Электронная библиотека » Уктамхон Домлажонова » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Дилнома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 10:00


Автор книги: Уктамхон Домлажонова


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +
НОШУД ЎҒИЛНИНГ КУНДАЛИГИ

Абдувоҳид олдига қоғоз қўйиб, қўлидаги ручка кетини тишлаганча хаёлга чўмди. Калаванинг учини тополмай чаккасини ушлади. Кўз олдида асаларилар ғувиллаяпти. Бири кириб, бири чиқаяпти. Абдувоҳидга асаларининг ўзи кўринаяпти. Уларнинг ичкаридаги ҳолатини Абдувоҳид тасаввур ҳам қилолмайди. Чунки хаёлидан кечаётган кечинмалар асалари ҳаракатидек тез эмас. Бу кечинмалар кечаги, ўтган кунги, борингки, бир ой олдинги воқеалар эмас, беш йил бўлди бу саҳифанинг очилганига.

Биринчи навбатда ўз уйидан кетишига, ҳа, туғилиб вояга етган, тенгқурлари, маҳалладошлари ўртасида ўз ўрнига, катталарнинг дуосига муяссар бўлиб қолганида чет элга чиқиб, тил ўрганишга аҳд қилгани сабаб бўлганди. Ўшанда у нуфузли институтнинг учинчи босқич талабаси эди. Ота-онаси зиёли. Акаларининг иш жойи тайин, синглиси ва укаси ўқувчи, бундай олиб қараганда, ҳеч қандай кўнгли ўксийдиган жойи йўқ. Лекин унинг истаги чет тилини мукаммал билиш ва ҳар қандай чет эл фуқароси билан ўз она тилида гаплашгандек фикр алмашиш эди. Абдувоҳиднинг бу истагидан онаси хабардор бўлганида шундай деганди:

– Абдувоҳид, жоним болам, акаларингни армиядан қайтган заҳоти уйладик. Уларга қараганда сен анча эсингни таниб, ёшинг ҳам йигирма бешни қоралаб қолди. Ўзимизда ҳам ўргансанг бўлади-ку. Шароитга қараб иш тутсанг бўлармиди…

Абдувоҳид онасига норози оҳангда қараганини ҳозир яна эслади. Орадан бир ҳафта ҳам ўтмай онаси қаердандир келаётганида уйдан чиқаётган Абдувоҳид билан йўлакда тўқнаш келди.

– Дуо қилинг, – деди дабдурустдан Абдувоҳид қувончи ичига сиғмай. Кейин онасидан олдин қиблага қаради. Қаради-ю, онасининг чеҳрасидаги ўзгаришдан нохушликни сезди.

– Нима деб дуо қилай болам, Аҳмаджоннинг қизига элчиликка борган эдим. Маъқул бўлдими сенга!

– Онам-а, онажоним-а, уйдаги иккита келиндан чарчамадингизми, келин деса юзингиз нурланиб кетади. Шошилманг, келин ҳам бўлар. Оқ-қорани, ёмон-яхшини, ҳалол-ҳаромни, қўйингки, ҳаётда нима керак ёки кераксизлигини тушунтирдингиз. Нафасимнинг сўнгги дақиқасигача ўгитларингизга муҳтожман, – деди-ю ички чўнтагидаги хорижга кетиш тўғрисидаги ҳужжатни олиб кўрсатди. Онасининг ўша сонияда нима деганини Абдувоҳид ҳозир эслолмайди.

Хорижда самолётдан тушгандаги туйғулар, тил ўрганиш бўйича курсга қатнаган онлари ва ниҳоят, тил ўрганиш курси муддатининг тугагани ва уни яна давом эттириш учун қўшимча маблағ керак бўлганлиги…

Бунинг учун ҳафтада уч кун ишлаб, уч кун ўқишга рози бўлди. Қаерда унга иш нақд турибди. Оллоҳ беризқ яратмаган экан-да, Абдувоҳид ўзи сингари саргардон ватандошлар орқали иш ҳам топди.

Кундузи ишдан чиқиб, кечаси ўқишга югур. Ўқишдан кейин ишга югур. Силласи қуриб, ётиб қолди. Муолажа хизматлари ниҳоятда қиммат, бунинг устига бетоб ҳолатда ўз ёғига ўзи қовурилади. Айни сонияда эслади, яхшиси юртга қайтиб кета қолай, деб ўйлаганини. Бетоблиги туфайли на ишга, на ўқишга чиқа оларди. Уйга қайтишга пул ишлаш учун кимларнингдир маслаҳати билан, ватандошларидан қарз-ҳавола қилиб, уч ойлик шофёрлик курсида ўқиди. Унинг абжирлигини кўрган курс раҳбари бир фирмага ишга йўллади. Абдувоҳид ишини топганидан мамнун. Иш ҳақи ҳам қониқтиради. Аммо ўқув курсига қатнашга вақт йўқ. Фирма раҳбари унинг иш ҳақини жамғармада ушлаётгани, керакли харажатлар учун бериб туриши уни қувонтирар, жамғармада тўпланаётган пуллари кўпаяётганидан мамнун эди.

Қувончининг чеки йўқ. Фирма раҳбари ҳам қайсидир чет давлатдан келган, дини ва миллати бошқа бўлишига қарамасдан, одамохун, айниқса, Абдувоҳидни жуда ҳурмат қиларди.

Уйига телефон қилиб, отасини-онасини хотиржам қилар, жамғармадаги пули маълум миқдорга етгач жўнатиб юборишини, отаси машина олиб, онаси билан бирга миниб юришларини айтарди…

Тунов кунлари ўз она тилида китоб ўқишни, ёзишни соғиндими, янги дафтар олиб, кундалик ёза бошлади. У тўсатдан қидираётган нарсасини топиб олгандек кундаликни варақлай бошлади.

12 декабрь 1998 йил. Сешанба. Ишдан жуда кеч қайтдим. Чорраҳада кўзим кетиб қолибди. Бир маҳал йўл назоратчиси машина эшигини очиб:

– Хайрли тун! – деди. Сесканиб уйғондим. У менга машинадан тушишни буюрди. Кечирим сўрай бошладим.

– Кечирим сўрашга ҳожат йўқ. Машинадан тушда, дам олиш хонасига кириб, бир оз мизғиб ол. Мусофир экансан, жарима ёзмайман.

Йўл назоратчисининг амрига бўйсундим. Шу дақиқадан ўқишдан бир оз кеч қайтсам, деразадан термилиб турадиган онамнинг ташвишли қиёфаси кўз олдимдан ўтди…

15 декабрь 1998 йил. Икки кун кундалик ёзмадим. Фирма раҳбари шундай иш юклаб ташладики, уйга ҳам келолмадим. Тунда кўпроқ дарс тайёрлаб ўтириб қолсам, дадамнинг тунги бир соатлик уйқу ҳам жоннинг ороми, ҳар вақтдан ўз ўрнида фойдаланишга одат қилгин, дейишлари қулоғимга чалингандек бўлди.

16 декабрь 1998 йил. Тошкентдан – Жаҳон тиллари университетидан малака оширишга келган қўшни қиз Сакина қўнғироқ қилди. Қизиқ, қиз бола қандай журъат қилди экан йигит кишига қўнғироқ қилишга? Ҳали келганига йигирма кун ҳам бўлмабди. Мени акаси ўрнида кўриб, суҳбатлашгиси келдимикан? Уйдан чиққанимга ҳам уч йил бўлаяпти, синглим ҳам соғингандир. Гўшакни қўймай туриб, Сакина нима деди-я, ҳа, айтмоқчи, “Абдувоҳид ака, ватандошлардан ҳеч бирини сизга ўхшата олмадим”, дедими? Ватандошлар билан қачон, қаерда мулоқотда бўлди экан? Иш вақти бориб суҳбатлашмоққа имконият йўқ, қолаверса, ўртамиз жуда олис…

Кундаликнинг қолган саҳифаларига тез-тез кўз югуртирди ва соатга қараб ишга отланди. Йўлда кетаркан, ўзича режалар тузди. Банкдаги жамғармасига қандай машина олса бўларкин? Фирма раҳбари бунча пулинг бор, деб аниқ айтмаган. Лекин Абдувоҳиднинг ҳисобича жамғармаси йигирма минг доллардан ортиқроқ чиқади. Хаёлан онаси ва синглисига тилла тақинчоқ, отаси, акалари, кеннойиларига совғалар олди ва ўзига қора рангдаги “Жип” машинаси харид қилди. Абдувоҳиднинг бу ниятини фирма раҳбари самимият билан қабул қилди.

– Аммо, – дея гап бошлади раҳбар. – Бизда машина сотиб олиш қоидаси бир оз бошқача. Биринчидан, жамғармадаги пулинг сен орзу қилаётган машинага етмайди. Боз устига, сен санаб ўтган ҳадялар анчагина маблағингни “еб” қўяди. Қолаверса, ҳозирча ўзингнинг номингга машина олиш ҳуқуқинг ҳам йўқ. Машина бизда фақат шу давлат фуқаролигига эга бўлган одамларгагина сотилади. Жамғарманг яна кўпайсин. Совға-салом олишни ҳам бир оз тўхтатиб тур. Машинага зарурат сезаётган бўлсанг, ўз машиналаримдан бирортасини “ишонч қоғози” орқали расмийлаштириб бераман.

Абдувоҳиднинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Лекин банкдаги жамғармасини олиб, бу ердан кетса, яна қаердан иш қидиради-ю, шароити қандай бўлади.

Ўшанда, қайтиб кетишга аҳд қилганимда кетақолсам бўлар экан, дея афсус билан яна хаёлга чўмди. Бу орада фирма раҳбари икки ой муддатга хизмат сафарига кетди. Фирма фаолиятини бошқа одам бошқарарди. Абдувоҳид янги раҳбар билан дилдан гаплаша олмайди. Олдинги раҳбар қатъий тайинлаб кетганми, кундалик эҳтиёждан ортиқча бир тийин ҳам бермайди. Бир ватандоши учун зарурат юзасидан Абдувоҳид раҳбарнинг ёнига кирганди:

– Окей, бан, банк, – деган жавобни эшитди. Мусофирчиликда ватандошига ёрдам қилолмаганидан қаттиқ сиқилди. Анча пайтгача шу дўсти билан қўнғироқлашишга ҳам уялиб юрди.

Олдинги раҳбар ўз ўрнига қайтгач, Абдувоҳиднинг чеҳраси анча ёришиб қолди. Бунинг устига Сакина бот-бот телефон қилиб турар, у ҳам ўқув курси муддати тугаганидан кейин қолиб ишлаш нияти борлигини айтган эди.

Тошкентга қўнғироқ қилганида худди телефонни қўриқлаб ўтиргандек гўшакни онаси кўтарди:

– Ваалайкум ассалом, болам-э, сенинг уч ойинг шунча йилга ўтиб кетди-я. Агар ўша ёқларда уйланган бўлсанг, ростини айт, мен хотиржам оёғимни узатиб кетай, уларнинг тилини ҳам миридан сиригача ўрганиб, академик бўлиб кетгандирсан.

Кейин дадаси бошлади…

Акалари кейинги пайтда гаплашмай ҳам қўйишган. Айниқса, катта акаси бир қўнғироқ қилганида шундай койиди, шундай койидики…

Абдувоҳид акасидан ҳеч қачон бундай оғир гапларни эшитмаган эди.

– Унутма, жигарим бўлганинг учун сенга қаттиқ гапираяпман. Онамнинг юлдуз санаб тонг оттираётган тунлари, сен тенги ўртоқларингни кўрганларида кўз ёшларини яшириб, титраган қўлларини дуога очиши… Отамнинг чуқур-чуқур хўрсинишлари… Буларнинг бари учун сен жавобгарсан…

Абдувоҳид акасининг бошқа гапларини эслай олмайди. Уни бу ерда фақат бир нарса ушлаб турибди. Жамғармадаги пулининг кўпайиб бораётгани.

Бу орада фирма раҳбари қурилиш ишларининг тугалланганини ва янги қурилиш бошлашлари хабарини берди.

Бу объектда Абдувоҳиднинг бир ватандоши ҳам ишлар, унинг иш ҳақи ҳам жамғармада сақланарди. Унинг ишга келганига ҳали олти ой ҳам бўлгани йўқ. Аммо янги бўлишига қарамасдан ишчанлиги билан ажралиб турарди. Бригаданинг янги объектга ишга ўтишидан олдин раҳбар ишчиларнинг ҳаммасини йиғди ҳамда бир ҳафталик дам олиш режасини тузганлигини, қайсидир дам олиш оромгоҳи билан шартнома қилганлигини ва сарф-ҳаражат маъмурият ҳисобидан эканини эълон қилди. Ҳамманинг хурсандчилигини чеки йўқ. Қурилиш бошлангандан буён бирга ишлаётганлар бир оила бўлиб кетишганиданми, режа улар учун катта шодиёна эди. Тайин этилган кунда дам олиш оромгоҳига йўл олишди…

Дам олишдан қайтган кунининг эртасига раҳбар билан гаплашиш учун иш жойига барвақтроқ келди.

Аммо раҳбар ўтирадиган хона берк. Айрим ишчилар ҳам келган. Яқиндагина ишга келган ватандоши ҳам шу ерда. Тушгача кутишди. Раҳбардан дарак йўқ. Телефонини ҳам кўтармайди. Янги объектда иш бошлаймиз деганди, янги объектнинг қаерда эканини ҳам билишмайди. Шунча кун дам олиб келганлари ҳам татимай қолди. Эртаси, индини, ундан кейинги кунда ҳам раҳбардан дарак бўлмади. Орадан ўн кунча ўтгач, раҳбар ўтирадиган хонада бошқа раҳбар пайдо бўлди. Сўрашди. У елкасини қисди. Бундай одамни мутлақо танимаслигини айтди. Жамғармада пули сақланаётганлардан ким қанчалик куйиб-ёнаётганлигини фақат ўзи биларди. Абдувоҳид ҳаётида биринчи марта чап кўкрагининг пастроғида, қовурға билан чап куракнинг ўртасида нимадир қаттиқ безовта бўлаётганини ва бу ҳолат бутун вужудини ларзага солаётганини сезди. Дам олишга кетишдан олдин раҳбар унга сенинг жамғарманг эллик минг доллардан ошди, деганди қўлини маҳкам сиқиб.

Ҳозир, шу сонияда ўша қўлига қаради. Абдувоҳиднинг рулни ўнг-чапга буришга ўрганган қўлларида раҳбарнинг ўта майин пажаларининг изи ҳам йўқ. Жамғармадаги эллик минг доллардан ҳам дарак йўқ. Қўлида унинг жамғармада пули борлиги ҳақида бирон-бир хат-ҳужжат бўлмаса. Дарҳақиқат, унинг на ишга кириш учун ёзган аризаси, на номига қайд этилган меҳнат дафтарчаси, на ойлиги ҳақида гувоҳномаси бор…

У хаёл оғушида бармоқлари оғриётганини сезди. Кетма-кет бармоқларини тишлаётганини энди англаб етди. Турар жойнинг баҳоси қимматлигидан бир хонали уйда тўрт киши яшашарди. Ижара ҳақини навбатма-навбат тўлашарди. Аксига олиб, бу сафар Абдувоҳиднинг гали. Энди хонадош дўстларига бу гапни қандай айтади.

У кайфиятсиз ҳолатда квартирасига келди. Хонадошларига нима деб айтсин, ижара ҳақини тўлашга уч кунгина қолган. Шериклари ётоққа кеч қайтишади. Чунки улар кечки сменада ишлашади. Улар келишига яқин ўзини ухлаганга солиб, кроватига ётиб олди. Олдинма кейин кириб келган хонадош дўстлари паст овозда Абдувоҳид тўғрисида гаплашишди:

– Жим, – дея кўрсаткич бармоғини лабига олиб борди улардан бири. – Дам олиб келган бўлса ҳам негадир кайфияти йўқ. Айниқса, кейинги уч-тўрт кун ичида ҳеч нарса ёқмаяпти унга. На овқат ейди, на ўзига қарайди. Уйидан бирон нохуш хабар эшитдимикан…

Унинг гапини бошқаси бўлди.

– Сабрли йигит экан. Ҳеч сир бермайди. Балки, яхши кўрган қизи турмушга чиқиб кетгандир…

Абдувоҳиднинг нафаси сиқилди.

“Бошқа тахмин ва “мақтовларинг” йўқми”, деб ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, отасининг “Ҳар нарсанинг охирини ўйлаб иш қил”, деган гаплари ёдига тушиб, тилини тишлади.

Уйидагиларга ҳам “яқинда бораман”, деб хабар бериб қўйганди. Қани энди тонг отақолса-ю, ишхонасига учиб кетса. Хўп, учиб борди ҳам дейлик, раҳбарни қаердан топади? Азбаройи сиқилганидан раҳбарнинг отини ҳам эслай олмаяпти. “Веша”, “Веша” деб такрорлайди-ю, бу “Веша” ким эди, деб ўзига ўзи савол беради. Ҳа, топди. Қайси бир пайт раҳбар билан гаплашиб ўтиришганида унга иккита сурат кўрсатиб:

– Мана бу қизим, бу эса қизимнинг онаси Веша, – деганини эслади.

– Нега уч йилга яқин унинг қўлида ишлаб, қаерда туришини ҳам сўрамадим, – деб ўзини айблай бошлади. Уйқусизликдан толиққан кўзлари юмилдими-йўқми, онасининг мулойим овозидан чўчиб уйғонгандек ҳушёр тортди:

– Абдувоҳид, болам. Ўнта бўлса ўрни бошқа, қирқта бўлса қилиғи, деб бежизга айтишмас экан. Мусофир юртда сенга тикан кирса, бу ерда менинг аҳволим нима бўлишини кўз олдингга келтира оласанми?..

Ўшанда онасининг шу сўзлари устига қўққисдан дадаси кириб қолганида онаизор гапни бошқа томонга буриб:

– Абдувоҳид, даданг жума намозига шошилаяптилар. Машинада ташлаб қўяқол, – деб чалғитганди…

Ҳозир дадасига мукофотга берилган “Жигули”ни ўт олдирганини, дадасини масжидга ташлаб қайтгач, онасига ўз аҳдидан қайтмаслигини айтганини эслади…

Абдувоҳид охири ётоқдошларидан бирига бошига тушган воқеаларни гапириб, юрагини бир оз бўшатди. Хонадоши Иброҳим босиқ ва вазмин оҳангда:

– Ҳар ерни қилма орзу – ҳар ерда бор тошутарозу, деган нақлни эшитган бўлсам-да, моҳиятини англамаганимни мусофирчиликда тушундим, – деди. – Тўрт кишимиз, бир ойлик сарф-ҳаражат учун сиқилманг-ку, лекин бу ёғи қандай бўлади, – деб қўшиб қўйди.

Абдувоҳиднинг назарида кунлар ниҳоятда тез ўтаётгандай. Ўзи ишониб юрган раҳбарнинг домдараксиз ғойиб бўлганига ҳам икки ой бўлади. На иш топиб, иш билан овуниб кетолади, на раҳбарини топиб, жамғармадаги пулини ундира олади. Хонадошлари эрталаб кетганларича кеч қайтишади.

Улар Абдувоҳидни қанчалик юпатмасин, озиқовқат билан музлаткични тўлдириб қўйишмасин унга татимайди. Хонадошлари йўғида музлаткични очгудек бўлса, қандайдир таниш овоз қулоғига чалингандек бўлаверади:

– Ҳа, болагинам-а, мен овқат емаяпман, овқат мени еяпти. Сен кетганингда бери бир дона узум есам ҳам томоғимда туриб қолади, оғзимга солишим билан узумни яхши кўришингни эслайман…

У олдида турган кундаликнинг навбатдаги саҳифасига кўз югуртирди-ю, ўқишга журъати етмади. Кечагина ўртоқлари унинг телефонига пул тушириб, сиқилиб ўтирмай уйдагилари ва дўстлари билан гаплашиб туришини айтишганди. Онасини, дадасини ниҳоятда соғинган, бироқ боши берк кўчага кириб қолганлигидан дардини кимга айтишини иложини тополмаётган Абдувоҳид беихтиёр ўз уйининг телефон рақамларини терди. Худди шуни кутиб тургандек, гўшакни синглиси кўтарди. Негадир ҳар галгидек узоқ гаплашмади. “Дадам сизни келишингизни, лоақал қўнғироқ қилишингизни кутавериб чарчадилар-ку”, деди зардали овозда. Сўнг гўшакни дадасига берди.

– Ассалому алайкум, дада.

Алик йўқ. Абдувоҳид саломини такрорлади. Яна жимлик.

– Дада, ассалому алайкум. Эшитаяпсизми, узоқ вақт қўнғироқ қилолмаганимга ранжидингизми? Ойим, акаларим яхши юришибдими…

Ҳеч қандай жавоб йўқ. Фақат кўпчиликнинг ғўнғир-ғўнғири, қандайдир йиғи овози эшитилгандек бўлди. На дадаси, на онаси, на шунча катта оиладан бирон кимса овоз бермади.

– Дадажон, мендан жаҳлингиз чиқдими? Илтимос, онамга ёки акаларимнинг бирортасига беринг гўшакни. Ўзим ҳам сиқилиб юрибман. Дадажон, мени кечиринг, бундан кейин қўнғироқ қилишни кечиктирмайман…

Оиласидан кимдир гўшакни босиб қўйдими ёки телефон станциясида бирон ўзгариш бўлдими, алоқа узилди…

Кейин қайта-қайта рақам терди. Гўшакни ҳеч ким кўтармади. Ташвиш устига ташвиш. Эртасига, индинига, кетма-кет уч-тўрт кун ҳаракат қилди. Жавоб йўқ. Кунлар бир-бирини қувиб ўтиб бормоқда. Ҳали ҳам раҳбарини топишдан умидвор.

Уйдагилар гўшакни кўтармаганига Абдувоҳид ҳам аччиқ қилдими, уч-тўрт кундан кейин қўнғироқ қилмай қўйди. Ётоқдошларидан бири Абдувоҳидларга қўшни маҳаллада яшайдиган Эркин билан бирга ишлар эди. Эркин ҳам ўқир, ҳам ишларди. Ўғлини кўришга борган Эркиннинг дадаси Абдувоҳидга уйидан хат олиб келибди.

Абдувоҳид шошиб конвертни очди.

“Салом ака! Яхшимисиз, соғлиқларингиз яхшими. Ишларингиз юзасидан бўлган нохушликни эшитиб, дадам анча кун хомуш юрди. Акаларим юпатишди, онам сабрли бўлишга даъват қилди, дадам эса бир гапни такрорлашни қўймасди:

– Аҳмоқ бола, унинг йўқотган пулига ачинмайман, умрига ачинаман. Умрининг шунча йилини зое кетказганига ачинаман. Кимга ўхшади бу бадбахт…

Сиз биринчи қўнғироқ қилган кунингиздан ўн уч кун олдин дадам тушлик пайтида онамга яхшироқ овқат қилишни буюриб, хоналарига кириб кетди.

Овқатни тайёрлаб, дадамни кутдик. Ҳадеганда тушавермади. Онам: “Даданг намоз ўқиб бўлгач овқатланса керак, мен ҳам ўқиб туша қолай”, деб уйга кирса, дадам беҳуш ётган экан.

“Тез ёрдам” чақирдик. Акаларим кеча-ю кундузи шифокорлар билан баравар ҳаракат қилишди. На бир оғиз сўз, на бир ҳаракат сезилди. Сиз қўнғироқ қилган куни уйга олиб келган эдик. Кўзлари сезилар-сезилмас очилиб, кимнидир қидирар эди. Сиздан қўнғироқ бўлгач, гўшакни акамга бердим. Акам аламидан сизни койимоқчи эди. Онам шартта гўшакни олиб, дадамнинг қулоғига тутди. Дадамнинг оғизлари бир оз очилди, иккала кўзларидан икки томчи ёш оқди…”

Юқоридаги сатрларни Абдувоҳид ниҳоятда қийналиб ўқиди. Ҳар бир сўзга томган синглисининг кўз ёши айрим ҳарфларни ёйиб, шаклини ўзгартириб юборганди…

АНТИҚА СОВЧИЛАР

Эшик қўнғироғи жиринглади. Ёқутхон “Ким?” деб овоз бериб эшикни очди. “Ҳайтовур уйда экансиз, у куни келиб қайтиб кетувдик. Қулчиликка келдик”. Ёқутхон самимият билан уларни ичкарига таклиф қилди. Совчилик расм-русумидаги гаплардан қиз ишда бўлганлиги учун суратини сўрашди. Ёқутхон қизининг суратини кўтариб чиқса, совчилардан бирининг авзойи бузилган, эснаяпти, кекиряпти, қайт қилгиси келяпти, қўлларида титроқ, кўзларида алланечук ўзгариш… Ёқутхоннинг юраги чиқаёзди.

– Вой ўлмасам, тинчликми, юраклари безовта бўляптими, учинчи қаватда кўтарилиш мумкин эмасмиди, тез ёрдамни чақирайми? – деди.

– Йўқ, йўқ овора бўлманг. Бу аёл овсинимнинг опалари. Ками 20 йилдан бери илмга қатнайдилар. Уйингизда бир оғирчилик бор экан, шу тобда бу кишига аён бўлиб қолди. Бу ҳолат қизингизнинг бахтига ҳам таъсир қилибди. Бир банкада сув келтиринг, дам солиб, вақтида қайтарилмаса, аввало, сизга, қолаверса, буларга оғирчилик бўлади. Оллоҳ меҳрибон, ўз оёғимиз билан келиб қолганимизни айтинг-а? Худо хоҳласа, ҳамма тугунлар ечилиб, қизингизнинг бахти ҳам очилади. Шу қиз, илоё, бизга насиб қилсин-да, қизингиз кўп ажойиб экан. Бўлмаса, бундай жодуни ҳамма ҳам кўтариб юра олмайди.

Тўхтовсиз гапираётган совчи бир пайт Ёқутхон опага ғалати қараш қилиб:

– Банкада сув олиб чиқинг дедим-а, сизга, – деди.

– Ҳа, банка, ҳа, сув, – деди-ю хаёлини жамлаб, қатиқли банкани бўшатиб, сув кўтариб чиқди. Не кўз билан кўрсинки, сеҳрни ечувчи аёлнинг кўзи юмилган, қўллари билан нимадир ишора қилар, пайт пойлаб тишларини ғичирлатиб, кимнидир лаънатлаган ҳолда лабларини зўрға қимирлатиб пичир-пичир қиларди.

– Шоҳинахон, ҳой Шоҳинахон, ўзингизни қўлга олинг, мана сув келди, астойдил дам солинг. Сизни буларга Худонинг ўзи етказди. Шоҳинахон, сизга айтаяпман, – деди-ю банкадаги сувдан бир ҳовуч олиб кимлар биландир гаплашаётган Шоҳинанинг юзига сепди. У қаттиқ сесканди. Ўзига келгандек атрофга маъноли қаради.

– Сув мана, сўраганингиздек банкада.

Жоду ечувчи совчи аввал чордона қурди, нималарнидир ўқигандан кейин тиззаларини букиб ўтириб олди. Дам қулочини ёзиб, дам икки муштини ерга тираб, бошини сарак-сарак қиларди. Ўзича бир оз тин олиб, шеригига қаради. Шериги қизнинг онаси Ёқутхонга юзланди.

– Уйингиздаги бу ҳолдан бехабар тасбеҳсиз келган эканлар, тасбеҳ билан тоза пахта келтиринг.

Ёқутхон яна довдиради. Қазо қилган қайнотасининг ҳожи дўстлари ҳадяга берган тасбеҳни тезда топса-да, пахтани анча қидирди. Хайрият, топиб олиб чиқса, сеҳр очувчининг жазаваси анча бўшашган. Кўзидан милт-милт ёш оқарди. Тасбеҳни чап қўлига олди. Пахтани кичикроқ тақсим кенглигида икки қатламда очди ва яна шеригига ишора қилди.

– Бай-бай-бай-э, – шериги тилга кирди. – Бўйнингиздаги занжирларингизнинг ҳар битта ҳалқа сигача, зирагингизнинг ёпқичигача, узугингизнинг кўзларигача боғлаб ташлабди. Банкадаги сувга солинг, бандлари ечилиб мусаффо бўлсин, қизингизга аталган тилла тақинчоқларни ҳам олиб чиқинг…

Ёқутхон довдираганча уйдаги барча тиллаларни олиб чиқиб, шишадаги сувга солди. Банд ечувчининг машқи тобора авжига чиқар, ҳангу манг бўлиб қолди. Ёқутхон ёқасини ушлаб, тилини тишларди. Шеригига маъноли қараган банд ечувчи кўз ишораси билан нимадир деди.

– Бўлди, бўлди, – деди шериги уни хотиржам қилиб.

– Аввало, ихлос билан таҳорат олинг. Кейин белингизга етадиган юмшоқроқ бирон нарса олиб чиқинг. Сеҳрдан тозаланган тиллаларингизни тоза пахтага ўраб, белингизга боғлайдилар. Уч кундан кейин ўзлари келиб ечадилар. Иложи бўлса… пешин билан аср ўртасида машина жўнатарсиз.

Ёқутхон совчилар айтганидек, ихлос билан таҳорат олди ва боғлайдиган рўмолини қидириб олиб чиқди. У чиққунча тиллаларни сувдан олиб, бояги махсус тайёрланган пахтага ўраган нажоткор совчилар йўлга тайёр бўлиб туришарди. Эпчиллик билан чойшабнинг ичига пахтага ўралган тилла тақинчоқларни жойлаб, Ёқутхоннинг белига боғлаб хайрлашдилар.

Совчилар чиқиб кетди-ю, Ёқутхоннинг тинчи бузилди.

– Ким экан, уйимизни жоду қилиб, қизимнинг бахтини бойлаб қўйган? Ё Парвардигор, мен ҳеч кимга ёмонлик қилмаган эдим-ку. Ғийбатли гапга аралашиб қолмай, деб аёллар йиғилиб суҳбатлашадиган, дардлашадиган жойларга ҳам чиқмасдим. Онам раҳматлик “Болам, эҳтиёт бўл, беамр тикон ҳам кирмайди”, дер эдилар. Қаерда гуноҳ ишга қўл урдим.

Жодунинг ўзи нима? Жоду қилувчи бизнинг уйи мизга қачон кирибди-ю, бу ишларга қандай улгурибди. Қайнотамнинг таъзияларида кўпчилик кирган, бошқа вақтда ўзимиздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку? Катта овсиним қизларини узатганларида янгаликка қолмаганимдан бир оз ранжиган эдилар.

Навбат қизингга келаяпти-ку, кўрсатаман, деганмикин ўшанда. Йўқ, у кишидан шубҳаланишга ҳаққим йўқ. Келин бўлиб тушганимда жамики яхшиликка етаклаган, мени Ёқут отимни Ёқутхон қилган ўша овсиним-ку, ахир! На ўз оиламда, на келин бўлиб тушган хонадонимда жоду, сеҳр сўзларини эшитгандим. Бу жумбоқни кимга айтаман? Ким айтиб бера олади, бу сеҳр кимнинг иши, бундан унинг нияти нима, қизимни ундан бошқа бировга беришимни қизғанаётган бўлса, келиб ошкора сўрамайдими? Ёки дадасининг узоқдалигидан фойдаланиб, турмушимизга раҳна солмоқчими? Нима қилай, қандай иложи бор?..

Ёқутхоннинг қўли на ишга борди, на васвасадан қутула олди. Кечки овқатга тайёргарлик кўриш ҳам хаёлидан кўтарилди.

Эшик қўнғироғи жиринглаганда чўчиб тушди. Кенжа фарзанди Дилшодни боғча опаси етаклаб келибди.

– Вой шўрим, кечирасиз, бир оз тобим қочиб, боғчага бориш вақтини ўтказиб юборибман, – деди. Дилшоднинг боғча опаси Ёқутхонни ҳеч қачон бу аҳволда кўрмаган эди.

– Ёқутхон опа, нима бўлди сизга. Мазангиз йўқми? Агар чарчаган бўлсангиз, Дилшодни мен олиб кета қолай. Дилшод жуда беозор, ўғлим Анваржон билан яхши ўйнашади. Чарчаган бўлсангиз дам олинг.

– Раҳмат, Дилшод билан овуниб яхши бўлиб қоламан, ўтиб кетади.

Боғча опа чиқиб кетгач, қизи Муаззамхон кириб келди. Онасининг ҳолатидаги ўзгаришга жиддий эътибор бермаган бўлса-да, унинг ҳозирги аҳволига бефарқ қарай олмади.

– Ойижон, нима бўлди сизга? Яна совчилар келдими дейман-а, дастурхон тузабсиз.

– Ҳа, қизим. Қизлик уй – карвонсарой, дейишарди, шунақа эканда, – деди-ю, бўлиб ўтган сир-синоатдан оғиз очмади.

Ёқутхон меҳнат таътилига чиққандан бери кечки овқат барвақтроқ пишар, Муаззамнинг ишдан келишига ҳаммаёқ саранжом-саришта бўлар эди. Бугун негадир тамоман бошқача ҳолат. Совчиларга тузалган дастурхон устида банкада сув, пахта… Банкадаги сувни тўкди, пахтани пакетчасига солди, не кўз билан кўрсинки, кўрпача устида ўзининг ички кийими, ажабо, гигиена пакети ҳам бор.

– Ойижон, нима бўлди, тинчликми? Булар қаердан чиқиб қолди?

– Сўрама, қизим, кимдир бахтингни, оилавий ҳаётимизнинг тотувлигини боғлаб ташлабди. Ишқилиб даданг, ҳарбийдаги уканг тинч бўлсин. Бу гап бировга айтадиган гап эмас. Банкадаги сувни олиб кел. Ҳаммамиз ундан ичишимиз керак экан. Олдини ўзингиз ичинг, деб тайинлаган эди.

Муаззам беҳосдан “вой”, деб юборди.

– Тинчликми, нима бўлди сенга? – деди Ёқутхон ранги ўчиб кетган қизига қараб.

– Ойижон, мен уни оддий сув экан, деб тўкиб юбордим, – сўнг тезда ўзини ўнглаб онасига ёлборди. – Ойижон, ташвиш тортманг, бизни жоду қилганларнинг жодулари ҳам канализация сувлари билан оқиб кетсин.

Муаззам кечки овқатга тайёргарлик кўрар экан, дам-бадам онасидан хабар олар, онасининг аҳволини тушуна олмаётганлигидан сиқиларди. Аччиққина чой дамлаб кирса, онаси ўзини авайлаб, ярим ёнбошлаганча қўли қорнининг устида хаёлга ғарқ эди.

– Қорнингиз оғрияптими, ойи?

– Йўқ, қизим. Белимни чойшаб билан боғлаб олгандим. Бир оз сиқяпти, шуни сал бўшатдим.

– Нима бўлди, белингиз нимага оғрияпти?

Ёқутхон Муаззамнинг гапларини эшитиб-эшитмай ҳар замон-ҳар замон қўли қорни устида ниманидир тимирскилаб ушлаб, бир оз тинчирди. Шундай қилиб тонг отди, кун ботди. Яна тонг отди, яна кун ботди. Бу орада Ёқутхон хаёлан қаерларни кезмади дейсиз?

Муаззам ишдан қайтганда онасининг чеҳраси очилиб қолганидан хурсанд бўлар, аммо кўнглининг бир четидаги қандайдир ғашлик унга тинчлик бермас, бу дардни онасига ошкор айтолмасди. Учинчи куни ишга кетаётганди:

– Муаззам, – деган онасининг овозидан тўхтади. – Жон қизим, сўрашга имкониятинг бўлса, бир-икки соат вақтлироқ келгин. Ўша кундаги совчилар, қизни бир кўрайлик, деб вақтни пешин билан аср ўртасига белгилашганди. Бир нарсадан хавотирдаман. Сенинг бахтингни ҳақиқатан ҳам жоду қилган бўлсалар, шу келган совчиларнинг бири илмли аёл экан, ўзингни кўрса, бир иложини айтармиди…

Муаззам на “ҳа” деди, на “йўқ”. Ишдан кечикаётганлигига ишора қилди-ю, чиқиб кетди. Вақт пешинга яқинлашганди. Ёқутхон турфа хаёллар оғушида совчиларнинг манзили кўрсатилган ташриф қоғозидаги телефон рақамларни терди.

“Тармоқда мавжуд бўлмаган рақам”, деган жавоб эшитилди. Қайта терди. Яна шу жавоб, бир оз муддат ўтказиб терди, яна шу жавоб. Умиди пешин билан аср ўртасидаги вақтда қолди. Балкон деразасида қарайвериб бўйинлари оғриб кетди. Аср ўтиб, шом яқинлашяптики, дам солиб, бутунлай жодудан фориғ қилиб кетадиган совчилардан дарак йўқ. Ниҳоят, совчиларнинг келмаслигига кўзи етдими, уч кундан бери боғлиқ турган бели яна безовта қилдими, худди унинг орасидаги тиллалари тушиб кетадигандек белидаги чойшабни авайлаб ечди. Кейин уни авайлабгина очди. Очди-ю…

Бир ҳовуч темир-терсакни кўриб, ҳушидан кетди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации