Текст книги "Дилнома"
Автор книги: Уктамхон Домлажонова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 15 страниц)
Отга маҳлиё бўлиб, мен томон қучоғини очиб келаётган кишини сезмай қолибман. Қўлимдаги пиёлам тушиб кетди.
Ҳеч ким чурқ этмади. Наҳотки шу киши менинг отам? Қаеримдадир илиқ бир нарса живирлаяпти …Мен отам деб тикилиб турган одам сўрига чиқайлик, деди-да, шофёр билан мени ташқарига бошлади. Ниҳоят, аёллар олдинма-кетин кўнгил сўрай бошлашди:
– Қодирхўжа, севиниб қолдингизми, қизингизни қаранг-а?! – деб бири олиб, бири қўйишди.
Отам билан туриб сўрашмадимми? дедим-у, ўтирган ўрнимга ботиб, сингиб кетдим.
Юзимда икки томчи илиқ нарсанинг изи ҳамон жимир-жимир қиларди. Отам шофёр билан узоқ сўрашди. Юқорироқ ўтиб ўтиришимни илтимос қилиб қўймади. Мен ҳануз икки томчи илиқ нарсанинг оғушида эдим. Ўрнимдан турганимда “ўша икки томчи ёш” бошим узра тўкилмасмиди, – дея фиғоним ошиб борарди.
Икки томчи ёш кутавериб, келишимни кутавериб толиққан отамнинг меҳридан томчи бўлмасин яна? Шубҳалар, ўйлар, саволларни туғдириб, хаёлан мени отам билан занжирбанд қилиб қўйди. Овозимни чиқармай, кўнглимда отамни саволларга кўмиб ташладим:
“Ота, мени келади, деб кутганмидинг? Астойдил кўнглингдан ўтказармидинг? Саккиз ойлик қолган эканман, эркалаганмисан мени, қўлингга олганмисан? Майда-чуйда олиб келсанг, ажрата олармидим, кулармидим, онамнинг қўлида туриб сенга қараб талпинармидим? Онамни яхши кўрармидим, ёки сени? Чулдираб тилим чиққанмиди? Нима айтмоқчи бўлганимга сен тушунармидинг? Уйдан чиқиб кетаётганингни билганманми? Бешикка қарай-қарай чиқиб кетганмисан? Ёки эрта билан ишга кетиб, сўнг қайтмаганмидинг онам қошига? Ёки мени уйқули кўзим билан бағрига босиб, орқангдан кўтариб чиққанми, онам? Сени излашга қандай куч ундади мени? Лоақал, ота, деб гапиришни билмайман, сира билмайман. Сезяпсанми, сенга гапирмоқ истасам, тилимга тош босилгандек энтикиб кетяпман. Эсимни таниб, ота деб билганим сендан келган қора хат эди-да. Унинг сири нимада?
Наҳотки ҳаётда яшаб туриб ўлиш мумкин бўлса? Нима учун биздан бўлак турасан? Онамдан кўнглинг қолганми? Онам айбдорми ё сен? Сизларнинг хатоларинг эвазига биз отасиз катта бўлдикми? Ёки онамнинг юрак доғи бўлган ўғил можароси ажратганми сизларни? Ота, айтгинчи, ота-онага фарзанд керакми ёки фақат ўғил? Ўғилсизман, ўринсизман деган гапларнинг маъноси нимада?
Онам биладими, сенинг ҳаёт эканингни? Билса, нега қайғуради? Баъзида уйқуси қочиб, кўзи қизариб чиқади! Ёки онамга бошқа ҳасратлар тинчлик бермайдими? Сен хабардормисан, онамнинг мендан сир тутадиган ташвишларидан.
Қачон гаплашамиз, ота, саволларим муаллақ қолмайдими? Энди одамлар келаверишадими?.. Хали кўп келишадими? Гапларим, сўроқларим кўплигини одамлар билишмайдими? Нега билишмайди? Ота, тезроқ бўшасанг-чи…”
Отам шофёрга қайта-қайта миннатдорчилик билдирар, қатиғинг борми, айрон қилақол, болалар, қовунлардан олиб келинглар, дея шошиб қолганди. Қайтаман, деб шофёр отлана бошлади. Отам кўп илтижо қилса ҳам қайтиши зарурлигини айтиб, узр сўради. Ўтирганлар гур этиб баробар туришди. Хонадан биринчи бўлиб мен ва шофёр чиқдик. Отам шофёр билан ҳовлининг ўртасида қайтадан қучоқ очиб кўришди, сўнг унга янги беқасам тўн кийгизди. Кампир ҳассага таяниб оҳиста-оҳиста юриб келди. Каттагина қарға шойи қийиқни учбурчак қилиб отамга ишора қилди. Кимдир бир коса овқат кўтариб чиқди:
– Биродар, йўлга кетасиз, келиннинг ҳам овқати пишиб қолувди, шошиляпсиз, ичинг, ичақолинг, – дея шофёрни зўрлаб қўймади. Шофёр илжайиб оёқ остида ўралашаётган болалардан диққатини узиб оломас эди. Пешайвонга ташланган кўрпачага омонатгина ўтириб, тўрт қошиқ овқат ичди. Эшикда бизни биринчи қарши олган чилвирсоч жувон учма-уч тугилган қийиқни олиб келиб отамга тутқазди. Шофёр олмайман дейишига қарамай, қишлоқдан мозорбосди, ўзимизнинг боғдан, деб қистаб қўйишмади. Эшикка чиқдик.
– Нима бўляпти, қаерда қоляпман, – дея юрагим шув этиб кетди. Отам лабимнинг қимтинганини сездими, шофёр жойлашиб ўтириб калитини солгунга қадар бағридан бўшатмади. Кузатиб турувчилар ичидан ёшроқ бир йигит нариги томондан келиб машинага ўтирар экан:
– Шофёрни Чортоққача кузатиб қўяман, – деди. Мотор товуши пастлади, шофёр биз томон ўгирилиб, отам ва мен билан яна алоҳида хайрлашди:
– Қизим, яхши дам олинг, эрта ўтиб индинга туш пайтида келиб олиб кетаман, – деди-ю, машина силжиди. Тоғ этаги узра ястаниб ётган қишлоқ йўлида аста-аста чанг кўтарилди. Машинанинг қаршисидан келаётган пода безовта бўлиб икки ёнга сочилиб кетди. Менинг отамникида гўё энди тонг отгандек, тоғ оқшомининг хира қоронғиси асло сезилмас эди. Келди-кетди алламаҳалгача тинмади. Жой қилиб пешайвонга чиқдик. Бир ўғил, уч қиз намат устида ухлаб қолишди. Меҳмонлар тарқалди. Охири ўзимиз қолдик. Бояги чилвирсоч жувон отамнинг қўлидаги энг кичкина қизалоқни олиб ухлатмоқчи бўлганида кўнглим нима шубҳаларга бормади. Отам уйланган экан-да… Мактабга қатнайдиган иккита қизи мени қизғаниб ёнимдан силжишмас эди. Отам янги чой дамлаб келди. Кампир ҳам ёнимизга чиқиб ўтирди. Бизнинг қариндошуруғлар отамни барваста, бирор даўиўа бекор ўтира олмайдиган йигит эди, эшикдан қўли бўш кириб келганини кўрмабмиз-а, деб эслашарди. Отамнинг ёшлиги билан ҳозирги ҳолини солиштириш мен учун оғир эди. Ҳозир яктак устидан қийиқ боғлаган, сочларига оқ оралаб, соқоли мош-гуруч бўлиб қолибди. Уйдагилар отамнинг кўзига бир қарашдаёқ нима демоқчи эканини фаҳмлашар экан. Келиб кетган дўсту ёрларнинг ҳам отам билан жуда сипо муомала қилишганини кўрдим. Бир зумгина ғала-ғовурнинг тинчланиб қолганидан ваҳимага тушиб қолдим. Отам мени худди ҳар куни кўриб юргандек қаршисида ўтирганимни хаёлига келтирмас эди, назаримда. Ўртадаги жимлик мени тамом бегона қилиб қўйди. Худди бир кечага тунаб қолишга сўраган йўловчи каби қимтиниб, гапларимни эркин гапира олмай ўтирдим. Отам пиёлани қайта-қайта артиб, чой қайтарар эди.
“Дада, гап бошласангиз-чи, нима воқеа бўлган ўзи”, – деб сукунатни бузмоқчи, дадам оғзидан мен учун сирли бўлиб келаётган ҳикояни эшитмоқни жуда истардим. Саволим отамнинг юрагига сиғадими, суриштирма, дея ранжиб берадими? – деб тишимни тишимга қўйдим.
Отам бояги отамга ҳеч ўхшамас, қадди букилиб ўтирар эди. Гўё отамнинг устига чақмоқ тушган-у, парчинлаб юборганини энди кўраётгандек ўйларимнинг тагига ета олмай қолдим. Боягина шердек хотиржам бўлиб кўринган отамнинг елкаси мусичаникидек қисилиб қолганди. Жимлик мени саросимага солиб қўйди. Оёғимнинг увишганини баҳона қилиб ўрнимдан туриб ўтирдим. Ойи, ойи, дея бақиргим, қоронғи ва йўл ниҳоятда олис бўлишига қарамай онамнинг бағрига учгим келарди. Отамга айта олмаётган гапларимни онамдан сўрамоққа ошиқар эдим. Назаримда опаникида қолганимдаги қоронғи тун воқеаси яна такрорланадигандек юрагим увиша бошлади. Отам косадаги қатиққа қошиқ солганича бувимга юзланди.
– Буви, сиз гапиринг, – деди оғир тин олиб. Кампирга чой узатди. Оғзига олиб борди. Оғзига олиб борган қатиқни қошиғи билан қайтариб қўйди.
– Нимасини айтаман, болам, – деди кампир айбдор кишидек. Ўзини тетик тутишга нечоғлик ҳаракат қилмасин, тўкилиб, паришон ўтирарди. Кўзига аччиқ-аччиқ ёш қуйилиб келаверди. Кампирнинг йиғиси оғир дард чеккан, катта айрилиқ бошига тушган кимсанинг йиғиси каби бутун юрак бағрини қўпориб келиб, кишини мотам куйини тинглаётгандек ўйга соларди. Отамнинг тиззасида мудраб ўтирган ўғилчанинг уйқуси ўчиб, жовдираб қолди. Кампир бошини деворга тиради. Узун енгини силкиб, қайтадан жойлашиб ўтирди. Ўлан бошламоққа ҳозирланяпти, деб кутдим. Йўқ, ўлан айтмади. Қовжироқ лабини тамшаниб, бедазордан кўз узмаганича сўзламоққа киришди:
– Бўлар иш бўлган, – деди оғир тебраниб. Бир дақиқа табранганича турди. Мен томон салгина бурилди. Ҳилқиллаб турган охирги томчи ёшни қаҳр билан артиб олди. Овози тетикланди.
– Уруш қурсин, болам. Бешта ўғилни фронтга жўнатдим. Тақдир экан, отанг Қодирхўжа Самарқандда уйланган экан. Отанг урушга кетгач, онанг иккита бола билан ўз уйида ёлғиз, бу ерда мен ёлғиз чапак чалиб қолавердим. Парвардигор ўша пайтда мени нега бунчалик ҳар томондан сиқди, дейман-а? Кўп вақт амакинг Икромдан хатхабар бўлмади. Ўғлингиз ўлган, деб Икромнинг хотини кетиб қолди. Қишлоқда дув-дув гап тарқалди. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмас экан. Болаларимдан айрилиб ўтирганим устига ўртанча келин тўғрисидаги орқадаги гап-сўздан бош кўтариб иккита одамга қўшила олмадим.
Кенжатойим, Одилжон амакинг, акаларимдан қолмайман, деб ёш бўлса ҳам ўз ихтиёри билан урушга кетиб қолганди. Дастлабки қора хат Одилжондан келди. Кетма-кет келган қора хатларни бағримга босиб, тиззамни қучоқлаб қолдим. Оташкуракни чўғ қилиб танамга боссалар сезмас эдим. Эшик тиқ этса болаларимдан келяпти деб атрофга олазарак бўлиб қоламан. Ҳамма мени ёлғиз уйда увол бўлди, бечора кампирга, энди ўлиб қоладига чиқарган эди. Охири сабрим тугади. Урушдан сўнг анчагина кутдим, бўлмади. Бир кунлик бўлса-да, фарзандларимдан қарздор бўлиб қолмайин, деб қозиққа бешта тўн, бешта қийиқ илдим, аза очдим. Тонгдан қичқирдим, кун ботгунча. Ҳаммаёғи дув тўкилган ҳовлида бешта сардоримга йиғлаб, нола қилиб ўтирар эдим. Кўча эшик тарақа-туруқ қилиб кетди. Ҳовлига шипдай бўлиб учта миршаб кириб келди.
– Кампир, тинтув қилсак сиз озор топасиз, ўғлингиз яшириниб ётган еридан чиқсин, айтинг, – дейди-да биттаси.
Ўтирган еримда кўзим илиниб, мукка тушиб қолган эканман, кўзимни йириб йиртаман, қани энди бирор нарсани кўрсам. Аламим ошиб кетди. Зўрға қаддимни ростлаб, зикр туша кетдим. Шунча куч қаердан пайдо бўлди, миршаб ҳам боса олмади. Миршабнинг бири мени телба ҳаракатимни кузатиб нарироққа бориб ўтирди, иккитаси йўқ бўлиб қолди. Тепинавериб, икки ёнимга уравериб ҳолдан кетиб қолибман. Ўқ отилди. Қарс этиб дарахтнинг шохи синди. Гусура-гусур бўлиб кетди. Талмовсираб аранг кўзимни очдим. Боши бойлоғлиқ йигитни олдиларига солиб учта миршаб тепамда туришар эди.
– Кампир, ўғлингни беда орасига яшириб қўйиб, тўнини илиб аза очдингми, айт, қотилларингнинг қолганлари қаерда яширинган, – деб туриб олса бўладими?! Кўп вақтдан бери босиғлиқ ётган бедани миршаб сочиб ташлабди. Атрофни аччиқ, қўланса ҳид босиб кетибди, аччиғига одамзод туриб бўлмайди. Фарзандни бунчалик ёмон кўрганимни эслай олмайман:
– Парвардигор, ўзинг биласан, ол омонатингни мендан. Фарзандларимдан айириб, нега бунча қийнайсан, она сути кўр қилгурларни қаердан юбординг, ўғилларим ўрнига мен ўлсам бўлмасмиди, уруш, уруш, нега мени ўлдирмадинг, ўзинг бирлигингда олсанг-чи омонат жонингни, – деб фотиҳа очдим. Миршаб ушлаб турган боши бойлоғлиқ йигитни танимасдим. Она бўлатуриб, беда орасида семириб ётган қабиҳ фарзандни бир мушт уришга кучим етмаганлиги ниҳоятда жонжонимдан ўтиб кетди. Пешонасини сириб бойлаб, хўроз каби бақбақаси осилиб кетган йигитни миршаб олиб чиқиб кетди. Тунни тонгга улаб қичқириб мен қолдим. Тонг отар-отмас миршабнинг каттаси яна келди, “махлуқ” менинг ўғлим эмаслигини айтиб суяб турғазди. “Махлуқ”нинг келиб паноҳ топиб юрганидан хабардор кишилар ўғли тирик юриб аза очяпти, ўғли қочқин бўлиб келган деб хабар қилишган экан. Баттар аламим ошиб кетди. Беш азаматим ўрнида ғув-ғув қилиб сўққа бошим қолди. Эшикка термилиб, йўл кутавериб тиззам кўкрагимга ёпишиб қолган эди. Урушга жўнатганимнинг саккизинчи йили охирида отанг эшикдан кириб келди. Мени қўлига кўтариб кўришди. Танимадим. Қодирхўжанинг юзи йўқ эди. Отангни кўрдиму, энди кетмайсан, болаларингни олиб келасан, кўзим ҳаётлигида сенинг ҳам болачақангни кўрай, деб оқ сутимни ўртага солиб туриб олдим. Отангни кўргач, менга жон битиб қолди. Болаларимни топай, деб келган кунининг эртаси тонгдаёқ Самарқандга йўл олди. Қайтмаса нима қиламан, деб чапак чалиб қолавердим. Шу кетганча ўн икки кун кетди. Ғамларим янгиланди. Дард устига чипқон чиқди. Фарзанд катта қилиб, бир кун бағримга ёлчитиб қўймадинг, деб нола қилдим. Ўн иккинчи куни кечки пайт ёлғиз кириб келди. Меҳмонхонадан бери кирмади. Бир кеча-кундуз туз тотмай кўкрагини захга бериб ётди. Мен ҳам тепасига кириб ўтирганимча қўзғалмадим. Чор атрофга етказиб, дардим янги бўлди, деб фарёдлар чекким келарди. Ношукур бўлмайин деб, ўзимга ўзим таскин берардим. Отанг охири бошини кўтарди. Сизларни кўп излаганини, бошқа шаҳарга кўчиб кетганларингизни ва охири сизларни Тошкентдан топганлигини айтиб берди. Уйда ёлғиз онанг бор экан. Отанг Қодирхўжа бошидан ўтган воқеаларни, урушдан кеч қайтиш сабабларини сўзлаб берибди. Онанг обдон гапни тинглаб:
– Раҳмат, излаб келибсиз. Мен ҳам не кунларни бошимдан ўтказмадим. Катта қизимиз Моҳира пешонамизга сиғмади, етти ёшга тўлганида қизамиқ қоқиб кетди. Бир кўзлаб катта қилиб, ёлғиз Муяссарга суяниб қолдим.
– Сиз келганингизни, яхшиси, юртга овоза қилмай қўя қолайлик, Муяссарнинг меҳри бўлинмасин, – дебди-ю дастурхоннинг бир чеккасини қайтариб, столнинг устига мана шу қоғозни қўйиб чиқиб кетибди. Қодиржон, кутибди, кутибди, онанг қайтиб кирмабди…
Онам, ойижон, ойижон, дея шивирладим. Кампирнинг бошқа гапини эшитмасликка ҳаракат қилдим. Отамнинг ҳозирги қиёфасини мен орзу қилган отамнинг ҳолатига ҳеч ўхшата олмас эдим. Чунки қўлини чеккасига тираганича пешайвон устунига суяниб калласи борган сари қуйи эгилиб борарди. Кампир енг учини яна бир силкиб артиниб олди. Кўзи хираланиб, нури қолмагандек сезилса-да, ўзини тутиб олиб, қалт-қалт титраётган қўли билан хатни менга яқинроқ суриб қўйди. Бир отамга, бир кампирнинг кўкрак чўнтагида ардоқлаб юриб чиқариб берган қоғозига тикилганимча хатни очдим. Ўқидим.
“Ҳурматли Манзура! Қодирхўжадан кўпдан бери хат олмаганингиздан ташвишда бўлсангиз керак. Биз ҳаммамиз Германияни озод қилиш учун жангга кириб борар эдик. Яқин дўстимиз, тенгдошимиз Мавлон деган йигит ҳалок бўлди. Қодирхўжа Мавлон билан ҳамқишлоқ экан, жуда бир-бирлари билан сирдош эдилар. Мавлоннинг ҳуши ҳали ўзида пайтида Қодирхўжа уни елкасига опичлаб жанг майдонидан олиб чиқди ва:
– Дўстим Мавлон, хотиржам бўл, болаларинг етим бўлмайди, – дея ўлим талвасасида талпинаётган Мавлонга қасамёд қилди. Мавлоннинг ўлимини билдирмаган ҳолда унинг хотинига ва болаларига Мавлоннинг тилидан қилиб хат ёзиб юборди.
Германиядаги жангларнинг тугаши олдидан Қодирхўжанинг ўзи оғир ярадор бўлиб қолди. Қодирхўжа ва яна бир сафдошимизни тезликда госпиталга олиб кетдилар. Госпиталда даволанаётганларида Қодирхўжа Мавлоннинг ўлими ва учта ўғли ҳақида сафдошимизга сўзлаб берибди. Сафдошимиздан олган хатимизга қараганда госпиталь бир кун ярим тунда душманлар томонидан ўраб олинган.
Қочишга уддасидан чиққанларгина душман қуршовидан қочганлар. Аммо Қодирхўжа қочиб улгурдими ёки бошқа бирон воқеа юз берганми, буёғи бизга гумон.
Кейинги пайтларда Қодирхўжа сизга ҳам кам хат ёзадиган бўлиб қолувди, чунки шаҳарлик қишлоқининг қадрига етармиди, уруш тугагач тўғри қишлоғимга қайтаман, деб кўп гапирар эди. Энди хат орқали Қодирхўжани излашга беҳуда уринманг.
Сизнинг умидингизда қаҳрамонлик ордени билан олдингизга кириб бориш ниятида жанг қилаётган Усмон”.
Хатни ўқиб тугатгач, онамнинг бир воқеани айтиб бергани ёдимга тушди.
– Муяссар, нега ўз шаҳримиздан кўчиб келганмиз, деб сўрай бериб қийнама мени, ҳеч кимни бева қилмасин экан. Хотин кишининг ёлғиз қайғу тортиши жуда оғир бўларкан, қизим. Отангдан қора хат келгач, бошига дўппи кийган билан салом-алик қилишга тортинадиган бўлиб қолдим. Айниқса, бир оёғидан жудо бўлиб келган қўшнимиз онангни ҳеч тинч қўймади. Хотин кўр қилгур, ўзингни болангни етим қилиб қўйиб, менинг қизларимга ота бўлармидинг, дея қаҳрланардим. Аммо қўшнимга бўлган ғазабимни ҳеч кимга ошкор қила олмас эдим. Қолаверса, унга шунчалик кўнглим йўқ эдики, бу гапларни сенга айтишимга, ёшсан-да, қизим. Бунинг устига опанг Моҳирадан ажралганимдан кейин уйга кирсам ютиб кетаверади. Охири бўлмади, номус кучлилик қилди. Сени бағримга босиб, Тошкентдаги амакимни қора қилиб йўлга чиқдим. Шундан бери тошкентлик бўлиб кетганмиз, қизим…
Назаримда онам олисда эмас, худди ёнгинамда, гўё мени ўзининг энг яқин сирдоши қилиб олгандек, меҳр тўла кўзлари билан менга тикилиб, бошимни бир силаб қўйди.
Мен ҳамон отамга баралла овозим билан гапиргим келар, қандайдир сирли қисса яшириниб қолаётгандек отамнинг оғиз қимчиб ўтиришидан шубҳада эдим. Аммо туғёнларимни ўзим эшитардим, холос:
…Ота, бизга, мен томонга, фарзандингга қара. Устунга суяниб сингиб кетишингни, оғир юк босган устун каби чўкиб унсиз туришингни истамайман.
Хаёл сени жуда олиб кетди-ку. Ўтмишингни ёлғиз эслама. Нималарни эслаяпсан, ота!
Онам айтиб берадиган ҳовлимиз ташқарисида, ҳовуз бўйидаги супада улфатларингни йиғиб дутор чертяпсанми? Ота, ўрнингдан тур, қаддингни кўтар.
Печка тепасида кўриб турганим сарғайиб кетган лас ичидаги дуторингни ол! Ол, ол қўлингга, черт дуторингни!
Кечки пайтлари олдингга ўтўазиб, “Муножот”, “Чўли ироқ”ни чертиб берганингни онам ҳануз гапириб юради.
Чертсанг-чи, сен чертиб бошласанг онамнинг дутор чертиш тўғрисидаги афғонларини сўзлаб бераман. Онамнинг ўзича шивирлаб юриб айтадиган шўх, ҳазилкаш, шалола каби жўшқин алласига дутор чертиб жўр бўлганмисан?
Дутор чертишни ўрганишимни сўрайвериб онам тинч қўймаган мени. Онам ҳануз тахмоннинг ичидаги ардоқлаб юрадиган дуторингни гоҳо-гоҳо чертиб тураман. Сенинг дарагингни топганимни гапириб берганимдан уч-тўрт кун ўтгач, туннинг алламаҳалигача менга дутор черттирди онам. Дутор чертмоқ эсингдан чиқиб кетганми? Наҳотки кейинги пайтларда чертмайсан? Ёки дилингга ҳеч нарса сиғмайдими? Ёшлигим ўтди энди, дея дуторингни бир чеккага чиқариб қўйганмисан?
Ота, айтсанг-чи, келганимдан бери парвона бўлиб юрган анави жувон ким? Болалар менинг укаларимми?! Ота, ўзинг бир парда черт, сукунат ваҳима соляпти менинг қалбимга. Қўлингдан дуторни мен оламан, сенга ҳам чертиб бераман…
Отамнинг биқинида ўтириб пиш-пиш ухлаб ётган ўғилча жойига ётмоқни истадими, базовталанди. Ҳаммамиз болага интилдик. Шу баҳона ўрнимиздан туриб кетдик. Отам ўзига ҳовлининг ўртасига жой қилди. Тинмай кўк чой ичар, гўё ҳеч қаерга сиғмасди. Катта чойнакдаги чойни ёстиғи олдига олиб кетди.
Тоғ кечасини биринчи кўришим эди. Ниҳоятда тинч, чарақлаган юлдузлар қимир этмасди. Юлдузлар шунчалик яқин эдики, назаримда кампир ҳикоясини тингламоқ учун осмон зинапоясидан пастроқ тушганлар. Кундузи қўшиқ айтиб оқаётган сув ҳам туннинг сукунатига сингишиб кетиб, жимиб, сокинроқ бўлиб қолганди. Отам боғнинг этагига кетганича тезда изига қайта қолмади. Кўзимга уйқу қўнмай кутиб ётдим.
– Отамнинг уйқуси қочдими? – дея кўнглимдан ўтказдим. Нега отам у томонда ушланиб қолди? Кундузи келди-кетди билан бўлиб, полизга сув қўя олмадими. Ёки отини тунда совутишга олиб чиқармикин? Ой тиккалаб қолди. Пастда нимадир тап этди… Олма тушгандир. Олмалар тўкилаяпти. Сутдек ойдин кечанинг зеболигига маҳлиё бўлиб отамни кутиб анча ётдим. Шарпа сезилди. Отам келарди. Тепамга келиб, ухладимикин деб қараса-я, деган ўй билан бошимни буркаб кўзимни юмиб олдим. Бугун тонг тезроқ отадиганга ўхшаб кўринади. Балки қувончимдандир. Қувонишга ҳақлиманми? Отамни излаб тўғри иш қилдимми? Сўрамасдан излаб келганимга ранжиса-я, онам? Наҳотки оналар қизини алдаса? Бувимнинг гапи ҳақиқатмикан? Чиндан отамникидаманми? Нималар деяпман ўзим. Йўқ, отам, менинг отам. Сезаяпман, ўзимнинг отам! Қариндошларимиз эслашганидек бўйлари барваста, бароқ қош… Бироқ жуда озғин-а, нега озғин? Ёз ҳавоси ёқмасмикан? Онам ҳам отанг қотмагина, тиниб-тинчимаган йигит, деб айтарди. Ойи, онажон кечир, Муяссарингни кечир! Ишон гапимга. Меҳрим бўлингани йўқ. Отам дийдори ҳурмати меҳрим ошиб кетди яна…
Онамнинг мендан кутган умидларини, унинг қиёфасини ўйлаб кетдим… Онам олисда, жуда олисда хомуш ўтирар эди. Севган ҳунари ироқи дўппи тикиш билан ўзини овутса-да, дам-бадам соатга қарар эди. Уч-тўрт бор бармоғига игна санчиб олди. Ҳовлида шамол турди. Артель, ишни жадалла, деб кетганига қарамай, ишни йиғиштириб қўйди. Уйнинг деразаларини ёпди. Йўл қараб кўчага чиқди. Анҳор ёқалаб бекат томон бораверди. Юраги шиғ этиб қўлига қаради, узуги тушиб қолганлигини кўрди.
“Вой шўрим, Муяссар саломатмикан, нега менинг узугим тушади, узук тушса ундан нари, Муяссар келаётганмикан?” Ўзига ўзи шивирлади онам. Тез юрмоққа жадаллади. Онамнинг тўла, думалоққина гавдаси олдинга интилгани сари шамол унинг йўлини тўсарди.
– Ойи, ойижон, мен бу ердаман, хавотир олма, бораман, – деб қичқирар эдим. Онамнинг оёқлари чалкашиб қолди. Овозимни эшитмади. Онамни аниқ кўриб турар эдим. Анҳор қирғоғидаги толга суянди. Қичқирардим, овозимни эшитмасди. Ўзини ўнглаб яна йўлга тушди.
– Ойи, ойижон, мен бораман, яқин юрманг анҳор лабига, шамол зўрайиб кетяпти, ойижон бораман, ёнингдан бошқа силжимайман, ранжима, ойижон, – дея овозим борича бақирдим. Онам менинг хонамда пайдо бўлиб қолди. Қўлида йўқотган узуги ҳам бор эди. Узугини топганидан хурсанд бўлса-да, эшикдан кўзини узмай ўтирарди.
– Ойи, ойижон, нега кўрмайсан! Шунчалик бақирдимки, онам олазарак бўлиб тоғ томонга қаради. Мени чўққи устида кўрди. Кўзи тушиб, оқ рўмоли билан юзини пана қилди. Лаби қимирлади.
– Ойи, ойижон, – дея ҳамон бақирар эдим. Онамнинг мушти қисилди, қўлини кўрпачага тиради. Уйдаги нарсаларни олдинма-кетин қаҳр билан кўз остига олди. Мен овозим борича қичқириб тушунтиришга ҳаракат қилар эдим:
– Ойи, ойижон, нариги баланд чўққига чиқиб бақирсам эшитасанми? Қарайсанми? Ойижон, қарай қолгин! Мен отамнинг уйи тепасидаги тоғнинг энг баландида турибман. Отамни ҳам чақирайми, чиқсинми? Ойижон, ўтинаман сендан, кечир мени! Сенга, онамга ёлғон айтмайман-ку, меҳрим бўлингани йўқ! Қарагин, нега мендан юз ўгирасан? Қарашингни кутиб, чўққида совуқ қотиб кетдим. Шунчалик ранжияпсанми, ойижон, қора булутлар тепамда гирдикапалак бўлиб ўралашиб қолди. Мен турган чўққи атрофини қора пардага ўраб бошлашяпти, нега қарамайсан, ойижон! Тўй қилсак, отам ҳам борар экан, деганимни қайта сўрадингми? Гапингни тўғри эшитдимми? Лабларинг нимани шивирлаяпти? Отам хиёнатчими? Ростини айтишмадими менга? У сирни фақат сен биласанми? Болаларимнинг отаси-ку, дея яшириб келганмидинг? Отам фарзанд меҳрига лойиқ эмасми? Хўрлаганми сени? Кимдан ранжияпсан, ойижон? Менданми ёки отамдан? Томоқларим қуриди, қарасангчи, ойижон! Ойижон, кеч келдинг-а, деб ранжиб қолишингни соғиндим. Қарагин мен томон… Оёғим остидаги тош силжиди…
Қулоғим тагида акс садо эшитилди. Сакраб тушдим. Сапчиб бошимни кўтардим. От кишнади. Тап этган овоз келди, бедага кўзим тушди. Қаерда ётганимни, кўзим илиниб туш кўраётганимни шундагина англадим…
Ивир-шивир гаплар қулоғимга чалиниб, кўзимни очганимда қуёш кўтарилган эди. Қизариб турган олмаларда қуёшнинг илиқ нури жилва қиларди. Нарироқ кетиш қуёшнинг ниятида йўқмиди, биз ўралашаётган пешайвонга маҳлиё бўлиб қолганди.
Йиғиниб улгурмасимиздан яна одамлар кира бошлади. Ошхонанинг ёнбошига тахланган ўтин устида янги сўйилган қўйнинг териси пайдо бўлиб қолди. Тандирдан ҳозиргина узилган ноннинг ҳиди анқиб кетди.
Туш пайтига бориб аёллар йиғила бошлади. Кампирга – бувимга пешайвон олдига кўрпача ташлаб беришди. Ҳассасини дутор каби бағрига босди. Қуруқ таёқчани созлаб олди. Кампирнинг ҳозирги қиёфаси кеча отам ҳақида гапираётган қиёфасига ўхшамас эди. Бувим давра қуриб ўтирган ёш-яланг жувонлар ичидан кимнидир излар эди. Унинг қарашида норозилик, дилида надомат бор эди. Худди мен ҳозир кетиб бораётгандек хавотирланиб бағрига босиб хўрсинди ва деди: – Ёлғизгина аммангни ҳам ерга қўйганман, болам. Отанг ундан қолган болаларни ва келинини уйимизга кўчириб олиб келди. – Одати бўйича узун енгини силкиди. Ўнг қўлини ҳассага яқинроқ элтиб, тиззасига қўйди. Ўлан айтмоққа бошлади:
Шафтоли шохи ларзон, омон ёр,
Рўмолимда гули бор, омон ёр,
Фарзанд доғи кўрманглар, омон ёр,
Юрагимда ўти бор, омон ёр,
Шафтоли шохи ларзон, омон ёр,
Рўмолимда гули бор, омон ёр,
Гулим кетди, гул келди, омон ёр,
Гулим сенга нолам бор, омон ёр,
Шафтоли шохи ларзон, омон ёр,
Рўмолимда гули бор, омон ёр,
Айб этма, Муяссар, омон ёр,
Гулни йўқлов гапим бор, омон ёр,
Урушдан фарёдим бор, омон ёр…
Сувда олма каби қалқиб-қалқиб оқиб келаётган ўлан мисраларининг оҳанги сал ўтмай ўзгариб кетди. Кампирнинг овози нохушликдан аъзои бадани зирқираб турган кўп йиллик наъматакнинг мунгли садоси бўлиб титраб чиқа бошлади. Кампир болам деб фарёд чекарди. Даврада ўтирган аёллар маъюсланиб, наъматак ниҳоллари бўлиб қолишди. Кампир ўлган қизининг исмини ўлан мисраларида зикр эта бошлади.
Бошим борган сари эгилиб, қулоқларим гувуллади. Хотинлар ҳамон ўлан оҳангига чайқалишиб ўтиришар эди. Шамолнинг орқасидан қувиб ета олмаган денгизнинг ҳайқириғидек кампирнинг овози фарёд ноласи билан баландга кўтарилди. Ҳайқириқ аралаш чайқалди. Мунгли мисраларнинг радифини такрор айтиб, орқасига қайтаётган тўлқиндек товушини пастлади. Ўландаги йиғлоқи руҳ менинг руҳимни сингдириб олди. Овозимни чиқармай ўланнинг иккинчи такрорида қўшилиб, баробар айта бошладим:
Тонг шамоли турганда,
Эшик қоқиб келсанг-чи,
Болажоним соғиндим,
Соғинчимни билсанг-чи,
Соғинганим кўрсанг-чи.
Бошинг кўтар мен борай,
Майли, парвона бўлма.
Чеҳрам узра тупроқ деб,
Кўнглинг вайрона қилма…
Кампирни ҳеч тўхтатиб бўлмасди. Ўлан мисраларини чалкаштириб, ўзим сезмаганим ҳолда куй оҳангига тебраниб ўтирар эдим. Ўланнинг охирги байтлари яна ва яна такрорланавериб, аста-аста сўна бошлади:
Узун-узун арғамчи,
Ерда ётса найлайин,
Жиян келса аммаси,
Гўрда ётса найлайин…
Болаларнинг қайси биридир келиб эркаланди. Қўлимдан тортди. Ўрнимдан турдим. Ўраб олишди. Кампирнинг туришини кутиб, ҳеч ким қўзғала олмай турди.
Ўйлар менга қанчалик ҳужум қилмасин, болалар билан овуниб ўтирдим. Пастдаги нашвати тагига бордик. Тўққиз ёшлардаги Фотимахон липиллаганича нашватига чиқиб кетди. Унинг ортидан бири, сўнгра иккинчиси чиқди. Этагини липпасига қистириб, нашвати узиб тушишди. Энг кейин чиққан Махсумаси ариқнинг нариги бетидаги нашватидан битталаб бизга ота бошлади. Ҳар отганида қиқир-қиқир куларди. Фотимахон ичи бинафша гуллик тарелкада нашватини чайиб, муздеккина келтириб қўйди.
…Отамга онам касаллиги туфайли уруш даврида тортган қийинчилигимизнинг биронтасини айтмасликка қарор қилдим. Ҳа, уруш қийинчилиги, урушдан орттирган айрилиш каби жароҳат бизнинг тилимизда афсона бўлиб қолсин…
Овқат емоққа отам биз билан ўтирди. Иштаҳаси тортмагандек унда-мунда олиб ўтирар, аслида овқат отамни емоқда эди, тинмай кўк чой ичарди.
– Меҳмон келди, меҳмон келди! – дея болалар чопиб келишди. Отам қўлини артиб туриб кетар экан, яна хаёлга чўмдим:
– Отамга юринг десам борармикан? Юринг, деб қандай айтаман. Икки кунгина борса ҳам майли эди. Отам чиндан бораман деб қолса нима бўлади? Онам ранжирмикан? Онам билан отам ўртасида бувимнинг қўлидаги хатдан ташқари бирон сир бўлсачи? Наҳотки онам, отамнинг ҳаёт келганига севинмай, дастурхоннинг бир чеккасини қайириб чиқиб кетган бўлса? Онам кечирса бўлмасмиди? Фарзандлари олдида отаси дийдорига жавобгар бўламанку, деб ўйламадимикин онам? Ахир онам бегона кишиларнинг шодлиги учун жонини аямайди-ку, наҳотки отамни, фарзандларининг отасини ноумид қилиб юборса? Қизиқ, мен қаердан билай, онамнинг ўрнида мен бўлганимда нима қилардим? Кишининг кўнгли шунчалик нозик бўладими? Онам айтганидек, балки мен жуда калта ўйларман?! Воқеанинг ростини ким менга сўзлаб бераркин? Балки дугонам Дилоромнинг дадаси ҳам ҳаёт юргандир. Бизнинг гуруҳда неча кишининг отаси йўқ эди. Уларнинг отаси нима сабаб билан келмай қолган экан. Ўртоқларимни тўплаб, бўлган воқеани сўзлаб берсам, – вой, қандай бахтлисан, Муяссар, шояд менинг ҳам дадам келиб қолсалар, нима бўлса ҳам майли, дадамни кўрсам кошки эди-я, деб кўнгиллари бузилса-чи? Латифанинг дадаси қаерда экан ёки у чиндан ўлганмикан?
Уруш! Бизга тарих бўлсанг-да, умримизга афсус келтирувчи жароҳатни солиб кетган экансан! Емасдан тўйиш мумкин бўлган дийдорга ҳеч ким зоринтизор бўлмасин!
Меҳмонлар олдига чақиришди мени. Анча вақт ўтирдик. Тоғ қуёши жуда кеч ботар экан. Ҳар бир чўққи орасига бир яшириниб, яна пайдо бўлиб қолади. Эрта саҳар тоққа чиқмоқни маслаҳатлашиб барвақтроқ ётдик. Кўзимни юмишга зор эдим. Кўзим илинди дегунча ойи, ойижон, дея гапимнинг давомини гапира олмай овозимдан чўчиб кетавердим.
Яхшигина қотиб ухлабман. Чуғурлашиб болалар уйғотмаса, туролмас эканман. Тоққа йўл олдик. Бизни бошлаб Фотима борар эди. Фотима энг баланд чўққига чиқиб, оёқларини қизил лас кўйлагининг ичига жуфтлаб ўтириб олди. Биз ярим йўлда тўхтаб дам олдик. Болалар кўп ўтиришмади. Яна баландга интилдик. Фотима ўтирган қояга етиб чиқдик. Йўл-йўлакай узиб борган ажина қовунчаларини этагимга солиб, болалар қояма-қоя сакраб кетишди. Қуёшнинг чўққига ураётган нурини ёлғиз эмиб мен қолдим. Китобларда ўқиганим ажойиб ҳодисалар бири ўрнини бири ола бошлади. Ўрнимдан туриб, атрофга қарадим. Папирос яшигидан каттароқ бўлиб том кўринди, бу отамнинг ҳовлиси эди.
Атроф гир айлана тоғ, ўртаси қишлоқ. Узоқларда шаҳарда ўстиришадиган арчалар катталигидаги қуюқ дарахтлар ғуж-ғуж бўлиб кўринар эди. Қишлоқ орқасидан ўтган катта йўл гугурт қутича кенглигида илон изи бўлиб кетиб, чети кўринмасди. Олисдан, ниҳоятда олисдан бурқиб чанг кўтарилди. Машина келяпти, дея кетишим хотирамга тушиб қолди. Шофёрнинг айтган соатига ҳали вақт бўлса-да, аллатарзи бўлиб кетдим. Чанг тарқалди, ҳеч нарса кўринмади. Келмай қолса-чи? Ташвишлана бошладим. Гўё шофёр менинг отам бўлиб қолувди. Фарзанди излаб келаётганига боши осмонга етганидан вақтинча сирни очмай, отани излаш баҳона, жаҳонни мен билан кезиб чиқмоқчидек машина ҳайдашни жадаллаганди.
– Амакижон, сиз эмасми, менинг отам, – деб сўроққа неча бор оғиз жуфтлатган эдим. Шофёр келади, албатта келади. Кетаётганимда нима бўлади? Ачам яна ўлан айтадими? Ачам бахши кўринади. Ёзишдан саводи бормикан? Ёки куйган ўланчи бўлади, деганларидек, фарзандлардан айрилиш дарди ўланчи қилиб қўйдими ачамни? Отам юбормайман, деб туриб олса-я? Отамнинг қувончлари татимай қолганини кўриб туриб, соядек ташлаб қандай кетаман? Бугун отамнинг руҳи пастроқмиди, нималарни ўйлаб чиқди, отам? Ёши улғайганида ёлғиз қайғу тортиш, бизни соғиниш, ўтмишини эслашлар оғир ботяптимикан? Аммамнинг болалари ўзиники бўлиб кетибди, ўшалар билан юпанармикин, мени ҳеч қаерга ишонмай қолди, қарайверади, ўзимга айтадиган гапи борми? Бувим отамнинг кўнглидагисини топиб гапира олмадими?… Йўқ, мен ҳаммасини тескари ўйлаяпман. Менинг кетишим отамга енгил эмас. Мени жўнатиб, меҳмонхонадан чиқа олмай ётиб қолса-я? Ҳамма маъюс тортади, бутун қишлоқ яна келади… Мен жуда хато ўйлаяпман. Отам руҳан жуда бақувват, мақсадига ишончи жуда зўр одам кўринади. Отамнинг руҳи бардам бўлмаса, мени ҳар куни кутармиди?! Туғилган кунимни хотирлаб чойхонадагиларга дутор чертиб берармиди?! Туғилган кунимда менга ўхшатадиган жияним Фотимага алоҳида совға олиб келармиди? Ҳар йилги олмадан келгуси ҳосилигача асрармиди?! Ўз тенгқурларига:
– Тасодифлар кўп, кўпчилигимиз тоғни кўрганмиз, тоғнинг орқасидаги воқеалардан бехабармиз. Менинг қизим келади, албатта келади, сиз дўстларимга зиёфат қилиб бераман, рози бўлса, қишлоққа ишга чақираман, – деб айтармиди?!