Текст книги "Дилнома"
Автор книги: Уктамхон Домлажонова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 15 страниц)
МУҲАББАТНИ ҚИЛМА ЕТИМ
Ражаб бошида гапирмай сукутга кетди. Ирғиб ўрнидан турди. Ҳаво етишмаётгандай деразани очиб юборди. Чўл ҳавосидан изғирин шамол гув этиб хонага кирди. Қорлар эриб кетган бўлса-да, ҳийлагина совуқнинг заҳри бор эди. Ражабни нима деб гапга солишни билмай тургандим, столини деразага яқинроқ сурди-да, ўтир, дегандек ишора қилди. Бошини секин қимирлатди. Қўлидаги газетани авайлаб костюмининг ички чўнтагига солиб, гап бошлади:
– Бундан беш йил муқаддам университетда ўқир эдим. Иккинчи курсда пахта теримига чиққанимизда хонадонга жойлашдик. Ўша йили ёғингарчилик чунонам кўп бўлдики. Кунларнинг бирида икки кундан буён бетўхтов ёғаётган ёмғир паға-паға қорга айланди. Курсдошим Зиёд юзига китоб ёпиб олган, Қобил бўлса кўзини бир нуқтага қадаб ниманидир ўйлаб ётарди. Зиёдга раҳмим келарди. Негаки Санобар исмли қиз Зиёдни қаттиқ хафа қилган эди-да. Зиёд бечора ўшанда шунчалик тушкунликка тушдики, баъзан овқат тепасидан ҳам туриб кетарди. Зиёдга таскин бермоқчи, қизларнинг одати ўзи шу, деб юпатмоқни истардим. Аммо курсдошларимнинг масалага юзаки қараманг, бу панд-насиҳатлари билан битадиган ишмиди, деб берадиган танбеҳларини олдинданоқ сезиб турардим.
Ўшанда ит қаттиқ акиллаб хаёлимни бўлиб юбормаса, нималарни хотирламас эдим. Биз турадиган хонадоннинг ити жуда қопонғич эди-да. Айниқса, сув олишга чиққан кишиларга ёмон ташланарди.
Терлаб турган хирагина деразадан қудуқ томон қарамоқчи бўлгандим, букик ўрта бармоқ шаҳд билан ойнани тиқиллатди. Хирагина қоронғи деразадан синчиклаброқ қарадим. Ит осмонга сакраб, занжирни узгудек ваҳима қилмоқда эди. Эшикка отилдим. Табуреткага қоқилиб, бир пой калиш остонада қолиб кетди.
Зиёднинг: “Чиқма, барибир…” деган сўзини эшитдим. Нима демоқчи бўлганини пайқадим. Деразадан хира кўрганим ингичка гавда курсдошим Лола экан.
– Ичкарига киринг, уй эгаси йўқ. Итининг феъли ёмон, тинчликми, бемаҳалда…
Бошқа нима деганимни эслолмайман. Коридор бурчагини айланиб панага ўтдик. Юрагим ғаш. Дағдағ титраётган Лола сир бой бермасликка ҳаракат қиларди. Лоланинг бир оёғи лойга ботган, олазарак кўзлари менга еб юборгудек тикиларди. Чимирилган қоши яна баландроқ кўтарилди. Лаби пир-пир учди. Биласизми, дегандек менга тикилиб қаради:
– Хизматингиз учун ташаккур олиб чиқдим, – деди ниҳоят қўлларини бир-бирига ишқаб.
Устимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Кўришганимизда фақатгина салом-аликдан нарига ўтмайдиган Лоланинг бу гапидан саросимага тушиб қолдим.
Ражаб яна ўрнидан туриб кетди. У қизариб ютинди. Бурни устида майда-майда тер томчилари йилтиради. Чўнтагидан бояги газетани олди. Ҳовуридан тушгандек оғир хўрсинди.
– Мени ҳеч ким билмайдиган махфий ишим бор эди. Шу сир очилиб қолган бўлса-чи, – дея савол ва жавобнинг гирдобида қолдим. Табелчи сиримни очиб берибди-да, шарманда бўлибман-да, деган мулоҳазага ҳам бордим. Ундай десам, доим қўпол муомала билан гаплашадиган Лолага бирон марта ортиқча пахта ёзмагандим. Қаршимдаги Лоланинг кўзидан ёмғир аралаш зумда эриб кетаётган қордек йўқолгим келди-ю, шу тобда ҳеч нарсага илож топа билмадим. Ўшанда Лола менга таниш бўлган аллаким ҳақида бир оғиз сўз айтди, чамамда. Иғириндан ачиётган қулоғимни ушлаб, гапга оғиз жуфтлаганимда Лола илдам-илдам юриб, орқасига ҳам ўгирилмай чиқиб кетаётган эди. Кўча эшик томон шошилдим. Етиб бориб, йўлини тўсдим. Аччиқ аралаш сўрадим:
– Айтсангизчи ростини, нега аччиқланасиз, нима гап ўзи?
Лола мени кўрмаётгандек, эшитмаётгандек саволимга бепарво эди.
Аммо ҳозиргина Лола тилга олган, менга таниш бўлган исм қулоғим остида энди жаранглади. Титраб кетиб, товушим борича ёлбордим:
– Холидани мазах қилибсиз, дедингизми, кимга айтибман, кимга?
Лола олдингидан ҳам жиддийлашди. Мен хаёлан кимнидир мушук боласидек мижиғладим! Тилининг осилиб қолганини тасаввур қилдим. Баъзи панжа суякларим қирсиллаб кетди.
– Ўтишга рухсат беринг, айтаман, истаса ўзи чиқиб гаплашсин.
Лола шундай деди-ю, кескин бурилиб, қизлар ётадиган ҳовлига кириб кетди. Орадан ўтаётган саноқли дақиқалар йилдек туюлди. Ҳар замонда девордан бўйлаб қарайдиган деразага ҳам парда тутилган эди. Қизлар хонасида ҳар кунгидек хушчақчақ кулги авжида эди.
Деразага қор отмоқчи ҳам бўлдим. Деворга тирмашиб калламни чўзишим билан чап оёғим тойиб кетди. Фуфайкамнинг ёқасигагина лой тегмапти, холос. Деворнинг ивиб турган юзасини бўй баробарига устимга суркаб олибман. Шу дамда “Ғаниев”, деган Лоланинг заҳарханда товуши эшитилди. Югуриб бориш ўрнига “Уст-бошимни кўриб, қандай хаёлга бораркин”, деган андишага бориб қолдим. Хато ўйлаган эканман.
– Кийимдаги лой қуриса кетади, лекин кўнгил лойи кетмайди, – деди катталардек насиҳатомуз. Яра устига яна туз сепди. Шу даражага бориб етдимки, бирга ўтиришганимиз учинчи курс талабаларининг олдига бориб, биронтасидан шубҳа сезсам адабини беришга қасд қилдим.
– Чиқмадими ўзи? – Сўрадим ниҳоят ўзимни маҳкам тутиб.
Менга зарда билан тикилиб қўлимга икки букланган қоғоз тутқазди. Орқасига қарамай ичкарига кириб кетди.
Қоғозни ғижимлаб чўнтагимга солдим. Беш-ўн қадам юриб тўхтадим. Уйга кирсам болаларнинг “Нима экан, нима гап”, деб ўртага олишларини билардим. Катта тош йўл, атроф бийдек дала эди. Ёруғроқ пана жой излаб, анчагина наридаги чойхонани мўлжалладим. Бўғот панасига ўтиб, чойхона деразасидан тушаётган ёруғда ғижимланган қоғозни очдим. Ўқий бошладим.
Гап ҳавонинг айнишидан бошланарди:
“Булутга тўлди осмон,
Ёмғир, қор қуйди чунон.
Қор хатни ёздим сизга,
Чақирингиз деб меҳмон.
Иккинчи, учинчи, тўртликларни ўқидим. Деманг-койиманг, турманг-ўтирманг, шоколад-мармалад, ширмойнон-мантихон, олов-палов каби қофияларнинг биридан иккинчисига кўз югуртирдим. Охирги мисраларни ўқигач, устимдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Севинчимданми, яна қайтадан ўқидим:
… Овқат бўлгандан кейин,
Бошлайлик ялла-ўйин.
Сўнгра ҳамма бирликда,
Куйлайлик ёшлик куйин.
“Дўстлик хотираси ва ёшлик ҳазили билан курсдош қизлардан “Қор хат” деб ёзиб қўйилганди.
Фуфайкамнинг ивиб кетганлигига қарамай вужудимдан ўт чиқди. Қизлар эшигига етиб қолганимда Холида яхши кўрадиган куйни хуштак қилиб чала бошладим. Эшик олдида қизлар пайдо бўлишди. Гапни нимадан бошлашимни билмай:
– Ҳазилларинг шу бўлса, чини қандай экан, – деб юборибман.
Холида уялганидан дугоналари орқасига яшириниб олганди.
Қизлар дарров гапни ҳаво очилганда давом этадиган мусобақага айлантириб, болаларни огоҳлантириб қўйишимни тайинлашди.
– Хўп бўлмаса, – деди Холида кириб кетамиз деган ишора билан. Хайрлашдик. “Хўп” сўзига Холида шундай урғу ташлаб айтдики, оғзидан чиқиши билан пахтазордаги манзарани эсладим. Баъзан шундай бўларди. Тушликдан кейин қизлар тарозига камроқ чиқишарди. Фурсатдан фойдаланиб, ёрдамлашиш мақсадида Холида тераётган эгатга кирардим. Ўз дардим тўғрисида авваллари бир чаноқдан, кейинроқ бориб бир оз очиқ гапирадиган бўлиб қолувдим. Холида гапларимни эшитмагандек индамас, тез-тез пахтасини териб кетаверарди. Уни гапиртиришни, бир оғиз сўзини олишни уддасидан чиқа олмагач, “хўп” дердим-да, охирги сиқим пахтани этагига солиб қайтиб чиқардим.
Ражаб ҳикоянинг шу ерида яна тўхтаб қолди. Ўнг қўлини чеккасига олиб бориб кўзини юмди. Чуқур нафас олди.
– Сўнг, – деди кўзини ярқ этиб очиб, – сўнг нима-бўлди дейсанми?
Биринчи, иккинчи курс талабаларига бириктирилган хўжалик ишлари мудири касал бўлиб қолди. Вақтинча бу вазифа менга топширилди. Ёмғир тингандан кейин ишга чиққанимизнинг тўртинчи куни шофёр машинани ошхона олдида қолдириб, ярим соатга бир жойга кириб чиқмоқчи эканлигини айтди. Ўша пайтларда унча-мунча машина ҳайдашни билардим. Фурсатдан фойдаланиб, машинани миниб Холиданинг олдига далага боришни, эгат бошидан туриб сигнал беришни ҳавас қилдим-у, рулга ўтирдим. Катта йўлдан ўтиб, дала томон бурилганимда ёшроқ боланинг чинқириғи эшитилди. Рулга ёпишиб, кўзимни юмиб олдим. Ҳушим ўзимга келганида, атрофда тумонат одам, қулаб кетган қари тол олдида бўғзига пичоқ тортилган қўй чўзилиб ётарди.
“Шофёрнинг ўзи саломат қолипти, қўйимни босиб кетди, деб ўзини отибди-да, бахтига бола соғайиб кетсинда…”
Мени қўлтиғимдан кириб, авайлаб ётоққа олиб келишди. Машинани назоратсиз қолдиргани учун шофёр олти ойга машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Мени икки йилга ўқишдан четлатиб, заводга ишга юборишди.
Бола оёғи билан юрадиган бўлгунга қадар бориб хабар олиб турдим. Ҳали ҳам байрам кунлари совға юборишни канда қилмайман. Хат ёзишиб турамиз. Холида билан муносабатимиз яхшиланиб бораётганига ишонч ҳосил қилгач, журналистикага ўтасиз, журналист бўлишингиз керак, деб туриб олдим. Сўзларимга индамай юрадиган Холида кунларнинг бирида мулойимлик билан:
– Ҳар ким истаган ошини ичади, – деса бўладими.
Заводга ишга келганимга ҳеч қанча вақт бўлмай Холидани кўп ўйлайдиган, доимо кўз ўнгимдан кетказолмайдиган бўлиб қолдим. Ҳамон уни журналистикага ўтишга кўндиришга ҳаракат қилардим. Охири масалани кўндаланг қўйиб, дедим:
– Ҳар ким истаган ошини ичиши турган гап. Киши келажагини ўйлаши керак. Ўзингизча қишлоқда ўқитувчи бўлмоқчимисиз ёки заводга кетганимга, қайтиб ўқимайди, уддасидан чиқолмайди демоқчимисиз. Ўқийман, журналист бўламан.
Шунда Холида биринчи марта ўпкаланиб қаради. Ёлворишимга қарамай, қўлимни силтаб ташлади. Ўпкаси тўлиб, юзининг руҳи қизариб қолди. Дуч келган автобусга чиқди. Қайрилиб ҳам қарамади.
Шу кундан бошлаб унга бўлган муносабатимда иккилана бошладим. Нега менинг гапимга кирмайди, нега мен билан ҳамкасб бўлишни истамайди. Қишлоққа кетса, муддатини ўтиб келгунча кутиб ўтираманми?
Ана шундай саволлар кўп пайтгача менга тинчлик бермади. Охири ўзимни юпатиб, Холидани унутишга ҳаракат қилдим.
Заводда ишлаб юриб, кечки шофёрлар курсини битирдим. Машина ҳайдашга ҳужжат олганимга икки ой бўлмасдан яна ишим орқага кетди. Завод ҳовлисида машина миниб келаётиб тўсиққа уриб олдим. Гуноҳим эвазига мажбурий хизмат беришди. Кўчада бош кўтариб юра олмайдиган бўлиб қолдим. Холида воқеани эшитиб, баттар бўл, дегандир-да, бўлмаса келмасмиди, дея фақат уни ўйлардим.
Заводда ишлаш муддатим ҳам тугади. Университетга қайтишга номус қилдим, қурилишга кетдим. Ўшандан бери Холидани кўрмагандим. Мактаб олдида тушириб кетган йўловчимиз Холида эди.
У салом берди. Менинг тилим айланмай қолди. Ҳаёт тасодифларга тўла дейишса, фикрламас эканман. Мен машҳур журналист бўлишни орзу қилибман-у, қисмат ҳақида умуман гумроҳ эканман.
Нега мен Холидани журналист бўлишга рағбати бўлмагани учун айбладим?! Айбдорлигимни тан олиш учун бир оғиз сўз тополмадим?! Нега менинг ҳолимдан хабар олишини кутдиму, ўзим бориб унинг суҳбатига муяссар бўлмадим?! Балки, ҳали ҳам кеч эмасдир. Бизни бу йўлда учраштирган тасодифда чуқур ва келажаги нурли бир ҳикмат бордир. Хаёлан “Муҳаббатни қилма етим”, дея такрор ва такрор ўйлардим. Бораман. Йўлнинг сал ичкарисидаги мактаб ремонтига керакли нарсаларни ташлаб ўтгандим. Бу хотирани мен орзу қилган журналистика касбининг биринчи қалам машқи деб, “Муҳаббатни қилма етим” деган ном билан Холидага бераман. Ўйлаяпман. Мени “Қор хат” билан мот қилганларидек, қандай йўл тутай? Холида билан менинг ўртамда актёрликни ўрнига қўйган курсдошимиз Лола бор эди. Муҳаббатим етим бўлмаслиги учун кимга юзланиб, кимни сирдош тутай.
Ражаб охирги жумлани шундай ёлвориш оҳангида талаффуз қилдики, ўртадаги жимликни ҳеч ким бузмади. Уни ёлғиз қолдириб, мен ҳам ташқари чиқдим.
САРПО ИЧИДАГИ ИККИНЧИ ХАТ
“Ассалому алайкум, ойижон!
Мен сизни фарзандларимнинг отаси, умр йўлдошимни катта қилиб, тарбиялаб шу даражага етгунича кўп қийинчиликларни бошидан кечирган она сифатида самимий ҳурмат қиламан. Сиз ҳам, мен ҳам онамиз. Иккаламиз ҳам ўз фарзандларимиз учун…”
Ёқутхон юқоридаги сатрларни қайтадан ўқиди. Овозини чиқармай деса хонада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.
– Даъвоинг тўғри, – деди титраётган қўл панжаларини очиб-юмиб кўришга бир йилдан бери муштоқ бўлиб турган катта набирасини кўз олдига келтирди. Набираси туғилгандаги қувончлар билан завқланганини эслади. Яна кўзи юқоридаги сатрларга тушди.
“– Мен ҳам Сиз каби онаман…”
– Нодонгина болам-а, бизни ёшимиздаги оналар билан ўзингни тенг қўйиб таққослаяпсанми, афсус олдимда эмассан, бу гапларни хат орқали эмас, юзма-юз туриб тилингдан эшитганимда айтардимки:
– Қўлингиздаги беғубор гўдак она бўлишингизнинг бир умрга ишланадиган дастури. Бу дастурни мукаммал, тўлиқ ишлаб, фарзандингиз тарбиясига татбиқ этиш учун менга ўхшаган оналарнинг ўнтасини ҳаётий тажрибаси ҳам сизга камлик қилади.
Келинпошша, тўғри, сиз онасиз, бетга айтганнинг заҳри йўқ, сиз фарзандларингиз учун ҳали шоколадсиз, жевачкасиз, хўрозқанд, қўйингки, ўзингиз нимани яхши кўрсангиз, фарзандларингизни юпатиш учун нимаики керак бўлса уларни восита қилиб туриб, эрдан ундирувчи доимий даллолсиз.
Ёқутхон ўзи ёзганларини қайтадан ўқиди ва яна “whats Аpp”га кўз ташлади.
“Оналик бир умрлик машаққатли меҳнат эканини Сиз яхши биласиз. Мен ҳам Оллоҳ насиб этганича шу машаққатни бошимдан кечирмоқдаман. Афсуски, бу машаққатларни умр йўлдошим ёнимда бўлмаганида, ҳар куни фарзандларимнинг кўзида отага бўлган соғинчни ва отанинг қучоғига отилиб завқланишга муштоқ бўлган дақиқаларни, қизини қўлига олиб “чи-чи, асал қизим”, ўғлини бағрига босиб, додо-додохон” дейишини қўмсаганларини кўриб эзиламан. Турмуш қурганимизга беш йилга яқинлашаяпти. Кўп ишлар бўлиб ўтди. Биринчи марта бу хонадонга қадам қўйганимда ўзим тасвирлаб беролмайдиган меҳр билан тўлиб кирганман. Менинг беғубор, улуғ ниятим шу хонадоннинг қизи бўлай, деб орзу қилгандим.
Ҳозирда ўз ота-онамдан ташқари севимли умр йўлдошимнинг ота-онаси бағридаман. Ардоқлаб, меҳр билан севадиган ўз қизингиз каби, мен ҳам ота-онамнинг қизиман. Албатта, бу хонадонда кечган бахтли, осуда дамларимни қадрлайман, қўмсайман. Мен учун ноқулай ва руҳан кечган азобларимни ҳам унута олмайман. Сизга қаттиқ ботса-да айтай, сиз ўзингиз келин бўлган даврингизни эслаб, мени қайта тарбиялаш учун қилаётган саъй-ҳаракатларингизни солиштиринг. Менга берган фойдали ўгитларингиз, ёшлик, бебошлик қилиб қўйган хатоларимни кечирганингиз учун самимий ва чексиз миннатдор бўлган ҳолда Сиз учун Оллоҳдан ажр ва савоблар тилайман.
Афсус қиламанки, Оллоҳ ҳаммани ҳар хил яратган. Менининг қайсидир ҳаракатим, муомаладаги тўғри сўзлигим, тўпори қилиқларим Сизга доимо маъқул эмас. Турмуш ўртоғим туғилиб катта бўлган хонадоннинг ҳамма аъзоларини, унинг узоқ-яқин қариндошларини доимо ҳурмат қилган ҳолда уларни тушунишга ва доимо улардан миннатдор бўлишга ҳаракат қилдим. Аммо бу ҳолатни Оллоҳ менга қодир қилган даражада бажардим. Бу борада қандай вазиятларда қийналдим, уйқуларим кетди, эрталаб нонуштага чиқишга ўзимни лойиқ билмаган онларимни бирма-бир санай олмайман. Нимаики қилган бўлсам беғараз, чин кўнгилдан қилганман. Сизга нима маъқул эмас, нимадан кўнглингиз тўлмайди, мен учун қоронғи. Ўз фарзандларингизни қандай тарбиялаган бўлсангиз шундай ўлчов, шундай дастур билан мени тарбияламоқчисиз. Сиз тушунасизку, бошқа тувакда вояга етган гулни бошқа тувакка олиб ўтқазилди. Бу ҳолат Сизнинг ўзингизда ҳам, қизингиз Сабинада ҳам, қўйинки, вояга етган қизларнинг ҳаммасини бошидан кечган. Бу ҳолатни қандай кечириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Сизга маълум, мен ҳозир учинчи фарзанд учун юклиман. Мен ўзимни руҳимнинг бақувватлиги ва кучли иродам билан ҳимоя қилишим керак. Сиз тарбия, муроса, ҳурмат ва яна кўп фазилатларда ниҳоятда доно ва зукко аёлсиз. Сизнинг удумларингизга ҳалал бермаганим ҳолда, ҳаяжоним ичимга сиғмаган ҳолда сизга маъқул иш қила олмаётганимни сезардим. Розилигингизни қандай топишга илож излардим.
Оиладаги жамики фаолиятимни Сизнинг назарингиздан қутилиш ёки ўзимни фидойи қилиб кўрсатиш учун қилмаганман.
Яна қайта айтаман, Сизни фидойи ва жонкуяр она сифатида, ёстиқдошим, фарзандларим отасининг онаси сифатида, фарзандларимнинг бувижониси сифатида севаман ва ардоқлайман. Эътироф этаман: ҳамма жафокаш оналар қатори фарзандларингиз оиласини тинч ва осуда яшаши учун доимо тайёр, ҳар қандай муаммода ҳушёрсиз. Оллоҳнинг оналарга ато этган бу фазлини бошқа ҳеч кимдан топиб бўлмайди. Оллоҳнинг бу фазлидан умидвор бўлиб, бир оз ўзимга келиб олишим учун юк қилиб кўтариб турганим туёқча сиҳат-саломатлик билан бу дунё юзини кўриши учун нимаики туғёнларим бўлса, сабр сўраяпман. Менинг қалбдан кечираётган бу ҳолатим Сизга ҳуш ёқмас ёки ўғлимни олиб кетиб қолади, деган ваҳима билан дилингиз озор чекар. Аммо мен ўзим идрок этганимча ва руҳан ўзимни юпата олганимча ёздим. Мен турмуш ўртоғимни севаман, қадрлайман. Биринчи, иккинчи фарзандларим дунёга келишида ёнимда бўлиб, қувончларимга шерик бўлмагансан, деб ундан асло ранжимайман. Оллоҳ менинг тақдиримга Америкада яшашни насиб қилган экан, фарзандларим ота сўзини эркаланиб айтиши, отаси эшикдан кириб келганида бағрига отилиши, бир сўз билан айтганда, оиламизнинг мукаммал ва мусаффо бўлишини истаб, беш йил мобайнида зарур бўлган жамики саъйҳаракатни қилдим. Менинг армоним қорнимдаги туёқчанинг бу дунёга чиққандаги илк дақиқа қувончини турмуш ўртоғим билан бирга кўриш. Ўйлайманки, унинг ҳам орзуси шундан бошқа бўлмаса керак. Мен ҳомиладор аёлнинг кўчада турмуш ўртоғи боласини етаклаган ҳолда бирга кетаётганларини кўрганимда қуйилиб келаётган кўз ёшларимни тўхтата олмайман. Ўғлим Муҳаммадали ва қўғирчоқ қизим Сафия ҳар куни ўн мартадан кўпроқ савол билан юзланишади:
– Ойижон, сизга ука келади, дадангиз самолётда олиб келади, дегандингиз, укамизни дадамиз олиб келадими, укамиз ўғилми, қизми, ўғил бўлса меники, қиз бўлса Сафия менга бермаса-чи…
Кўнглимдан турли ўйлар ўтади.
– Нега буларни бунчалик саволи кўп, бошқа болалар ҳам шундайми? Кўпроқ ёлғиз мен билан қолганлари учун шундайми?
Ҳеч ким мукаммал эмас. Ҳаммада ҳам камчилик бор. Беайб Парвардигор, дейдилар-ку. Мендан ўтган камчиликлар учун узр.
Тақдиримда нима ёзилган, билмайман. Аммо шу ҳолатимда, яъни ҳомиладорлигимда Оллоҳдан илтижо қиламан.
– Менга куч қувват бер. Дунё юзини кўришга муддати яқинлашиб қолган бу гўдакни туғилишида умр йўлдошим ёнимдалигидан қувонай. Чақалоқнинг биринчи йиғлашини бирга эшитайлик. Олдинги иккита фарзандим туғилгандаги умр йўлдошимнинг ёнимда бўлмаганидаги армонларим орқада қолсин.
Энг яхши фазилат кечирим сўраш ва кечиримли бўлиш ҳақида кўп эшитиб, кўп ўқиганман. Тақдирда борини кўришга ўзимни ҳозирлаб яна бир марта хатни чин дилдан ёзганимни қайд этаман”.
Ёқутхон “whats Аpp” орқали келган хатни ўқишдан тўхтади. Ўқиётган хатини нарироққа суриб, чуқур сукутга кетди. Назарида борлиқ билан алоқа узилгандай. Қанча вақт сукут сақлади, ўзи ҳам била олмади.
Америкада яшашга гринкарта ютган келинининг шу хонадонга келгандаги дастлабки онларини хотираси жамлаб эслади. Ўғли шу қиз билан бирга яшаш истагини билдирганида Америка тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ эди. Фотиҳа маросими ўтиб, тўй куни белгилангач, кутилмаганда чақмоқ чаққандек, Америкада яшаш ҳуқуқига эга бўлган ҳужжат чиқиб қолди. Ёқутхон ўшанда ноилож қолганди. Тўйнинг муддати орқага сурилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш учун фотиҳа қилинган келин Америкага учиб кетиб, тўрт ойдан ортиқроқ қолиб кетди. Бу дақиқалар Ёқутхон учун осон кечмади. Элнинг оғзига элак тутиб бўлармиди, биров ундоқ деди, биров бундоқ. Охири Ёқутхон қуда томонга бир оз қаттиқроқ тегиб деди:
– Келинимиз икковидан бирин танласин. Ёки Америкада яшаш ёки ўғлим билан шу ерда бир умрга бирга бўлиш. Калаванинг учи жуда ҳам чуваланиб кетмасдан келин қайтди. Соғинч ўтида ёнган икки ёш қовушди. Осуда ва висол дамлари хурсандлик билан кечаётган даврда биринчи фарзандига юкли бўлган Саодат Тошкентда яшаш муддати тугаб, яна Америка сафарини ихтиёр этди. Турмуш ўртоғи Олмосбек Тиббиёт Академиясининг олтинчи босқич толиби. Бунинг устига гринкартада унинг номи қайд этилмаган. Биринчи фарзандининг туғилишидаги ҳаяжонли дақиқаларни Олмосбек Тошкентда, Саодат Америкада кутиб олдилар. Ҳозирги кунда дийдор кўришиш учун техника воситалари қанчалик қулай ва ҳозиржавоб бўлмасин, биринчи фарзанди Муҳаммадалини тўрт ойлик бўлганида Тошкент аэропортида кутиб олишди. Ёқутхон аэропортда набирасини бағрига босиб ҳам кулиб, ҳам йиғлаганларини эсладими, шу дақиқада кулмади. Кўзига қуйилиб келаётган аччиқ ёшни тўхтатолмай, рўмолчасини излаб қолди. Уйи ўшанда қандай қувончга тўлган эди. Бешик тўйи маросимида ҳеч кимдан ётсирамаган гўдаккина Муҳаммадали бошқа коинотдан келган мўъжизадек қўлма-қўл бўлганди. Бошқа ҳолатларни эсламасликка ҳаракат қилди. Бўлмади. Қандай эсламасин, иккинчи набираси Сафиябону (бу исмни Ёқутхоннинг ўзи танлаганди) гарчи, у ҳам Америкада туғилса-да, Ёқутхоннинг шодлиги дунёга сиғмади. Оллоҳ ўзи бериб, ўзи қайтариб олган қизимнинг ўринбосари деб, еру кўкка ишонмасди. Бу оилада қиз ниҳоятда тансиқ, катта ўғли Шавкатжон ҳарбий. Унда уч ўғил. Хизмат юзасидан ҳали у шаҳар, ҳали бу шаҳарда. Қизи Сабинада ҳам икки ўғил. Саодат учинчи фарзандига юклик бўлиб, яна сафарни ихтиёр қилганида Ёқутхон қиз набирасини қолдириб кетишини кўп илтимос қилди, ялинди. Саодатхон овозини чиқариб “йўқ” демаган бўлса-да, шу борада гап очилса, эшитишга тоқатим йўқ маъносида ўрнидан туриб кетгани бўйича уй ичидан чиқмай қоларди.
Ёқутхон тақдир, туз насиба деб ўзини юпатса-да, келини билан ўғлининг тутаётган режасидан қаттиқ ранжир, онаизор невараларининг келажагини ўйлаб оппоқ тонг оттирар эди. Невараларига айтиб беришга тайёрлаб қўйган эртакларини, уларнинг қаҳрамонларининг фаолиятини, эртак эшитаётган набираларининг таажжубларини, бувижонга берадиган саволларини ўйлаб кетарди. Йўқ, бўлмади. Охири келини Саодатнинг айтгани бўлди. Учинчи фарзандига ҳомиладорлигига тўрт ой бўлган келин бир қўлида Муҳаммадали, бир қўлида Сафияхон, қорнида оти ва жинси номаълум гўдак билан Америкага учиб кетди. Ҳомиладорликнинг охирги ойида беш йилдан бери мукаммал ва тўкис яшаш ҳаракатида юрган Саодатнинг орзуси рўёбга чиқиб, фарзандларининг отаси Олмосбек ҳам Америкага учди. Ёқутхоннинг дарди ичида. Ёлғиз қолганлиги учун озор чекмаяпти. Фарзандларининг бегона удумлар таъсирида яшашига, иссиқ жон, иситма, бирон ҳол бўлса ўғлику ишда, келин уч бола билан аҳволи не кечади, деган ўйлар билан тўқнашади.
Бу аччиқ тўлғоқ устига “whats Аpp”да келган хатни қандай ҳазм қилсин. Нималарни ёзса келини ранжимайди, ўзи руҳан енгил бўлади. Гаплар қуйилиб келаяпти. Қўли ручкани қаттиқроқ ушласа ҳам тилини тишлаб ўзига сабр, сабрнинг жамилини сўраяпти.
“whats Аpp”га яна кўз югуртирди. Йигирма беш ёшдаги келини Саодатнинг етмиш беш ёшлик қайнонага ёзган хатидаги ўгитларини яна синчиклаб ўқиди.
“Мен ҳам Сиз каби онаман. Иккаламиз ҳам ўз фарзандларимиз учун, онага берилган фазл бошқа ҳеч кимда йўқ, кечириш ва кечиримли бўлиш керак…”
– Йўқ, – деди ўзига ўзи Ёқутхон.
Фарзандларинг бағрингда, менинг ўғлим, – сенинг севикли ёринг ёнингда. Сен билан тенг келиш муносиб эмас менга. Лекин кўпни кўрган бу ёшим ҳурмати, улуғ ниятлар билан оилали бўлишини кутганим ўғлим Олмосбекнинг ҳурмати, эртакларимни эшита олмай кимни бобо, кимни буви деб катта бўладиган невараларимнинг ҳурмати, тарбия соҳасида эшитганим бир ривоят ёзай сизга:
“Она фарзанд кўргач, икки ёшигача кўкрак сути ва тарозида ўлчаб оғирлигини аниқлаб бўлмайдиган меҳр билан ардоқлайди уни. Бунинг учун кунда хизматкор, тунда бедор. Чарчоқ онадан бегона. Онанинг оромин бузиб, кечалари хархаша қиладиган гўдак нимани тушунарди. Фарзандингиз бир ёшдан ошганида, “ғоз-ғоз” деб турғизишга ҳаракат қиласиз. Дангасалигими, ўжарлигими – тап этиб ўтириб олади. Орқаси ёмон тушмадими деб, қўлингизга олиб силайсиз, бошини силаб эркалаб қўясиз. Бир-икки қадам ташлаб юришга ҳаракат қилаяпти. Қўлидан ушлаб, юришга ёрдам қиламан десангиз, қўлингиздан чиқиб, ўзи мустақил юраман, деб сизни чарчатиб юборади. Фарзандингиз уч ёшга ўтган. Витаминларга бой озуқалар билан озиқлантиришга ҳаракат қиласиз. Ҳамма емак ҳам унга маъқул бўлавермайди. Фарзандингиз тўрт ёшга ўтаяпти. Рангли қалам, турли бўёқлар билан расм чизишни машқ қилдирмоқчисиз. Сиз пул харжлаб олиб келган қоғозларга чизмай, деворларга, асбобанжомларнинг устига чизишни афзал кўради. Фарзанднинг мактабга биринчи қадам қўйгандаги онанинг севинчи олам-олам, кундалик дафтарини, ўқув жараёнларини қандай кетаётганини кузатасиз, ўртоқлари билан ўйинқароқлик қилиб кўчага чиқишини ёки компьютер тагида ётишини кўрасиз.
Фарзанди ўқишни битиргандаги онанинг севинчи. Ҳар куни хаёлда унга касб танлайсиз. У ишлайдиган корхонадан раҳматлар эшитгингиз келади. Аммо фарзандингиз, машина олиб берсанг ўқишга кираман,– деб туриб олади. Ҳа, ўқишга ҳам кирди.
Ками йигирма йилдан ортиқроқ вақтда “ўғри” аёлсиз. У қизни бўйига қарайсиз, бу қизнинг қошукўзига. Ниятингизга етиб уйлантирдингиз. Энди фарзандингиз жуфти ҳалоли билан бўлиб, сиздан узоқлашаётгандек туюлади.
Сиз набиралик бўлдингиз. Она мурғаккина гўдакнинг ташвишлари билан ёнади. Тунда оёқ кийимни киймай келини ва ўғли ётоғининг деразаси тагига бир неча бор бориб келади.
– Гўдак йиғламаяптими, келинимнинг уйқуси қаттиқроқ эди. Бешикка тўғри боғладимикан…
Ўғлингиз буни сезиб қолади. Ичкаридан бирикки йўтал овози эшитилди. Ўғлингиз ёши ўттиз бешдан ошиб қолди. Ёшлигида яхши кўрадигани тансиқ овқатни тайёрлаб, бир лаҳза олдингизда ўтиришини қўмсадингиз. Соатига қаради-ю, вақтим зиқ ишорасини қилиб, машинасининг пультини босди.
Ёшингиз улғайиб, бот-бот нариги дунё ҳам эслатиб қолди ўзини. Ийманибгина бир шингил сўз очдингиз.
– Қўрқитманг. Ҳеч кимда бу соҳада ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Ўзингизни бошқаринг, – деган жавобни олдингиз”.
Саодатхон, эртакнинг давоми бор, ростини айтсам “whats Аpp” орқали йўллаган хатингизга батафсил жавоб ёзишга журъат этмадим. Юқорида қайд этганим босқичларда Сизга сабр ва бардош тилайман. Оналарнинг ҳар бир босқичда ўтадиган имтиҳонларида ҳам соғлиқ, омонлиқ сизга ёр бўлсин…
Ёқутхон яна ўйга толди. Нимадир эсига тушгандек охирги йўлга киядиган оқ сарпоси жойланган чемоданни очди. Ҳали кўп вақт ўтмаганди иккита ўғли, қайнукалари, қайнсингиллари, хола-аммаларга охирги сўзларини ёзиб, конверт устига “Васиятнома” деб қўйганига. Шунинг ёнига устига “Шахсан келиним Саодатга” деб ёзилган иккинчи конвертни ҳам қўйди. Сўнг қандайдир таблеткани тилининг тагига солди.