Текст книги "Дилнома"
Автор книги: Уктамхон Домлажонова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 15 страниц)
Оллоҳ пиёда ҳаж қилган ҳожига етмиш Макка ҳасанасини ваъда қилган. Бир ҳасана юз минг, демак, етмиш ҳасана етти миллион. Ҳар қадамда етти миллион савоб, баъзи ҳожиларининг МиноМуздалифа-Арофат, Арофат-Муздалифа-Мино орасида завқу шавқ билан юрганларини, бу савобни олишга сидқидилдан интилганларини кўриб Оллоҳга илтижо қилдим.
– Парвардигоро, Сени бу фазлингни, бу жўмардлигингни, афсуски, кечроқ англаб етдим. Онамнинг эрта тонгда тирикчилик йўлида музлар устида узоқ юрган йўлларига, жазира қуёш остида қолиб кетган онларига пиёда ҳожига берган ҳасанангни бергин, раҳмати улуғ, карами кенг Оллоҳим! Онам учун ҳаж рукнларини адо этишдаги юрган йўлларим онамнинг тирикчилик йўлида юрган йўлларининг мингдан бири ҳам эмас.
Ҳаж қандай фасоҳатли ибодат. Айримларни ҳисобга олмаганда деярли кўп ҳожилар ўзини тута билади. Оғзи бузуқ эмас, баҳслашмайди. Ўзаро ҳурмат, икром бор. Мен, албатта, ўзимча топиб бўлмайдиган бу дамларни тирикчилик йўлидаги ҳолатлар билан қиёслаб бирон кашфиёт яратмоқчи эмасман. Онамнинг, оналаримизнинг Оллоҳнинг шундай фазлидан ҳаёти давомида охират учун бериб қўйган имкониятларидан бебаҳра ҳолда ўтиб кетганларига афсуслар чекаман. Бу афсус надоматларнинг чеки йўқ.
Шайтонга тош отиб чиқдим-у яна Оллоҳга илтижо қилдим:
– Шоҳу гадони, мусофирни-мискинни, етимесирни, беморни-зўравонни Ўзинг яратган ўн саккиз минг оламнинг ҳамма-ҳаммасини арзу додини адл билан эшитадиган Оллоҳим! Мен онам учун ҳажга келдим, лекин афсусдаман, чунки мен онамдек она эмасман. Онам уч етимга ҳам она, ҳам ота эди. Қалб қўридан меҳр берган, бевалар ҳаётида бўлиши мумкин бўлган маломатлардан ўзини сақлай олган, фарзандларининг тарбиясидаги ибратлари учун маҳалла-кўйнинг эъзозига муяссар бўлган. Қўшни қизларнинг қанча-қанчасини ҳунарли қилган. “Уф”, деб хўрсинмаган, унинг дам олиш дақиқалари беш вақт намоз. Намоз вақтидан фойдаланиб, Оллоҳ билан юзма-юз гаплашган. Бизни ҳар қандай ишга буюрганида дуо билан кузатиб, дуо билан кутиб олган…
Менинг ҳаж рукнларини адо этишдаги нуқсонларимни афв этиб, онамнинг юқоридаги фазилатларига ёзгин савоблар даражотини, Оллоҳим! Ҳаж Қуръон оятлари билан собит бўладиган зикр ибодати эканини, сочимиздан тирноғимизга қадар, кўнглимизнинг тўлиб тошиб Сенга талпиниши шарт бўлган ибодат эканини тушуниб етганимда ҳаж муддати тугаяпти. Онам учун зиёратга келгандаги босиб ўтган ибодат дамларини нуқсонлардан ҳоли қилиб яна топширмоқликка вақт юзасидан имконият йўқ. Чунки ҳаж арконлари маълум муддат ичида бажарилади, халос.
Ҳаж ибодатига хос бўлган зикрлар қила олмаганимни, ўлим ва охиратни эслатувчи дақиқаларни фаромуш этиб, Сенинг ризолигингга эриша олмаган сонияларни эътироф этганим ҳолда, Сендан илтижо қиламан: онамга Арши аълонинг соясидан жой беришингни, уни нурдан ясалган минбарда ўтўазишингни, юзлари нурли, либослари нурли, ўтирган курсилари нурли бўлишини…
Йиғи келди. Шундай келдики, айтмоқчи бўлган илтижоларим кўз ёшим билан тўкилаяпти. Дув-дув тўкилаяпти. Ҳожи биродарим қўлимдан тутди, унинг ҳам кўзи намланган. Мени юпатаман дейди-ю, ёшини тия олмайди. Шу алфозда, “Ҳарам-Ҳарам”, деб чорлаётган автобусга чиқдик.
Изофа тавофини адо этмоқлик ниятида Ҳарами шарифга кириб келдик. Ҳаж рукнларини адо этишга кетаётганимиздаги зичлик, тиқилинч, кимларнингдир йиқилиб қолиши, бировнинг бировга туртилиб кетиш ҳоллари ҳар қалай йўқ. Лекин бу ҳолат вақтинча. Ҳадемай дарёдай оқиб келади ҳожилар. Уч миллионга яқин ҳожиларни ҳаж ибодатларини адо этишга жўнатиб, кузатиб қолган Каъбаи Шариф ҳувилламаган. Тонгнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб нафас олганиданми, изофа тавофига кириб келадиган ҳожиларни интиқиб кутаётганиданми, муборак Қурбон ҳайити намози тараддудига шайланаётганиданми, Каъбаи шариф Зоти азаматнинг буюклигидан ўзгача жило беряпти. Муборак Қурбон ҳайити намозини адо этишга келган маккаликлар ҳам кириб келаётган ҳожиларни илож бўлса бағриларига босиб зиёрат қилсалар.
Бизнинг ёшлигимиз эртаклар билан йўғрилган. У пайтларда радио, ахборот воситалари кенг қулоч ёймаган, телевидениени 60-йиллардан кейин кўрганмиз. Эртакларга бой ва уни айтиб беришга маҳоратли бувиларимиз Фиръавн, Намурд, Қайсар, Кисроларнинг олтин хазиналари, кумуш-жавоҳирга тўла сандиқлари, иймон олдида қийматини аниқлаш мумкин бўлмаган дунёлари ҳақида сўзлаб беришган бўлса-да, ҳозир мен ҳаж сафари давомида туйиб турган неъмат ҳақида эртакларни камроқ эшитганимизни сезиб турибман.
Бу буюк неъматдан мусулмон бўлиш шарафига соҳиб бўлгангина неъматланишини туймоқдаман. Ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган Илоҳга ҳамд этиб айтаман-ки, бир даража бўлса-да, Сени танийдиган, Сенга итоат этадиган, Сенинг йўлингда собит бўладиган ҳолимиздан фойдаланган ҳолда, молимиздан, жонимиздан, роҳатимиздан фидокорлик қилиш ниятида ҳаж сафарини ният қилганимга шукрона қиламан.
Албатта, мўмин бандаларни оғир ва машаққатли имтиҳондан ўтказадиган Оллоҳнинг бу қароргоҳи роҳат, кайфу сафо, яхши кўрган умр йўлдошингизнинг елкасига бош қўйиб эркаланадиган, асрлар мобайнида қаламларни чарчатиб, оналарнинг асабини эговлаган қайнона-келин можаросининг авжли суҳбатхонаси эмас. Каъбаи Шариф жуда нозик маъноларни яширган, жуда ибратли, ниҳоятда ҳикматли, ҳақиқатда илоҳий сирлар билан тўлган. Каъбага илм билан юзланасан, илмни нимага ишлатиш учун ақлни чархлайсан. Чархланган ақл иймон зийнати учун иймон дастурини ишлайдиган қуролдир. Шундагина илоҳий бир саёҳат ва зиёрат нашидасини туя оласан.
Шундай ўй-хаёллар билан изофа тавофини тугатар эканман, Ҳайит намози бошлангунича онамлар билан суҳбатлашишни ният қилдим. Шом намози вақтидан бир оз олдин Арофатдан чиқиб, Муздалифада қолиб, шайтонга тош отиш рукнини адо этиб, Каъбаи Шарифга қайтиб келгунимизга қадар икки кун мобайнида давомли ибодатдамиз. Беҳад шукрона бўлсинки, чарчоқ сезилмайди. Бу ибодатларнинг ичида ёш боладек онамни қўмсаб излаб қоламан. Шунча ҳожи аёлларнинг биронтасини онамга ўхшата олмайман. Ҳожи оналарнинг дуога кўтарган қўлларига назарим тушади. Айрим ҳожи оналарнинг қўлларида қадоқ, аммо бош бармоқлари ёнидан кичкина бодрингга ўхшаб туртиб чиқмаган. Қиёмда туриш ҳолатларини асло ўхшата олмайман. Чунки онамнинг кўзлари жойнамоз меҳробига ташланган ҳолда алифдек ниҳоятда тик турар эдилар. Узоқроқ дуо қилардилар. Назаримда Оллоҳ ҳузурига телефон рақамлари терилган, йўл очиқ, Яратувчи холиқ билан юзма-юз гаплашаётгандек одобли ва маъюс турардилар. Ҳаж рукнларини, изофа тавофини адо этиб, Каъбаи Шариф майдонида ўтирган ҳожи онамнинг Оллоҳга қандай муножотлари ва илтижолари бор экан. Бу вазифани мен Оллоҳга мақбул ва онамга манзур даражада қандай адо эта оламан. Оллоҳим, мен ўзим билган гапимни яна ҳузурингга йўллайман:
– Мендаги ошкора ва пинҳона сирларни, қалб туйғуларини, дил армонларини, ҳозирги айтишга қийналиб турган илтижоларимни билувчи Сендан бошқа Зот йўқ. Оллоҳим, мен Сенга ёлбориб, ўтиниб, илтижолар қилиб сўрайман. Онамга қайғулик бўлмаган ҳолда қайта тирилишни насиб айла. Онам учун дуоларнинг хайрлисини, қилган яхши ишларини ва ниятларининг муваффақиятлисини, Сенинг йўлингда қилган амалларини ҳусну хулқ билан қабул қилишингни, савобларнинг улуғини ва Арши аълога кўтарилган даражотини сўрайман. Онам учун мезон тарозусида савобнинг оғир бўлишини, иймон лаззатини, намозларини бенуқсон қабул қилишингни, жаннатдаги олий даражотни, Сенгагина мансуб бўлган раҳматингни ва жамики яхшиликларни сўраб, дўзах ўтидан нажот беришингдан умид қиламан. Эй раҳм қилувчиларнинг энг улуғ раҳм қилувчиси бўлган Зот! Дунё мусулмонлари учун муқаддам, муқаддас, муаззам бўлган Каъбаи Шариф ҳурмати, бундан олдинлари ва шу йил ҳаж зиёратида ҳожилар қилган дуоларнинг ҳурмати, Қуръони азимдек буюк китобинг ҳикматларининг ҳурмати, фақат Ўзингагина аён бўлган ўн саккиз минг олам сир-асрорининг ҳурмати, онам учун сўраётганларимдан ноумид қилмаганинг ҳолда ўзимнинг ҳам гуноҳларимни қолдирма. Агар қолдирсанг, уни Ўз адлинг билан кечир. Қайғуларимни кетказ. Сенинг ибодатингда бесабаб қолдирган қарзларимдан халос қил. Мақсадимнинг улуғи Сенинг розилигингни топиш тавфиқини менга насиб айла. Мен сенга доимо юзланганимда фикрингда, зикрингда, шукрингда бўладиган сонияларимда юзим қора, қалбим яралигидан хижолат чекмай, қалбимни огоҳ қил, сенинг ризолигинг йўлида босадиган қадамларимни собит ва бардавом қил, фарзандларимни кўз ва қулоқларини фойдали, манфаатли илм билан нурлантир. Пайғамбарлардан, авлиёлардан, уламолардан, сирлари фақат Ўзингагина маълум бўлган илми лаъдуний, илми раббонийларингга меросхўр айла…
Каъбаи Шариф тўлқинланмай сокин турган океан тимсолида. Изофа тавофига кириб келаётган ҳар битта ҳожи алоҳида тўлқин. Каъбаи Шарифга кирганда сокин океанга қўшилиб кетади. Чунки, энди у ҳожи. Унинг янги аъмол дафтари ҳожи вазифасидан бошланади. Чунки, ҳожининг имкониятлари, имтиёзлари ер ва осмон мулкининг эгаси бўлган Оллоҳ томонидан кафолатланган. Пиёда ҳаж қилувчига етмиш Макка ҳасанаси, уйидан чиқиб, то уйига етиб боргунча ҳожининг дуоси ижобат. 400 та мўминни шафоат қила олади каби кафолатлар билан тақдирланган. Оллоҳ наздида мўминнинг қалби Каъбаи Шарифдан ҳам қимматлироқ. Ҳожи ҳаж зиёратида битта Каъбаи Шарифни зиёрат қилади. Қоратошга ета олса қўлларини, кўзларини суртади. Ҳаждан қайтгач, Оллоҳнинг наздида бўлган қанча мўминларнинг қалбини зиёрат қилиши фарзлигини, бу иш ҳам шарафли, ҳам қимматли эканини тушуниб етади. Каъбаи Шарифни зиёрат қилиб қайтган ҳожи кейинги ҳаётининг масъулиятини ҳис қила олармикан. Ўзимнинг аҳволим не кечади? Мавлоно Жомийнинг икки қатор мўътабар сатрларини ўқиган эдим.
Каъба-ки бунёди Халийли озараст,
Дил назаргоҳи Жалийли акбараст.
Яъни: “Каъба Иброҳим ҳалилуллоҳ томонидан қурилган бир бинодир. Аммо кўнгил мўминнинг қалби Оллоҳ назар солган, таважжуҳ айлаган бир ердир. Шунинг учун Каъбани зиёрат этишдан кўнгилни олиш муҳимроқ”.
Қани энди онам ҳаёт бўлганларида бу муқаддас ибодатни ҳар сонияда адо этмоқликка тайёр эдим. Хали ҳам кеч эмас. Онамнинг фарз амалини бажара олмай ўтган кўнгил армонларини адо этишга ният қилдим. Уч миллионга яқин меҳмонларнинг қаторида чорладинг, Оллоҳим. Онаизоримни савоблардан бебаҳра қилмаганинг ҳолда, ўзимни, оила аҳлларимни, бу саъй-ҳаракатдан умидвор бўлиб турган жамики ўтганларимни савобларга доҳил айла. Ҳаёт гузарон қилмаганларини, Сен назар солган кўнгилларини, Сен рози бўладиган даражада зиёрат этиш тавфиқини ато эт…
Имом сафга терилишга чақирди. Ўтирганлар турди. Изофа тавофига дарёдек оқиб кириб келаётганлар Ҳайит намозини адо этиш учун қаторлар орасига жойлашишга, сафларни тўлдиришга шошилиб қолдилар. Ийди қурбон намозидан кейинги хутбанинг ва дуонинг фасоҳатини ёзиб адо эта олмайман. Қаламим ожиз, тилим лол. Қуръон тафсирини тушуниш, уни идрок этиш ва шу орқали Оллоҳга илтижо қилишнинг файзини сезиб турсамда, бу даражотга қодир эмаслигимдан афсусдаман, надомат чекаман. Имомнинг тоғлар, тошлар оша жаранглаб, етти қават осмонни гўё Каъбаи Шарифга яқинлаштираётган дуо мақомига ёшларимни тия олмай ғарқ бўлганман. Битта мен йиғлаётганим йўқ. Аввало, имомнинг ўзи йиғлаб бошлади. Ҳарам йиғлади. Ҳожиларнинг боши силкинаяпти. Елкалари титраяпти. Айрим ҳожиларни замбилда олиб чиқиб кетишаяпти. Аёлларнинг рўмоллари жиққа ҳўл. Океаннинг қирғоққа урилган тўлқини каби имом бошлаган дуонинг охири кўринмайди. Ер юзида одамдек халифани бир жондан яратган Зотнинг улуғлиги, Унинг ягоналиги, танҳолиги, ҳеч нарсага ҳожати йўқлиги, ой билан қуёшга осмонни қароргоҳ қилганлиги, ер юзини тўшак қилиб берганлиги, неъматларининг сероблиги, беқиёслиги, пайғамбардек зотларнинг ҳам имтиҳонларда синаганлиги, пайғамбарлари ҳақ, китоблари ҳақ, ўлим ҳақ, тирилиш ҳақ, тарозу ҳақ, қиёмат ҳақ, унинг даҳшатлари ва ваҳшатлари ҳақ… қўйингки, ожизона тасаввуримда шу нарсани тушундимки, Қуръони азимдек мўминларга дастуруламал бўлган китоб – Қуръон Оллоҳ билан мўмин бандани боғловчи арқон экан. Қани энди бу дуоларнинг мағзини чуқур чақа олсам, кошки эди ой ва қуёшнинг қароргоҳи бўлган осмонга юзланиб, кундузни кечасидан суғуриб олишини тафаккур қила олсам. Аммо Оллоҳим қодир қилганича Каъбаи Шарифда ҳеч қачон жуфти бўлмаган Зотга юзланиб сўраяпман. Оллоҳим, онам билан унинг ҳаёти давомида йўл қўйган гуноҳларининг орасини машриқ билан мағрибни орасини қанчалик узоқ қилган бўлсанг шундай узоқ қил. Онамни оқ кийим кийгандек хатолардан поклагин, онамнинг хатоларини, қусурларини, етимларни вояга етказишда сезибсезмаган камчиликларини улуғ неъматинг бўлган сув, қор ва ёмғир сувлари, дўл билан ювгин.
Доно, зукко, ҳозирги давр техника тараққиёти ва тўлиқ ахборотлар билан қуролланган азиз ўқувчи! Сизнинг гувоҳлигингизда ўзимни тасаввуримдаги бир ҳақиқатни ўзаро гапириб қўйишни лозим топдим. Сизга баёндан маълумки, мен онам учун ҳаж сафарида ҳаж рукнларини адо этаяпман. Мен эсимни танибманки, онамларни бенуқсон, гуноҳдан пок, гўёки фаришталарнинг фариштаси, деб билганман. Ҳозирги дақиқада Ийди қурбон намозининг хутбасини эшитгач, ҳеч қайси аёл ўзига безак бўлган сочининг толасини санаб миқдори шунча экан, деб айтмаган бўлса-да, бизнинг нуқсонларимиз сочимизнинг толасидан-да кўп бўлганлигига амин бўлдим. Ва яна, онамларни ўйлайман. Мен фаришта деб тушунган онамларнинг гуноҳларини қандай сўрайин, муаззам заминда туриб не ибодат қилайинки, онаизоримнинг биз фарзандлар учун орттирган гуноҳларига кафорат бўлсин. Ривоятмиди, ҳадисмиди – қўшни Чиннихон холамиз айтиб берган эдилар:
– Бир йигит уйланиб, битта фарзанд кўргач, бевақт вафот этибди. Ундан қолган фарзанд беш ёшга тўлганида устозга олиб боришибди. Боланинг ҳаётдаги фожиали воқеасидан устозни хабардор қилишибди.
Устоз бола билан шуғулланишни бошлабдилар. Устози биринчи дарслардаёқ дуонинг хосиятини боланинг ёшига мослаб тушунтирибди. Фарзанднинг ота-онасига қилган дуоси ижобат эканлиги, дуо қилишнинг одоблари билан таништириб, ширингина, ихчамгина дуони ўргатибди. Навбатдаги машғулотга келгунича устози ўргатган бояги дуони неча бор такрорлабди. Ногоҳо отаси тушига кирибди. Қабрда оғир азобда экан отаси. Ҳар куни азоб фаришталари савол-жавоб ўтказишар, унинг устидан азоб пардасини кўтармасдан чиқиб кетишар экан. Бугун бошқа тоифадаги фаришталарнинг кириб келишаётганини кўрган майит қўрқувга тушибди:
– Энди ҳолим не кечади, булар мендан яна нимани савол қилишади-ю, мен қайси яхши амалларимни дастур қила оламан. Майит шундай андуҳда турганида фаришталар унинг устидан азоб пардасини кўтариб, раҳмат пардаси билан ўраб қўйишибди ва фаришталарнинг сардори дебдики:
– Фарзандинг илм остонасига борди. “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси ила Оллоҳга иймон келтириб, биринчи отамнинг гуноҳини маҳфират қил, деб сўради. Фарзанднинг дуоси ижобатидан Оллоҳ сени раҳмат пардасига ўрашимизни буюрди.
Отасининг гуноҳини сўраган беш ёшли гўдак дуосини ижобат қилган Оллоҳим, Сен мени яратдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен Сени аҳдингга ва ваъдангга қодир бўлганимча вафо қиламан. Ўзимнинг қилган ишларимни жамики ёмонидан паноҳ сўрайман. Менга берган неъматларинг ва гуноҳларим билан мен ҳам Сенга қайтаман. Сендан ўзга гуноҳларни кечирадиган Зот йўқлигига иймон келтирган ҳолда Сенга юзланаман. Онамга фарзандман, фарзандлик бурчимни адо этмак нусратидан бебаҳра қилма. Оила ташвишларим, фарзандларимнинг ҳою ҳавасидан ортиб, амрингга итоат этиб, ҳузурингдаман, шомда, хуфтонда, тунда, азонда, қуёш балққанда, пешин кирганда, ўрта намозда, нафл ибодатларда тилим толгунча, қалбим титроқ азобларига бардош бергунча, дуога кўтарган қўлларим ўзи сўлмагунча Сенинг жамолингдан умидвор бўлган тунги оромим тонгга уланмагунича Сендан ёлбориб сўрайман. Онамнинг гуноҳларини афв этганингдан мени огоҳ айлаб, қўрқувдан титроғи тинмаётган қалбимга ўзинг тасалли бер. Кошки эди имомнинг арабий лафзда ягона Зотга юзланиб мурожаат қилаётган дуоларини, дуо оғушида қалблари билан чайқалаётган бошқа давлат ҳожи аёллари билан тиллаша олсам… Бу зиёрат маскани имтиҳон майдони эканлигини энди англаб етаяпманми?!
Имомнинг ёшлари тийилиб чуқур хўрсинди. Хутба тугалланяпти. Каъбаи Шариф борган сари тўлмоқда. Ҳеч қайси ҳожи чиқиб кетмаса. Гуруҳ раҳбаримизнинг белгилаган вақти ҳам яқинлашиб қолди. Изофа тавофида шерикларимни бутунлай йўқотдим. Тайинланган ерга ёлғиз келмоқдаман. Деярли ҳеч ким келмаган. Бошқа гуруҳлардан 5-10 та ҳожи ва ҳожи оналар туришибди. Бундай вақтда фақат ўзингизни ва хонадошларингизни кутиб ўтирсангиз ютқазиб ҳам қўясиз. Балки кетишгандир, балки кимдир кимни кутаётгандир. Бошқа гуруҳларга қўшилиб Минога қайтавердим. Бизнинг хонамиз 12 кишилик мўъжазгина эди. Мендан бошқа ҳеч ким қайтмаган. Узоқ вақт кутдим, хуфтон ҳам кирди. Келишмади. Туннинг алламаҳалида йиғи овозидан уйғондим. Бештаси шундай адашибди, шундай адашибдики, оёқларини босишга мажоллари қолмаган, қизиқ бир ҳолат. Изофа тавофидан қайтаётиб нега кўпчилик адашади. Олдинги ҳаж сафарида ҳам сезган эдим шу ҳолатни. Мино билан шайтонга тош отиш масканига етиб боргунича аллақандай бир ҳолат сезилади. Сиз ниятда Оллоҳнинг раҳматидан қувилиб лаънатланган шайтонга тош отгани кетаяпсиз. Икки ёнингизда, олдингизда, орқангизда, сиздан икки қадам олдин, икки қадам орқада шайтон болалари ғивирлаётгандек кўриниб, сизни гапга солишаётганга, сизга илтифот кўрсатиб, икромлар қилишга шай кўрсатишади ўзларини. Уларни қўл билан тутиб, оёқ билан тепиб бўлмайди. Кўзингиз кўриб туради-ю, қўлингиз билан ушлай олмайсиз. Бу ҳолатдан халос этадиган бирдан бир куч дуо эканлигига амин бўлганман. Ҳозир ҳам шу ҳолатнинг гувоҳи бўлиб турибман. Қайсики ҳожи дуодан узоқлашди, ёки шайтон макрлари билан хаёлан боғланиб кетди, шайтон ўзи учун шу қулай фурсатни кутаётгани ажаб эмас.
Тонгга яқин ҳасрато ва ҳасрато билан яна учтаси кириб келишди. Қолган иккитасини Маккага қайтганимизда топишди. Ҳар қандай шароит, ҳар қандай ҳолат, ҳар қандай тасодиф, қувонч, фалокатни даф қилиш учун туширилган дуоларнинг сеҳрли фазлидан бебаҳра қилма, Оллоҳим. Охирги тош отиш амалларини бажариб Маккага қайтдик. Ҳаж рукнларини адо этиш, бу ҳаёт завқини туйиш ҳолатлари осонлик билан кечмаса-да, унинг фасоҳати, унинг файзи ниҳоятда ўзгача. Ҳаж сафарининг охирги ва энг қийин рукни Каъбаи Шариф билан хайрлашув тавофи. Оддий бир дўстникига ёки қариндошга меҳмонга борса киши хайрлашаётиб қанчадан қанча миннатдорчилик билдиради. Жиддадан Маккага кирилгунча 80 чаўирим чамаси йўл юрилади. Бу улкан шаҳарнинг ҳеч қаерида эълон доскалари, турли рекламалар, ислом олимлари томонидан айтилган сўзларнинг таблоларини кўрмайсиз. Жидда-Макка йўлидаги 80 чаўиримлик масофа чамамда учга бўлинган. Биринчи, 25–30 чаўиримдан кейин тоғнинг бир қулай жойига “сабр” деб ёзилган.
Иккинчи, 25–30 чаўиримдан кейин худди шу ҳолатда “шукур” сўзи ёзилган.
Охирги, учинчи масофага “зикр” сўзи ёзилган.
Инсон бу ҳолатни ва буни далиллаб турган бу уч сўзни қандай тафаккур қилади. Биринчи умра зиёратига борганимда бу учта сўзни истеъмолда кўп ишлатган бўлсам-да, бу ердаги ҳолатдан таажжубга тушганман. Кеч бўлса ҳам кейин тушундимки, бу ерни зиёрат қилиш оддий Қоратошни етти маротаба айланиб чиқиб кетиш эмас. “Шукур” деб шунчаки таскин топиш эмас, намозларда зам сурага ўқийдиган иккита-учтагина сураларни ўзини ўқиб тасалли топиш эмас.
Биз Ўзбекистон ҳожилари 23–24 кунда ватанимизга қайтамиз. 40 кундан сўнг қайтадиган, ундан кўпроқ балки камроқ турадиган давлатлар бор.
Демак, биз шунчаки еб ичиш, шунчаки кайфу сафо қилиш, шунчаки кунимизни ўтказиш учун эмас, Оллоҳ томонидан чорланган меҳмонмиз. Хайрлашув тавофида бунинг ҳисобини беришимиз керак. 24 кунлик меҳмондорчилик мобайнида юқорида зикр этилган уч “сабр, шукур, зикр” сўзларини қанчалик бажара олдик. Бу уч сўз нафақат ҳожини, инсоннинг инсонийлигини ўлчайдиган, Оллоҳ олдидаги масъулиятини эслатиб турадиган сабр-заргар, шукур-тилло, зикр-гавҳар эканлигини тушуниб етдикми?! Ҳеч қачон бундай эъзозли меҳмон бўла олмаймиз, чунки биз иззат ва азамат, қудрат ва ҳайбат, буюклик ва етуклик, гўзаллик ва бойлик, мақтов ва ёруғлик, неъматлар ва кибрлик, улуғлик соҳиби, мулойим, озгина амалга кўп ажр берувчи, паноҳида сақловчи, ҳар бир ишга гувоҳ, барча нарсани йўқдан бор қилувчи, ҳар нарсани ҳисоблаб турувчи, азалдан то абадгача нола чекувчи, ўлдирувчи ва тирилтирувчи, доимо боқий қолувчи, айбларни яширгувчи, ваъдаларга содиқ, собит ва тавсифи айтиш билан тугамайдиган Ўзининг буюклигига буюк бўлган Зотнинг меҳмонларимиз-ку. Мезбонимиз оддийгина дастурхон очиб, ноз-неъматларни безаб қўйган мезбон эмас. Шунинг учун хайрлашув тавофи ҳар қандай ҳожини ўйга солиши табиий ва масъулиятли.
Видолашув тавофи мен учун ўта масъулиятли. Чунки мен онам учун ҳажни қабул қилишни Оллоҳдан илтижо қилсам-да, бу илтижоим учун ҳам Оллоҳ олдида, ҳам онам олдида масъулиятдаман.
Аммо карами кенг, раҳмати улуғ Оллоҳнинг кечирувчи фазлидан умидвор бўлган ҳолда сўрайман:
– Оллоҳим, Сенга бўлган мақтовларни Сен ўзингни мақтаганингдек санай олмайман. Сени ҳимоятинг азиз ва мақтовинг улуғ. Исмларинг пок ва шаънинг буюк. Сендан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлади. Сен доимо Қоюмсан. Сен яратган мўъжизаларнинг ўзи ягоналигингга далолат қилади. Эзгулик ила танишга лойиқ бўлган Зот. Яхшилик қилиш билан сифатланган Зот.
Мақтовингдан тилимни толдирма. Фикрингда, зикрингда, шукрингда бўладиган дақиқаларни умрим давомида давомли қилиб бер. Бу рукнларни бажаришда сабрнинг жамилини бер. Бу меҳмонхонанг тўрида туриб, ҳеч кимга эшиттирмаган ҳолда, Оллоҳим, яна Ўзингга юзланаман.
Сен беришни истасанг ҳеч ким йўлингни тўсолмайди, беришни истамасанг Сендан бошқа ҳеч ким беролмайди. Сенинг ҳукмингга ҳеч ким қарши туролмайди. Сенинг олдингда улуғлик эгасига улуғлиги фойда бермайди.
Улуғ даргоҳингга неча бор меҳмон қилиб чорладинг, келдим. Иззат, икром соҳиби эканлигингнинг қиёси йўқ. Дада деган сўзни талаффуз қилишга, дада деб эркаланишга зор бўлиб катта бўлганман. Онамга ҳам эркалана олмаганман. Онам тирикчиликдан ортиб, хотиржам биз билан ўтирганларини эслолмайман. Ёшман. Бу имкониятларни Сендан сўрашга ақлим теранлик қилмаган бўлса керакда. Ҳозир, айнан шу дақиқада Сенинг бағрингда, Сенинг эъзозингдаман. Баъзида онам қулоқларига шивирлаб айтган гапларим бор. Ҳозир лабимни қимирлатмай Сенинг назаргоҳинг бўлган қалбим ила Сенга юзланаман. Ҳеч кимга, асло ҳеч кимга эшиттирмай Сенга ёлвораман. Шайтонга тош отиб Ҳарамга “Изофа” тавофига келиш ниятида кўчани ўтаётиб, юк тўла иккита катта машинани кўрдим. Оддийгина иккита ҳожи сўрашяпти:
– Машинада нима бор?
– Ичимлик суви, – жавоб қилди юк эгаси.
– Бунисида-чи?
– Емак таомлари, турли ширинликлар.
Иккала ҳожи савдолашмади ҳам. Кармонни очиб, нақд пул тўлашди. На сувдан, на ширинликдан бирор дона олишмади ҳам. Ҳажи мабрур бўлиши учун кармонини қоқлаб, узоқроқдан тужжорларнинг эҳсонга тарқатишини, поклигини кузатиб турган ҳожиларнинг саховатлигини менга ҳам ато этгин.
Навбатларда меҳмонинг бўлганимда, мен айтишга қийналган “дада” калимасини улуғ даргоҳингда айтай, ҳаж сафарида онам билан ёнма-ён юрганим каби отамни қўлини ушлаб юрай…
Баъзида онамизнинг ишдан келишларини кутиб қоронғида, кўча бошида ўтирганимизни кўриб, ҳайвонларнинг ваҳшийликларидан бизни огоҳлантириб, уйга олиб келиб, онам келгунларича эртаклар айтиб, бизни овунтириб ўтирган бувижоним учун ҳам зиёрат қилиш ниятидаман. Ният боқий, ваъда собит, дейдилар.
Ошкора ва пинҳона сирларни билгувчи улуғ Зот, бокарамсан. Раҳматаллил Оламинсан. Хайрлашмайман. Сенинг фазлингга, раҳматингга ҳар қанақа ишга қодир эканлигингга амин бўлган ҳолда яна чорлашингга отам ўрнида, бувижоним ўрнида меҳмонинг бўлишимга ишонган ҳолда қайтаман…
Кўп катта шаҳарларнинг аэропортида бўлганман. Лекин Жидда аэропортининг файзини бошқа ерда туймаганман. Байроқларнинг ўзи бир олам. Ҳар бир давлат ҳожиларининг майдончаси алоҳида. Гиламлар, палослар тўшалган. Учиш соатларини кутиб, ҳаж таассуротлари билан хотиржам ўтиришибди. Каъбаи Шарифдан зикр билан чиқишган, қалблари шукронага тўла, ватанга қайтишга навбатни сабр билан кутишяпти. Бир ойлик меҳмондорчилик пайтида на кийим-кечакнинг, на емак-ичмакнинг ташвишини чекди ҳожилар. Бир ой мобайнида ташқи ва ички либосимиз меҳмонга киришда “сабр”, “шукур”, “зикр” бўлса, меҳмондан қайтишда “зикр”, “шукур” ва “сабр” либоси билан қайтдик.
Парвардигоро, чексиз, адоғига етиб бўлмайдиган неъматларинг қаторида юқоридаги уч неъматдан ҳеч қачон бебаҳра қилмагин. Тилимизни зикрдан толдирма, қалбимизни шукрларга чулғаб қўй, сабрли қулларинг қаторида доимо ўзингга яқин қил. Бу неъматларнинг нусратидан зикринг ила лаззатлангувчи, китобинг ила шод бўлгувчи, Ўзингга кечакундуз муножот қилгувчи, фоний дунёдан кўра охиратни севгувчи, Сенла учрашувга муштоқ, Ўзингга юзланувчи, ўлимга (ҳамиша) ҳозирлангувчилардан қилгин, Оллоҳим…
– Ҳурматли ҳожилар…
Элликбошининг таниш овозидан ҳушёр тортдим. Самолёт Тошкент аэропортига қўниш тараддудида. Айрим ҳожи оналар алоҳида кийиниб улгуришибди ҳам. Мен аэропортдан тўғри Чиғатой марҳумлар оромгоҳига, онам ҳузурларига йўл олдим. Кеча шу дақиқаларда миллион-миллион ҳожиларга туртилиб “видолашув” тавофини адо этаётгандим. Ҳозир-чи, индамаслар оламига сукут сақлаб кириб келаяпман. Оёқларим юрмаяпти. Балки мен билан ёнма-ён ўтириб келган ҳожи она маҳалласи марказидан тўшалган гилам устидан аста-аста юриб, қариндошлари, маҳалладошлари билан саломлашиб уйига кириб бораётгандир. Қайсидир ҳожининг фарзандлари ресторанда ош ташкил қилишган бўлса ҳожи ота, ҳожи оналари учун юқорироқ тахтга жой қилишгандир.
Мўралашга туйнуги, тақиллатишга ҳалқаси йўқ бу хонақоларнинг қай биридан излайин сизни?! Жаннат оналар оёғи остида-ку, деб бувижонимнинг олдиларига ўтмадингизми? Онанг фарзандлик бурчини адо этди, деб севинчингизни қизгинам Мунирахон билан бўлишмаяпсизми? Сабр туфайли етишган бу орзуингизни тўлқинидан холаларим даврасидамасмисиз? Навқирон кетган тоғаларимга зам-зам суви илиниб, улар томонга кетмадингизми?! Нега овоз бермайсиз. Майли. Ўзимдан бошқа ҳеч ким эшитмасин. Қаердан кузатяпсиз мени. Ҳаж сафари давомида бирга эдингиз-ку. Нега яшириниб олдингиз? Ҳаж сафарида чарчадингизми? Сокин оромгоҳингиз бағрида энди хотиржаммисиз? Эшитяпсизми, мен сиз учун ҳаж ирода қилган қизингиз Муяссарман…
Гарчи онам қабрлари остонасида турган бўлсамда атрофдан кўзимни ололмайман. Ёқимли, ўта хазин мусиқа орқали куй таралди марҳумлар оромгоҳида:
Бири эски, бири янги,
Тупроқ уйлар қатор-қатор.
На сўзи бор, на оҳанги,
Садо чиқмас қабрлардан.
Бунда ётар шоҳу гадо,
Ҳеч биридан чиқмас нидо.
Ёлбормагин, бермас садо,
Садо чиқмас қабрлардан…
Атлас, кимхоб кийдириб, ўзи бўз кийган,
Болаларимга, дея ўз нафсин тийган.
Роҳат кўрар вақтида тупроққа кетган,
Ёлбораман, овоз бермас, садо чиқмас қабрлардан.
Минг наводан аъло эди онам алласи,
Улғайдим мен, ҳамроҳ бўлди унинг дуоси.
Қолди алла, қолди сўзи, дурдек дуоси,
Излаб топчи, дейди менга кўнгил нидоси
Изласамда, садо чиқмас қабрлардан.
Куй тўхтамади, тўхтамайди чамамда, марҳумлар оромгоҳида ором олувчилар куй садолари остида Мавжуда ҳожи онани зиёратига юраяптилар, мен она алласи оғушидаман…