимга ҳасад қилмаган, ҳеч кимдан таъма қилмаган, қимматчилик, қаҳатчилик, уруш даврларини бошидан кечириб, етимлар қорнини меҳр билан тўйдирган онажонимнинг яхши ниятларини охират йўлларида ўзига васила қилиб бер. Менинг ҳолимни мендан кўра яхшироқ билиб турибсан. Сенинг ризолигингга етиштирадиган нарсаларни менга эҳсон қилишингни сўраб Сендан илтижо қиламан: бу муборак ерларга онам номидан розилигингни истаб келдим. Оллоҳим! Салот ва саломларингнинг мазмунли ва мўлини, икромларнинг фазилатли ва қимматлисини раҳнамоимиз ҳазрати Муҳаммад ва ул зотнинг оила аъзолари ва асҳобларига етказ. Сенинг йўлингда одобли бўлишни, гўзал ахлоқ эгаси бўлишни насиб айла.
Зикрингда, шукрингда, ҳусни ибодатингда бўлиш тавфиқини ато эт. Шукур қилувчи ва сабр қилгувчилардан қил.
Эй, оламларнинг Робби! Онам учун рукнларни сенинг ризолигингда адо этаётганим, Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи васалламнинг равзаларидан бошлаб титроғи тинмаган қалбимнинг сиру асрорлари фақат Сенга аён. Етимлар қалбига малҳам бўлган онаизоримни Ўзинг севган, севадиган ва рози бўладиган, ризвони акбарингга етишажак бандаларингдан айла.
Эй, Ўзига дуо қилганни яхши кўрадиган Зот! Дунё ва охиратнинг хайрлиларидан онамни баҳраманд қил. Тириклик вақтида бомдод намозидан сўнг узоқ муддат Сенга илтижо қилиб кўтарилган қадоқли қўлларини ноумид қайтарма. Сенинг фазлинг билан яратилган қаламинг қанча яхшиликларни ёзган бўлса буларни энг хайрлиси, энг гўзали, энг кўрками билан онамни муборакбод этишингни ва нурдан қилинган минбарларда сафо сурадиганлардан қилишингни сўрайман.
Онаизоримни жаннатда Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи васалламни кўришдек шафоатга муяссар эт. Ўзингнинг ижозатинг билан Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи васалламнинг шафоатларига сазовор айла.
Оллоҳим, сағираи кабира гуноҳлари устидан изтироб чекиб, Сенга қалбан юзланаётган, дунёдаги мусулмон ҳожиларнинг тилакларини, илтижоларини, Сенга йўлланаётган нидоларини елкасида кўтариб турган Арофатда пайғамбарларинг, авлиёларинг, Ўзинг назар қилган олимларинг, бу муқаддас тоғни неча асрлар давомида зиёрат қилиб кетган ҳожиларинг Сендан нимани сўраган бўлса шуларнинг мўл-кўлини онамга эҳсон айла.
Арафа кунининг ҳурматига, Арофат майдонининг виқори ва сокинлигига, Қуръони Каримнинг ҳикматларига, Ҳарами Шариф ва Мадинаи Мунавваранинг зиёратига, Марва ҳамда Сафо сайъининг фазилатига, зулҳижжа ойининг бундай фазлига мушарраф этганингга, Ийди Қурбон байрами билан эъзоз айлаб, меҳмон қилиб чақирганингга асмои ҳуснани зикр қилмоқликка тил неъматини берганлигингга, дуоларнинг акбари, дуоларнинг сулуви, дуоларнинг онаси сураи Фотиҳани зикрига муяссар этганингга, санаб саноғига ета олмайдиган карамингга, миқдорини мен айтишга тилим ожиз бўлган фазлингга ҳамду сано айтаман. Ва бунга эришишга муяссар этган Онам дуоларининг ижобатимикан, деган масъулиятда айтиб улгурмаган дуоларимни қалбан Ўзингга топшираман. Чунки, Сен ваъдангга содиқ ва ягона Зотсан, ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган Илоҳсан.
Арофатдаги ибодат муддати тугаб, қош қораймоқда. Бағрида шунча ҳожиларни эрталабдан бери меҳмон айлаб мезбонлик лавозимида бўлган бу улкан, шу билан бирга, ниҳоятда сокин тоғ яна ўзи ёлғиз қолади. Шуниси шарафлики, унинг бағрида қанча битиклар бор. Неча асрдан бери бир кеча тунай олмай армонда кетган ҳожиларнинг дил дафтарлари шу ерда очилган ва очилади. Ҳеч кимга эшиттирмаган ҳолда чекка-чеккага чиқиб, ҳолироқ жойларда ҳожилар ёлғиз-ёлғиз турадилар. Балки афсусда, балки надоматда, балки узрда ёки ҳидоят учун, раҳмат учун, мурувват учун миннатдорчиликда. Унсиз нидолар, дувиллаб оқаётган ёшлар, титроқдан юқорига кўтарилиши қийин бўлган қўлларнинг аҳволи, Оллоҳ ҳузурида гапиришга ожиз бўлган соқов тиллар, кечирим сўраш учун ранжитган кишисини излаётган кўзлар, роҳат-ку деб, билмасдан тиконни босиб қўйган оёқлар, ҳалол деб ҳаромни чангаллаган қўллар… Нозик ва сирли маънолар билан тўлиб тошган, қоялари ҳожиларнинг афсусидан парчаланган ва шукронасидан сайқалланган Арофат тоғи билан хайрлашиш туйғулари босиб келаяпти. Ҳассага таяниб оҳиста-оҳиста одим билан автобус томон йўлга тушаётган қарияга кўзим тушди-ю, яна онамни эсладим. Ҳар қанча ҳаракат қилмай, Оллоҳ сари юзланмай, ибодат рукнларидан, аввало, Оллоҳ олдида, қолаверса, онам олдида андишадаман.
– Оллоҳим, Сен билдирганингча билганимни, тоқатим ҳолатича қилган ибодатларимни, Сендан илтижо қилган ва айтишга улгуролмай қолган дуоларимни Арофат тоғининг гувоҳлигида бенуқсон қабул қилгин. Фазлинг билан камини тўлдиргин. Сен рози бўладиган фарзанднинг туҳфаси даражасида онамга етказгин. Оллоҳнинг неъмати бўлган фарзандимнинг туҳфаси деб мени дуо қилиш учун авайлаб кўтарган қадоқ қўлларини, ҳаж сафари давомида севинчларга бурканиб турган ҳолатини тушимда аён қилгин…
Автобуслар оҳиста-оҳиста сигнал чалаяпти, бизни, ҳожиларни, Одам Ато ва Момо Ҳаво қовушган гўшалари Муздалифага тунги оромга чорламоқда. Автобуслар шундай учмоқдаки, на турналар, на қалдирғочлар, на бошқача учишга яратилган қушлар бундай текис уча олади. Муздалифанинг умумий майдони қанча. Аниқ маълумотга эга эмасман. Лекин бу майдонда фуқаросини ҳаж ибодатига жўнатган ҳар бир давлатнинг ўз дарвозаси бор. Бу катта майдон ҳар бир давлатга чегара-чегара қилиб ажратилгандан кейин атрофи симдан тўқилган панжаралар билан ўралган мўъжазгина дала-ҳовлини эслатади. Лекин унда на дарахт, на бир туп гиёҳ бор. Муздалифага қадам босган ҳар бир ҳожи дарвозадан киради-ю ўн қадам юрмасдан энгашади. Чунки, навбатдаги азон намозидан кейинги ибодат шайтонга тош отиш. Муздалифанинг Ўзбекистонга ажратилган майдончаси мўъжазгина, кичкинагина бўлиб кўринади. Беш мингдан ортиқроқ ҳожи сиғиб, жой ортиб ҳам қолади. Худди эртаклардаги каби, ҳожилар кириб келаяпти, жой ҳам энига, ҳам бўйига катталашаётганидек на сиқилишни, на тиқилинчни сезасиз. Ҳамма қоронғида энгашган. Бундай ҳолат анча вақт давом этади. Кейин ҳожилар йиққан тошларини саралашга ўтадилар. Биринчи кун, иккинчи, учинчи кун деган шивирлаган овозлар эшитилади. Имом хуфтон намозига азон чақираяпти. Тош териб улгурмаганлар шошилиб қолишади. Шом ва хуфтон намозини бирга қўшиб ўқийдиган ибодат. Автобуслар ҳам тингани йўқ. Ўзбекистон ҳожиларини киргизиб эшикни ёпган бўлса-да, ёнимизда эшиклар қатор. Туркия, Индонезия, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Африка… эшикларнинг саноғи йўқ. Ўзбекистон ҳожиларининг майдони бир оз тинчлангандек. Аммо ҳали ҳам адашганлар бор. Аёллар жойлашган қаторга эркаклар кириб қолган, кимдир акаси ёки укаси ёки отасини қидириб эркаклар қаторида довдираб юрибди. Кимдир пинакка кетган, енгил хуррак эшитилаяпти. Одам Ато билан Момо Ҳавони эъзозлаб битта жондан ер юзидаги шунча инсон жонининг яратилишига гўша бўлган Муздалифа Оллоҳнинг меҳмони бўлган неча миллион ҳожиларга Оллоҳнинг каломи ила алла айтаётгандек… Бу алла оғушидан уйқуга мойил бўлмаган ҳожини топа олмайсиз. Муздалифа майдонида ҳеч нарса тўшалмаган. Айрим ерларга асфальт ётқизилганини эътиборга олинмаса, асосан тошлоқ ер. Асфальт ётқизилган ерларни ҳам шайтонга отиладиган тошни қидириб тимдалаб ташлашган.
Уйқу ўрин танламас деганлари худди шу ерда. Кимдир қўлини ёстиқ қилган, кимдир бошини тошга қўйган ёки икки киши бир бирига суянган. Таҳорати безовта қилмасдан хотиржам бўлганлар мижжа қоқмай тасбеҳни ҳамроҳ қилганлар. Диллари ва тиллари зикрда. Жуда оз вақтга автобусларнинг ҳаракатлари секинлашди. Яна кўп ўтмай виз-виз… қарияларни, бетобларни узрли сабабга эга бўлганларни азон овози эшитилмасдан Минога қараб ташишга бошлайди. Муздалифа майдони яна жонланди. Дунё ҳожиларининг катта миқдори бомдод намозига тараддудга тушди. Шом қоронғисидан тонг намозигача ҳожиларга оромгоҳ Муздалифа ўзига хос майин тонг шабадаси оғушида меҳмонларни кузатиб хайрлашмоқда. Автобуслар сони Арофатдан келганчалик кўп эмас. Чунки, кўпгина давлатнинг ҳожилари Муздалифадан Минога пиёда бориш ниятидадир. Муздалифани Минога олиб борадиган кўчаларини автобуслар колоннаси эмас, ҳожилар сафи тўлдирган. Ана, байроқларини баланд кўтарган Туркия ҳожилари, сафларининг текислигини, босган қадамларининг сокинлигини ҳавас қиладиган Малайзия ҳожилари, адашганларида топиш учун бошларига қизил лентадан белги қўйган Индонезия ҳожилари, кийимлари орқасига Теҳрон ёрлиғини ёпиштирган Эрон ҳожилари… Минодан пиёда юрмоқдалар. Пиёданинг ҳар бир қадамига Оллоҳ улуғ ажр, улуғ мукофотлар ваъда этган. Ваъдасига собит Зотнинг чақириғига “лаббайка”, деган ҳожиларнинг босаётган қадамларини бардавом қилгин, дея ҳавас билан кузатаман уларни.
Албатта, онамнинг ўзларига насиб қилганида қандай ҳол кечарди, – деб ўйлаб қоламан. Менинг онам тенги оналар ёшлигида кўп қийинчиликларни бошидан кечирган. Қимматчилик, қаҳатчилик, уруш даврида ардоқли муҳаббати – умр йўлдоши – фарзандларининг отаси, акаси, укаси, тоғаси, амакиси, яқин жигар-гўшаларини йўқотиш, урушдан кейин кўп йиллар уларнинг тириклигига, қачондир эшикдан кириб келишига умидвор бўлиб яшаш, оналар бисотида сақланиб, фарзандларидан сир тутилган қора хат. Урушдан кейинги рўзғор қийинчиликлари…
Ха, бу қийинчиликларни енгиш учун онам ва оналар тунни тонгга, тонгни тунга улаб меҳнат қилишган. У даврлардаги меҳнатнинг кўп турлари ҳеч қандай техникага асосланмаган. Илм-фанда қўл меҳнатини индустриал меҳнат билан алмаштириш ҳали ихтиро қилинмаган. Онам, оналаримизнинг ўша даврдаги сабрлари, бардошлари, матонатларини ҳаж сафарининг ҳар лаҳзасида ҳис қилиб турибман. Оллоҳнинг фарз амалларини мукаммал бажара олмай армон билан ўтганларини эслаб маъюсланаман.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?