Электронная библиотека » Уктамхон Домлажонова » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Дилнома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 10:00


Автор книги: Уктамхон Домлажонова


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЧЎНТАКДАГИ ХАТ

Шоислом Обидович ҳар кунгидан ҳам қовоғи уйилган ҳолда кириб келди. Чамаси, етти-саккизта одам қабулига навбатда турарди. Хонасига кириб, тўғри иш столи ёнига борди. Гўшакни кўтарди. Қайси рақамни терди, адашиб кетди. Қайтадан терди. Натижа бўлмади. Жаҳл билан ўриндиққа ўтирди. Чаккасини ушлади. Фақат боши оғрияптими ёки бутун танаси зирқираяптими, билиб бўлмайди. Томоғига бир нарса тиқилгандек қўлини галстугига олиб борди. Яна гўшакни кўтарди. “Нотўғри рақам теряпсиз”, деган жавобни олди. Столидаги тугмани шундай босдики, котиба “учиб” кирди.

– Қабулни кутишмасин, қабул йўқ.

Учиб кирган котиба бир лаҳза туриб қолди. “Қабулни кутиб турувчиларга нимани баҳона қиламан”, кўнглидан ўтказди у.

– Чойингиз қайнаганми?

Шоислом Обидовичнинг кинояли овози унинг хаёлларини бўлиб юборди.

– Ҳа, ҳозир, – деди-ю, ўзини зўрлаб майда қадам ташлади.

Шоислом Обидовичга кирувчиларнинг норози овозлари эшитилиб турса-да, хаёли ўзида эмас, ҳамон қўли чаккасида эди. Кеча нима бўлди, ўғлини нега уришди, не сабабдан машинанинг эшигини тарақлатиб ёпди, нима учун эшикни қайтадан ёпди, нима учун эшикни қайтадан очиб, кириб ўтириб олди? Ўғли нималар деб ялинди-я. У мени ишхонадан олиб кетиш учун келганида хизмат машинамда ўтирган эдим. “Вақтида келсанг ўласанми? Мен гараждан машина чақирдим, кетавер, иккинчи чақирилган вақтда келмасанг…” дедими? Тайинланган вақтда келганини исботлаш учун ўғли қўл телефонининг соатини кўрсатаётганда телефонни қўлидан олиб отмоққа шайланганини кўрган ҳайдовчи илдамлик билан билагидан ушлаб қолганди.

– Бола-да. Шоислом ака, бир оз кечикса кечикибди. Мана, ўзим олиб бориб қўяман…

– Боланинг ёнини олманг…

Шоислом Обидович кейин нималар деганини эслай олмади. Котибанинг чой кўтариб кириши унинг паришон хаёлини янада чулғади.

Шошилинч ҳолатда чойни қуйиб қайтарар экан, қўлининг қалтираётганини яққол сезди. Рўмолчасини олиш учун чўнтагига қўл солди. Ажабо, учбурчак шаклида букланган қалин қоғоз. Учбурчак қоғознинг устига йирик-йирик босма ҳарфларда “Дадажон” деб ёзилган эди. Кўлига олиши билан телефон жиринглади. Хатини очишга улгурмади.

Ўн беш дақиқа ичида бош бошқармага етиб келишини хабар қилишди. Илдам хонадан чиқиб, котиба киргизмаётган одамларнинг шикоятини ҳам эшитмай учиб кетди.

Бош бошқарманинг раҳбари ҳам тўнини тескари кийиб келган эканми, мажлис қатнашчиларининг деярли барчасининг пўстаги бирма-бир қоқилди. Қоқилганда ҳам шундай қоқилдики, ҳар бир бўлим бошлиғини алоҳида-алоҳида турғизиб, берган саволларига қониқарли жавоб олмагунча ўтиргизмади. Буларнинг ичида Шоислом Обидович ҳам ўзига тегишли насибасини олди.

– Шикоятнинг деярли саксон фоизи сизнинг бўлимингиздан, ишчиларингизнинг шикоятларини қаранг, кимдир олти ойдан бери меҳнат ҳақини ололмайди, кимдир дардманд, даволанишига рухсат бермайсиз. Мана, ҳаммасини ўқиб, “эзибички” ичгандай роҳатланинг…

Бу дашномларни изтироб билан эшитаётган гавдали Миртожиев раҳбарнинг қўлида турган бир даста хатни олишга зўрға журъат этди.

Шоислом Обидовичнинг боши ҳамон оғрир, бошқа бўлим бошлиқларига нисбатан “камроқ калтак еган” бўлса-да, кўнгли ғаш, дам-бадам чўнтагидаги хатга қўлини тегизиб қўярди. Бошқарма мажлиси узоқ давом этди. Бўлим раҳбарлари муаммоларини дастурхон қилишдан ортиб, бошқа бўлимларнинг тажрибаларини ўрганишга ҳам вақт топа олишди. Охири овқатланишга ҳам фурсат етди. Кўпдан бери бир-бири билан хотиржам ўтириб дардлаша олмаган дўстларга ҳасрат, ҳасад, иғво учун фурсат келди. Ҳар ким ўз яқинлари билан гуруҳ бўлиб олиб, гапга тушиб кетишди. Шоислом Обидовични соғиниб юрганлар ҳам кам эмасди. Ўтириш алламаҳалгача давом этди. Шоислом Обидович ресторандан ҳамроҳлари билан энг охирида чиқди.

Машина уйга етиб келгач, рафиқаси Зулфия ўқдек эшикка отилди. Аммо машинада Шоислом билан бирга келган иккита бегона эркакка кўзи тушди-ю, баданидан муздек тер чиқиб кетди. Тезда ўзини қўлга олиб, самимий сўрашишга ҳаракат қилди. “Ғуломжон қани? Бормадими, олдингизга?”деган саволдан ўзини зўрға тутди. Шоислом курсдош дўсти Диёрнинг қўлтиғига кириб, меҳмонхона эшигигача келди.

Меҳмонхонанинг дид билан безатилганлиги уй бекасининг саранжомлигидан далолат эди. Дастурхон кўтариб Зулфия кирди. Диёр дастурхонни маҳкам ушлаб:

– Ҳеч нарса керак эмас, кўраяпсиз-ку, биз ебичиб келяпмиз, – деди хижолатпазлик билан. – Овсинингизни олиб, ўзимиз хотиржам келамиз. Шоислом, менга рухсат беринг, бошқа келамиз.

Шоислом юмшоқ ўриндиққа ўтирганча кўзлари сузилиб қолганди. У ўртоғининг ўрнидан туриб олганини кўриб, гинахонлик қилди:

– Ахир, кетаман, деб туриб олдинг-а, – Шоислом шундай дея дўстини қолишга қистамади. Диёр ҳам Зулфиянинг ҳозирги кўринишидан ниманидир сезиб, ачинган кўйи самимий хайрлашди. Меҳмонни кузатиб, қайтиб кирган Зулфия Шоисломнинг хуррагини эшитиб, астагина эшикни ёпди. Одатдаги ётоғига кирмай, кўча эшик тўғрисидаги айвонда кўрпача ҳам солмай ўтириб олди. Соат тунги икки. Ғуломжондан дарак йўқ. Юраги ҳаприқиб кетиб, хоналарида ухлаб ётган ўғли ва қизининг тепасига бориб келди.

– Ғуломжонга нима бўлди-я, нега бугун машинани ташлаб кетди. Биронта ўртоғиникида зиёфат, туғилган кун ёки дарс тайёрлаш бўлса айтгувчи эди. Нега телефонга жавоб бермайди. Шоислом акани уйғотиб, Ғуломжоннинг келмаётганини айтсинми? Йўқ, айтолмайди. Маст ҳолида улар билан гаплашиб бўлмайди. Кеча Шоисломнинг ҳолати бугунгиданда ёмон эди. Ўғли Ғуломжон икки соатдан кўпроқ отасининг дашномига чидади. Зулфия боланинг ёнини олиб кўрсин-чи?! Охири, Шоисломнинг ўзи чарчадими, Ғуломжон қафасдан озод бўлган қушдек ўрнидан турди-ю, дувиллаб оқаётган ёшини яширишга ҳаракат қилиб, хонасига кириб кетди.

Унинг хонасида алламаҳалгача чироқ ўчмади. Зулфия ўғлининг олдига киришни хаёл қилди, аммо шу дақиқада уни юпатиш онага ниҳоятда қимматга тушар, онаизорнинг ҳозирги аҳволи Ғуломжонни юпата олмасди. Мана, ҳозир соат тунги уч. Ғуломжон йўқ.

Соат эрталабки саккиз бўлиб қолди. Ўғилдан на қўнғироқ бор, на хат-хабар. Зулфия бир аҳволда турганида телефон жиринглади. Зулмат ичида чироқ ёнгандек бўлди. Зўрға гўшакни кўтарди, таниш овозни эшитди-ю, ҳафсаласи пир бўлиб кетди.

– Зулфия опа, бу мен, кеча мажлисда қатнашган Шоислом Обидовичнинг яқин дўстлари хайрлашиб кетишга келишган экан, кутиб туришибди.

Зулфия истар-истамас, бу хабарни эрига етказди. Шоислом Обидович шошиб қолди. Унга бир пиёла чой ичириб юбориш мақсадида Зулфия ҳам ошхонага кирди. Столга у-бу нарсаларни қўймасдан Шоислом аканинг овози эшитилди:

– Олдин Ғуломни уйғотмайсанми, қачон машинани қиздиради…

Зулфияни титроқ, тутди. Нима десин… Айтмай иложи йўқ.

– Кечаси келмади, кутиб тонг оттирдим.

Шоислом ака бошқа костюм кийиб чиққан эди. Отилиб уйга қайтиб кирди. Ишхонага келиб дўстлари билан ўзини зўрлаб гурунглашди, тезроқ хайрлашишга ҳаракат қилди. Бирор соат қабулга одам қўймасликни, телефонни ҳам уламасликни таъкидлаб, хонасидаги шкаф орқасида бир дақиқа дам олишга мўлжаллаб қўйилган диванга ўтириб, қалингина учбурчак хатни очди…

“Ассалому алайкум! Хат, одатда, узоқ масофалардан йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб келарди. Мен узоқ шаҳарларда ўқиб, сизни, онамларни, бувим ва бувамларни, синглимни, укамни, дўстларимни соғиниб-соғиниб хат ёзишни, сизлардан борадиган хатларни ташналик ва чанқоқлик билан тўйиб ўқишни орзу қилардим. Хабарингиз бор, раҳматли бувим: “Дадангни кута-кута тунда юлдузлар санардим, сени бағримга босиб, адангнинг ҳидини туяётгандек бўламан. Ёшим улғайиб қолди, сен кетсанг, жуда ёлғизланиб қоламан”, дея бошқа шаҳарга кетишимга розилик бермаганлар… Афсуски, кўлингиздаги бу хат соғинч, дийдор орзуси, ўқишларимнинг натижаси… умуман, мен ёзишни орзу қилган хат эмас.

Дада, турли ширинликлар кўтариб келиб эркалашингиз, телевизорда кўрган мультфильмларни шошиб-пишиб гапириб беришларим, сизни олиб келган совғаларингизни бувам ва бувимдан бекитиб, улардан қизғаниб олиб қочганларим, ўртоқларимга мақтанганларим ортда қолиб кетди. Уларни кўп қўмсайман, топа олмайман. Ўсмирлик даври ҳаммада бирдай кечадими ёки менда шундайми? Мен баъзи пайтда ўзимни қўйгани жой топа олмайман. Мен “китоб боғи”да катта бўлгандим-ку. Мен билан ёнма-ён ўтириб китоб ўқиганларингизни, эртак қаҳрамонларига ўхшаб турли саволлар билан имтиҳон қилганларингизни қўмсайман…

Эртак қаҳрамонлари яшириниб ётадиган ғорлар, тоғ орқасида уларни кутиб кунни тунга улайдиган ялмоғиз кампирларни жонлантириб сўзлаб берардингиз. Ҳозир-чи, ҳозирги аҳволимга ўзим тушуна олмайман. Йигитликнинг авжи мураккаб ва муаммоли бир даврида тенгқурларим ва қариндошларим ичида адасига, ҳа, уни дунёга келишига сабабчи бўлган отасига эркаланиб сўз айтишга муштоқ бўлиб, на вақт, на имконият топа оладиган ёлғиз кимса мен бўлсам керак. Нега ўз отам билан ўртамизда қандайдир девор пайдо бўлаяпти? Сиз кейинги икки-уч йил ичида жуда ўзгариб кетдингиз. Бу ҳолатингизга менинг ақлим бовар қилмайди. Нимадан кўнглингиз тўлмайди? Сиз туфайли менга, оиламизга ҳамма ҳавас қилади-ку. Кейинги пайтларда мени қандайдир гумонлар ўраб олаяпти. Бу гумонлар сизнинг мавқеингизга, менинг келажагимга рахна солаётгандек туну кун безовтаман.

Эслайсизми, дада, мен бир саволингизга жавоб беришга қийналганимда икки марта такрорлаб айтган гапингиз:

– Расулжон, ёдингда тут, одам ўзи бир мўъжиза, ўта мураккаб машина, буни валломат инженер ҳам ихтиро қила олмайди, лекин бу “мўъжизани” яратган Зот унинг умрига-ю жисмига нур узатиб турадиган, имтиҳонлардан омон ўтиб олиши учун “тафаккур” аталмиш қуролни ҳам қўшиб яратган.

Мен бу гапни қаердан ўқиганлигингизга қизиқиб, кўп китобларни варақлаганман, ўқиётган китобларимдан синчиклаб қидирганман. Хотирамда сақлаб қолиш учун ҳар куни неча бор такрорлардим. Ана шу ўгит туфайли “Фойдали маслаҳатлар” дафтарини тутмоқликни ихтиёр этиб, донишмандлар, алломалар, халқ битикларида учрайдиган камёб ва қадрли ўгитларни ёзиб борардим. Ҳозирги жумлани ёзмоқ мен учун жуда оғир. Наилож. Хира тортиб қолган кўзни ўйиб ташлай олмаймиз, оқсаётган оёқни кесиб юбора олмаймиз… Чунки, шу туришда ҳам у жуда керак.

Дада, юқоридаги иккита жумла, балки бир ҳадисдир, балки бир дардманднинг юрак афғонидир.

Афсуски, шундай, сиз мен учун хира кўзим ёки оқсаётган оёғим эмассиз. Сиз отамсиз, нонга зор бўлишни хорлик, деб билмайман, меҳрга зорликда хўрланаётганимдан афсусдаман…

Бувим раҳматли Аллоҳга топширганим амакинг ўрнини босиб қолдинг, отангга ҳам ўғил, ҳам ука бўлиб суянчиқ бўлгин, деб насиҳат қилардилар. Уларнинг суҳбатлари, ниятлари, дуоларидан руҳланиб, тезроқ катта бўла қолсам-чи, деб шошилганларим эсимда. Ҳозирги катта бўлиб бораётганимдаги аҳволимга бармоғимни тишламоқдан бошқа илож топа олмайман. Сезаяпсизми, ҳамон ошкора гапиришга, бор туғёнларимни дастурхон қилишга журъат эта олмаяпман, чунки хаёлимда ҳамон бир ҳолат.

Дадам қандай аҳволда турганларида бу хатни очадилар? Нега юзма-юз гаплашмай, бир уйда туриб, хат орқали гаплашаяпман? Ақлли бўлиб қолдингми? – деб юзимга отсалар-чи… Андиша гирдобидаман. Сизни мастлик ҳолатингиздаги икки соатдан кўпроқ давом этган тарбиявий маърузангизнинг битта ҳарфини ҳам ўчирмаган ҳолда, борди-ю мастнинг гапи, деб бепарво қарасам, ўзимни жинояткорнинг жинояткори ҳисоблаган ҳолда “Фойдали маслаҳатлар” дафтаримдаги сизни шу кундаги аҳволингизни ойна каби кўрсатувчи айрим сатрларни кўчириб ёзаман. Афсус ва надоматлар билан кўчираман. Чунки, бу ибратли гапларни бисотга олаётганимда ўз отам учун асқотармикан, деб ҳеч хаёлимга келтирмаган эдим. Ҳозир шу бисот менга қўл келиб қолди, шоядки. Ёзгандан кейин ўқишингиздан умидвор бўлиб, бир оз таскин топсам…

“Инсонга арақни шайтон ичиради, тўғрироғи, ўз қонини ўзига ичиради”. Оила аъзоларини ҳам қон ютиб яшашга мажбур қилади. Ичувчи бор уйда дуоларнинг ижобат бўлиши гумон! Бундайларнинг фарзандлари ота дуосидан маҳрум бўладилар.

Дадажон, мен сизнинг дуоингизга муносиб фарзанд эмасманми? Наҳотки, ибодатларнинг дуо неъматидан мени бебаҳра қиласиз!

Дадажон, дуоингизни оламан, сиздан-да юқорироқ фазл эгаси бўлишга ҳаракат қиламан, деган ниятларимни ҳозирги тушкунлик билан солиштирсам, боши берк кўчадаман. Сизнинг ишдан қайтганингиздан кейинги онамнинг аҳволига қараб қийналаман. Яна бувим раҳматлининг гаплари эшитилиб қолади:

– Расулжон, она борки, чарақлаб турмайди, ярақлаб юра олмайди, алвон рангларини, бағрининг қўрини фарзандига беради. Онажонинг бу фазилатларнинг фидоий соҳибаси. Даданг лавозимга кўтарилгандан бери онангга осон бўлмаяпти. Онангни ёлғизлатма.

Дадажон, мен фарзанд ўрнидаман. Сизнинг оиладаги ўрнингизни нимага қиёс қилай? Қўлим ручкада, аммо мени бир нигоҳ кузатиб турибди. Сезяпман, онамнинг нигоҳи. Чироғим ўчмаганидан ташвишда. Дарс қилаётган бўлса ҳалақит бермай, деб сабр билан ўтирибди. Кўзида уйқу йўқ. Анча пайтдан бери зўрлаб сўрайверганидан тунов куни она-бола бир ёзилиб гаплашган эдик. Бир қиз билан икки йилдан бери муносабат ўрнатганимни, кейинги пайтда унинг нимадандир руҳан қийналиб юрганини, бунинг сабаби совчилар жазман бўлиб қолганини гапирсам эркалабгина кулиб қўйган эдилар. Сизнинг сурункали давом этаётган бу ҳолатингизнинг сабабини билмаганман, бунинг давосини, иложини қила олмаганим мен учун энг оғир жазо.

Дуоингизга муяссар бўла олмаслигим хавфидан баъзида ноқис қарорларга бориб қоламан. Айниқса, охирги икки соатлик “тарбиявий маърузангиз”… нимасини айтай, маст одам ўзининг айтган гапларига иқрор бўладими?

Дада, майли, тунлари бедор, кунлари тинмай сўрай, ўша менга зарҳал нақшинлар орқали қалбимга муҳрлаб қўйган тафаккур қуроли сизда йўқми? Сизнинг шундай эъзозли, нуфузли даражотларга эришишингизда бу қурол сизга асқотмаганми? Кейинги пайтларда қалбимда доимий безовталик, сизга айтишга тайёрланиб айтолмай қолаётган сўзлар уммони… Дунё ғами келиб кетувчи меҳмон эканлигини тафаккурим ила ҳазм қила олсам-да, тонгни кутиш учун сабр қилишим шарт эканлигини тушунсам-да, сиз туфайли тортаётган ғамимнинг илдизини сабр, билан қуритишга, унинг неъматини кўришга сабр қилиш оғирроқ эканлиги тинчлигимни, ҳаловатимни ўғирлаб қўйган. Молини ортиб келаётган кеманинг ҳалокатга учраши каби сезаяпман, ўзимни. Жон дадажон, шу заҳри қотилдан кечиш учун сабрнинг зўри сизга, ҳа, сизга зарур. Ҳар қандай хасталикнинг энг биринчи давоси сабр, дориларнинг энг ишончлиси сабр, дея мени кўп огоҳлантирар эдингиз-ку, сабр дорисида ҳеч қандай хатар йўқ, бунинг йиқилишига йўл қўйган инсон ҳам моддият, ҳам маънавиятда ўнгланмайдиган даражада йиқилади, чил-чил бўлади, деяр эдингиз-ку. Эслайсизми, қанча ривоятлар айтиб берганингиз. Букрот ҳакимнинг турли гиёҳлар тановул қилиши, подшоҳни даволашга бормаганлиги, вазирнинг гиёҳга қаноат қилолмай подшоҳга қарам бўлиб қолганлиги, сабр тўғрисидаги мен билан олиб борган суҳбатларингиз сирли тилсимлар эди-ку.

Сиз ичимлик ичган онларингизда ўқтин-ўқтин шу ривоят эсимга келаверади. Сабрнинг ер устидаги азоби сизга оғир тушяптими, дада! Сизга насиҳат қилаётгандек гуноҳкор сезаяпман. Бу гапларни айтолмасдим, асло айтолмасдим, отамга-я, ўз отамга-я, қандай юзланаман, юқоридаги гаплардан кейин. Наилож. Дафтар четидаги бу битикларни кўчириб, сизга маълум қилмасам кўнглим жойига тушмайди. Сизнинг олдингизда ноқобил фарзанд деб сезаман ўзимни, отаси жар ёқасида турганида “жазоинг шу”, деб турган душманнинг душмани, деб кечирмайман ўзимни.

Сабр – аччиқ, аммо фойда бергувчи: у қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф этгувчи. Қайси бахтсиз сабр этагини тутган бўлса, у охири муродига етади. Сабр шодликлар калитидир, бандларини ечгувчидир. Сабр ўртоқдир, суҳбати зерикарли, аммо мақсадга олиб боргувчи, сабр улфатдир, узоқни кўзлаган, аммо охирда истакка етказгувчи. Сабр уловдир, секин юрадиган, аммо манзилга элтгувчи. Сабр туядир, оғир қадам, лекин бекатга олиб боргувчи. Сабр насиҳатгўй, ачитиб гапирадиган. Киши табиати ундан озор чекади, лекин амал қилган охирда муродига етади. Сабр табиб, бадхўр дори, бемор ундан азоб тортади, аммо сўнггида соғликка эришади.

Дада, руҳингиз соғлом, кайфиятингиз тетик, “китоблар боғида” маъноларга бурканиб ўтирган вақтларингизни қўмсаб, алланечук бўлиб кетяпман, юқоридаги сатрлар устида сиз билан баҳслашиш, мисоллар билан мени мот қилиб қўйишингизни жуда ва жуда соғинганман. Қани эди, бувим раҳматлининг нина қадаб топган пулларидан тўплаган “китоб боғингиз”да тиззангизга бош қўйиб эркаланиб ётсам. Онасини тўйиб эмаётган гўдакдек суҳбатларингиздан мириқиб, шодлансам. Мен орзу қилаётган дақиқаларни топа оламанми, нима қилсам сизни шайтон чангалидан қутқариб қоламан?

Яқин дўстингиз Омонулло ака билан дардлашайми? Бош раҳбарингизга бориб, отамни бу йўлдан қайтаринг, дея ёлворайми? Ёлғизгина аммам билан пойингиз остида тиз чўкайми? Бундай қараганда, хоҳ қариндош бўлсин, хоҳ бегона, кимга керак бизнинг ташвиш? Фақат битта халоскор турибди қаршимда. У ҳам бўлса юқорида мен сифатларини санаб ўтганим – сабр. Сабрни сиздан кутаман, дадажон, фақат сиздан. Сезяпман, бу ҳолат сиз учун жуда қийин. Сиз менга таъкидлаган тафаккур неъмати шайтон макри олдида кучсизми? Ўша тафаккурга сабр қўшилиб, уни қўллаб-қувватламайдими? Дадажон, саволларим кўпайиб кетяпти. Тезроқ тугатиб чироқни ўчирмасам, онамнинг ҳайкал каби қотиб, мени кузатиб ўтиришларидан ноқулай сезяпман ўзимни. Уйга бормаганим учун мени койиманг. Тўғриси, энди бормайман, яшириб нима қиламан, боролмайман. Ўқишни битиришимга оз фурсат қолди. Дуоингиз ижобат бўлмаса ҳам, ўтинаман, ҳушёр пайтингизда дуо қилинг. Ўқишни имтиёзли битириб олай. Ишлайман, дадажон, кучим борича тиришиб ишлайман. Сиз ҳақингизда заҳри қотилдан қутулибди, шайтон билан курашиб шайтонни енгибди, деган хушхабарни эшитиш менга насиб қилсин. Ҳа, айтмоқчи, бувим раҳматли менга кейинроқ, зарурат бўлганда дадангга бериб қўйгин, деб дастрўмолчага ўраб тикилган бир омонатни берувдилар. Узоқроқ ерга ишга кетсам тайин жойда турсин деб “Фойдали маслаҳатлар” аталмиш дафтаримнинг ичига солиб қўйдим…”

Шоислом Обидовичнинг қон босими кўтарилдими, хона чирпирак бўлиб айланиб кетди. Қўнғироқни босди. Котиба кирди.

– Ҳуқуқшуносликни олинг!

Телефон жиринглади. Шоислом Обидович хаста одамдек саломлашиб, ўғлини топиб, телефон орқали боғлашларини сўради. Хонада ҳаво етмаётгандек деразани очиб, у ёққа-бу ёққа юра бошлади. Вақт ўтмаяпти. Соат миллари нега бунча секин имиллайди. Телефон жиринглайди.

– Алло!

– Алло, – деди. Рафиқаси Зулфиянинг овози. У ўғлининг тунда қайтмаганидан хавотир олиб ўртоқларидан суриштиргани институтга борса, чамаси, ярим соатча олдин Расулжонни “Тез тиббий ёрдам”да шифохонага олиб кетишганини эшитибди.

– А, нима?

Шоислом аканинг саволига жавоб бўлмади.

БИРИНЧИ ҚАДАМ

Ҳар бир ўқувчининг катта бўлганимда ким бўлсам экан, деган орзуси бор. Мен ҳам кўпдан буён ким бўлсам экан, деб ўйлаб юрардим. Шунингдек, ўртоқларим ҳам ўз орзулари ҳақида тўлибтошиб гапирардилар. Қизиқ-да, доктор, олим, шоир бўлишни ёки шофёр бўлишни ким хоҳламайди дейсиз? Айтмоқчи, кўпдан бери мени қизиқтириб юрган касб шофёрлик эди. Ёшлигимда ғилдираксимон нарсаларни кўрсам, руль қилиб “би-бип”лаб юрардим. Кўчага чиққанларимда мабодо бирор ерда машина тўхтаб турган бўлса, кетмагунча унинг ёнидан жилмай тураверардим. Ҳеч ким индамаса-ю, ўша машинани ҳайдаб кета қолсам. Бироқ машинани қандай қилиб ҳайдашни билмас эдим-да. Бундан бир-икки йил илгари ёшлигимни эслаб, ким бўлсам экан, деб ўйлаб ўқитувчимизнинг синфга кирганини ҳам сезмай қолибман. Практикум дарси эди, ўқитувчимиз Вали ака ўтган мавзуни қайтариб, доскага “Двигатель” деб ёзиб қўйди. У дарсга якун ясади. Кейин болалар бирин-кетин савол бера бошладилар. Бошқалар каби мен ҳам:

– Вали ака, – дедим қўлимни кўтариб. Бироқ сўрамоқчи бўлган сўзимдан кулгим қистаб кетди. Шундай бўлса ҳам:

– Кройка шапка дегани қандай асбоб? – деб сўрадим.

Болалар кулиб юборишди. Ўқитувчимиз болаларни тинчлантириб менга тушунтирди:

– Муаттар, сен айтмоқчи бўлган деталь кройка шапка эмас, кривошипно шотунний механизм деб аталади.

Вали ака машинанинг бошқа қисмларини ҳам, уларнинг машина юргизишдаги ролини ҳам шундай тушунтирардики, шу маҳал ўзимни машина ҳайдаб кетаётгандай ҳис қилардим. Ҳатто ўша куни машиналар ҳақида туш кўриб, қандай тонг отганини сезмай қолибман. Эрталаб мактабга келсам, девордаги эълонга кўзим тушди. Ўқиб жуда ҳам суюндим: мактабда авто тўгараги очилганлиги ҳақида ёзилган эди.

Шу кундан бошлаб тўгаракка аъзо бўлдим. Биринчи машғулотимизда “Газ-51” машинасининг умумий схемаси билан, келгуси дарсларимизда эса машинанинг алоҳида қисмлари билан танишдик. Қизиғи шундаки, мен кўп деталларнинг номини тўғри талаффуз қила олмас эдим. “Толкатель” сўзини “тортадир” деб эшитиб, тушуна олмай юрганимни эсласам, ҳалигача кулгим қистайди. Борган сари дарсимиз мураккаблашиб борарди. Ҳа, шофёрлик ҳам осон касб эмас экан. Айниқса, ўтган ҳафтада бир шофёр бечоранинг машина тагига ётиб олиб, уни тузатаётганини кўриб, жуда ҳам раҳмим келди. “Мен ҳам шофёр бўлсам, машина бузилиб қолса қор, ёмғир ёққанида ҳам ерга ётиб олиб машина тузатаманми?” деган хаёлларга ҳам бордим-у, аммо… Ростини айтсам, шофёрликка бўлган ҳавасимдан воз кеча олмадим.

Бир куни Вали аканинг:

– Болалар, ўнинчи синфга ўтганларингда машинани ўзларинг ҳайдайсизлар, – дегани мени яна ҳам қизиқтириб қўйди. Болалар жуда ҳам қизиқиб, ҳар бир детални аҳамиятигача суриштириб билиб олишарди. Бир дарсимизда тўгарак аъзоларидан Насиба:

– Вали ака, нега қишда машинанинг олдини ўраб қўйишади? – деб сўради.

– Бунинг сабаби, – деди ўқитувчимиз, – радиатор олдида жалюзи деган нарса бор. Агар жалюзи очилса двигатель совийди. Шунинг учун қишда баъзи машиналарда жалюзи бўлмагани сабабли чехол, яъни ғилоф билан ўраб қўядилар.

Шунда Насиба менга қараб жилмайиб:

– Тушундингми? – дегандек имлаб қўйди.

– Тушундим, – дедим-у, алланечук бўлиб кетдим. Нега десангиз кечагина бизлар шу тўғрида кўп тортишган эдик: мен чехолни машина яхламасин учун ўраб қўядиган пуфайка деб ўйлардим.

Шундай қилиб, автомобилнинг қолган қисмлари билан ҳам танишдик. Ҳадемай имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, ўнинчи синфга ҳам ўтдик. Каникулда ҳам машғулотимиз давом этди. Болалар ҳозирданоқ, имтиҳонни мен биринчи бўлиб топшираман, машинани мен биринчи ҳайдайман, деб талашардилар.

Мана, кутилган кун келди. Мактаб боғи бирам чиройлики, кирсанг чиққинг келмайди. Навбатчи ўқувчилар мактаб ҳовлисини чиннидек қилиб супуришган. Автотўгарак аъзолари – бизлар бир қаторда саф тортиб, “Газ-51” машинасига тикилиб турардик. Бошқаларни билмайман-у, менинг юрагим ҳар вақтдагидан ҳам тез урарди.

Биздан уч метрча нарида турган машина: “Кел, кучинг бўлса мени қимирлатиб кўр-чи”, дегандек индамай турарди. Биринчи бўлиб машинани ўқитувчимиз ҳайдаб кўрди. Кейин машинадан тушди-да:

– Энди сизлар ҳайдайсизлар, – деди.

– Қани, Аъзамова, – деди ўқитувчи менга, қўли билан машинага ишора қилиб. Болалар “Ура!” деб чапак чалишиб юборишди. Нима деяримни билмай, бир сония жойимда қотиб қолдим. Сўнг машина томон юрар эканман, қандай қилиб кетаётганимни билмас эдим. Ўртоқларим ҳам, ўқитувчимиз ҳам ҳаяжонланаётганимни сезишаяти-ю, сир бой беришмайди. Кабинага ўтириб, рулни ушлашим билан қўлларим қалтираб кетди. Секингина сигнал бериб, менга қаранглар, дегандек бўлдим-да, педални босдим. Аста қўзғалган машина: “Сенинг келажагинг шу йўл каби очиқ”, дегандек тўғри йўлдан юриб кетди. Мен машина ҳайдар эканман, ўзимни баланд-баланд тоғлардан бургут каби учиб ўтаётгандек ҳис қилдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации