Текст книги "Дилнома"
Автор книги: Уктамхон Домлажонова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
1. Ўз синфимизнинг деворий газетаси бўлишини.
2. Ўқув қуроллари тўла бўлмаган ўқувчиларни яхши ўқувчиларга бириктирилишини.
3. Айрим фанлардан бошқа синф билан мусобақалашишни (мусобақалашганда иккала синфга ҳам битта ўқитувчининг кириши шартлигини).
Ҳар ойнинг охирида шу учта масала юзасидан якуний натижаларни кўриб чиқиш. Ёш бўлсам-да, турмушнинг икир-чикирларида бир оз чиниққанимданми ёки ўқишга чиққанимдан суюнганимданми, жамоат ишларида ниҳоятда фаол эдим. Бу ҳолат мактаб жамоаси олдида тез танилишимга сабаб бўлди. Ҳамма фанларни бирдай ўзлаштиришга ҳаракат қилсам-да, тил ва адабиётга муҳаббатим бошқачароқ эди. Менинг бу фаолиятимда Чиғатой дарвозадаги эски тегирмоннинг кутубхона учун таъмирланган эски омбори муҳим роль ўйнади. Қайси жавонда қандай китоблар жойлашганлигини ёддан билардим, десам муболаға бўлмас. Кутубхона мудираси Рая опа (ёшгина эди) ниҳоятда юмшоқ, ҳар бир янги китоб билан ўқувчини таништиришда ҳеч эринмас эди. Кутубхонанинг китоб фонди кундан кунга кўпайиб боргач, Муҳаббат опа деган янада ёшроқ ходим келиб, икки киши бўлишди. Иш соати тугади дейишларига қарамасдан кутубхонанинг бир чеккасидан ажратилган ўқув залидан норози оҳангда чиқардим. Китобларни уйга олиб кетишимга рухсат бўлса-да, уйда вақт ажратишим қийин, китоб устида узоқроқ ўтириб қолсам, ҳамма юмуш онамнинг ўзларига қолиб кетишидан хижолат чекардим.
Кунларнинг бирида тил ва адабиёт ўқитувчимиз Маҳкам ака Бекмуҳамедов қандай бадиий адабиётлар ўқиётганлигим, қандай қаҳрамонларни севишим ҳақида мен билан узоқ суҳбатлашдилар. Уч кунгина олдин эркин темада ёзилган баёнимдан мамнун эканликларини билдириб:
– Пушкин паркидан Себзорга кетаверишдаги “Маданият уйи” қошида адабиёт тўгараги бор, шунга қатнашгин, – дедилар.
Эртасигаёқ учиб бордим. Тўгаракнинг қайси куни ва қай соатда ишлашини аниқлаб, тайин этилган вақтга бордим.
Эсимда, кўрсатилган хонанинг эшигини очдим. Катта ёшдаги бир киши ва ёшлари 20–25 ёшлар чамасида уч-тўртта йигит ўтиришибди. Ўқитувчимиз адабиёт тўгараги ҳақида гапирганларида ўзим тенги ўқувчиларни тасаввур қилганман. Коридорда дуч келган одамдан сўрадим:
– Адабиёт тўгараги қайси хонада олиб борилади?
– Мана бу хонада.
Бояги мен ёпиб қўйган эшикни кўрсатди. Қайтадан тортинибгина очиб, киришга ижозат сўрадим. Бояги мен кўрган катта киши кириб ўтиришимга ишора қилдилар. Суҳбатлари давом этаверди. Англадимки, ўтирганлардан кимнидир “Ноёб кўчат” ҳикоясини муҳокама қилишаяпти, бояги катта киши тўгарак раҳбари Ғайратий эканлар. Машғулот охирида мен билан танишиб олишди. Тўгарак ишчиёшлар тўгараги экан. Мен эса адабиётни ўз назарида ўта севадиган 8-синф ўқувчисиман.
– Ўқувчилар уйи қошида ҳам тўгарак бор. У ерга сиз тенги ўкувчилар қатнайди, истасангиз у ерга боришингиз мумкин. Ростини айтсам, ўқувчилар уйи қаерда эканлигини билмас эдим. Бу сирни очмадим-у, бўлган воқеани келиб ўқитувчимиз Маҳкам акага айтдим. Улар менга ўқувчилар уйининг қаердалигини тушунтирганларида у ерга умуман бора олмаслигимни англадим. Чунки Чиғатой дарвоза ва Эски Жўвадан нарига ўтмаган мен қиз бола учун у ерга боришнинг машаққати тушунарли эди.
Ўқишга киришиб кетиб, жамоат ишларида фаол қатнашаётганлигим оила юмушларимга ҳалақит бериб, онамнинг ранжиб қолишларидан андуҳда эдим.
Ғайратий домланинг тўгарагидаги ишчи-ёшларнинг ёшидан, савиясидан (улар менга қараганда кўп нарсани билишлари яққол сезилади) кўзимни чирт юмдим-да, шу тўгаракка қатнашишга қарор қилдим. Чунки ҳеч қандай сарф-ҳаражатсиз пиёда келиб-кетаман. Чамамда 3–4 марта қатнашганимдан кейин домла Ғайратий:
– Сизда ҳам қалам машқлари борми? Поэзияни севасизми ёки прозани, – деб қолдилар.
Мен ўзимча мактаб ва синф деворий газетасининг муҳарририман. Танқидий ва ҳазил тоифадаги шеърларни ёзиб юраман.
Домланинг саволлари мен учун жиддий имтиҳон бўлди.
– Келгуси машғулотга машқларингиздан бирон нарсани олиб келинг-чи, – дедилар. Шу дақиқадаги имкониятдан енгил тортган бўлсам-да, ҳафта давомида ўй-хаёлим шу бўлиб қолди. Кундалик дафтарларимни варақлайман. Мактаб деворий газетасида чоп этилган “ижодимни” саралайман, бирортасидан кўнглим тўлмайди, тўгарак аъзолари юқорида айтганимдек қаламлари бир оз чархланган, айримлари газета ва журналларда қалам машқлари билан қатнашган.
“Биринчи қадам”. Хаёлимга шу иккита сўз келди. Менга шундай бир воқеа керакки, шу воқеанинг тафсилоти ижодимнинг биринчи қадами бўлсин.
“Биринчи қадам” сўзини ёздим. Гўё соқовман. Қоғоз оппоқ. Ниятимни, мақсадимни тушуниб турибман, қани энди ўрнига қўйиб ёзолсам. Ҳеч нарса ёзолмадим. Нималарнидир тўқидим. Ёзмоқчи бўлган мавзуимни оғзаки тушунтириш ниятида тайинланган соатда тўгаракка кириб келдим. Олдинги сафардагиларга қараганда тўгарак аъзоларининг сони кўпайган, кайфиятлари баланд. Ҳамманинг чеҳрасида хурсандчилик. Ажабо…
– Хўш, Эркинжон, ижод қалай, янги шеърларни кўпроқ олиб келдингизми? Сиздан эшитайлик.
Ҳамма “Эркинжон” деган йигитга қаради. Кўпчиликнинг сири босдими, папка ичидан варақларни чиқариб, алланималарни титкилаб қолди. Сўнг икки-учта варақни ажратиб олиб шеър ўқиди. Ҳамма мамнун. Гўё шеърда ҳеч қандай камчилик ёки ортиқча сатрлар йўқ. Домланинг ўзларидан бошқа ҳеч ким на мазмуни, на қофияси, на мавзунинг долзарблиги тўғрисида лом-мим демади.
Имкон бўлса, ҳамманинг яна шеър эшитгиси бор. Суҳбат давомида англадимки, шеър ўқиб бераётган “Эркинжон” – ҳозирда ўзбек адабиётида машҳур бўлган Эркин Воҳидов экан. Эркин Воҳидов, Тўлқин Имомхўжаев, Юсуф Шомансуров, Тамила Қосимовалар тўгаракда иштирок этишса машғулотларимиз анча жонли ўтар, бошқа пайтларда менга ўхшаган бошловчи қаламкашларни “ишга солишда” домла анча тер тўкар эдилар.
– “Биринчи қадам…”, деб бошланган сатрларимни мен қоғозга тушира бошладим. Бу мавзу орқали мен келажакда қайси касбни эгаллайман ва бунга қандай эришаман…
Домлага ва тўгарак аъзоларига менинг мақсадим маъқул тушди. Бу мавзуни ҳикоя даражасига етказиб тугатганимдан сўнг ўша даврдаги “Гулхан” журналига олиб боришимни тавсия этишди. Таҳририят Лабзакда жойлашган эди. Эски шаҳар шароитида оддий оилада 8-синфга етгунча 4 та мактаб остонасини кўрган мендай оддий қизча учун Лабзакни топиб бориш қанчалик мушкул бўлганини тасаввур қила олмайсиз. Шукур. Топиб бордим. Носир Фозилов деган ходимнинг қабулига киришим керак. Коридорда дуч келган одамдан сўрайман:
– Носир ака қаерда ўтирадилар, мен ўша кишининг олдиларига киришим керак. Кимдир елкасини қисади, кимдир таажжуб билан қарайди.
Бир хонадан ўрта бўйли, сариққина йигит чиқди-ю, қўшни хонага кириб кетди. Шундан сўрамоқчи бўлиб кутяпман. Анчагина ҳаяллаб қолди ва ниҳоят чиқди.
– Кечирасиз, мен Носир аканинг қабулига киришим керак эди.
– Носир ака, – деди-да, эшикни очиб, – Марҳамат, киринг, дегандек ишора қилди. Ҳижолатлигимни сездими:
– Киринг, киринг, – деди далда бериб.
– Хўш, хизмат, нима яхши нарса олиб келдингиз бизга?
Мени қабул қилган бу йигит Носир ака эканлигини сезганимда бир лаҳза жимиб қолдим. Носир Фозилов деганда мен барваста, бир оз қорин қўйган, котибаси орқали қабулига киришим мумкин бўлган одамни тасаввур қилган эдим. Оддийгина бу йигит менинг ҳикоямни қандай тушунар экан. Оғзимдан гап чиқмайди, хаёл кетган.
– Қани кўрайлик-чи, – қўлимдаги қоғозга ишора қилди. Узатдим.
– Ҳа, Муяссар сизмисиз, домла сиз тўғрингизда гапирган эдилар.
Домланинг зимдан қилган ғамхўрликларини эшитиб, тетик тутдим ўзимни.
– Бир ҳафтадан сўнг келасиз. Биз, таҳририят аъзолари кўриб қўямиз.
Кунларни, ҳафталарни, ойларни қандай ўтиб кетганлигини сезмас эдим. Бу бир ҳафта мен учун йиллардан узоқ бўлди-ёв. Қўлёзмани олиб бориб берганман. Қўлимдаги энг ширин суҳбатдошимни йўқотиб қўйгандек хаёлга чўмаман.
Наҳотки камчилик топишади, билиб турибман, биринчи машқингиз экан, кўпроқ машқ қилинг, дейишса-чи… Бир ҳафтани ўтказгунча нима ўйларга бормадим. Бунчалик хушхабар эшитаман деб кутмагандим.
– Яхши, – деб гап бошладилар. Таҳририятга маъқул. Айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Бу камчиликларни тузатиш қўлингиздан келади. Биз журналнинг навбатдаги сонида чоп этиш режасига киритиб қўйдик, – дея айрим ўриндаги тил жиҳатларини янада жонлантириш ва яна баъзи масалаларни тушунтириб, қўлёзмани қўлимга тутқаздилар.
“Биринчи қадам” ҳикоямни ёзиш жараёнида ҳаётимнинг содда жиҳатларини чуқур англадим. Ўзимча кўп ўқияпман деб, ўқиган китобларим қалам тебратиш учун ниҳоятда оз эканлигини, кўп ўқишдан ташқари кўп мушоҳада қилиш зарурлигини, ўзимга ўхшаган бошловчи қаламкашларнинг ижодлари билан яқиндан танишиш зарурлигини тушуниб етдим.
Буларнинг ҳаммасидан ташқари, Ғайратий домладек инсоннинг ҳаётлари, оилага, умр йўлдошга, фарзандларга, адабиёт ва санъат аҳлига бўлган муносабатлари, ўта камтарликлари, умр йўлдошлари Шафоат ойининг оиладаги аёл сийратлари мен учун уддасидан чиқа олсам роман ёзгудек мавзу бўлди. Шафоат ойига домла эркалабми, Шапат деб мурожаат қилар эдилар. Ожизона қаламимга нимаики муносиб бўлган бўлса, унинг ҳам биринчи ўқувчиси, ҳам мураббийси домла Ғайратий эдилар.
Йўқолаётган қадриятларимиз, удумларимиз ҳақида гап кетганда, радио-телевидение орқали шулар ҳақида эшиттиришлар эшитганимда тасвирлашга сўзим ожиз бўлган мендек оддий бир қизни домла Ғайратий ва уларнинг жуфти ҳалоллари томонидан ҳеч қандай ҳақ-таъма қилмаган ҳолда эъзозлаб қадрлаганларини тез-тез эслайман, соғиниб-соғиниб қўмсайман. Домла Ғайратийга ва умр йўлдошлари Шафоат ойига уларнинг суҳбатларида қанча бўлган бўлсам, борганимда-келганимда фарзандлари қатори нозу неъматларни қанча тановул қилган бўлсам, энг зарури – одоб, тарбия, муомала, муносабат бобларида ўлчашга тарозиларнинг тоши етмайдиган меҳрни кўрган бўлсам шунча ва шундан кўп, шундан ҳам мўл миқдорда Оллоҳнинг раҳматини сўрайман. Ҳар гал она авлодим ва очилмаган ғунча қизим Мунирахонни зиёрат қилгани Чиғатой қабристонига кирганимда, домла Ғайратий ҳузурларида узоқ ўтираман.
Оллоҳдан раҳмат сўраб ўрнимдан турар эканман худди менга:
– Қалам ёзмаса ҳам қалб ижоди тўхтамасин, қалам ёзади, албатта ёзади, чунки ёзмоқлик қаламга Оллоҳдан амр қилинган, – деяётгандек мулойим кузатиб қоладилар. Ўрта мактабда ўқиш даврининг охирги уч йили мароқли ва мазмунли ўтди. Китоб оламига чуқурроқ кирдим. Маҳаллий матбуотда қалам машқларим кўрина бошлади. Мактаб ёшлари ичида ўрним бор, устозлар эъзозидаман. У пайтда ҳар бир синфнинг битирув кечаси мактабда нишонланар эди. Битирув кечасида ҳар бир устозга шеър битганим, устозларим бағрига босиб, меҳр қўри билан хайрлашганлари ҳамон кўз ўнгимда.
Синфимиздан икки киши – мен ва дугонам Фарида Расулова мактабни медаль билан тамомладик. Шу йили медаль билан тугатган ўқувчилар ҳам кириш имтиҳонларини ҳамма қатори топширадиган бўлди. Юқори синфда ўқиган давримизда ўзимиз саҳна асарлари тайёрлар, турли мавзуда кечалар, санъат ва адабиёт соҳасининг етук намояндалари билан учрашувлар, синфлараро турли мавзуларда баҳслар ўтказар эдик. Шундай учрашувларнинг бирида САГУ доценти (ҳозирги ЎзМУ) Фотима Йўлдошбоева қатнашган, ўша учрашувнинг ташкилий ишларида фаоллигимни кўриб, “Сиз университетга ўқишга боринг, албатта боринг”, деган эдилар. Мен ўша даврдаги содда дунёқарашим ва оддий оилада вояга етганлигим сабабли университетнинг олий ўқув тизимида бундай катта даргоҳ эканлигини унинг остонасига борганда қисман тушундим. Таваккал қилиб шарқшунослик факультетига ҳужжат топширдим. Кириш имтиҳонларига ҳали анча муддат бор. Жиддий тайёргарлик кўриш керак. Ҳамма устозлар ёзги таътилда. Эшитган шов-шув гапларга қараганда бу факультетга кириш учун инглиз тили асосий роль ўйнайди. Биз битирган 1958 йилда қўшимча дарс ўтадиган репетиторлар оммавий тус олмаган эди. Бунинг устига Эски шаҳарнинг чекка бир мавзесида яшайман. Инглиз тили ўқитувчиси Нафиса опа мактабда ёшлар етакчиси эди. Дарвозага бир юмуш билан чиқиб, кўчада учрашиб қолдик.
– Университетга ҳужжат топширибсиз, деб эшитдик, муваффақиятли бўлсин, – дедилар. Саломлашишга узатган қўлим билан худди қочиб кетаётганларидек қўлларини маҳкам сиқиб олганман. Ҳаяжондан энтикаман.
– Жон Нафиса опа, менга инглиз тилидан яна бир дарс ўтинг. Кириш имтиҳонларига 40 кундан ортиқ муддат бор, жон Нафиса опа…
Хўрсиниб энтикиб кетдим.
– Йиғламанг, нега йиғлайсиз, кирасиз, албатта кирасиз, сиз билан жон деб шуғулланар эдим-у болам ёш, унга қарайдиган одам йўқ, ёлғиз уйдаман…
– Онам қарайдилар, онамга олиб келиб бераман.
Онам болага қараб туришга қандай кўндилар, ҳозир ҳам тасаввур қила олмайман. Бу пайтда онам артелнинг ишини уйга олиб келиб бажарар эдилар.
Нафиса опа тушунтирган манзил бўйича (Эски шаҳардаги Пушти ҳаммом маҳалласида “Шарқ гули” артели филиалининг орқасидаги) уйни топиб бордим.
Ҳар кун эрта тонг соат беш бўлмасдан уйғонаман. Юзимни ювибоқ йўлга тушаман. Нафиса опанинг ўғиллари етти ёки саккиз ойлик бўлиққина Иброҳимни кўтариб, Чиғатой йўли билан пиёда онамларга олиб келаман. Болани ташлаб, ўша йўл билан Эски Жўва деҳқон бозорига кириб, чиллаки узум, икки дона нон, озгина гўшт олиб, Нафиса опаникига қайтадан кириб бораман. Чамамда соат саккиздан бир оз ошади. Гўштни кострюлкага солиб, электр плитага қўямиз, бир бош чиллаки узум ва озгина нон билан нонушта қилиб дарсга ўтирамиз. Дарсни соат ўн иккидан олдин тугатмас эдилар. Рухсат бўлганида турибоқ уйга чопардим. Менга ҳамроҳ бўлиб қолган Иброҳимни кўтариб қайтиб, онаси олдига олиб келгач, тушлик қилардик. Шу кунги вазифаларимни аниқлаб уйга қайтардим. Кўп ҳам бошқа юмушлар билан чалғимасдан эртага топширишим керак бўлган вазифани тайёрлашга ўтирардим.
Орадан қанча кун ўтганини эслолмайман. Иброҳимни қайтариб олиб кетишга келсам онам бутунлай ўзгариб қолибдилар. Ранглари ўчган.
– Бўлди, ўқимайсан. Худо бир асради. Бола сувга чўкиб қолганида нима воқеа бўлишини тасаввур қиласанми…
Бу гапларнинг устига қўшнимиз Жаннат опоқи кириб келдилар.
– Муяссар, онанг ўргилсин, аммажоннинг юзлари ёруғ экан, Худо асради. Боласи тушмагур эмаклаб бориб, ариққа тушиб кетибди. Аммажоннинг овозларига бутун қўшнилар югуриб чиқибмиз, бола билан овора бўлиб, аммажоннинг ҳушларидан кетганларини ҳам сезмай қолибмиз. Ҳозиргина тар қалишгандик қўшнилар. Хавотир олиб, яна чиққандим…
Болани кўтариб яна Чиғатой бўйлаб кетар эканман, бу ҳолатни Нафиса опамга айтайми, айтмайми деган хаёлдаман.
Айтмасам, биронта асорат бўлса-ю, тушликдан кейин боланинг ҳолати ўзгариб қолса-чи.
Ўзларининг турмушлари нотинч бўлиб, бу аҳволда ўтирган эканлар, айтсам бундан ҳам оғир бўлмайдими? Унинг устига онам қатъий оҳангда:
– Энди болани олиб келмайсан, мен эртадан бошлаб барвақт ишга кетаман, – дедилар-ку.
– Яхшиси Нафиса опага айтмайман, бирон тушунмаган нарсамни баҳона қилиб тушдан кейин бир келиб кетаман, аммо эртанги аҳволим не кечади…
Иброҳимни ташлаб қайтиб келгунимга қадар ҳам ўй-хаёлим шу бўлди.
Мен асрдан кейин бориб хабар олишимни айтмасимданоқ онам ўзлари безовта бўла бошладилар.
– Муяссар, тур, дарсга кўмилиб ўтирма, нимани баҳона қилсанг қил, бориб хабар ол, бекор бўлган воқеани айтмабсан, ширингина ўғил бола-я…
Онамни тинчитиш учун ҳам тезроқ чиқиб кетдим. Йўлда безовталанаман, наҳотки, наҳотки… Йўқ, борганимдаги ҳолат мен қўрққанчалик эмас. Иброҳим уй юзида эмаклаб юрар, Нафиса опам нима биландир машғул эдилар.
Қайтаяпман, ўйлайман…
– Эртага эрталаб нима қиламан?! Онам ишга кетсалар, Иброҳимни кимга олиб келиб бераман. Катта опамникига олиб боролмайман, ўзида ёш бола, иккинчи опамга ҳам олиб боролмайман, Шофоизнинг нариги ёғида, жуда узоқда туради.
Боланинг яхши ўйнаб юргани тўғрисида онамларни хотиржам қилдим. Эртага Иброҳимни олиб келишим ёки келмаслигим тўғрисида бир оғиз гап бўлмади. Шом киряпти. Ўртамизда жимлик. Шомдан сўнг қўшни Хадича опоқи чиқдилар. Кундузи бўлган воқеани айтиб, қайтиб чиқиб хабар ололмаганлари учун узр сўрадилар. Яна қайтиб бориб хабар олганимни эшитиб хурсанд бўлдилар. Мендан бир оз ёшроқ Санобар исмли қизлари бор эди. Илтимос қилиб кўрайчи, дедим ўзимга ўзим.
– Хадича опоқи, эртага соат ўн иккигача Санобар Иброҳимга қараб тура олмайдими? Онам ишга боришлари зарур экан.
– Бояги воқеадан кейин ўзим ҳам ўйлаган эдим. Болага қарайдиган бола дастёр ҳам керак. Аммажонга ҳам осон эмас. Бунга, аввало, бешик тайёрлайлик. Ўқийман деб киришдинг, шояд кириб кетсанг. Ўзим бош бўлиб Санобар иккаламиз қараб турамиз. Бизникида ариқ оқмайди-ку. Онасига айтмай қўя қол, хаёли бўлинади…
Хурсандлигимдан овозим борича бақиргим келарди. Эртасига Иброҳимни Хадича опаникига олиб келдим. Онам ҳам ўша ерда кутаётган эканлар.
Мен орзиқиб кутган кириш имтиҳонлари ҳам бошланди. Айтганимдек, биринчи имтиҳон инглиз тилидан. Биринчи кун киришга юрагим дов бермади. Таваккал, иккинчи кун кирдим. Саволлар ўта мураккаб эмас. Стол устига луғат китоблари қўйилган. Нафиса опа луғатдан фойдаланишни жиддий машқ қилдирган эдилар. Имтиҳон олувчи ёшлари улғайиб қолган рус аёли жавобларимдан мамнун ҳолда “4” баҳо қўйиб, сен албатта кирасан, деб рағбатлантириб қўйдилар.
Тил ва адабиётни ҳам муваффақиятли топширдим. Аммо тарих… қандай аҳволга тушганимни ёзолмайман. Ниҳоятда чарчаганлигимни таъсири бўлдими, жавобимдан ўзим қониқмаяпман, ҳижолатдаман, бунинг устига имтиҳон олувчи ўқитувчи (кейин билсам Ғуломжон ака Аҳмаджонов эканлар) ҳозирги аҳволимда юқоридаги яхши баҳоларга қандайдир шубҳаланиб қолдилар, “3” баҳо қўйдилар. Шарқшунослик факультетига конкурс ниҳоятда баланд, бунинг устига шаҳар ва вилоятлар учун маълум миқдорда жой ажратилган.
Тўплаган балим ва айнан марказдан бўлганлигим учун кира олмаслигим аниқ. Қизиқ бир ҳолат. Тарихдан имтиҳон топширадиган куним кечаси ажойиб туш кўрганман. Кенг, чегарасини аниқлаб бўлмайдиган дала. Барқ уриб ўсган майсалар. Бир зумда майсалар йўқ бўлди-ю, битта майса тебраниб-тебраниб турибди. Шамол ҳам бўлди, йиқилмади. Бўрон ҳам увиллади, йиқилиб, синиб кетмади. Кенг далада табиат қанча ёлғиз турган майсага ҳужум қилишга уринмасин, яшашдан умидини узмаган ҳолда йиқилса-да, қаддини тиклашга ҳаракат қиларди… Тонг отди. Тарихдан имтиҳон натижаси юқоридагидек бўлди. Нима қилишим керак? Менинг дардимни ким эшитади? Яратгандан бошқа ҳеч ким тушунмайди менинг ҳолимни. Қабул комиссияси раисининг ҳузурига киришимни маслаҳат беришяпти. Мен қайси юз билан кираман ва аҳволимдаги қайси масалани тушунтира оламан. Ҳижолат чекканимданми ёки ўз ҳуқуқимни ўзим чеклаганимданми, одамларга қарай олмайман. Келиб-келиб тарихдан “3” баҳо оламанми? Мактабдаги тарих ўқитувчимиз Ҳамидулла ака Даминов эшитсалар нима бўлади? Қандайдир бир журъат топиб, тун қоронғисида Ғайратий домланикига катта поччамларни бошлаб бордим. У киши ҳам бўлган ҳолатдан ҳайрон. Эртасига қабул комиссиясининг раиси олдига кириб, менинг ижтимоий аҳволимни тушунтирмоқчи, агар имкон бўлса қалам машқларимни эътиборга олган ҳолда ижтимоий факультетларнинг бошқа биронтасига ўтказишни илтимос қилмоқчи бўлдилар. Менга матбуотда эълон қилинган ҳамма машқларимни олиб келиш тайинланди. Эртасига қабул комиссиясига келсам домла раисни кутиб ўтирибдилар. Эшикка “Қабул комиссиясининг раиси Ўрозаев Ш.З.” деб ёзилган.
Кўпчилик кутаяпти. Назаримда раис келдилар шекилли, ҳамма жонланди. Мен раис деб тахмин қилган киши хонага кирди-ю, кўп ўтмай қайтиб чиқди. Унинг кетаётганига гумон қилдиларми, домла Ғайратий қўл узатиб саломлашиб, менинг муаммоимни айтишга бошладилар. Гапларини охиригача эшитмади. Эшикни очиб, кимнидир чақирди.
– Бу киши ёзувчи Ғайратийман деяптилар, гапларини эшитинг, иложи бўлса ёзма равишда қолдирсинлар…
Шундай оҳангда гапирдики, кесатиқми ёки ёзма равишда тушунтиришларнинг орқасида жиддийроқ савол-жавоб борми, тушуна олмадим. Раис кўрсатган одамнинг қабулида домла узоқ ўтирдилар. Чиққанларида ҳеч қандай ижобий натижанинг йўқлиги кайфиятларидан маълум эди. Ҳужжатларимни педагогика билим юртига ўтказишга кафолат берибди, холос.
Негадир кўрган тушимни унутолмайман. Бийдай далада ёлғиз қолиб яшашга интилаётган гиёҳ-новда кўз олдимга келаверди. Домла келганларига афсус чекдиларми, сездирмасликка ҳаракат қилиб, одатдагидай самимий хайрлашдилар. Яна ўт ичида ёлғиз қолдим. Менга ўхшаган конкурсдан ўтолмай “югуриб” юрганлардан бири:
– Ректорнинг қабулига ёзиламиз, – деб қолди.
Таваккал, мен ҳам ёзилдим. Ректорнинг котибаси ёшгина, муомалали қиз. Ҳар биримиздан нима учун қабулга кираётганимиз тафсилотини сўраб, сўнг ёзди.
Эртасидан ректор қабулини кутдик. Бир неча кун киришнинг иложи бўлмади. Мажлис, комиссия, раҳбарларнинг йиғилиши. Ниҳоят, олтинчи куни имконият бўлганда ўзим кирмадим. Қандайдир қўрқув қуршаб, бошимда қаттиқ оғриқ турди. Кейинги ҳафтанинг биринчи кунидан яна навбат кутяпман. Охири менда кечаётган кечинмани котиба Тамара опага айтдим.
– Нега қўрқасиз, ҳозир мени чақириб қўнғироқ қилганларида орқамдан оҳиста кириб бораверинг…
Худди кутилгандек қўнғироқ. Тамара опа кўзи билан “кираверинг” ишорасини қилди-ю, эшикни қия очиқ қолдириб, ўзи кириб кетди. Эшикни оҳиста очдим. Шундай кўркам, салобатли хонада ректор Тамара опага қандайдир қоғозларни бердилар. Эшикдан икки қадам босганимча қотиб турибман.
– Ие, келсинлар, – ректорнинг бу сўзидан танамга жон югурди. Гўё мен у кишига олдиндан танишдек сездим ўзимни. Ҳар қанча уринмайин кўз ёшимни тия олмадим.
– Мандатдан ўта олмадиларми, ҳечқиси йўқ, янаги йилга кирасиз.
– Янаги йилга кира олмайман.
– Нега, ўқишни яхши кўрсангиз яна жиддийроқ тайёрланасиз.
– Йўқ, менинг шароитимни билмайсиз, онам турмушга бериб юборадилар.
– Ана, холос.
Шундай кулдилар, шундай кулдилар. Катта хона ва ундаги бутун жиҳозлар жаранглаб кетди назаримда.
– Резервга бўлса ҳам бу йил киришим керак, ҳеч кимга айтмайман резервда эканлигимни.
– Оилавий шароитингизни айтиб турибсиз, иқтисодий жиҳатдан қийналасиз, резервнинг анча нозик томонлари бор.
– Қийналмайман, маҳаллий матбуотда қатнашаман, гонорар оламан, дўппи тикишни ҳам биламан, жуда қийналсам сизнинг олдингизга келаман.–Йиғи зўр келди, бошқа гапира олмадим.
Ректор трубкани кўтарди ва унинг шу гапини эшитдим.
– Журналистика бўлимининг бошлиғи ўртоқ Собировни чақиринг.
Ҳеч қанча вақт ўтмай оппоққина, тўладан келган бир киши кириб келди.
– Бу қизнинг гапини эшитинг-а, папкасидаги ижод маҳсуллари бўлса керак, резервнинг ҳар қандай шароитига рози бўляпти. Натижасини хабар қиларсиз.
Тушундимки, телефонда чақирилган Собиров шу киши. У киши билан бошлашиб хоналарига чиқдик. Ижод маҳсулларим билан танишиб чиққач ҳайратомуз қарадилар:
– Шунча эълон қилинган машқларингиз бор экан, нега ҳужжатни журналистика бўлимига топширмагансиз?
Мен мактабимизда университет олимаси Фотима Йўлдошбоева билан бўлган учрашувни гапириб, ўша опадек олима бўлиш орзуим борлигини айтдим. Токи мен йиғидан юпангунимча савол-жавоб билан мени чалғитдилар.
– Сизни масалангизни декан билан маслаҳатлашамиз, натижасини биларсиз, – деб хайрлашдилар.
Октябрь ойининг бошларидан журналистика бўлимига резерв-талаба бўлиб қатнай бошладим. Гарчи бу ҳолатимни биров билиб, биров билмасада, қишки семестр пайтида синов ва имтиҳонларга алоҳида йўлланма билан киришим курсдошларим эътиборини тортди. Юзим ёруғ бўлиб, синовларни ҳам, имтиҳонларни ҳам аъло баҳоларга топширдим. Ёзги семестр ҳам шундай муваффақиятли ўтди. Имтиҳон йўлланмасини кўриб, ҳайрон бўлган устозлар бўлди. Чунки менинг дарслар давомидаги, жамоат ишларидаги фаоллигим, тиришқоқлигим бошқа талабалардан анча устун эди. Аммо эгнимда ўрта мактабдаги форма кўйлагим (фақат оқ фартук киймайман), қишки пальтойим ҳам ўзгармаган. Бир кунга 20 тийиндан ортиқ пул сарфламас эдим. Хадрагача транспортда борсам, Хадрадан университетгача пиёда, Хадрадан транспортга ўтирсам, Чиғатойдан Хадрагача пиёда юрардим. Пиёда юришга сарфланган вақтим ҳам дарсларни такрорлаш билан ўтарди.
Янги ўқув йилининг сентябрь ойидан бошлаб ҳақиқий иккинчи курс талабаси бўлганман. Мен ўша пайтдаги ҳаётимни ирмоқлардан келган томчининг денгизга қўшилишига қиёслайман. Жамоат ишларида фаоллигим кўп ишларда қўл келарди. Университет ижтимоий факультетлари қошида доцент Саида Нарзуллаева (Оллоҳ раҳмат қилсин) раҳбарлигида “Қизлар клуби” фаолият олиб борарди. Клубнинг дастури анча кенг, айниқса, вилоятдан келиб ётоқхоналарда яшайдиган қизлар даврасида таълим-тарбия ишлари, пазандалик, тикишбичиш, факультетлараро қизлар мусобақаси ва яна кўп ишлар кенг йўлга қўйилган эди. Саида опага ўринбосар қилиб мени тайинлашди. Ўўишни тамомлагунча бу вазифани виждонан бажаришга ҳаракат ўилдим. Саида опа ҳаўида ҳали алоҳида тўхталаман.
Университетни битирганимда Сирдарё вилояти янги ташкил топган, кадрларга чанқоқ пайти эди. Ушбу вилоятга ишга юборилдим. 1963 йилнинг июнь ойидан 15 декабригача Сирдарёнинг чўлларини кезганман. Лоқайд раҳбарларни, пахтачилик, чорвачиликнинг энг оғир жабҳаларини ўша ерларда бошимдан кечирганман. Янгиер туманига борсам қўнадиган қўноғим онаси қазо қилган, ёлғиз отаси билан яшайдиган Раъно исмли қизнинг хонадони, Гулистон туманига келсам Сотқиной Алиқуловалар хонадони, Ховостга борсам, Лилия Петровна номли рус аёли, қўйинг-ки, қаерга борсам ётоғим тайин, онамдек меҳрибон, қариндошларимдек эъзозли одамлар даврасида эдим. Ўша ерда ҳам ташкилотчилигим кўпчиликка тинчлик бермас, айримлар бу маданий-маърифий ишлардан хурсанд бўлиб, мен билан бир жонбир тан бўлиб қатнашса, айрим раҳбарлар мени бир ношуд билан яқинлаштириб, ўзи қорасини кўрсатмас эди. Университетни битирганман. Ақлим анча тиниқлашган. Шундай бир катта вилоятда раҳбар лавозимида ишлайман. Пастни-баландни, оқни-қорани, яхши-ёмонни ажратиб қолганимда онамнинг соғлиқлари туфайли шаҳарга, марказга қайтдим. Университет доценти А.Т.Аюповнинг тавсияси билан фалсафа кафедрасида ишлай бошладим.
Мен ассистент лавозимига тайинланган бўлсам-да, олти ой мобайнида ҳеч қандай маъруза ўқимадим. Доцент К.С.Содиқов (Оллоҳдан қабрларига нур, имонларига раҳмат сўрайман) қўлимдан етакламасалар-да, бир курс дарсларида қатнашишга ижозат бердилар. Дарс жадвали бўйича қаерда дарслари бўлса олти ойгача ўша факультетда ҳозиру нозир эдим. Маъруза матнлари неча марта кафедра муҳокамасидан ўтгандан сўнг мустақил дарсга киришга рухсат бўлган эди.
Сезардим. Ҳаётим бутунлай ўзгарди. Жонли аудитория, ҳар бир факультет талабасининг индивидуал характерини ўрганиш, ижтимоий фаоллик, уйимиздаги икир-чикирлар, рўзғор ишларига қарашмай иложим йўқ эди. Тошкентнинг тўртта дарвозаси: Чиғатой Оқтепаси, Самарқанд дарвоза, Кўкча дарвоза ва Чилонзор Оқтепаларига бориб, чок йиғиб келишга ҳам улгуришим керак эди.
Улгурардим ҳам. Оппоқ тонг оттириб китоб устида ўтирган кунларим кўп бўларди. Атрофдагиларнинг ҳам менга қараши ўзгарган.
– Нега турмуш қилмайди, ҳамма совчиларга рад жавоби бераётганмиш, миш-миш гаплар…
Охири турмуш ҳам қурадиган бўлдим. Бу турмуш, аввало, тақдир дейилади-ку, қолаверса, менинг меҳнаткашлигим, ҳалоллигим, ўз устимда қунт билан ишлашим, ҳар қандай ишга эътиборсиз бўлмаганлигим, отасиз оилада катта бўлиб, доимо онам билан ҳамдард бўлганлигим ва яна кўп яхши фазилатлар эвазига топилди, деб ўйлайман.
“Қизлар клуби”ни бошқариб юрган вақтларимда университет хотин-қизлари даврасида кенг танилдим. Айрим олима аёлларнинг эътиборида бўлдим. Суҳбатларда қатнашдим. Москвага аспирантурага кетиш ниятида елиб-югурган пайтимда мени таниган олима аёллардан бири билан яқиндан дўст эдим. Ўзи олима бўлишидан ташқари машҳур олимнинг рафиқаси, уч нафар фарзанднинг онаси, элнинг эъзозига тушган, нимаики аёл жинсига муносиб яхшилик бўлса, шу аёлдан топиши мумкин бўлган, давомини ёза олмайман, чунки бу аёлни тўсатдан йўқотиб қўйишим тушимда аён бўлган эди. Номзодлик диссертациям тайёр бўлиб қолган. Учинчи фарзандим ёшроқ бўлгани учун қайнонамларга олиб бориб бергандик. Янгийўлда туришарди. Эрта тонг барвақт салқинда йўлга чиқиб, ундан хабар оламан, деган режада уйқуга кўзим кетди. Туш кўрдим. Бизда учта она кийик бор экан. Биттаси қандайдир ғорга кириб кетди. Кутдим, кутдим, қайтиб чиқмади. Уйғонсам тушим. Безовталандим. Бу тушнинг таъбири нима бўлади? Учта фарзандимиз бор эди. Наҳотки, дейман-у дардимни айтишга сирдош тополмайман.
Қишлоққа етиб боргунимча не хаёлларга бормадим. Қай кўз билан кўрайки, тинчлик. Ўғлим бирам чиройли ўйнаб юрибди. Узримни айтдим. Март ойлари эди. Ариқлар ичидан ялпизлар териб, қайнонам солиб берган қишлоқнинг иккита нони билан қайтаяпман.
Ўзимизнинг мавзега кирганда мен ҳурмат қиладиган Опахоним овсинлари билан ҳовлида ғивирлаб юришибди. Саломлашиб сўрашдик, илмий ишларимни, болаларни сўрадилар. Қишлоқнинг нони мазали деб, бир бурда ушатиб олдилар. Икки кундан кейин учрашиб, шу ерда кўк сомса ва кўк чучвара қилишга келишиб олдик. Кеч кирди, айнан кечаги тушни яна кўрдим. Таъбирини чиқара олмайман. Уйқум ўчган, тонг ота қолмайди. Онамлардан хавотир оляпман. Тонг отмасдан эшик тақиллади. Нохуш хабар. Қулоқларим битиб қолди. На кўзимга ёш келади, на чинданми деб сўрай оламан. Ўша, кечагина кўк сомса ва кўк чучвара қилиш ниятида хайрлашган Опахон дунёдан ўтибдилар. Соат ўн иккига жаноза.
Мени турмуш қилишга кўндирган, гарчи куёв бўлмишни бирон марта кўрмаган, улар ҳам мени кўрмаган бўлса-да, яхшилигига ишонтирган, кўзимнинг ёши оқмаслигига кафил бўлган, ўзи турмуш қурган даврдаги бўлган воқеаларни эртакдек менга сўзлаб берган… Ўайси жиҳатларини санай, қайси яхшиликларини айтиб улгурай, қалбимда доим ардоқда бўлган Опахоним ўлса-я…
Уларни сўнгги йўлга кузатиб келгандан сўнг “Қундузхон опа” атамаси билан хотира дафтарини тутдим. Опахон билан қандай танишганимиздан бошлаб ёзишга ўтирдим. Хотира қизиқда, баъзида ярим тунда, баъзида ким биландир суҳбатлашаётганингда, баъзида шу одамни, шу ҳолатни қаттиқ соғиниб қўмсаганингда кўз олдингга келиб қолади. Ана шундай пайтлардан то шу кунга қадар “Қундузхон опа” саҳифалари ҳали тугалланмаган. Қуйида битилган сатрлар “Қундузхон опа” хотира дафтаридан бир шингил, холос.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?