Текст книги "Дилнома"
Автор книги: Уктамхон Домлажонова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 15 страниц)
Ота, сенинг орзуингга муносиб фарзанд эмасман. Қишлоққа, бағрингга кела олмайман. Сенинг ўрнингга онам мени бағрига босиб қолган бўлса, менинг ташвишларим билан тикланиб юрса, онамнинг соғинчларини хат орқали ўқисам ким чидайди бунга?!
Мени ким кечиради?! Онам ёлғиз эмас, артелнинг уйдаги ишчиси бўлса-да, уни сийлайдиганлар кўп. Аммо ёлғиз, озгина кечикиб борсам, бекатга чиқиб кутиб ўтиришини тарк этмайди. Буни ким кечиради, кимга айтмоқ мумкин бу сирни! Ота, гапларимни эшитмаяпсан, юзма-юз ўтирганимизда айта олмайман. Отага гапириб ўрганган эмасман. Сездингми, бирон нарсани сўрамоқчи бўлсам, дада деб гап бошлашга қийналяпман. Уруш бошимизга солган айрилиқ жароҳати қалбимдаги ота сўзини олиб ташлаганми? Наҳотки ота сўзини фақат хат орқали айта оламан. Дийдорингни кўрдим, айтмоққа кўникиб кетармикинман?!
Виждон азоби каби бахтсизлик бўлишини эшитганман. Қадам босмайман, қадам бостирма, мени онам бағридан тортиб олма, барибир меҳримни бўла олмайман. Дийдор кўришганимизда ишончинг устига виждон азобини тўшасам, сени қовуриб ўзимни қийнасам, онамнинг соғинчини хат орқали эшитиб, билмас киши бўлиб юрсам, фарзандманми сенга? Ёки сен урушдан кеч қайтганинг сабабли шундай кимсага фарзандим дея бағрингдан жой беришга тайёрмисан? Йиқилсанг ер тишлаб туришингдан, онамга, бизга бўлган меҳрингдан хотиржам кетаман. Биламан, жўнатганингдан сўнг чидай олмайсан. Мен қайтиб кетгач, дардларинг қайтадан янгиланади. Ота, сен инсонсан! Дийдор кўришганимиз севинчи эвазига меҳнатга ёпишасан, катта меҳнат қиласан. Балки меҳнатларинг эвазига дийдорингни излаб келдимми? Ҳаракатга ундаяпсан мени…
Тоғ шамоли мендан сир олаётгандек атрофимдан кетмай ўралди, қолди. Печак гули, ранг-баранг “ажина” қовунчаларни кўтариб болалар тўпланиб келишди. Тошлар қизиб қолганди. Сойга олиб борадиган йўл билан тоғдан туша бошладик. Этаклари бир-бирига туташиб, қишлоқни қамал қилган тоғ узра ястаниб олган қуёшни тоғ шамоли авайлабгина сийпаб ўтарди. Тоғ этагига келиб туташган сойликда сув йўқ эди. Сой ичидан юриб кўчага чиқдик. Эшик томон юрдик, келдик. Тоғдан тушишимизни кутиб ўтирган отамни ёр-дўстлари ўраб олишди. Отамни суҳбатдан бўшатишмас эди. Бувимнинг хонасига кириб ҳорғин ўтирдим. Суҳбатимиз қовушмади. Бувимдан бирон гапни сўрасам, яна туғёнларининг қўзғалиб кетиши аниқ эди. Болалар эртак айтиб берасиз, деб туриб олишди. Сўзларини қайтара олмай эртак айта бошладим. Отамни излаш воқеасини бошқа қизнинг ҳаётидан эртак қилиб сўзлаб бердим. Чурқ этмай эртак тинглаб ўтирган болалар кетма-кет саволга кўмиб ташлашди мени:
– Ая, қизнинг отаси нега кетиб қолган экан?!
– Урушга кетган экан.
– Урушга кетса уйига қайтмайдими, ая?
– …
– Урушми, милтиқлар отилади, ҳаммаёқ қоронғи бўлиб кетади, болалар етим қолади.
– Етим нима, ая?
– …
– Ая, қиз отасини олиб кетибдими?
– Йўқ, ота боринг, албатта боринг, – дея қизи ўтиниб-ўтиниб сўраб кетибди.
– Отаси ёмон экан-а, қизи қидириб келса ҳам бормабди-а, ая?
– Йўқ, ёмон ота эмас. Қизи онасининг розилигини олмасдан туриб, отасини жуда ҳам мажбур қилмабди-да.
– Яна уруш бўладими?
– …
– Ая, ким урушади?
– Нияти ёмон одамлар, етимларни оғир ишда ишлатишни истаган одамлар уруш ҳақида ўйлайди.
– Қаерда урушади, ая?
– Етимлар ҳам бўлмайдими, ая?
– …
– Ая, қизнинг онаси нима бўлибди, қизини уришмабдими?
– …
Савол-жавоб авжи қизиганда, мени қўшнилар пишириб чиққан овқатга таклиф қилишди. Машина овози эшитилди, болалар яланг оёқ кўчага отилдилар. Отам билан шофёр ва бир бегона киши кириб келишди. Отамдан билсам, бегона киши шофёрнинг ёнида келган экан. Шофёр ҳамқишлоқларига менинг қиссамни айтиб берганида, ўша отани бориб зиёрат қилай, деб қўшилиб келаверибди. Отам охирги соатларда бир нафас ҳам ўтирмади. Бувим қўлида силлиқлаб ўтирган қора дуррасини учбурчак қилиб ёзиб, пешонасини маҳкам сиқиб боғлади. Енгини силкиб ҳассасини олди. Ҳовлига чиқдик. Ҳаммаёқ сув қуйгандек жимиб қолди. Отам мен томон юрди. Гўё тўлқин силкиб юборди мени, отамнинг қучоғига отилдим.
Қулоғим остида қандайдир товуш эшитилаяпти. Ҳа, отамнинг юраги урмоқда. Бир оз секинлашди. Ҳаяжони босилиб, отам ўзини тутиб олди. Ўраб олган одамлар йўл бўшатишди. Ора очилди. Отам қадам ташлади. Ташлади-ю, кузатмоққа келган ҳамқишлоқларига қаради. Тўхтади. Пешонамни силаб, қўлини олди. Ўпкам тўлиб кетди. Кетаётганимга, отам мени кузатаётганига ишонмас, юрагим тўлқинланиб, гапиришга икки-уч марта оғиз жуфтладим. Лом-мим дея олмадим. Бувимнинг қучоғидан чиқиб, атрофга жавдираб қараганимча ёшимни тийиб олдим. Отамнинг қўли чеккасига борди. Дарров тушириб олди. Халойиқ гурр этди. Бувим эшик томон юрди. Тоғ ҳарсангидан қилинган остонадан кўчага чиқдим. – Катта ота, сиз кетмайсиз-а, сиз кетманг, – дея болалар чуғурлашиб отамга ёпишиб олишди. Болаларнинг жажжи қўлларини сиқдим. Ажралишнинг иложи йўқ эди. Шофёр болаларни чақириб машинага ўтўазди. Мен отам билан хайрлашдим. Қучоғидан чиқар эканман, димоғимга ота меҳрининг иссиқ нафаси урилди. Одамлар ичидан овоз чиқди.
– Қиздир, ўғилдир ҳар кимнинг фарзандидан шундай буюрсин…
Халойиқ бош тебратди. Отам сочимни силаб қайтадан бағрига босди. Шофёр менинг ўрнимда кузатгани келганлар билан қўл олишиб чиқди. Отам элдан олдинга ўтиб, болаларни тушириб олди. Ўтирдик. Машина қўзғалди. Йўқ, муз силжиди. Юраяпмизми, тўхтаб турибмизми, англай олмадим…
– Ҳали ҳам туришибдими, – деди шофёр. Орқага қараб бошини сал чиқариб, чап қўлини сал силкиб келар эди. Сув тўлиб келиб, ажралган музни оқизиб кетгандек ҳаракатимиз тезлашди.
Устимдан тоғ ағдарилгандек эди, гўё қуш эдим. Киши бурчини бажарса шундай мусаффо бўлиб қолармиди?!
Қайтар эканмиз шофёр ҳам, бегона киши ҳам мендан бир оғиз сўз сўрашмади. Мен мустақил биринчи қадамимда отамни топганлигимдан беҳад маст эдим. Ижроия комитетидаги ходим ҳам, оғир, камтар Опа ҳам, нима кўриб, нима эшитган бўлсам ҳаммаси яшин тезлигида кўз ўнгимдан ўта берди…
– Тушамиз, – деди шофёр қўлида калитни ўйнаб. Болаларга айтиб берганим – эртакдаги темир қанотли қуш бўлибмизми, етиб келганимизни сезмай қолибман. Гулобод қишлоғининг клуби томон бошлади мени. Кўпчилик давра бўлиб ўтирдик. Опа кўринмади. Менинг излаётганимни сезиб, уч-тўрт кунлик иш билан бир ёққа кетганлигини айтишди. Ўтирганлар севинчларимни биргалашиб тинглашди. Кеч кириб қолган бўлишига қарамай, йўлга, онамнинг бағри томон йўлга чиқдим. Самолётдан тушиб, тўғри келган йўловчи машина билан уй томон отилдим. Ухламай тўшак устида эшик пойлаб ўтирган онам севинганидан тура олмади. Икки кундан бери эшик тиқ этса кутавериб толиқиб кетганди. Чамадондан олдин янги қийиқнинг учини ечди. Катталиги пиёланинг оғзидек келадиган тўқач кулчалардан қўлига олиб, қизи келганига ишонмагандек ҳайрат билан менга тикилди:
– Муяссар, шунча майда-чуйдани ким тугиб берди? – деб сўради кулчадан бир тишламини ҳавас билан ушатиб…
– Ҳозир, – дедим-у, эшикка чиқишга шошилдим.
Қўй шарпамни сезиб дик этиб ўрнидан турди.
– Муяссар!..
Бир сиқим хашакни қўлимда ушлаганимча туриб қолдим. Онам мени чақирди. Деразадан қорамни кўриши билан:
– Жим бўлиб кетганингга хавотир олибман-а, – деди чақирганидан хижолат қилиб.
Уйга кирдим. Майда-чуйда ёнида бир кийимлик мато ҳам турарди.
– Ачам берди, ойижон… Отамни…
Деворга суяниб ютиндим. Онамнинг ўрнидан турганини биламан, уни йўқотиб қўйдим. Уй айлана бошлади. Тўқач кулчалар ҳам гир-гир айланди. Қарс этиб эшик очилди. Қўшниларимиз билан онам кўринди. Аскарликдан қайтган фарзандига талпингандек қучоғини кенг очиб келарди онам.
Товуши титраб бағрига босди мени. Ҳаммамиз бир дақиқа жимиб қолдик. Онам чемодан тепасига ўтирди-ю овоз бериб йиғлади. У мендан ранжимаган эди. Ниманидир лаънатлаб, фарёдини тўкиб соларди. Машаққатларим, изтиробларим, севинчларимни энди пайқадим. Она тилидан урушнинг лаънатланишининг гувоҳи бўлдим. Ўзимни тутишга ҳаракат қилдим. Бўлмади. Оғир дақиқадан сўнг қўшнилар иккаламизни юпата бошлашди.
Орадан икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтди. Ишдан келиб, кундалик почта ичидан хат олдим. Манзилни кўриб, кўзимни чирт юмдим. Юрагимда оғир санчиқ турди. Чакка томирларимнинг уришини яққол эшитдим. Хат отамдан, отамдан хат. Конвертни очиб ўқий бошладим.
– Қизим, Муяссарим! Оталик шарафимни ҳурматга қўйиб кетган азиз фарзандим, она қизим! Юборган совғангни олдик, хизматинг элдан, жиянларингдан қайтсин.
Пар ёстиғингни олиб, кампирнинг боши осмонга етди. Ёстиққа ёнбошлаб ўлан айтади. Болалар дафтар, қаламларни бўлашиб олишди. Кечир мени, бизни кечир, жўнаб кетганингдан бери қишлоқда дув-дув гап. Жиянларинг мени ҳеч қаёққа ишонмай қолишди.
– Катта ота, кетмайсиз-а, Муяссар опамнинг ўзлари келадилар-а, – деб мени сўроққа тутишгани тутишган. Сен айтиб берган отасини излаб йўлга чиққан қиз ҳақидаги эртакни бутун қишлоқ оғизмаоғиз сўзлаб юришибди. Ҳаммамиз соғ-саломат. Сени кўпдан-кўп сўрашади. Онанг соғми, кечикиб борганингдан хавотир бўлмадими, соғ бўлинглар. Яна қачон келасан. Сени бағрига босиб, даданг”.
Кундалигимнинг шу кунги саҳифасига отамдан келган хатни ёпиштириб қўйдим.
ТАБАРРУК ИНСОНЛАРНИ ҚЎМСАБ…
(Ўзбекистон халқ шоири Ғайратийни эслаб)
Мен 8-синфда ўқиётганимда устоз Ғайратий бошчилик қилаётган тўгаракка борганлигим ҳақида юқорида батафсил ҳикоя қилиб ўтдим. Шеър нима, наср, қофия, ғазал, тўртлик, аския, ҳазил, оқ шеър, қўйингки, адабиётшуносликда нимаики атамалар ва уларни ишлатишнинг қандай усуллари бўлса шу ерда ўрганганман.
Ўйлаб қарасам, бу мактабнинг дастурини китоблардан топа олмайсиз. Чунки, бу ерда фақат синчков кўзлар кўриши, мушоҳадали қалблар сезиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд.
Домланинг Севара, Қамара, Дилбархон ва Баҳодир исмли фарзандлари бор эди. Меҳри улуғ, муомаласи ширин, рўзғорни ипидан-игнасигача саранжомсаришта қилиб юрадиган оила бекаси Шафоат опани эса домла эркалаб, “Шапат” деб чақирардилар. Биз, Ғайратий домланинг шогирдлари эса, Шафоат опани “Опойим” деб атардик.
Бу табаррук хонадонга жуда кўп борар эдим. Ҳар сафар Опойимнинг бирор тансиқ таом тайёрлаётганлари устидан чиқардим.
– Мана, она қизим, “меҳнат – роҳат” пешбандини боғлаб олинг-чи, – дердилар-да, мўъжазгина ошхоналарида қатағон йилларида ўтказган кунлари, тортган руҳий азоблари, тўртта фарзандни едириш, кийинтириш каби машаққатларда ёлғиз ўзлари “ҳам от, ҳам арава” бўлганлари ҳақидаги ҳикояларини бошлардилар. Мен уларни кўп ва хўп тинглаганман.
– Ҳозир қизлар ўқишдан келиб қолишади, қолган ишларни ўзлари эплаб ташлашади. Сизнинг эса уйингиз узоқ, бемаҳалга қолиб кетманг, – дердиларда, Опойим тўрт кўзлаб кутиб ўтирадиган онамга аталган “насиба”ни ўраб, қўлимга тутқазардилар.
Бир воқеа жуда ёдда қоларлик бўлган. Талабаларнинг илмий анжуманида “Огаҳий лирикаси ва унинг фалсафий мазмуни” мавзуида маъруза қилиш керак эди. Биринчи ўринни олганга мукофот – Европа давлатларидан бирига туристик саёҳат эди. Бу мавзуга тайёрланишда кўпчилик устозларимизнинг маслаҳатини олдим, шундан сўнггина маърузани бир қолипга туширдим. Анжуман кунлари яқинлашгани сайин, назаримда, мен ғолиб бўладигандек туюлаверди-ю, Европада ўзбек қизини намойиш этиш учун атласдан кўйлак тиктирдим. Бу кўрилаётган тайёргарликдан домла Ғайратий ва Опойимларнинг хабари бор эди. Улар менга муваффақият тилаб, ғолиб бўлишимдан умидвор эдилар. Янги кўйлакни анжуман куни кия қолай, деб ўйладим. Хаёлим ўзим неча кундан бери тунни кундузга улаб тайёрлаган маърузамда. Университет остонасига яқинлашганим сари ҳаяжон кучаймоқда. Ниҳоят, талабалар илмий анжуманининг очилиш маросими бошланди. Мен таниган, танимаган домлалар, илмий раҳбарлар, профессор, доцент, катта ўқитувчилар ва тенгдош талабалар ўтиришибди. Маъруза навбати менга келди. Зўр ишонч билан кафедрага етиб бордим. Қоғозларим солинган газетани очдиму, кўз ўнгим қоронғилашиб, бошим чирпирак бўлиб айланди, кутилмаганда чироқ ўчгандек умуман ҳеч нарсани сезмай, бир лаҳза қотиб қолдим.
Раҳматли Матёқуб Қўшчоновнинг овозларини базўр англадим:
– Ҳаяжонланаяпсизми, сув ичинг, сув…
Ким сув тутганлигини эслолмайман. Бундай аҳволга тушганимнинг боиси шундаки, хаёлим атлас кўйлакда чет эл саёҳатига кетишда бўлганми ёки тинимсиз ишлаганимнинг чарчоғиданми, ишқилиб, маърузанинг охирги вариантини эмас, ҳар хил материаллар, луғавий изоҳларни тўдалаб, қоралаб юрган қоғозлар вариантини олиб келибман.
Ҳушимни йиғиб олгач, сир бой бермаган ҳолда маърузани бошладим. Албатта, қўлимдаги “мате риаллар”дан фойдаланиш осон кечмади. Ҳайъат аъзолари анча баҳслашишди. Мен ноумид бўлиб, икки чаккамни ушлаганча ҳеч нарсани мушоҳада қилолмай ўтирибман. Менинг номзодим ғолиб эканлиги эълон қилинганида ўрнимдан турибоқ:
– Кечирасизлар, маърузамнинг асосий вариантини уйда қолдириб, “қоралама”сини олиб келибман, нохушлигимга сабаб шу эди, – деб юборибман.
Ҳамманинг эътибори менда, гулдаста устига гулдасталар… Қувончимдан қувонишларини истаб, тўғри домланинг уйига бордим.
Опойим ўзининг қизи ғолиб бўлгандек, шундай хурсанд бўлдиларки! Балиқ қовураётган эканлар. Онамларни ҳам тезроқ хабардор қилишга шошилаётганимни сезиб, балиқдан “насиба” атаб қўлимга тутдилар.
Трамвайда келаяпман, қовурилган балиқни тиззамга қўйиб олганман. Чет элга кийиб кетадиган кўйлагим эзилиб қолмасин деб, хотиржам ўтириб олганман. Хадрада трамвайдан тушиб, ўзимизнинг “Чиғатой дарвозаси”гача борадиган троллейбусга чиқдим. Уйга келдим. Қувончдан онам иккаламиз йиғлаяпмиз.
Кийинаётиб, қай кўз билан кўрайки, авайлаб, ардоқлаб кийган атлас кўйлагимнинг лагандан каттароқ қисмига қовурилган балиқ мойи теккан эди. Шу кеча ухламадим. Ҳар қанча уринмайин, ёғ доғини кетказа олмадим.
Менга ғолиб сифатида Болгарияга йўлланма беришди. Шунда Опойим, Аллоҳ раҳмат қилсин, катта қизлари Севара опанинг келин бўлганда кийишига атаб қўйган атлас матони менга тиктириб бериб, сафарга кузатиб қолганлар…
Орадан йиллар ўтди. Мен Ғайратий хонадонининг тўртинчи қизига айландим…
Тақдир, турмушга чиқдим. Уйимизда тўй тараддуди. Тўйдан икки кун олдин қизлари Қамара билан келиб, Опойим ўзлари бош-қош бўлганлар. Ҳовлимизнинг сатҳи анчагина катта, тепада катта ариқ, ўн икки-ўн уч метр узунликдаги супа, ундан пастроқда ҳовли. Меҳмонлар кириб келаяпти, куёвжўралар яқинлашаётганда Опойим ниманидир мўлжаллаб супага чиқдилар-у, “Вой, шўрим”, деганларича кесилган тол тўнкасига ўтириб қолдилар. Биров сув сепган, кимдир пиёз ҳидлатган. Ўзларига келиб кўзларини очибдилар-у, қўллари билан омборга ишора қилибдилар. Муздек бўлиб турсин деб тўрхалтага солиб қўйилган ҳамма ичимликларни кимдир девор ортидан келиб, ўғирлаб кетган экан…
Анча пайтгача “Бир бева аёл фарзандининг тўйида шундай номаъқулчиликни ихтиёр этган одам ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг лаънатига учрасин”, деб куюниб гапириб юрдилар…
…Ойлар, йиллар, кунлар, соатлар ўтаверар экан. Бу дунёда ҳар нарса омонат эканлиги майли-я, яхшиларинг, қадрдонларинг, сенинг ўксик қалбингга малҳам бўлганларни охирги йўлга кетаётганда кузатиш осон эмас экан. Айни шу вақтда одамнинг омонатлиги янада билиниб кетаркан. Домла Ғайратий боқий дунёга рихлат қилганларига бир йилу ўн кун бўлганида Опойим ҳам бу дунёни тарк этдилар. Бир сафарги маросимларида фарзандларимга “Домланикига бориб келаман”, деб кетдим. Бордим. Кўп яхши воқеаларни хотирлашиб ўтирдик. Уйга қайтдим. Олиб келган елимхалтани очаётган катта ўғлим Олимжон (у ўшанда чамаси 10–11 ёшларда эди) “Ойи, бизни алдабсиз, домлангизникига эмас, бошқа жойга борибсиз-ку?” деб қолса бўладими!
– Бошқа ёққа борганимни қаердан билдинг, кимдан чиқди бу гап? – ҳайрон бўлиб сўрадим мен.
– Домлангизникига борганингизда Опойи бувимлар бизга “Қорақум”, “Олтин хўрозча” конфетларидан бериб юборардилар…
Бир чеккада мунғайиб турган Маҳмуджоннинг шимини тўғрилаб қўйиш баҳонасида бағримга босдим. Турмуш қуриб, фарзанд кўрганимдан кейин вақт топиб бориб қолсам, “Болаларнинг олдига қуруқ борманг. Манавиларни катта буваси, Опойи бувисидан, деб олиб боринг!” деганча ҳали уни, ҳали буни кўтариб чиққанлари кўз олдимга келди. Ўйинқароқ боламнинг қалбига меҳрибонлиги эътибори билан муҳрланган, менинг учун эса том маънодаги устозим ва тутинган онам бўлган бу табаррук инсонларга Аллоҳнинг раҳматини сўрайман.
ЎЛИМ ШАРОБИНИ ҚУЮВЧИ СОҚИЙ
(Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик Обид Содиқовнинг ҳам шогирди, ҳам севимли рафиқаси бўлмиш Қундузхон опа хотирасига)
“Дилнома”нинг “Болаликнинг ёлқинлари-ю армонлари” қисмини ёзаётганимда хотиралар уммонида ғарқ бўлганман. Китобчанинг биринчи қисми охиридаги “Яратганга ҳамд этаман ва хотиралар саҳифасини тугатмаган ҳолда кўп нуқталар қўяман”, деган жумлани ўқияпман-ку, бисотимдаги хотиралар саҳифасини жило билан тўлдирадиган, одамларнинг меҳр нури билан ёзилган даста-даста хатларини тилла буюмларини эҳтиёт қилиб, кимдандир қизғаниб, ҳар куни бир-бир қараб қўядиган хасис бекалар каби кўриб, қайта-қайта ўқиб чиқаман. Хатлар жуда кўп, хатлардан-да кўп қўнғироқлар мураббиям – онадек суюклигим Қундузхон опа ҳақидаги хотираларга боғланади. Қундузхон опадан жуда катта мактаб қолган. Бу мактаб дастурида одамийлик, одамийлик мулкининг серқирра жиҳатларини кўрамиз.
Ой ва қуёшдан-да юксак кенг қамровли бу сўзнинг фазли кўпроқ ҳазрати инсон билан боғлиқлигини биламиз, холос. Демак, бу мактаб асрлардан асрларга ўзининг жозибали, минг қиррали ҳаракатлари билан одамларгагина муносиб ва хосдир. “Қундузхон опа номли одамийлик мактаби” деб атасаммикан… Қундузхон опанинг вафот этганларига ўттиз тўққиз йил тўляпти. Ҳар баҳор кезлари опахонни билгантаниган одамларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлганимда, шоир Ҳ.Олимжоннинг ушбу сатрларини тилим зикр қилади: “Ҳар баҳор ҳам шундай келади, ҳар баҳор ҳам шу бўлар такрор…”
Мудҳиш 1973 йилнинг 23 март санаси кўз ўнгимда гавдаланади… Кўз ёши ҳамон тинмаган осмон очилишига ошиқиб, осмоннинг кўз ёшидан ўзини панага олишга ҳаракат қилаётган чечак ғунчаларини шошираётгандек бўлаверади…
– Бўлинглар, тезроқ табассум билан очила қолсаларингиз-чи… Меҳмонхона бўлмиш бу кўҳна дунё сокин тебраниб, ифор тарқатувчи баҳор қўшиқлари билан опахонни кузатиб қолсин…
Хотира саҳифасига келган хатлар ичида профессор, техника фанлари доктори Ҳабиба Икромованинг мактубидан айрим сатрларни айнан кўчираман: “Ҳамон ёдимда, 1970 йили номзодлик диссертациясини ёқлаш учун елиб-югуриб юрган чоғларим менга суянчиқ бўлган, ўз онамдек фарзандларимни бағрига олиб, ҳимоя қилаётган вақтимда ҳам маънавий далда бериб турганлар. Биз қўшни эдик, уйларига тез-тез йиғилиб турадиган олиму фузалоларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишимга имкон яратардилар. Опа илмий ишларимни монография шаклида чоп этилишида ҳам бош-қош бўлганлар. Илм йўлига чорлаган, уни эгаллашнинг машаққатларида елкама-елка туриб берган Қундузхон опадек устознинг одамийлик мактабида сабоқ олганим, илм ва бахту саодатга эришганим туфайли хоки-покларига дилдан дуо айлаб, Аллоҳнинг раҳматини сўрайман”. Юқоридаги сатрларни кўчириб, сукутга чўмдим. Қундузхон опа Ҳабибахонга эзгуликлар улашганда қўшнининг ҳақини адо этдимикин… Қундузхон опа қалби “Одам бўлиб келдикми, одам бўлайлик” шиори билан ёнар эди. Бу ёлғиз одамийлик мактабини яратганлар ва унда тарбия олганларгагина хос.
“Дилнома”нинг чоп этилганига бир неча йилдан ошди, чамамда. Лекин хатлар оқими, телефон қўнғироқлари тинмаяпти. Аксарият мактубларда Қундузхон опанинг оилавий ҳаёти, қайнона ва қайнотага эъзозли келин бўлганлари, кўпгина қизларнинг турмуш қуришида ҳам моддий, ҳам маънавий томондан ҳомийлик қилганлари, вафот этган қайноғаларининг ўғлини уйлантиришга бош-қош бўлганлари ҳақида тўлқинланиб ёзилган. Опанинг саховатпешалиги тўғрисида қизлари Комилахон ҳам ўз хатларида қайд этган.
“– “Дилнома” китоби муаллифи оиламиз тўғрисида мендан айрим маълумотларни сўраганда, – деб бошлайди, хатини Қундузхон опанинг тўнғич фарзанди Комилахон, – китобчани яна қайтадан ўқиб чиқдим. Очиғи, гапни нимадан бошлашни билмай қолдим. Оиламиз, ота-онам ҳақидаги хотиралар-у, ота-онам тенгқурларининг оиламизга кўрсатган меҳрларини кўзимда қалққан ёшларсиз эслай олмайман. Онам каби бевақт рихлат қилганлар ҳам бордир… Аммо онангни бир умрга йўқотганингни кеч англаркансан, киши. Мен ўша мудҳиш мусибат рўй берганда 26 ёшда эдим. Гарчи, ўзим оилали, фарзандли бўлсам-да, бу дард азоби қаддимни букди. Йигирма кунлик маъракалар давомида уйимиздан одам аримади. Шам липиллаб ёниб турмасдан, бирдан ўчиб қолгани жуда оғир экан. Мен учун қуёш ботди-ю, эрталаб у қайтиб чиқмади. Онамга айтишга улгурмаган гапларимни ичимда такрорлаб, қийналганим-қийналган. Кўнглимнинг ярмини шириндан-ширин фарзандларим, набираларим тўлдириб, парвона бўлсалар-да, ярмиси бўм-бўш. Ҳамон ўша бўшлиқда чексиз армонлар гирдобида сузаман. Онамнинг очиқ чеҳралари, ўзгалар дардига шерик бўлишдек гўзал фазилати, ширин ва дилкаш суҳбатлари, хайру баракали қўлларини ҳеч қачон унутолмасам керак, деб ўйлайман. Умр – оқар дарё, аслида. Кўпинча, ортга – бахтли болалигим қасрига қайтгим келади. Биз бувимнинг ширали овозда айтган алласи-ю, бувамнинг ардоғида вояга етганмиз. Аммо ожиза фикримча, хонадон файзи, рўзғор баракаси аёл кишига боғлиқ экан. Уйимиз доимо яқинлар билан тўла бўларди. Аллоҳ раҳмат қилсин, бувим қариндош-уруғлар тўпланган пайтларда югуриб хизмат қилардилар. Меҳмонлардан бошлари кўкка қадар етарди. Мени ҳам ишга солардилар… Райҳонларнинг муаттар исини борлиққа таратганча бир даста узиб чиққанимда, “Оҳ-оҳ, ҳидингдан”, деб чаккаларига тақиб олардилар.
Онажоним ҳам меҳмонларни азиз тутардилар, қувончларининг чеки бўлмасди. Яйраб-яшнаганча нозу неъматларга тўлатиб чиройли дастурхон тузатардилар. Эсимда бор, отам онамга қўнғироқ қилиб, меҳмонлар келишини айтардилар.
Мен ноилож айтганларини вожиб қилардим. Онамнинг феъллари жуда кенг эди. Айрим ёмон одамлар ҳақида гап очгудек бўлсам, сенга нима, яхши-ёмон – барча ўз қилмиши учун ўзи жавоб беради, дердилар. Онамнинг отамга бўлган муносабатларида, муомалаларида шогирднинг устози олдидаги масъулияти, унга чуқур ҳурматини сезардим. Улғайганим сайин онам бу каби эзгу ишларнинг барига қандай улгурардилар, деган савол миямда ғужғон ўйнарди. Отам сафарга отлансалар, онам керак бўладиган барча нарсаларни тайёрлаб, жомадонга жойлардилар. Онамнинг яқин дугоналари Собирахон опани ҳаммамиз яхши кўрардик. Отам сафарда… Икки дугона туни билан алламаҳалгача гаплашиб ётишарди. Собира холамга онам тутқазган тақвимни варақлаб чиққанларида, нимадандир қаттиқ таъсирланганлари шу кунларгача эсимдан чиқмайди. Ўшанда онамдан беркитиб, тақвимни мен ҳам варақлаб чиққанман. Йили эсимда йўқ, аммо қуйидаги сатрларни ўқиганимни эслайман: “Йил – 365 кун. Узоқ муддатли сафар – 107 кун. Москва билан боғлиқ сафарлар – 85 кун. Қўшни республикаларга борганлари – 43 кун. Қўшма мажлислар ўтказиб, келолмай қолган кунлари – 61 кун. Нимадандир қаттиқ асабийлашган ҳолда келиб, бир қултум аччиқ чойни ҳўплаганча мутолаага берилиб, креслода тонг оттирган кунлари – 46 кун. Йил мобайнида 23 кунгина бирга ўтириб овқатландик”. Онам юқоридаги сатрларни нима учун тақвимга ёзиб қўйганларини улар вафотидан сўнггина англадим. Онам талабалик даврида органик кимё бўйича отамдан таҳсил олган”.
Беадад шукурлар бўлсинки, шу мўътабар инсонларнинг тўнғич фарзандлари – Комилахон билан бирга ишлайман, деб бошлайди хотира сатрларини биология фанлари номзоди, профессор, Университет биология куллиётида кўп йиллар раҳбар бўлиб ишлаган, эл эъзозидаги Олим Мухсин Валиев. Комилахоннинг талабалик йилларидан бошлаб фан номзоди, доцент, тажрибали педагог-устоз даражасига етишувида зукко ота-онасининг хизматлари беқиёс. Афсус, ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, “Ажал шаробини қуювчи соқий шундай бешафқатки, яхши ва ёмон одамни фарқига бормайди”. Ажал шаробини бевақт симирган опахоннинг қизлари Комилахонни шу сўзлар ила юпата олдим, дея таскин топмайман. Ота-онасининг менга кўрсатган беминнат хизматлари ҳаққи-ҳурмати Комилахонни юксак даражада қадрлайман. Шундай оқила фарзандни камолга етказган Ўрта Осиёда ягона Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик Обид ака Содиқов ҳамда доцент Қундуз опанинг ётган маконлари жаннат бўлсин.
Шу ўринда, бир ибратли ривоятни сиз азиз ўқувчи билан бирга баҳам кўрсак…
“…Авлиёларга авлиёлик мақоми билан ибрат бўлган, қанчадан-қанча кароматлари билан танилган Боязид Бистомий ибодат қилиб ўтирганларида шундай бир нидо келди:
– Эй, Боязид, менинг жамики хазиналарим тоатибодатлар билан тўлиб-тошган. Сен шундай нарсани келтиргинки, у нарса бўш ётган хазиналаримизни тўлдирсин.
Боязид Бистомий бир оз сукутга чўмиб, сўнгра фикрларини жамлаб сўрадилар:
– Сенинг хазинангда бўлмайдиган нарсанинг ўзи борми?
Овоз келди:
– Менинг ҳузуримда севимли нарса ожизлик, хокисорлик, забунлик, камтарлик, мискинликдир. Булар учун ажратилган хазиналарим бўм-бўш”.
Илло, бу фоний дунёни тарк этгач, ўзимиздан фарзандларимиз ҳаётига зийнат бўладиган яхши хотиралар қолдирайлик… Чунки, хотира – боқий, хотира – абадий…