Электронная библиотека » Уктамхон Домлажонова » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Дилнома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 10:00


Автор книги: Уктамхон Домлажонова


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ҚОЛДИ КИТОБ, АЙТИЛМАГАН…
(Олти фарзандимнинг отаси, умр йўлдошим Толибжон ҳожи ота хотирасига бағишлайман)

Башорат она беш кун бўлдики ётоғига киролмаганди. Қандай ҳам кирсин. Қирқ саккиз йиллик умр йўлдоши, ёстиқдоши, олти фарзандининг отаси, тун ҳамроҳи, кун ҳамроҳи оламдан ўтди. Қишнинг изғирини авжига чиққан, совуқ ўз ҳукмини ўтказаётган январь ойида тушди бу мусибат. Таъзияга келувчиларнинг оқими тинмасди. Бу ҳолат ҳам ўзбекнинг энг зўр фазилатларидан бири, совуқ шундай авжига чиққан қиш чилласида катта шаҳарнинг нариги чеккасидан, қўшни маҳалла ва ундан олислардан таъзияга келганлар Башорат онага таянч бўлиб туришган экан. Бугун бешинчи куни одамларнинг келиши бир оз камайди. Яқин дўстлар, қуда-андалар, ака-ука, қариндошлар қанчалик юпатиб таскин беришмасин, ўн икки дақиқа ичида бор одамнинг йўқ бўлиб қолиши, на гапирмаслиги на қимирламаслиги Башорат она учун енгил кечмади. Ётоқхонага кирди-ю бундан беш кун олдин бўлган фожиа яна кўз ўнгида гавдаланди.

– Парвардигоро, қандай гуноҳим учун шундай имтиҳон қилдинг? – деди тилини қаттиқ тишлаб, оғриғидан ўзини қўлга олди. Неча йилдирки бирбирига ёнма-ён қўйилган кароватнинг биттаси энди бўм-бўш. Бўлак яшайдиган ўғиллари келинлари, фарзандлари билан, таъзия кутиб ўтирган опасингил, амма-холалар ҳам кетди. Башорат она билан бирга яшайдиган кенжатой ўғил ҳам фарзандлари, умр йўлдоши билан ўз хоналарида. Ўз кароватига ўтириб хаёлга чўмган Башорат она хотиралар оғушида ғарқ бўлди. Ўзидан кечаётган кечинмаларни кимга айтсин. Бундан беш кун олдин худди шу хонада, айнан шу хонада умр йўлдошининг қай аҳволда ётгани қайтадан кўз ўнгида гавдаланди ва қалбан Яратганга юзланиб, лаблари пичирлай бошлади.

– Парвардигоро! Мен куфрга кетаяпман… Менинг руҳимга жон ато этганингда сенга берган аҳдимга вафо қиламан, деганимни унутибман шекилли. Аслида унутмаганман, йўқ унутмаганман. Яратилганини унутиш бу – жиноят-ку!

Мендан кечаётган туғённи мендан олдинроқ сен сезаяпсан. Сенинг фазлинг, раҳматинг шунчалик чексиз, улуғ бўлмаганида ёнармидим, кулга айланиб тамом бўлармидим, қалбимнинг қаеригадир сабр шарбати билан тасалли бераяпсан.

Шунча йиллик ёстиқдошим, умр йўлдошим, фарзандларимнинг отаси, турмуш қурган кунимиздан бери яхши ва ёмон, холис ва нохолис, аччиқ ва чучук, ёруғ ва қора… жуфтликларни санаб қоғозга қоралашга сабр ва бардошим етмайдиган кунларнинг жафосини синовчи ичувчиси, қувончли кунларимизнинг мардонавор ғолиби хурсанд ҳолда кириб келдилар. Бир шингил ҳазиллашдик. Ҳаммаси яхши эди-ку. Наҳотки ўн икки дақиқа ичида тилдан қолган, ўнг томони бутунлай ишламаётган, қийналиб бўлса-да, чап қўлини юзига яқинроқ қилиб “тамом, тамом” ишорасида фотиҳага нурсиз кўзлари билан имо қилаётган ҳолда кўрсам жуфти ҳалолимни… Ё қудратингдан…

Сенинг бетакрор қудратингга, ҳар қандай шароитда ҳар нарсага Ўзинг қодир эканлигингга қотиб қолдим. Қанча лаҳза ўтганидан кейин ўзимга келган бўлсам нега қотиб қолганимни англаёлмадим. Овозим чиқмади. Кўчада кимнингдир қўл телефонда гаплашиб, у ёққа-бу ёққа юраётганига кўзим тушди-ю, очилмаётган муштим билан деразани ура бошладим. Деразани очишга ақлим етмайди. Қулоғига телефонни тираб бемалол у ёқдан-бу ёққа юраётган одамнинг исмини тополмайман. Ҳайтовур дераза урилаётганини эшитди.

– Кир, кир, – қўлим билан ишора қилаяпман. Айвонга чиқиб келинни, уйдаги меҳмон йигитни чақириш энди эсимга келди. Қай кўз билан кўрайки, телефондаги гапини тўхтатмай кириб келган йигит ўзимнинг ўғлим! Шундай долзарб пайтда ким етказди уни бизга. Албатта сен, қодир Эгам! Тез ёрдамни чақириш учун олдин “3” ни кейин “0” ни тераяпман. Яна тераман, Яна. Яна ҳушим ўзимга келди-ю, “03” рақамини тердим. Тез ёрдам эшикни тагида кутиб тургандек зудлик билан етиб келди. Оқ халатли шифокордан эди умидим.

– Замбилни олиб…

Охирги сўзини эшитолмадим.

Инсон ҳаёт юрганида бундай ҳолат бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмас экан.

Юқоридаги бўлиб ўтган ҳолатни қандай бичишимни, қандай тўхтамга келишимни тасаввур ҳам қилолмай, ўша пайтда фақат бир нарса бот-бот ёдимга тушади, тушади-ю ундан қочиш учун, шундай ҳолатга тушганда паноҳ тилаш учун нима деб илтижо қилишга, Сен яратган улуғ калималарнинг қайси бирини зикр қилишга ожизман.

Бот-бот эсимга тушаётган нарса ёшлигимда эшитган ривоятим – ажал шаробини қуювчи соқийнинг пайт пойлаши…

Кўз фариштаси – қоронғилик қоплади, бошқа кўролмайди.

Ризқ фариштаси – овқатда ҳақи қолмади, еёлмайди.

Йўл фариштаси – юришга бошқа имконият йўқ.

Умр фариштаси – тугади, аъмол дафтари ёпилди.

Ўзимни қўлга олишга, тузаладилар, тузалиб кетадилар, олти фарзандни тарбиялаб, ҳар биттасини ўз истаги бўйича касбга йўналтириб, уйли-жойли бўлишларида ёшлар қатори доимо бардавом турган отанинг ўлимидек аччиқ ҳақиқатни кўриб туриб кўнглимдан узолмаётганимнинг сабаби нимада? Нега мен рози бўлганга ўхшаб юмшоқроқ бўлиб қолдим. Бирга яшаб, бирга кетганлар борми? Мени ташлаб кетаяпсиз, дея зорланишга, фарзандларимнинг олдида ўзимни тутиб туришга қилаётган ҳаракатимни бузиб, тўкилса дарё тўладиган ёшни тўкишга ҳаққим борми? Олимлик унвонига эга бўлишингизда, рўзғорнинг икир-чикирларини сизга билдирмай, фарзандларимни бағримга олиб, тунни тонгга улаган дақиқаларим ҳурмати, ош пишганда қошиқ солишга улгурмадингиз дейишга ҳаққим борми?!

Ҳа, айтсам ҳаққим кўп. Кўпдан-да кўп.

Лекин баъзи ҳақиқатлар олдида бандасининг ожизлиги ҳозирги кўрган ҳолатим.

Ҳар ишга қодир Эгам – йўқдан бор қиласан, уни ўлдирасан, яна қайта тирилтирасан.

Аммо айни дақиқада сенга қанча ёлбормайин, илтижолар қилмайин, дуоларингни зикр қилмайин, шунча йиллик умр йўлдошим, фарзандларимнинг отасини тирилтириб бермайсан. Чунки, уни сен олий мукофотинг – ўлим билан мукофотладинг.

Бу ҳолат – мен умр йўлдоши, фарзандлари, сингиллари, укалари, ёши тўқсоннинг у ёғига ўтган тоғалари, амакилари, узоқ-яқин қариндошлари учун аччиқнинг аччиғи. Аммо Худонинг ҳовлисида осмон тўла ҳаводан бир чимдим ютим ҳукмидан бебаҳра бўлиб, ўлимдек “олий мукофот” билан ҳузурингга йўл олган фарзандларимнинг ҳожи отасининг изми энди Сенинг қўлингда. Сен ўн саккиз минг оламда ер юзидаги халифанг инсон учун нимани яратибсан: хоки аччиқ – хоки чучук, хоки баланд – хоки паст, хоки гўзал – хоки баҳайбат – ҳаммасига, ҳаммасига шукур қилувчи шокирлардан қилгин. Сенинг фазлингдан, карамингдан, бетакрор қудратингдан мўмин бандаларга юборувчи синовларингда сабрнинг-жамилини бергин. Осмондаги юлдузлар миқдорича, наботот дунёсидаги довдарахтларнинг барглари миқдорича, ер куррасида ястаниб ётган қум уммонлари доналари миқдорича Сенинг саноғининг адоғига етиб бўлмайдиган фазлинг, ҳикматларинг миқдорича ҳамду сано айтсам умр йўлдошимнинг ҳуши ўзига келадими?

Афсус, афсус… буни уддасидан чиқолмайман. Чап қўлини юзига олиб келгунча жуда қийналди. Шундай қийналдики, бир умр меҳнатдан толмаган қўл қимирлашга имкон бермасди.

Кўнглидан нима ўтди, нима деб ялиниб ёлборди, амаллаб қўлини юзига яқин олиб келди, қўллари титраб кетди, бир қўлда фотиҳа тортган каби оҳиста туширди. Йўқ фотиҳа тортмади. “Тамом” деган ишорани англатди. Нохуш хабарнинг тезлиги яшин тезлигидами, унданда тезлик, фарзандлар кириб келишаётганда замбил кўтарилган эди. Фарзандлари тўдаланишганда дунёга сиғмай кетадиган ота парво ҳам қилмади. Кўзини очди. Кимни кўрди, кимни кўрмади, унсиз қимирлаётган лабидан англаш қийин эди. Унинг сўзларини негадир мен тушундим, англадим. Овози чиқмай кўнглидан ўтган фикрини. Нега англамай, нега тушунмай ахир. Кечқурун ҳамма уй-уйига кириб кетганида дам олиш хонасида узоқ ўтирар эдик. Эрталабдан то шу кечга қадар топган гапларимизни, фарзандларимизнинг фарзандлари келажаги учун тузаётган режаларимни ўзаро тортишардик. У набирани узатардик, бунисини уйлантирардик. Бошқасининг қайсидир мусобақада ютиб чиққанлиги билан фахрланардик. Энг кичкина набирамизнинг тили чиққандаги ширин сўзларини қайтадан сўзлатиб, уни эркалаб қўярдик. Хуллас, турмуш қурганимиздан бери аравани бирга тортишганимиздаги кўп нарсаларни эслаб суҳбатга мавзу топардик.

Башорат она кимгадир юқоридаги гапларни гапириб бераётиб чарчадими, оғир тин олиб хўрсиниб қўйди.

Ўйлар ўз гирдобига олди яна уни. Бирга умр кечиришгандаги воқеалар бирма-бир қуйилиб келаверди.

Башорат она фарзандларимга, уни узоқданяқиндан танийдиган дўстларимга деб, ўзининг ўтмиши ва кечмишидан бир китоб ёзганди. Китоб нашрдан чиқди. Энг аввал умр йўлдошига дастхат ёзиб тақдим этди.

У умр йўлдошини доимо хурсанд, ҳаётдан рози, юксакликка фақат онгли тарзда интилаётган ҳолатда кўрарди. Башорат она ўз феълини ўзи тан оладиганлардан. Турмуш ўртоғига нисбатан гапга чечанроқ, ҳар қандай ишни тез битишини талаб қиладиган одати бор эди. Бундай ҳолларда жуда самимий, қандайдир меҳрибонлик руҳи билан эркалаб огоҳлантирарди:

– Ойижониси, сув секинроқ оқса ер яхши озиқланади, инсон ҳақиқий бахтга эришиш учун юксакликка онгли қараши керак, – дея ўз гапини мулойим кулги билан муҳрлаб қўярди.

Ўшанда умр йўлдоши Башорат она дастхати билан тақдим этган китобни ўқиди. Айрим саҳифаларни қайта-қайта ўқиди. Чуқур ўйга толди.

– Бир нарсани чала қилибмиз-да, – деди Башорат онага юзланиб.

– Нима чала бўлибди, – деб сўрамоқчи эди, сўрашга улгурмади.

– Мен бунчалик китоб ёзишингизни тасаввур қилмаган эдим. Агар олдинроқ билганимда сизга қайнона, менга эса онанинг бошидан кечган жафолари, онадан эрта айрилиб… – шу сўздан кейин қийналиб ютинди. Дори қутисидан қайсидир таблеткани олиб оғзига солди. Башорат она сув келтириш учун ташқарига шошилди. Пиёлада сув кўтариб кирар экан:

– Мен уларнинг ҳаётлари тўғрисида батафсил ҳеч нарса билмайман-ку, мени хижолат қилманг. Сиз оилада катта фарзандсиз, ҳали ҳам кеч эмас, уларнинг ҳаётидаги тирик энциклопедиясиз, ёзинг, биргалашиб ёзамиз, у китобни “Ёзилмаган китоб” номи билан атаймиз, – деб қишнинг узоқ кечасининг алламаҳалигача суҳбатлашиб ўтирганларини эслаб, ўз кароватидан туриб, эгаси боқий дунёга кетган кароватга ўтиб ўтирди. Ўтирди-ю, бундан беш кун олдин уй юзасида унсиз, кўзлари нурсиз ҳолатда ётган умр йўлдошини қандай қилиб кароватга кўтарганлари, бир оғиз сўзини эшитиш учун ўзи, фарзандлари, келинлари қанчалик уринганлари кўз олдига келиб, яна Ҳаққа юзланди:

– Парвардигоро, Сенинг минг бир сифатингнинг қайси бирига ҳамд этай, ожизлигимга иқрорман, Сенинг қудратинг олдида мен бир гиёҳча имкониятга эга эмаслигимни тушуниб етдим.

Яна шу дамда раҳматли қайноналарини ҳам эслади. Ўттиз тўрт ёшли навқирон қайниси оғир бетоб эди. Тўртта фарзанднинг отаси бўлиб қолган, эл ичида эъзоз топиб келаётган ўғилнинг бедаво дард гирдобида қолиши она учун оғирнинг оғири эди. Башорат она ўша пайтда анча ёш эди. Қайнисининг фарзандларини бағрига босиб, унисини тиззасига олиб, бунисини бешикда тебратарди. Башорат она ёшлиги учунми, онанинг фарзандидан айрилиб қолаётганини англаб етмагани учунми, нима деб юпатишга ожиз эди.

Бешикдаги бола қаттиқроқ йиғлади. Бетоб отаси ҳоли келмаса-да, кўз қирини ташлади. Фарзандини исмини айтиб юпатишга ҳоли келмади.

Шунда шўрлик она ўғлига эшиттирмай туриб бешикдаги болани ечиб бағрига босаркан:

– Болажоним, Оллоҳ сен бегуноҳларнинг раҳмини ейишини илтижо қиламан, эмчиман, думчиман, тикилиб келган бўлса кимчиман, – дея паст овозда нола қилганини эслади. Эслади-ю, умр йўлдошининг бунчалик тез кетишининг сабабига етолмай, армонлар ичида қолди.

Тун. Алламаҳал. Уйқудан дарак йўқ. Ётса ўзини гуноҳкордек сезаяпти. Назарида умр йўлдоши мен тупроқ қарида, сен юмшоқ тўшакда, деяётгандек…

Йўқ, ҳеч қачон ундай демасди. Башорат онани доимо аярди, ардоқларди. Вақти келса “адвокат” бўлиб фарзандларидан ҳам ҳимоя қиларди. Яна нималар кирмади хаёлига. Қўлига қалам олганини ўзи сезмади.

Саҳифасини ўзи очган дафтарда қуйидаги сатрларни ўқиди:

 
Қолди китоб, айтилмаган,
Ёзилмаган сўзлар билан.
Йўллар қолди, юрилмаган,
Узилмаган гуллар билан…
 

Тунда унга ҳамроҳ бўлаётган илҳомни кўз ёши билан қаршилаб, шеърий марсиянинг давомини ёзишга хаёлини жамлади.

ҲИКОЯЛАР

ЯРАТГАНГА ИЛТИЖО

Саодат эшигига етиб келганида ўнг томонда пайдо бўлиб қолган темир дарвозага кўзи тушди ва шу бугунги кўрган тушининг тафсирини англади. Англади-ю оёқ-қўллари бўшашди, бир лаҳза сукунатда қолди. Кимдир қаршисида пайдо бўлди, ярқ этиб қаради. Қайси кўз билан кўрсинки, умр йўлдоши – тун ҳамроҳи, кун ҳамроҳи марҳум Ҳотам. Саодат уни эркалаб Ҳатам дерди.

Хотам, дея лабларини жуфтлади. Товуши чиқмади. Шу сонияда Ҳотам ҳам кўзидан йироқлашди. Аммо шундай бир ишора қилдики, буни Саодат тезда пайқади. Бажармасликка илож тополмай қалтираётган қўллари билан эшик тутқичини ушлади. Зўр-базўр Ҳотам қазо қилган дивангача етиб борди-ю, кўзларини чирт юмиб олди. Ўтган тунда кўрган тушини қайта кўра бошлади.

Мана, бевақт қазо этганлар, умр йўлдоши Ҳотам, қўшни Усмон ака, анави ким, мўйлаблари энди сабза уриб қолган, ҳа айтмоқчи, қўшни Ҳалима опанинг ўғли. Вой ўлмасам, мана бу қиз бунча ширин, очилмаган ғунча-ку, ҳа, бу қизчанинг қабр тошида “Бевақт келган ажал қурсин, баҳоримни ҳазон қилди…” ва яна шундай титратувчи мисралар. Доғи фарзанд ўтида қолган онанинг ёзган сатрлари…

Саодат шошиб қолди, қайси бирига қарасин, нега ёлғиз Саодатга мурдалар тунда ҳамроҳ бўлдилар. Вой ўлмасам, Ҳотам, нега хомушсиз, бошингиздан офтоб ўтиб кетади-ку, сояга ўтинг, сояга…

Саодат Ҳотамга қанчалик ялинмасин Ҳотам хомуш ва Саодат ҳозиргина кўзи билан кўрган, қачон пайдо бўлиб қолганлигига эътибор бермаган темир дарвозанинг чўғдек қизиғи таъсирида шалпайиб ётган, ахлат тўдасига суриб қўйилган тўрт туп дарахтдан кўзини узмас ва қаттиқ илтижо билан Саодатни яқинроқ боришига ишора қиларди.

Саодат ноилож қолди, қўрқувдан бор овози билан Ҳотамга бақирди:

– Ҳотам, Гулрангни, Умидни кимга ташлайман, қўйинг, сиз келинг, нега мени чақирасиз, вой Умид эшитмасин, Гулранг сезмасин бу гапингизни…

Саодат қанчалик илтижо қилмасин Ҳотам зарур гапим бор, дегандек қилиб термилиб турарди. У шундай термилардики, унинг бу нигоҳини Саодат нима деб ўқишга тили лол эди. Йиғлаб йиғламасди, кулиб кулмасди. Нима бўлса ҳам темир дарвоза қизиғида куйиб турган Ҳотам танасини сояга олишга, унинг ранжиган кўнглига таскин беришга ҳаракат қиларди. Айвони йўқ, пештоқи йўқ, устуни йўқ гўшада ётган умр йўлдоши Ҳотам ва бошқа қазо қилганлар худди Саодатни тортиб оладиганидек, у ўзини бардам тутиб чеккароқ туриб олди ва Ҳотамга илтижо қила кетди…

– Ҳотам, ранжиманг. Сиз эккан дарахтларни кесишганига ранжияпсизми? Бошингиздан офтоблар ўтдими? Гулрангнинг тетапоя қилиб, шу дарахтларнинг тагида юрганини эсладингизми? Биринчи ҳосил қилганида узиб кириб, столнинг устига қўйганингиздан кейин Умиднинг талпинганлари кўз ўнгингизда туриб қолдими. Усмон ака бу дунёдан гузар қилганидан кейин у хонадонда не ишлар бўлиб ўтмади. Нима бўлса бўлдики, участка сотилиб кетди. Қадимгилар айтганидек, ўғил олиб ўрга кетди, қиз олиб қирга кетди. Нега Усмон акадан юз ўгириб олгансиз. Ахир у кишида нима гуноҳ, фарзандларини шундай тумтарақай бўлиб кетишларини Усмон ака истамагандир, ўша меҳнатга яроқсиз қўлларига челакда бетон осиб фундамент қуйганларини фарзандлари билмаса ҳам сиз кўргансиз-ку. Ахир, сиз эккан тўрт туп дарахтга шунчалик ранжияпсизми?! Усмон аканинг кўнгилларини вайронлиги етмайдими?

– Бу иморатга “қош” қўяман деб усталар кўзимни чиқаришларига оз қолди, – деб қурувчиларни кулдирганлари, Ҳотамжон, “қоши” билан “қовоғи”га берилиб кетманг, деб сизга насиҳат қилганлари хотирангиздан чиқдими, нега ранжийсиз, Ҳотам…

Саодат у ёғида нима гапирганини эслай олмайди, фақат бир нарса қаттиқ кўз ўнгида қолди, қуёш нурида ял-ял қизиб турган дарвоза олдида ўтовини йўқотган қозоқдек ҳозиргина кесилиб, ахлат уюмига суриб ташланган дарахтлардан кўзини уза олмай турган марҳум эри Ҳотамнинг аянчли нигоҳи… Саодат худди бир нарсасини йўқотгандек ўтирган жойида ён атрофига апил-тапил қаради. Ҳотам шу диванда қазо қилган эди-да. Ишдан қайтгандаги қизининг Саодат бўйнига осилиб олиб уввос солгани, қўни-қўшниларнинг қий-чуви қулоқлари тагида яна бир бор эшитилди. Эрталаб тушига эътибор бермай шошилиб чиқиб кетаётиб, қаршисида пайдо бўлиб қолган темир дарвозага, Ҳотам ўз қўли билан эккан дарахтларнинг кесилиб, ахлат тўдасига уюлиб қўйилганига эътибор бермагани учун ўзини қаттиқ койиди.

– Нима ҳам қила олардим, – деди яна қаттиқ хўрсиниб. Ахир бу одам кўчиб келганига уч ой ҳам бўлмай зўр кошона қуриб қўйди-ку.

Ўзи битта ғишт ушламади, оёғи лой босмади, қурилиш давом этмоқда. Ўзи ҳали ёш, бунинг устига иккитагина жажжи боласи бор экан, шунча иморат нега зарур экан унинг учун, бу келин қандай уддалайди бу кошонани, ахир у томондаги 4,5 метрлик дарвозахона етмай, шу икки хонадондан бевақт ўтиб кетганларнинг руҳига ҳамду сано айтиб турган дарахтларни кесиб, яна дарвоза очадими, бу одам…

Гапи кетидан гап қуйилиб кела бошлади. Ўзини тутишга ҳаракат қилди. Қўлларига таяниб ўрнидан турди. Нима мақсадда турганини дарров англаб етмади.

Дарвоза олдига борди, қўшнининг янги қурилган иккинчи дарвозаси ва ахлат уюмида ётган дарахтларга кўз ташлади. Айниқса, биттасининг пишиб улгурмаган мевалари, мени дўл урмади, шамол қоқмади, аммо эътиқодсиз инсоннинг аррасида бевақт хазон бўлдим, дегандек тўкилиб-тўкилмай хомуш ётарди.

Саодат қандай ташқари томон юрганини ўзи сезмади. Тайёр участкани фалон пулга олиб, тоқираво солишда на йўлга, на кўчага, на экилган дарахтларга, энг кераклиси инсонларга назар кўзи билан қарамаётган, ҳаётида шу тоқи раводан ташқари ташвиш йўқ деб билган Ғанижоннинг қўнғироғини босди, босди-ю хижолат аралаш эшикни қия очди. Ичкаридан аёл кишининг овози чиқди:

– Овозинг ўчсин, намунча минғиллайсан, жонимга тегдин-ку…

Аёл кўзлари жавдираб турган болани силтаб аравачасига ўтқазди-да, эшик томон юриб овоз берди:

– Ким, кимсиз, кираверинг.

Саодат бир қадам олдинга юрди, аммо кўзларига қуйилиб келган ёшдан энтикди, иситмаси кўтарилаётгандек қизара бошлади. Шу дақиқада ҳовли эгаси етиб келди, истамайгина Саодат билан саломлашди.

– Кечирасиз, менга Ғанижон керак эдилар, – дея олди Саодат кўз ёшларини зўрға ютиб.

Совуққина саломлашган қўшни келин бургут қиёфасига кирди. Емоқда, ичмоқда бўлиб, Саодатга шундай тикилдики, бу шафқатсиз кўзлардан наинки мевали дарахтларнинг уволини, аксинча, инсонга бемеҳрликни, диёнатсизликни, ўзининг ёшига, умуман аёлларга хос бўлмаган шаллақиликни ўқиш мумкин эди.

– Ҳа, – деди Саодатга обдон тикилиб бўлгач, – Ғанижонда нима ишингиз бор, бу участка менинг номимда, отам ўзи пул тўлаб менга расмийлаштирди буни. Бахти қаро бўлгур қизингиз чиқиб, дарахтни кесган аррани башарамга отса бўладими, чап бериб қолдим, бирон кор-ҳол бўлганида уйингизга ўт қўярдим, тўрт туп дарахтга шунчаликми, территория меники, истасам дарахт экаман, истасам гулхона қиламан, намунча ичиқоралик қиласиз…

Уй бекасини на овозини, на шиддатланиб бораётган важоҳатини тўхтатиб бўларди. Аравачадаги боланинг чир-чир йиғлаётгани Саодатни қанчалик эзмасин, бу келинчак билан гаплашиш кони зарар эканлигини сезгани ҳолда қулоқларини маҳкам беркитиб орқасига қайтди, хўрликдан дув-дув оқаётган ёшларини қўли билан сидирар экан, унсиз овоз билан қалбан Яратганга илтижо қилди:

 
Ўйнаб турган уйимга
Ўйронлар солдинг, ўлим,
Кулиб турган кунимга
Кулфатлар солдинг, ўлим…
Дод ўлимнинг дастидан,
Вой дод ўлимнинг дастидан.
Доимо ўзинг асра
Ёмон қўшнини касридан…
 
ТИЛИНИ ТИШЛАДИ

Зебо дугонасининг эсон-омон қутилиб, икки қиздан сўнг ўғил кўрганидан беҳад қувонди.

– Оллоҳим, мени ҳам фарзанд неъмати билан суюнтиргин. Фарзанд кўраётган тенгдошларим олдида чекаётган азиятларим ўзингга аён. Бу мушкулотга ўзинг вакил бўл, ўзинг кифоя қил, – дея намланаётган киприкларини қўли билан босиб қўйди. Оғир хўрсинди. Зебо фарзанд кўрган дугонаси Хадичахон билан жуда қадрдон дўст, ҳар қандай муаммоларини ечишда малҳам бўладиган сирдоши эди. Зебо Хадичадан икки йил олдин турмуш қурган. Мана, саккиз йилдирки, фарзанд деса оҳи оламни тутади. Бормаган ери, кирмаган эшиги қолмади. Олдинги беш йилни ана-мана деб ўтказди. Сўнгги йилларда турмуш ўртоғининг феъли ўзгараётгандек туюлди. Беш-олти марта арзимаган нарсалар баҳонасида гаплар ҳам чалғиб кетди. Зебони бу дардига малҳам бўлувчи қайнонаси ва шу яқин дугонаси Хадича эди. Шу масалада гап айланадиган бўлса қайнонаси гапни дарров бошқа томонга буриб:

– Давлат ва фарзанднинг кечи йўқ, қизим. Боқизаяпсиз, кўрсатаяпсиз. Жамики неъматларни берувчи қодир Эгам. Беришни хоҳласа, уни йўлини тўсувчи йўқ, беришни хоҳламаса ундан бошқа бергувчи йўқ, – деб яна яхши гаплар билан кўнглини кўтариб, чалғитиб юборарди.

Дугонаси Хадича бир куни Зеболарникига келиб, у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтириб:

– Ойижон, – дея юзланди Зебонинг қайнонасига қизариб, озгина ютиниб ҳам олди.

(Хадичанинг қайнонаси бевақт вафот этган. Турмуш ўртоғи амма-холалари бошчилигида уйланган. Шунинг учун яқин дугоналарининг қайнонасига “ойижон” деб юзланарди.)

– Яна ўғирлик қилибманми, беш-ўн кундан бери уйқудан бош кўтаролмайман.

Хадича гапини тугатмасдан ҳўл меваларни ювиб Зебо кириб келди.

– Зебохон қизим, эшитдингизми Хадичахоннинг гапини. Ўғирлик қилиб қўйибди. Агар қиз туғилса, туғруқхонадан Зебо дугонам тўғри уйига олиб келади, керакли соатда ўзим келиб эмизиб кетаман, деяпти.

Хадича ҳанг-манг бўлиб қолди. Аслида Зебонинг кўнгли ярим, бу гапни эшитмай қўяқолсин, деб у йўғида секин овозда гапирган эди. Хадича бу ёқда соқов, Зебо у ёқда. Қайнона бирон ишора қилса-ю Зебо Хадичанинг қучоғига отилса, ҳимматингни нима билан қайтарай, қандай хизмат қилай, дея дугонасининг ҳиммати олдида таъзим билан тиз чўкса.

Хадичадан бошқа хаёл ўтди.

– Ҳазиллашдим, ҳеч қанақа ўғирлигим йўқ, – десамикан.

– Йўқ, – деди ўзига ўзи Хадича. Асло ундай қилмайман. Аввало, Оллоҳ сендан ўғил сўрадим, борди-ю қиз туғилса, онаизорнинг ҳолис ниятларини мустажо айла, дея кўнглидан ўтказди-ю, дугонаси Зебонинг дув-дув оқаётган ёшини рўмолчаси билан оҳиста артди ва бағрига босиб:

– Ўкинма, ўкинма, – деди аста шивирлаб.

Шу кундан бошлаб Зебонинг хаёлидан нималар ўтмади. Баъзан хаёлан туғруқхонада кўради ўзини, Хадича қиз фарзанд кўради-ю, туғруқхонанинг ўзидаёқ бу қиз Зебоники бўлиб қолади. Унинг исмини ўзининг исмига мослайди. Зебо – Доно, Зебо – Барно, Зебо – Сурайё.

– Йўқ, – дея хаёли ўзгаради. Борди-ю дугонам ўзининг аввалги иккита қизининг исмига мосласачи.

Энг муаммо шундаки, эри бермаймиз, нечта қиз туғиб чарчадинг, деб туриб олса-чи.

Фалакнинг гардишини қарангки, Хадича ўғил кўрди. Зебо ирим қилишармикан, деган андиша билан туғруқхонага бориш-бормасликни билмай турганда дугонаси Хадичадан қўл телефонига хабар тушди.

– Мен соғман, тезлик билан кел. Хушхабар бор.

Бу гапдан қайнонасини воқиф этиб, туғруқхонага шошилди. Кетаётиб, яна ўйлар гирдобида ғарқ бўлди.

– Ўзи қиз кўрган бўлса, мени синаш учун ўғил деб эшиттирдими? Ёки норози бўлган бўлса ниманидир илож қилмоқчими? Нималарни ўйламади.

Хадича айтган хушхабардан Зебо гаранг бўлиб қолди.

– Наҳотки, – қулоқларига ишонмасди. Қандай бўлади. Бу ишнинг ҳуқуқий йўли қандай?

Таваккал, – деди Зебо ўзига-ўзи ва Хадичага юзланди.

– Гаплашавер, мен рози. Фақат гўдакнинг соғлиғи мени ўйлантираяпти? Гўдакнинг отаси соғломми? Болани ташлаб кетишга ихтиёр қилаётган бу қиз ким ўзи? Орият учун кечаяптими ёки бирон сир борми? Хадичанинг ойи-куни етгунича Зебонинг кўнглидан ўткан жумбоқлар ҳозирги ҳолатда жумбоқ бўлмай қолди.

– Қайнонам-ку тушунар, эрим қандай қабул қиларкин…

Не ўй-хаёллар билан чиқаётиб, қайнсинглисини кўриб қолди. Қайнсинглиси икки йил бўлган турмуш қурганига, бундан бир ойча бурун сақланиш бўлимида даволаниб чиққан эди.

– Тинчликми, яна безовта бўлаяпсизми?

– Йўқ, тинчлик, бир курсдошим фарзанд кўрувди, болани қолдираман, деган гапини эшитиб қолдим. Фарзанд туғилди, турмуш ўртоғи меҳрибонлик уйига қолдириб чиқ, йўқса жавобингни бераман, – деганмиш.

Зебо калаванинг учини топгандек бўлди. Аммо қайнсинглисига сўз очмади.

Туғруқхонадаги фарзандни олишга турмуш ўртоғи кўпам рози бўлавермади. Шунда қайнонаси:

– Болам, жоним болам. Гўдакда нима айб. Шу гўдакнинг қадами туфайли Оллоҳ ўзингга ҳам тирноқ ато этса қодир-ку ахир. Агар шифокорлар гўдакнинг соғлиғи ҳақида кафолат берсалар Зебо қизимнинг раъйини қайтарма. Бахтингга яна у қиз бола экан. Ҳадемай бижир-бижир қилиб сени аврай бошлайди. Катта аканг уйини бўлак қилиб чиқиб кетгандан бери уйимиз ҳувиллаб қолган. Болалик уй – бозор. Синглингнинг ҳам олдига оқ кун туғсин. Шу гўдакнинг қадами ҳурмати Яратгандан яхшиликни илтижо қилайлик. Уканг ҳам ҳурматингдан уйланмаяпти. “Уйлангин, жон болам, уйлангин, биронта кўнгил яқининг бўлса айтгин, совчи бўлиб борайлик. Ўн йилдан ошди уйимизда чақалоқ йиғиси эшитилмаганига”, деб зорландим. “Борди-ю мен фарзандлик бўлсам акамнинг кўнгли ўксимайдими? Яна бир оз сабр қилайлик. Қиз бола эмасман-ку, вақтинг ўтаяпти, деб ташвиш қилсангиз”, – деяпти. Жон болам, йўқ демагин.

Гўдакка Доно исмини қўйиб, туғруқхонадан олиб чиқдилар. Зебо чақалоқни қайнонаси қўлидан олишга андиша қиларди. “Чақалоқ кўтаришни уддасидан чиқаманми, тунда йиғлаб қолса қандай юпатаман, кўкрак сути билан қаровчи аёлни топгунча қизалоқни қийнаб қўймайманми…” Минг хил хаёллар, туннинг оромсиз лаҳзалари. Телефон жиринглади. Минг хил ўйлар гирдобида ғарқ бўлаётган Зебо гўшакни кўтарди.

– Алло.

– Алло, ассалому алайкум. Донохон яхшими, йиғлаб безовта қилмаяптими, мен Зоҳида, кўкрак сути билан боқувчи аёлни қидирманг, мен ўзим боқаман, ўзим…

Гўшакда гаплашаётган аёлнинг гапини охири титраб чиқди. Йиғи тўлқинидан гапиролмади шекилли. Орадан кўп ҳам ўтмай остонада Дононинг онаси Зоҳида пайдо бўлди.

– Қўрқманг, опажон, мен туни билан мижжа қоқмадим. Гўдакнинг ўз онаси ҳаёт, соғлом. Нега у бегона аёл кўкрагига талпиниши керак, дея саволларга ўралиб қолдим. Безовталигимни турмуш ўртоғим сезди-ю, асло мени юпатолмади. Иккала кўкрагимни ушлаганича ўзимни ўзим лаънатладим. Қўрқманг, Донони қайтариб олмайман. Кўкрак сутини эмиш муддати тугагунча ўзим қарайман. Сиздан илтимосим шуки, узоқроққа кетайлик. Турмуш ўртоғимга ажрашиш тўғрисида розилик хати ёзиб қолдирдим. Мен у одам билан бир умр яшаб кетишимга кўзим етмай қолди. Афсусим ўзимга аён. Донохонни соғлом, она сутига тўйинган ҳолатда катта бўлишини истасангиз, шу ердан узоқроққа кетайлик…

Гўдакни бағрига босиб турган қўлларида титроқ сезилди. Зебо гангиб қолди. Зебо учун энг зарури Дононинг она сутидан бебаҳра қилмаслик. Назарида Зоҳиданинг илтимосини рад этса, Дононинг заифхол бўлиб қолишини кўз олдига келтиряпти. Иккинчи нозик томони, қайнонаси рози бўлар, турмуш ўртоғини қандай кўндиради. Иш масаласи, тирикчилик масаласи нима бўлади?! Гўдак милқ-милқ эмиб уйқуда роҳатланяпти.

– Донони олиб кетиб қолса, нима деган одам бўламан, нима учун четроқда яшашни илтимос қилаяпти…

Нега, ким учун қизалоқни олишга рози бўлдим? Эри бошқага уйланиб фарзанд кўрса Зебо катта ойи бўлиб иззатда бўлмасмиди… Бу дардини кимга айтсин. Узоқроқда қандай қариндошлари борки, икки йилдан ортиқроқ вақтга жой бериб бағрида сақласа.

Излаган имкон топаркан. Турмуш ўртоғи асли вилоятлик эди. Унинг амакиси томонидан жой ҳам топилди. Зебо, Донохон, Зоҳида вақтинчалик жиҳоз билан чиқиб кетдилар. Зоҳиданинг бахтига ўша ердан иш ҳам топилди.

Қайнонанинг ниятлари ижобат бўлиб, Донохоннинг қадами қутлуғ келибди, Зебонинг бўйида бўлибди, деган хабарни айтмайсизми. Ҳар қандай азиятнинг орқасида чуқур ҳикмат бор, деб бежиз айтишмаган экан-да… Донохоннинг орқасидан синглиси Барно, укалари Одилжон ва Довудхонлар туғилди.

Кунни ойлар, ойни йиллар қувиб, Донохон тиббиёт академиясига ўқишга кирди. Бу қизнинг фанга қизиқувчанлиги, ҳар бир жабҳада муштараклиги, тиббиёт соҳасидаги оммавий ишларда доимо фаоллиги нафақат курсдошларини, айрим домлаларнинг эътиборини ҳам ўзига қаратди. Яхши қизнинг ўғриси кўп, деганларидек, қайсидир домла ўз жияни учун совчи юборди. Совчиларнинг бири келиб, бири кетишидан боши қотиб турган Зебохон:

– Зиёли оила экан, ўқишини давом эттиришига қаршилик қилмасалар, – деган ниятда бу совчиларни ноумид қилмади. Икки томоннинг розилиги билан тўй тараддуди бошланиб, фотиҳа куни белгиланди. Бу хонадонда Асал ойи номи билан эъзозланган Зоҳида елиб-югуриб хизматда. Қайси кўз билан кўрсинки, оқ ўрарга келган кишиларнинг бири ажрашган турмуш ўртоғининг амакисини ўғли. Бу сирни Зебохонга билдирмай тилини тишлади, ёқасини ушлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации